Poyon Ravshanov. Behbudiy fojiasi.

1919

        Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини тезроқ рўёбга чиқишига етаклади. Унинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага ўз таъсириги ўтказмай иложи йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда у ўз мақолаларидан бирида отаси таълим берган «Ҳидоя» (Ислом ҳуқуқига шарҳлар) асарининг унинг тақдирида муҳим рол ўйнаганлигини бежиз қайд этмайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланади. Рўзнома ва ойпомалардан жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб боради. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганишга киришиб, ислом тарихи ва назарияси билан шуғуллана бошлайди. 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфти унвонларига эга бўлиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Оврўпо маданияти билан ҳам қизиқади. Ўша даврдаги Қозон, Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги жарида ва рўзномалар билан ҳамкорлик қилади. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур рўзнома ва ойномаларда чиқа бошлайди. Мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турарди.
Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган Кадетлар партиясининг аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири катта бўлади. 1910 йилларга келиб, ўлкамизда «Шўрои Исломия», «Уламо», «Адолат», «Ёш бухороликлар» каби фирқалар пайдо бўлади. 1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд» рўзномаси, «Ойна» жаридаси чиқишида жонбозлик кўрсатади. У 1914 йилда Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмалари келтиради, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб, «жадидчилик» раҳнамоси, дахрий деб эълон қилинади. Шунга қарамай, татар мутафаккири Исмоил Гаспринлининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади, кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига киради. У бир қатор жаҳон тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.
Беҳбудий адиб сифатида ўзининг «Падаркуш» драмасини яратган. Унда туркистонлик ёшларни Оврўпо илмгоҳларида ўқитишни тарғиб қилган. Мазкур асар ўз даврида А. Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарларининг яратилишига ҳам таъсир кўрсатган. Ҳатто у Американинг Калифорния дорифунунида таржима ҳам қилинган.
Бундан ташқари, Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» (1903 йил, «Қисқача умумий жуғрофия»), «Китобул атфол» (1904 йил, «Болалар учун китоб»), «Мухтасари тарихи ислом» (1904 йил, «Ислом қисқача тарихи»), «Амалиёти ислом» (1905 йил), «Россиянинг қисқача географияси» (1908 йил) каби дарсликлар, китоблар ёзган. Унинг мақолалари 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Ҳуршид», «Шухрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржимон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойина» каби рўзнома ва ойномаларда чоп этилган.
Албатта, Беҳбудий қозонаётган бундай шуҳрат ҳоким синфлар ва амалдорларнинг ғашига тега бошлайди. Уни Бухородаги инқилобий кучларга хайрихоҳликда айблаб, Саид Олимхон томонидан 1918 йилда Қаршида қатл қилинади. Қарши шаҳри 20—30 йилларда Беҳбудий номи билан аталиб келинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1956 йилга келиб оқланади. Ҳозирги кунда у қолдирган ранг-баранг адабий-маданий мерос ўз халқи хизматига кирмоқда.
Хуллас, С. Айний ёзганидек: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида оъзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».

Поён Равшанов
БЕҲБУДИЙ ФОЖИАСИ

         Маҳмудхўжа Беҳбудий XIX асрнинг сўнглари — ХХ аср бошлари Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчиси, ватанпарвар жадидлар раҳнамоси, улкан адиб ва маърифатпарвар сифатида тарихимизда ёрқин из қолдирган улуғ сиймодир. У жуда мураккаб ва кескин сиёсий даврда фаолият кўрсатди. Бир тарафдан Россиянинг вассал тариқасида мустақил ҳукм суриб келаётган Бухоро хонлигини бутунлай қўл остига олиш ҳаракатини кучайтириши, иккинчи ёқдан хонлик ичида зиёлилар қатламининг норозилиги улғайиб, Ёш бухороликларнинг тузумни ағдаришга интилишлари амирнинг қатъий чоралар кўришига сабаб бўлган эди. Бошқача айтганда, амир Саид Олимхонга қарши ташқи ва ички кучлар бирлаша бошлаган эди. Лекин хонлик умрини салгина узайтирган яна бир куч шўро тўнтариши (1917 йил) бўлди.

Россияда подшоҳлик тузумига барҳам беришга эришган большевиклар зудлик билан рус империясига қарам бўлиб келган ўлкаларга ёпирилдилар. Шўролар Бухоро хонлигига 1918 йилда Туркистон халқ комиссарлари совети раиси Ф.И.Колесов баҳонасида бир тегиниб кўрдилар. Бу жангда талофат кўрган, аламзада бўлган қизиллар хонликни ичдан барбод қилиш йўлини тутадилар. Ёш бухороликлар ҳаракати қўллаб-қувватланади, амирликни емириш учун унинг ҳарбий имкониятлари ўрганилади, аҳоли ўртасида ташвиқот ишлари кучайтирилади.

Шўро салтанати Туркистонга эгалик қилиш ниятини турли йўллар билан амалга оширишга интилган. Миллатнинг таниқли зиёлиларини, тараққиёт тарафдорларини ўз сафига олишга эътибор қаратилади. Фуқаропарварлик, тенглик каби сўзлар ўша вақтда миллатнинг бу тоифасини қаттиқ ишонтириб, оҳанрабодек ўзига жалб этарди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам «халқона шиорларга» муккадан кетган шўро ҳукуматига ишонч боғлаган эди. Қизил салтанат Беҳбудий сингари халқ орасида ҳурмат ва таъсири катта бўлган кишилар ҳисобига ўзининг мавқеини оширишни кўзда тутган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий тез орада шўро алдовларини, унга берилган вазифалар хўжакўрсинга эканлигини тушуниб етади. Таниқли беҳбудийшунос олим Бегали Қосимов (Аллоҳ раҳмат этган бўлсин) эътироф этганидек, «миллат, миллий тараққиётни инкор этган шўролар йўли алдов ва зўравонликка асосланганлигини Беҳбудий биларди».

Шўро мафкураси найрангларини дастлаб билмай, унга учган, асл моҳиятни англаб эса, ишонч ва орзулари поймол бўлган Беҳбудий 1918-1919 йилларда қаттиқ пушаймонликни бошдан кечиради. У шўро ҳукм сураётган юртдан бир муддат узоқроқда бўлишни хоҳлайди. Бухородан ҳам нажот йўқ эди. Амир Жадидлар пешвосини хуш кўрмаслиги аниқ эди. Чунки шу вақтда — 1919 йил баҳорига келиб Ёш бухороликлар — жадидларнинг амирни тахтдан ағдаришга бўлган ҳаракатлари хавфли тус ола бошлаганди.

Беҳбудий шундай қалтис бир вазиятда ошкор қилинмаган ният ила олис сафарга отланади. Бу ҳақда етарли даражада фикрлар билдирилган. 1919 йилнинг 25 мартида хорижга отланган Беҳбудий йўли амирлик сарҳадларидан ўтар эди.

1919 йил Бухоро амирлиги учун жуда хосиятсиз келган эди. Бунда қизилларнинг йўқсиллар инқилоби деб хаспўшланган тўнтариши таъсири сезиларли бўлганди. Шу йил бошларида шўро тарғиботлари таъсири ўлароқ, амирликнинг бошқа мавзеларида бўлганидек, Қашқа воҳасининг шаҳар ва қишлоқларида ҳам норозилик аломатлари кучая борганлиги кузатилади. Амирлик шўронинг исталган пайтда бостириб келишидан, фитна уюштиришидан ташвишга тушиб, ўзига тобе мулкларда ҳарбий ҳушёрликни ошириб, сарҳадлар қўриқловини мустаҳкамлай бошлаган эди. Ҳатто, қишлоқларда қоровулбеги бошчилигида ҳимоя тизими ташкил этилиб, сони 20 га етадиган қуролли соқчилар қўйила бошланган эди. Бунда асосан Туркистон генерал губернаторлиги қарамоғида бўлган мулклардан келувчи карвонлар, йўловчилар қаттиқ назорат остига олиниши кўзда тутиларди. 1919 йилда Косон қишлоғида 150 деҳқон бир неча кун давомида Бухородан юборилган назорат қилувчи амирлик кучларига қарши кураш олиб боради. Бу эса Қашқа воҳасидаги назоратнинг янада кучайтирилишига сабаб бўлади. Амир Китоб, Шаҳрисабз ва Қаршида ҳарбий кучларни кўпайтириш, чегара марраларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Биргина Тахта Қорача довонида ҳарбий қувватни ошириш учун 18 миллион сўм сарфланади. Беҳбудий сафари амирлик сарҳадларида қўриқлов кучайтирилган шундай даврга тўғри келган эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий фожиаси ҳақида унинг йўлга чиқишидан бир ой ўтар-ўтмас турли тахминлар билдирилган. Буюк инсон ўлими хусусидаги гаплар икки-уч йил давом этган, матбуотда бу ҳақда мақолалар эълон этилган. Буларнинг ҳаммаси Беҳбудий «Танланган асарлар»ида (нашрга тайёрловчи проф. Бегали Қосимов. Тошкент, 1997 йил) ўз ифодасини топган. Вақтида бу мавзу Ҳалим Сайид томонидан тадқиқ этилиб, у «бир қатор далиллар асосида қотил большевизм ва унинг қизил империячилик сиёсати эканлигини исботлашга ҳаракат қилади» (Бегали Қосимов).

Бегали Қосимов тадқиқотчи ишига муносабат билдириб, «Ҳалим Сайиднинг аниқлашича, — деб ёзади, — Беҳбудийнинг «ғойиб бўлиши» ҳақида дастлабки хабар воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, яъни 1919 йилнинг 23 апрелида «Меҳнаткашлар товуши» газетасида босилиб чиққан. Сўнг у «Иштирокиюн»га кўчирилиб босилган. Мақола муаллифи Ҳожи Муин бўлиб, у халқ орасида тарқалган миш-мишларни йиғади ва уларнинг тагига етишга уринмаётган ёшлардан зорланади. Унда келтирилишича, шу йил март ойининг охирларида самарқандлик ёшлардан 4 киши (Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Муҳаммадқул Ўроқбой ўғли ва турк муаллим Наим афанди) «Москвага ёки бир ерга бормоқ қасди-ла йўлга чиққанлар, от билан Бухоро тупроғидан ўтаётганларида Қарши шаҳрида қўлга олинганлар, айрим маълумотларга қараганда ваҳшиёна ўлдирилганлар».

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сафари, унинг Қаршида эмас, Шаҳрисабзда қўлга олиниши Ҳожи Муин Шукрулло ўғлининг 1921 йил 29 мартда «Меҳнаткашлар товуши» ва 1922 йил 7 январда «Инқилоб» журналида босилган «Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлғонлиги ва онинг томонидан ёзилғон васиятнома» мақоласида кенгроқ ифода этилади. Унда Шаҳрисабзда қўлга олинган Беҳбудийнинг бу шаҳарда икки ойга қадар ушлаб турилганлиги, кейин шериклари билан унинг Қаршига келтирилиб, зиндонга ташланганлиги айтилади. Мақолада Беҳбудийнинг бир неча кун зиндонда ётганидан сўнг, Қарши беги Тоғайбек буйруғи билан зиндон яқинидаги «подшолик» чорбоғида ўлдирилганлиги қайд этилади. Бу воқеа 1919 йилнинг ёз ойларига тўғри келади.

Адабиётшунос Наим Каримов «Миллий Туркистон» журналининг 1950 йил 66-сонида босилган, Беҳбудий қатлига оид мақоладан бир иқтибос келтиради. Унда зикр этилишича, «Ул (Беҳбудий-П.Р.) Қарши шаҳринда ўз олдига қўйган вазифаларини ўринлов ҳаракатида экан, қизил Русиянинг Бухоро элчихона хизматчиси Уткин воситасида амир томонидан тутилди. Беҳбудий амирнинг Қарши шаҳридаги волийси Нуриддин Оғолиқ томонидан 25 март 1919 йилда ваҳшиёна ўлдирилди».

