Jan Pol Sartr. Devor. Bir hikoyaning ikki tarjimasi & Nazar Eshonqul. Jan-Pol Sartr

Ashampoo_Snap_2017.05.26_22h42m56s_002_.png21 июнь — француз адиби ва  файласуфи Жан-Поль Сартр таваллуд топган кун

  Жан-Поль Сартрнинг машҳур асарларидан бири  — «Le Mur» (Девор) ҳикояси 30-йилларда Испанияда рўй берган ғалаёнли воқеаларга бағишланади. Адиб фавқулодда вазиятларда инсон ўзини қандай тутиши билан боғлиқ драматик ҳолатларни юксак маҳорат билан ёритади. Мазкур ҳикоянинг ўзбек тилидаги икки таржимасини тақдим этамиз. Иброҳим Ғафуров ҳикоянинг аслиятдаги сарлавҳасини сақлаб «Девор» деб номлаган бўлса, Аҳмад Отабой  таржимасини «Маҳбус» деб номлаган.

Назар Эшонқул
ЖАН-ПОЛЬ САРТР
07

Жан Пол Сартр. Ёзувчи, файласуф, драматург. ХХ аср жаҳон адабиёти ва фалсафасининг йирик вакили, экзистенциализм назариётчиси ва доҳийси. 1964 йили Нобел мукофоти билан тақдирланган, аммо бу мукофотда сиёсий манфаатлар мавжуд дея воз кечган.

07

Бу даврда биронта француз интеллекти унга бас келолмасди. Маҳсулдорлик борасида ёзувчилар ҳам, файласуфлар ҳам унинг соясида қолиб кетганди. ХХ аср Сартр шахси билан фақат ўтган асрдаги Виктор Гюго шахсинигина қиёслаш мумкин…

Мишел Винока, санъатшунос-тарихчи

sartre4.jpgЖан Пол Шарл Эмар Сартр 1905 йили ҳарбий денгиз инженери оиласида дунёга келди. Онаси Анна-Мария Швейцар таниқли файласуф, бастакор ва машҳур врач, 1952 йили тинчлик соҳасидаги хизматлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлган Альбер Швейцар билан амакивачча эди. Бола 15 ойлик бўлганда отаси вафот этди. Сартр бобоси Шарл Швейцар ва тоғаси хонадонида тарбияланди. Адиб ўзининг таржимаи ҳоли акс этган «Сўз» романида болалиги китоблар ва зиёлилар орасида ўтганига алоҳида тўхталиб: «…бу хонадонда ва бунақа китоблар орасида оддий одам бўлиш шармандалик эди», – деб эслайди. Бобоси набирасини жуда яхши кўрар, келажакда унинг улуғ одам бўлишини башорат қилар, бунинг учун барча шароитни яратиб берганди. «Сўз» романида: «…ўзимдан кўра яқинларим менинг таниқли одам бўлишимни исташар ва шунга ҳаракат қилишарди. Аслида, мен ҳеч нарса қилганим йўқ, фақат улар кўрсатган йўлни танладим ва улар кўрсатган юлдузга қараб учдим», – дейди ҳазил ва истеҳзо аралаш. Саккиз ёшида ўша даврнинг саргу­зашт китоблари таъсирида ўрта аср мушкетёрларининг қаҳрамонлигига оид биринчи романини ёзди. Бу роман болаларча ёзилганди, оила даврасида завқу шавқ билан ўқилади. Роман Сартрнинг хотирасидан бошқа ҳеч қаерда сақланиб қолмаган. Адиб: «Мен китоб­лар орасида туғилдим ва китоблар орасида ўлсам керак», – деганди ўзининг болалигини эслаб. Зиёли бобоси ва машҳур тоғаси иштирокида бўладиган суҳбатлар, мунозаралар, баҳслар ёш Сартрнинг диди, савияси ва қарашларини тарбиялади, ҳатто айтиш мумкинки, келажакда ХХ асрнинг энг муросасиз фикр, мунозара кишиси бўлишига туртки берди. Айнан уйларида бўлган баҳслардаги мавзулар кейинчалик Сартрнинг бутун дунё билан муҳокама қиладиган фалсафий-назарий манбаларига айланди.

Сартр энг яхши коллежда, энг нуфузли университетда таълим олди, фалсафа бўйича диссертация ёқлади. Кейин немис фалсафа мактаби билан яқиндан танишиш учун Берлинда малака оширди. Ўз даврининг фалсафий-назарий масалаларига шўнғиб кетди. Шу йиллардан адабиёт билан жиддий шуғуллана бошлади. Унинг биринчи жиддий адабий асари «Беҳузурлик» романи эди. «Беҳузурлик» – сюжетсиз, фабуласиз асар. Бу роман кундаликлар шаклида Рокантен деган шахснинг кечинмалари ва ҳиссиётларидан иборат. Рокантен ҳар бир нарсага, ҳар бир воқеа­га, атроф-муҳитга ўзида беҳузурлик ҳиссини туяди. Нимага қараса, ким билан муносабат қилса, оддий тошни сувга отса ҳам, унда шу нарсаларга нисбатан беҳузурлик пайдо бўлади. Ўзининг кимлигини, нима учун яшаётганини, нимага интилаётганини билмайди, у мақсадсиз ва маслаксиз одам. Роман нарсаларга, жисмларга, муносабатларга, одамларга, атроф-муҳитга ўзини қарама-қарши қўйган, дунё билан юзма-юз турган ва дунёни тан олмаётган, унга нисбатан ўзида кўнгил айнишини ҳис қилаётган, мақсад ва маслакдан холи, муқаддас тушунчаларни тан олмайдиган киши, тўғрироғи, экзистенциалист шахс ҳақида. Бош­қача айтганда, бу образ тўлиқ маънода аросатдаги одам. У эзгулик билан ёвузликни фарқламайди, бу тушунчаларга ҳам жавоби, кўнгил айниши бор. Рокантен образи Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги Ғарб зиёлисининг ботиний қиёфасини акс эттирган. Бош қаҳрамон хатти-ҳаракати, гаплари, дунёқараши бадиий асардан кўра фалсафий-психологик тажрибаларга ўхшайди. Рокантен ўзининг мавжудлигини излаб тополмайди, охир-оқибат роман сўнгида у асар ёзишга киришади ва ижод мавжудликни исботлайдиган энг яхши восита эканини тан олади ҳамда ижодга шўнғийди. Гарчи бош қаҳрамон хулосаси ижодни мавжудликни исботлайдиган бирдан-бир восита деб биладиган ўзининг қарашларига тўғри келса ҳам, Альбер Камю бу романни сунъийликда, экзистенциалистик назарияни ўта ясама усулда атайин бадииятга зўрлаб тиқиштиришда айблади.

Гарчи муносабат ва хулосаларда ҳар хиллик бўлса-да, Камю ва Сартрнинг ҳаётга, оламга, одамга қарашлари жуда яқин эди. Абсурд ижод, абсурд одам, абсурд шароит, инсоннинг абсурдни, яъни азалий ва абадий маънисизликни енгиш усуллари, озодлик, эркинлик, мавжудликни исботлашга оид тушунчалари ҳар иккаласини бир-бирига яқинлаштиради. Айни шу сабабларга кўра улар маълум муддат бир маслак ва бир таълимот тарафдорлари сифатида маслакдош бўлдилар.

Жан Пол Сартрнинг фақат ижоди эмас, ҳаёти ва фуқаро, инсон сифатидаги фаолияти ҳам ҳеч бир қолипга солиб бўлмас даражада мураккаб, қарама-қарши, ранг-барангдир. Унинг номи ХХ аср адабий-фалсафий ислоҳотчилари (исёнчилари) рўйхатининг бошида туради. У ҳаётлиги даврида ҳеч бир адабий усул билан муроса қилмади, ҳеч қайси қарашни ўзининг бош маслаги деб билмади. Ҳар қандай усул ва фикр бетиним янгиланишда, ўсишда, ҳар қандай қараш нисбий ва бир ёқлама деб ҳисоблади. Шу сабабли у фикр билдирмаган, эътироз қилмаган, янгилашни, замонга мослашни истамаган фалсафий қарашнинг ўзи йўқ эди. Худди Камю каби адабиётни фалсафий қарашлар майдони деб биларди. Шу сабабли унинг адабий асарларидаги образлар адабий қаҳрамондан кўра фалсафий тушунчалар ва қарашларнинг мажози эди. «Сўз» романидан ташқари ҳикояларию пьесалари, машҳур «Беҳузурлик» романидаги образлар ҳам ҳаётдан олинган қаҳрамонлар эмас, ўзларида фалсафий тимсолларни акс эттиради. Бу асарларда адабий мақсаддан кўра фалсафий мақсад биринчи ўринга чиқади, образлар ҳаётдагидек эмас, ёзувчи фалсафий концепциясига кўра ҳаракат қилади, гапиради ва муносабат билдиради. Айни шу сабаблар Сартр асарларини кенг ўқувчилар оммаси қабул қилолмаслигига олиб келди. Зеро, адибнинг ўзи ҳаётни ва инсон тақдирини ҳикмат, фалсафа деб тушунарди, шу боис ҳаётнинг ҳар қандай вазиятидан, лаҳзасидан ҳикмат ва фалсафа излаб кўрар, ҳар қандай ҳолат ва гап фалсафадир деб ҳисобларди. Сартр учун фалсафа инсон ҳаётини таҳлил қиладиган бутун бошли манба эди. У ҳаётга ва адабий образларга ҳаёт деб эмас, фалсафа деб қарарди. Инсон унинг учун қарашлар ва ғоялар «лойиҳаси» эди. Инсон тақдирни пешона битиги деб эмас, «лойиҳа» дея англасагина ўзининг мавжудлигини исботлашга киришади. Чунки инсонда ана шу лойиҳани амалга оширишдек масъулият турибди. «Лойиҳа»ни қай тарзда амалга оширганига қараб унинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хулосага келиш мумкин. Бироқ «лойиҳа»ни амалга оширишни одам эмас, вазият ҳал қилади. Агар одам амалга ошириш мумкин бўлмаган лойиҳага берилиб уни рўёбга чиқаролмаса, демак, у вазиятга тўла баҳо беролмаган. Лойиҳа вазиятдан ва ҳолатдан келиб чиқиб олдиндан ўзини яратиш ва унга интилиш дегани. Одам ўз кучи ва танаси билан юқори тезликда келаётган машинани тўхтатиб қолишни лойиҳалаштирса, бу ғирт аҳмоқлик ва вазиятни билмаслик бўлади. Сартр назарда тутган лойиҳани тушунишнинг ва тасаввур қилишнинг энг қулай усули болалик орзусидир. Агар бола ёшлигидан ўзи орзу қилгандай киши бўлишга уринса ва шундай киши бўлиб етишса, демак, у ўз ҳаётини ўзи қурган бўлади. Ички манзара тўлиқ маънода ташқи манзаранинг инъикосидир. Ташқари ичкарида ўз инъкосини, демак, ўзини яратади. Сартр эса одамнинг ўзи инъикосчига айланишини, ўзини ўзи инъикос этишини истайди. Бошқача айтганда, одамнинг ичкариси яратилганни қабул қилувчидан яратувчининг ўзига айланиши керак. Инсоннинг онги бугунни эмас, эртанинг лойиҳасини ҳам ўзида акс эттириш имконига эга, айнан шу жиҳати билан келажакни ўз хоҳишига кўра яратиш ҳуқуқи бор. Бизнинг ичкаримизни яратаётганлар бизда ҳурмат ва мутелик уйғотади. Ўзгалар томонидан яратилишимизда ва шаклланишимизда барча масъулият ичкаримизни яратаётганлар зиммасига тушади. Биз ўзимизни ўзимиз ярата бошласаккина ўзимизни ўзимиз ҳурмат қила бошлаймиз. Ўзимизни ўзимиз ярата бошлашимиз билан ўзимиз ва келажак олдида жавобгарлик зиммамизга тушади. Инсон озод бўлиб туғилган ва озод бўлиб яшаши шарт. Ундан бу ҳуқуқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг, ҳеч қандай ғоянинг, мафкуранинг ҳаққи йўқ. Инсоннинг озодликни танлаш ҳуқуқи барча ижтимоий масалалар ибтидосидир. Қолган барча масалалар ана шу масаланинг ечилишига қараб хулоса қилинади. Инсонда озодликни танлаш ҳуқуқи йўқ экан, унинг бошқа ҳуқуқлари, умуман, бошқа муносабатлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Сартр: «Инсон озод бўлишга маҳкумдир», – деб тушунтиради. Инсоннинг моҳияти ва шу пайтгача содир этилган барча ижтимоий ҳаракатлар унинг айнан озодликка маҳкумлигини тасдиқлайди. Гап озодлик руҳи ҳақида эмас, озодликни танлаш ҳуқуқи ҳақида кетяпти дейди Сартр. Чунки инсон озодликни танлайдими, маҳкумликними, бу унинг ҳуқуқи, унинг қарори. Қарорига қараб биз унинг кимлигига баҳо бера оламиз. Айнан шунинг учун инсон ўзининг хатти-ҳаракатига тўлиқ масъул ва жавобгардир. Қайси йўлни танлаши унинг индивид сифатидаги қиёфасини очиб беради, унинг келажагини белгилайди. Сартр «Экзис­тенциализм – бу инсонпарварлик дегани» номли асарида: «Бугунги инсон келажакнинг лойиҳаси дегани», – деб хулоса қилади. Айни шу қарашдан келиб чиқилса, инсон ўзига ўзи келажакдир. Унинг айни пайтдаги танлаши унинг келажагини белгилайди. Демак, инсон танлаш пайтида ўзининг келажагини ҳам танлаётган бўлади. Чунки танлаш келажак дегани. Танлаш учун эса инсонга онг ва билим керак бўлади. Англаб танланмаган ҳар қандай «мен» бўшлиқдир. Инсондаги ёлғиз «мен»нинг ўзида ҳеч қандай моҳият, маъно йўқ. Маъно унинг англашида, унинг танланишида. Анг­ланган ҳолда танланган йўл инсонга тўла маънода мазмун бағишлайди. Англаб танланган «мен» дунёни ўзгартира олади ва унга моҳият-маъно бағишлайди. Англанмаган «мен» ҳайвоний инстинктдан ўзга нарса эмас. Англаб танланган «мен» танлаш ҳуқуқи орқали, танлаш тарозуси орқали ўлчаб хулоса қилинган «мен»дир. Демак, бундай «мен» дунёни ўзгартиришга, уни ўзининг танловига қараб янгилашга, бўйсундиришга, унга ақл ва тафаккур руҳини бағишлашга, мазмун киритишга қодир. Экзистенция доимий ҳаракат, мунтазам интилиш, ўзини янгилаб, жимликни, сокинликни, турғунликни бузиб туриш, мавжудликни ҳар сонияда исботлаш дегани. Сартрга кўра, дунё ўз ҳолича мазмунсиз, турғун, фақат киши фаолиятигина унга мазмун, ҳаракат бағишлай олади. Инсон танлаш ҳуқуқи билан ўз ҳаётига мазмун кирита билади. Озодликни танлаш ҳуқуқи Сартр фалсафасининг бош мезони саналади.

Адибнинг қадим юнон асотири асосида яратилган «Чивинлар» драмаси қаҳрамони Орест Зевсга бўйсунишни истамайди, мавжуд анъаналар ва ахлоққа кўра тавба қилмасдан, ўз йўлини танлайди ҳамда мавжуд урф-одат, инонч туфайли шаҳарни эгаллаб олган жаҳаннам ноласидан шаҳарни қутқаради. У тақдирга ёки анъанага бўйсуниб эмас, озодлик йўлини танлаб шу хулосага келади. Драма моҳиятидаги озодликка ундовни сезиб қолган немис ҳукумати бу асарни тақиқлаб қўйди.

«Девор» ҳикоясида ҳам маҳкум қаҳрамон дўстларини сотмаслик учун, одатда, улар йиғилиб турадиган жойни эмас, балки эсига тушган бир четдаги мозорис­тонни айтади. Шу йўл билан дўстларини қутқариб қолмоқчи бўлади. Таъқибчилар у айтган мозорис­тонга боришса, унинг маслакдош дўстларини ўша ердан топишади ва ушлаб келишади. Беайб айбдор бўлган қаҳрамон ҳолати Сартрнинг фалсафий таҳлили учун катта материал беради. Бу қаҳрамон озодлик ва маҳкумлик девори ёнида турган қаҳрамондир. Унинг беайб айбдорлиги орқали адиб бутун инсониятнинг гуноҳ ва савоб ҳақидаги қарашларини тимсоллаштирмоқчи бўлади. Қаҳрамон озод бўлиш учун энг безарар йўлни танлади. Аммо бу йўлда ҳам у айбдор бўлиб қолди. Бу ерда муҳими айбдор бўлиб қолиши эмас, унинг озод бўлиш йўлини танлаганидир. Инсон озодликка интилар экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам ё у, ё бу жиҳатдан айбдор саналади. Чунки, Сартрнинг қараши бўйича, мавжуд ахлоқ, анъана, одат ва эътиқодлар инсонни айбдор қилиш учун, маҳкум этиш учун яратилган ва инсоннинг озодликка интилишини гуноҳ сифатида қабул қилаверади. Инсон бу ахлоққа зид нима қилмасин, барибир, гуноҳкор бўлаверади. Ҳаётнинг абсурдлиги ҳам шунда. Маҳкумнинг озодликка эришиш йўлини танлашининг ўзи Сартр учун энг муҳим ва бирламчи масала. Ўз даврида Камю бу ҳикояни ҳам: «Инсонни боши берк кўчага кириб қолган ҳолатда тасвирлаган Сартр фалсафасига хос ҳикоя», – деб танқид остига олганди.

Умуман, Сартрнинг барча асарлари ҳаёт ва инсон таҳлилидан кўра бадиийлашган экзистенциалистик тадқиқотларга яқин туради. Айнан шу сабабли ҳам Набоков Сартр ёзувчи сифатида эмас, файласуф сифатида катта шахс деб баҳолайди. Файласуф Хайдеггер эса уни кўпроқ ёзувчи сифатида ўрганиш керак дейди.

Сартр том маънода санъат, адабиёт, тафаккур ислоҳотчиси эди. У мавжуд барча нарсага ислоҳ кўзи билан қарар, ўзгармайдиган, қотиб қолган ҳар қандай нарса унда муросасизлик уйғотар, инсон дунёга келдими, ўз тақдирини, дунёни ўзгартиришга маҳкум, кимки бу вазифани бажара олмаса, у тараққиёт душмани деб ҳисобларди. У ўз оппонентларига нисбатан аёвсиз эди. Ислоҳчилик, дунёдан қониқмаслик кайфияти уни янглиш, адаш йўлларга ҳам олиб кириб кетарди. Бир муддат ашаддий сталинчи бўлди, кейин шўролар тузумининг асл башарасидан хабар топгач унинг муросасиз душманига айланди. Фашистларга қарши Франция қаршилик ҳаракатининг фаол аъзоси бўлди, бу ҳаракатнинг кенг ёйилишига ҳисса қўшди, бироқ урушдан кейин ҳаракат раҳбарларининг аёвсиз фош қилувчисига айланди. Кубани ва Фидел Кастрони ёқлаб мақолалар ёзди, бироқ кейинчалик Кастро режими шоир Падиляни қамоққа олгач, Кастрони айбловчи мақолалар билан чиқди. Франциянинг Жазоирдаги милитаристик сиёсатини қоралади, милий-озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлади, Вьетнамга қарши бошланган АҚШ ва Франция урушини босқинчилик уруши сифатида баҳолади, зиёлиларни бу урушга қарши курашишга чақирди. Адиб ҳаёти давомида зулм ва зўрликка, инсонни хўрловчи тартибларга, тузумларга, қонунлар ва таълимотларга қарши ўз ижоди билан, амалий ҳаракатлари билан бетиним кураш олиб борди, фалсафий таълимотининг бош ғояси бўлган инсон озодлиги ва ҳурлигини улуғлади, замондошларини шахсий ва миллий худбинлик, манфаатлар қурбони бўлиб қолишдан сақланишга чақирди. Инсон, ким ва қайси миллатга, ирққа мансуб­лигидан қатъи назар, озод яшашга ҳақли эканини, бу ҳуқуқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлаб ўтди.

Унинг ўз ғояларини тарғиб қилиш, «ўзининг мавжудлиги»ни намоён этиш, ўз даврининг тафаккур тарзини ўзгартириш, борлиққа ва ҳаётга қарашларини баён қилиш учун ёзган, машаққатли меҳнатидан пайдо бўлган ижод маҳсуллари ҳар қандай катта ақл эгасини ҳайратга солади. Ундан 7000 саҳифадан иборат «Борлиқ ва йўқлик», 2000 саҳифалик соф адабий романлар, 1300 бетлик диалектик тафаккур танқидига бағишланган асарлар, 3000 бетлик Флобер ҳаётига бағишланган тадқиқот, киносценарийлар, «Озодлик йўли» номли роман-трилогия, 6 та пьеса, Бодлер ҳаё­тига оид асардан иборат улкан ҳажмдаги интеллектуал мерос қолди.

Сартр бир умр ҳар куни 6 соатдан ёзиш билан шуғулланарди. Кексариб қолганда бу маромни ушлаб қолишга қурби етмаслигини англаб адабиётдан кетганини ҳам эълон қилди, аммо барибир ижоддан, фикрдан тўхтамади. Кўзлари кўр бўлиб қолганда у: «Мен зулматда ҳам ёзавераман!» – деди, ҳақиқатан ҳам фикр ва муносабат билдиришдан тўхтамади: ўзини зулматга маҳкум этган тақдирга ўз мавжудлигини шу усулда билдирар эди. Хотини унга товуш чиқариб ўқиб берар, Сартр эса зулматга ғарқ ҳолатида ҳам дунё­даги, санъатдаги ўзгаришларга ўз муносабатини билдириб турарди. Сартр умрининг охиригача инсоннинг тақдирига ўзи хўжа­йинлиги ва ҳар ким ўз тақдирини ўзи яратиши шартлиги ҳақидаги ҳикмат билан яшади, шу ҳикматни ҳаёти давомида исботлади. Бу ҳикмат бадиий ва фалсафий асарларининг бош ғояси, лейтмотиви эди.

Сартр асарлари, қаҳрамонлари тақдири ва дунёси, у яратган таълимот бир нарсани исботлади: инсон Яратгандан узоқлашгани сайин ўзини маънисизлаштириб боради ва олам, шу оламга тааллуқли бўлган барча нарса билан унинг кўнглидаги ва шууридаги алоқа, ришта узилади, ҳаётнинг, борлиқнинг, тирикликнинг моҳияти қолмайди. Сартр қаҳрамонларига зўр бериб ўз фалсафасини, қарашларини тиқиштирди, шу билан ўз даврининг фалсафасини яратган эса-да, унинг қаҳрамонлари ҳаётдан узилган ва ботиниий моҳиятлари бой берилган шахслар. Уларнинг энг катта фожиаси Яратган ва бани олам уйғунлигини тан олмаганликларида. «Беҳузурлик», «Озодлик йўллари» (гарчи трилогияда Франциянинг фашистлар босқини арафасидаги ҳаёти, француз қаршилик ҳаракатининг озодлик учун кураши мавжуд бўлса-да, асар француз халқининг озодлик ҳаракатидан кўра Сартр таълимотида тарғиб қилинган шахс озодлиги асарнинг бош линиясини ташкил қилади. Олдинги романи каби бу асар қаҳрамони Матьенинг ҳаёти ва қарашлари худди муаллифники каби боши берк кўчага кириб қолади, бу қаҳрамонлар ҳаётий ҳаракатдан мосуво образларга айланади: адиб бу асарида ёзувчи сифатида тўлиқ енгилади), «Девор», «Герострат», «Ётоқ», «Доҳийнинг ёшлиги» асарлари бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди.

Жон Пол Сартр санъат ва тафаккур тарихида жуда камдан-кам интеллектларга насиб бўлган қисматга эга эди. Адиб феъл-атвори, табиатига кўра ҳаётида биронта одам билан беш-олти йилдан ортиқ яқин бўлган эмас. Ҳар қандай одамни унинг ўткир идроки фош қилиб қўяр ёки ўша одамнинг ўзи Сартрнинг ўзгарувчан тафаккур тарзига дош беролмасди. Бироқ ҳаётга ва оламга муносабати ҳам ўзига ўхшаб кетадиган рафиқаси, ҳаммаслаги, ижоддаги дўсти ва қўлловчиси адиба ва файласуф Симон де Бовуар билан эллик йилдан ошиқ бирга яшади, бирга ижод қилди, асарлари билан ўз даври тафаккурини бирга ўзгартиришди.

Лекин барибир янги давр уни эсдан чиқарди. У узоқ йиллар матбуотда ҳам, адабиётда ҳам кўринмади. Сартр дунё ўзини унутди деган хулосага келди. 1980 йили буюк фикр ва санъат ислоҳотчиси Сартр вафот этди. У ўзини унутган дунёда ортиқча ҳашамни хоҳламади, ўзини камтар ва камсуқум қилиб кўмиш­ларини, маросим иштирокчилари бир нечта кишидан ошмаслигини васият қилди. Аммо дафн маросимида кўчалар одамлар билан тўлиб кетди. Франция, Париж уни унутмаганди. Газеталар даврнинг сўнгги ижодкор-инқилобчисини охирги йўлга кузатиш учун 50 минг одам иштирок этганини ёзди. «Монд» газетаси унинг ўлими муносабати билан эълон қилган бош мақоласида: «…ХХ асрда биронта шахс, биронта Нобел мукофоти соҳиби француз ижтимоий тафаккурига Сартрчалик узоқ ва чуқур таъсир қилган эмас», – деб ёзди. Файласуф Луи Альтюссер эса Сартрнинг ҳаёти ва фаолиятига: «У давримизнинг Жан Жак Руссоси эди», – дея баҳо берди.

Жан-Пол САРТР
«LE MUR (ДЕОР)»  ҲИКОЯСИНИНГ ИККИ ТАРЖИМАСИ
07

09   Жан-Пол Сартр (Jean-Paul Charles Aymard Sartre) (1905-1980) – француз адиби, файласуфи, эссеисти. Европа адабиёти ва фалсафасида экзис­тенциализм оқими асосчиларидан. Нобел мукофоти лауреати (1964). Иккинчи жаҳон уруши йилларида Франция Қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бўлган. Ўз ғояларини “Тан модерн” (“Янги замон”) журнали очиб, тарғиб этган. Унинг “Борлиқ ва ҳечлик” (1945), “Экзистенциализм – гуманизм” (1946), “Аҳволлар” (10 жилд) (1947-1976) сингари асарлари Европа фалсафаси тараққиётида жуда чуқур из қолдирди. У кўпроқ тарих оқимида бораётган инсоннинг ўзи ва ўзгалар олдидаги масъулиятини батафсил тадқиқ этди.
Сартр – ХХ аср дунё адабиётининг энг йирик намояндаларидан бири. Унинг “Эркинлик йўлларида” тетралогиясига кирган “Етуклик”, “Кечиктириш”, “Юракдаги ўлим”, бундан ташқари “Айниш”, “Сўз”, “Фрейд”, “Флобер” сингари асарлари машҳур. Ўткир драматизм тўла пьесалари ҳамон дунё саҳналарида муваффақият билан ўйналади. Экзистенциализм – тириклик фалсафаси, дегани бўлиб, Сартр шу фалсафанинг инсон шахси ва борлиғи билан боғлиқ теран ва мураккаб қирралари ҳақида фикр юритди. Унинг илк бора ўзбекча таржимада диққатингизга ҳавола қилинаётган “Девор”ҳикояси 30-йилларда Испанияда рўй берган ғалаёнли воқеаларга бағишланади. Адиб фавқулодда вазиятларда инсон ўзини қандай тутиши билан боғлиқ драматик ҳолатларни юксак маҳорат билан ёритади.

07

ДЕВОР
Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси

sartr   Бизни деворлари оппоқ чорси хонага итариб-туртиб киритишди. Ўткир ёруғлик кўзни қамаштирди. Зум ўтмай стол ортида қандайдир қоғозларни титиб ўтирган кишилик кийимидаги тўрт нусхани кўрдим. Бошқа қамоққа олинганлар бир оз нарироқда тиқилишиб туришарди. Биз хонани кесиб ўтиб, уларга қўшилдик. Бу одамларнинг кўпини билардим, қолганлари, чамаси, муҳожирлар эди. Менинг олдимда иккита бир-бирига ўхшаган оқ-сариқдан келган киши турарди, булар французлар бўлса керак, деб ўйладим. Бўйи пастроғи дам-бадам шимини кўтариб қўяр – тиззалари қалтираётгани кўриниб турарди.

Бу даҳмаза уч соатчадан буён давом этар, бошим қотган, қулоқларим шанғиллар эди. Аммо хона иссиққина, танага ёқар, биз уззукун совуқда қолиб изиллаган эдик. Соқчилар қамоққа олинганларни бирма-бир стол ёнига олиб боришарди. Кишилик кийимидаги тўрт нусха ҳар бир одамдан исми билан касб-корини сўрарди. Улар шу саволлардан нарига ўтишмас, лекин гоҳида “Ўқ-дорилар ўғирлашда қатнашганмисан?” ёхуд “Ўнинчида эрталаб қаерда, нима иш билан машғул эдинг?” деб сўраб қўйишарди. Жавобларни эса ҳатто эшитишмас ёки эшитмаганга олишар, бўшлиққа тикилиб, жим қолишар, кейин ёзишга тушишарди. Томдан “Ҳақиқатан байналмилал бригадада хизмат қилганмисиз?” деб сўрашди. Бўйин товлашнинг маъниси қолмаган – улар курткасидаги ҳужжатларини топиб ўқишган эди. Хуандан эса ҳеч нарсани сўрашмади, фақат у отини айтиши биланоқ тез-тез алланималарни ёзишга тушишди.

– Ўзингиз биласиз-ку, – мен эмас, акам анархист. Аммо у бу ерда эмас. Менинг сиёсат билан ишим йўқ, ҳеч қандай партияга аъзо эмасман. – Улар индамай ўтириб ёзишарди. Хуаннинг жағи тинмасди. – Менинг ҳеч бир айбим йўқ. Бошқаларнинг жатига қолишни истамайман. – Унинг лаблари титрарди. Соқчи оғзингни юм деб, уни бир чеккага итариб олиб борди.

Навбат менга келди.
– Сиз Пабло Иббиетамисиз?

Мен “Ҳа”, дедим. Нусха қоғозларга қаради-да, сўради:
– Рамон Грис қаерга яширинган?
– Билмайман.
– Сиз уни олтинчидан ўн тўққизинчигача яширгансиз.
– Ундаймас.

Улар нималарнидир ёзишди, кейин соқчилар мени хонадан олиб чиқишди.

Йўлакда иккита қоровул ўртасида Том билан Хуан турарди. Бизни олиб кетишди. Том соқчиларнинг бировидан сўради:
– Бу ёғига нима бўлади?
– Қайси маънода? – деди соқчи.
– Бизни сўроқ қилишдими ёки суд?
– Суд.
– Хўп. Энди нима қилишади бизни?

Соқчи қуруққина жавоб берди:
– Ҳукм камерада эълон қилинади.

Улар камера деб атаган жой илгариги касалхонанинг ертўласи эди. Бу ердаги совуққа чидаб бўлмас, ҳар томондан аёз шамол ғўрилларди. Тун бўйи азбаройи совуқдан тишлар такиллаб чиқар, кундузлари ҳам бундан тузук эмасди. Бундан аввал мен беш кун архиепископликнинг ёлғизхонасида ўтирган эдим, уни ўрта асрлардан қолган тош ўра деса ҳам бўларди. Қамоққа олинганлар шунчалик кўп эдики, уларни дуч келган ерга тиқиб ташлашарди. Мен-ку ўша ўрасидан хафа эмасман, жиллақурса, у ерда совқотганим йўқ, фақат ёлғиз эдим, ёлғизлик эса одамни ҳолдан тойдиради. Манави ертўлада ҳарқалай ён-веримда одамлар бор. Рост, Хуан оғзини очмас, қаттиқ қўрқар, ҳар на қилса-да, жуда мурғак, гапирадиган гапи ҳам йўқ ҳисоби эди. Томнинг эса, аксинча, жағи тинмас, бунинг устига испанчани сувдай ичарди.

Ертўлада битта узун ўриндиқ ва тўртта бўйра бор эди. Эшик орқамиздан ёпилгач, биз ўтириб, бир муддат жим қолдик. Аввал Том тилга кирди:
– Тамом. Кунимиз битди.
– Балки, – дедим мен. – Лекин йигитчага тегишмас дейман.
– Акаси жангари бўлсаям, укасининг бунга алоқаси йўқ.

Мен Хуанга қарадим: у, чамаси, эшитмасди. Том гапини давом эттирди:
– Сарагосада уларнинг нималар қилаётганини биласанми? Одамларни йўлга ётқизиб, устидан юк машина юргизишяпти. Марокашлик бир қочоқ бор эди, бизга ўша гапириб берди. Айтишларича, шунақа қилиб ўқ-дорини тежашармиш.
– Бензинни тежашмас эканми?

Том жиғимга тегди. Нима қилади буларни гапириб?
– Зобитлар бўлса йўл чеккасида қўлларини чўнтакка тиқиб, сигарет тутатиб айланиб юришармиш. Ўша шўрликларни дарров асфаласофилинга жўнатишади деб ўйлайсанми? Ҳеч-да! Абгорлар соатлаб бақириб ётишармиш. Марокашлик оғриқнинг зўридан мен аввалига оғзимни ҳам очолмадим, дейди.
– Ишончим комилки, улар бу ерда ундай қилишмайди, – дедим мен. – Бошқасини билмайман-у, лекин уларнинг ўқ-дорилари етарли.

Ертўлага тўртта тешик ва чап томондаги шифтдан очилган туйнукдан ёруғлик тушиб турар, ундан нақ осмон кўринарди. Бу туйнукдан илгари ертўлага кўмир туширилган чоғи, шундоқ тагида кўмир хокаси тўдаланиб ётарди. Чамаси, у билан ҳарбий касалхонани иситиш мўлжалланган. Кейин уруш бошланиб, касаллар бошқа жойга кўчирилган-у, кўмир шундоқ қолиб кетган. Афтидан, туйнукни беркитиш ёдларидан кўтарилган, вақти-вақти билан тепадан ёмғир томчилари томарди. Кутилмаганда Том ёмон қақшаб ғўлдиради:
– Қуриб кетсин! Ҳаммаёғим титраб кетяпти. Шу етмай турувди!

У ўрнидан туриб машқ қилишга тушди. Кўйлаги ҳар кўтарилганда жун босган оппоқ кўкраги кўриниб кетарди. Кейин у чалқанча ётиб, оёқларини кўтариб қайчидак айлантира бошлади – унинг семиз думбаси дирилларди. Умуман, Том – зуваласи пишиқ йигит, лекин барибир семизроқ. Мен беихтиёр ўқ ва милтиқ найзаси бу лаққа юмшоқ гўштга ёғни кесгандай осон ва енгил кириб боришини тасаввур қилдим. У қотма йигит бўлганида, эҳтимол, бундай ўйламаган бўлардим. Мен совқотмаган бўлсам-да, қўл-оёғимни сезмасдим. Баъзида бирнимамни йўқотгандай бўлар, курткамни қидириб, аланг-жаланг қилар ва шу заҳоти уни менга қайтариб беришмаганини эслар эдим. Бундан ғашлигим ортарди. Улар бизнинг кийим-кечакларимизни олиб қўйишиб, бўз иштонлар беришди – бу ерда касаллар айни ёз чоғлари шундай иштонларда юришган. Том ўрнидан туриб, рўпарамга ўтирди.

– Қалай, исидингми?
– Қайда дейсан, қуриб кетсин. Нафасим тиқилгани қолди.

Соат саккизларда камерага комендант билан иккита фалангачи аскар кирди. Комендантнинг қўлида рўйхат бор эди. У соқчидан сўради:
– Бу учовининг фамилияси нима?

Соқчи айтди:
– Стейнбок, Иббиета, Мирбал.

Комендант ойнагини тақиб, рўйхатга боқди.
– Стейнбок… Стейнбок… А-ҳа, мана бор. У отишга ҳукм қилинган. Ҳукм эртага эртаминан ижро этилади.

У рўйхатга яна бир қур кўз ташлади:
– Қолган иккови ҳам.
– Бўлиши мумкинмас, – дея ҳиқиллади Хуан. – Хатолик бу.

Комендант унга ҳайрон бўлиб қаради:
– Исми шарифинг?
– Хуан Мирбал.
– Ҳаммаси тўғри. Отув!
– Лекин мен ҳеч нарса қилганим йўқ, – дея гапидан қолмади Хуан.

Комендант елкасини қисди-да, бизга ўгирилди:
– Сизлар баскмисизлар?
– Йўқ.
Комендантнинг авзойи бузуқ эди.
– Лекин менга бу ерда учта баск бор дейишувди. Уларни қидириб юришдан бошқа ишим йўқми? Сизларга руҳоний керакми?

Биз индамадик. Комендант:
– Ҳозир олдингизга бельгиялик врач киради, – деди. – У сиз билан эрталабгача бирга бўлади.

У қўлини чаккасига қўйиб, сўнг чиқиб кетди.
– Айтмовдимми сенга? – деди Том. – Хасислик қилишмапти.
– Рост, – дедим мен. – Аммо болапақирга жабр-да. Аблаҳлар!

Гарчи йигитчани жиним суймай турган бўлса-да, бу гапни адолат юзасидан айтдим. Болакайнинг юзи ғоятда ингичка, ўлим қўрқинчи башарасини ёмон ўзгартириб юборганди. Уч кун бурун у хипчагина ўсмир эди, уни ёқтирмасликнинг иложи йўқ эди, лекин ҳозир у жуда қаримсиқ бўлиб қолган, мабодо энди уни шу ҳолда қўйиб юборсалар ҳам, у умр бўйи шундай қаримсиқ ва пажмурдалигича қоларди, деб хаёлимдан ўтказдим. Умуман, болакайга одамнинг раҳми келади, аммо ачиниш нафратимни қўзғар, у ёғини айтсам, боланинг ўзи ҳам кўзимга балодек кўринарди.
Хуан бошқа миқ этмади, унинг ранг-рўйи қумдай оқарди, қўллари, башарасининг ҳам туси ўчди. У кўзлари соққадай бўлиб яна ерга чўкди. Бир жойга тикилди-қолди. Том меҳрибон одам эди, у болакайнинг қўлини тутмоқчи бўлди, аммо у жаҳл билан қўлини тортиб олди, юзи аламдан буришиб кетди.
– Унга тегма, – дедим Томга. – Кўрмаяпсанми, хўрлиги келиб турибди.

Том истар-истамай рози бўлди, у негадир болакайни юпатгиси келган, шундай қилганда, ўз аҳволини ҳам бир оз бўлса-да енгиллатган бўлармиди балки. Ҳар иккови ҳам жуда ғашимга тегишаётган эди. Илгари мен ҳеч ўлим тўғрисида ўйламагандим, фурсатим бўлмаганди, лекин ҳозир мени нима кутаётганини ўйламай иложим йўқ эди.
– Менга қара, – деди Том, – сен улардан биронтасини нариги дунёга жўнатдингми?

Мен жавоб бермадим. Том августдан бери олтитасини отиб ташлаганини ўраб чирмай бошлади. Аниқ, у ҳозир юзага келган вазият ҳақида ўзига ҳисоб бермасди, у буни истамаётганини равшан кўриб турардим. Ўзим ҳам рўй берган ҳолни тузук-қуруқ англай олмас, бироқ мен ўлим оғир бўлармикин-а, деб ўйлаган ва қайноқ ўқлар баданимни дўлдай тешиб ўтаётганини ҳис қилгандим. Шунга қарамасдан бу сезгиларнинг унча аҳамияти йўқ эди. Ҳали бунинг ташвишини чекмаса ҳам бўлар, аҳволни аниқлаштириб олишим учун олдинда бир кеча бор эди. Тўсатдан Том жим бўлиб қолди. Унга кўз қиримни ташладим, рангида ранг қолмабди. Аҳволи ғоятда ночор эди, шунда мен “Ана бошланди!” деб ўйладим. Қоронғи тушиб келарди, туйнукдан хира ёруғ оқиб кирар, кўмир уюмини ёритар, хона саҳнига доғ-дуғ бўлиб ясланарди. Туйнук узра кўзимга юлдуз ташланди, кеча совуқ, осмон тиниқ эди.

Эшик очилиб, ертўлага икки соқчи кирди. Уларнинг ортидан Бельгия ҳарбий кийимидаги оқ-сариқдан келган кимса кўринди. Биз билан саломлашгач:
– Мен врачман. Манави нохуш аҳволларда сизлар билан бирга бўламан, – деди.
Унинг товуши зиёлиларники сингари ёқимли эди. Ундан сўрадим:
– Бунинг нима фойдаси бор?
– Камина хизматингизда бўламан. Охирги дақиқаларни осонлаштиришга ҳаракат қиламан.

– Лекин нега бу ерга келдингиз? Госпиталда ярадор тўлиб ётибди-ку.
– Мени айнан шу ерга жўнатишди, – деб жавоб берди у ноаниқроқ қилиб. Кейин шоша-пиша қўшимча қилди: – Чекасизми? Сигаретим, ҳатто сигарам ҳам бор. – У бизга инглиз сигарети ва Гавана сигарасини узатди, биз рад этдик. Мен унга тикилиб қарадим, у ўзини ноқулай сезди. Унга шундай дедим:
– Сиз бу ерга раҳм-шафқат кўрсатиш учун келмагансиз. Мен сизни танидим. Мени қўлга олишган куни сизни казарма ҳовлисида кўрганман. Сиз фалангачи аскарлар билан бирга турардингиз.

Унга бор гапни тўкиб солмоқчи эдим, лекин ўзимга ҳайрон қолдим, бундай қилиб ўтирмадим: бирдан бельгияликка умуман қизиқмай қўйдим. Илгарилари мен бировга тирғилсам, уни осонликча қўлдан чиқармасдим. Ҳозир эса бутунлай гапиргим келмай қолди. Елкамни қисдим-да, юзимни бошқа ёққа ўгирдим. Бир неча дақиқадан сўнг мундай бошимни кўтариб қарасам, бельгиялик мени қизиқсиниб кузатяпти. Қўриқчилар бўйраларга ўтиришди. Найнов Педро зерикиб ўзини қаерга қўйишни билмас, наригиси эса ухлаб қолмаслик учун дам-бадам бошини у ёқдан бу ёққа бурар эди.
– Чироқ олиб келайми? – кутилмаганда сўради Педро.

Бельгиялик бошини силкитди, мен шунда унинг зиёлилиги алдамчи, тўнкадан фарқи йўқ экан, деб ўйладим. Лекин ҳар ҳолда шафқатсиз дажжол ҳам эмасди. Унинг совуқ кўк кўзларига қараб, ҳавойироқ одам, ҳар қандай пасткашликка боради, деб ўйладим. Педро тезда керосин чироқ кўтарганча қайтиб келди ва узун ўриндиқнинг четига ўрнатди. Чироқ хира ёритар, лекин, ҳар қалай, ҳечдан кўра яхшироқ эди. Кечагина биз зимистон қоронғида ўтирган эдик. Мен шипга тушиб турган чироқ шуъласи гардишига узоқ термулиб қолдим. Худди сеҳрлангандай ундан кўзимни узолмасдим. Тўсатдан бари ғойиб бўлди, шуъла доираси сўнди. Кўтариб бўлмас оғир юк остида қолгандай мен қаттиқ қалтираб кўзимни очдим. Йўқ, бу қўрқув, ўлим шарпаси эмас эди. Бунинг нималигини англаб бўлмасди. Икки юзим ўт бўлиб ёнар, бошим оғриқдан ёрилай дер эди.

Жунжикиб ўртоқларимга боқдим. Том кафтларига юзини яширганча ўтирар, кўзим унинг жингала пахмоқ сочинигина илғарди. Болакай Хуан тобора ночорлашиб борарди: оғзи ярим очиқ, бурун катаклари пир-пир учарди. Бельгиялик яқин келиб, унинг елкасига қўлини қўйди: чамаси, у болага далда беришни истарди, лекин кўз қорачиқлари муз парчаларидек йилтирарди. Унинг қўли аста пастга сирғалди ва боланинг билагида тўхтади. Хуан қимирламади. Бельгиялик унинг билагини уч бармоғи билан қисди, унинг нигоҳи қотиб қолганга ўхшарди, шунда у мени кўрмаслик учун орқасини ўгирди. Мен бир оз олдинга энкайдим, шунда у соатини чиқариб, қўлини қўйиб юбормасдан бир неча сония унга қараб қолганини кўрдим. Кейин у ўзини четга олди, шунда Хуаннинг қўли ҳолсиз пастга осилиб қолди. Бельгиялик деворга суянди, кейин худди муҳим бир нарсани эслагандай ёндафтарини чиқариб, унга ниманидир ёзди. “Аблаҳ! – қаҳрим келди менинг. – Қани менинг томиримни кўрсин-чи, башарасига айлантириб соламан”. У, ҳар қалай, менинг олдимга келмади, аммо бошимни кўтарганимда, менга қараб турганини кўрдим. Мен кўзимни олиб қочмадим. У қандайдир ҳиссиз бир овоз билан менга сўз қотди:
– Совқотмаяпсизми бу ерда?

Унинг ўзи жуда совқотган, башараси кўкариб кетган эди.
– Йўқ, совқотмадим, – деб жавоб бердим.

Бироқ ҳамон у менга қаттиқ тикилиб турарди. Бирдан гап нимадалигини тушуниб қолдим. Қўлим билан юзимни сидирдим: уни шилимшиқ тер босган эди. Зах совуқ ертўлада қишнинг қоқ ўртаси ҳар ёқдан ғўриллаб турган елвизакда мендан тинмай тер қуйилиб келаётганини қаранг. Сочларимни ушлаб кўрдим: жиққа ҳўл. Кўйлагимни ҳам тамомила тер босиб, баданимга ёпишиб қолган эди. Бир соатдан бери тер аъзойи баданимдан қуйилиб келар, мен эса уни сезмасдим. Бельгиялик маҳлуқ бўлса, буни кўриб-билиб турган экан. Юзимдан оқиб тушаётган терни кўриб, мана, қўрқув одамни қандай аҳволга солади, жон ширин, деб ўйлаётгандир, хойнаҳой. У ўзини шу тобда рисоладаги одамдай сезаётган ва рисоладаги одамлар каби совқотаётганидан мамнун ҳам бўлса керак. Мен унинг олдига бориб, башарасига туширгим келди. Лекин у томонга ҳали бир қадам ҳам қўймай туриб, юрагимдаги алам ва уят йўқолди-да тамомила фарқсиз бир ҳолда узун ўриндиққа ўтириб қолдим. Мен яна рўмолчамни чиқариб, у билан бўйинларимни артишга тушдим. Энди мен сочларимдан оқиб тушаётган терни аниқ сездим ва бундан кўнглим ниҳоятда хира бўлди. Кейин оқиб тушаётган терни артмай қўя қолдим, рўмолча сиқса бўладиган даражада ҳўл эди. Аммо тер сира тўхтамасди. Бўксаларим ҳам терга ботди, иштоним ўриндиққа ёпишиб қолди. Кутилмаганда болакай Хуан тилга кирди:

– Сиз врачмисиз?
– Врач, – деб жавоб берди бельгиялик.
– Айтинг-чи… оғрийдими… узоқ чўзиладими?
– Оҳ, бу… анов… Йўқ, тез ўтиб кетади, – деб жавоб қилди бельгиялик оталарча оҳангда. Шу тобда у гўё ҳақ тўлаб даволанишга келган касални юпатарди.
– Мен эшитгандимки… менга айтишувди… баъзан… биринчи ўқ ёғдирилганда ҳеч нарса бўлмайди деб.

Бельгиялик бошини чайқади.
– Дастлаб отилган ўқлар одамнинг жон жойига тегмаса, шундай бўлади.
– Унда милтиқларни яна ўқлаб, яна бошқатдан мўлжалга олишадими?

Хуан бир оз жим қолиб, кейин овози хириллаб сўради:
– Бунга вақт керакдир?

Жисмоний азоб уни қийнар ва қўрқитарди: унинг ёшида шундай бўлиши табиий. Мен бўлсам, бундай нарсаларни ўйламасдим, оғриқ олдида қўрққанимдан терга ботаётганим йўқ эди. Ўрнимдан туриб, кўмир уюми олдига бордим. Том сесканиб, менга норози боқди: оёқ кийимим юрганда ғижирлар, бу унинг ғашига тегарди. Наҳотки менинг ҳам башарам шундай оқариб-кўкариб кетган бўлса, деб ўйладим.

Осмон ажойиб эди, мен ўтирган бурчакка ёруғлик тушмасди, шундоқ тепага қарашим билан Катта Айиқ юлдуз туркумини кўрдим. Аммо энди бари бошқача эди: илгари архиепископликнинг ёлғизхонасида ўтирганимда истаган пайтда осмон парчасини кўра олар ва бу ҳар сафар менда турли хотираларни уйғотар эди. Эрталаб ҳаво енгил, осмон ложувард бўлганда мен Атлантика океани қумлоқ соҳилларини хаёлимдан ўтказардим. Туш маҳали қуёш тиккага келганда Севилиядаги қовоқхона эсимга тушарди – у ерда мансанильо ичкилигини ичиб, хамса ва зайтун меваларидан ердим. Тушдан сўнг кун уфққа оғганда, сояда ўтирар ва шунда майдоннинг қоқ ярмини қоплаган қуюқ сояни эслардим, худди шу пайтнинг ўзида майдоннинг қолган қоқ ярми қуёш нурларида ярақларди, шу тариқа тирноқча осмон парчасида акс этган ерни томоша қилиб, жуда маъюс тортардим. Бироқ энди осмонга қандай хоҳласам, шундай қарардим: у мутлақо ҳеч нарсани эсимга солмасди. Менга шу кўпроқ ёқарди. Ўз жойимга қайтиб, Том билан ёнма-ён ўтирдим. Ҳеч ким сўз қотмади.

Андак фурсатдан сўнг у шивирлаб сўзлашга тушди. У жим ўтиришга сира ўрганмаганди: товуш чиқариб сўйлабгина ўзининг кимлигини англарди. Гарчи у бошқа томонга боқиб турган эса-да, афтидан менга сўйларди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, у мени шу алфозда терга ботган ва ранги қум оқарган ҳолда кўришдан, чамаси, юраги безилларди. Энди биз бир-биримизга жуда ўхшардик ва ҳар бировимиз бошқа бировимиз учун бамисоли ойна эдик. У тирик бельгияликка қаради.
– Сен бу нарсаларни тушунасанми? – деб сўради у. – Мен тушунмайман.

Мен ҳам секин шипшиб сўйладим. Мен ҳам бельгияликка қарадим.
– Нима деяпсан?
– Ҳализамон бошимизга қаттол бир савдо тушади.

Томдан ғалати бир ниманинг ҳиди анқиётганини сездим. Ҳидларни одатдагига қараганда нозикроқ сезадиган бўлиб қолибман. Мен киноя қилдим:
– Майли. Тезда тушуниб қоласан.

Лекин у ҳамон ўзининг айтганидан қолмасди.
– Йўқ, бунга одамнинг ақли бовар қилмайди. Мен охиригача матонатли бўлишим керак, лекин нима бўлганда ҳам, билишим керакки… Демак, шундай, кўп ўтмай бизни ташқарига олиб чиқишади. Бу газандалар рўпарамизда саф тортишади. Нима дейсан, улар неча киши бўларкин?
– Билмадим, балки бешта, балки саккизта. Ундан кўп бўлмас.

– Майли. Саккизта бўлақолсин. Уларга “Мўлжал!” деб қичқиришади, ўзимга қаратилган саккизта милтиқ оғзини кўраман. Мен девор томонга сурилмоқчи бўламан, елкам билан унга суянаман, жон-жаҳдим билан ёпишаман, у эса тунги босинқираш чоғида бўлгани каби мени итариб ташлайди. Буларнинг барини мен кўз ўнгимга келтира оламан. Билсайдинг, қанчалар аниқ бу суврат!
– Биламан, – дедим. – Мен буни сендан кам тасаввур қилмайман.
– Бунинг оғриғига чидаш қийин. Ахир, улар башарангнинг абжағини чиқариш учун кўзинг ва оғзингни пойлаб отишади. – Унинг овози қаҳрли эшитилди. – Мен жароҳатларимни ҳис қилиб турибман, мана бир соатки, бошим оғрияпти, бўйним азоб беряпти. Бу ҳақиқий оғриқ эмас, аммо ундан баттарроқ, бу мен эртага эрталаб ҳис қиладиган оғриқ. Хўш, ундан кейин нима бўлади?

Унинг нима демоқчи бўлаётганини жуда яхши тушуниб турардим, лекин буни пайқаб қолишини сира истамас эдим. Мен ҳам бутун аъзойи баданимда шундай оғриқни сезардим, мен уни худди чандиқ ва тиртиқлар каби ўз жисмимда олиб юрардим. Ҳеч уларга ўрганолмасдим, лекин ўртоғимдан фарқли ўлароқ, уларга ортиқча аҳамият бермасдим.
– Кейинми? – дедим мен баралла овозда. – Кейин сени қурт-қумурсқалар талайди.

Сўнгра у худди ўзи билан ўзи гаплашгандай сўйлади, лекин бельгияликдан кўзини сира узмасди. Бельгиялик эса ҳеч нимани эшитмаётгандай эди. У нега бу ерда ўтирганини мен тушунардим: фикрларимиз уни қизиқтирмасди, ҳали ҳаётни тарк этмаган бўлса-да, аммо талваса ичида тўлғанаётган жисмимизни кузатгани келганди.

– Бу худди тунги қўрқинчли тушга ўхшайди, – деб давом этарди Том. – Бир нарсани ўйлашга уринасан, назарингда, бу қўлингдан келадигандай, бир дақиқадан сўнг ниманидир тушунгандай бўласан, ундан сўнг ҳаммаси тарқалиб, йўқолиб кетади. Мен ўзимга ўзим “Кейинми? Кейин ҳеч нима бўлмайди”, дейман. Лекин бунинг маънисини тушунмайман. Гоҳ мундай тушунгандай бўламан… лекин шунда яна ҳаммаси қочиб кетади-да, кейин мен оғриқми, ўқлар, милтиқларнинг бирваракай отилишими шуларни ўйлашга тушаман. Сенга қасам ичиб айтишим мумкин, мен моддий дунёга ишонаман, амин бўл, менинг ақли-ҳушим жойида, лекин шунга қарамай, бунинг учини учига тўғри келтиролмайман. Мен ўз лошимни кўраман: бунинг қийин жойи йўқ, лекин уни, ҳар қалай, мен ўзим кўряпман: ўлик танага қараган ҳам ўзимнинг кўзларим. Мен ўзимдан бошқа ҳеч нарсани кўрмайман ва ҳеч нарсани эшитмайман, ҳаёт эса бошқалар учун давом этаверади, деб ишонтирмоқчи бўламан. Лекин биз бундай фикрлар учун яратилмаганмиз. Биласанми, алланиманидир кутиб тун бўйи мижжа қоқмай чиққан пайтларим бўлган. Аммо бизни бутунлай бошқа бир нарса кутяпти, Пабло. У устимизга орқадан бостириб келмоқда, шунинг учун унга шай туришнинг ҳеч иложи йўқ.
– Жим бўл, – дедим унга. – Балки руҳонийни чақирсак, изҳори дил қиларсан?

У индамади. У башорат қилишни, отимни айтиб чақиришни ва босиқ ғўнғирлаб гапиришни яхши кўришини аллақачон пайқагандим. Буларнинг ҳеч бирини мен кўтаролмасдим, аммо нима ҳам қилиш мумкин – ирландларнинг бари шунақа. Ундан пешоб иси анқиётгандай туюлди. Гапнинг очиғини айтсам, Томни унчалик ҳам ёқтиравермасдим ва энди ҳам бирга ўламиз-ку деб, унга муносабатимни ўзгартирмоқчи эмасдим. Бирга ўлишнинг ўзи мен учун етарли эмасди. Мен ҳаммаси бошқача кечиши мумкин бўлган одамларни билардим. Мисол учун Рамон Грис. Аммо Хуан билан Томнинг ёнида ўзимни ёлғиз сезмоқдайдим. Дарвоқе, шу тобдаги аҳволдан ҳам норози эмасдим: агар Рамон бу ерда бўлганда, чўкиб қолган бўлармидим. Ваҳоланки, ҳозир мен ўзимни дадил тутаётган ва охиригача шундай қолмоқни ният қилгандим. Том паришон ҳолда сўзларни чайнарди. Бир нарса кундек аён эди: у, қандай бўлмасин, ўйламаслик учунгина нуқул гапирарди. Энди ундан пешоби чатоқ қариядай шиптир ҳиди тараларди. Лекин, умуман олганда, унинг гапларига қўшилардим, у нима деган бўлса, афтидан, буларни мен ҳам айтишим мумкин эди: зўрлик оқибатида ўлиш – ғайритабиий нарса. Эртага ўлишимни билган дақиқадан бошлаб атрофдаги барча нарсалар менга ғайритабиий бўлиб туюла бошлади: кўмир уюми дейсизми, узун ўриндиқ ва ё Педронинг наҳс башараси дейсизми – ҳаммаси. Гарчи энди тун бўйи фақатгина бир нарса ҳақида ўйлашимиз, бирга дир-дир титрашиб, бирга қора терга ботишимизни обдон тушунсам-да, буларни ўйлагим келмасди. Унга кўз қиримни ташладим ва илк дафъа у менга ғалати кўринди: юзига ўлим шарпаси ўтирганди. Шунда ғурурим дарз кетди: йигирма тўрт соат­дан бери мен Том билан бирга унинг ёнида турибман, гап-сўзини тинглаб, ўзим ҳам бир нималар деб… ва шунча вақт орасида ишончим комил эдики, биз у билан бутунлай бошқа-бошқа одамлармиз. Мана энди маълум бўлдики, биз бир-биримизга баайни эгизаклардай ўхшаб қолибмиз. Бунинг сабаби эса эртага бирга ўлишимиз. Том менинг қўлимдан ушлаб, кўзлари қайларгадир бошқа ёқларга қараганча, деди:
– Мен ўзимдан ўзим сўрайман, Пабло… мен ўз-ўзимдан дам сайин сўрайман: наҳотки биз изсиз йўқолиб кетсак?

Қўлимни бўшатдим-да, аччиқ билан дедим:
– Оёғинг тагига бир қара, чўчқа.

Унинг оёғи тагида кўлмак ҳосил бўлган, иштонидан томчилар ширилларди.
– Нима бу? – ғўлдиради у ўзини йўқотиб.
– Иштонингга бажариб қўйибсан, – дедим мен.
– Ёлғон! – дея қичқирди у қутуриб. – Ёлғон! Мен сезаётганим йўқ!

Бельгиялик мунофиқларга ачингандек бўлиб, ёнимизга келди.
– Мазангиз қочяптими?

Том жавоб бермади. Бельгиялик индамай кўлмакка қараб турарди.
– Билмайман, нега бундай бўлди… – Томнинг овози қаҳрли янгради. – Лекин мен қўрқмайман. Қасам ичаманки, қўрқмайман!

Бельгиялик миқ этмасди. Том ўрнидан туриб бўшангани бурчак томонга кетди. Кейин иштонини тўғрилаганча қайтиб келди, ўриндиққа ўтирди-да, бошқа лом-мим деб оғиз очмади. Бельгиялик ёзув-чизуви билан машғул бўлди.

Биз унга қараб ўтирардик. Учовимиз. Ахир, у тирик эди-да!

Унинг ҳаракатлари тирик одамнинг ҳаракатлари, тирик одамнинг ташвишлари эди: бу ертўлада у худди тирикларга ўхшаб, совуқдан қалт-қалт титрар, соғлом диркиллаб турган жисми тириклиги боис унга сўзсиз бўйсунарди. Биз эса ўз жисмимизни у қадар ҳис қилмай қўйгандик, ҳис қилганда ҳам, у каби эмасдик. Мен иштонимнинг паст қисмини пайпаслаб кўришни истардим, лекин бунга журъат этолмасдим. Мен бельгияликка тикилиб қарайман: у ўз мушак­ларининг эгаси, кучли оёқлари ерда уни маҳкам тутиб туради, унга эртанги кун ҳақида ўйлашига ҳеч нарса ҳалақит бермайди. Биз уч қони сўриб олинган шарпа – бутунлай бошқа бир томонда жойлашганмиз, биз унга қаттиқ термулиб ўтириб, бамисоли унинг қонини ичамиз – қонхўрлар каби. Ана у болапақир Хуаннинг олдига борди. Болакайнинг бошини нега силамоқчи бўлди – айтиш қийин; балки буни касб-кори талабига кўра қилгандир, балки кўнглида раҳм-шафқат уйғонгандир. Агар шундай бўлса, бу тун бўйи фақат бир мартагина рўй берди, холос. У Хуаннинг бошини силаб, елкасига қоқиб қўйди, болакай ундан кўзини узмас ва бунга қаршилик кўрсатмасди, аммо у кутилмаганда бельгияликнинг қўлидан маҳкам тутиб, ваҳшиёна алфозда тикилиб қолди. Болакай унинг қўлини ўз кафтлари орасига олиб сиқди, бунинг ажабланарли жойи йўқ эди: туссиз оташкурак орасидаги оппоқ, юмшоқ қўл. Мен нима рўй беришини дарров тушундим. Чамаси, Том ҳам фаҳмлади, аммо бельгиялик буни миннатдорлик изҳоригина деб англаб, ҳамон оталарча табассум қилиб турарди. Кутилмаганда болакай бу юмшоқ дўмбоққина қўлни оғзига олиб борди-да, уни тишламоқчи бўлди. Бельгиялик қўлини кескин тортиб олди ва қоқиниб кетиб, деворга урилди. Бир зум у бизга даҳшат тўла кўзлари билан боқиб турди: мана, ниҳоят у биз ўзига ўхшамаган, тамомила бошқача одамлар эканимизни англади. Мен хахолаб кулиб юбордим, соқчилардан бири даҳватан сакраб ўрнидан туриб кетди. Иккинчи соқчи эса ҳамон ухлаб ётар, ярим юмуқ қовоқлари орасидан кўзининг оқи кўзга чалинарди. Мен ўзимни ҳорғин ва ўта оғир ҳаяжонга ботган ҳолда сезардим. Ҳали тонг қоронғисида нима рўй беришини, ўлимни ўйлагим келмасди. Барибир ўлимни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди, сўзлар қуруқ ва ҳеч нарсани англатмасди. Лекин бутунлай бошқа бир нарса ҳақида ўйлайман деганимда, шу заҳоти менга қараб ўқталган милтиқларнинг оғзини кўрдим. Йигирма мартача ўзимнинг отилаётганимни тасаввур қилдим, бир гал ҳатто бу ростдан ҳам рўй бераётгандай туюлди: афтидан, кўзим илиниб қолган бўлса керак. Девор томонга судрашар, мен эса қаршилик кўрсатар ва раҳм қилинглар, деб бақирардим. Шунда шошиб кўзимни очдим ва бельгияликка қарадим: тағин уйқимда бақириб юборган бўлсам-а, деб қўрқардим. Аммо бельгиялик мўйловчаларини хотиржам силар, ҳеч нарсани сезмаганга ўхшарди. Агар истасам, андак мизғиб олишим мумкин эди: икки кундан буён кўз юммаганман, асабларим таранг тортилган эди. Аммо қолган икки соат умримни зое кетказгим келмасди: улар мени тонг саҳарда туртиб-суртиб уйғотишади, уйқуси чала карахт одамни ташқарига олиб чиқишади, кўз очиб юмгунча асфаласофилинга жўнатишади, мен эса ҳатто оғзимни очишга ҳам улгуролмайман. Буни хоҳламасдим, худди ҳайвондай жонимни олишларини истамасдим – мен аввал гап нимадалигини билишим керак. Ундан ташқари, мен босинқирашни ёмон кўрардим. Ўрнимдан турдим, орқа-олдимга юрдим, фикрларимни чалғитишга уриндим, ўтган воқеаларни хотирлашга уриндим. Шунда миямда паришон хотиралар ғувиллаб айланди. Уларнинг яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бор эди. Ҳарқалай ҳозирги аҳволимга довур менга шундоқ туюларди. Ҳар турли ҳодисалар ёдимга тушди, таниш башаралар кўз ўнгимдан липиллаб ўтди. Валенсиядаги якшанба бозорида буқа шохига илиб итқитиб юборган ёшгина новилеронинг чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланди, амакиларимдан бирининг юзини кўрдим, Рамон Гриснинг қиёфаси нигоҳимдан ўтди. Йигирма олтинчи йилда уч ой иш тополмай сарсон юрганимни, очликдан ўлар ҳолга келганимни эсладим.
Бир кеча Гранададаги кўча ўриндиғида ётиб ухлаганим ёдимга тушди: уч кундан буён туз тотмаган эдим, алам ичида ўртанар, сира ўлгим келмасди. Шуларни эслаб, жилмайиб қўйдим. Мен юҳо суллоҳ каби омад, хотинлар, эрк ортидан югургандим қанчалар. Нима бўлди? Испаниянинг халоскори бўлишни истардим, Пи-и-Маргал қошида сажда қилардим, анархистларга бориб қўшилдим, одамлар орасида нутқлар айтдим; мен буларни худди ўлим йўқдай ўта жиддий адо этдим. Шу дақиқаларда эса бутун ҳаётим икки кафтимда яққол тургандай эди, шунда мен, “Булар ҳаммаси қанчалар разил ёлғон!” деб ўйладим. Менинг ҳаётим сариқ чақалик ҳам эмас экан, зеро, у олдиндан қурбонликка келтирилган эди. Ўзимдан тинмай сўраганим сўраган эди: мана шундай ўлиб кетишимни билсайдим, кўчаларда дайдиб юрармидим, хотинлар орқасидан санғирмидим, йўқ, унда мен ҳатто жимжилоғимни ҳам қимирлатиб қўймасдим. Энди ҳаёт тугади, қопдай оғзи боғланди, лекин ҳали ҳаммаси тугамаган, поёнига етиб улгурмаганди. Барибир, бу ҳаёт асли гўзал, деб айтгим келарди. Лекин машқни, ишнинг қораламасини ҳали қандай баҳолаб бўлади, ахир, мен ҳеч нарсани тушунганим йўқ, ваҳоланки, келажагимга гаров бўлоладиган ишларни бажаряпман, деб хомхаёл қилибман. Жуда кўп нарсалар боис афсус, надомат, армон қилишим мумкин эди, мисол учун мансанильони айтай ёки Кадисдан унча узоқ бўлмаган кичкина кўрфазчадаги чўмилишларим қандай соз эди, лекин ўлим буларнинг мафтункорлигига барҳам берди, шунинг учун ҳеч нарсага афсус-надомат қилмасдим.

Кутилмаганда бельгияликнинг калласига ўткир бир фикр келиб қолди.
– Биродарларим, – деди у, – мен ўзимга бир мажбурият олмоқчиман, рост, агар маъмурият қарши бўлмаса, – сизларнинг азиз кишингизга айтадиган бирон гапингиз бўлса, уларга етказиб қўйишим мумкин…

Том тўнғиллади:
– Менинг ҳеч кимим йўқ.

Мен индамасдим. Том бир зум жим турди-да, сўнг қизиқсиниб сўради:
– Нима, сенинг Кончега айтадиган гапинг йўқми?
– Йўқ.

Бундай гап-сўзларга сира тоқатим йўқ эди. Бироқ айб ўзимда: яқинда унга Конче ҳақида гапириб бергандим, афсус, тилимни тийсам бўларкан. Мен бир йилни Конче билан бирга ўтказдим. Ҳали куни кеча у билан беш дақиқа кўришиш учун қўлларимни болта тагига қўйишга ҳам тайёр эдим. Шунинг учун ҳам уни Томга гапириб бергандим, ҳеч юрагимга сиғдиролмагандим. Лекин энди уни кўришни истамасдим, унга нима ҳам дердим. Ҳатто уни қучоқлагим ҳам келмасди: ҳозир жисмимдан ўзим ижирғанардим, чунки у бўздай оқарган ва шилимшиқ эди, унинг баданидан ҳам ижирғанмасдим, деб ишонч-ла айтолмайман. Менинг ўлимимни эшитиб Конче кўзёши қилади, бир неча ойлаб ҳаётдан озурда бўлиб юради. Лекин ҳар не деманг, ўладиган одам – Мен. Унинг мулойим боқадиган чиройли кўзларини эсладим: термилиб боққанда худди нигоҳидан менга бир нарсалар сизиб ўтаётгандай бўларди. Лекин энди бари тугади: агар ҳозир мени кўргандами, унинг нигоҳи ўзида қолган, бу нигоҳ сира менга етиб келмаган бўларди. Мен ёлғиз эдим.

Том ҳам ёлғиз эди-ю, лекин унинг ёлғизлиги бошқачароқ эди. Том чўк тушиб ўтирди-да, ажабсинган илжайиш билан тикилиб, ўриндиқни томоша қила бошлади. У худди бир нимани бузиб юборишдан қўрққандай қўлини оҳиста унга қўйди, кейин қўлини тортиб олиб, қалтираб кетди. Томнинг ўрнида бўлганимда мен ўриндиқни эрмак қилиб ўтирмасдим, бунинг бари яна ўша ирландча комедиянинг нақ ўзи. Бироқ мен ҳам нарсалар аллақандай ғалати бўлиб кўринаётганига эътибор бердим: улар одатдагидан бошқача жимирлаб пирпираб кўринарди. Ўриндиққами, чироққами, кўмир уюмигами қараган заҳотим бир нарса аниқ туюларди: мен энди бу оламда бўлмайман. Рост, ўлимимни аниқ тасаввур қилолмасдим, лекин у ҳаммаёқда ва, айниқса, нарсаларда кўзимга ташланарди, нарсалар мендан узоқлашиб бораётгандай, мендан олисроқда туришни истагандай эди – лекин улар буни худди одамлар каби ўлим тўшагида ётган киши ҳузурида шивирлашиб сўйлагандай жимгина адо этар эди. Том ўриндиқ узра ҳозиргина ўз ўлимини сийпаб кўрганини мен тушунардим. Агар мана шу дақиқаларда менга, энди сени ўлдирмаймиз, бемалол хоҳлаган жо­йингга кетавер, деб эълон қилганларида ҳам, бу мени ҳозирги лоқайдлигимдан чиқаролмасди: сен мангуликка қолиш умидини йўқотдинг, бу ёғига бир неча йил кутасанми ё бир неча соатми – бунинг нима фарқи бор?! Энди ҳеч нарса эътиборимни тортмас, ҳеч нарса менинг хотиржамлигимга путур етказолмасди. Аммо бу жуда қалтис хотиржамлик эди, бунинг айбдори эса жисмим: кўзларим кўрар, қулоқларим эшитар, лекин бу мен эмасдим – жисмим бир зайлда қалтирар ва тер босарди, энди уни таний олмасдим. У энди менга эмас, кимгадир тегишли эди ва унинг нимага айланганини билиш учун дам сайин пайпаслардим. Ҳали ҳам вақти-вақти билан ҳар қалай уни ҳис этардим: мен қайгадир сирғаниб кетаётгандай, худди шўнғиган тайёра каби зувиллаб учаётган бўлардим, юрагим қинидан чиқиб кетгудай тасирлаб ураётганини сезиб қолардим. Бундан кўнглим жойига тушмасди: жисмим билан боғлиқ ҳамма нарса менга аллақандай ёпишқоқ, шилимшиқ, бетайин бўлиб туюларди. Аммо, умуман олганда, жисмим ўзини тек, осойишта тутарди, фақат мени ғалати бир оғирлик босган эди, кўксимга ғалати бир илон ёмон чирмашиб олгандай, назаримда, бутун аъзойи баданимни улкан бир қурт ўраб олаётгандай эди. Мен иштонимни пайпаслаб кўриб, унинг ҳўллигини пайқадим, лекин бу терданми, пешобданми, билолмадим, ҳар эҳтимолга қарши, кўмир уюми устига бўшаниб олдим.

Бельгиялик чўнтагидан соатини чиқариб қаради ва “Уч ярим”, деди хотиржам овозда.

Аблаҳ! У атай шундай қилди! Том илкис сакраб турди – биз хаёллар билан чалғиб, вақт ўтаётганини унутибмиз, тун қалқиб турган қоронғилиги билан бизни чирмаб олган ва тун қачон бошланганини сира эслолмасдим.

Болапақир Хуан ҳиқиллай бошлади. У қўлларини қисирлатар ва қичқирарди:
– Ўлишни истамайман, ўлишни истамайман!

У қўлларини олдинга чўзганча ертўла ичини кесиб ўтди-да, бўйра устига қулади ва уввос солиб йиғлаб юборди. Том кўз олди хиралашган кўйи унга қаради: болакайни сира юпатгиси келмаётгани сезилиб турарди. Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди: болакай биздан қаттиқроқ шовқин-сурон кўтараётган бўлса-да, лекин унинг азоби енгилроқ эди. У оғир касалдан иситма тутиб қутулаётган беморга ўхшарди. Бизнинг аҳволимиз анча оғирроқ эди.

У йиғлар, ўзига ачиниб кетаётгани кўриниб турар, лекин ўлимнинг ўзи нималиги ҳақида ўйламасди. Бир сония ичи, бир оний сония ичи мен ҳам ҳозир йиғлаб юборадигандай, ўз-ўзимга жуда ачиниб кетгандай туюлдим. Лекин аксинча бўлди: болакайга қараб, унинг титраган ориқ елкаларини кўрдим-да, ўзимни шафқатсиз бўлиб кетгандай сездим – мен энди на ўзим ва на бошқага раҳм қилишга қодир эдим. Ўзимга ўзим “Сен тик туриб ўлишинг керак!” дедим.

Том ўрнидан туриб очиқ туйнук олдига борди-да, оқариб келаётган осмонга қарай бошлади. Мен эса ўзимга ўзим такрорладим: тик туриб ўлиш, тик туриб ўлиш – бошқа ҳеч нарса хаёлимга келмасди. Аммо бельгиялик бизга вақтни эслатиб қўйгандан бери мен унинг оқиб ўтаётганини ҳис қилар, ҳақиқатан у томчи эди ва томчига айланиб оқиб борарди. Ҳали кун ёришмаган эди. Том сўз қотди:
– Эшитяпсанми?
– Ҳа.

Ташқаридан қадам товуши келарди.
– Тонг қоронғисида нима қилиб санғиб юришибди! Бизни, ахир, қоронғида олиб чиқиб отишмас.

Бир дамдан сўнг жимлик чўкди. Мен Томга шивирладим:
– Кун ёришяпти.

Педро оғзини катта очиб, ҳомуза тортганча ўрнидан турди, чироқни ўчириб шеригига ўгирилди:
– Итдай совқотдим.

Ертўлага нимтатир ёруғлик тушди. Биз узоқда милтиқ овозларини эшитдик.
– Бошланди, – дедим Томга. – Менимча, орқа томонда отишяпти.

Том бельгияликдан сигарет сўради. Менинг на ичким ва на чекким келарди. Шу дамдан эътиборан улар бетўхтов отишга тушди.
– Тушундингми? – деди Том.

У яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин жимиб қолди ва эшик томонга қаради. Эшик очилиб, тўртта аскар билан лейтенант кирди.
Том оғзидан сигаретини тушириб юборди.
– Стейнбок?

Том бесас қотиб турарди. Педро у томонга ишора қилди.
– Хуан Мирбал?
– Бўйрада ётган ўша.
– Тур ўрнингдан! – қичқирди лейтенант.

Хуан қимир этмади. Иккита аскар унинг қўлтиғидан тутиб оёққа қўйди. Аскарлар қўйиб юборган эди, Хуан яна йиқилди. Аскарлар талмовсираб туришарди.
– Бунақаси бўлиб туради, – деди лейтенант. – Кўтариб олиб боришга тўғри келади, майли, ҳаммаси жойида.

У Томга ўгирилиб қаради:
– Чиқ.

Том чиқди, икки аскар икки ёнига турди. Бошқа иккитаси Хуанни қўлтиқ ва билакларидан тутганча олиб чиқишди. Хуаннинг ҳуши ўзида эди, кўзлари катта-катта очилган, юзидан кўзёшлари оқиб тушарди. Мен ҳам эшик томон юрганимда лейтенант тўхтатди:
– Иббиета сизмисиз?
– Ҳа.
– Кутиб туринг. Сизга келишади.

У чиқиб кетди. Бельгиялик ва икки соқчи унга эргашди. Ёлғиз ўзим қолдим. Нима бўлаётгани менга қоронғи эди, ўзимга қолса, барини бирваракай тугатиб қўя қолишларини истардим. Ўқ овози аниқ эшитиларди, милтиқлар маълум вақт оралаб отиларди. Ҳар сафар милтиқ овозидан титраб кетардим. Увиллагим, сочларимни юлгим келарди. Лекин тишларимни маҳкам босдим, қўлларимни чўнтагимга тиқдим: дадил бўлиш керак! Бир соатдан сўнг мени олиб кетишга келишди ва биринчи қаватдаги кичкина хонага олиб киришди, бу ер сигара тутунига тўлган, шундай дим эдики, бўғилиб нафасим тиқилди. Иккита зобит юмшоқ ўриндиқларга чўкиб, сигара бурқиситишар, тиззалари устида қоғозлар ёйилган эди.

– Исми шарифинг Иббиетами?
– Ҳа.
– Рамон Грис қаерга яширинган?
– Билмайман.

Мени сўроқ қилаётгани семиз пакана киши эди. Унинг кўзлари ойнак остидан менга ўқдай қадаларди.
– Яқинроқ кел, – деди у менга.

Яқин бордим. У ўрнидан туриб, худди жаҳаннамга қулатиб юборадигандай менга ўқрайиб қаради, қўлимни қайира бошлади. Мени қийнаш учунгина шундай қилмади, унга шунчаки эрмак керак эди: ўзининг ҳукмдорлигини кўрсатиб қўймоқчийди. У башарасини менга тақади, димоғимга балчиқ ҳиди урилди. Бу бир дақиқача давом этди, мен кулгидан ўзимни базўр тиярдим. Ҳализамон ўладиган одамни қўрқитиш учун бошқа кучлироқ бир нарса керак, шунинг учун унинг дўқ-пўписаси зое кетди. Кейин у мени қаттиқ итариб юборди-да, яна жойига ўтирди.
– Ё сен, ё у, – деди у. – Агар унинг қаердалигини айтсанг, ҳаётингни сақлаб қоламиз.

Баланд қўнжли этик кийган ва бўйинбоғ таққан манави нусхалар ҳам эртадир, кечдир, барибир ўлади. Рост, балки мендан пича кейинроқдир, лекин унча кўп эмас. Улар олдидаги қоғозлардан қандайдир исмларни тортиб чиқаришар, қамоққа тиқиш ёки отиб ташлаш учун одамларни қув-қувга оларди, Испания­нинг келажаги ва бошқа кўп нарсалар хусусида уларнинг ўз қарашлари бор эди. Уларнинг ғайрати жиғимга тегар, кулгили кўринарди, улар восвос бўлиб қолганга ўхшар, мен уларнинг ўрнида бўлишни сира истамасдим.

Одамнинг кулгисини қистатадиган семиз пакана нусха таёқчаси билан қўнжига ура-ура кўзини мендан узмай қарарди. Унинг барча хатти-ҳаракатлари аниқ ҳисобга олинган, ўзини жуда қаҳрли махлуқ қилиб кўрсатмоқчи бўларди.
– Хўп, нима, тушундингми?
– Грис ҳозир қаердалигини билмайман, – дея жавоб бердим мен. – Эҳтимол Мадриддадир.

Иккинчи зобит эринибгина қўлини кўтарди. Бу эринчоқлик ҳам аввалдан ҳисобга олинган эди. Мен уларнинг олдиндан пишитиб қўйилган барча усулларини аниқ кўриб турар ва шундай аҳмоқона нарсалардан ҳам роҳат қиладиган одамлар борлигидан ажабланардим.
– Биз сизга ўйлаб кўриш учун чорак соат вақт берамиз, – деди у. – Буни кирхонага олиб боринглар, чорак соатдан сўнг олиб келинглар. Агар бош тортса, дарҳол отиб ташланглар.

Аблаҳлар, нима қилишни билишади: мен бир кеча кутдим, кейин ертўлада яна бир соат ўтирдим, Хуан билан Томни бу пайт ичида отишди, энди эса мени кирхонага қамаб қўйишмоқчи – шак-шубҳа йўқки, буни улар кеча маслаҳатлашиб қўйишган. Бунинг асаблари бу қисти-бастиларга дош бермайди, таслим бўлади, деб ўйлашган. Лекин чакки ўйлашибди. Мен, албатта, Грис қаерга яширинганини билардим. У шаҳардан тўрт чақирим наридаги амакилариникида беркинган эди. Агар мени қийноққа солишмаса (афтидан, улар бундай қилишмоқчи эмасди), ҳеч қачон унинг қаерга яширинганини айтмайман, буни жуда яхши билардим. Буларнинг бари менга кундай равшан эди, бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас, умуман, бу мени заррача ҳам қизиқтирмасди. Шундай бўлса ҳам, барибир нега ўзимни бундай тутяпман, нега бошқача эмас, деб тушуниб олишни хоҳлардим. Нега мен Рамон Грисни чақиб бериш ўрнига ўлиб кетишни афзал бил­япман? Нега? Ахир, энди Рамонни яхши кўрмасдим. Унга бўлган дўстлигим кеча тонг қоронғисида тугади, Кончега муҳаббатим ҳам, яшаш истагим ҳам тамом бўлди. Рост, мен уни доим ҳурмат қилиб келганман. У мард, матонатли одам. Лекин фақат шунинг ўзи деб унинг ўрнига ўлишга рози бўлганим йўқ: мен учун унинг ҳаёти ўз ҳаётимдан қимматлироқ эди – ҳар қандай ҳаёт сариқ чақага арзимайди. Одамни деворга тақаб қўйишиб, то жони чиққунча тариллатиб отишса: бу ким бўлмасин, менми, Рамонми, ёки бошқа бир кишими – бир қарашда ҳаммаси баробар. Мен яхши билардим: у Испанияга кўпроқ керак эди, лекин энди мен Испанияга ҳам, анархизмга ҳам тупурардим: энди ҳеч нарсанинг маъноси қолмаган эди. Бироқ шу ерда эканман, Рамон Грисни ушлаб бериб, ўз жонимни қутқаришим мумкин, аммо мен бундай қилмайман. Эшакдай қайсарлигим ўзимга ғалати бўлиб кўринарди. “Э, одам деган шунчалик аҳмоқ бўладими!” – дердим ўзимга ўзим. Ҳатто кўнглим озгина ёришгандай бўлди. Яна келишиб мени ўша хонага олиб кетишди. Оёғим остидан каламуш липиллаб ўтди. Бундан ажабландим. Мен фаланга аскарларидан бирига шипшидим:
– Қара, каламуш.

Соқчи индамади. Унинг қовоғи солинган, ҳамма нарсани жиддий қабул қиларди. Менинг хахолаб кулгим қистади, аммо ўзимни тутдим, агар бир кулишни бошласам, кейин ўзимни тўхтатолмайман, деб чўчидим. Фаланга аскари мўйлов қўйган эди.
– Мўйловингни қириб ташла, бетамиз, – дедим унга.

Одам ҳали ҳаётлиги чоғида башарасининг жун босишига йўл қўйиши жуда кулгили туюларди. У беозоргина қилиб орқамга тепди, мен жим бўлдим.
– Хўш, – деди семиз пакана, – ўйлаб кўрдингми?

Мен худди ноёб ҳашаротга қарагандай унга қизиқсиниб кўз солдим-да, жавоб бердим:
– Ҳа, биламан унинг қаердалигини. У қабристонга яширинган, мақбара ёки қоровулхонада бўлиши керак.

Мен уларни бир боплагим келди. Сакраб туриб, апил-тапил қурол-яроғларини олиши, чаққон-чаққон буйруқлар беришини бир томоша қилай дедим. Улар ҳақиқатан ҳам жойларидан сакраб туриб кетишди.
– Кетдик. Молес, лейтенант Лопесдан ўн бешта одам олинг.
– Агар тўғри айтган бўлсанг, – деди пакана, – сўзимнинг устидан чиқаман. Агар бизни лақиллатаётган бўлсанг, жонингдан умидингни узавер.

Улар тасир-тусир қилиб хонадан чиқиб кетишди, мен эса соқчилар назоратида хотиржамгина ўтирардим. Вақт-бевақт иршайиб қўярдим: уларнинг қабристон томонга лўкиллаб бораётганини кўз ўнгимга келтирар ва бундан кулгим қистарди. Бу ишни жуда қойил қилгандай эдим. Уларнинг мақбаралар эшигини очаётгани, мозор тошларини кўтараётгани шундоққина кўз ўнгимда жонланарди. Буларнинг барини бегона кўз билан кўраётгандай эдим: қайсар маҳбус, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи бўлган қайсар маҳбус, басавлат мўйловдор фаланга ҳарбийлари, гўристонда қабрлар оралаб изғиб юрган аскар кийимидаги кишилар, – ҳақиқатан ҳам, бундан қизиқроқ манзарани ўйлаб топиш мумкинми?! Ярим соатдан сўнг семиз зобит қайтиб келди. Ҳозир мени отиб ташлашга буюради, деб ўйладим. Бошқалари, чамаси, гўристонда қолишган, шекилли. Аммо зобит менга диққат билан разм солди. У сира лақиллатилган зотга ўхшамасди.
– Уни катта ҳовлига, бошқаларнинг олдига олиб боринглар, – деди у. – Ишини жанг тугагандан сўнг трибунал ҳал қилади.

Уни яхши тушунмадимми, деган хаёлда сўрадим:
– Нима, ахир мени отишмайдими?
– Ҳар ҳолда ҳозир эмас. Ундан кейин бунинг менга алоқаси йўқ.

Мен ҳамон ҳеч нарсани тушунмасдим.
– Лекин нимага?

У индамай елкасини қисди, аскарлар мени олиб кетишди. Катта ҳовлида юзларча қамоққа олинганлар, чоллар, болалар тўдалашиб турарди. Ҳеч нарсага ақлим етмай ўртадаги кўкатзор атрофида кезиниб юрдим. Тушда бизни ошхонага олиб боришди. Икки-уч одам мен билан тиллашишга уринди. Афтидан, таниш-билишлар бўлса керак, лекин уларга жавоб бермадим: мен энди қаердалигимиз, ўзим кимлигимни англамасдим. Кечга яқин ҳовлига ўндан ортиқ янги қамоққа олинганларни киритишди. Улар орасида нонвой Гарсияни танидим. У менга қараб қичқирди:
– Омадинг бор экан! Сени тирик кўраман деб ўйламовдим.
– Улар мени отишга ҳукм қилишди, – деб жавоб бердим унга, – кейин қайтаришди. Негалигини тушунмайман.
– Мени соат иккида қўлга олишди, – деди Гарсия.
– Нимага?

Гарсия сиёсат билан шуғулланмасди.
– Ҳеч ақлим етмайди, – жавоб берди Гарсия, – уларга ўхшаб ўйламайдиганларнинг ҳаммасини тутишяпти.

У овозини пасайтирди:
– Грис қўлга тушди.

Мен сесканиб кетдим:
– Қачон?
– Бугун эрталаб. Тентаклик қилиб қўйди. Чоршанба куни укаси билан уришиб, уникидан кетиб қолди. Уни яшираман деганлар кўпчилик эди, бироқ у ҳеч кимни зарба остига қўйгиси келмади. У менга “Иббиетаникида беркинсам бўларди, лекин уни қамашган бўлишса, унда қабристонда яширина қоламан”, деди.

– Қабристонда дейсанми?
– Ҳа. Бемаъни бир иш. Бугун эрталаб анавилар қабристонга бостириб боришди. Уни қоровулнинг кулбасида босишди. Грис ўқ отиб қаршилик кўрсатди, уни отиб ташлашди.
– Қабристонда-я!

Кўз ўнгим хиралашиб бошим чайқалиб кетди, ерга қуладим. Мен ўзимни тўхтатолмай хахолаб кулар, кўзларимдан ёш дарё бўлиб оқарди.

1939

Манба: «Taфаккур» журнали, 2010,3-сон.

МАҲБУС
Рус тилидан Аҳмад Отабой  таржимаси

Ashampoo_Snap_2017.05.26_22h43m46s_004_.png   Бизни саройдай кенг ёп-ёруғ хонага итариб киритиб юборишди. Ёруғдан кўзлар қамашиб кетди, мен кўзларимни юмдим. Бир лаҳзадан сўнг назарим столга, стол ортида аллақандай қоғозларни варақлаб ўтирган фуқаро кийимидаги тўрт кимсага тушди. Бошқа маҳбуслар бир четда тўда бўлиб туришарди. Биз хонани оралаб ўтиб, уларга қўшилдик. Кўпчилигини мен танирдим, қолганлари, афтидан муҳожирлар эди. Олдда бошлари думалоқ, бир-бирига ўхшаб кетадиган икки нафар малла соч туришарди: франтсузлар бўлса керак, деб ўйладим. Бўйи паканароғи дам-бадам шимини юлқиб қўяди – асабийлашаётир.

Шу алфозда уч соатча турдик, силлам қуриб меровланиб қолдим, бошим ғувиллай бошлади. Бироқ хона иссиқ эди, бир неча кун совуқда қолганимизданми, ҳарқалай, бу ерда жон сақласа бўларди. Соқчилар маҳбусларни битта-битта столнинг олдига олиб келишди. Ўтирган ўша тўрт кимса улардан бирма-бир исм-шарифи ва касбини сўрайди. Бошқа нарса уларни деярли қизиқтирмайди чамаси, аммо гоҳи-гоҳида: «Ўқ-дори ўғирлаганларга қўшилганмидинг?» ёки «Учинчи куни эрталаб қаерда эдинг, нима қилдинг?» дея савол бериб қўяди. Жавобини эшитиб ҳам ўтирмайди ё ўзларини эшитмаганга олади, атрофга бепарво қараб қўяди-да, кейин ёзишга тушиб кетади. Томдан байналминал бригадага хизмат қилганинг ростми, деб сўрашади. Бўйин товлашнинг фойдаси йўқ — улар аллақачон Томнинг камзул чўнтагидан ҳужжатларини олиб қўйишган. Хуандан ҳеч нима сўрашмадиям, бироқ у исмини айтган ҳамоно тез-тез бир нималарни ёзишди.

—Ўзларингга маълум, — деди Хуан, — менинг акам Хозе анархиячи. У ҳозир бу ерда йўқ. Мен сиёсат билан шуғулланмайман. Ҳеч қандай партияга аъзо эмасман.
Улар чурқ этмай ёзишарди. Хуан жим туролмади.
— Менинг гуноҳим йўқ. Бошқалар учун жавобгар бўлишни хоҳламайман.
Унинг лаблари титрарди. Соқчи унингни ўчир, деб буюрди ва уни четга олиб чиқди. Менга гал келди.
— Сизнинг исмингиз Пабло Иббиетами?
— Ҳа, — дедим мен.
Кимса қоғозга қараб олиб сўради:
— Рамон Грис қаерга яширинган?
— Билмайман.
— Уни олтинчидан ўн тўққизинчигача сиз уйингизда яшириб ўтиргансиз.
— Бекор гап.

Улар бир нималарни ёзишди, кейин соқчилар мени хонадан олиб чиқишди. Даҳлизда Том билан Хуан икки қўриқчининг орасида туришарди. Қўриқчилар бизни олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Йўл-йўлакай Том уларнинг биридан сўради:
— Хўш, буёғи нима бўлади энди?
— Қайси маънода? – сўради соқчи.
— Бу нимайди — сўроқми ёки суд?
— Суд.
— Тушунарли. Хўш, энди нима бўларкан?
Қўриқчи рўйхуш бермай жавоб қилди:
— Ҳукмни сизларга камерада эълон қилишади.

Уларнинг камера дегани аслида касалхонанинг ертўласи эди. Ертўла гўрдан баттар совуқ, тўрт тарафидан изиллаб изғирин елиб туради. Туни билан тишларимиз шақиллаб чиқади, кундуз куни ҳам аҳвол зиғирча ўзгаргани йўқ. Бундан олдинги беш кунни мен черков биносининг картсерида ўтказдим. — Бир кишилик турмахонага ўхшайдиган бу жой ўрта асрдан қолган тошқопнинг ўзгинаси. Ҳибсга олинганлар ҳаддан ташқари кўплигидан уларни тўғри келган кавакка тиқишарди.

Мен ўшанда тош қазноқда ётганимдан афсусланмайман: у ерда, ҳарқалай, совуқ суякни қақшатадиган даражада эмасди, фақат бир ўзим ётардим, ёлғизлик эса силлани қуритади. Ертўлада эса менинг кам деганда, шерикларим бор. Тўғри, Хуан деярли оғзини очмайди: бояқиш, қаттиқ қўрқади, устига устак ҳали жуда ёш, ниманиям гапирарди. Томнинг, аксинча, жағи тинмайди, испанчага тўн кийдириб гапиради.
Ертўлада курси ва яна тўртта ўриндиқ бор эди. Устимиздан қулфлашгач, келиб ўтирдик ва бир неча дақиқа сукут сақладик. Шундан сўнг Том гап бошлади:
— Тамом, шўримиз қуриди.
— Шундайга ўхшайди, — маъқулладим мен. — Бироқ манов гўдакка тегинишмас, ҳарқалай.
— Акаси жангари бўлса бордир, бироқ у айбдор эмас-ку.
Мен Хуанга қарадим: назаримда у бизнинг гапимизни эшитмаётган эди.
Том гапини давом эттирди:
— Уларнинг Сарагосадаги ваҳшийликларидан хабаринг борми?

Одамларни тош йўлга қатор қилиб ётқизишарканда, устидан юк машинасини ҳайдаб дазмоллашаркан. Марокашлик бир қочоқ гапириб берди. Бу билан ўқ-дорини иқтисод қилишаркан, дейди.
— Ёқилғини-чи, бензинни ким иқтисод қиларкан?
Том асабимни қўзғади: ахир, бу гапларни валдирашдан нима фойда.
— Зобитлар бўлса бу пайт қўлларини чўнтакка тиқиб, оғизларида сигарета билан йўл четида баҳузур, бориб-келиб юрармиш. Қанийди, шўринг қурғурлар бир зумда жон бериб, қутула қолса. Қаёқда! Cоатлаб вой-додлаб ётишармиш. Марокашлик айтади, дастлаб оғриқнинг зўридан товушлари чиқмай қоларкан ҳатто.
— Йўқ, бу ерда ундай қилишмайди, ишончим комил, — дедим мен, — бошқасини билмадиму бироқ ўқ-дори етарли.

Ертўлага тўртта тирқишдан ва шифтнинг чап тарафидаги шундоқ осмон кўриниб турадиган думалоқ туйнукдан ёруғ тушиб туради. Олдин бу туйнукдан ертўлага кўмир ташланган. Дарвоқе, туйнукнинг тагида, ерда майда кўмир уюми бор. Афтидан, касалхонани иситиш учун олиб келинган. Уруш бошланиб қолиб, беморларни кўчиришган, кўмир эса жойида қолган. Туйнукни бекитишни, эҳтимол, ёддан чиқариб қўйишган, гоҳи-гоҳида тепадан ёмғир томчилаб турган. Туйқусдан Томнинг жазаваси қўзиди:
— Минг лаънат! – тўнғиллади у. — Аъзойи баданим қақшаяпти. Шу етмай турганди ўзи!

У ўрнидан туриб сакрай бошлади. Сакраганида кўйлагининг ёқаси очилиб, оппоқ сержун кўкраги кўриниб кетарди. Кейин энкайиб, қўлларига таянди ва оёқларини тепага кўтариб, қайчи қила бошлади: мен унинг бўлиқ думбалари диркиллаганини кўрдим. Сирасини айтганда, Том миқтидан келган, этли эди. Беихтиёр бу сергўшт момиқ баданга ўқ ва милтиқ найзалари, худди ёғни кесаётган пичоқдай, осонгина тешиб-ёриб киришини кўз олдимга келтирдим. Агар Тош озғин бўлганида, эҳтимол, на қўл ва на оёғим борлигини сезардим. Ора-сира бир нимамни ўғирлатиб қўйгандай атрофга олазарак қарайман, камзулимни излаб тимирскиланаман ва шунда уни қайтариб беришмагани тағин ёдимга тушади. Уларнинг бу қилиғидан хафа бўлдим. Бизнинг кийим-кечагимизни шилиб олишди ва беморлар авжи саратонда кийиб юрадиган қалин иштонлар беришди. Том ўрнидан туриб, рўпарамизга келиб ўтириб олди.
— Қалай, баданинг қизидими?
— Йўғ-а, жин урсин. Нафасим тиқилиб қолди.

Соат саккизлар атрофида камерага комендант билан икки нафар аскар кириб келди. Комендантнинг қўлида рўйхат бор эди. У қўриқчилардан сўради:
— Буларнинг исм-шарифлари нимайди?
Қўриқчи жавоб қилди:
— Стейнбок, Иббиета, Мирбал.
Комендант кўзойнагини қўндириб, рўйхатга қаради.
— Стейнбок… Стейнбок… А-ҳа, мана. Сиз отишга ҳукм этилгансиз. Ҳукм эртага эрталаб ижро этилади.
У яна бир бор рўйхатга қаради:
— Анови иккаласи ҳам.
— Мумкинмас, — минғирлади Хуан. —Бу хато.
Комендант унга ажабланиб қаради:
— Исм-шарифинг?
— Хуан Мирбал.
— Ҳаммаси тўғри, отув!
— Ахир, мен ҳеч нима қилганим йўқ-ку, — тирғалди Хуан.
Комендант елкасини қисиб қўйди ва биз томонга бурилди:
— Сизлар баскмисизлар?
— Йўқ.
Комендантнинг кайфи қочди.
— Менга бу ерда учта баск ўтирибди, дейишганди-ку. Нима, менинг уларни қидиришдан бўлак ишим йўқми. Сизларга, албатта, руҳонийнинг кераги йўқдир?
Биз индамадик.
— Ҳозир олдингизга табиб келади, у белгиялик. Эрталабгача бирга бўлади сизлар билан, — деди комендант ва ҳарбийчасига хайр-хўшлашиб чиқиб кетди.
— Хўш, мен нима дегандим, — деди Том. — Олижаноблик қилишибди.
— Ҳақиқатдан, — дедим мен. — бироқ болани… нега?… Аблаҳлар!

Бу гапни мен адолат туйғусидан келиб чиқиб айтгандим, аслида эса кўнглимда бу йигитчага нисбатан зиғирча меҳр йўқ эди. Унинг юзи сип-силлиқ эди, ўлим ваҳмидан башараси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Уч кун бурун у бошқача, мўртгина бир ўсмир эди – бундай болалар ёқимтой бўлишади, бироқ энди у тўкилиб-тугаб бораётган эски харобага ўхшаб қолган, назаримда тирик қўйиб юборишган тақдирда ҳам умрининг охиригача шундай хароб аҳволда қоларди. Умуман, болакайни аяшгани маъқул эди, бироқ шафқат туйғуси баттар нафратимни қўзғади, боз устига, йигитчани жиним суймасди.
Хуан бошқа оғиз очмади, ранг-рўйи бўздай оқариб кетди: қўллари, юзи кўкарди. Бақрайган шокосадай кўзларини ерга қадаб олди. Том кўнгилчан эди, боланинг қўлидан олиб, раҳмдиллик қилмоқчи бўлди, бироқ у жон-жаҳди билан силтанди, юзи буришиб кетди.
— Тинч қўй уни, — дедим Томга. — Кўрмаяпсанми, ҳозир у портлайди.

Том гапимга истамайроқ қулоқ солди: унинг болакайни эркалагиси келаётганди — бу билан ўз қисматини унутишга уринарди. Иккаласи ҳам менинг ғазабимни алангалатди. Олдинлари мен ўлим ҳақида ҳеч ўйламаганман — бунга сабаб бўлмаган, бироқ энди ўзимни ажал кутиб турганини ўйлашдан бошқа иш қолмаган эди.
— Менга қара, — сўради Том, – сен улардан бирортасини гумдон қилганмисан ҳеч?
Мен гапирмадим. Том августнинг бошидан бери олтитасини қандай отиб ўлдирганини таърифлай кетди. У бошимизга тушиб турган кўргуликни хаёлига келтирмас ва буни истамаётганини ҳам мен жуда аниқ сезиб турардим. Қолаверса, қандай фожеа рўй берганини ўзим ҳам ҳали чуқур англаб етмагандим, бироқ жон таслим қилаётиб азоб чекишимни ўйлардим, чўғдай ўқлар ёмғири баданимни тешиб кетаётганини ҳис қилардим. Аммо бунинг юз беражак фожеага ҳеч қандай боғлиқ жойи йўқ эди. Ҳаяжонланмасам ҳам бўларди: фожеанинг моҳиятига етиш учун вақт сероб – олдинда бутун бир оқшом турибди. Том кутилмаганда жимиб қолди. Мен кўз қирим билан қарадим ва унинг ҳам ранг-рўйи бўзарганини кўрдим. У афтодаҳол қиёфада эди ва миямда: «Ана, бошланяпти!» деган фикр ярқ этди.

Шом қуйилиб келарди, тирқишлардаги, туйнукдаги нур хира тортиб қолди. Туйнукдан юлдузларга кўзим тушди: тун совуқ, осмон очиқ эди.
Ешик очилиб, ертўлага икки қўриқчи кирди. Уларнинг ортидан оқ сариқдан келган белгияча ҳарбий кийимда бир киши кирди. У бизлар билан саломлашиб, шундай деди:
—Мен табибман. Ҳозирги қайғули вазиятда сизлар билан бирга бўламан.
Унинг овози ёқимли, зиёлиларга хос эди. Мен ундан сўрадим:
—Нима мақсадда?
—Мен сизнинг хизматингиздаман. Қўлимдан келадиган ҳамма нарсани қилишга тайёрман, шояд, сўнгги соатларингизни бироз бўлса-да енгиллатишга кўмаклашсам.
—Нега атай бизнинг олдимизга келдингиз? Госпиталда беморлар кўп-ку.
— Мени шу ерга жўнатишди, — деди у мужмал жавоб қилиб ва шу нафасдаёқ шошиб қўшиб қўйди: — Чекасизларми? Менда сигарета бор, ҳатто сигара ҳам.

У бизларга инглиз сигареталарини ва гаванна сигараларини чўзди, биз рад этдик. Мен унга синчиклаб қарадим, у бесаранжон бўла бошлади. Шунда унга айтдим:
—Сиз бу ерга раҳм-шавқат кўрсатай деб келганингиз йўқ, тўғрими. Сизни танидим. Мени қўлга олишган куни казарма ҳовлисида кўргандим сизни. Фалангчилар билан бирга эдингиз.
Мен унга юрагимни буткул тўкиб-солмоқчи эдим, бироқ ҳайронман, нимадир бунга монелик қилди: туйқусдан белгиялик мени қизиқтирмай қўйганди. Авваллари мен бировга ёпишсам, тутган жойимни осонликча қўйиб юбормасдим. Айни чоғда ўз-ўзидан гапиришга иштиёқ йўқолди. Мен елкамни қисиб, кўзларимни олиб қочдим. Бир неча дақиқадан сўнг бошимни кўтардим ва белгиялик мени қизиқувчанлик билан кузатаётганини пайқадим. Қўриқчилар ўтириб олишди. Бесўнақай Педро зерикканидан нима қиларини билмайди, ора-сира ухлаб қолмаслик учун, бошини силкиб қўяди.
—Чироқ келтирайми? – кутилмаганда сўради Педро.

Белгиялик бош ирғаб розилик билдирди ва мен бу доно ҳам товуқмиялардан бўлса керак, деб ўйладим, бироқ барибир у жоҳилга ўхшамасди. Совуқ кўк кўзларига қараб туриб, ҳарқалай, у ақли ноқисларни даволаса ажабмас, деган фикрга бордим. Педро бир зумда керосин чироқ кўтариб келди ва уни ўриндиқнинг четига қўйди. Чироқ хира ёритарди, аммо бу зим-зиё қоронғудан кўра тузукроқ эди. Чунки биз ҳалигача зулматда ўтиргандик. Мен шипдаги чироқдан тушган ёруғ доирага узоқ тикилдим. Афсунлангандай термулиб қолдим. Туйқусдан ҳаммаси кўздан йўқолди, ёруғ доира сўнди. Мен ҳушимга келиб, гўё елкамдан оғир юк босаётгандай титраб кетдим. Йўқ, бу қўрқув эмас, ўлим ҳақидаги машъум хаёл ҳам эмас. Бу туйғунинг номи йўқ эди. Ёноқларим ловуллаб ёнар, бошим оғриқдан зирқирарди.

Мен совуқдан жунжикдим, шерикларимга қарадим. Том кафтлари билан юзини бекитиб ўтирарди, мен унинг оппоқ семиз ўмганини кўрдим. Кичкина Хуаннинг аҳволи баттар ёмонлашган эди: унинг оғзи ярми очиқ, бурун катаклари пирпирарди. Белгиялик унинг ёнига борди ва елкасига қўлини қўйди: афтидан, у болакайга далда бермоқчи эди, бироқ унинг кўзлари ҳамон совуқ боқарди. Хуан қилт этмади. Белгиялик унинг билагини учта бармоғи орасига олиб сиқиб ушлади, умидсизлиги юзидан билиниб турса-да, у бироз ортга, менга орқасини ўгирмоқчи бўлиб тисланди. Мен бўйимни чўзиб қараб, унинг чўнтагидан соатни олганини ва қўлини қўйиб юбормай, соатга тикилиб турганини кўрдим. Кейин у орқароққа четланди, Хуаннинг қўли шалвираб тушди. Белгиялик деворга суянди, бироз туриб нимадир ёдига тушгандай шошилиб ён дафтарчасини чиқарди-да ёза бошлади. «Қанжиқ! – дедим ичимда қоним қайнаб. — Менинг томирларимниям бир ушлаб кўрсин-чи, башарасини бузиб ташлайман!» У менга яқинлашмади, бироқ бошимни кўтарганимда кўзларим кўзига тушди. Мен тик қараб туравердим. Қандайдир синиқ овоз билан у менга деди:
—Сезмаяпсизми, бу ер совуқ?
Ҳақиқатан ҳам у совқотаётганди: юзи кўкариб кетган.
—Йўқ, мен совқотаётганим йўқ, — дедим.

Бироқ у мендан совуқ нигоҳини узмади. Шу лаҳзада мен гап нимадалигини пайқадим. Қўлим билан юзимни силадим: юзимни чиппа тер босган эди. Яхлаб ётган бу ертўлада, қишнинг қаҳратон палласида, тағин тўрт томондан изғирин изиллаб турган бир пайтда вужудимдан тер қуйилиб оқарди. Сочларимни ушлаб кўрдим: жиққа ҳўл. Эгнимдаги кўйлагимни сиқса бўларди, у баданимга ёпишиб кетганди. Қарийб бир соатдан бери мени тер босаётган экан, мен эса буни сезмабман. Ҳайвон — белгиялик буни кўриб турган. У юзимдан реза-реза тер томчилаётганини кузатган ва: мана, қўрқувнинг аломати, ўлим даҳшатининг оқибати, деб ўйлаган бўлиши мумкин. У ўзини баркамол инсондай ҳис этган ва озод одам қатори шунчаки совқотаётганидан ғурурланган. Ўрнимдан туриб унинг тумшуғига мушт туширгим келди. Бироқ ўрнимдан турган дамда вужудимни чулғаган номус ва ғазаб туйғуси қаёққадир йўқолди, мен буткул ҳафсаласизлик билан ўриндиққа чўкдим. Чўнтагимдан дастрўмолни олиб бўйнимни артиб, шу билан қаноатланган бўлдим. Энди сочларимдан тер оқаётганини сездим, бу ёқимсиз ҳол эди. Шундан сўнг артинмай қўя қолдим: дастрўмолча жиққа ҳўл бўлиб қолган, тер эса қуйилиб келарди. Орқаларимга оққан тердан шимим ўриндиққа ёпишиб қолди.

Шунда туйқусдан кичкина Хуан гапириб қолди:
— Сиз табибмисиз?
— Ҳа, — деди белгиялик.
— Айтинг-чи… бу… ўшанда қаттиқ оғрийдими… узоқ давом этадими?
— Қайси бу… ўшанда… Йўқ, жуда тез ўтиб кетади, — деди белгиялик меҳрибон оҳангда. Кўринишидан у пул тўлаган беморни тинчлантираётган докторга ўхшарди.
— Мен эшитган эдимки… менга айтишганди… баъзан… биринчи
марта отишганда… чиқмайди деб.
Белгиялик бош чайқади:
— Агарда биринчи марта отганда ўқлар дарҳол ўлдирадиган аъзоларга тегмаса шундай бўлади.
— Унда милтиқларни яна ўқлашиб, қайта мўлжалга олишадими? — У овозини бироз пасайтириб, хириллаган товушда қўшиб қўйди: — Бунинг учун вақт керак-да, а?

Хуанни жисмоний оғриқнинг азоби қўрқувга соларди: унинг ёшида бу табиий, албатта. Мен эса бу ҳақда ўйламасдим, баданимдан қуйилаётган тер ҳам оғриқ азобидан қўрққанимдан эмас. Мен ўрнимдан туриб кўмир уюми томон юрдим. Том сесканди ва менга қаҳрланиб қаради: оёғимдаги бошмоқларимнинг ғичирлаши унинг ғашини келтирди. Наҳотки менинг юзим ҳам шундай оқариб кетган бўлса, деб ўйладим.
Осмон чиройли эди, мен ўтирган бурчакка ёруғ тушмасди. Бироқ энди ҳаммаси бошқача: бурун черковнинг картсерида ўтирганимда хоҳлаган пайтда осмоннинг бир парчасини кўра олардим ва бу ҳар сафар хаёлимда турли хотираларни уйғотарди. Тонг маҳали, осмон ёрқин зангори ва тубсиз бўлиб кўринган чоғлар Атлантика қирғоқларидаги чўмиладиган жойларни тасаввур қилардим. Чошгоҳда, қуёш тик тепага келганда Севил қаҳвахонаси хотирамда жонланар, у ерда мен мансанил ҳўплаб, анчоус ва зайтун меваларидан тамадди қилган эдим. Тушдан сўнг, устимга кўланка тушганди, улкан стадионнинг тенг ярмини қоплаган қуюқ соя кўз олдимга келар, одатда майдоннинг қолган ярмини қуёш нури чўлғаб ётарди; шу зайл — кафтдек осмон парчасига термулиб, ернигина кўришга маҳкумлигим менга алам қиларди. Бироқ ҳозир мен осмонга лоқайд қарардим: осмон парчаси хотирамни мутлақо безовта қилмасди. Бу ҳолат ўзимга маъқул туюларди. Жойимга қайтиб, Томнинг ёнига келиб ўтирдим. Жим ўтирдик.

Бироздан сўнг у синиқ овозда гапира бошлади. У гапирмай туролмасди: товушини чиқариб гапиргандагина ўзининг тириклигига ишонч ҳосил қиларди. Афтидан, тескари қараб ўтирган бўлса-да, менга гапирди чоғи. У менинг башарамга қарашга чўчирди, юзимни тер босган, рангу қутим ўчган, тупроқдай: энди биз бир-биримизга жуда ўхшардик, биримиз бошқамизни ойнадагидай аниқ акс эттирардик. У белгияликка — тирик одамга қаради.
—Буни тушунишга сенинг қурбинг етадими? – сўради у. — Меники етмайди.
Мен ҳам синиқ овозда гапира бошладим ва унга ўхшаб белгияликка қарадим.
—Нимани айтаяпсан?
—Ҳадемай бошимизга тушадиган кўргуликни. Ҳечам ақлимга сиғдиролмаяпман — нима бўларкан.
Мен Томдан ғалати ҳид анқиётганини сездим. Афтидан, ҳидларни одатдагидан кўра ўткирроқ сеза бошлагандим. Унга заҳарханда қилдим:
—Куюнма, ҳадемай тушуниб оласан.
Бироқ у ўша зайлда давом этди:
—Йўқ, бу ақлга сиғмайди. Мен охиригача туриб беришни хоҳлайман, бироқ мен… жуда бўлмаганда билишим керак… Демак, шундай… бироздан кейин бизни ҳовлига олиб чиқишади. Бу ифлослар рўпарамизда саф тортишади. Сенинг-ча, улар нечта бўлиши мумкин?
—Билмайман, бешта бўлар, балки саккизта. Бундан кўпмас.
—Майли, саккизта бўла қолсин. Уларга: «Нишонга олинг!» деб қичқиришади. Мен ўзимга ўқталган саккизта милтиқни кўриб турибман. Деворга суянмоқчи бўламан, кифтимни деворга тирайман, жон-жаҳдим билан қапишиб олишга уринаман, худди тушда — босинқирагандай девор мени итаради. Буларнинг барини мен кўз олдимга келтираяпман. Билсайдинг, қанчалар аниқ тасаввур қилаётганимни!
—Биламан, — дедим.—Мен ҳам сенчалик тасаввур қила оламан.
—Ҳарқалай, жуда қаттиқ оғриса керак. Ахир, улар башарамизнинг абжағини чиқариб ташлаш учун тўғри кўзимизга, оғзимизга отишади,—унинг овози аламли тус олди.—Мен танамдаги яраларни ҳис этаяпман, бир соатдан бери бошим, бўйним зирқираб оғрияпти. Бу одатдаги оғриқ эмас, ундан баттар: бу эрта тонгда мен ҳис этадиган оғриқ. Хўш, ундан кейин нима бўлади?

Томнинг нима демоқчи бўлаётганини жуда яхши англаб турардим, бироқ унинг буни пайқаб қолишини истамасдим. Аъзойи баданимда у айтаётган оғриқни ҳис этдим, оғриқ майда яра-чақалардай, чандиқдай бутун танамга ёйилган эди. Мен бунга кўниколмадим, бироқ Томга ўхшаб жиддий аҳамият ҳам бериб ўтирмадим.
—Ундан кейинми? — қаҳрим қўзиб сўрадим. —Ундан кейин сени қурт-қумурсқалар ейди.
Бу гапларимдан сўнг у ўзига-ўзи гапира бошлади, бироқ белгияликдан кўзини узмади. Белгияликнинг гўё қулоғи том битган, ҳеч нимани эшитмаётганга ўхшарди. Унинг бу ердалиги сабабини мен тушунардим: бизнинг ўй-хаёлларимиз белгияликни қизиқтирмасди, у бизнинг ҳали ҳаёт барқ уриб турган, бироқ ўлим талвасасига тушган танамизни назорат қилиш учун келганди.
—Худди тушингда босинқирагандай, — давом этди Том. —Бир нимани ўйламоқчи бўласан, хаёлинг ҳам жойида, фикрлай бошлайсан, яна бир дақиқадан сўнг тубига етадигандайсан, бироқ кейин ҳаммаси қаёққадир ғойиб бўлади, йўқолади. Ўзимга ўзим: «Кейин-чи? Кейин ҳеч нима қолмайди», дейман. Бироқ бунинг нималигини мен тушунмайман. Гоҳо шундай туюладики, мен қарийб ҳаммасига тушуниб етдим… бироқ шу лаҳзада бари барбод бўлади, оғриқ, ўқлар… милтиқларнинг қаторасига отаётгани кўз олдимга келади. Мен материалистман, қасам ичишим мумкин, менга ишон, ақлим жойида, бироқ ҳушимни сира йиғиб ололмаяпман. Кўзимга ўзимнинг жонсиз жасадим кўринаяпти, бу унча қийин эмас, аммо кўриб турган Менман, мурдага қараб турган кўзлар ҳам Менинг кўзларим. Энди ўзимни ҳеч нимани кўрмаётганимга, эшитмаётганимга ишонтирмоқчи бўлаяпман, ҳаёт эса давом этаверади. Бироқ бизлар бемалол фикрлаш учун яратилмаганмиз. Биласанми, бир неча оқшом киприк қоқмай тонгларни оттирганман, ниманидир кутганман. Бироқ эрта тонгда бизни кутаётган кўргулик, Пабло, буткул бошқа нарса. У орқадан келаётир, унга қарши туришнинг ҳеч бир иложи йўқ.
—Ўчир, — дедим мен унга.—Балки олдингга руҳонийни чақириш керакдир?
У жим бўлди… Орадан бироз ўтгач, Том менинг қўлимдан ушлаб, чет термулиб турган кўйи деди:
—Пабло, мен ўзимдан ўзим сўрайман… ҳар дақиқада ўзимдан сўрайман: наҳотки биз изсиз йўқ бўлиб кетсак?

Мен қўлимни тортиб олдим ва унинг юзига қараб:
—Оёғингнинг остига қарасанг-чи, чўчқа, — дедим.
Унинг оёқлари тагида кўлмак пайдо бўлган, иштонидан томчилар томчилаб турарди.
—Бу нима? – дея минғирлади у ҳушини йўқотиб.
—Иштонингни ҳўллаб қўйибсан, — дедим мен.
—Ёлғон! — қичқирди у. —Ёлғон! Мен ҳеч нимани сезмаяпман.
Юзида мунофиқона ҳамдардлик билан белгиялик бизга яқинлашди.
—Ўзингизни ёмон ҳис этаяпсизми?
Том жавоб қилмади. Белгиялик чурқ этмай кўлмакка қараб турарди. —Билмайман нега бундай бўлганини. —Томнинг овози қаҳрли тус олди. —Бироқ мен қўрқмайман. Қасам ичиб айтаман, қўрқмайман!
Белгиялик гапирмади. Том ўрнидан туриб, чоптиргани бурчакка қараб кетди. Қайтиб келиб, тугмаларини қадаб, яна курсига чўкди ва шундан сўнг қайта оғзини очмади. Белгиялик ўзининг ёзув-чизувларига киришди.
Бир маҳал туйқусдан белгияликнинг миясига ғалати фикр келди шекилли:
— Дўстларим, — деди у. —Мен ўзимга шундай бир вазифани олмоқчиман, агар ҳарбий маҳкама қарши бўлмаса, албатта. Сизга ўзингиз қадрлайдиган одамларга бир неча сўз айтиш учун имкон бермоқчиман…
Том минғиллади:
—Менинг ҳеч кимим йўқ.
Мен индамадим. Том бир дақиқа кутиб турди-да, кейин қизиқсиниб сўради:
—Сен Кончага бирор гап айтиб қолишни истамайсанми?
—Йўқ.

Бундай гапларга бардошим етмасди. Бироқ ўзимдан бошқа ҳеч кимни айбдор ҳам қилолмасдим: мен кеча Томга, айтмаслигим керак эди-ю, аммо Конча ҳақида гапиргандим. Мен Конча билан бир йил турдим. Кеча у билан беш дақиқа учрашиш учун қўлимни чопиб ташлашларигаям рози эдим. Томга Конча ҳақда гапирганимнинг сабаби ҳам шу: бу туйғуни тиядиган куч менда йўқ эди. Ҳозир эса уни ҳатто қучоқлашга ҳам хоҳишим йўқ: мен ўзимнинг танамдан жирканардим, чунки баданим туссиз-кулранг, шилимшиқ бўлиб қолган. Ўлимим ҳақида эшитиб Конча йиғлайди, бир неча ой ҳаётдан безиб юради. Мен барибир ўлишим керак бўлган одамман. Унинг чиройли, майин кўзларини эсладим: у менга қараганида вужудимга нимадир қуюларди. Бироқ энди бундай бўлмайди, тамом: энди қарагани билан нигоҳи менгача етиб келмайди. Мен ёлғизман энди.
Белгиялик чўнтагидан соатини чиқариб қаради:
— Уч ярим, — деди у.
Қанжиқ, атай айтди буни! Том ўтирган жойида қалқиб тушди — биз алаҳсиб вақтнинг ўтаётганини унутган эдик, тун қора пардаси билан бизни чалғитган эди, мен оқшом қачондан бошланганини эслай олмадим.
Кичкина Хуан товуш чиқара бошлади. У қўлларини сермаб, қичқирди:
—Мен ўлишни хоҳламайман, ўлишни хоҳламайман!

У қўлларини олдинга чўзганча ертўлани айланиб югурди ва юзтубан йиқилиб ётган жойида фарёд чека бошлади. Том хира тортиб қолган кўзлари билан унга қаради: Хуанни юпатишга унинг хоҳиши йўқлиги шундоқ сезилиб турарди. Бунинг ҳожати ҳам йўқ: болакай биздан кўра кўпроқ шовқин солаётган бўлса-да, бироқ биз чекаётган ғам-алам уникидан кам эмас эди. У худди жон талвасасига тушган беморга ўхшарди. Биз эса ундан-да баттар аҳволда эдик.

У йиғларди, мен унинг ўзига ачинаётганини кўриб турардим, бироқ бу дамда у ўлим ҳақида ўйламасди. Мен ҳам йиғлаб юборай дедим, ўзимнинг уволлигимдан кўнглим бузилди. Бироқ шу пайт бошқа бир ҳолат юз берди: мен болакайга қарадим, унинг силкинаётган озғин елкаларига кўзим тушди ва юрагимда ғайриинсоний туйғу бош кўтарди — мен на ўзимга ва бошқа бировга шафқат қилмайдиган ҳолатда эдим. Ўзимга ўзим: сен мардларча ўлишинг керак, дедим.

Том ўрнидан қўзғалди, у шипдаги туйнукнинг шундоқ тагида, ёришиб келаётган осмонга қараб турарди. Мен эса ичимда: мардларча ўлиш керак, мардларча, дея таъкидлар, бошқа ҳеч нимани ўйламасдим. Бироқ белгиялик соатни эслатганидан бери вақтнинг тез ўтаётганини ҳис этдим. Том гапирганда ҳали қоронғи эди:
—Ешитаяпсанми? – деди у.
—Ҳа.
Ҳовлидан оёқ товушлари эшитилди.
—Бало борми уларга қоронғида сандирақлаб! Ахир, бизларни қоронғида чиқариб отишмаса керак-ку.
Бир дақиқадан сўнг жимлик чўкди. Мен Томга:
—Ёришяпти, — дедим.
Педро жунжикиб ўрнидан турди ва орқасига ўгирилиб:
—Итдай совқотдим, — деди.
Ертўлани ғира-шира ёруғлик қоплади. Қулоғимизга узоқдан ўқ товушлари эшитилди.
—Бошланаяпти, — дедим Томга. —Чамамда, улар буни орқа тарафдаги ҳовлида қилишяпти.
Том белгияликдан сигарет сўради. Мен ўзимни тийдим: чекиш ҳам, ичиш ҳам кўнгилга сиғмасди. Шу дақиқадан бошлаб улар тинимсиз отишди.
—Тушундингми? – деди Том.

У яна нимадир демоқчи бўлди, бироқ айтмади, эшикка қаради. Эшик очилиб, тўрт нафар аскар билан лейтенант кириб келди. Том қўлидаги сигаретни тушириб юборди.
—Стейнбок?
Том жавоб бермади. Педро у ўтирган тарафга имо қилди.
—Хуан Мирбал?
—Ана у, курсида ўтирган.
—Турилсин! — бақирди лейтенант.
Хуан қилт этмади. Икки аскар уни қўлтиғидан олиб, турғазиб қўйди. Бироқ қўйиб юборишлари билан Хуан қулаб тушди. Аскарлар саросималаниб қолишди.
—Бундайларни энди кўраётганим йўқ, — деди лейтенант. —Кўтариб боришга тўғри келади, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси рисоладагидай бўлади.
У бурилиб Томга буюрди:
— Чиқ!

Том икки нафар аскар қуршовида ташқарига чиқди. Қолган икки аскар Хуанни қўлтиғидан олиб уларнинг ортидан чиқишди. Хуаннинг ҳуши ўзида эди, кўзлари шокосадай, ёноқларидан кўз ёшлари оқиб турарди. Мен эшикка қараб қадам ташлагандим, лейтенант тўхтатди:
—Иббиета сизмисиз?
—Ҳа.
—Кутишингизга тўғри келади. Бироздан сўнг келишади сиз учун.
Шундай деб у ҳам чиқди. Унинг ортидан белгиялик ва икки соқчи чиқишди. Бир ўзим қолдим. Нималар бўлаётганини тушунолмасдим, менга қолса, улар ҳаммасини тезроқ ҳал қилиб қўя қолишгани тузук эди. Милтиқнинг қарсиллаган товуши эшитилиб турар, оралиқдаги танаффус жуда қисқа эди. Уввос солиб бақиргим, сочларимни юлгим келарди. Бироқ тишимни тишимга босиб, қўлларимни чўнтакларимга тиқдим: бардош қилиш керак. Бир соатдан кейин мени олиб чиқиш учун келишди ва биринчи қаватдаги кичкина хонага бошлаб боришди, бу ердан сигарет ҳиди анқир, хона ичи дим, нафасим буғилиб қолаёзди. Хонада икки нафар зобит оромкурсиларда ястаниб, чекиб ўтиришарди, тиззаларида ёйилган қоғозлар бор эди.
— Сенинг исм-шарифинг Иббиетами?
— Ҳа.
— Рамон Грис қаерга яширинган?
— Билмайман.

Мени сўроқ қилаётгани семиз, пакана зобит эди. Унинг кўзлари ойнак тагидан менга қаттиқ тикилиб турарди.
—Яқинроқ кел, — деди у.
Мен яқинроқ бордим. У ўрнидан турди ва менга кўзини тешиб юборгудай қадаб, шунақа қарадики, бу қараши билан мени гўё дўзах азобига гирифтор қилмоқчидай эди. Кейин у қўлимни қайира бошлади. Бу билан менга азоб бермоқчи эмас, балки шунчаки кўнглини ёзмоқчи: ўзининг ҳукмдорлардан эканини ҳис этгиси келарди. У юзини юзимга яққин олиб келди, димоғимга оғзидан анқиётган сассиқ ҳид урилди. Бу бир даққиқача давом этди ва мен ўзимни кулгидан зўрға тийиб қолдим. Ҳадемай ўладиган одамни чўчитиш учун бу кифоя қилмасди, унинг кўрсатган ҳунари анчайин ночор ҳаракат эди. Кейин у кўкрагимдан итариб юборди ва бориб жойига ўтирди.
—Ё сен отиласан ёки у. Агар унинг қаердалигини айтсанг тирик қоласан.
Бу кимсалар ҳам бўйинларидаги бўйинбоғу, оёқларида ялтироқ этиклари билан бир куни ажалга рўпара келишлари аниқ. Тўғри, мендан кейин, бироқ орадан кўп ўтмай шундай бўлади. Улар қўлларидаги қоғозларга ёзилган аллақандай исмларга белги қўяр, одамлар ортидан тозидай қувар, уларни тутиб қамар ёки отиб ташларди. Испаниянинг келажаги ва бошқа кўп нарсалар ҳақида уларнинг ўзларининг қарашлари бор эди. Аҳмоқона фаолликлари, елиб-югуришлари эса менинг ғашимни келтирарди ва кулгили туюларди: ақлдан озган бу телбанома нусхаларнинг ўрнида бўлишни ҳечам хоҳламасдим.

Пакана бақалоқ мендан кўзини узмасди, бот-бот этигининг қўнжига қамчи билан уриб қўярди. Бу қилиғи билан ўзининг йиртқич ҳайвончалик бераҳм эканини бошқаларга уқтириб қўймоқчи бўларди.
—Хўш, тушундингми?
—Гриснинг ҳозир қаердалигини билмайман, — жавоб қилдим мен, —еҳтимол Мадриддадир.
Бошқа бир зобит керишиб қўлини кўтарди. Бу эринчоқ ҳаракат ҳам ҳисоб-китобли эди.

Мен уларнинг зимдан тайёрлашган ўйинларини жуда яхши сезиб турардим ва бундай ўйинлардан ҳузурланадиганларнинг борлигидан ҳайратга тушардим.
—Ўйлаб кўришинг учун чорак соат муҳлат берамиз, — деди у, — ечинадиган хонага олиб чиқинглар уни, ўн беш дақиқадан кейин олиб киринглар. Агар тихирлик қилса, жойида отиб ташланглар.

Бу қанжиқлар нима қилишаётганини яхши билишарди: тун бўйи мени куттиришди, кейин ертўлада бир соат ёлғиз сақлашди, Хуан билан Томни отиб ташлагунча кутдим, энди эса мени ечинадиган хонага қамаб қўйишмоқчи—улар бу ўйинни кеча ўйлаб топишган. Асаби дош беролмайди, синади деб ўйлашган. Бироқ улар янглишади. Демак, улар мени Грис яширинган жойни билади, деб ишонишаётир. Грис шаҳардан тўрт километр наридаги амакиваччаларининг уйига яширинган. Уни сотиб қўймаслигимга ишончим комил, фақат қийноққа солиб азоблашмаса бўлгани (афтидан, улар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган). Булар бари менга кундай равшан, қолаверса, мен ҳаммасидан совиб бўлдим. Бироқ айни дамда мен нега ўзимни бундай тутаётганимни билгим келарди: нега мен бошқача бўлолмаяпман, деб ўйладим. Нега итдай ўлиб кетишим керак, нима учун энди Рамон Грисни сотмаслигим керак? Хўш, нега? Ахир, мен Рамонни ҳурмат қилмай қўйдим-ку. Унга ҳурматим, биродарлик туйғуларим ўша оқшом барҳам топган эди-ку: Кончага муҳаббатим яшашга иштиёқим — бари ўша оқшом тугаб битди-ку! Тўғри, шунгача мен Гриссни доим қадрлаб келганман, у мард одам эди. Не бўлса-да унинг учун қурбон бўлишни бўйнимга олган эдим: унинг ҳаёти мен учун ўзимникидан азизроқ эди, аслида, ҳар қандай ҳаётнинг, тирикликнинг сариқ чақалик қадри йўқ. Ахир, одамни деворга тираб қўйиб юз-кўзига ўқ ёғдиришса, отиб ўлдиришса — бу мен бўламанми ё Роман Грисми ёки бошқа бировми — тирикликда маъни қолмайди: ҳаммаси аҳамиятини буткул йўқотди. Аммо мен ҳозир тирикман, Роман Грисни сотиб жонимни сақлаб қолсам бўлади, бироқ буни қилмаяпман. Эшакларча қайсарлигим ўзимга қизиқ туюларди. «Шу қадар аҳмоқ бўламан-ми!», деб ўйладим. Бу ўйдан, ҳатто, кайфиятим озроқ кўтарилди ҳам. Кейин улар мени ўша тор хонага бошлаб боришди. Оёқларимнинг орасидан каламуш югуриб ўтди, буям менга қизиқ туюлди. Мен соқчилардан бирига ўгирилиб:
—Қара, каламуш, — дедим.

Соқчи жавоб қилмади. Унинг башараси тунд, чамамда бўлаётган воқеаларни у ўта жиддий қабул қилаётган эди. Хохолаб кулгим келди, ўзимни тутдим: агар бир кулишга тушсам ўзимни тўхтатолмайман, деб қўрқдим. Соқчининг мўйлови бор эди. Мен унга:
—Мўйловингни қириб ташла, тентак, — дедим.
Тирик одамнинг бетини тук босгани менга кулгили туюлди. Соқчи ҳафсаласизлик билан кетимга бир тепди, мен жим бўлдим.
—Хўш, — деди бақалоқ. — Ўйлаб кўрдингми?

Мен унга камёб ҳашаротга қарагандай сохта қизиқувчанлик билан қарадим ва:
—Ҳа, мен унинг қаердалигини биламан, — дедим. —Грис қабристонга яширинган. Бирор лаҳаднинг ичида ёки қоровулнинг уйчасида бўлиши керак.
Кел, охирида буларни бир лақиллатай, дедим-да. Ҳовлиқиб милтиқларини кўтариб бақириб-чақиришларини, тўрт тарафга чопқилашларини кўриб маза қилгим келди. Чиндан ҳам улар ўтирган жойларидан учиб туришди.
—Кеттик! Молис, лейтенант Лопесдан ўн беш киши олинг!
—Агар алдамаётган бўлсанг, — деди бақалоқ, — мен ваъдамда тураман. Бироқ бизни лақиллатган бўлсанг, билиб қўй, соғ қолмайсан.

У чиқиб кетди. Мен соқчилар қуршовида ўтирган жойимда қолдим. Ора-сира кулиб қўяман: уларнинг қабристонда изғишиб, тўрт тарафга аланглаб чопқилаб юришгани кўз олдимдан ўтади. Ҳарқалай жуда ақлли иш қилдим, деб ўйладим. Қабр тошларини кўтариб, лаҳадларнинг ичига қараб оввора-ю сарсон бўлишаётганини тасаввур қилиб ҳузурландим. Орадан бир ярим соатча вақт ўтди, бақалоқ қайтиб келди. Энди мени отиб ташлашга буйруқ берса керак, деб ўйладим. Қолганлар, афтидан, қабристонда қолишганди. Бироқ зобит менга тикилиб қаради. Башарасидан аҳмоқ бўлганини англатадиган аломатлар сезилмади.
—Уни катта ҳовлига олиб чиқинглар, ўша жойдагиларга қўшинглар, — деди у. — Жангдан сўнг унинг тақдирини трибуна ҳал қилади.
Мен унинг гапларини яхши англолмадим. Ундан сўрадим:
—Нима, мени отишмайдими?
—Умуман олганда, ҳозир отишмайди. Қолаверса, бу энди менинг вазифамга кирмайди.
Нима бўлаётганига ақлим етмасди.
—Нега энди? – дедим ҳайрон бўлиб.

У гапирмади, елкаларини учирди, холос. Аскарлар мени олиб чиқиб кетишди. Катта ҳовлида юз чоқли маҳбус: қариялар, болалар тўдалашиб туришарди. Нима бўлаётганига ақлим етмай, ҳовли ўртасидаги гулзор атрофида санқий бошладим. Чошгоҳда бизни ошхонага олиб киришди. Икки-уч киши мен билан гаплашмоқчи бўлди. Афтидан, бизлар таниш эдик, бироқ мен орага гап қўшмадим: қаерданман, нималар бўляпти—тушунолмаётгандим. Кечқурун ҳовлига яна бир тўда маҳбусларни ҳайдаб киритишди. Улар орасида новвой Гарсиани танидим. У мени кўриб қичқирди:
— Омадинг бор сенинг. Тирик кўраман деб ўйламагандим.
— Улар мени отувга ҳукм қилишди, — дедим мен, — кейин бу фикрдан қайтишди. Нега бундай қилишди, билмайман.
— Мени соат иккида ушлашди, — деди Гариас.
— Нима учун?

Гариас сиёсат билан шуғулланмасди.
—Ҳеч тушунолмайман, — деди Гариас, —улар ўзларига ўхшаб фикр юритмайдиганларнинг ҳаммасини тутишаяпти.
У овозини пасайтириб:
—Грисни қўлга туширишди, — деди.
Мен сесканиб кетдим.
—Қачон?
—Бугун эрталаб. Ўзи аҳмоқлик қилди-да. Чоршанба куни жаҳл устида укаси билан уришиб қолиб, унинг уйидан чиқиб кетди. Яширинишга ёрдам берадиган сонмингта эди, бироқ у ҳеч кимга зиёним тегмасин, деди чамаси.

Менга: «Ибиетанинг уйига яширинсам бўларди, бироқ уни ҳибсга олишибди, қабристонга бекинаман», деди.
—Қабристонга?!
—Ҳа. Аҳмоқлик қилди. Бугун эрталаб улар қабристонни босишди. У қоровулнинг уйчасида экан, ўраб олишди. Грис қаршилик кўрсатишга уринди, бироқ улар Грисни отиб ўлдиришди.
—Қабристонда-я?!
Кўз олдим қоронғулашиб юз тубан йиқилдим. Овозим борича шунақа қаҳ-қаҳ уриб тўхтовсиз кулардимки, кўзларимдан ёш тирқирарди.

09921 iyun — fransuz adibi va faylasufi Jan-Pol Sartr tavallud topgan kun

Jan-Pol Sartrning mashhur asarlaridan biri — “Le Mur” (Devor) hikoyasi 30-yillarda Ispaniyada ro‘y bergan g‘alayonli voqealarga bag‘ishlanadi. Adib favqulodda vaziyatlarda inson o‘zini qanday tutishi bilan bog‘liq dramatik holatlarni yuksak mahorat bilan yoritadi. Mazkur hikoyaning o‘zbek tilidagi ikki tarjimasini taqdim etamiz. Ibrohim G‘afurov hikoyaning asliyatdagi sarlavhasini saqlab «Devor» deb nomlaganbo‘lsa, Ahmad Otaboy tarjimasini “Mahbus” deb nomlagan.

Nazar Eshonqul
JAN-POL SARTR
07

Jan Pol Sartr. Yozuvchi, faylasuf, dramaturg. XX asr jahon adabiyoti va falsafasining yirik vakili, ekzistensializm nazariyotchisi va dohiysi. 1964 yili Nobel mukofoti bilan taqdirlangan, ammo bu mukofotda siyosiy manfaatlar mavjud deya voz kechgan.

07

Bu davrda bironta fransuz intellekti unga bas kelolmasdi. Mahsuldorlik borasida yozuvchilar ham, faylasuflar ham uning soyasida qolib ketgandi. XX asr Sartr shaxsi bilan faqat o‘tgan asrdagi Viktor Gyugo shaxsinigina qiyoslash mumkin…

Mishel Vinoka, san’atshunos-tarixchi

180px-Jean_Paul_Sartre_by_Gray.jpgJan Pol Sharl Emar Sartr 1905 yili harbiy dengiz injeneri oilasida dunyoga keldi. Onasi Anna-Mariya Shveysar taniqli faylasuf, bastakor va mashhur vrach, 1952 yili tinchlik sohasidagi xizmatlari uchun Nobel mukofotiga sazovor bo‘lgan Alber Shveysar bilan amakivachcha edi. Bola 15 oylik bo‘lganda otasi vafot etdi. Sartr bobosi Sharl Shveysar va tog‘asi xonadonida tarbiyalandi. Adib o‘zining tarjimai holi aks etgan «So‘z» romanida bolaligi kitoblar va ziyolilar orasida o‘tganiga alohida to‘xtalib: «…bu xonadonda va bunaqa kitoblar orasida oddiy odam bo‘lish sharmandalik edi», – deb eslaydi. Bobosi nabirasini juda yaxshi ko‘rar, kelajakda uning ulug‘ odam bo‘lishini bashorat qilar, buning uchun barcha sharoitni yaratib bergandi. «So‘z» romanida: «…o‘zimdan ko‘ra yaqinlarim mening taniqli odam bo‘lishimni istashar va shunga harakat qilishardi. Aslida, men hech narsa qilganim yo‘q, faqat ular ko‘rsatgan yo‘lni tanladim va ular ko‘rsatgan yulduzga qarab uchdim», – deydi hazil va istehzo aralash. Sakkiz yoshida o‘sha davrning sargu­zasht kitoblari ta’sirida o‘rta asr mushketyorlarining qahramonligiga oid birinchi romanini yozdi. Bu roman bolalarcha yozilgandi, oila davrasida zavqu shavq bilan o‘qiladi. Roman Sartrning xotirasidan boshqa hech qayerda saqlanib qolmagan. Adib: «Men kitob­lar orasida tug‘ildim va kitoblar orasida o‘lsam kerak», – degandi o‘zining bolaligini eslab. Ziyoli bobosi va mashhur tog‘asi ishtirokida bo‘ladigan suhbatlar, munozaralar, bahslar yosh Sartrning didi, saviyasi va qarashlarini tarbiyaladi, hatto aytish mumkinki, kelajakda XX asrning eng murosasiz fikr, munozara kishisi bo‘lishiga turtki berdi. Aynan uylarida bo‘lgan bahslardagi mavzular keyinchalik Sartrning butun dunyo bilan muhokama qiladigan falsafiy-nazariy manbalariga aylandi.

Sartr eng yaxshi kollejda, eng nufuzli universitetda ta’lim oldi, falsafa bo‘yicha dissertatsiya yoqladi. Keyin nemis falsafa maktabi bilan yaqindan tanishish uchun Berlinda malaka oshirdi. O‘z davrining falsafiy-nazariy masalalariga sho‘ng‘ib ketdi. Shu yillardan adabiyot bilan jiddiy shug‘ullana boshladi. Uning birinchi jiddiy adabiy asari «Behuzurlik» romani edi. «Behuzurlik» – syujetsiz, fabulasiz asar. Bu roman kundaliklar shaklida Rokanten degan shaxsning kechinmalari va hissiyotlaridan iborat. Rokanten har bir narsaga, har bir voqea­ga, atrof-muhitga o‘zida behuzurlik hissini tuyadi. Nimaga qarasa, kim bilan munosabat qilsa, oddiy toshni suvga otsa ham, unda shu narsalarga nisbatan behuzurlik paydo bo‘ladi. O‘zining kimligini, nima uchun yashayotganini, nimaga intilayotganini bilmaydi, u maqsadsiz va maslaksiz odam. Roman narsalarga, jismlarga, munosabatlarga, odamlarga, atrof-muhitga o‘zini qarama-qarshi qo‘ygan, dunyo bilan yuzma-yuz turgan va dunyoni tan olmayotgan, unga nisbatan o‘zida ko‘ngil aynishini his qilayotgan, maqsad va maslakdan xoli, muqaddas tushunchalarni tan olmaydigan kishi, to‘g‘rirog‘i, ekzistensialist shaxs haqida. Bosh­qacha aytganda, bu obraz to‘liq ma’noda arosatdagi odam. U ezgulik bilan yovuzlikni farqlamaydi, bu tushunchalarga ham javobi, ko‘ngil aynishi bor. Rokanten obrazi Ikkinchi jahon urushi arafasidagi G‘arb ziyolisining botiniy qiyofasini aks ettirgan. Bosh qahramon xatti-harakati, gaplari, dunyoqarashi badiiy asardan ko‘ra falsafiy-psixologik tajribalarga o‘xshaydi. Rokanten o‘zining mavjudligini izlab topolmaydi, oxir-oqibat roman so‘ngida u asar yozishga kirishadi va ijod mavjudlikni isbotlaydigan eng yaxshi vosita ekanini tan oladi hamda ijodga sho‘ng‘iydi. Garchi bosh qahramon xulosasi ijodni mavjudlikni isbotlaydigan birdan-bir vosita deb biladigan o‘zining qarashlariga to‘g‘ri kelsa ham, Alber Kamyu bu romanni sun’iylikda, ekzistensialistik nazariyani o‘ta yasama usulda atayin badiiyatga zo‘rlab tiqishtirishda aybladi.

Garchi munosabat va xulosalarda har xillik bo‘lsa-da, Kamyu va Sartrning hayotga, olamga, odamga qarashlari juda yaqin edi. Absurd ijod, absurd odam, absurd sharoit, insonning absurdni, ya’ni azaliy va abadiy ma’nisizlikni yengish usullari, ozodlik, erkinlik, mavjudlikni isbotlashga oid tushunchalari har ikkalasini bir-biriga yaqinlashtiradi. Ayni shu sabablarga ko‘ra ular ma’lum muddat bir maslak va bir ta’limot tarafdorlari sifatida maslakdosh bo‘ldilar.

Jan Pol Sartrning faqat ijodi emas, hayoti va fuqaro, inson sifatidagi faoliyati ham hech bir qolipga solib bo‘lmas darajada murakkab, qarama-qarshi, rang-barangdir. Uning nomi XX asr adabiy-falsafiy islohotchilari (isyonchilari) ro‘yxatining boshida turadi. U hayotligi davrida hech bir adabiy usul bilan murosa qilmadi, hech qaysi qarashni o‘zining bosh maslagi deb bilmadi. Har qanday usul va fikr betinim yangilanishda, o‘sishda, har qanday qarash nisbiy va bir yoqlama deb hisobladi. Shu sababli u fikr bildirmagan, e’tiroz qilmagan, yangilashni, zamonga moslashni istamagan falsafiy qarashning o‘zi yo‘q edi. Xuddi Kamyu kabi adabiyotni falsafiy qarashlar maydoni deb bilardi. Shu sababli uning adabiy asarlaridagi obrazlar adabiy qahramondan ko‘ra falsafiy tushunchalar va qarashlarning majozi edi. «So‘z» romanidan tashqari hikoyalariyu pyesalari, mashhur «Behuzurlik» romanidagi obrazlar ham hayotdan olingan qahramonlar emas, o‘zlarida falsafiy timsollarni aks ettiradi. Bu asarlarda adabiy maqsaddan ko‘ra falsafiy maqsad birinchi o‘ringa chiqadi, obrazlar hayotdagidek emas, yozuvchi falsafiy konsepsiyasiga ko‘ra harakat qiladi, gapiradi va munosabat bildiradi. Ayni shu sabablar Sartr asarlarini keng o‘quvchilar ommasi qabul qilolmasligiga olib keldi. Zero, adibning o‘zi hayotni va inson taqdirini hikmat, falsafa deb tushunardi, shu bois hayotning har qanday vaziyatidan, lahzasidan hikmat va falsafa izlab ko‘rar, har qanday holat va gap falsafadir deb hisoblardi. Sartr uchun falsafa inson hayotini tahlil qiladigan butun boshli manba edi. U hayotga va adabiy obrazlarga hayot deb emas, falsafa deb qarardi. Inson uning uchun qarashlar va g‘oyalar «loyihasi» edi. Inson taqdirni peshona bitigi deb emas, «loyiha» deya anglasagina o‘zining mavjudligini isbotlashga kirishadi. Chunki insonda ana shu loyihani amalga oshirishdek mas’uliyat turibdi. «Loyiha»ni qay tarzda amalga oshirganiga qarab uning mavjud yoki mavjud emasligi haqida xulosaga kelish mumkin. Biroq «loyiha»ni amalga oshirishni odam emas, vaziyat hal qiladi. Agar odam amalga oshirish mumkin bo‘lmagan loyihaga berilib uni ro‘yobga chiqarolmasa, demak, u vaziyatga to‘la baho berolmagan. Loyiha vaziyatdan va holatdan kelib chiqib oldindan o‘zini yaratish va unga intilish degani. Odam o‘z kuchi va tanasi bilan yuqori tezlikda kelayotgan mashinani to‘xtatib qolishni loyihalashtirsa, bu g‘irt ahmoqlik va vaziyatni bilmaslik bo‘ladi. Sartr nazarda tutgan loyihani tushunishning va tasavvur qilishning eng qulay usuli bolalik orzusidir. Agar bola yoshligidan o‘zi orzu qilganday kishi bo‘lishga urinsa va shunday kishi bo‘lib yetishsa, demak, u o‘z hayotini o‘zi qurgan bo‘ladi. Ichki manzara to‘liq ma’noda tashqi manzaraning in’ikosidir. Tashqari ichkarida o‘z in’kosini, demak, o‘zini yaratadi. Sartr esa odamning o‘zi in’ikoschiga aylanishini, o‘zini o‘zi in’ikos etishini istaydi. Boshqacha aytganda, odamning ichkarisi yaratilganni qabul qiluvchidan yaratuvchining o‘ziga aylanishi kerak. Insonning ongi bugunni emas, ertaning loyihasini ham o‘zida aks ettirish imkoniga ega, aynan shu jihati bilan kelajakni o‘z xohishiga ko‘ra yaratish huquqi bor. Bizning ichkarimizni yaratayotganlar bizda hurmat va mutelik uyg‘otadi. O‘zgalar tomonidan yaratilishimizda va shakllanishimizda barcha mas’uliyat ichkarimizni yaratayotganlar zimmasiga tushadi. Biz o‘zimizni o‘zimiz yarata boshlasakkina o‘zimizni o‘zimiz hurmat qila boshlaymiz. O‘zimizni o‘zimiz yarata boshlashimiz bilan o‘zimiz va kelajak oldida javobgarlik zimmamizga tushadi. Inson ozod bo‘lib tug‘ilgan va ozod bo‘lib yashashi shart. Undan bu huquqni olib qo‘yishga hech kimning, hech qanday g‘oyaning, mafkuraning haqqi yo‘q. Insonning ozodlikni tanlash huquqi barcha ijtimoiy masalalar ibtidosidir. Qolgan barcha masalalar ana shu masalaning yechilishiga qarab xulosa qilinadi. Insonda ozodlikni tanlash huquqi yo‘q ekan, uning boshqa huquqlari, umuman, boshqa munosabatlar haqida gap ham bo‘lishi mumkin emas. Sartr: «Inson ozod bo‘lishga mahkumdir», – deb tushuntiradi. Insonning mohiyati va shu paytgacha sodir etilgan barcha ijtimoiy harakatlar uning aynan ozodlikka mahkumligini tasdiqlaydi. Gap ozodlik ruhi haqida emas, ozodlikni tanlash huquqi haqida ketyapti deydi Sartr. Chunki inson ozodlikni tanlaydimi, mahkumliknimi, bu uning huquqi, uning qarori. Qaroriga qarab biz uning kimligiga baho bera olamiz. Aynan shuning uchun inson o‘zining xatti-harakatiga to‘liq mas’ul va javobgardir. Qaysi yo‘lni tanlashi uning individ sifatidagi qiyofasini ochib beradi, uning kelajagini belgilaydi. Sartr «Ekzis­tensializm – bu insonparvarlik degani» nomli asarida: «Bugungi inson kelajakning loyihasi degani», – deb xulosa qiladi. Ayni shu qarashdan kelib chiqilsa, inson o‘ziga o‘zi kelajakdir. Uning ayni paytdagi tanlashi uning kelajagini belgilaydi. Demak, inson tanlash paytida o‘zining kelajagini ham tanlayotgan bo‘ladi. Chunki tanlash kelajak degani. Tanlash uchun esa insonga ong va bilim kerak bo‘ladi. Anglab tanlanmagan har qanday «men» bo‘shliqdir. Insondagi yolg‘iz «men»ning o‘zida hech qanday mohiyat, ma’no yo‘q. Ma’no uning anglashida, uning tanlanishida. Ang­langan holda tanlangan yo‘l insonga to‘la ma’noda mazmun bag‘ishlaydi. Anglab tanlangan «men» dunyoni o‘zgartira oladi va unga mohiyat-ma’no bag‘ishlaydi. Anglanmagan «men» hayvoniy instinktdan o‘zga narsa emas. Anglab tanlangan «men» tanlash huquqi orqali, tanlash tarozusi orqali o‘lchab xulosa qilingan «men»dir. Demak, bunday «men» dunyoni o‘zgartirishga, uni o‘zining tanloviga qarab yangilashga, bo‘ysundirishga, unga aql va tafakkur ruhini bag‘ishlashga, mazmun kiritishga qodir. Ekzistensiya doimiy harakat, muntazam intilish, o‘zini yangilab, jimlikni, sokinlikni, turg‘unlikni buzib turish, mavjudlikni har soniyada isbotlash degani. Sartrga ko‘ra, dunyo o‘z holicha mazmunsiz, turg‘un, faqat kishi faoliyatigina unga mazmun, harakat bag‘ishlay oladi. Inson tanlash huquqi bilan o‘z hayotiga mazmun kirita biladi. Ozodlikni tanlash huquqi Sartr falsafasining bosh mezoni sanaladi.

Adibning qadim yunon asotiri asosida yaratilgan «Chivinlar» dramasi qahramoni Orest Zevsga bo‘ysunishni istamaydi, mavjud an’analar va axloqqa ko‘ra tavba qilmasdan, o‘z yo‘lini tanlaydi hamda mavjud urf-odat, inonch tufayli shaharni egallab olgan jahannam nolasidan shaharni qutqaradi. U taqdirga yoki an’anaga bo‘ysunib emas, ozodlik yo‘lini tanlab shu xulosaga keladi. Drama mohiyatidagi ozodlikka undovni sezib qolgan nemis hukumati bu asarni taqiqlab qo‘ydi.

«Devor» hikoyasida ham mahkum qahramon do‘stlarini sotmaslik uchun, odatda, ular yig‘ilib turadigan joyni emas, balki esiga tushgan bir chetdagi mozoris­tonni aytadi. Shu yo‘l bilan do‘stlarini qutqarib qolmoqchi bo‘ladi. Ta’qibchilar u aytgan mozoris­tonga borishsa, uning maslakdosh do‘stlarini o‘sha yerdan topishadi va ushlab kelishadi. Beayb aybdor bo‘lgan qahramon holati Sartrning falsafiy tahlili uchun katta material beradi. Bu qahramon ozodlik va mahkumlik devori yonida turgan qahramondir. Uning beayb aybdorligi orqali adib butun insoniyatning gunoh va savob haqidagi qarashlarini timsollashtirmoqchi bo‘ladi. Qahramon ozod bo‘lish uchun eng bezarar yo‘lni tanladi. Ammo bu yo‘lda ham u aybdor bo‘lib qoldi. Bu yerda muhimi aybdor bo‘lib qolishi emas, uning ozod bo‘lish yo‘lini tanlaganidir. Inson ozodlikka intilar ekan, har qanday holatda ham yo u, yo bu jihatdan aybdor sanaladi. Chunki, Sartrning qarashi bo‘yicha, mavjud axloq, an’ana, odat va e’tiqodlar insonni aybdor qilish uchun, mahkum etish uchun yaratilgan va insonning ozodlikka intilishini gunoh sifatida qabul qilaveradi. Inson bu axloqqa zid nima qilmasin, baribir, gunohkor bo‘laveradi. Hayotning absurdligi ham shunda. Mahkumning ozodlikka erishish yo‘lini tanlashining o‘zi Sartr uchun eng muhim va birlamchi masala. O‘z davrida Kamyu bu hikoyani ham: «Insonni boshi berk ko‘chaga kirib qolgan holatda tasvirlagan Sartr falsafasiga xos hikoya», – deb tanqid ostiga olgandi.

Umuman, Sartrning barcha asarlari hayot va inson tahlilidan ko‘ra badiiylashgan ekzistensialistik tadqiqotlarga yaqin turadi. Aynan shu sababli ham Nabokov Sartr yozuvchi sifatida emas, faylasuf sifatida katta shaxs deb baholaydi. Faylasuf Xaydegger esa uni ko‘proq yozuvchi sifatida o‘rganish kerak deydi.

Sartr tom ma’noda san’at, adabiyot, tafakkur islohotchisi edi. U mavjud barcha narsaga isloh ko‘zi bilan qarar, o‘zgarmaydigan, qotib qolgan har qanday narsa unda murosasizlik uyg‘otar, inson dunyoga keldimi, o‘z taqdirini, dunyoni o‘zgartirishga mahkum, kimki bu vazifani bajara olmasa, u taraqqiyot dushmani deb hisoblardi. U o‘z opponentlariga nisbatan ayovsiz edi. Islohchilik, dunyodan qoniqmaslik kayfiyati uni yanglish, adash yo‘llarga ham olib kirib ketardi. Bir muddat ashaddiy stalinchi bo‘ldi, keyin sho‘rolar tuzumining asl basharasidan xabar topgach uning murosasiz dushmaniga aylandi. Fashistlarga qarshi Fransiya qarshilik harakatining faol a’zosi bo‘ldi, bu harakatning keng yoyilishiga hissa qo‘shdi, biroq urushdan keyin harakat rahbarlarining ayovsiz fosh qiluvchisiga aylandi. Kubani va Fidel Kastroni yoqlab maqolalar yozdi, biroq keyinchalik Kastro rejimi shoir Padilyani qamoqqa olgach, Kastroni ayblovchi maqolalar bilan chiqdi. Fransiyaning Jazoirdagi militaristik siyosatini qoraladi, miliy-ozodlik harakatini qo‘llab-quvvatladi, Vyetnamga qarshi boshlangan AQSH va Fransiya urushini bosqinchilik urushi sifatida baholadi, ziyolilarni bu urushga qarshi kurashishga chaqirdi. Adib hayoti davomida zulm va zo‘rlikka, insonni xo‘rlovchi tartiblarga, tuzumlarga, qonunlar va ta’limotlarga qarshi o‘z ijodi bilan, amaliy harakatlari bilan betinim kurash olib bordi, falsafiy ta’limotining bosh g‘oyasi bo‘lgan inson ozodligi va hurligini ulug‘ladi, zamondoshlarini shaxsiy va milliy xudbinlik, manfaatlar qurboni bo‘lib qolishdan saqlanishga chaqirdi. Inson, kim va qaysi millatga, irqqa mansub­ligidan qat’i nazar, ozod yashashga haqli ekanini, bu huquqni olib qo‘yishga hech kimning haqqi yo‘qligini ta’kidlab o‘tdi.

Uning o‘z g‘oyalarini targ‘ib qilish, «o‘zining mavjudligi»ni namoyon etish, o‘z davrining tafakkur tarzini o‘zgartirish, borliqqa va hayotga qarashlarini bayon qilish uchun yozgan, mashaqqatli mehnatidan paydo bo‘lgan ijod mahsullari har qanday katta aql egasini hayratga soladi. Undan 7000 sahifadan iborat «Borliq va yo‘qlik», 2000 sahifalik sof adabiy romanlar, 1300 betlik dialektik tafakkur tanqidiga bag‘ishlangan asarlar, 3000 betlik Flober hayotiga bag‘ishlangan tadqiqot, kinossenariylar, «Ozodlik yo‘li» nomli roman-trilogiya, 6 ta pyesa, Bodler hayo­tiga oid asardan iborat ulkan hajmdagi intellektual meros qoldi.

Sartr bir umr har kuni 6 soatdan yozish bilan shug‘ullanardi. Keksarib qolganda bu maromni ushlab qolishga qurbi yetmasligini anglab adabiyotdan ketganini ham e’lon qildi, ammo baribir ijoddan, fikrdan to‘xtamadi. Ko‘zlari ko‘r bo‘lib qolganda u: «Men zulmatda ham yozaveraman!» – dedi, haqiqatan ham fikr va munosabat bildirishdan to‘xtamadi: o‘zini zulmatga mahkum etgan taqdirga o‘z mavjudligini shu usulda bildirar edi. Xotini unga tovush chiqarib o‘qib berar, Sartr esa zulmatga g‘arq holatida ham dunyo­dagi, san’atdagi o‘zgarishlarga o‘z munosabatini bildirib turardi. Sartr umrining oxirigacha insonning taqdiriga o‘zi xo‘ja­yinligi va har kim o‘z taqdirini o‘zi yaratishi shartligi haqidagi hikmat bilan yashadi, shu hikmatni hayoti davomida isbotladi. Bu hikmat badiiy va falsafiy asarlarining bosh g‘oyasi, leytmotivi edi.

Sartr asarlari, qahramonlari taqdiri va dunyosi, u yaratgan ta’limot bir narsani isbotladi: inson Yaratgandan uzoqlashgani sayin o‘zini ma’nisizlashtirib boradi va olam, shu olamga taalluqli bo‘lgan barcha narsa bilan uning ko‘nglidagi va shuuridagi aloqa, rishta uziladi, hayotning, borliqning, tiriklikning mohiyati qolmaydi. Sartr qahramonlariga zo‘r berib o‘z falsafasini, qarashlarini tiqishtirdi, shu bilan o‘z davrining falsafasini yaratgan esa-da, uning qahramonlari hayotdan uzilgan va botiniiy mohiyatlari boy berilgan shaxslar. Ularning eng katta fojiasi Yaratgan va bani olam uyg‘unligini tan olmaganliklarida. «Behuzurlik», «Ozodlik yo‘llari» (garchi trilogiyada Fransiyaning fashistlar bosqini arafasidagi hayoti, fransuz qarshilik harakatining ozodlik uchun kurashi mavjud bo‘lsa-da, asar fransuz xalqining ozodlik harakatidan ko‘ra Sartr ta’limotida targ‘ib qilingan shaxs ozodligi asarning bosh liniyasini tashkil qiladi. Oldingi romani kabi bu asar qahramoni Matyening hayoti va qarashlari xuddi muallifniki kabi boshi berk ko‘chaga kirib qoladi, bu qahramonlar hayotiy harakatdan mosuvo obrazlarga aylanadi: adib bu asarida yozuvchi sifatida to‘liq yengiladi), «Devor», «Gerostrat», «Yotoq», «Dohiyning yoshligi» asarlari bu fikrni to‘liq tasdiqlaydi.

Jon Pol Sartr san’at va tafakkur tarixida juda kamdan-kam intellektlarga nasib bo‘lgan qismatga ega edi. Adib fe’l-atvori, tabiatiga ko‘ra hayotida bironta odam bilan besh-olti yildan ortiq yaqin bo‘lgan emas. Har qanday odamni uning o‘tkir idroki fosh qilib qo‘yar yoki o‘sha odamning o‘zi Sartrning o‘zgaruvchan tafakkur tarziga dosh berolmasdi. Biroq hayotga va olamga munosabati ham o‘ziga o‘xshab ketadigan rafiqasi, hammaslagi, ijoddagi do‘sti va qo‘llovchisi adiba va faylasuf Simon de Bovuar bilan ellik yildan oshiq birga yashadi, birga ijod qildi, asarlari bilan o‘z davri tafakkurini birga o‘zgartirishdi.

Lekin baribir yangi davr uni esdan chiqardi. U uzoq yillar matbuotda ham, adabiyotda ham ko‘rinmadi. Sartr dunyo o‘zini unutdi degan xulosaga keldi. 1980 yili buyuk fikr va san’at islohotchisi Sartr vafot etdi. U o‘zini unutgan dunyoda ortiqcha hashamni xohlamadi, o‘zini kamtar va kamsuqum qilib ko‘mish­larini, marosim ishtirokchilari bir nechta kishidan oshmasligini vasiyat qildi. Ammo dafn marosimida ko‘chalar odamlar bilan to‘lib ketdi. Fransiya, Parij uni unutmagandi. Gazetalar davrning so‘nggi ijodkor-inqilobchisini oxirgi yo‘lga kuzatish uchun 50 ming odam ishtirok etganini yozdi. «Mond» gazetasi uning o‘limi munosabati bilan e’lon qilgan bosh maqolasida: «…XX asrda bironta shaxs, bironta Nobel mukofoti sohibi fransuz ijtimoiy tafakkuriga Sartrchalik uzoq va chuqur ta’sir qilgan emas», – deb yozdi. Faylasuf Lui Altyusser esa Sartrning hayoti va faoliyatiga: «U davrimizning Jan Jak Russosi edi», – deya baho berdi.

Jan-Pol SARTR
“LE MUR” HIKOYASINING IKKI TARJIMASI
07

sartre.jpg Jan-Pol Sartr (Jean-Paul Charles Aymard Sartre) (1905-1980) – fransuz adibi, faylasufi, esseisti. Yevropa adabiyoti va falsafasida ekzis­tensializm oqimi asoschilaridan. Nobel mukofoti laureati (1964). Ikkinchi jahon urushi yillarida Fransiya Qarshilik ko‘rsatish harakatining faol ishtirokchilaridan bo‘lgan. O‘z g‘oyalarini “Tan modern” (“Yangi zamon”) jurnali ochib, targ‘ib etgan. Uning “Borliq va hechlik” (1945), “Ekzistensializm – gumanizm” (1946), “Ahvollar” (10 jild) (1947-1976) singari asarlari Yevropa falsafasi taraqqiyotida juda chuqur iz qoldirdi. U ko‘proq tarix oqimida borayotgan insonning o‘zi va o‘zgalar oldidagi mas’uliyatini batafsil tadqiq etdi.
Sartr – XX asr dunyo adabiyotining eng yirik namoyandalaridan biri. Uning “Erkinlik yo‘llarida” tetralogiyasiga kirgan “Yetuklik”, “Kechiktirish”, “Yurakdagi o‘lim”, bundan tashqari “Aynish”, “So‘z”, “Freyd”, “Flober” singari asarlari mashhur. O‘tkir dramatizm to‘la pyesalari hamon dunyo sahnalarida muvaffaqiyat bilan o‘ynaladi. Ekzistensializm – tiriklik falsafasi, degani bo‘lib, Sartr shu falsafaning inson shaxsi va borlig‘i bilan bog‘liq teran va murakkab qirralari haqida fikr yuritdi. Uning ilk bora o‘zbekcha tarjimada diqqatingizga havola qilinayotgan “Devor”hikoyasi 30-yillarda Ispaniyada ro‘y bergan g‘alayonli voqealarga bag‘ishlanadi. Adib favqulodda vaziyatlarda inson o‘zini qanday tutishi bilan bog‘liq dramatik holatlarni yuksak mahorat bilan yoritadi.

07

DЕVOR
Rus tilidan Ibrohim G‘afurov tarjimasi

Ashampoo_Snap_2017.05.26_22h43m22s_003_.png Bizni devorlari oppoq chorsi xonaga itarib-turtib kiritishdi. O‘tkir yorug‘lik ko‘zni qamashtirdi. Zum o‘tmay stol ortida qandaydir qog‘ozlarni titib o‘tirgan kishilik kiyimidagi to‘rt nusxani ko‘rdim. Boshqa qamoqqa olinganlar bir oz nariroqda tiqilishib turishardi. Biz xonani kesib o‘tib, ularga qo‘shildik. Bu odamlarning ko‘pini bilardim, qolganlari, chamasi, muhojirlar edi. Mening oldimda ikkita bir-biriga o‘xshagan oq-sariqdan kelgan kishi turardi, bular fransuzlar bo‘lsa kerak, deb o‘yladim. Bo‘yi pastrog‘i dam-badam shimini ko‘tarib qo‘yar – tizzalari qaltirayotgani ko‘rinib turardi.

Bu dahmaza uch soatchadan buyon davom etar, boshim qotgan, quloqlarim shang‘illar edi. Ammo xona issiqqina, tanaga yoqar, biz uzzukun sovuqda qolib izillagan edik. Soqchilar qamoqqa olinganlarni birma-bir stol yoniga olib borishardi. Kishilik kiyimidagi to‘rt nusxa har bir odamdan ismi bilan kasb-korini so‘rardi. Ular shu savollardan nariga o‘tishmas, lekin gohida “O‘q-dorilar o‘g‘irlashda qatnashganmisan?” yoxud “O‘ninchida ertalab qayerda, nima ish bilan mashg‘ul eding?” deb so‘rab qo‘yishardi. Javoblarni esa hatto eshitishmas yoki eshitmaganga olishar, bo‘shliqqa tikilib, jim qolishar, keyin yozishga tushishardi. Tomdan “Haqiqatan baynalmilal brigadada xizmat qilganmisiz?” deb so‘rashdi. Bo‘yin tovlashning ma’nisi qolmagan – ular kurtkasidagi hujjatlarini topib o‘qishgan edi. Xuandan esa hech narsani so‘rashmadi, faqat u otini aytishi bilanoq tez-tez allanimalarni yozishga tushishdi.

– O‘zingiz bilasiz-ku, – men emas, akam anarxist. Ammo u bu yerda emas. Mening siyosat bilan ishim yo‘q, hech qanday partiyaga a’zo emasman. – Ular indamay o‘tirib yozishardi. Xuanning jag‘i tinmasdi. – Mening hech bir aybim yo‘q. Boshqalarning jatiga qolishni istamayman. – Uning lablari titrardi. Soqchi og‘zingni yum deb, uni bir chekkaga itarib olib bordi.

Navbat menga keldi.
– Siz Pablo Ibbiyetamisiz?

Men “Ha”, dedim. Nusxa qog‘ozlarga qaradi-da, so‘radi:
– Ramon Gris qayerga yashiringan?
– Bilmayman.
– Siz uni oltinchidan o‘n to‘qqizinchigacha yashirgansiz.
– Undaymas.

Ular nimalarnidir yozishdi, keyin soqchilar meni xonadan olib chiqishdi.

Yo‘lakda ikkita qorovul o‘rtasida Tom bilan Xuan turardi. Bizni olib ketishdi. Tom soqchilarning birovidan so‘radi:
– Bu yog‘iga nima bo‘ladi?
– Qaysi ma’noda? – dedi soqchi.
– Bizni so‘roq qilishdimi yoki sud?
– Sud.
– Xo‘p. Endi nima qilishadi bizni?

Soqchi quruqqina javob berdi:
– Hukm kamerada e’lon qilinadi.

Ular kamera deb atagan joy ilgarigi kasalxonaning yerto‘lasi edi. Bu yerdagi sovuqqa chidab bo‘lmas, har tomondan ayoz shamol g‘o‘rillardi. Tun bo‘yi azbaroyi sovuqdan tishlar takillab chiqar, kunduzlari ham bundan tuzuk emasdi. Bundan avval men besh kun arxiyepiskoplikning yolg‘izxonasida o‘tirgan edim, uni o‘rta asrlardan qolgan tosh o‘ra desa ham bo‘lardi. Qamoqqa olinganlar shunchalik ko‘p ediki, ularni duch kelgan yerga tiqib tashlashardi. Men-ku o‘sha o‘rasidan xafa emasman, jillaqursa, u yerda sovqotganim yo‘q, faqat yolg‘iz edim, yolg‘izlik esa odamni holdan toydiradi. Manavi yerto‘lada harqalay yon-verimda odamlar bor. Rost, Xuan og‘zini ochmas, qattiq qo‘rqar, har na qilsa-da, juda murg‘ak, gapiradigan gapi ham yo‘q hisobi edi. Tomning esa, aksincha, jag‘i tinmas, buning ustiga ispanchani suvday ichardi.

Yerto‘lada bitta uzun o‘rindiq va to‘rtta bo‘yra bor edi. Eshik orqamizdan yopilgach, biz o‘tirib, bir muddat jim qoldik. Avval Tom tilga kirdi:
– Tamom. Kunimiz bitdi.
– Balki, – dedim men. – Lekin yigitchaga tegishmas deyman.
– Akasi jangari bo‘lsayam, ukasining bunga aloqasi yo‘q.

Men Xuanga qaradim: u, chamasi, eshitmasdi. Tom gapini davom ettirdi:
– Saragosada ularning nimalar qilayotganini bilasanmi? Odamlarni yo‘lga yotqizib, ustidan yuk mashina yurgizishyapti. Marokashlik bir qochoq bor edi, bizga o‘sha gapirib berdi. Aytishlaricha, shunaqa qilib o‘q-dorini tejasharmish.
– Benzinni tejashmas ekanmi?

Tom jig‘imga tegdi. Nima qiladi bularni gapirib?
– Zobitlar bo‘lsa yo‘l chekkasida qo‘llarini cho‘ntakka tiqib, sigaret tutatib aylanib yurisharmish. O‘sha sho‘rliklarni darrov asfalasofilinga jo‘natishadi deb o‘ylaysanmi? Hech-da! Abgorlar soatlab baqirib yotisharmish. Marokashlik og‘riqning zo‘ridan men avvaliga og‘zimni ham ocholmadim, deydi.
– Ishonchim komilki, ular bu yerda unday qilishmaydi, – dedim men. – Boshqasini bilmayman-u, lekin ularning o‘q-dorilari yetarli.

Yerto‘laga to‘rtta teshik va chap tomondagi shiftdan ochilgan tuynukdan yorug‘lik tushib turar, undan naq osmon ko‘rinardi. Bu tuynukdan ilgari yerto‘laga ko‘mir tushirilgan chog‘i, shundoq tagida ko‘mir xokasi to‘dalanib yotardi. Chamasi, u bilan harbiy kasalxonani isitish mo‘ljallangan. Keyin urush boshlanib, kasallar boshqa joyga ko‘chirilgan-u, ko‘mir shundoq qolib ketgan. Aftidan, tuynukni berkitish yodlaridan ko‘tarilgan, vaqti-vaqti bilan tepadan yomg‘ir tomchilari tomardi. Kutilmaganda Tom yomon qaqshab g‘o‘ldiradi:
– Qurib ketsin! Hammayog‘im titrab ketyapti. Shu yetmay turuvdi!

U o‘rnidan turib mashq qilishga tushdi. Ko‘ylagi har ko‘tarilganda jun bosgan oppoq ko‘kragi ko‘rinib ketardi. Keyin u chalqancha yotib, oyoqlarini ko‘tarib qaychidak aylantira boshladi – uning semiz dumbasi dirillardi. Umuman, Tom – zuvalasi pishiq yigit, lekin baribir semizroq. Men beixtiyor o‘q va miltiq nayzasi bu laqqa yumshoq go‘shtga yog‘ni kesganday oson va yengil kirib borishini tasavvur qildim. U qotma yigit bo‘lganida, ehtimol, bunday o‘ylamagan bo‘lardim. Men sovqotmagan bo‘lsam-da, qo‘l-oyog‘imni sezmasdim. Ba’zida birnimamni yo‘qotganday bo‘lar, kurtkamni qidirib, alang-jalang qilar va shu zahoti uni menga qaytarib berishmaganini eslar edim. Bundan g‘ashligim ortardi. Ular bizning kiyim-kechaklarimizni olib qo‘yishib, bo‘z ishtonlar berishdi – bu yerda kasallar ayni yoz chog‘lari shunday ishtonlarda yurishgan. Tom o‘rnidan turib, ro‘paramga o‘tirdi.

– Qalay, isidingmi?
– Qayda deysan, qurib ketsin. Nafasim tiqilgani qoldi.

Soat sakkizlarda kameraga komendant bilan ikkita falangachi askar kirdi. Komendantning qo‘lida ro‘yxat bor edi. U soqchidan so‘radi:
– Bu uchovining familiyasi nima?

Soqchi aytdi:
– Steynbok, Ibbiyeta, Mirbal.

Komendant oynagini taqib, ro‘yxatga boqdi.
– Steynbok… Steynbok… A-ha, mana bor. U otishga hukm qilingan. Hukm ertaga ertaminan ijro etiladi.

U ro‘yxatga yana bir qur ko‘z tashladi:
– Qolgan ikkovi ham.
– Bo‘lishi mumkinmas, – deya hiqilladi Xuan. – Xatolik bu.

Komendant unga hayron bo‘lib qaradi:
– Ismi sharifing?
– Xuan Mirbal.
– Hammasi to‘g‘ri. Otuv!
– Lekin men hech narsa qilganim yo‘q, – deya gapidan qolmadi Xuan.

Komendant yelkasini qisdi-da, bizga o‘girildi:
– Sizlar baskmisizlar?
– Yo‘q.
Komendantning avzoyi buzuq edi.
– Lekin menga bu yerda uchta bask bor deyishuvdi. Ularni qidirib yurishdan boshqa ishim yo‘qmi? Sizlarga ruhoniy kerakmi?

Biz indamadik. Komendant:
– Hozir oldingizga belgiyalik vrach kiradi, – dedi. – U siz bilan ertalabgacha birga bo‘ladi.

U qo‘lini chakkasiga qo‘yib, so‘ng chiqib ketdi.
– Aytmovdimmi senga? – dedi Tom. – Xasislik qilishmapti.
– Rost, – dedim men. – Ammo bolapaqirga jabr-da. Ablahlar!

Garchi yigitchani jinim suymay turgan bo‘lsa-da, bu gapni adolat yuzasidan aytdim. Bolakayning yuzi g‘oyatda ingichka, o‘lim qo‘rqinchi basharasini yomon o‘zgartirib yuborgandi. Uch kun burun u xipchagina o‘smir edi, uni yoqtirmaslikning iloji yo‘q edi, lekin hozir u juda qarimsiq bo‘lib qolgan, mabodo endi uni shu holda qo‘yib yuborsalar ham, u umr bo‘yi shunday qarimsiq va pajmurdaligicha qolardi, deb xayolimdan o‘tkazdim. Umuman, bolakayga odamning rahmi keladi, ammo achinish nafratimni qo‘zg‘ar, u yog‘ini aytsam, bolaning o‘zi ham ko‘zimga balodek ko‘rinardi.
Xuan boshqa miq etmadi, uning rang-ro‘yi qumday oqardi, qo‘llari, basharasining ham tusi o‘chdi. U ko‘zlari soqqaday bo‘lib yana yerga cho‘kdi. Bir joyga tikildi-qoldi. Tom mehribon odam edi, u bolakayning qo‘lini tutmoqchi bo‘ldi, ammo u jahl bilan qo‘lini tortib oldi, yuzi alamdan burishib ketdi.
– Unga tegma, – dedim Tomga. – Ko‘rmayapsanmi, xo‘rligi kelib turibdi.

Tom istar-istamay rozi bo‘ldi, u negadir bolakayni yupatgisi kelgan, shunday qilganda, o‘z ahvolini ham bir oz bo‘lsa-da yengillatgan bo‘larmidi balki. Har ikkovi ham juda g‘ashimga tegishayotgan edi. Ilgari men hech o‘lim to‘g‘risida o‘ylamagandim, fursatim bo‘lmagandi, lekin hozir meni nima kutayotganini o‘ylamay ilojim yo‘q edi.
– Menga qara, – dedi Tom, – sen ulardan birontasini narigi dunyoga jo‘natdingmi?

Men javob bermadim. Tom avgustdan beri oltitasini otib tashlaganini o‘rab chirmay boshladi. Aniq, u hozir yuzaga kelgan vaziyat haqida o‘ziga hisob bermasdi, u buni istamayotganini ravshan ko‘rib turardim. O‘zim ham ro‘y bergan holni tuzuk-quruq anglay olmas, biroq men o‘lim og‘ir bo‘larmikin-a, deb o‘ylagan va qaynoq o‘qlar badanimni do‘lday teshib o‘tayotganini his qilgandim. Shunga qaramasdan bu sezgilarning uncha ahamiyati yo‘q edi. Hali buning tashvishini chekmasa ham bo‘lar, ahvolni aniqlashtirib olishim uchun oldinda bir kecha bor edi. To‘satdan Tom jim bo‘lib qoldi. Unga ko‘z qirimni tashladim, rangida rang qolmabdi. Ahvoli g‘oyatda nochor edi, shunda men “Ana boshlandi!” deb o‘yladim. Qorong‘i tushib kelardi, tuynukdan xira yorug‘ oqib kirar, ko‘mir uyumini yoritar, xona sahniga dog‘-dug‘ bo‘lib yaslanardi. Tuynuk uzra ko‘zimga yulduz tashlandi, kecha sovuq, osmon tiniq edi.

Eshik ochilib, yerto‘laga ikki soqchi kirdi. Ularning ortidan Belgiya harbiy kiyimidagi oq-sariqdan kelgan kimsa ko‘rindi. Biz bilan salomlashgach:
– Men vrachman. Manavi noxush ahvollarda sizlar bilan birga bo‘laman, – dedi.
Uning tovushi ziyolilarniki singari yoqimli edi. Undan so‘radim:
– Buning nima foydasi bor?
– Kamina xizmatingizda bo‘laman. Oxirgi daqiqalarni osonlashtirishga harakat qilaman.

– Lekin nega bu yerga keldingiz? Gospitalda yarador to‘lib yotibdi-ku.
– Meni aynan shu yerga jo‘natishdi, – deb javob berdi u noaniqroq qilib. Keyin shosha-pisha qo‘shimcha qildi: – Chekasizmi? Sigaretim, hatto sigaram ham bor. – U bizga ingliz sigareti va Gavana sigarasini uzatdi, biz rad etdik. Men unga tikilib qaradim, u o‘zini noqulay sezdi. Unga shunday dedim:
– Siz bu yerga rahm-shafqat ko‘rsatish uchun kelmagansiz. Men sizni tanidim. Meni qo‘lga olishgan kuni sizni kazarma hovlisida ko‘rganman. Siz falangachi askarlar bilan birga turardingiz.

Unga bor gapni to‘kib solmoqchi edim, lekin o‘zimga hayron qoldim, bunday qilib o‘tirmadim: birdan belgiyalikka umuman qiziqmay qo‘ydim. Ilgarilari men birovga tirg‘ilsam, uni osonlikcha qo‘ldan chiqarmasdim. Hozir esa butunlay gapirgim kelmay qoldi. Yelkamni qisdim-da, yuzimni boshqa yoqqa o‘girdim. Bir necha daqiqadan so‘ng munday boshimni ko‘tarib qarasam, belgiyalik meni qiziqsinib kuzatyapti. Qo‘riqchilar bo‘yralarga o‘tirishdi. Naynov Pedro zerikib o‘zini qayerga qo‘yishni bilmas, narigisi esa uxlab qolmaslik uchun dam-badam boshini u yoqdan bu yoqqa burar edi.
– Chiroq olib kelaymi? – kutilmaganda so‘radi Pedro.

Belgiyalik boshini silkitdi, men shunda uning ziyoliligi aldamchi, to‘nkadan farqi yo‘q ekan, deb o‘yladim. Lekin har holda shafqatsiz dajjol ham emasdi. Uning sovuq ko‘k ko‘zlariga qarab, havoyiroq odam, har qanday pastkashlikka boradi, deb o‘yladim. Pedro tezda kerosin chiroq ko‘targancha qaytib keldi va uzun o‘rindiqning chetiga o‘rnatdi. Chiroq xira yoritar, lekin, har qalay, hechdan ko‘ra yaxshiroq edi. Kechagina biz zimiston qorong‘ida o‘tirgan edik. Men shipga tushib turgan chiroq shu’lasi gardishiga uzoq termulib qoldim. Xuddi sehrlanganday undan ko‘zimni uzolmasdim. To‘satdan bari g‘oyib bo‘ldi, shu’la doirasi so‘ndi. Ko‘tarib bo‘lmas og‘ir yuk ostida qolganday men qattiq qaltirab ko‘zimni ochdim. Yo‘q, bu qo‘rquv, o‘lim sharpasi emas edi. Buning nimaligini anglab bo‘lmasdi. Ikki yuzim o‘t bo‘lib yonar, boshim og‘riqdan yorilay der edi.

Junjikib o‘rtoqlarimga boqdim. Tom kaftlariga yuzini yashirgancha o‘tirar, ko‘zim uning jingala paxmoq sochinigina ilg‘ardi. Bolakay Xuan tobora nochorlashib borardi: og‘zi yarim ochiq, burun kataklari pir-pir uchardi. Belgiyalik yaqin kelib, uning yelkasiga qo‘lini qo‘ydi: chamasi, u bolaga dalda berishni istardi, lekin ko‘z qorachiqlari muz parchalaridek yiltirardi. Uning qo‘li asta pastga sirg‘aldi va bolaning bilagida to‘xtadi. Xuan qimirlamadi. Belgiyalik uning bilagini uch barmog‘i bilan qisdi, uning nigohi qotib qolganga o‘xshardi, shunda u meni ko‘rmaslik uchun orqasini o‘girdi. Men bir oz oldinga enkaydim, shunda u soatini chiqarib, qo‘lini qo‘yib yubormasdan bir necha soniya unga qarab qolganini ko‘rdim. Keyin u o‘zini chetga oldi, shunda Xuanning qo‘li holsiz pastga osilib qoldi. Belgiyalik devorga suyandi, keyin xuddi muhim bir narsani eslaganday yondaftarini chiqarib, unga nimanidir yozdi. “Ablah! – qahrim keldi mening. – Qani mening tomirimni ko‘rsin-chi, basharasiga aylantirib solaman”. U, har qalay, mening oldimga kelmadi, ammo boshimni ko‘targanimda, menga qarab turganini ko‘rdim. Men ko‘zimni olib qochmadim. U qandaydir hissiz bir ovoz bilan menga so‘z qotdi:
– Sovqotmayapsizmi bu yerda?

Uning o‘zi juda sovqotgan, basharasi ko‘karib ketgan edi.
– Yo‘q, sovqotmadim, – deb javob berdim.

Biroq hamon u menga qattiq tikilib turardi. Birdan gap nimadaligini tushunib qoldim. Qo‘lim bilan yuzimni sidirdim: uni shilimshiq ter bosgan edi. Zax sovuq yerto‘lada qishning qoq o‘rtasi har yoqdan g‘o‘rillab turgan yelvizakda mendan tinmay ter quyilib kelayotganini qarang. Sochlarimni ushlab ko‘rdim: jiqqa ho‘l. Ko‘ylagimni ham tamomila ter bosib, badanimga yopishib qolgan edi. Bir soatdan beri ter a’zoyi badanimdan quyilib kelar, men esa uni sezmasdim. Belgiyalik mahluq bo‘lsa, buni ko‘rib-bilib turgan ekan. Yuzimdan oqib tushayotgan terni ko‘rib, mana, qo‘rquv odamni qanday ahvolga soladi, jon shirin, deb o‘ylayotgandir, xoynahoy. U o‘zini shu tobda risoladagi odamday sezayotgan va risoladagi odamlar kabi sovqotayotganidan mamnun ham bo‘lsa kerak. Men uning oldiga borib, basharasiga tushirgim keldi. Lekin u tomonga hali bir qadam ham qo‘ymay turib, yuragimdagi alam va uyat yo‘qoldi-da tamomila farqsiz bir holda uzun o‘rindiqqa o‘tirib qoldim. Men yana ro‘molchamni chiqarib, u bilan bo‘yinlarimni artishga tushdim. Endi men sochlarimdan oqib tushayotgan terni aniq sezdim va bundan ko‘nglim nihoyatda xira bo‘ldi. Keyin oqib tushayotgan terni artmay qo‘ya qoldim, ro‘molcha siqsa bo‘ladigan darajada ho‘l edi. Ammo ter sira to‘xtamasdi. Bo‘ksalarim ham terga botdi, ishtonim o‘rindiqqa yopishib qoldi. Kutilmaganda bolakay Xuan tilga kirdi:

– Siz vrachmisiz?
– Vrach, – deb javob berdi belgiyalik.
– Ayting-chi… og‘riydimi… uzoq cho‘ziladimi?
– Oh, bu… anov… Yo‘q, tez o‘tib ketadi, – deb javob qildi belgiyalik otalarcha ohangda. Shu tobda u go‘yo haq to‘lab davolanishga kelgan kasalni yupatardi.
– Men eshitgandimki… menga aytishuvdi… ba’zan… birinchi o‘q yog‘dirilganda hech narsa bo‘lmaydi deb.

Belgiyalik boshini chayqadi.
– Dastlab otilgan o‘qlar odamning jon joyiga tegmasa, shunday bo‘ladi.
– Unda miltiqlarni yana o‘qlab, yana boshqatdan mo‘ljalga olishadimi?

Xuan bir oz jim qolib, keyin ovozi xirillab so‘radi:
– Bunga vaqt kerakdir?

Jismoniy azob uni qiynar va qo‘rqitardi: uning yoshida shunday bo‘lishi tabiiy. Men bo‘lsam, bunday narsalarni o‘ylamasdim, og‘riq oldida qo‘rqqanimdan terga botayotganim yo‘q edi. O‘rnimdan turib, ko‘mir uyumi oldiga bordim. Tom seskanib, menga norozi boqdi: oyoq kiyimim yurganda g‘ijirlar, bu uning g‘ashiga tegardi. Nahotki mening ham basharam shunday oqarib-ko‘karib ketgan bo‘lsa, deb o‘yladim.

Osmon ajoyib edi, men o‘tirgan burchakka yorug‘lik tushmasdi, shundoq tepaga qarashim bilan Katta Ayiq yulduz turkumini ko‘rdim. Ammo endi bari boshqacha edi: ilgari arxiyepiskoplikning yolg‘izxonasida o‘tirganimda istagan paytda osmon parchasini ko‘ra olar va bu har safar menda turli xotiralarni uyg‘otar edi. Ertalab havo yengil, osmon lojuvard bo‘lganda men Atlantika okeani qumloq sohillarini xayolimdan o‘tkazardim. Tush mahali quyosh tikkaga kelganda Seviliyadagi qovoqxona esimga tushardi – u yerda mansanilo ichkiligini ichib, xamsa va zaytun mevalaridan yerdim. Tushdan so‘ng kun ufqqa og‘ganda, soyada o‘tirar va shunda maydonning qoq yarmini qoplagan quyuq soyani eslardim, xuddi shu paytning o‘zida maydonning qolgan qoq yarmi quyosh nurlarida yaraqlardi, shu tariqa tirnoqcha osmon parchasida aks etgan yerni tomosha qilib, juda ma’yus tortardim. Biroq endi osmonga qanday xohlasam, shunday qarardim: u mutlaqo hech narsani esimga solmasdi. Menga shu ko‘proq yoqardi. O‘z joyimga qaytib, Tom bilan yonma-yon o‘tirdim. Hech kim so‘z qotmadi.

Andak fursatdan so‘ng u shivirlab so‘zlashga tushdi. U jim o‘tirishga sira o‘rganmagandi: tovush chiqarib so‘ylabgina o‘zining kimligini anglardi. Garchi u boshqa tomonga boqib turgan esa-da, aftidan menga so‘ylardi. Hech shak-shubha yo‘qki, u meni shu alfozda terga botgan va rangi qum oqargan holda ko‘rishdan, chamasi, yuragi bezillardi. Endi biz bir-birimizga juda o‘xshardik va har birovimiz boshqa birovimiz uchun bamisoli oyna edik. U tirik belgiyalikka qaradi.
– Sen bu narsalarni tushunasanmi? – deb so‘radi u. – Men tushunmayman.

Men ham sekin shipshib so‘yladim. Men ham belgiyalikka qaradim.
– Nima deyapsan?
– Halizamon boshimizga qattol bir savdo tushadi.

Tomdan g‘alati bir nimaning hidi anqiyotganini sezdim. Hidlarni odatdagiga qaraganda nozikroq sezadigan bo‘lib qolibman. Men kinoya qildim:
– Mayli. Tezda tushunib qolasan.

Lekin u hamon o‘zining aytganidan qolmasdi.
– Yo‘q, bunga odamning aqli bovar qilmaydi. Men oxirigacha matonatli bo‘lishim kerak, lekin nima bo‘lganda ham, bilishim kerakki… Demak, shunday, ko‘p o‘tmay bizni tashqariga olib chiqishadi. Bu gazandalar ro‘paramizda saf tortishadi. Nima deysan, ular necha kishi bo‘larkin?
– Bilmadim, balki beshta, balki sakkizta. Undan ko‘p bo‘lmas.

– Mayli. Sakkizta bo‘laqolsin. Ularga “Mo‘ljal!” deb qichqirishadi, o‘zimga qaratilgan sakkizta miltiq og‘zini ko‘raman. Men devor tomonga surilmoqchi bo‘laman, yelkam bilan unga suyanaman, jon-jahdim bilan yopishaman, u esa tungi bosinqirash chog‘ida bo‘lgani kabi meni itarib tashlaydi. Bularning barini men ko‘z o‘ngimga keltira olaman. Bilsayding, qanchalar aniq bu suvrat!
– Bilaman, – dedim. – Men buni sendan kam tasavvur qilmayman.
– Buning og‘rig‘iga chidash qiyin. Axir, ular basharangning abjag‘ini chiqarish uchun ko‘zing va og‘zingni poylab otishadi. – Uning ovozi qahrli eshitildi. – Men jarohatlarimni his qilib turibman, mana bir soatki, boshim og‘riyapti, bo‘ynim azob beryapti. Bu haqiqiy og‘riq emas, ammo undan battarroq, bu men ertaga ertalab his qiladigan og‘riq. Xo‘sh, undan keyin nima bo‘ladi?

Uning nima demoqchi bo‘layotganini juda yaxshi tushunib turardim, lekin buni payqab qolishini sira istamas edim. Men ham butun a’zoyi badanimda shunday og‘riqni sezardim, men uni xuddi chandiq va tirtiqlar kabi o‘z jismimda olib yurardim. Hech ularga o‘rganolmasdim, lekin o‘rtog‘imdan farqli o‘laroq, ularga ortiqcha ahamiyat bermasdim.
– Keyinmi? – dedim men baralla ovozda. – Keyin seni qurt-qumursqalar talaydi.

So‘ngra u xuddi o‘zi bilan o‘zi gaplashganday so‘yladi, lekin belgiyalikdan ko‘zini sira uzmasdi. Belgiyalik esa hech nimani eshitmayotganday edi. U nega bu yerda o‘tirganini men tushunardim: fikrlarimiz uni qiziqtirmasdi, hali hayotni tark etmagan bo‘lsa-da, ammo talvasa ichida to‘lg‘anayotgan jismimizni kuzatgani kelgandi.

– Bu xuddi tungi qo‘rqinchli tushga o‘xshaydi, – deb davom etardi Tom. – Bir narsani o‘ylashga urinasan, nazaringda, bu qo‘lingdan keladiganday, bir daqiqadan so‘ng nimanidir tushunganday bo‘lasan, undan so‘ng hammasi tarqalib, yo‘qolib ketadi. Men o‘zimga o‘zim “Keyinmi? Keyin hech nima bo‘lmaydi”, deyman. Lekin buning ma’nisini tushunmayman. Goh munday tushunganday bo‘laman… lekin shunda yana hammasi qochib ketadi-da, keyin men og‘riqmi, o‘qlar, miltiqlarning birvarakay otilishimi shularni o‘ylashga tushaman. Senga qasam ichib aytishim mumkin, men moddiy dunyoga ishonaman, amin bo‘l, mening aqli-hushim joyida, lekin shunga qaramay, buning uchini uchiga to‘g‘ri keltirolmayman. Men o‘z loshimni ko‘raman: buning qiyin joyi yo‘q, lekin uni, har qalay, men o‘zim ko‘ryapman: o‘lik tanaga qaragan ham o‘zimning ko‘zlarim. Men o‘zimdan boshqa hech narsani ko‘rmayman va hech narsani eshitmayman, hayot esa boshqalar uchun davom etaveradi, deb ishontirmoqchi bo‘laman. Lekin biz bunday fikrlar uchun yaratilmaganmiz. Bilasanmi, allanimanidir kutib tun bo‘yi mijja qoqmay chiqqan paytlarim bo‘lgan. Ammo bizni butunlay boshqa bir narsa kutyapti, Pablo. U ustimizga orqadan bostirib kelmoqda, shuning uchun unga shay turishning hech iloji yo‘q.
– Jim bo‘l, – dedim unga. – Balki ruhoniyni chaqirsak, izhori dil qilarsan?

U indamadi. U bashorat qilishni, otimni aytib chaqirishni va bosiq g‘o‘ng‘irlab gapirishni yaxshi ko‘rishini allaqachon payqagandim. Bularning hech birini men ko‘tarolmasdim, ammo nima ham qilish mumkin – irlandlarning bari shunaqa. Undan peshob isi anqiyotganday tuyuldi. Gapning ochig‘ini aytsam, Tomni unchalik ham yoqtiravermasdim va endi ham birga o‘lamiz-ku deb, unga munosabatimni o‘zgartirmoqchi emasdim. Birga o‘lishning o‘zi men uchun yetarli emasdi. Men hammasi boshqacha kechishi mumkin bo‘lgan odamlarni bilardim. Misol uchun Ramon Gris. Ammo Xuan bilan Tomning yonida o‘zimni yolg‘iz sezmoqdaydim. Darvoqe, shu tobdagi ahvoldan ham norozi emasdim: agar Ramon bu yerda bo‘lganda, cho‘kib qolgan bo‘larmidim. Vaholanki, hozir men o‘zimni dadil tutayotgan va oxirigacha shunday qolmoqni niyat qilgandim. Tom parishon holda so‘zlarni chaynardi. Bir narsa kundek ayon edi: u, qanday bo‘lmasin, o‘ylamaslik uchungina nuqul gapirardi. Endi undan peshobi chatoq qariyaday shiptir hidi taralardi. Lekin, umuman olganda, uning gaplariga qo‘shilardim, u nima degan bo‘lsa, aftidan, bularni men ham aytishim mumkin edi: zo‘rlik oqibatida o‘lish – g‘ayritabiiy narsa. Ertaga o‘lishimni bilgan daqiqadan boshlab atrofdagi barcha narsalar menga g‘ayritabiiy bo‘lib tuyula boshladi: ko‘mir uyumi deysizmi, uzun o‘rindiq va yo Pedroning nahs basharasi deysizmi – hammasi. Garchi endi tun bo‘yi faqatgina bir narsa haqida o‘ylashimiz, birga dir-dir titrashib, birga qora terga botishimizni obdon tushunsam-da, bularni o‘ylagim kelmasdi. Unga ko‘z qirimni tashladim va ilk daf’a u menga g‘alati ko‘rindi: yuziga o‘lim sharpasi o‘tirgandi. Shunda g‘ururim darz ketdi: yigirma to‘rt soat­dan beri men Tom bilan birga uning yonida turibman, gap-so‘zini tinglab, o‘zim ham bir nimalar deb… va shuncha vaqt orasida ishonchim komil ediki, biz u bilan butunlay boshqa-boshqa odamlarmiz. Mana endi ma’lum bo‘ldiki, biz bir-birimizga baayni egizaklarday o‘xshab qolibmiz. Buning sababi esa ertaga birga o‘lishimiz. Tom mening qo‘limdan ushlab, ko‘zlari qaylargadir boshqa yoqlarga qaragancha, dedi:
– Men o‘zimdan o‘zim so‘rayman, Pablo… men o‘z-o‘zimdan dam sayin so‘rayman: nahotki biz izsiz yo‘qolib ketsak?

Qo‘limni bo‘shatdim-da, achchiq bilan dedim:
– Oyog‘ing tagiga bir qara, cho‘chqa.

Uning oyog‘i tagida ko‘lmak hosil bo‘lgan, ishtonidan tomchilar shirillardi.
– Nima bu? – g‘o‘ldiradi u o‘zini yo‘qotib.
– Ishtoningga bajarib qo‘yibsan, – dedim men.
– Yolg‘on! – deya qichqirdi u quturib. – Yolg‘on! Men sezayotganim yo‘q!

Belgiyalik munofiqlarga achingandek bo‘lib, yonimizga keldi.
– Mazangiz qochyaptimi?

Tom javob bermadi. Belgiyalik indamay ko‘lmakka qarab turardi.
– Bilmayman, nega bunday bo‘ldi… – Tomning ovozi qahrli yangradi. – Lekin men qo‘rqmayman. Qasam ichamanki, qo‘rqmayman!

Belgiyalik miq etmasdi. Tom o‘rnidan turib bo‘shangani burchak tomonga ketdi. Keyin ishtonini to‘g‘rilagancha qaytib keldi, o‘rindiqqa o‘tirdi-da, boshqa lom-mim deb og‘iz ochmadi. Belgiyalik yozuv-chizuvi bilan mashg‘ul bo‘ldi.

Biz unga qarab o‘tirardik. Uchovimiz. Axir, u tirik edi-da!

Uning harakatlari tirik odamning harakatlari, tirik odamning tashvishlari edi: bu yerto‘lada u xuddi tiriklarga o‘xshab, sovuqdan qalt-qalt titrar, sog‘lom dirkillab turgan jismi tirikligi bois unga so‘zsiz bo‘ysunardi. Biz esa o‘z jismimizni u qadar his qilmay qo‘ygandik, his qilganda ham, u kabi emasdik. Men ishtonimning past qismini paypaslab ko‘rishni istardim, lekin bunga jur’at etolmasdim. Men belgiyalikka tikilib qarayman: u o‘z mushak­larining egasi, kuchli oyoqlari yerda uni mahkam tutib turadi, unga ertangi kun haqida o‘ylashiga hech narsa halaqit bermaydi. Biz uch qoni so‘rib olingan sharpa – butunlay boshqa bir tomonda joylashganmiz, biz unga qattiq termulib o‘tirib, bamisoli uning qonini ichamiz – qonxo‘rlar kabi. Ana u bolapaqir Xuanning oldiga bordi. Bolakayning boshini nega silamoqchi bo‘ldi – aytish qiyin; balki buni kasb-kori talabiga ko‘ra qilgandir, balki ko‘nglida rahm-shafqat uyg‘ongandir. Agar shunday bo‘lsa, bu tun bo‘yi faqat bir martagina ro‘y berdi, xolos. U Xuanning boshini silab, yelkasiga qoqib qo‘ydi, bolakay undan ko‘zini uzmas va bunga qarshilik ko‘rsatmasdi, ammo u kutilmaganda belgiyalikning qo‘lidan mahkam tutib, vahshiyona alfozda tikilib qoldi. Bolakay uning qo‘lini o‘z kaftlari orasiga olib siqdi, buning ajablanarli joyi yo‘q edi: tussiz otashkurak orasidagi oppoq, yumshoq qo‘l. Men nima ro‘y berishini darrov tushundim. Chamasi, Tom ham fahmladi, ammo belgiyalik buni minnatdorlik izhorigina deb anglab, hamon otalarcha tabassum qilib turardi. Kutilmaganda bolakay bu yumshoq do‘mboqqina qo‘lni og‘ziga olib bordi-da, uni tishlamoqchi bo‘ldi. Belgiyalik qo‘lini keskin tortib oldi va qoqinib ketib, devorga urildi. Bir zum u bizga dahshat to‘la ko‘zlari bilan boqib turdi: mana, nihoyat u biz o‘ziga o‘xshamagan, tamomila boshqacha odamlar ekanimizni angladi. Men xaxolab kulib yubordim, soqchilardan biri dahvatan sakrab o‘rnidan turib ketdi. Ikkinchi soqchi esa hamon uxlab yotar, yarim yumuq qovoqlari orasidan ko‘zining oqi ko‘zga chalinardi. Men o‘zimni horg‘in va o‘ta og‘ir hayajonga botgan holda sezardim. Hali tong qorong‘isida nima ro‘y berishini, o‘limni o‘ylagim kelmasdi. Baribir o‘limni hech narsa bilan qiyoslab bo‘lmaydi, so‘zlar quruq va hech narsani anglatmasdi. Lekin butunlay boshqa bir narsa haqida o‘ylayman deganimda, shu zahoti menga qarab o‘qtalgan miltiqlarning og‘zini ko‘rdim. Yigirma martacha o‘zimning otilayotganimni tasavvur qildim, bir gal hatto bu rostdan ham ro‘y berayotganday tuyuldi: aftidan, ko‘zim ilinib qolgan bo‘lsa kerak. Devor tomonga sudrashar, men esa qarshilik ko‘rsatar va rahm qilinglar, deb baqirardim. Shunda shoshib ko‘zimni ochdim va belgiyalikka qaradim: tag‘in uyqimda baqirib yuborgan bo‘lsam-a, deb qo‘rqardim. Ammo belgiyalik mo‘ylovchalarini xotirjam silar, hech narsani sezmaganga o‘xshardi. Agar istasam, andak mizg‘ib olishim mumkin edi: ikki kundan buyon ko‘z yummaganman, asablarim tarang tortilgan edi. Ammo qolgan ikki soat umrimni zoye ketkazgim kelmasdi: ular meni tong saharda turtib-surtib uyg‘otishadi, uyqusi chala karaxt odamni tashqariga olib chiqishadi, ko‘z ochib yumguncha asfalasofilinga jo‘natishadi, men esa hatto og‘zimni ochishga ham ulgurolmayman. Buni xohlamasdim, xuddi hayvonday jonimni olishlarini istamasdim – men avval gap nimadaligini bilishim kerak. Undan tashqari, men bosinqirashni yomon ko‘rardim. O‘rnimdan turdim, orqa-oldimga yurdim, fikrlarimni chalg‘itishga urindim, o‘tgan voqealarni xotirlashga urindim. Shunda miyamda parishon xotiralar g‘uvillab aylandi. Ularning yaxshilari ham, yomonlari ham bor edi. Harqalay hozirgi ahvolimga dovur menga shundoq tuyulardi. Har turli hodisalar yodimga tushdi, tanish basharalar ko‘z o‘ngimdan lipillab o‘tdi. Valensiyadagi yakshanba bozorida buqa shoxiga ilib itqitib yuborgan yoshgina novileroning chehrasi ko‘z o‘ngimda gavdalandi, amakilarimdan birining yuzini ko‘rdim, Ramon Grisning qiyofasi nigohimdan o‘tdi. Yigirma oltinchi yilda uch oy ish topolmay sarson yurganimni, ochlikdan o‘lar holga kelganimni esladim.
Bir kecha Granadadagi ko‘cha o‘rindig‘ida yotib uxlaganim yodimga tushdi: uch kundan buyon tuz totmagan edim, alam ichida o‘rtanar, sira o‘lgim kelmasdi. Shularni eslab, jilmayib qo‘ydim. Men yuho sulloh kabi omad, xotinlar, erk ortidan yugurgandim qanchalar. Nima bo‘ldi? Ispaniyaning xaloskori bo‘lishni istardim, Pi-i-Margal qoshida sajda qilardim, anarxistlarga borib qo‘shildim, odamlar orasida nutqlar aytdim; men bularni xuddi o‘lim yo‘qday o‘ta jiddiy ado etdim. Shu daqiqalarda esa butun hayotim ikki kaftimda yaqqol turganday edi, shunda men, “Bular hammasi qanchalar razil yolg‘on!” deb o‘yladim. Mening hayotim sariq chaqalik ham emas ekan, zero, u oldindan qurbonlikka keltirilgan edi. O‘zimdan tinmay so‘raganim so‘ragan edi: mana shunday o‘lib ketishimni bilsaydim, ko‘chalarda daydib yurarmidim, xotinlar orqasidan sang‘irmidim, yo‘q, unda men hatto jimjilog‘imni ham qimirlatib qo‘ymasdim. Endi hayot tugadi, qopday og‘zi bog‘landi, lekin hali hammasi tugamagan, poyoniga yetib ulgurmagandi. Baribir, bu hayot asli go‘zal, deb aytgim kelardi. Lekin mashqni, ishning qoralamasini hali qanday baholab bo‘ladi, axir, men hech narsani tushunganim yo‘q, vaholanki, kelajagimga garov bo‘loladigan ishlarni bajaryapman, deb xomxayol qilibman. Juda ko‘p narsalar bois afsus, nadomat, armon qilishim mumkin edi, misol uchun mansaniloni aytay yoki Kadisdan uncha uzoq bo‘lmagan kichkina ko‘rfazchadagi cho‘milishlarim qanday soz edi, lekin o‘lim bularning maftunkorligiga barham berdi, shuning uchun hech narsaga afsus-nadomat qilmasdim.

Kutilmaganda belgiyalikning kallasiga o‘tkir bir fikr kelib qoldi.
– Birodarlarim, – dedi u, – men o‘zimga bir majburiyat olmoqchiman, rost, agar ma’muriyat qarshi bo‘lmasa, – sizlarning aziz kishingizga aytadigan biron gapingiz bo‘lsa, ularga yetkazib qo‘yishim mumkin…

Tom to‘ng‘illadi:
– Mening hech kimim yo‘q.

Men indamasdim. Tom bir zum jim turdi-da, so‘ng qiziqsinib so‘radi:
– Nima, sening Konchega aytadigan gaping yo‘qmi?
– Yo‘q.

Bunday gap-so‘zlarga sira toqatim yo‘q edi. Biroq ayb o‘zimda: yaqinda unga Konche haqida gapirib bergandim, afsus, tilimni tiysam bo‘larkan. Men bir yilni Konche bilan birga o‘tkazdim. Hali kuni kecha u bilan besh daqiqa ko‘rishish uchun qo‘llarimni bolta tagiga qo‘yishga ham tayyor edim. Shuning uchun ham uni Tomga gapirib bergandim, hech yuragimga sig‘dirolmagandim. Lekin endi uni ko‘rishni istamasdim, unga nima ham derdim. Hatto uni quchoqlagim ham kelmasdi: hozir jismimdan o‘zim ijirg‘anardim, chunki u bo‘zday oqargan va shilimshiq edi, uning badanidan ham ijirg‘anmasdim, deb ishonch-la aytolmayman. Mening o‘limimni eshitib Konche ko‘zyoshi qiladi, bir necha oylab hayotdan ozurda bo‘lib yuradi. Lekin har ne demang, o‘ladigan odam – Men. Uning muloyim boqadigan chiroyli ko‘zlarini esladim: termilib boqqanda xuddi nigohidan menga bir narsalar sizib o‘tayotganday bo‘lardi. Lekin endi bari tugadi: agar hozir meni ko‘rgandami, uning nigohi o‘zida qolgan, bu nigoh sira menga yetib kelmagan bo‘lardi. Men yolg‘iz edim.

Tom ham yolg‘iz edi-yu, lekin uning yolg‘izligi boshqacharoq edi. Tom cho‘k tushib o‘tirdi-da, ajabsingan iljayish bilan tikilib, o‘rindiqni tomosha qila boshladi. U xuddi bir nimani buzib yuborishdan qo‘rqqanday qo‘lini ohista unga qo‘ydi, keyin qo‘lini tortib olib, qaltirab ketdi. Tomning o‘rnida bo‘lganimda men o‘rindiqni ermak qilib o‘tirmasdim, buning bari yana o‘sha irlandcha komediyaning naq o‘zi. Biroq men ham narsalar allaqanday g‘alati bo‘lib ko‘rinayotganiga e’tibor berdim: ular odatdagidan boshqacha jimirlab pirpirab ko‘rinardi. O‘rindiqqami, chiroqqami, ko‘mir uyumigami qaragan zahotim bir narsa aniq tuyulardi: men endi bu olamda bo‘lmayman. Rost, o‘limimni aniq tasavvur qilolmasdim, lekin u hammayoqda va, ayniqsa, narsalarda ko‘zimga tashlanardi, narsalar mendan uzoqlashib borayotganday, mendan olisroqda turishni istaganday edi – lekin ular buni xuddi odamlar kabi o‘lim to‘shagida yotgan kishi huzurida shivirlashib so‘ylaganday jimgina ado etar edi. Tom o‘rindiq uzra hozirgina o‘z o‘limini siypab ko‘rganini men tushunardim. Agar mana shu daqiqalarda menga, endi seni o‘ldirmaymiz, bemalol xohlagan jo­yingga ketaver, deb e’lon qilganlarida ham, bu meni hozirgi loqaydligimdan chiqarolmasdi: sen mangulikka qolish umidini yo‘qotding, bu yog‘iga bir necha yil kutasanmi yo bir necha soatmi – buning nima farqi bor?! Endi hech narsa e’tiborimni tortmas, hech narsa mening xotirjamligimga putur yetkazolmasdi. Ammo bu juda qaltis xotirjamlik edi, buning aybdori esa jismim: ko‘zlarim ko‘rar, quloqlarim eshitar, lekin bu men emasdim – jismim bir zaylda qaltirar va ter bosardi, endi uni taniy olmasdim. U endi menga emas, kimgadir tegishli edi va uning nimaga aylanganini bilish uchun dam sayin paypaslardim. Hali ham vaqti-vaqti bilan har qalay uni his etardim: men qaygadir sirg‘anib ketayotganday, xuddi sho‘ng‘igan tayyora kabi zuvillab uchayotgan bo‘lardim, yuragim qinidan chiqib ketguday tasirlab urayotganini sezib qolardim. Bundan ko‘nglim joyiga tushmasdi: jismim bilan bog‘liq hamma narsa menga allaqanday yopishqoq, shilimshiq, betayin bo‘lib tuyulardi. Ammo, umuman olganda, jismim o‘zini tek, osoyishta tutardi, faqat meni g‘alati bir og‘irlik bosgan edi, ko‘ksimga g‘alati bir ilon yomon chirmashib olganday, nazarimda, butun a’zoyi badanimni ulkan bir qurt o‘rab olayotganday edi. Men ishtonimni paypaslab ko‘rib, uning ho‘lligini payqadim, lekin bu terdanmi, peshobdanmi, bilolmadim, har ehtimolga qarshi, ko‘mir uyumi ustiga bo‘shanib oldim.

Belgiyalik cho‘ntagidan soatini chiqarib qaradi va “Uch yarim”, dedi xotirjam ovozda.

Ablah! U atay shunday qildi! Tom ilkis sakrab turdi – biz xayollar bilan chalg‘ib, vaqt o‘tayotganini unutibmiz, tun qalqib turgan qorong‘iligi bilan bizni chirmab olgan va tun qachon boshlanganini sira eslolmasdim.

Bolapaqir Xuan hiqillay boshladi. U qo‘llarini qisirlatar va qichqirardi:
– O‘lishni istamayman, o‘lishni istamayman!

U qo‘llarini oldinga cho‘zgancha yerto‘la ichini kesib o‘tdi-da, bo‘yra ustiga quladi va uvvos solib yig‘lab yubordi. Tom ko‘z oldi xiralashgan ko‘yi unga qaradi: bolakayni sira yupatgisi kelmayotgani sezilib turardi. Buning hojati ham yo‘q edi: bolakay bizdan qattiqroq shovqin-suron ko‘tarayotgan bo‘lsa-da, lekin uning azobi yengilroq edi. U og‘ir kasaldan isitma tutib qutulayotgan bemorga o‘xshardi. Bizning ahvolimiz ancha og‘irroq edi.

U yig‘lar, o‘ziga achinib ketayotgani ko‘rinib turar, lekin o‘limning o‘zi nimaligi haqida o‘ylamasdi. Bir soniya ichi, bir oniy soniya ichi men ham hozir yig‘lab yuboradiganday, o‘z-o‘zimga juda achinib ketganday tuyuldim. Lekin aksincha bo‘ldi: bolakayga qarab, uning titragan oriq yelkalarini ko‘rdim-da, o‘zimni shafqatsiz bo‘lib ketganday sezdim – men endi na o‘zim va na boshqaga rahm qilishga qodir edim. O‘zimga o‘zim “Sen tik turib o‘lishing kerak!” dedim.

Tom o‘rnidan turib ochiq tuynuk oldiga bordi-da, oqarib kelayotgan osmonga qaray boshladi. Men esa o‘zimga o‘zim takrorladim: tik turib o‘lish, tik turib o‘lish – boshqa hech narsa xayolimga kelmasdi. Ammo belgiyalik bizga vaqtni eslatib qo‘ygandan beri men uning oqib o‘tayotganini his qilar, haqiqatan u tomchi edi va tomchiga aylanib oqib borardi. Hali kun yorishmagan edi. Tom so‘z qotdi:
– Eshityapsanmi?
– Ha.

Tashqaridan qadam tovushi kelardi.
– Tong qorong‘isida nima qilib sang‘ib yurishibdi! Bizni, axir, qorong‘ida olib chiqib otishmas.

Bir damdan so‘ng jimlik cho‘kdi. Men Tomga shivirladim:
– Kun yorishyapti.

Pedro og‘zini katta ochib, homuza tortgancha o‘rnidan turdi, chiroqni o‘chirib sherigiga o‘girildi:
– Itday sovqotdim.

Yerto‘laga nimtatir yorug‘lik tushdi. Biz uzoqda miltiq ovozlarini eshitdik.
– Boshlandi, – dedim Tomga. – Menimcha, orqa tomonda otishyapti.

Tom belgiyalikdan sigaret so‘radi. Mening na ichkim va na chekkim kelardi. Shu damdan e’tiboran ular beto‘xtov otishga tushdi.
– Tushundingmi? – dedi Tom.

U yana nimadir demoqchi bo‘ldi-yu, lekin jimib qoldi va eshik tomonga qaradi. Eshik ochilib, to‘rtta askar bilan leytenant kirdi.
Tom og‘zidan sigaretini tushirib yubordi.
– Steynbok?

Tom besas qotib turardi. Pedro u tomonga ishora qildi.
– Xuan Mirbal?
– Bo‘yrada yotgan o‘sha.
– Tur o‘rningdan! – qichqirdi leytenant.

Xuan qimir etmadi. Ikkita askar uning qo‘ltig‘idan tutib oyoqqa qo‘ydi. Askarlar qo‘yib yuborgan edi, Xuan yana yiqildi. Askarlar talmovsirab turishardi.
– Bunaqasi bo‘lib turadi, – dedi leytenant. – Ko‘tarib olib borishga to‘g‘ri keladi, mayli, hammasi joyida.

U Tomga o‘girilib qaradi:
– Chiq.

Tom chiqdi, ikki askar ikki yoniga turdi. Boshqa ikkitasi Xuanni qo‘ltiq va bilaklaridan tutgancha olib chiqishdi. Xuanning hushi o‘zida edi, ko‘zlari katta-katta ochilgan, yuzidan ko‘zyoshlari oqib tushardi. Men ham eshik tomon yurganimda leytenant to‘xtatdi:
– Ibbiyeta sizmisiz?
– Ha.
– Kutib turing. Sizga kelishadi.

U chiqib ketdi. Belgiyalik va ikki soqchi unga ergashdi. Yolg‘iz o‘zim qoldim. Nima bo‘layotgani menga qorong‘i edi, o‘zimga qolsa, barini birvarakay tugatib qo‘ya qolishlarini istardim. O‘q ovozi aniq eshitilardi, miltiqlar ma’lum vaqt oralab otilardi. Har safar miltiq ovozidan titrab ketardim. Uvillagim, sochlarimni yulgim kelardi. Lekin tishlarimni mahkam bosdim, qo‘llarimni cho‘ntagimga tiqdim: dadil bo‘lish kerak! Bir soatdan so‘ng meni olib ketishga kelishdi va birinchi qavatdagi kichkina xonaga olib kirishdi, bu yer sigara tutuniga to‘lgan, shunday dim ediki, bo‘g‘ilib nafasim tiqildi. Ikkita zobit yumshoq o‘rindiqlarga cho‘kib, sigara burqisitishar, tizzalari ustida qog‘ozlar yoyilgan edi.

– Ismi sharifing Ibbiyetami?
– Ha.
– Ramon Gris qayerga yashiringan?
– Bilmayman.

Meni so‘roq qilayotgani semiz pakana kishi edi. Uning ko‘zlari oynak ostidan menga o‘qday qadalardi.
– Yaqinroq kel, – dedi u menga.

Yaqin bordim. U o‘rnidan turib, xuddi jahannamga qulatib yuboradiganday menga o‘qrayib qaradi, qo‘limni qayira boshladi. Meni qiynash uchungina shunday qilmadi, unga shunchaki ermak kerak edi: o‘zining hukmdorligini ko‘rsatib qo‘ymoqchiydi. U basharasini menga taqadi, dimog‘imga balchiq hidi urildi. Bu bir daqiqacha davom etdi, men kulgidan o‘zimni bazo‘r tiyardim. Halizamon o‘ladigan odamni qo‘rqitish uchun boshqa kuchliroq bir narsa kerak, shuning uchun uning do‘q-po‘pisasi zoye ketdi. Keyin u meni qattiq itarib yubordi-da, yana joyiga o‘tirdi.
– Yo sen, yo u, – dedi u. – Agar uning qayerdaligini aytsang, hayotingni saqlab qolamiz.

Baland qo‘njli etik kiygan va bo‘yinbog‘ taqqan manavi nusxalar ham ertadir, kechdir, baribir o‘ladi. Rost, balki mendan picha keyinroqdir, lekin uncha ko‘p emas. Ular oldidagi qog‘ozlardan qandaydir ismlarni tortib chiqarishar, qamoqqa tiqish yoki otib tashlash uchun odamlarni quv-quvga olardi, Ispaniya­ning kelajagi va boshqa ko‘p narsalar xususida ularning o‘z qarashlari bor edi. Ularning g‘ayrati jig‘imga tegar, kulgili ko‘rinardi, ular vosvos bo‘lib qolganga o‘xshar, men ularning o‘rnida bo‘lishni sira istamasdim.

Odamning kulgisini qistatadigan semiz pakana nusxa tayoqchasi bilan qo‘njiga ura-ura ko‘zini mendan uzmay qarardi. Uning barcha xatti-harakatlari aniq hisobga olingan, o‘zini juda qahrli maxluq qilib ko‘rsatmoqchi bo‘lardi.
– Xo‘p, nima, tushundingmi?
– Gris hozir qayerdaligini bilmayman, – deya javob berdim men. – Ehtimol Madriddadir.

Ikkinchi zobit erinibgina qo‘lini ko‘tardi. Bu erinchoqlik ham avvaldan hisobga olingan edi. Men ularning oldindan pishitib qo‘yilgan barcha usullarini aniq ko‘rib turar va shunday ahmoqona narsalardan ham rohat qiladigan odamlar borligidan ajablanardim.
– Biz sizga o‘ylab ko‘rish uchun chorak soat vaqt beramiz, – dedi u. – Buni kirxonaga olib boringlar, chorak soatdan so‘ng olib kelinglar. Agar bosh tortsa, darhol otib tashlanglar.

Ablahlar, nima qilishni bilishadi: men bir kecha kutdim, keyin yerto‘lada yana bir soat o‘tirdim, Xuan bilan Tomni bu payt ichida otishdi, endi esa meni kirxonaga qamab qo‘yishmoqchi – shak-shubha yo‘qki, buni ular kecha maslahatlashib qo‘yishgan. Buning asablari bu qisti-bastilarga dosh bermaydi, taslim bo‘ladi, deb o‘ylashgan. Lekin chakki o‘ylashibdi. Men, albatta, Gris qayerga yashiringanini bilardim. U shahardan to‘rt chaqirim naridagi amakilarinikida berkingan edi. Agar meni qiynoqqa solishmasa (aftidan, ular bunday qilishmoqchi emasdi), hech qachon uning qayerga yashiringanini aytmayman, buni juda yaxshi bilardim. Bularning bari menga kunday ravshan edi, bunga hech qanday shubha bo‘lishi mumkin emas, umuman, bu meni zarracha ham qiziqtirmasdi. Shunday bo‘lsa ham, baribir nega o‘zimni bunday tutyapman, nega boshqacha emas, deb tushunib olishni xohlardim. Nega men Ramon Grisni chaqib berish o‘rniga o‘lib ketishni afzal bil­yapman? Nega? Axir, endi Ramonni yaxshi ko‘rmasdim. Unga bo‘lgan do‘stligim kecha tong qorong‘isida tugadi, Konchega muhabbatim ham, yashash istagim ham tamom bo‘ldi. Rost, men uni doim hurmat qilib kelganman. U mard, matonatli odam. Lekin faqat shuning o‘zi deb uning o‘rniga o‘lishga rozi bo‘lganim yo‘q: men uchun uning hayoti o‘z hayotimdan qimmatliroq edi – har qanday hayot sariq chaqaga arzimaydi. Odamni devorga taqab qo‘yishib, to joni chiqquncha tarillatib otishsa: bu kim bo‘lmasin, menmi, Ramonmi, yoki boshqa bir kishimi – bir qarashda hammasi barobar. Men yaxshi bilardim: u Ispaniyaga ko‘proq kerak edi, lekin endi men Ispaniyaga ham, anarxizmga ham tupurardim: endi hech narsaning ma’nosi qolmagan edi. Biroq shu yerda ekanman, Ramon Grisni ushlab berib, o‘z jonimni qutqarishim mumkin, ammo men bunday qilmayman. Eshakday qaysarligim o‘zimga g‘alati bo‘lib ko‘rinardi. “E, odam degan shunchalik ahmoq bo‘ladimi!” – derdim o‘zimga o‘zim. Hatto ko‘nglim ozgina yorishganday bo‘ldi. Yana kelishib meni o‘sha xonaga olib ketishdi. Oyog‘im ostidan kalamush lipillab o‘tdi. Bundan ajablandim. Men falanga askarlaridan biriga shipshidim:
– Qara, kalamush.

Soqchi indamadi. Uning qovog‘i solingan, hamma narsani jiddiy qabul qilardi. Mening xaxolab kulgim qistadi, ammo o‘zimni tutdim, agar bir kulishni boshlasam, keyin o‘zimni to‘xtatolmayman, deb cho‘chidim. Falanga askari mo‘ylov qo‘ygan edi.
– Mo‘ylovingni qirib tashla, betamiz, – dedim unga.

Odam hali hayotligi chog‘ida basharasining jun bosishiga yo‘l qo‘yishi juda kulgili tuyulardi. U beozorgina qilib orqamga tepdi, men jim bo‘ldim.
– Xo‘sh, – dedi semiz pakana, – o‘ylab ko‘rdingmi?

Men xuddi noyob hasharotga qaraganday unga qiziqsinib ko‘z soldim-da, javob berdim:
– Ha, bilaman uning qayerdaligini. U qabristonga yashiringan, maqbara yoki qorovulxonada bo‘lishi kerak.

Men ularni bir boplagim keldi. Sakrab turib, apil-tapil qurol-yarog‘larini olishi, chaqqon-chaqqon buyruqlar berishini bir tomosha qilay dedim. Ular haqiqatan ham joylaridan sakrab turib ketishdi.
– Ketdik. Moles, leytenant Lopesdan o‘n beshta odam oling.
– Agar to‘g‘ri aytgan bo‘lsang, – dedi pakana, – so‘zimning ustidan chiqaman. Agar bizni laqillatayotgan bo‘lsang, joningdan umidingni uzaver.

Ular tasir-tusir qilib xonadan chiqib ketishdi, men esa soqchilar nazoratida xotirjamgina o‘tirardim. Vaqt-bevaqt irshayib qo‘yardim: ularning qabriston tomonga lo‘killab borayotganini ko‘z o‘ngimga keltirar va bundan kulgim qistardi. Bu ishni juda qoyil qilganday edim. Ularning maqbaralar eshigini ochayotgani, mozor toshlarini ko‘tarayotgani shundoqqina ko‘z o‘ngimda jonlanardi. Bularning barini begona ko‘z bilan ko‘rayotganday edim: qaysar mahbus, o‘zini qahramon qilib ko‘rsatmoqchi bo‘lgan qaysar mahbus, basavlat mo‘ylovdor falanga harbiylari, go‘ristonda qabrlar oralab izg‘ib yurgan askar kiyimidagi kishilar, – haqiqatan ham, bundan qiziqroq manzarani o‘ylab topish mumkinmi?! Yarim soatdan so‘ng semiz zobit qaytib keldi. Hozir meni otib tashlashga buyuradi, deb o‘yladim. Boshqalari, chamasi, go‘ristonda qolishgan, shekilli. Ammo zobit menga diqqat bilan razm soldi. U sira laqillatilgan zotga o‘xshamasdi.
– Uni katta hovliga, boshqalarning oldiga olib boringlar, – dedi u. – Ishini jang tugagandan so‘ng tribunal hal qiladi.

Uni yaxshi tushunmadimmi, degan xayolda so‘radim:
– Nima, axir meni otishmaydimi?
– Har holda hozir emas. Undan keyin buning menga aloqasi yo‘q.

Men hamon hech narsani tushunmasdim.
– Lekin nimaga?

U indamay yelkasini qisdi, askarlar meni olib ketishdi. Katta hovlida yuzlarcha qamoqqa olinganlar, chollar, bolalar to‘dalashib turardi. Hech narsaga aqlim yetmay o‘rtadagi ko‘katzor atrofida kezinib yurdim. Tushda bizni oshxonaga olib borishdi. Ikki-uch odam men bilan tillashishga urindi. Aftidan, tanish-bilishlar bo‘lsa kerak, lekin ularga javob bermadim: men endi qayerdaligimiz, o‘zim kimligimni anglamasdim. Kechga yaqin hovliga o‘ndan ortiq yangi qamoqqa olinganlarni kiritishdi. Ular orasida nonvoy Garsiyani tanidim. U menga qarab qichqirdi:
– Omading bor ekan! Seni tirik ko‘raman deb o‘ylamovdim.
– Ular meni otishga hukm qilishdi, – deb javob berdim unga, – keyin qaytarishdi. Negaligini tushunmayman.
– Meni soat ikkida qo‘lga olishdi, – dedi Garsiya.
– Nimaga?

Garsiya siyosat bilan shug‘ullanmasdi.
– Hech aqlim yetmaydi, – javob berdi Garsiya, – ularga o‘xshab o‘ylamaydiganlarning hammasini tutishyapti.

U ovozini pasaytirdi:
– Gris qo‘lga tushdi.

Men seskanib ketdim:
– Qachon?
– Bugun ertalab. Tentaklik qilib qo‘ydi. Chorshanba kuni ukasi bilan urishib, unikidan ketib qoldi. Uni yashiraman deganlar ko‘pchilik edi, biroq u hech kimni zarba ostiga qo‘ygisi kelmadi. U menga “Ibbiyetanikida berkinsam bo‘lardi, lekin uni qamashgan bo‘lishsa, unda qabristonda yashirina qolaman”, dedi.

– Qabristonda deysanmi?
– Ha. Bema’ni bir ish. Bugun ertalab anavilar qabristonga bostirib borishdi. Uni qorovulning kulbasida bosishdi. Gris o‘q otib qarshilik ko‘rsatdi, uni otib tashlashdi.
– Qabristonda-ya!

Ko‘z o‘ngim xiralashib boshim chayqalib ketdi, yerga quladim. Men o‘zimni to‘xtatolmay xaxolab kular, ko‘zlarimdan yosh daryo bo‘lib oqardi.

1939

Manba: “Tafakkur” jurnali, 2010,3-son.

MAHBUS
Rus tilidan Ahmad Otaboy tarjimasi

Ashampoo_Snap_2017.05.26_22h42m34s_001_.png Bizni saroyday keng yop-yorug‘ xonaga itarib kiritib yuborishdi. Yorug‘dan ko‘zlar qamashib ketdi, men ko‘zlarimni yumdim. Bir lahzadan so‘ng nazarim stolga, stol ortida allaqanday qog‘ozlarni varaqlab o‘tirgan fuqaro kiyimidagi to‘rt kimsaga tushdi. Boshqa mahbuslar bir chetda to‘da bo‘lib turishardi. Biz xonani oralab o‘tib, ularga qo‘shildik. Ko‘pchiligini men tanirdim, qolganlari, aftidan muhojirlar edi. Oldda boshlari dumaloq, bir-biriga o‘xshab ketadigan ikki nafar malla soch turishardi: frantsuzlar bo‘lsa kerak, deb o‘yladim. Bo‘yi pakanarog‘i dam-badam shimini yulqib qo‘yadi – asabiylashayotir.

Shu alfozda uch soatcha turdik, sillam qurib merovlanib qoldim, boshim g‘uvillay boshladi. Biroq xona issiq edi, bir necha kun sovuqda qolganimizdanmi, harqalay, bu yerda jon saqlasa bo‘lardi. Soqchilar mahbuslarni bitta-bitta stolning oldiga olib kelishdi. O‘tirgan o‘sha to‘rt kimsa ulardan birma-bir ism-sharifi va kasbini so‘raydi. Boshqa narsa ularni deyarli qiziqtirmaydi chamasi, ammo gohi-gohida: «O‘q-dori o‘g‘irlaganlarga qo‘shilganmiding?» yoki «Uchinchi kuni ertalab qayerda eding, nima qilding?» deya savol berib qo‘yadi. Javobini eshitib ham o‘tirmaydi yo o‘zlarini eshitmaganga oladi, atrofga beparvo qarab qo‘yadi-da, keyin yozishga tushib ketadi. Tomdan baynalminal brigadaga xizmat qilganing rostmi, deb so‘rashadi. Bo‘yin tovlashning foydasi yo‘q — ular allaqachon Tomning kamzul cho‘ntagidan hujjatlarini olib qo‘yishgan. Xuandan hech nima so‘rashmadiyam, biroq u ismini aytgan hamono tez-tez bir nimalarni yozishdi.

—O‘zlaringga ma’lum, — dedi Xuan, — mening akam Xoze anarxiyachi. U hozir bu yerda yo‘q. Men siyosat bilan shug‘ullanmayman. Hech qanday partiyaga a’zo emasman.
Ular churq etmay yozishardi. Xuan jim turolmadi.
— Mening gunohim yo‘q. Boshqalar uchun javobgar bo‘lishni xohlamayman.
Uning lablari titrardi. Soqchi uningni o‘chir, deb buyurdi va uni chetga olib chiqdi. Menga gal keldi.
— Sizning ismingiz Pablo Ibbiyetami?
— Ha, — dedim men.
Kimsa qog‘ozga qarab olib so‘radi:
— Ramon Gris qayerga yashiringan?
— Bilmayman.
— Uni oltinchidan o‘n to‘qqizinchigacha siz uyingizda yashirib o‘tirgansiz.
— Bekor gap.

Ular bir nimalarni yozishdi, keyin soqchilar meni xonadan olib chiqishdi. Dahlizda Tom bilan Xuan ikki qo‘riqchining orasida turishardi. Qo‘riqchilar bizni oldilariga solib haydab ketishdi. Yo‘l-yo‘lakay Tom ularning biridan so‘radi:
— Xo‘sh, buyog‘i nima bo‘ladi endi?
— Qaysi ma’noda? – so‘radi soqchi.
— Bu nimaydi — so‘roqmi yoki sud?
— Sud.
— Tushunarli. Xo‘sh, endi nima bo‘larkan?
Qo‘riqchi ro‘yxush bermay javob qildi:
— Hukmni sizlarga kamerada e’lon qilishadi.

Ularning kamera degani aslida kasalxonaning yerto‘lasi edi. Yerto‘la go‘rdan battar sovuq, to‘rt tarafidan izillab izg‘irin yelib turadi. Tuni bilan tishlarimiz shaqillab chiqadi, kunduz kuni ham ahvol zig‘ircha o‘zgargani yo‘q. Bundan oldingi besh kunni men cherkov binosining kartserida o‘tkazdim. — Bir kishilik turmaxonaga o‘xshaydigan bu joy o‘rta asrdan qolgan toshqopning o‘zginasi. Hibsga olinganlar haddan tashqari ko‘pligidan ularni to‘g‘ri kelgan kavakka tiqishardi.

Men o‘shanda tosh qaznoqda yotganimdan afsuslanmayman: u yerda, harqalay, sovuq suyakni qaqshatadigan darajada emasdi, faqat bir o‘zim yotardim, yolg‘izlik esa sillani quritadi. Yerto‘lada esa mening kam deganda, sheriklarim bor. To‘g‘ri, Xuan deyarli og‘zini ochmaydi: boyaqish, qattiq qo‘rqadi, ustiga ustak hali juda yosh, nimaniyam gapirardi. Tomning, aksincha, jag‘i tinmaydi, ispanchaga to‘n kiydirib gapiradi.
Yerto‘lada kursi va yana to‘rtta o‘rindiq bor edi. Ustimizdan qulflashgach, kelib o‘tirdik va bir necha daqiqa sukut saqladik. Shundan so‘ng Tom gap boshladi:
— Tamom, sho‘rimiz quridi.
— Shundayga o‘xshaydi, — ma’qulladim men. — Biroq manov go‘dakka teginishmas, harqalay.
— Akasi jangari bo‘lsa bordir, biroq u aybdor emas-ku.
Men Xuanga qaradim: nazarimda u bizning gapimizni eshitmayotgan edi.
Tom gapini davom ettirdi:
— Ularning Saragosadagi vahshiyliklaridan xabaring bormi?

Odamlarni tosh yo‘lga qator qilib yotqizisharkanda, ustidan yuk mashinasini haydab dazmollasharkan. Marokashlik bir qochoq gapirib berdi. Bu bilan o‘q-dorini iqtisod qilisharkan, deydi.
— Yoqilg‘ini-chi, benzinni kim iqtisod qilarkan?
Tom asabimni qo‘zg‘adi: axir, bu gaplarni valdirashdan nima foyda.
— Zobitlar bo‘lsa bu payt qo‘llarini cho‘ntakka tiqib, og‘izlarida sigareta bilan yo‘l chetida bahuzur, borib-kelib yurarmish. Qaniydi, sho‘ring qurg‘urlar bir zumda jon berib, qutula qolsa. Qayoqda! Coatlab voy-dodlab yotisharmish. Marokashlik aytadi, dastlab og‘riqning zo‘ridan tovushlari chiqmay qolarkan hatto.
— Yo‘q, bu yerda unday qilishmaydi, ishonchim komil, — dedim men, — boshqasini bilmadimu biroq o‘q-dori yetarli.

Yerto‘laga to‘rtta tirqishdan va shiftning chap tarafidagi shundoq osmon ko‘rinib turadigan dumaloq tuynukdan yorug‘ tushib turadi. Oldin bu tuynukdan yerto‘laga ko‘mir tashlangan. Darvoqe, tuynukning tagida, yerda mayda ko‘mir uyumi bor. Aftidan, kasalxonani isitish uchun olib kelingan. Urush boshlanib qolib, bemorlarni ko‘chirishgan, ko‘mir esa joyida qolgan. Tuynukni bekitishni, ehtimol, yoddan chiqarib qo‘yishgan, gohi-gohida tepadan yomg‘ir tomchilab turgan. Tuyqusdan Tomning jazavasi qo‘zidi:
— Ming la’nat! – to‘ng‘illadi u. — A’zoyi badanim qaqshayapti. Shu yetmay turgandi o‘zi!

U o‘rnidan turib sakray boshladi. Sakraganida ko‘ylagining yoqasi ochilib, oppoq serjun ko‘kragi ko‘rinib ketardi. Keyin enkayib, qo‘llariga tayandi va oyoqlarini tepaga ko‘tarib, qaychi qila boshladi: men uning bo‘liq dumbalari dirkillaganini ko‘rdim. Sirasini aytganda, Tom miqtidan kelgan, etli edi. Beixtiyor bu sergo‘sht momiq badanga o‘q va miltiq nayzalari, xuddi yog‘ni kesayotgan pichoqday, osongina teshib-yorib kirishini ko‘z oldimga keltirdim. Agar Tosh ozg‘in bo‘lganida, ehtimol, na qo‘l va na oyog‘im borligini sezardim. Ora-sira bir nimamni o‘g‘irlatib qo‘yganday atrofga olazarak qarayman, kamzulimni izlab timirskilanaman va shunda uni qaytarib berishmagani tag‘in yodimga tushadi. Ularning bu qilig‘idan xafa bo‘ldim. Bizning kiyim-kechagimizni shilib olishdi va bemorlar avji saratonda kiyib yuradigan qalin ishtonlar berishdi. Tom o‘rnidan turib, ro‘paramizga kelib o‘tirib oldi.
— Qalay, badaning qizidimi?
— Yo‘g‘-a, jin ursin. Nafasim tiqilib qoldi.

Soat sakkizlar atrofida kameraga komendant bilan ikki nafar askar kirib keldi. Komendantning qo‘lida ro‘yxat bor edi. U qo‘riqchilardan so‘radi:
— Bularning ism-shariflari nimaydi?
Qo‘riqchi javob qildi:
— Steynbok, Ibbiyeta, Mirbal.
Komendant ko‘zoynagini qo‘ndirib, ro‘yxatga qaradi.
— Steynbok… Steynbok… A-ha, mana. Siz otishga hukm etilgansiz. Hukm ertaga ertalab ijro etiladi.
U yana bir bor ro‘yxatga qaradi:
— Anovi ikkalasi ham.
— Mumkinmas, — ming‘irladi Xuan. —Bu xato.
Komendant unga ajablanib qaradi:
— Ism-sharifing?
— Xuan Mirbal.
— Hammasi to‘g‘ri, otuv!
— Axir, men hech nima qilganim yo‘q-ku, — tirg‘aldi Xuan.
Komendant yelkasini qisib qo‘ydi va biz tomonga burildi:
— Sizlar baskmisizlar?
— Yo‘q.
Komendantning kayfi qochdi.
— Menga bu yerda uchta bask o‘tiribdi, deyishgandi-ku. Nima, mening ularni qidirishdan bo‘lak ishim yo‘qmi. Sizlarga, albatta, ruhoniyning keragi yo‘qdir?
Biz indamadik.
— Hozir oldingizga tabib keladi, u belgiyalik. Ertalabgacha birga bo‘ladi sizlar bilan, — dedi komendant va harbiychasiga xayr-xo‘shlashib chiqib ketdi.
— Xo‘sh, men nima degandim, — dedi Tom. — Olijanoblik qilishibdi.
— Haqiqatdan, — dedim men. — biroq bolani… nega?… Ablahlar!

Bu gapni men adolat tuyg‘usidan kelib chiqib aytgandim, aslida esa ko‘nglimda bu yigitchaga nisbatan zig‘ircha mehr yo‘q edi. Uning yuzi sip-silliq edi, o‘lim vahmidan basharasi tanib bo‘lmas darajada o‘zgarib ketdi. Uch kun burun u boshqacha, mo‘rtgina bir o‘smir edi – bunday bolalar yoqimtoy bo‘lishadi, biroq endi u to‘kilib-tugab borayotgan eski xarobaga o‘xshab qolgan, nazarimda tirik qo‘yib yuborishgan taqdirda ham umrining oxirigacha shunday xarob ahvolda qolardi. Umuman, bolakayni ayashgani ma’qul edi, biroq shafqat tuyg‘usi battar nafratimni qo‘zg‘adi, boz ustiga, yigitchani jinim suymasdi.
Xuan boshqa og‘iz ochmadi, rang-ro‘yi bo‘zday oqarib ketdi: qo‘llari, yuzi ko‘kardi. Baqraygan shokosaday ko‘zlarini yerga qadab oldi. Tom ko‘ngilchan edi, bolaning qo‘lidan olib, rahmdillik qilmoqchi bo‘ldi, biroq u jon-jahdi bilan siltandi, yuzi burishib ketdi.
— Tinch qo‘y uni, — dedim Tomga. — Ko‘rmayapsanmi, hozir u portlaydi.

Tom gapimga istamayroq quloq soldi: uning bolakayni erkalagisi kelayotgandi — bu bilan o‘z qismatini unutishga urinardi. Ikkalasi ham mening g‘azabimni alangalatdi. Oldinlari men o‘lim haqida hech o‘ylamaganman — bunga sabab bo‘lmagan, biroq endi o‘zimni ajal kutib turganini o‘ylashdan boshqa ish qolmagan edi.
— Menga qara, — so‘radi Tom, – sen ulardan birortasini gumdon qilganmisan hech?
Men gapirmadim. Tom avgustning boshidan beri oltitasini qanday otib o‘ldirganini ta’riflay ketdi. U boshimizga tushib turgan ko‘rgulikni xayoliga keltirmas va buni istamayotganini ham men juda aniq sezib turardim. Qolaversa, qanday fojea ro‘y berganini o‘zim ham hali chuqur anglab yetmagandim, biroq jon taslim qilayotib azob chekishimni o‘ylardim, cho‘g‘day o‘qlar yomg‘iri badanimni teshib ketayotganini his qilardim. Ammo buning yuz berajak fojeaga hech qanday bog‘liq joyi yo‘q edi. Hayajonlanmasam ham bo‘lardi: fojeaning mohiyatiga yetish uchun vaqt serob – oldinda butun bir oqshom turibdi. Tom kutilmaganda jimib qoldi. Men ko‘z qirim bilan qaradim va uning ham rang-ro‘yi bo‘zarganini ko‘rdim. U aftodahol qiyofada edi va miyamda: «Ana, boshlanyapti!» degan fikr yarq etdi.

Shom quyilib kelardi, tirqishlardagi, tuynukdagi nur xira tortib qoldi. Tuynukdan yulduzlarga ko‘zim tushdi: tun sovuq, osmon ochiq edi.
Yeshik ochilib, yerto‘laga ikki qo‘riqchi kirdi. Ularning ortidan oq sariqdan kelgan belgiyacha harbiy kiyimda bir kishi kirdi. U bizlar bilan salomlashib, shunday dedi:
—Men tabibman. Hozirgi qayg‘uli vaziyatda sizlar bilan birga bo‘laman.
Uning ovozi yoqimli, ziyolilarga xos edi. Men undan so‘radim:
—Nima maqsadda?
—Men sizning xizmatingizdaman. Qo‘limdan keladigan hamma narsani qilishga tayyorman, shoyad, so‘nggi soatlaringizni biroz bo‘lsa-da yengillatishga ko‘maklashsam.
—Nega atay bizning oldimizga keldingiz? Gospitalda bemorlar ko‘p-ku.
— Meni shu yerga jo‘natishdi, — dedi u mujmal javob qilib va shu nafasdayoq shoshib qo‘shib qo‘ydi: — Chekasizlarmi? Menda sigareta bor, hatto sigara ham.

U bizlarga ingliz sigaretalarini va gavanna sigaralarini cho‘zdi, biz rad etdik. Men unga sinchiklab qaradim, u besaranjon bo‘la boshladi. Shunda unga aytdim:
—Siz bu yerga rahm-shavqat ko‘rsatay deb kelganingiz yo‘q, to‘g‘rimi. Sizni tanidim. Meni qo‘lga olishgan kuni kazarma hovlisida ko‘rgandim sizni. Falangchilar bilan birga edingiz.
Men unga yuragimni butkul to‘kib-solmoqchi edim, biroq hayronman, nimadir bunga monelik qildi: tuyqusdan belgiyalik meni qiziqtirmay qo‘ygandi. Avvallari men birovga yopishsam, tutgan joyimni osonlikcha qo‘yib yubormasdim. Ayni chog‘da o‘z-o‘zidan gapirishga ishtiyoq yo‘qoldi. Men yelkamni qisib, ko‘zlarimni olib qochdim. Bir necha daqiqadan so‘ng boshimni ko‘tardim va belgiyalik meni qiziquvchanlik bilan kuzatayotganini payqadim. Qo‘riqchilar o‘tirib olishdi. Beso‘naqay Pedro zerikkanidan nima qilarini bilmaydi, ora-sira uxlab qolmaslik uchun, boshini silkib qo‘yadi.
—Chiroq keltiraymi? – kutilmaganda so‘radi Pedro.

Belgiyalik bosh irg‘ab rozilik bildirdi va men bu dono ham tovuqmiyalardan bo‘lsa kerak, deb o‘yladim, biroq baribir u johilga o‘xshamasdi. Sovuq ko‘k ko‘zlariga qarab turib, harqalay, u aqli noqislarni davolasa ajabmas, degan fikrga bordim. Pedro bir zumda kerosin chiroq ko‘tarib keldi va uni o‘rindiqning chetiga qo‘ydi. Chiroq xira yoritardi, ammo bu zim-ziyo qorong‘udan ko‘ra tuzukroq edi. Chunki biz haligacha zulmatda o‘tirgandik. Men shipdagi chiroqdan tushgan yorug‘ doiraga uzoq tikildim. Afsunlanganday termulib qoldim. Tuyqusdan hammasi ko‘zdan yo‘qoldi, yorug‘ doira so‘ndi. Men hushimga kelib, go‘yo yelkamdan og‘ir yuk bosayotganday titrab ketdim. Yo‘q, bu qo‘rquv emas, o‘lim haqidagi mash’um xayol ham emas. Bu tuyg‘uning nomi yo‘q edi. Yonoqlarim lovullab yonar, boshim og‘riqdan zirqirardi.

Men sovuqdan junjikdim, sheriklarimga qaradim. Tom kaftlari bilan yuzini bekitib o‘tirardi, men uning oppoq semiz o‘mganini ko‘rdim. Kichkina Xuanning ahvoli battar yomonlashgan edi: uning og‘zi yarmi ochiq, burun kataklari pirpirardi. Belgiyalik uning yoniga bordi va yelkasiga qo‘lini qo‘ydi: aftidan, u bolakayga dalda bermoqchi edi, biroq uning ko‘zlari hamon sovuq boqardi. Xuan qilt etmadi. Belgiyalik uning bilagini uchta barmog‘i orasiga olib siqib ushladi, umidsizligi yuzidan bilinib tursa-da, u biroz ortga, menga orqasini o‘girmoqchi bo‘lib tislandi. Men bo‘yimni cho‘zib qarab, uning cho‘ntagidan soatni olganini va qo‘lini qo‘yib yubormay, soatga tikilib turganini ko‘rdim. Keyin u orqaroqqa chetlandi, Xuanning qo‘li shalvirab tushdi. Belgiyalik devorga suyandi, biroz turib nimadir yodiga tushganday shoshilib yon daftarchasini chiqardi-da yoza boshladi. «Qanjiq! – dedim ichimda qonim qaynab. — Mening tomirlarimniyam bir ushlab ko‘rsin-chi, basharasini buzib tashlayman!» U menga yaqinlashmadi, biroq boshimni ko‘targanimda ko‘zlarim ko‘ziga tushdi. Men tik qarab turaverdim. Qandaydir siniq ovoz bilan u menga dedi:
—Sezmayapsizmi, bu yer sovuq?
Haqiqatan ham u sovqotayotgandi: yuzi ko‘karib ketgan.
—Yo‘q, men sovqotayotganim yo‘q, — dedim.

Biroq u mendan sovuq nigohini uzmadi. Shu lahzada men gap nimadaligini payqadim. Qo‘lim bilan yuzimni siladim: yuzimni chippa ter bosgan edi. Yaxlab yotgan bu yerto‘lada, qishning qahraton pallasida, tag‘in to‘rt tomondan izg‘irin izillab turgan bir paytda vujudimdan ter quyilib oqardi. Sochlarimni ushlab ko‘rdim: jiqqa ho‘l. Egnimdagi ko‘ylagimni siqsa bo‘lardi, u badanimga yopishib ketgandi. Qariyb bir soatdan beri meni ter bosayotgan ekan, men esa buni sezmabman. Hayvon — belgiyalik buni ko‘rib turgan. U yuzimdan reza-reza ter tomchilayotganini kuzatgan va: mana, qo‘rquvning alomati, o‘lim dahshatining oqibati, deb o‘ylagan bo‘lishi mumkin. U o‘zini barkamol insonday his etgan va ozod odam qatori shunchaki sovqotayotganidan g‘ururlangan. O‘rnimdan turib uning tumshug‘iga musht tushirgim keldi. Biroq o‘rnimdan turgan damda vujudimni chulg‘agan nomus va g‘azab tuyg‘usi qayoqqadir yo‘qoldi, men butkul hafsalasizlik bilan o‘rindiqqa cho‘kdim. Cho‘ntagimdan dastro‘molni olib bo‘ynimni artib, shu bilan qanoatlangan bo‘ldim. Endi sochlarimdan ter oqayotganini sezdim, bu yoqimsiz hol edi. Shundan so‘ng artinmay qo‘ya qoldim: dastro‘molcha jiqqa ho‘l bo‘lib qolgan, ter esa quyilib kelardi. Orqalarimga oqqan terdan shimim o‘rindiqqa yopishib qoldi.

Shunda tuyqusdan kichkina Xuan gapirib qoldi:
— Siz tabibmisiz?
— Ha, — dedi belgiyalik.
— Ayting-chi… bu… o‘shanda qattiq og‘riydimi… uzoq davom etadimi?
— Qaysi bu… o‘shanda… Yo‘q, juda tez o‘tib ketadi, — dedi belgiyalik mehribon ohangda. Ko‘rinishidan u pul to‘lagan bemorni tinchlantirayotgan doktorga o‘xshardi.
— Men eshitgan edimki… menga aytishgandi… ba’zan… birinchi
marta otishganda… chiqmaydi deb.
Belgiyalik bosh chayqadi:
— Agarda birinchi marta otganda o‘qlar darhol o‘ldiradigan a’zolarga tegmasa shunday bo‘ladi.
— Unda miltiqlarni yana o‘qlashib, qayta mo‘ljalga olishadimi? — U ovozini biroz pasaytirib, xirillagan tovushda qo‘shib qo‘ydi: — Buning uchun vaqt kerak-da, a?

Xuanni jismoniy og‘riqning azobi qo‘rquvga solardi: uning yoshida bu tabiiy, albatta. Men esa bu haqda o‘ylamasdim, badanimdan quyilayotgan ter ham og‘riq azobidan qo‘rqqanimdan emas. Men o‘rnimdan turib ko‘mir uyumi tomon yurdim. Tom seskandi va menga qahrlanib qaradi: oyog‘imdagi boshmoqlarimning g‘ichirlashi uning g‘ashini keltirdi. Nahotki mening yuzim ham shunday oqarib ketgan bo‘lsa, deb o‘yladim.
Osmon chiroyli edi, men o‘tirgan burchakka yorug‘ tushmasdi. Biroq endi hammasi boshqacha: burun cherkovning kartserida o‘tirganimda xohlagan paytda osmonning bir parchasini ko‘ra olardim va bu har safar xayolimda turli xotiralarni uyg‘otardi. Tong mahali, osmon yorqin zangori va tubsiz bo‘lib ko‘ringan chog‘lar Atlantika qirg‘oqlaridagi cho‘miladigan joylarni tasavvur qilardim. Choshgohda, quyosh tik tepaga kelganda Sevil qahvaxonasi xotiramda jonlanar, u yerda men mansanil ho‘plab, anchous va zaytun mevalaridan tamaddi qilgan edim. Tushdan so‘ng, ustimga ko‘lanka tushgandi, ulkan stadionning teng yarmini qoplagan quyuq soya ko‘z oldimga kelar, odatda maydonning qolgan yarmini quyosh nuri cho‘lg‘ab yotardi; shu zayl — kaftdek osmon parchasiga termulib, yernigina ko‘rishga mahkumligim menga alam qilardi. Biroq hozir men osmonga loqayd qarardim: osmon parchasi xotiramni mutlaqo bezovta qilmasdi. Bu holat o‘zimga ma’qul tuyulardi. Joyimga qaytib, Tomning yoniga kelib o‘tirdim. Jim o‘tirdik.

Birozdan so‘ng u siniq ovozda gapira boshladi. U gapirmay turolmasdi: tovushini chiqarib gapirgandagina o‘zining tirikligiga ishonch hosil qilardi. Aftidan, teskari qarab o‘tirgan bo‘lsa-da, menga gapirdi chog‘i. U mening basharamga qarashga cho‘chirdi, yuzimni ter bosgan, rangu qutim o‘chgan, tuproqday: endi biz bir-birimizga juda o‘xshardik, birimiz boshqamizni oynadagiday aniq aks ettirardik. U belgiyalikka — tirik odamga qaradi.
—Buni tushunishga sening qurbing yetadimi? – so‘radi u. — Meniki yetmaydi.
Men ham siniq ovozda gapira boshladim va unga o‘xshab belgiyalikka qaradim.
—Nimani aytayapsan?
—Hademay boshimizga tushadigan ko‘rgulikni. Hecham aqlimga sig‘dirolmayapman — nima bo‘larkan.
Men Tomdan g‘alati hid anqiyotganini sezdim. Aftidan, hidlarni odatdagidan ko‘ra o‘tkirroq seza boshlagandim. Unga zaharxanda qildim:
—Kuyunma, hademay tushunib olasan.
Biroq u o‘sha zaylda davom etdi:
—Yo‘q, bu aqlga sig‘maydi. Men oxirigacha turib berishni xohlayman, biroq men… juda bo‘lmaganda bilishim kerak… Demak, shunday… birozdan keyin bizni hovliga olib chiqishadi. Bu ifloslar ro‘paramizda saf tortishadi. Sening-cha, ular nechta bo‘lishi mumkin?
—Bilmayman, beshta bo‘lar, balki sakkizta. Bundan ko‘pmas.
—Mayli, sakkizta bo‘la qolsin. Ularga: «Nishonga oling!» deb qichqirishadi. Men o‘zimga o‘qtalgan sakkizta miltiqni ko‘rib turibman. Devorga suyanmoqchi bo‘laman, kiftimni devorga tirayman, jon-jahdim bilan qapishib olishga urinaman, xuddi tushda — bosinqiraganday devor meni itaradi. Bularning barini men ko‘z oldimga keltirayapman. Bilsayding, qanchalar aniq tasavvur qilayotganimni!
—Bilaman, — dedim.—Men ham senchalik tasavvur qila olaman.
—Harqalay, juda qattiq og‘risa kerak. Axir, ular basharamizning abjag‘ini chiqarib tashlash uchun to‘g‘ri ko‘zimizga, og‘zimizga otishadi,—uning ovozi alamli tus oldi.—Men tanamdagi yaralarni his etayapman, bir soatdan beri boshim, bo‘ynim zirqirab og‘riyapti. Bu odatdagi og‘riq emas, undan battar: bu erta tongda men his etadigan og‘riq. Xo‘sh, undan keyin nima bo‘ladi?

Tomning nima demoqchi bo‘layotganini juda yaxshi anglab turardim, biroq uning buni payqab qolishini istamasdim. A’zoyi badanimda u aytayotgan og‘riqni his etdim, og‘riq mayda yara-chaqalarday, chandiqday butun tanamga yoyilgan edi. Men bunga ko‘nikolmadim, biroq Tomga o‘xshab jiddiy ahamiyat ham berib o‘tirmadim.
—Undan keyinmi? — qahrim qo‘zib so‘radim. —Undan keyin seni qurt-qumursqalar yeydi.
Bu gaplarimdan so‘ng u o‘ziga-o‘zi gapira boshladi, biroq belgiyalikdan ko‘zini uzmadi. Belgiyalikning go‘yo qulog‘i tom bitgan, hech nimani eshitmayotganga o‘xshardi. Uning bu yerdaligi sababini men tushunardim: bizning o‘y-xayollarimiz belgiyalikni qiziqtirmasdi, u bizning hali hayot barq urib turgan, biroq o‘lim talvasasiga tushgan tanamizni nazorat qilish uchun kelgandi.
—Xuddi tushingda bosinqiraganday, — davom etdi Tom. —Bir nimani o‘ylamoqchi bo‘lasan, xayoling ham joyida, fikrlay boshlaysan, yana bir daqiqadan so‘ng tubiga yetadigandaysan, biroq keyin hammasi qayoqqadir g‘oyib bo‘ladi, yo‘qoladi. O‘zimga o‘zim: «Keyin-chi? Keyin hech nima qolmaydi», deyman. Biroq buning nimaligini men tushunmayman. Goho shunday tuyuladiki, men qariyb hammasiga tushunib yetdim… biroq shu lahzada bari barbod bo‘ladi, og‘riq, o‘qlar… miltiqlarning qatorasiga otayotgani ko‘z oldimga keladi. Men materialistman, qasam ichishim mumkin, menga ishon, aqlim joyida, biroq hushimni sira yig‘ib ololmayapman. Ko‘zimga o‘zimning jonsiz jasadim ko‘rinayapti, bu uncha qiyin emas, ammo ko‘rib turgan Menman, murdaga qarab turgan ko‘zlar ham Mening ko‘zlarim. Endi o‘zimni hech nimani ko‘rmayotganimga, eshitmayotganimga ishontirmoqchi bo‘layapman, hayot esa davom etaveradi. Biroq bizlar bemalol fikrlash uchun yaratilmaganmiz. Bilasanmi, bir necha oqshom kiprik qoqmay tonglarni ottirganman, nimanidir kutganman. Biroq erta tongda bizni kutayotgan ko‘rgulik, Pablo, butkul boshqa narsa. U orqadan kelayotir, unga qarshi turishning hech bir iloji yo‘q.
—O‘chir, — dedim men unga.—Balki oldingga ruhoniyni chaqirish kerakdir?
U jim bo‘ldi… Oradan biroz o‘tgach, Tom mening qo‘limdan ushlab, chet termulib turgan ko‘yi dedi:
—Pablo, men o‘zimdan o‘zim so‘rayman… har daqiqada o‘zimdan so‘rayman: nahotki biz izsiz yo‘q bo‘lib ketsak?

Men qo‘limni tortib oldim va uning yuziga qarab:
—Oyog‘ingning ostiga qarasang-chi, cho‘chqa, — dedim.
Uning oyoqlari tagida ko‘lmak paydo bo‘lgan, ishtonidan tomchilar tomchilab turardi.
—Bu nima? – deya ming‘irladi u hushini yo‘qotib.
—Ishtoningni ho‘llab qo‘yibsan, — dedim men.
—Yolg‘on! — qichqirdi u. —Yolg‘on! Men hech nimani sezmayapman.
Yuzida munofiqona hamdardlik bilan belgiyalik bizga yaqinlashdi.
—O‘zingizni yomon his etayapsizmi?
Tom javob qilmadi. Belgiyalik churq etmay ko‘lmakka qarab turardi. —Bilmayman nega bunday bo‘lganini. —Tomning ovozi qahrli tus oldi. —Biroq men qo‘rqmayman. Qasam ichib aytaman, qo‘rqmayman!
Belgiyalik gapirmadi. Tom o‘rnidan turib, choptirgani burchakka qarab ketdi. Qaytib kelib, tugmalarini qadab, yana kursiga cho‘kdi va shundan so‘ng qayta og‘zini ochmadi. Belgiyalik o‘zining yozuv-chizuvlariga kirishdi.
Bir mahal tuyqusdan belgiyalikning miyasiga g‘alati fikr keldi shekilli:
— Do‘stlarim, — dedi u. —Men o‘zimga shunday bir vazifani olmoqchiman, agar harbiy mahkama qarshi bo‘lmasa, albatta. Sizga o‘zingiz qadrlaydigan odamlarga bir necha so‘z aytish uchun imkon bermoqchiman…
Tom ming‘illadi:
—Mening hech kimim yo‘q.
Men indamadim. Tom bir daqiqa kutib turdi-da, keyin qiziqsinib so‘radi:
—Sen Konchaga biror gap aytib qolishni istamaysanmi?
—Yo‘q.

Bunday gaplarga bardoshim yetmasdi. Biroq o‘zimdan boshqa hech kimni aybdor ham qilolmasdim: men kecha Tomga, aytmasligim kerak edi-yu, ammo Koncha haqida gapirgandim. Men Koncha bilan bir yil turdim. Kecha u bilan besh daqiqa uchrashish uchun qo‘limni chopib tashlashlarigayam rozi edim. Tomga Koncha haqda gapirganimning sababi ham shu: bu tuyg‘uni tiyadigan kuch menda yo‘q edi. Hozir esa uni hatto quchoqlashga ham xohishim yo‘q: men o‘zimning tanamdan jirkanardim, chunki badanim tussiz-kulrang, shilimshiq bo‘lib qolgan. O‘limim haqida eshitib Koncha yig‘laydi, bir necha oy hayotdan bezib yuradi. Men baribir o‘lishim kerak bo‘lgan odamman. Uning chiroyli, mayin ko‘zlarini esladim: u menga qaraganida vujudimga nimadir quyulardi. Biroq endi bunday bo‘lmaydi, tamom: endi qaragani bilan nigohi mengacha yetib kelmaydi. Men yolg‘izman endi.
Belgiyalik cho‘ntagidan soatini chiqarib qaradi:
— Uch yarim, — dedi u.
Qanjiq, atay aytdi buni! Tom o‘tirgan joyida qalqib tushdi — biz alahsib vaqtning o‘tayotganini unutgan edik, tun qora pardasi bilan bizni chalg‘itgan edi, men oqshom qachondan boshlanganini eslay olmadim.
Kichkina Xuan tovush chiqara boshladi. U qo‘llarini sermab, qichqirdi:
—Men o‘lishni xohlamayman, o‘lishni xohlamayman!

U qo‘llarini oldinga cho‘zgancha yerto‘lani aylanib yugurdi va yuztuban yiqilib yotgan joyida faryod cheka boshladi. Tom xira tortib qolgan ko‘zlari bilan unga qaradi: Xuanni yupatishga uning xohishi yo‘qligi shundoq sezilib turardi. Buning hojati ham yo‘q: bolakay bizdan ko‘ra ko‘proq shovqin solayotgan bo‘lsa-da, biroq biz chekayotgan g‘am-alam unikidan kam emas edi. U xuddi jon talvasasiga tushgan bemorga o‘xshardi. Biz esa undan-da battar ahvolda edik.

U yig‘lardi, men uning o‘ziga achinayotganini ko‘rib turardim, biroq bu damda u o‘lim haqida o‘ylamasdi. Men ham yig‘lab yuboray dedim, o‘zimning uvolligimdan ko‘nglim buzildi. Biroq shu payt boshqa bir holat yuz berdi: men bolakayga qaradim, uning silkinayotgan ozg‘in yelkalariga ko‘zim tushdi va yuragimda g‘ayriinsoniy tuyg‘u bosh ko‘tardi — men na o‘zimga va boshqa birovga shafqat qilmaydigan holatda edim. O‘zimga o‘zim: sen mardlarcha o‘lishing kerak, dedim.

Tom o‘rnidan qo‘zg‘aldi, u shipdagi tuynukning shundoq tagida, yorishib kelayotgan osmonga qarab turardi. Men esa ichimda: mardlarcha o‘lish kerak, mardlarcha, deya ta’kidlar, boshqa hech nimani o‘ylamasdim. Biroq belgiyalik soatni eslatganidan beri vaqtning tez o‘tayotganini his etdim. Tom gapirganda hali qorong‘i edi:
—Yeshitayapsanmi? – dedi u.
—Ha.
Hovlidan oyoq tovushlari eshitildi.
—Balo bormi ularga qorong‘ida sandiraqlab! Axir, bizlarni qorong‘ida chiqarib otishmasa kerak-ku.
Bir daqiqadan so‘ng jimlik cho‘kdi. Men Tomga:
—Yorishyapti, — dedim.
Pedro junjikib o‘rnidan turdi va orqasiga o‘girilib:
—Itday sovqotdim, — dedi.
Yerto‘lani g‘ira-shira yorug‘lik qopladi. Qulog‘imizga uzoqdan o‘q tovushlari eshitildi.
—Boshlanayapti, — dedim Tomga. —Chamamda, ular buni orqa tarafdagi hovlida qilishyapti.
Tom belgiyalikdan sigaret so‘radi. Men o‘zimni tiydim: chekish ham, ichish ham ko‘ngilga sig‘masdi. Shu daqiqadan boshlab ular tinimsiz otishdi.
—Tushundingmi? – dedi Tom.

U yana nimadir demoqchi bo‘ldi, biroq aytmadi, eshikka qaradi. Eshik ochilib, to‘rt nafar askar bilan leytenant kirib keldi. Tom qo‘lidagi sigaretni tushirib yubordi.
—Steynbok?
Tom javob bermadi. Pedro u o‘tirgan tarafga imo qildi.
—Xuan Mirbal?
—Ana u, kursida o‘tirgan.
—Turilsin! — baqirdi leytenant.
Xuan qilt etmadi. Ikki askar uni qo‘ltig‘idan olib, turg‘azib qo‘ydi. Biroq qo‘yib yuborishlari bilan Xuan qulab tushdi. Askarlar sarosimalanib qolishdi.
—Bundaylarni endi ko‘rayotganim yo‘q, — dedi leytenant. —Ko‘tarib borishga to‘g‘ri keladi, hechqisi yo‘q, hammasi risoladagiday bo‘ladi.
U burilib Tomga buyurdi:
— Chiq!

Tom ikki nafar askar qurshovida tashqariga chiqdi. Qolgan ikki askar Xuanni qo‘ltig‘idan olib ularning ortidan chiqishdi. Xuanning hushi o‘zida edi, ko‘zlari shokosaday, yonoqlaridan ko‘z yoshlari oqib turardi. Men eshikka qarab qadam tashlagandim, leytenant to‘xtatdi:
—Ibbiyeta sizmisiz?
—Ha.
—Kutishingizga to‘g‘ri keladi. Birozdan so‘ng kelishadi siz uchun.
Shunday deb u ham chiqdi. Uning ortidan belgiyalik va ikki soqchi chiqishdi. Bir o‘zim qoldim. Nimalar bo‘layotganini tushunolmasdim, menga qolsa, ular hammasini tezroq hal qilib qo‘ya qolishgani tuzuk edi. Miltiqning qarsillagan tovushi eshitilib turar, oraliqdagi tanaffus juda qisqa edi. Uvvos solib baqirgim, sochlarimni yulgim kelardi. Biroq tishimni tishimga bosib, qo‘llarimni cho‘ntaklarimga tiqdim: bardosh qilish kerak. Bir soatdan keyin meni olib chiqish uchun kelishdi va birinchi qavatdagi kichkina xonaga boshlab borishdi, bu yerdan sigaret hidi anqir, xona ichi dim, nafasim bug‘ilib qolayozdi. Xonada ikki nafar zobit oromkursilarda yastanib, chekib o‘tirishardi, tizzalarida yoyilgan qog‘ozlar bor edi.
— Sening ism-sharifing Ibbiyetami?
— Ha.
— Ramon Gris qayerga yashiringan?
— Bilmayman.

Meni so‘roq qilayotgani semiz, pakana zobit edi. Uning ko‘zlari oynak tagidan menga qattiq tikilib turardi.
—Yaqinroq kel, — dedi u.
Men yaqinroq bordim. U o‘rnidan turdi va menga ko‘zini teshib yuborguday qadab, shunaqa qaradiki, bu qarashi bilan meni go‘yo do‘zax azobiga giriftor qilmoqchiday edi. Keyin u qo‘limni qayira boshladi. Bu bilan menga azob bermoqchi emas, balki shunchaki ko‘nglini yozmoqchi: o‘zining hukmdorlardan ekanini his etgisi kelardi. U yuzini yuzimga yaqqin olib keldi, dimog‘imga og‘zidan anqiyotgan sassiq hid urildi. Bu bir daqqiqacha davom etdi va men o‘zimni kulgidan zo‘rg‘a tiyib qoldim. Hademay o‘ladigan odamni cho‘chitish uchun bu kifoya qilmasdi, uning ko‘rsatgan hunari anchayin nochor harakat edi. Keyin u ko‘kragimdan itarib yubordi va borib joyiga o‘tirdi.
—Yo sen otilasan yoki u. Agar uning qayerdaligini aytsang tirik qolasan.
Bu kimsalar ham bo‘yinlaridagi bo‘yinbog‘u, oyoqlarida yaltiroq etiklari bilan bir kuni ajalga ro‘para kelishlari aniq. To‘g‘ri, mendan keyin, biroq oradan ko‘p o‘tmay shunday bo‘ladi. Ular qo‘llaridagi qog‘ozlarga yozilgan allaqanday ismlarga belgi qo‘yar, odamlar ortidan toziday quvar, ularni tutib qamar yoki otib tashlardi. Ispaniyaning kelajagi va boshqa ko‘p narsalar haqida ularning o‘zlarining qarashlari bor edi. Ahmoqona faolliklari, yelib-yugurishlari esa mening g‘ashimni keltirardi va kulgili tuyulardi: aqldan ozgan bu telbanoma nusxalarning o‘rnida bo‘lishni hecham xohlamasdim.

Pakana baqaloq mendan ko‘zini uzmasdi, bot-bot etigining qo‘njiga qamchi bilan urib qo‘yardi. Bu qilig‘i bilan o‘zining yirtqich hayvonchalik berahm ekanini boshqalarga uqtirib qo‘ymoqchi bo‘lardi.
—Xo‘sh, tushundingmi?
—Grisning hozir qayerdaligini bilmayman, — javob qildim men, —yehtimol Madriddadir.
Boshqa bir zobit kerishib qo‘lini ko‘tardi. Bu erinchoq harakat ham hisob-kitobli edi.

Men ularning zimdan tayyorlashgan o‘yinlarini juda yaxshi sezib turardim va bunday o‘yinlardan huzurlanadiganlarning borligidan hayratga tushardim.
—O‘ylab ko‘rishing uchun chorak soat muhlat beramiz, — dedi u, — yechinadigan xonaga olib chiqinglar uni, o‘n besh daqiqadan keyin olib kiringlar. Agar tixirlik qilsa, joyida otib tashlanglar.

Bu qanjiqlar nima qilishayotganini yaxshi bilishardi: tun bo‘yi meni kuttirishdi, keyin yerto‘lada bir soat yolg‘iz saqlashdi, Xuan bilan Tomni otib tashlaguncha kutdim, endi esa meni yechinadigan xonaga qamab qo‘yishmoqchi—ular bu o‘yinni kecha o‘ylab topishgan. Asabi dosh berolmaydi, sinadi deb o‘ylashgan. Biroq ular yanglishadi. Demak, ular meni Gris yashiringan joyni biladi, deb ishonishayotir. Gris shahardan to‘rt kilometr naridagi amakivachchalarining uyiga yashiringan. Uni sotib qo‘ymasligimga ishonchim komil, faqat qiynoqqa solib azoblashmasa bo‘lgani (aftidan, ular bu haqda o‘ylab ham ko‘rishmagan). Bular bari menga kunday ravshan, qolaversa, men hammasidan sovib bo‘ldim. Biroq ayni damda men nega o‘zimni bunday tutayotganimni bilgim kelardi: nega men boshqacha bo‘lolmayapman, deb o‘yladim. Nega itday o‘lib ketishim kerak, nima uchun endi Ramon Grisni sotmasligim kerak? Xo‘sh, nega? Axir, men Ramonni hurmat qilmay qo‘ydim-ku. Unga hurmatim, birodarlik tuyg‘ularim o‘sha oqshom barham topgan edi-ku: Konchaga muhabbatim yashashga ishtiyoqim — bari o‘sha oqshom tugab bitdi-ku! To‘g‘ri, shungacha men Grissni doim qadrlab kelganman, u mard odam edi. Ne bo‘lsa-da uning uchun qurbon bo‘lishni bo‘ynimga olgan edim: uning hayoti men uchun o‘zimnikidan azizroq edi, aslida, har qanday hayotning, tiriklikning sariq chaqalik qadri yo‘q. Axir, odamni devorga tirab qo‘yib yuz-ko‘ziga o‘q yog‘dirishsa, otib o‘ldirishsa — bu men bo‘lamanmi yo Roman Grismi yoki boshqa birovmi — tiriklikda ma’ni qolmaydi: hammasi ahamiyatini butkul yo‘qotdi. Ammo men hozir tirikman, Roman Grisni sotib jonimni saqlab qolsam bo‘ladi, biroq buni qilmayapman. Eshaklarcha qaysarligim o‘zimga qiziq tuyulardi. «Shu qadar ahmoq bo‘laman-mi!», deb o‘yladim. Bu o‘ydan, hatto, kayfiyatim ozroq ko‘tarildi ham. Keyin ular meni o‘sha tor xonaga boshlab borishdi. Oyoqlarimning orasidan kalamush yugurib o‘tdi, buyam menga qiziq tuyuldi. Men soqchilardan biriga o‘girilib:
—Qara, kalamush, — dedim.

Soqchi javob qilmadi. Uning basharasi tund, chamamda bo‘layotgan voqealarni u o‘ta jiddiy qabul qilayotgan edi. Xoxolab kulgim keldi, o‘zimni tutdim: agar bir kulishga tushsam o‘zimni to‘xtatolmayman, deb qo‘rqdim. Soqchining mo‘ylovi bor edi. Men unga:
—Mo‘ylovingni qirib tashla, tentak, — dedim.
Tirik odamning betini tuk bosgani menga kulgili tuyuldi. Soqchi hafsalasizlik bilan ketimga bir tepdi, men jim bo‘ldim.
—Xo‘sh, — dedi baqaloq. — O‘ylab ko‘rdingmi?

Men unga kamyob hasharotga qaraganday soxta qiziquvchanlik bilan qaradim va:
—Ha, men uning qayerdaligini bilaman, — dedim. —Gris qabristonga yashiringan. Biror lahadning ichida yoki qorovulning uychasida bo‘lishi kerak.
Kel, oxirida bularni bir laqillatay, dedim-da. Hovliqib miltiqlarini ko‘tarib baqirib-chaqirishlarini, to‘rt tarafga chopqilashlarini ko‘rib maza qilgim keldi. Chindan ham ular o‘tirgan joylaridan uchib turishdi.
—Kettik! Molis, leytenant Lopesdan o‘n besh kishi oling!
—Agar aldamayotgan bo‘lsang, — dedi baqaloq, — men va’damda turaman. Biroq bizni laqillatgan bo‘lsang, bilib qo‘y, sog‘ qolmaysan.

U chiqib ketdi. Men soqchilar qurshovida o‘tirgan joyimda qoldim. Ora-sira kulib qo‘yaman: ularning qabristonda izg‘ishib, to‘rt tarafga alanglab chopqilab yurishgani ko‘z oldimdan o‘tadi. Harqalay juda aqlli ish qildim, deb o‘yladim. Qabr toshlarini ko‘tarib, lahadlarning ichiga qarab ovvora-yu sarson bo‘lishayotganini tasavvur qilib huzurlandim. Oradan bir yarim soatcha vaqt o‘tdi, baqaloq qaytib keldi. Endi meni otib tashlashga buyruq bersa kerak, deb o‘yladim. Qolganlar, aftidan, qabristonda qolishgandi. Biroq zobit menga tikilib qaradi. Basharasidan ahmoq bo‘lganini anglatadigan alomatlar sezilmadi.
—Uni katta hovliga olib chiqinglar, o‘sha joydagilarga qo‘shinglar, — dedi u. — Jangdan so‘ng uning taqdirini tribuna hal qiladi.
Men uning gaplarini yaxshi anglolmadim. Undan so‘radim:
—Nima, meni otishmaydimi?
—Umuman olganda, hozir otishmaydi. Qolaversa, bu endi mening vazifamga kirmaydi.
Nima bo‘layotganiga aqlim yetmasdi.
—Nega endi? – dedim hayron bo‘lib.

U gapirmadi, yelkalarini uchirdi, xolos. Askarlar meni olib chiqib ketishdi. Katta hovlida yuz choqli mahbus: qariyalar, bolalar to‘dalashib turishardi. Nima bo‘layotganiga aqlim yetmay, hovli o‘rtasidagi gulzor atrofida sanqiy boshladim. Choshgohda bizni oshxonaga olib kirishdi. Ikki-uch kishi men bilan gaplashmoqchi bo‘ldi. Aftidan, bizlar tanish edik, biroq men oraga gap qo‘shmadim: qayerdanman, nimalar bo‘lyapti—tushunolmayotgandim. Kechqurun hovliga yana bir to‘da mahbuslarni haydab kiritishdi. Ular orasida novvoy Garsiani tanidim. U meni ko‘rib qichqirdi:
— Omading bor sening. Tirik ko‘raman deb o‘ylamagandim.
— Ular meni otuvga hukm qilishdi, — dedim men, — keyin bu fikrdan qaytishdi. Nega bunday qilishdi, bilmayman.
— Meni soat ikkida ushlashdi, — dedi Garias.
— Nima uchun?

Garias siyosat bilan shug‘ullanmasdi.
—Hech tushunolmayman, — dedi Garias, —ular o‘zlariga o‘xshab fikr yuritmaydiganlarning hammasini tutishayapti.
U ovozini pasaytirib:
—Grisni qo‘lga tushirishdi, — dedi.
Men seskanib ketdim.
—Qachon?
—Bugun ertalab. O‘zi ahmoqlik qildi-da. Chorshanba kuni jahl ustida ukasi bilan urishib qolib, uning uyidan chiqib ketdi. Yashirinishga yordam beradigan sonmingta edi, biroq u hech kimga ziyonim tegmasin, dedi chamasi.

Menga: «Ibiyetaning uyiga yashirinsam bo‘lardi, biroq uni hibsga olishibdi, qabristonga bekinaman», dedi.
—Qabristonga?!
—Ha. Ahmoqlik qildi. Bugun ertalab ular qabristonni bosishdi. U qorovulning uychasida ekan, o‘rab olishdi. Gris qarshilik ko‘rsatishga urindi, biroq ular Grisni otib o‘ldirishdi.
—Qabristonda-ya?!
Ko‘z oldim qorong‘ulashib yuz tuban yiqildim. Ovozim boricha shunaqa qah-qah urib to‘xtovsiz kulardimki, ko‘zlarimdan yosh tirqirardi.

045

(Tashriflar: umumiy 3 727, bugungi 1)

Izoh qoldiring