Turob To’la tavalludining 100 yilligiga bag’ishlov

03Шоир Туроб Тўла 100 ёшда

  1918 йил куз охирлаб қолганда Тўлахўжа қози хонадонида чақалоқ дунёга келди. Унга қишлоқ номидан келиб чиқиб Туроб деб исм қўйдилар. Туробнинг ёшлик йиллари ривоятлардагина куйланадиган беқиёс, гўзал Турбат қишлоғининг кенг буғдойзорлари, булбулларга макон боғлари, тиззагача етадиган тупроқ кўчаларида, Қоржантоғ бағридаги салқин арчазорларда, қозоқ овулидаги қадрдонларимизнинг ўтовларида ўтди.

УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ
Баҳодир Собит
05

05Турбат қадимий Шош ва Сарём шаҳарлари билан ёши жиҳатидан тенг кўҳна масканлардан. У Ипак йўли ўтган икки буюк шаҳар оралиғида жойлашган, Турбат деб номланиши ҳам қадимийлигидан далолатдир. 1918 йил куз охирлаб қолганда Тўлахўжа қози хонадонида чақалоқ дунёга келди. Унга қишлоқ номидан келиб чиқиб Туроб деб исм қўйдилар. Туробнинг ёшлик йиллари ривоятлардагина куйланадиган беқиёс, гўзал Турбат қишлоғининг кенг буғдойзорлари, булбулларга макон боғлари, тиззагача етадиган тупроқ кўчаларида, Қоржантоғ бағридаги салқин арчазорларда, қозоқ овулидаги қадрдонларимизнинг ўтовларида ўтди. Шоирнинг амакиваччаси Меҳмонхўжа отанинг ҳикоя қилишларича, Туробнинг саводини қишлоқдаги Қурбон домла чиқазган.

“Ўткир зеҳни билан ўз ўртоқларини доимо таажжубда қолдирарди”, – деб эслайди қишлоқ оқсоқоли Абдужаббор ота Сулаймонов Туроб Тўла билан бирга ўқиган йилларини завқ билан ҳикоя қиларкан. Туроб Тўла автобиографик “Етти зоғора” насрий асарида болалик йилларини Турбат қишлоғининг табиат манзараларини маҳорат билан чизиб беради.

Чилла… Туроб эшагида хуржунга иккита мешни тўлдириб, буғдой ўраётганларга гўжа олиб кетяпти. Негадир шеър ёдлагиси, бувисидан эшитган эртакларини эслагиси келади. Қандайдир илғаб бўлмас ёшлик кайфияти уни сархуш қилган. Ўзи билан ўзи овора. Матансой буғдой ўрувчилар билан тўлиб кетган. Турбат қариялари Туробни кўриши билан: “Ана, шоиртабиат бола келяпти! Баракалла! Гўжани олиб кел! Яша, ўғлим!” деган мақтовлар билан уни эшагидан тушириб олишади.

1989 йил 24 апрелда Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчиларининг Турбат қишлоғидаги учрашувида Туроб Тўлага сўз берилганида, шоир кулиб: “Матансой борми?” – дея сўради. Болалик йиллари билан боғлиқ бўлган ўша воқеаларни кўз ўнгидан яна бир зум ўтказган бўлса, ажаб эмас. Шоир Туроб Тўла билан кўп учрашувларда, тўйларда, адабий анжуманларда бирга бўлганман. Адабиёт, ҳаёт, ижод ҳақида кўп суҳбатлар қурганмиз. Турбат ва турбатликлар ҳақида гапириш шоирга завқ бағишларди.

Шоир онасидан жуда эрта айрилди. Қачон оналари – волидаи мукаррамаси ҳақида гапирганда, кўзларида ёш қалқирди. Ўзининг бундан 20 йил аввал битган “Турбат” шеърида: “Энг лобар одамни сўрдилар мендан. Менинг онам дедим, онам албатта”, – дея куйлаганди онасини, она қишлоғини эслаб, шоир.

Туроб Тўла Тошкентдаги болалар уйида тарбияланган. Шоир ижодий чашмасининг биринчи кўзи 1934 йил очилди. Унинг “Олқишлар” сарлавҳали илк шеъри “Ленин учқуни” газетасида босилди. “Ёшлик ва орзу”, “Чегарада”, “Руставели” каби қатор шеърлари 1939 йил илк тўплами – “Шеърлар”дан ўрин олган.

Шоир Ғарб ва Шарқ адабиётини мукаммал ўрганган. “Бахт тонготари”, “Муборакбод”, “Табассум”, “Доира”, “Қанотлан, қўшиқларим” каби шеърий тўпламлар, достонлар билан адабиётимизни бойитди.

Улуғ Ватан уруши йилларида шоир ижоди фақат Ватан ва Ғалабага бағишланди. “Волоколамск тош йўли”, “Мингорол қўшиғи”, “Йигирма олти” каби асарларининг ёзилиши фикримизнинг далилидир. Ўша пайтларда Ўзбекистон радиосида сухандон бўлиб ишларди.

Эллик йилдан зиёд даврда Ватанга муҳаббат шоир ижодининг асосий мавзусига айланди. У диёримизнинг беқиёс бўстонларини, тиниқ сувлари, беғубор осмони, кенг саҳрою осмонўпар тоғларини илҳом билан тараннум этди. “Замон ҳукми”, “Хат”, “Трамвайда топилган дафтар” каби достони, халқ оғзаки ижоди услубида ёзилган “Суюн Момо” эпоси заҳматкаш ижодкор эканлигининг ёрқин далилидир. Номлари зикр қилинган асарларда халқлар дўстлиги туйғуси ярқ этиб, кўзга ташланиб туради.

Туроб Тўла бағишлов жанрида ҳам баракали ижод қилган. “Бойчечак” шеъри рақс юлдузи Мукарамма Турғунбоевага, “Лазги” шеъри раққоса Розияхонимга, “Ҳоди аканинг тўйи экан, борайлик” қасидаси фольклоршунос Ҳоди Зарифга бағишланган.

Шоирнинг драматургия ва кинодраматургияда ҳам сермаҳсул ижоди бор. “Нодирабегим”, “Қизбулоқ”, “Момо ер” драмалари, “Зулматдан зиё” операси, “Самарқанд афсонаси” балет либреттоси, “Фурқат”, “Мафтунингман”, “Шашмақом” каби киноасарлари томошабинлар қалбидан чуқур ўрин олган.

Туроб Тўла қўшиқчилигимизнинг асл фидойисидир. “Нафосат”, “Камалак” тўпламлари бастакорлар ҳамда қўшиқчиликка бағишланган бўлиб, ижодкорларни ўзи устида ишлашга даъват этади. Шоирнинг “Момо”, “Куйлатиб қўйдинг мени”, “Табассум”, “Маҳбубга”, “Келинг ёр”, “Дилором”, “Ортиқсан”, “Бўламан дейди”, “Санам. Ҳеч борми инсофинг”, “Сабо”, “Сен бўлмасанг”, “Гулбоққа”, “Муҳаббат мадҳи”, “Гулёр”, “Хаёлим сенда”, “Сарвиноз”, “Булбул”, “Мажнунтол”, “Мафтунингман”, “Гулруҳ”, “Ширмоной”, “Навниҳол”, “Торимнинг сири”, “Эй гул”, “Уч дугона”, “Тошкент наҳори”, “Олтин сандиқ”, “Йўлларим” каби юзлаб қўшиқлари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак.

Шоир “Яхши қўшиққа тўйиб бўлмайди. Қанча бўлса – шунча оз!” дер эди. Шоир ҳақ. Унинг қўшиқларига тўйиб бўлмайди. Эшитсанг, роҳатланасан. Кайфиятинг кўтарилади. Хонандага қўшилиб, қўшиқ айтаётганингни сезмай қоласан. Туроб ака ҳақида раҳматли устоз шоир Уйғун шундай деган эдилар: “У адабиётнинг ҳамма жанрларига қўл уриб кўрди ва барчасида муваффақият қозонди”. Дарвоқе, Уйғун ҳаққоний баҳо берган эди, шоирга.

Туроб Тўла ўзининг мазмунли ҳаёти давомида моҳир устоз композиторлар: Мутал Бурҳонов, Дони Зокиров, Муҳаммаджон Мирзаев, Ҳамид Раҳимов, Наби Ҳасанов, Икром Акбаров, Манас Левиев, Сайфи Жалил, Сулаймон Юдаковлар билан бирга 100дан зиёд қўшиқлар яратди ва ўз элига тортиқ қилди. Ўзбекистон маданият вазирлигида ходим, Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театрининг директори бўлиб хизмат қилди. Унинг “Момо ер”, “Қари қиз”, “Қизбулоқ” драмалари кўплаб театр саҳналарида қўйилган.

Шоир туғилиб ўсган қишлоғи Турбатда унинг номи билан аталадиган ўрта мактаб бор. Туроб Тўланинг ижоди битмас туганмас булоқдир.

Охиратингиз обод бўлсин, устоз!

Саъдулла Сиёев
ЭРКА СЎЗНИНГ ЭГАСИ
05

1958 йил. Университет талабаларимиз. Бир куни сабоқдошимиз гап топиб келди: «Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлар эмиш». Дарҳол дарсдан «қуён» бўлиш йўлини излай бошладик. Бирданига «бошимиз оғриб қолди» ва … аудиториядан базўр юриб чиқдигу Ёзувчилар уюшмаси томон учдик.

Ҳаллослаб етиб борсак, кичкина залга одам тўлибди, бўш жой йўқ. Биз кираверишда, йўлакда «деворни суяб» туравердик.

Мушоира бошланди. Биз китобларини ўқиган, бироқ ўзларини кўрмаган аллома шоирларимизнинг аксарияти шу ерда экан: Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайхзода, Собир Абдулла…

Сўз Собир Абдуллага берилди. Собир ака минбарга чиқди. Бир варақ қоғозга қайта-қайта қаради, кейин залга ўгирилди. Хаста товушда оҳиста деди:

– Туроб, сен ўқиб бера қол….

Гурр кулги кўтарилди.

– Ғазални Собир ёзсин, Туроб Тўла ўқисин, — деб кимдир учириқ қилди.

Минбарга ўрта бўйли, кулча юз, сочлари типратикан найзасидек тиккайган киши чиқди. Ийманиб кулганча Собир Абдулланинг қўлидан ғазални олди ва жарангдор, ўткир, ёқимли овоз билан ўқий кетди.

Ғазал тугади. Чапак бўлди. Назаримда бу олқишнинг ярми Туроб акага аталган эди. Ўшанда у киши ҳали қирққа кирмаган қирчиллама йигит, довруқли шоир, таниқли воиз ва сухандон эди.

Аста-секин Туроб акага яқинлашиб, у киши билан ака-ука бўлиб кетдик. Туроб акада одамни ўзига тортадиган ажиб бир хислат бор эди: хайрихоҳликми, дилкашликми, оқкўнгилликми…

Устоз эркаланиб гапирар, эркаланиб ёзар, биздек шогирдларини суюб эркалар, биз ҳам баъзан талтайиб кетиб, устозга эркалик қилардик. Бир сафар Туроб аканинг янги қўшиғи пайдо бўлди. Қўшиқ «Бир ажойиб юртимиз бор» деб бошланарди. Бу қўшиқ ҳам шоирнинг барча қўшиқлари каби дарров оғизга тушди, ҳофизлар бирин-кетин айта бошлади. Биз Туроб акага ҳазил қилмоқчи бўлдик. Дўстим Анвар Эшон, яна кимдир, учовлон қўшиққа пародия тўқидик:

Бир ажойиб юртимиз бор,
Ярми кампир, ярми чол,
Ярми саҳро, ярми жаннат,
Ярми ўтлоқ, ярми мол…

Туроб ака пародияни эшитиб, мириқиб кулди. «Давомини ҳам тўқинглар-да энди, ё ҳашар қиламизми?» – деди. У пайтлар Туроб аканинг ёшидаги атоқли шоирларга пародия ёзиш одат саналмас эди. Ёзилган тақдирда дўпписини ечиб, туғилган қишлоғингизгача қувиб борарди.

Умуман, Туроб Тўла қувноқ, дилкаш, камтар, такаббурликдан олис, мағрур инсон эди. Кўришганда қўлингизни ҳа деганда қўйиб юбормас, қизиқ бир гап ё нозик мутойиба ила димоғингизни чоғ этар, бундан ўзи ҳам роҳатланарди.

Сув ичирмасга сут ичир, деган гап атай Туроб ака учун ўйлаб топилгандек эди. Билишимча, дўстларига қандай хизмат қилса, рақибларини ҳам рози қилишга уринарди. Бир куни сўрадим: «Ака, фалончини нега бунча эркалатасиз, у сизни унча ёқтирмайди?». Туроб ака кулди: «Унча ёқтирмаса, демак, сал-пал ёқтирар экан-да. Кел, шуям хурсанд бўлсин, Туроб ака мени олалади, демасин. Кенгроқ бўлаверайлик, кенгга – кенг дунё…»

Биз кейинги пайтда ҳалимлик, ҳалим деган сўзларни камроқ ишлатадиган бўлиб колдик. Энди билсам, ҳалимлик Туроб аканинг инсоний мезони экан. У киши катта-катта лавозимларда ишлади. Аммо бировга қаттиқ гапирганини, бировни изза қилганини эшитмаганман. Жуда хафа бўлиб кетса, «Яхши иш бўлмади-да, ўртоқ», деб лабини тишлаб, ўйланиб қоларди.

Туроб Тўла бошчилигида бир вилоятга ижодий сафарга бордик. Учрашув айни авжига чиққанида бир ёзувчимиз аразлаб, Тошкентга қайтиб кетди. Туроб ака унинг ортидан таассуф ила қараб қолди: «Яхши қилмади бу. Адабиётнинг обрўсини тўкди». Собир инсон эди раҳматли.

Асқад ака билан Дўрмон боғида айланиб юрибмиз. Табиийки, сўз қадри, сўз масъулияти ҳақида гап борди. Асқад ака кўзларини қисиб, олис уфқларга тикилдию, босиқ товушда деди: «Туробнинг ёзиб турганига офарин, фалончининг ёзмай қўйгани учун раҳмат».

Ҳаққи рост. Туроб Тўланинг асарларини мухлислар интиқ бўлиб, орзиқиб кутарди. Негаки, устоз янги шеър битадими, Ҳалимахоним ҳақида эссеми, драма ё туркум қўшиқларми, шаксиз, хаёлга келмаган янги гап топиб айтар, юракка чўғ солиб, кўнгилни мувозанатдан чиқарарди. Асл адабиёт ҳам шу бўлса керак-да.

Мен халқона тил жилосини, Миртемир акадан кейин Туроб аканинг шеъриятида кўриб, ҳар сафар танг қолардим. Саҳройи элнинг тарашланмаган мажозий шеваси, Хоразмнинг ширин лаҳжаси, Фарғонанинг тагдор лутфию бахшиларнинг сойдек тошқин, соф туркий лафзи Туроб Тўла шеъриятининг қўш қаноти эди.

Хирмон тўлиб тўкилди дон, тўкилди дон, момо,
Тандир тўлиб ёпилди нон, ёпилди нон, момо…

Нақадар шарқона мунис ва жонга туташ манзара…

Туроб ака шоир бўлиб, элининг кўнглидаги сўзни топиб айтолганидан мамнун бўларди. Назаримда, муборак сўз ҳам то абад ундан рози бўлиб қолди.

Азиз шоиримиз ҳақидаги хотираларимни гўзал ривоят билан якунлагим келди.

Бир киши боғда кезиб юрарди. Оддий терак баргига кўзи тушди. Олиб ҳидлади. Ундан хушбўй ҳид келарди.

– Сен нимасан, эй япроқ? – деди киши. – Бўйинг мунча ёқимли?

– Мен терак баргиман, – деди япроқ, – бир неча муддат гулирайҳонлар ичида яшадим. Шу туфайли уларнинг ҳиди менга уриб, гулсифат бўлибман…

Туроб аканинг ёнида юрганлар ана шу терак баргига ўхшаб, ўз-ўзидан мушки анбарга айланиб қолганини сезмасди.

Устоз фоний дунёни маъмур этган эдилар, илоҳо, у кишининг боқий дунёлари ҳам обод бўлсин!

Манба: www.janubiy.kz

ТУРОБ ТЎЛА ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР
05

УСМОН АЗИМ ХОТИРАЛАРИДАН

03КУНЛАРДАН БИР КУН ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда коридорга чиқсам, уч-тўрт ёш шоир, Рауф ака таъбири билан айтганда, “дарвеш”лар у ёқдан бу ёққа юриб туришарди, унинг ўзи эса “раҳбар” топиш йўлида жиддий изланаётган экан. Қачонлардир “раҳбар”лик қилганларнинг бугун чўнтаги қуруқ ва шу боис, албатта, бу масъул вазифага асло даъвогар бўлолмасди.
Кўчадан Туроб Тўла кириб келди. Раҳматли кўп яхши одам эди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар ўн беш кунда эринмай ёшларнинг шеърият кечасини олиб борар, шу сабабданми, феъли навқирон – ёшлар билан жуда чиқишиб кетарди.
— Мана… Мана… Туроб акам келдилар! – Рауф ака ярашимли табассум билан пешвоз чиқди.
— Ҳа, Рауф? – деди Туроб ака гап нимадалигини аллақачон пайқаб, жилмайганча.
— “Раҳбар” йўқ, — деди Рауф ака куйиниб. – Ҳеч топилмаяпти. Излаяпмиз…
— Топилмаяптими?
— Йўқ-да! Шунга… Ўзингиз… Лекин “раҳбар”лик… яхши иш…
— Менинг вақтим йўқроқ-да…
У киши костюмининг чўнтагидан битта юзталик олиб, Рауф акага узатди.
— Мана!
Рауф ака пулни қўлига олгач, юзталикнинг обрўсидан андак довдираб қолди:
— Кўп-ку!..
У пулни нима қилишини билмай турар: қайтариб бермай деса, анча катта пул, берай деса… Туроб ака “ҳа, майли” деб чўнтагига солиб кетса, нима бўлади!
Рауф ака йўлини топди.
— Биз йигирма сўмини сарфлаймиз, — деди у чин виждон билан. – Қолганини ўзингизга қайтарамиз…
— Ҳаммаси сизларга! – деди Туроб ака ва тепа қаватга элтадиган зина томон юрди. У ҳам негадир бу пулни берганидан роса хурсанддай эди.
— Оббо! – деди Рауф ака бундай сахийликдан ҳамон ўзига келмай. – Кўп-ку…
У зинадан чиқиб кетаётган Туроб акага чин кўнгилдан яна бир бор ваъда берди:
— Қолганини қайтариб берамиз!
Туроб ака ҳотамтойликда қатъий туриб олди:
— Ҳаммаси ўзларингники!..
Рауф ака ва “команда”си бўлажак буюк ишларга чоғланиб, сумкаларни кўтарганча кўчага – озодлик сари чоғланиб турарди.
Мен ҳазиллашдим:
— “Раҳбар” кетиб қолди. Ўтиришларинг энди қандай кечади?
Рауф ака шу заҳотиёқ жавоб топди:
— Туроб акам беш кун давомида ўтиришнинг фахрий раиси бўладилар…
Ана ҳурмат-у, мана ҳурмат!..

ЁДГОР ОБИД ХОТИРАЛАРИДАН

САКСОНИНЧИ ЙИЛЛАР БОШЛАРИДАН бошлаб, мен ўша „Ёзувчилар союзи“ номи билан юритиладиган ташкилотда „ поэзия совети“да консултант ( адабий маслҳатчи) бўлиб ишлардим. „Қўшиқ совети“га эса шоир Туроб Тўла раҳбарлик қиларди. Ниҳоятда эътиқодли коммунист ва яҳши инсон, бировга ёмонлиги йўқ эди. Оллоҳ унинг гуноҳларини кечирган ва раҳматига муносиб кўрган бўлсин. Кўп тарихий, ҳозир ҳам кўпчиликка номаълумлигича қолиб келаётган воқеъаларнинг жонли шоҳиди бўлиб, „ вақти- соати етиб келмагунча бировга оғзимдан гуллаб қўймаслик“ шарти билан Усмон Носирнинг қай ҳолатда қамоққа олингани, ёзувчи Ойбекни қандай тергов қилганлари ва бошқа кўп воқеъаларни гапириб берарди.

Мен ундан кўпинча „ Туроб ака, бунинг вақти- соати қачон келади?“ деб ғашига теккандай бўлардим. Ундаги қўрқув туйғусини мен табиий ҳол деб билардим. Шундай кунларнинг, шундай ишларнинг гувоҳи бўлган одам юрагини олдириб қўйган бўлиши турган гап. „ Ишқилиб бундай ишлар сенларнинг бошларингга тушмасин“ деб қўярди. Унинг эътиқоди бўйича, бу ишларда партиянинг айби йўқ, ҳукумат тепасига чиқиб олган баъзи одамларнинг хатоси эди…

Шу одам қўшиқ советига раҳбарлик қиларди. Қўшиқ ёзишни касб қилиб олган шоирлар гуруҳи бўлиб, машҳур „тўйлар муборак“ қўшиғининг муаллифи Собир Абдулла, Ҳабибий, Акмал Пўлат, Ўткир Рашид, Пўлат Мўмин, Барот Исроил, Султон Қўқонбек, ўша пайтлардаги ички ишлар министри Ҳайдар Яҳъёев, Нормурод Нарзуллаев кабилар етакчи қўшиқчилар ҳисобланишарди. Улар учун қўшиқ матнларининг ўзига ҳос қоидалари, ички қонунлари мавжуд эди. Асосан матннинг коммунистик ғоявийлигига, очиқ қофияли, равон ва жарангдорлигига қаттиқ эътибор қаратиларди. „ Тўйлар муборак“ – ҳалқ қўшиғига айланиб кетган, аслида „Тоҳир-Зуҳра“ фильми учун ёзилган.

Бизнинг ёшлигимизда бирорта тўйнинг шу қўшиқсиз ўтганини билмайман. Кейинроқ Туроб Тўланинг Муҳаббат Шамаева айтган „ Кўчалар, кўчалар, ойдин кўчалар“ қўшиғи машҳур бўлди. Ҳечбир қўшиқ ўз- ўзидан машҳур бўлмайди. Ҳалқнинг ўзиги хос удумларидан келиб чиқиб, унинг эҳтиёжларига жавоб бўлаоладиган қўшиқлар- халқ юрагига тез йўл топади. Биз, ўша йилларнинг ёшлари ҳам бу қўшиқларни севардик. Лекин негадир қўшиқчи шоирларга бироз кинояли ёндошардик…

Туроб Тўла
ШEЪРЛАР
05

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Кўнгил мулкига кирдинг, дилрабо, оҳиста-оҳиста,
Унинг дилдори бўлдинг бебаҳо оҳиста-оҳиста.

Баногоҳ беижозат кирдингу ҳайратда қолдирдинг
Олиб домингга бир оҳанрабо оҳиста-оҳиста.

Дилим боғига ўтқазган бу эзгу дард ниҳолингдин
Вафо унди, вафо унди, вафо, оҳиста-оҳиста.

Ширин дамлар ато қилдинг хаёлим коинотига,
Ўзинг кел энди жоно, марҳабо, оҳиста-оҳиста.

Кўзидин ўзга айби бормидир оламда оҳунинг,
Кўзинг мардуми-ла этгил шифо, оҳиста-оҳиста.

ИШҚ БОРКИ…

Ишқ борки гўзал олам, у кўзлар қароғинда,
У борки кўнгил сўнмас ҳаттоки фироғинда.

У борки баҳор ҳаргиз боғлайди яранг гулдан,
Масъуди, малолинг ҳам қош ила қовоғинда.

Дашт бирлан ўтиб кетди бир оҳу мисол наврўз,
Лолаи гулобингни эзғилаб оёғинда.

Қолмишди яқо йиртиб баргинда тиниқ, шабнам,
Гўёки фиғонидин ёш эрди ёноғинда.

У тобе этар гўё бахтингни қилиб гулхан,
Оламга баён айлаб машъали маёғинда.

Қанча дарди-ҳасрат бор, қанча қулфи тилсимот,
У узган кўнгил торин ҳар битта улоғинда.

Барчасин билар кўнгил, барчасин этар барҳам,
У боис ривоятлар эл-юрти қулоғинда!

ЁР ЭТМА

Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма,
Муҳаббат боғини тарк эт ва асло гулузор этма.

Агар ёв олдида беҳуда иш бирлан асир ўлсам,
Қасос нафрат билан ўлдир, мени асло хумор этма.

Ҳаром ўлсин муҳаббат гар йўлимдан бир қадам қайтсам
Рақибим бўл, рафиқам бўлмагил, мотам мазор этма.

Зафар бирла жаҳонга кўрсатурман чин муҳаббатни,
Муҳаббат фарз ҳам қарздир, қўзим, номуси ор этма,

Қўлимдан тушмагай асло қасос шамшири жангларда,.
Агар ўлсамки мардона, ўзингни ғамгузор этма.

Ва лекин қумрилар ғам бирла асло нолавор бўлмас,
Кўзингга бу жаҳонни асти, ёрим, танги тор этма.

Гўзал гулшан Туроби пок этилгай тезда ёвлардан,
Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма.

МУҲАББАТ МАДҲИ

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

Гул ўрнига дурдек териб келган каломимни
Аъло билиб ҳамиша сен «бу достон», дединг.

Қуёш бўлиб кирдинг менинг қалбимга бир йўла,
Қалбинг менга кенг, беғубор бир осмон, дединг.

Айтгил, дедим борми тағин оламда бахтиёр,
Хумор боқиб «менинг билан сен бегумон», дедннг.

Бу бахтга қилсам арзигай кошона армуғон,
Нозим билан Муҳаббатинг бўлсин омон, дединг,

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

КУЙЛАТИБ ҚЎЙДИНГ МЕНИ

Бир қиё ташлаб кўнгилга, ўйлатиб қўйдинг мени,
Бир муғанний, ошиқона куйлатиб қўйдинг мени.

