Nazar Eshonqul. Yangi dunyo tafakkuri.

022
“Мен” яратган дунё — бу ташқи оламнинг шунчаки инъикоси эмас, балки у қайта ишланган, қайта яратилган дунёдир. Ташқи оламни ўзига қабул қилган “мен” уни ниҳоятда индивидуаллаштиради, ўзига бўйсундиради, унга ўз изтиробидан, азоб-уқубатидан замин яратади, ташқи оламдан ўзгача, бошқа бир дунё пайдо қилади. Ташқи олам ва бу “дунё” ўртасидаги фарқ ёзувчи маҳорати, савияси, мақсади ва идеали билан ўлчанади.

087
Назар Эшонқул
ЯНГИ ДУНЁ ТАФАККУРИ
066

Ёзувчи қобилияти ва маҳорати унинг қанча ёзгани билан ўлчанмайди. Қобилият ўзига хос дунё ярата олиш санъатидир. Ҳақиқий ёзувчининг адабий дунёси ўз “мени” каби тугал, тўлақонли бўлади. Ёзувчи дунёси билан “мен”ни қўпол қиёслаганда тана ва юракка ўхшатиш мумкин. Бироқ бу ўхшатиш ҳам тугал эмас.
“Мен” фақат юрак эмас, у шу дунёнинг асосчиси ва маънавий ҳокими ҳамдир. Ташқи муҳит, ташқи олам “мен”га таъсир қилиб, унда аксланади. Аммо “мен” яратган дунё — бу ташқи оламнинг шунчаки инъикоси эмас, балки у қайта ишланган, қайта яратилган дунёдир. Ташқи оламни ўзига қабул қилган “мен” уни ниҳоятда индивидуаллаштиради, ўзига бўйсундиради, унга ўз изтиробидан, азоб-уқубатидан замин яратади, ташқи оламдан ўзгача, бошқа бир дунё пайдо қилади. Ташқи олам ва бу “дунё” ўртасидаги фарқ ёзувчи маҳорати, савияси, мақсади ва идеали билан ўлчанади.

Гўзалликни қабул қилиш ҳар қандай ғайрати сўнмаган одамнинг қўлидан келади, гўзаллик ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, бироқ уни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Гўзаллик ва “мен” ўртасидаги муносабат воқеликни тасвир этиш даражаси билан эмас, воқеликни ўзгартириш, уни ўзига ва ўз идеалига мослаштириш, ундаги инсон ҳақидаги изтироблари даражаси билан ўлчанади. Воқеликни тасвир этиш бу қобилият эмас, воқеликни яратиш қобилиятдир.

Бугун Шахсга нисбат беришга қурбимиз етадими? Шахснинг қандай фазилатлари бор ва уни биологик инсондан қандай фарқлаш мумкин, деган саволга жавоб топиш пайти келди. Илғор адабиётларда бу ҳақда баҳс аср бошларидаёқ тўхтаган, гарчи ҳозир ҳам олисдан келаётган қўнғироқ сасидек ўша баҳсларнинг садоси эшитилиб қолса ҳам, кўпгина адабиётларда бу ҳақда аллақачон баҳс юритмай қўйишган. Зеро, маълум нарса ҳақида баҳс қилиш вайсақиликдан бошқа нарса эмас.

Шахсни йўқ қилишга қаратилган ва узоқ давом этган коммунистик мафкура тан олиш керакки, фақат ҳаётдагина эмас, адабиётдаги шахсларни ҳам йўқ қилаёзди. Яқин ўтмишда биз бошдан кечирган маънавий таназзул нособит эътиқод, турланиш — барчаси шахссизлик оқибатидир. Ўша йиллар ички дунёмиз ҳам худди атайлаб вайрон қилинган шаҳардек эди. Сўзлар қайси бири самимий, қайси бири ночин ажратиш қийин эди. Шахс йўқ жойда биз ҳамиша маънавий харобликка, турланиб-тусланишларга дуч келдик.

Дарвоқе, шахсда фазилат бўлмайди, шахсда худди улкан иморатни кўтариб турган устундек улкан “Мен” бўлади. Балким, ана шунинг ўзи фазилатдир. Бугунги адабиётимизга энг зарур нарса, ана шу “Мен” керак! “Мен” йўқ жойда биологик махлуқ бўлади, деган эди Фрейд. “Мен”сиз адабиёт қуруқ ғоявий, мафкуравий либосдан бошқа нарса эмас.

