Nozima Habibullayeva. Ertak aytgum ming kecha…& O’tkan kunlar. Musiqiy miniatyuralar

07Нозима фақат шоира эмас, Яратган эгам унга мусиқа сирларидан хабардорлик, бастакорлик иқтидорини ҳам берган. Бугунги саҳифамизда шоира қизимнинг шеърлари билан баробар бир неча кичик мусиқий жанрларда яратган асарлари билан ҳам танишасиз.

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
ЭРТАК АЙТГУМ МИНГ КЕЧА


02Нозима Ҳабибуллаева 1996 йил Фарғона вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган (2019). “Мовий қўшиқ” номли шеърий тўплами ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан 10 минг нусхада чоп этилган. Зомин республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Рус, турк ва озар тилларидан таржималар қилиб боради. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори (2020). Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси.


* * *

Ўн асрми, юз аср,
Каҳкашонлар узра сир.
Бир ғафлатки муттасил…
Ғорлар бу – мудраётган
Тоғларнинг ҳомузаси,
Уйғонасизми, йўқми!?

Узлатига босиб лаб,
Сукутга ўзин созлаб,
қақраётган овозлар,
Бир-бирига ўраниб
бетоб ётган қоғозлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар
Уйғонасизми, йўқми!?

Эй, соҳиби дилим як,
Умрим умрингиз ичра.
Минг йиллар у ёғидан
Минг йиллар бу ёғига
Қўшиқларимиз учар
Ва улар қанотидан
Томар анвойи чечак.
“Ҳақ ҳадяси – тақдирдан… ”
Эртак айтгум минг кеча –
Уйғонасизми, йўқми!?

Ўртан-ей руҳи аюб,
Илоҳий туйғуларнинг,
Аржуманд кулгуларнинг,
Ифори нечук заиф?!
Субҳидамга юз чайиб,
Асл гулин тополмай,
Сандулочлар йиғлаюр!..
Уйғонасизми, йўқми!?

Эй! Покиза ранг қани?
Та’масиз жаранг қани?
Осий сиёҳдонига,
Бегуноҳлар қонига
Чўмилмаган тонг қани?
Уйғонасизми, йўқми!?

Ўз онаси бир замон
алла айтгандан буён
Элиниб мудраётган,
Ҳалиям ухлаётган,
Аё, ғафлати инсон!
Уйғонасизми, йўқми?

* * *

Димоғингга кириб ишқ
Бутун умр маст бўлсанг
Ва ё тирилтириб ишқ
Руҳи забардаст бўлсанг.

Кўк ордай ўсаверса,
Туводай ўсаверсанг,
Фақатгина Раббинг ва
Расулингдан паст бўлсанг.

Сужуднинг ҳар беш вақти
Пешонанг этиб тақдим
Ёр-ла учрашув вақти
Йўлга поёндоз бўлсанг.

Пардада турса жонинг,
Ва ҳарир урса жонинг,
Икки дунё ҳаёнинг
Юзида пардоз бўлсанг.

Ҳақиқатда ўлмаган,
Ва дунёга келмаган,
Ҳали ҳеч ким билмаган
Қадимий овоз бўлсанг.

Энг бахтиёр йиғи, Эй!
Умримдан ортиғи Эй
Тангримнинг тортиғи , Эй!
Ҳадясига хос бўлсанг.

Ҳоли ҳулвойим ичра,
Руҳи анвойим ичра,
Ёлғон дунёйим ичра
Рост бўлсанг-о, рост бўлсанг!

* * *

Мен ўзимдан ўзим хафаман,
Дилнинг шакли камонми, ака?
Балки жазо, айбдир билмадим,
Яхши бўлиш ёмонми, ака?

ҒУРУР

Бироз қаҳва тўкилган мактуб
Қўлларимда қурирди сафсар.
Демак, ҳолинг паришон,
таажуб,
Демак, яқин…
шу кўчамдасан…

Хат бошида биз севган сатр,
Ўша қўшиқ янграр янгидан
Ва исмимни бағрига босган
Бир юрак бор кўзинг рангида.

Шошилганча чопдим эшикка
Бўғзимда товушлар ғарами
Кетиб борар шошиб, эшитгин
Юрагимда уриб қадаминг.

Бўрон тортди кўйлакларимдан
Югурмадим, туравердим жим.
Изларингни шамол-ла ўпиб
Сочларим-ла чақирган эдим…

Қўлимда оқ бўлган фараҳга
Жавоб ёздим кўзим ўнгида.
Давомига тўкилган қаҳва…
(Ё атайин тўкилган қаҳва…)
Не дегандинг мактуб сўнггида?

* * *

Тасаввур этмайсиз мусиқаларнинг
Ҳумори бепоён гирдоблигини.

Тушимга киради эски уйимиз,
шимол ёғдусидай таралган оҳанг
Ва бунда
қадрдон пианинамнинг
куз мисол сарғариб клавишлари
қитиқлаб чиқдилар бармоқларимни…

Қуруқшаб кетганда қароқлар,
токи,
шеър ёзиб тўкилсам
шаррос, руҳма руҳ,
тарона тўлқинлар йиғиб борарди
ритмма- ритм.
руҳма руҳ.

Хотира альбомдек нота дафтарим
титраниб вароқлар нафасларимни.
Деворда чаламан-
Садо йўқ!
Ҳавода чаламан-
Садо йўқ!
Қуёш нурларини чаламан-
Наво йўқ.
Йўқ!
Ҳавотир чалинар…
Қўлим унутса-я товушларини?
Ҳозирми навога мендек гадо йўқ…

Мени қутқарманглар,
Демак куй яқин,
Яна озроқ агар чидай олмасам
Оҳангга айланиб кетаман ўзим!…

* * *

Умримизга дастурхонин тўшар Тошкан,
Эй юзи шамс,
елкалари ҳиёл адир.
Юзларимдан ҳарор олиб сизга шошган
Қўлларимда пиёлалар уёлади.

Жилмаясиз, нафасимда вақт синади
Кўзингиздан раволаниб боққан сарим.
Рўмолимнинг учларига беркинади
Кулгуларим,
Чимматимга улгуларим.

Тушларимиз хушларимга эмиш эгиз
Айланадир- ҳаёлимдай ишқи роҳлар.
Айланадир — кўнглимизга ташрифимиз
Ва осмонга элтиб қўяр арғимчоқлар.

Овозингиз қаламимда қилар хониш,
Ҳилпираган киприкларим куйи сизга.
Синдирилган нон мисоли ташрифи хуш —
Тонг нафасли ҳилол ботди елкангизга…

Умримизга дастурхонин тўшар Тошкан,
Эй юзи шамс,
елкалари ҳиёл адир.
Юзларимдан ҳарор олиб сизга шошган
Қўлларимда пиёлалар уёлади.

* * *

Йўлдаман…
Қадамим сиздан иборат
Томирларим ичра сўқмоқ айланар.
Учар гиламларда этдим ибодат
шайлана-а шайлана…

Йўлдаман,
сочимда туннинг либоси
елпиб бораётир ҳаёлингизни.
Сарғайган соғинчлар бўлиб силовсин
ютмоқчи бўлдилар ғизолингизни.

Ахийри,
қанотим остида борлиқ,
Ахийри, тонгларнинг бари парирўй.
Йўлдаман —
Манглайда Ишқ деган ёрлиқ,
Ахийри, сўнгагим сипқоради куй.

Оҳангдек қўнаман кўк ҳовузига,
Кўзимга тўлдириб ойнинг нурларин.
Чорлайди
осмонни ларзага солиб
бунда кўксингизнинг чўнг дупурлари.

Йўлдаман…

Бағрингизга қўйиб энг гўзал тузоқ,
Бир кутинг, сўнгги бор кутинг-у,
ёнган
келган йўлларимни нурга оқизоқ
этинг-у
Чўктиринг икки дунёга!…

* * *

Бахтинисо Маҳмудовага бағишлов

Опа, дунё кенгми тор?
Айтиб кетсанг бўларди.
Қайтиб келаман дея
қайтиб келсанг бўларди.
Яратган фармонига
шаккоклигим йўқ аммо,
Ҳаддимдан ошганимда
«Ҳай» деб келсанг бўларди.

