28 март — Атоқли навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул таваллуд топган куннинг 75 йиллиги
Академик Наим Каримов таъкидлаганидек: “Иброҳим Ҳаққул – ҳозирча битта. У бундан кейин ҳам битта бўлиб қолади. Зеро, ҳақиқий шоирлар ҳам, ҳақиқий олимлар ҳам битта-битта бўлиб дунёга келадилар. Лекин орадан вақт ўтиши, янги авлодларнинг етишиб чиқиши ва шаклланиши билан Иброҳим Ҳаққулнинг шогирдлари орасидан ҳам Иброҳимлар етишиб чиқади. Балки уларнинг битта-яримтаси ҳам унинг даражасига кўтарилар. Лекин шунда ҳам у битта Иброҳим Ҳаққул бўлиб қолади”
ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛ – НАВОИЙШУНОС
Зулайҳо РАҲМОНОВА
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Алишер Навоий инсоният тарихига шахси ва ижодиёти билан муҳим таъсир кўрсатган ижодкорлардан. Маълумки, унинг комил шахсияти ва бетакрор ижодий мероси ҳақида фикр-мулоҳазалар ўз давридаёқ билдирила бошланган. Навоийнинг ижодкор руҳи, ҳассос қалби, донишмандона сиёсати ҳамиша ибрат бўлган. Шу маънода ҳар замоннинг шоир тўғрисида ўз тасаввури ва баҳоси бор. Бугун у ҳақида ёзилган асару тадқиқотларни синчиклаб ўқиш ва ундаги ҳақиқатларни ажратиш ҳам катта билимни талаб қилади. Айниқса, дин, тасаввуф, тарихдан ажратилган ХХ аср навоийшунослигини илм ва адолат элагидан ўтказиш жуда оғир. Навоийшунослик тарихига назар солсак, Алишер Навоий ҳаёт йўли ва ижодиёти ҳақида яхлит ва якранг тасаввурга эга бўлишимиз қийин. Чунки бошқа соҳалар каби Навоийни ўрганиш замон, сиёсат, жамиятнинг умум қонун-қоидалари, давр маънавий дунёқараши доирасидан юқорига кўтарила олмаган. Ҳар бир замон адабиётшунослиги даҳо ижодкорни ўзича кашф қилган. Бу нуқтаи назарни ҳатто биргина навоийшунос олим тадқиқлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Навоийшунослик тарихигина эмас, ҳатто баъзи навоийшуносларнинг Навоий ҳақидаги мулоҳазалари турли даврда турлича. Эътиқодий курашлар, адабиётшуносликка қўйилган талабу тазйиқлардан юксалиб сўз айта олган навоийшунос дунё адабиётшунослигида ҳам ноёбдир. Айтиш мумкинки, Иброҳим Ҳаққул мана шундай камёб адабиётшунослардан. Илк тадқиқотларидан то бугунгача бўлган ижодига назар солсак ҳам, аввало, Иброҳим Ҳаққул Алишер Навоий сиймосини яратишда ҳақиқатдан зарра қадар чекинмаган адабиётшунос эканлигига гувоҳ бўламиз. ХХ аср ва асримиз навоийшунослигида устоз адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларининг ўз ўрни бор, уларнинг бари адабиётшунослигимизда алоҳида ҳодиса эканлигига асло шубҳа йўқ.
Ҳақиқат шуки, адабиётшуносликда илмий-ирфоний бир тил ва маърифий бир услуб яратган устоз тадқиқотлари билан навоийшунослик янги бир ўзанга кирди. Бир сўз билан айтганда, Иброҳим Ҳаққул мутафаккир ва мутасаввиф Навоий ҳаёт йўли ҳамда ижодий меросини қандай мезонларда таҳлил ва талқин қилиш лозимлигини белгилаб берди. Унинг, деярли, барча мақолалари навоийшуносликда янгилик сифатида қабул қилинди. “Тасаввуф ва Навоий шеърияти муносабатига доир”, “Мансур Ҳаллож ва Алишер Навоий”, “Навоий шеъриятида фано талқинлари”, “Руҳ раҳмони эрур…”, “Алишер Навоий ижодиётининг оламшумул аҳамияти”, “Навоий шеъриятида Ҳақ ва шахс муносабати”, “Руҳоният ва нафсоният тазоди”, “Алишер Навоий ва Абусаид Мирзо”, “Навоий тахаллусларининг маъно қирралари ҳақида”, “Маломатийлик ва Навоий”, “Навоий ижодида дунё тимсоли ва талқинлари”, “Навоий ижодида «адам ва вужуд» фалсафаси”, “Навоий ва Фитрат”, “Навоий шеъриятида идрок тамали”, “Навоий шеъриятида эр ва эран образи” бу қаторни узоқ давом эттириш мумкин. Мазкур мақолаларни ўқир экансиз ҳайрат ва тафаккурга ғарқ бўласиз. Илк ҳайрат мавзунинг танланишидан бошланади. Устознинг бирор мақоласи бошқасини такрорламайди. Ҳар бири Навоий ҳаёти ва ижодиётининг янги бир жиҳатини очиб беради. Иброҳим Ҳаққул бировнинг изидан юрмайди ёхуд маълум бир мавзу атрофида айланмайди. Академик Бахтиёр Назаров ҳам: “Иброҳим Ҳаққулов устозлардан кейин уларнинг Алишер Навоий ҳақида ёзганлари, айтганларини такрорламади. Аксинча, буюк шоирни бизга янада яқинроқ қилди” [8: 31], – деган эди. Иброҳим Ҳаққулнинг кичик мақолалари ҳам катта тадқиқотлар учун асос ва туртки бўлганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу мавзуларнинг аксарияти устоз шогирдлари томонидан монографик тадқиқ қилинди. Жумладан, Навоий асарларида кўнгил, ранг, ринд, фақир, ориф, эр, эран, муршид ва мурид образлари; “Маснавий” ва “Лисон ут-тайр”даги ҳикоятларнинг қиёсий талқини”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асари бадиияти”, “Абдуқодир Ҳайитметов – навоийшунос” ва ҳоказо. Нафақат издошлар, балки кўплаб навоийшунослар изланишлари устоз мақолалари таъсирида дунёга келган. Бугун бемалол айтиш мумкин, Иброҳим Ҳаққул навоийшуносликда ўзига хос мактаб яратди.