Энди “Мен” ўз ғалабаси томон бораяпти. Шу сабабли ҳам адабиётда сукунат ҳукмрон. Шу сабабли ҳам, “Адабиёт ўладими?” деган мунозаралар бўлиб ўтди.

Чўлпондан сўнгги адабиётда бизни ўзига “Мен”ининг кучлилиги ва қатъияти билан ром қилган, ҳурмат уйғотган асар ва шахсни орзу қилдик. Чинакам ёзувчи қандай бўлади, қандай бўлиши керак? — деган савол бизни ҳеч тарк этмади. Балки худбиндирмиз, бор нарсаларни тан олишни истамаётгандирмиз. Гар ёзувчини тан олиши ҳақида эмас. Гап ёзувчининг қандай шахс бўлиши кераклиги устида.

Ўтган шўро даври адабиёти ҳақида баҳс қилиш мумкин бўлган мавзу шунчалик кўпки, баҳслашаверсангиз, қизиқишингиз сўниб қолиши турган гап. Аммо бу давр фожиаси сўз санъати, адабиёт пайдо бўлган кундан бошлаб сўзнинг бош ва мангу интилиши бўлиб келган олий ҳақиқатдан инсонни таҳлил қилишдан юз ўгирганида, бўлди. Ғарб файласуфлари ва олимларининг аниқлашича, одамдаги энг заиф туйғу унинг адолатпарастлигидир. Жамиятда адолат ва тенглик ўрнатиш учун одамларни табақаларга, ижобй-салбийларга бўлиш учун асарлар ёзилди. Лекин охир-оқибат бу асарларнинг аксарияти ўқувчилар савиясини туширдигина эмас, айнан адолатсизликка ва тенгсизликка хизмат қилди, натижада А.Рюнноскэнинг “Жаҳаннам” ҳикоясидаги рассом чол ҳолига тушилди (Ғикояда ўтда ёнаётган ва ўзи суратини чизаётган қиз ўзининг қизи эканлигини кейин англаб етади). Ўтмиш совет адабиётининг моҳияти шундай бўлганлигини бугун кўплар тан олади, тўғри, эътирофлар ҳам тўлиқ самимий эмас. Лекин ҳарқалай, шундай бўлса-да, бу даврда чинакам адабиёт яратиш ғоятда оғир бўлгани ва унга имкон берилмаганлигини онда-сонда бўлса ҳам ўзимизга ўзимиз эслатиб қўяпмиз.

Адабиёт инсон руҳиятини таҳлил қилувчи фан экан, тоталитаризм ҳеч қачон ўз қуллари — фуқаролар руҳиятини таҳлил қилишга йўл қўймасди ва қолипга солинган адабиёт руҳида тарбия олган, суякларимиз шу руҳда қотган бизлар ҳам инсондан холи этилган адабиётдан ва унинг асоратидан ҳали-бери воз кечолмасак керак. Энг оғир томони шундаки, собиқ совет адабиётидаги ҳукмрон тушунчаларнинг емирилиши ва ҳақиқий сўзга қайтиш даврида — “перестройка”да адабиётга сўзбозлик, “жўн ватанпарварлик” кириб келди-ки, бизга бирмунча вақт ана шу касалликларни даволаш учун овора бўлишга тўғри келади.

Шахсан менга шундай туюлдики, ҳозир яратилаётган “сўфийлар” ва “тарихчилар” баъзан шу даражада яланғочки, ўқиб туриб, ўзингиз худди кийимсиз кўча кезиб юргандай хижолатда қоласиз. Бу ҳол бор-йўғи яланғоч мавзупарастликдир. Мажбур бўлганда собиқ замон билан мослашдик, унинг ноғорасини чалдик, адабиётнинг олий вазифасидан воз кечдик, қарор ва қоидаларга мослаб асар ёздик. Бироқ мен ҳали бирор ёзувчининг бундан чинакам хижолат бўлганини, чин дилдан тазарру қилганини кўрганим йўқ: хавотирли жойи шундаки, кечаги баъзи мавзупарастлар, кечаги қарорпарастлар бугуннинг мавзусига мослашмоқда ва адабиёт яна чеккада қолиб, роману ҳикоялар бугуннинг мавзуси — “сўфипарастлиги” билан тўлмоқда.