1917 йилда шўро тўнтаришидан кейин Россиянинг Бухоро амирлигидаги резидентлиги «Бухоро ишлари коллегияси»га айлантирилади. Унинг таркибига Янги Бухоро, Чоржўй ва Термиз шўроларининг вакиллари — В.С.Уткин, М.А.Преоброженский ва Б.М.Баржановлар киради. Бинобарин, Уткин деганлари тарихий шахс, аммо унинг Беҳбудийнинг Шаҳрисабзда қўлга олинишига дахли бўлмаса керак. Чунки Туркистон халқ комиссарлари

советининг раиси Ф.И.Колесов амирликка қарши шармандали ҳужумни 1918 йилнинг 2 мартида бошлаб муваффақиятсизликка учрайди. Тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйилади. Амирга В.С.Уткин ва Пендо бошчилигида ярашув гуруҳи юборилади. В.С.Уткин, Пендо ва улар билан келган 20 аскар қириб ташланади. Шу тариқа В.С.Уткин Беҳбудий фожиасидан олдин ҳаётдан кўз юмган эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийдан қутилиш кимга ва нега керак эди, деган савол шунча йиллар ўтган бўлса-да, кўпгина тадқиқотчиларга тинчлик бермай келади. Камина ҳам архивларда ишлаганда, манбаларни кўздан кечирганда шу саволга бирор жавоб чиқармикан деб умид қилганман. Айниқса, Беҳбудий Қаршида қатл этилган бўлса-ю, Қаршига, умуман, Қашқадарёга оид манбаларда бу хусусда наҳотки бирор далил учрамаса, деган ўйлов ҳеч хаёлдан кетмаган.

Бошда Беҳбудий мураккаб ва кескин даврда яшади, дедик. 1917 йилги октябрь тўнтаришидан кейин ҳокимиятга келган қизил салтанат Туркистоннинг эгалланмаган сўнгги бўлаги — Бухоро хонлигини забт этишга жон-жаҳди билан интилаётганини, Бухоро амирлигининг эса унга қарши курашга шай бўлиб турганлигини ҳисобга олсак, Беҳбудийнинг қатл этилиши қайси тарафга манфаатли бўлиши мумкин эди, деган савол туғилиши табиий. Шўро ўзининг «халқчил» сиёсатини мустаҳкамлашда ҳали Беҳбудий сингари халқ ҳурматига ноил кишиларга эҳтиёжманд эди. Амирлик 1917 йилги февраль инқилобидан кейин, айниқса, Ёш бухороликларнинг катта кучга айланганини кўриб-билиб туриб, Беҳбудийдек раҳнамони ўлдиришга ботина олмас эди.

Бундай ҳаракат ловуллай деб турган гулханга бевақт керосин сепиш бўлур эди. Аслида-ку, икки тараф ҳам, очиғини айтганда, ўз мақсади учун ўнлаб Беҳбудийлардан воз кечишга тайёр эканлигини унутиб бўлмайди. Бунинг учун қулай имкониятни кутиш икки томон учун ҳам матлуб йўл эди. Воқеаларнинг кейин тезлашиб кетган ривожида шундай вазият вужудга келади.

Беҳбудийнинг Шаҳрисабзда (аниғи Китобда, Тахта Қорача довонида) қўлга олиниши тарихий ҳақиқат. Унинг кимлиги, ёнидагиларнинг шахси аниқлангандан сўнг Бухорога Қарши беги Тоғайбек орқали хабар етказилади. Амир Олимхон ва аркони давлатининг жадидларни кўрарга кўзи йўқ эди. Буни Девонбеги Хожа Низомиддиннинг мана бу сўзларидан ҳам англаса бўлади:

«Агар ҳокимият менинг қўлимда бўлганида эди, каллакесарларга барча жадидларнинг бошини олишни буюрар эдим». 1917 йилнинг апрелида айтилган бу сўзларнинг салмоғи сиёсий вазият кескинлашган 1919 йилда ошса ошган эди-ки, аммо асло камаймаганди.

Бухоро амирлиги ўз мулкларида мудофаа ва ҳарбий тайёргарликни оширгани каби, шўро ҳукумати ҳам бўлажак босқин учун барча имкониятни, жумладан, махфий хизматни ҳам йўлга қўйган эди. Туркистон республикаси халқ комиссарлари совети ҳузурида Бош сиёсий бошқарма (ГПУ) тузилган бўлиб, унинг вазифаси шўрога қарши бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатни фош этишдан, жазога тортишдан, йўқ қилишдан иборат эди. Ўтган асрнинг 20-йилларида қонли эмизикдан тетапоя бўлган бу ташкилот тез орада кучли сиёсий-қаттол тизимга айланди. Унинг хуфялари, айғоқчилари нафақат амир саройида, қўшинларида, шу билан бирга, хонликнинг шаҳар ва қишлоқларида ҳам пайдо бўлади. Маълумотлар тўплаш ва шу асосда иш кўриш Бош сиёсий бошқарманинг асосий фаолияти эди. Ўша, 20-йилларда ГПУ дейилса, каттадан-кичик титроққа тушган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл этилиши воқеаси ҳам унинг назаридан четда қолмаган экан.