Чақдингу чақмоқ, қилич солдинг дилим осмонига,
Оҳ, дилим бирла баробар ўйнатиб қўйдинг мени.

Олдингу кетдинг ўйимни, тинчиму сабримгача,
Излатиб кўйингда жон, кўй-кўйлатиб қўйдинг мени.

Шунча ҳам қиммат бўлурми бир қиё бир зорга,
Ҳар чаман, ҳар боққа бир бўй-бўйлатиб қўйдинг мени.

Энди билдим, тоғ экан Мажнун қалби, ёпирай,
Кўча-кўйда ҳар кишига сўйлатиб қўйдинг мени.

ЎЗГА

Кўз очиб кўрмади кўз мардуми сандин ўзга,
Сева олмайди менингдек сани мандин ўзга.

Бағри кенг, ишқи мусаффо гули, булбулларига
Борми оламда чаман ҳеч бу чамандин ўзга!

Билинур мард киши мардлик ила бу майдонда,
Саман ўрнини босолмайди самандин ўзга.

Юрагим торида йўқ бошқача куй, бошқача соз,
Сен отиб поралаган зарби камандин ўзга.

Бари меҳримни олиб кимга инъом айлаганинг,
Менга не қолди хаёлингда чамамдин ўзга?

ОНАИЗОР
(«Осиё устида бўрон» кинофилмидан)

Яхши сўз чиққай юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

Эй, жанубга талпиниб учган хаёл,
Соғинишдан ўртаган бағримни ол,
Онаизоримни этгил бахтиёр,
Интизор у, интизор у, интизор!

Лочининг бор, деб онамни шод қил,
Айрилиқнинг дардидан озод қнл.
Бахт бўлиб, оро бўлиб кир бағрига,
Бағрини гул, кўнглини обод қил.

Айланур тун бағри тўлган ой билан,
Айланур бош ўйнаб оққан сой билан!
Бахт келур, бахтинг келур, кутгил, она,
Ҳар на келгай жанг билан, ҳам жой билан.

Яхши сўз чиққан юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

Турбат гулханлари

Ҳаммаёқ ораста бугун жуда ҳам,
Ҳовли кўтаргандай мисоли қуёш.
Баҳор бош ювипти зебона бирам,
Турбат келинлари каби қаламқош,
Мисоли қуёш!

Кўм¬кўк гир айлана, кўм¬кўк новдалар,
Кўм¬кўк либослари ҳарир, қалами.
Олам бамисоли фараҳбахш дала,
Завқдан билолмайсан боғми, далами,
Мисли қалами!

Пилла қуртларими новдаларда юрган,
Сен уйғотган куртакларми ё…
Лов¬лов пиликларми у ёниб турган,
Афсонавий эртакларми ё…
Куртакларми ё!

Коптокларми сўнгсиз тоғлар ошиб¬ шошиб
Тушиб келаётган, шалолаларми!
Олам тоғорасин бошидан тошиб
Ошиб ётган тупроқ кумушми, зарми!
Ҳеч тенги борми?

Марзаларда ётган ғўзаларми унган,
Қизлар қошларининг соясими ё?
Ариқ¬-ариқларда ойналарми синган,
Ҳосил офтобининг моясими ё?
Доясими ё?

Нақадар севасан ерни, меҳнатни,
Баҳор бошинг узра гулдек чамбарак!
Сенинг бахтинг каби бахтсиз бахт бахтми,
Сенинг юрагингсиз юракми юрак,
О, айтсин фалак!

Қитъаларни тутган май гулханлари,
Худди баҳор бўлиб, машъала бўлиб,
Бугунги энг муҳим масала бўлиб,
Қитъаларни тутган май гулханлари,

Тантана бўлиб!

Турбат қирларининг лолаларидай,
Бўлиқ ерлар нафасидай соз!
Инсон кўкси далаларидай
Қитъалардан бермоқда овоз,
Қилмоқда парвоз!

Айт, ёшингни сўрамасинлар

Кимдир биров ёшингни сўрди,
Қандай золим экан, алҳазар!
Юрагимга гўё тош урди,
Айт, ёшингни сўрамасинлар!

Ярашмайди қаримоқ сенга,
Ёшинг сўраб қаритмасинлар.
Солмасинлар уни эсингга,
Ёшлигингни аритмасинлар.

Айт, ёшингни сўрамасинлар,
Келмасинлар табриклашга ҳам.
Риёкордир, риёкор улар,
Риёкордан қўрққин, жонгинам.

Айт, ёшингни сўрамасинлар!

Сирдарё

Худди Сирдай ўтади куним,
Худди Сирдай ўтиб борар ёш.
Худди Сирдай билмайман тиним
Ватанимга бўлиб қайғудош.

Аммо унинг белига Сирдай
Бўлурманми лоақал камар?
Бўлурманми мадад зиғирдай.
Бермасам ҳам Сирдайин самар?

Майли эди унга эгилиб
Бир дарёдек хизмат қилолсам.
Майли эди, жилғаси бўлиб
Қучоғида оқиб юролсам.

Билинмасди шунда мабодо
Бу умримнинг Сирдай ўтгани.
Шу жилғадек бағрида ҳатто
Билинмасди сингиб кетганим.

Альбомингга

Мардлик билан ўлсам, унутма,
Фиғон этиб тўкма қонли ёш,
Эккан гулларимни қуритма,
Қўй, уларни асрасин қуёш!
Мендан қолсин жонли хотирот,
Гулларимни қилгил парвариш.
Мендан қолсин элга яхши от,
Вафодорлик ва мардона иш.

Чинор ва шоир
Устоз Уйғунга

Мунча узоқ қараб қолдинга, шоир, менга,
Нимам сени ҳайратга солди?
Осмони фалакдан боққанимми сенга,
Ё умримми ўйингни олди?
Ҳайронмисан ўлим билмасимга,
Тенгин билмасигами бу танам?
Ҳайронмисан йиқилмасимга,
Тикка туришимга бўронларда ҳам?
Йиқилмадим. Мағрур шохимни
Асрлар ҳам қайиролмади.
Тишлаб ётдим момо тупроғимни,
Ҳеч на ундан айиролмади.
Аммо нима билан уни ардоқладим,
Шунча умр эвазига, айт?
Умр карвонига боқиб, лоақалли
Туясига деёлдимми ҳайт?
Шундай, умрим узун, аммо фузун эмас,
Сени ҳайрон қилган шу бўлса!
Умри фузун ўзингсан, менмас,
Умр шундай киройи тўлса,
Агар умр бўлса!

Турбатим, севикли диёрим

Энг дилбар одамни сўрдилар мендан,
Менинг отам дедим, отам албатта.
Энг лобар одамни сўрдилар мендан,
Менинг онам дедим, онам албатта.
Энг сийимбар Ватанни сўрдилар мендан,
Менинг, менинг дедим, менинг албатта,
Энг зукко замонни сўрдилар мендан
Менинг, менинг дедим, менинг албатта,
Ёмон кирдикоринг дея сўрдилар мендан,
Ғурбат, ғурбат, дедим, ғурбат албатта,
Энг суйган диёринг дея сўрдилар мендан,
Турбат, Турбат, дедим, Турбат албатта!

Shoir Turob To‘la 100 yoshda

1918 yil kuz oxirlab qolganda To‘laxo‘ja qozi xonadonida chaqaloq dunyoga keldi. Unga qishloq nomidan kelib chiqib Turob deb ism qo‘ydilar. Turobning yoshlik yillari rivoyatlardagina kuylanadigan beqiyos, go‘zal Turbat qishlog‘ining keng bug‘doyzorlari, bulbullarga makon bog‘lari, tizzagacha yetadigan tuproq ko‘chalarida, Qorjantog‘ bag‘ridagi salqin archazorlarda, qozoq ovulidagi qadrdonlarimizning o‘tovlarida o‘tdi.

USTOZNI YOD ETIB
Bahodir Sobit
05

09Turbat qadimiy Shosh va Saryom shaharlari bilan yoshi jihatidan teng ko‘hna maskanlardan. U Ipak yo‘li o‘tgan ikki buyuk shahar oralig‘ida joylashgan, Turbat deb nomlanishi ham qadimiyligidan dalolatdir. 1918 yil kuz oxirlab qolganda To‘laxo‘ja qozi xonadonida chaqaloq dunyoga keldi. Unga qishloq nomidan kelib chiqib Turob deb ism qo‘ydilar. Turobning yoshlik yillari rivoyatlardagina kuylanadigan beqiyos, go‘zal Turbat qishlog‘ining keng bug‘doyzorlari, bulbullarga makon bog‘lari, tizzagacha yetadigan tuproq ko‘chalarida, Qorjantog‘ bag‘ridagi salqin archazorlarda, qozoq ovulidagi qadrdonlarimizning o‘tovlarida o‘tdi. Shoirning amakivachchasi Mehmonxo‘ja otaning hikoya qilishlaricha, Turobning savodini qishloqdagi Qurbon domla chiqazgan.

“O‘tkir zehni bilan o‘z o‘rtoqlarini doimo taajjubda qoldirardi”, – deb eslaydi qishloq oqsoqoli Abdujabbor ota Sulaymonov Turob To‘la bilan birga o‘qigan yillarini zavq bilan hikoya qilarkan. Turob To‘la avtobiografik “Yetti zog‘ora” nasriy asarida bolalik yillarini Turbat qishlog‘ining tabiat manzaralarini mahorat bilan chizib beradi.

Chilla… Turob eshagida xurjunga ikkita meshni to‘ldirib, bug‘doy o‘rayotganlarga go‘ja olib ketyapti. Negadir she’r yodlagisi, buvisidan eshitgan ertaklarini eslagisi keladi. Qandaydir ilg‘ab bo‘lmas yoshlik kayfiyati uni sarxush qilgan. O‘zi bilan o‘zi ovora. Matansoy bug‘doy o‘ruvchilar bilan to‘lib ketgan. Turbat qariyalari Turobni ko‘rishi bilan: “Ana, shoirtabiat bola kelyapti! Barakalla! Go‘jani olib kel! Yasha, o‘g‘lim!” degan maqtovlar bilan uni eshagidan tushirib olishadi.

1989 yil 24 aprelda O‘zbekiston va Qozog‘iston yozuvchilarining Turbat qishlog‘idagi uchrashuvida Turob To‘laga so‘z berilganida, shoir kulib: “Matansoy bormi?” – deya so‘radi. Bolalik yillari bilan bog‘liq bo‘lgan o‘sha voqealarni ko‘z o‘ngidan yana bir zum o‘tkazgan bo‘lsa, ajab emas. Shoir Turob To‘la bilan ko‘p uchrashuvlarda, to‘ylarda, adabiy anjumanlarda birga bo‘lganman. Adabiyot, hayot, ijod haqida ko‘p suhbatlar qurganmiz. Turbat va turbatliklar haqida gapirish shoirga zavq bag‘ishlardi.

Shoir onasidan juda erta ayrildi. Qachon onalari – volidai mukarramasi haqida gapirganda, ko‘zlarida yosh qalqirdi. O‘zining bundan 20 yil avval bitgan “Turbat” she’rida: “Eng lobar odamni so‘rdilar mendan. Mening onam dedim, onam albatta”, – deya kuylagandi onasini, ona qishlog‘ini eslab, shoir.

Turob To‘la Toshkentdagi bolalar uyida tarbiyalangan. Shoir ijodiy chashmasining birinchi ko‘zi 1934 yil ochildi. Uning “Olqishlar” sarlavhali ilk she’ri “Lenin uchquni” gazetasida bosildi. “Yoshlik va orzu”, “Chegarada”, “Rustaveli” kabi qator she’rlari 1939 yil ilk to‘plami – “She’rlar”dan o‘rin olgan.

Shoir G‘arb va Sharq adabiyotini mukammal o‘rgangan. “Baxt tongotari”, “Muborakbod”, “Tabassum”, “Doira”, “Qanotlan, qo‘shiqlarim” kabi she’riy to‘plamlar, dostonlar bilan adabiyotimizni boyitdi.

Ulug‘ Vatan urushi yillarida shoir ijodi faqat Vatan va G‘alabaga bag‘ishlandi. “Volokolamsk tosh yo‘li”, “Mingorol qo‘shig‘i”, “Yigirma olti” kabi asarlarining yozilishi fikrimizning dalilidir. O‘sha paytlarda O‘zbekiston radiosida suxandon bo‘lib ishlardi.

Ellik yildan ziyod davrda Vatanga muhabbat shoir ijodining asosiy mavzusiga aylandi. U diyorimizning beqiyos bo‘stonlarini, tiniq suvlari, beg‘ubor osmoni, keng sahroyu osmono‘par tog‘larini ilhom bilan tarannum etdi. “Zamon hukmi”, “Xat”, “Tramvayda topilgan daftar” kabi dostoni, xalq og‘zaki ijodi uslubida yozilgan “Suyun Momo” eposi zahmatkash ijodkor ekanligining yorqin dalilidir. Nomlari zikr qilingan asarlarda xalqlar do‘stligi tuyg‘usi yarq etib, ko‘zga tashlanib turadi.

Turob To‘la bag‘ishlov janrida ham barakali ijod qilgan. “Boychechak” she’ri raqs yulduzi Mukaramma Turg‘unboyevaga, “Lazgi” she’ri raqqosa Roziyaxonimga, “Hodi akaning to‘yi ekan, boraylik” qasidasi folklorshunos Hodi Zarifga bag‘ishlangan.

Shoirning dramaturgiya va kinodramaturgiyada ham sermahsul ijodi bor. “Nodirabegim”, “Qizbuloq”, “Momo yer” dramalari, “Zulmatdan ziyo” operasi, “Samarqand afsonasi” balet librettosi, “Furqat”, “Maftuningman”, “Shashmaqom” kabi kinoasarlari tomoshabinlar qalbidan chuqur o‘rin olgan.

Turob To‘la qo‘shiqchiligimizning asl fidoyisidir. “Nafosat”, “Kamalak” to‘plamlari bastakorlar hamda qo‘shiqchilikka bag‘ishlangan bo‘lib, ijodkorlarni o‘zi ustida ishlashga da’vat etadi. Shoirning “Momo”, “Kuylatib qo‘yding meni”, “Tabassum”, “Mahbubga”, “Keling yor”, “Dilorom”, “Ortiqsan”, “Bo‘laman deydi”, “Sanam. Hech bormi insofing”, “Sabo”, “Sen bo‘lmasang”, “Gulboqqa”, “Muhabbat madhi”, “Gulyor”, “Xayolim senda”, “Sarvinoz”, “Bulbul”, “Majnuntol”, “Maftuningman”, “Gulruh”, “Shirmonoy”, “Navnihol”, “Torimning siri”, “Ey gul”, “Uch dugona”, “Toshkent nahori”, “Oltin sandiq”, “Yo‘llarim” kabi yuzlab qo‘shiqlari kirib bormagan o‘zbek xonadoni bo‘lmasa kerak.

Shoir “Yaxshi qo‘shiqqa to‘yib bo‘lmaydi. Qancha bo‘lsa – shuncha oz!” der edi. Shoir haq. Uning qo‘shiqlariga to‘yib bo‘lmaydi. Eshitsang, rohatlanasan. Kayfiyating ko‘tariladi. Xonandaga qo‘shilib, qo‘shiq aytayotganingni sezmay qolasan. Turob aka haqida rahmatli ustoz shoir Uyg‘un shunday degan edilar: “U adabiyotning hamma janrlariga qo‘l urib ko‘rdi va barchasida muvaffaqiyat qozondi”. Darvoqe, Uyg‘un haqqoniy baho bergan edi, shoirga.

Turob To‘la o‘zining mazmunli hayoti davomida mohir ustoz kompozitorlar: Mutal Burhonov, Doni Zokirov, Muhammadjon Mirzayev, Hamid Rahimov, Nabi Hasanov, Ikrom Akbarov, Manas Leviyev, Sayfi Jalil, Sulaymon Yudakovlar bilan birga 100dan ziyod qo‘shiqlar yaratdi va o‘z eliga tortiq qildi. O‘zbekiston madaniyat vazirligida xodim, Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik drama teatrining direktori bo‘lib xizmat qildi. Uning “Momo yer”, “Qari qiz”, “Qizbuloq” dramalari ko‘plab teatr sahnalarida qo‘yilgan.

Shoir tug‘ilib o‘sgan qishlog‘i Turbatda uning nomi bilan ataladigan o‘rta maktab bor. Turob To‘laning ijodi bitmas tuganmas buloqdir.

Oxiratingiz obod bo‘lsin, ustoz!

Sa’dulla Siyoyev
ERKA SO‘ZNING EGASI
05

1958 yil. Universitet talabalarimiz. Bir kuni saboqdoshimiz gap topib keldi: “Yozuvchilar uyushmasida katta mushoira bo‘lar emish”. Darhol darsdan “quyon” bo‘lish yo‘lini izlay boshladik. Birdaniga “boshimiz og‘rib qoldi” va … auditoriyadan bazo‘r yurib chiqdigu Yozuvchilar uyushmasi tomon uchdik.

Halloslab yetib borsak, kichkina zalga odam to‘libdi, bo‘sh joy yo‘q. Biz kiraverishda, yo‘lakda “devorni suyab” turaverdik.

