Сойга яқин, қирнинг тошлари орасига шишани кўмдик. Ортга қайтиб, уйда гурунглашиб ётдик… Орадан йиллар ўтди. Ўтган кузда Қорадарага бир тўп табиат шайдолари билан яйрагани бордик. Ўшанда адиб билан кўмган шишани излаб топиш истаги пайдо бўлди. Тўдадан секин ажралиб, ўша таниш сойдан ўтдим. Шиша кўмган жой кўчки сабаб, кўздан пана бўлибди. Гарчанд кўп уринсам-да, тополмадим. Ниманидир йўқотгандай, кўнглим ғашланди. Эслаб кетдим…
Собир Ёдиков
ТЎРҒАЙ САЙРАЯПТИ
Тонг саҳарда телефон жиринглаши-ю, дарвозанинг тақиллашидан қўрқаман. Одам қандайдир нохуш хабарга дуч бўлаётгандай хавотирга тушасан. Вақт дегани эса жуда бераҳм ҳакам, бу ёғини сендан сўрамайди ҳам… Тонг ҳали ёришмаган пайт. Зулмат пардаси истамайгина тонгга ўз ўрнини бўшатиб бераётганди. Дарвоза беўхшов тақиллаб қолди. Барибир, кўнгил дегани душман-да. Хавотирланиб, дарвозани очдим. Қаршимда бир нотаниш одам турарди:
-Сизни Шукур ака деган бир ёзувчи йўқлаяпти. Машинасининг балони Измада ёрилиб қолган. Запаскаси йўқ экан. Менга шу нарсани сизга етказишни айтди. Балон олиб, тезда етиб бораркансиз…
Одам дегани ҳаммага ҳам ҳадди сиғиб, ҳар гапни айтавермайди. Машинани ўт олдириб, йўлга тушдим. Изма дегани шаҳардан 20 километр нарида, баланд бир тепаликдаги макон. Тепалик пастидан сой ўтади. Сойдан оқадиган сувлар измалардан иборат. Бордим. Ана шу тепаликда Шукур ака харсанг тош устида ўтирганича, жимгина нимагадир бутун диққатини бағишлаб ўтирибди. Ёнига яқинлашганимда, қўли билан имо қилиб, ёнидаги тошга ўтиришга чорлади:
-Собиржон, тингланг, тўрғайнинг сайрашини. Авваллари ҳам эшитганман-у, лекин бунақа чиройли сайрашига эътибор қилмаган эканман. Қулоқ тутинг, қаранг, қандай ўз сеҳрига олиб сайраяпти-я,-деди жуда секин гапирганича.
Қулоқ тутдим. Дарҳақиқат, адиб рост айтаётган экан. Тўрғай дегани шундай чуғурлаб сайрардики, беихтиёр унинг овозига сеҳрланиб қоларкансан. Ўшанда тонг отаётган пайт эди. Бир муддат тўрғайнинг сеҳрига тушиб қолдик. Сўнг Шукур ака ўрнидан туриб, бағрига босганича сўрашиб кетди:
-Мана шу ерга келиб балон қурғур ёрилса бўладими. Запаска йўқ экан. Нима қилишни билмай, йўлдан ўтувчи машина пойладим. Бири тўхтаган эди, сизга йўлда қолиб кетганимни етказ, деб қўлига бир-икки сўм пул бердим. Танимас экан-да. Энди кимга ҳам зорланай…
Шукур аканинг машинасига балон қўйиб, изма-из Бойсун томон йўлга тушдик. Адиб хонадонига етиб келдик. Уйга кириб, анча суҳбат қурдик. Бу орада Шукур аканинг келганини эшитиб, қўшни турадиган яқинлари келишди. Мен ўрнимдан қўзғалдим. Ўшанда Шукур ака мени четга чиқазиб:
-Хўп десангиз, эртага Қорадарага борсак. Ёдингиздами, бир қирчиллама қиш куни ўша томонга овга чиққандик. Мазза қилгандим. Тоғу тошни соғинганман. Ўша хотираларни бир эслаб дарага борсак, тузук бўларди-да.
-Ҳа, майли, тонг саҳарда машинам билан келаман, борамиз.
Ваъдага мувофиқ, саҳарлаб, Қорадарага бордик. Куз эди. Дара ичидаги барча дов-дарахтларнинг барги тушиб, яланғоч шохлари қолган. Қир-адирликдаги ўт-ўланлар ҳам сарғайиб, кузнинг асл тўнини кийиб олгандай. Чунки шаҳарда айрим дарахтларнинг барглари сарғайган бўлса-да, кузни хушламай, бор кучи билан шохлардаги баргларини ушлаб қолган. Бу ерда эса куз ўз зуғумини бир текис ўтказгандай, беаёв ва бешафқат эди…
-Ҳу, анаву Чағатнинг бағридаги тошлоқни овлайлик. Биласиз, бу ерларда чил кўп бўлади. Омадимиз келса, биронта отармиз,-дея дара ўртасидан ўтувчи сойнинг нариги бетидаги қирра тепаликка имо қилди Шукур ака.
Ёввойи бодом, писта дарахтлари аралаш қирни анча айландик. Бир села чилга жуда яқин келганимизни сезмай қолибмиз. Чиллар олдимиздан «пирр» этиб, учиб кетди. Қуш дегани ҳам ўзи яшаётган тупроқнинг рангини олади. Шу сабаб, ер ранг чилларни кўрмай қолганмиз. Ортга қайтдик. Сойга етиш арафасида супага ўхшаган това тош устига чўкдик.
-Барибир, манзара яхши. Сизни билмадим-у, менга ёқди. Анаву шаҳарда, атрофи бетон деворлар билан ўралаган торгина хонада ўтириб, тоғу тошдаги куз манзарасини ёзолмайсиз. Ёлғон чиқади. Буниси эса бор ҳақиқатдир. Ҳа, майли-да, елкангиздаги ов халтани очиб, кичкина дастурхон қилайлик. Шу тоғлар учун, кузнинг гўзал манзараси учун қадаҳ кўтарайлик, майлими, Собиржон,-деди Шукур ака.
-Ҳа-да!
-Биласизми, «Динозавр» даги қаҳрамоним, аёли билан тузук яшамаган бўлади. Ораларидаги муносабатлар бошқаларникидек ширин эмас, аёл уни хушламасди. Негадир, хотинининг бағрида яшнай олмаган. Вақти келиб, қаҳрамоним оғир касалга чалинади. Унинг давоси йўқ, тузалмайдиган хилидан. Ночор, ўлимини бўйнига олиб, Ғазалкент тоғларига чиқиб, худди сизу биз ўтиргандай, това тош устига чўзилганича ўлимини кутади. У ўзининг ўлаётганини ҳеч ким кўрмаслигини, қушу қузғунларга ем бўлишини истарди. Ана шу пайтда аёли уни излаб келади. Қаҳрамоним гарчанд унинг келганини сезган бўлса-да, бурилиб ҳам қарамайди ва:
-Нега келдинг?-сўрайди ортига бурилмасдан. -Кечирим сўрагани,-деб жавоб қилади аёли. -Кечикдинг, мен кетаяпман-ку…
Аканинг бу гаплари жуда ғамгин ва юракка чўкадиган эди. Унинг сўзини бўлмадим. Жим турдим. Орамиздаги суҳбатга қандайдир ғамгинлик соя солганди. Буни Шукур ака сезди, ўзича билинтирмаслик учун:
-Собиржон, менда бир таклиф бор. Мана шу шишада қолган «савил»ни бир белгили жойга кўмиб кетсак. Яна келганимизда ковлаб оламиз-у, дўстларни қойил қолдирамиз. Нима дедингиз?
Рози бўлдим. Сойга яқин, қирнинг тошлари орасига шишани кўмдик. Ортга қайтиб, уйда гурунглашиб ётдик… Орадан йиллар ўтди. Ўтган кузда Қорадарага бир тўп табиат шайдолари билан яйрагани бордик. Ўшанда адиб билан кўмган шишани излаб топиш истаги пайдо бўлди. Тўдадан секин ажралиб, ўша таниш сойдан ўтдим. Шиша кўмган жой кўчки сабаб, кўздан пана бўлибди. Гарчанд кўп уринсам-да, тополмадим. Ниманидир йўқотгандай, кўнглим ғашланди. Эслаб кетдим. Адабиётимизда энди Шукур акадек улкан адиб ҳам йўқ. Сой бўйидаги жинғилзор ичидан тўрғай сайради. Негадир, унинг сайраши ҳам синиқдай туюлди. У ўша Измадаги Шукур ака билан тинглаган тўрғайнинг сайрашига ҳеч ўхшамасди…