Навоий, дарҳақиқат, даҳо санъаткор. Унинг асарларида тил жозибаси, шаклий гўзаллик ҳамда маъно ҳақиқатлари бирлашади. Натижада, тил, услуб ва ғоявий жиҳатдан нодир бир асар дунёга келади. Мана шу уч жиҳат навоийшунос Иброҳим Ҳаққулда ҳам мукаммал тарзда мавжуд. Унинг таҳлил ва талқинларидаги мазмун-моҳият ўзлик хусусида тафаккур қилишга ундайди, руҳоний завққа ошно қилади. Баён сеҳрига эса тамомила мафтун бўласиз. Бундай натижага эришмоқ учун мана устоз нима дейди: “Ҳазрат Навоий – орифларнинг шоири. Қалб тазкияси, яъни қалбни поклаш илми инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Олтинчи туйғу камдан-кам одамларга насиб қилар экан. Мен Навоийни англаш учун ҳам мана шу туйғу зарур, деб ўйлайман. Бугунги кун одамларида ҳам аксарият ана шу туйғу етишмайди”. Яна бир мақоласида эса янада кескинлашади: “Мустақил фикрдан маҳрум, майдакаш ёки молдай эргашувчи кимсалар ҳеч вақт Навоийни тушуна олмайди. Тушунса ҳам айрим илм аҳлига ўхшаб “ўзича” тушунади”.
Навоийни гўё ҳамма ўқийди, билади. Лекин шоирнинг на ҳаёт йўли, на шахсияти, на асарлари хусусида негадир янги гап айтолмайди. Маълум ва мавжуд фикр-қарашлар атрофида сарсон-саргардон айланиб, бесамар кезади. Чунки қалбан, руҳан Навоийдан жуда йироқ. Навоийдаги адолат, ростлик, завқ, дард, ишқ, фановашлик, бир сўз билан айтганда, мушоҳада ва ахлоқни англаш ҳамда улар ҳақида гапириш учун бир қадар мана шу туйғулар билан яшаш керак. Шундагина бу кечинмалар ҳис қилинади ва сўзга айлана олади. Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларида асарларнинг қайта туғилиши сири айнан мана шунда. Машойихлар “Тилдаги тилда, дилдан чиққани дилда қолади” дейди. “Тасаввуф ва шеърият”, “Занжирбанд шер қошида”, “Камол эт касбким…”, “Навоийга қайтиш” каби китобларнинг кенг оммага манзур бўлиши муаллифдаги ҳассосият, закийлик ва яшаш тарзи муштараклигидандир. Иброҳим Ҳаққул ҳеч қачон ўзи яшамаган ҳолдан баҳс юритмайди, ўзи юрмаган “сўқмоқ”ларни тасвирламайди. Шу боис унинг тадқиқотларида оҳанг, ранг, тасвир уйғунлиги бор. Навоий ҳақида айтган мана бу: “Алишер Навоий бадиий ижодда инсон қавмидан нима олган бўлса, унинг кўнглидан ўзлаштирган; одам тўғрисида у нима ёзган бўлса, унинг руҳ овозини тинглаб, ботиний ҳолларини жуда аниқ идрок этиб ёзган”, – хулосасини устоз ижоди ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларида Алишер Навоийнинг ижодкорликдаги баланд рутбаси, руҳоний ҳоли, сиёсий жасорати ёрқин англашилади. Навоий ҳақида янги маълумот, ўзга таърифу тавсифга дуч келинади. Масалан, “Дунёнинг у чеккасидан кириб, бу чеккасидан чиқинг, Навоийдаги кўнгил холислиги, фикр ва тушунча тозалиги, Ҳақ ва ҳақиқатга садоқатни ҳеч бир жойдан тополмайсиз. Навоийнинг Шахси адабиёт, сиёсат, фалсафа, ҳаттоки, дин ва тасаввуфга нисбатан ҳам олий бир теранликни тамсил этади. Навоий шахсиятидаги Дард, Изтироб, Ҳаракат, Маҳзунликдан кўз юмилса, Навоийни танимай қоласиз. Яшашдан қанча чарчаб, толиқмасин, буюк шоир икки нарсадан асло безмаган. Зерикмаган. Улардан бири – ҳаёт. Иккинчиси – таассурот”, дея шоир шахси ва ижоди ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилади.
Иброҳим Ҳаққул шарқ ва ғарб, мумтоз ва муосир адабиёт хусусида ўз фикр-қарашларига эга, йирик тадқиқотлар яратган адабиётшунос. Бироқ устознинг ижодида навоийшунослик алоҳида мавзу. Иброҳим Ҳаққулнинг навоийшунослиги маълум бир эволюсияга эга. Устоз илк илмий изланишларидан то ҳанузгача Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди тадқиқидан ҳеч тўхтамаган.
Навоий кўнгил муаррихи. Буни англаш учун Инсоният тарихидан, унинг росту ёлғонларидан бир қадар хабардор бўлиш лозим. Шу билан бирга “тарих ғилдираги”ни юритувчиларнинг мақсад-муддаоларини ҳам фаҳмлашга қодир зеҳният талаб қилинади. Мана шундагина адабиётга асри саодат соғинчини, “асрлар ғами”, “йиллар армони”ни кўйловчи санъат нуқтаи назари билан қаралади. Ва ниҳоят, маҳдудлик мезони кўтарилиб, ўтмиш ва бугун ўткир мушоҳада нуқтасида бирлашади. Устоз мана шундай “Одамийлик ва одамшунослик” фанини чуқур ва пухта эгаллаган “тарихчи”лардан. Шу боис инсоншунос Навоийни тушуниш ва тушунтириш Иброҳим Ҳаққулда осонроқ кечган. Устоз таҳлилларида замон, макон меҳварлари унутилади. Барча тадқиқотларида шоир билан фикрдошлик, ҳамдардлик бор, гўёки замондошлик нафаси туйилади. У мозий адабиётни бугуннинг қувончу қайғусини айтишга хизмат қилдиради. Навоий тасвирлаган бахтиёр дарвеш, маҳзун ошиқ, қаландар подшоҳ навоийшуноснинг ҳам орзу умидларида яшайди. Демоқчимизки, аксар адабиётшунослар таҳлилларида Алишер Навоий билан олти асрлик масофа аниқ кўринади. У изланишлар худди “олдингиларнинг афсоналари”дек ўқилади, бугун учун на илмий янгилиги, на тарбиявий аҳамияти бор. Шу маънода ҳам Иброҳим Ҳаққул Навоийга қалбан, руҳан яқин бўлган, унга ҳолдошликка уринган олим. Шу ўринда академик Тўра Мирзаевнинг эътирофини эслаш ўринлидир: “Иброҳим Ҳаққулнинг мумтоз адабиётга доир тадқиқотларига хос икки муҳим жиҳат эътиборга молик: биринчидан, у аждодларимиз меросига улкан муҳаббат билан ёндашиб, шоирлар руҳиятига чуқурроқ кириб боришга интилади, иккинчидан, мавзуга бугуннинг талаби, даврнинг нигоҳи билан қарайди. Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларини ўқиган киши уларда ўзига тўла ишонч билан гапираётган қатъиятли, теран билим ва катта тажриба билан мушоҳада юритаётган фикр-мулоҳазаларини ширали тил ва ҳассос руҳда ифодалайдиган шоирона қалб соҳибининг овозини эшитади” [4: 6].
Алишер Навоий бир неча жанрларда ижод қилган. Ҳар бир жанр хусусиятидан келиб чиқиб, шоир турли услублардан фойдаланган ва янги-янги усулларни киритган. Унинг услубдаги маҳорат ва салоҳияти устоз навоийшуносда ҳам кўзга ташланади. Унинг талқинлари ибратли ҳикоятлар билан янади таъсирли ва аниқ чиққан. Пайғамбарлар тарихи, диний ривоятлар, турли элатларнинг урф-одатларини акс эттирувчи ҳикоятлар билан ҳам яхши таниш бўлгани учун Навоий мақсадини англаш, руҳий ҳолатини ҳис этиш ва уни китобхонга етказишда шоир ва олим орасида ҳамоҳанглик бўлган. Шоирнинг 20 томлик мукаммал асарлар тўплами ва 10 жилдлик тўла асарлар тўпламининг нашрида Иброҳим Ҳаққул ҳам матншунос ва шарҳшунос сифатида ташаббус кўрсатганлиги маълум. Айниқса, домланинг ирфоний шарҳлари эътиборга молик. Устоз томонидан Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”сидан танланган шоҳбайтларнинг алоҳида китоб ҳолида чиқарилганлиги ҳам шоир шеърияти муҳибларини бефарқ қолдирмади.
Навоий мутасаввиф шоир. Унинг нафақат ижод, балки ҳаёт йўлини ҳам дин ва тасаввуфдан айри изоҳлаш мумкин эмас. Навоий ижодиёти деган муҳташам қасрга ислом дини ва тасаввуф таълимоти орқалигина борилиши бугун сир эмас. Иброҳим Ҳаққул навоийшуносликдаги ушбу тўғри йўлни илк бора айтиб, йўл очиб берганларнинг биринчиларидан десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, тасаввуфшунос-навоийшунос А.Абдуқодиров таъкидлаганидек, 1991 йилда чоп этилган “Тасаввуф ва шеърият” китоби “ўзбек адабиёшунослигида чиндан ҳам инқилоб яратди” [8: 64]. Мана шу китобдан олинган қуйидаги парчага эътиборингизни қаратмоқчиман: “Буюк даҳолар, алломалар барча асрларда ҳам башарият қайғуларига малҳам сўзни ахтарганлар. Шоҳу гадонинг онг ва юрак хасталикларини баб-баробар тузатадиган жонбахш сўзлар, афсуски, ғоятда сийрак яралган. Навоийнинг бу тўғрида ўйламаслиги мумкин эмасди. Мана, шу йўналишдаги бир фикр:
Олам ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.
Қуръонни тиловат этсин ар огоҳ эрур,
Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.
Эл кўнглига Каломуллоҳ даво бўлмоғига Навоий шубҳаланмаган” [7: 121].
Устознинг мазкур масалалар билан боғлиқ қатор мақолалари чоп этилди. Айтиш мумкинки, устоз Иброҳим Ҳаққул асарлари орқали ўзбек китобхони бир қадар Навоийни таниди, чиндан ҳам моҳиятбинликда “Навоийга қайтиш” бўлди. Халқимизнинг севимли адиби Хуршид Даврон: “Улуғвор мероснинг маълум қисмидан баҳра олиш талаби ҳар биримизда мавжуд бўлишини истайман. Энг даҳшати, бобомеросимизни тарғиб қилишда учрайдиган чаламуллалигу фаросатсизлик билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга кучим борича қарши боришни бурчим деб биламан. Бу истак ҳам муайян маънода Иброҳим Ҳаққул ва унинг адабий мақолалари туфайли шаклланганини алоҳида таъкидлайман”, – деган эди. Бундай иқрор аслида кўпларда бор ва бўлиши ҳам керак. Зеро, Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларида инсон ва илоҳиёт, инсон ва табиат, инсон ва жамият муштаракдир. Инсон бир вақтнинг ўзида илоҳий риштага боғланади, табиат ва жамиятнинг фарзанди эканини ҳам унутмайди. Руҳиятда кўҳна хотиралар тикланади, кўнгилда фараҳбахш изтироблар йиғлайди, нафсда хорлик бошланади. Натижада, бир софлик дунёга келади. Алалоқибат дунёи дун асирлигидан бир лаҳза бўлса-да озод бўлиб, ўзлигингни англаш, фоний дунё имтиҳонининг моҳиятини мушоҳада қилишга мажбур бўласан. Буларнинг барига адабиётшунос илоҳий чашмадан сув ичган Адабиётнинг қудрати орқали эришади. Навоийнинг асарларига таянади. Хуллас, академик Наим Каримов таъкидлаганидек: “Иброҳим Ҳаққул – ҳозирча битта. У бундан кейин ҳам битта бўлиб қолади. Зеро, ҳақиқий шоирлар ҳам, ҳақиқий олимлар ҳам битта-битта бўлиб дунёга келадилар. Лекин орадан вақт ўтиши, янги авлодларнинг етишиб чиқиши ва шаклланиши билан Иброҳим Ҳаққулнинг шогирдлари орасидан ҳам Иброҳимлар етишиб чиқади. Балки уларнинг битта-яримтаси ҳам унинг даражасига кўтарилар. Лекин шунда ҳам у битта Иброҳим Ҳаққул бўлиб қолади” [8: 22].
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Иброҳим Ҳаққул. Ижод иқлими. – Тошкент: Фан, 2009.
2. Иброҳим Ҳаққул. Навоийга қайтиш–4. – Тошкент: Тафаккур, 2020.
3. Иброҳим Ҳаққул. Занжирбанд шер қошида. – Тошкент: Тафаккур, 2020.
4. Иброҳим Ҳаққул. Мушоҳада ёғдуси И . – Тошкент: Фан, 2009.
5. Иброҳим Ҳаққул. Мушоҳада ёғдуси ИИ . – Тошкент: Тафаккур, 2019.
6. Иброҳим Ҳаққул. Ижод иқлими. – Тошкент: Фан, 2009.
7. Иброҳим Ҳаққул. Тасаввуф ва шеърият. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991.
8. Моҳиятга муҳаббат. – Тошкент: Тафаккур, 2019.
9. Раҳмонова З. Яссавийшуносликка қўшилган ҳисса // Ўзбек тили ва адабиёти, 2018. № 6.
28 mart — Taniqli navoiyshunos olim, zukko munaqqid Ibrohim Haqqul (1949-2022) tavalludining 75 yilligi
Akademik Naim Karimov ta’kidlaganidek: “Ibrohim Haqqul – hozircha bitta. U bundan keyin ham bitta bo’lib qoladi. Zero, haqiqiy shoirlar ham, haqiqiy olimlar ham bitta-bitta bo’lib dunyoga keladilar. Lekin oradan vaqt o’tishi, yangi avlodlarning yetishib chiqishi va shakllanishi bilan Ibrohim Haqqulning shogirdlari orasidan ham Ibrohimlar yetishib chiqadi. Balki ularning bitta-yarimtasi ham uning darajasiga ko’tarilar. Lekin shunda ham u bitta Ibrohim Haqqul bo’lib qoladi”
IBROHIM HAQQUL – NAVOIYSHUNOS
Zulayho RAHMONOVA
O’zR FA O’zbek tili, adabiyoti va folklori instituti katta ilmiy xodimi, filologiya fanlari bo’yicha falsafa doktori
Alisher Navoiy insoniyat tarixiga shaxsi va ijodiyoti bilan muhim ta’sir ko’rsatgan ijodkorlardan. Ma’lumki, uning komil shaxsiyati va betakror ijodiy merosi haqida fikr-mulohazalar o’z davridayoq bildirila boshlangan. Navoiyning ijodkor ruhi, hassos qalbi, donishmandona siyosati hamisha ibrat bo’lgan. Shu ma’noda har zamonning shoir to’g’risida o’z tasavvuri va bahosi bor. Bugun u haqida yozilgan asaru tadqiqotlarni sinchiklab o’qish va undagi haqiqatlarni ajratish ham katta bilimni talab qiladi. Ayniqsa, din, tasavvuf, tarixdan ajratilgan XX asr navoiyshunosligini ilm va adolat elagidan o’tkazish juda og’ir. Navoiyshunoslik tarixiga nazar solsak, Alisher Navoiy hayot yo’li va ijodiyoti haqida yaxlit va yakrang tasavvurga ega bo’lishimiz qiyin. Chunki boshqa sohalar kabi Navoiyni o’rganish zamon, siyosat, jamiyatning umum qonun-qoidalari, davr ma’naviy dunyoqarashi doirasidan yuqoriga ko’tarila olmagan. Har bir zamon adabiyotshunosligi daho ijodkorni o’zicha kashf qilgan. Bu nuqtai nazarni hatto birgina navoiyshunos olim tadqiqlari haqida ham aytish mumkin. Navoiyshunoslik tarixigina emas, hatto ba’zi navoiyshunoslarning Navoiy haqidagi mulohazalari turli davrda turlicha. E’tiqodiy kurashlar, adabiyotshunoslikka qo’yilgan talabu tazyiqlardan yuksalib so’z ayta olgan navoiyshunos dunyo adabiyotshunosligida ham noyobdir. Aytish mumkinki, Ibrohim Haqqul mana shunday kamyob adabiyotshunoslardan. Ilk tadqiqotlaridan to bugungacha bo’lgan ijodiga nazar solsak ham, avvalo, Ibrohim Haqqul Alisher Navoiy siymosini yaratishda haqiqatdan zarra qadar chekinmagan adabiyotshunos ekanligiga guvoh bo’lamiz. XX asr va asrimiz navoiyshunosligida ustoz adabiyotshunos Ibrohim Haqqul tadqiqotlarining o’z o’rni bor, ularning bari adabiyotshunosligimizda alohida hodisa ekanligiga aslo shubha yo’q.
Haqiqat shuki, adabiyotshunoslikda ilmiy-irfoniy bir til va ma’rifiy bir uslub yaratgan ustoz tadqiqotlari bilan navoiyshunoslik yangi bir o’zanga kirdi. Bir so’z bilan aytganda, Ibrohim Haqqul mutafakkir va mutasavvif Navoiy hayot yo’li hamda ijodiy merosini qanday mezonlarda tahlil va talqin qilish lozimligini belgilab berdi. Uning, deyarli, barcha maqolalari navoiyshunoslikda yangilik sifatida qabul qilindi. “Tasavvuf va Navoiy she’riyati munosabatiga doir”, “Mansur Halloj va Alisher Navoiy”, “Navoiy she’riyatida fano talqinlari”, “Ruh rahmoni erur…”, “Alisher Navoiy ijodiyotining olamshumul ahamiyati”, “Navoiy she’riyatida Haq va shaxs munosabati”, “Ruhoniyat va nafsoniyat tazodi”, “Alisher Navoiy va Abusaid Mirzo”, “Navoiy taxalluslarining ma’no qirralari haqida”, “Malomatiylik va Navoiy”, “Navoiy ijodida dunyo timsoli va talqinlari”, “Navoiy ijodida «adam va vujud» falsafasi”, “Navoiy va Fitrat”, “Navoiy she’riyatida idrok tamali”, “Navoiy she’riyatida er va eran obrazi” bu qatorni uzoq davom ettirish mumkin. Mazkur maqolalarni o’qir ekansiz hayrat va tafakkurga g’arq bo’lasiz. Ilk hayrat mavzuning tanlanishidan boshlanadi. Ustozning biror maqolasi boshqasini takrorlamaydi. Har biri Navoiy hayoti va ijodiyotining yangi bir jihatini ochib beradi. Ibrohim Haqqul birovning izidan yurmaydi yoxud ma’lum bir mavzu atrofida aylanmaydi. Akademik Baxtiyor Nazarov ham: “Ibrohim Haqqulov ustozlardan keyin ularning Alisher Navoiy haqida yozganlari, aytganlarini takrorlamadi. Aksincha, buyuk shoirni bizga yanada yaqinroq qildi” [8: 31], – degan edi. Ibrohim Haqqulning kichik maqolalari ham katta tadqiqotlar uchun asos va turtki bo’lganligini alohida e’tirof etish lozim. Bu mavzularning aksariyati ustoz shogirdlari tomonidan monografik tadqiq qilindi. Jumladan, Navoiy asarlarida ko’ngil, rang, rind, faqir, orif, er, eran, murshid va murid obrazlari; “Masnaviy” va “Lison ut-tayr”dagi hikoyatlarning qiyosiy talqini”, “Xamsat ul-mutahayyirin” asari badiiyati”, “Abduqodir Hayitmetov – navoiyshunos” va hokazo. Nafaqat izdoshlar, balki ko’plab navoiyshunoslar izlanishlari ustoz maqolalari ta’sirida dunyoga kelgan. Bugun bemalol aytish mumkin, Ibrohim Haqqul navoiyshunoslikda o’ziga xos maktab yaratdi.
Navoiy, darhaqiqat, daho san’atkor. Uning asarlarida til jozibasi, shakliy go’zallik hamda ma’no haqiqatlari birlashadi. Natijada, til, uslub va g’oyaviy jihatdan nodir bir asar dunyoga keladi. Mana shu uch jihat navoiyshunos Ibrohim Haqqulda ham mukammal tarzda mavjud. Uning tahlil va talqinlaridagi mazmun-mohiyat o’zlik xususida tafakkur qilishga undaydi, ruhoniy zavqqa oshno qiladi. Bayon sehriga esa tamomila maftun bo’lasiz. Bunday natijaga erishmoq uchun mana ustoz nima deydi: “Hazrat Navoiy – oriflarning shoiri. Qalb tazkiyasi, ya’ni qalbni poklash ilmi inson hayotida muhim o’rin tutadi. Oltinchi tuyg’u kamdan-kam odamlarga nasib qilar ekan. Men Navoiyni anglash uchun ham mana shu tuyg’u zarur, deb o’ylayman. Bugungi kun odamlarida ham aksariyat ana shu tuyg’u yetishmaydi”. Yana bir maqolasida esa yanada keskinlashadi: “Mustaqil fikrdan mahrum, maydakash yoki molday ergashuvchi kimsalar hech vaqt Navoiyni tushuna olmaydi. Tushunsa ham ayrim ilm ahliga o’xshab “o’zicha” tushunadi”.
Navoiyni go’yo hamma o’qiydi, biladi. Lekin shoirning na hayot yo’li, na shaxsiyati, na asarlari xususida negadir yangi gap aytolmaydi. Ma’lum va mavjud fikr-qarashlar atrofida sarson-sargardon aylanib, besamar kezadi. Chunki qalban, ruhan Navoiydan juda yiroq. Navoiydagi adolat, rostlik, zavq, dard, ishq, fanovashlik, bir so’z bilan aytganda, mushohada va axloqni anglash hamda ular haqida gapirish uchun bir qadar mana shu tuyg’ular bilan yashash kerak. Shundagina bu kechinmalar his qilinadi va so’zga aylana oladi. Ibrohim Haqqul tadqiqotlarida asarlarning qayta tug’ilishi siri aynan mana shunda. Mashoyixlar “Tildagi tilda, dildan chiqqani dilda qoladi” deydi. “Tasavvuf va she’riyat”, “Zanjirband sher qoshida”, “Kamol et kasbkim…”, “Navoiyga qaytish” kabi kitoblarning keng ommaga manzur bo’lishi muallifdagi hassosiyat, zakiylik va yashash tarzi mushtarakligidandir. Ibrohim Haqqul hech qachon o’zi yashamagan holdan bahs yuritmaydi, o’zi yurmagan “so’qmoq”larni tasvirlamaydi. Shu bois uning tadqiqotlarida ohang, rang, tasvir uyg’unligi bor. Navoiy haqida aytgan mana bu: “Alisher Navoiy badiiy ijodda inson qavmidan nima olgan bo’lsa, uning ko’nglidan o’zlashtirgan; odam to’g’risida u nima yozgan bo’lsa, uning ruh ovozini tinglab, botiniy hollarini juda aniq idrok etib yozgan”, – xulosasini ustoz ijodi haqida ham aytish mumkin.
Ibrohim Haqqul tadqiqotlarida Alisher Navoiyning ijodkorlikdagi baland rutbasi, ruhoniy holi, siyosiy jasorati yorqin anglashiladi. Navoiy haqida yangi ma’lumot, o’zga ta’rifu tavsifga duch kelinadi. Masalan, “Dunyoning u chekkasidan kirib, bu chekkasidan chiqing, Navoiydagi ko’ngil xolisligi, fikr va tushuncha tozaligi, Haq va haqiqatga sadoqatni hech bir joydan topolmaysiz. Navoiyning Shaxsi adabiyot, siyosat, falsafa, hattoki, din va tasavvufga nisbatan ham oliy bir teranlikni tamsil etadi. Navoiy shaxsiyatidagi Dard, Iztirob, Harakat, Mahzunlikdan ko’z yumilsa, Navoiyni tanimay qolasiz. Yashashdan qancha charchab, toliqmasin, buyuk shoir ikki narsadan aslo bezmagan. Zerikmagan. Ulardan biri – hayot. Ikkinchisi – taassurot”, deya shoir shaxsi va ijodi haqida yorqin tasavvur hosil qiladi.
Ibrohim Haqqul sharq va g’arb, mumtoz va muosir adabiyot xususida o’z fikr-qarashlariga ega, yirik tadqiqotlar yaratgan adabiyotshunos. Biroq ustozning ijodida navoiyshunoslik alohida mavzu. Ibrohim Haqqulning navoiyshunosligi ma’lum bir evolyusiyaga ega. Ustoz ilk ilmiy izlanishlaridan to hanuzgacha Alisher Navoiy hayoti va ijodi tadqiqidan hech to’xtamagan.
Navoiy ko’ngil muarrixi. Buni anglash uchun Insoniyat tarixidan, uning rostu yolg’onlaridan bir qadar xabardor bo’lish lozim. Shu bilan birga “tarix g’ildiragi”ni yurituvchilarning maqsad-muddaolarini ham fahmlashga qodir zehniyat talab qilinadi. Mana shundagina adabiyotga asri saodat sog’inchini, “asrlar g’ami”, “yillar armoni”ni ko’ylovchi san’at nuqtai nazari bilan qaraladi. Va nihoyat, mahdudlik mezoni ko’tarilib, o’tmish va bugun o’tkir mushohada nuqtasida birlashadi. Ustoz mana shunday “Odamiylik va odamshunoslik” fanini chuqur va puxta egallagan “tarixchi”lardan. Shu bois insonshunos Navoiyni tushunish va tushuntirish Ibrohim Haqqulda osonroq kechgan. Ustoz tahlillarida zamon, makon mehvarlari unutiladi. Barcha tadqiqotlarida shoir bilan fikrdoshlik, hamdardlik bor, go’yoki zamondoshlik nafasi tuyiladi. U moziy adabiyotni bugunning quvonchu qayg’usini aytishga xizmat qildiradi. Navoiy tasvirlagan baxtiyor darvesh, mahzun oshiq, qalandar podshoh navoiyshunosning ham orzu umidlarida yashaydi. Demoqchimizki, aksar adabiyotshunoslar tahlillarida Alisher Navoiy bilan olti asrlik masofa aniq ko’rinadi. U izlanishlar xuddi “oldingilarning afsonalari”dek o’qiladi, bugun uchun na ilmiy yangiligi, na tarbiyaviy ahamiyati bor. Shu ma’noda ham Ibrohim Haqqul Navoiyga qalban, ruhan yaqin bo’lgan, unga holdoshlikka uringan olim. Shu o’rinda akademik To’ra Mirzayevning e’tirofini eslash o’rinlidir: “Ibrohim Haqqulning mumtoz adabiyotga doir tadqiqotlariga xos ikki muhim jihat e’tiborga molik: birinchidan, u ajdodlarimiz merosiga ulkan muhabbat bilan yondashib, shoirlar ruhiyatiga chuqurroq kirib borishga intiladi, ikkinchidan, mavzuga bugunning talabi, davrning nigohi bilan qaraydi. Ibrohim Haqqul tadqiqotlarini o’qigan kishi ularda o’ziga to’la ishonch bilan gapirayotgan qat’iyatli, teran bilim va katta tajriba bilan mushohada yuritayotgan fikr-mulohazalarini shirali til va hassos ruhda ifodalaydigan shoirona qalb sohibining ovozini eshitadi” [4: 6].
Alisher Navoiy bir necha janrlarda ijod qilgan. Har bir janr xususiyatidan kelib chiqib, shoir turli uslublardan foydalangan va yangi-yangi usullarni kiritgan. Uning uslubdagi mahorat va salohiyati ustoz navoiyshunosda ham ko’zga tashlanadi. Uning talqinlari ibratli hikoyatlar bilan yanadi ta’sirli va aniq chiqqan. Payg’ambarlar tarixi, diniy rivoyatlar, turli elatlarning urf-odatlarini aks ettiruvchi hikoyatlar bilan ham yaxshi tanish bo’lgani uchun Navoiy maqsadini anglash, ruhiy holatini his etish va uni kitobxonga yetkazishda shoir va olim orasida hamohanglik bo’lgan. Shoirning 20 tomlik mukammal asarlar to’plami va 10 jildlik to’la asarlar to’plamining nashrida Ibrohim Haqqul ham matnshunos va sharhshunos sifatida tashabbus ko’rsatganligi ma’lum. Ayniqsa, domlaning irfoniy sharhlari e’tiborga molik. Ustoz tomonidan Alisher Navoiyning “Xazoyin ul-maoniy”sidan tanlangan shohbaytlarning alohida kitob holida chiqarilganligi ham shoir she’riyati muhiblarini befarq qoldirmadi.
Navoiy mutasavvif shoir. Uning nafaqat ijod, balki hayot yo’lini ham din va tasavvufdan ayri izohlash mumkin emas. Navoiy ijodiyoti degan muhtasham qasrga islom dini va tasavvuf ta’limoti orqaligina borilishi bugun sir emas. Ibrohim Haqqul navoiyshunoslikdagi ushbu to’g’ri yo’lni ilk bora aytib, yo’l ochib berganlarning birinchilaridan desak, hech mubolag’a bo’lmaydi. Darhaqiqat, tasavvufshunos-navoiyshunos A.Abduqodirov ta’kidlaganidek, 1991 yilda chop etilgan “Tasavvuf va she’riyat” kitobi “o’zbek adabiyoshunosligida chindan ham inqilob yaratdi” [8: 64]. Mana shu kitobdan olingan quyidagi parchaga e’tiboringizni qaratmoqchiman: “Buyuk daholar, allomalar barcha asrlarda ham bashariyat qayg’ulariga malham so’zni axtarganlar. Shohu gadoning ong va yurak xastaliklarini bab-barobar tuzatadigan jonbaxsh so’zlar, afsuski, g’oyatda siyrak yaralgan. Navoiyning bu to’g’rida o’ylamasligi mumkin emasdi. Mana, shu yo’nalishdagi bir fikr:
Olam ichra gar gado, gar shoh erur,
Ne dardki, ul ko’ngli aro hamroh erur.
Qur’onni tilovat etsin ar ogoh erur,
El ko’ngliga chun davo Kalomulloh erur.
El ko’ngliga Kalomulloh davo bo’lmog’iga Navoiy shubhalanmagan” [7: 121].
Ustozning mazkur masalalar bilan bog’liq qator maqolalari chop etildi. Aytish mumkinki, ustoz Ibrohim Haqqul asarlari orqali o’zbek kitobxoni bir qadar Navoiyni tanidi, chindan ham mohiyatbinlikda “Navoiyga qaytish” bo’ldi. Xalqimizning sevimli adibi Xurshid Davron: “Ulug’vor merosning ma’lum qismidan bahra olish talabi har birimizda mavjud bo’lishini istayman. Eng dahshati, bobomerosimizni targ’ib qilishda uchraydigan chalamullaligu farosatsizlik bilan bog’liq har qanday holatga kuchim boricha qarshi borishni burchim deb bilaman. Bu istak ham muayyan ma’noda Ibrohim Haqqul va uning adabiy maqolalari tufayli shakllanganini alohida ta’kidlayman”, – degan edi. Bunday iqror aslida ko’plarda bor va bo’lishi ham kerak. Zero, Ibrohim Haqqul tadqiqotlarida inson va ilohiyot, inson va tabiat, inson va jamiyat mushtarakdir. Inson bir vaqtning o’zida ilohiy rishtaga bog’lanadi, tabiat va jamiyatning farzandi ekanini ham unutmaydi. Ruhiyatda ko’hna xotiralar tiklanadi, ko’ngilda farahbaxsh iztiroblar yig’laydi, nafsda xorlik boshlanadi. Natijada, bir soflik dunyoga keladi. Alaloqibat dunyoi dun asirligidan bir lahza bo’lsa-da ozod bo’lib, o’zligingni anglash, foniy dunyo imtihonining mohiyatini mushohada qilishga majbur bo’lasan. Bularning bariga adabiyotshunos ilohiy chashmadan suv ichgan Adabiyotning qudrati orqali erishadi. Navoiyning asarlariga tayanadi. Xullas, akademik Naim Karimov ta’kidlaganidek: “Ibrohim Haqqul – hozircha bitta. U bundan keyin ham bitta bo’lib qoladi. Zero, haqiqiy shoirlar ham, haqiqiy olimlar ham bitta-bitta bo’lib dunyoga keladilar. Lekin oradan vaqt o’tishi, yangi avlodlarning yetishib chiqishi va shakllanishi bilan Ibrohim Haqqulning shogirdlari orasidan ham Ibrohimlar yetishib chiqadi. Balki ularning bitta-yarimtasi ham uning darajasiga ko’tarilar. Lekin shunda ham u bitta Ibrohim Haqqul bo’lib qoladi” [8: 22].
Foydalanilgan adabiyotlar:
1. Ibrohim Haqqul. Ijod iqlimi. – Toshkent: Fan, 2009.
2. Ibrohim Haqqul. Navoiyga qaytish–4. – Toshkent: Tafakkur, 2020.
3. Ibrohim Haqqul. Zanjirband sher qoshida. – Toshkent: Tafakkur, 2020.
4. Ibrohim Haqqul. Mushohada yog’dusi I . – Toshkent: Fan, 2009.
5. Ibrohim Haqqul. Mushohada yog’dusi II . – Toshkent: Tafakkur, 2019.
6. Ibrohim Haqqul. Ijod iqlimi. – Toshkent: Fan, 2009.
7. Ibrohim Haqqul. Tasavvuf va she’riyat. – Toshkent: Adabiyot va san’at, 1991.
8. Mohiyatga muhabbat. – Toshkent: Tafakkur, 2019.
9. Rahmonova Z. Yassaviyshunoslikka qo’shilgan hissa // O’zbek tili va adabiyoti, 2018. № 6.