Қашқадарё вилояти архив ишлари ҳудудий бошқармаси хазинасида минглаб жилдлар сақланади. Энг қимматли маълумотлар ўтган асрнинг 20-йилларига тааллуқли. Вилоят архиви жуда ораста бинода, ниҳоят сариштали жойлашган. Бу ерда ўз ишининг жонкуярлари меҳнат қилади. Бошқарма бошлиғи Абдурашид Бўтаев билан вилоятимиз тарихининг ўрганилмаган даврлари ҳақида узоқ фикрлашамиз. Бир қарорга келиб, ҳужжатларни кўздан кечира бошлаймиз. Бундан 80-90 йил муқаддам архивга топширилган ҳужжатлар қийинлик билан бағрини очади. Арабий ва русча битиклар аралаш жамланган жилдлар секин тилга киради. 172-жамғармани ўрганишни бошлаймиз. 2-рўйхатдаги 20-ишда 1920 йилда Қашқадарё вилоятида шўро ҳукуматига қарши Аксилинқилобий ташкилот тузилганлиги, унинг шўрога қарши кураш олиб борганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Шўро даврида ва ҳозирга қадар ёзилган тарихий-илмий асарларда тилга олинмаган ватанпарварлик-қаршилик ҳаракати тўғрисида ҳайратомуз далилларга дуч келамиз.

Бош сиёсий бошқарманинг Қашқадарё вилоят бўлими (КДООГПУ) 1926 йилда ана шу Аксилинқилобий ташкилот раҳбарларини қамоққа олган. Улар ҳибс қилингунга қадар арқон узоқ ташлаб қўйилган. Бош сиёсий бошқарманинг тергов бўлими бошлиғи Епифанов 1926 йилнинг 20 мартида шу «жиноий» иш юзасидан ёзган 10 бетлик айблов маърузасида қуйидагиларни келтириб ўтади:

«Шарқдаги инқилобий воқеа-ҳодисаларнинг умумий йўналиши 1917 йилдаги улуғ октябрь инқилобининг акс-садоси ўлароқ, Ёш бухороликларнинг инқилобий ҳаракати мисолида халқнинг зиёлилар қатламини қамраб ола бошлади. Ёш бухороликлар асрлар давомида Шарқ халқларини эзиб келган амирликка, унинг зулмини ўтказган амалдорларга, бойларга, руҳонийларга қарши борди. Бу кейингилар ўзларини тўла ҳуқуқли идора этувчилар ҳисоблаб, жаҳолатда қолган деҳқонлар оммасини аёвсиз ишлатиб, улар ҳисобидан йирик хўжалик ва мислсиз бойликларга эга бўлдилар.

Амирликнинг садоқатли аъёнлари Шарқда кучая бораётган инқилобдан хавфга тушиб қолган эди. Инқилоб оқими ўзининг бутун шиддатини эзувчилар тарафига қаратиб, эски ақидаларни ювиб кетаётган эди. Мафкурасига кўра ашаддий монархистлар бўлган амирлик ҳимоячилари Мирзо Наврўз Пўлатов, Эрка амин Дўстмуродов, Муҳаммад Раҳим Абдусатторов, Абдурасулқулбек Абдусаттаров, мулла Тожиддин Салимов, Хўжаназар Инатуллаев, Ҳожи Абдуазиз мулла Боқихўжаев ва мулла Неъмат Шодмоновлар 1919-1920 йилларда Қарши беги Тоғайбек (ҳозирги кунда Афғонистонда) ва Қарши Оғолиғи Нуриддин хўжа (ўзининг аксилинқилобий фаолияти учун отилган) раҳбарлигида Қарши шаҳрида Аксилинқилобий ташкилот тузадилар. Аксилинқилобий ташкилот аъзолари сони 70 га етган. Мазкур ташкилот Бухорода амир тахтдан қулагач, шўро ҳокимиятини ағдариб ташлашни ягона мақсад қилиб олади ва Афғонистонга қочган амирни қайтариш ҳаракатини бошлаб юборади.

Бухорода амирлик ағдарилгандан кейин, амир Қарши шаҳрига қочиб келади. Бу шаҳар ҳозирги вақтда Беҳбудий деб аталади. Амирни Аксилинқилобий ташкилот аъзолари қизғин кутиб олади. Амирнинг имдоди билан ўша пайтда Қарши шаҳрида яшаётган овруполикларга нисбатан миллий қутқу асосида қирғин амалга оширилади. Оқибатда 800 га яқин овруполиклар ўлдирилади. Қонли ўч олишдан аёллар ва болалар четда қолмаган.

Қарши шаҳрига қизил армиянинг олиб кирилиши (1920 йил 28 август) муносабати билан Аксилинқилобий ташкилот аҳоли ўртасида қуролли қўзғолон кўтариш ҳақида тинимсиз ташвиқот олиб боради. Қуролли қўзғолон шўро ҳукуматига ва қизил армияга қарши амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аксилинқилобий ташкилот аҳолининг омилигидан фойдаланиб, ўз мақсадига эришишга муваффақ бўлади.

Юқорида номлари зикр этилган кишилар қўзғолон вақтида кўнгиллиларнинг ғоявий раҳбарлари сифатида кураш бошида турадилар, ўзлари ҳам қўзғолонда фаол иштирок этадилар, ҳатто ҳар бири алоҳида қўзғолончи гуруҳларни бошқариб қизил армияга қарши курашадилар.

Муҳаммад Раҳимбек ва Хўжаназар Инатуллаевлар бош бўлган қўзғолончиларнинг биринчи ҳаракати Қарши темир йўли шохобчасини қўпориб ташлаш бўлади. Темир йўл ашёлари талон-тарож этилади, ишчилар ва темир йўл ходимларини қамоққа олишлар, калтаклашлар, отиб ташлашлар амалга оширилади. Худди шундай манзара Қарши шаҳрида ҳам вужудга келади, Ёш бухороликларнинг инқилобчи арбоблари ялпи равишда қамоққа олинади, улардан бири таниқли арбоб бўлган ўртоқ БЕҲБУДИЙ жунбушга келган собиқ амир амалдорлари томонидан оломон қилиниб, ур-калтак қилинади. Натижада ўртоқ БЕҲБУДИЙ ваҳшийларча ўлдирилади».1

Бош сиёсий бошқарманинг Қашқадарё вилоят бўлими тергов бошлиғи Епифановнинг юқорида келтирилган сўзларини мушоҳада қилиб кўрайлик.

Амир Саид Олимхон 1920 йилнинг 2 сентябрида тахтдан туширилган ва Епифанов таъкидлаганидек, тез орада Қаршига етиб келган. Тоғайбек қасрида вилоятнинг кўзга кўринган, амирга ишончли деб ҳисобланган амалдорлар тўпланган. Амир йиғилганларга ўзининг Шарқий Бухорода куч тўплашини, Қаршида эса шўрога қарши курашни ташкил этиш фикрини билдирган. 10 сентябрдан эътиборан амир Олимхон Сурхондарёда шўрога қарши фаол курашни давом эттиради. Амир Қаршидан сентябрь бошларида жўнаб кетгач, Аксил-инқилобий ташкилот тезкор фаолият бошлаб юборади. Тўрт-беш кун давомида шаҳар ғалаён ичида қолади. Ёш бухороликларни, Шўрога майли бўлган кучларни маҳв қилиш учун Қаршига ён-атрофдаги қишлоқлардан кўнгиллилар ёпирилиб кела бошлайди. Кейинчалик, 1926 йилда олиб борилган тергов жараёнида аниқ бўлишича, Мамашо Дониёров (қоровулбеги), Хўжаназар Инатуллаев (мирохур) Қамаши ва Денов қишлоқларидан қўзғолончиларга ёрдам учун 500 киши олиб келганлар.

Қуролли қўзғолон бошида Қарши бегининг ноиби, Оғолиқ Нуриддин хўжа, Шарофбой мирохур Ҳабибуллаев, Муфти Насруллахўжа, Аҳрорбеклар турган. Қарши беги Тоғайбек Амир билан ҳамроҳ бўлиб кетган. Амир Қаршида турган пайтда уни кимлар сафарда кузатиб боришлари ҳам ҳал этилади. Узоқ йиллар унинг қўриқловчилари сардорлари бўлган Чорбоғ Бойғунди қишлоғилик ака-ука Муҳаммад Раҳимбек ва Абдурасул-қулбеклар амир эътиборидаги кишилар эди. Абдурасулқулбек ва Бешкент қишлоғилик живачи, мулла Тожиддин Салимовлар амир Олимхон билан Мозори Шарифга қадар борадилар. Бир неча вақт амир ҳузурида хизматда бўладилар.

Епифанов ҳарбий-сиёсий хизмат кишиси эди. У тергов бўлими бошлиқлигидан вилоят Бош сиёсий бошқармаси бўлими бошлиғи ўринбосари даражасига кўтарилади. У ўзининг Аксилинқилобий ташкилот раҳбарларини айблашга қаратилган маърузасида Маҳмудхўжа Беҳбудий фожиасини аксилинқилобчиларга қарши кучли бир далил сифатида келтириб ўтган. Бу жиноий ишни кўриш 1926 йилда бошланиб, бир-бир ярим йил давом этган. Гумон қилинган шахсларнинг ҳаммаси қаттиқ жазога мустаҳиқ этилган. Тергов бўлими томонидан жиноий ишга ёзилган маъруза бугун тарихимизга қимматли тарихий далилни берди. Беҳбудий ҳазратлари ҳозирга қадар тахмин қилиб келинганидек, 1919 йилнинг мартида эмас, кейинроқ -1920 йилнинг сентябри бошларида шаҳид қилинган экан. Қуролли қўзғолон, айрим маълумотларга кўра, 6-11 сентябрда бўлиб ўтган. Беҳбудий ўлимига шўро ва амирлик баббаравар жавобгардир. Амир Олимхон қўлга олинган Беҳбудий ҳазратларини қатл қилишдан кўра гаровда ушлаб туришни афзал билган ва бунга сабаблар етарли эди. Бир томони унинг орқасида жадидлар ва шўро ҳукумати турибди, деб ўйланган бўлса, иккинчи ёқдан Туркиянинг Беҳбудийни билиши ҳам эътибордан четда эмас эди. Амирлик Шўрога қарши курашда Туркия ёрдамига умид боғлаб келарди. Шу мулоҳазаларга кўра, амирлик Файзулла Хўжаевга нисбатан анча мулойим курашчи бўлган Беҳбудийдек тараққийпарвар кишини ўлдиришга шошилмаган. Агар шўро давлати Бухорога даҳшатли ҳужум уюштирмаганда, улуғ инсон фожиаси юз бермаган бўларди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий Шаҳрисабздан Қаршига келтирилгандан сўнг, баъзи ишораларга кўра Кўҳна Чорсу маҳалласидаги 21-уйда, Шариф Қозижон деган кишининг 9 хонали ҳовлисида тутқунликда яшаган. Кўҳна Чорсу маҳалласи Қарши қалъасининг кун чиқар тарафида бўлиб, Тутак дарвозага туташиб кетган. Шу жиҳатдан юқорида келтирилган «Зиндон яқинидаги подшолик чорбоғида ўлдирилди», деган гапда жон бор. Иккинчи иқтибосдаги Беҳбудийнинг «Қарши шаҳринда ўз олдига қўйган вазифаларни ўринлов ҳаракатида экан», деган жумла ҳам улуғ маърифатпарварнинг бу шаҳарда узоқ ушланиб қолганлигидан дарак беради. Васиятнома ҳам жуда чўзилиб кетган маҳбуслик кунларида ёзилган бўлиши мумкин. Иқтибосда Беҳбудий қатлининг Қарши волийси Нуриддин хўжа Оғолиққа боғланишини шундай тушуниш лозим бўлади: Нуриддин хўжа Оғолиқ Қарши беги Тоғайбекнинг ноиби бўлган. Қачонки, Тоғайбек амир Олимхон билан бирга кетган экан, унинг ўрнида Оғолиқ қолади. Қуролли қўзғолон юз берганда у Қаршини идора қилиб турган эди. Қуролли қўзғолон бошида бевосита Шароф мирохур Ҳабибуллаев, Муфти Насруллахўжа ва Аҳрорбеклар турган. Қўзғолон бостирилгандан кейин уларнинг ҳаммаси Афғонистонга қочиб кетган. Оғолиқнинг Беҳбудий ўлдирилишида гумон қилиниши фақатгина унинг шаҳарни Тоғайбекдан кейин бошқариб турганлиги оқибатидан бўлса керак.

Шариф Қозижонга келадиган бўлсак, у жадидларга мойил киши бўлган. Шариф Қозижон билан Шўро ҳукумати ўртасида алоқа олдиндан йўлга қўйилган, чоғи. Чунки 1926 йилга келиб унинг ўша 9 хонали уйи вилоят судига бино учун ижарага берилган. Беҳбудийнинг ҳамроҳлари ҳам у билан бир вақтда қатлга етказилган. Епифанов қуролли қўзғолон чоғида 800 овруполик ўлдирилди, деган фикрни ҳам айтади. Бу далилда маҳобат бор. Бу вақтда Бухорода 6 минг, Карманада 1500, Қаршида 800 овруполик кишилар яшаган. Чамаси, Епифанов 5-6 кун давом этган қўзғолон чоғида 800 га яқин киши ўлдирилди, демоқчи бўлган. Чунки қўзғолондан кейин ҳам Қаршида, темир йўлга яқин ҳудудда овруполиклар яшашда давом этганлар.

Қизил армия қисмларидан 13-ўқчи корпус қўзғолонни бир ҳафта мобайнида бостириб, ғалаёнчиларни деярли қириб ташлайди. Қўзғолончилар томонидан ўлдирилган Ёш бухороликлар раҳбарлари, амирликдан норози қаршиликлар майитлари асосан Эшони Шаҳид қабристонлигига дафн этилади. Қатл этилган овруполик темирйўлчилар жасадлари вокзал ғарбидаги рус мозоротига кўмилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва ҳамроҳларининг ҳоки ҳам Эшони Шаҳид мозоротига қўйилади. Айтилишича, Беҳбудий қабри Эшони Шаҳид мақбараси яқинида бўлган. Бир неча йил давомида унинг марқади эътиборда бўлиб келган. Лекин жадидларга — озодлик курашчиларига нисбатан 30-йиллар сўнгларига келиб Шўро муносабати ўзгаргач, Беҳбудий ҳам, қабри ҳам унутилади.

Аксилинқилобий ташкилот кучларини маҳв этиш, унинг аъзолари ва раҳбарлари деб гумон этилган шахсларни қамашлар авж олган бир пайтда, 1926 йилда Қарши шаҳрига Беҳбудий номи берилади. Бу билан Шўро салтанати фуқаролар наздида озодликпарвар, халқпарвар эканлигини намойиш этмоқчи бўлган. Беҳбудий номи 1926-1937 йиллар давомида унга мангу макон бўлган шаҳарга зеб бўлган эди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1937 йилда шаҳарга берилган Беҳбудий номи ўзгартирилди. Бу даврга келиб, кучайган қизил салтанатга Ватан озодлиги ва озодлик курашчилари деган сўзлар ёқмай қолган эди. Беҳбудий ҳазратлари ҳам Ватанининг озодлигини, тараққиётини истаган толмас курашчи эди. Унинг фожиаси ўша давр миллат фожиаси эди.

Сўз ниҳоясида шундай умид билдиргим келади: вилоят архиви тарих учун битмас-туганмас хазина. Унинг ҳали ўрганилишга сазовор жилдларида жуда кўп жавобсиз қолиб келаётган муаммоларни ойдинлаштирадиган далиллар навбат кутиб турибди.

2008 йил 16 июль, Қарши шаҳри.

1.Қаранг: Қашқадарё вилоят архиви, 172-жамғарма, 2-рўйхат, 20-иш, 1-2-бетлар

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring