Erkin A’zam. Fideldan salom & Bayramdan boshqa kunlar. Audioqissa

033 Хабар келдики, бобомиз чорлаётганмиш. Ҳаммани: ўғилларини, қизларини, невара-чевараю бошқа-бош¬қа¬ларни. (Биз охиргисига кирамиз.) Икки-уч ойдан бери шифтга тикилиб ётган банда бошига одам тўпладими, билаверинг, масала ҳал – рози-ризолик!

Эркин АЪЗАМ
ФИДЕЛДАН САЛОМ


Хабар келдики, бобомиз чорлаётганмиш. Ҳаммани: ўғилларини, қизларини, невара-чевараю бошқа-бош¬қа¬ларни. (Биз охиргисига кирамиз.) Икки-уч ойдан бери шифтга тикилиб ётган банда бошига одам тўпладими, билаверинг, масала ҳал – рози-ризолик!

Бемор дегандек бўлдигу лекин шу чоққача бобонинг боши ёстиққа тегмаган-да. Ҳув, ишлаб юрган йиллари завод қошидаги омонат шифохонада икки кунгина ётиб чиққани бор. Қовун ёқмай қорни оғриб қолган. Ўшанда ёстиғи остидан бир ҳовуч ҳапдори топилган экан. Ана шундай, у киши на дорининг таъмини билади, на шилинган билагига “зелёнка” суртиб кўрган. Укол деса-ку бир чақирим нарига қочади. “Юзга кирмаган – номард!” дея чапаничасига кериларди чол яқин-ёвуқларига.

Тўқсонларни писанд билмай ҳатлаган шу одам бугун энди барчани қошига чорлаётир. Парвона бўлиб бошида ўтирган меҳрибон кенжасининг (ҳаммани хабарлаган шу) айтишича, “Дунёсидан зерикиб кетдим, қизим! – деганмиш ёта-ёта. – Етмишдан кейингисининг қизиғи йўқ экан ўзи. (Шу гап фарзандга андак ботибди, “Ойингдан кейинги умр¬нинг” дейилишини кутган-да у. Бобомиз эса хийла эррайим: умр масаласига хотин-халажни аралаштиргиси келмайди.) Мен-ку мен, ана, Фиделдай одам кетди-ку дунёдан!..”

Бобо яқинда оламдан ўтган Фидель Кастрони назарда тутган. “Озодлик ороли”нинг умрзоқ доҳийсини. Бунинг тарихи бор, албатта. Бобомизнинг тўнғич ўғли бир вақтлар ҳарбий хизматни ўша олис орол томонларда ўтаган. Қисм командирининг машинасини ҳайдаган. Ўша кезлар чолу кампир телевизорнинг тагида ўтириб олганча халқаро аҳволга доир дийдиёларни тинглайвериб, унча-мунча жайдари шарҳгўйга “кишт” дейдиган бўлиб қолишган эди. Аксига денг, уруш-жанжал ҳам, тўфону тўзонлар ҳам негадир ўша оролнинг теварагида кечарди. “Время”даги ваҳималардан сўнг кўпинча кампирнинг қон босими кўтарилиб кетар, “адельфан” дегич арзандани қидириб қолишар эди.

Ул безовта оролни гирд-атрофдаги нодўстлардан муҳофаза этиб юрган йиллари бир кун Бахтиёрни машинада қолдириб, полковник хўжайини аллақайси муассасага кириб кетади. Бахтиёримиз тушиб йўл четида сигара тутатиб турса, бир маҳал тўртта қора машина қаторлашиб келиб ёнгинасида тўхтайди. Уларнинг биридан ким тушибди денг? Тополмайсиз, тополмаймиз – команданте Фиделнинг шахсан ўзи! Шошиб қолган аскар йигит сигараси чўғини бошмалдоғи билан эзиб ўчирадию чўнтагига тиқиб, тик қотади. Оташин инқилобчи ҳамиша ҳарбий либосда юрмасмиди, йигитимиз беихтиёр кафтини чаккасига тираб “салом” беради. Уч-тўрт мулозими қуршовида яқинлашган Кастро ҳам саломга “алик” қилиб қўяди ва ёнидаги ҳаваскор таржимон орқали совет солдатидан қаерлик эканини сўрайди. Аммо жавобдан қониқмай, “Йўқ, СССРнинг қайси республикасидансан?” дейди. “Ўзбекистон”ни эшитгач, келиб уни икки кифтидан қучади-да, сўнг қулочини кенг ёзиб, “А-а, Ташкент, Ташкент! Рашидов!” дейди хушвақтлик ила. Кейин эса Тошкентга келганида кўрган-билганини таърифлай кетади. Бу тафсилотлар довдираб турган Бахтиёримизнинг қулоғига кирмайди, албатта. Хизмат муддати қачон битажагигача қизиққан доҳий дабдурустдан “Оилада неча фарзандсизлар, отанг нима иш қилади, у неча ёшда?” дея савол ёғдиради. Отасининг таваллуд санасини айтганида, “О! О!” деб таажжубли хитоб қилади. Маълум бўлишича, отаси у билан тенгдош, бир йилда туғилган экан. Кетар чоғи команданте ёнидагиларнинг биридан олган сиртида ўзининг дунёга машҳур сумбати акс этган зарҳал боғичли сигара қутисини Бахтиёрга тутқазаркан, “Отангга салом айтиб қўй! Албатта!” дейдию мулозимларини эргаштириб нарироқдаги бино ортига ўтиб кетади.

Кутилмаган бу учрашувдан тахта бўлиб қолган Бахтиёр хўжайини олдига келганини ҳам сезмайди.

Чап чўнтагининг чўғдан ўйилган тешигини-ку амал-тақал кўклаб олди, бироқ куйган бошмалдоғи неча кун жизиллаб азоб берди. Полковникники булардан ошиб тушди, неча кун тергаб юрди: у нима деб сўради, сен нима деб жавоб бердинг?

Шу-шу, бобомиз Фидель Кастрога тенгдошгина эмас, баайни сафдош бўлди-қолди. Унча-мунча омироқ одам дуч келганида, “Анув Кубанинг подшоси бор-ку, соқолли, зўр, ўша билан бир кунда (“бир йилда”си қолиб) туғилганмиз! – дея шишиниб кетарди. – Бизга салом ҳам юбориб туради. Ишонмасангиз, ана, Бахтидан сўранг”. Шу гап билан йўқ гувоҳни топмоқчидек ён-верига қидириниб ҳам қарарди.

Бир сафар йўқлаб борсак, озиб-тўзиб қоқ суякка айланган беморимиз бошяланг, ёқасиз енгил оқ кўйлакда худди анови жонсараки жаҳон Маҳатма Гандига ўхшаб ўтирган экан. Айтмоқчи бўлдигу телба ўққа учиб қурбон бўлган тағин бир доҳий қиёфадошини эслатиб, кекса кишининг кўнглини бузгимиз келмади.

Худолиғини айтганда, чол ёмон яшамади. Ўша кўпирма қон босимлари касрига кампири андак барвақт қайтиш қилганини айтмаса, ўғиллар жой-жойида, қизлар жой-жойида. Бешаловидан тўртови аллақачон нафақа ёшига етган. Аммо кўтарасавдони хуш кўрадиган бобомиз ҳали олтмишдан берироқдаги кенжасини ҳам қўшиб, “Бешаласиям пенсионер!” деб юбораверарди тап тортмай.