Mushoira boshlandi. Biz kitoblarini o‘qigan, biroq o‘zlarini ko‘rmagan alloma shoirlarimizning aksariyati shu yerda ekan: G‘afur G‘ulom, Mirtemir, Shayxzoda, Sobir Abdulla…

So‘z Sobir Abdullaga berildi. Sobir aka minbarga chiqdi. Bir varaq qog‘ozga qayta-qayta qaradi, keyin zalga o‘girildi. Xasta tovushda ohista dedi:

– Turob, sen o‘qib bera qol….

Gurr kulgi ko‘tarildi.

– G‘azalni Sobir yozsin, Turob To‘la o‘qisin, — deb kimdir uchiriq qildi.

Minbarga o‘rta bo‘yli, kulcha yuz, sochlari tipratikan nayzasidek tikkaygan kishi chiqdi. Iymanib kulgancha Sobir Abdullaning qo‘lidan g‘azalni oldi va jarangdor, o‘tkir, yoqimli ovoz bilan o‘qiy ketdi.

G‘azal tugadi. Chapak bo‘ldi. Nazarimda bu olqishning yarmi Turob akaga atalgan edi. O‘shanda u kishi hali qirqqa kirmagan qirchillama yigit, dovruqli shoir, taniqli voiz va suxandon edi.

Asta-sekin Turob akaga yaqinlashib, u kishi bilan aka-uka bo‘lib ketdik. Turob akada odamni o‘ziga tortadigan ajib bir xislat bor edi: xayrixohlikmi, dilkashlikmi, oqko‘ngillikmi…

Ustoz erkalanib gapirar, erkalanib yozar, bizdek shogirdlarini suyub erkalar, biz ham ba’zan taltayib ketib, ustozga erkalik qilardik. Bir safar Turob akaning yangi qo‘shig‘i paydo bo‘ldi. Qo‘shiq “Bir ajoyib yurtimiz bor” deb boshlanardi. Bu qo‘shiq ham shoirning barcha qo‘shiqlari kabi darrov og‘izga tushdi, hofizlar birin-ketin ayta boshladi. Biz Turob akaga hazil qilmoqchi bo‘ldik. Do‘stim Anvar Eshon, yana kimdir, uchovlon qo‘shiqqa parodiya to‘qidik:

Bir ajoyib yurtimiz bor,
Yarmi kampir, yarmi chol,
Yarmi sahro, yarmi jannat,
Yarmi o‘tloq, yarmi mol…

Turob aka parodiyani eshitib, miriqib kuldi. “Davomini ham to‘qinglar-da endi, yo hashar qilamizmi?” – dedi. U paytlar Turob akaning yoshidagi atoqli shoirlarga parodiya yozish odat sanalmas edi. Yozilgan taqdirda do‘ppisini yechib, tug‘ilgan qishlog‘ingizgacha quvib borardi.

Umuman, Turob To‘la quvnoq, dilkash, kamtar, takabburlikdan olis, mag‘rur inson edi. Ko‘rishganda qo‘lingizni ha deganda qo‘yib yubormas, qiziq bir gap yo nozik mutoyiba ila dimog‘ingizni chog‘ etar, bundan o‘zi ham rohatlanardi.

Suv ichirmasga sut ichir, degan gap atay Turob aka uchun o‘ylab topilgandek edi. Bilishimcha, do‘stlariga qanday xizmat qilsa, raqiblarini ham rozi qilishga urinardi. Bir kuni so‘radim: “Aka, falonchini nega buncha erkalatasiz, u sizni uncha yoqtirmaydi?”. Turob aka kuldi: “Uncha yoqtirmasa, demak, sal-pal yoqtirar ekan-da. Kel, shuyam xursand bo‘lsin, Turob aka meni olaladi, demasin. Kengroq bo‘laveraylik, kengga – keng dunyo…”

Biz keyingi paytda halimlik, halim degan so‘zlarni kamroq ishlatadigan bo‘lib koldik. Endi bilsam, halimlik Turob akaning insoniy mezoni ekan. U kishi katta-katta lavozimlarda ishladi. Ammo birovga qattiq gapirganini, birovni izza qilganini eshitmaganman. Juda xafa bo‘lib ketsa, “Yaxshi ish bo‘lmadi-da, o‘rtoq”, deb labini tishlab, o‘ylanib qolardi.

Turob To‘la boshchiligida bir viloyatga ijodiy safarga bordik. Uchrashuv ayni avjiga chiqqanida bir yozuvchimiz arazlab, Toshkentga qaytib ketdi. Turob aka uning ortidan taassuf ila qarab qoldi: “Yaxshi qilmadi bu. Adabiyotning obro‘sini to‘kdi”. Sobir inson edi rahmatli.

Asqad aka bilan Do‘rmon bog‘ida aylanib yuribmiz. Tabiiyki, so‘z qadri, so‘z mas’uliyati haqida gap bordi. Asqad aka ko‘zlarini qisib, olis ufqlarga tikildiyu, bosiq tovushda dedi: “Turobning yozib turganiga ofarin, falonchining yozmay qo‘ygani uchun rahmat”.

Haqqi rost. Turob To‘laning asarlarini muxlislar intiq bo‘lib, orziqib kutardi. Negaki, ustoz yangi she’r bitadimi, Halimaxonim haqida essemi, drama yo turkum qo‘shiqlarmi, shaksiz, xayolga kelmagan yangi gap topib aytar, yurakka cho‘g‘ solib, ko‘ngilni muvozanatdan chiqarardi. Asl adabiyot ham shu bo‘lsa kerak-da.

Men xalqona til jilosini, Mirtemir akadan keyin Turob akaning she’riyatida ko‘rib, har safar tang qolardim. Sahroyi elning tarashlanmagan majoziy shevasi, Xorazmning shirin lahjasi, Farg‘onaning tagdor lutfiyu baxshilarning soydek toshqin, sof turkiy lafzi Turob To‘la she’riyatining qo‘sh qanoti edi.

Xirmon to‘lib to‘kildi don, to‘kildi don, momo,
Tandir to‘lib yopildi non, yopildi non, momo…

Naqadar sharqona munis va jonga tutash manzara…

Turob aka shoir bo‘lib, elining ko‘nglidagi so‘zni topib aytolganidan mamnun bo‘lardi. Nazarimda, muborak so‘z ham to abad undan rozi bo‘lib qoldi.

Aziz shoirimiz haqidagi xotiralarimni go‘zal rivoyat bilan yakunlagim keldi.

Bir kishi bog‘da kezib yurardi. Oddiy terak bargiga ko‘zi tushdi. Olib hidladi. Undan xushbo‘y hid kelardi.

– Sen nimasan, ey yaproq? – dedi kishi. – Bo‘ying muncha yoqimli?

– Men terak bargiman, – dedi yaproq, – bir necha muddat gulirayhonlar ichida yashadim. Shu tufayli ularning hidi menga urib, gulsifat bo‘libman…

Turob akaning yonida yurganlar ana shu terak bargiga o‘xshab, o‘z-o‘zidan mushki anbarga aylanib qolganini sezmasdi.

Ustoz foniy dunyoni ma’mur etgan edilar, iloho, u kishining boqiy dunyolari ham obod bo‘lsin!

Manba: www.janubiy.kz

TUROB TO‘LA HAQIDA XOTIRALAR
05

USMON AZIM XOTIRALARIDAN

02KUNLARDAN BIR KUN yozuvchilar uyushmasida ishlaganimda koridorga chiqsam, uch-to‘rt yosh shoir, Rauf aka ta’biri bilan aytganda, “darvesh”lar u yoqdan bu yoqqa yurib turishardi, uning o‘zi esa “rahbar” topish yo‘lida jiddiy izlanayotgan ekan. Qachonlardir “rahbar”lik qilganlarning bugun cho‘ntagi quruq va shu bois, albatta, bu mas’ul vazifaga aslo da’vogar bo‘lolmasdi.
Ko‘chadan Turob To‘la kirib keldi. Rahmatli ko‘p yaxshi odam edi. Yozuvchilar uyushmasida har o‘n besh kunda erinmay yoshlarning she’riyat kechasini olib borar, shu sababdanmi, fe’li navqiron – yoshlar bilan juda chiqishib ketardi.
— Mana… Mana… Turob akam keldilar! – Rauf aka yarashimli tabassum bilan peshvoz chiqdi.
— Ha, Rauf? – dedi Turob aka gap nimadaligini allaqachon payqab, jilmaygancha.
— “Rahbar” yo‘q, — dedi Rauf aka kuyinib. – Hech topilmayapti. Izlayapmiz…
— Topilmayaptimi?
— Yo‘q-da! Shunga… O‘zingiz… Lekin “rahbar”lik… yaxshi ish…
— Mening vaqtim yo‘qroq-da…
U kishi kostyumining cho‘ntagidan bitta yuztalik olib, Rauf akaga uzatdi.
— Mana!
Rauf aka pulni qo‘liga olgach, yuztalikning obro‘sidan andak dovdirab qoldi:
— Ko‘p-ku!..
U pulni nima qilishini bilmay turar: qaytarib bermay desa, ancha katta pul, beray desa… Turob aka “ha, mayli” deb cho‘ntagiga solib ketsa, nima bo‘ladi!
Rauf aka yo‘lini topdi.
— Biz yigirma so‘mini sarflaymiz, — dedi u chin vijdon bilan. – Qolganini o‘zingizga qaytaramiz…
— Hammasi sizlarga! – dedi Turob aka va tepa qavatga eltadigan zina tomon yurdi. U ham negadir bu pulni berganidan rosa xursandday edi.
— Obbo! – dedi Rauf aka bunday saxiylikdan hamon o‘ziga kelmay. – Ko‘p-ku…
U zinadan chiqib ketayotgan Turob akaga chin ko‘ngildan yana bir bor va’da berdi:
— Qolganini qaytarib beramiz!
Turob aka hotamtoylikda qat’iy turib oldi:
— Hammasi o‘zlaringniki!..
Rauf aka va “komanda”si bo‘lajak buyuk ishlarga chog‘lanib, sumkalarni ko‘targancha ko‘chaga – ozodlik sari chog‘lanib turardi.
Men hazillashdim:
— “Rahbar” ketib qoldi. O‘tirishlaring endi qanday kechadi?
Rauf aka shu zahotiyoq javob topdi:
— Turob akam besh kun davomida o‘tirishning faxriy raisi bo‘ladilar…
Ana hurmat-u, mana hurmat!..

YODGOR OBID XOTIRALARIDAN

SAKSONINCHI YILLAR BOSHLARIDAN boshlab, men o‘sha „Yozuvchilar soyuzi“ nomi bilan yuritiladigan tashkilotda „ poeziya soveti“da konsultant ( adabiy maslhatchi) bo‘lib ishlardim. „Qo‘shiq soveti“ga esa shoir Turob To‘la rahbarlik qilardi. Nihoyatda e’tiqodli kommunist va yahshi inson, birovga yomonligi yo‘q edi. Olloh uning gunohlarini kechirgan va rahmatiga munosib ko‘rgan bo‘lsin. Ko‘p tarixiy, hozir ham ko‘pchilikka noma’lumligicha qolib kelayotgan voqe’alarning jonli shohidi bo‘lib, „ vaqti- soati yetib kelmaguncha birovga og‘zimdan gullab qo‘ymaslik“ sharti bilan Usmon Nosirning qay holatda qamoqqa olingani, yozuvchi Oybekni qanday tergov qilganlari va boshqa ko‘p voqe’alarni gapirib berardi.

Men undan ko‘pincha „ Turob aka, buning vaqti- soati qachon keladi?“ deb g‘ashiga tekkanday bo‘lardim. Undagi qo‘rquv tuyg‘usini men tabiiy hol deb bilardim. Shunday kunlarning, shunday ishlarning guvohi bo‘lgan odam yuragini oldirib qo‘ygan bo‘lishi turgan gap. „ Ishqilib bunday ishlar senlarning boshlaringga tushmasin“ deb qo‘yardi. Uning e’tiqodi bo‘yicha, bu ishlarda partiyaning aybi yo‘q, hukumat tepasiga chiqib olgan ba’zi odamlarning xatosi edi…

Shu odam qo‘shiq sovetiga rahbarlik qilardi. Qo‘shiq yozishni kasb qilib olgan shoirlar guruhi bo‘lib, mashhur „to‘ylar muborak“ qo‘shig‘ining muallifi Sobir Abdulla, Habibiy, Akmal Po‘lat, O‘tkir Rashid, Po‘lat Mo‘min, Barot Isroil, Sulton Qo‘qonbek, o‘sha paytlardagi ichki ishlar ministri Haydar Yahyoyev, Normurod Narzullayev kabilar yetakchi qo‘shiqchilar hisoblanishardi. Ular uchun qo‘shiq matnlarining o‘ziga hos qoidalari, ichki qonunlari mavjud edi. Asosan matnning kommunistik g‘oyaviyligiga, ochiq qofiyali, ravon va jarangdorligiga qattiq e’tibor qaratilardi. „ To‘ylar muborak“ – halq qo‘shig‘iga aylanib ketgan, aslida „Tohir-Zuhra“ filmi uchun yozilgan.

Bizning yoshligimizda birorta to‘yning shu qo‘shiqsiz o‘tganini bilmayman. Keyinroq Turob To‘laning Muhabbat Shamayeva aytgan „ Ko‘chalar, ko‘chalar, oydin ko‘chalar“ qo‘shig‘i mashhur bo‘ldi. Hechbir qo‘shiq o‘z- o‘zidan mashhur bo‘lmaydi. Halqning o‘zigi xos udumlaridan kelib chiqib, uning ehtiyojlariga javob bo‘laoladigan qo‘shiqlar- xalq yuragiga tez yo‘l topadi. Biz, o‘sha yillarning yoshlari ham bu qo‘shiqlarni sevardik. Lekin negadir qo‘shiqchi shoirlarga biroz kinoyali yondoshardik…

Turob To‘la
SHE’RLAR
05

OHISTA-OHISTA

Ko‘ngil mulkiga kirding, dilrabo, ohista-ohista,
Uning dildori bo‘lding bebaho ohista-ohista.

Banogoh beijozat kirdingu hayratda qoldirding
Olib domingga bir ohanrabo ohista-ohista.

Dilim bog‘iga o‘tqazgan bu ezgu dard niholingdin
Vafo undi, vafo undi, vafo, ohista-ohista.

Shirin damlar ato qilding xayolim koinotiga,
O‘zing kel endi jono, marhabo, ohista-ohista.

Ko‘zidin o‘zga aybi bormidir olamda ohuning,
Ko‘zing mardumi-la etgil shifo, ohista-ohista.

ISHQ BORKI…

Ishq borki go‘zal olam, u ko‘zlar qarog‘inda,
U borki ko‘ngil so‘nmas hattoki firog‘inda.

U borki bahor hargiz bog‘laydi yarang guldan,
Mas’udi, maloling ham qosh ila qovog‘inda.

Dasht birlan o‘tib ketdi bir ohu misol navro‘z,
Lolai gulobingni ezg‘ilab oyog‘inda.

Qolmishdi yaqo yirtib barginda tiniq, shabnam,
Go‘yoki fig‘onidin yosh erdi yonog‘inda.

U tobe etar go‘yo baxtingni qilib gulxan,
Olamga bayon aylab mash’ali mayog‘inda.

Qancha dardi-hasrat bor, qancha qulfi tilsimot,
U uzgan ko‘ngil torin har bitta ulog‘inda.

Barchasin bilar ko‘ngil, barchasin etar barham,
U bois rivoyatlar el-yurti qulog‘inda!

YOR ETMA

Agar ahdimni buzsam, dilnavozim, asti yor etma,
Muhabbat bog‘ini tark et va aslo guluzor etma.

Agar yov oldida behuda ish birlan asir o‘lsam,
Qasos nafrat bilan o‘ldir, meni aslo xumor etma.

Harom o‘lsin muhabbat gar yo‘limdan bir qadam qaytsam
Raqibim bo‘l, rafiqam bo‘lmagil, motam mazor etma.

Zafar birla jahonga ko‘rsaturman chin muhabbatni,
Muhabbat farz ham qarzdir, qo‘zim, nomusi or etma,

Qo‘limdan tushmagay aslo qasos shamshiri janglarda,.
Agar o‘lsamki mardona, o‘zingni g‘amguzor etma.

Va lekin qumrilar g‘am birla aslo nolavor bo‘lmas,
Ko‘zingga bu jahonni asti, yorim, tangi tor etma.

Go‘zal gulshan Turobi pok etilgay tezda yovlardan,
Agar ahdimni buzsam, dilnavozim, asti yor etma.

MUHABBAT MADHI

“Jonim”, dedim qulog‘ingga, ohista “jon”, deding,
Ortiq bu jon sensiz menga, jonim, inon, deding.

Gul o‘rniga durdek terib kelgan kalomimni
A’lo bilib hamisha sen “bu doston”, deding.

Quyosh bo‘lib kirding mening qalbimga bir yo‘la,
Qalbing menga keng, beg‘ubor bir osmon, deding.

Aytgil, dedim bormi tag‘in olamda baxtiyor,
Xumor boqib “mening bilan sen begumon”, dednng.

Bu baxtga qilsam arzigay koshona armug‘on,
Nozim bilan Muhabbating bo‘lsin omon, deding,

“Jonim”, dedim qulog‘ingga, ohista “jon”, deding,
Ortiq bu jon sensiz menga, jonim, inon, deding.

KUYLATIB QO‘YDING MЕNI

Bir qiyo tashlab ko‘ngilga, o‘ylatib qo‘yding meni,
Bir mug‘anniy, oshiqona kuylatib qo‘yding meni.

Chaqdingu chaqmoq, qilich solding dilim osmoniga,
Oh, dilim birla barobar o‘ynatib qo‘yding meni.

Oldingu ketding o‘yimni, tinchimu sabrimgacha,
Izlatib ko‘yingda jon, ko‘y-ko‘ylatib qo‘yding meni.

Shuncha ham qimmat bo‘lurmi bir qiyo bir zorga,
Har chaman, har boqqa bir bo‘y-bo‘ylatib qo‘yding meni.

Endi bildim, tog‘ ekan Majnun qalbi, yopiray,
Ko‘cha-ko‘yda har kishiga so‘ylatib qo‘yding meni.

O‘ZGA

Ko‘z ochib ko‘rmadi ko‘z mardumi sandin o‘zga,
Seva olmaydi meningdek sani mandin o‘zga.

Bag‘ri keng, ishqi musaffo guli, bulbullariga
Bormi olamda chaman hech bu chamandin o‘zga!

Bilinur mard kishi mardlik ila bu maydonda,
Saman o‘rnini bosolmaydi samandin o‘zga.

Yuragim torida yo‘q boshqacha kuy, boshqacha soz,
Sen otib poralagan zarbi kamandin o‘zga.

Bari mehrimni olib kimga in’om aylaganing,
Menga ne qoldi xayolingda chamamdin o‘zga?

ONAIZOR
(“Osiyo ustida bo‘ron” kinofilmidan)

Yaxshi so‘z chiqqay yurakning qa’ridan,
Bormikin bahr olmagan yor bahridan!
Bormikin issiq, iliqroq bir bag‘ir
Olam ichra onaizor bag‘ridan!

Ey, janubga talpinib uchgan xayol,
Sog‘inishdan o‘rtagan bag‘rimni ol,
Onaizorimni etgil baxtiyor,
Intizor u, intizor u, intizor!

Lochining bor, deb onamni shod qil,
Ayriliqning dardidan ozod qnl.
Baxt bo‘lib, oro bo‘lib kir bag‘riga,
Bag‘rini gul, ko‘nglini obod qil.

Aylanur tun bag‘ri to‘lgan oy bilan,
Aylanur bosh o‘ynab oqqan soy bilan!
Baxt kelur, baxting kelur, kutgil, ona,
Har na kelgay jang bilan, ham joy bilan.

Yaxshi so‘z chiqqan yurakning qa’ridan,
Bormikin bahr olmagan yor bahridan!
Bormikin issiq, iliqroq bir bag‘ir
Olam ichra onaizor bag‘ridan!

Turbat gulxanlari

Hammayoq orasta bugun juda ham,
Hovli ko‘targanday misoli quyosh.
Bahor bosh yuvipti zebona biram,
Turbat kelinlari kabi qalamqosh,
Misoli quyosh!

Ko‘m¬ko‘k gir aylana, ko‘m¬ko‘k novdalar,
Ko‘m¬ko‘k liboslari harir, qalami.
Olam bamisoli farahbaxsh dala,
Zavqdan bilolmaysan bog‘mi, dalami,
Misli qalami!

Pilla qurtlarimi novdalarda yurgan,
Sen uyg‘otgan kurtaklarmi yo…
Lov¬lov piliklarmi u yonib turgan,
Afsonaviy ertaklarmi yo…
Kurtaklarmi yo!

Koptoklarmi so‘ngsiz tog‘lar oshib¬ shoshib
Tushib kelayotgan, shalolalarmi!
Olam tog‘orasin boshidan toshib
Oshib yotgan tuproq kumushmi, zarmi!
Hech tengi bormi?

Marzalarda yotgan g‘o‘zalarmi ungan,
Qizlar qoshlarining soyasimi yo?
Ariq¬-ariqlarda oynalarmi singan,
Hosil oftobining moyasimi yo?
Doyasimi yo?

Naqadar sevasan yerni, mehnatni,
Bahor boshing uzra guldek chambarak!
Sening baxting kabi baxtsiz baxt baxtmi,
Sening yuragingsiz yurakmi yurak,
O, aytsin falak!

Qit’alarni tutgan may gulxanlari,
Xuddi bahor bo‘lib, mash’ala bo‘lib,
Bugungi eng muhim masala bo‘lib,
Qit’alarni tutgan may gulxanlari,

Tantana bo‘lib!

Turbat qirlarining lolalariday,
Bo‘liq yerlar nafasiday soz!
Inson ko‘ksi dalalariday
Qit’alardan bermoqda ovoz,
Qilmoqda parvoz!

Ayt, yoshingni so‘ramasinlar

Kimdir birov yoshingni so‘rdi,
Qanday zolim ekan, alhazar!
Yuragimga go‘yo tosh urdi,
Ayt, yoshingni so‘ramasinlar!

Yarashmaydi qarimoq senga,
Yoshing so‘rab qaritmasinlar.
Solmasinlar uni esingga,
Yoshligingni aritmasinlar.

Ayt, yoshingni so‘ramasinlar,
Kelmasinlar tabriklashga ham.
Riyokordir, riyokor ular,
Riyokordan qo‘rqqin, jonginam.

Ayt, yoshingni so‘ramasinlar!

Sirdaryo

Xuddi Sirday o‘tadi kunim,
Xuddi Sirday o‘tib borar yosh.
Xuddi Sirday bilmayman tinim
Vatanimga bo‘lib qayg‘udosh.

Ammo uning beliga Sirday
Bo‘lurmanmi loaqal kamar?
Bo‘lurmanmi madad zig‘irday.
Bermasam ham Sirdayin samar?

Mayli edi unga egilib
Bir daryodek xizmat qilolsam.
Mayli edi, jilg‘asi bo‘lib
Quchog‘ida oqib yurolsam.

Bilinmasdi shunda mabodo
Bu umrimning Sirday o‘tgani.
Shu jilg‘adek bag‘rida hatto
Bilinmasdi singib ketganim.

Albomingga

Mardlik bilan o‘lsam, unutma,
Fig‘on etib to‘kma qonli yosh,
Ekkan gullarimni quritma,
Qo‘y, ularni asrasin quyosh!
Mendan qolsin jonli xotirot,
Gullarimni qilgil parvarish.
Mendan qolsin elga yaxshi ot,
Vafodorlik va mardona ish.

Chinor va shoir
Ustoz Uyg‘unga

Muncha uzoq qarab qoldinga, shoir, menga,
Nimam seni hayratga soldi?
Osmoni falakdan boqqanimmi senga,
Yo umrimmi o‘yingni oldi?
Hayronmisan o‘lim bilmasimga,
Tengin bilmasigami bu tanam?
Hayronmisan yiqilmasimga,
Tikka turishimga bo‘ronlarda ham?
Yiqilmadim. Mag‘rur shoximni
Asrlar ham qayirolmadi.
Tishlab yotdim momo tuprog‘imni,
Hech na undan ayirolmadi.
Ammo nima bilan uni ardoqladim,
Shuncha umr evaziga, ayt?
Umr karvoniga boqib, loaqalli
Tuyasiga deyoldimmi hayt?
Shunday, umrim uzun, ammo fuzun emas,
Seni hayron qilgan shu bo‘lsa!
Umri fuzun o‘zingsan, menmas,
Umr shunday kiroyi to‘lsa,
Agar umr bo‘lsa!

Turbatim, sevikli diyorim

Eng dilbar odamni so‘rdilar mendan,
Mening otam dedim, otam albatta.
Eng lobar odamni so‘rdilar mendan,
Mening onam dedim, onam albatta.
Eng siyimbar Vatanni so‘rdilar mendan,
Mening, mening dedim, mening albatta,
Eng zukko zamonni so‘rdilar mendan
Mening, mening dedim, mening albatta,
Yomon kirdikoring deya so‘rdilar mendan,
G‘urbat, g‘urbat, dedim, g‘urbat albatta,
Eng suygan diyoring deya so‘rdilar mendan,
Turbat, Turbat, dedim, Turbat albatta!

Maftuningman/Мафтунингман»
Режиссёр: Йўлдаш Аъзамов
Сценарий муаллифи: Туроб Тўла
Композиторлар: Икром Акбаров, Мутал Бурҳонов, Минасай Левиев
Актёрлар: Клара Жалилова, Ғани Аъзамов, Турғун Азизов, Аббос Бакиров, Санъат Девонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамраев, Рано Ҳамроқулова, Сайиб Хўжаев, Муҳаббат Тўлахўжаева

 

«SHASHMAQOM» — «ШАШМАҚОМ»
 Badiiy-musiqiy film. «O’zbektelefilm» mahsuloti. Rejisyor Toshxo‘ja Akromov.
 Бадиий-мусиқий филм.» Ўзбектелефилм» маҳсулоти.  Режисёр Тошхўжа Акромов.

012

(Tashriflar: umumiy 5 607, bugungi 2)

Izoh qoldiring