Gulnoz Mo’minova. Yangi she’rlar & Xurshid Abdurashid. Rangin hislar musavviri

Ashampoo_Snap_2017.09.05_23h44m52s_002_.png18 сентябр — Шоира Гулноз Мўминова таваллуд топган кун. Чин юракдан қутлаймиз!

   Гулноз Мўминова – туйғуларини, кечинмаларини биз кўра олмайдиган рангларда чиза оладиган ижодкор. Шоиранинг шеърларини ўқир эканман, у ерда табиатан ожиз яралган аёлнинг маҳзун товушини эмас, ўз кечинмаларини мардонавор куйлаётган дадил овозни илғайман.

РАНГИН ҲИСЛАР МУСАВВИРИ
Хуршид АБДУРАШИД
011

1

Шеър – шаклга солинган туйғу. Ижодкор аҳли борки, қалбга ёғилиб келган ҳиссиёт тўлқинига қофия, туроқ деган бандларни қўйиб, уни жиловлайди. Бадиият деган бўёқдан пардозлаб уни бизга тақдим этади. Ҳақиқий шеърнинг яралиши шу йўсинда кечади. Албатта, бу ҳақида ҳар бир ижодкорнинг ўз тасаввури бор. Муҳими, кўнгилдаги инжа туйғулар ҳосиласи бўлиб туғилган шеър ўқиган инсонга бетакрор кайфият бағишлайди.

0аГулноз Мўминова – туйғуларини, кечинмаларини биз кўра олмайдиган рангларда чиза оладиган ижодкор. Шоира ёзмишини шу рангларда кўрибдими, шу ҳолатни шеър қилиб чизмоқда. Гулноз опанинг шеърларини ўқир эканман, у ерда табиатан ожиз яралган аёлнинг маҳзун товушини эмас, ўз кечинмаларини мардонавор куйлаётган дадил овозни илғайман.

Ушбу мисраларга эътибор беринг-а:

Эгилган бошларни унутар қилич,
Мангу ёдда қолар эгилмаган бош!..

Аслида тирикликнинг ўзи ҳаётга қарши исёндан иборат. Ушбу сатрларни ўқий туриб ушбу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўламиз.

Гулноз Мўминова шеърлари билан танишганимга кўп бўлмади, шоиранинг адабий журналларимиздаги чиқишларинигина билардим, холос. Аммо бир йилдан буён Гулноз опанинг деярли ҳар бир шеърини ўқиб бораман, албатта, бугунги адабий жараёнимизнинг қайсидир маънода “адабий саҳна”сига айланган ижтимоий тармоқда эълон қилган шеърларига муносабат билдириб келаман: хоҳ ижтимоий тармоқнинг ўзида бўлсин, хоҳ ( ҳамкасблигимиз нуқтайи назаридан ) ишхонада бўлсин…

Лекин ўйлаб қарасам, ушбу мулоҳазалар фақатгина “Гулноз опа, зўр ёзибсиз”, “Мана бу жойини зўр ўхшатибсиз…” қабилидаги юзаки “олқишлар”дан нарига ўта олмаган экан. Шундай қилиб анчадан бери кузатиб юрган кузатувларимни айтишга қарор қилдим.

Бу мулоҳазалар Гулноз Мўминованинг “Чиғаноқ” номли янги тўпламини варақлай туриб, мутолаа жараёнида юзага келган мутлақо “шахсий фикрлар”, холос…

2

Шеър ҳақида ҳар бир инсоннинг ўз тасаввури бўлади, ҳар ким ўз қалбининг “саводи”дан келиб чиқиб муносабат билдира олиши мумкин. Аслида шеър муносабатга муҳтож эмас. Шеър ўқилганда ўқигувчининг қалбини ларзага сола олса, бас… Ҳар қандай шеър ҳис қилинмас экан, ҳиссиёт қанотлари мантиқ кемасига туташ бўлмас экан ўзининг баҳосини ола билмайди. Умуман олганда шеър ҳақидаги фикрлар, тавсифлар гоҳида кишини ўйлантириб қўяди, асл шеърият мезонини ким белгилайди, асл шеър қандай бўлиши лозим? Агар шеърият маълум мезонга боғлаб қўйилса, унинг умри ҳам битган бўлади, бу шеъриятдан умид қилишнинг ўзиёқ кулгили. Устоз Баҳодир Каримнинг шеърият ҳақидаги бир мулоҳазаси ўринлидек туюлади менга: “Оҳангли, вазнли, туйғули, завқли, ўйчил, одам юрагини ҳаприқтирадиган – образли тафаккур намуналари шеър бўлади”. Бу гўё шеър билан таништирувдек, аммо… Бу умумий мезон эмас, бу Баҳодир Каримнинггина фикри, холос… Мен ҳам бу фикрга қўшилишга тайёрман, лекин шу мулоҳазадаги “тафаккур намуналари” деган жумла шеърнинг моҳиятини бироз пасайтиргандек туюлади, балки у тасаввур намуналаридир. Ҳар ҳолда, бугунги янгиланиб бораётган шеърият бунга асос бўла олади.

Хуллас, муддаога қайтсак, шоиранинг “Чиғаноқ” тўпламидаги шеърлар – бутун шеърлардир.

Мен тўпламдаги ҳар бир шеърдан бир мисра ўқиб уни тасаввур қилишга уриниб кўраман. Мисранинг ўзида тасаввурнинг парчалари мужассам, шулар “йиғилиб-йиғилиб” шеър – яхлит тасаввур ҳосил бўлган.

3

Шоира ижодида ўзига хос образлар борки, улар ҳам образ, ҳам рамз бўлиб ҳар бир шеърда учрайверади. Саҳифалар оралаб борар эканмиз, ўша тимсоллар, образлар бизни шеърдан шеърга таъқиб этиб бораверади. Ўша “таъқибчи”ларнинг асосийсилари қуйидагилардир:

* ранглар
* туйғулар
* табиат ҳодисалари…

Гулноз Мўминова рангларни “калит” қилади. Булар шеърнинг таъмини туйишимизда кўмак беради. Ҳар бир тасвир шоира ижодида ўз рангига эга.

Масалан, “Тирикликнинг яшил руҳи”. Ўқишимиз билан, мушоҳада қилиш учун кўз ўнгимизда ям-яшил дала келиши, табиий. Тириклик яшариш-яшнашдир, бас.

Қуйидаги мисралар эса юқоридаги фикримизга янада ойдинлик беради:

Мўъжизалар ҳаммаси яшил,
Оқ рангдадир бари тилсимот.

Ўйлаб кўрмаганмиз, ҳойнаҳой. Ғам ҳам беранг эмас экан: “Яшаётир кулранг соя – Ғам”.

Қуйидаги сатрлар эса бизга баҳорнинг рассом экани ҳақида айтиб беради:

Чўққиларга бериб оқ тусин,
Сўнг мовийни олар қўлига.
Югуртирар, жилмайиб юзи,
Нимяшилни ирмоқ йўлига.

Борлиқда неки бўлса, унинг бизга кўринмаган зарраларига қадар рангли экан-да:

“Денгиз-денгиз” десанг, бўлмасман рози,
У осмон руҳининг мовий овози.

Мен китобнинг ибтидосида берилган “Довон тошлари” шеърида шоиранинг қалбидаги “асл шоир овози”ни ҳис қилдим. Шеърнинг бадиий ташбеҳларга бойлиги, бадиий кашфиётлари-ю янгича образлари ўз йўлига. Шеърдаги руҳнинг кўлами чегара билмайди — ҳайратланарли. Мени ҳайратга солгани шудир, балки. Кўз ўнгимизда – Тахтақорача ( ҳислар довони ). Унда нимаики бор, барчаси тирик одамлар бўлган бир вақтлар. Шу бир вақтлар ўлчовида мингйилликлар жо бўлар, эҳтимол. Одамлар учун шунчаки, маҳобатли довон сифатида бўй кўрсатган довон шоира нигоҳида “жонли” кўринган. Шоиранинг поетик идроки энг аввал кўзи тушган “тош”ларни ҳам танийди:

Нурли кўринади қуёш тиғида,
Сен довон тошларин қоласан таниб.

Тошликлар орасидаги туғдона ҳам шунчаки ўсимлик эмас, “…сўз айтар ўз шевасида, метин елкасида йилларнинг юки”, қоятош бўлса “Нуҳ кемасига сиғмай қолиб кетган жонзот” бўлиши ҳам мумкин. Шундоқ ёнингда ётган оппоқ тош эса “Улуғбек бўйнига қилич тушганда ногоҳ учиб кетган салла”ни эслатмайдими? Бу тош эса бир вақтлар “кўксига ёв камон тортганда” бир зум бардош бериб, тиззалаган кўйи жон берган аскар-ку… Бу тошларнинг баъзилари “Али Қушчини эгачи бўлиб Румга кузатганлар”, баъзилари “Мирзо Бобурни Ҳинд сори кузатганлар”, чангалзордаги булбул чаҳ-чаҳи эса шоирлар руҳи эмасми ахир? Бу нарсаларни илғаш учун инсон тасаввури ҳур бўлмоғи лозим, ҳур тасаввур эса инсонни чексизлик қўйнига элтади. Тасаввурида мозийни шу довон билан туташтирар экан шоира шеърга оҳорли якун қилади:

Елкангда мозийнинг зилдайин юки,
Олдга интиласан жонинг борича.
Ундан ўтиб олсанг марра сеники,
Ҳислар довонидир Тахтақорача…

Аслида табиатнинг ҳар бўлагида тимсоллар, ишоралар мавжуд, шуни илғай билган инсонгина ижодкор бўлар, балки…

4

Шоирнинг бор иқтидори унинг бадиий кашфиётлари-ю, янгича топилмаларида, тандирдан янги узилган ташбеҳларида намоён бўлади. Бир ижодкорга тегишли мамлакат ҳам шулар билангина тўкис бўлади ва завол топмайди.

Гулноз Мўминованинг ҳар бир шеърида бадиий топилмалар, гўзал ташбеҳлар шеърнинг ҳам фалсафий, ҳам ҳиссий юкини бойитишда хизмат қилади. Бу топилмалар фақат Гулноз Мўминованики.

“Шоир умри” деган сўз оддийдек кўринади, эшитганмиз, ўқиганмиз ва айтамиз бу сўзни. Аммо “шоир умр”-чи? Бу ерда шоир сўзи умр сўзига аниқловчи бўлиб келяпти. Ўқидим-у…

Шоира “Илҳом париси” шеърида илҳом парисига мурожаат қиларкан, мингйиллик ( балки, миллион йилликдир… ) юкка эга саволни беради. Мана, ўша мисра:

Ўйга толгум: неча аср чиқаркин,
Шоир умрлардан олсанг ҳиссангни?

Шеърни таҳлил қилса, мазаси бузилади аслида. Уни ўқиб ҳар ким ўз қалби билан муҳокама қилса, яхши. Гулноз опа айниқса, табиатга ўзгача нигоҳ билан қарайди, барча ташбеҳларни табиатнинг ўзидан олади: “Қорлар узра ёғду тушар рақс”, “Шом ичра сирғалар ариқдаги сув”, “Қизғиш сояларни йиғиб олар тун”, “Осмон – юлдуз оққан тимқора дарё”, “Ҳув теракзор – ҳислар ҳарами”, “Бола каби сакрар томчилар”, “Севги ҳиди келар баҳордан”, “Лола қадаҳида май ичар Хайём”, “Гўзал жангдир баҳор, аслида”, “Ҳовуз – паҳлавоннинг ҳовучи”, “Соялар рақсига саҳнадир гилам”, “Тун кириб келмоқда – занжи дугонам”, “Ҳар тонг – янги кунга қасида”, “Умр – кўрпа, армон қавийди”, “Ҳаво бирдан гуллаб юборди”, “Яратганнинг осма боғида, Қор гуллари очилди қийғос”, “Шафақ – ол қасида”… Бу каби топилмалар ҳар бир шеърда, ҳар бир бандда ва ҳар бир мисрада бор десам муболаға бўлмас. Гулноз опа аслида рассом бўлиши керак эди деб ўйлайман, мана, шеърлари бунга шоҳидлик беради. Гўё саҳифаларга қарасам, турли сувратлар, фақат улар бўёқлардан эмас сўзлардан иборат. Поетик нигоҳ билан бирга Гулноз опада мусаввирона идрок бор, тасаввури ҳад билмайди. “Асад”, “Сунбула”, “Сен ва ёмғир”, Қор гуллари”, “Шарқ кузи”, “Тун остонаси”, Қорли оқшом”, “Ёз манзараси” каби шеърларда фақат манзара чизилган, бекам-у кўст ҳам тасвирнинг тиниқлигидан завқ туяди киши, ҳам бу манзара мавҳум ўйлар гирдобига ташлайди. Гулноз опа шеърларидаги ҳар бир мисрани яхлит фалсафий занжирга тизади. Шу сабабдан фақат ҳис қилибгина эмас, мушоҳада ҳам қилиб кўрамиз.
Шоира янги сўзлар ясайди, буни бошқа шоирлар ижодида учратмаймиз, “нуркўприк”, “тўлқиншакл”, “сиёҳтус”, “дилшакл” каби сўзлар бунга мисол.

Гулноз Мўминованинг қадим асотирлардан, айниқса, қадимги юнон мифларидан қаттиқ таъсирланиши, бу мифологияга меҳри бошқача эканлиги шеърларида намоён бўлади. “Илиада оҳангларида” туркуми бу меҳрнинг ёрқин намунаси. Айниқса, туркумга эпиграф қилиб танланган Мария Светаеванинг “Гомер, чиндан сўқир экансан” мисраси узукка кўз қўйгандек. Шоира туркумда умумбашарий ва боқий оғриқларни куйлайди. Умуман тўпламда яна бир туркум бор: “Яшил елканлар”. Номнинг ўзиёқ гўзал метафора. Беихтиёр Абдулла Ориповнинг “Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига…” мисралари тилда айланади. Бу туркум баҳор самимий ва тиниқ мадҳ этилган энг гўзал шеърий тизмадир.

Чайқалади ифор денгизи,
Гул денгизи, баҳор денгизи.
Зор дилларга дармон бўлди у,
Кимларгадир армон бўлди у.

5

Тўпламдаги марҳум шоир Назар Шукур хотирасига бағишланган “Ўлган булбул” номли шеърда жуда катта юк бор. Бугунги кунимизда учрайдиган нафс учун, сохта шуҳрат учун санъатни саёзлаштириб юборган инсонларга кўр-кўрона ишқибозлик қилган оммага аччиқ киноя бор бу ерда:

Боқма фақат суюкларингга,
Оналарнинг буюги – Ватан.
Мафтун бўлмай тирикларига,
Тингла ўлган булбулларни ҳам.

Шу ўринда Гулноз Мўминова ижоди ҳақида бир эътироз туғилади менда. Гўё шоиранинг “ижодий қолипи” хиралашиб қолгандек. Катта фалсафий мазмун ва мантиққа эга шеърлар бир хил қолипдан чиқарилаётгандек. Шакллар борасида тажриба қилиб кўриш керакмикан? Тағин билмадим.

Шоира ижодининг аниқ бир азимути нима экан-а деб ўйлаган кезларим ҳам бўлди баъзида. Сўровга жавоб мана шу бутун бошли “Чиғаноқ” тўпламига сочиб юборилган. Гулноз Мўминова ижодининг умумлирик қаҳрамони атрофидаги барча-барча воқеликдан, манзарадан, яхлитлигу эврилишлардан сирли бир тилсим излаётган ва бу тилсимларни ечаётган Инсондир. Шоира оддий ёзишни истамайди, бежизга “Ғамим бунча майда маним” деб ўзидан норизо бўлмайди. “Чиғаноқ” – бугунги адабий жараёнимизда ўз юкига эга шеърий тўплам. Тўпламдаги шеърларнинг айнан қайсидир жиҳатлари нигоҳимдан четда қолган бўлиши мумкин. Айтадиган гапларим ҳали бисёр. Лекин комил ишонч билан айта оламанки, Гулноз Мўминова бугунги адабий жараёнимизда тобора баландлаша бораётган ижодкордир. Гулноз опанинг ижоди абадий оғриқлар билан йўғрилгани, залворлироқ экани билан бошқа шоиралардан ажралиб туради. Бу менинг бир шеър ўқигувчи сифатидаги хулосаларим, қолганини вақт кўрсатади…

Гулноз МЎМИНОВА
ШЕЪРЛАР
011

Гулноз Мўминова 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари” ва “Чиғаноқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
«Ёшлар» радиоканали ходими. Оилали.

005

ТАСАВВУР САРҲАДИ

Осиёнинг қадим кенгликларигаartlib_gallery-377552-a.jpg
Қари аждаҳодай ястанмиш Ҳисор.
Қорайган даралар, дўнгликларида
Уни пойлаётган қанча овчи бор.

Қанча камонлар бор – ўқ отмоққа шай,
Қанча қиличлар бор – тиғдор, қайралган.
Қанча ботирлар бор – елкадор, башанг,
Аждар ўлдирмоққа гўё яралган.

Минг йилки, тошларни тарошлаб беун
Ганжина излаган жони ҳалаклар,
Жондор терисидан этик киймоқ-чун
Навбатга тизилган тантиқ малаклар.

Чимирилган қошлар, тиржайган юзлар,
Нафсига қул бўлган буюк шўрликлар.
Ғорларнинг бўғзига сиғмаган бўзлар,
Аждар ҳам чидамас азим хўрликлар.

Оҳ, шўрлик одамзод, нафсининг қули,
Қани, аждарни ҳам олсанг кишанлаб.
Циркка етакласанг – ўнг келиб йўлинг,
Сени кутар қанча томошаталаб…

Шу онда узилар мудҳиш хаёлим,
Идроким жонланар вақт ўтиб пича:
Улкан аждаҳонинг бели мисоли
Тўлғаниб қўяди Тахтиқорача.

12.09.2016

ГЛОБАЛЛАШУВ

Инсоният кексайиб борар,
Унут бўлар эзгу шевалар,
Ғичирлаган шохларда ўсар
Заҳар эмган тахир мевалар.

Гуноҳ ичган хаста тупроқда
Урчиб борар касал қавмлар.
Дарёларда қон оққан чоғда
Очилгандай эски заҳмлар.

Уммат тўзғир, қораяр қуёш,
Кўринмайди осмон йўллари.
Фитналарга беролмас бардош
Валийларнинг тоза диллари.

Нури қочган кўзлар қувнамас
Кўрган чоғи ёғду рақсини.
Танимайди энди бирор кас
Ойнадаги совуқ аксини.

Шерлар тоғда чўпонлик қилар,
Бургутларга қафас етмайди.
Озод қолган фақат бўрилар,
Лек замонга тиши ўтмайди.

Қисқармоқда кунлар, тобора
Олислашиб осмон роҳлари.
Сезмаяпмиз, бошлади нураб
Одамзотнинг суянч тоғлари.

12.09.2016

БИР ШОИРГА

Эй, шоир, дардларнинг зурёди шоир,
Ҳижронни ҳижжалаб қизармиш кўзинг.
Бирорта байтинг йўқ қувончга доир,
Бир телба топилса – у сенсан, ўзинг!

Кундузни елкалаб тунга чопасан,
Сочилиб қолади вақт парчалари.
Ўйлагин, оромни қайдан топасан,
Бир кун нур сочарми бахт дарчалари?

Унсуринг ҳаводир, билсам-билмасам,
Гоҳо бир оз мақтов кифоядир, бас –
Сурур Буроқида кўкка учасан,
Танга топган қулдай оғзинг ёпилмас.

Тўзғин дафтарларинг ўқирми биров,
Замон дафтаридан ўчмасми номинг?
Бир кун зурёдларга бўлмагайми ғов
Эсланган номингу, кечиккан шонинг?

Сен асли ғуссанинг тўнғич фарзанди,
Бахтнинг асрандиси — ўзинг, огоҳ бўл.
Токи руҳинг озод, эмассан банди,
Тахт сенга интизор – қисматга шоҳ бўл!

13.09.2016

ТАЛҚИН

Ойпараст сув Ой соясида
Тинглаб ётар Тун фарёдини,
Вақт олади ҳимоясига
Шу лаҳзанинг учқур ёдини.

Сой юзига юлдузлар акси
Тушган чоғи уйқуси қочиб,
Сувпарилар соғиниб рақсин
Сув бетига чиқишар шошиб.

Тун бағрига тиғ урар фусун,
Тўкилади қоп-қора қони.
Жароҳатга Ойни босар Тун
Қийналмасдан сира виждони.

Сувпарилар тинади ногоҳ,
Шу лаҳзада узилар эртак:
Шаксиз, Аёл жинсидандир – Моҳ,
Ва шубҳасиз, Тун эди – Эркак.

23.10.2016 

ҚАЙҒУ

Тенгликни қулатди аср совуққон,
Дунё гигантлари тизилди сафга –
Замин неъматларин тугатиб инсон,
Олис сайёрани олар ҳадафга.

Олам жим кузатар Шомнинг шомини,
Нажот кутмай қўяр шўрлик гўдаклар,
Нажот кутмаc энди, она сутининг
Таъмини тотмайин ўлган буваклар.

Фарёд-ла алмашар ойдин қўшиқлар –
Малайлар Иблисга қилганда хизмат:
Эзилган қурсоқлар, куйган бешиклар,
Ўқ теккан белларда йиғлайди уммат.

Таланган шаҳарлар, хўрланган ҳурлар,
Кўзга қон тўлдирган мудҳиш лаҳзалар,
Шомни ўгай каби четлаган нурлар,
Юракни иккига бўлган ларзалар.

Дунёнинг ярмида ҳукмрон уйқу,
Ҳеч кимни чўчитмас адолат куни,
Шаҳар номи қолган вайроналар-у
Бепарво топталган гулларнинг хуни.

Энди юракларга солмагай даҳшат
Бетонлар остида ёрилган бошлар,
Учоқлар ўтсалар солишиб ваҳшат,
Умумқабрларда инграйди лошлар.

Ўққа учиб ўлса умматнинг ярми,
Қолган ярмин мағлуб этгуси ҳашам:
Тўплам қилар ноёб машиналарни,
Дунё гўзаллари ҳарамида жам.

Уларга хуш ёқар — ўлжасин тутган
Бургут тумшуғидан сачраган саслар,
Олтин саройларда оёқларига
Мушукдек суйкалиб яшар йўлбарслар…

Олам қалқонига тушаётир дарз,
Кўтарилиб борар баҳрлар сатҳи.
Энди елкаларни букчайтирмас қарз,
Унутдир инсонга азалий аҳди.

Шомни ямлаб борар ҳасад олови,
Удир — офат сочган шўрлик Ғазога.
Ўшадир – хотинлар “оҳ”ига бефарқ,
Эрларни йўллаган мудҳиш қазога.

Маъносиз боқишга кўникар кўзлар –
Дунё тўлганида зулмга, додга.
Нафосат жон берган ул мудҳиш маҳал
Қўл силтагинг келар адабиётга.
…Яшил сайёрани юрар айланиб
Миллион йилдирки, Қобил отган ўқ.
Бу ўқ тинар фақат жонга жойланиб,
Кўксин тутиб берар бирорта мард йўқ.

23.10.2016

ЯШМА

Осмон – улкан яшма,
Уфқ – унинг сирли гардиши.
Гардишнинг қай вақтда
Қандай товланиши
Худонинг иши.

Осмон – улкан яшма,
Тикилиб қарасанг,
Кўзларингни олар ёлқини,
Лекин сиғар тасаввурингга –
Талқини.

12.11.2016

СИРДОШ

Изтиробу ўйларим мубҳам,
Хаёлимдан кетмаслар нари.
Ёниқ турар тунда деразам
Девнинг якка кўзи сингари.

Қалам, қоғоз, талай китоблар
Ва гулдонда август берган гул,
Ташқарида дайди хитоблар…
Ёлғизмасман бунда ҳартугул.

Тақиллайди ойна қўққисдан,
Топилдими мен кутган надим?
Ой нур тарар жуда олисдан:
Ким ёритди менинг узлатим?

Ҳаётимга боқиб яқиндан,
Сирларимни ўқимоқчи ким?
Гуноҳкорни қидириб бирдан
Деразани очиб юбордим:

Шунда тун бағрига сурилиб
Тортди узун-узун ҳомуза.
“АKFA” деразага урилиб
Қанотлари лат еган Муза.

21.08.2017 

БОРЛИҚ ГЕОМЕТРИЯСИ

Синиқ чизиқларни хуш кўрар чақмоқ,
Айланани севади ёмғир.
Чизмалари мудом ранглидир –
Камалакнинг юки сал оғир.

Кесма ясаш – дўлнинг ташвиши,
Ўйламайди бошқа ғояни.
Чизмалари нозик, тартибли –
Қор ёд билар симметрияни.

05.07.2017

ФАЛСАФА

Кўз ёши – ягона қуроли аёлнинг:
Гоҳи жуда мўрт ришталарни
Асрай олар қисқа муддатга.

Кўз ёши – ягона қуроли аёлнинг:
Севги бўлмаса-да, ҳарқалай
Юракда ачиниш уйғотар.

Таъми шўр бўлса-да, ҳартугул
Пасайтирар ғазаб ўтини.

Ягона қуролин йўқотган аёл
Шуларни ўйлади
Ғазабнок бир эркак қошида.

10.08.2017 

ТОНГ

Аёл қарамасдан чой узатади,ish23a.jpg
Эркак ундан ҳўплар индамай.
Ўзини ноқулай сезган сукунат
ТВ пультин олар қўлига:
Маъносиз сериал давом этади,
Аёл уни кўрар (йўлига).

Эркак янги газетадаги
Эски хабарларни жим ўқий бошлар:
Оғирдир бу ёшда араз ё талаш.
Хонтахта устида митти шайтондай
Хушнуд депсинади ёвқараш.

10.08.2017 

ТИЛАК

Бир инжа чечакнинг япроғи бўлсам,
Бир пинҳон чашманинг қароғи бўлсам,
Бир ғариб ватаннинг тупроғи бўлсам.

Афсонадан қочиб чиқолса сирлар,
Ғор ичинда гулхан ёқсалар пирлар,
Кафтимга жаранглаб тушса ёғмурлар.

Ёғдулар илкида само гулласа,
Ҳубоб жилвасинда дарё гулласа,
Жаннат боғларинда Тубо гулласа.

Ҳар оғочдан келса тирилмак иси,
Қушлар нағмасида учмоҳ муждаси,
Унутсам Ҳасратнинг қари шевасин.
(Гўёки бўлмаган таъқиқ меваси).

06.06.2017 

ЧИЛЛА

Мен –
Ипак қуртиман,
Уйқамоқ тўқидим ўзимга.
Ҳеч кимнинг нигоҳи тушмасин
Юзимга, руҳимга, рўзимга.

Толалар суғурдим оғзимдан,
Чирмасин озурда руҳимни.
Айбдор, ижрочи – ўзимман,
Яратган ёзгандир ҳукмни.

Мен –
Қисмат асири, биламан
Азалдан касбимдур шу юмуш,
Мени бу макондан бир замон
Эврилиш қутқарар, эврилиш!

12.09.2016

ТОҒ ДАРЁСИ

Тоғ дарёсиман – сувим, ҳам тошим ўзимники,
Ювсам қирғоқларимни – талошим ўзимники.

Азалдан сал ёввойи, чеккагирман, айб этманг,
Мағлубман ё музаффар – савошим ўзимники.

Дараларни оралаб йўлбарсдай югураман,
Қайроқтошлар чархлаган бардошим ўзимники.

Тонг нури силаб берган, парилар тилаб берган,
Сувсумбул йиғлаб берган кўз ёшим ўзимники.

Тоғ дарёси музламас, бекор уринма, ағёр,
Муз чўққи узра кулган қуёшим ўзимники.

 Чироқчи, 30.07.2017.

ҲАСБИ ҲОЛ

“Мен” – бир чироқ,
Унда қирқ йилки
Бир дев яшар – хизмати ҳалол,
Уни банди этгандир Тангрим,
Халоскори Сенсан, эҳтимол…

“Мен” – бир осмон,
Уфқида унинг
Ҳар лаҳзада чўғланар шафақ –
Сўнган вулқон сўрайди хунин,
Қушлар уни этадилар тарк.

“Мен” – тубсиз чоҳ,
Ёлғиз, арқонсиз
Тушаяпман, билай деб сирин.
Чоҳ ичига аллақаердан
Шивалайди қайғу ёмғири,
Шивалайди қайғу ёмғири…

30-31.01.2017

МУТАНТЛАР
Шоир дўстларимга

Қачон кесиб ўтдик Вақт чизиғидан,
Қачон бизни чирмаб улгурди Ҳаёт?
Учартошлар ёнган оли-и-с кечада
Бегона маконда уйғондик. Наҳот?!

Сўзсиз ҳайқириқ-ла қалқдик оёққа,
Уйғонмоқ фурсати қақшатди жонни.
Товонимиз тегди илиқ тупроққа,
Кўрдик бош устида мовий осмонни.

Ёдимиз лавҳига қўйилди нуқта –
Ҳаёт шовқинлари таралган замон.
Ҳамма даврда ҳам халоскор кўкдан
Тушмаслигин англаб етгайми инсон?

Издиҳом ичида кезаркан, ногоҳ
Таниб қолажакмиз бир-биримизни.
Шунда… нигоҳларда ялт этар бир “оҳ”,
Тушуниб етамиз тақдиримизни.

Жисм қолипига ўзни урган руҳ,
Инсу жин қавмига қариндошлармиз.
Қонимизда оқар қадимий андуҳ –
Одам шаклин олган учартошлармиз!

Ногаҳон инисин ўлдириб қўйган
Қобилдан меросдир фарёдларимиз.
Довон отларидай – вақт ўтган сайин
Ичкарига ўсар қанотларимиз.

Демак, энди бизга учмоқлик – армон,
Тошдаги битикдай ўчмас бу дардлар.
Ҳеч қурса ўзини асрай олмаган
Шўрлик мутантлармиз, ҳорғин мутантлар.

*Учартош-метеорит

19.03.2017

ХАЛҚОНА

Макон қадри йўқдир – кетилмагунча,
Умр арзон мато – титилмагунча.

Кўнгил оғриғидан ғофилмиз тамом,
Кўнгилнинг бир чети катилмагунча.

Ҳеч кима кўрсатма ёшли кўзингни
Ичингдаги исён етилмагунча.

Илдам юр – билинмас йўлнинг оғири
Охиргача босиб ўтилмагунча.

Оломоннинг исми халқ бўлмас, ундан
Бир жўмард ўртага отилмагунча.

Элнинг манглайидан ўчмас эрк сўзи
Шоири шуҳратга сотилмагунча.

* катилмагунча – кемтик бўлмагунча (шева)

26-28.04.2017

ЗОРРО НИҚОБИ

Қачондир ботирлар яшаган танҳо:
Тунлар – от устида, кундузи чоҳда.
Мазлум эл истаги бўлсин, деб бажо
Ёрлари кутганлар ғамда, фироқда.

Тақдир қавартирган икки елкага
Халоскорлик юкин ортган – ўшалар.
Ҳуррият етгунча ғариб ўлкага
Юзга қора ниқоб тортган – ўшалар.

Зорро камёб бўлган, узоқ кутганлар
Мазлумлар умрига фидо жонларни.
Бугун шунчалик кўп ниқоб тутганлар,
Таниб ололмайсан қаҳрамонларни.

“Мен Зорро!” – қичқирар кечаги сотқин,
“Мен Зорро!” – қичқирар ўғрибоши ҳам.
Жасорат деб билар эски қилиғин
Дўст уйига олов қўйган муттаҳам.

Кимдир чайқалади сурон ичинда,
“Мен Зорро!” – мадҳ этар гўё ўзини.
Гарчи ниқоби бор шу он юзида,
Элдан яширолмас бузуқ кўзини.

“Мен Зорро” – ғовурдан қулоқлар битар,
“Мен Зорро” – чийиллар қўрқоқ ҳам ҳатто.
“Мм-ен ҳҳам Зоорро!” дея ғўдранар кимдир…
Демак, соқовдан ҳам чиқибди садо.

Оломон шовқини етар фалакка –
Ҳеч кимнинг ҳеч кимдан кўнгли тўлмайди.
Эскирган ниқобин уриб чўнтакка,
Зорро жим кузатар, биров билмайди.

17-18.05.2017

ТАҚСИМОТ

Ҳар ботин қулоққа уйғотгувчи сас,
Ҳар бир озод руҳга кўринмас қафас,

Ҳар бир юрак учун адоқсиз жунун,
Ҳар ишқ қиссасига биттадан Мажнун,

Ҳар ғам дарёсига – бўлмаслик адо,
Ҳар бир тийрандозга – бўшамас садоқ,

Ҳар бахтсиз Султон*га – топилмас илож,
Ҳар битта Чингизга мингта Яловоч,

Ҳар ёлғиз дарахтга бир уядан қуш,
Ҳар битта умрга бир бахтиёр туш,

Ҳар хаста маконга бир ғариб оғоч,
Ҳар ғариб оғочга ўсмоқ – минг қулоч,

Ҳар қулочда олсин бахтдан бир қисм
Десак, адолатли бўлади тақсим.

* Жалолиддин Мангуберди назарда тутилмоқда.

04.06.2017

НОКТЮРН -2
Синглим Нодирабегим Ямоловага бағишлайман

Две женщины живут во мне.
Страдают – обе.
Людмила Клочко

Икки аёл яшар ичимда:
Бири тонгда туриб кайфи чоғ,
Қушчаларга қўшилиб куйлар –
Гўё қайғу бўлгандек адо.

Уни ҳар кун кутишар шодон
Маскарадлар, шоу, суҳбатлар.
Атрофида солади сурон
Қаҳқаҳага тўймас улфатлар.

Туш ҳам кўрар ҳаммага ўхшаб:
Таъбирлари юзаки, содда.
Руҳида ҳам ўт эмас энди,
H2O аталмиш модда.

Оқшом чўкса, ойна олдига
Мукка тушиб, бошлайди йиғи:
Шунда чиқар вужудқолипдан
Унинг қари, рангпар шериги.

Бири боқар ҳасрат-ла, бири
Кулар эски девоналардай.
Сўнг иккиси қучишар, узоқ
Кўришмаган дугоналардай.

СЎЗЛАР СОҒИНЧИ

Кунаш, кунаш!
Куйдир кўзимни!
Ўт ичинда кўрай ўзимни.

Кўк, умримга тарат мовийлик,
Ёр, дунёдан бир зум совийлик.

Аё ёғмур, шаффоф зўлдирсан,
Биз кутгандан тоза, мўлдирсан.

Аё оғоч, кўкарчин байтсан,
Тонг, Буюк Ёр жилмайган пайтсан.

05.07.2017

***

Бу шоир,
Виждони уйғониб қолмасин
Учун –
Ухлайди китобин
Кўксига босиб.

07.07.2017

ОДАМХЎРНИНГ ФАЛСАФАСИ

Ёввойи атайди мени баъзилар,
Соғлом турмуш тарзин мен ҳам бошладим:
Масалан, маддоҳнинг тилини бугун
Ёнимда чўнқайган итга ташладим.

16.07.2017

gandex.ru-13546_7be113a3c941c2333213e06ff336e05c.jpg18 sentyabr — Shoira Gulnoz Mo‘minova tavallud topgan kun. Chin yurakdan qutlaymiz!

Gulnoz Mo‘minova – tuyg‘ularini, kechinmalarini biz ko‘ra olmaydigan ranglarda chiza oladigan ijodkor. Shoiraning she’rlarini o‘qir ekanman, u yerda tabiatan ojiz yaralgan ayolning mahzun tovushini emas, o‘z kechinmalarini mardonavor kuylayotgan dadil ovozni ilg‘ayman.

RANGIN HISLAR MUSAVVIRI
Xurshid ABDURASHID
011

1

She’r – shaklga solingan tuyg‘u. Ijodkor ahli borki, qalbga yog‘ilib kelgan hissiyot to‘lqiniga qofiya, turoq degan bandlarni qo‘yib, uni jilovlaydi. Badiiyat degan bo‘yoqdan pardozlab uni bizga taqdim etadi. Haqiqiy she’rning yaralishi shu yo‘sinda kechadi. Albatta, bu haqida har bir ijodkorning o‘z tasavvuri bor. Muhimi, ko‘ngildagi inja tuyg‘ular hosilasi bo‘lib tug‘ilgan she’r o‘qigan insonga betakror kayfiyat bag‘ishlaydi.

09Gulnoz Mo‘minova – tuyg‘ularini, kechinmalarini biz ko‘ra olmaydigan ranglarda chiza oladigan ijodkor. Shoira yozmishini shu ranglarda ko‘ribdimi, shu holatni she’r qilib chizmoqda. Gulnoz opaning she’rlarini o‘qir ekanman, u yerda tabiatan ojiz yaralgan ayolning mahzun tovushini emas, o‘z kechinmalarini mardonavor kuylayotgan dadil ovozni ilg‘ayman.

Ushbu misralarga e’tibor bering-a:

Egilgan boshlarni unutar qilich,
Mangu yodda qolar egilmagan bosh!..

Aslida tiriklikning o‘zi hayotga qarshi isyondan iborat. Ushbu satrlarni o‘qiy turib ushbu haqiqatga yana bir bor iqror bo‘lamiz.

Gulnoz Mo‘minova she’rlari bilan tanishganimga ko‘p bo‘lmadi, shoiraning adabiy jurnallarimizdagi chiqishlarinigina bilardim, xolos. Ammo bir yildan buyon Gulnoz opaning deyarli har bir she’rini o‘qib boraman, albatta, bugungi adabiy jarayonimizning qaysidir ma’noda “adabiy sahna”siga aylangan ijtimoiy tarmoqda e’lon qilgan she’rlariga munosabat bildirib kelaman: xoh ijtimoiy tarmoqning o‘zida bo‘lsin, xoh ( hamkasbligimiz nuqtayi nazaridan ) ishxonada bo‘lsin…

Lekin o‘ylab qarasam, ushbu mulohazalar faqatgina “Gulnoz opa, zo‘r yozibsiz”, “Mana bu joyini zo‘r o‘xshatibsiz…” qabilidagi yuzaki “olqishlar”dan nariga o‘ta olmagan ekan. Shunday qilib anchadan beri kuzatib yurgan kuzatuvlarimni aytishga qaror qildim.

Bu mulohazalar Gulnoz Mo‘minovaning “Chig‘anoq” nomli yangi to‘plamini varaqlay turib, mutolaa jarayonida yuzaga kelgan mutlaqo “shaxsiy fikrlar”, xolos…

2

She’r haqida har bir insonning o‘z tasavvuri bo‘ladi, har kim o‘z qalbining “savodi”dan kelib chiqib munosabat bildira olishi mumkin. Aslida she’r munosabatga muhtoj emas. She’r o‘qilganda o‘qiguvchining qalbini larzaga sola olsa, bas… Har qanday she’r his qilinmas ekan, hissiyot qanotlari mantiq kemasiga tutash bo‘lmas ekan o‘zining bahosini ola bilmaydi. Umuman olganda she’r haqidagi fikrlar, tavsiflar gohida kishini o‘ylantirib qo‘yadi, asl she’riyat mezonini kim belgilaydi, asl she’r qanday bo‘lishi lozim? Agar she’riyat ma’lum mezonga bog‘lab qo‘yilsa, uning umri ham bitgan bo‘ladi, bu she’riyatdan umid qilishning o‘ziyoq kulgili. Ustoz Bahodir Karimning she’riyat haqidagi bir mulohazasi o‘rinlidek tuyuladi menga: “Ohangli, vaznli, tuyg‘uli, zavqli, o‘ychil, odam yuragini hapriqtiradigan – obrazli tafakkur namunalari she’r bo‘ladi”. Bu go‘yo she’r bilan tanishtiruvdek, ammo… Bu umumiy mezon emas, bu Bahodir Karimninggina fikri, xolos… Men ham bu fikrga qo‘shilishga tayyorman, lekin shu mulohazadagi “tafakkur namunalari” degan jumla she’rning mohiyatini biroz pasaytirgandek tuyuladi, balki u tasavvur namunalaridir. Har holda, bugungi yangilanib borayotgan she’riyat bunga asos bo‘la oladi.

Xullas, muddaoga qaytsak, shoiraning “Chig‘anoq” to‘plamidagi she’rlar – butun she’rlardir.

Men to‘plamdagi har bir she’rdan bir misra o‘qib uni tasavvur qilishga urinib ko‘raman. Misraning o‘zida tasavvurning parchalari mujassam, shular “yig‘ilib-yig‘ilib” she’r – yaxlit tasavvur hosil bo‘lgan.

3

Shoira ijodida o‘ziga xos obrazlar borki, ular ham obraz, ham ramz bo‘lib har bir she’rda uchrayveradi. Sahifalar oralab borar ekanmiz, o‘sha timsollar, obrazlar bizni she’rdan she’rga ta’qib etib boraveradi. O‘sha “ta’qibchi”larning asosiysilari quyidagilardir:

* ranglar
* tuyg‘ular
* tabiat hodisalari…

Gulnoz Mo‘minova ranglarni “kalit” qiladi. Bular she’rning ta’mini tuyishimizda ko‘mak beradi. Har bir tasvir shoira ijodida o‘z rangiga ega.

Masalan, “Tiriklikning yashil ruhi”. O‘qishimiz bilan, mushohada qilish uchun ko‘z o‘ngimizda yam-yashil dala kelishi, tabiiy. Tiriklik yasharish-yashnashdir, bas.

Quyidagi misralar esa yuqoridagi fikrimizga yanada oydinlik beradi:

Mo‘’jizalar hammasi yashil,
Oq rangdadir bari tilsimot.

O‘ylab ko‘rmaganmiz, hoynahoy. G‘am ham berang emas ekan: “Yashayotir kulrang soya – G‘am”.

Quyidagi satrlar esa bizga bahorning rassom ekani haqida aytib beradi:

Cho‘qqilarga berib oq tusin,
So‘ng moviyni olar qo‘liga.
Yugurtirar, jilmayib yuzi,
Nimyashilni irmoq yo‘liga.

Borliqda neki bo‘lsa, uning bizga ko‘rinmagan zarralariga qadar rangli ekan-da:

“Dengiz-dengiz” desang, bo‘lmasman rozi,
U osmon ruhining moviy ovozi.

Men kitobning ibtidosida berilgan “Dovon toshlari” she’rida shoiraning qalbidagi “asl shoir ovozi”ni his qildim. She’rning badiiy tashbehlarga boyligi, badiiy kashfiyotlari-yu yangicha obrazlari o‘z yo‘liga. She’rdagi ruhning ko‘lami chegara bilmaydi — hayratlanarli. Meni hayratga solgani shudir, balki. Ko‘z o‘ngimizda – Taxtaqoracha ( hislar dovoni ). Unda nimaiki bor, barchasi tirik odamlar bo‘lgan bir vaqtlar. Shu bir vaqtlar o‘lchovida mingyilliklar jo bo‘lar, ehtimol. Odamlar uchun shunchaki, mahobatli dovon sifatida bo‘y ko‘rsatgan dovon shoira nigohida “jonli” ko‘ringan. Shoiraning poyetik idroki eng avval ko‘zi tushgan “tosh”larni ham taniydi:

Nurli ko‘rinadi quyosh tig‘ida,
Sen dovon toshlarin qolasan tanib.

Toshliklar orasidagi tug‘dona ham shunchaki o‘simlik emas, “…so‘z aytar o‘z shevasida, metin yelkasida yillarning yuki”, qoyatosh bo‘lsa “Nuh kemasiga sig‘may qolib ketgan jonzot” bo‘lishi ham mumkin. Shundoq yoningda yotgan oppoq tosh esa “Ulug‘bek bo‘yniga qilich tushganda nogoh uchib ketgan salla”ni eslatmaydimi? Bu tosh esa bir vaqtlar “ko‘ksiga yov kamon tortganda” bir zum bardosh berib, tizzalagan ko‘yi jon bergan askar-ku… Bu toshlarning ba’zilari “Ali Qushchini egachi bo‘lib Rumga kuzatganlar”, ba’zilari “Mirzo Boburni Hind sori kuzatganlar”, changalzordagi bulbul chah-chahi esa shoirlar ruhi emasmi axir? Bu narsalarni ilg‘ash uchun inson tasavvuri hur bo‘lmog‘i lozim, hur tasavvur esa insonni cheksizlik qo‘yniga eltadi. Tasavvurida moziyni shu dovon bilan tutashtirar ekan shoira she’rga ohorli yakun qiladi:

Yelkangda moziyning zildayin yuki,
Oldga intilasan joning boricha.
Undan o‘tib olsang marra seniki,
Hislar dovonidir Taxtaqoracha…

Aslida tabiatning har bo‘lagida timsollar, ishoralar mavjud, shuni ilg‘ay bilgan insongina ijodkor bo‘lar, balki…

4

Shoirning bor iqtidori uning badiiy kashfiyotlari-yu, yangicha topilmalarida, tandirdan yangi uzilgan tashbehlarida namoyon bo‘ladi. Bir ijodkorga tegishli mamlakat ham shular bilangina to‘kis bo‘ladi va zavol topmaydi.

Gulnoz Mo‘minovaning har bir she’rida badiiy topilmalar, go‘zal tashbehlar she’rning ham falsafiy, ham hissiy yukini boyitishda xizmat qiladi. Bu topilmalar faqat Gulnoz Mo‘minovaniki.

“Shoir umri” degan so‘z oddiydek ko‘rinadi, eshitganmiz, o‘qiganmiz va aytamiz bu so‘zni. Ammo “shoir umr”-chi? Bu yerda shoir so‘zi umr so‘ziga aniqlovchi bo‘lib kelyapti. O‘qidim-u…

Shoira “Ilhom parisi” she’rida ilhom parisiga murojaat qilarkan, mingyillik ( balki, million yillikdir… ) yukka ega savolni beradi. Mana, o‘sha misra:

O‘yga tolgum: necha asr chiqarkin,
Shoir umrlardan olsang hissangni?

She’rni tahlil qilsa, mazasi buziladi aslida. Uni o‘qib har kim o‘z qalbi bilan muhokama qilsa, yaxshi. Gulnoz opa ayniqsa, tabiatga o‘zgacha nigoh bilan qaraydi, barcha tashbehlarni tabiatning o‘zidan oladi: “Qorlar uzra yog‘du tushar raqs”, “Shom ichra sirg‘alar ariqdagi suv”, “Qizg‘ish soyalarni yig‘ib olar tun”, “Osmon – yulduz oqqan timqora daryo”, “Huv terakzor – hislar harami”, “Bola kabi sakrar tomchilar”, “Sevgi hidi kelar bahordan”, “Lola qadahida may ichar Xayyom”, “Go‘zal jangdir bahor, aslida”, “Hovuz – pahlavonning hovuchi”, “Soyalar raqsiga sahnadir gilam”, “Tun kirib kelmoqda – zanji dugonam”, “Har tong – yangi kunga qasida”, “Umr – ko‘rpa, armon qaviydi”, “Havo birdan gullab yubordi”, “Yaratganning osma bog‘ida, Qor gullari ochildi qiyg‘os”, “Shafaq – ol qasida”… Bu kabi topilmalar har bir she’rda, har bir bandda va har bir misrada bor desam mubolag‘a bo‘lmas. Gulnoz opa aslida rassom bo‘lishi kerak edi deb o‘ylayman, mana, she’rlari bunga shohidlik beradi. Go‘yo sahifalarga qarasam, turli suvratlar, faqat ular bo‘yoqlardan emas so‘zlardan iborat. Poyetik nigoh bilan birga Gulnoz opada musavvirona idrok bor, tasavvuri had bilmaydi. “Asad”, “Sunbula”, “Sen va yomg‘ir”, Qor gullari”, “Sharq kuzi”, “Tun ostonasi”, Qorli oqshom”, “Yoz manzarasi” kabi she’rlarda faqat manzara chizilgan, bekam-u ko‘st ham tasvirning tiniqligidan zavq tuyadi kishi, ham bu manzara mavhum o‘ylar girdobiga tashlaydi. Gulnoz opa she’rlaridagi har bir misrani yaxlit falsafiy zanjirga tizadi. Shu sababdan faqat his qilibgina emas, mushohada ham qilib ko‘ramiz.
Shoira yangi so‘zlar yasaydi, buni boshqa shoirlar ijodida uchratmaymiz, “nurko‘prik”, “to‘lqinshakl”, “siyohtus”, “dilshakl” kabi so‘zlar bunga misol.

Gulnoz Mo‘minovaning qadim asotirlardan, ayniqsa, qadimgi yunon miflaridan qattiq ta’sirlanishi, bu mifologiyaga mehri boshqacha ekanligi she’rlarida namoyon bo‘ladi. “Iliada ohanglarida” turkumi bu mehrning yorqin namunasi. Ayniqsa, turkumga epigraf qilib tanlangan Mariya Svetayevaning “Gomer, chindan so‘qir ekansan” misrasi uzukka ko‘z qo‘ygandek. Shoira turkumda umumbashariy va boqiy og‘riqlarni kuylaydi. Umuman to‘plamda yana bir turkum bor: “Yashil yelkanlar”. Nomning o‘ziyoq go‘zal metafora. Beixtiyor Abdulla Oripovning “Kuyi shunday bo‘lsa g‘amning o‘ziga…” misralari tilda aylanadi. Bu turkum bahor samimiy va tiniq madh etilgan eng go‘zal she’riy tizmadir.

Chayqaladi ifor dengizi,
Gul dengizi, bahor dengizi.
Zor dillarga darmon bo‘ldi u,
Kimlargadir armon bo‘ldi u.

5

To‘plamdagi marhum shoir Nazar Shukur xotirasiga bag‘ishlangan “O‘lgan bulbul” nomli she’rda juda katta yuk bor. Bugungi kunimizda uchraydigan nafs uchun, soxta shuhrat uchun san’atni sayozlashtirib yuborgan insonlarga ko‘r-ko‘rona ishqibozlik qilgan ommaga achchiq kinoya bor bu yerda:

Boqma faqat suyuklaringga,
Onalarning buyugi – Vatan.
Maftun bo‘lmay tiriklariga,
Tingla o‘lgan bulbullarni ham.

Shu o‘rinda Gulnoz Mo‘minova ijodi haqida bir e’tiroz tug‘iladi menda. Go‘yo shoiraning “ijodiy qolipi” xiralashib qolgandek. Katta falsafiy mazmun va mantiqqa ega she’rlar bir xil qolipdan chiqarilayotgandek. Shakllar borasida tajriba qilib ko‘rish kerakmikan? Tag‘in bilmadim.

Shoira ijodining aniq bir azimuti nima ekan-a deb o‘ylagan kezlarim ham bo‘ldi ba’zida. So‘rovga javob mana shu butun boshli “Chig‘anoq” to‘plamiga sochib yuborilgan. Gulnoz Mo‘minova ijodining umumlirik qahramoni atrofidagi barcha-barcha voqelikdan, manzaradan, yaxlitligu evrilishlardan sirli bir tilsim izlayotgan va bu tilsimlarni yechayotgan Insondir. Shoira oddiy yozishni istamaydi, bejizga “G‘amim buncha mayda manim” deb o‘zidan norizo bo‘lmaydi. “Chig‘anoq” – bugungi adabiy jarayonimizda o‘z yukiga ega she’riy to‘plam. To‘plamdagi she’rlarning aynan qaysidir jihatlari nigohimdan chetda qolgan bo‘lishi mumkin. Aytadigan gaplarim hali bisyor. Lekin komil ishonch bilan ayta olamanki, Gulnoz Mo‘minova bugungi adabiy jarayonimizda tobora balandlasha borayotgan ijodkordir. Gulnoz opaning ijodi abadiy og‘riqlar bilan yo‘g‘rilgani, zalvorliroq ekani bilan boshqa shoiralardan ajralib turadi. Bu mening bir she’r o‘qiguvchi sifatidagi xulosalarim, qolganini vaqt ko‘rsatadi…

Gulnoz MO‘MINOVA
SHE’RLAR
011

Gulnoz Mo‘minova 1978 yili tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Fasllar shiviri”, “Sayyoh qushlar”, “Dil siniqlari” va “Chig‘anoq” nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan.
“Yoshlar” radiokanali xodimi. Oilali.

005

TASAVVUR SARHADI

Osiyoning qadim kengliklarigaartlib_gallery-523127-a.jpg
Qari ajdahoday yastanmish Hisor.
Qoraygan daralar, do‘ngliklarida
Uni poylayotgan qancha ovchi bor.

Qancha kamonlar bor – o‘q otmoqqa shay,
Qancha qilichlar bor – tig‘dor, qayralgan.
Qancha botirlar bor – yelkador, bashang,
Ajdar o‘ldirmoqqa go‘yo yaralgan.

Ming yilki, toshlarni taroshlab beun
Ganjina izlagan joni halaklar,
Jondor terisidan etik kiymoq-chun
Navbatga tizilgan tantiq malaklar.

Chimirilgan qoshlar, tirjaygan yuzlar,
Nafsiga qul bo‘lgan buyuk sho‘rliklar.
G‘orlarning bo‘g‘ziga sig‘magan bo‘zlar,
Ajdar ham chidamas azim xo‘rliklar.

Oh, sho‘rlik odamzod, nafsining quli,
Qani, ajdarni ham olsang kishanlab.
Sirkka yetaklasang – o‘ng kelib yo‘ling,
Seni kutar qancha tomoshatalab…

Shu onda uzilar mudhish xayolim,
Idrokim jonlanar vaqt o‘tib picha:
Ulkan ajdahoning beli misoli
To‘lg‘anib qo‘yadi Taxtiqoracha.

12.09.2016

GLOBALLASHUV

Insoniyat keksayib borar,
Unut bo‘lar ezgu shevalar,
G‘ichirlagan shoxlarda o‘sar
Zahar emgan taxir mevalar.

Gunoh ichgan xasta tuproqda
Urchib borar kasal qavmlar.
Daryolarda qon oqqan chog‘da
Ochilganday eski zahmlar.

Ummat to‘zg‘ir, qorayar quyosh,
Ko‘rinmaydi osmon yo‘llari.
Fitnalarga berolmas bardosh
Valiylarning toza dillari.

Nuri qochgan ko‘zlar quvnamas
Ko‘rgan chog‘i yog‘du raqsini.
Tanimaydi endi biror kas
Oynadagi sovuq aksini.

Sherlar tog‘da cho‘ponlik qilar,
Burgutlarga qafas yetmaydi.
Ozod qolgan faqat bo‘rilar,
Lek zamonga tishi o‘tmaydi.

Qisqarmoqda kunlar, tobora
Olislashib osmon rohlari.
Sezmayapmiz, boshladi nurab
Odamzotning suyanch tog‘lari.

12.09.2016

BIR SHOIRGA

Ey, shoir, dardlarning zuryodi shoir,
Hijronni hijjalab qizarmish ko‘zing.
Birorta bayting yo‘q quvonchga doir,
Bir telba topilsa – u sensan, o‘zing!

Kunduzni yelkalab tunga chopasan,
Sochilib qoladi vaqt parchalari.
O‘ylagin, oromni qaydan topasan,
Bir kun nur socharmi baxt darchalari?

Unsuring havodir, bilsam-bilmasam,
Goho bir oz maqtov kifoyadir, bas –
Surur Buroqida ko‘kka uchasan,
Tanga topgan qulday og‘zing yopilmas.

To‘zg‘in daftarlaring o‘qirmi birov,
Zamon daftaridan o‘chmasmi noming?
Bir kun zuryodlarga bo‘lmagaymi g‘ov
Eslangan nomingu, kechikkan shoning?

Sen asli g‘ussaning to‘ng‘ich farzandi,
Baxtning asrandisi — o‘zing, ogoh bo‘l.
Toki ruhing ozod, emassan bandi,
Taxt senga intizor – qismatga shoh bo‘l!

13.09.2016

TALQIN

Oyparast suv Oy soyasida
Tinglab yotar Tun faryodini,
Vaqt oladi himoyasiga
Shu lahzaning uchqur yodini.

Soy yuziga yulduzlar aksi
Tushgan chog‘i uyqusi qochib,
Suvparilar sog‘inib raqsin
Suv betiga chiqishar shoshib.

Tun bag‘riga tig‘ urar fusun,
To‘kiladi qop-qora qoni.
Jarohatga Oyni bosar Tun
Qiynalmasdan sira vijdoni.

Suvparilar tinadi nogoh,
Shu lahzada uzilar ertak:
Shaksiz, Ayol jinsidandir – Moh,
Va shubhasiz, Tun edi – Erkak.

23.10.2016

QAYG‘U

Tenglikni qulatdi asr sovuqqon,
Dunyo gigantlari tizildi safga –
Zamin ne’matlarin tugatib inson,
Olis sayyorani olar hadafga.

Olam jim kuzatar Shomning shomini,
Najot kutmay qo‘yar sho‘rlik go‘daklar,
Najot kutmac endi, ona sutining
Ta’mini totmayin o‘lgan buvaklar.

Faryod-la almashar oydin qo‘shiqlar –
Malaylar Iblisga qilganda xizmat:
Ezilgan qursoqlar, kuygan beshiklar,
O‘q tekkan bellarda yig‘laydi ummat.

Talangan shaharlar, xo‘rlangan hurlar,
Ko‘zga qon to‘ldirgan mudhish lahzalar,
Shomni o‘gay kabi chetlagan nurlar,
Yurakni ikkiga bo‘lgan larzalar.

Dunyoning yarmida hukmron uyqu,
Hech kimni cho‘chitmas adolat kuni,
Shahar nomi qolgan vayronalar-u
Beparvo toptalgan gullarning xuni.

Endi yuraklarga solmagay dahshat
Betonlar ostida yorilgan boshlar,
Uchoqlar o‘tsalar solishib vahshat,
Umumqabrlarda ingraydi loshlar.

O‘qqa uchib o‘lsa ummatning yarmi,
Qolgan yarmin mag‘lub etgusi hasham:
To‘plam qilar noyob mashinalarni,
Dunyo go‘zallari haramida jam.

Ularga xush yoqar — o‘ljasin tutgan
Burgut tumshug‘idan sachragan saslar,
Oltin saroylarda oyoqlariga
Mushukdek suykalib yashar yo‘lbarslar…

Olam qalqoniga tushayotir darz,
Ko‘tarilib borar bahrlar sathi.
Endi yelkalarni bukchaytirmas qarz,
Unutdir insonga azaliy ahdi.

Shomni yamlab borar hasad olovi,
Udir — ofat sochgan sho‘rlik G‘azoga.
O‘shadir – xotinlar “oh”iga befarq,
Erlarni yo‘llagan mudhish qazoga.

Ma’nosiz boqishga ko‘nikar ko‘zlar –
Dunyo to‘lganida zulmga, dodga.
Nafosat jon bergan ul mudhish mahal
Qo‘l siltaging kelar adabiyotga.
…Yashil sayyorani yurar aylanib
Million yildirki, Qobil otgan o‘q.
Bu o‘q tinar faqat jonga joylanib,
Ko‘ksin tutib berar birorta mard yo‘q.

23.10.2016

YASHMA

Osmon – ulkan yashma,
Ufq – uning sirli gardishi.
Gardishning qay vaqtda
Qanday tovlanishi
Xudoning ishi.

Osmon – ulkan yashma,
Tikilib qarasang,
Ko‘zlaringni olar yolqini,
Lekin sig‘ar tasavvuringga –
Talqini.

12.11.2016

SIRDOSH

Iztirobu o‘ylarim mubham,
Xayolimdan ketmaslar nari.
Yoniq turar tunda derazam
Devning yakka ko‘zi singari.

Qalam, qog‘oz, talay kitoblar
Va guldonda avgust bergan gul,
Tashqarida daydi xitoblar…
Yolg‘izmasman bunda hartugul.

Taqillaydi oyna qo‘qqisdan,
Topildimi men kutgan nadim?
Oy nur tarar juda olisdan:
Kim yoritdi mening uzlatim?

Hayotimga boqib yaqindan,
Sirlarimni o‘qimoqchi kim?
Gunohkorni qidirib birdan
Derazani ochib yubordim:

Shunda tun bag‘riga surilib
Tortdi uzun-uzun homuza.
“AKFA” derazaga urilib
Qanotlari lat yegan Muza.

21.08.2017

BORLIQ GЕOMЕTRIYASI

Siniq chiziqlarni xush ko‘rar chaqmoq,
Aylanani sevadi yomg‘ir.
Chizmalari mudom ranglidir –
Kamalakning yuki sal og‘ir.

Kesma yasash – do‘lning tashvishi,
O‘ylamaydi boshqa g‘oyani.
Chizmalari nozik, tartibli –
Qor yod bilar simmetriyani.

05.07.2017

FALSAFA

Ko‘z yoshi – yagona quroli ayolning:
Gohi juda mo‘rt rishtalarni
Asray olar qisqa muddatga.

Ko‘z yoshi – yagona quroli ayolning:
Sevgi bo‘lmasa-da, harqalay
Yurakda achinish uyg‘otar.

Ta’mi sho‘r bo‘lsa-da, hartugul
Pasaytirar g‘azab o‘tini.

Yagona qurolin yo‘qotgan ayol
Shularni o‘yladi
G‘azabnok bir erkak qoshida.

10.08.2017

TONG

Ayol qaramasdan choy uzatadi,Без назв.jpg
Erkak undan ho‘plar indamay.
O‘zini noqulay sezgan sukunat
TV pultin olar qo‘liga:
Ma’nosiz serial davom etadi,
Ayol uni ko‘rar (yo‘liga).

Erkak yangi gazetadagi
Eski xabarlarni jim o‘qiy boshlar:
Og‘irdir bu yoshda araz yo talash.
Xontaxta ustida mitti shaytonday
Xushnud depsinadi yovqarash.

10.08.2017

TILAK

Bir inja chechakning yaprog‘i bo‘lsam,
Bir pinhon chashmaning qarog‘i bo‘lsam,
Bir g‘arib vatanning tuprog‘i bo‘lsam.

Afsonadan qochib chiqolsa sirlar,
G‘or ichinda gulxan yoqsalar pirlar,
Kaftimga jaranglab tushsa yog‘murlar.

Yog‘dular ilkida samo gullasa,
Hubob jilvasinda daryo gullasa,
Jannat bog‘larinda Tubo gullasa.

Har og‘ochdan kelsa tirilmak isi,
Qushlar nag‘masida uchmoh mujdasi,
Unutsam Hasratning qari shevasin.
(Go‘yoki bo‘lmagan ta’qiq mevasi).

06.06.2017

CHILLA

Men –
Ipak qurtiman,
Uyqamoq to‘qidim o‘zimga.
Hech kimning nigohi tushmasin
Yuzimga, ruhimga, ro‘zimga.

Tolalar sug‘urdim og‘zimdan,
Chirmasin ozurda ruhimni.
Aybdor, ijrochi – o‘zimman,
Yaratgan yozgandir hukmni.

Men –
Qismat asiri, bilaman
Azaldan kasbimdur shu yumush,
Meni bu makondan bir zamon
Evrilish qutqarar, evrilish!

12.09.2016

TOG‘ DARYOSI

Tog‘ daryosiman – suvim, ham toshim o‘zimniki,
Yuvsam qirg‘oqlarimni – taloshim o‘zimniki.

Azaldan sal yovvoyi, chekkagirman, ayb etmang,
Mag‘lubman yo muzaffar – savoshim o‘zimniki.

Daralarni oralab yo‘lbarsday yuguraman,
Qayroqtoshlar charxlagan bardoshim o‘zimniki.

Tong nuri silab bergan, parilar tilab bergan,
Suvsumbul yig‘lab bergan ko‘z yoshim o‘zimniki.

Tog‘ daryosi muzlamas, bekor urinma, ag‘yor,
Muz cho‘qqi uzra kulgan quyoshim o‘zimniki.

Chiroqchi, 30.07.2017.

HASBI HOL

“Men” – bir chiroq,
Unda qirq yilki
Bir dev yashar – xizmati halol,
Uni bandi etgandir Tangrim,
Xaloskori Sensan, ehtimol…

“Men” – bir osmon,
Ufqida uning
Har lahzada cho‘g‘lanar shafaq –
So‘ngan vulqon so‘raydi xunin,
Qushlar uni etadilar tark.

“Men” – tubsiz choh,
Yolg‘iz, arqonsiz
Tushayapman, bilay deb sirin.
Choh ichiga allaqayerdan
Shivalaydi qayg‘u yomg‘iri,
Shivalaydi qayg‘u yomg‘iri…

30-31.01.2017

MUTANTLAR
Shoir do‘stlarimga

Qachon kesib o‘tdik Vaqt chizig‘idan,
Qachon bizni chirmab ulgurdi Hayot?
Uchartoshlar yongan oli-i-s kechada
Begona makonda uyg‘ondik. Nahot?!

So‘zsiz hayqiriq-la qalqdik oyoqqa,
Uyg‘onmoq fursati qaqshatdi jonni.
Tovonimiz tegdi iliq tuproqqa,
Ko‘rdik bosh ustida moviy osmonni.

Yodimiz lavhiga qo‘yildi nuqta –
Hayot shovqinlari taralgan zamon.
Hamma davrda ham xaloskor ko‘kdan
Tushmasligin anglab yetgaymi inson?

Izdihom ichida kezarkan, nogoh
Tanib qolajakmiz bir-birimizni.
Shunda… nigohlarda yalt etar bir “oh”,
Tushunib yetamiz taqdirimizni.

Jism qolipiga o‘zni urgan ruh,
Insu jin qavmiga qarindoshlarmiz.
Qonimizda oqar qadimiy anduh –
Odam shaklin olgan uchartoshlarmiz!

Nogahon inisin o‘ldirib qo‘ygan
Qobildan merosdir faryodlarimiz.
Dovon otlariday – vaqt o‘tgan sayin
Ichkariga o‘sar qanotlarimiz.

Demak, endi bizga uchmoqlik – armon,
Toshdagi bitikday o‘chmas bu dardlar.
Hech qursa o‘zini asray olmagan
Sho‘rlik mutantlarmiz, horg‘in mutantlar.

*Uchartosh-meteorit

19.03.2017

XALQONA

Makon qadri yo‘qdir – ketilmaguncha,
Umr arzon mato – titilmaguncha.

Ko‘ngil og‘rig‘idan g‘ofilmiz tamom,
Ko‘ngilning bir cheti katilmaguncha.

Hech kima ko‘rsatma yoshli ko‘zingni
Ichingdagi isyon yetilmaguncha.

Ildam yur – bilinmas yo‘lning og‘iri
Oxirgacha bosib o‘tilmaguncha.

Olomonning ismi xalq bo‘lmas, undan
Bir jo‘mard o‘rtaga otilmaguncha.

Elning manglayidan o‘chmas erk so‘zi
Shoiri shuhratga sotilmaguncha.

* katilmaguncha – kemtik bo‘lmaguncha (sheva)

26-28.04.2017

ZORRO NIQOBI

Qachondir botirlar yashagan tanho:
Tunlar – ot ustida, kunduzi chohda.
Mazlum el istagi bo‘lsin, deb bajo
Yorlari kutganlar g‘amda, firoqda.

Taqdir qavartirgan ikki yelkaga
Xaloskorlik yukin ortgan – o‘shalar.
Hurriyat yetguncha g‘arib o‘lkaga
Yuzga qora niqob tortgan – o‘shalar.

Zorro kamyob bo‘lgan, uzoq kutganlar
Mazlumlar umriga fido jonlarni.
Bugun shunchalik ko‘p niqob tutganlar,
Tanib ololmaysan qahramonlarni.

“Men Zorro!” – qichqirar kechagi sotqin,
“Men Zorro!” – qichqirar o‘g‘riboshi ham.
Jasorat deb bilar eski qilig‘in
Do‘st uyiga olov qo‘ygan muttaham.

Kimdir chayqaladi suron ichinda,
“Men Zorro!” – madh etar go‘yo o‘zini.
Garchi niqobi bor shu on yuzida,
Eldan yashirolmas buzuq ko‘zini.

“Men Zorro” – g‘ovurdan quloqlar bitar,
“Men Zorro” – chiyillar qo‘rqoq ham hatto.
“Mm-yen hham Zoorro!” deya g‘o‘dranar kimdir…
Demak, soqovdan ham chiqibdi sado.

Olomon shovqini yetar falakka –
Hech kimning hech kimdan ko‘ngli to‘lmaydi.
Eskirgan niqobin urib cho‘ntakka,
Zorro jim kuzatar, birov bilmaydi.

17-18.05.2017

TAQSIMOT

Har botin quloqqa uyg‘otguvchi sas,
Har bir ozod ruhga ko‘rinmas qafas,

Har bir yurak uchun adoqsiz junun,
Har ishq qissasiga bittadan Majnun,

Har g‘am daryosiga – bo‘lmaslik ado,
Har bir tiyrandozga – bo‘shamas sadoq,

Har baxtsiz Sulton*ga – topilmas iloj,
Har bitta Chingizga mingta Yalovoch,

Har yolg‘iz daraxtga bir uyadan qush,
Har bitta umrga bir baxtiyor tush,

Har xasta makonga bir g‘arib og‘och,
Har g‘arib og‘ochga o‘smoq – ming quloch,

Har qulochda olsin baxtdan bir qism
Desak, adolatli bo‘ladi taqsim.

* Jaloliddin Manguberdi nazarda tutilmoqda.

04.06.2017

NOKTYURN -2
Singlim Nodirabegim Yamolovaga bag‘ishlayman

Dve jenщinы jivut vo mne.
Stradayut – obe.
Lyudmila Klochko

Ikki ayol yashar ichimda:
Biri tongda turib kayfi chog‘,
Qushchalarga qo‘shilib kuylar –
Go‘yo qayg‘u bo‘lgandek ado.

Uni har kun kutishar shodon
Maskaradlar, shou, suhbatlar.
Atrofida soladi suron
Qahqahaga to‘ymas ulfatlar.

Tush ham ko‘rar hammaga o‘xshab:
Ta’birlari yuzaki, sodda.
Ruhida ham o‘t emas endi,
H2O atalmish modda.

Oqshom cho‘ksa, oyna oldiga
Mukka tushib, boshlaydi yig‘i:
Shunda chiqar vujudqolipdan
Uning qari, rangpar sherigi.

Biri boqar hasrat-la, biri
Kular eski devonalarday.
So‘ng ikkisi quchishar, uzoq
Ko‘rishmagan dugonalarday.

SO‘ZLAR SOG‘INCHI

Kunash, kunash!
Kuydir ko‘zimni!
O‘t ichinda ko‘ray o‘zimni.

Ko‘k, umrimga tarat moviylik,
Yor, dunyodan bir zum soviylik.

Ayo yog‘mur, shaffof zo‘ldirsan,
Biz kutgandan toza, mo‘ldirsan.

Ayo og‘och, ko‘karchin baytsan,
Tong, Buyuk Yor jilmaygan paytsan.

05.07.2017

***

Bu shoir,
Vijdoni uyg‘onib qolmasin
Uchun –
Uxlaydi kitobin
Ko‘ksiga bosib.

07.07.2017

ODAMXO‘RNING FALSAFASI

Yovvoyi ataydi meni ba’zilar,
Sog‘lom turmush tarzin men ham boshladim:
Masalan, maddohning tilini bugun
Yonimda cho‘nqaygan itga tashladim.

16.07.2017

07

(Tashriflar: umumiy 1 095, bugungi 1)

Izoh qoldiring