1994 йилда ёзилган «Соҳибқирон набираси» номли тарихий қиссамдан олинган «Боязид билан жанг» сарлавҳали бобни бир ойча олдин сизга кирилл алифбосида тақдим этган эдим. Ўнлаб турк олим ва ёзувчи дўстларим менга мурожаат қилиб ушбу бобни лотин алифбосида ҳам эълон қилишни сўрадилар. Бугун — 28 июль куни Амир Темур билан Султон Боязид ўртасида юз берган Анқара жангига 610 йил тўлади.Мана шу тарихий санани эслаш баҳонасида уларнинг илтимосини адо этаётганимдан мамнунман.
Хуршид Даврон
БОЯЗИД БИЛАН ЖАНГ
(«Темурбек билан Улуғбек» қиссасидан боб)
Биз энди турк халқлари тарихининг аламли саҳифалари бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя бошлаймиз…
Шом юриши зафар билан тугагач, навбат усмонли турклар султони Боязид билан жанг қилишга етган эди.
Усмонли турклар кимлар эди? Улар ҳам Турон заминида яшаган саха (сак) қабилаларининг авлоди, улар ҳам тарихда ўчмас из қолдирган Қанғ давлатини барпо этган ғарбий туркларнинг насллари эдилар. Буюк салжуқийлар давлати уларнинг қудрати ва иродаси билан тикланган эди.
1219 йили туркнажод Чингизхон галалари Турон мулкига бостириб кирганда эллик минг ўтовли қанғли уруғи Кабихон (Киё Алпхон) бошчилигида Рум мулкига қараб йўл олди.
Маълум вақт ўтгач, уруш оловлари сўнганига ишонган Кабихоннинг ўғли Сулаймон бошлиқ турклар ўз она юртларига қайтмоқчи бўлдилар. Аммо Фурот дарёсини кечиб ўтаётганда Сулаймон сувга чўкиб ҳалок бўлди. Унинг ўғли Эртўғрул тўрт юз ўтовли уруғини йўлдан қайтариб, Арзирум атрофларини ватан қилди.
Мўғул босқини туфайли ғарбга чекинган салжуқийлар Кичик Осиёдаги Византия империяси ерларини босиб олиб, Куния султонлигини тузган эдилар. Султон Алоуддин Қайқубод замонида (1219 1236) султонликнинг энг гуллаган мавсуми бўлди. (Ўрнида айтиш жоиз, Самарқандда туғилган, Балхда вояга етган, Румда камолга етган буюк мутафаккир ва мутасаввиф мавлоно Жалолиддин Румий шу даврда яшаб ижод қилганлар).
Уста ва жасур саркарда бўлган Эртўғрул ўз фаолиятини дастлаб ён-атрофидаги уруғлар ерларини босиб олиш билан бошлади. Кейин Куния султони Кайқубоднинг Чиғатой бошлиқ мўғул қўшини билан жанг қилаётганини эшитгач, Қайқубодга ёрдамга шошилди. Алоуддин Кайқубод унинг бу хизматини унутмади, мўғулларни султонлик сарҳадидан қувиб чиқаргач, Эртўғрулга Эскуд, Қорачатоғ, Томанчи ерларини тортиқ қилиб, уни ўз қўшинига қўмондон этиб тайинлади. 1272 йилда тўқсон ёшга етган Тўғрулбек оламдан ўтди. Қайқубод унинг ўғли Усмонни отаси ўрнига тайинлади. Вақт ўтиб, Куния султонлиги Эрондаги мўғул ҳукмдорлари – хулокуларга тобе бўлиб қолган бўлсада, Усмон отаси ва ўзи янги-янги мулклар эвазига кенгайтирган беклик мустақиллигини сақлаб қолди. Бу беклик Усмон Ғозий замонида қувватга тўлгани сабабидан у Усмонли давлати номини олди.
Биз ўз қиссамизда Улуғбек мирзо болалиги ҳақида ҳикоя қилар эканмиз, у келажакда нафақат фалакшунос олим, шу билан бирга муаррих бўлиб етишганини айтиб, «Тарихи арбаъи улус» («Тўрт улус тарихи») китобида Усмонлилар ёки Оли Усмон (Усмон хонадони) ҳақида ҳам маълумот берганини таъкидлаймиз. Улуғбек бу сулола ҳақида шундай ёзган эди: “Тарих ва хабарлар муҳаққиқлари наздида шул муқаррарки, Ўғузхон Султон Усмонхоннинг ўн бешинчи бобосидир. У охир султонлардан бўлиб, Чин ибн Ёфас алайҳиссалом авлодларидандир… Ўғузхон қадимги бобоси бўлиб, Турк ибн Ёфас алайҳиссалом авлодидандир. Усмонхон аждодлари исмлари ҳазрати Ёфас алайҳиссаломгача тубандаги тартибдадир:
Усмонхон ибн Эртўғрул ибн Сулаймонхон ибн Киё Алпхон ибн Қизил Буғахон ибн Бойиндурхон ибн Ойқутлуғхон ибн Турғорхон ибн Қилтунхон ибн Байсабқурхон ибн Боқи оға ибн Савузғорхон ибн Тўктемурхон ибн Бойсуқхон ибн Кўк Алпхон ибн Ўғузхон ибн Бойсубхон ибн Ялвожхон ибн Бойбукхон ибн Тўғрульхон ибн Ойтуғмишхон ибн Кужангхон ибн Ортуқхон ибн Қасорихон ибн Бектемурхон ибн Туркисхон ибн Ямоқхон ибн Қизил Буғахон ибн Ямоқхон ибн Бойбуғахон ибн Тўғрулхон ибн Қойихон ибн Жамукхон ибн Бойсурхон ибн Тўғрулхон ибн Севинчхон ибн Куртилмишхон ибн Жорсуғахон ибн Қаражархон ибн Бойчуқхон ибн Амудхон ибн Кумушхон ибн Қораўғлонхон ибн Сулаймонхон ибн Қурчилхон ибн Қўрбуғхон ибн Бойтемирхон ибн Қуйхон ибн Макри Юманишхон ибн Макри Қуйхон ибн Мочинхон ибн Чинхон ибн Ёфас алайҳиссалом ибн Нуҳ алайҳиссалом”.
1301 йили Усмон Византия қўшинини Никодемия билан Никея оралиғидаги манзилларнинг бирида яксон этгач, қисқа вақт ичида Мармара ва Қора денгиз бўйларидаги мулклар усмонлилар томонидан забт этилди.
Қадим булғор солномаларининг бирида қуйидагиларни ўқиймиз: «Усмоннинг вориси Ўрхон бўлди ва у отасининг ишини илгари сурди, душманларини кетма-кет мағлуб этиб, юнонлар мулкидаги Бурса шаҳрига етди. У шаҳарни қамал қилди ва ўғли Улуғ Мурод билан фатҳ этди. Бурса усмонлилар мулкининг пойтахтига айланди. Ўрхон 1362 йили оламдан ўтди, тахтни ёш Мурод эгаллади».
Мурод катта қўшин билан булғор ерига ҳужум қилмоқ учун юнонлар заминидаги сон-саноқсиз кемалар билан қўриқланган кўрфазга келди. Византия императори Кантакузин кўрфазни мустаҳкам қўриқлаш учун асосан кемаларга таянар эди. Аммо тез орада кемаларни ёлғиз ўзи озиқ-овқат, қурол-аслаҳа билан таъминлаёлмаслигини англаган Кантакузин аркони давлати билан келишиб, Тирновода турган булғор шоҳи Александрдан ёрдам сўради. Булғорлар юнонларни масхара қилиб, улар йўллаган элчиларни қувиб юбордилар. Кантакузин серб ҳукмдорларига йўллаган элчилар ҳам шундай бадном этилиб ҳайдалди. Бу ҳақда эшитган Кантакузин «Ҳали бу қилмишингиздан пушаймон бўласиз, аммо ўшанда кеч бўлади!» деб булғорлар билан сербларга мактуб ёзди. Аммо улар пинакларини бузмай: «Турклар келишсинчи, ўшанда кўрамиз», — деб жавоб бердилар. Шундан кейин тақдирга тан берган Кантакузин Мурод билан сулҳ тузиб, Галлиполи кўрфазини туркларга топширишга мажбур бўлди. Трапезундия императори ҳам туркларнинг кўп эшкакли қайиқларидан фойдаланиш ҳақидаги сўровини рад этишга ботинолмади ва турклар қўшини Оврупо қитъаси томонга хотиржам ўти олди. Мурод Ғозий дастлаб булғорларни, кейин сербларни мағлуб этиб, уларнинг ерини босиб олди. 1366 йилда усмонлилар пойтахтни Бурсадан Болқон ярим оролидаги Андриаполга кўчириб, шаҳарга Эдирне деб ном қўйдилар.
Косово шаҳрида шаҳид бўлган Мурод ўрнини Боязид эгаллади (1389). У отаси ҳалок бўлган куниёқ тахтни эгаллаш йўлида ўз биродари шаҳзода Ёқубни қатл эттирди.
Боязид жангчи боболари шуҳратини ошириш йўлида тиниб-тинчимади. Кўп ўтмай шиддатли ҳужумлар туфайли у замондошлари орасида Оврупою Осиёнинг бутун-бутун мамлакатларини ёқиб юборган чақин – «Йилдирим» номини олди. 1396 йили у Можаристон қироли Сигизмунд бошлиқ бутун Оврупо ўлкаларидан йиғилган салбчилар қўшинини яксон этди. Никопол яқинидаги бу жангда Оврупонинг энг машҳур рицарьлари Боязиднинг шиддатини тўса олмадилар: асир олинган граф Наварский ва йигирма тшрт овруполик шаҳзода ўлжа сифатида ғолибнинг орқасидан эргашишга мажбур бўлдилар. Бутун Оврупо давлатлари икки юз минг олтин миқдорида пул йиғиб, ўзининг шаҳзодаларини қутқариб олишга эришди.
Никопол ғалабасидан сўнг Боязид Византия империясининг сўнгги парчаси – Константинополни қамалга олди. Амир Темурнинг усмонлилар давлатининг шарқида пайдо бўлишигина Константинополни ҳалокатдан қутқариб қолди. Боязид талаби билан Византия императори Маниуил ўлпон тўлаб туриш ҳамда шаҳар бир турк маҳалласи ва масжид барпо этиш, мусулмонлар билан румликлар орасида ўртага чиқадиган можароларни исломий ҳуқуқ асосида кўриб чиқиш учун бир қози тайинлаш шартларига рози бўлди. Бу воқеалар Амир Темурнинг Шом юриши пайтида бўлиб ўтди.
Боязид кучли ва жасур рақиб эди. Амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтишдаёқ, Боязиднинг Оврупо ва Осиёда қучган шонли зафарлари ҳақида беш йиллик юриш (1392 1397) пайтида эгаллаган мулклари: Гуржистону-Арманистон, Ироқу-Шом, Озарбайжон ва Бағдод халифалигига эгалик қилишга даъволик қилаётгани ҳақида эшитган, хуллас Боязидга Рум ҳудуди торлик қилаётганини англаган эди. Оврупою Осиёнинг катта қисмига ҳукмдорлик қилган бу салоҳиятли саркарда билан куч синаш тақдирида битилганини англаган Амир Темур шошилмай иш тутди. Боязид Византия қамали билан овора бўлган бир пайтда у Шом юришини бамайлихотир амалга оширди. 1401 1402 йиллар қишини Қорабоғда ўтказаркан, қўшинга дам бериш билан баробар бўлажак юришни ипидан-игнасигача пухта ўйлади. Икки қудратли куч: темир билан йилдирим бир-бири билан тўқнашувга ҳозирланар экан, дунё таҳлика ичида қолиб, тўқнашув қандай натижа билан тугашини кутар, испан, фаранг ва овруполик бошқа ҳукмдорлар аллақчонлар элчиларини ҳозирлаб, бўлажак ғолибни қутлашга шай туришар, воқеалар қай ҳолда якун топишини билмай талвасага тушган майда ҳукмдорлар гоҳ Боязид тарафга, гоҳ Темур томонга қочиб ўтишарди.
Икки йил бурун Темур билан Боязид ўртасида бошланган мактуб ёзиўмалари авжида эди. Шом юришида экан, Темур яна бир мактуб жўнатган ва Боязиддан ўзига итоат қилишни талаб қилган эди. Бунга жавобан Боязид «Ким-кимга тобе бўлишини жанг ҳал қилсин, мен жангга тайёрман», — маъносида жавоб берди. Амир Темур эса яна мактуб йўллаб, ўзаро иттифоқ бўлишса кофирларга қарши Ислом куч-қудратини оширажагини айтиб, агар Боязид ўғилларидан бирини ўз ҳузурига омонат тарзида юборса, йўлланган хилъатни қабул қилса, Румга юриш қилишдан қайтажагини билдирди. Амир Темурнинг бу сўзларини Боязид кескин равишда рад этди.
Бу музокаралар кечар экан, Мовароуннаҳрдан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшин етиб келди. Боязид ҳам ўзига тобе юртлардан қўшин тўплаш билан машғул эди.
Қиш ўтиб, баҳор келиши билан Қорабоғда ўтказилган қурултойда Боязид устига юришга қарор қилинди. Худди ўша кунлари Амир Темур Чин (Хитой) императори – Фағфури вафот қилгани ва у ерда ҳокимият талашиш бошлангани хабарини олди. Чин устига юриш пайти етганини билсада, аммо ўз манзилини тарк этса, янги забт этилган мулклар Боязид томонидан босиб олинишини билгани учун у турк султони билан жанг қилишни маъқул топди. У Боязидга навбатдаги мактубини йўллаб, ундан қуйидаги беш шартни қабул қилишини талаб қилди:
1. Вассали бўлмиш Арзинжон амири Таҳартонга (Мутаҳартенга) тобе Камах шаҳрини яна ўз эгасига қайтариш ва Камахни босиб олган пайтида қўлга олинган Таҳартон оиласини озод қилиш.
2. Шаҳзодалардан бирини ўз ҳузурига омонатга юбориш.
3. Тобелик белгиси бўлган кулоҳ билан камарни қабул қилиш.
4. Онадўли бекларидан тортиб олинган ерларни (Ойдин, Сарухон, Манташа, Кермиян, Теке, Ҳамид ўғиллари ва Чандарўғиллари бейликлари назарда тутилган) яна эгаларига қайтариш.
5. Қорақуюнлилар раиси Қора Юсуфни банди қилиб, ўзига юбориш.
Амир Темур бу талабни қўяр экан, султон Боязид қўл остида бирлашган бекларни ўз томонига ағдариб олишни мақсад қилган эди. Бу талабларини эшитган беклар Боязиддан совишларини у яхши фаҳмларди. Амир Темур ҳар бир ҳарбий тадбир тақдирини аввал ақли билан, шундан кейингина қилич билан ҳал қилишни мақбул кўрарди. Амир Темурнинг бу фазилати ҳақида усмонли туркларнинг ХХ асрдаги буюк фарзанди Мустафо Камол Отатурк шундай деган эди: «Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб-китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрарди. Масалан, у Анқара жангида қозонган ғалабасини Боязид Йилдирим билан унинг вассаллари ўртасига ихтилоф солиш билан олдиндан таъминлаган эди. У ғалабага ақли билан эришди».
Амир Темурнинг талабларини эшитган Боязиднинг ғазаби қўзғалди, ўйлаб иш тутишга маслаҳат берган вазири аъзам Али пошшога: “Ҳали шарафимиз ҳам, кучли қўшинимиз ҳам бор, шундай экан, тобе бўлиб яшамасмиз! – деди. Сўнг у Амир Темурни назар-писанд қилмаслигини кўрсатмоқчи бўлгандек, Турон султонига армуғонлар жўнатди. Аммо у жўнатган тортиқлар сони туркийларга хос тарзда тўққизта эмас, ўнта эди. Боязид тортиқлар билан баробар мактуб ҳам жўнатган, унда турк султони ўз исмини катта ҳарфлар биланбитган ҳолда, Темурнинг исмини кичик ҳарфлар билан ёздирган эди. Бир-бирини ҳақорат қилишдан сўнг ҳар икки томон ҳаракатга келди. Ҳар икки ҳукмдор бир-бирларининг муносиб рақиб эканликларини яхши англашар, аммо ҳеч қайсиси паст келишни истамасди.
Амир Темур набираси амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшинни Камах устига юборди. Тахт валиаҳди ўн икки кун ичида шаҳарни эгаллаб, бобосини қувонтирди. Шундан кейин Амир Темур Сивасга келиб тўхтади. Шу ерда туриб хуфияларни ишга солди – усмонлилар давлати ҳудудида ва Боязид қўшини ичида юзага чиққан вазият, ҳар бир ҳаракат ҳақида батафсил маълумотларни тўплади. Йилдирим эса қўшинларини жамлаб, Темурга қараб ҳаракат бошлади.
Ҳикоямизни шу ерда тўхтатиб, Улуғбек мирзога қайтайлик. Саккиз ёшга тўлган амирзода уғруқда, бибиси Сароймулкхоним билан устози Ҳамза тарбиясида эди.
Мурғаклиги сабабли ҳали жангу-жадалда қатнашиш ҳуқуқини олмаган набира жаҳонгир бобосига қанча ялинмасин, уғруқда қолдирилган эди. Замонлар ўтиб, кўп қиссагўй ровийлар Улуғбек мирзони ҳам румликлар билан жангда қатнашган қилиб, чўпчакнамо қиссалар битадилар. Бу қиссалар чўпчакнамо бўлсада, уларда Рум юриши ҳақида қизиқ маълумотлар учрайди. Мана шундай қиссалардан бирини сизга ҳикоя қиламан:
“…Амир (Темур) элатдин нома юбормоққа элчи талаб қилдилар. Номани Иноқ вазирга бериб, кенгаш қилдилар, беклар Мироншоҳни талаб қилдилар. Амирдин жавоб бўлмади. Андин сўнг Шоҳруҳ мирзони талаб қилдилар. Амир «Бу доим жанг талаб», — дедилар. Сўнгра Умаршайхни арз қилдилар. Амир айтди: «Мунга китоб ўқимоқдин ўзга иш бўлмас». Сўнгра Султон Муҳаммад тўрани айтдилар. Амир (Темур): «Бу шаробни яхши кўрар», — дедилар. Барчалари айдилар: «Бу хизматни уҳдасидин Мирзо Улуғбекдин ўзга киши чиқолмас, чораки кичик бўлса ҳам, улкансифатдур, фитратлик, ҳар ишга етук, кўб туйғундур, бу ҳар ишга лойиқ, барча нимарсага боб», — дедилар. Анда Мирзо Улуғбек Мағриб вилоятига ҳоким эрди, анга тезлик бирла келсун, деб хат ёзиб юбордилар. Андин сўнг Амир Соҳибқирон Миср узра ҳоким қўюб, Олабоғ сариға келди. Шоҳруҳ тўра отасин мулозаматида бўлди, амир андин кўб хурсанд бўлдилар. Бу сўз мунда турсин, эмди икки калима сўзни Қайсардин (яъни султон Боязиддан) эшитмак керак.
Қайсар то ўғли боргунча бўлмай, бир юз етмиш кишини бошлиқ қилиб, аларга вазири аъзам Темуртошни (аслида Темуртош бекларбеги бўлган) амири аскар қилиб юбордилар. Тўрт сон киши денгиз каби ошиб-тошиб йигирма кунда Олатоғ бағрига еттилар. Бу ғавғоларни дангқини (донғини) Миср аҳли эшиттилар, филҳол Миср ҳокимидин Амирға хабар келди. Амир Соҳибқирон тахти салтанат узра бекларга кўринушда эдилар.
…Амир Соҳибқирон анда айдилар: «Кимдур Темуртошга қўшун била бориб, муқобил бўлғай?» Анда беклардин етти киши ўрнидин туруб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Аввал Суюрғамишбекким, Чингизхон насли эрди, иккинчи Ҳинд Хожа қушбеги, учунчи мирзо Саъдиддин Ваққос, тўртунчи мирзо Муҳиддин, бешинчи мирзо Инжил, олтинчи Олтмишбек, еттинчи амир Баён Сулдуз. Анда Амир Соҳибқирон айдилар: «Илғор боши Суюрғамиш бўлсун, агар бу ҳалок бўлса, Мирзо Саъид Ваққос бўлсун, бу ҳалок бўлса, мирзо Муҳиддин, бу ҳалок бўлса, Мирзо Инжил, бу ҳалок бўлса Олтмиш баҳодур, бу ҳалок бўлса, Баён Сулдуз бўлсун, бу ҳалок бўлса, Ҳинд Хожа илғор боши бўлсун!»
…Темуртош англадиким, мўғул бекларидин етти киши кўб-кўб аскар олиб келурмиш, деб. Бирдан карнай-сурнай табали жанг қоқтилар. Темуртош аскари андоғ кўб эрдиким, етти юз туғ байроқлари бор эди. Бу тарафдин чангу-тўзон кўрунуб, Амир Соҳибқирондин етти аскар бориб, саф тузаттилар. Нақора, баробанларни икки аскар жойлариға тортиб бориб, жангга муқаййид бўлдилар. Суюрғамишбек Амир Соҳибқиронни сўзиға амал қилиб, бири ўлса, бирини ўрниға ўлтурмоқ бўлуб, ул кун байроқларини кўтардилар.
Аммо ул тарафда тўрт минг тўфанчи Темуртош жиловинда эрдилар. Бирдан юз етмиш карнай, барабан чолдилар. Филҳол, иккала қўшун аралаш бўлуб, андоқ қирғин бўлдиким, бу ҳангомаларни Амир (Темур) лашкарлари кўруб, ўзга ўрунгға қоча бошлади. Қазо мешкоблари сув ўрниға қизил қон соча бошлади. Биров болта, биров қўлинда найза, биров қўлинда қиличи бировни қорни ёрилғон, бирови қизил қонга қорилғон, бировни суяги цинган, бировни оёғи цинган, бировни бағри тешилган, бировни кўзи тешилган, биров жон бермоқда, биров қон тўкмоқда, биров от чопар ғириллаб, бирови отдан йиқилур дириллаб, биров қилич силтар шириллаб, биров айланур гириллаб, биров қочқай фириллаб, биров йиқилар чолқайиб, биров ағанар қолқайиб, биров қолар шолпайиб, биров ётар ялпайиб, биров юрур оти ўйнаб, биров ётур тилин чайнаб, бировни юраги қайнаб, бировни кўнгли айнаб. (Ўзбак бирла Рум қони денгиздек тошиб, ғавғо ҳадиддан ошиб, бир кеча-кундуз уруш бўлуб, Суюрғамишбек майдонда ёлғиз қолибдур. Румийлар келиб, бекни қўлин қалам қилдилар. Андин сўнг байроқни бу қўлиға олди. Яна бу қўлин ҳам қалам қилдилар. Байроқ ерга тушти. Барча билдилар. Бекбача ўлдилар, деб майдондин бошин олиб кеттилар. Анинг сўнг мирзо Муҳиддин келди, ул ҳам шаҳодатға етти. Яна Баён Сулдуз келди, ул ҳам ҳалок бўлуб, ўрниға Инжил келди. Ул ўлуб, ўрниға Олтмиш баҳодур келди. Анинг ўрниға Хўжа қушбеги келди. Ул кун икки тарафдин баҳодур йигитлар ҳалок бўлдилар…
…Мўғул бекларини бошини румийлар найзаларга санчиб олди. Анда Ҳинд хожа қушбегидан ўзга киши қолмаб эрди. Аммо Соҳибқироннинг бир неча қул ва ғуломлари келиб, анинг атрофида бўлдилар. Аларни баъзиси «Қочайлик!» дедилар. Қушбеги айди: «Қариндошлар, барчаси ўлубдур, бизларни қочмоғларимиз яхши эмас. Амир Соҳибқиронға нима жавоб берармиз?!»
Алқисса, румийлар бирдан «Аллоҳу акбар!» деб от қўйдилао. Ўзбекларга хатар, румийларга зафар бўлуб, ўзбаклардин бир нечалари ўлуб, кўблари қочиб, майдонда қушбеги ёлғиз ўзи қолди. Муни кўруб, Темуртош мулозимларига: «Бу баҳодурни тирик тутуб келтурунглар, андин сўз сўрайлик», — деди. Ани румийлар тутиб олмоқға ҳаракат қилиб эрдилар, ёлғиз майдонда жавлон кўргузуб, кўб-кўб румийларни ҳалокат рутбасига солди, ала ҳазалқиёс, уруш тамоми ўн бир кун бўлди. Охирги куни отини милтиқ била уруб йиқиттилар, яёвлиғ ҳолида неча-неча кишиларни вужуд шаҳристонидин адам чўлистониға юборди. Охир бўлмади. Боғлаб олиб, вазири аъзам Темуртош қошиға келтурдилар. Вазир айди: «Сен қандоғ кишисан?» Қушбеги айди: «Соҳибқироним қули бўлурман». Яна вазир айди: «Нечук мунча ўзунгни ҳалокатға солурсан?» Қушбеги айди: «Амир Соҳибқирон хизматида тирикликдин ўлмакни афзал билурмиз». Вазир айди: «Амир Темурни сендан ўзга хизматчилари борми?» Ҳинд Хожа айди: «Қулларин ичида ярамас, ақли пасти мендурман…». Вазири аъзам ҳайрат бармоқин тишлаб айди: «Бу афъол сизларда бор, албатта, Рум халқи сизларға тобе бўлса керак». Қушбеги айди: «Тез бўлғил, мани ҳам ўлдургил, қардошлар фироқида юрак бағрим кабоб бўлубдур». Вазир ҳарчанд насиҳатлар қилдики, «Сенга шоҳона хилъатлар бериб, Амир Темур олдиға юборайин», — деди, қабул қилмади. Айди: «Эй вазири акбар, мени қўюб юборсанг, бир кунда билғил, мен сени ҳалок қилурман». Анда Темуртош ноилож Ҳинд Хожани қатлга буюрди. Андин сўнг Рум сипоҳлари Сувос мавзеъини ёқасига бордилар.
Эмди икки калима сўзни Амир Соҳибқирондин эшитмак керакки, Олабоғ бағрида эрдилар. Қанча киши ўзбаклар қочиб, Амир Соҳибқирон қўшунлари ичра кириб қўшулди. Кўрган-кечирганларин Амир Соҳибқиронга баён қилдилар. Анда ўзбак бекларин барчаси ҳозир эрди. Амир айдилар: «Иншооллоҳ таоло, тонгла Темуртош қошиға аскар юборурман. Сипоҳларим ичра яхшиси бордур, анинг эътиқоди ҳам барчадин яхшидур. Ман ҳам ани барчадин яхши кўрарман, албатта Темуртошга зафар тобса керак», — деб ҳараға дохил бўлдилар. Ул куни кечқурун жамъи тўралар келиб, Иноқ вазирга ҳар қайсилари айдилар: «Темуртош қошиға менга рухсат бўлса, борсам», — деб. Иноқтоз ул мард жонбозларга айди: «Мен билмадим. Амир Соҳибқирон ўз кўнглиға келғон ишини қилғай, тонгла кимға фотиҳа берса, ўзи билгай», — деди.
Эртаси чодир ва хаймаларни тикиб, кўринуш хонани тартиб бердилар. Анда Амир (Темур) тахт узра чиқиб ўлтуруб, ун кунғача хосу ом саломға келдилар. Беклар саллаларини бўйнилариға солуб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Амир сукутда бўлуб, қўл кўтармадилар. Ноилож, саллаларин ўраб қайтдилар. Андин сўнг тўралар бир-бир келиб, фотиҳа талаб қилиб турдилар. Алар Шоҳруҳ тўра, Мироншоҳ, набиралардин ҳам бор эрди. Амир индамадилар, ноилож алар ҳам саллаларини ўраб, ўз ўринларида қарор олдилар. Соатидин сўнг, Амир бошларин кўтариб, Шоҳруҳ тўрага қарадилар. Тўра, бул хизмат менга бўлди, деб ўрнидин туриб таъзим қилди. Андин сўрдилар: «Мирзо Улуғбек тўра қайдадур?» Шоҳруҳ тўра айди: «Тумовдур». «Келсун!» деб буюрдилар. Соатидин сўнг келиб, салом қилиб, қўлин алиф-лом қилиб, таъзим билан турди. Амир айдилар: «эй Улуғбек болам, Темуртош бошиға бормоқға қувватинг етарму?» Улуғбек тўра айди: «Амри ҳумоюнинғиз бўлса, сипоҳларимни назарингиздан ўтказсам-ўткурсам».
Соҳибқирон буюрдилар: «Келтур!» – деб. Андин кейин Амир қошларидин тартиб бирла кўб-кўб жамўа кўрук кўрсатмоқ учун жам’ бўлди. Аммо (Улуғбек) ўзин аҳли ҳукуматлариким, умаро ва вузаро ила кенгаш қилиб, ҳукамолари иш кўрсатиб, аскаридин тўрт сон кишини ажратиб, ҳар сон ўн минг кишидин бўлур, андин сўнг қирқ минг карнай, ноғора, барабан келтурдилар. Сайёдларга буюрдиким, тўрт сон абобил келтуринглар, деб. Ани турк тилида «Ёввойи қалдирғоч» дерлар. Сайёдлар айдилар: «Қалдирғочни нима қилурсиз?» Ул айди: «Керакдур!» Андак фурсатда топиб келтурдилар. Анга яраша сандуқлар тартиб бериб, сув била таомни қорлуғочларга муҳайё қилиб қўйдурурлар.
Амир Соҳибқирон: «Эй Улуғбек болам, аскаринг ичра баҳодурларни манга кўрсатгил», — деди. Анда Улуғбек аскарларга: «Соҳибқирон назаридан ўтунглар!» – деди.
Андин сўнг тўрт сон киши сипоҳгарликга ораста ва кироста бўлуб ўттилар. Аксарини оғизлари катта ва кўзлари кичик ва баъзиси ўрта бўйлук ва баъзиси узун бўйлук, қизил юзлук ва баъзилари узун соқол, баъзилари кўса, қулоқлари катта, тўғрисўз эдилар. Барча баҳодурларни икки кўзи отларни ёлида эрди. Булар ичра ҳар тоифадин бор эрди. Олдидаги ҳировуллари ўзбаклардин эрди. Яна алар Сайиди Қурайшийким, тўрт ёри нозанин, яъни чорёрлар авлодларидин ҳам бор эрди.
Андин сўнг тўрт минг ҳофизи хушилҳомларни келтурдилар. Уруш кунида ғазал ўқимоқға тайёр эрдилар… Аларнинг овозиға аскарлар масту-мустағриқ бўлуб, ўзларин жангга урар эрдилар. Яна тўрт минг кишини қўлида бели билан келтурдилар. Ул кун барчасин жам’ қилиб турфа шавкат ва ҳашамат бирла отландилар.
Амир ҳам бирга чиқиб, видўлашиб, «Сени яратқанга тошурдим», — деб қайтдилар. Бир неча кундан сўнг Рум сипоҳларига еттилар, андин кейин бир кишини жосус қилиб, аларға юбориб, хабар олдилар. Аммо кечаси бирла қанча асқарға оқ киюмларни кийгузиб, бошларида оқ салла, пешларин узун қўюб, аларни Темуртош қошиға илгари юбордилар. Анда тўрт минг киши келиб ҳандайқ қаздилар. Ул вақт Темуртош аскарлари қўшунлари ёв келганидин хабарлари йўқ, атрофға тарқалғон эрдилар. Ул кеча бирдан карнайчилар, ноғорачилар навозишга келтурдилар. Рум сипоғлари шошиб қолиб, бирин бири ўлтура бошладилар. Оқ киюмли кишилар аларга деди: «Эй Рум сипоҳлари, огоҳ ва доно бўлунглар, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур мададиға келиб эрдук». Вазир бу сўзга таажжубда эрди. Қуёш амири кўк майдонида жилва кўргузди. Вазир ёвни кўрсаким, тўрт сонга яқин келур, атрофида ҳандақ пайдо бўлубдир. «Бир кечада нечук пайдо бўлубдир?» – деб барча ҳайратда эрди. Анда тўрт минг ҳофиз такбири ташриқ айтдилар. Алар таажжуб бармоғин тишлаб, бири келиб сўрди: «Сизлар қандоғ кишидурсизлар?». Булар айди: «Рижол ул ғойибдурмиз!» Вазир айди: «Бизлардин нима иш содир бўлди, рижол ул ғойиб ўзбак мададиға келур?!» Булар айди: «Сиз халқи золим бўлурсиз, анинг учун биз ўзбаклар мададиға келдук». Вазир буюрдиким, ўқ отинглар, деб. Рум сипоҳлари бирдан ҳамлага турдилар. Улуғбек ҳам карнай чалдириб, урушмакға муқайяд бўлдилар. Яна ҳофизлар марсия ўқимакка бошладилар. Аларни тунука уйи кирпитиконга ўхшаш тикон эрди, уч кеча-кундуз жанг бўлди, тўртинчи куни хўб танг бўлдилар. Рум аскари халқа каби атрофини олғон эрди. Филҳол, нома ёздириб, бир баҳодур кишини топиб, кўб ваъда қилди: «Агар тирик келсанг, авлодингни дунёдин мамнун қилурман» – деб номани бериб юборди. Ул киши элчи бўлуб, хандакдин ўтуб, номани Темуртош вазирга келтуруб берди. Вазир очиб кўрса, дебтурким: «Эй вазир, огоҳ бўлгил, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур ёрдамига келгандурмиз, анга байъат қилмасанг, тонгла бошингда кўрарсан, абобил аскарин юборурмиз, гўё асъҳоб ул фил қиссасин эшитгандурсан». Вазир кулуб, элчини «Тўғри сўзла, ростингни айтғил!» деб қийнамоққа бошлади. Элчи асло гапирмади, охир қийнай-қийнай ўлдурдилар.
Ул кеча Улуғбек сипоҳлари зикри жаҳрияни бошладилар. Аларни қилғон зикрига еру-кўк зилзилага келди. Бу сўзни Румни халқиға данқи (донғи) кетиб, кўнгилларига ваҳми қўрқунчи тушуб эрди. Кеч бўлуб, юлдуз қарлуғочлари кўк саҳфасида тайрон қилиб, Рум қундузин юз минг найранг бирла мунҳасим (қисқа) қилдилар. Ул кеча минг-минг машъалалар ёқилди, тўрт тарафдин байроқларни жилвага келтуруб, такбир айтиб, ҳофизлар марсия ўқуб, румийларга қарши бора бошлади. Улуғбек қарлуғоч муваккилларига айтиб эрди: «Жанг қизиғон пайтида вақтида қарлуғочларни майдон ичра қўюб юборгил». Бирдан кечи бирла жангға муқайяд бўлдилар, соатидан сўнг, кеча кундузга мубодала (алмашган) бўлди. Темуртош аскари бирла Улуғбек аскарин мобайни қирқ қадам қолиб эрди, вазир кўрдиким, рижол ул ғойиб даъво қилганлар барчаси жангга муқаййид бўлубдурлар. Анда туруб, Темуртош сипоҳларин чақириб, айди: «Эй қавм, қўрқманглар, булар барчаси ёлғончидурлар». Бу сўздин сўнг, бирдан икки тарафдин от қўюб, жанг-талотум бўлуб, ғавғо қўзғалиб яроқ ва аслаҳалардин ўтлар чақилди, гўё жанг олови ёқилиб турган ҳолатда муваккиллар сандуқларни очиб, қарлуғочларни қўюб юбордилар. Рум халқи кўрдиларки, аскари абобил осмон юзин ва қуёш кўзин чигуртка каби олибдур. Аммо ул замон қиш фасли эрди. Ани кўрмаганларига кўрсатиб, барчалари қоча бошладилар. Улуғбек сипоҳлари алар қонин соча бошладилар. Муни кўруб вазири аъзам тоқат қилолмай, бул ҳам қочиб, оти балчиқға ботиб қолди. Улуғбек сипоҳлари ани тутиб, асир қилдилар. Одамлар қўрқуб, Сивос шаҳри ичра бориб бир нечалари уйлари ичра кириб ёшуриндилар. Улуғбек сипоҳлари бирла алар орқасидан қувлаб, шаҳр ичра кириб, кўб-кўб одамларни ўлдуруб, ўрдага яқин бордилар. Ул кун румийларни ақли шошиб, бир-биридин адашиб, ғавғо ғаддидин ошди…
…Ул кун Улуғбек ўрдага кириб, тахт узра қарор олди. Барча билдиким, булар бошлиғи Улуғбек экан, қошиға Темуртош вазирни боғлаб келтурдилар. Филҳол, вазирни бойлуқларин ешиб, кўб иззат ва ҳурматлар қилиб, фатҳнома ёздуруб, анга вазирни йўлдош қилиб, Олабоғ сариға, Соҳибқирон хизматлариға юборди. Вазир келгандан сўнг, Амир Темур айдилар: «Эй Темуртош, билмадимким, Қайсар кўнглиға нима ишларни йўл берур, аммо менинг аскарларимни кўрмабдур», — деб. Амир буюрдилар, тахтни тоғни устига олиб чиқдилар. Мулозимлар чодир-чанбатларни тикиб, фаррошлар ерларни супуриб, ораста ва пироста қилдилар. Соҳибқирон вазир бирла ул ерга чиқиб, атрофға хабар юбордилар. Эрон, Турон, Туркистон, Ҳиндистон, ўзбак, қипчоқ, қирғиз, қозоқ, рус , қалмоқ барчасига хабар еткуруб, неча кеча ва неча кундуз барчалари Соҳибқирон хизматларига етиб келабердилар…”
Тарихий ҳақиқатдан кўра, кўпроқ афсонага мойил бу қиссада бари бир ҳақиқат мавжуд. Бу буюк жаҳонгирнинг набирасига бўлган алоҳида бир меҳру-муҳаббати борлигини тасдиқлаган ҳақиқатдир. Қиссадаги Соҳибқирон сўзларини эсланг. У набираси Улуғбек мирзони назарда тутиб: «Мен ани барчадин яхши кўрарман», — дейди. Халқимиз орасида Амир Темур билан Мирзо Улуғбек ҳақида тўқилган кўп ривоятлар мавжуд, уларнинг деярли ҳаммасида бобо билан набира ўртасида мавжуд бўлган меҳру-оқибат алоҳида тилга олинади. Қиссамиз давомида биз бу ривоятларни ҳали кўп маротаба сизга ҳикоя қиламиз.
Олдинги лавҳаларда биз Амир Темур билан Султон Боязид ўртада бўладиган уруш муқаррарлигини англаб, бир-бирларига қараб йўлга чиққанларини маълум қилган эдик. Амир Темур Сивасда экан, турк султони вазири билан ўғилларининг шиддат билан йўл босиб, Сивасни қамал қилиш ҳақидаги таклифларини рад қилди.
Усмонлилар қўшини асосини пиёда аскарлар ташкил қилса, Амир Темур қўшинида отлиқ қисмлар кўпроқ эди. Шу сабабдан ҳам Боязид рақиби билан отлиқлар ҳаракат қилиши қийин бўлган жойда жанг қилишни маъқул деб биларди. Шу сабабдан у Сивас билан Токат шаҳарлари оралиғидаги тоғли бир манзилда ўрнашиб, Сивасдан қўшин тортиб чиққан Амир Темурни кута бошлади. Аммо Соҳибқирон турк султонининг мақсадини аллақачон фаҳмлаган, шу сабабдан у қўшинни кескин орқага қайтариб, Қайсария томонга йўналди.
Боязид ҳам қўшинини қўзғатиб, рақиби билан ортидан соя каби эргашди. Кутилмаганда Амир Темур усмонлилар йўлини тўсиш учун бурилди, аммо Боязид ҳам унинг ҳаракатини такрорлаб, орқага чекинди. Мовароуннаҳр қўшини юришни давом эттириб, Киршаҳарга етди. Бу шаҳар орқали тўхтамай ўтган Амир Темур қўмондонларига Боязид қўшинини таъқиб қилиб, Анқара томонга илдам бораверишни буюрди. Анқарага олдинроқ етиб борган Темур қалъани қамалга олди.
Қалъа ҳокими Яқуббей мудофаа ишларига бошчилик қиларди. Соҳибқирон қалъани турклар қўшини етиб келгунга қадар қўлга киритмоқ мақсадида хужумни кучайтирди. Шу билан баробар рақиби келиши кутилган шимоли-шарқ томонга хабаргир қўшинларни жўнатди. Аммо Йилдирим Боязид мутлақ кутилмаган томондан – қалъани айланиб ўтиб, жануби-ғарбда, Калажик ва Ровли томонда пайдо бўлди. Турк қўшини Чубуковадаги Маликшоҳ қишлоғи яқинида ўрнашди.
Воқеалар ривожидан ташвишга тушган Амир Темур аскарларига Анқара қалъасидан узоқлашишни буюрди. Кечаси билан Мовароуннаҳр қўшини янги манзилга кўчди. Унинг бу ҳаракатларидан хабар топган султон Боязид ўғиллари ва қўмонлари қулай фурсатдан фойдаланиб, Темур қўшинига ҳужум қилишни таклиф қила бошладилар, аммо турк султони уларга қулоқ солмади.
Аммо Темур ҳушёр эди. У кечани бекор ўтказмади. Унинг навкарлари тонгга қадар ҳар хил ҳарбий эҳтиёткорликларни амалга ошириб қўйишди: янги манзилнинг ҳар тўртала томони жуда қаттиқ кузатув остига олинган, ҳарбий муҳандислар бўлажак жангга ҳозирлик кўришар, тун қоронғисидан фойдаланиб, ўнқир-чўнқирларни текислаб, истеҳкомлар тикладилар. Чубук дарёсидан оқиб чиққан ирмоқлар устидан ҳатто филлар ҳам бемалол ўта оладиган мустаҳкам кўприклар тикладилар.
Аммо кеча ёришиб, тонг отсада, эртаси куни ҳам жанг бўлмади. Амир Темур бўлажак жангга пухта тайёргарлик билан мунтазам банд экан, бутун тадбирларни амалга оширишни тажрибали амирларига топширган, ўзи бўлса зоҳиран хотиржам ҳолда тўрт буржида туғлар хилпираган чодирда ўтириб, алломалар билан суҳбат қурди. Боязид ҳам рақибини менсимаётганини очиқ кўрсатиб қўймоқчи бўлгандек, Амир Темур кўз ўнгида катта шикор бошлади. Унинг бу ишини кўриб, Амир Темур бўлажак жангда албатта ғалаба қилажагига имон келтирди.
Анқара жанги номи билан тарихга кирган тўқнашув ҳижрий 804 йил зулҳижжа ойининг 27 куни – мелодий 1402 йилнинг 28 июльида бошланди. Жангда ҳар икки тарафдан 250 мингга яқин навкар қатнашди.
Йилдирим Боязид жанг олдидан ўз қўмондонлари олдида оташин нутқ сўзлади ва бекларидан фидокорона жанг қилишни талаб қилди. Амир Темур бўлса, қўшинлари сафга тизилгандан сўнг даргоҳида хизмат қилган ўз замонасининг улуғ шатранжчиси Алоуддин ат-Табризий билан шу қадар хотиржам қиёфада катта шатранж ўйнашга киришдики, гўё унинг олдида ҳар кунги одатий воқеа содир бўлаётгандек эди.
Жанг майдони Анқара қалъасига яқин ерда – шарқда Чубук дарёси воҳаси, ғарбда Қушчу ва Мира тоғлари, Ова дарёси, Кишлачин дараси, жанубда Жанкуртаран, шимолда Каражавиран, Қушчу тоғлари орасидаги ҳудуд бўлиб, асосий жанг Чубук дарёсидан ғарбга қараб бир фарсаҳга чўзилган Қизилчакўй дараси ўртасида кечди.
Усмонлилар қўшини қуйидаги тартибда ўрнашди: Маликшоҳ қишлоғи шимолидаги тепаликда ўрнашган марказда Султон Боязид, вазири аъзам Чандарлизода Али пошшо, шаҳзодалар Мустафо, Муса ва Иса Чалабийлар, улар олдида яничарлару азоблар тизилдилар. Ўнг қанотда султоннинг вассаллари – Онадўли беклари қўшини, қора татарлар, оқчулар, шунингдек, Серб ва арнавут (албан) аскарлари жойлашдилар. Сўл қанотда эса шаҳзода Сулаймон Чалабий қўмондонлигидаги Ойдин, Сарухон, Караси Румели қисмлари.
Амир Темур қўшини қуйидаги тартибда тизилди: ўнг қанотда Мироншоҳ мирзо билан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ амирлар, сўл томонда Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо бошлиқ амирлар ўрнашдилар. Қўшин марказида эса Амир Темурнинг ўзи турарди.
Жанг усмонлилар ҳужуми билан бошланди. Туркларнинг отлиқ қисмлари Амир Темур қўшинининг ўнг қанотига ҳужум қилдилар ва унинг орқа томонига ўтиб олиб, асосий кучларни эҳтиётдаги қисмлардан айирмоқчи бўлдилар.
Лекин бу ҳужумни Амир Темур суворийлари муваффақият билан қайтардилар, боз устига тўхтамай қарши ҳужумга ўтиб, туркларни ўровга ола бошладилар.
Усмонлиларнинг сўл қанотига қарши жанг қилган мовароуннаҳрликлар ҳам машаққат билан олға силжирдилар. Фақат сўл қанот ортидаги қора татарлар ва айрим Онадўли беклари Темур тарафга ўтиб кетгач, уларнинг олға юриши осонлашди. Боз устига Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо ота-боболаридан қолган ҳарбий ҳийлани моҳирона қўлладилар: серблар ва арнавутлар, совут кийган овруполик отлиқ аскарлар ёлғондакам қочган мовароуннаҳрлик амирлар кетидан қувиб, қуршовга тушиб қолдилар. Серблар қанчалик қаттиқ уришмасинлар, бу ердаги жанг фақат хоинликлар туфайлигина эмас, балки темурийлар ҳарбий салоҳиятининг устунлиги сабабидан Турон навкарлари ғалабасига юз тутди.
Жанг бошидаёқ ҳар икки марказ бир-бири билан мардона сўқишдилар. Яничарларнинг мардона жанг қилишлари туфайли усмонлиларнинг аҳволи яхшилангандек эди. Аммо ўнг ва сўл қанотларининг қуршовга олиниши сабабли марказдаги турк қўшинларининг иккала томони ҳам очилиб қолди. Шатранж ўйини билан банд Амир Темур жангни зийрак кузатар ва юзага келган ҳолат унинг нигоҳидан қочмади. У Ҳиндистон юришидан сўнг олиб келинган 32 филни марказдаги турклар устига ташлади. Бу тадбир марказдаги жанг тақдирини узил-кесил Амир Темур фойдасига ҳал қилди.
Вазият жиддий оғирлашганини кўрган аркони давлат султон Йилдирим Боязидга чекинмоқни тавсия қилсаларда, султон кўнмади. У қарийб йигирма йил давомида Ғарбу Шарқни ваҳимага солган қўшини бебош оломонга айланиб, бир қисми денгиз тарафга, бир қисми тоққа қараб қочаётганини кўриб турсада, ҳамон паст тушгиси келмас, мағлубият нималигини билмаган нафсонияти ҳамон баланд эди. У йилдирим темирга урилиб, парчаланганини сира тан олгиси келмасди.
Уни гапга кўндиролмагандан кейин таҳлика ичида қолган вазири аъзам Али пошшо бошлиқ бир гуруҳ қўмондонлар салтанат келажагини қутқариш мақсадида тўнғич шаҳзода Сулаймон Чалабийни олиб қочишга тушдилар. Бошқа бир беклар шаҳзода Меҳмед бошчилигидаги мингга яқин аскар билан Амосия томонга от қўйдилар. Сўнгги дақиқагача мардона жанг қилган султон Боязиднинг суюкли хотини Мария Оливеранинг иниси бўлсиш Серб деспоти Стефан Лазаревич бошлиқ овруполик муҳофизлар ҳам жанг майдонини тарк этиб, ғарб томонга йўналдилар.
Жангчилари, вазирлари, беклари ва ҳатто фарзандлари томонидан ташлаб кетилган Боязид ўзининг улкан қўшинидан жанггоҳдаги қуруқ изларгина қолганини кўриб турсада, таслим бўлишни истамай яраланган шердек қутуриб, жанг қиларди. У ёнига келиб чекинишга маслаҳат берган амир Миннатбейга аламли ва қаҳрли нигоҳини тикар экан: «Шараф билан ўлишдан ортиқ бахт борми?!» – деди. Султон Боязид ёнида икки-уч мингга яқин пиёда ва отлиқ аскар қолган эди. Улар Амир Темур навкарлари қуршовида қолган, Султоннинг ўзи ҳам қўлида ойболта ушлаб мардона жанг қиларди. Ниҳоят, у мағлуб бўлганини ичида тан олди ва қочиш учун имкон излай бошлади. Султон бир ҳовуч навкарлар билан атрофидаги ҳалқанинг гоҳ у ёғига, гоҳ бу ёғига шиддат билан ташланиб, қуршовни ёриб ўтишга уринарди.
Темур навкарлари улар устига ўқларни дўлдай ёғдиришар, султон ёнидаги асркарларнинг миқдори лаҳза сайин камайиб борарди. Қўрқувни унутганча, афтлари бужмайган Рум жангчилари мардона туриб қилич чопишар, ўз ҳукмдорлари учун йўл очишга уринишар ва шу мақсадда мардона ўлим топишарди.
Тўрт томондан тинимсиз ёғилаётган ўқлардан Султон Боязиднинг бирор ерига шикаст етмаган бўлсада, у отини икки марта алмаштирди. Учинчи от ҳам яралангач, у пиёда туриб жанг қила бошлади. Умидсиз Султон ҳадемай ўлим топишини, Амир Темурдан ўч олиш орзусига эришолмаслигини ўйлаб турган чоқда, унинг ёнидан эгар-жабдуқлари ажойиб, устига алвон ёпинғич ташланган бир оқ от чопиб ўтди. Қўрқувдан довдираб қолган от қулоқларини динг қилиб, кўзларини олайтириб, ўзини ҳар томонга ташлар, мурдаларга қоқилар, улар устидан сакраб ўтар, орқага тисарилар ва безовта кишнар эди.
Султон Боязид отни таниди: — у шаҳзода Исоники эди. Султон кендам шаҳид бўлибди, деган ўйдан иҳраб юборди. Сўнг югуриб бориб отнинг жиловидан олди ва сакраб отга минди. Ўша заҳот жонивор жиловдорнинг измига тўла бўйсунди. Султон атрофига назар ташлади. Унинг навкарлари энди қутилишдан умид қилмай жанг қилардилар, ғалаба орзуси энди уларга бегона, уларга фақат бир чора қолган эди: энди улар дунёдан умидини узган одамлар сингари фақат ўт олишни ўйлардилар ва қутуриб қилич серпардилар.
Султон Боязид отини душман устига шиддат билан бошлади. Жон аччиғида олдинга ташланган от кутилмаганда ҳалқани ёриб ўтиб кетди. Султон отни аямай қамчилар экан, ортидан қувиб келаётганларнинг ҳайқириқларини эшитди. Аммо Боязиднинг кўнглида яна умид уйғонган эди. Аммо умид ҳам уни қора ўйларини ёритолмади. «Эҳ Аллоҳи карим, қани адолат?! Бу қандай синоатинг бўлди?» – деб ўйларду у.
От шидлат билан учиб борар, ортдаги товушлар тобора узоқлашаётгандек эди. Кутилмаганда Султон Боязид от устидан ерга учиб тушганини билмай қолди.
Олдинги оёқлари чуқурликка тушган от гурсиллаб ерга ағанаган эди. Дам ўтмай ҳали эс-ҳушини йиғолмаган турк султонини бир гуруҳ отлиқлар ўраб олдилар. Улар ичидан шоҳона либос кийган малларанг бир суворий отидан сакраб тушдида, султонни асир олди. Бу суворий Амир Темур тахтга ўтказган мўғул хони Султон Маҳмудхон эди. Султон хон иродасига итоат қилиб, унинг етовида йўлга тушди. Дам ўтмай улар Амир Темур қароргоҳига етдилар.
Амир Темур ҳамон Алоуддин ат-Табризий билан шатранж ўйнаб ўтирарди. Жанг бошлангандан кейинги ўтган вақт ичида унинг хотиржам қиёфаси ўзгариб кетган, унинг тез-тез жанггоҳ томонга тикилган кўзлари энди оғир ўй-ҳаёлларга чўмган эди. У Боязидни асир қилиб келтирганларини эшитиши билан шошиб ўрнидан турдида, султонга пешвоз юрди. Бора солиб бошини эгган куйи турган Боязидни қучоқлаб кўришди. Бундан ҳайратга тушган султон бошини кўтариб Темурга тикилди. Ўзидан ёши улуғ бу инсоннинг шакл-шамойилига разм солиб, ғайрат ва жасорат аломатлари барқ уриб турган юзининг латофатига, бургутдек боқишига, кексалигига қарамай келишган қадди-қоматига, савлат тўкиб туришига ва бутун қиёфасининг ҳийбатига, ўзига кўрсатган иззатига ҳайрон бўлиб анграйиб қолди.
— Қадамингиз бош устиға, Султон Боязид! – деди Амир Темур ва султонни чодирга олиб кириб, иззат-икром билан тўрга ўтқазди. Боязиднинг оловдек ловиллаб турган чеҳрасида алам изтироби акс этган эди. Амир Темур эса ғамга ботган бу жасур ва кучли кишига ачиниб, хайриҳоҳлик ва ҳатто бир қадар ҳурмат билан қараб турарди. Икки турк ҳоқони – бири ғамга ботиб, иккинчиси тасалли беришга муносиб сўзлар излаб ҳаёлга берилиб, сукут сақлаб қолишди. Сукутни Амир Темур бузди. У ўртада юз берган ихтилофдан ўзининг ҳам айби борлигини айтиб, Султон Боязидга тасаллилар бера бошлади.
Кўп ўтмай улар олдига жангда асир олинган шаҳзодалар Муса билан Мустафо Чалабийни, бекларбеги Сари Темиртош пошшони, Қора Темуртош пошшонинг ўғли Алибей пошшо, Хожа Феруз пошшо, амирлар Миннатбей ва Мустафобейларни ҳам олиб келдилар. Амир Темур уларни ҳам тутқун сифатида эмас, азиз меҳмонлари каби кутиб олиб, иззат-икром кўрсатди.
(Матннинг шу ерида келадиган ҳикоянамо парча алоҳида саҳифада берилмоқда)
Амир Темурнинг фармони билан шаҳзода Сулаймонни таъқиб қилиш учун амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ 30 минглик қўшин пойтахт Бурса томонга от сурди.
Соҳибқироннинг ўзи бўлса, Анқарада бир ҳафта тургач, Султон Боязидни олиб Кутахия шаҳрига келди. У бу шаҳарда бир ойча турди. Бурса томонга юборилган қўшин шаҳзода Сулаймонни қувиб етолмади. Шаҳзода Бурсага келибоқ салтанатнинг хазинасининг бир қисмини ва кенжа шаҳзода Қосимни олиб вазири аъзам Али пошшо билан биргаликда Дарижа шаҳрига қочган эди. Амирзода Муҳаммад Султон билан амир Шайх Нуриддин Бурсани фатҳ этиб, султон хазинасининг қолган қисмини қўлга киритдилар ва шаҳарга ўт қўйдилар. Бурсадан кейин тез орада Куния, Оқшаҳар, Қораҳисор ва Онадўлидаги бошқа бир қатор шаҳарлар забт этилди.
Бурса фатҳи пайтида асир олинган алломалар: Боязиднинг куёви бўлмиш Сайид Аҳмад Бухорий, мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Фанорий, Шамсиддин Жазирийлар Амир Темур ҳузурига юборилди. Худди ўша кунлари Шоҳруҳ мирзо ҳам асли бурсалик бўлган мавлоно Мусо Қозизода Румий исмли қирқ ёшлик фалакшунос ва риёзатчи олимни ўз хизматига қабул қилди. Мирзо бу аллома келажакда тўнғич фарзанди Улуғбек мирзонинг энг улуғ устози ва сафдоши бўлишидан бехабар эди.
Амир Темур юриш давомида Боязиднинг тўнғич ўғли шаҳзода Сулаймонга мактуб йўллаб, уни тобеликка чорлади. Сулаймон ҳам элчи юбориб, Амир Темур ҳокимиятини тан олди. Кетма-кет шаҳзода Иса Чалабий ҳам ўз итоатини маълум қилди. Шундан кейин Амир Темур учинчи шаҳзода Меҳмед Чалабий ҳузурига – Амосияга мактуб йўллаб, уни ҳузурига чорлади. Тез орада Меҳмед ҳам одам йўллаб итоатини билдирди. Византия императори Мануил ҳам Темурга вассал эканини тан олиб, унга кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо армуғонлар жўнатди. Кейин Миср мамлуклари султони Фараж элчилари келдилар. Улар султоннинг тобеликни бўйнига олгани ҳақида маълум қилган мактубини келтирдилар.
Соҳибқирон Онадўлида саккиз ой турди. Бу орада у Йилдирим Боязид узоқ йиллар давомида ололмаган Измир қалъасини 15 кун ичида, Улуборлу, Эгридир қалъаларини бир неча кун мобайнида забт этиб, Боязидни лол қолдирди. Эгридир қалъаси қамал пайтида Султон Боязид қаттиқ хасталикка дучор бўлди. Амир Темур султонни Оқшаҳарга жўнатди.
Бод касалига йўлиққан турк султони от устида ўзини тутиб туролмас, шу сабабли эгар атрофига суянчиқсимон мослама ясалган эди. Бу эса гўё «мағлуб усмонлилар султонини қафасга солиб олиб кетишди» деган ва ҳозирги қадар асардан-асарга кўчиб юрган афсонанинг пайдо бўлишига замин яратган эди.
Султон Боязидни Оқшаҳарга жўнатар экан, Темур ўзининг хос табиблари бўлган Иззатдин Масъуд Шерозий билан Жалолиддин Арабийларга султонни даволашни буюрди.
Аммо турк султони қаддини хасталикдан кўра, бахтсизлик кўпроқ эгган эди. Болалигидан ҳаёти жангу-жадалда кечган, ўн беш йиллик ҳокимияти давомида мағлубият нималигини билмаган, иззати нафс ҳокими бўлган Йилдирим Боязид изтироби бениҳоя ва бешафқат эди. У узоқ вақт ўғилларим мени қутқарадилар деган орзу ва умид билан яшади. Турк султони фахрий асирликда экан, манзилларнинг бирида унга содиқ кишилар чодир остидан ер ости йўли қазишга уриниб кўришди. Бироқ, бу тадбир муваффақиятсизликка учраб, кўп одамнинг калласи кетди. Воқеа сабаб, султонни қўриқлайдиган соқчилар сони бир неча баробар кўпайтирилди.
Кейин Боязид ўзи учун энг даҳшатли хабарни эшитди: Амир Темур уни ўзи билан Самарқандга олиб кетишга қарор қилган эмиш. Бу машъум хабарни олган куни Рум ҳукмдори аламу-изтиробга чидолмай узуги кўзи остида – махфий жойда сақлаб юрган заҳарни ичди ва узоқ қийноқлардан сўнг 1403 йилнинг 9 мартида – пайшанба куни Оқшаҳарда оламдан ўтди. Унинг жасади шоҳона иззат-икром билан шаҳардаги Шайх Маҳмуд Ҳайроний мақбарасида дафн этилди.
Султон Боязид ўлимидан бир неча кун ўтиб, Амир Темур бошига яна бир мусибат тушди. У тожу-тахт вориси этиб белгилаган амирзода Муҳаммад Султон тўсатдан хасталаниб, дунёдан кўз юмди. Бу воқеа ҳижрий 805 йил шаъбон ойининг 18 куни – мелодий 1403 йилнинг 13 мартида, муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Қораҳисор яқинида, муаррих Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Сури яқинида содир бўлган эди. Муҳаммад Султоннинг жасади Соҳибқирон амрига биноан аввал вақтинчалик Султония шаҳрига олиб борилиб, дафн этилди. Бир йилдан сўнг – Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, амирзода жасадини Самарқандга келтириб, марҳум шаҳзода тиклаган мадраса ёнидаги хонақоҳга қўйдирди. 1404 йилнинг ёзида эса набираси ва пири бўлмиш Мир Сайид Барака қабрлари устида мақбара тиклатди.
Амир Темур Рум мулкини тарк этиш олдидан, шаҳзода Муса Чалабийни отаси мулкига ҳукмдорликка белгилади ва унга ҳокимият рамзлари бўлмиш камар, обдор қилич, юзта от инъом қилди. Сўнг шаҳзода Мустафо Чалабийни олиб, мамлакатни тарк этди. У Мустафони Самарқандга олиб кетишга аҳд қилган эди.
1403 йилнинг июльида Амир Темур Гуржистонни сакизинчи марта забт этгач, Кура дарёсини кечиб ўтиб, қишлов учун Қорабоғда тўхтади. Баҳор келиши билан эса Самарқандга қараб йўлга тушди.
Соҳибқирон Озарбайжоннинг Неъматобод деган манзилида тўхтаб, у ерда тўй берди. Тўйдан кейинги қурултойда сарҳадлари Ҳурмуз қадар бўлган Форсу Кирмон, Райдан Озарбайжонга қадар бўлган Ироқи Ажам, Аррон, Муғон, Қорабоғ, Ширвон, Шамахи, Дарбанд, Гуржистон, Арманистон, Абхаз ерлари, Ҳижозга қадар бўлган Диярбакир ва Ироқи Шом, Константинополга қадар Рум диёри, Искандария ва Нилга қадар шом ўлкасини Мироншоҳ мирзонинг ўғли бўлмиш набираси Умар мирзо қўл остига топширди. Форс ва Ироқи Шомдаги темурий ҳукмдорларни, Ширвоншоҳ Шайх Иброҳимни, Мордин ҳокими Султон Исони, Ван ҳокими Малик Иззатдинни, Гуржилар подшоҳи Константинни, Мароға ҳокими Чаликни, Ардабил ҳокими Бистомбекни Умар мирзога бўйсундирди. Соҳибқирон амир Жокунинг ўғли бўлмиш амир Жаҳоншоҳни Умар мирзога оталиқ этиб тайинлади.
Амир Темур етти йиллик юриш деб ном олган ҳарбий тадбир давомида фақат жангу-жадал билан машғул бўлмай, шу билан бирга забт этилган мамлакатларда ободончилик ишларини ҳам амалга оширди. У вайрон этилган Бағдодда янги бинолар тиклатди, сув иншоотларини таъмирлади. Амир Темур Қорабоғда сосоний подшоҳлардан бўлмиш Қубод асос солган ва Ҳулокухон вайрон қилган Байликон шаҳрини тиклаш мақсадида шаҳар атрофида девор бунёд қилди. Шунингдек, у сувсизликдан хароб бўлган ерларни маъмур этиш ниятида Аракс дарёсидан чиқарилган қадимий ариқларни қайта тиклашга киришди. Бу иш Соҳибқирон ўлимидан сўнг Шоҳруҳ мирзо замонида ҳам давом эттирилди, бу ариқларда жуда кўп тегирмонлар қурдирилди.
Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, Ардабилга келиб, машҳур Шайх Сафиуддин Исъҳоқ Ардабилий (Шоҳ Исмоил – Хатоийнинг бобоси, сафавийлар сулоласи мана шу шайхдан бошланган) мақбарасини зиёрат қилди ва теварак-атрофдаги бир қатор қишлоқларни, ерларни сотиб олиб, Шайх Сафиуддин мақбараси қошидаги масжидга вақф қилиб берди.
Хуросонга етганда, Улуғбек мирзо ўзининг биринчи устози Ҳамза ибн Али Малик ат-Тусий Байҳақийдан ажралди. Ҳамза Шоҳруҳ мирзо хизматида бўлиш учун Ҳиротга кетди. У ўн йилча Шоҳруҳ даргоҳида яшади. Мирзо унга Малик уш-шуаролик лавозимини ваъда қилган эди. Аммо Ҳамза бирдан саройни тарк этиб, дарвишликка берилди. Даставвал шайхлар шайхи Муҳиддин Тусий-Ғаззолий хизматига борди. Ундан тариқатни, ҳадис илмини ўрганди ва устози билан ҳажга борди.
Шайх Муҳиддин оламдан ўтгач, Шайх Ориф Озарий номини олган Ҳамза ҳаждан қайтиб келиб Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳузурига борди ва бир мунча вақт унинг хизматида сулук касб этди. Кўп вақт ўтиб, устозидан ҳирқаи табаррук олишга эришиб олам кеза бошлади. Ўттиз авлиё билан учрашиб, уларга суҳбатдош бўлди, икки марта пиёда ҳаж сафарига борди. Маккадан сўнг, Ҳиндистонга сафар қилди. Ҳиндистонда ҳам кўп авлиёар билан суҳбатдош бўлган Шайх Озарий кейинчалик жаҳонгашталикдан қайтиб, хилватнишинликни маъқул топди, бошини тафаккур гирдобига эгди. Давлат эгалари – подшоҳлар, амирлар, султонлар ҳузурида туришдан сақланиб, ўттиз йил тоат-ибодат билан Исфароинда яшади…
Амир Темур Хуросон орқали Мовароуннаҳрга ўтиб, Кешга келди. Бу ерда пири бўлмиш Шамсуддин Кулол, отаси Муҳаммад Тарағай ва фарзанди Жаҳонгир қабрларини зиёрат қилди.
Xurshid Davron
BOYAZID BILAN JANG
(«Temurbek bilan Ulug’bek» qissasidan bob)
Biz endi turk xalqlari tarixining alamli sahifalari bo’lgan voqealar haqida hikoya boshlaymiz…
Shom yurishi zafar bilan tugagach, navbat usmonli turklar sultoni Boyazid bilan jang qilishga yetgan edi.
Usmonli turklar kimlar edi? Ular ham Turon zaminida yashagan saxa (sak) qabilalarining avlodi, ular ham tarixda o’chmas iz qoldirgan Qang’ davlatini barpo etgan g’arbiy turklarning nasllari edilar. Buyuk saljuqiylar davlati ularning qudrati va irodasi bilan tiklangan edi.
1219 yili Chingizxon galalari Turon mulkiga bostirib kirganda ellik ming o’tovli qang’li urug’i Kabixon (Kiyo Alpxon) boshchiligida Rum mulkiga qarab yo’l oldi.
Ma’lum vaqt o’tgach, urush olovlari so’nganiga ishongan Kabixonning o’g’li Sulaymon boshliq turklar o’z ona yurtlariga qaytmoqchi bo’ldilar. Ammo Furot daryosini kechib o’tayotganda Sulaymon suvga cho’kib halok bo’ldi. Uning o’g’li Erto’g’rul to’rt yuz o’tovli urug’ini yo’ldan qaytarib, Arzirum atroflarini vatan qildi.
Mo’g’ul bosqini tufayli g’arbga chekingan saljuqiylar Kichik Osiyodagi Vizantiya imperiyasi yerlarini bosib olib, Kuniya sultonligini tuzgan edilar. Sulton Alouddin Qayqubod zamonida (1219-1236) sultonlikning eng gullagan mavsumi bo’ldi. (O’rnida aytish joiz, Samarqandda tug’ilgan, Balxda voyaga yetgan, Rumda kamolga yetgan buyuk mutafakkir va mutasavvif mavlono Jaloliddin Rumiy shu davrda yashab ijod qilganlar).
Usta va jasur sarkarda bo’lgan Erto’g’rul o’z faoliyatini dastlab yon-atrofidagi urug’lar yerlarini bosib olish bilan boshladi. Keyin Kuniya sultoni Kayqubodning Chig’atoy boshliq mo’g’ul qo’shini bilan jang qilayotganini eshitgach, Qayqubodga yordamga shoshildi. Alouddin Kayqubod uning bu xizmatini unutmadi, mo’g’ullarni sultonlik sarhadidan quvib chiqargach, Erto’g’rulga Eskud, Qorachatog’, Tomanchi yerlarini tortiq qilib, uni o’z qo’shiniga qo’mondon etib tayinladi. 1272 yilda to’qson yoshga yetgan To’g’rulbek olamdan o’tdi. Qayqubod uning o’g’li Usmonni otasi o’rniga tayinladi. Vaqt o’tib, Kuniya sultonligi Erondagi mo’g’ul hukmdorlari – xulokularga tobe bo’lib qolgan bo’lsa-da, Usmon otasi va o’zi yangi-yangi mulklar evaziga kengaytirgan beklik mustaqilligini saqlab qoldi. Bu beklik Usmon G’oziy
zamonida quvvatga to’lgani sababidan u Usmonli davlati nomini oldi.
Biz o’z qissamizda Ulug’bek mirzo bolaligi haqida hikoya qilar ekanmiz, u kelajakda nafaqat falakshunos olim, shu bilan birga muarrix bo’lib yetishganini aytib, “Tarixi arba’i ulus” (“To’rt ulus tarixi”) kitobida Usmonlilar yoki Oli Usmon (Usmon xonadoni) haqida ham ma’lumot berganini ta’kidlaymiz. Ulug’bek bu sulola haqida shunday yozgan edi: “Tarix va xabarlar muhaqqiqlari nazdida shul muqarrarki, O’g’uzxon Sulton Usmonxonning o’n beshinchi bobosidir. U oxir sultonlardan bo’lib, Chin ibn Yofas alayhissalom avlodlaridandir… O’g’uzxon qadimgi bobosi bo’lib, Turk ibn Yofas alayhissalom avlodidandir. Usmonxon ajdodlari ismlari hazrati Yofas alayhissalomgacha tubandagi tartibdadir:
Usmonxon ibn Erto’g’rul ibn Sulaymonxon ibn Kiyo Alpxon ibn Qizil Bug’axon ibn Boyindurxon ibn Oyqutlug’xon ibn Turg’orxon ibn Qiltunxon ibn Baysabqurxon ibn Boqi og’a ibn Savuzg’orxon ibn To’ktemurxon ibn Boysuqxon ibn Ko’k Alpxon ibn O’g’uzxon ibn Boysubxon ibn Yalvojxon ibn Boybukxon ibn To’g’rulxon ibn Oytug’mishxon ibn Kujangxon ibn Ortuqxon ibn Qasorixon ibn Bektemurxon ibn Turkisxon ibn Yamoqxon ibn Qizil Bug’axon ibn Yamoqxon ibn Boybug’axon ibn To’g’rulxon ibn Qoyixon ibn Jamukxon ibn Boysurxon ibn To’g’rulxon ibn Sevinchxon ibn Kurtilmishxon ibn Jorsug’axon ibn Qarajarxon ibn Boychuqxon ibn Amudxon ibn Kumushxon ibn Qorao’g’lonxon ibn Sulaymonxon ibn Qurchilxon ibn Qo’rbug’xon ibn Boytemirxon ibn Quyxon ibn Makri Yumanishxon ibn Makri Quyxon ibn Mochinxon ibn Chinxon ibn Yofas alayhissalom ibn Nuh alayhissalom”.
1301 yili Usmon Vizantiya qo’shinini Nikodemiya bilan Nikeya oralig’idagi manzillarning birida yakson etgach, qisqa vaqt ichida Marmara va Qora dengiz bo’ylaridagi mulklar usmonlilar tomonidan zabt etildi.
Qadim bulg’or solnomalarining birida quyidagilarni o’qiymiz: “Usmonning vorisi O’rxon bo’ldi va u otasining ishini ilgari surdi, dushmanlarini ketma-ket mag’lub etib, yunonlar mulkidagi Bursa shahriga yetdi. U shaharni qamal qildi va o’g’li Ulug’ Murod bilan fath etdi. Bursa usmonlilar mulkining poytaxtiga aylandi. O’rxon 1362 yili olamdan o’tdi, taxtni yosh Murod egalladi”.
Murod katta qo’shin bilan bulg’or yeriga hujum qilmoq uchun yunonlar zaminidagi son-sanoqsiz kemalar bilan qo’riqlangan ko’rfazga keldi. Vizantiya imperatori Kantakuzin ko’rfazni mustahkam qo’riqlash uchun asosan kemalarga tayanar edi. Ammo tez orada kemalarni yolg’iz o’zi oziq-ovqat, qurol-aslaha bilan
ta’minlayolmasligini anglagan Kantakuzin arkoni davlati bilan kelishib, Tirnovoda turgan bulg’or shohi Aleksandrdan yordam so’radi. Bulg’orlar yunonlarni masxara qilib, ular yo’llagan elchilarni quvib yubordilar. Kantakuzin serb hukmdorlariga yo’llagan elchilar ham shunday badnom etilib haydaldi. Bu haqda eshitgan Kantakuzin “Hali bu qilmishingizdan pushaymon bo’lasiz, ammo o’shanda kech bo’ladi!” deb bulg’orlar bilan serblarga maktub yozdi. Ammo ular pinaklarini buzmay: “Turklar kelishsin-chi, o’shanda ko’ramiz”, — deb javob berdilar. Shundan keyin taqdirga tan bergan Kantakuzin Murod bilan sulh tuzib, Gallipoli ko’rfazini turklarga topshirishga majbur bo’ldi. Trapezundiya imperatori ham turklarning ko’p eshkakli qayiqlaridan foydalanish haqidagi so’rovini rad etishga botinolmadi va turklar qo’shini Ovrupo qit’asi tomonga xotirjam o’ti oldi. Murod G’oziy dastlab bulg’orlarni, keyin serblarni mag’lub etib, ularning yerini bosib oldi. 1366 yilda usmonlilar poytaxtni Bursadan Bolqon yarim orolidagi Andriapolga ko’chirib, shaharga Edirne deb nom qo’ydilar.
Kosovo shahrida shahid bo’lgan Murod o’rnini Boyazid egalladi (1389). U otasi halok bo’lgan kuniyoq taxtni egallash yo’lida o’z birodari shahzoda Yoqubni qatl ettirdi.
Boyazid jangchi bobolari shuhratini oshirish yo’lida tinib-tinchimadi. Ko’p o’tmay shiddatli hujumlar tufayli u zamondoshlari orasida Ovrupo-yu Osiyoning butun-butun mamlakatlarini yoqib yuborgan chaqin – “Yildirim” nomini oldi. 1396 yili u Mojariston qiroli Sigizmund boshliq butun Ovrupo o’lkalaridan
yig’ilgan salbchilar qo’shinini yakson etdi. Nikopol yaqinidagi bu jangda Ovruponing eng mashhur ritsarlari Boyazidning shiddatini to’sa olmadilar: asir olingan graf Navarskiy va yigirma tshrt ovrupolik shahzoda o’lja sifatida g’olibning orqasidan ergashishga majbur bo’ldilar. Butun Ovrupo davlatlari ikki yuz ming oltin miqdorida pul yig’ib, o’zining shahzodalarini qutqarib olishga erishdi.
Nikopol g’alabasidan so’ng Boyazid Vizantiya imperiyasining so’nggi parchasi – Konstantinopolni qamalga oldi. Amir Temurning usmonlilar davlatining sharqida paydo bo’lishigina Konstantinopolni halokatdan qutqarib qoldi. Boyazid talabi bilan Vizantiya imperatori Maniuil o’lpon to’lab turish hamda shahar bir turk mahallasi va masjid barpo etish, musulmonlar bilan rumliklar orasida o’rtaga chiqadigan mojarolarni islomiy huquq asosida ko’rib chiqish uchun bir qozi tayinlash shartlariga rozi bo’ldi. Bu voqealar Amir Temurning Shom yurishi paytida bo’lib o’tdi.
Boyazid kuchli va jasur raqib edi. Amir Temur Hindiston yurishidan qaytishdayoq, Boyazidning Ovrupo va Osiyoda quchgan shonli zafarlari haqida besh yillik yurish (1392-1397) paytida egallagan mulklari: Gurjistonu-Armaniston, Iroqu-Shom, Ozarbayjon va Bag’dod xalifaligiga egalik qilishga da’volik qilayotgani haqida eshitgan, xullas Boyazidga Rum hududi torlik qilayotganini anglagan edi. Ovrupo-yu Osiyoning katta qismiga hukmdorlik qilgan bu salohiyatli sarkarda bilan kuch sinash taqdirida bitilganini anglagan Amir Temur shoshilmay ish tutdi. Boyazid Vizantiya qamali bilan ovora bo’lgan bir paytda u Shom yurishini bamaylixotir amalga oshirdi. 1401-1402 yillar qishini Qorabog’da o’tkazarkan, qo’shinga dam berish bilan barobar bo’lajak yurishni ipidan-ignasigacha puxta o’yladi. Ikki qudratli kuch: temir bilan yildirim bir-biri bilan to’qnashuvga hozirlanar ekan, dunyo tahlika ichida qolib, to’qnashuv qanday natija bilan tugashini kutar, ispan, farang va ovrupolik boshqa hukmdorlar allaqchonlar elchilarini hozirlab, bo’lajak g’olibni qutlashga shay turishar, voqealar qay holda yakun topishini bilmay talvasaga tushgan mayda hukmdorlar goh Boyazid tarafga, goh Temur tomonga qochib o’tishardi.
Ikki yil burun Temur bilan Boyazid o’rtasida boshlangan maktub yozio’malari avjida edi. Shom yurishida ekan, Temur yana bir maktub jo’natgan va Boyaziddan o’ziga itoat qilishni talab qilgan edi. Bunga javoban Boyazid “Kim-kimga tobe bo’lishini jang hal qilsin, men jangga tayyorman”, — ma’nosida javob berdi. Amir Temur esa yana maktub yo’llab, o’zaro ittifoq bo’lishsa kofirlarga qarshi Islom kuch-qudratini oshirajagini aytib, agar Boyazid o’g’illaridan birini o’z huzuriga omonat tarzida yuborsa, yo’llangan xil’atni qabul qilsa, Rumga yurish qilishdan qaytajagini bildirdi. Amir Temurning bu so’zlarini Boyazid keskin ravishda rad etdi.
Bu muzokaralar kechar ekan, Movarounnahrdan amirzoda Muhammad Sulton boshliq yangi qo’shin yetib keldi. Boyazid ham o’ziga tobe yurtlardan qo’shin to’plash bilan mashg’ul edi.
Qish o’tib, bahor kelishi bilan Qorabog’da o’tkazilgan qurultoyda Boyazid ustiga yurishga qaror qilindi. Xuddi o’sha kunlari Amir Temur Chin (Xitoy) imperatori – Fag’furi vafot qilgani va u yerda hokimiyat talashish boshlangani xabarini oldi. Chin ustiga yurish payti yetganini bilsa-da, ammo o’z manzilini tark etsa, yangi zabt etilgan mulklar Boyazid tomonidan bosib olinishini bilgani uchun u turk sultoni bilan jang qilishni ma’qul topdi. U Boyazidga navbatdagi maktubini yo’llab, undan quyidagi besh shartni qabul qilishini talab qildi:
1. Vassali bo’lmish Arzinjon amiri Tahartonga (Mutahartenga) tobe Kamax shahrini yana o’z egasiga qaytarish va Kamaxni bosib olgan paytida qo’lga olingan Taharton oilasini ozod qilish.
2. Shahzodalardan birini o’z huzuriga omonatga yuborish.
3. Tobelik belgisi bo’lgan kuloh bilan kamarni qabul qilish.
4. Onado’li beklaridan tortib olingan yerlarni (Oydin, Saruxon, Mantasha, Kermiyan, Teke, Hamid o’g’illari va Chandaro’g’illari beyliklari nazarda tutilgan) yana egalariga qaytarish.
5. Qoraquyunlilar raisi Qora Yusufni bandi qilib, o’ziga yuborish.
Amir Temur bu talabni qo’yar ekan, sulton Boyazid qo’l ostida birlashgan beklarni o’z tomoniga ag’darib olishni maqsad qilgan edi. Bu talablarini eshitgan beklar Boyaziddan sovishlarini u yaxshi fahmlardi. Amir Temur har bir harbiy tadbir taqdirini avval aqli bilan, shundan keyingina qilich bilan hal qilishni maqbul ko’rardi. Amir Temurning bu fazilati haqida usmonli turklarning XX asrdagi buyuk farzandi Mustafo Kamol Otaturk shunday degan edi: “Menimcha, jahonda o’tgan sarkardalarning eng ulug’i Temurdir. U hech qachon biror urushni ko’r-ko’rona, faqat harbiy omadga ishonib boshlamagan. U har bir harbiy yurishga jiddiy, puxta, aniq hisob-kitob asosida uzoq yillar davomida hozirlik ko’rardi. Masalan, u Anqara jangida qozongan g’alabasini Boyazid Yildirim bilan uning vassallari o’rtasiga ixtilof solish bilan oldindan ta’minlagan edi. U g’alabaga aqli bilan erishdi”.
Amir Temurning talablarini eshitgan Boyazidning g’azabi qo’zg’aldi, o’ylab ish tutishga maslahat bergan vaziri a’zam Ali poshshoga: “Hali sharafimiz ham, kuchli qo’shinimiz ham bor, shunday ekan, tobe bo’lib yashamasmiz! – dedi. So’ng u Amir Temurni nazar-pisand qilmasligini ko’rsatmoqchi bo’lgandek, Turon sultoniga armug’onlar jo’natdi. Ammo u jo’natgan tortiqlar soni turkiylarga xos tarzda to’qqizta emas, o’nta edi. Boyazid tortiqlar bilan barobar maktub ham jo’natgan, unda turk sultoni o’z ismini katta harflar bilanbitgan holda, Temurning ismini kichik harflar bilan yozdirgan edi. Bir-birini haqorat qilishdan so’ng har ikki tomon harakatga keldi. Har ikki hukmdor bir-birlarining munosib raqib ekanliklarini yaxshi anglashar, ammo hech qaysisi past kelishni istamasdi.
Amir Temur nabirasi amirzoda Muhammad Sulton boshliq yangi qo’shinni Kamax ustiga yubordi. Taxt valiahdi o’n ikki kun ichida shaharni egallab, bobosini quvontirdi. Shundan keyin Amir Temur Sivasga kelib to’xtadi. Shu yerda turib xufiyalarni ishga soldi – usmonlilar davlati hududida va Boyazid qo’shini ichida yuzaga chiqqan vaziyat, har bir harakat haqida batafsil ma’lumotlarni to’pladi. Yildirim esa qo’shinlarini jamlab, Temurga qarab harakat boshladi.
Hikoyamizni shu yerda to’xtatib, Ulug’bek mirzoga qaytaylik. Sakkiz yoshga to’lgan amirzoda ug’ruqda, bibisi Saroymulkxonim bilan ustozi Hamza tarbiyasida edi.
Murg’akligi sababli hali jangu-jadalda qatnashish huquqini olmagan nabira jahongir bobosiga qancha yalinmasin, ug’ruqda qoldirilgan edi. Zamonlar o’tib, ko’p qissago’y roviylar Ulug’bek mirzoni ham rumliklar bilan jangda qatnashgan qilib, cho’pchaknamo qissalar bitadilar. Bu qissalar cho’pchaknamo bo’lsada, ularda Rum yurishi haqida qiziq ma’lumotlar uchraydi. Mana shunday qissalardan birini sizga hikoya qilaman:
“…Amir (Temur) elatdin noma yubormoqqa elchi talab qildilar. Nomani Inoq vazirga berib, kengash qildilar, beklar Mironshohni talab qildilar. Amirdin javob bo’lmadi. Andin so’ng Shohruh mirzoni talab qildilar. Amir “Bu doim jang talab”, — dedilar. So’ngra Umarshayxni arz qildilar. Amir aytdi: “Munga kitob o’qimoqdin o’zga ish bo’lmas”. So’ngra Sulton Muhammad to’rani aytdilar. Amir (Temur): “Bu sharobni yaxshi ko’rar”, — dedilar. Barchalari aydilar: “Bu xizmatni uhdasidin Mirzo Ulug’bekdin o’zga kishi chiqolmas, choraki kichik bo’lsa ham, ulkansifatdur, fitratlik, har ishga yetuk, ko’b tuyg’undur, bu har ishga loyiq, barcha nimarsaga bob”, — dedilar. Anda Mirzo Ulug’bek Mag’rib viloyatiga hokim erdi, anga tezlik birla kelsun, deb xat yozib yubordilar. Andin so’ng Amir Sohibqiron Misr uzra hokim qo’yub, Olabog’ sarig’a keldi. Shohruh to’ra otasin mulozamatida bo’ldi, amir andin ko’b xursand bo’ldilar. Bu so’z munda tursin, emdi ikki kalima so’zni Qaysardin (ya’ni sulton Boyaziddan) eshitmak kerak.
Qaysar to o’g’li borguncha bo’lmay, bir yuz yetmish kishini boshliq qilib, alarga vaziri a’zam Temurtoshni (aslida Temurtosh beklarbegi bo’lgan) amiri askar qilib yubordilar. To’rt son kishi dengiz kabi oshib-toshib yigirma kunda Olatog’ bag’riga yettilar. Bu g’avg’olarni dangqini (dong’ini) Misr ahli eshittilar, filhol Misr hokimidin Amirg’a xabar keldi. Amir Sohibqiron taxti saltanat uzra beklarga ko’rinushda edilar.
…Amir Sohibqiron anda aydilar: “Kimdur Temurtoshga qo’shun bila borib, muqobil bo’lg’ay?” Anda beklardin yetti kishi o’rnidin turub, Amirdin fotiha talab qildilar. Avval Suyurg’amishbekkim, Chingizxon nasli erdi, ikkinchi Hind Xoja qushbegi, uchunchi mirzo Sa’diddin Vaqqos, to’rtunchi mirzo Muhiddin, beshinchi mirzo Injil, oltinchi Oltmishbek, yettinchi amir Bayon Sulduz. Anda Amir Sohibqiron aydilar: “Ilg’or boshi Suyurg’amish bo’lsun, agar bu halok bo’lsa, Mirzo Sa’id Vaqqos bo’lsun, bu halok bo’lsa, mirzo Muhiddin, bu halok bo’lsa, Mirzo Injil, bu halok bo’lsa Oltmish bahodur, bu halok bo’lsa, Bayon Sulduz bo’lsun, bu halok bo’lsa, Hind Xoja ilg’or boshi bo’lsun!”
…Temurtosh angladikim, mo’g’ul beklaridin yetti kishi ko’b-ko’b askar olib kelurmish, deb. Birdan karnay-surnay tabali jang qoqtilar. Temurtosh askari andog’ ko’b erdikim, yetti yuz tug’ bayroqlari bor edi. Bu tarafdin changu-to’zon ko’runub, Amir Sohibqirondin yetti askar borib, saf tuzattilar. Naqora, barobanlarni ikki askar joylarig’a tortib borib, jangga muqayyid bo’ldilar. Suyurg’amishbek Amir Sohibqironni so’zig’a amal qilib, biri o’lsa, birini o’rnig’a o’lturmoq bo’lub, ul kun bayroqlarini ko’tardilar.
Ammo ul tarafda to’rt ming to’fanchi Temurtosh jilovinda erdilar. Birdan yuz yetmish karnay, baraban choldilar. Filhol, ikkala qo’shun aralash bo’lub, andoq qirg’in bo’ldikim, bu hangomalarni Amir (Temur) lashkarlari ko’rub, o’zga o’rungg’a qocha boshladi. Qazo meshkoblari suv o’rnig’a qizil qon socha boshladi. Birov bolta, birov qo’linda nayza, birov qo’linda qilichi birovni qorni yorilg’on, birovi qizil qonga qorilg’on, birovni suyagi singan, birovni oyog’i singan, birovni bag’ri teshilgan, birovni ko’zi teshilgan, birov jon bermoqda, birov qon to’kmoqda, birov ot chopar g’irillab, birovi otdan yiqilur dirillab, birov qilich siltar shirillab, birov aylanur girillab, birov qochqay firillab, birov yiqilar cholqayib, birov ag’anar qolqayib, birov qolar sholpayib, birov yotar yalpayib, birov yurur oti o’ynab, birov yotur tilin chaynab, birovni yuragi qaynab, birovni ko’ngli aynab. (O’zbak birla Rum qoni dengizdek toshib, g’avg’o hadiddan oshib, bir kecha-kunduz urush bo’lub, Suyurg’amishbek maydonda yolg’iz qolibdur. Rumiylar kelib, bekni qo’lin qalam qildilar. Andin so’ng bayroqni bu qo’lig’a oldi. Yana bu qo’lin ham qalam qildilar. Bayroq yerga tushti. Barcha bildilar. Bekbacha o’ldilar, deb maydondin boshin olib kettilar. Aning so’ng mirzo Muhiddin keldi, ul ham shahodatg’a yetti. Yana Bayon Sulduz keldi, ul ham halok bo’lub, o’rnig’a Injil keldi. Ul o’lub, o’rnig’a Oltmish bahodur keldi. Aning o’rnig’a Xo’ja qushbegi keldi. Ul kun ikki tarafdin bahodur yigitlar halok bo’ldilar…
…Mo’g’ul beklarini boshini rumiylar nayzalarga sanchib oldi. Anda Hind xoja qushbegidan o’zga kishi qolmab erdi. Ammo Sohibqironning bir necha qul va g’ulomlari kelib, aning atrofida bo’ldilar. Alarni ba’zisi “Qochaylik!” dedilar. Qushbegi aydi: “Qarindoshlar, barchasi o’lubdur, bizlarni qochmog’larimiz yaxshi emas. Amir Sohibqirong’a nima javob berarmiz?!”
Alqissa, rumiylar birdan “Allohu akbar!” deb ot qo’ydilao. O’zbeklarga xatar, rumiylarga zafar bo’lub, o’zbaklardin bir nechalari o’lub, ko’blari qochib, maydonda qushbegi yolg’iz o’zi qoldi. Muni ko’rub, Temurtosh mulozimlariga: “Bu bahodurni tirik tutub kelturunglar, andin so’z so’raylik”, — dedi. Ani rumiylar tutib olmoqg’a harakat qilib erdilar, yolg’iz maydonda javlon ko’rguzub, ko’b-ko’b rumiylarni halokat rutbasiga soldi, ala hazalqiyos, urush tamomi o’n bir kun bo’ldi. Oxirgi kuni otini miltiq bila urub yiqittilar, yayovlig’ holida necha-necha kishilarni vujud shahristonidin adam cho’listonig’a yubordi. Oxir bo’lmadi. Bog’lab olib, vaziri a’zam Temurtosh qoshig’a kelturdilar. Vazir aydi: “Sen qandog’ kishisan?” Qushbegi aydi: “Sohibqironim quli bo’lurman”. Yana vazir aydi: “Nechuk muncha o’zungni halokatg’a solursan?” Qushbegi aydi: “Amir Sohibqiron xizmatida tiriklikdin o’lmakni afzal bilurmiz”. Vazir aydi: “Amir Temurni sendan o’zga xizmatchilari bormi?” Hind Xoja aydi: “Qullarin ichida yaramas, aqli pasti mendurman…”. Vaziri a’zam hayrat barmoqin tishlab aydi: “Bu af’ol sizlarda bor, albatta, Rum xalqi sizlarg’a tobe bo’lsa kerak”. Qushbegi aydi: “Tez bo’lg’il, mani ham o’ldurgil, qardoshlar firoqida yurak bag’rim kabob bo’lubdur”. Vazir harchand nasihatlar qildiki, “Senga shohona xil’atlar berib, Amir Temur oldig’a yuborayin”, — dedi, qabul qilmadi. Aydi: “Ey vaziri akbar, meni qo’yub yuborsang, bir kunda bilg’il, men seni halok qilurman”. Anda Temurtosh noiloj Hind Xojani qatlga buyurdi. Andin so’ng Rum sipohlari Suvos mavze’ini yoqasiga bordilar.
Emdi ikki kalima so’zni Amir Sohibqirondin eshitmak kerakki, Olabog’ bag’rida erdilar. Qancha kishi o’zbaklar qochib, Amir Sohibqiron qo’shunlari ichra kirib qo’shuldi. Ko’rgan-kechirganlarin Amir Sohibqironga bayon qildilar. Anda o’zbak beklarin barchasi hozir erdi. Amir aydilar: “Inshoolloh taolo, tongla Temurtosh qoshig’a askar yuborurman. Sipohlarim ichra yaxshisi bordur, aning e’tiqodi ham barchadin yaxshidur. Man ham ani barchadin yaxshi ko’rarman, albatta Temurtoshga zafar tobsa kerak”, — deb harag’a doxil bo’ldilar. Ul kuni kechqurun jam’i to’ralar kelib, Inoq vazirga har qaysilari aydilar: “Temurtosh qoshig’a menga ruxsat bo’lsa, borsam”, — deb. Inoqtoz ul mard jonbozlarga aydi: “Men bilmadim. Amir Sohibqiron o’z ko’nglig’a kelg’on ishini qilg’ay, tongla kimg’a fotiha bersa, o’zi bilgay”, — dedi.
Ertasi chodir va xaymalarni tikib, ko’rinush xonani tartib berdilar. Anda Amir (Temur) taxt uzra chiqib o’lturub, un kung’acha xosu om salomg’a keldilar. Beklar sallalarini bo’ynilarig’a solub, Amirdin fotiha talab qildilar. Amir sukutda bo’lub, qo’l ko’tarmadilar. Noiloj, sallalarin o’rab qaytdilar. Andin so’ng to’ralar bir-bir kelib, fotiha talab qilib turdilar. Alar Shohruh to’ra, Mironshoh, nabiralardin ham bor erdi. Amir indamadilar, noiloj alar ham sallalarini o’rab, o’z o’rinlarida qaror oldilar. Soatidin so’ng, Amir boshlarin ko’tarib, Shohruh to’raga qaradilar. To’ra, bul xizmat menga bo’ldi, deb o’rnidin turib ta’zim qildi. Andin so’rdilar: “Mirzo Ulug’bek to’ra qaydadur?” Shohruh to’ra aydi: “Tumovdur”. “Kelsun!” deb buyurdilar. Soatidin so’ng kelib, salom qilib, qo’lin alif-lom qilib, ta’zim bilan turdi. Amir aydilar: “ey Ulug’bek bolam, Temurtosh boshig’a bormoqg’a quvvating yetarmu?” Ulug’bek to’ra aydi: “Amri humoyuning’iz bo’lsa, sipohlarimni nazaringizdan o’tkazsam-o’tkursam”.
Sohibqiron buyurdilar: “Keltur!” – deb. Andin keyin Amir qoshlaridin tartib birla ko’b-ko’b jamo’a ko’ruk ko’rsatmoq uchun jam’ bo’ldi. Ammo (Ulug’bek) o’zin ahli hukumatlarikim, umaro va vuzaro ila kengash qilib, hukamolari ish ko’rsatib, askaridin to’rt son kishini ajratib, har son o’n ming kishidin bo’lur, andin so’ng qirq ming karnay, nog’ora, baraban kelturdilar. Sayyodlarga buyurdikim, to’rt son abobil kelturinglar, deb. Ani turk tilida “Yovvoyi qaldirg’och” derlar. Sayyodlar aydilar: “Qaldirg’ochni nima qilursiz?” Ul aydi: “Kerakdur!” Andak fursatda topib kelturdilar. Anga yarasha sanduqlar tartib berib, suv bila taomni qorlug’ochlarga muhayyo qilib qo’ydururlar.
Amir Sohibqiron: “Ey Ulug’bek bolam, askaring ichra bahodurlarni manga ko’rsatgil”, — dedi. Anda Ulug’bek askarlarga: “Sohibqiron nazaridan o’tunglar!” – dedi.
Andin so’ng to’rt son kishi sipohgarlikga orasta va kirosta bo’lub o’ttilar. Aksarini og’izlari katta va ko’zlari kichik va ba’zisi o’rta bo’yluk va ba’zisi uzun bo’yluk, qizil yuzluk va ba’zilari uzun soqol, ba’zilari ko’sa, quloqlari katta, to’g’riso’z edilar. Barcha bahodurlarni ikki ko’zi otlarni yolida erdi. Bular ichra har toifadin bor erdi. Oldidagi hirovullari o’zbaklardin erdi. Yana alar Sayidi Qurayshiykim, to’rt yori nozanin, ya’ni choryorlar avlodlaridin ham bor erdi.
Andin so’ng to’rt ming hofizi xushilhomlarni kelturdilar. Urush kunida g’azal o’qimoqg’a tayyor erdilar… Alarning ovozig’a askarlar mastu-mustag’riq bo’lub, o’zlarin jangga urar erdilar. Yana to’rt ming kishini qo’lida beli bilan kelturdilar. Ul kun barchasin jam’ qilib turfa shavkat va hashamat birla otlandilar.
Amir ham birga chiqib, vido’lashib, “Seni yaratqanga toshurdim”, — deb qaytdilar. Bir necha kundan so’ng Rum sipohlariga yettilar, andin keyin bir kishini josus qilib, alarg’a yuborib, xabar oldilar. Ammo kechasi birla qancha asqarg’a oq kiyumlarni kiyguzib, boshlarida oq salla, peshlarin uzun qo’yub, alarni Temurtosh qoshig’a ilgari yubordilar. Anda to’rt ming kishi kelib handayq qazdilar. Ul vaqt Temurtosh askarlari qo’shunlari yov kelganidin xabarlari yo’q, atrofg’a tarqalg’on erdilar. Ul kecha birdan karnaychilar, nog’orachilar navozishga kelturdilar. Rum sipog’lari shoshib qolib, birin biri o’ltura boshladilar. Oq kiyumli kishilar alarga dedi: “Ey Rum sipohlari, ogoh va dono bo’lunglar, bizlar rijol ul g’oyibdurmiz. Amir Temur madadig’a kelib erduk”. Vazir bu so’zga taajjubda erdi. Quyosh amiri ko’k maydonida jilva ko’rguzdi. Vazir yovni ko’rsakim, to’rt songa yaqin kelur, atrofida handaq paydo bo’lubdir. “Bir kechada nechuk paydo bo’lubdir?” – deb barcha hayratda erdi. Anda to’rt ming hofiz takbiri tashriq aytdilar. Alar taajjub barmog’in tishlab, biri kelib so’rdi: “Sizlar qandog’ kishidursizlar?”. Bular aydi: “Rijol ul g’oyibdurmiz!” Vazir aydi: “Bizlardin nima ish sodir bo’ldi, rijol ul g’oyib o’zbak madadig’a kelur?!” Bular aydi: “Siz xalqi zolim bo’lursiz, aning uchun biz o’zbaklar madadig’a kelduk”. Vazir buyurdikim, o’q otinglar, deb. Rum sipohlari birdan hamlaga turdilar. Ulug’bek ham karnay chaldirib, urushmakg’a muqayyad bo’ldilar. Yana hofizlar marsiya o’qimakka boshladilar. Alarni tunuka uyi kirpitikonga o’xshash tikon erdi, uch kecha-kunduz jang bo’ldi, to’rtinchi kuni xo’b tang bo’ldilar. Rum askari xalqa kabi atrofini olg’on erdi. Filhol, noma yozdirib, bir bahodur kishini topib, ko’b va’da qildi: “Agar tirik kelsang, avlodingni dunyodin mamnun qilurman” – deb nomani berib yubordi. Ul kishi elchi bo’lub, xandakdin o’tub, nomani Temurtosh vazirga kelturub berdi. Vazir ochib ko’rsa, debturkim: “Ey vazir, ogoh bo’lgil, bizlar rijol ul g’oyibdurmiz. Amir Temur yordamiga kelgandurmiz, anga bay’at qilmasang, tongla boshingda ko’rarsan, abobil askarin yuborurmiz, go’yo as’hob ul fil qissasin eshitgandursan”. Vazir kulub, elchini “To’g’ri so’zla, rostingni aytg’il!” deb qiynamoqqa boshladi. Elchi aslo gapirmadi, oxir qiynay-qiynay o’ldurdilar.
Ul kecha Ulug’bek sipohlari zikri jahriyani boshladilar. Alarni qilg’on zikriga yeru-ko’k zilzilaga keldi. Bu so’zni Rumni xalqig’a danqi (dong’i) ketib, ko’ngillariga vahmi qo’rqunchi tushub erdi. Kech bo’lub, yulduz qarlug’ochlari ko’k sahfasida tayron qilib, Rum qunduzin yuz ming nayrang birla munhasim (qisqa) qildilar. Ul kecha ming-ming mash’alalar yoqildi, to’rt tarafdin bayroqlarni jilvaga kelturub, takbir aytib, hofizlar marsiya o’qub, rumiylarga qarshi bora boshladi. Ulug’bek qarlug’och muvakkillariga aytib erdi: “Jang qizig’on paytida vaqtida qarlug’ochlarni maydon ichra qo’yub yuborgil”. Birdan kechi birla jangg’a muqayyad bo’ldilar, soatidan so’ng, kecha kunduzga mubodala (almashgan) bo’ldi. Temurtosh askari birla Ulug’bek askarin mobayni qirq qadam qolib erdi, vazir ko’rdikim, rijol ul g’oyib da’vo qilganlar barchasi jangga muqayyid bo’lubdurlar. Anda turub, Temurtosh sipohlarin chaqirib, aydi: “Ey qavm, qo’rqmanglar, bular barchasi yolg’onchidurlar”. Bu so’zdin so’ng, birdan ikki tarafdin ot qo’yub, jang-talotum bo’lub, g’avg’o qo’zg’alib yaroq va aslahalardin o’tlar chaqildi, go’yo jang olovi yoqilib turgan holatda muvakkillar sanduqlarni ochib, qarlug’ochlarni qo’yub yubordilar. Rum xalqi ko’rdilarki, askari abobil osmon yuzin va quyosh ko’zin chigurtka kabi olibdur. Ammo ul zamon qish fasli erdi. Ani ko’rmaganlariga ko’rsatib, barchalari qocha boshladilar. Ulug’bek sipohlari alar qonin socha boshladilar. Muni ko’rub vaziri a’zam toqat qilolmay, bul ham qochib, oti balchiqg’a botib qoldi. Ulug’bek sipohlari ani tutib, asir qildilar. Odamlar qo’rqub, Sivos shahri ichra borib bir nechalari uylari ichra kirib yoshurindilar. Ulug’bek sipohlari birla alar orqasidan quvlab, shahr ichra kirib, ko’b-ko’b odamlarni o’ldurub, o’rdaga yaqin bordilar. Ul kun rumiylarni aqli shoshib, bir-biridin adashib, g’avg’o g’addidin oshdi…
…Ul kun Ulug’bek o’rdaga kirib, taxt uzra qaror oldi. Barcha bildikim, bular boshlig’i Ulug’bek ekan, qoshig’a Temurtosh vazirni bog’lab kelturdilar. Filhol, vazirni boyluqlarin yeshib, ko’b izzat va hurmatlar qilib, fathnoma yozdurub, anga vazirni yo’ldosh qilib, Olabog’ sarig’a, Sohibqiron xizmatlarig’a yubordi. Vazir kelgandan so’ng, Amir Temur aydilar: “Ey Temurtosh, bilmadimkim, Qaysar ko’nglig’a nima ishlarni yo’l berur, ammo mening askarlarimni ko’rmabdur”, — deb. Amir buyurdilar, taxtni tog’ni ustiga olib chiqdilar. Mulozimlar chodir-chanbatlarni tikib, farroshlar yerlarni supurib, orasta va pirosta qildilar. Sohibqiron vazir birla ul yerga chiqib, atrofg’a xabar yubordilar. Eron, Turon, Turkiston, Hindiston, o’zbak, qipchoq, qirg’iz, qozoq, rus , qalmoq barchasiga xabar yetkurub, necha kecha va necha kunduz barchalari Sohibqiron xizmatlariga yetib kelaberdilar…”
Tarixiy haqiqatdan ko’ra, ko’proq afsonaga moyil bu qissada bari bir haqiqat mavjud. Bu buyuk jahongirning nabirasiga bo’lgan alohida bir mehru-muhabbati borligini tasdiqlagan haqiqatdir. Qissadagi Sohibqiron so’zlarini eslang. U nabirasi Ulug’bek mirzoni nazarda tutib: “Men ani barchadin yaxshi ko’rarman”, — deydi. Xalqimiz orasida Amir Temur bilan Mirzo Ulug’bek haqida to’qilgan ko’p rivoyatlar mavjud, ularning deyarli hammasida bobo bilan nabira o’rtasida mavjud bo’lgan mehru-oqibat alohida tilga olinadi. Qissamiz davomida biz bu rivoyatlarni hali ko’p marotaba sizga hikoya qilamiz.
Oldingi lavhalarda biz Amir Temur bilan Sulton Boyazid o’rtada bo’ladigan urush muqarrarligini anglab, bir-birlariga qarab yo’lga chiqqanlarini ma’lum qilgan edik. Amir Temur Sivasda ekan, turk sultoni vaziri bilan o’g’illarining shiddat bilan yo’l bosib, Sivasni qamal qilish haqidagi takliflarini rad qildi.
Usmonlilar qo’shini asosini piyoda askarlar tashkil qilsa, Amir Temur qo’shinida otliq qismlar ko’proq edi. Shu sababdan ham Boyazid raqibi bilan otliqlar harakat qilishi qiyin bo’lgan joyda jang qilishni ma’qul deb bilardi. Shu sababdan u Sivas bilan Tokat shaharlari oralig’idagi tog’li bir manzilda o’rnashib, Sivasdan qo’shin tortib chiqqan Amir Temurni kuta boshladi. Ammo Sohibqiron turk sultonining maqsadini allaqachon fahmlagan, shu sababdan u qo’shinni keskin orqaga qaytarib, Qaysariya tomonga yo’naldi.
Boyazid ham qo’shinini qo’zg’atib, raqibi bilan ortidan soya kabi ergashdi. Kutilmaganda Amir Temur usmonlilar yo’lini to’sish uchun burildi, ammo Boyazid ham uning harakatini takrorlab, orqaga chekindi. Movarounnahr qo’shini yurishni davom ettirib, Kirshaharga yetdi. Bu shahar orqali to’xtamay o’tgan Amir Temur qo’mondonlariga Boyazid qo’shinini ta’qib qilib, Anqara tomonga ildam boraverishni buyurdi. Anqaraga oldinroq yetib borgan Temur qal’ani qamalga oldi.
Qal’a hokimi Yaqubbey mudofaa ishlariga boshchilik qilardi. Sohibqiron qal’ani turklar qo’shini yetib kelgunga qadar qo’lga kiritmoq maqsadida xujumni kuchaytirdi. Shu bilan barobar raqibi kelishi kutilgan shimoli-sharq tomonga xabargir qo’shinlarni jo’natdi. Ammo Yildirim Boyazid mutlaq kutilmagan tomondan – qal’ani aylanib o’tib, janubi-g’arbda, Kalajik va Rovli tomonda paydo bo’ldi. Turk qo’shini Chubukovadagi Malikshoh qishlog’i yaqinida o’rnashdi.
Voqealar rivojidan tashvishga tushgan Amir Temur askarlariga Anqara qal’asidan uzoqlashishni buyurdi. Kechasi bilan Movarounnahr qo’shini yangi manzilga ko’chdi. Uning bu harakatlaridan xabar topgan sulton Boyazid o’g’illari va qo’monlari qulay fursatdan foydalanib, Temur qo’shiniga hujum qilishni taklif qila boshladilar, ammo turk sultoni ularga quloq solmadi.
Ammo Temur hushyor edi. U kechani bekor o’tkazmadi. Uning navkarlari tongga qadar har xil harbiy ehtiyotkorliklarni amalga oshirib qo’yishdi: yangi manzilning har to’rtala tomoni juda qattiq kuzatuv ostiga olingan, harbiy muhandislar bo’lajak jangga hozirlik ko’rishar, tun qorong’isidan foydalanib, o’nqir-cho’nqirlarni tekislab, istehkomlar tikladilar. Chubuk daryosidan oqib chiqqan irmoqlar ustidan hatto fillar ham bemalol o’ta oladigan mustahkam ko’priklar tikladilar.
Ammo kecha yorishib, tong otsa-da, ertasi kuni ham jang bo’lmadi. Amir Temur bo’lajak jangga puxta tayyorgarlik bilan muntazam band ekan, butun tadbirlarni amalga oshirishni tajribali amirlariga topshirgan, o’zi bo’lsa zohiran xotirjam holda to’rt burjida tug’lar xilpiragan chodirda o’tirib, allomalar bilan suhbat qurdi. Boyazid ham raqibini mensimayotganini ochiq ko’rsatib qo’ymoqchi bo’lgandek, Amir Temur ko’z o’ngida katta shikor boshladi. Uning bu ishini ko’rib, Amir Temur bo’lajak jangda albatta g’alaba qilajagiga imon keltirdi.
Anqara jangi nomi bilan tarixga kirgan to’qnashuv hijriy 804 yil zulhijja oyining 27 kuni – melodiy 1402 yilning 28 iyulida boshlandi. Jangda har ikki tarafdan 250 mingga yaqin navkar qatnashdi.
Yildirim Boyazid jang oldidan o’z qo’mondonlari oldida otashin nutq so’zladi va beklaridan fidokorona jang qilishni talab qildi. Amir Temur bo’lsa, qo’shinlari safga tizilgandan so’ng dargohida xizmat qilgan o’z zamonasining ulug’ shatranjchisi Alouddin at-Tabriziy bilan shu qadar xotirjam qiyofada katta shatranj o’ynashga kirishdiki, go’yo uning oldida har kungi odatiy voqea sodir bo’layotgandek edi.
Jang maydoni Anqara qal’asiga yaqin yerda – sharqda Chubuk daryosi vohasi, g’arbda Qushchu va Mira tog’lari, Ova daryosi, Kishlachin darasi, janubda Jankurtaran, shimolda Karajaviran, Qushchu tog’lari orasidagi hudud bo’lib, asosiy jang Chubuk daryosidan g’arbga qarab bir farsahga cho’zilgan Qizilchako’y darasi o’rtasida kechdi.
Usmonlilar qo’shini quyidagi tartibda o’rnashdi: Malikshoh qishlog’i shimolidagi tepalikda o’rnashgan markazda Sulton Boyazid, vaziri a’zam Chandarlizoda Ali poshsho, shahzodalar Mustafo, Musa va Isa Chalabiylar, ular oldida yanicharlaru azoblar tizildilar. O’ng qanotda sultonning vassallari – Onado’li beklari qo’shini, qora tatarlar, oqchular, shuningdek, Serb va arnavut (alban) askarlari joylashdilar. So’l qanotda esa shahzoda Sulaymon Chalabiy qo’mondonligidagi Oydin, Saruxon, Karasi Rumeli qismlari.
Amir Temur qo’shini quyidagi tartibda tizildi: o’ng qanotda Mironshoh mirzo bilan amirzoda Muhammad Sulton boshliq amirlar, so’l tomonda Shohruh mirzo bilan Xalil Sulton mirzo boshliq amirlar o’rnashdilar. Qo’shin markazida esa Amir Temurning o’zi turardi.
Jang usmonlilar hujumi bilan boshlandi. Turklarning otliq qismlari Amir Temur qo’shinining o’ng qanotiga hujum qildilar va uning orqa tomoniga o’tib olib, asosiy kuchlarni ehtiyotdagi qismlardan ayirmoqchi bo’ldilar.
Lekin bu hujumni Amir Temur suvoriylari muvaffaqiyat bilan qaytardilar, boz ustiga to’xtamay qarshi hujumga o’tib, turklarni o’rovga ola boshladilar.
Usmonlilarning so’l qanotiga qarshi jang qilgan movarounnahrliklar ham mashaqqat bilan olg’a siljirdilar. Faqat so’l qanot ortidagi qora tatarlar va ayrim Onado’li beklari Temur tarafga o’tib ketgach, ularning olg’a yurishi osonlashdi. Boz ustiga Shohruh mirzo bilan Xalil Sulton mirzo ota-bobolaridan qolgan harbiy hiylani mohirona qo’lladilar: serblar va arnavutlar, sovut kiygan ovrupolik otliq askarlar yolg’ondakam qochgan movarounnahrlik amirlar ketidan quvib, qurshovga tushib qoldilar. Serblar qanchalik qattiq urishmasinlar, bu yerdagi jang faqat xoinliklar tufayligina emas, balki temuriylar harbiy salohiyatining ustunligi sababidan Turon navkarlari g’alabasiga yuz tutdi.
Jang boshidayoq har ikki markaz bir-biri bilan mardona so’qishdilar. Yanicharlarning mardona jang qilishlari tufayli usmonlilarning ahvoli yaxshilangandek edi. Ammo o’ng va so’l qanotlarining qurshovga olinishi sababli markazdagi turk qo’shinlarining ikkala tomoni ham ochilib qoldi. Shatranj o’yini bilan band Amir Temur jangni ziyrak kuzatar va yuzaga kelgan holat uning nigohidan qochmadi. U Hindiston yurishidan so’ng olib kelingan 32 filni markazdagi turklar ustiga tashladi. Bu tadbir markazdagi jang taqdirini uzil-kesil Amir Temur foydasiga hal qildi.
Vaziyat jiddiy og’irlashganini ko’rgan arkoni davlat sulton Yildirim Boyazidga chekinmoqni tavsiya qilsalar-da, sulton ko’nmadi. U qariyb yigirma yil davomida G’arbu Sharqni vahimaga solgan qo’shini bebosh olomonga aylanib, bir qismi dengiz tarafga, bir qismi toqqa qarab qochayotganini ko’rib tursa-da, hamon past tushgisi kelmas, mag’lubiyat nimaligini bilmagan nafsoniyati hamon baland edi. U yildirim temirga urilib, parchalanganini sira tan olgisi kelmasdi.
Uni gapga ko’ndirolmagandan keyin tahlika ichida qolgan vaziri a’zam Ali poshsho boshliq bir guruh qo’mondonlar saltanat kelajagini qutqarish maqsadida to’ng’ich shahzoda Sulaymon Chalabiyni olib qochishga tushdilar. Boshqa bir beklar shahzoda Mehmed boshchiligidagi mingga yaqin askar bilan Amosiya tomonga ot qo’ydilar. So’nggi daqiqagacha mardona jang qilgan sulton Boyazidning suyukli xotini Mariya Oliveraning inisi bo’lsish Serb despoti Stefan Lazarevich boshliq ovrupolik muhofizlar ham jang maydonini tark etib, g’arb tomonga yo’naldilar.
Jangchilari, vazirlari, beklari va hatto farzandlari tomonidan tashlab ketilgan Boyazid o’zining ulkan qo’shinidan janggohdagi quruq izlargina qolganini ko’rib tursa-da, taslim bo’lishni istamay yaralangan sherdek quturib, jang qilardi. U yoniga kelib chekinishga maslahat bergan amir Minnatbeyga alamli va qahrli nigohini tikar ekan: “Sharaf bilan o’lishdan ortiq baxt bormi?!” – dedi. Sulton Boyazid yonida ikki-uch mingga yaqin piyoda va otliq askar qolgan edi. Ular Amir Temur navkarlari qurshovida qolgan, Sultonning o’zi ham qo’lida oybolta ushlab mardona jang qilardi. Nihoyat, u mag’lub bo’lganini ichida tan oldi va qochish uchun imkon izlay boshladi. Sulton bir hovuch navkarlar bilan atrofidagi halqaning goh u yog’iga, goh bu yog’iga shiddat bilan tashlanib, qurshovni yorib o’tishga urinardi.
Temur navkarlari ular ustiga o’qlarni do’lday yog’dirishar, sulton yonidagi asrkarlarning miqdori lahza sayin kamayib borardi. Qo’rquvni unutgancha, aftlari bujmaygan Rum jangchilari mardona turib qilich chopishar, o’z hukmdorlari uchun yo’l ochishga urinishar va shu maqsadda mardona o’lim topishardi.
To’rt tomondan tinimsiz yog’ilayotgan o’qlardan Sulton Boyazidning biror yeriga shikast yetmagan bo’lsa-da, u otini ikki marta almashtirdi. Uchinchi ot ham yaralangach, u piyoda turib jang qila boshladi. Umidsiz Sulton hademay o’lim topishini, Amir Temurdan o’ch olish orzusiga erisholmasligini o’ylab turgan choqda, uning yonidan egar-jabduqlari ajoyib, ustiga alvon yoping’ich tashlangan bir oq ot chopib o’tdi. Qo’rquvdan dovdirab qolgan ot quloqlarini ding qilib, ko’zlarini olaytirib, o’zini har tomonga tashlar, murdalarga qoqilar, ular ustidan sakrab o’tar, orqaga tisarilar va bezovta kishnar edi.
Sulton Boyazid otni tanidi: — u shahzoda Isoniki edi. Sulton kendam shahid bo’libdi, degan o’ydan ihrab yubordi. So’ng yugurib borib otning jilovidan oldi va sakrab otga mindi. O’sha zahot jonivor jilovdorning izmiga to’la bo’ysundi. Sulton atrofiga nazar tashladi. Uning navkarlari endi qutilishdan umid qilmay jang qilardilar, g’alaba orzusi endi ularga begona, ularga faqat bir chora qolgan edi: endi ular dunyodan umidini uzgan odamlar singari faqat o’t olishni o’ylardilar va quturib qilich serpardilar.
Sulton Boyazid otini dushman ustiga shiddat bilan boshladi. Jon achchig’ida oldinga tashlangan ot kutilmaganda halqani yorib o’tib ketdi. Sulton otni ayamay qamchilar ekan, ortidan quvib kelayotganlarning hayqiriqlarini eshitdi. Ammo Boyazidning ko’nglida yana umid uyg’ongan edi. Ammo umid ham uni qora o’ylarini yoritolmadi. “Eh Allohi karim, qani adolat?! Bu qanday sinoating bo’ldi?” – deb o’ylardu u.
Ot shidlat bilan uchib borar, ortdagi tovushlar tobora uzoqlashayotgandek edi. Kutilmaganda Sulton Boyazid ot ustidan yerga uchib tushganini bilmay qoldi.
Oldingi oyoqlari chuqurlikka tushgan ot gursillab yerga ag’anagan edi. Dam o’tmay hali es-hushini yig’olmagan turk sultonini bir guruh otliqlar o’rab oldilar. Ular ichidan shohona libos kiygan mallarang bir suvoriy otidan sakrab tushdi-da, sultonni asir oldi. Bu suvoriy Amir Temur taxtga o’tkazgan mo’g’ul xoni Sulton Mahmudxon edi. Sulton xon irodasiga itoat qilib, uning yetovida yo’lga tushdi. Dam o’tmay ular Amir Temur qarorgohiga yetdilar.
Amir Temur hamon Alouddin at-Tabriziy bilan shatranj o’ynab o’tirardi. Jang boshlangandan keyingi o’tgan vaqt ichida uning xotirjam qiyofasi o’zgarib ketgan, uning tez-tez janggoh tomonga tikilgan ko’zlari endi og’ir o’y-hayollarga cho’mgan edi. U Boyazidni asir qilib keltirganlarini eshitishi bilan shoshib o’rnidan turdi-da, sultonga peshvoz yurdi. Bora solib boshini eggan kuyi turgan Boyazidni quchoqlab ko’rishdi. Bundan hayratga tushgan sulton boshini ko’tarib Temurga tikildi. O’zidan yoshi ulug’ bu insonning shakl-shamoyiliga razm solib, g’ayrat va jasorat alomatlari barq urib turgan yuzining latofatiga, burgutdek boqishiga, keksaligiga qaramay kelishgan qaddi-qomatiga, savlat to’kib turishiga va butun qiyofasining hiybatiga, o’ziga ko’rsatgan izzatiga hayron bo’lib angrayib qoldi.
— Qadamingiz bosh ustig’a, Sulton Boyazid! – dedi Amir Temur va sultonni chodirga olib kirib, izzat-ikrom bilan to’rga o’tqazdi. Boyazidning olovdek lovillab turgan chehrasida alam iztirobi aks etgan edi. Amir Temur esa g’amga botgan bu jasur va kuchli kishiga achinib, xayrihohlik va hatto bir qadar hurmat bilan qarab turardi. Ikki turk hoqoni – biri g’amga botib, ikkinchisi tasalli berishga munosib so’zlar izlab hayolga berilib, sukut saqlab qolishdi. Sukutni Amir Temur buzdi. U o’rtada yuz bergan ixtilofdan o’zining ham aybi borligini aytib, Sulton Boyazidga tasallilar bera boshladi.
Ko’p o’tmay ular oldiga jangda asir olingan shahzodalar Musa bilan Mustafo Chalabiyni, beklarbegi Sari Temirtosh poshshoni, Qora Temurtosh poshshoning o’g’li Alibey poshsho, Xoja Feruz poshsho, amirlar Minnatbey va Mustafobeylarni ham olib keldilar. Amir Temur ularni ham tutqun sifatida emas, aziz mehmonlari kabi kutib olib, izzat-ikrom ko’rsatdi.
(Matnning shu yerida keladigan hikoyanamo parcha alohida sahifada berilmoqda)
Amir Temurning farmoni bilan shahzoda Sulaymonni ta’qib qilish uchun amirzoda Muhammad Sulton boshliq 30 minglik qo’shin poytaxt Bursa tomonga ot surdi.
Sohibqironning o’zi bo’lsa, Anqarada bir hafta turgach, Sulton Boyazidni olib Kutaxiya shahriga keldi. U bu shaharda bir oycha turdi. Bursa tomonga yuborilgan qo’shin shahzoda Sulaymonni quvib yetolmadi. Shahzoda Bursaga keliboq saltanatning xazinasining bir qismini va kenja shahzoda Qosimni olib vaziri a’zam Ali poshsho bilan birgalikda Darija shahriga qochgan edi. Amirzoda Muhammad Sulton bilan amir Shayx Nuriddin Bursani fath etib, sulton xazinasining qolgan qismini qo’lga kiritdilar va shaharga o’t qo’ydilar. Bursadan keyin tez orada Kuniya, Oqshahar, Qorahisor va Onado’lidagi boshqa bir qator shaharlar zabt etildi.
Bursa fathi paytida asir olingan allomalar: Boyazidning kuyovi bo’lmish Sayid Ahmad Buxoriy, mavlono Shamsiddin Muhammad Fanoriy, Shamsiddin Jaziriylar Amir Temur huzuriga yuborildi. Xuddi o’sha kunlari Shohruh mirzo ham asli bursalik bo’lgan mavlono Muso Qozizoda Rumiy ismli qirq yoshlik falakshunos va riyozatchi olimni o’z xizmatiga qabul qildi. Mirzo bu alloma kelajakda to’ng’ich farzandi Ulug’bek mirzoning eng ulug’ ustozi va safdoshi bo’lishidan bexabar edi.
Amir Temur yurish davomida Boyazidning to’ng’ich o’g’li shahzoda Sulaymonga maktub yo’llab, uni tobelikka chorladi. Sulaymon ham elchi yuborib, Amir Temur hokimiyatini tan oldi. Ketma-ket shahzoda Isa Chalabiy ham o’z itoatini ma’lum qildi. Shundan keyin Amir Temur uchinchi shahzoda Mehmed Chalabiy huzuriga – Amosiyaga maktub yo’llab, uni huzuriga chorladi. Tez orada Mehmed ham odam yo’llab itoatini bildirdi. Vizantiya imperatori Manuil ham Temurga vassal ekanini tan olib, unga ko’p miqdorda oltin va qimmatbaho armug’onlar jo’natdi. Keyin Misr mamluklari sultoni Faraj elchilari keldilar. Ular sultonning tobelikni bo’yniga olgani haqida ma’lum qilgan maktubini keltirdilar.
Sohibqiron Onado’lida sakkiz oy turdi. Bu orada u Yildirim Boyazid uzoq yillar davomida ololmagan Izmir qal’asini 15 kun ichida, Uluborlu, Egridir qal’alarini bir necha kun mobaynida zabt etib, Boyazidni lol qoldirdi. Egridir qal’asi qamal paytida Sulton Boyazid qattiq xastalikka duchor bo’ldi. Amir Temur sultonni Oqshaharga jo’natdi.
Bod kasaliga yo’liqqan turk sultoni ot ustida o’zini tutib turolmas, shu sababli egar atrofiga suyanchiqsimon moslama yasalgan edi. Bu esa go’yo “mag’lub usmonlilar sultonini qafasga solib olib ketishdi” degan va hozirgi qadar asardan-asarga ko’chib yurgan afsonaning paydo bo’lishiga zamin yaratgan edi.
Sulton Boyazidni Oqshaharga jo’natar ekan, Temur o’zining xos tabiblari bo’lgan Izzatdin Mas’ud Sheroziy bilan Jaloliddin Arabiylarga sultonni davolashni buyurdi.
Ammo turk sultoni qaddini xastalikdan ko’ra, baxtsizlik ko’proq eggan edi. Bolaligidan hayoti jangu-jadalda kechgan, o’n besh yillik hokimiyati davomida mag’lubiyat nimaligini bilmagan, izzati nafs hokimi bo’lgan Yildirim Boyazid iztirobi benihoya va beshafqat edi. U uzoq vaqt o’g’illarim meni qutqardilar degan orzu va umidning asosi bor edi. Turk sultoni faxriy asirlikda ekan, manzillarning birida unga sodiq kishilar chodir ostidan yer osti yo’li qazishga urinib ko’rishdi. Biroq, bu tadbir muvaffaqiyatsizlikka uchrab, ko’p odamning kallasi ketdi. Sultonni qo’riqlaydigan soqchilar soni bir necha barobar ko’paytirildi.
Keyin Boyazid o’zi uchun eng dahshatli xabarni eshitdi: Amir Temur uni o’zi bilan Samarqandga olib ketishga qaror qilgan emish. Bu mash’um xabarni olgan kuni Rum hukmdori alamu-iztirobga chidolmay uzugi ko’zi ostida – maxfiy joyda saqlab yurgan zaharni ichdi va uzoq qiynoqlardan so’ng 1403 yilning 9 martida – payshanba kuni Oqshaharda olamdan o’tdi. Uning jasadi shohona izzat-ikrom bilan shahardagi Shayx Mahmud Hayroniy maqbarasida dafn etildi.
Sulton Boyazid o’limidan bir necha kun o’tib, Amir Temur boshiga yana bir musibat tushdi. U toju-taxt vorisi etib belgilagan amirzoda Muhammad Sulton to’satdan xastalanib, dunyodan ko’z yumdi. Bu voqea hijriy 805 yil sha’bon oyining 18 kuni – melodiy 1403 yilning 13 martida, muarrix Sharafiddin Ali Yazdiyning yozishicha, Qorahisor yaqinida, muarrix Abdurazzoq Samarqandiyning yozishicha, Suri yaqinida sodir bo’lgan edi. Muhammad Sultonning jasadi Sohibqiron amriga binoan avval vaqtinchalik Sultoniya shahriga olib borilib, dafn etildi. Bir yildan so’ng – Amir Temur Movarounnahrga qaytayotib, amirzoda jasadini Samarqandga keltirib, marhum shahzoda tiklagan madrasa yonidagi xonaqohga qo’ydirdi. 1404 yilning yozida esa nabirasi va piri bo’lmish Mir Sayid Baraka qabrlari ustida maqbara tiklatdi.
Amir Temur Rum mulkini tark etish oldidan, shahzoda Musa Chalabiyni otasi mulkiga hukmdorlikka belgiladi va unga hokimiyat ramzlari bo’lmish kamar, obdor qilich, yuzta ot in’om qildi. So’ng shahzoda Mustafo Chalabiyni olib, mamlakatni tark etdi. U Mustafoni Samarqandga olib ketishga ahd qilgan edi.
1403 yilning iyulida Amir Temur Gurjistonni sakizinchi marta zabt etgach, Kura daryosini kechib o’tib, qishlov uchun Qorabog’da to’xtadi. Bahor kelishi bilan esa Samarqandga qarab yo’lga tushdi.
Sohibqiron Ozarbayjonning Ne’matobod degan manzilida to’xtab, u yerda to’y berdi. To’ydan keyingi qurultoyda sarhadlari Hurmuz qadar bo’lgan Forsu Kirmon, Raydan Ozarbayjonga qadar bo’lgan Iroqi Ajam, Arron, Mug’on, Qorabog’, Shirvon, Shamaxi, Darband, Gurjiston, Armaniston, Abxaz yerlari, Hijozga qadar bo’lgan Diyarbakir va Iroqi Shom, Konstantinopolga qadar Rum diyori, Iskandariya va Nilga qadar shom o’lkasini Mironshoh mirzoning o’g’li bo’lmish nabirasi Umar mirzo qo’l ostiga topshirdi. Fors va Iroqi Shomdagi temuriy hukmdorlarni, Shirvonshoh Shayx Ibrohimni, Mordin hokimi Sulton Isoni, Van hokimi Malik Izzatdinni, Gurjilar podshohi Konstantinni, Marog’a hokimi Chalikni, Ardabil hokimi Bistombekni Umar mirzoga bo’ysundirdi. Sohibqiron amir Jokuning o’g’li bo’lmish amir Jahonshohni Umar mirzoga otaliq etib tayinladi.
Amir Temur yetti yillik yurish deb nom olgan harbiy tadbir davomida faqat jangu-jadal bilan mashg’ul bo’lmay, shu bilan birga zabt etilgan mamlakatlarda obodonchilik ishlarini ham amalga oshirdi. U vayron etilgan Bag’dodda yangi binolar tiklatdi, suv inshootlarini ta’mirladi. Amir Temur Qorabog’da sosoniy podshohlardan bo’lmish Qubod asos solgan va Hulokuxon vayron qilgan Baylikon shahrini tiklash maqsadida shahar atrofida devor bunyod qildi. Shuningdek, u suvsizlikdan xarob bo’lgan yerlarni ma’mur etish niyatida Araks daryosidan chiqarilgan qadimiy ariqlarni qayta tiklashga kirishdi. Bu ish Sohibqiron o’limidan so’ng Shohruh mirzo zamonida ham davom ettirildi, bu ariqlarda juda ko’p tegirmonlar qurdirildi.
Amir Temur Movarounnahrga qaytayotib, Ardabilga kelib, mashhur Shayx Safiuddin Is’hoq Ardabiliy (Shoh Ismoil – Xatoiyning bobosi, safaviylar sulolasi mana shu shayxdan boshlangan) maqbarasini ziyorat qildi va tevarak-atrofdagi bir qator qishloqlarni, yerlarni sotib olib, Shayx Safiuddin maqbarasi qoshidagi masjidga vaqf qilib berdi.
Xurosonga yetganda, Ulug’bek mirzo o’zining birinchi ustozi Hamza ibn Ali Malik at-Tusiy Bayhaqiydan ajraldi. Hamza Shohruh mirzo xizmatida bo’lish uchun Hirotga ketdi. U o’n yilcha Shohruh dargohida yashadi. Mirzo unga Malik ush-shuarolik lavozimini va’da qilgan edi. Ammo Hamza birdan saroyni tark etib, darvishlikka berildi. Dastavval shayxlar shayxi Muhiddin Tusiy-G’azzoliy xizmatiga bordi. Undan tariqatni, hadis ilmini o’rgandi va ustozi bilan hajga bordi.
Shayx Muhiddin olamdan o’tgach, Shayx Orif Ozariy nomini olgan Hamza hajdan qaytib kelib Sayyid Ne’matulloh Valiy huzuriga bordi va bir muncha vaqt uning xizmatida suluk kasb etdi. Ko’p vaqt o’tib, ustozidan hirqai tabarruk olishga erishib olam keza boshladi. O’ttiz avliyo bilan uchrashib, ularga suhbatdosh bo’ldi, ikki marta piyoda haj safariga bordi. Makkadan so’ng, Hindistonga safar qildi. Hindistonda ham ko’p avliyoar bilan suhbatdosh bo’lgan Shayx Ozariy keyinchalik jahongashtalikdan qaytib, xilvatnishinlikni ma’qul topdi, boshini tafakkur girdobiga egdi. Davlat egalari – podshohlar, amirlar, sultonlar huzurida turishdan saqlanib, o’ttiz yil toat-ibodat bilan Isfaroinda yashadi…
Amir Temur Xuroson orqali Movarounnahrga o’tib, Keshga keldi. Bu yerda piri bo’lmish Shamsuddin Kulol, otasi Muhammad Tarag’ay va farzandi Jahongir qabrlarini ziyorat qildi.
salom va rahmat
Zor manga yoqdi. O’zimni qiziqtirgan savollarga javob topdim
Xa Amir Temur bobomiz kuchli va aqilli soxibqiron bo‘lgan ekan men ularni avlodi ekanimdan faxirlanaman
bizik buyuk avlodlarimiz bilan faxrlanishimiz kerak va buyuk insonlarning farzandlari ekanligimiz uchun yaratganga ming shukur
Kinodan k6rgandan kitobda 6qiganing yaxshide ayrim joylarini kinoda 6xshamedi yoki u joyi b6lmedi rahmat kottakon
Tarix,o’zligingni bilish insonga katta kuch bag’ishlaydi.men bu ma’lumotlarni yanada kengroq yoritilishini istardim . Har bir o’zbekman degan kishi shunday bobolarimiz yashab o’tganidan fahrlanib yurishi va ishlar qilishini istayman jumladan o’zbek kinochilariyam.
Amir Temur bobomiz kabi ajdodlarimizga havas qilsak arziydi
Tariximizda chuqur iz qoldirgan buyuk bobolarimizga rahmat
Amir Temur bobomiz kabi ajdodlarimizga havas qilsak arziydi Tarzimizda juda katta iz qoldirgan buyuk bobolarimizga rahmat
Shubhasiz Amir Temur bobomiz kuchli aqlli va adolatli bo’lgan va shu bilan birga usmonlilarni bo’ysundirgan yagona hukmdor hisoblanadi adashmasam. Bundan faxrlanamiz.
Sohibqiron Amir Temur o’z dinini maxkam tutgan faqat Allohdan umid qilgan va Allohga suyangan. Hozirda ko’pchilik islom dinini tushunmaydi. Tarixdagi buyuk bobolarimiz barchalari Islom dinini yaxshi bilgan, bu tarixni qaytadan yaratishni yagona yo’li bu dinimizga qaytish Allohga ibodat qilish. Kuch qudratimiz yana dunyoda tengsiz bo’lardi.
Amir Temur