Ijod – individual xos jarayondir. Shoir va jurnalist Karim Bahriyev bilan suhbat

77Ижод – индивидуал, хос жараёндир. Шеър ёзаётган ёки бошқа бир асар яратаётган инсон қўлидаги қоғозу қалами билан Аллоҳнинг қошида ёлғиз турган кишидир. Адабий ташкилотлар унга асар яратиб беролмайди. Ижодкорга ҳаёт ва турмуш ташвишларини енгишда мадад берилса, бўлди…

038ИЖОД – ИНДИВИДУАЛ ХОС ЖАРАЁНДИР
Таниқли шоир ва журналист Карим Баҳриев билан суҳбат


– Сизда адабиётга илк ҳавас қачон уйғонган, матбуотдаги илк чиқишларингиз, сўнгра биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни бир эслаб ўтсангиз.

– Дабдурустдан бир нарса деб жавоб бериш қийин, албатта… Чунки ҳар қандай осон жавоб юзаки бўлиб қолади. Ҳар бир болада бўлгани каби мен ҳам кўп орзуларга берилганман. Бизнинг болалик давримизда энг ноёб овунчоқ – телевизор эди. Интернет, компьютер, мобил телефон, смартфон, айфон деган нарсалар ҳали дунёда пайдо ҳам бўлмаган эди. Ана шу телевизорда ҳам иккита дастури бўлиб, у ҳам баъзан тонгда, баъзан шомда бошланиб, кечқурун соат ўн бир-ўн иккидаёқ тугарди, бугунгидай кеча-кундуз фаолият юритмасди. Ана шу ойнаи жаҳонда бирор кино берса, дарҳол шуни таъсирига тушардик. “Қилич ва қалқон” киносини кўриб, разведкачиликни орзу қилардим. Кейин “Тўрт танкчи ва бир ит” фильми машҳур бўлганда танкчиликни орзу қилганман. Сўнг учувчилар ҳақида кино кўриб, учувчиликка ҳавас пайдо бўлган…

1972 йил эди, шекилли. Телевизорда Абдулло Орипов билан бир ярим соат учрашув берилди. У пайтларда ҳозиргидай экранда кадр бир минутда юз марта лип-лип алмашмас эди. Шоирни кўзини кўриб, шеърини тинглардингиз. Абдулла Орипов соатлаб кадрда кўзи чақнаб шеър ўқиган эди. “Ҳамза монологи”ни ўқигани ҳали ёдимда:

Мени ўлдирдилар Шоҳимардонда…
Ўзимнинг тилимда сўзлаб юрганлар.
Улар кимлар эди?
Тўрвадан бўлак
Илинжи бўлмаган гадой хурофот.

Кейин “Генетика” шеъри жаранглади. Шоир йироқ-йироққа қарагани учун янада қисилган қисиқ кўзларини олисга тикканча, кўзларида ёш қалқиниб турган ҳолда олисдаги, кейин келадиган авлодга умид билан боқарди ва қонидаги жунбушга келган ҳисларига сабаб изларди: “Балким бирор бобом шаҳаншоҳ ўтган, балким томиримда дарвиш қони бор…” Даврининг номукаммаллигидан, аждодларнинг хатоларидан ўксиниб, шоир ҳали мукаммал бир авлод келишидан умидвор бўлар эди:

Боболар дунёдан ўтдилар шундоқ,
Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол.
Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,
Лекин сен яшарсан фаришта мисол…
Лабда табассуму кўза ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам.

Ўша кунидан, ўша лаҳзалардан шоир бўлишни орзу қилдим. Шу бугунгача ҳам шу орзунинг ортидан юрибман, унинг изидан саргардонман. Журналистика билан шуғулландим, депутат бўлиб, сиёсат майдонида бўлдим. Халқаро ташкилотларда ишладим… Аммо буларнинг бари дилимдан ташқари, мен шоир бўлиш орзусидан кечганим йўқ… Абдулла Ориповнинг барча шеърларини ёд биламан ва умримнинг ярми улуғларга эргашиб ўтди. Кейин Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини тингладим: “Биз — олмамиз шохлардаги… Тўкмасинлар, айтингиз”. Норасидагилигича ҳаётнинг бешафқат оламига отиладиган қизларнинг ноласи, фарёди эди бу, ота-онасининг меҳрига тўйиб қолиш истаги, исёни эди бу. Кейин Эркин Воҳидовни ўқидим. Барот Бойқобиловнинг “Шарқ камалаги” деган китобини ўқиб, ҳавас қилганман. Ўша шеърлар қандайдир Ҳамид Олимжон, Усмон Носир шеърларидай соф, бокира эди. Абдулла Шер – янги сўз, қадимий асрлар оҳанги. Кейин Рауф Парфи – ҳақиқий шеърият, санъат… Кейин улкан бир шиддат билан “шарттаки” бир авлод қаршимизда тик бўлди – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Асқар Маҳкам… Тенгдошларимиз – Абдували Қутбиддин, Мақсуд Бекжон, Аъзам Ўктам.

Албатта, бир кўрсатув билан, бир юмалаб шоир бўлиб қолмас инсон. Ўша телевизордаги шеърият кечаси аслида бир турткидир, азалдан томирда оққан, кўп йиллардан бери етилган булоқнинг кўзини очгандир… Менинг момом – Ибодулло қўрбошининг қизи Зулфия онамиз доя ҳам эдилар, эртаклар ҳам айтардилар. Ибодулло қўрбоши бобомиз советларга қарши курашиб тоққа чиқиб кетганлар. Зулфия онамиз: “Ёш қиз бола эдик, қизил аскарлар келса, катта хумларнинг ичига беркинар эдик”, деб ҳикоя қилардилар. Бобомиз кечалари келиб оилаларидан, болаларидан хабар олар эканлар. Буни билиб қолган қишлоқ совети фаоллари бобомни тутиб берадилар ва у зот Испанза йўлида отиб ташланади. Ўн уч еридан ўқ тешган кўйлаклари оиламизда сақланади. Нимагадир авлодимизда бирор киши дардга чалинса, шу кўйлакни бошидан айлантириб, тиловат қилинса, тузалади, деган инонч ҳалигача сақланади… Бу хурофотми ёки анъана – билмадим… Тузалишимиз эса – рост, Аллоҳ шифо бергувчидир.

Зулфия онамиз ҳақида бир шеър ёзганман:

Қарс-қурс синди шишадай музлар,
Шитир-шитир чечаклар унди.
Яна қушлар учар ер узра,
Зулфи момо,
Сиз йўқсиз энди.

Қалдирғочлар қайтдилар бир-бир,
Чорбоғимиз бўлди шуълакон.
Мусичалар қайтди-ку, ахир,
Қайтмайсизми энди, моможон.

Юлдуз тўла кечалар само,
Яна офтоб куйдирар кундуз.
Ўша фалак, ўшандай дунё –
Кўролмайсиз уни сиз, афсус.

Онам йиғлаб тортади қатим,
Отам мен деб хўрсинар чуқур –
Сиз айтгандай одам бўлмадим,
Бу ҳолимни кўрмайсиз, шукур…

Момомнинг эртакларини тинглаганман, аммо отам – Абдулҳаким “босмачи” (бобомиздан мерос нисбат) ҳақиқий достон айтувчи эдилар. Улар биз Ургутда кечалари аччиқ тамакини ипга тизганда, қўшниларни ҳашарга айтиб, уч кеча-беш кечалаб “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш”, “Шаҳзода Баҳром ва Гуландом” каби қирққа яқин достонларни айтардилар. Икки юз – уч юз ривоятларни сўзлардилар. Қўшни қизлар, аёллар ўзларининг уйларида тамакиси бўлса ҳам, чиқиб бизникида ишлашарди, чунки достоннинг нима билан тугашини билиш керак-да…

Айтмоқчиманки, мени сўзга, шеъриятга тайёрлаган омиллар ичида шу ҳодисалар ҳам бор.

Мактабдаги машқларимни район газетасига олиб борганман, “Гулхан”, “Ғунча” журналларига жўнатганман. Бир хил жавоб келарди, бошида “шеърият олами”га кирганим билан табриклаган икки-уч илиқ жумла, охирида ҳали кўп изланиш, ўқиш кераклиги, бадиийликни ўрганиш зарурлиги ҳақида “тилак” билдириларди. Хатлар саккиз-ўнта бўлгач таниш жумлаларни солиштирсам, бир хил хатга фақат исму шарифни ва манзилни қўйиб жўнатишаверган экан. Орадан кўп йиллар ўтиб, ўзим Самарқанд ва Москов университетларини тугатиб, газетага ишга келгач, билдимки, халқ жуда китобхон, газетхон эди (1980-90 йиллар), қоплаб хатлар ёзар эди, ҳар икки одамнинг бири мен каби “шоир” эди. Буларнинг барини ўқишга ҳам, жавоб ёзишга ҳам имкон йўқ экан. Ҳаммага стандарт жавоб юборилар экан…

Илк шеърим район газетасида босилган. Газета муҳаррири Файзи Ҳайдаров шоир эдилар, атрофларида ҳам катта ва кичик ҳаваскор шоирлар йиғилар эди. Албатта, мактабда Навоий, Пушкин, Ғафур Ғуломни ўқиганмиз, аммо биз кўрган илк “тирик шоир”лар Файзи ака ва унинг дўстлари эди. У пайтда босилган шеърларимнинг содда ва жўн бўлганини бугун тушунаман, албатта. Табиат, далалар, илк муҳаббат каби мавзулар атрофида эдик:

Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар…

Сўнг Самарқанд давлат университететининг ўрис филологияси факультетида ўқишга кирдим. Унинг декани Василий Ларцев шоир эди. Бу факультет иттифоқда машҳур фразеология мактаби саналарди. Бу ердаги кўп тиражли газетада шеърларим ва таржималарим босилди. Бу дорилфунуннинг энг улкан адабиёт маркази профессор Нуриддин Шукуровнинг “Шалола” шеърият клуби эди. Бу давра адабиётга кўплаб истеъдодларони берган. Масалан, Омон Матжоннинг бу тўгарак ўқувчиларига баағишланган шеъри ҳам бор. Шу даврада кўп сабоқ олганман.

Республика матбуотида илк бор шеърларим Московда ўқиб юрган пайтимда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Ўша пайтлар унинг муҳаррири Одил Ёқубов эди. Тошкентдан Московга талаба укаларини кўргани борган опамиз Ҳулкар Ҳамроева (Аъзам Ўктамнинг аёли, опанинг укалари Фарҳод фалсафа факультетида биринчи курсда таҳсил оларди) ўзлари билан олган газеталар ичида менинг шеърим босилган “адабиёт ва санъат” газетамиз ҳам бор экан. Мен билан ўқийдиган Абдураззоқ Обрўев ётоқхонамизга шу газетани кўтариб келганди. Рости, қувонганман. Абдулла Ориповнинг “Баҳор” ҳақидаги шеърида “Дунё бугун шеъри чиққан шоирдай масрур” деган жумлалар бор. Ҳақиқатдан ҳам яшнаб кетганман шеъримни газетада кўрганда… Кейин Московдан шу газетага ишга келдим, мухбирлик қилдим, мақолалар ёздим. Бир қадар тилга ҳам тушдим.

Илк шеърий китобим 1990 йилда Абдували Қутбиддин эшон бобомиз муҳаррирлигида Шавкат Раҳмоннинг мадади билан Ғафур Ғулом нашриётида кўп минг тиражда чоп этилди… Иккинчи шеърий китобим “Томчидил” эса орадан 24 йил ўтиб, 2013 йилда Санжар Назарнинг кўмагида “Академнашр”да чоп этилди. Аслида биринчи китобимнинг номи “Томчидил” эди, Шавкат Раҳмон: “Абдулкарим, китобингга бошқа ном топгин, мен шу номда шеър ёзиб китоб чиқармоқчиман… Келишдикми, биродар!” – дедилар. Рози бўлдим. Аммо йиллар бўйи кузатдим, Шавкат аканинг шу номда китоби чиқмади. Кейин оламдан ҳам ўтдилар. Бу балким армон бўлгандир. Мана, ўзим энди иккинчи китобимни “Томчидил” деб номладим. Бу дилнинг инжалигини, умрнинг шабнам томчисидай омонатлигини, салга дилпарчин бўлишини, ҳаётнинг бебақолигини англатадигандай. Китобимда “Томчидил” деган ҳаётга тармашиб яшаш, ҳар лаҳза учун шукрона оҳангидаги шеър бор ва у Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган. Шундай сатрлари бор:

Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан…

Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.

– Қандай устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга қандай таъсир этган?

– Устозларимиз бўлган, бирлари — бевосита, бошқалари билвосита таълим берганлар. Мен мактабда олис Россиядан, пединститутни тугаллаб, тоғ қишлоғига амалиётга келиб, муаллимасини севиб қолган ўнинчи синф ўқувчисига турмушга чиққан ва бир умр шу қишлоқда қолган Долорес Павловна Трофимовадан рус тили ва адабиётини ўрганганман.. Опа ҳозир ҳам ҳаёт. У киши берган билим билан аввал Самарқанд давлатуниверситети ўрис филологияси факультетида, кейин Москов давлат университетети журналистика факультетида осон ўқидим ва аълога битирдим. Адабиётдан сабоқ берган Неъматулло Исматовнинг Ҳамид Олимжонни берилиб ўқиганларини, Эргаш Мухторов домламизнинг дарсларини ҳамон эслайман.

Адабиётда мен ҳамма буюк шоирларни, ёзувчиларни, файласуфларни, тарихчи ровийларни устозим, деб биламан, кимни ўқиган бўлсам, илҳомланган, фикрим тўйинган, ҳисларим уйғонган бўлса – бари устозларимдир. Абдулла Ориповдан қанча баҳраланганимни айтдим. Албатта, олисдан ва ижодларининг муҳиби ўлароқ. Бевосита устозликка келсак, бир истиҳолани айтишим керак. Мен адабиётда ҳам, фанда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам бир нарсани қабул қилолмадим. Бизда бағрикенглик етишмайди, буюк маслаклар йўлида бирлашиш ноёбдир, аммо майда манфаатлар, маҳаллийчилик, тарафкашлик асносида бирлашиш, тўдалашиш, оломонлашиш анъанаси кучлидир. Бу нарса устоз-шогирдликка ҳам, афсуски, соя солади. Бирор кимсани устоз дея этагидан тутсанг, унинг рақиблари сени ҳам талайди, фалон домланинг шогирди, деб кун бермайди. Бу бир сабаб бўлса, ўзимнинг узлатга мойиллигим яна бир сабаб бўлиб, мен бирор-бир муайян тўдага қўшилмадим, бирор бир устознинг теврагида парвона бўлганим йўқ. Қолаверса, ўзлари буюк бўлган ижодкорларнинг – айниқса улар бир лавозимда бўлса — атрофида ҳеч нарсани қойиллатмаган, аммо тўдага қўшилиб, манфаатдор бўладиган оломон лоп этиб пайдо бўлади. Ношир бўлса, фақат ўз тўдасининг китобини чоп этади. Танқидчи бўлса, фақат ўзиникини мақтайди, “буюк адиб ва шоирлар” рўйхатини мақолада келтирса, фақат ўз ҳамводий ёки ҳамвоҳаларидан тузади… Мабодо сен ҳам шогирдлик умида борсанг ҳам, яқинлаштирмайди. Афсуски, бошқа соҳалар каби адабиётда ҳам маҳаллийчилик, тўдачилик бор ва бу афсусланарлди ишдир. Албатта, булар “устози” амалдан тушса, дарҳол қочади ва янги “устоз”ни топади. Шуларни кўриб, мен бирор тўдага кирмадим ва бир дўстимиз мен ҳақда мақоласини “ёлғиз бўри” деб номлаганда ҳақдир.

Аммо улар шогирд демаса ҳам, мен ўзим адабиётда устоз деб билганим учта зотни айтиб ўтаман – Одил Ёқубов, Иброҳим Ғофуров ва Шукрулло. Уларнинг ҳар бири менга биттадан сабоқ берганлар Одил акадан – жасорат, Иброҳим акадан – маҳорат ва Шукрулло акадан маърифатни имкон қадар олдим. Иброҳим Ғофуровнинг сўзга муносабати, фикрининг оқими, тилининг нафосати ва ҳаёси, матнининг шиддати менга сабоқ бўлди. Инсон жуда буюк нарсаларни маҳорат ила ёзиши мумкин, аммо қўрқиб чиқармаслиги, чиқаролмаслиги мумкин, эҳтиёткорлигидан қалтираб туриши мумкин. Шунда жасорат керак бўлади ва бу Одил Ёқубовда бор эди. У ҳар қандай идора олдида ҳақ сўзни ҳимоя қилиш учун ўзида қудрат топа оларди. Маҳорати ва жасорати бор инсонга энди маърифат керак эди, чунки жуда нафис тил, инжа салоҳият ва чексиз жасорат ёвузликка ҳам хизмат қилиши мумкин эди. Ахир, Гитлер маҳоратли мусаввир эди ва жасорат билан кўчадан келиб (меҳмонхонада яшарди) ҳокимиятни олганди. Аммо ёвуз эди. Сталиннинг илк шеърларини Кавказ жадидлари журналларида ўқиш мумкин эди… Уларда маҳорат ва жасорат бор эди, маърифат йўқ эди. Мен маърифатни Шукрулло акада топдим. У кишини танимаган замонларда “Жавоҳирлар сандиғи” китобидан топган эдим. Кейин яқинлашдим, билдим. Бу инсонни Аллоҳ эрка қилиб қўйгандай. Гарчанд унча-мунча ғаюр, ҳасадчиларни орттирган бўлсалар-да, у зот бир кун ҳам амалда ўтирмаганлар. Одатда мансаб, бойлик инсонга душманларни ҳосил қилади. Шукрулло акада бир кун ҳам амал курсисида ўтириш бўлмаган. Аммо бир умр тўкисликда яшаяптилар. Тўқсон саккиз ёшдалар-у, фикрлари теран.

Шу инсонларга ҳавасда юрибман.

– Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Шоирга илҳом қанчалик зарур?

– Албатта, бу саволларга осон, юзада турган жавобларни бериб кетса ҳам бўлади, аммо, жиддий қаралганда, унинг илдизлари чуқур. Бу ерда асосий сўз “илоҳийлик”дир. Бу соҳада бирор гап айтсанг, бир даҳрий томон сени “тақводор”ликда айбласа, диндорлар “диний таълим олмасдан, чуқурлашмаслик”ни сўрай бошлайди.

Шубҳасиз, Қуръони Каримда оятлар қофияланган ва ички оҳанги мавжуддир. Қуръон нозил этилган араб тилида шеърдай ўқилади, Аллоҳ яратувчидир. Ижод қилиш шу маънода илоҳийдир. Банданинг ижоди номукаммалдир, аммо дунё ва ундаги ҳар бир мавжудоти Аллоҳнинг ижодидир ва буларнинг барида Ижодкорининг иродаси вожибдир. Шеърнинг, сўзнинг яралиши ҳам гулнинг очилиши, бир ҳовуч дондан бир буғдойзор дала мавж уриши, бир томчи сувдан инсон яралиши каби илоҳий ходисалардир. Ижоднинг илоҳийлигини шу маънода англаш керак.

Аммо бировлар Қуръонда шоирларни “ёмонлаган оят бор”лигини келтиради. Қуръони Каримнинг “Шуаро” сурасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундоқ деган эди: «Ва шоирларга гумроҳларгина эргашур. Уларни ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми?» Бундан бир неча йиллар аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг «Тараддуд» номли шеърий тўпламидаги баъзи шеърлари ҳақида ўз фикрларини билдирганда буни изоҳлаган эдилар: “Ҳаммага маълумки, бизнинг юртимиз Мовароуннаҳр – Туркистон бутун дунё шеъриятида ўзига хос ўрин тутган буюк шоирлари билан фахрланса арзийдиган, жаҳон халқлари шеърият хазинасига ўзининг олтин саҳифаларини, олтин байтларини бошини баланд кўтарган ҳолда тақдим этган бир юртдир. Албатта ана шу мақтовга сазовор шеърият, шеърий асарлар, шоирлар, уларнинг фаолияти, савияси, ҳамма-ҳаммаси шу диёрнинг қадимдан муқаддас дини бўлиб келаётган Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳам хеч кимга сир эмас. Улуғ шоирларимизнинг пур ҳикмат байтлари, Қуръони Карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, мусулмон уламолардан чиққан ҳикматларга йўғрилган эканлиги ҳам ҳаммамизга очиқ ойдин равшан. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийдан бошлаб мавлоно Лутфий ёки бошқа улуғ шоирларимизнинг номларини айтиш ўтишнинг ўзи ҳам жуда кўп вақт олади… Улар ўз ўз шеърларининг ҳикматга бой бўлишига Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Инна минаш шеъри лаҳикматан», ҳадисини шиор қилиб олганлар. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир деган маънодаги ҳадисларини”.

Мен ҳам Навоий ва исломнинг муштарак жиҳатлари ҳақида учта мақола ёзганман. Алишер Навоий – туркий дунё адабиётининг энг машҳур, энг буюк шоири, унинг асарлари туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси бўлиб қолмоқда.

Навоийнинг ижодини тўла-тўкис ва бутун маҳобати билан англаш осон эмас ва бугун аён бўлмоқдаки, Навоий ижодини чуқур билиш унинг эътиқоди, иймони, тариқати ва мусулмонлигини эътироф этишсиз мумкин эмас. Навоийнинг юксак эътиқодли мусулмон эканлигини билсак, шундан келиб чиқсаккина шоир ижоди ўзининг янгича, асл моҳиятини очади. Навоий сўз санъати бобида қайси уммонлардан баҳра олгани ҳақида бир қадар ёзилган. Бироқ назарий-фалсафий жиҳатдан Навоий суянган эътиқод, илм масаласи ҳали деярли тадқиқ этилмаган. Адабиётшунос Султонмурод Олимнинг фикрича: «Дунёқарашу мафкура маъносида Навоий таянган манбаларнинг биринчиси – Қуръони Карим, иккинчиси – Ҳадиси Шариф, учинчиси – Қуръону Ҳадислардан келиб чиққан тасаввуф фалсафасидир. Тасаввуфда Навоий дохил бўлган тариқат – нақшбандиядир».

Навоийнинг иймон-эътиқодини назарда тутмасдан туриб, унинг зоҳидона фонийликда кечган ҳаётини ва ўз шахсиятини йўқ этар даражада ёлғизликда кечирган муҳаббатини яхлит тушуниш чорасиздир.

Алишер Навоий тасаввуфни шарҳлаб бир ғазал битган. Бу «Фавойид ул-кибар» девонининг 306-ғазалидир (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-жилд. Тошкент, 1990, 211-212 бетлар).

Тасаввуф ризо аҳлидин яхши ахлоқ,
Эрур истилоҳоти зебу такаллуф.

Ҳазрат айтадиларки, тасаввуф ризо аҳли, яъни борига қаноат қилувчилар учун гўзал ахлоқ бўлиб, унинг истилоҳлари сўфийга зеб бағишлайди, тасаввуф риё енгилгина йўл топадиган зоҳидлик, ўзини кўз-кўз қилиш эмас. Зоҳидлик – таркидунёчилик, тақво – Аллоҳдангина қўрқиш, тоат-итоат билан ибодатда бўлмоқдир. Навоий зуҳдда риёкорликни қоралаган, Аллоҳга бокира, бетаъма ошиқликни улуғлагандир.

Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу ўзини фано аҳли деб билган, ҳатто форсий ғазалларига «Фоний» тахаллусини қўйган Алишер Навоий эътиқодидир. Шайх ал-Колободий истилоҳ этадиларки: «Фано – бу барча насибалардан (лаззатлардан) узилишдир. Ҳақ унинг барча тасарруфини эгаллаб олади ва фақат Аллоҳ ишқи билан чегараланиб қолади. Унинг барча омиллари Аллоҳга топширилиб, бошқа барча лаззатли нарсалардан тийилиб қолади. Бу исматдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг: «Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан», – деган сўзидир. Бунда киши ўзи фикр қилган Аллоҳга овора бўлиб, бошқа нарсалардан фоний бўлади ва ундан нарсаларни яхши ёки ёмон деб ажратиш хусусияти кетади. Омир ибн Абдуллоҳнинг: «Мен аёл кишини кўрдимми ёки деворни кўрдимми, фарқига бормай қолдим», деганларидек». Навоийнинг оила қурмаганлиги, уйланмаганлигининг сабаби шунда ойдинлашади. Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг бокираликлари борасида лутф этиб айтганларки: «Бул ҳазрат дунёга келиб ҳаёт ҳирқасини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар, футувват ва жўмардлик ёқаси, лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқазмаганлар».

Бир неча бор тараддудланиб, ҳажга боролмай қолган ниятлари учун каффорат сифатида Алишер Навоий Ҳиротдаги Ансорий қабристонида элу юртга эҳсон бердилар ва Аллоҳ ризоси учун ана шу қабристонда ўзи ёзгани каби «жарубкашлик» (супурувчилик, фаррошлик) қилдилар ва тоат-ибодат билан машғул бўлдилар. Бугун супурги тутган бош вазир Навоийни бир кўз олдингизга келтиринг! Аммо ўша замон эътиқоди ва Навоий иймони учун бу фақирлик ва Аллоҳ йўлидаги фанолик қанчалар табиий эди.

Ўз-ўзидан қониқмаслик, комилликка интилиш мусулмонликка хосдир. Абу Ҳасан Ҳарақоний айтганлар: «Умримга қараб етмиш уч йиллик ибодатларимнинг ҳаммасини бир соатлик қисқа кўрдим, гуноҳларимга боқиб Нуҳ алайҳиссаломнинг умридай узун кўрдим». Алишер Навоий ҳам ҳажга боролмаганликларидан ўкиниб, ўтган умрларига назар солиб лутф этадилар: «Аллоҳ-Аллоҳ, ул дурур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Ул ҳазратнинг ишқлари пок эди ва бу ишқ ўлимни енгади, шоирни абадиятга дохил қилади: «Ишқ сени қилса, Навоий ҳалок, Пок эса ул ишқ, ўлумдин не бок?»

Ҳазрат Навоий зулмга қарши турдилар. Абу Лайс Самарқандий кўп илм ўрганганлар, китоб кўрганлар ва: «Гуноҳларнинг зулмдан-да каттароғи йўқдир», – деганлар. Алишер Навоийнинг ибодатлари – адолат эди ва садақалари – ҳақиқат эди. Ҳусайн Воиз Кошифий айтганлари каби: «Ҳақгўйлик охират кунида нажотдир». Алишер Навоийнинг ўзбек элига, миллий давлатчилигимизга ва адабиётимизга қилган хизматларининг ўзи беқиёс савоб ва ибодат эди.

Ижодкор учун илҳом керак, айниқса бадиий ижод илҳом билан ёзилиши керак. Бу тушунча ўз ичига кўп нарсани қамраб олади, менингча: илҳом онида жидду жаҳд, ҳис-ҳаяжон, дард, изтироб, ижобий бир ғазаб ва илму ишқ бўлмоғи керак. Мен илҳом келмаса, ойлаб бир ўзимдан бирор нарса ёзмайман, ўқийман, ўрганаман ва таржима қиламан. Шу билан овунаман.

Адабиётнинг илоҳийлиги – унинг эзгулиги, ҳаққа, ҳақиқатга ва ҳаёга ирода этилганлигидир.

– Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини сиз қандай тасаввур этасиз ва адабиётимизда қандай анъаналар давом этишини, қандай иллатлар барҳам топишини истар эдингиз?

– Бир жўн ўхшатиш қилсам (олмонлар ҳар қандай таққосда хато бор, деганлар аслида), адабиётнинг, адабий ташкилотнинг жамиятдаги ўрнини инсондаги виждоннинг ўрнига қиёслардим. Масалан, Фанлар академиясини ақлга, суд ҳокимиятини яхши-ёмонни ажратадиган, қонни тозалайдиган жигарга қиёслардим. Адабиёт жамиятнинг виждонига, эътиқодига дахлдордир, ўзининг энг эзгу ва улуғ намуналарида у шундайдир. Адиб ёки шоир ҳам идеалда тирик виждондир, ҳақгўй ва латиф инсондир. Публицистдар фарқли ўлароқ, ҳақиқатни билвосита, бадиий тарзда, лутф ва санъат билан айтадиган шахсдир.

Адабиётимизда катта маънодаги анъаналар – Навоий, Яссавий, Ҳувайдодан мерос иймон ва ишқ, Машраб, Сўфи Оллоҳёр ва Қодирийдан мерос жунун ва ҳақиқат, Чўлпон, Фитрат ва Рауф Парфидан мерос миллатпарварлик ва санъат, Шавкат Раҳмон, Асқар Маҳкам ва Аъзам Ўктамдан мерос шиддат ва жувонмардлик, Эркин Воҳидов ва Хофиз Хоразмийдан мерос латофат ва фасоҳат, Беҳбудий, Ойбек ва Абдулла Ориповдан мерос донишмандлик ва ҳикматдир. Шу анъаналарни давом эттириш керак ва бугунги дунёнинг технологияларидан фойдаланиб, ривожлантириш керак. Уларни замон суръати ва талотўпига бой бериб қўймаслик керак.

Маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, ҳасад, мансаб ва мол-дунё иштиёқи ва бошқа шу тахлит нафс қутқуларидан шартта воз кечиш учун куч ва чидам топиш керак.

– Бугунги ўзбек адабиётини янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?

– Ижод – индивидуал, хос жараёндир. Шеър ёзаётган ёки бошқа бир асар яратаётган инсон қўлидаги қоғозу қалами билан Аллоҳнинг қошида ёлғиз турган кишидир. Адабий ташкилотлар унга асар яратиб беролмайди. Ижодкорга ҳаёт ва турмуш ташвишларини енгишда мадад берилса, бўлди.

Адабиётни ривожлантириш учун ижод қилиш керак. Бунга турмушдан ортиб, вақт топиш керак. Умр – ўткинчи, қоладигани – ҳақиқий асарлар. Ўткинчи, дунёвий нарсаларга эмас, боқий нарсаларга – ижодга вақт топиш керак. Вақтни авайлаш керак, чунки омонат бу ҳаёт аслида дувиллаб тўкилаётган қумдай сирғалиб ўтаётган вақтдангина иборатдир.

Ғиёсиддин Ўнаров суҳбатлашди

“Ижод олами” журнали 2017 / 3-сон

Ijod – individual, xos jarayondir. She’r yozayotgan yoki boshqa bir asar yaratayotgan inson qo‘lidagi qog‘ozu qalami bilan Allohning qoshida yolg‘iz turgan kishidir. Adabiy tashkilotlar unga asar yaratib berolmaydi. Ijodkorga hayot va turmush tashvishlarini yengishda madad berilsa, bo‘ldi…

IJOD – INDIVIDUAL XOS JARAYONDIR
Taniqli shoir va jurnalist Karim Bahriyev bilan suhbat


– Sizda adabiyotga ilk havas qachon uyg‘ongan, matbuotdagi ilk chiqishlaringiz, so‘ngra birinchi kitobingiz o‘quvchilar qo‘liga yetib borgan damlarni bir eslab o‘tsangiz.

– Dabdurustdan bir narsa deb javob berish qiyin, albatta… Chunki har qanday oson javob yuzaki bo‘lib qoladi. Har bir bolada bo‘lgani kabi men ham ko‘p orzularga berilganman. Bizning bolalik davrimizda eng noyob ovunchoq – televizor edi. Internet, kompyuter, mobil telefon, smartfon, ayfon degan narsalar hali dunyoda paydo ham bo‘lmagan edi. Ana shu televizorda ham ikkita dasturi bo‘lib, u ham ba’zan tongda, ba’zan shomda boshlanib, kechqurun soat o‘n bir-o‘n ikkidayoq tugardi, bugungiday kecha-kunduz faoliyat yuritmasdi. Ana shu oynai jahonda biror kino bersa, darhol shuni ta’siriga tushardik. “Qilich va qalqon” kinosini ko‘rib, razvedkachilikni orzu qilardim. Keyin “To‘rt tankchi va bir it” filmi mashhur bo‘lganda tankchilikni orzu qilganman. So‘ng uchuvchilar haqida kino ko‘rib, uchuvchilikka havas paydo bo‘lgan…

1972 yil edi, shekilli. Televizorda Abdullo Oripov bilan bir yarim soat uchrashuv berildi. U paytlarda hozirgiday ekranda kadr bir minutda yuz marta lip-lip almashmas edi. Shoirni ko‘zini ko‘rib, she’rini tinglardingiz. Abdulla Oripov soatlab kadrda ko‘zi chaqnab she’r o‘qigan edi. “Hamza monologi”ni o‘qigani hali yodimda:

Meni o‘ldirdilar Shohimardonda…
O‘zimning tilimda so‘zlab yurganlar.
Ular kimlar edi?
To‘rvadan bo‘lak
Ilinji bo‘lmagan gadoy xurofot.

Keyin “Genetika” she’ri jarangladi. Shoir yiroq-yiroqqa qaragani uchun yanada qisilgan qisiq ko‘zlarini olisga tikkancha, ko‘zlarida yosh qalqinib turgan holda olisdagi, keyin keladigan avlodga umid bilan boqardi va qonidagi junbushga kelgan hislariga sabab izlardi: “Balkim biror bobom shahanshoh o‘tgan, balkim tomirimda darvish qoni bor…” Davrining nomukammalligidan, ajdodlarning xatolaridan o‘ksinib, shoir hali mukammal bir avlod kelishidan umidvor bo‘lar edi:

Bobolar dunyodan o‘tdilar shundoq,
Biz ham yetuklikka bo‘lmadik timsol.
Lekin sen bo‘larsan bokira mutloq,
Lekin sen yasharsan farishta misol…
Labda tabassumu ko‘za yosh bilan
Senga talpinaman, buyuk nabiram.

O‘sha kunidan, o‘sha lahzalardan shoir bo‘lishni orzu qildim. Shu bugungacha ham shu orzuning ortidan yuribman, uning izidan sargardonman. Jurnalistika bilan shug‘ullandim, deputat bo‘lib, siyosat maydonida bo‘ldim. Xalqaro tashkilotlarda ishladim… Ammo bularning bari dilimdan tashqari, men shoir bo‘lish orzusidan kechganim yo‘q… Abdulla Oripovning barcha she’rlarini yod bilaman va umrimning yarmi ulug‘larga ergashib o‘tdi. Keyin Halima Xudoyberdiyevaning she’rlarini tingladim: “Biz — olmamiz shoxlardagi… To‘kmasinlar, aytingiz”. Norasidagiligicha hayotning beshafqat olamiga otiladigan qizlarning nolasi, faryodi edi bu, ota-onasining mehriga to‘yib qolish istagi, isyoni edi bu. Keyin Erkin Vohidovni o‘qidim. Barot Boyqobilovning “Sharq kamalagi” degan kitobini o‘qib, havas qilganman. O‘sha she’rlar qandaydir Hamid Olimjon, Usmon Nosir she’rlariday sof, bokira edi. Abdulla Sher – yangi so‘z, qadimiy asrlar ohangi. Keyin Rauf Parfi – haqiqiy she’riyat, san’at… Keyin ulkan bir shiddat bilan “sharttaki” bir avlod qarshimizda tik bo‘ldi – Shavkat Rahmon, Muhammad Solih, Xurshid Davron, Usmon Azim, Asqar Mahkam… Tengdoshlarimiz – Abduvali Qutbiddin, Maqsud Bekjon, A’zam O‘ktam.

Albatta, bir ko‘rsatuv bilan, bir yumalab shoir bo‘lib qolmas inson. O‘sha televizordagi she’riyat kechasi aslida bir turtkidir, azaldan tomirda oqqan, ko‘p yillardan beri yetilgan buloqning ko‘zini ochgandir… Mening momom – Ibodullo qo‘rboshining qizi Zulfiya onamiz doya ham edilar, ertaklar ham aytardilar. Ibodullo qo‘rboshi bobomiz sovetlarga qarshi kurashib toqqa chiqib ketganlar. Zulfiya onamiz: “Yosh qiz bola edik, qizil askarlar kelsa, katta xumlarning ichiga berkinar edik”, deb hikoya qilardilar. Bobomiz kechalari kelib oilalaridan, bolalaridan xabar olar ekanlar. Buni bilib qolgan qishloq soveti faollari bobomni tutib beradilar va u zot Ispanza yo‘lida otib tashlanadi. O‘n uch yeridan o‘q teshgan ko‘ylaklari oilamizda saqlanadi. Nimagadir avlodimizda biror kishi dardga chalinsa, shu ko‘ylakni boshidan aylantirib, tilovat qilinsa, tuzaladi, degan inonch haligacha saqlanadi… Bu xurofotmi yoki an’ana – bilmadim… Tuzalishimiz esa – rost, Alloh shifo berguvchidir.

Zulfiya onamiz haqida bir she’r yozganman:

Qars-qurs sindi shishaday muzlar,
Shitir-shitir chechaklar undi.
Yana qushlar uchar yer uzra,
Zulfi momo,
Siz yo‘qsiz endi.

Qaldirg‘ochlar qaytdilar bir-bir,
Chorbog‘imiz bo‘ldi shu’lakon.
Musichalar qaytdi-ku, axir,
Qaytmaysizmi endi, momojon.

Yulduz to‘la kechalar samo,
Yana oftob kuydirar kunduz.
O‘sha falak, o‘shanday dunyo –
Ko‘rolmaysiz uni siz, afsus.

Onam yig‘lab tortadi qatim,
Otam men deb xo‘rsinar chuqur –
Siz aytganday odam bo‘lmadim,
Bu holimni ko‘rmaysiz, shukur…

Momomning ertaklarini tinglaganman, ammo otam – Abdulhakim “bosmachi” (bobomizdan meros nisbat) haqiqiy doston aytuvchi edilar. Ular biz Urgutda kechalari achchiq tamakini ipga tizganda, qo‘shnilarni hasharga aytib, uch kecha-besh kechalab “Alpomish”, “Go‘ro‘g‘li”, “Avazxon”, “Kuntug‘mish”, “Shahzoda Bahrom va Gulandom” kabi qirqqa yaqin dostonlarni aytardilar. Ikki yuz – uch yuz rivoyatlarni so‘zlardilar. Qo‘shni qizlar, ayollar o‘zlarining uylarida tamakisi bo‘lsa ham, chiqib biznikida ishlashardi, chunki dostonning nima bilan tugashini bilish kerak-da…

Aytmoqchimanki, meni so‘zga, she’riyatga tayyorlagan omillar ichida shu hodisalar ham bor.

Maktabdagi mashqlarimni rayon gazetasiga olib borganman, “Gulxan”, “G‘uncha” jurnallariga jo‘natganman. Bir xil javob kelardi, boshida “she’riyat olami”ga kirganim bilan tabriklagan ikki-uch iliq jumla, oxirida hali ko‘p izlanish, o‘qish kerakligi, badiiylikni o‘rganish zarurligi haqida “tilak” bildirilardi. Xatlar sakkiz-o‘nta bo‘lgach tanish jumlalarni solishtirsam, bir xil xatga faqat ismu sharifni va manzilni qo‘yib jo‘natishavergan ekan. Oradan ko‘p yillar o‘tib, o‘zim Samarqand va Moskov universitetlarini tugatib, gazetaga ishga kelgach, bildimki, xalq juda kitobxon, gazetxon edi (1980-90 yillar), qoplab xatlar yozar edi, har ikki odamning biri men kabi “shoir” edi. Bularning barini o‘qishga ham, javob yozishga ham imkon yo‘q ekan. Hammaga standart javob yuborilar ekan…

Ilk she’rim rayon gazetasida bosilgan. Gazeta muharriri Fayzi Haydarov shoir edilar, atroflarida ham katta va kichik havaskor shoirlar yig‘ilar edi. Albatta, maktabda Navoiy, Pushkin, G‘afur G‘ulomni o‘qiganmiz, ammo biz ko‘rgan ilk “tirik shoir”lar Fayzi aka va uning do‘stlari edi. U paytda bosilgan she’rlarimning sodda va jo‘n bo‘lganini bugun tushunaman, albatta. Tabiat, dalalar, ilk muhabbat kabi mavzular atrofida edik:

Bunda tunlar eng mitti terak
o‘saverib yulduzga yetar;
quvonchiga chidolmay kurtak
novdalarda yorilib ketar…

So‘ng Samarqand davlat universitetetining o‘ris filologiyasi fakultetida o‘qishga kirdim. Uning dekani Vasiliy Larsev shoir edi. Bu fakultet ittifoqda mashhur frazeologiya maktabi sanalardi. Bu yerdagi ko‘p tirajli gazetada she’rlarim va tarjimalarim bosildi. Bu dorilfununning eng ulkan adabiyot markazi professor Nuriddin Shukurovning “Shalola” she’riyat klubi edi. Bu davra adabiyotga ko‘plab iste’dodlaroni bergan. Masalan, Omon Matjonning bu to‘garak o‘quvchilariga baag‘ishlangan she’ri ham bor. Shu davrada ko‘p saboq olganman.

Respublika matbuotida ilk bor she’rlarim Moskovda o‘qib yurgan paytimda “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida chop etilgan. O‘sha paytlar uning muharriri Odil Yoqubov edi. Toshkentdan Moskovga talaba ukalarini ko‘rgani borgan opamiz Hulkar Hamroyeva (A’zam O‘ktamning ayoli, opaning ukalari Farhod falsafa fakultetida birinchi kursda tahsil olardi) o‘zlari bilan olgan gazetalar ichida mening she’rim bosilgan “adabiyot va san’at” gazetamiz ham bor ekan. Men bilan o‘qiydigan Abdurazzoq Obro‘yev yotoqxonamizga shu gazetani ko‘tarib kelgandi. Rosti, quvonganman. Abdulla Oripovning “Bahor” haqidagi she’rida “Dunyo bugun she’ri chiqqan shoirday masrur” degan jumlalar bor. Haqiqatdan ham yashnab ketganman she’rimni gazetada ko‘rganda… Keyin Moskovdan shu gazetaga ishga keldim, muxbirlik qildim, maqolalar yozdim. Bir qadar tilga ham tushdim.

Ilk she’riy kitobim 1990 yilda Abduvali Qutbiddin eshon bobomiz muharrirligida Shavkat Rahmonning madadi bilan G‘afur G‘ulom nashriyotida ko‘p ming tirajda chop etildi… Ikkinchi she’riy kitobim “Tomchidil” esa oradan 24 yil o‘tib, 2013 yilda Sanjar Nazarning ko‘magida “Akademnashr”da chop etildi. Aslida birinchi kitobimning nomi “Tomchidil” edi, Shavkat Rahmon: “Abdulkarim, kitobingga boshqa nom topgin, men shu nomda she’r yozib kitob chiqarmoqchiman… Kelishdikmi, birodar!” – dedilar. Rozi bo‘ldim. Ammo yillar bo‘yi kuzatdim, Shavkat akaning shu nomda kitobi chiqmadi. Keyin olamdan ham o‘tdilar. Bu balkim armon bo‘lgandir. Mana, o‘zim endi ikkinchi kitobimni “Tomchidil” deb nomladim. Bu dilning injaligini, umrning shabnam tomchisiday omonatligini, salga dilparchin bo‘lishini, hayotning bebaqoligini anglatadiganday. Kitobimda “Tomchidil” degan hayotga tarmashib yashash, har lahza uchun shukrona ohangidagi she’r bor va u Shavkat Rahmon xotirasiga bag‘ishlangan. Shunday satrlari bor:

Goh yerdan, goh ko‘kdan nimadir kutdim,
Nihoyat qutuldim qayg‘u, qo‘rqishdan.
Emranib, sog‘inib shu kunga yetdim,
O‘lmay o‘tib oldim yana bir qishdan…

Zamin ketib borar samoda o‘qday,
Men ham borayapman omonat, giryon.
Nimadir kutarman yerdanmi, ko‘kdan…
Yetib olsam edi yozgacha omon.

– Qanday ustozlarning ta’limini olgansiz? Ular turmush tarzingizga, ijodiy faoliyatingizga qanday ta’sir etgan?

– Ustozlarimiz bo‘lgan, birlari — bevosita, boshqalari bilvosita ta’lim berganlar. Men maktabda olis Rossiyadan, pedinstitutni tugallab, tog‘ qishlog‘iga amaliyotga kelib, muallimasini sevib qolgan o‘ninchi sinf o‘quvchisiga turmushga chiqqan va bir umr shu qishloqda qolgan Dolores Pavlovna Trofimovadan rus tili va adabiyotini o‘rganganman.. Opa hozir ham hayot. U kishi bergan bilim bilan avval Samarqand davlatuniversiteti o‘ris filologiyasi fakultetida, keyin Moskov davlat universiteteti jurnalistika fakultetida oson o‘qidim va a’loga bitirdim. Adabiyotdan saboq bergan Ne’matullo Ismatovning Hamid Olimjonni berilib o‘qiganlarini, Ergash Muxtorov domlamizning darslarini hamon eslayman.

Adabiyotda men hamma buyuk shoirlarni, yozuvchilarni, faylasuflarni, tarixchi roviylarni ustozim, deb bilaman, kimni o‘qigan bo‘lsam, ilhomlangan, fikrim to‘yingan, hislarim uyg‘ongan bo‘lsa – bari ustozlarimdir. Abdulla Oripovdan qancha bahralanganimni aytdim. Albatta, olisdan va ijodlarining muhibi o‘laroq. Bevosita ustozlikka kelsak, bir istiholani aytishim kerak. Men adabiyotda ham, fanda ham, ijtimoiy hayotning boshqa sohalarida ham bir narsani qabul qilolmadim. Bizda bag‘rikenglik yetishmaydi, buyuk maslaklar yo‘lida birlashish noyobdir, ammo mayda manfaatlar, mahalliychilik, tarafkashlik asnosida birlashish, to‘dalashish, olomonlashish an’anasi kuchlidir. Bu narsa ustoz-shogirdlikka ham, afsuski, soya soladi. Biror kimsani ustoz deya etagidan tutsang, uning raqiblari seni ham talaydi, falon domlaning shogirdi, deb kun bermaydi. Bu bir sabab bo‘lsa, o‘zimning uzlatga moyilligim yana bir sabab bo‘lib, men biror-bir muayyan to‘daga qo‘shilmadim, biror bir ustozning tevragida parvona bo‘lganim yo‘q. Qolaversa, o‘zlari buyuk bo‘lgan ijodkorlarning – ayniqsa ular bir lavozimda bo‘lsa — atrofida hech narsani qoyillatmagan, ammo to‘daga qo‘shilib, manfaatdor bo‘ladigan olomon lop etib paydo bo‘ladi. Noshir bo‘lsa, faqat o‘z to‘dasining kitobini chop etadi. Tanqidchi bo‘lsa, faqat o‘zinikini maqtaydi, “buyuk adib va shoirlar” ro‘yxatini maqolada keltirsa, faqat o‘z hamvodiy yoki hamvohalaridan tuzadi… Mabodo sen ham shogirdlik umida borsang ham, yaqinlashtirmaydi. Afsuski, boshqa sohalar kabi adabiyotda ham mahalliychilik, to‘dachilik bor va bu afsuslanarldi ishdir. Albatta, bular “ustozi” amaldan tushsa, darhol qochadi va yangi “ustoz”ni topadi. Shularni ko‘rib, men biror to‘daga kirmadim va bir do‘stimiz men haqda maqolasini “yolg‘iz bo‘ri” deb nomlaganda haqdir.

Ammo ular shogird demasa ham, men o‘zim adabiyotda ustoz deb bilganim uchta zotni aytib o‘taman – Odil Yoqubov, Ibrohim G‘ofurov va Shukrullo. Ularning har biri menga bittadan saboq berganlar Odil akadan – jasorat, Ibrohim akadan – mahorat va Shukrullo akadan ma’rifatni imkon qadar oldim. Ibrohim G‘ofurovning so‘zga munosabati, fikrining oqimi, tilining nafosati va hayosi, matnining shiddati menga saboq bo‘ldi. Inson juda buyuk narsalarni mahorat ila yozishi mumkin, ammo qo‘rqib chiqarmasligi, chiqarolmasligi mumkin, ehtiyotkorligidan qaltirab turishi mumkin. Shunda jasorat kerak bo‘ladi va bu Odil Yoqubovda bor edi. U har qanday idora oldida haq so‘zni himoya qilish uchun o‘zida qudrat topa olardi. Mahorati va jasorati bor insonga endi ma’rifat kerak edi, chunki juda nafis til, inja salohiyat va cheksiz jasorat yovuzlikka ham xizmat qilishi mumkin edi. Axir, Gitler mahoratli musavvir edi va jasorat bilan ko‘chadan kelib (mehmonxonada yashardi) hokimiyatni olgandi. Ammo yovuz edi. Stalinning ilk she’rlarini Kavkaz jadidlari jurnallarida o‘qish mumkin edi… Ularda mahorat va jasorat bor edi, ma’rifat yo‘q edi. Men ma’rifatni Shukrullo akada topdim. U kishini tanimagan zamonlarda “Javohirlar sandig‘i” kitobidan topgan edim. Keyin yaqinlashdim, bildim. Bu insonni Alloh erka qilib qo‘yganday. Garchand uncha-muncha g‘ayur, hasadchilarni orttirgan bo‘lsalar-da, u zot bir kun ham amalda o‘tirmaganlar. Odatda mansab, boylik insonga dushmanlarni hosil qiladi. Shukrullo akada bir kun ham amal kursisida o‘tirish bo‘lmagan. Ammo bir umr to‘kislikda yashayaptilar. To‘qson sakkiz yoshdalar-u, fikrlari teran.

Shu insonlarga havasda yuribman.

– Adabiyotning, ijodning, ilhomning ilohiyligi borasida fikrlaringiz qanday? Shoirga ilhom qanchalik zarur?

– Albatta, bu savollarga oson, yuzada turgan javoblarni berib ketsa ham bo‘ladi, ammo, jiddiy qaralganda, uning ildizlari chuqur. Bu yerda asosiy so‘z “ilohiylik”dir. Bu sohada biror gap aytsang, bir dahriy tomon seni “taqvodor”likda ayblasa, dindorlar “diniy ta’lim olmasdan, chuqurlashmaslik”ni so‘ray boshlaydi.

Shubhasiz, Qur’oni Karimda oyatlar qofiyalangan va ichki ohangi mavjuddir. Qur’on nozil etilgan arab tilida she’rday o‘qiladi, Alloh yaratuvchidir. Ijod qilish shu ma’noda ilohiydir. Bandaning ijodi nomukammaldir, ammo dunyo va undagi har bir mavjudoti Allohning ijodidir va bularning barida Ijodkorining irodasi vojibdir. She’rning, so‘zning yaralishi ham gulning ochilishi, bir hovuch dondan bir bug‘doyzor dala mavj urishi, bir tomchi suvdan inson yaralishi kabi ilohiy xodisalardir. Ijodning ilohiyligini shu ma’noda anglash kerak.

Ammo birovlar Qur’onda shoirlarni “yomonlagan oyat bor”ligini keltiradi. Qur’oni Karimning “Shuaro” surasida Alloh subhanahu va taolo shundoq degan edi: «Va shoirlarga gumrohlargina ergashur. Ularni har vodiyda daydishlarini va o‘zlari qilmaydigan ishlarni aytishlarini ko‘rmadingmi?» Bundan bir necha yillar avval Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari marhum shoir A’zam O‘ktamning «Taraddud» nomli she’riy to‘plamidagi ba’zi she’rlari haqida o‘z fikrlarini bildirganda buni izohlagan edilar: “Hammaga ma’lumki, bizning yurtimiz Movarounnahr – Turkiston butun dunyo she’riyatida o‘ziga xos o‘rin tutgan buyuk shoirlari bilan faxrlansa arziydigan, jahon xalqlari she’riyat xazinasiga o‘zining oltin sahifalarini, oltin baytlarini boshini baland ko‘targan holda taqdim etgan bir yurtdir. Albatta ana shu maqtovga sazovor she’riyat, she’riy asarlar, shoirlar, ularning faoliyati, saviyasi, hamma-hammasi shu diyorning qadimdan muqaddas dini bo‘lib kelayotgan Islom dini bilan chambarchas bog‘liq ekanligi ham xech kimga sir emas. Ulug‘ shoirlarimizning pur hikmat baytlari, Qur’oni Karim oyatlari Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning hadislari, musulmon ulamolardan chiqqan hikmatlarga yo‘g‘rilgan ekanligi ham hammamizga ochiq oydin ravshan. O‘ylab qaraydigan bo‘lsak, she’riyat mulkining sultoni Alisher Navoiydan boshlab mavlono Lutfiy yoki boshqa ulug‘ shoirlarimizning nomlarini aytish o‘tishning o‘zi ham juda ko‘p vaqt oladi… Ular o‘z o‘z she’rlarining hikmatga boy bo‘lishiga Payg‘ambarimiz Muhammad Mustafo sollallohu alayhi vasallamning «Inna minash she’ri lahikmatan», hadisini shior qilib olganlar. Ya’ni, albatta, she’rda hikmat bordir degan ma’nodagi hadislarini”.

Men ham Navoiy va islomning mushtarak jihatlari haqida uchta maqola yozganman. Alisher Navoiy – turkiy dunyo adabiyotining eng mashhur, eng buyuk shoiri, uning asarlari turkiy adabiyotning eng yuksak cho‘qqisi bo‘lib qolmoqda.

Navoiyning ijodini to‘la-to‘kis va butun mahobati bilan anglash oson emas va bugun ayon bo‘lmoqdaki, Navoiy ijodini chuqur bilish uning e’tiqodi, iymoni, tariqati va musulmonligini e’tirof etishsiz mumkin emas. Navoiyning yuksak e’tiqodli musulmon ekanligini bilsak, shundan kelib chiqsakkina shoir ijodi o‘zining yangicha, asl mohiyatini ochadi. Navoiy so‘z san’ati bobida qaysi ummonlardan bahra olgani haqida bir qadar yozilgan. Biroq nazariy-falsafiy jihatdan Navoiy suyangan e’tiqod, ilm masalasi hali deyarli tadqiq etilmagan. Adabiyotshunos Sultonmurod Olimning fikricha: «Dunyoqarashu mafkura ma’nosida Navoiy tayangan manbalarning birinchisi – Qur’oni Karim, ikkinchisi – Hadisi Sharif, uchinchisi – Qur’onu Hadislardan kelib chiqqan tasavvuf falsafasidir. Tasavvufda Navoiy doxil bo‘lgan tariqat – naqshbandiyadir».

Navoiyning iymon-e’tiqodini nazarda tutmasdan turib, uning zohidona foniylikda kechgan hayotini va o‘z shaxsiyatini yo‘q etar darajada yolg‘izlikda kechirgan muhabbatini yaxlit tushunish chorasizdir.

Alisher Navoiy tasavvufni sharhlab bir g‘azal bitgan. Bu «Favoyid ul-kibar» devonining 306-g‘azalidir (Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to‘plami. 6-jild. Toshkent, 1990, 211-212 betlar).

Tasavvuf rizo ahlidin yaxshi axloq,
Erur istilohoti zebu takalluf.

Hazrat aytadilarki, tasavvuf rizo ahli, ya’ni boriga qanoat qiluvchilar uchun go‘zal axloq bo‘lib, uning istilohlari so‘fiyga zeb bag‘ishlaydi, tasavvuf riyo yengilgina yo‘l topadigan zohidlik, o‘zini ko‘z-ko‘z qilish emas. Zohidlik – tarkidunyochilik, taqvo – Allohdangina qo‘rqish, toat-itoat bilan ibodatda bo‘lmoqdir. Navoiy zuhdda riyokorlikni qoralagan, Allohga bokira, beta’ma oshiqlikni ulug‘lagandir.

Hamma yaratilganlar foniydir. Yaratgan boqiydir. Bu o‘zini fano ahli deb bilgan, hatto forsiy g‘azallariga «Foniy» taxallusini qo‘ygan Alisher Navoiy e’tiqodidir. Shayx al-Kolobodiy istiloh etadilarki: «Fano – bu barcha nasibalardan (lazzatlardan) uzilishdir. Haq uning barcha tasarrufini egallab oladi va faqat Alloh ishqi bilan chegaralanib qoladi. Uning barcha omillari Allohga topshirilib, boshqa barcha lazzatli narsalardan tiyilib qoladi. Bu ismatdir. Buning ma’nosi Allohning: «Men uning qulog‘i va ko‘zi bo‘laman», – degan so‘zidir. Bunda kishi o‘zi fikr qilgan Allohga ovora bo‘lib, boshqa narsalardan foniy bo‘ladi va undan narsalarni yaxshi yoki yomon deb ajratish xususiyati ketadi. Omir ibn Abdullohning: «Men ayol kishini ko‘rdimmi yoki devorni ko‘rdimmi, farqiga bormay qoldim», deganlaridek». Navoiyning oila qurmaganligi, uylanmaganligining sababi shunda oydinlashadi. Husayn Boyqaro Navoiyning bokiraliklari borasida lutf etib aytganlarki: «Bul hazrat dunyoga kelib hayot hirqasini kiyganlaridan buyon etaklariga shahvat chirkini tekkizmaganlar, futuvvat va jo‘mardlik yoqasi, la’li tugmasini xotinlar havoyu havasiga tutqazmaganlar».

Bir necha bor taraddudlanib, hajga borolmay qolgan niyatlari uchun kafforat sifatida Alisher Navoiy Hirotdagi Ansoriy qabristonida elu yurtga ehson berdilar va Alloh rizosi uchun ana shu qabristonda o‘zi yozgani kabi «jarubkashlik» (supuruvchilik, farroshlik) qildilar va toat-ibodat bilan mashg‘ul bo‘ldilar. Bugun supurgi tutgan bosh vazir Navoiyni bir ko‘z oldingizga keltiring! Ammo o‘sha zamon e’tiqodi va Navoiy iymoni uchun bu faqirlik va Alloh yo‘lidagi fanolik qanchalar tabiiy edi.

O‘z-o‘zidan qoniqmaslik, komillikka intilish musulmonlikka xosdir. Abu Hasan Haraqoniy aytganlar: «Umrimga qarab yetmish uch yillik ibodatlarimning hammasini bir soatlik qisqa ko‘rdim, gunohlarimga boqib Nuh alayhissalomning umriday uzun ko‘rdim». Alisher Navoiy ham hajga borolmaganliklaridan o‘kinib, o‘tgan umrlariga nazar solib lutf etadilar: «Alloh-Alloh, ul durur sharmandaliq, Yodima kelsa bu yanglig‘ bandaliq». Ul hazratning ishqlari pok edi va bu ishq o‘limni yengadi, shoirni abadiyatga doxil qiladi: «Ishq seni qilsa, Navoiy halok, Pok esa ul ishq, o‘lumdin ne bok?»

Hazrat Navoiy zulmga qarshi turdilar. Abu Lays Samarqandiy ko‘p ilm o‘rganganlar, kitob ko‘rganlar va: «Gunohlarning zulmdan-da kattarog‘i yo‘qdir», – deganlar. Alisher Navoiyning ibodatlari – adolat edi va sadaqalari – haqiqat edi. Husayn Voiz Koshifiy aytganlari kabi: «Haqgo‘ylik oxirat kunida najotdir». Alisher Navoiyning o‘zbek eliga, milliy davlatchiligimizga va adabiyotimizga qilgan xizmatlarining o‘zi beqiyos savob va ibodat edi.

Ijodkor uchun ilhom kerak, ayniqsa badiiy ijod ilhom bilan yozilishi kerak. Bu tushuncha o‘z ichiga ko‘p narsani qamrab oladi, meningcha: ilhom onida jiddu jahd, his-hayajon, dard, iztirob, ijobiy bir g‘azab va ilmu ishq bo‘lmog‘i kerak. Men ilhom kelmasa, oylab bir o‘zimdan biror narsa yozmayman, o‘qiyman, o‘rganaman va tarjima qilaman. Shu bilan ovunaman.

Adabiyotning ilohiyligi – uning ezguligi, haqqa, haqiqatga va hayoga iroda etilganligidir.

– Adabiyotning jamiyatda tutgan o‘rnini siz qanday tasavvur etasiz va adabiyotimizda qanday an’analar davom etishini, qanday illatlar barham topishini istar edingiz?

– Bir jo‘n o‘xshatish qilsam (olmonlar har qanday taqqosda xato bor, deganlar aslida), adabiyotning, adabiy tashkilotning jamiyatdagi o‘rnini insondagi vijdonning o‘rniga qiyoslardim. Masalan, Fanlar akademiyasini aqlga, sud hokimiyatini yaxshi-yomonni ajratadigan, qonni tozalaydigan jigarga qiyoslardim. Adabiyot jamiyatning vijdoniga, e’tiqodiga daxldordir, o‘zining eng ezgu va ulug‘ namunalarida u shundaydir. Adib yoki shoir ham idealda tirik vijdondir, haqgo‘y va latif insondir. Publitsistdar farqli o‘laroq, haqiqatni bilvosita, badiiy tarzda, lutf va san’at bilan aytadigan shaxsdir.

Adabiyotimizda katta ma’nodagi an’analar – Navoiy, Yassaviy, Huvaydodan meros iymon va ishq, Mashrab, So‘fi Ollohyor va Qodiriydan meros junun va haqiqat, Cho‘lpon, Fitrat va Rauf Parfidan meros millatparvarlik va san’at, Shavkat Rahmon, Asqar Mahkam va A’zam O‘ktamdan meros shiddat va juvonmardlik, Erkin Vohidov va Xofiz Xorazmiydan meros latofat va fasohat, Behbudiy, Oybek va Abdulla Oripovdan meros donishmandlik va hikmatdir. Shu an’analarni davom ettirish kerak va bugungi dunyoning texnologiyalaridan foydalanib, rivojlantirish kerak. Ularni zamon sur’ati va taloto‘piga boy berib qo‘ymaslik kerak.

Mahalliychilik, guruhbozlik, hasad, mansab va mol-dunyo ishtiyoqi va boshqa shu taxlit nafs qutqularidan shartta voz kechish uchun kuch va chidam topish kerak.

– Bugungi o‘zbek adabiyotini yanada rivojlantirish uchun nimalar qilish zarur deb hisoblaysiz?

– Ijod – individual, xos jarayondir. She’r yozayotgan yoki boshqa bir asar yaratayotgan inson qo‘lidagi qog‘ozu qalami bilan Allohning qoshida yolg‘iz turgan kishidir. Adabiy tashkilotlar unga asar yaratib berolmaydi. Ijodkorga hayot va turmush tashvishlarini yengishda madad berilsa, bo‘ldi.

Adabiyotni rivojlantirish uchun ijod qilish kerak. Bunga turmushdan ortib, vaqt topish kerak. Umr – o‘tkinchi, qoladigani – haqiqiy asarlar. O‘tkinchi, dunyoviy narsalarga emas, boqiy narsalarga – ijodga vaqt topish kerak. Vaqtni avaylash kerak, chunki omonat bu hayot aslida duvillab to‘kilayotgan qumday sirg‘alib o‘tayotgan vaqtdangina iboratdir.

G‘iyosiddin O‘narov suhbatlashdi

“Ijod olami” jurnali 2017 / 3-son

48

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring