Nafisa Omon. Yangi she’rlar

044   Нафиса Омон сўнгги йилларда ўзбек шеъриятига кириб келган янги авлоднинг энг ёрқин вакилларидан биридир. Бугун унинг янги шеърларини мамнуният билан тақдим этмоқдамиз.

Нафиса ОМОН
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
044

***
07
Мен нени қизғансам олиб қўяр вақт,
Масалан умримни, болалигимни.
Масалан отамни,
Ҳаммадан кўпроқ
Масалан ўзимни,
Баҳор кўнглимни.

Мендан кетиб борар қишламай қушлар,
Бўйнида аввалги кўзёшлардан дур.
Муҳимроқ қилади оз-кўп ташвишлар
Ҳақиқат туюлар алдамчи товур.

Бор-е, баракангни берсин, учиб кет,
Қачон қайрилмаган шу йўллар бори?
Дил-о, банда манман,
Мендан кўчиб кет.
Қачон айрилмаган бу йўллар бори?

***

Мен бир мамлакатман энг гўзал шеърда,
Харитаси юрак, рамзи муҳаббат.
Истаган осмонда, истаган ерда
Байроқ кўтараман ҳаётга атаб.

Мен бир мамлакатман, ақл фуқаро,
Бошимда тутаман халқимни шундан.
Яшайман ва унинг кўнглига қараб,
Шикоят қолмади ҳеч битта кундан.

Қўлларим хизматчи, оёқлар аскар,
Кўзларим зиндондир, киприкларим ҳад.
Меъдам кутубхона, тилларим асрор,
Нафсни кўмиб қўйган қабристоним- қад.

Бу элга ташқари кирмас, киролмас,
Кетмоқни истамас бу элдагилар.
Рўмолим энг баланд девор,
Кўролмас–
Шундан омондадир кўнгилдагилар!

Ҳеч қандай қонун йўқ тақводан бўлак,
Иқтисод,
Сиёсат,
Санъат,
Маданият.
Мен деб Қуёш ҳалак,
Мен деб кўк ҳалак.
Йўл қурар пойимга ҳамиша ният.

Юрагим ичида бир шоҳ, бир малак,
Мени кундан кунга юксалтар баланд.
Бунда Қуёш ҳалак,
Бунда Жингалак,
Мен бир мамлакатман.
Улкан мамлакат!

Сен ҳали…
Сен ҳали исташни билмайсан недир,
Дунёга дахлдор эй жажжи одам.
Оёқларинг тўғри, қўлларинг тўғри,
Умримга татиган тўрт кило меҳр!

Мен ҳали билмайман, қандай ўргатай?
Дунёга дахлсиз қолмоқни билмоқ.
Оёқларим чарчоқ, қўлларим титроқ,
Мен сени қачонги қалбимда тутай?

Гулим, кулмоқликни унутган эдим,
Кулги–лаби учган синиқ пиёла.
Бошимга хиёнат қилган хаёлим
Сенга боқиб турсам ақлимга келди!

Сен ҳали исташни билмайсан недир…

***

Кетсанг!
Жойинг ҳувиллаб қолса,
Сен чой ичган пиёлалар ҳам.
Қўлларингни артган сочиқлар…
билса..
Ҳатто деразангни бир бурчаги-да!

Бошинг оғриса қаттиқ.
Оғриб жилмаясан.
Бу қандай сабр?
Ичаман, дорилар оғритар қаттиқ,
Ҳаёт!
Бирам қаттиқ оғритар!

Кимнинг кўзёшлари теккан ёқангга?
Қанча жанггоҳлардан келгансан кечиб?
Ҳозир англамайсан нима десам ҳам.
Демаганларим учун!

***

Мафтунага

На бир яхши бўлдим,
На бир ёмонман.
На ўлиб тугадим,
На-да омонман.
Нима десангиз ҳам хато қиласиз,
Барибир сиз ҳали демас
томонман.

Аслида бир гулман!
Барглари сариқ.
Сап-сариқ!
Тошлоқда ўсган.
Сараман.
Оғримаган бошга малҳамман
Балки,
Онамнинг қалбидан чиққан яраман!
Бир у ман,
бир бу ман–
Чайқалар ҳаёт,
Чой-чақа қилгудай
Ҳонумонимни.
Тириклигим бир дард,
Ўлсам ҳам бир дард,
Тошга кўмиб қўйган
Худо жонимни!

***

Чора излаганлар –хатолар,
Барча имкон бечораларда.
Дунёдаги ҳамма оталар
Сизнингчалик яхшими, Ота?

Авваллари эшиклар қулфсиз,
Қўрқмас эди ҳеч бир ўғридан.
Энди эса оёқсиз-қўлсиз,
Ҳавотир бор шамнинг нуридан.

Узр, балки хафасиз мендан,
Уйдан узоқ, қўлларим калта.
Буни қаранг, шу бахтли кунда
Ўз-ўзимга беряпман далда!

Айтинг, энди яхши биласиз
Ҳаммасини, бари-барини.
Нима қилсам рози бўласиз,
Қайтай қалбнинг ширин заҳрини?

Нима қилай?
Қандай ожизман.
Одам бўлиб боряпман Ота.
Кўк дарвозам!
Мунғаяр!
Чўкар.
Занг таъмини тамшаниб тотиб.

Ота, сизга аён ҳақиқат,
Рихлатларда аниқ бу ёлғон.
Аямларни қилсин ҳимоят
Менинг ғамим уларда қолган.

Етказишинг дуоларимни,
Айтмайдиган гапларимни ҳам.
Сўраб беринг ота, худодан
Ўзи хабардор-ку ҳаммадан!

Худо чизган энг гўзал сурат
Баҳор ўтди,
Олмалар пишди,
Ёзилди ёз,
Терлади тун ҳам.
Аччиқ гилос қизил-нимпушти
Қон югурди юзларга кам-кам.

Ишкомлар ёш, ёнбош нарвонлар,
Деворлар ҳур, посбон беҳиштга.
Шамол турар қайси томондан?
Райҳонларни ислар фаришта!

Жўхорилар –сунбулсоч қизлар,
Томорқага бозор чорланди.
Капалаклар шўхликлар излаб,
Қитиқлашар бедазорларни.

Ит тилини осиб, ҳансираб,
Ер қазади, намнок, салқинроқ.
Беданалар қафасга атаб
Куйлашади минг битта фироқ.

Шу ердадир ҳузур ҳамда тот,
Ватандаги энг танти ҳиммат.
Ёзги қишлоқ,
Ота уй,
Ҳаёт –
Худо чизган энг гўзал сурат.

Ёмғир

Уй ичида ошхона,
Печкада қайнайди чой.
Деразамни чертар у:
–Ичкарида йўқми жой?

Чой дамлайман ичига,
Бир ҳовуч бардош солиб.
Тентирайсиз кўчада
Осмонлардан бош олиб.

Энди-энди исиган
Уйимнинг хоналари.
Ичкарида нима бор
Дайди дугоналарим?

Пардаларим тортилган,
Мендан хафа бўласиз…
Мурғаккина қизим бор,
Бурни оқиб қолади.

Кенг кўчанинг пойига
Бош урасиз, йиғлайсиз.
Сунбуланинг кўзидан
Топганларим билмайсиз!

Оқ ёмғирлар!
Мен сизга
Жўр бўлсам ҳеч ярашмас!
Мен ўшаман!
Сиз эса
Ўргатгансиз яшашга.

***

Анча бўлди,
Вақтим бўлмади.
Тин бўлмади,
Туну кунларда
Ва барибир рози бўлмадим.
Бўғзимдаги у беунларга.

Ёмғирларни санадим қайта,
Чўмилтирдим кулгуларимни.
Қизгинамга аллалар айта,
Таниб қолдим туйғуларимни.

Отаси бор болалар бахтли,
О, Самарқанд!
Бир уюм тупроқ!
Кўзим селда қолган абадий,
Мен йироқман.
Йироқдан йироқ!

Мен-ла яшолмаган болалик
Эркаликсиз қўрқоқ кунларим!
Қайтармидик яна оламга
Кулдирмаса бир кун мунгларим?!

Ялангоёқ, чигалсоч, дайди,
Қуёшга тик қараб улғайдик.
Кўзи қайда, оёғи қайда
Ўз кунига яраб улғайдик.

Менинг болам,
Сенга айтайми?
Сен йиғласанг хурсанд бўламан.
Бу йиғида тўқлик бор, бахт бор.
Аразлашинг эркалатилган.

Сен йиғласанг хурсанд бўламан!
Чўмилтириб кулгичларимни,
Энди бахтга бўкиб ўламан
Қариб кетган қайғуларимдек!

***

Қари дунё!
Ўсмир ғам!
Мингта ортиқ,
Битта кам!
Қачонги касетада
Узилиб қолган оҳанг.

Қўлқопи йўқ қор ўйнар,
Қўли йўқда қўлқоплар.
Чойдонларда чой қайтар
Ичида қанча гаплар.

Бозор сал юрсанг нари,
Ичинггача бозордир.
Арзондир ҳамма харид,
Адолатга мозордир.

Алдам-қулдам пакана,
Сенинг энг баландларинг.
Қиймат эса чакана
Ёлғончи талантларинг.
Ўйнамайман сен билан,
Ўйнамасам бўлмайди.
Сени боплаб устингдан
Куйламаса бўлмайди.

Қари дунё!
Ўсмир ғам!
Менда бори сенда кам!
Мақтанмагин ўзингча
Ёлғондан, қилса алам.

***

Югуриб, мудрабман муаллақларда,
Манзил кўп алдайди бу ердаман деб.
Умрни алмашиб таъмсиз вақтларга
Ерлар семирдими ҳаётларни еб?

Кечанинг чироғи соямни ўпди,
Сачраб кетди титроқ бармоқларимга.
Мени кўпроқ соғир, Дилдора!
Хўпми?
Муждалар ясагин бормоқларимга.

Йиғлама!
Оппоқ дил,
Қоравой синглим.
Елкам ўсаяпти кунба кун. На ғам?
Сени севиб қолсин табассум, кулгу
Гоҳида йўллагин мени кўргани.

Ўйласам, ўйлашга уринмабман ҳам
Қайси йиртиқларга ямалди жоним.
Сен эса менга энг бегина одам
Биласан!
Биламан!
Қонингда қоним!

***

Шу олмани егунча
Бу боғларга ёт эдим.
Танимасдим сориғни
Шод элдим,
Шамшод эдим!
Алдадилар олман деб,
Ол мани, — деб авради
Онагинам касалманд
Пасттаккина жавради:
Қўй деди-я – оч болам!
Исодайин михлашар.
Ёнғоқлари пуч болам,
Оч бўлсанг ҳам тинч яша!
Эшитмади қулоғим,
Ўзим билан банд эдим.
Пушти кўзойнак тақиб,
Кўзим билан банд эдим.
Шу олмани егунча
Бу боғларга ёт эдим.
Танимасдим сориғни
Шод эдим.
Шамшод эдим.

***

Кимнинг азасида кимлар ўйнайди,
Юзга харитасин солар ҳар бир ғам.
Кетиб қолай десам кўзим қиймайди,
Ичкарида олов!
Еру осмон нам.
….!
Нималарни ўйлаб мени туққансиз?
Овозим етмайди ҳеч бир нидога.
Биздан бахтли бўлсин бизлар туғган қиз
Ая!
Айтиб қўйинг, мени Худога.

***

Бутун кунлар кеча бўлди бир онда
Қаерларда баҳор, қаерларда қор.
Опоқ излар чизиб ўтар осмонда
Самолёт ичингда айт-чи кимлар бор?

Эсини йўқотиб қўйган битта қиз
Этагида иссиқ кулчаси билан.
Ҳамма нарса кулранг.
Алдамчи!
Ёлғиз!
Қўлчасини силтаб Сунбула кулар…

Эй қўл!
Қўлим бўлсанг бошимни сила!
Ёшларимни артгин, ҳеч ким кўрмасин.
Бармоғинг етмаса, дардимни санаб
Айт менга “ўзингни хафа қилма” деб!

***

Ичкарида ёмғир, ташқарида қор.
Бир сенда минг мен бор,
Бир менда бир сен!
Тил учида аёз,
Лабингда баҳор!
Битта кулгичингда эркагина кин.

Жингалак сочларинг – ғучғон мингта ўй,
Бошдан оёғингда топ-тоза виждон.
Қийшиқ тишларингда сақланолмас ўй
Сен мен учиб кетган энг баланд осмон!

Тутун эди…
Тутун эди,
тутун эди,
Юраккача тутун эди.
Бутун умр яшаб кўрган
Кимнинг бахти бутун деди.

Туман эди,
туман эди,
Юраккача туман эди.
Туманда йўл топмай йўлин,
Кел, баҳримдан ўтгин деди.

Майда эди,
майда эди,
Ҳамма гап шу майда эди.
Кўзларимга қараб туриб
Унинг ўзи қайда эди?

Энди кунлар ола-була,
Ё кўнгиллар тўла қол-а!
Мен куним деб кўзим очсам,
Менинг кўнглим Ойда эди.

Сўраб олиб бўлмаса ҳам
Ундов бўлдим!
Ундов бўлдим!
Қаердамиз қараб кўрсам,
Алдов ўша жойда эди!

***

Кетса кетсин одамлар,
Оқ йўллар йўлларим бор.
Севмаса ҳам…
Майлига!
Омадлар тиларим бор!

Ҳеч гулламай анжирнинг,
Пишганин кўрганмисиз?
Менинг ҳам юрагимда
Баҳорсиз гулларим бор.

Айт деманг, иқрорим бор,
Қайт деманг, қарорлиман.
Борса келмас дунёга
Чўзилган йўлларим бор.

Ертутдайин янчилган,
Бағримдаги бардошлар.
Ҳайратидан чарчаган
Маҳбусдай тилларим бор.

Отам қани узмайин
Ёнғоқлар териб берган?
Хаёллар ҳам кезмаган
Ҳувиллоқ чўлларим бор.

Ёнғоқлари пуч эмас,
Кунлар эди оваллар.
Битта
битта
Уч эмас,
Эскирган ҳолларим бор.

Ҳеч севмаса майлига
Омадлар тиларим бор.
Бир ўзимга етмаган
Минг тилик дилларим бор.

Кетса кетсин, майлига
Оқ йўллар йўлларим бор.
Ўзимга қўлим тутсам
Ўзимнинг қўлларим бор!

Костамону. Туркия. 2019 йил.

Nafisa Omon so’nggi yillarda o’zbek she’riyatiga kirib kelgan yangi avlodning eng yorqin vakillaridan biridir. Bugun uning yangi she’rlarini mamnuniyat bilan taqdim etmoqdamiz.

Nafisa OMON
YANGI SHE’RLAR
067

  Nafisa Omon 1990 yilning 20 sentyabrida Samarqand viloyatida tug’ilgan. O’zbekiston Davlat San’at institutining san’atshunoslik jurnalistikasi bo’limini 2013 yilda tamomlagan. Toshkentda televidenie, radio va jurnallarda ishlagan. Hozirda Turkiya jumhuriyati Kastamonu universiteti Sotsial bilimlar instituti jurnalistika bo’limi magistri. Nashr etilgan kitoblari: «Qishloq qizi» (2007), «Tilla sandiq» (2008). So’nggi yillardagi she’rlari jamlangan «Yovvoyi olma» nomli to’plami nashrga tayyorlangan.

***

Men neni qizg’ansam olib qo’yar vaqt,
Masalan umrimni, bolaligimni.
Masalan otamni,
Hammadan ko’proq
Masalan o’zimni,
Bahor ko’nglimni.

Mendan ketib borar qishlamay qushlar,
Bo’ynida avvalgi ko’zyoshlardan dur.
Muhimroq qiladi oz-ko’p tashvishlar
Haqiqat tuyular aldamchi tovur.

Bor-e, barakangni bersin, uchib ket,
Qachon qayrilmagan shu yo’llar bori?
Dil-o, banda manman,
Mendan ko’chib ket.
Qachon ayrilmagan bu yo’llar bori?

***

Men bir mamlakatman eng go’zal she’rda,
Xaritasi yurak, ramzi muhabbat.
Istagan osmonda, istagan yerda
Bayroq ko’taraman hayotga atab.

Men bir mamlakatman, aql fuqaro,
Boshimda tutaman xalqimni shundan.
Yashayman va uning ko’ngliga qarab,
Shikoyat qolmadi hech bitta kundan.

Qo’llarim xizmatchi, oyoqlar askar,
Ko’zlarim zindondir, kipriklarim had.
Me’dam kutubxona, tillarim asror,
Nafsni ko’mib qo’ygan qabristonim- qad.

Bu elga tashqari kirmas, kirolmas,
Ketmoqni istamas bu eldagilar.
Ro’molim eng baland devor,
Ko’rolmas–
Shundan omondadir ko’ngildagilar!

Hech qanday qonun yo’q taqvodan bo’lak,
Iqtisod,
Siyosat,
San’at,
Madaniyat.
Men deb Quyosh halak,
Men deb ko’k halak.
Yo’l qurar poyimga hamisha niyat.

Yuragim ichida bir shoh, bir malak,
Meni kundan kunga yuksaltar baland.
Bunda Quyosh halak,
Bunda Jingalak,
Men bir mamlakatman.
Ulkan mamlakat!

Sen hali…
Sen hali istashni bilmaysan nedir,
Dunyoga daxldor ey jajji odam.
Oyoqlaring to’g’ri, qo’llaring to’g’ri,
Umrimga tatigan to’rt kilo mehr!

Men hali bilmayman, qanday o’rgatay?
Dunyoga daxlsiz qolmoqni bilmoq.
Oyoqlarim charchoq, qo’llarim titroq,
Men seni qachongi qalbimda tutay?

Gulim, kulmoqlikni unutgan edim,
Kulgi–labi uchgan siniq piyola.
Boshimga xiyonat qilgan xayolim
Senga boqib tursam aqlimga keldi!

Sen hali istashni bilmaysan nedir…

***

Ketsang!
Joying huvillab qolsa,
Sen choy ichgan piyolalar ham.
Qo’llaringni artgan sochiqlar…
bilsa..
Hatto derazangni bir burchagi-da!

Boshing og’risa qattiq.
Og’rib jilmayasan.
Bu qanday sabr?
Ichaman, dorilar og’ritar qattiq,
Hayot!
Biram qattiq og’ritar!

Kimning ko’zyoshlari tekkan yoqangga?
Qancha janggohlardan kelgansan kechib?
Hozir anglamaysan nima desam ham.
Demaganlarim uchun!

***

Maftunaga

Na bir yaxshi bo’ldim,
Na bir yomonman.
Na o’lib tugadim,
Na-da omonman.
Nima desangiz ham xato qilasiz,
Baribir siz hali demas
tomonman.

Aslida bir gulman!
Barglari sariq.
Sap-sariq!
Toshloqda o’sgan.
Saraman.
Og’rimagan boshga malhamman
Balki,
Onamning qalbidan chiqqan yaraman!
Bir u man,
bir bu man–
Chayqalar hayot,
Choy-chaqa qilguday
Honumonimni.
Tirikligim bir dard,
O’lsam ham bir dard,
Toshga ko’mib qo’ygan
Xudo jonimni!

***

Chora izlaganlar –xatolar,
Barcha imkon bechoralarda.
Dunyodagi hamma otalar
Sizningchalik yaxshimi, Ota?

Avvallari eshiklar qulfsiz,
Qo’rqmas edi hech bir o’g’ridan.
Endi esa oyoqsiz-qo’lsiz,
Havotir bor shamning nuridan.

Uzr, balki xafasiz mendan,
Uydan uzoq, qo’llarim kalta.
Buni qarang, shu baxtli kunda
O’z-o’zimga beryapman dalda!

Ayting, endi yaxshi bilasiz
Hammasini, bari-barini.
Nima qilsam rozi bo’lasiz,
Qaytay qalbning shirin zahrini?

Nima qilay?
Qanday ojizman.
Odam bo’lib boryapman Ota.
Ko’k darvozam!
Mung’ayar!
Cho’kar.
Zang ta’mini tamshanib totib.

Ota, sizga ayon haqiqat,
Rixlatlarda aniq bu yolg’on.
Ayamlarni qilsin himoyat
Mening g’amim ularda qolgan.

Yetkazishing duolarimni,
Aytmaydigan gaplarimni ham.
So’rab bering ota, xudodan
O’zi xabardor-ku hammadan!

Xudo chizgan eng go’zal surat
Bahor o’tdi,
Olmalar pishdi,
Yozildi yoz,
Terladi tun ham.
Achchiq gilos qizil-nimpushti
Qon yugurdi yuzlarga kam-kam.

Ishkomlar yosh, yonbosh narvonlar,
Devorlar hur, posbon behishtga.
Shamol turar qaysi tomondan?
Rayhonlarni islar farishta!

Jo’xorilar –sunbulsoch qizlar,
Tomorqaga bozor chorlandi.
Kapalaklar sho’xliklar izlab,
Qitiqlashar bedazorlarni.

It tilini osib, hansirab,
Yer qazadi, namnok, salqinroq.
Bedanalar qafasga atab
Kuylashadi ming bitta firoq.

Shu yerdadir huzur hamda tot,
Vatandagi eng tanti himmat.
Yozgi qishloq,
Ota uy,
Hayot –
Xudo chizgan eng go’zal surat.

Yomg’ir

Uy ichida oshxona,
Pechkada qaynaydi choy.
Derazamni chertar u:
–Ichkarida yo’qmi joy?

Choy damlayman ichiga,
Bir hovuch bardosh solib.
Tentiraysiz ko’chada
Osmonlardan bosh olib.

Endi-endi isigan
Uyimning xonalari.
Ichkarida nima bor
Daydi dugonalarim?

Pardalarim tortilgan,
Mendan xafa bo’lasiz…
Murg’akkina qizim bor,
Burni oqib qoladi.

Keng ko’chaning poyiga
Bosh urasiz, yig’laysiz.
Sunbulaning ko’zidan
Topganlarim bilmaysiz!

Oq yomg’irlar!
Men sizga
Jo’r bo’lsam hech yarashmas!
Men o’shaman!
Siz esa
O’rgatgansiz yashashga.

***

Ancha bo’ldi,
Vaqtim bo’lmadi.
Tin bo’lmadi,
Tunu kunlarda
Va baribir rozi bo’lmadim.
Bo’g’zimdagi u beunlarga.

Yomg’irlarni sanadim qayta,
Cho’miltirdim kulgularimni.
Qizginamga allalar ayta,
Tanib qoldim tuyg’ularimni.

Otasi bor bolalar baxtli,
O, Samarqand!
Bir uyum tuproq!
Ko’zim selda qolgan abadiy,
Men yiroqman.
Yiroqdan yiroq!

Men-la yasholmagan bolalik
Erkaliksiz qo’rqoq kunlarim!
Qaytarmidik yana olamga
Kuldirmasa bir kun munglarim?!

Yalangoyoq, chigalsoch, daydi,
Quyoshga tik qarab ulg’aydik.
Ko’zi qayda, oyog’i qayda
O’z kuniga yarab ulg’aydik.

Mening bolam,
Senga aytaymi?
Sen yig’lasang xursand bo’laman.
Bu yig’ida to’qlik bor, baxt bor.
Arazlashing erkalatilgan.

Sen yig’lasang xursand bo’laman!
Cho’miltirib kulgichlarimni,
Endi baxtga bo’kib o’laman
Qarib ketgan qayg’ularimdek!

***

Qari dunyo!
O’smir g’am!
Mingta ortiq,
Bitta kam!
Qachongi kasetada
Uzilib qolgan ohang.

Qo’lqopi yo’q qor o’ynar,
Qo’li yo’qda qo’lqoplar.
Choydonlarda choy qaytar
Ichida qancha gaplar.

Bozor sal yursang nari,
Ichinggacha bozordir.
Arzondir hamma xarid,
Adolatga mozordir.

Aldam-quldam pakana,
Sening eng balandlaring.
Qiymat esa chakana
Yolg’onchi talantlaring.
O’ynamayman sen bilan,
O’ynamasam bo’lmaydi.
Seni boplab ustingdan
Kuylamasa bo’lmaydi.

Qari dunyo!
O’smir g’am!
Menda bori senda kam!
Maqtanmagin o’zingcha
Yolg’ondan, qilsa alam.

***

Yugurib, mudrabman muallaqlarda,
Manzil ko’p aldaydi bu yerdaman deb.
Umrni almashib ta’msiz vaqtlarga
Yerlar semirdimi hayotlarni yeb?

Kechaning chirog’i soyamni o’pdi,
Sachrab ketdi titroq barmoqlarimga.
Meni ko’proq sog’ir, Dildora!
Xo’pmi?
Mujdalar yasagin bormoqlarimga.

Yig’lama!
Oppoq dil,
Qoravoy singlim.
Yelkam o’sayapti kunba kun. Na g’am?
Seni sevib qolsin tabassum, kulgu
Gohida yo’llagin meni ko’rgani.

O’ylasam, o’ylashga urinmabman ham
Qaysi yirtiqlarga yamaldi jonim.
Sen esa menga eng begina odam
Bilasan!
Bilaman!
Qoningda qonim!

***

Shu olmani yeguncha
Bu bog’larga yot edim.
Tanimasdim sorig’ni
Shod eldim,
Shamshod edim!
Aldadilar olman deb,
Ol mani, — deb avradi
Onaginam kasalmand
Pasttakkina javradi:
Qo’y dedi-ya – och bolam!
Isodayin mixlashar.
Yong’oqlari puch bolam,
Och bo’lsang ham tinch yasha!
Eshitmadi qulog’im,
O’zim bilan band edim.
Pushti ko’zoynak taqib,
Ko’zim bilan band edim.
Shu olmani yeguncha
Bu bog’larga yot edim.
Tanimasdim sorig’ni
Shod edim.
Shamshod edim.

***

Kimning azasida kimlar o’ynaydi,
Yuzga xaritasin solar har bir g’am.
Ketib qolay desam ko’zim qiymaydi,
Ichkarida olov!
Yeru osmon nam.
….!
Nimalarni o’ylab meni tuqqansiz?
Ovozim yetmaydi hech bir nidoga.
Bizdan baxtli bo’lsin bizlar tug’gan qiz
Aya!
Aytib qo’ying, meni Xudoga.

***

Butun kunlar kecha bo’ldi bir onda
Qayerlarda bahor, qayerlarda qor.
Opoq izlar chizib o’tar osmonda
Samolyot ichingda ayt-chi kimlar bor?

Esini yo’qotib qo’ygan bitta qiz
Etagida issiq kulchasi bilan.
Hamma narsa kulrang.
Aldamchi!
Yolg’iz!
Qo’lchasini siltab Sunbula kular…

Ey qo’l!
Qo’lim bo’lsang boshimni sila!
Yoshlarimni artgin, hech kim ko’rmasin.
Barmog’ing yetmasa, dardimni sanab
Ayt menga “o’zingni xafa qilma” deb!

***

Ichkarida yomg’ir, tashqarida qor.
Bir senda ming men bor,
Bir menda bir sen!
Til uchida ayoz,
Labingda bahor!
Bitta kulgichingda erkagina kin.

Jingalak sochlaring – g’uchg’on mingta o’y,
Boshdan oyog’ingda top-toza vijdon.
Qiyshiq tishlaringda saqlanolmas o’y
Sen men uchib ketgan eng baland osmon!

Tutun edi…
Tutun edi,
tutun edi,
Yurakkacha tutun edi.
Butun umr yashab ko’rgan
Kimning baxti butun dedi.

Tuman edi,
tuman edi,
Yurakkacha tuman edi.
Tumanda yo’l topmay yo’lin,
Kel, bahrimdan o’tgin dedi.

Mayda edi,
mayda edi,
Hamma gap shu mayda edi.
Ko’zlarimga qarab turib
Uning o’zi qayda edi?

Endi kunlar ola-bula,
Yo ko’ngillar to’la qol-a!
Men kunim deb ko’zim ochsam,
Mening ko’nglim Oyda edi.

So’rab olib bo’lmasa ham
Undov bo’ldim!
Undov bo’ldim!
Qayerdamiz qarab ko’rsam,
Aldov o’sha joyda edi!

***

Ketsa ketsin odamlar,
Oq yo’llar yo’llarim bor.
Sevmasa ham…
Mayliga!
Omadlar tilarim bor!

Hech gullamay anjirning,
Pishganin ko’rganmisiz?
Mening ham yuragimda
Bahorsiz gullarim bor.

Ayt demang, iqrorim bor,
Qayt demang, qarorliman.
Borsa kelmas dunyoga
Cho’zilgan yo’llarim bor.

Yertutdayin yanchilgan,
Bag’rimdagi bardoshlar.
Hayratidan charchagan
Mahbusday tillarim bor.

Otam qani uzmayin
Yong’oqlar terib bergan?
Xayollar ham kezmagan
Huvilloq cho’llarim bor.

Yong’oqlari puch emas,
Kunlar edi ovallar.
Bitta
bitta
Uch emas,
Eskirgan hollarim bor.

Hech sevmasa mayliga
Omadlar tilarim bor.
Bir o’zimga yetmagan
Ming tilik dillarim bor.

Ketsa ketsin, mayliga
Oq yo’llar yo’llarim bor.
O’zimga qo’lim tutsam
O’zimning qo’llarim bor!

Kostamonu. Turkiya. 2019 yil.

06

(Tashriflar: umumiy 470, bugungi 1)

Izoh qoldiring