“Мен”сизликнинг қобилияти шундаки, у ҳар қандай замонга тез мослашади ва унинг ноғорасозига айланади.
Яқинда телевидениеда бир шоир узундан-узун шеър ўқиди. Шоирга қараб туриб бу шеър гарчи “авангард” йўлида тўқилган бўлса-да, лекин кечаги кунларнинг латталарга ёзиб идора пештахталарига осиб қўядиган шиорларида ҳеч фарқи йўқ эди. Шунда “мен” адабиётга қанчалар зарурлигини яна бир карра англадим.

Жойсдан кейин ўтган авлоднинг таниқли ёзувчисини Жойснинг “Мен”и сезилиб туради. Буни барча машҳур ёзувчилар эътироф этганлар. Ёки туркий адабиётларда Чингиз Айтматовнинг таъсирини сезмаган ким бор? Бизда Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғуломнинг шундай таъсири ҳақида сўйлаш мумкин. Ўз эътиқоди, қатъияти, сўзга содиқлиги билан ўзидан кейинги авлодга ўрнак бўладиган ёзувчи-миллатнинг, унинг маданиятининг бахти.

Психоаналитикларнинг аниқлашича, “кўмир”, яъни идеал дея билиш ва интилиш гарчи бу инсон онгли фаолиятининг дастлабки босқичига хос бўлса-да, инсон фаолиятини фаоллаштиради, маълум мақсадга йўналтиради. Шарқда эса ўз илоҳий қудрати, билими билангина эмас, яшаш тарзи, эътиқоди билан ҳам сабоқ бўлган кишиларни “пир” деб, уларга қўл берганлар. Ўз эътиқоди йўлида ўлимга тик борган пирлар ҳақида биз бугун уйғониш даврида ўйлаяпмиз, улар эришган ёки эришиши мумкин бўлган фаолият кўламларини чамалаб кўраяпмиз. Беҳбудий, Мунаввар қориларни мутолаа қилаяпмиз. Бўшлиқлар тўлиб боргандек бўлаяпти.

Коммунизм берган, “Олий мақсадлар” ва “йўлбошчилар” қулади. Тарихимиз саҳнасига асл шахслар кўтариляпти.

Ф.Кафка аср бошида сиёсий алғов-далғовлар, ҳокимият талашишлар, инсоннинг қадри бўлмаган қонунлар, инсонни ҳақорат қилишга қурилган матбуот, қулликка асосланган система, инсондан махлуқ яратадиган мафкурадан қочиб, бир умр ёлғизликда, деярли узлатда яшади. Фолкнер ўзининг ички “Мен”ини сақлаб қолиш, жамиятга хос бўлган ифлосликлардан, фаҳшдан ўзини ҳимоя қилиш учун умрини отлар, ҳайвонлар, табиат билан бирга ўтказди. Пруст ташқи шовқинлардан ҳоли бўлиш учун уйини қалин пардалару, деворлар билан ўраб олди.

Сартр, Камю… ўз қалблари, шуурларига, ички “Мен”ларига ёлғонни киритмадилар. Зеро чинакам ёзувчи ёлғонни фош этиш учун, ундан инсонни ва унинг қалбини асраб қолиш учун ўз умрини сарфлайди. Ёзувчи қалби бекорга юнон нотиқлари тилида илоҳият нури тушган қалб деб аталмаган. Бу илоҳий қалб озгина нопоклик, озгина хиёнат, озгина адолатсизлик, озгина алдов юз бериши билан титраб кетади ва ўзининг изтироб рамзи бўлган сўзлари билан бузилган, алданган дунёни поклашга киришади. Шунинг учун ҳам, Фолкнер “Ёзувчининг орзуси — унинг озодлигидир”, — деган эди. Бу орзуни худди Исо ўз эътиқодини ҳаётга алмашмаганидек, ҳеч нарсага алмашмайди.

Қодирий ва Чўлпонда ҳам ҳеч нарсага алмашмайдиган нималардир бор эди. Улар қаттол коммунистик мафкура тазйиқида турланиб, тусланишдан воз кечдилар. Шахсларини таназзулдан асраб қололдилар.
Биз уйғониш пирлари билан фахрланамиз. Эҳтимол вақти келиб улар таъсирида эндиги замонларнинг улкан “Мен”лари пайдо бўлар — бу орзумизга бугунги озодлик замин яратмадими? Атрофимизда қанча ажойиб номлар бор. Уларнинг ижтимоий фаоллиги, истиқлолий етуклиги ШАХСлар пайдо бўлишининг гаровидир.

Ҳаёт ва адабиёт биздан чинакам истеъдодларни ва “Мен”ларни талаб қилмоқда. Чунки у бизнинг “Мен”имизга қараб эртанги кунини яратади. “Мен”га ва шахсга ташналик бугун — ўз ичимизни тозалаш, поклаш даражасига етди. Бу кураш абадийдир. “Мен” ички дунёнинг тўлиқлигидир. Фақат бўш идишгагина хоҳлаган нарсани солишингиз мумкин. Ички бўшлиқ — маънавий таназзулнинг майдони. Ичкариси бўш одам… — жуда хатарли. Унинг нималарга тайёрлигини билиш қийин эмас. Бу шахс шаклланмаганлиги оқибати.

Ўз кучига ва ўзига ишонмасликдан заифлик пайдо бўлади. “Мен” шу маънода ўзига ишонч ҳамдир.
Ўзига ишонмаган одам, ёхуд “Мен”и шаклланмаган одам — ичкариси забт этилган, ҳеч бўлмаса забт этилиши арафасидаги одамдир. Ички дунёнинг мустамлакаси қулликнинг, нари борса мутеликнинг ички кўринишидир. Шунинг учун “Мен” ва мустамлака, “Мен” ватоталитаризм, “Мен” ва ёлғон келиша олмайди. Фақат мустаҳкам “Мен”гина  реал воқеликни ёзувчининг маҳорат олами билан боғлай олади. Юзакиликка ўрганган тасаввурларни ёриб ўтиб, ўзининг эътиқод, гўзаллик дунёсини яратади. Дард ва изтиробдан, инсонга бўлган шафқатдан юзага келган бу дунё янги адабиётга, янгиланажак адабиётга хос дунёдир. Янги дунё “Мен” янгиланган сайин Сўз ҳам, Адабиёт ҳам, Одамлар ҳам янгиланиб боради.

Янгиланаётган дунё — покланаётган дунёдир. Янги адабиёт — янги сўз, янги тил деганигина эмас, балки янги дунё, янги изтироб, янги тафаккур дегани ҳамдир.

1994

087
Nazar Eshonqul
YANGI DUNYO TAFAKKURI
066

Yozuvchi qobiliyati va mahorati uning qancha yozgani bilan o’lchanmaydi. Qobiliyat o’ziga xos dunyo yarata olish san’atidir. Haqiqiy yozuvchining adabiy dunyosi o’z “meni”  kabi tugal, to’laqonli bo’ladi. Yozuvchi dunyosi bilan “men”ni qo’pol qiyoslaganda tana va yurakka o’xshatish mumkin. Biroq bu o’xshatish ham tugal emas.
“Men” faqat yurak emas, u shu dunyoning asoschisi va ma’naviy hokimi hamdir. Tashqi muhit, tashqi olam “men”ga ta’sir qilib, unda akslanadi. Ammo “men” yaratgan  dunyo — bu tashqi olamning shunchaki in’ikosi emas, balki u qayta ishlangan, qayta yaratilgan dunyodir. Tashqi olamni o’ziga qabul qilgan “men” uni nihoyatda  individuallashtiradi, o’ziga bo’ysundiradi, unga o’z iztirobidan, azob-uqubatidan zamin yaratadi, tashqi olamdan o’zgacha, boshqa bir dunyo paydo qiladi. Tashqi olam va bu “dunyo” o’rtasidagi farq yozuvchi mahorati, saviyasi, maqsadi va ideali bilan o’lchanadi.

Go’zallikni qabul qilish har qanday g’ayrati so’nmagan odamning qo’lidan keladi, go’zallik hammani hayratga solishi mumkin, biroq uni yaratish hammaning ham qo’lidan kelavermaydi.

Go’zallik va “men” o’rtasidagi munosabat voqelikni tasvir etish darajasi bilan emas, voqelikni o’zgartirish, uni o’ziga va o’z idealiga moslashtirish, undagi inson haqidagi iztiroblari darajasi bilan o’lchanadi. Voqelikni tasvir etish bu qobiliyat emas, voqelikni yaratish qobiliyatdir.

Bugun Shaxsga nisbat berishga qurbimiz yetadimi? Shaxsning qanday fazilatlari bor va uni biologik insondan qanday farqlash mumkin, degan savolga javob topish payti keldi.Ilg’or adabiyotlarda bu haqda bahs asr boshlaridayoq to’xtagan, garchi hozir ham olisdan kelayotgan qo’ng’iroq sasidek o’sha bahslarning sadosi eshitilib qolsa ham,ko’pgina adabiyotlarda bu haqda allaqachon bahs yuritmay qo’yishgan. Zero, ma’lum narsa haqida bahs qilish vaysaqilikdan boshqa narsa emas.

Shaxsni yo’q qilishga qaratilgan va uzoq davom etgan kommunistik mafkura tan olish kerakki, faqat hayotdagina emas, adabiyotdagi shaxslarni ham yo’q qilayozdi. Yaqin o’tmishda biz boshdan kechirgan ma’naviy tanazzul nosobit e’tiqod, turlanish — barchasi shaxssizlik oqibatidir. O’sha yillar ichki dunyomiz ham xuddi ataylab vayron qilingan shahardek edi. So’zlar qaysi biri samimiy, qaysi biri nochin ajratish qiyin edi. Shaxs yo’q joyda biz hamisha ma’naviy xaroblikka, turlanib-tuslanishlarga duch keldik.

Darvoqe, shaxsda fazilat bo’lmaydi, shaxsda xuddi ulkan imoratni ko’tarib turgan ustundek ulkan “Men” bo’ladi. Balkim, ana shuning o’zi fazilatdir. Bugungi adabiyotimizga eng zarur narsa, ana shu “Men” kerak! “Men” yo’q joyda biologik maxluq bo’ladi, degan edi Freyd. “Men”siz adabiyot quruq g’oyaviy, mafkuraviy libosdan boshqa narsa emas.

Endi “Men” o’z g’alabasi tomon borayapti. Shu sababli ham adabiyotda sukunat hukmron. Shu sababli ham, “Adabiyot o’ladimi?” degan munozaralar bo’lib o’tdi.

Cho’lpondan so’nggi adabiyotda bizni o’ziga “Men”ining kuchliligi va qat’iyati bilan rom qilgan, hurmat uyg’otgan asar va shaxsni orzu qildik. Chinakam yozuvchi qanday bo’ladi, qanday bo’lishi kerak? — degan savol bizni hech tark etmadi. Balki xudbindirmiz, bor narsalarni tan olishni istamayotgandirmiz. Gar yozuvchini tan olishi  haqida emas. Gap yozuvchining qanday shaxs bo’lishi kerakligi ustida.

O’tgan sho’ro davri adabiyoti haqida bahs qilish mumkin bo’lgan mavzu shunchalik ko’pki, bahslashaversangiz, qiziqishingiz so’nib qolishi turgan gap. Ammo bu davr fojiasi so’z san’ati, adabiyot paydo bo’lgan kundan boshlab so’zning bosh va mangu intilishi bo’lib kelgan oliy haqiqatdan insonni tahlil qilishdan yuz o’girganida, bo’ldi. G’arb faylasuflari va olimlarining aniqlashicha, odamdagi eng zaif tuyg’u uning adolatparastligidir. Jamiyatda adolat va tenglik o’rnatish uchun odamlarni tabaqalarga, ijoby-salbiylarga bo’lish uchun asarlar yozildi. Lekin oxir-oqibat bu asarlarning aksariyati o’quvchilar saviyasini tushirdigina emas, aynan adolatsizlikka va tengsizlikka xizmat qildi, natijada A.Ryunnoskening “Jahannam” hikoyasidagi rassom chol holiga tushildi (G’ikoyada o’tda yonayotgan va o’zi suratini chizayotgan qiz o’zining qizi ekanligini keyin anglab yetadi). O’tmish sovet adabiyotining mohiyati shunday bo’lganligini bugun ko’plar tan oladi, to’g’ri, e’tiroflar ham to’liq samimiy emas. Lekin harqalay, shunday bo’lsa-da, bu davrda chinakam adabiyot yaratish g’oyatda og’ir bo’lgani va unga imkon berilmaganligini onda-sonda bo’lsa ham o’zimizga o’zimiz eslatib qo’yapmiz.

Adabiyot inson ruhiyatini tahlil qiluvchi fan ekan, totalitarizm hech qachon o’z qullari — fuqarolar ruhiyatini tahlil qilishga yo’l qo’ymasdi va qolipga solingan adabiyot ruhida tarbiya olgan, suyaklarimiz shu ruhda qotgan bizlar ham insondan xoli etilgan adabiyotdan va uning asoratidan hali-beri voz kecholmasak kerak. Eng og’ir tomoni shundaki, sobiq sovet adabiyotidagi hukmron tushunchalarning yemirilishi va haqiqiy so’zga qaytish davrida — “perestroyka”da adabiyotga so’zbozlik, “jo’n vatanparvarlik” kirib keldi-ki, bizga birmuncha vaqt ana shu kasalliklarni davolash uchun ovora bo’lishga to’g’ri keladi.

Shaxsan menga shunday tuyuldiki, hozir yaratilayotgan “so’fiylar” va “tarixchilar” ba’zan shu darajada yalang’ochki, o’qib turib, o’zingiz xuddi kiyimsiz ko’cha kezib yurganday xijolatda qolasiz. Bu hol bor-yo’g’i yalang’och mavzuparastlikdir. Majbur bo’lganda sobiq zamon bilan moslashdik, uning nog’orasini chaldik, adabiyotning oliy vazifasidan voz kechdik, qaror va qoidalarga moslab asar yozdik. Biroq men hali biror yozuvchining bundan chinakam xijolat bo’lganini, chin dildan tazarru qilganini ko’rganim yo’q: xavotirli joyi shundaki, kechagi ba’zi mavzuparastlar, kechagi qarorparastlar bugunning mavzusiga moslashmoqda va adabiyot yana chekkada qolib, romanu hikoyalar bugunning mavzusi — “so’fiparastligi” bilan to’lmoqda.

“Men”sizlikning qobiliyati shundaki, u har qanday zamonga tez moslashadi va uning nog’orasoziga aylanadi.Yaqinda televidenieda bir shoir uzundan-uzun she’r o’qidi. Shoirga qarab turib bu she’r garchi “avangard” yo’lida to’qilgan bo’lsa-da, lekin kechagi kunlarning lattalarga yozib idora peshtaxtalariga osib qo’yadigan shiorlarida hech farqi yo’q edi. Shunda “men” adabiyotga qanchalar zarurligini yana bir karra angladim.

Joysdan keyin o’tgan avlodning taniqli yozuvchisini Joysning “Men”i sezilib turadi. Buni barcha mashhur yozuvchilar e’tirof etganlar. Yoki turkiy adabiyotlarda Chingiz Aytmatovning ta’sirini sezmagan kim bor? Bizda Qodiriy, Cho’lpon, G’afur G’ulomning shunday ta’siri haqida so’ylash mumkin. O’z e’tiqodi, qat’iyati, so’zga sodiqligi bilan o’zidan keyingi avlodga o’rnak bo’ladigan yozuvchi-millatning, uning madaniyatining baxti.

Psixoanalitiklarning aniqlashicha, “ko’mir”, ya’ni ideal deya bilish va intilish garchi bu inson ongli faoliyatining dastlabki bosqichiga xos bo’lsa-da, inson faoliyatini faollashtiradi, ma’lum maqsadga yo’naltiradi. Sharqda esa o’z ilohiy qudrati, bilimi bilangina emas, yashash tarzi, e’tiqodi bilan ham saboq bo’lgan kishilarni “pir” deb, ularga qo’l berganlar. O’z e’tiqodi yo’lida o’limga tik borgan pirlar haqida biz bugun uyg’onish davrida o’ylayapmiz, ular erishgan yoki erishishi mumkin bo’lgan faoliyat ko’lamlarini chamalab ko’rayapmiz. Behbudiy, Munavvar qorilarni mutolaa qilayapmiz. Bo’shliqlar to’lib borgandek bo’layapti.

Kommunizm bergan, “Oliy maqsadlar” va “yo’lboshchilar” quladi. Tariximiz sahnasiga asl shaxslar ko’tarilyapti.

F.Kafka asr boshida siyosiy alg’ov-dalg’ovlar, hokimiyat talashishlar, insonning qadri bo’lmagan qonunlar, insonni haqorat qilishga qurilgan matbuot, qullikka asoslangan sistema, insondan maxluq yaratadigan mafkuradan qochib, bir umr yolg’izlikda, deyarli uzlatda yashadi. Folkner o’zining ichki “Men”ini saqlab qolish, jamiyatga xos bo’lgan iflosliklardan, fahshdan o’zini himoya qilish uchun umrini otlar, hayvonlar, tabiat bilan birga o’tkazdi. Prust tashqi shovqinlardan holi bo’lish uchun uyini qalin pardalaru, devorlar bilan o’rab oldi.

Sartr, Kamyu… o’z qalblari, shuurlariga, ichki “Men”lariga yolg’onni kiritmadilar. Zero chinakam yozuvchi yolg’onni fosh etish uchun, undan insonni va uning qalbini asrab qolish uchun o’z umrini sarflaydi. Yozuvchi qalbi bekorga yunon notiqlari tilida ilohiyat nuri tushgan qalb deb atalmagan. Bu ilohiy qalb ozgina nopoklik, ozgina xiyonat, ozgina adolatsizlik, ozgina aldov yuz berishi bilan titrab ketadi va o’zining iztirob ramzi bo’lgan so’zlari bilan buzilgan, aldangan dunyoni poklashga kirishadi. Shuning uchun ham, Folkner “Yozuvchining orzusi — uning ozodligidir”, — degan edi. Bu orzuni xuddi Iso o’z e’tiqodini hayotga almashmaganidek, hech narsaga almashmaydi.

Qodiriy va Cho’lponda ham hech narsaga almashmaydigan nimalardir bor edi. Ular qattol kommunistik mafkura tazyiqida turlanib, tuslanishdan voz kechdilar. Shaxslarini tanazzuldan asrab qololdilar.Biz uyg’onish pirlari bilan faxrlanamiz. Ehtimol vaqti kelib ular ta’sirida endigi zamonlarning ulkan “Men”lari paydo bo’lar — bu orzumizga bugungi ozodlik zamin yaratmadimi? Atrofimizda qancha ajoyib nomlar bor. Ularning ijtimoiy faolligi, istiqloliy yetukligi SHAXSlar paydo bo’lishining garovidir.

Hayot va adabiyot bizdan chinakam iste’dodlarni va “Men”larni talab qilmoqda. Chunki u bizning “Men”imizga qarab ertangi kunini yaratadi. “Men”ga va shaxsga tashnalik bugun — o’z ichimizni tozalash, poklash darajasiga yetdi. Bu kurash abadiydir. “Men” ichki dunyoning to’liqligidir. Faqat bo’sh idishgagina xohlagan narsani solishingiz mumkin. Ichki bo’shliq — ma’naviy tanazzulning maydoni. Ichkarisi bo’sh odam… — juda xatarli. Uning nimalarga tayyorligini bilish qiyin emas. Bu shaxs shakllanmaganligi oqibati.

O’z kuchiga va o’ziga ishonmaslikdan zaiflik paydo bo’ladi. “Men” shu ma’noda o’ziga ishonch hamdir.O’ziga ishonmagan odam, yoxud “Men”i shakllanmagan odam — ichkarisi zabt etilgan, hech bo’lmasa zabt etilishi arafasidagi odamdir. Ichki dunyoning mustamlakasi qullikning, nari borsa mutelikning ichki ko’rinishidir. Shuning uchun “Men” va mustamlaka, “Men” vatotalitarizm, “Men” va yolg’on kelisha olmaydi. Faqat mustahkam “Men”gina Real voqelikni yozuvchining mahorat olami bilan bog’lay oladi. Yuzakilikka o’rgangan tasavvurlarni yorib o’tib, o’zining e’tiqod, go’zallik dunyosini yaratadi. Dard va iztirobdan, insonga bo’lgan shafqatdan yuzaga kelgan bu dunyo yangi adabiyotga, yangilanajak adabiyotga xos dunyodir. Yangi dunyo “Men” yangilangan sayin So’z ham, Adabiyot ham, Odamlar ham yangilanib boradi.

Yangilanayotgan dunyo — poklanayotgan dunyodir. Yangi adabiyot — yangi so’z, yangi til deganigina emas, balki yangi dunyo, yangi iztirob, yangi tafakkur degani hamdir.

1994

Манба: Жаббор Эшонқулнинг фейсбукдаги саҳифаси

хдк

(Tashriflar: umumiy 104, bugungi 1)

Izoh qoldiring