Zulayho Abdurahmon. Kutilgan kitob va ardoqli adabiyotshunos

34Замон тезлашди. Вақт қумсоати қимматлашди. Тоат вақтининг бир онини ушлаб қолиш машаққатга айланди. Бу ёқда эса қасдма-қасдига ичи номаълум китоблар сонда кўпайгандан кўпаймоқда. Надомату хусрон катта, ҳатто Илоҳий китобларни ҳам ўқимайдиган авлод етишди, дунёга бой берилган ғаниматгина фурсат қолди. Истасак, истамасак, бугун китобларни саралаб ўқишга мажбурмиз. Шунда ҳам мана шу қомусни тавсия этиш мумкинми, танланган мумтоз китоблар сирасига кирадими саволи ғоят табиий. Муаллифлардан бири сифатида мен сизларга жавоб бермоқчиман.

КУТИЛГАН КИТОБ ВА АРДОҚЛИ АДАБИЁТШУНОС


Зулайҳо АБДУРАҲМОН
(Бухоро давлат университетида ўтказилган тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” ҳамда Иброҳим Ҳаққулнинг бир қатор китоблари тақдимотига бағишланган анжуман маърузаси)

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар, қадрли талабалар, анжуман қатнашчилари!

Адабиётнинг маърифати, достон қаҳромонларининг жасорати, тасаввуфнинг ҳақиқатини мана шу улуғ даргоҳда Тожи Қораев, Охунжон Сафаров, Ҳамид Неъматов, Раҳим Воҳидов, Эргаш Қиличев, Шукруллаев, Мирзаҳмад Олимов, Ғайрат Муродов, Шоира Аҳмедова, Саида Назарова, Дармоной Ўраева ва ҳоказо устозларимиздан ўргандик. Нафсимиз ҳийлаю найрангларга бошлаганда, “Ё аслингдай кўрин, ё кўринганингдай бўл” ҳикматини ўргатган, амалида ибрат кўрсатган Саида Назаровани эслатиб, виждонимиз уялтирди. Ҳар гал минбарга чиқаётганимизда устоз Эргаш Қиличевнинг “Қарсиллат, бечора ўзбекни боласи, шеъри қани” деган ўгитларини юрагимиздан ўтказиб, ўзимизда масъулият ва журъат пайдо қилдик. Янги гапимиз, мусоҳибларга бандалигини эслатадиган сўзимиз бўлмаса, минбарга чиқишни ор деб билдик. Биз қаерда бўлмайлик, ҳамиша устозларимизга чексиз таъзимдамиз. Уларга Парвордигордан икки дунё саодатини сўраймиз.

Дарҳақиқат, бугун адабиётшунослигимизда анчадан бўён кутилаётган, устоз Иброҳим Ҳаққул айтганидек, адабиётимизнинг пойтахти бўлган Алишер Навоий энциклопедиясининг тақдимотига йиғилдик. Ҳар ишники аввали нияти холис ва тўғри бўлса, интиҳоси ҳам муваффақият бўлади. Ушбу қомус устоз адабиётшуносларимиз, Абдуқодир Ҳайитметов, Иброҳим Ҳаққул, Суйима Ғаниеваларнинг буюк орзуси, улуғ режаси эди. Албатта, улкан ишлар катта замонларни талаб қилади. Уларнинг ғояларини амалга оширувчи аскар бўлганлигимиздан бугун ифтихоримиз бор. Устозларга муносиб издош бўлишга ҳаракат қилдик. “Хамса” ёзишда Алишер Навоий Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомийларни кўз олдига келтираркан шундай дейди:

Навоий, сўз айтурда фарзона бўл,
Чу иш бошингга тушти, мардона бўл!

Шоир асарларидан мутаассир бўлдик ва уни йўлбошчи қилиб, устозлар ишини давом эттирдик. Аввало, иш устозлар яратган сўзлук таҳриридан бошланди. Зеро, сўзлик яратилгандан сўнг қарийб, ярим аср ўтган, ўзбек ва хориж навоийшунослигида кўплаб янги изланишлар, навоийшунос Олим Давлатов раҳбарлигида икки жилдда “Навоий қомуси” дунёга келганди. Шулар асосида мингга яқин янги сўз мақолалар киритилди, жумладан, уларнинг ярми тасаввуфий-ирфоний истилоҳлар эканлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Ўзбек мумтоз адабиёти бўлими аъзолари: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Қодир Эргашев, Эргаш Очилов, Мақсуд Асадов, Буробия Ражабова, Сирдарё Ўтанова ҳамда тадқиқотчилар бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишди. Натижада, нафақат туркий, балки дунё адабиётшунослигида зарур бўлган энциклопедия пайдо бўлди. Ушбу 4 жилдли нашр жами 2004 саҳифадан ташкил топган бўлиб, 2505 та энциклопедик характердаги мақолани ўз ичига олади. Аммо шоирнинг ҳар бир асари ҳақидаги, дунё навоийшунослиги хусусидаги, шунингдек, Қуръон ва Навоий, ҳадис ва Навоий, Навоий ва кино, Навоий ва мусиқа, Навоий ва ҳайкалтарошлик, Навоий ва рассомчилик каби мавзулардаги мақолаларнинг ҳар бири ўн беш, йигирма саҳифадан ортиқ эканлигини таъкидлаш ўринлидир.

Замон тезлашди. Вақт қумсоати қимматлашди. Тоат вақтининг бир онини ушлаб қолиш машаққатга айланди. Бу ёқда эса қасдма-қасдига ичи номаълум китоблар сонда кўпайгандан кўпаймоқда. Надомату хусрон катта, ҳатто Илоҳий китобларни ҳам ўқимайдиган авлод етишди, дунёга бой берилган ғаниматгина фурсат қолди. Истасак, истамасак, бугун китобларни саралаб ўқишга мажбурмиз. Шунда ҳам мана шу қомусни тавсия этиш мумкинми, танланган мумтоз китоблар сирасига кирадими саволи ғоят табиий. Муаллифлардан бири сифатида мен сизларга жавоб бермоқчиман.

Инсон учун Яратувчисини, ўзининг нима учун яратилганини билишдан маҳбуб ва мақбул иш йўқ. Бу ҳақиқатлар эса набийлар ва уларга юборилган китоблар орқали маълум бўлди. Шу маънода инсоният тарихи динлар тарихи, салтанатлар кураши эътиқодлар жангидир. Бу қомусда сиз кутган тарих бор. Одам атодан бошланган “Тарихи мулки анбиё”, Каюмарсдан бошланган “Тарихи мулки ажам” бор.

Бу китобда туркий тафаккур, туркона бадиият бор. Навоийнинг жамики асарлари буни қонунан исботлайди. Бироқ оталари дуосини олган, ноёб фазилатлари бирма-бир саналган, тили шарафлантирилган туркийлар ҳужжати “Муҳокамат ул-луғатайн” эканлиги бу қомусда батафсил ёритилган. Сўзнинг қудратини, адабиётнинг завқини Алишер Навоий орқали англашга ва ўзгаларга ҳам етказишга ҳаракат қилдик. Зеро, султонлар ўтди, қасрлар нуради, аммо сўз қолди. Шу ўринда машҳур саҳобий шоирлардан Каъб бин Зуҳайр ҳақидаги ривоятни эслатмоқчиман. Жоҳилия даврида ҳажв шеърлар ёзиш авж олгани маълум. Аллоҳнинг расули Муҳаммад с.а.в.га, исломиятга ҳам беадаб сўзлар билан шеърлар ёзишган. Буюк бир нафрат пайдо қилган бундай шоирлардан бири Каъб бин Зуҳайрдир. Макка фатҳ этилган кун шонли тарихлардан бири бўлган. Ҳаммага амният берилиши ваъда қилинади. Ҳеч бир интиқом олинмайди, фақат 9 киши борки, улар кўринган ерда ўлдирилиши лозим. Уларга ҳеч бир афв йўқ. Пайғамбарни ҳажв этган Каъб бин Зуҳайр уларнинг бири эди. Хатосини англаган, тавбага келган Каъб бин Зуҳайр буни эшитган, у ҳам муносиб бир фурсатни кутади. Бир чодирда Расулуллоҳ с.а.в. саҳобалари билан ўтирардилар. Каъб бин Зуҳайр келиб ичкарига киришга изн сўрайди. Саҳобалардан бири “Ё Расулуллоҳ, ташқарида Каъб бин Зуҳайр бир ўзи, ичкарига киришга изн сўраяпти, имон келтириб тавба қилмоқчи, қабул қиласизми?” — дейди. Расулуллоҳ қарар, қарар ва куларлар, “Ҳа” кирсин деяр демас, Каъб бин Зуҳайр кириб: Мен Каъб бин Зуҳайрман дейиши билан қиличлар кўтарилади. Қиличлар кўтарилиши билан Жаноби Расулуллоҳ “Тўхтанг” дейдилар. Қиличлар ҳавода қолади. Шу ҳолда ҳамма кутиб қолади. Шунда Каъб ибн Зуҳайр қиличлар сояси остида олдинга юриб, Расулуллоҳнинг олдида тиз чўкади ва 60 байтдан иборат машҳур қасидасини ўқий бошлайди. Расулуллоҳ аруз ритмига мос бошларини қимирлатиб турардилар. Қасиданинг, табиийки, арабчада гўзал, оҳангдор авж байти келади. У шундай: “Расулуллоҳ, Сиз Аллоҳнинг шундай қиличидирсизки, у қилич билан Ҳақ ва ботил бир-биридан айрилди”. Расулуллоҳ жуда таъсирланиб, ўринларидан туриб, жуббаларини ҳазрати Каъбнинг устига отадилар. Бир онда шоир давлатки, давлат имонга келиб, ҳам саҳобага айланади, ҳам пайғамбар хирқасига эга бўлади. Жамоат тарқалгандан кейин Умар р.а. “Йилларки расулуллоҳ ёнида қилич ўйнатамиз, лекин хирқани 2 байт-ла шоир олди” деган экан. Ушбу қасида “Қасидаи Бурдо”, хирқа эса “Хирқаи саодат” номи билан ҳозиргача машҳур. Ушбу хирқа Истанбулда Тўпқопи саройида сақланади. Қомусда кўплаб мақолалар мана шундай қиличларни ҳавода қолдирган адабиёт соғинчи билан ёзилди.

Бугун ички бир хотиржамлик, руҳий бир фароғатни таъминловчи илоҳиёт, тасаввуф билан бир байроқ остида бирлашган инсон ботинидаги сир-асрорни ёритувчи бадиий адабиёт бир қадар ўзининг мақсади, кўнгилларни забт этувчи ҳассосиятини унутди. “Ҳақ тилар бўлсанг, Навоий, силк дунёдин этак, Ишқинг ўлса пок, ўзни қўйма бу мурдор аро” деган адабиёт майда-чуйда ҳавасларга қул бўлди, дунёнинг этагидан тутди. Аммо бу китобда чинакам адабиёт бор. “Мен гўзал хулқ устида яратилдим” деган оламлар сарварининг ахлоқи билан хулқланишни орзу қилган адабиёт бор. Ўз қаҳрамонларини маънан қайта дунёга келтирадиган адабиёт, руҳий валодат, маънавий туғилиш бор. Тавҳидни англаш, Одам атонинг яратилиши ва ер юзига туширилиши сабабини тушуниш, Расулуллоҳнинг хотами набий эканлиги ва ул зотга нозил бўлган Китобуллоҳ амрларига бўйсуниш, Аллоҳнинг ҳабибини маҳбуб тутиб, унинг суннатларига амал қилиш, қиёмат ҳамда охиратга ишониш, хуллас, мусулмонларнинг қуёши “Сирож ул-муслимийн” билан унсият имкони бор.

Бугун қалблар хаста, Мийсоқ базмини унутган руҳлар дарбадар, кажрафтор давронда инсон ғарибдир. Дунё ва охират ҳузунини ҳузурга айлантириш, байтуллоҳ кўнгилларга фараҳ бахш этиш учун адабиёт ўзининг олий мақсадини хотирламоғи керак. Унда манфаат ва мансаб учун тузилган мунофиқ сулҳлар, қўрқоқлик соясида келишилган муттаҳам муросалар, ўтар дунё учун қалбини сотган, абадиятдан бехабар басир бечора ҳислар йўқ эди. Шарқ мумтоз адабиёти музаффарияти ғозийлик, мағлубияти шаҳидлик бўлган Имон Адабиётидир. Ҳолбуки, унинг ибрат қаҳрамонлари набийлар, сиддиқлар, аброрлар, ахёрлар, валийлар, муҳаббати туфайли бир диёрга сув келтирган фарҳодлар эди. Алишер Навоийда Ҳақ йўлчилигини кўрсатган адабиёт ва унинг қаҳрамонлари бор. 770 валий зотнинг муҳаббат шабадалари ишқ ила ёнган кўнгиллар ҳароратини гоҳ пасайтириб, гоҳ алангалатади. Аброрлар ҳаёти ҳақиқат ҳайратига ғарқ қилади. “Тенгри ҳамди ила оғоз айлаган жон қуш”ларининг муҳаббат ва маърифат қаноти парвози, 7 водийни босиб ўтиш риёзати ҳақида келтирилган энқицлопедиядаги изоҳлар китобхонга бир умид ва ғайрат пайдо этиши орзусида ёзилди. Биз ўтар дунёсида бир қуш, ҳали таъбирини билишга улгурмай тугайдиган туш эканимизни англатиш учун ёзилди.

Маънавий мажруҳлик бугун ҳар даврдагидан ҳам кўпроқ одамзодни ўзлигидан узоқлаштирмоқда. Энг зўр психологларни излаб, руҳимизга хотиржамлик ахтаряпмиз. Аммо ўтмишимизга яхшироқ назар солишимиз лозимки, шунда кўнгилларда уйғоқлик бўлиб, раббоний маърифат, раҳмоний латофат эшиклари очилади. Одамзод, набатот, ҳайвонот ҳаммаси билан муносабат оғир бўлди. Айниқса, абадият, охират дардини тирикчилик ташвишига алмаштирилиши адабиётнинг фожиаларидан биридир. Билмаймизки, Ҳақ билан, Холиқ билан орамизни тузатишимиз лозим, шунда халқ билан барчаси осон кечади. Бедор тунлар Навоийни очинг ва ўқинг:

Илоҳи, ул узун йўл ва қатиғ водийда иноятинг била йўлла ва анинг қатъида аёғим тойилса, дастгирлигинг била қўлла.
Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва жаҳолат мастлигидамен, ҳушёр қил.
Илоҳи, тоатингға ҳавасим бор, аммо нафска забунмен, ибодатингға мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.
Илоҳи, беилож дардға алил қилма ва бемурувват номардга залил қилма.

Ушбу муножотнинг туғёнли нафсга сакинат бериши, Одам авлодлари учун мутмаин бир руҳга эришиши энциклопедияда таъкидланди. Вужуд хасталиги табиб билан, руҳ хасталиги ҳабиб билан, дейди машойихлар. Ҳабибларнинг сарвари ҳабибуллоҳ Муҳаммад Мустафо эканлигини Навоий “Маънолар хазинаси”нинг сўнгги девони охирги ғазалидаги:

Сенинг мадойиҳи наътингда, ё Расулуллоҳ,
Тамом бўлди Навоий такаллуми поки.

байти маъноларини шарҳлаш билан тушунтирилди. Нафс тарбиясидаги фано қайғуси ва бақо қўрқуви, инсоният абадият ҳаёти имтиҳонида эканлиги “Фоний девони” орқали яна бир бор эслатилди. Хуллас, ҳам туркий дунёни якқалам этган шоир, ҳам салтанат тинчлигига сабабчи арбоб Низомиддин Алишер Навоий шахсиятига, шоиру амирнинг муштарак руҳиятига ҳайронлигимиз ҳассосияти ва муҳаббати билан мақолалар ёзилди.

Албатта, гапирадиган гап кўп, аммо қомусда биз билмай ўтган камчиликлари, хатоларидан узр сўраган ҳолда яна бир ҳақиқатни айтмоқчиман. Бу қомусда илмий-ирфоний таҳлиллари билан навоийшуносликни янги бир поғонага кўтарган, тўғри бир ўзанга йўналтирган устоз Иброҳим Ҳаққулнинг нафаси, Иброҳим Ҳаққулнинг руҳи бор. Устоз илмий меросининг аслида ҳеч қандай таърифу тавсифга эҳтиёжи йўқ. Иброҳим Ҳаққул яссавийшунос, бобуршунос, огаҳийшунос, чўлпоншунос. Бу қаторни яна давом эттириш мумкинлиги ҳам Устоз муҳиблари ва шогирдларининг кўплигига сабаб бўлган. Аммо Иброҳим Ҳаққул номи зикр этилганда, аввало, навоийшунос деган эътироф келади. Дарҳақиқат, Устоз нафақат туркий, балки жаҳон адабиётининг энг маҳобатли қасрларига сафар этади. Бироқ қайтадиган манзилу макони аниқ – бу Алишер Навоийдир. Навоий ижоди ва ҳаётига бағишланган тадқиқотларининг мавзу кўламини санашнинг ўзиёқ улкан тадқиқотни талаб этади. Туркий миллатнинг энг буюк мураббийи Навоий сабоқларидан бутун инсоният баҳра олишини истаган устоз Иброҳим Ҳаққул раҳбарлигида амалга оширилган ўнлаб илмий тадқиқотлар ҳам бевосита Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ. Адабиётшунос Баҳодир Карим айтганидек: “Иброҳим Ҳаққулни унутмаслигимиз керак”. Маълумингизким, домланинг “Камол эт касбким…”, “Занжирбанд шер қошида” китоблари қайта нашр қилинди. Бу китобларни мен ўқиб турдим, устоз таҳрир қилдилар, деярли, ўзгариш бўлмади. Аммо домланинг ҳали ниятлари кўп эди. Мен Иброҳим Ҳаққулнинг муҳибларига бир хушхабарни етказмоқчи эдим. Сиз устоздан кутган китобларингиздан бири яқинда нашрдан чиқади. Биз бандамиз, тақдирга таслим бўлсак-да, тадбир излаймиз. Мен устозни узоқ яшашларини истадим. Ва ўзимча қарорлар, тадбирлар қилдим. Домла учун, менинг назаримда, энг завқлиси ижод эди. Ишга ўтирганда ҳамма нарсани унутарди.. оғир бетоб бўлганларида ҳаммаларингизга маълум, Тафакур журналида бир қисми чоп этилган Тасаввуф луғатини тартибга келтириб олиб бордим. Тасаввуф луғатлари билан солиштириб, яна 100 дан ортиқ истилоҳни киритиш мақсадида ёзиб чиққанман. Домла шуни чиқарайлик дедим. Домла хурсанд бўлдилар. Мен ўқишни бошладим, домла эшитиб таҳрир қилардилар. 10 бетларча ўқиганимдан сўнг: “Тўхтанг, чарчадим” дедилар. Сал ўйланиб турдиларда, “Энди бундай қиламиз: буни ўзиз таҳрир қиласиз, қолганларини ёзасиз, иккаламизни номимиздан чиқарасиз” дедилар. Мен Иброҳим Ҳаққул ва ўлимни ҳеч ёнма-ён қўймаганман. Шу боис домладан ранжидим. Домла, мени синаяпсизми, Сизни номиз билан ёнма-ён номимни қўйишим мумкинми, хуллас ҳар нарса дедим. Йўқ, деб домла қайта-қайта вазиятни тушунтирдилар. Шундаям йўқ, Ўзиз ёзасиз, ман ёрдам бераман, деб туриб олдим. Охири домла: “Бўлмаса, алоҳида китоб қилмаймиз, бирор китобни охирига киритамиз” дедилар. Домла билан узоқ суҳбатлашдик. Домлани уйларидан ҳар хил хаёллар билан чиқдим. Домлани ишончларидан кўнглим тоғдай кўтарилди. Аммо хасталикларини жудаям ҳис қилдим. Яна нафсимга: “ҳаволанма, домла биров билан китоб чиқаришни ёмон кўрардилар”, деяпман. Шогирдлари куброшунос Азиза Бектошга телефон қилиб, воқеани айтдим. У жон ўртоғим, табиий: “Домла санга ишонадилар, бўлмағур хаёлларга берилма” деб юрагимни кўтариб, ишонч берди. Кейин домланинг шогирдларга: “домлани мазалари йўқ, боринглар, ҳатто китобни таҳрир қилишни орқага қўйдилар” деб айтдим. Бу ерда талабалар бор. Мен буни бир ибрат учун айтяпман. Аввало, устозларга бир ҳурмат, муҳаббат, садоқатларингиз бўлсин. Хаёлларингизда ҳам бир хоинлик бўлмасин. Манфаат учун, мансаб учун устоз тутманг. Домланикига ўша кун бормаганимда, ўзларининг истаклари, талаблари бўлмаганда мен у ишни давом эттира олмасдим. Ҳозир яна 100 дан ортиқ истилоҳга изоҳ ёзилди, ҳали давом этмоқда. Устоз истаганларидек: “ТАСАВВУФ: ИСТИЛОҲ ВА ИЗОҲ” номи билан, Худо хоҳласа, нашр этиш ниятимиз бор…“Иброҳим Ҳаққул – ҳозирча битта. У бундан кейин ҳам битта бўлиб қолади. Зеро, ҳақиқий шоирлар ҳам, ҳақиқий олимлар ҳам битта-битта бўлиб дунёга келадилар. Лекин орадан вақт ўтиши, янги авлодларнинг етишиб чиқиши ва шаклланиши билан Иброҳим Ҳаққулнинг шогирдлари орасидан ҳам Иброҳимлар етишиб чиқади. Балки уларнинг битта-яримтаси ҳам унинг даражасига кўтарилар. Лекин шунда ҳам у битта Иброҳим Ҳаққул бўлиб қолади, — деган эди академик Наим Каримов.

Дарҳақиқат, Иброҳим Ҳаққул ўзбек адабиётшунослигининг занжирбанд шери, кафанини елкасида кўтарган бир эри эди. Иброҳим Ҳаққул ҳақиқатига етиш, устознинг миллат, адабиёт дарди билан дардланиш қийин. Иброҳим Ҳаққулни фақат соғиниш мумкин…

Эй адабиёт аҳли! Иброҳим Ҳаққул ўлмади. У тутган қалб қаламининг сиёҳи ҳали битмади! Аллоҳнинг марҳамати билан ҳали Устознинг жонсўз таҳлиллари, дарслик-қўлланмалари ўзлигини излаётган ҳузунли қалбларингизга ҳузур бахш айлаб, авлодлар тарбиясида йўлларни мунаввар этади…

22Zamon tezlashdi. Vaqt qumsoati qimmatlashdi. Toat vaqtining bir onini ushlab qolish mashaqqatga aylandi. Bu yoqda esa qasdma-qasdiga ichi noma’lum kitoblar sonda koʻpaygandan koʻpaymoqda. Nadomatu xusron katta, hatto Ilohiy kitoblarni ham oʻqimaydigan avlod yetishdi, dunyoga boy berilgan gʻanimatgina fursat qoldi. Istasak, istamasak, bugun kitoblarni saralab oʻqishga majburmiz. Shunda ham mana shu qomusni tavsiya etish mumkinmi, tanlangan mumtoz kitoblar sirasiga kiradimi savoli gʻoyat tabiiy. Mualliflardan biri sifatida men sizlarga javob bermoqchiman.

KUTILGAN KITOB VA ARDOQLI ADABIYOTSHUNOS


Zulayho ABDURAHMON
(Buxoro davlat universitetida oʻtkazilgan toʻrt jildlik “Alisher Navoiy ensiklopediyasi” hamda Ibrohim Haqqulning bir qator kitoblari taqdimotiga bagʻishlangan anjuman ma’ruzasi)

Assalomu alaykum, hurmatli ustozlar, qadrli talabalar, anjuman qatnashchilari!

Adabiyotning ma’rifati, doston qahromonlarining jasorati, tasavvufning haqiqatini mana shu ulugʻ dargohda Toji Qoraev, Oxunjon Safarov, Hamid Ne’matov, Rahim Vohidov, Ergash Qilichev, Shukrullaev, Mirzahmad Olimov, Gʻayrat Murodov, Shoira Ahmedova, Saida Nazarova, Darmonoy Oʻraeva va hokazo ustozlarimizdan oʻrgandik. Nafsimiz hiylayu nayranglarga boshlaganda, “Yo aslingday koʻrin, yo koʻringaningday boʻl” hikmatini oʻrgatgan, amalida ibrat koʻrsatgan Saida Nazarovani eslatib, vijdonimiz uyaltirdi. Har gal minbarga chiqayotganimizda ustoz Ergash Qilichevning “Qarsillat, bechora oʻzbekni bolasi, she’ri qani” degan oʻgitlarini yuragimizdan oʻtkazib, oʻzimizda mas’uliyat va jur’at paydo qildik. Yangi gapimiz, musohiblarga bandaligini eslatadigan soʻzimiz boʻlmasa, minbarga chiqishni or deb bildik. Biz qaerda boʻlmaylik, hamisha ustozlarimizga cheksiz ta’zimdamiz. Ularga Parvordigordan ikki dunyo saodatini soʻraymiz.

Darhaqiqat, bugun adabiyotshunosligimizda anchadan boʻyon kutilayotgan, ustoz Ibrohim Haqqul aytganidek, adabiyotimizning poytaxti boʻlgan Alisher Navoiy ensiklopediyasining taqdimotiga yigʻildik. Har ishniki avvali niyati xolis va toʻgʻri boʻlsa, intihosi ham muvaffaqiyat boʻladi. Ushbu qomus ustoz adabiyotshunoslarimiz, Abduqodir Hayitmetov, Ibrohim Haqqul, Suyima Gʻanievalarning buyuk orzusi, ulugʻ rejasi edi. Albatta, ulkan ishlar katta zamonlarni talab qiladi. Ularning gʻoyalarini amalga oshiruvchi askar boʻlganligimizdan bugun iftixorimiz bor. Ustozlarga munosib izdosh boʻlishga harakat qildik. “Xamsa” yozishda Alisher Navoiy Nizomiy Ganjaviy, Xusrav Dehlaviy, Abdurahmon Jomiylarni koʻz oldiga keltirarkan shunday deydi:

Navoiy, soʻz ayturda farzona boʻl,
Chu ish boshingga tushti, mardona boʻl!

Shoir asarlaridan mutaassir boʻldik va uni yoʻlboshchi qilib, ustozlar ishini davom ettirdik. Avvalo, ish ustozlar yaratgan soʻzluk tahriridan boshlandi. Zero, soʻzlik yaratilgandan soʻng qariyb, yarim asr oʻtgan, oʻzbek va xorij navoiyshunosligida koʻplab yangi izlanishlar, navoiyshunos Olim Davlatov rahbarligida ikki jildda “Navoiy qomusi” dunyoga kelgandi. Shular asosida mingga yaqin yangi soʻz maqolalar kiritildi, jumladan, ularning yarmi tasavvufiy-irfoniy istilohlar ekanligi alohida e’tirofga loyiq. Oʻzbek mumtoz adabiyoti boʻlimi a’zolari: Sayfiddin Sayfulloh, Qodir Ergashev, Ergash Ochilov, Maqsud Asadov, Burobiya Rajabova, Sirdaryo Oʻtanova hamda tadqiqotchilar bir tanu bir jon boʻlib mehnat qilishdi. Natijada, nafaqat turkiy, balki dunyo adabiyotshunosligida zarur boʻlgan ensiklopediya paydo boʻldi. Ushbu 4 jildli nashr jami 2004 sahifadan tashkil topgan boʻlib, 2505 ta ensiklopedik xarakterdagi maqolani oʻz ichiga oladi. Ammo shoirning har bir asari haqidagi, dunyo navoiyshunosligi xususidagi, shuningdek, Qur’on va Navoiy, hadis va Navoiy, Navoiy va kino, Navoiy va musiqa, Navoiy va haykaltaroshlik, Navoiy va rassomchilik kabi mavzulardagi maqolalarning har biri oʻn besh, yigirma sahifadan ortiq ekanligini ta’kidlash oʻrinlidir.

Zamon tezlashdi. Vaqt qumsoati qimmatlashdi. Toat vaqtining bir onini ushlab qolish mashaqqatga aylandi. Bu yoqda esa qasdma-qasdiga ichi noma’lum kitoblar sonda koʻpaygandan koʻpaymoqda. Nadomatu xusron katta, hatto Ilohiy kitoblarni ham oʻqimaydigan avlod yetishdi, dunyoga boy berilgan gʻanimatgina fursat qoldi. Istasak, istamasak, bugun kitoblarni saralab oʻqishga majburmiz. Shunda ham mana shu qomusni tavsiya etish mumkinmi, tanlangan mumtoz kitoblar sirasiga kiradimi savoli gʻoyat tabiiy. Mualliflardan biri sifatida men sizlarga javob bermoqchiman.

Inson uchun Yaratuvchisini, oʻzining nima uchun yaratilganini bilishdan mahbub va maqbul ish yoʻq. Bu haqiqatlar esa nabiylar va ularga yuborilgan kitoblar orqali ma’lum boʻldi. Shu ma’noda insoniyat tarixi dinlar tarixi, saltanatlar kurashi e’tiqodlar jangidir. Bu qomusda siz kutgan tarix bor. Odam atodan boshlangan “Tarixi mulki anbiyo”, Kayumarsdan boshlangan “Tarixi mulki ajam” bor.

Bu kitobda turkiy tafakkur, turkona badiiyat bor. Navoiyning jamiki asarlari buni qonunan isbotlaydi. Biroq otalari duosini olgan, noyob fazilatlari birma-bir sanalgan, tili sharaflantirilgan turkiylar hujjati “Muhokamat ul-lugʻatayn” ekanligi bu qomusda batafsil yoritilgan. Soʻzning qudratini, adabiyotning zavqini Alisher Navoiy orqali anglashga va oʻzgalarga ham yetkazishga harakat qildik. Zero, sultonlar oʻtdi, qasrlar nuradi, ammo soʻz qoldi. Shu oʻrinda mashhur sahobiy shoirlardan Ka’b bin Zuhayr haqidagi rivoyatni eslatmoqchiman. Johiliya davrida hajv she’rlar yozish avj olgani ma’lum. Allohning rasuli Muhammad s.a.v.ga, islomiyatga ham beadab soʻzlar bilan she’rlar yozishgan. Buyuk bir nafrat paydo qilgan bunday shoirlardan biri Ka’b bin Zuhayrdir. Makka fath etilgan kun shonli tarixlardan biri boʻlgan. Hammaga amniyat berilishi va’da qilinadi. Hech bir intiqom olinmaydi, faqat 9 kishi borki, ular koʻringan yerda oʻldirilishi lozim. Ularga hech bir afv yoʻq. Paygʻambarni hajv etgan Ka’b bin Zuhayr ularning biri edi. Xatosini anglagan, tavbaga kelgan Ka’b bin Zuhayr buni eshitgan, u ham munosib bir fursatni kutadi. Bir chodirda Rasululloh s.a.v. sahobalari bilan oʻtirardilar. Ka’b bin Zuhayr kelib ichkariga kirishga izn soʻraydi. Sahobalardan biri “Yo Rasululloh, tashqarida Ka’b bin Zuhayr bir oʻzi, ichkariga kirishga izn soʻrayapti, imon keltirib tavba qilmoqchi, qabul qilasizmi?” — deydi. Rasululloh qarar, qarar va kularlar, “Ha” kirsin deyar demas, Ka’b bin Zuhayr kirib: Men Ka’b bin Zuhayrman deyishi bilan qilichlar koʻtariladi. Qilichlar koʻtarilishi bilan Janobi Rasululloh “Toʻxtang” deydilar. Qilichlar havoda qoladi. Shu holda hamma kutib qoladi. Shunda Ka’b ibn Zuhayr qilichlar soyasi ostida oldinga yurib, Rasulullohning oldida tiz choʻkadi va 60 baytdan iborat mashhur qasidasini oʻqiy boshlaydi. Rasululloh aruz ritmiga mos boshlarini qimirlatib turardilar. Qasidaning, tabiiyki, arabchada goʻzal, ohangdor avj bayti keladi. U shunday: “Rasululloh, Siz Allohning shunday qilichidirsizki, u qilich bilan Haq va botil bir-biridan ayrildi”. Rasululloh juda ta’sirlanib, oʻrinlaridan turib, jubbalarini hazrati Ka’bning ustiga otadilar. Bir onda shoir davlatki, davlat imonga kelib, ham sahobaga aylanadi, ham paygʻambar xirqasiga ega boʻladi. Jamoat tarqalgandan keyin Umar r.a. “Yillarki rasululloh yonida qilich oʻynatamiz, lekin xirqani 2 bayt-la shoir oldi” degan ekan. Ushbu qasida “Qasidai Burdo”, xirqa esa “Xirqai saodat” nomi bilan hozirgacha mashhur. Ushbu xirqa Istanbulda Toʻpqopi saroyida saqlanadi. Qomusda koʻplab maqolalar mana shunday qilichlarni havoda qoldirgan adabiyot sogʻinchi bilan yozildi.

Bugun ichki bir xotirjamlik, ruhiy bir farogʻatni ta’minlovchi ilohiyot, tasavvuf bilan bir bayroq ostida birlashgan inson botinidagi sir-asrorni yorituvchi badiiy adabiyot bir qadar oʻzining maqsadi, koʻngillarni zabt etuvchi hassosiyatini unutdi. “Haq tilar boʻlsang, Navoiy, silk dunyodin etak, Ishqing oʻlsa pok, oʻzni qoʻyma bu murdor aro” degan adabiyot mayda-chuyda havaslarga qul boʻldi, dunyoning etagidan tutdi. Ammo bu kitobda chinakam adabiyot bor. “Men goʻzal xulq ustida yaratildim” degan olamlar sarvarining axloqi bilan xulqlanishni orzu qilgan adabiyot bor. Oʻz qahramonlarini ma’nan qayta dunyoga keltiradigan adabiyot, ruhiy valodat, ma’naviy tugʻilish bor. Tavhidni anglash, Odam atoning yaratilishi va yer yuziga tushirilishi sababini tushunish, Rasulullohning xotami nabiy ekanligi va ul zotga nozil boʻlgan Kitobulloh amrlariga boʻysunish, Allohning habibini mahbub tutib, uning sunnatlariga amal qilish, qiyomat hamda oxiratga ishonish, xullas, musulmonlarning quyoshi “Siroj ul-muslimiyn” bilan unsiyat imkoni bor.

Bugun qalblar xasta, Miysoq bazmini unutgan ruhlar darbadar, kajraftor davronda inson gʻaribdir. Dunyo va oxirat huzunini huzurga aylantirish, baytulloh koʻngillarga farah baxsh etish uchun adabiyot oʻzining oliy maqsadini xotirlamogʻi kerak. Unda manfaat va mansab uchun tuzilgan munofiq sulhlar, qoʻrqoqlik soyasida kelishilgan muttaham murosalar, oʻtar dunyo uchun qalbini sotgan, abadiyatdan bexabar basir bechora hislar yoʻq edi. Sharq mumtoz adabiyoti muzaffariyati gʻoziylik, magʻlubiyati shahidlik boʻlgan Imon Adabiyotidir. Holbuki, uning ibrat qahramonlari nabiylar, siddiqlar, abrorlar, axyorlar, valiylar, muhabbati tufayli bir diyorga suv keltirgan farhodlar edi. Alisher Navoiyda Haq yoʻlchiligini koʻrsatgan adabiyot va uning qahramonlari bor. 770 valiy zotning muhabbat shabadalari ishq ila yongan koʻngillar haroratini goh pasaytirib, goh alangalatadi. Abrorlar hayoti haqiqat hayratiga gʻarq qiladi. “Tengri hamdi ila ogʻoz aylagan jon qush”larining muhabbat va ma’rifat qanoti parvozi, 7 vodiyni bosib oʻtish riyozati haqida keltirilgan enqislopediyadagi izohlar kitobxonga bir umid va gʻayrat paydo etishi orzusida yozildi. Biz oʻtar dunyosida bir qush, hali ta’birini bilishga ulgurmay tugaydigan tush ekanimizni anglatish uchun yozildi.

Ma’naviy majruhlik bugun har davrdagidan ham koʻproq odamzodni oʻzligidan uzoqlashtirmoqda. Eng zoʻr psixologlarni izlab, ruhimizga xotirjamlik axtaryapmiz. Ammo oʻtmishimizga yaxshiroq nazar solishimiz lozimki, shunda koʻngillarda uygʻoqlik boʻlib, rabboniy ma’rifat, rahmoniy latofat eshiklari ochiladi. Odamzod, nabatot, hayvonot hammasi bilan munosabat ogʻir boʻldi. Ayniqsa, abadiyat, oxirat dardini tirikchilik tashvishiga almashtirilishi adabiyotning fojialaridan biridir. Bilmaymizki, Haq bilan, Xoliq bilan oramizni tuzatishimiz lozim, shunda xalq bilan barchasi oson kechadi. Bedor tunlar Navoiyni oching va oʻqing:

Ilohi, ul uzun yoʻl va qatigʻ vodiyda inoyating bila yoʻlla va aning qat’ida ayogʻim toyilsa, dastgirliging bila qoʻlla.
Ilohi, gʻaflat uyqusidamen, bedor qil va jaholat mastligidamen, hushyor qil.
Ilohi, toatinggʻa havasim bor, ammo nafska zabunmen, ibodatinggʻa multamasim bor, ammo giriftori ishqu jununmen.
Ilohi, beiloj dardgʻa alil qilma va bemuruvvat nomardga zalil qilma.

Ushbu munojotning tugʻyonli nafsga sakinat berishi, Odam avlodlari uchun mutmain bir ruhga erishishi ensiklopediyada ta’kidlandi. Vujud xastaligi tabib bilan, ruh xastaligi habib bilan, deydi mashoyixlar. Habiblarning sarvari habibulloh Muhammad Mustafo ekanligini Navoiy “Ma’nolar xazinasi”ning soʻnggi devoni oxirgi gʻazalidagi:

Sening madoyihi na’tingda, yo Rasululloh,
Tamom boʻldi Navoiy takallumi poki.

bayti ma’nolarini sharhlash bilan tushuntirildi. Nafs tarbiyasidagi fano qaygʻusi va baqo qoʻrquvi, insoniyat abadiyat hayoti imtihonida ekanligi “Foniy devoni” orqali yana bir bor eslatildi. Xullas, ham turkiy dunyoni yakqalam etgan shoir, ham saltanat tinchligiga sababchi arbob Nizomiddin Alisher Navoiy shaxsiyatiga, shoiru amirning mushtarak ruhiyatiga hayronligimiz hassosiyati va muhabbati bilan maqolalar yozildi.

Albatta, gapiradigan gap koʻp, ammo qomusda biz bilmay oʻtgan kamchiliklari, xatolaridan uzr soʻragan holda yana bir haqiqatni aytmoqchiman. Bu qomusda ilmiy-irfoniy tahlillari bilan navoiyshunoslikni yangi bir pogʻonaga koʻtargan, toʻgʻri bir oʻzanga yoʻnaltirgan ustoz Ibrohim Haqqulning nafasi, Ibrohim Haqqulning ruhi bor. Ustoz ilmiy merosining aslida hech qanday ta’rifu tavsifga ehtiyoji yoʻq. Ibrohim Haqqul yassaviyshunos, boburshunos, ogahiyshunos, choʻlponshunos. Bu qatorni yana davom ettirish mumkinligi ham Ustoz muhiblari va shogirdlarining koʻpligiga sabab boʻlgan. Ammo Ibrohim Haqqul nomi zikr etilganda, avvalo, navoiyshunos degan e’tirof keladi. Darhaqiqat, Ustoz nafaqat turkiy, balki jahon adabiyotining eng mahobatli qasrlariga safar etadi. Biroq qaytadigan manzilu makoni aniq – bu Alisher Navoiydir. Navoiy ijodi va hayotiga bagʻishlangan tadqiqotlarining mavzu koʻlamini sanashning oʻziyoq ulkan tadqiqotni talab etadi. Turkiy millatning eng buyuk murabbiyi Navoiy saboqlaridan butun insoniyat bahra olishini istagan ustoz Ibrohim Haqqul rahbarligida amalga oshirilgan oʻnlab ilmiy tadqiqotlar ham bevosita Navoiy hayoti va ijodi bilan bogʻliq. Adabiyotshunos Bahodir Karim aytganidek: “Ibrohim Haqqulni unutmasligimiz kerak”. Ma’lumingizkim, domlaning “Kamol et kasbkim…”, “Zanjirband sher qoshida” kitoblari qayta nashr qilindi. Bu kitoblarni men oʻqib turdim, ustoz tahrir qildilar, deyarli, oʻzgarish boʻlmadi. Ammo domlaning hali niyatlari koʻp edi. Men Ibrohim Haqqulning muhiblariga bir xushxabarni yetkazmoqchi edim. Siz ustozdan kutgan kitoblaringizdan biri yaqinda nashrdan chiqadi. Biz bandamiz, taqdirga taslim boʻlsak-da, tadbir izlaymiz. Men ustozni uzoq yashashlarini istadim. Va oʻzimcha qarorlar, tadbirlar qildim. Domla uchun, mening nazarimda, eng zavqlisi ijod edi. Ishga oʻtirganda hamma narsani unutardi.. ogʻir betob boʻlganlarida hammalaringizga ma’lum, Tafakur jurnalida bir qismi chop etilgan Tasavvuf lugʻatini tartibga keltirib olib bordim. Tasavvuf lugʻatlari bilan solishtirib, yana 100 dan ortiq istilohni kiritish maqsadida yozib chiqqanman. Domla shuni chiqaraylik dedim. Domla xursand boʻldilar. Men oʻqishni boshladim, domla eshitib tahrir qilardilar. 10 betlarcha oʻqiganimdan soʻng: “Toʻxtang, charchadim” dedilar. Sal oʻylanib turdilarda, “Endi bunday qilamiz: buni oʻziz tahrir qilasiz, qolganlarini yozasiz, ikkalamizni nomimizdan chiqarasiz” dedilar. Men Ibrohim Haqqul va oʻlimni hech yonma-yon qoʻymaganman. Shu bois domladan ranjidim. Domla, meni sinayapsizmi, Sizni nomiz bilan yonma-yon nomimni qoʻyishim mumkinmi, xullas har narsa dedim. Yoʻq, deb domla qayta-qayta vaziyatni tushuntirdilar. Shundayam yoʻq, Oʻziz yozasiz, man yordam beraman, deb turib oldim. Oxiri domla: “Boʻlmasa, alohida kitob qilmaymiz, biror kitobni oxiriga kiritamiz” dedilar. Domla bilan uzoq suhbatlashdik. Domlani uylaridan har xil xayollar bilan chiqdim. Domlani ishonchlaridan koʻnglim togʻday koʻtarildi. Ammo xastaliklarini judayam his qildim. Yana nafsimga: “havolanma, domla birov bilan kitob chiqarishni yomon koʻrardilar”, deyapman. Shogirdlari kubroshunos Aziza Bektoshga telefon qilib, voqeani aytdim. U jon oʻrtogʻim, tabiiy: “Domla sanga ishonadilar, boʻlmagʻur xayollarga berilma” deb yuragimni koʻtarib, ishonch berdi. Keyin domlaning shogirdlarga: “domlani mazalari yoʻq, boringlar, hatto kitobni tahrir qilishni orqaga qoʻydilar” deb aytdim. Bu yerda talabalar bor. Men buni bir ibrat uchun aytyapman. Avvalo, ustozlarga bir hurmat, muhabbat, sadoqatlaringiz boʻlsin. Xayollaringizda ham bir xoinlik boʻlmasin. Manfaat uchun, mansab uchun ustoz tutmang. Domlanikiga oʻsha kun bormaganimda, oʻzlarining istaklari, talablari boʻlmaganda men u ishni davom ettira olmasdim. Hozir yana 100 dan ortiq istilohga izoh yozildi, hali davom etmoqda. Ustoz istaganlaridek: “TASAVVUF: ISTILOH VA IZOH” nomi bilan, Xudo xohlasa, nashr etish niyatimiz bor…“Ibrohim Haqqul – hozircha bitta. U bundan keyin ham bitta boʻlib qoladi. Zero, haqiqiy shoirlar ham, haqiqiy olimlar ham bitta-bitta boʻlib dunyoga keladilar. Lekin oradan vaqt oʻtishi, yangi avlodlarning yetishib chiqishi va shakllanishi bilan Ibrohim Haqqulning shogirdlari orasidan ham Ibrohimlar yetishib chiqadi. Balki ularning bitta-yarimtasi ham uning darajasiga koʻtarilar. Lekin shunda ham u bitta Ibrohim Haqqul boʻlib qoladi, — degan edi akademik Naim Karimov.

Darhaqiqat, Ibrohim Haqqul oʻzbek adabiyotshunosligining zanjirband sheri, kafanini yelkasida koʻtargan bir eri edi. Ibrohim Haqqul haqiqatiga yetish, ustozning millat, adabiyot dardi bilan dardlanish qiyin. Ibrohim Haqqulni faqat sogʻinish mumkin…

Ey adabiyot ahli! Ibrohim Haqqul oʻlmadi. U tutgan qalb qalamining siyohi hali bitmadi! Allohning marhamati bilan hali Ustozning jonsoʻz tahlillari, darslik-qoʻllanmalari oʻzligini izlayotgan huzunli qalblaringizga huzur baxsh aylab, avlodlar tarbiyasida yoʻllarni munavvar etadi…

52

(Tashriflar: umumiy 41, bugungi 43)

Izoh qoldiring