Mirzohid Muzaffar. «Xudosiz kunlar» turkumidan ikki hikoya

04Гулдон синибди. Уйдан чиқиб кетганимдан бери ўша ерда, икки кийим жавонининг ўртасидаги атай қарамаса кимсанинг кўзи тушмайдиган жойда турарди. Унинг нариги токчага безак учун қўйилган гулдон билан бир хил шаклдалигини синиқларни тера туриб сезиб қолдим…

Мирзоҳид МУЗАФФАР
ИККИ ҲИКОЯ
«Худосиз кунлар» туркумидан


Гулдон

Гулдон синибди. Уйдан чиқиб кетганимдан бери ўша ерда, икки кийим жавонининг ўртасидаги атай қарамаса кимсанинг кўзи тушмайдиган жойда турарди. Унинг нариги токчага безак учун қўйилган гулдон билан бир хил шаклдалигини синиқларни тера туриб сезиб қолдим. Хонада ундан бошқа ҳамма нарса ўз жойида турарди. Онам эса жим. Болалигимдан бери у ҳам шу уйнинг бир буюмидек кўринарди: на қилт этган ҳаракати, на ғинг деган овози бор. Ҳар куни бир хил вақтда уйнинг айни бурчакларидан топардим уни. Танасининг бир тарафи фалаж, бир тарафи эса эрта қариб, тўкилиб бораётган эди. Соғлом кунларини эслолмайман. Гўдак эдим. Фақат отамнинг заводдан келгач ечиб қўйган камзулидаги чангларни қоқаётганида бирдан ерга йиқилганча қунишиб титраганини хотирлайман, холос. Чангдан бўғилиб энди ташқариламоқчи эдим. Мени кулдирмоқчи деб ўйлаб ортимга қайтмадим. Уйга кирганимда онам боя ётган жойидан турмаган, энди вужуди билинар-билинмас қалтираб қўяр, лаблари билан ниманидир шивирларди. Ҳали кўзлари тирик, ўйлагандим ўзимча. Шу кўйи у тил ва ҳаракатдан қолди. Шу важдан гулдоннинг қандай синганини тушунолмадим. Таъзияга келганлардан сўраш ноқулай. Агар отамнинг дафн кунида бир гулдон учун уларни йиғидан тўхтатадиган бўлсам, бу қилмишимни бир умр юзимга солиб ўтишлари тайин. Айни сабабдан жаноза тугамагунча балконда сигарет тутатиб туравердим. Мени кўрмасинлар, дердим. Кўрмасинлар…

Дадам ҳам синдирмаган. Ҳасталик силласини қуритгач ўта синчков, ҳар бир қадамини минг чамалаб босадиган бўлиб қолганди. Онамнинг кўнглини оғритмаслик учун унга қандай нозик ҳаракатлар билан яқинлашганини, қандай шивирлаб дилидагини изҳор этмоқчи бўлаётганини йиллар бўйи томоша қилдим. Ҳатто телефонда ҳам пичирлаб гаплашарди. Вақт ўтгач, отам овозини буткул йўқотди. Назаримда, икковлари ҳам деразаларига вақт пардалари тортилган кимсасиз, ҳароба хоналарга яшириниб олишгандек эди гўё. Ўлимининг иккинчи ҳафтасидан сўнг йўқлаб келувчилар аста камая бошлади ва охири бутунлай қадамлари узилди. Энди синиқлар, мен, онам ва уйнинг бошқа буюмлари бир-биримизга тикилганча ёлғиз қолгандик. Шу ёлғиз лаҳзалардагина жавон ортидаги гулдон синиқларини супуриб ташлай олдим. Супураётганимда эшик тақиллади. Отамнинг ўлмасдан аввал кимёвий тозалашга берган кийимларини олиб келишибди. Йигит имзо сўради.

– Ўғлиман.
– Ўзлари йўқмидилар?

У сўзини тугатгач ичкарига бир қур назар ташладим.

– У ўлди.
– Кечирасиз…

Кийимларни олиб отамнинг оромкурсисига ташладим. Ичида пальто ҳам бор экан. Уни олиб жавонга илдимда, отамнинг нарсаларини йиғишга тушдим. Пальтони уларга қўшмадим – қандайдир бўшлиқни тўлдириб тургандек эди. Кел, шу қолсин, тинмай ялинардим ўзимга. Ҳафталар ўтгач тушундимки, мен тўлдиришга уринаётган отамдан кейинги бўшлиқ фақат эртанги бўшлиқнинг нишонаси экан, холос. Умуман, бу унчалик муҳим ҳам эмас. Менинг бўшлиқларимни мароқ билан томоша қилаётганлар менга тасалли беришга уринар, тасаллилари ҳар гал ёлғизлигимни юзимга солар ва ҳуркиб кетган умид қушларининг бошини бир-бир узиб, иссиқ сувга тиқардим патлари осонроқ юлинсин деб. Отам билан томимиз бошидаги кабутарларни тутиб шундай пиширардик.

Кейинроқ пальтони ўзим кия бошладим. Ўликнинг пальтосини. Тунлар кўчаларни бир ўзим кезаркан, бирдан тўхтаб ортимга қарайман. Йўқ, отамнинг арвоҳи таъқиб қилмаяпти. Баъзан овозларини, шивир-шивир овозларини эшитиб қоламан. Дунёнинг эшиксиз зиндонларидаги занжирлар жарангига ўхшарди унинг садолари. Аста, онамни чўчитиб юбормаслик учун унсиз парчаланаман. Овозим эса кунлар ўтгани сайин қаергадир йўқолиб бормоқда.

Рангин кўзёшлар

… денгиз арқонни олиб шифтга боғлади.

– Қолишим ҳеч нарсани ўзгартирмаса керак.

– Кетишчи?

– Ҳарҳолда, нималардир ўз ўрнини бўшатиши аниқ.

– Бошида айтганман барини. Энди менга фарқи йўқ. Ҳаммаси бир гўр. Қулаб тушмайдими менга деса.

– Тушун…

– Тушунгим келди. Тушунишни истайман мен ҳам, тушуняпсизми? Жонимга тегиб кетди, дегим келадию, аммо жоним қолмади.

Эркак яқин келди. Токчанинг чанг босган саҳни устида аёлнинг бемажол титраётган қўлини олиб бағрига босди ва лабларига олиб бораётганида пешонасида совуқ бармоқларни сезиб ортга чекинди.

– Ўпманг, ўлик одамнинг қўлини ўпиб бўлмайди.

– Менинг айбим нима ахир? Шундай яралган бўлсам гуноҳкор бўлиб қолмайман-ку.

– Ҳеч ким сизни айблаётгани йўқ.

… денгиз бўйнини сиртмоққа солди.

Эркак кийимларини бир-бир тахлаб жомадонга соларкан, ичида етилиб келаётган ғазаб қиррадор ҳўрсиниққа дўниб бўғзини шилиб ўтди. Қон сўз шаклида аёлнинг юзига сачради:

– Қайтмас бўлиб кетяпман. Сизга ёқмагани менга ҳам ёқмайди.

– Уйининг манзилини билсангиз керак?

– Биламан. Индин Парижга учиб кетамиз. Қайтмас бўлиб…

– Йўлингиз оқ бўлсин. Тўрт томонингиз қибла.

– Мен кетар ёқларда қибла бўлмайди. Кетсам сен соҳта эркалашлардан, мен истамай қучишлардан қутиламан.

… денгиз курсини тепиб юборди.

Хона қалқиб кетди. Аёлнинг нафаси тегиб дераза туманга кўмилди. Кулранг мавҳумот узра сайр қилаётган тафтсиз бармоқлар шаклсиз излар қолдираркан, денгиз бўғилиб борарди.

– Эртага туғилган куним. Сўнги совғангиз кетиш бўларкан. Бундан ортиқ совға йўқ.

– Одамни туғилмаган кунлари билан табриклаш керакмасми аслида? Туғилиш шундай бўлса, унда нега уни байрам қиларканмиз? Ҳеч тушунмайман.

– Мени тушунмаганингиз кабими?
– Шундай.

… денгизнинг томирлари томоғидан бўрта бошлаганди.

– Сен билмайсан… Йўқ, ҳали ҳеч нимани билмайсан. Мен ўзимни излаб юрган бу бўшлиқларда асли ҳеч ким эмаслигимдан, қаердадир, кимнингдир ёдидан ўчиб бораётганимдан, қай бирининг лабларида исмимнинг қандай титраб жаранглаётганидан, менли хотираларинг қордек эриб бораётганидан хабаринг йўқ.

– Шоирлик қилманг менга. Керакмас…

Эркак кийимларни ташлаб ташқарилади. Йўлак бўйлаб уёқдан буёққа юраркан, кўзи ювиниш хонасига тушди. Энди унинг овози ювиниш хонасидан келарди.

– Тушун, бу кўзгулар аксимни кўрсатишдан бош тортганига анча бўлган. Йиғлолмаяпман, англата билдимми, йиғлолмаяпман. Ҳатто бобомнинг ўлаётган бувим бошига келиб, мени ёлғизлатиб кетмагин, дея ёлвораётганини ҳам эслаб кўрдим. Бўлмади, йиғлолмадим. Тош қотган дийдаларимдан терс нигоҳларгина оқаётир. Йўқ, тушунмаяпсан.

– Ҳаммаси бефойда.

… денгиз жон аччиғида қўллари билан бўйнини қисиб бораётган арқонни узмоқчи бўларди…

– Ҳатто менинг борлигим ҳам дунёнинг асабига тегиб турган пайтда келдинг сен… Ҳақсан, энди бирга бўлишдан маъно кўрмаяпман. Шундай экан, ўлим ҳам қизиқ бўлмай қолади.

Ўлим қизиётган қулоқларини ёпиб олди. Ҳаёт-ку аввалдан кар ва соқов эди.

– Кўчаларни кўр, одамлар – мажруҳ дунёлар уни тўлдириб ўтаётир. Ёлғизлик либосига ўралган вужудларнинг чайқалишини сездингми?
Кеча кетдим. Барига қўл силтадим-у, кетдим… Хонамнинг деворларида кипригининг сояси титраб турарди. У йиғлаётган эди – ҳавасим келди. Лекин кетдим.

– Кейин менинг ёнимга келдингиз, шундайми?
– Ўлимга бораётгандек…

Эркак ювиниш хонасидан чиқиб яна йўлакда тамаки тутатганча жим қотиб қолди. У йиғлар, кўзларидан оқаётган рангин кўзёшлар юзи бўйлаб ёйилиб борарди. Кўзёшларнинг ранги шу қадар тиниқ эдики, оқ қизилга, қора яшилга дахл қилмасди. Қоришолмай қийналаётган ранглар силсиласида шаффофлик исён қила бошлади.

Хонага кирди. Рўмолчасидан томаётган рангларни кўрган аёлнинг ҳайрати бир уйғондию бу биринчи марта эмас, дея яна сўниб қолди.

– Ваннанинг жўмраги чиқиб кетибди. Тузатиб қўйдим.

– Бекор қилибсиз. Мен ҳам тезда кетаман бу ерлардан.

– Қаерга?

– Ўзим йўқ жойларга.

– Унда юр, бекатгача…

– У жойларга автобус бормайди.

Қўшни хонадан ерга урилиб қарсиллаган овоз эшитилди. Қўрқиб кетган аёл деразадан кўзини олиб хона деворларига илинган суратларга бир-бир узоқ тикилди:
Унаштирув маросими, тўй куни, Анталияга саёҳат, аеропорт, туғилган кунлар. Барчаси рангсиз эди. Рангли фотоплёнкадаги ранглар эрининг кўзёшларига кўчиб ўтгандек.

– Эртага неччига кирасан?

– Ўн саккизга.

– Нечинчи марта?
– Эсимда йўқ.

… денгиз тақдирга тан берганди.

Эркак кийимларининг барини жойлаб жомадонни ёпди. Чиқиб кетаркан, хонани бир қур назардан ўтказа туриб нигоҳи деразага қўлларини қўйиб турган Аёлга қоқилиб кетди. Мижжаларида қотиб қолган рангларни кўрсаткич бармоғи билан бир сидирди-да, чироқни ўчириб чиқиб кетди.

Аёл жим эди. Токчанинг чанг юзасида қалқиб турган муштлари бирдан очилиб кетди. Кафтига бир томчи рангсиз ёш томди:

… денгиз жон берди.

Guldon sinibdi. Uydan chiqib ketganimdan beri o’sha yerda, ikki kiyim javonining o’rtasidagi atay qaramasa kimsaning ko’zi tushmaydigan joyda turardi. Uning narigi tokchaga bezak uchun qo’yilgan guldon bilan bir xil shakldaligini siniqlarni tera turib sezib qoldim.

Mirzohid MUZAFFAR
IKKI HIKOYA
«Xudosiz kunlar» turkumidan


Guldon

Guldon sinibdi. Uydan chiqib ketganimdan beri o’sha yerda, ikki kiyim javonining o’rtasidagi atay qaramasa kimsaning ko’zi tushmaydigan joyda turardi. Uning narigi tokchaga bezak uchun qo’yilgan guldon bilan bir xil shakldaligini siniqlarni tera turib sezib qoldim. Xonada undan boshqa hamma narsa o’z joyida turardi. Onam esa jim. Bolaligimdan beri u ham shu uyning bir buyumidek ko’rinardi: na qilt etgan harakati, na g’ing degan ovozi bor. Har kuni bir xil vaqtda uyning ayni burchaklaridan topardim uni. Tanasining bir tarafi falaj, bir tarafi esa erta qarib, to’kilib borayotgan edi. Sog’lom kunlarini eslolmayman. Go’dak edim. Faqat otamning zavoddan kelgach yechib qo’ygan kamzulidagi changlarni qoqayotganida birdan yerga yiqilgancha qunishib titraganini xotirlayman, xolos. Changdan bo’g’ilib endi tashqarilamoqchi edim. Meni kuldirmoqchi deb o’ylab ortimga qaytmadim. Uyga kirganimda onam boya yotgan joyidan turmagan, endi vujudi bilinar-bilinmas qaltirab qo’yar, lablari bilan nimanidir shivirlardi. Hali ko’zlari tirik, o’ylagandim o’zimcha. Shu ko’yi u til va harakatdan qoldi. Shu vajdan guldonning qanday singanini tushunolmadim. Ta’ziyaga kelganlardan so’rash noqulay. Agar otamning dafn kunida bir guldon uchun ularni yig’idan to’xtatadigan bo’lsam, bu qilmishimni bir umr yuzimga solib o’tishlari tayin. Ayni sababdan janoza tugamaguncha balkonda sigaret tutatib turaverdim. Meni ko’rmasinlar, derdim. Ko’rmasinlar…

Dadam ham sindirmagan. Hastalik sillasini quritgach o’ta sinchkov, har bir qadamini ming chamalab bosadigan bo’lib qolgandi. Onamning ko’nglini og’ritmaslik uchun unga qanday nozik harakatlar bilan yaqinlashganini, qanday shivirlab dilidagini izhor etmoqchi bo’layotganini yillar bo’yi tomosha qildim. Hatto telefonda ham pichirlab gaplashardi. Vaqt o’tgach, otam ovozini butkul yo’qotdi. Nazarimda, ikkovlari ham derazalariga vaqt pardalari tortilgan kimsasiz, haroba xonalarga yashirinib olishgandek edi go’yo. O’limining ikkinchi haftasidan so’ng yo’qlab keluvchilar asta kamaya boshladi va oxiri butunlay qadamlari uzildi. Endi siniqlar, men, onam va uyning boshqa buyumlari bir-birimizga tikilgancha yolg’iz qolgandik. Shu yolg’iz lahzalardagina javon ortidagi guldon siniqlarini supurib tashlay oldim. Supurayotganimda eshik taqilladi. Otamning o’lmasdan avval kimyoviy tozalashga bergan kiyimlarini olib kelishibdi. Yigit imzo so’radi.

– O’g’liman.
– O’zlari yo’qmidilar?

U so’zini tugatgach ichkariga bir qur nazar tashladim.
– U o’ldi.
– Kechirasiz…

Kiyimlarni olib otamning oromkursisiga tashladim. Ichida palьto ham bor ekan. Uni olib javonga ildimda, otamning narsalarini yig’ishga tushdim. Palьtoni ularga qo’shmadim – qandaydir bo’shliqni to’ldirib turgandek edi. Kel, shu qolsin, tinmay yalinardim o’zimga. Haftalar o’tgach tushundimki, men to’ldirishga urinayotgan otamdan keyingi bo’shliq faqat ertangi bo’shliqning nishonasi ekan, xolos. Umuman, bu unchalik muhim ham emas. Mening bo’shliqlarimni maroq bilan tomosha qilayotganlar menga tasalli berishga urinar, tasallilari har gal yolg’izligimni yuzimga solar va hurkib ketgan umid qushlarining boshini bir-bir uzib, issiq suvga tiqardim patlari osonroq yulinsin deb. Otam bilan tomimiz boshidagi kabutarlarni tutib shunday pishirardik.

Keyinroq palьtoni o’zim kiya boshladim. O’likning palьtosini. Tunlar ko’chalarni bir o’zim kezarkan, birdan to’xtab ortimga qarayman. Yo’q, otamning arvohi ta’qib qilmayapti. Ba’zan ovozlarini, shivir-shivir ovozlarini eshitib qolaman. Dunyoning eshiksiz zindonlaridagi zanjirlar jarangiga o’xshardi uning sadolari. Asta, onamni cho’chitib yubormaslik uchun unsiz parchalanaman. Ovozim esa kunlar o’tgani sayin qayergadir yo’qolib bormoqda.

Rangin ko’zyoshlar

… dengiz arqonni olib shiftga bog’ladi.

– Qolishim hech narsani o’zgartirmasa kerak.

– Ketishchi?

– Harholda, nimalardir o’z o’rnini bo’shatishi aniq.

– Boshida aytganman barini. Endi menga farqi yo’q. Hammasi bir go’r. Qulab tushmaydimi menga desa.

– Tushun…

– Tushungim keldi. Tushunishni istayman men ham, tushunyapsizmi? Jonimga tegib ketdi, degim keladiyu, ammo jonim qolmadi.

Erkak yaqin keldi. Tokchaning chang bosgan sahni ustida ayolning bemajol titrayotgan qo’lini olib bag’riga bosdi va lablariga olib borayotganida peshonasida sovuq barmoqlarni sezib ortga chekindi.

– O’pmang, o’lik odamning qo’lini o’pib bo’lmaydi.

– Mening aybim nima axir? Shunday yaralgan bo’lsam gunohkor bo’lib qolmayman-ku.

– Hech kim sizni ayblayotgani yo’q.

… dengiz bo’ynini sirtmoqqa soldi.

Erkak kiyimlarini bir-bir taxlab jomadonga solarkan, ichida yetilib kelayotgan g’azab qirrador ho’rsiniqqa do’nib bo’g’zini shilib o’tdi. Qon so’z shaklida ayolning yuziga sachradi:

– Qaytmas bo’lib ketyapman. Sizga yoqmagani menga ham yoqmaydi.

– Uyining manzilini bilsangiz kerak?

– Bilaman. Indin Parijga uchib ketamiz. Qaytmas bo’lib…

– Yo’lingiz oq bo’lsin. To’rt tomoningiz qibla.

– Men ketar yoqlarda qibla bo’lmaydi. Ketsam sen sohta erkalashlardan, men istamay quchishlardan qutilaman.

… dengiz kursini tepib yubordi.

Xona qalqib ketdi. Ayolning nafasi tegib deraza tumanga ko’mildi. Kulrang mavhumot uzra sayr qilayotgan taftsiz barmoqlar shaklsiz izlar qoldirarkan, dengiz bo’g’ilib borardi.

– Ertaga tug’ilgan kunim. So’ngi sovg’angiz ketish bo’larkan. Bundan ortiq sovg’a yo’q.

– Odamni tug’ilmagan kunlari bilan tabriklash kerakmasmi aslida? Tug’ilish shunday bo’lsa, unda nega uni bayram qilarkanmiz? Hech tushunmayman.

– Meni tushunmaganingiz kabimi?

– Shunday.

… dengizning tomirlari tomog’idan bo’rta boshlagandi.

– Sen bilmaysan… Yo’q, hali hech nimani bilmaysan. Men o’zimni izlab yurgan bu bo’shliqlarda asli hech kim emasligimdan, qayerdadir, kimningdir yodidan o’chib borayotganimdan, qay birining lablarida ismimning qanday titrab jaranglayotganidan, menli xotiralaring qordek erib borayotganidan xabaring yo’q.

– Shoirlik qilmang menga. Kerakmas…

Erkak kiyimlarni tashlab tashqariladi. Yo’lak bo’ylab uyoqdan buyoqqa yurarkan, ko’zi yuvinish xonasiga tushdi. Endi uning ovozi yuvinish xonasidan kelardi.

– Tushun, bu ko’zgular aksimni ko’rsatishdan bosh tortganiga ancha bo’lgan. Yig’lolmayapman, anglata bildimmi, yig’lolmayapman. Hatto bobomning o’layotgan buvim boshiga kelib, meni yolg’izlatib ketmagin, deya yolvorayotganini ham eslab ko’rdim. Bo’lmadi, yig’lolmadim. Tosh qotgan diydalarimdan ters nigohlargina oqayotir. Yo’q, tushunmayapsan.

– Hammasi befoyda.

… dengiz jon achchig’ida qo’llari bilan bo’ynini qisib borayotgan arqonni uzmoqchi bo’lardi…

– Hatto mening borligim ham dunyoning asabiga tegib turgan paytda kelding sen… Haqsan, endi birga bo’lishdan ma’no ko’rmayapman. Shunday ekan, o’lim ham qiziq bo’lmay qoladi.

O’lim qiziyotgan quloqlarini yopib oldi. Hayot-ku avvaldan kar va soqov edi.

– Ko’chalarni ko’r, odamlar – majruh dunyolar uni to’ldirib o’tayotir. Yolg’izlik libosiga o’ralgan vujudlarning chayqalishini sezdingmi?

Kecha ketdim. Bariga qo’l siltadim-u, ketdim… Xonamning devorlarida kiprigining soyasi titrab turardi. U yig’layotgan edi – havasim keldi. Lekin ketdim.

– Keyin mening yonimga keldingiz, shundaymi?

– O’limga borayotgandek…

Erkak yuvinish xonasidan chiqib yana yo’lakda tamaki tutatgancha jim qotib qoldi. U yig’lar, ko’zlaridan oqayotgan rangin ko’zyoshlar yuzi bo’ylab yoyilib borardi. Ko’zyoshlarning rangi shu qadar tiniq ediki, oq qizilga, qora yashilga daxl qilmasdi. Qorisholmay qiynalayotgan ranglar silsilasida shaffoflik isyon qila boshladi.

Xonaga kirdi. Ro’molchasidan tomayotgan ranglarni ko’rgan ayolning hayrati bir uyg’ondiyu bu birinchi marta emas, deya yana so’nib qoldi.

– Vannaning jo’mragi chiqib ketibdi. Tuzatib qo’ydim.
– Bekor qilibsiz. Men ham tezda ketaman bu yerlardan.

– Qayerga?
– O’zim yo’q joylarga.

– Unda yur, bekatgacha…
– U joylarga avtobus bormaydi.

Qo’shni xonadan yerga urilib qarsillagan ovoz eshitildi. Qo’rqib ketgan ayol derazadan ko’zini olib xona devorlariga ilingan suratlarga bir-bir uzoq tikildi:
Unashtiruv marosimi, to’y kuni, Antaliyaga sayohat, ayeroport, tug’ilgan kunlar. Barchasi rangsiz edi. Rangli fotoplyonkadagi ranglar erining ko’zyoshlariga ko’chib o’tgandek.

– Ertaga nechchiga kirasan?
– O’n sakkizga.

– Nechinchi marta?
– Esimda yo’q.

… dengiz taqdirga tan bergandi.

Erkak kiyimlarining barini joylab jomadonni yopdi. Chiqib ketarkan, xonani bir qur nazardan o’tkaza turib nigohi derazaga qo’llarini qo’yib turgan Ayolga qoqilib ketdi. Mijjalarida qotib qolgan ranglarni ko’rsatkich barmog’i bilan bir sidirdi-da, chiroqni o’chirib chiqib ketdi.

Ayol jim edi. Tokchaning chang yuzasida qalqib turgan mushtlari birdan ochilib ketdi. Kaftiga bir tomchi rangsiz yosh tomdi:

… dengiz jon berdi.

077

(Tashriflar: umumiy 442, bugungi 1)

Izoh qoldiring