Намозшом дарахтларни
най қилиб бораётир,
Кўзларим шеърларингдан
май қилиб бераётир,
Заминнинг қайрилмаган
киприклари- тераклар
Шамоллар бўёғида
қайрилиб бораётир.

Тушимда уйғонибман ,
уйғонётганмиш ичим,
Нур элаган чеҳрангдан
Тўлғонётганмиш ичим
Гарчи қалам тутган-у ,
«Ё Раб! » деб ёзган билан
Сени соғинишга ва
Йиғлашга етар кучим.

Бирров келганмидинг, Ишқ
тошойнасин артгани,
Ё йўлни кўрсатгани
Тонглар билан отгани,
Қутқариб гумроҳликдан
Нафосатга айланиб
Бу ўлик дунёсига
Яшашни ўргатгани.

Мен билансан, шууримда
гуллаган нафасинг оқ.
Очилган шеърларинг оқ,
ғунча қотган сасинг оқ,
Куртакланар соғинчим ,
Опа, эшитяпсанми?
Баҳорнинг иши қайтмоқ,
Баҳорнинг иши қайтмоқ…

***

Бир соҳилда
дунёдан нари…
Фурсатларинг китобга қулаб
Вароқласанг саҳифаларин
Тўлқинларнинг нафаси билан.
Мўралайди олислардан бир
Алвонланиб боради елкан.
Китобларга шўнғиган умр
Китобларга айланар экан.
Юлдузли тун пойида қалқди
Иқрорларнинг бошида чидам.
Ғойиб бўлди болалик балки
Оқ кемалар чўккан жойида.
Бир қўлимда оқ байроқдир тик
Ўткан кунлар тарозисида.
Чиқиб келдим,
кўнглимда ҳадик
Марғилоннинг дарвозасидан…

Nozima faqat shoira emas, Yaratgan egam unga musiqa sirlaridan xabardorlik, bastakorlik iqtidorini ham bergan. Bugungi sahifamizda shoira qizimning she’rlari bilan barobar bir necha kichik musiqiy janrlarda yaratgan asarlari bilan ham tanishasiz.

Nozima HABIBULLAYEVA
ERTAK AYTGUM MING KECHA


09Nozima Habibullaeva 1996 yil Farg‘ona viloyatida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat konservatoriyasini tamomlagan (2019). “Moviy qo‘shiq” nomli she’riy to‘plami o‘zbekiston yozuvchilar uyushmasi tomonidan 10 ming nusxada chop etilgan. Zomin respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. Rus, turk va ozar tillaridan tarjimalar qilib boradi. Zulfiya nomidagi Davlat mukofoti sovrindori (2020). Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universiteti Oliy adabiyot kursi tinglovchisi.


* * *

O‘n asrmi, yuz asr,
Kahkashonlar uzra sir.
Bir g‘aflatki muttasil…
G‘orlar bu – mudrayotgan
Tog‘larning homuzasi,
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi!?

Uzlatiga bosib lab,
Sukutga o‘zin sozlab,
qaqrayotgan ovozlar,
Bir-biriga o‘ranib
betob yotgan qog‘ozlar,
Ayo, Hazrati So‘zlar,
Ayo, Hazrati So‘zlar
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi!?

Ey, sohibi dilim yak,
Umrim umringiz ichra.
Ming yillar u yog‘idan
Ming yillar bu yog‘iga
Qo‘shiqlarimiz uchar
Va ular qanotidan
Tomar anvoyi chechak.
“Haq hadyasi – taqdirdan… ”
Ertak aytgum ming kecha –
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi!?

O‘rtan-ey ruhi ayub,
Ilohiy tuyg‘ularning,
Arjumand kulgularning,
Ifori nechuk zaif?!
Subhidamga yuz chayib,
Asl gulin topolmay,
Sandulochlar yig‘layur!..
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi!?

Ey! Pokiza rang qani?
Ta’masiz jarang qani?
Osiy siyohdoniga,
Begunohlar qoniga
Cho‘milmagan tong qani?
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi!?

O‘z onasi bir zamon
alla aytgandan buyon
Elinib mudrayotgan,
Haliyam uxlayotgan,
Ayo, g‘aflati inson!
Uyg‘onasizmi, yo‘qmi?

* * *

Dimog‘ingga kirib ishq
Butun umr mast bo‘lsang
Va yo tiriltirib ishq
Ruhi zabardast bo‘lsang.

Ko‘k orday o‘saversa,
Tuvoday o‘saversang,
Faqatgina Rabbing va
Rasulingdan past bo‘lsang.

Sujudning har besh vaqti
Peshonang etib taqdim
Yor-la uchrashuv vaqti
Yo‘lga poyondoz bo‘lsang.

Pardada tursa joning,
Va harir ursa joning,
Ikki dunyo hayoning
Yuzida pardoz bo‘lsang.

Haqiqatda o‘lmagan,
Va dunyoga kelmagan,
Hali hech kim bilmagan
Qadimiy ovoz bo‘lsang.

Eng baxtiyor yig‘i, Ey!
Umrimdan ortig‘i Ey
Tangrimning tortig‘i , Ey!
Hadyasiga xos bo‘lsang.

Holi hulvoyim ichra,
Ruhi anvoyim ichra,
Yolg‘on dunyoyim ichra
Rost bo‘lsang-o, rost bo‘lsang!

* * *

Men o‘zimdan o‘zim xafaman,
Dilning shakli kamonmi, aka?
Balki jazo, aybdir bilmadim,
Yaxshi bo‘lish yomonmi aka?

G’URUR

Biroz qahva to’kilgan maktub
Qo’llarimda qurirdi safsar.
Demak, holing parishon,
taajub,
Demak, yaqin…
shu ko’chamdasan…

Xat boshida biz sevgan satr,
O’sha qo’shiq yangrar yangidan
Va ismimni bag’riga bosgan
Bir yurak bor ko’zing rangida.

Shoshilgancha chopdim eshikka
Bo’g’zimda tovushlar g’arami
Ketib borar shoshib, eshitgin
Yuragimda urib qadaming.

Bo’ron tortdi ko’ylaklarimdan
Yugurmadim, turaverdim jim.
Izlaringni shamol-la o’pib
Sochlarim-la chaqirgan edim…

Qo’limda oq bo’lgan farahga
Javob yozdim ko’zim o’ngida.
Davomiga to’kilgan qahva…
(Yo atayin to’kilgan qahva…)
Ne deganding maktub so’nggida?

* * *

Tasavvur etmaysiz musiqalarning
Humori bepoyon girdobligini.
Tushimga kiradi eski uyimiz,
shimol yog’dusiday taralgan ohang
Va bunda
qadrdon pianinamning
kuz misol sarg’arib klavishlari
qitiqlab chiqdilar barmoqlarimni…
Quruqshab ketganda qaroqlar,
toki,
she’r yozib to’kilsam
sharros, ruhma ruh,
tarona to’lqinlar yig’ib borardi
ritmma- ritm.
ruhma ruh.
Xotira alьbomdek nota daftarim
titranib varoqlar nafaslarimni.
Devorda chalaman-
Sado yo’q!
Havoda chalaman-
Sado yo’q!
Quyosh nurlarini chalaman-
Navo yo’q.
Yo’q!
Havotir chalinar…
Qo’lim unutsa-ya tovushlarini?
Hozirmi navoga mendek gado yo’q…
Meni qutqarmanglar,
Demak kuy yaqin,
Yana ozroq agar chiday olmasam
Ohangga aylanib ketaman o’zim!…

* * *

Umrimizga dasturxonin to’shar Toshkan,
Ey yuzi shams,
yelkalari hiyol adir.
Yuzlarimdan haror olib sizga shoshgan
Qo’llarimda piyolalar uyoladi.
Jilmayasiz, nafasimda vaqt sinadi
Ko’zingizdan ravolanib boqqan sarim.
Ro’molimning uchlariga berkinadi
Kulgularim,
Chimmatimga ulgularim.
Tushlarimiz xushlarimga emish egiz
Aylanadir- hayolimday ishqi rohlar.
Aylanadir — ko’nglimizga tashrifimiz
Va osmonga eltib qo’yar arg’imchoqlar.
Ovozingiz qalamimda qilar xonish,
Hilpiragan kipriklarim kuyi sizga.
Sindirilgan non misoli tashrifi xush —
Tong nafasli hilol botdi yelkangizga…
Umrimizga dasturxonin to’shar Toshkan,
Ey yuzi shams,
yelkalari hiyol adir.
Yuzlarimdan haror olib sizga shoshgan
Qo’llarimda piyolalar uyoladi.

* * *

Yo’ldaman…
Qadamim sizdan iborat
Tomirlarim ichra so’qmoq aylanar.
Uchar gilamlarda etdim ibodat
shaylana-a shaylana…
Yo’ldaman,
sochimda tunning libosi
yelpib borayotir hayolingizni.
Sarg’aygan sog’inchlar bo’lib silovsin
yutmoqchi bo’ldilar g’izolingizni.
Axiyri,
qanotim ostida borliq,
Axiyri, tonglarning bari pariro’y.
Yo’ldaman —
Manglayda Ishq degan yorliq,
Axiyri, so’ngagim sipqoradi kuy.
Ohangdek qo’naman ko’k hovuziga,
Ko’zimga to’ldirib oyning nurlarin.
Chorlaydi
osmonni larzaga solib
bunda ko’ksingizning cho’ng dupurlari.
Yo’ldaman…
Bag’ringizga qo’yib eng go’zal tuzoq,
Bir kuting, so’nggi bor kuting-u,
yongan
kelgan yo’llarimni nurga oqizoq
eting-u
Cho’ktiring ikki dunyoga!…

* * *
Baxtiniso Mahmudovaga bag’ishlov

Opa, dunyo kengmi tor?
Aytib ketsang bo’lardi.
Qaytib kelaman deya
qaytib kelsang bo’lardi.
Yaratgan farmoniga
shakkokligim yo’q ammo,
Haddimdan oshganimda
«Hay» deb kelsang bo’lardi.
Namozshom daraxtlarni
nay qilib borayotir,
Ko’zlarim she’rlaringdan
may qilib berayotir,
Zaminning qayrilmagan
kipriklari- teraklar
Shamollar bo’yog’ida
qayrilib borayotir.
Tushimda uyg’onibman ,
uyg’onyotganmish ichim,
Nur elagan chehrangdan
To’lg’onyotganmish ichim
Garchi qalam tutgan-u ,
«Yo Rab! » deb yozgan bilan
Seni sog’inishga va
Yig’lashga yetar kuchim.
Birrov kelganmiding, Ishq
toshoynasin artgani,
Yo yo’lni ko’rsatgani
Tonglar bilan otgani,
Qutqarib gumrohlikdan
Nafosatga aylanib
Bu o’lik dunyosiga
Yashashni o’rgatgani.
Men bilansan, shuurimda
gullagan nafasing oq.
Ochilgan she’rlaring oq,
g’uncha qotgan sasing oq,
Kurtaklanar sog’inchim ,
Opa, eshityapsanmi?
Bahorning ishi qaytmoq,
Bahorning ishi qaytmoq…

***

Bir sohilda
dunyodan nari…
Fursatlaring kitobga qulab
Varoqlasang sahifalarin
To’lqinlarning nafasi bilan.
Mo’ralaydi olislardan bir
Alvonlanib boradi yelkan.
Kitoblarga sho’ng’igan umr
Kitoblarga aylanar ekan.
Yulduzli tun poyida qalqdi
Iqrorlarning boshida chidam.
G’oyib bo’ldi bolalik balki
Oq kemalar cho’kkan joyida.
Bir qo’limda oq bayroqdir tik
O’tkan kunlar tarozisida.
Chiqib keldim,
ko’nglimda hadik
Marg’ilonning darvozasidan…

02

(Tashriflar: umumiy 329, bugungi 1)

Izoh qoldiring