Умуман, у кишининг мақтовга суяги йўқроқ эди. Баобрў бир заводнинг томир-томирларидан саналиб топган иззат-эътибори камлик қилиб қолармиди, гоҳ “йўлдан қўшилган” тенгдоши Фиделнинг номини тутиб, гоҳ тўқсон яшар мўйсафид, қўлида капгир, невара-чевараларига палов ясаб бериб, эвазига мақтов кутиб ўтирар эди. Неваралардан бирортаси сўроқсиз Тўйтепага бориб келганини эшитса борми, “Нега бувасидан дуо олмай кетади!” дея беш кун ғалва қиладиган иззатталаб одам тантиликка қолганда танти, мардлик десангиз чин мард эди. Фарзандлар ардоғида талтайиб, йиққан-терганини дуч келган жойда сарфлаб юбораверарди. Яқин-атрофда қурдоши қолмаган, мачитга қатнаб орттирган ёш-яланг билан баб-баравар улфатчилик қилар, улар бир бор чўнтак кавлаганда чолнинг ҳамёни доим ўртада эди. “Зўрсиз, отахон!” дейилса бас!

Ана шундай давру даврон суриб юрган киши дунёнинг нариги буржидаги доҳий тенгдошининг абадиятга қулаганини эшитдию дабдурустдан кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Юзни кўзлаб юрган пиримард! “Ҳа, қандай бурга чақди, отахон?” дегудек бўлсангиз, жавоби тайёр: “Фиделдай одамки!..”

Чорланган барча: ўғиллар, қизлар, невара-чевараю бошқалар (шу жумладан биз ҳам) қаторлашиб рози-ризолик маросимига бордик. Табиийки, бундай чоғда ҳамма ғамгин, мотамсаро, ҳар ҳолатга тайёр, кийим-бош ҳам шунга мос сипороқ – айтиб бўладими?! Табиийки, бундай чоғда одамнинг хаёлига бир хил манзара келади: ҳовли тумонат, йиғи-сиғи…

Кириб борсак – ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит, кимса кўринмайди. Буниси баттар ваҳимали туюлар экан. Ҳайтовур, тўрдаги иморатдан беморнинг бошида ўтирган пешонабоғли меҳрибон қиз чиқиб келди. Биз билан хижолатомуз илжайиб кўришди.

Ия, нега тинчлик?

Бобомиз ҳалигина мачитга чиқиб кетганмиш!

Меҳрибоннинг айтишича, рози-ризоликнинг каттароғини олмоқ бўлибми, ҳаммадан аввал тўнғич ўғил Бахтиёр келибди. Отанинг оғзидан ҳамишаги “Фиделдай одамки…” деган гап чиқиши билан дафъатан бошмалдоғи чўққа теккандек, ловуллаб кетибди у.

“Дада! – деганмиш. – Фидель, Фидель дейсиз, уни сиз эмас, мен кўрганман-ку! Фиделдан саломни мен олиб келганман-ку сизга! Фидель ўлган бўлса ўлгандир. У ахир инқилоб қилди, халқини озодликка олиб чиқди, ҳамманг¬ни бахтли қиламан деб лақиллатиб эллик йил қимирламай тахтда ўтирди! Оқибати мана – халқи қақшаб, қашшоқликда ётибди! Шунча савдодан кейин ўлмай нима қилсин одам?! Лекин сизга нима экан?!”

Чол ётган жойида бир нафас унга тикилиб қарабди-да, “Ҳе, пад-дарингга!..” дея аста тўшагидан қўзғалибди, девордаги қизи дазмоллаб қўйган оҳорли яктакни эгнига илиб, чиқиб кетибди. Бахтиёр изидан пойлаб борса, мачитга кириб кетганмиш…

Шундан сўнг бобомиз тағин икки йил соғ-омон юрди.

“Анув касофат серсоқол яна уч-тўрт йил туриб берганида дадам аниқ юзга кирардилар-а!” деб қўяди Бахтиёр гоҳида ўкиниб.


Xabar keldiki, bobomiz chorlayotganmish. Hammani: o’g’illarini, qizlarini, nevara-chevarayu boshqa-bosh¬qa¬larni. (Biz oxirgisiga kiramiz.) Ikki-uch oydan beri shiftga tikilib yotgan banda boshiga odam to’pladimi, bilavering, masala hal – rozi-rizolik!

Erkin AЪZAM
FIDELDAN SALOM


   Xabar keldiki, bobomiz chorlayotganmish. Hammani: o’g’illarini, qizlarini, nevara-chevarayu boshqa-bosh¬qa¬larni. (Biz oxirgisiga kiramiz.) Ikki-uch oydan beri shiftga tikilib yotgan banda boshiga odam to’pladimi, bilavering, masala hal – rozi-rizolik!

Bemor degandek bo’ldigu lekin shu choqqacha boboning boshi yostiqqa tegmagan-da. Huv, ishlab yurgan yillari zavod qoshidagi omonat shifoxonada ikki kungina yotib chiqqani bor. Qovun yoqmay qorni og’rib qolgan. O’shanda yostig’i ostidan bir hovuch hapdori topilgan ekan. Ana shunday, u kishi na dorining ta’mini biladi, na shilingan bilagiga “zelyonka” surtib ko’rgan. Ukol desa-ku bir chaqirim nariga qochadi. “Yuzga kirmagan – nomard!” deya chapanichasiga kerilardi chol yaqin-yovuqlariga.

To’qsonlarni pisand bilmay hatlagan shu odam bugun endi barchani qoshiga chorlayotir. Parvona bo’lib boshida o’tirgan mehribon kenjasining (hammani xabarlagan shu) aytishicha, “Dunyosidan zerikib ketdim, qizim! – deganmish yota-yota. – Yetmishdan keyingisining qizig’i yo’q ekan o’zi. (Shu gap farzandga andak botibdi, “Oyingdan keyingi umr¬ning” deyilishini kutgan-da u. Bobomiz esa xiyla errayim: umr masalasiga xotin-xalajni aralashtirgisi kelmaydi.) Men-ku men, ana, Fidelday odam ketdi-ku dunyodan!..”

Bobo yaqinda olamdan o’tgan Fidelь Kastroni nazarda tutgan. “Ozodlik oroli”ning umrzoq dohiysini. Buning tarixi bor, albatta. Bobomizning to’ng’ich o’g’li bir vaqtlar harbiy xizmatni o’sha olis orol tomonlarda o’tagan. Qism komandirining mashinasini haydagan. O’sha kezlar cholu kampir televizorning tagida o’tirib olgancha xalqaro ahvolga doir diydiyolarni tinglayverib, uncha-muncha jaydari sharhgo’yga “kisht” deydigan bo’lib qolishgan edi. Aksiga deng, urush-janjal ham, to’fonu to’zonlar ham negadir o’sha orolning tevaragida kechardi. “Vremya”dagi vahimalardan so’ng ko’pincha kampirning qon bosimi ko’tarilib ketar, “adelьfan” degich arzandani qidirib qolishar edi.

Ul bezovta orolni gird-atrofdagi nodo’stlardan muhofaza etib yurgan yillari bir kun Baxtiyorni mashinada qoldirib, polkovnik xo’jayini allaqaysi muassasaga kirib ketadi. Baxtiyorimiz tushib yo’l chetida sigara tutatib tursa, bir mahal to’rtta qora mashina qatorlashib kelib yonginasida to’xtaydi. Ularning biridan kim tushibdi deng? Topolmaysiz, topolmaymiz – komandante Fidelning shaxsan o’zi! Shoshib qolgan askar yigit sigarasi cho’g’ini boshmaldog’i bilan ezib o’chiradiyu cho’ntagiga tiqib, tik qotadi. Otashin inqilobchi hamisha harbiy libosda yurmasmidi, yigitimiz beixtiyor kaftini chakkasiga tirab “salom” beradi. Uch-to’rt mulozimi qurshovida yaqinlashgan Kastro ham salomga “alik” qilib qo’yadi va yonidagi havaskor tarjimon orqali sovet soldatidan qayerlik ekanini so’raydi. Ammo javobdan qoniqmay, “Yo’q, SSSRning qaysi respublikasidansan?” deydi. “O’zbekiston”ni eshitgach, kelib uni ikki kiftidan quchadi-da, so’ng qulochini keng yozib, “A-a, Tashkent, Tashkent! Rashidov!” deydi xushvaqtlik ila. Keyin esa Toshkentga kelganida ko’rgan-bilganini ta’riflay ketadi. Bu tafsilotlar dovdirab turgan Baxtiyorimizning qulog’iga kirmaydi, albatta. Xizmat muddati qachon bitajagigacha qiziqqan dohiy dabdurustdan “Oilada necha farzandsizlar, otang nima ish qiladi, u necha yoshda?” deya savol yog’diradi. Otasining tavallud sanasini aytganida, “O! O!” deb taajjubli xitob qiladi. Ma’lum bo’lishicha, otasi u bilan tengdosh, bir yilda tug’ilgan ekan. Ketar chog’i komandante yonidagilarning biridan olgan sirtida o’zining dunyoga mashhur sumbati aks etgan zarhal bog’ichli sigara qutisini Baxtiyorga tutqazarkan, “Otangga salom aytib qo’y! Albatta!” deydiyu mulozimlarini ergashtirib nariroqdagi bino ortiga o’tib ketadi.

Kutilmagan bu uchrashuvdan taxta bo’lib qolgan Baxtiyor xo’jayini oldiga kelganini ham sezmaydi.

Chap cho’ntagining cho’g’dan o’yilgan teshigini-ku amal-taqal ko’klab oldi, biroq kuygan boshmaldog’i necha kun jizillab azob berdi. Polkovnikniki bulardan oshib tushdi, necha kun tergab yurdi: u nima deb so’radi, sen nima deb javob berding?

Shu-shu, bobomiz Fidelь Kastroga tengdoshgina emas, baayni safdosh bo’ldi-qoldi. Uncha-muncha omiroq odam duch kelganida, “Anuv Kubaning podshosi bor-ku, soqolli, zo’r, o’sha bilan bir kunda (“bir yilda”si qolib) tug’ilganmiz! – deya shishinib ketardi. – Bizga salom ham yuborib turadi. Ishonmasangiz, ana, Baxtidan so’rang”. Shu gap bilan yo’q guvohni topmoqchidek yon-veriga qidirinib ham qarardi.

Bir safar yo’qlab borsak, ozib-to’zib qoq suyakka aylangan bemorimiz boshyalang, yoqasiz yengil oq ko’ylakda xuddi anovi jonsaraki jahon Mahatma Gandiga o’xshab o’tirgan ekan. Aytmoqchi bo’ldigu telba o’qqa uchib qurbon bo’lgan tag’in bir dohiy qiyofadoshini eslatib, keksa kishining ko’nglini buzgimiz kelmadi.

Xudolig’ini aytganda, chol yomon yashamadi. O’sha ko’pirma qon bosimlari kasriga kampiri andak barvaqt qaytish qilganini aytmasa, o’g’illar joy-joyida, qizlar joy-joyida. Beshalovidan to’rtovi allaqachon nafaqa yoshiga yetgan. Ammo ko’tarasavdoni xush ko’radigan bobomiz hali oltmishdan beriroqdagi kenjasini ham qo’shib, “Beshalasiyam pensioner!” deb yuboraverardi tap tortmay.

Umuman, u kishining maqtovga suyagi yo’qroq edi. Baobro’ bir zavodning tomir-tomirlaridan sanalib topgan izzat-e’tibori kamlik qilib qolarmidi, goh “yo’ldan qo’shilgan” tengdoshi Fidelning nomini tutib, goh to’qson yashar mo’ysafid, qo’lida kapgir, nevara-chevaralariga palov yasab berib, evaziga maqtov kutib o’tirar edi. Nevaralardan birortasi so’roqsiz To’ytepaga borib kelganini eshitsa bormi, “Nega buvasidan duo olmay ketadi!” deya besh kun g’alva qiladigan izzattalab odam tantilikka qolganda tanti, mardlik desangiz chin mard edi. Farzandlar ardog’ida taltayib, yiqqan-terganini duch kelgan joyda sarflab yuboraverardi. Yaqin-atrofda qurdoshi qolmagan, machitga qatnab orttirgan yosh-yalang bilan bab-baravar ulfatchilik qilar, ular bir bor cho’ntak kavlaganda cholning hamyoni doim o’rtada edi. “Zo’rsiz, otaxon!” deyilsa bas!

Ana shunday davru davron surib yurgan kishi dunyoning narigi burjidagi dohiy tengdoshining abadiyatga qulaganini eshitdiyu dabdurustdan ko’rpa-to’shak qilib yotib oldi. Yuzni ko’zlab yurgan pirimard! “Ha, qanday burga chaqdi, otaxon?” degudek bo’lsangiz, javobi tayyor: “Fidelday odamki!..”

Chorlangan barcha: o’g’illar, qizlar, nevara-chevarayu boshqalar (shu jumladan biz ham) qatorlashib rozi-rizolik marosimiga bordik. Tabiiyki, bunday chog’da hamma g’amgin, motamsaro, har holatga tayyor, kiyim-bosh ham shunga mos siporoq – aytib bo’ladimi?! Tabiiyki, bunday chog’da odamning xayoliga bir xil manzara keladi: hovli tumonat, yig’i-sig’i…

Kirib borsak – hammayoq suv quygandek jimjit, kimsa ko’rinmaydi. Bunisi battar vahimali tuyular ekan. Haytovur, to’rdagi imoratdan bemorning boshida o’tirgan peshonabog’li mehribon qiz chiqib keldi. Biz bilan xijolatomuz iljayib ko’rishdi.

Iya, nega tinchlik?

Bobomiz haligina machitga chiqib ketganmish!

Mehribonning aytishicha, rozi-rizolikning kattarog’ini olmoq bo’libmi, hammadan avval to’ng’ich o’g’il Baxtiyor kelibdi. Otaning og’zidan hamishagi “Fidelday odamki…” degan gap chiqishi bilan daf’atan boshmaldog’i cho’qqa tekkandek, lovullab ketibdi u.

“Dada! – deganmish. – Fidelь, Fidelь deysiz, uni siz emas, men ko’rganman-ku! Fideldan salomni men olib kelganman-ku sizga! Fidelь o’lgan bo’lsa o’lgandir. U axir inqilob qildi, xalqini ozodlikka olib chiqdi, hammang¬ni baxtli qilaman deb laqillatib ellik yil qimirlamay taxtda o’tirdi! Oqibati mana – xalqi qaqshab, qashshoqlikda yotibdi! Shuncha savdodan keyin o’lmay nima qilsin odam?! Lekin sizga nima ekan?!”

Chol yotgan joyida bir nafas unga tikilib qarabdi-da, “He, pad-daringga!..” deya asta to’shagidan qo’zg’alibdi, devordagi qizi dazmollab qo’ygan ohorli yaktakni egniga ilib, chiqib ketibdi. Baxtiyor izidan poylab borsa, machitga kirib ketganmish…

Shundan so’ng bobomiz tag’in ikki yil sog’-omon yurdi.

“Anuv kasofat sersoqol yana uch-to’rt yil turib berganida dadam aniq yuzga kirardilar-a!” deb qo’yadi Baxtiyor gohida o’kinib.

Manba: «O’zbekiston adabiyot va san’ati» gazetasi, 2019 yil, 23-son


32

(Tashriflar: umumiy 1 324, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring