Rahmiddin Abrayev. So’nggi yillar she’rlari

348Раҳмиддин бугун ҳаётининг синовли  кунларини бошидан кечираётганидан хабар топиб, унинг шеърларини тақдим этаяпмиз. Аллоҳим ёш шоир укамнинг йўлларини очсин, унинг машаққатларини енгил қилсин.

Раҳмиддин Абраев
СЎНГГИ ЙИЛЛАР  ШЕЪРЛАРИ


167Раҳмиддин Абраев 1995 йил 24 декабрда Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлуқ қишлоғида туғилган. Бухоро Давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицейининг «Хорижий филология» йшналиши ҳамда Қарши Давлат Университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2011 йилда ўтказилган «Дўрмон» II республика семинари иштирокчиси. Шеърлари туман ва Республика наширларида босилган.


ЙИГИРМА ЕТТИНЧИ БЕКАТ

Энди ёрилмоқдан бошқа чора йўқ,
Юрак, меъёрига етди изтироб.
Ярим умрим ўтиб кетди қуп-қуруқ,
Тўкилиб кетгандек қадаҳдан шароб.

Мушоҳада қилсам гар ортга қараб:
Тийрамоҳ боғ янглиғ ҳувиллар умр.
Йигирма етти йил юрдим тентираб,
Синиқ руҳим билан нотинч, беҳузур.

Ҳаллослаб келяпман оғир юк олиб,
Поездга кеч қолган йўловчи мисол.
Бутун ҳаётимдан келгандир ғолиб,
Йигирма еттинчи бекат, эҳтимол?..

Беҳаловат, синиқ руҳ билан нотинч,
Ўз-ўзимдан ортиб бормоқда шубҳам.
Ўйлаб, ўйларимга етолмайман ҳеч,
Нимани ўтказиб юбордим экан?!

7 август, 2022 йил

НОЯБР

Ноябр. Дарахтлар ёнар телбаҳол,
Олов япроқларни учирар шамол.
Суратдан термулар қайғуга солиб,
Мени кузга ташлаб кетган бир аёл.

Ноябр. Жума кун келган эдик дуч,
Бизни топиштирди кўринмас бир куч.
Бутун ҳаётимни гардҳамга тикдим,
Шунчалар бахтсиз сон эдингми, ўн уч?!

Ноябр. Шеър ёздим баъзан эрмакка,
Шу иш ярашмасми мендай эркакка?
Ҳатто жажжи қизим овутолмайман,
Ўзим ҳам ишонмай қўйдим эртакка.

Ноябр. Назаринг бунча бепарво,
Бир музюрак ёрни айладинг раво.
Ишқ дея жойлабман совуқ ҳисларни,
Ҳалакман, қалбимга тополмай даво.

Ноябр. Яшадим сени неча бор,
Кўзёшим оқиздинг ҳар гал шашқатор.
… Энди Баҳор бўлиб тушимга кирар,
Бой берилган севгим, қоракўз Нигор.

6-ноябр, 2022-йил

* * *

Неки топса борига кўниб,
Боларилар кўнглини хушлар.
Беҳиларнинг шохига қўниб,
Савдолашар бозорчи қушлар.

Ёлғиз қолган қариқиз мисол,
Боғ четида турганча айри.
Жиндек ҳасад ичра эҳтимол,
Ёмон қараб қўяр гулхайри.

Ҳуштак чалиб айланиб эсар,
Бироз салқин кузак шамоли.
Нам ҳавони олдиндан сезар,
Ини томон шошган чумоли.

Табиатнинг шовқини тинди,
Босиб қолди воҳани сукут.
Мовий осмон ўрнини энди,
Ишғол қилди қоп-қора булут.

Улкан, оғир шохларин силкиб,
Қувиб солар қушларни карахт.
Сўнг сарғайган кўйлагин ечиб,
Оқ ёмғирга чўмилар дарахт.

9-ноябр, 2022-йил

АЗАЛИЙ КУРАШ

Асрлардан буён можаро:
Кураш давом этмоқда ҳануз.
Туркистоннинг боғлари аро,
Қўшин тортди император Куз.

Қўл кўтариб бўлгандай таслим,
Шохларини силкитар дарахт.
Ғолиб бўлди шоҳларнинг фасли,
Барглар қулаб тушдилар карахт.

Сўнг тупроққа кетди қоришиб,
Гўё олтин тангалар бир-бир.
Сўнгги дамга қадар олишиб,
Зафар қучди қайсар Ноябрь.

Бодом эрта гулласин кутиб,
Баҳоргача интиқ қаралар.
Март қайтгунча энди гўнг титиб,
Бу шохларга қўнар қарғалар.

Аммо боғлар талофатидан,
Дил эзилмас, кўнгил бўлмас ғаш.
Зеро навбат билан қайтадан,
Давом этар азалий кураш!

4 сентябр, 2022 йил

ҚИШ ТУНИ

Ёғар катта қорлар бўралаб,
Жунжикади дарахтлар беҳол.
Қип-яланғоч боғлар оралаб,
Кезиб юрар изғирин шамол.

Гўё ўткир учли найзадек,
Терак тилар осмон кўксини.
Игналари яшил майсадек
Арча турар ёлғиз, ўксиниб.

Қор байрамин қизғин нишонлаб,
Базм қурар тўрт-бешта қарға.
Совуқ урганига ишониб,
Қари ёнғоқ аёзни қарғар.

Мижжа қоқмас тонггача бедор,
Босриққандай тушда алаҳлаб.
Уялгандай ҳолидан — ночор,
Бош чайқайди юпун чумоли.

Такиллатиб тишларни қайраб,
Пичинг аро айтамиз олқиш.
Бойлар учун ҳар йилги байрам,
Юпунларга жазодирсан қиш.

19-декабр, 2022-йил

ИСКАНДАР ВА СУҚРОТ
             Ривоят

Жаҳоннинг фотиҳи Искандар подшоҳ,
Туш кўриб уйғонди бир кун баногоҳ.

Деди, у: “Тушимни шарҳлаб берар ким,
Қайси бир донишманд ва ё мунажжим?!”

Тинглаб аҳли аъён бўлдилар ҳайрон,
Файласуф Арасту сўз айтди шу он:

“Тушингиз биз учун қийин, машаққат,
Уни шарҳлай олар бир дониш фақат.

Ул зотнинг дунёдан устун ботини,
Суқрот деб атарлар унинг отини…”

“Саройга чорланглар!” — деди Искандар,
“Тушимнинг таъбирин айтолса агар…

Сийлагум, мен эса олтин, зар билан,
Гар кўнгли тусаса, канизлар билан…”

Шоҳнинг амри вожиб бўлган ҳар қачон,
Аммо бу гал ҳамма танг қотди, ҳайрон.

Кетган чопар ёлғиз қайтди-ку, ҳориб,
Тағин мана бундай шумхабар олиб:

“Бир қошиқ қонимдан кечинг, шаҳаншоҳ,
Ўтрик айтсам, қоним ичинг шаҳаншоҳ.

Бордим, кўрдим, айтдим унга хабарни,
Обдон тушунтирдим фойда, зарарни.

Бормайман, деди у, пайсалга солиб,
Ҳатто ўзин сиздан юқори олиб. —

Деди: Туш таъбирин билсин истаса,
Ҳузуримга ўзи келсин, истаса!..”

Бу қандай гап бўлди, қандай бедодлик,
Наҳот, донишманднинг гапи Суқротдек?!

Қандайдир тўрваси йиртиқ, тасқара,
Дунёнинг шоҳини қилар масхара.

Зобитлар ғазабга тўлди, чунонам,
Отда судраб келмоқ бўлди чунонам.

Лекин, шоҳ бир муддат хаёлга толди,
Одати бўйича ўй суриб қолди.

Бир нуқтадан узмай тураркан кўзин,
Эслади, устози Арасту сўзин.

“Тушингиз биз учун қийин, машаққат,
Уни шарҳлай олар бир дониш фақат.

Ул зотнинг дунёдан устун ботини,
Суқрот деб атарлар унинг отини…”

Шундан сўнг Искандар енгил тин олди,
“Телба” Суқрот томон ёлғиз от солди.

Донишманд кулбасин топди, албатта,
Жавобини тинглаб қолди ҳайратда.

“Мен ҳам худди сендек дунёга келдим,
Фарқим шу: нафс билан шаҳватни енгдим.

Инсоний нафс билан ҳайвоний шаҳват,
Иккиси ҳам менинг қулимдир, албат.

Бу икки мурдордан воз кечдим буткул,
Иккиси ҳам бўлди менга тобе, қул.

Сен бўлсанг, шаҳватдан бўшай олмайсан,
Салтанатдан кечиб яшай олмайсан.

Демак, шу ҳаётни кўрдинг маъқул сен,
Менинг қулларимга умрбод қулсан.

Сен каби нодонни шоҳ деб билайми,
Қулларим қулига хизмат қилайми?!..”

Тушининг таъбирин англаб етди шоҳ,
Ночор саройига қайтиб кетди шоҳ…

Алқисса, донолар доноси Суқрот,
Искандардай шоҳни қилган экан мот.

13 март, 2022 йил

МУНОЖОТ

Юракка дард етди — жўшиб куйладим,
Ҳажрин қийноқларин қўшиб куйладим.
Дарвешманам, Соме тушиб куйладим,
Қалбимда хушовоз қумрим бор менинг,
Сендан айру тушган умрим бор менинг.

Чин сўзлар ортидан чопдим эҳтимол,
Билиб-билмай куфр топдим эҳтимол.
Гуноҳ ботқоғига ботдим эҳтимол,
Қалбимда хушовоз қумрим бор менинг,
Сендан айру тушган умрим бор менинг.

Остин-устин қилиб руҳий оламни,
Жуда эрта уздим пишмаган ғамни.
Тирналаб қонатдим дилда ярамни,
Қалбимда хушовоз қумрим бор менинг,
Сендан айру тушган умрим бор менинг.

Дўстлар ғам шаҳридан кўчиб кетдилар,
Ҳатто ғанимларим чўчиб кетдилар.
Бўзтурғайдек бўзлаб учиб кетдилар,
Қалбимда хушовоз қумрим бор менинг,
Сендан айру тушган умрим бор менинг.

Ёлғиз қолмасин деб эгилди осмон,
Юлдузлар тафтидан баҳра олди жон.
Қиблага айланиб қолди тўрт томон,
Қалбимда хушовоз қумрим бор менинг,
Сендан айру тушган умрим бор менинг.

Вал-фажр! Ўзингга қасам ичган чоғ,
Чаман бўлди кўнгил ичиндаги доғ.
Аъроф деворидан тушарманми соғ?
Муножот айлаган қумрим бор менинг,
Сен сори узанган умрим бор менинг…

14 август, 2022 йил

***

Ҳали синганим йўқ, ўчмади чиндан
Қалбда ёнган оташ, кўзда чақиним.
Йиғлаб юрганим йўқ, гўдаклигимдан
Ташлаб кетди дея барча яқиним.

Қанча таёқ синган бошимга, афсус,
Гоҳо ёмғир ёғди, гоҳо ёғди қор.
Нолимайман, аммо тўртта фаслим куз,
Бирор баҳорим йўқ, кутсам интизор.

Ёлғиз қолсам шеърлар ўқийман сайроқ,
Балки овунарман шу деб исматим.
Кўнглим — давлатимдир, юрак — қон байроқ,
Сендан минг розиман, қаро қисматим!

Ҳамдам бўлса агар куй, оҳанг, чин сўз,
Зиндон ҳам туюлар кенг, ёруғ, шинам.
Гарчи, қўлда кишан, гарчи, мен — маҳбус…
Бунча арзон сотдинг, мени Шаҳинам?!

Виждонни пок тутдим, иймонни бутун,
Чиркин кимсалардан айладим ҳазар.
Шукрона қилурман синови учун,
Мингдан-минг розиман, шу бўлса қадар!

3 ноябр, 2022 йил

БОҒБОН

Баракасиз келди бу кузак,
Ҳар йилгидан ўзгадир тарзи.
Боғларини кезар жонҳалак,
Ким ҳам тинглар боғбоннинг арзин?

Олучалар қарар ўксиниб,
Шира тушиб не кечди ҳоли?
Салқин елга тутиб кўксини,
Меваларин тўкди шафтоли.

Киши билмас ғам ичра “уф”лар,
Боғбон шундай хўрсинар бир зум.
“Талаб қочди қароқчи қушлар,
Майналарга ем бўлди узум…”

Қовжиради анорлар беҳол,
Олмада сайр қилар қуртчалар.
Талафот кўрмади эҳтимол,
Каллакланган майда тутчалар.

Кўзёш тўкиб йиғлар олхўри,
Суви қочиб эзилди беҳи.
“Ортиб кетди тупроқнинг шўри,
Бермоқ зарур заминга меҳр…”

Ҳар битта дарахтни ҳис қилиб,
Кезиб юриб текширар обдон.
Ризқи учун баъзан сиқилиб,
Кечалари ухлолмас боғбон…

13-ноябр, 2022-йил

ХОНАДОН СОҒИНЧИ

Уйда менсиз қийнайди қозон,
Овқат қилиб сузар аёлим.
Очиқ турар ғариб дастурхон,
Шундай кўрар уйни хаёлим.

Ҳовлимиз бор кенг ҳамда шинам,
Аммо менсиз туюлар ночор.
Саодатли, гўзал оилам,
Қайтишимни кутар интизор.

Кўнгли ярим, юраги ярим,
Ярим очиқ дарвоза томон.
Зор термулар болачаларим,
Қайтарми деб отамиз омон.

Билмас улар нимадир ҳаёт,
Билмас ҳали бахтни, исматни.
Билмас улар қамоқда? ҳайҳот,
Кечаётган оғир қисматни.

Мунчоқ кўзин йўлимга тикиб,
Маъюс боқар учта мурғак жон.
Улар ҳаққи саломат чиқиб,
Қайтажакман сенга, Хонадон.

2-декабр, 2022-йил

***

Мен — тақдир ҳукмини тан олган одам,
Тошлар чиқиб турган ошни ошадим.
Отангни кучли деб ўйлайсан, болам,
Асли синовларга чидаб яшадим.

Муҳит тор келганда мажбур кўникдим,
Енгилиб-енгилиб бўлганман ғолиб.
Астойдил курашдим — обдон чиниқдим,
Бардошни ўзимга айладим толиб.

Ҳамон олинмаган қасосларим бор,
Ҳали бошланмаган курашлар мўлдир.
Эртами ёки кеч маҳв этар айёр,
Ҳаёт — ўлим сари ягона йўлдир.

Йўл сўнггига етгач туриб бошимга,
Устимдан тантана қилганда олам.
Таваллудимни ёз қабртошимга,
Енгилган кунимни ёзмагин, болам.

4-декабр, 2022-йил

ВИСОЛ

Қарашга юрак йўқ ботиниб,
Осмондай тип-тиниқ ва мовий.
Кўзларинг — жонларнинг қотили,
Кўзларинг — самовий, самовий.

Интизор тонг каби юзингга,
Ойдинда ётган оқилон ҳам.
Келақол, интиқман ўзингга,
Аршингдан тушақол, илоҳам.

Сен келсанг — бир ошиқ мастона,
Сен келсанг — бир жоним тўтиё.
Сен келсанг — бир олам девона,
Ақлидан озади соғ дунё!

Бахт сари тушажак йўлларинг,
Заминда кутажакман висол.
Қўлларинг, меҳрли қўлларинг,
Бўйнимни ўрайди шарф мисол…

11-декабр, 2022-йил

***

Тоғ ортидан кўринар қуёш,
Илиқ нур оқади сайҳонга.
Капалаклар уйғонар бебош,
Ўйноқлаб лаб босар райҳонга.

Майсада уйғонган хонқизи,
Шудрингга юзини ювади.
Тупроқдаги илонлар изи,
Каламуш ортидан қувади.

Чирилдоқ кўтарар овозин,
Унга жўр бўлади бақалар.
Бу ҳолдан тортанак норози,
Диққати ўлжага тақалган.

Мумтоз шоир — дилгир бедана,
Варақлар эски шеър дафтарин.
Дон илинжи чорлади яна,
Далага бир гуруҳ каптарни.

Ҳурпайиб кузатар жимгина,
Мусича — кўзлари ҳумоли.
Тер тўкиб ишлайди биргина,
Гавдаси ҳабашдай чумоли.

16-17-декабр, 2022-йил

***

Каллакланган тутга ўхшайман,
Ўсиш илмин биламан фақат.
Минг қирқилсам, минг бор яшнайман,
Кўрсатаман ҳар гал жасорат.

Севаман шу қари ҳаётни,
Курашаман уни деб бот-бот.
Мерос қилиб бардош, саботни,
Олсин мендан кейинги авлод.

Ниҳолларим ўзимдек унсин,
Ўсишмасин бўш-баёв, пўрим.
Келажакка намуна бўлсин,
Осмон сари юксалган умрим.

19-декабр, 2022-йил

СУРЪАТИНГ

Ҳамон вайрон дилим ҳар он боқар пинҳон Суръатинг,
Ўзинг жайрон, кўзинг чўлпон, моҳитобон Суръатинг.

Ўтган умрим файзлидир, сенинг билан гўзал Нигор,
Унитилмас хотирлардан битта нишон Суръатинг.

Икки кўзим ёнар гулхан бўлиб, боқсам жамолингга,
Кузги боғлар каби сокин паришонҳол Суръатинг.

Бир вақт ғаввос ошиқ эдим, дур-марварид излаб тушган,
Ғарқ этди ишқ уммонига катта тўфон Суръатинг.

Қанча азоб берса соғинч, шунча роҳат қилар бўлдим,
Ҳам жонимни ёққан оғу ҳамда дармон Суръатинг.

Йиртай десам кучим етмас шу бир парча қоғозга ҳам,
Ўзи қолиб, сени менга қилди армон Суръатинг.

Раҳмиддиннинг юрагида ўчмас мангу қўшиқ бўлдинг,
Куйлаб ўтар энди сени, ғамли достон Суръатинг.

0876Rahmiddin bugun hayotining sinovli kunlarini boshidan kechirayotganidan xabar topib, uning she’rlarini taqdim etayapmiz. Allohim yosh shoir ukamning yo‘llarini ochsin, uning mashaqqatlarini yengil qilsin.

Rahmiddin Abrayev
SO‘NGGI YILLAR ShЕ’RLARI


   Rahmiddin Abrayev 1995 yil 24 dekabrda Qashqadaryo viloyati Muborak tumani Qarluq qishlog‘ida tug‘ilgan. Buxoro Davlat tibbiyot instituti qoshidagi akademik litseyining «Xorijiy filologiya» yshnalishi hamda Qarshi Davlat Universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. 2011 yilda o‘tkazilgan «Do‘rmon» II respublika seminari ishtirokchisi. She’rlari tuman va Respublika nashirlarida bosilgan.


YIGIRMA YETTINCHI BЕKAT

Endi yorilmoqdan boshqa chora yo‘q,
Yurak, me’yoriga yetdi iztirob.
Yarim umrim o‘tib ketdi qup-quruq,
To‘kilib ketgandek qadahdan sharob.

Mushohada qilsam gar ortga qarab:
Tiyramoh bog‘ yanglig‘ huvillar umr.
Yigirma yetti yil yurdim tentirab,
Siniq ruhim bilan notinch, behuzur.

Halloslab kelyapman og‘ir yuk olib,
Poyezdga kech qolgan yo‘lovchi misol.
Butun hayotimdan kelgandir g‘olib,
Yigirma yettinchi bekat, ehtimol?..

Behalovat, siniq ruh bilan notinch,
O‘z-o‘zimdan ortib bormoqda shubham.
O‘ylab, o‘ylarimga yetolmayman hech,
Nimani o‘tkazib yubordim ekan?!

7 avgust, 2022 yil

NOYABR

Noyabr. Daraxtlar yonar telbahol,
Olov yaproqlarni uchirar shamol.
Suratdan termular qayg‘uga solib,
Meni kuzga tashlab ketgan bir ayol.

Noyabr. Juma kun kelgan edik duch,
Bizni topishtirdi ko‘rinmas bir kuch.
Butun hayotimni gardhamga tikdim,
Shunchalar baxtsiz son edingmi, o‘n uch?!

Noyabr. She’r yozdim ba’zan ermakka,
Shu ish yarashmasmi menday erkakka?
Hatto jajji qizim ovutolmayman,
O‘zim ham ishonmay qo‘ydim ertakka.

Noyabr. Nazaring buncha beparvo,
Bir muzyurak yorni aylading ravo.
Ishq deya joylabman sovuq hislarni,
Halakman, qalbimga topolmay davo.

Noyabr. Yashadim seni necha bor,
Ko‘zyoshim oqizding har gal shashqator.
… Endi Bahor bo‘lib tushimga kirar,
Boy berilgan sevgim, qorako‘z Nigor.

6-noyabr, 2022-yil

* * *

Neki topsa boriga ko‘nib,
Bolarilar ko‘nglini xushlar.
Behilarning shoxiga qo‘nib,
Savdolashar bozorchi qushlar.

Yolg‘iz qolgan qariqiz misol,
Bog‘ chetida turgancha ayri.
Jindek hasad ichra ehtimol,
Yomon qarab qo‘yar gulxayri.

Hushtak chalib aylanib esar,
Biroz salqin kuzak shamoli.
Nam havoni oldindan sezar,
Ini tomon shoshgan chumoli.

Tabiatning shovqini tindi,
Bosib qoldi vohani sukut.
Moviy osmon o‘rnini endi,
Ishg‘ol qildi qop-qora bulut.

Ulkan, og‘ir shoxlarin silkib,
Quvib solar qushlarni karaxt.
So‘ng sarg‘aygan ko‘ylagin yechib,
Oq yomg‘irga cho‘milar daraxt.

9-noyabr, 2022-yil

AZALIY KURASH

Asrlardan buyon mojaro:
Kurash davom etmoqda hanuz.
Turkistonning bog‘lari aro,
Qo‘shin tortdi imperator Kuz.

Qo‘l ko‘tarib bo‘lganday taslim,
Shoxlarini silkitar daraxt.
G‘olib bo‘ldi shohlarning fasli,
Barglar qulab tushdilar karaxt.

So‘ng tuproqqa ketdi qorishib,
Go‘yo oltin tangalar bir-bir.
So‘nggi damga qadar olishib,
Zafar quchdi qaysar Noyabr.

Bodom erta gullasin kutib,
Bahorgacha intiq qaralar.
Mart qaytguncha endi go‘ng titib,
Bu shoxlarga qo‘nar qarg‘alar.

Ammo bog‘lar talofatidan,
Dil ezilmas, ko‘ngil bo‘lmas g‘ash.
Zero navbat bilan qaytadan,
Davom etar azaliy kurash!

4 sentyabr, 2022 yil

QISH TUNI

Yog‘ar katta qorlar bo‘ralab,
Junjikadi daraxtlar behol.
Qip-yalang‘och bog‘lar oralab,
Kezib yurar izg‘irin shamol.

Go‘yo o‘tkir uchli nayzadek,
Terak tilar osmon ko‘ksini.
Ignalari yashil maysadek
Archa turar yolg‘iz, o‘ksinib.

Qor bayramin qizg‘in nishonlab,
Bazm qurar to‘rt-beshta qarg‘a.
Sovuq urganiga ishonib,
Qari yong‘oq ayozni qarg‘ar.

Mijja qoqmas tonggacha bedor,
Bosriqqanday tushda alahlab.
Uyalganday holidan — nochor,
Bosh chayqaydi yupun chumoli.

Takillatib tishlarni qayrab,
Piching aro aytamiz olqish.
Boylar uchun har yilgi bayram,
Yupunlarga jazodirsan qish.

19-dekabr, 2022-yil

ISKANDAR VA SUQROT
Rivoyat

Jahonning fotihi Iskandar podshoh,
Tush ko‘rib uyg‘ondi bir kun banogoh.

Dedi, u: “Tushimni sharhlab berar kim,
Qaysi bir donishmand va yo munajjim?!”

Tinglab ahli a’yon bo‘ldilar hayron,
Faylasuf Arastu so‘z aytdi shu on:

“Tushingiz biz uchun qiyin, mashaqqat,
Uni sharhlay olar bir donish faqat.

Ul zotning dunyodan ustun botini,
Suqrot deb atarlar uning otini…”

“Saroyga chorlanglar!” — dedi Iskandar,
“Tushimning ta’birin aytolsa agar…

Siylagum, men esa oltin, zar bilan,
Gar ko‘ngli tusasa, kanizlar bilan…”

Shohning amri vojib bo‘lgan har qachon,
Ammo bu gal hamma tang qotdi, hayron.

Ketgan chopar yolg‘iz qaytdi-ku, horib,
Tag‘in mana bunday shumxabar olib:

“Bir qoshiq qonimdan keching, shahanshoh,
O‘trik aytsam, qonim iching shahanshoh.

Bordim, ko‘rdim, aytdim unga xabarni,
Obdon tushuntirdim foyda, zararni.

Bormayman, dedi u, paysalga solib,
Hatto o‘zin sizdan yuqori olib. —

Dedi: Tush ta’birin bilsin istasa,
Huzurimga o‘zi kelsin, istasa!..”

Bu qanday gap bo‘ldi, qanday bedodlik,
Nahot, donishmandning gapi Suqrotdek?!

Qandaydir to‘rvasi yirtiq, tasqara,
Dunyoning shohini qilar masxara.

Zobitlar g‘azabga to‘ldi, chunonam,
Otda sudrab kelmoq bo‘ldi chunonam.

Lekin, shoh bir muddat xayolga toldi,
Odati bo‘yicha o‘y surib qoldi.

Bir nuqtadan uzmay turarkan ko‘zin,
Esladi, ustozi Arastu so‘zin.

“Tushingiz biz uchun qiyin, mashaqqat,
Uni sharhlay olar bir donish faqat.

Ul zotning dunyodan ustun botini,
Suqrot deb atarlar uning otini…”

Shundan so‘ng Iskandar yengil tin oldi,
“Telba” Suqrot tomon yolg‘iz ot soldi.

Donishmand kulbasin topdi, albatta,
Javobini tinglab qoldi hayratda.

“Men ham xuddi sendek dunyoga keldim,
Farqim shu: nafs bilan shahvatni yengdim.

Insoniy nafs bilan hayvoniy shahvat,
Ikkisi ham mening qulimdir, albat.

Bu ikki murdordan voz kechdim butkul,
Ikkisi ham bo‘ldi menga tobe, qul.

Sen bo‘lsang, shahvatdan bo‘shay olmaysan,
Saltanatdan kechib yashay olmaysan.

Demak, shu hayotni ko‘rding ma’qul sen,
Mening qullarimga umrbod qulsan.

Sen kabi nodonni shoh deb bilaymi,
Qullarim quliga xizmat qilaymi?!..”

Tushining ta’birin anglab yetdi shoh,
Nochor saroyiga qaytib ketdi shoh…

Alqissa, donolar donosi Suqrot,
Iskandarday shohni qilgan ekan mot.

13 mart, 2022 yil

MUNOJOT

Yurakka dard yetdi — jo‘shib kuyladim,
Hajrin qiynoqlarin qo‘shib kuyladim.
Darveshmanam, Some tushib kuyladim,
Qalbimda xushovoz qumrim bor mening,
Sendan ayru tushgan umrim bor mening.

Chin so‘zlar ortidan chopdim ehtimol,
Bilib-bilmay kufr topdim ehtimol.
Gunoh botqog‘iga botdim ehtimol,
Qalbimda xushovoz qumrim bor mening,
Sendan ayru tushgan umrim bor mening.

Ostin-ustin qilib ruhiy olamni,
Juda erta uzdim pishmagan g‘amni.
Tirnalab qonatdim dilda yaramni,
Qalbimda xushovoz qumrim bor mening,
Sendan ayru tushgan umrim bor mening.

Do‘stlar g‘am shahridan ko‘chib ketdilar,
Hatto g‘animlarim cho‘chib ketdilar.
Bo‘zturg‘aydek bo‘zlab uchib ketdilar,
Qalbimda xushovoz qumrim bor mening,
Sendan ayru tushgan umrim bor mening.

Yolg‘iz qolmasin deb egildi osmon,
Yulduzlar taftidan bahra oldi jon.
Qiblaga aylanib qoldi to‘rt tomon,
Qalbimda xushovoz qumrim bor mening,
Sendan ayru tushgan umrim bor mening.

Val-fajr! O‘zingga qasam ichgan chog‘,
Chaman bo‘ldi ko‘ngil ichindagi dog‘.
A’rof devoridan tusharmanmi sog‘?
Munojot aylagan qumrim bor mening,
Sen sori uzangan umrim bor mening…

14 avgust, 2022 yil

***

Hali singanim yo‘q, o‘chmadi chindan
Qalbda yongan otash, ko‘zda chaqinim.
Yig‘lab yurganim yo‘q, go‘dakligimdan
Tashlab ketdi deya barcha yaqinim.

Qancha tayoq singan boshimga, afsus,
Goho yomg‘ir yog‘di, goho yog‘di qor.
Nolimayman, ammo to‘rtta faslim kuz,
Biror bahorim yo‘q, kutsam intizor.

Yolg‘iz qolsam she’rlar o‘qiyman sayroq,
Balki ovunarman shu deb ismatim.
Ko‘nglim — davlatimdir, yurak — qon bayroq,
Sendan ming roziman, qaro qismatim!

Hamdam bo‘lsa agar kuy, ohang, chin so‘z,
Zindon ham tuyular keng, yorug‘, shinam.
Garchi, qo‘lda kishan, garchi, men — mahbus…
Buncha arzon sotding, meni Shahinam?!

Vijdonni pok tutdim, iymonni butun,
Chirkin kimsalardan ayladim hazar.
Shukrona qilurman sinovi uchun,
Mingdan-ming roziman, shu bo‘lsa qadar!

3 noyabr, 2022 yil

BOG‘BON

Barakasiz keldi bu kuzak,
Har yilgidan o‘zgadir tarzi.
Bog‘larini kezar jonhalak,
Kim ham tinglar bog‘bonning arzin?

Oluchalar qarar o‘ksinib,
Shira tushib ne kechdi holi?
Salqin yelga tutib ko‘ksini,
Mevalarin to‘kdi shaftoli.

Kishi bilmas g‘am ichra “uf”lar,
Bog‘bon shunday xo‘rsinar bir zum.
“Talab qochdi qaroqchi qushlar,
Maynalarga yem bo‘ldi uzum…”

Qovjiradi anorlar behol,
Olmada sayr qilar qurtchalar.
Talafot ko‘rmadi ehtimol,
Kallaklangan mayda tutchalar.

Ko‘zyosh to‘kib yig‘lar olxo‘ri,
Suvi qochib ezildi behi.
“Ortib ketdi tuproqning sho‘ri,
Bermoq zarur zaminga mehr…”

Har bitta daraxtni his qilib,
Kezib yurib tekshirar obdon.
Rizqi uchun ba’zan siqilib,
Kechalari uxlolmas bog‘bon…

13-noyabr, 2022-yil

XONADON SOG‘INCHI

Uyda mensiz qiynaydi qozon,
Ovqat qilib suzar ayolim.
Ochiq turar g‘arib dasturxon,
Shunday ko‘rar uyni xayolim.

Hovlimiz bor keng hamda shinam,
Ammo mensiz tuyular nochor.
Saodatli, go‘zal oilam,
Qaytishimni kutar intizor.

Ko‘ngli yarim, yuragi yarim,
Yarim ochiq darvoza tomon.
Zor termular bolachalarim,
Qaytarmi deb otamiz omon.

Bilmas ular nimadir hayot,
Bilmas hali baxtni, ismatni.
Bilmas ular qamoqda? hayhot,
Kechayotgan og‘ir qismatni.

Munchoq ko‘zin yo‘limga tikib,
Ma’yus boqar uchta murg‘ak jon.
Ular haqqi salomat chiqib,
Qaytajakman senga, Xonadon.

2-dekabr, 2022-yil

***

Men — taqdir hukmini tan olgan odam,
Toshlar chiqib turgan oshni oshadim.
Otangni kuchli deb o‘ylaysan, bolam,
Asli sinovlarga chidab yashadim.

Muhit tor kelganda majbur ko‘nikdim,
Yengilib-yengilib bo‘lganman g‘olib.
Astoydil kurashdim — obdon chiniqdim,
Bardoshni o‘zimga ayladim tolib.

Hamon olinmagan qasoslarim bor,
Hali boshlanmagan kurashlar mo‘ldir.
Ertami yoki kech mahv etar ayyor,
Hayot — o‘lim sari yagona yo‘ldir.

Yo‘l so‘nggiga yetgach turib boshimga,
Ustimdan tantana qilganda olam.
Tavalludimni yoz qabrtoshimga,
Yengilgan kunimni yozmagin, bolam.

4-dekabr, 2022-yil

VISOL

Qarashga yurak yo‘q botinib,
Osmonday tip-tiniq va moviy.
Ko‘zlaring — jonlarning qotili,
Ko‘zlaring — samoviy, samoviy.

Intizor tong kabi yuzingga,
Oydinda yotgan oqilon ham.
Kelaqol, intiqman o‘zingga,
Arshingdan tushaqol, iloham.

Sen kelsang — bir oshiq mastona,
Sen kelsang — bir jonim to‘tiyo.
Sen kelsang — bir olam devona,
Aqlidan ozadi sog‘ dunyo!

Baxt sari tushajak yo‘llaring,
Zaminda kutajakman visol.
Qo‘llaring, mehrli qo‘llaring,
Bo‘ynimni o‘raydi sharf misol…

11-dekabr, 2022-yil

***

Tog‘ ortidan ko‘rinar quyosh,
Iliq nur oqadi sayhonga.
Kapalaklar uyg‘onar bebosh,
O‘ynoqlab lab bosar rayhonga.

Maysada uyg‘ongan xonqizi,
Shudringga yuzini yuvadi.
Tuproqdagi ilonlar izi,
Kalamush ortidan quvadi.

Chirildoq ko‘tarar ovozin,
Unga jo‘r bo‘ladi baqalar.
Bu holdan tortanak norozi,
Diqqati o‘ljaga taqalgan.

Mumtoz shoir — dilgir bedana,
Varaqlar eski she’r daftarin.
Don ilinji chorladi yana,
Dalaga bir guruh kaptarni.

Hurpayib kuzatar jimgina,
Musicha — ko‘zlari humoli.
Ter to‘kib ishlaydi birgina,
Gavdasi habashday chumoli.

16-17-dekabr, 2022-yil

***

Kallaklangan tutga o‘xshayman,
O‘sish ilmin bilaman faqat.
Ming qirqilsam, ming bor yashnayman,
Ko‘rsataman har gal jasorat.

Sevaman shu qari hayotni,
Kurashaman uni deb bot-bot.
Meros qilib bardosh, sabotni,
Olsin mendan keyingi avlod.

Nihollarim o‘zimdek unsin,
O‘sishmasin bo‘sh-bayov, po‘rim.
Kelajakka namuna bo‘lsin,
Osmon sari yuksalgan umrim.

19-dekabr, 2022-yil

SUR’ATING

Hamon vayron dilim har on boqar pinhon Sur’ating,
O‘zing jayron, ko‘zing cho‘lpon, mohitobon Sur’ating.

O‘tgan umrim fayzlidir, sening bilan go‘zal Nigor,
Unitilmas xotirlardan bitta nishon Sur’ating.

Ikki ko‘zim yonar gulxan bo‘lib, boqsam jamolingga,
Kuzgi bog‘lar kabi sokin parishonhol Sur’ating.

Bir vaqt g‘avvos oshiq edim, dur-marvarid izlab tushgan,
G‘arq etdi ishq ummoniga katta to‘fon Sur’ating.

Qancha azob bersa sog‘inch, shuncha rohat qilar bo‘ldim,
Ham jonimni yoqqan og‘u hamda darmon Sur’ating.

Yirtay desam kuchim yetmas shu bir parcha qog‘ozga ham,
O‘zi qolib, seni menga qildi armon Sur’ating.

Rahmiddinning yuragida o‘chmas mangu qo‘shiq bo‘lding,
Kuylab o‘tar endi seni, g‘amli doston Sur’ating.

09

(Tashriflar: umumiy 155, bugungi 1)

Izoh qoldiring