Zulfiya Qurolboy qizi. Ikki hikoya: Kuygan shahar & Xoliq amaiki

011

15 сентябрь – Ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи таваллуд топган кун

      Тақдир тақозосини қаранг, Нарзиқул раис қариб, ювғичлар сафига қўшилиб қолган экан. Сўнгги дақиқада ҳам Холиқ амакининг Нарзиқул раис билан дуч келганига нима дейсиз?! Нарзиқул раис амакидан анча ёш катта, бола-чақасидан тинган, невараларини уйлантириб, чевара ҳам кўрганди. Раислигида йиғиб қўйганларини майдалаб чайнаб, ҳузур-ҳаловатда яшаётган пири бадавлат эди. Холиқ амаки эса унга нисбатан ёш, бунинг устига уй кўрмаган бешта қизи бўй чўзиб турарди. Менга бир нарса алам қилиб кетаётган эди. Агар азроилга жон керак бўлса, нега Нарзиқул раиснинг жонини олмади. Нега келиб-келиб бир бечорани танлади?

 Зулфия Қуролбой қизи
ИККИ  ҲИКОЯ
088

055Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.

088

КУЙГАН ШАҲАР

Кампир етмишларга борган, чўпдай озғин, ияги эртаклардаги ялмоғиз кампирнинг иягидай олдга туртиб чиққан, лаблари ҳаётнинг шўриш азобларини татиб кўраверганидан тиришиб-буришиб қолгандай сўлғин ва қуруқ, бурни сўппайган, киртайган кўзлари чуқур ботган – маъюс боқар, аммо жаҳли чиққанида нафақат кўзлари хунукдан хунук чақчаяр, балки бутун юзида қўрқинчли ифода пайдо бўларди, қоқсуяк гавдаси эса хиёл эгик, лекин жуда серҳаракат, чаққон, кийимлари эса ҳамиша тоза ва оҳорли эди.

У ғира-шира қоронғида ачиган-чириган ҳидлар анқиган мева-чева бозорига одатдагидай ҳаммадан олдин келди. Бир қўлида қўш термос ва бошқа қақур-қуқурлари ортилган яп-янги аравача, иккинчи қўлида каттагина тўрвахалта. Тез юрганидан ҳарсиллаб нафас оларди. Кампир аравачани тортиб келаркан, қадди янада эгилар, шунинг учун ҳам кўйлагининг олд этаги узунроқдай кўринарди.

Кампир етиб келганида олтмишларга борган, соч-соқолига оқ оралай бошлаган қоровул эндигина катта жигарранг темир дарвозани очиб, атрофни кўздан кечираётган эди. У тонг ёришмасдан бозорда пайдо бўлган кампирга кўзи тушиб, норозилик билан ғўлдираб қўйди:
– Саҳарлаб бало бормикин бу қари қарғага.

Яхши ҳамки кампирнинг қулоғи сал оғирроқ, акс ҳолда бечора қоровулнинг соч-соқолидан асар ҳам қолмасмиди? Бироқ кампир қоровул билан сўрашмасдан ўтмайди.
– Яхши юрибсанми, Болтавой? Бола-чақанг омонми?
– Ҳа, омон, омон. Омон бўлмай нима… – ёқтирмайроқ жавоб берди қоровул. – Фақат сиз қачон менинг исмим Болтавой эмаслигига аҳамият бераркансиз?
– Менинг уйчам ҳам омонми, Болтавой?
– Омон, омон. Ана, қўққайиб турибди. Эшик-деразалари беркитилган бўлса, ким ҳам тегинарди?
– Ҳа, яхши…

Кампир бир оз юргач, чапга бурилиб, ғира-ширада оқаринқираб турган уйчага яқин келди.
Қишда қалин палтосининг, ёз бўлса кўйлагининг устидан мудом кийиб юрадиган енгил камзули чўнтагидан калит чиқариб, эшикни очди, ичкарига кирди.
Зум ўтмай, худди кампир келишини кутиб тургандай бозор бирдан жонланди. Дарвозадан турли кишилар, сотувчилар, ошхона эгалари, бозор ходимлари кириб кела бошлади. Кечаси уюм-уюм қоплари устида тунаб қоладиган деҳқон-сотувчилар негадир ҳар доим ҳаммадан кейин, бозорда шовқин-сурон қўпганидан сўнг эринибгина уйғонишади.

Бу вақтда кампир бирига чой, яна бирига аччиқ қаҳва дамланган термослари ёнида кела-келгунча шақир-шуқур қилган чашкаларини чайишга улгуриб, ҳар доимги мижозларини кутиб олишга шай турарди.
– Розияхон, мана қаҳвангиз, – кампир қайноқ ҳовур кўтарилаётган чашкани қирқ беш-эллик ёшлардаги аёлга узатди. – Кеча бундан кейин сал қуюқроқ дамланг, дегандингиз, мана, айтганингиздай дамладим.
Картошка-пиёз қопларининг устида ўтирган Розияхон деганлари – унинг исми аслида Салимахон, лекин кампир уни ҳар доим Розияхон деб атайди, у тўладан келган, билаклари лорсиллаган, ойтовоқдай юзида кўзлари бир чизиқдай билиниб-билинмай турган, шартакироқ аёл, – ёйилиб илжайганча кампирнинг қўлидан чашкани оларкан:
– Ўзимнинг ақлли опоқимдан айланай! – деди гўё қаршисида етмиш яшар кампир эмас, етти яшар бола тургандай эркалаб. – Оҳ, оҳ, ҳидини қаранг, ҳидини… Эртага яна шунақасидан бўлсин, хўпми?
– Хўп.

Салима-Розия чойчақа узатди.
– Энди борақолинг. Сиз билан валақлашишга вақтим йўқ.
Кампир хурсанд бўлиб пулни олди, санамасдан чўнтагига солиб қўйди-да, аравачасини суд-раб йўлида давом этди.

Икки-икки ярим соат ичида мижозларини чой ва қаҳва билан сийлаб чиққан кампир чошгоҳгача – яна чой тарқатиш вақти бўлгунча бекор турмаслик учун ўзига иш қидира бошлади. Аҳвол деярли ҳар доим шундай: сотувчиларни чой ва қаҳва билан сийлаб бўлгач, у аравачаси билан бировларнинг юкини ташийди, картошка-пиёз саралайди, жуда бўлмаса сом-сапазларга ёрдамлашиб, чойчақа ишлайди. Ёки бир чеккага ўтиб иштиёқ ва диққат билан аравасини тозалаб, у ер-бу ерини кўздан кечирган бўлади. Ишқилиб бекор турмайди-да.

Фақат чошгоҳдаги “чайпите”дан кейингина кампир бир оз нафас ростлаш ва гурунглашиш учун таниш мижозларидан бирининг олдига келиб дардлашиб ўтиради.
– Уф, чарчадим, Жамила, жудаям чарчадим… – дея зорланди у одатдагидай ҳорғинлик билан. – Болаларим қачон катта бўлишаркин-а?! Ишонасанми, кечқурунлари оёқларим шунақа қақшайдики! Айниқса бошим шундай оғрийдики, худди қизилиштон тумшуғи билан дарахтни тўқиллатиб ургандай бир шовқин қулоқларимда ғувиллаб кетади…

Савдо тиғиз бўлишига қарамай, кампирни эшитиш учун ҳамиша вақт топадиган, кўнгли бўш, раҳмдил олма сотувчи аёл – дарвоқе унинг исми Сожида, лекин кампир унга Жамила деб мурожаат қилади, – ачинаётганини сездирмасдан:
– Қизингизнинг бўйи чўзилиб қопти, худо хоҳласа ҳадемай ёнингизга киради, – деди хайриҳоҳлик билан. – Кўпам ўзингизни уринтираверманг, чарчаб қоласиз.
– Чарчасам гўрга, – деди кампир. – Чарчасам нима бўпти, бир юмалаб ухлаб олсам, ҳаммаси ўтиб кетади. Мендан кўра, болаларимга қийин. Улар менсиз қийналиб кетишди. Ахир ўзингиздан қиёс-да, тонг саҳарлаб бозорга келиб, қош қорайганда уйга борасиз. Бола бечоралар нима еб, нима ичиб ўтиришибди… Бир ерлари оғриб қолса, кимга айтишади… Ким уларнинг жонларига оро киради?.. Кеча кенжатойим Фаррухнинг қорни оғриб қопти. Бечора болам тушгача тўшакда буралиб ётибди… Мен бундан бехабар…

– Ноила қарамабдими укасига? – сўради Жамила-Сожида.
– Қараган. Қизим боёқиш укасига меҳрибон. Дори берибди, қорнини жун рўмол билан боғлаб қўйибди. Лекин Фаррух тинчланавермагандан кейин укасига қўшилиб йиғлабди-да бечора…
– Ҳа, тирикчилик-да энди… Илож қанча…
– Тирикчилик ҳам ўлсин. Эртадан кечгача бозорда изғиб юрганимга яраша, дурустроқ топсам эди.
– Сиз яхши топасиз, опоқи. Ҳадеб ўзингизни қийнайверманг.
– Бе, қаёқда… Кеча кун бўйи паттачилар қувғинида юрдим. У ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам кетимдан қолишмади. Охири бозордан ҳайдаб чиқаришди. Қанақадир текширувчи келармишми-эй. Сиз эшитмадингизми?
– Йў-ўқ… Эшитмадим…
– Сизга яхши, ҳар қалай бозорда ўз жойингиз бор. Шунинг учун ҳам сизга индашмайди. Бизга ўхшаганларни эса кун бўйи ортимиздан қувишади, ярамаслар.
– Сиззиям уйчангиз бор-ку…
– Бе… Бу уйчани Наримон бойвачча инъом қилган. Савоб учун дегандир-да. Лекин у ерда ўтиргим келмайди.
– Сизлар ҳам патта олсангиз яхши бўларди.
– Бе, ўзи арзимаган чойчақа ишласам, бу пулга патта оламанми, рўзғорга ишлатаманми?
– Ҳа, майли… Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, куйинманг.
Кампир бир лаҳза жим қолди. Сўнг маҳзун оҳангда деди:
– Ҳа, яхши бўлиб кетар. Лекин унгача ета олармикинмиз?.. – кампир чуқур хўрсинди. Мунғайиб қолди. Шундай кезларда у аллақачон умрини яшаб бўлган, қуриб-қовжираган бўлса-да, дарахт шохида илиниб, амал-тақал жон сақлаб турган япроққа ўхшарди.
– Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, – деди Сожида-Жамила.

Кампир Жамила-Сожида билан хайрлашди.
Вақт тушга яқинлаб қолганди.
Бозорда кампирнинг чой ва қаҳвасига ўрганиб қолган сотувчилар анча-мунча эди. Улар кампирнинг ўзидан кўра, ёшини ҳурмат қилишар, аллақандай тушуниксиз, қачонлардир бўлган-бўлмагани номаълум воқеалар ҳақидаги ҳикояларини сабр-тоқат билан эшитишар, эски-янги пул аралаш қайтим қайтарганида индамай олишар, Сожида-Жамилага ўхшаганлар кампир йиғлаганда қўшилишиб йиғлашар, бошқа одамга, яъни неча йиллардан буён кампирнинг хотирасидагина яшаётган, ҳозирда бор-йўқликлари маълум бўлмаган одамларга эврилганларидан оғринишмас, лекин ҳеч қачон насияга чой ҳам, қаҳва ҳам олишмасди. Мободо насияга чой ёки қаҳва сўрагудай бўлишса, улар қанчалик қадрдон бўлиб қолганларига қарамасдан, кампир бунга асло рози бўлмаслигини жуда яхши билишарди.

– Хафа бўлманг, синглим, мижозим бўлсангиз ҳам насияга беролмайман. Уйда учта болам очдан оч ўтиришибди! Мен уларни мана шу чойчақа билан боқишимни била туриб, насияга сўрагани уялмайсизми?! – дея бобиллаб берарди кампир насия сўровчининг кўзига тик қараб.

Баъзида у бирдан бозордан ғойиб бўлиб қолар, орадан уч-тўрт соатлар ўтгач, гоҳ маҳзун тортган, гоҳида йиғлаб, кўзлари қизарган ҳолда яна пайдо бўларди.
– Холиданинг аҳволидан хабар олгани бордим, – дерди у доимий ҳамсуҳбати Сожида-Жамиланинг олдига келиб. – Бечора бир аҳволда ётибди… Ачиниб кетдим… Ўлиб қолса, болаларининг аҳволи нима бўлади?..
Кунларнинг бирида эса…
– Холида шўрлик оламдан ўтибди! – деган хабар билан келди юраги ёрилгудай бўлиб. – Э Худойим!.. Энди нима бўлади? – Кейин бирдан қони қайнаб кетди: – Ҳаммасига эри Шокир пиёниста айбдор! Уни суд қилиш керак! Осиш керак уни!

Бозорда янги пайдо бўлган кишилар дастлабки кунлар чой сотиб тирикчилик қиладиган кампирнинг бип-бинойидай усти-бошию хорижий арава ва термосларига қараб туриб ҳайрон бўлишади, бу номутаносибликнинг тагига етганларидан кейингина кампирга ҳам, унинг алмойи-алжойи гапларига ҳам ортиқча эътибор бермай қўйишади.

Аммо бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳам гўё ўтмишдан тушиб қолгандай кечгача бозорда тентираб юрадиган, ҳеч ким мушугини пишт демаса-да, мудом паттачилардан ўзини олиб қочишга уринадиган, бозор мутасаддилари у билан хушмуомалада бўлишса ҳам негадир улардан норози бўлиб, бир нималар деб қарғаниб юрадиган, аллақандай тушуниксиз, қачонлардир бўлган-бўлмагани номаълум воқеалар ҳақида гапиравериб чарчамайдиган кампирни ҳурмат қилади деб бўлмасди. Уни ёқтирмайдиганлар – айниқса овозини узоқдан эшитиши билан асаби бу-зилиб кетадиганлар, кўзини шамғалат қилиб, устидан куладиганлар, ортидан тош отадиганлар ҳам талайгина эди.
– Зарилга зарил, анави шумкампирга нима зарил экан, жонини бунча қийнаб?! Уйида мазза қи-либ ўтирмайдими?! Агар менинг ўғлим амалдор бўлганидами!
Ҳали айтганимиздай, кампир бундай ивир-шивирларни ҳадеганда эшитавермайди, аммо эшитиб қолса борми, ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Унинг тили заҳар эди:
– Ҳа, оғзингдан қонинг келгур! Мен билан нима ишинг бор?! Нима, бозор сенинг маҳрингга тушганми ёки уни Наримон бойваччадан сотиб олганмисан?!

Гап отган одам вазминроқ бўлса яхши, кампир кўп шанғилламайди, айтадиганини айтади-да, аравачасини судраганча йўлида давом этаверади. Лекин рақиб асабийроқ, жанжални пулга сотиб оладиганлар тоифасидан бўлса борми, бозорга ўт кетди дейверинг.
– Нималар деб валдираяпсиз? Наримон бойвачча деганлари ким ўзи? Бозорком Содиқ бойвачча-ку! Сиз қайси замонда яшаётганингизни биласизми ўзи?!
Жанжалкашнинг шу уч оғиз гапи етарли, кампир бирдан қутуриб кетади:
– Ҳой, манжалақи, нима, мени эсдан оғиб қолган деяпсанми?! Бозорнинг хўжайини Наримон бойвачча эканлигини билмасанг, юр, ўзим кўрсатиб қўяман!

Кампир аравачасини улоқтириб юборадию, жанжалкаш томон хезланади.
Аллакимлар ҳай-ҳайлашиб, уларни ажратиб қўйишса олам гулистон, бир зумда кўзлари қонга тўлган кампир ҳансирай-ҳансирай нари кетади. Акс ҳолда у йиқилиб қолгунча, эркак-аёл демасдан ёқасига чанг солиб, айюҳаннос кўтариши турган гап. Аллакимлар бозор маъмуриятига кампирнинг устидан шикоят ҳам қилишади, лекин у ердагилар негадир минғирлашдан нарига ўтишмайди. Кампирнинг танобини тортиб қўйиш эсларига ҳам келмайди. Қай бир йили эса… ҳе йўқ, бе йўқ, бозор маъмурияти кампирга бемалол ўтириб савдо қилиши учун барча шароитлари муҳайё бўлган уйча совға қилди. Аммо кампир уйчада бир соат ҳам ўтириб савдо қилмади.

Шунинг учун ҳам бозордагиларнинг кўпчилиги кампирдан безиб қолишган. Айримларнинг уни кўргани кўзи йўқ. Баъзилар ундан очиқдан очиқ нафратланишади.
– Тур, йўқол, эси паст кампир! Ким сени чақирди бу ерга?! – деб ҳайдашади улар тап тортмасдан.
Аммо кампир ҳам индамай кетадиганлар хилидан эмас.
– Оғзингдан қонинг келгур, нега мени ҳайдаб соляпсан?! Нима, сенга халақит беряпманми? Ё олдингдаги ошни олиб қўйдимми?!
Шундай кезларда қаердан бўлса ҳам етиб келган Сожида-Жамила кампирнинг жонига оро кирар, уни бу ердан узоқроққа олиб кетарди.

Бир куни бозордагилар – афтидан улар янги сотувчилар эди – кампирни роса майна қилишди. Чунки у бир замонлар золим подшоҳ зулмидан қочиб, ғорга беркинган ҳамда Тангрининг амри билан уйқуга кетган ва уч юз йилдан кейин уйғониб, бозорга чиққан садоқатли ва дунёбехабар йигитларга ўхшаб, аллақачон муомаладан чиққан эски пуллар билан савдо қилаётганди-да.
– Даққиюнусдан қолган пулларни бошимизга урамизми?! Бу кампирнинг томи кетиб қолган. Уни аллақачон жиннихонага топшириб юбориш керак эди!
Кампирнинг ғазаби қайнаб кетди. Тожи юлиб олинган хўроздай жаҳд билан олишувга шайланди. Лекин “…жиннихона” деган сўзни эшитиб беихтиёр қалтираб кетди ва шаштидан тушди.
– Бу одамлар ақлдан озиб қопти… – дея ғудранди у йўлда кетиб бораркан.

Кейин ажабланганча Сожида-Жамиланинг олдига борди.
Сожида-Жамилагина кампирнинг қалбига йўл топа олади, у пул алмашганини айтганидан кейин кампир бир нималарни фаҳмлагандай бўлиб:
– Э-ҳа, гап бу ёқда экан-да, – деб қўйди. – Мен дунёбехабар…
Кампир жимиб қолди.
Лекин зум ўтмай Сожида-Жамилани саволга тутди:
– Пул қачон алмашди ўзи?
Бундай кезларда нима дейишни яхши биладиган Сожида-Жамила шу заҳоти жавоб берди:
– Куни кеча.
– Ҳа, шунақа денг.
Кампир бир зум ўйланиб турди, сўнг афсусланиб:
– Кеча телевизор кўрсам бўларкан… – деб қўйди.

Сожида-Жамила индамади.
Кампир яна бир зум ўйланиб турди-да, сўнг:
– Ҳозирги одамларнинг шунчалик қаҳри қаттиқ-ки, бу аҳволда йигирма йилдан кейин нима бўларкин?.. Билмадим… – деди аста ўзига ўзи гапиргандай.
Сожида-Жамила изтироб ичида:
– Аллақачон йигирма йил ўтиб бўлган-у… – дея шивирлади.
Кампир ўртоғининг гапини англамади.
– Келинг, бир пас дам олволинг, – Сожида-Жамила кампирнинг ҳалидан буён қаршисида тик турганига аҳамият бермаганидан хижолат тортиб, унга жой беради.
Шунда кампир бирдан ўзига келиб дейди:
– Вой, безовта бўлманг, ўргулай. Ўзингиз бемалол ўтираверинг жойингизда. Мен қариб боряпманми? Энди элликнинг бошини тутган одамга бу юришлар нима!

Баъзида, дардлашадиган мижозлари бозорда кўринмай қолса ёки тайинли бир иш тополмаган кунлари кампир зерикканидан одамларнинг асабига тегиб, кечгача бозорда беҳудага изғир, ҳеч ерда тўхтамас, аравасини шалдиратиб судраганча гўё бир нарсани қидираётгандай расталар орасида айланиб юраверади, юраверади; савдо тиғиз пайтлари оломон уни у ёқдан-бу ёққа суриб ташлар, бировлар атай туртиб ўтар, лекин кампир ҳеч нарсани сезмас, кўзи кўр, қулоғи кар, ўз маромида давом этаётган ҳаётни ҳис қилмас, қаердадир узоқда, ҳаммадан, ҳамма нарсадан узилиб қолгандай, гангираганча кезиб юраверади; гоҳида эса дуч келган одамнинг ишига бур-нини тиқар, суҳбатларига аралашар, ораларида гап қочганидан кейин худди бу ердагилар уни бозордан сиқиб чиқаришга уринаётгандай туюлиб, қаттиқ жаҳли чиқиб кетар, кейин хато устига хато қилиб қўяр, онгини қуршаган зулмат пардасига тобора чуқурроқ кириб борарди… оқибат шу даражага етадики, ҳеч ким кампирни эплай олмай қолади; кампир ўтмишда ҳеч қачон журъат қила олмаган ишни қилар, исён кўтарар, ниҳоят қидириб юрган одамини топгандай, ўзи итдан ҳам баттар ёмон кўрадиган бирорта паттачининг юзига боплаб тупурар, йиллар давомида ўзини эзиб ташлаган оламжаҳон беъмани сўзлар уюмини юрагидан итқитиб ташларди. Бундай кезларда унинг телбадан фарқи қолмасди.

Шунда кимдир кампирнинг уйига хабар беради шекилли, ўн дақиқа ўтар-ўтмас етиб келган “жип”дан иккита барваста йигит тушадию жазаваси қўзиб, айюҳаннос кўтараётган кампирни авайлаб икки қўлтиғидан олишиб, бозордан чиқиб кетишади…

Йўқ, у телба эмасди. Унинг хотираси инқирозга учраган, неча йиллардан буён кўрлик дунёсидан ҳам баттарроқ бир зулмат ичида, оламдаги ўзгаришлардан бехабар, на кечанинг, на бугуннинг фарқига бормасдан, ёлғиз, ҳаттоки ёлғиздан ёлғиз, ҳудудсиз зулмат ичида яшарди. Онг-шуурида ҳаётининг фақат энг оғир дамлари – йигирма йил муқаддам, бозорда чой сотиб тирикчилик ўтказган даври – худди ҳалокатга учраган вақтнинг бир парчасидай қотиб қолган; ёши бир ерга борган, рўзғорнинг барча ташвишларидан қутилган бўлса-да, ҳамон илгаридай, яъни оиланинг бутун ташвишлари ўз гарданида бўлган вақтлардагидай куйиб-пишиб юрар, ҳолдан тойиб ётиб қолгунча бозордан бери келмас, лекин ҳеч қачон бировнинг молига кўз олайтирмас, ўзи ўқимаган ва онгига сиғдира олмаган сонмингта дунёвий қонунлардан фақат биттасини – “Ҳалол яша”, деганини жуда қаттиқ ушлаб олган, худди битта тўғри чизиқ бўйлаб тинимсиз бориб-келаётгандай яшар, келажак эса… назарида жуда узоқда, ҳеч етиб бўлмайдигандай туюларди; жисми кундан кун қуриб-қовжираб борар, гўё тириклайин мурдага айланганди, аммо бир кун бозорга чиқмаса фарзандлари оч қоладигандай мудом қўрқиб яшарди, ваҳоланки ўзи қўрққан даҳшатли нарса аллақачон юз берганини, у бозорда юрганида уйи ёниб кетганини, қизи билан кичик ўғли олов ичида қолиб нобуд бўлганини, фақат бир ўғли омон қолганини, дугонаси Холида пиёниста эрининг калтагидан кейин ўнглана олмай, жиннихонада ётганини, қўшнилари унинг болаларини етимхонага топшириб юборишганини эслай олмасди…

Хуллас, кампирнинг хотирасида на ўтмиш бор, на келажак…. фақат бугунни – бир лаҳзалик умрни яшаб қолиш билан чекланарди.
Гоҳида эса беихтиёр эски уйига бориб қолади.

Ёниб кетган ҳовли қайта таъмирланган, лекин энди бу ерда бегонадан бегона кишилар яшайди, улар кампирга яхши муомала қилишади, гўё мурувват кўрсатаётгандай унга уй ичига киришга рухсат ҳам беришади. Кампир нега бу ерга келганини, нима мажбур қилганини сезмаган, англамаган ҳолда хоналарни бир-бир айланади, ҳар бир хонанинг ҳар бир бурчаги кампирнинг хотираларини ўзида сақлайди, зеро хотиралар ёнмайди, аммо бу хоналар кампирнинг ўзи цингари қизғанчиқ, хотираларни унга бермайди, бироқ у кетаётганида ортидан мунғайиб қараб қолишади…

Кампир яна хотираларининг синиқ парчалари сочилиб ётган бозорга қайтади.
– Ернинг қоқ қиррасида турганга ўхшайман, – дейди у ўйчанлик билан шу куни Сожида-Жамилага. – Ернинг қоқ қиррасида. Пастга энкайсам тамом… ҳаммаси тугайдигандек… Нега бундай, билмайман.. Ўлай агар билмайман. Сенда бунақа бўлмайдими сира?

Сожида-Жамила маҳзун бош чайқайди.
Кампир муштини иягига тираганча жим қолади. Шу туришида у нақ қари қарғанинг ўзгинаси эди.
Аллаким, бу сотувчими ёки харидорлардан, номаълум, – ўтиб кетаётиб тасодифан кампирни туртиб юборади, кейин шоша-пиша узр сўрайди, аммо аллақачон ғишт қолипдан кўчганди, кампирнинг чатнаб турган асаблари ўт тушган қуруқ гиёҳдек бирдан пов этади…

* * *

Тинчлантирувчи уколдан кейин кампир одатдагидай уч-тўрт соат донг қотиб ухлади. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандай, тиниқиб уйғонди. Уйғондию соатга қаради, кейин шоша-пиша ўрнидан турди.
– Ўлсин… Ухлаб қопман…
Кампир ғудранганча даҳлизга чиқди.

Бу ерда унга ўттиз ёшлардаги жувон пешвоз чиқди.
– Яхши ётиб турдингизми, ойижон?
– Роса ухлабман-да ўзиям, – деди кампир унга жавобан. – Сал вақтлироқ уйғотсанг бўлмасмиди?
– Яхшилаб дам олволинг дедим-да…
– Дам олмасам гўрга, дарров термосга чой дамла.
– Ойи, кеч бўлиб қолди…
– Кечки бозорга чиқаман.
– Ойи… илтимос, бугунча чиқмай қўя қолинг.
– Нега чиқмайман? Оёғимни узатиб уйда ётсам, тирикчилик нима бўлади?
– Эртага чиқа қоласиз. Ҳали Розия опоқи айтди, бугун бозор вақтли тугабди. Қандайдир текширувчилар келармишми…

Кампир бирдан ҳушёр тортди.
– Текширувчилар?
– Ҳа.
Кампир ўйланиб қолди.
– Розия бежиз хабар бермаган. Яхшиси чиқмай қўя қолай. Сенам уйингга кета қол, Манзура. Қайнонангдан балога қолма тағин.
– Қайнонамнинг зуғумидан қочиб келиб сизникида яшаб юрибман-ку, қаёққа бораман?
– Ҳа, айтганча… хаёлимдан кўтарилибди… Қайнонанг ўлмади, сен қутулмадинг.
– Овқат тайёр, сузаверайми?
– Ноила билан Акбар қани? Фаррух ҳали мактабдан келмадими?
– Улар ошхонада, сизни кутиб ўтиришибди.
– Менам ҳозир бораман.

Кампир ҳовлига чиқди.
Нақшинкор панжарали, мармар зиналардан бир-бир босиб тушаркан, атрофга ҳайрат билан боқди.
Ҳовли жуда ҳашаматли эди.

Аммо кампир ҳеч қачон бу ерда ўзини ўз уйида яшаётгандай ҳис қилмасди. Бу уйдаги ярқироқ ҳаёт унинг кўзларини қамаштирар, гўё келажакка сайёҳат қилгандай, баъзида ёқимли туш кўраётгандай бўларди холос. “Қачон ўз бошимга уй битадию, бу ердан тезроқ даф бўларкинман?..” – деб қўярди у гоҳида сиқилиб кетганидан. Ўзининг бундай ҳашамат ичида яшаётганининг сабабини гоҳида бозорком Наримон бойваччанинг илтифоти сифатида қабул қиларди, гоҳида эса ижарада турибман, деб ўйларди.

Атрофидаги нарсаларга тикилиб ўтириб кампир гоҳида бирдан ўзини кўланкалар водийсида юргандай ҳис қилар, ғалати кайфият чулғаб олар, ҳаётининг оғир дамларини қайта ва яна қайта яшаётгандай алланималар таниш туюлар, лекин мавжуд олам билан ўзи ўртасида қандайдир ўтиб бўлмас тўсиқ бордай, тўсиқ оша назар ташлашга нимадир изн бермаётгандай, аллақандай шарпалар кўз олдидан бирма-бир ўтишга шайланиб тургандай бўлар, юраги санчиб кетар, ўзини чуқурга тушиб кетгандай ҳис қилар, мудом ғувиллаган шамол эсиб турадиган чуқур… кампир чуқур деворларига тирмашиб, юқорига чиқишга уринар, аммо ғувиллаган шамол овозига қў-шиб, уринишларини ҳам аллақаёқларга олиб кетар, кампир эса чуқурда тиним билмай айланаверади, айланаверади, худди бозорни айлангандай, лекин кўп ўтмай эртанги тирикчилик ҳақида ўйлаб дарров ўзини алаҳситар, аммо нима учун безовта бўлганидан сира ҳам ташвишланмас, қўрқувга тушмас, қалби даҳшатли ёнғиндан кейин қуриб-қақшаб ётган қўрғондай яна ҳувиллаб қоларди. Ким билсин, эҳтимол у озгина бўлса ҳам қўрққанида, сергак тортганида, ҳаётга қайтармиди, лекин у қўрқмасди, таажжубланмасди, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасди, – худди ерга уруғ сочиб қўйган-у, лекин кейин ҳаммасини унутган деҳқондай, – афтидан шунинг учун ҳам тобора зулмат қўйнига кириб борарди…

Ярим соатлардан кейин кампир намхуш юзини силаганча ошхонага кириб келди.
– Ура, бувим келдилар!
Саккиз ёшлардаги болакай югуриб келиб кампирни қучоқлаб олди.
– Буви, дейсанми, Фаррух? Қачон ақлинг киради сенинг? – кампир енгилгина танбеҳ берди болакайга.
Кейин бирин-кетин салом берган қизча билан йигитчага қараб:
– Ноила, бугун ёпган нонинг тандирдан тушиб қолмадими? – деб сўради.
– Йўқ, мана, кўринг, бугун жуда чиройли нон ёпдим… о-ойижон… – қизча кўзлари жавдираганча бир жуфт нонни узатди.
– Ҳа, яхши, анча қўлинг кеп қопти. Энди бозорда шошилмасдан, хотиржам юрсам бўларкан. Сен-чи, Акбар, Самаднинг дўконидан ун олиб келдингми?
– Ҳа, олиб келдим, – деб жавоб берди Акбар четга қараганча.
– Дуруст…

Шундан кейингина кампир набиралари, э, фарзандлари билан ўтириб овқатланди. Кейин болалар телевизор кўришди. Телевизорнинг экрани жуда катта, уйдаги бошқа жиҳозлар каби жуда ҳашаматли ва ноёб эди.
Кампир юмшоқ диваннинг чеккасида ҳашамату бойлик ичра бир сиқимгина бўлиб ўтираркан… яна ўзини бегона уйга кириб қолгандай ва қоронғида – бир вақтлар орзу қилган, лекин етиша олмаган нотаниш буюмлар ичида туртиниб-суртиниб юргандай ҳис қилганча эртанги бозор ва тирикчилик ҳақида ўйларди: “Манзура энди қайнонасиникига кетмайдиган бўлса, ундан фойдалансам нима бўпти? У ҳар куни сомса ёпиб бераверади, мен чой ва қаҳвага қўшиб сотавераман. Ахир энди оиламиз анча каттайди, униям боқишим керак-ку! Лекин уни бозорга йўлатмайман!”

Тонг отмасдан кампир яна бозорга отланди.
– Ойи, энди шу ишни бас қила қолинг, илтимос.
Қирқларга борган, башанг, уйда ҳам галстук тақиб юришни унутмайдиган, басавлат йигит энгашиб шошилганча термосларини аравага юклаётган кампирнинг олдига келди.
– Мени ойи дема, деб неча марта айтганман, Даврон! Барибир ўғлим бўлолмайсан, – кампир ишидан бош кўтармай жавоб берди. – Яхшиси уй топ. Қачонгача онанг жияним бечорани хўрлайди, азоблайди!
– Яхшиси сиз дам олинг, ойи! Агар хоҳласангиз, шу бугуноқ санаторийга юбораман.
Кампир ўз машғулотидан бир лаҳза ҳам чалғимаган ҳолда тўнг жавоб берди:
– Мен ҳали оёғимни узатиб, дам оладиган кунларга етганим йўқ.
– Етгансиз, ойи. Етгансиз! – бақириб юборди йигит изтироб ичида.
Кампир илкис бошини кўтарди. Нигоҳлари қаттиқ, лекин маънисиз эди.
– Менга бақирма! – деди у кескин оҳангда. – Мен одамларнинг калтагини ейиш, ҳақоратларини эшитиш учун туғилмаганман!
– Ойи!.. – Йигитнинг юзи қорайиб кетди.
– Ақл ўргатавериб тоза жонимга тегиб кетдинг. Яхшиси хотинингни олиб уйимдан чиқиб кет! Қачонгача сенлар учун ҳам ижара пули тўлайман?!

Кампир шундай деди-да, аравасини судраганча кўча эшик томон йўл олди.
Йигит бир зум ўйланиб турди, сўнг икки ҳатлашда кампирни қувиб етди ва уни даст кўтарганча хонага олиб кирди-да, эшикни қулфлади.
– Эшикни оч! Оч деяпман! – эшикни муштлаганча бақирди кампир. – Агар ҳозироқ очмасанг, Наримон бойваччага айтиб, уруғингни қуритиб юбораман ҳаммангнинг! Оч! Оч, деяпман!
Кампир қўлига илинган нарсани эшикка ура бошлади.

Йигит қулоқларини бекитганча, эшикка суяниб турар, кўзлари жиққа ёш эди.
– Қўйинг, уни қийнаманг, – деди хотини яқин келиб. – Ойим шу ҳолича яшасагина ўзини яхши ҳис қиладилар.
– Ўйлаб гапиряпсанми?
– Хотираси ўзига қайтса, нима бўлади, биласизми?
– …
– Ноила билан Анвар қани, деб сўрасалар, нима деб жавоб берасиз? Уларни топиб бероласизми?
– Ўчир!
Жувон жим бўлди.
– Жонимдан тўйиб кетдим! – шивирлади йигит асабий тарзда. – Бозордагиларнинг шикоятидан жоним ҳиқилдоғимга келди! Қачонгача уларнинг олдида тилим қисиқ, илтимосларига йўқ деёлмай яшайман?!
– Начора… Лекин…
– Бир ҳафта уй қамоғида ўтирсалар, бозорни эсларидан чиқариб юборадилар. Бор, сен ишингдан қолма.
– Эсларидан чиқармайдилар, касал бўлиб қоладилар!
– Нима бўлса бўлар!

Хотин нари кетди.
Йигит ичкарига қулоқ тутди. Кампир бирдан жимиб қолганидан хавотирланди.
– Ойи…
Ичкаридан жавоб бўлмади.
Йигит бир зум иккиланиб турди, сўнг аста эшикни очди. Деворга қапишиб турган кампир шу заҳоти ўзини эшикка урди.
Кампирнинг бундай шумликларига ўрганиб қолган йигит ҳам бўш келмади, эшикни ёпиб, қулфлашга улгурди.
– Мени қўйиб юбор! Қўйиб юбор! – жазава ичида қичқирди кампир ўғлига ёпишиб. – Агар ҳозироқ қўйиб юбормасанг, болаларимнинг уволига қоласан!
– …
– Агар эшикни очмасанг, ўзимни деразадан ташлайман, – кампир дераза томон юрди.
– Билганингизни қилинг.
Йигит пайтдан фойдаланиб ўзини ташқарига олди.
Яна эшик қулфланди.
Зум ўтмай кампир шундай айюҳаннос кўтардики, анча-мунча одамнинг асаблари дош бериши қийин эди. Аммо йигит чидади, стол қиррасини маҳкам ушлаганча, бир нуқтага тикилиб тураверди.
– Акбар! Мени қутқар, болажоним! Улар мени ўлдириб қўйишади! – қичқирди кампир эшикни муштлаб. – Мени қутқар, Акбар! Ноила, қаердасан, Ноила?!. Улар мени ўлдириб қўйишади… Тириклай кўмиб юборишади… Онангдан айрилдинг, болам…

Бир чеккада турган жувон чидай олмай эшикка яқин келди.
– Агар эшикни очсанг… – йигитнинг кўзлари таҳдидли боқди.
– Қанақа одамсиз… Ахир бунақада…
Йигит жаҳл билан хотинининг устига бостириб келди. Жувон қўрққанидан ғужанак бўлиб олди. Лекин зум ўтмай қаддини тиклаб, эрига лабларини қимтиганча қаҳр билан қаттиқ тикилди.
Йигит унга қўл кўтармади. Аммо…

– Менимча ойимни ҳаддан ортиқ эркалатиб юбордим. Кўнгилларига қарайверганим учун ҳам ўғлим бор экан, нимаики қилмайин одамлар кўтараверади, деган фикрга келиб қолганлар. Етар, шунча вақт одамларга масхара бўлганлари!
Жувон эрини биринчи марта кўриб тургандай ҳайрат билан боқди.
Кейин:
– Шу гапларни сиз гапиряпсизми, – дея эътироз билдирди. – Қанақасига… ойим сизни ўғлим дейди? Ахир у киши сизни танимайдилар-ку!
– Йўқ, – кескин бош чайқади йигит. – Одам ақлдан озган тақдирдаям бунчаликка бормаслиги керак. Ахир онамни қанча даволатдим. Вақт ва тиббиёт ҳаракатга келтира олмайдиган хотира бўлмаслиги керак!
– Бўлиши мумкин…
– Менимча ойим атай қиладилар… Ўз касалига боғланиб қолганлар.
– Ё тангрим, – деб юборди жувон беихтиёр.

– Ахир қачонгача, она ўз ўғлини танимайди? – деди йигит кутилмаганда йиғламсираб. – Ахир қачонгача… Қачонгача… ўтмиш бизни таъқиб қилади?!. Ахир ҳаёт бир одамга шунчалик ҳам азоб берадими?! Кеча йўқ… Эрта йўқ… Фақат бугун билан одам қандай яшайди? Бугун кўриб турганларига қараб қандай хулоса чиқаради? Ахир қачонгача худди актёрлардай ўз уйимизда рол ўйнаймиз?! Мен Акбарман, лекин Даврон деган йигитнинг ролида чиқишим керак ҳар куни, ҳар сонияда саҳнага! Бу азоб-ку, азоб! Бу аҳволда қандай яшайди одам?! – йигит деворни муштлади. Унинг юзи қордай оқариб кетганди.
– Ойим яшаяптилар-ку…
– Мен яшай олмаяпман! Мен! Мен! – йигит бошига муштлай бошлади.
Жувон югуриб бориб стаканда суюқлик олиб келди.
– Ичиб олинг. Тинчланасиз…
Йигит стаканни бир кўтаришда бўшатди. Зум ўтмай у сал ўзига келди.

Бироқ…

Кампир энди дод солишга ўтди.
– Ҳой одамлар, ёрдам беринглар! Сизларда инсоф борми ўзи?! Бир бечора аёлни хўрлаётган золимдан шунчалик ҳам қўрқасизларми?! – кампир кўча томондаги деразага тирмашар, уни очмоқчи бўлар, алҳол очарди ҳам, лекин… энди темир панжарага урилган бармоқлари зириллаб кетарди, бироқ кампир бунга парво қилмас, у жони оғриётганини сезмасди. – Бир бечорага ёрдам берадиган мард борми бу дунёда?! Золимларнинг дастидан куйиб адо бўлдим-ку…
Эшик барибир очилмади.
Кампир эзилиб йиғлай бошлади…

* * *

Кампир касал бўлиб қолди. Уй қамоғи унинг асабларига ёмон таъсир қиларди. У ўзини эшик-деразаларга ура-ура, ниҳоятда ҳолдан тойган, афт-ангорига қараб бўлмасди. Қўллари шилинган, юзи, пешонаси моматалоқ бўлган…

Энди у ўзини у ёқ-бу ёққа урмасди, фақат дераза олдига бориб қўлларини икки ёнига керганча дарахтга айланарди.
– Қарға… Қарға… Кел, шохларимга қўнсанг-чи, – кампир ўзини улкан дарахтдай ҳис қиларди. – Кела қол. Нега жим туриб қолдинг? Кел, кела қол… Лекин билиб қўй, бошимга қўнмайсан!
Кампир хиёл эгилди, гўё шохларини пасайтирди. Аммо кутилмаганда… қарға унинг шохларига эмас, миясига кириб олди.
– Ҳа, ярамас! Яна эски жойингни топиб олдингми? Кишт! Кишт… Оббо, яна қағиллашни бошлади! Мана бу еримда қарға қағиллаяпти, – кўрсаткич бармоғини чеккасида айлантириб, ғудранганча уй ичида юра бошлади кампир. – Қарға… Қарға… Йўқ, мен қарғаман… Мен қарға… Худди эртаю кеч дарахтда қимир этмай ўтирадиган қарға… Ўзича ҳаммага керакман, деб ўйлайди. Аслида ҳамманинг жонига тегиб кетган! Ҳе, ношуд… Намунча қағиллайсан?! Бунақада миямни тешиб қўясан-ку!

Кампир ўрнидан туролмай, ётиб қолганидан кейин эшик очилди. Жувон унга ғамхўрлик қила бошлади.
Аммо кампир ҳадеганда ўзига келавермагач, дўхтир чақиришди.
Уни кўрдию кампир яна шайтонлай бошлади:
– Вой-дод! Анави алвасти сочимни олгани келди. Кийимларимни ечиб, калта халат-иштон кийдиради. Мени яшириб қўйинглар! У мени опкетиб қолади! Тезроқ яшир мени, бекит. Кўзга кўринмайдиган ерга бекит! Қариганда шарманда бўлмайин… – кампир ёстиқ билан бошини бекитди.
– Ойи… – йигит онасига яқин келди.

Кампир кутилмаганда ирғиб ўрнидан турдию хона ичида чир айланиб қоча бошлади, ҳеч ким – на доктор, на… йиғламоқдан бери турган ўғил уни тутишга жазм этишди.
Аммо кампир барибир хонани гир айланиб югураверди, югураверди. То ҳолдан тойиб қолгунча… ва узун кўйлагининг этакларига ўралиб йиқилиб тушмагунча…
– Илтимос, мени касалхонага опкетманг, – дея ялина бошлади у ерда чўзилиб ётганча дўхтирга қараб, кўзлари қопқонга тушишдан хавфсираётган жониворнинг кўзларидай така-пука эди. – Мен жинни эмасман. Ақлим жойида. Лекин Холиданинг аҳволи оғир. Сиз ўшани олдига боринг. Уни даволаш керак…

– Майли, Холиданинг аҳволидан хабар оламан, – деди дўхтир неча марта айтган сўзларини яна такрорларкан. – Йўл-йўлакай Қодир аравакашниям кўриб ўтаман.
– Барака топинг, илойим…
– Лекин аввал сизга…
– Йўқ! Йўқ! – докторнинг қўлидаги шприцга кўзи тушган кампир типирчилай бошлади.
– Ойи! – йигит кампирнинг билакларидан маҳкам тутди.
Кампирнинг юзи аянчли буришиб кетганини кўрган жувон уни қучоқлаб олди. Кейин эрига ёвқараш қилиб деди:
– Жони оғриб кетди ахир!

Йигит ичида қаттиқ ўкинди, қўлини сал бўшатди, лекин гап оҳангини ўзгартирмади:
– Агар ҳозироқ укол олишга рози бўлмасангиз, ўзим касалхонага обориб ташлайман! Тушундингизми, ойи?! – йигитнинг изтироб тўла нигоҳлари онасининг маъносиз нигоҳларига қадалди.
Бир лаҳза… атиги бир лаҳза кампир кўланкалар водийсидан қайтгандай бўлди, ҳозирги аҳволидан уялгандай ўғлига хижолатли назар ташлади. Сўнг…

– Укол олсам, обормайсанми? – деди боягидай ялинчоқ оҳангда.
– Йўқ.
– Алдаяпсан! – кампир қаттиқ силтаниб қўлини тортиб олишга уринди.
– Ойи! – йигитнинг нафақат кўзларидан, балки баданидаги ҳар бир мўйидан учқун сачраб кетгандай бўлди. – Ойи, ҳаммамизни қийнаб юбордингиз-ку! Бўлди-да энди! Сизнинг дастингиздан қачонгача юзим шувит бўлади?!
Кампир бирдан ғалати бўлиб кетди. Ҳатто ток ургандай сесканиб тушди.
– Қийнаб юбордим?.. – такрорлади у йигитга қараб. – Нега?… Сизларни қийнаб юбордимми?.. Ахир мен эртаю кеч… бозорда юрсам… ишлаб… пул топиб… Ўйловдимки… ҳеч кимга оғирлигим тушмайди… Ё ўзим сезмаган ҳолда юзингизни шувит қилиб қўйдимми?.. Лекин нега…
– Бас қилинг, ойи! Бас қилинг. Сиз топган пулларнинг кераги йўқ! Эшитяпсизми, кераги йўқ! Моғор босган пулларингиз ана, ҳамёнингизда турибди аллақачонлардан бери…
– Нега?.. – кампир ажабланди. – Яна пул алмашдими?
– Ойи! Агар ҳозироқ бас қилмасангиз… ўзимни бир бало қилиб қўяман!

Кампир қўрқиб кетди. Қаршисидаги йигитга қўрқинч ичида бир неча сония тикилиб турди. Нимадир ўз маромидан четга оққанидан йигитнинг қаттиқ жаҳли чиқаётганини илғагандай бўлди, аммо нима? Кампир зўр бериб ўйламоқчи бўлди, лекин ҳеч нарсани англай олмаётганидан қийналиб, юраги сиқилиб кетди.
Кейин ҳиққиллаб йиғлаганча:
– Акбар… Ноила… Фаррух… – дея болаларини йўқлай бошлади.
– Ойи! Улар сизнинг набираларингиз! Нега тушунмайсиз?
– Набираларим?! – кампирнинг кўзлари чақчайди. – Набираларим… – дея такрорлади кейин. – Менинг болаларим қани унда? Акбар… Ноила…
– Ойи!

Йигит бутунлай ўзини йўқотиб қўйди, у нима қилаётганини билмас, ўзини бутунлай жаҳлнинг ихтиёрига топширган, ҳадеб кампирни силталар, бир нималар деб бақирарди.
Жувон чидаб туролмади, эрини итариб юбордию жон ҳолатда кампирга ёпишиб олди.
Дўхтир шоша-пиша яна битта шприцни дорига тўлдирди.
– Ойи, ойижон, бизни кечиринг, – деди жувон кампирни қучоқлаб. – Бизни кечиринг… Биздан хафа бўлманг…
– У хафа бўлмайди, – деди йигит хирқироқ овозда. – Хафа бўлишни билмайдию…

Жувон шаҳд билан эрига тик қаради:
– Ойим идрок қила олмаслиги мумкин, лекин хафа қилишганда кўнгиллари оғрийди. Ахир у кишида ҳам юрак бор!
– Э, юрак ҳеч қачон ақл беролмас экан! Мана, исботи… – деди йигит тўнғиллаб, у яна асабийлаша бошлади.
Шу чоғ дўхтир гапга аралашди:
– Тўғри, юрак ақл бера олмайди, аммо мия ҳам юрак бўлолмайди.
Йигит индамади. У дераза олдига бориб орқа ўгирди.

Доктор кампирга юзланди.
– Тайёрмисиз, онахон?
Ўзини ҳаётга боғлаб турган нарса чил-чил бўлгандек, паришон тортиб қолган кампир аввал ҳаммага бир-бир қараб чиқди, бесаранжом, безовта нигоҳлари бир муддат ўғлига тикилиб қолди, кейин индамай билагини тутди.

Ниҳоят у тинчланди, лекин дарров ухлаб қолмади. Бир муддат қўлларини кўксида чалиштирганча, шифтга тикилиб ётди, сўнг қорачиқлари секин ёнга эниб, яна йигитга қадалди ва аста-секин киприклари жипслаша бошлади, лекин кўзлари бутунлай юмилмади, худди кўз қири билан ўғлига қараб тургандай қотиб қолди… Аммо йигит онаси томонга қайрилиб қарамади.
– Акбар Турдиевич, – деди кекса доктор дориларини сумкасига жойларкан йигитга зимдан қараб. – Нима қиласиз, ўзингизни ҳам, кампирни ҳам қийнаб? Яхшиси кампирни касалхонага ётқизиш керак.
– Йўқ!
– Тушунмайман, нега… Нима учун… ҳар доим…
– Онамни бир марта касалхонага ётқизишган, – жавоб берди йигит. – Ўшанда сочини олмоқчи бўлишган… ва яна… Мен у вақтларда ёш бола эдим… Шундан бери онам касалхонадан қўрқади.
– Энди… ундай бўлмайди. Ваъда бераман…
– Йўқ!
– Биласизми…
– Доктор, – сўзни кесди йигит. – Нега бундай, а? Нега?.. Наҳотки хотирани қайтариб бўлмаса?
– Бу саволингизга тиббиёт нуқтаи назаридан жуда кўп марта жавоб берганман, – деди доктор. – Аммо айтилмаган бир гап қолди.
– Хўш?
– Ҳаёт ҳаддан ташқари чидаб бўлмайдиган даражага етганида, Тангрининг ўзи бандаларига мурувват кўрсатади…
– Мурувват?! Ҳали бу… мурувватми?! – йигитнинг юзига заҳарханда ва истеҳзога тўла таббассум югурди.
– Телбалик ҳам инсонни кўп азоблардан қутқаради.

Йигитнинг юзида азобли ва истеҳзоли табассум янада бўртди:
– Аввал хароб қилиб, кейин…
Дўхтир кетди.

Йигит каравотга яқин келиб, пишиллаб ухлаётган кампирнинг қўлини қўлига олди.
– Ойи… Ойижоним-а…
Тонгга яқин кўзи илинган йигит бехосдан уйғониб каравотга қаради. Кампир у ерда йўқ эди.
Йигит алам билан пешонасига муштлади.
Кампир шу куни ҳам, эртасига ҳам уйига қайтмади.
У ғойиб бўлганди…

Қидирувлар натижа бермади.
Кампир йўқолган хотираси сингари изсиз йўқолганди…

ХОЛИҚ АМАКИ

088 Холиқ амаки…
Ўши эллик беш-эллик олтиларга борган; ўрта бўй, буғдойранг, қисиқ кўзларининг атрофини, торгина пешонасини сон-саноқсиз ажинлар қоплаган, ёшлигидан нос чекиб ўргангани боисми ё бошқа сабаби борми, тишлари аввалига сарғая бошлаган, сўнг кўкимтир тус олган, яқиндан буён қорайиб кетган — кулганида жуда хунук кўринади — эгнида ёқасию енглари идраб-сузилиб қолган чорхона кўйлак, ранги униқиб кетган носвойранг солдатча шим, оёғида пошнаси ейилган, тумшуғи йиртилганда тикилавериб “қўтир” бўлиб қолган этик… Сочлари қордай оқариб кетган бошида ҳамиша яп-янги дўппи бўларди.

Бирор сабаб бўлиб Холиқ амакини эслаганимда, у кўз олдимда ҳозир қандай таърифлаган бўлсам, шундайлигича пайдо бўлади. Балки унинг тузукроқ кийиниб, айтайлик байрамларда ёки тўйларда қоматини ғоз тутиб юрган кунлари ҳам бўлгандир. Лекин мен буни кўрмаганман, гарчи биз битта кўчада яшасак-да.

Бир куни — ўша вақтларда мен институтда ўқирдим — ўқишдан қайтаётиб, шаҳар билан қишлоқ ўртасида қатнайдиган автобусга чиқдим. Орқа эшикнинг зинапоясида кўзлари жовдираб турган Холиқ амакини кўриб қолдим. Ҳайдовчи атай автобус тирбанд бўлиб тўлишини кутиб, аллақаёққа гумдон бўлганди. Кун иссиқ… Ўриндиқларнинг ҳаммаси банд. Одамлар бири олиб, бири қўйиб гап сотишар, кимдир писта чақиб, туфлар, яна кимдир бурқситиб сигарет тутатар эди. Холиқ амакининг шундоқ ёнгинасидаги орқа ўриндиқда тўрт-бешта йигитча қалдирғоч болаларидек тизилишиб ўтиришар, амакига жой бериш хаёлларига ҳам келмасди. Худди шундай бўлиши керакдай кўзларини лўқ қилиб, беғам ўтиришарди. Холиқ амаки умид дунёсида улар томонга бир-икки қараб қўйди. Чап тарафдаги “ногиронлар” ўриндиғида ўтирган кўзойнакли йигит (афтидан у бизнинг қишлоқ йигитларига ўхшамасди) бирдан амакини кўриб қолгандек шошиб ўрнидан турди-да:
— Келинг, бобо, ўтиринг, — деди.

Шунда… Шунда Холиқ амаки бир лаҳза иккиланса, бошқа биров (балки йигитнинг ўзи!) эгаллаб оладигандек, шошиб-пишиб ҳалиги ўриндиққа ўтириб олди. Тўрва халтасини тиззаси устига қўяркан ихлос билан:
— Раҳмат, болам, раҳмат, — деди. — Барака топ.

Кейин ўриндиққа ястаниброқ жойлашиб оларкан, чексиз бахтиёр кимсадек атрофга кўз ташлади. Назаримда, йигитнинг жой берганидан ташқари, ҳурмат билан “бобо” дегани уни хурсанд қилиб юборганди. “Раҳмат, болам, раҳмат”, деганида саксон-тўқсонни уриб қўйган чоллардек салобат билан гапирганди-да. Хурсанд бўлиб кетганида қисиқ, митти кўзлари ялтираб кетишини ўшанда кўрганман. Кейинчалик, ёшим сал улғайгач, меҳрга зор одамгина арзимаган илтифотдан ҳам ўзини йўқотиб қўйишини англаб етдим.

Пахта териш мавсуми янги бошланган кунлар эди. Биз учун ёзги таътил тугаб, ўқишлар бошланган. Қишлоқдан қатнаб ўқиганим боис ҳар куни саҳарлаб автобус бекатига чиқаман. Ўша куни ҳам тонгги салқиндан этим жунжикиб, дилдираб тургандим, йўлнинг нариги томонидан елкасига қоп орқалаганча энгашиб, пилдираб келаётган Холиқ амакини кўриб қолдим. Қопида олма ё анор бор шекилли, бўртиб-бўртиб турарди. Мендан тўрт-беш қадам нарида тўхтаб, қопини ерга қўйди. Салом бериб улгурмасимдан “Яхшимисан, қизим?” деб қўйди ҳорғинлик билан. Хижолат бўлдим, аммо фойдасиз… Биздан кейин яна иккита қиз келди. Тўртовлашиб йўлга термиламиз, қани энди бирорта улов кўрина қолса. Бошқа вақт бўлганида, бекатда одам тўлиб кетарди. Автобуслар ҳам зир қатнаб ётарди. Раиснинг буйруғига биноан терим мавсуми тамом бўлгунча шаҳарга қатнаш таъқиқланган. Шунинг учун бекат ҳувиллаб қолганди. Колхоз идораси биз турган бекатдан юз-юз эллик қадам нарида. Раис истаган вақтида кабинетидан чиқиб, топшириғига қулоқ осмай, шаҳарга отланган колхозчиларни бекатдан ҳайдаб юборарди. Бизга ўхшаган талабаларни қувмасди-ю, қўлини пахса қилиб дўқ урарди: “Қачон сенлар ҳам пахтага қурийсанлар?!”

Фалокат оёқ остида деганларидек, ўша куни ҳам Нарзиқул раис идорасидан чиқиб қолса бўладими! Амакининг очиқ-ошкора типирчилашини кўринг: кўзлари олазарак, гоҳ идора томонга, гоҳ автобус йўлига қарайди. Бирорта улов кела қолса-ю, раиснинг кўзини шамғалат қилиб жўнаб кетса! Ҳаяжонланганидан қопини гоҳ кўтармоқчи бўлади, гоҳ ерга қўяди.

Нарзиқул раис ҳам анойилардан эмас. Йигирма икки йилдан буён идорада ўтириб, колхозни еб битирганлардан. Ҳовлига чиққан заҳоти бекатга қараган шекилли, шитоб билан шу томонга кела бошлади.
— Ҳа, Холиқбой, йўл бўлсин? — деди у яқинлашганида киноя билан атай “бой” сўзига урғу бериб.
— Бозорга.
— Тунов куни мен нима деган эдим сенларга?
— Болаларнинг патинкаси йиртилибди. Анорлар пишган экан, хотин…
— Ҳе, ўша хотинингниям… Анор-панори билан бошига туширмадингми? Шароитни тушунмайдиган қанақа ғалча хотин?
— Икки соатда қайтаман, раис бова. Болалар ялангоёқ…
— Кўтар қопингни! Ҳозироқ далага жўна!
— Илтимос…
— Э, яхшилик ёқмаган!.. — Нарзиқул раис ёшига ярашмаган чаққонлик билан қопни амакининг қўлидан юлқиб олди-ю куч билан асфальт йўлга улоқтирди. Қопнинг “бўғзи” яхши боғланмаган экан, гуп этиб ерга тушди-ю, ҳар бири кичикроқ косадек келадиган анорлар атрофга сочилиб кетди. Уччала қиз қўрққанимиздан бир ерга тўпланиб олганмиз. Икки кўзимиз Холиқ амакида…

— Мошина босиб, анорларингни мажақлаб кетсин! Ҳозироқ далага жўна! Анорларингни териб оладиган бўлсанг, мендан яхшилик кутма! Силар нимага бўзрайиб турибсилар? — Раис энди биз томонга қаради. — Ўқийдиган бўлсанг, бетонкага чиқиб, мошина кут. Йўқол!
Биз раиснинг сўзига бўла, секин ўрнимиздан жила бошладик. Холиқ амаки эса… Ранги қув ўчиб, лаблари гезариб кетган амакининг икки кўзи анорларида… Нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади, аммо раиснинг қаҳридан чўчиди шекилли, бир-икки жовдираб қараб қўйди-да бошини хам қилганча секин-аста бекатдан узоқлашди.

Ёрилиб эзилган анорлар ётган ерда қизил доғлар пайдо бўлганди.
Нарзиқул раис муҳим топшириқни адо этгандек, қўлларини орқага қилганча, бутини кериб, виқор билан қараб турарди. Отасини ўлдирган ёвга қасд қилгандек кўзлари ғазаб ва нафрат билан боқарди. Сўнгги вақтларда унинг тажанг, гап кўтармас, қайсар бўлиб қолганини қишлоқ аҳли яхши биларди. Эҳтимол, раис эрта-индин нафақага кетишини ўйлаб шу кўйга тушгандир. Кейин кимга буйруқ бераман, деган савол уни қийнаётгандир. Ҳарқалай йигирма икки йил раислик курсисида ўтирган, одамларни “гаҳ” деса қўлига қўндирган одам бирдан, тақдирнинг тақозоси билан ҳеч кимга айланиб қолса… Ваҳимага тушмай бўладими?

Аммо ўша кўнгилсиз воқеадан кейин Нарзиқул раисни бир умрга ёмон кўриб қолдим. Шундан сўнг Холиқ амакини бекатда турганини ё бозор-ўчар қилиб юрганини кўрмадим. Ҳар замонда зарурат юзасидан кўчага чиқиб қолганимда уни баркашдек кетмонини елкасига қўйиб, гоҳ уйи томонга, гоҳ далага шошиб ўтиб кетаётганини кўриб қолардим. Кейинчалик ўқиш-имтиҳонлар билан бўлиб, Холиқ амакини бирмунча фурсат унутдим. Бироқ баъзи-баъзида гоҳ онамдан, гоҳ отамдан амаки ҳақида ул-бул хабарларни эшитиб юрдим. Ота-онамнинг азбаройи Холиқ амакига хайрихоҳликларидан, унга қайсидир маънода қайғураётганларидан эмас, жуда бефарқлик билан, шунчаки қишлоқдаги “янгилик” сифатида гапираётганликлари овозларидан сезилиб турарди. Уларнинг бу қилиғи негадир менинг нафсониятимга тегарди. Хафа бўлиб кетардим.

Онамнинг айтишича, бир куни Холиқ амаки Нортўхта деган қўшниси билан сув талашиб қопти. Ўша куни амаки ҳам, қўшниси ҳам томорқасини суғораётган экан. Нортўхтанинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, Холиқ амаки сувни ўзи томонга буриб олаверибди. Навбат уники экан-да. Жаҳли чиқиб кетган Нортўхта кетмон дастаси билан амакининг нақ елкасига туширибди. Холиқ амаки “иҳ” дебди-ю ариқ ичига чўккалаб қопти. “Қачондан буён тилинг чиқиб қолди?” деб бақирибди ҳалиги қўшни. Ваҳоланки, Холиқ амаки лом-мим демаган экан.
Орадан анча йиллар ўтиб, мана бугун Холиқ амакини эсларканман, кўнглим бузилиб кетди. Шунинг баробарида, ёдимга тушса ҳали-ҳануз юрак-бағримни эзиб юборадиган ёқимсиз бир воқеа хаёлимда жонланди…

Ўз кунларининг бири эди. Кечки пайт, аниқроғи, ғира-шира қоронғулик тушиб қолганди. Кўча томонда ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилди. Азбаройи қизиққанимдан (одамзоднинг феъли шунақа), қилаётган ишимни ташлаб, кўча эшик олдига чиқдим. Қарасам, катта йўлнинг ўртасида, айнан бизнинг дарвозамизнинг рўпарасида Холиқ амаки турибди. Даладан қайтаяпти шекилли, елкасида кетмони… Икки ёнида иккита йигит турибди. Амаки йигитларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига жовдираб тикилганча, нималарнидир куйиб-пишиб тушунтиришга уринарди.
— Йўқ, сиз гапни бурманг, чалғитаман деманг, — дерди йигитлардан бири дағал овозда. — Бизди қаерда кўрдингиз?
— Кўрдим-да, сенларга айтишим шартми, — деди амаки босиқлик билан. Лекин овози негадир титраб чиқарди.
— Нега шарт эмас экан? Қизиқ экансиз-ку, — деди иккинчи йигит ва секин амакининг тирсагидан тутди. — Биз исбот талаб қилиб келдик. Бекордан бекорга бегуноҳ одамларни айбдор қилманг-да.
— Уррини урри дейди-да. Нима…

Холиқ амакининг гапи чала қолди. Ҳеч кутилмаганда, йигитлардан бири унинг юзига тарсаки туширди.
— Катта энангни урри дейсан!
Холиқ амаки гандираклаб кетди. Мен қўрққанимдан қичқириб юбордим. Қўни-қўшнилар эшик-деразалардан мўралашаётганини кўрган йигитлар жуфтакни ростлашди. Амакини-ку қўяверинг, ўша вақтда мен ҳам жуда ёмон аҳволга тушиб қолгандим. Ҳолатимни тасвирлаб беришим қийин, жудаям қийин. Ўғил бола бўлиб туғилмаганим роса алам қилган. Алам бўлсаям, нарёқ-берёғи йўқ. Ўғил бола бўлганимда ўша йигитларни бир боплардим, дея армон қилганларим ҳали-ҳануз ёдимда. Мен Холиқ амакининг ҳақлигига ишонардим. Чунки анови йигитлар ҳақида турли миш-мишларни эшитиб юрардим. Кўп ўтмасдан уларнинг ўғрилик устида қўлга тушиб, қамалиб кетишлари бу фикримнинг исботи эди. Қолаверса, кейинчалик маълум бўлишича, ўша йигитларни “ўғри” деб атаган кимса Нарзиқул раис экан. У Орол омборчининг наҳорги ошида атай ҳаммага эшитарли қилиб гапирган экан. Табиийки, бу гапни пойгада ўтирган Холиқ амаки ҳам эшитган. Ва шунчаки янгилик сифатида бу хабарни у Сафар деган қўшнисига шипшиган. Нарзиқул раиснинг бир уй одам эшитган гапи қумга тушган томчидек сингиб, йўқ бўлиб кетган-у, Холиқ амакининг қўшнисига хуфия айтган сўзи “болалаб” кетган…

Мен Холиқ амакини ким қаёққа етакласа кетаверадиган, хоксор одам деб билардим. Унинг ёруғ дунё ҳақида фикрлари қандай? Уни писанд қилмайдиган, керак бўлса (зўрлигини кўрсатиб қўйиш учун!) кетмондаста билан елкасига туширадиган одамлар, хусусан, Нарзиқул раис ва бошқа-бошқалар ҳақида нималарни ўйлайди? Уларнинг паст назар билан йўғрилган муносабатини қандай қабул қилиши ҳақида очиғи ҳеч вақо билмасдим.
Эгиз қўзилардек бир-бирига ўхшаш кунлар шитоб билан ўтиб борарди. Одатдагидек, амакини кўчада, ишга кетаётиб ё ишдан қайтаётиб кўриб қолардим. Сўнгги вақтларда у жуда қариб кетганди. Аввалгидан салгина эгик қадди янада эгилган, елкаси гудрайган, қорайиб кетган тишлари тўкилиб, оғзи “ўра”дек бўлиб қолганди. Назаримда, у йил сайин, ой сайин эмас, кун сайин, соат сайин емирилиб, кичрайиб бораётгандек эди. Юзидаги ҳар бир чизиқ “чарчадим” деяётгандек…

Куз кунларининг бирида мудҳиш хабар эшитдим.
Холиқ амаки ўлим тўшагида ётганмиш!

Ҳовли тўла одам… Ҳаммасининг юзида аллақандай ташвиш, хавотир, нимадандир норозилик аломатлари зуҳур этганди. Вағур-вуғур қилишганча ниманидир муҳокама қилишар, ҳовлига ким келди, ким кетди, ҳеч кимнинг иши йўқ. Ит эгасига боқмасди. Ҳозир… Ҳозир дод-фарёд бошланса керак деб ўйлагандим. Кейин билсам, янглишган эканман. Холиқ амаки ҳали тирик экан. Бироқ… Бироқ… Оёқ-қўллари аллақачон музлаб, қотиб қолган, қорачиқлари тепага тортилиб, кўзлари юмилган, аммо кўкрак қафаси билинар-билинмас кўтарилиб-тушиб, амакининг ҳали тирик эканини билдириб турарди. Ўша ердагиларнинг айтишича, амаки тилдан қолмасдан бурун бўй қизларини бирма-бир қучоқлаб, юм-юм йиғлабди.
— Ажалим етиб, ўлиб қолсам куйиб-ёниб юрманглар, — дебди ҳансираб. — Олиб чиқиб кетишгунча, бир-икки соат “отамлаб” турсаларинг бўлди. Мен-ку, бошимни олиб кетаман, ўзларингга қийин бўлади. Қайғурманглар, ўлмаса ўран сўқсин, денглар. Сен бешовингни уйли қилолмаганим ёмон бўлди-да. Силарнинг тақдирларинг у дунёда мени илон-чаён бўлиб чақиб ётади.

Шундан кейин бир оғиз ҳам гапирмабди. Хотини, қариндошлари рози-ризолик сўрашганида, лом-мим демабди. Кўзларини чақчайтириб, бир-икки тикилибди-да, юзини тескари бурибди. Ҳеч ким билан рози-ризочилик сўрашишни истамабди.

Бири кириб, бири чиқаётган одамларга туртиниб-суртиниб ичкарига кирганимда… Холиқ амаки хона ўртасида нимдошгина икки қават кўрпача устида худди ухлаётгандек, ҳамон юзини терс буриб ётарди!
Холиқ амакининг “шаккоклиги” боисини тушунгандек бўлдим. Шу вақтга довур у кимлардандир андиша қилиб, кимлардандир, таъбир жоиз бўлса, қўрқиб яшаган эди. Сўнгги дақиқада эса… ҳаммасига қўл силтаган, ҳаммасидан юз ўгирган эди.
— Икки кундан буён аҳвол шу, — деди қариндошлардан бири секингина. — Ўша бир парча жойдан жон сира чиқиб кетмаяпти-да.
— Мулла Дониёрни олиб келиш керак, — деди кимдир. Ялт этиб ўша томонга қарадим. Гап қотган одам амакининг қўшниси Нортўхта эди. — Нимадир қилиш керак-да. Ахир, икки кундан бери шу ердамиз. Ҳаммамиз ҳам ишли, ташвишли одаммиз. Қўшничилик, кетиб қолсак, уят бўлар деб…

Худди шу пайт Холиқ амакининг хотини оғзини рўмоли билан тўсганча, ув тортиб йиғлаб юборди. Унга қизлари қўшилди. Улар амакининг бош томонида ўтиришарди.
— Бўлдими, узилдими? — деб сўради кимдир шошиб.
Аёл “Йўқ” дегандек бош чайқади. Яна йиғи бошлади.
— Эҳ, — деди Нортўхта тиззасига муштлаб. — Ҳозир ўзим бориб муллани олиб келмасам, бугун ҳам…

Нортўхтага яна бир киши қўшилди.
Ярим соатдан кейин миқтигина мулла Дониёрни диконглатиб олиб келишди. Мулла сал нафасини ростлаб олгач, ғариб ва бенаво бўлиб ётган амакининг ёнига чўкди. Тириклигида салом беришга ярамаган одамлар ҳайрат билан “тирик мурда”га тикилишар, қизиқсиниб, янада яқинроқ бориб кўришга ошиқишарди.
Мулла Дониёр эҳтиётлик билан Холиқ амакининг кўкрагига қулоғини қўйиб, юраги уриш-урмаслигини эшитди. Кўрсатгич бармоғини унинг бурнига яқин келтириб, нафас олиш-олмаслигини текшириб кўрди-да:
— Бир нафаслик жони борга ўхшайди. Бола-чақаси шу ердами? Олисда илҳақ бўлиб кутаётган кишиси йўқми? — деб сўради.
— Ҳаммаси шу ерда, — деди қариндошлардан бири.

Мулла Дониёр “тирик мурда”га бир неча сония ачиниш билан тикилиб турди-да, сўнг бош чайқади:
— Бу дунёни ташлаб кетгиси келмаяпти-ёв, шўрликнинг. Бошини тўғрилаб қўймабсилар, бўйни қотиб қопти, — деди у паст овозда ва терс ўгирилиб ётган амакининг бўйнини секин-секин уқалай бошлади. Бироздан сўнг ёруғ дунёдан кўнгил узолмаётган амакини “совутиш” учунми сафсата сўқа бошлади:
— Бу дунёга ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз, Холиқбой. Эртами-кечми, бир куни кетамиз-борамиз. Ўлим буюк мўъжиза! Шу пайтгача ҳеч ким унга бас келолмаган. Келолмайдиям. Умуман олганда, узоқ яшашдан не фойда? Ейиш-ичиш, ўлиб-тирилиб ишлаш, фарзандлар тақдирини ўйлаб куйиб-ёниш — охир-оқибат одамни зериктиради. Дунёнинг қизлигини ёшлигингизда олиб бўлгансиз, Холиқбой. Худонинг иродаси билан юз йилдан, ҳаттоки, минг йилдан кейин тирилиб келган тақдирингизда ҳам аҳвол ўша-ўша. Қорин ғамида ейсиз-ичасиз, ишлайсиз, фарзанд орттирасиз… Бизни бу азобдан фақат ўлимгина қутқара олади. Ўзингизни бўш қўйинг, Холиқбой. Бўш қўйинг… Қаранг, тегрангизни етти фаришта ўраб турибди. Ўзингизни фаришталар ихтиёрига топширинг. Сиз у дунёда шу фаришталар оғушида бўласиз…

Мулла гапиришдан тўхтаб, бир зум Холиқ амакининг юзига тикилиб қолди. Эътибор билан, синчиклаб тикилди. Во ажаб, ҳалигина Холиқ амакининг кўтарилиб-тушиб турган кўкраги бирдан тинчиб қолди. Мулла Дониёр шошилинч йўл-йўриқ кўрсатди.
Бир метр оқ сурпни тўрт киши тўрт томонидан ушлаб, Холиқ амакининг бош тарафида тутиб туришди. Мулла Дониёр кўзларини юмганча ихлос билан аллақандай дуони ўқий бошлади. Хонага пашша учса эшитилгудек жимлик чўкди. Амакининг қизлари турган томондан йиғламсираган овоз эшитилганди, эркаклардан бири уларни ташқарига чиқариб юборди. Мулла дуо ўқиш баробарида қўл ишораси қилган эди, ҳалиги кишилар сурпни гоҳ кўтариб, гоҳида амакининг юзига теккудек қилиб тушириб туришди.

Икки соатдан кейин мулла Дониёр дуоларни ўқиб бўлиб, имо қилган эди, ёрдамчилари сурпни секин-секинлик билан пастга тушира-тушира, сўнг амакининг юзига ёпиб қўйишди.
— Бўлди, узилди, — деди мулла юзига фотиҳа тортиб. Ва ишонч ҳосил қилиш учун эҳтиёткорлик билан сурпнинг бир четини авайлаб кўтариб қаради. Қаради-ю бирдан юзи докадек оқариб кетди: ҳали ҳам ўша бир парча жой билинар-билинмас кўтарилиб-тушиб турарди!
— Менинг қўлимдан келгани шу. Энди дўхтирга олиб боринглар, — деди ранг-қути ўчган мулла овози титраб ва шитоб билан уйдан чиқиб кетди.
— Дўхтирга олиб бориш керак, — деди эркаклардан бири. — Тузукроқ кўрпачами, адёлми топиб беринг.

Холиқ амакининг хотини имо қилган эди, қизларидан бири шипиллаганча қўшни хонага кириб кетди. Ўн дақиқа ўтар-ўтмас тўрт киши Холиқ амакини кўрпача билан бирга кўтаришганча, авайлаб машинага олиб чиқишди. Эркаклардан икки киши, улардан бири Нортўхта эди, амаки билан касалхонага кетишди. Кечагина, елкасини қисиб бўлса-да, ўз оёғи билан юрган одам бугун кимларнингдир ёрдамига муҳтож эканлиги, қўлма-қўл бўлаётганлиги одамга бошқача таъсир қиларкан.

Холиқ амакини олиб кетишгандан кейин уй тўла одам бўлса-да, ҳамма ёқ ҳувиллаб қолгандек туюлди менга.
Кўнглим ғаш, чироқ ёқса ёришмасди. Вужудимни қамраган қўрқув туйғуси борган сайин юрагимга ваҳима солар, ич-ичимдан титроқ туриб, ўзимни ёмон ҳис этардим. Кетай дейман-у, кетолмайман. Қолай дейман-у, қололмайман. Нима бўлганда ҳам амакининг касалхонадан қайтишини кутиш керак дейман-у…

Ўзимни чалғитиш ниятида, нима қилишларини билмай, тенгсалиб юрган қариндошларга разм солдим. Назаримда, ҳаммасининг юз-кўзида амакининг ғалати аҳволига қайғуриш ёки унинг етимчаларига ачиниш ҳиссидан кўра ўз уйларига, ўз ишларига алағдалик аломатлари зуҳур этгандек.
— Сигирим бугун-эрта туғадиган эди, — деди бир маҳал ёнимда турган аёл пичирлаб. Унинг афт-ангори қайсидир жиҳатлари билан амакига ўхшаб кетарди. — Болалар эплаб туғдира олишармикан?
— Хабар олиб келсангиз бўларкан, — дедим атай, ғашим келганини сездирмаслик учун беихтиёр нигоҳимни олиб қочдим.
— Йўғ-ей, уят бўлар-ов, — деди аёл аланг-жаланг қилиб. — Бундай бўлишини ким ўйлабди, дейсиз? Ў бирровга бориб келсаммикан? Қорин ҳам очиб кетди.

Аёл менга жовдираб тикилди. Бора қолинг, десам югуриб кетадиган шашти бор. Атай индамадим. Гапларини эшитмагандек тескари қарадим. Аёл жавоб кутиб, бир неча сония тикилиб турди-да, сўнг нари кетди.
Тушга яқин кўча эшик олдига енгил машина келиб тўхтагани эшитилди. Ҳамма гур этиб ўша томонга ошиқди.
— Кўмиб юбораверинглар, деди дўхтирлар. Баъзиларда шунақаси ҳам учраб тураркан, — деди Нортўхта кескинлик билан ҳаммага бирма-бир қараб чиқаркан. — Ўлиб бўлган экан. Аллақачон ўлган экан…
Шоша-пиша тайёргарлик кўрилди. Эркаклар бу ёққа келиш олдидан тугунларга тугиб келган чопон-белбоғларини олиб, кийишди ва бирин-кетин дарвоза олдига чиқа бошлашди. Хотинлар “ув” тортиб, овоз чиқаришди. Яқинлари Холиқ амакини жуда эҳтиёткорлик билан кўтаришиб (одам ўлганида шунчалик азизми?), уйга олиб киришди.

Тақдир тақозосини қаранг, Нарзиқул раис қариб, ювғичлар сафига қўшилиб қолган экан. Сўнгги дақиқада ҳам Холиқ амакининг Нарзиқул раис билан дуч келганига нима дейсиз?! Нарзиқул раис амакидан анча ёш катта, бола-чақасидан тинган, невараларини уйлантириб, чевара ҳам кўрганди. Раислигида йиғиб қўйганларини майдалаб чайнаб, ҳузур-ҳаловатда яшаётган пири бадавлат эди. Холиқ амаки эса унга нисбатан ёш, бунинг устига уй кўрмаган бешта қизи бўй чўзиб турарди. Менга бир нарса алам қилиб кетаётган эди. Агар азроилга жон керак бўлса, нега Нарзиқул раиснинг жонини олмади. Нега келиб-келиб бир бечорани танлади? Битта Холиқ амаки билан ялмоғиз ер тўйиб қолмагандир?! Унинг битмаган ишлари кўп эди-ку ҳали? Умр бўйи қора меҳнатдан боши чиқмаган одам… Ҳузур-ҳаловот нелигини билмаган одам… Чумчуққа ҳам озор бермаган одам…

Амакининг ўлимидан уч ой ўтар-ўтмас қишлоқда ивир-шивир гап пайдо бўлди. Эмишки, ўша куни Холиқ амакини касалхонага олиб боришганида дўхтирлар Нортўхта айтганидек «кўмиб юбораверинглар» демаган экан. Нортўхта бошлиқ қариндошлар ўзаро: «Бир кун олдин ўлди нима-ю, бир кун кейин нима, барибир ўлади-ку» деган фикрга келишибди-да, ҳар хил баҳоналар билан дўхтирлардан амакининг аллақачон ўлганлиги ҳақида справка олишган экан…

034

Zulfiya Qurolboy qizi
IKKI HIKOYA
088

Zulfiya Qurolboy qizi – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirildi.

088

KUYGAN SHAHAR

033Kampir yetmishlarga borgan, cho’pday ozg’in, iyagi ertaklardagi yalmog’iz kampirning iyagiday oldga turtib chiqqan, lablari hayotning sho’rish azoblarini tatib ko’raverganidan tirishib-burishib qolganday so’lg’in va quruq, burni so’ppaygan, kirtaygan ko’zlari chuqur botgan – ma’yus boqar, ammo jahli chiqqanida nafaqat ko’zlari xunukdan xunuk chaqchayar, balki butun yuzida qo’rqinchli ifoda paydo bo’lardi, qoqsuyak gavdasi esa xiyol egik, lekin juda serharakat, chaqqon, kiyimlari esa hamisha toza va ohorli edi.

U g’ira-shira qorong’ida achigan-chirigan hidlar anqigan meva-cheva bozoriga odatdagiday hammadan oldin keldi. Bir qo’lida qo’sh termos va boshqa qaqur-ququrlari ortilgan yap-yangi aravacha, ikkinchi qo’lida kattagina to’rvaxalta. Tez yurganidan harsillab nafas olardi. Kampir aravachani tortib kelarkan, qaddi yanada egilar, shuning uchun ham ko’ylagining old etagi uzunroqday ko’rinardi.

Kampir yetib kelganida oltmishlarga borgan, soch-soqoliga oq oralay boshlagan qorovul endigina katta jigarrang temir darvozani ochib, atrofni ko’zdan kechirayotgan edi. U tong yorishmasdan bozorda paydo bo’lgan kampirga ko’zi tushib, norozilik bilan g’o’ldirab qo’ydi:
– Saharlab balo bormikin bu qari qarg’aga.

Yaxshi hamki kampirning qulog’i sal og’irroq, aks holda bechora qorovulning soch-soqolidan asar ham qolmasmidi? Biroq kampir qorovul bilan so’rashmasdan o’tmaydi.
– Yaxshi yuribsanmi, Boltavoy? Bola-chaqang omonmi?
– Ha, omon, omon. Omon bo’lmay nima… – yoqtirmayroq javob berdi qorovul. – Faqat siz qachon mening ismim Boltavoy emasligiga ahamiyat berarkansiz?
– Mening uycham ham omonmi, Boltavoy?
– Omon, omon. Ana, qo’qqayib turibdi. Eshik-derazalari berkitilgan bo’lsa, kim ham teginardi?
– Ha, yaxshi…

Kampir bir oz yurgach, chapga burilib, g’ira-shirada oqarinqirab turgan uychaga yaqin keldi.
Qishda qalin paltosining, yoz bo’lsa ko’ylagining ustidan mudom kiyib yuradigan yengil kamzuli cho’ntagidan kalit chiqarib, eshikni ochdi, ichkariga kirdi.Zum o’tmay, xuddi kampir kelishini kutib turganday bozor birdan jonlandi. Darvozadan turli kishilar, sotuvchilar, oshxona egalari, bozor xodimlari kirib kela boshladi. Kechasi uyum-uyum qoplari ustida tunab qoladigan dehqon-sotuvchilar negadir har doim hammadan keyin, bozorda shovqin-suron qo’pganidan so’ng erinibgina uyg’onishadi.

Bu vaqtda kampir biriga choy, yana biriga achchiq qahva damlangan termoslari yonida kela-kelguncha shaqir-shuqur qilgan chashkalarini chayishga ulgurib, har doimgi mijozlarini kutib olishga shay turardi.
– Roziyaxon, mana qahvangiz, – kampir qaynoq hovur ko’tarilayotgan chashkani qirq besh-ellik yoshlardagi ayolga uzatdi. – Kecha bundan keyin sal quyuqroq damlang, degandingiz, mana, aytganingizday damladim.
Kartoshka-piyoz qoplarining ustida o’tirgan Roziyaxon deganlari – uning ismi aslida Salimaxon, lekin kampir uni har doim Roziyaxon deb ataydi, u to’ladan kelgan, bilaklari lorsillagan, oytovoqday yuzida ko’zlari bir chiziqday bilinib-bilinmay turgan, shartakiroq ayol, – yoyilib iljaygancha kampirning qo’lidan chashkani olarkan:
– O’zimning aqlli opoqimdan aylanay! – dedi go’yo qarshisida yetmish yashar kampir emas, yetti yashar bola turganday erkalab. – Oh, oh, hidini qarang, hidini… Ertaga
yana shunaqasidan bo’lsin, xo’pmi?
– Xo’p.

Salima-Roziya choychaqa uzatdi.
– Endi boraqoling. Siz bilan valaqlashishga vaqtim yo’q.
Kampir xursand bo’lib pulni oldi, sanamasdan cho’ntagiga solib qo’ydi-da, aravachasini sud-rab yo’lida davom etdi.

Ikki-ikki yarim soat ichida mijozlarini choy va qahva bilan siylab chiqqan kampir choshgohgacha – yana choy tarqatish vaqti bo’lguncha bekor turmaslik uchun o’ziga ish
qidira boshladi. Ahvol deyarli har doim shunday: sotuvchilarni choy va qahva bilan siylab bo’lgach, u aravachasi bilan birovlarning yukini tashiydi, kartoshka-piyoz saralaydi, juda bo’lmasa som-sapazlarga yordamlashib, choychaqa ishlaydi. Yoki bir chekkaga o’tib ishtiyoq va diqqat bilan aravasini tozalab, u yer-bu yerini ko’zdan kechirgan bo’ladi. Ishqilib bekor turmaydi-da.

Faqat choshgohdagi “chaypite”dan keyingina kampir bir oz nafas rostlash va gurunglashish uchun tanish mijozlaridan birining oldiga kelib dardlashib o’tiradi.
– Uf, charchadim, Jamila, judayam charchadim… – deya zorlandi u odatdagiday horg’inlik bilan. – Bolalarim qachon katta bo’lisharkin-a?! Ishonasanmi, kechqurunlari oyoqlarim shunaqa qaqshaydiki! Ayniqsa boshim shunday og’riydiki, xuddi qizilishton tumshug’i bilan daraxtni to’qillatib urganday bir shovqin quloqlarimda g’uvillab ketadi…

Savdo tig’iz bo’lishiga qaramay, kampirni eshitish uchun hamisha vaqt topadigan, ko’ngli bo’sh, rahmdil olma sotuvchi ayol – darvoqe uning ismi Sojida, lekin kampir unga Jamila deb murojaat qiladi, – achinayotganini sezdirmasdan:
– Qizingizning bo’yi cho’zilib qopti, xudo xohlasa hademay yoningizga kiradi, – dedi xayrihohlik bilan. – Ko’pam o’zingizni urintiravermang, charchab qolasiz.
– Charchasam go’rga, – dedi kampir. – Charchasam nima bo’pti, bir yumalab uxlab olsam, hammasi o’tib ketadi. Mendan ko’ra, bolalarimga qiyin. Ular mensiz qiynalib ketishdi. Axir o’zingizdan qiyos-da, tong saharlab bozorga kelib, qosh qorayganda uyga borasiz. Bola bechoralar nima yeb, nima ichib o’tirishibdi… Bir yerlari og’rib qolsa, kimga aytishadi… Kim ularning jonlariga oro kiradi?.. Kecha kenjatoyim Farruxning qorni og’rib qopti. Bechora bolam tushgacha to’shakda buralib yotibdi… Men bundan bexabar…

– Noila qaramabdimi ukasiga? – so’radi Jamila-Sojida.
– Qaragan. Qizim boyoqish ukasiga mehribon. Dori beribdi, qornini jun ro’mol bilan bog’lab qo’yibdi. Lekin Farrux tinchlanavermagandan keyin ukasiga qo’shilib yig’labdi-da bechora…
– Ha, tirikchilik-da endi… Iloj qancha…
– Tirikchilik ham o’lsin. Ertadan kechgacha bozorda izg’ib yurganimga yarasha, durustroq topsam edi.
– Siz yaxshi topasiz, opoqi. Hadeb o’zingizni qiynayvermang.
– Be, qayoqda… Kecha kun bo’yi pattachilar quvg’inida yurdim. U yoqqa o’tsam ham, bu yoqqa o’tsam ham ketimdan qolishmadi. Oxiri bozordan haydab chiqarishdi. Qanaqadir tekshiruvchi kelarmishmi-ey. Siz eshitmadingizmi?
– Yo’-o’q… Eshitmadim…
– Sizga yaxshi, har qalay bozorda o’z joyingiz bor. Shuning uchun ham sizga indashmaydi. Bizga o’xshaganlarni esa kun bo’yi ortimizdan quvishadi, yaramaslar.
– Sizziyam uychangiz bor-ku…
– Be… Bu uychani Narimon boyvachcha in’om qilgan. Savob uchun degandir-da. Lekin u yerda o’tirgim kelmaydi.
– Sizlar ham patta olsangiz yaxshi bo’lardi.
– Be, o’zi arzimagan choychaqa ishlasam, bu pulga patta olamanmi, ro’zg’orga ishlatamanmi?
– Ha, mayli… Hali hammasi yaxshi bo’ladi, kuyinmang.
Kampir bir lahza jim qoldi. So’ng mahzun ohangda dedi:
– Ha, yaxshi bo’lib ketar. Lekin ungacha yeta olarmikinmiz?.. – kampir chuqur xo’rsindi. Mung’ayib qoldi. Shunday kezlarda u allaqachon umrini yashab bo’lgan, qurib-qovjiragan bo’lsa-da, daraxt shoxida ilinib, amal-taqal jon saqlab turgan yaproqqa o’xshardi.
– Xudo xohlasa hammasi yaxshi bo’ladi, – dedi Sojida-Jamila.

Kampir Jamila-Sojida bilan xayrlashdi.
Vaqt tushga yaqinlab qolgandi.
Bozorda kampirning choy va qahvasiga o’rganib qolgan sotuvchilar ancha-muncha edi. Ular kampirning o’zidan ko’ra, yoshini hurmat qilishar, allaqanday tushuniksiz, qachonlardir bo’lgan-bo’lmagani noma’lum voqealar haqidagi hikoyalarini sabr-toqat bilan eshitishar, eski-yangi pul aralash qaytim qaytarganida indamay olishar, Sojida-Jamilaga o’xshaganlar kampir yig’laganda qo’shilishib yig’lashar, boshqa odamga, ya’ni necha yillardan buyon kampirning xotirasidagina yashayotgan, hozirda bor-yo’qliklari ma’lum bo’lmagan odamlarga evrilganlaridan og’rinishmas, lekin hech qachon nasiyaga choy ham, qahva ham olishmasdi. Mobodo nasiyaga choy yoki qahva so’raguday bo’lishsa, ular qanchalik qadrdon bo’lib qolganlariga qaramasdan, kampir bunga aslo rozi bo’lmasligini juda yaxshi bilishardi.

– Xafa bo’lmang, singlim, mijozim bo’lsangiz ham nasiyaga berolmayman. Uyda uchta bolam ochdan och o’tirishibdi! Men ularni mana shu choychaqa bilan boqishimni bila turib, nasiyaga so’ragani uyalmaysizmi?! – deya bobillab berardi kampir nasiya so’rovchining ko’ziga tik qarab.

Ba’zida u birdan bozordan g’oyib bo’lib qolar, oradan uch-to’rt soatlar o’tgach, goh mahzun tortgan, gohida yig’lab, ko’zlari qizargan holda yana paydo bo’lardi.
– Xolidaning ahvolidan xabar olgani bordim, – derdi u doimiy hamsuhbati Sojida-Jamilaning oldiga kelib. – Bechora bir ahvolda yotibdi… Achinib ketdim…
O’lib qolsa, bolalarining ahvoli nima bo’ladi?..
Kunlarning birida esa…
– Xolida sho’rlik olamdan o’tibdi! – degan xabar bilan keldi yuragi yorilguday bo’lib. – E Xudoyim!.. Endi nima bo’ladi? – Keyin birdan qoni qaynab ketdi: – Hammasiga eri Shokir piyonista aybdor! Uni sud qilish kerak! Osish kerak uni!

Bozorda yangi paydo bo’lgan kishilar dastlabki kunlar choy sotib tirikchilik qiladigan kampirning bip-binoyiday usti-boshiyu xorijiy arava va termoslariga qarab turib hayron bo’lishadi, bu nomutanosiblikning tagiga yetganlaridan keyingina kampirga ham, uning almoyi-aljoyi gaplariga ham ortiqcha e’tibor bermay qo’yishadi.

Ammo bu yerdagilarning hammasi ham go’yo o’tmishdan tushib qolganday kechgacha bozorda tentirab yuradigan, hech kim mushugini pisht demasa-da, mudom pattachilardan o’zini olib qochishga urinadigan, bozor mutasaddilari u bilan xushmuomalada bo’lishsa ham negadir ulardan norozi bo’lib, bir nimalar deb qarg’anib yuradigan,
allaqanday tushuniksiz, qachonlardir bo’lgan-bo’lmagani noma’lum voqealar haqida gapiraverib charchamaydigan kampirni hurmat qiladi deb bo’lmasdi. Uni yoqtirmaydiganlar – ayniqsa ovozini uzoqdan eshitishi bilan asabi bu-zilib ketadiganlar, ko’zini shamg’alat qilib, ustidan kuladiganlar, ortidan tosh otadiganlar ham talaygina edi.
– Zarilga zaril, anavi shumkampirga nima zaril ekan, jonini buncha qiynab?! Uyida mazza qi-lib o’tirmaydimi?! Agar mening o’g’lim amaldor bo’lganidami!
Hali aytganimizday, kampir bunday ivir-shivirlarni hadeganda eshitavermaydi, ammo eshitib qolsa bormi, hech kimni ayab o’tirmaydi. Uning tili zahar edi:
– Ha, og’zingdan qoning kelgur! Men bilan nima ishing bor?! Nima, bozor sening mahringga tushganmi yoki uni Narimon boyvachchadan sotib olganmisan?!

Gap otgan odam vazminroq bo’lsa yaxshi, kampir ko’p shang’illamaydi, aytadiganini aytadi-da, aravachasini sudragancha yo’lida davom etaveradi. Lekin raqib asabiyroq, janjalni pulga sotib oladiganlar toifasidan bo’lsa bormi, bozorga o’t ketdi deyvering.
– Nimalar deb valdirayapsiz? Narimon boyvachcha deganlari kim o’zi? Bozorkom Sodiq boyvachcha-ku! Siz qaysi zamonda yashayotganingizni bilasizmi o’zi?!
Janjalkashning shu uch og’iz gapi yetarli, kampir birdan quturib ketadi:
– Hoy, manjalaqi, nima, meni esdan og’ib qolgan deyapsanmi?! Bozorning xo’jayini Narimon boyvachcha ekanligini bilmasang, yur, o’zim ko’rsatib qo’yaman!

Kampir aravachasini uloqtirib yuboradiyu, janjalkash tomon xezlanadi.Allakimlar hay-haylashib, ularni ajratib qo’yishsa olam guliston, bir zumda ko’zlari qonga to’lgan kampir hansiray-hansiray nari ketadi. Aks holda u yiqilib qolguncha, erkak-ayol demasdan yoqasiga chang solib, ayyuhannos ko’tarishi turgan gap. Allakimlar bozor ma’muriyatiga kampirning ustidan shikoyat ham qilishadi, lekin u yerdagilar negadir ming’irlashdan nariga o’tishmaydi. Kampirning tanobini tortib qo’yish eslariga ham kelmaydi. Qay bir yili esa… he yo’q, be yo’q, bozor ma’muriyati kampirga bemalol o’tirib savdo qilishi uchun barcha sharoitlari muhayyo bo’lgan uycha sovg’a qildi. Ammo kampir uychada bir soat ham o’tirib savdo qilmadi.

Shuning uchun ham bozordagilarning ko’pchiligi kampirdan bezib qolishgan. Ayrimlarning uni ko’rgani ko’zi yo’q. Ba’zilar undan ochiqdan ochiq nafratlanishadi.
– Tur, yo’qol, esi past kampir! Kim seni chaqirdi bu yerga?! – deb haydashadi ular tap tortmasdan.
Ammo kampir ham indamay ketadiganlar xilidan emas.
– Og’zingdan qoning kelgur, nega meni haydab solyapsan?! Nima, senga xalaqit beryapmanmi? YO oldingdagi oshni olib qo’ydimmi?!
Shunday kezlarda qaerdan bo’lsa ham yetib kelgan Sojida-Jamila kampirning joniga oro kirar, uni bu yerdan uzoqroqqa olib ketardi.

Bir kuni bozordagilar – aftidan ular yangi sotuvchilar edi – kampirni rosa mayna qilishdi. Chunki u bir zamonlar zolim podshoh zulmidan qochib, g’orga berkingan hamda Tangrining amri bilan uyquga ketgan va uch yuz yildan keyin uyg’onib, bozorga chiqqan sadoqatli va dunyobexabar yigitlarga o’xshab, allaqachon muomaladan chiqqan eski pullar bilan savdo qilayotgandi-da.
– Daqqiyunusdan qolgan pullarni boshimizga uramizmi?! Bu kampirning tomi ketib qolgan. Uni allaqachon jinnixonaga topshirib yuborish kerak edi!
Kampirning g’azabi qaynab ketdi. Toji yulib olingan xo’rozday jahd bilan olishuvga shaylandi. Lekin “…jinnixona” degan so’zni eshitib beixtiyor qaltirab ketdi va shashtidan tushdi.
– Bu odamlar aqldan ozib qopti… – deya g’udrandi u yo’lda ketib borarkan.

Keyin ajablangancha Sojida-Jamilaning oldiga bordi.
Sojida-Jamilagina kampirning qalbiga yo’l topa oladi, u pul almashganini aytganidan keyin kampir bir nimalarni fahmlaganday bo’lib:
– E-ha, gap bu yoqda ekan-da, – deb qo’ydi. – Men dunyobexabar…
Kampir jimib qoldi.
Lekin zum o’tmay Sojida-Jamilani savolga tutdi:
– Pul qachon almashdi o’zi?
Bunday kezlarda nima deyishni yaxshi biladigan Sojida-Jamila shu zahoti javob berdi:
– Kuni kecha.
– Ha, shunaqa deng.
Kampir bir zum o’ylanib turdi, so’ng afsuslanib:
– Kecha televizor ko’rsam bo’larkan… – deb qo’ydi.

Sojida-Jamila indamadi.
Kampir yana bir zum o’ylanib turdi-da, so’ng:
– Hozirgi odamlarning shunchalik qahri qattiq-ki, bu ahvolda yigirma yildan keyin nima bo’larkin?.. Bilmadim… – dedi asta o’ziga o’zi gapirganday.
Sojida-Jamila iztirob ichida:
– Allaqachon yigirma yil o’tib bo’lgan-u… – deya shivirladi.
Kampir o’rtog’ining gapini anglamadi.
– Keling, bir pas dam olvoling, – Sojida-Jamila kampirning halidan buyon qarshisida tik turganiga ahamiyat bermaganidan xijolat tortib, unga joy beradi.
Shunda kampir birdan o’ziga kelib deydi:
– Voy, bezovta bo’lmang, o’rgulay. O’zingiz bemalol o’tiravering joyingizda. Men qarib boryapmanmi? Endi ellikning boshini tutgan odamga bu yurishlar nima!

Ba’zida, dardlashadigan mijozlari bozorda ko’rinmay qolsa yoki tayinli bir ish topolmagan kunlari kampir zerikkanidan odamlarning asabiga tegib, kechgacha bozorda behudaga izg’ir, hech yerda to’xtamas, aravasini shaldiratib sudragancha go’yo bir narsani qidirayotganday rastalar orasida aylanib yuraveradi, yuraveradi; savdo tig’iz paytlari olomon uni u yoqdan-bu yoqqa surib tashlar, birovlar atay turtib o’tar, lekin kampir hech narsani sezmas, ko’zi ko’r, qulog’i kar, o’z maromida davom etayotgan hayotni his qilmas, qaerdadir uzoqda, hammadan, hamma narsadan uzilib qolganday, gangiragancha kezib yuraveradi; gohida esa duch kelgan odamning ishiga bur-nini tiqar, suhbatlariga aralashar, oralarida gap qochganidan keyin xuddi bu yerdagilar uni bozordan siqib chiqarishga urinayotganday tuyulib, qattiq jahli chiqib ketar, keyin xato ustiga xato qilib qo’yar, ongini qurshagan zulmat pardasiga tobora chuqurroq kirib borardi… oqibat shu darajaga yetadiki, hech kim kampirni eplay olmay qoladi; kampir o’tmishda hech qachon jur’at qila olmagan ishni qilar, isyon ko’tarar, nihoyat qidirib yurgan odamini topganday, o’zi itdan ham battar yomon ko’radigan birorta pattachining yuziga boplab tupurar, yillar davomida o’zini ezib tashlagan olamjahon be’mani so’zlar uyumini yuragidan itqitib tashlardi. Bunday kezlarda uning telbadan farqi qolmasdi.

Shunda kimdir kampirning uyiga xabar beradi shekilli, o’n daqiqa o’tar-o’tmas yetib kelgan “jip”dan ikkita barvasta yigit tushadiyu jazavasi qo’zib, ayyuhannos ko’tarayotgan kampirni avaylab ikki qo’ltig’idan olishib, bozordan chiqib ketishadi…

Yo’q, u telba emasdi. Uning xotirasi inqirozga uchragan, necha yillardan buyon ko’rlik dunyosidan ham battarroq bir zulmat ichida, olamdagi o’zgarishlardan bexabar, na kechaning, na bugunning farqiga bormasdan, yolg’iz, hattoki yolg’izdan yolg’iz, hududsiz zulmat ichida yashardi. Ong-shuurida hayotining faqat eng og’ir damlari – yigirma yil muqaddam, bozorda choy sotib tirikchilik o’tkazgan davri – xuddi halokatga uchragan vaqtning bir parchasiday qotib qolgan; yoshi bir yerga borgan, ro’zg’orning barcha tashvishlaridan qutilgan bo’lsa-da, hamon ilgariday, ya’ni oilaning butun tashvishlari o’z gardanida bo’lgan vaqtlardagiday kuyib-pishib yurar, holdan toyib yotib qolguncha bozordan beri kelmas, lekin hech qachon birovning moliga ko’z olaytirmas, o’zi o’qimagan va ongiga sig’dira olmagan sonmingta dunyoviy qonunlardan faqat bittasini – “Halol yasha”, deganini juda qattiq ushlab olgan, xuddi bitta to’g’ri chiziq bo’ylab tinimsiz borib-kelayotganday yashar, kelajak esa… nazarida juda uzoqda, hech yetib bo’lmaydiganday tuyulardi; jismi kundan kun qurib-qovjirab borar, go’yo tiriklayin murdaga aylangandi, ammo bir kun bozorga chiqmasa farzandlari och qoladiganday mudom qo’rqib yashardi, vaholanki o’zi qo’rqqan dahshatli narsa allaqachon yuz berganini, u bozorda yurganida uyi yonib ketganini, qizi bilan kichik o’g’li olov ichida qolib nobud bo’lganini, faqat bir o’g’li omon qolganini, dugonasi Xolida piyonista erining kaltagidan keyin o’nglana olmay, jinnixonada yotganini, qo’shnilari uning bolalarini yetimxonaga topshirib yuborishganini eslay olmasdi…

Xullas, kampirning xotirasida na o’tmish bor, na kelajak…. faqat bugunni – bir lahzalik umrni yashab qolish bilan cheklanardi.Gohida esa beixtiyor eski uyiga borib qoladi.

Yonib ketgan hovli qayta ta’mirlangan, lekin endi bu yerda begonadan begona kishilar yashaydi, ular kampirga yaxshi muomala qilishadi, go’yo muruvvat ko’rsatayotganday unga uy ichiga kirishga ruxsat ham berishadi. Kampir nega bu yerga kelganini, nima majbur qilganini sezmagan, anglamagan holda xonalarni bir-bir aylanadi, har bir xonaning har bir burchagi kampirning xotiralarini o’zida saqlaydi, zero xotiralar yonmaydi, ammo bu xonalar kampirning o’zi singari qizg’anchiq, xotiralarni unga bermaydi, biroq u ketayotganida ortidan mung’ayib qarab qolishadi…

Kampir yana xotiralarining siniq parchalari sochilib yotgan bozorga qaytadi.
– Yerning qoq qirrasida turganga o’xshayman, – deydi u o’ychanlik bilan shu kuni Sojida-Jamilaga. – Yerning qoq qirrasida. Pastga enkaysam tamom… hammasi tugaydigandek… Nega bunday, bilmayman.. O’lay agar bilmayman. Senda bunaqa bo’lmaydimi sira?

Sojida-Jamila mahzun bosh chayqaydi.
Kampir mushtini iyagiga tiragancha jim qoladi. Shu turishida u naq qari qarg’aning o’zginasi edi.
Allakim, bu sotuvchimi yoki xaridorlardan, noma’lum, – o’tib ketayotib tasodifan kampirni turtib yuboradi, keyin shosha-pisha uzr so’raydi, ammo allaqachon g’isht qolipdan ko’chgandi, kampirning chatnab turgan asablari o’t tushgan quruq giyohdek birdan pov etadi…

* * *

Tinchlantiruvchi ukoldan keyin kampir odatdagiday uch-to’rt soat dong qotib uxladi. So’ng hech narsa bo’lmaganday, tiniqib uyg’ondi. Uyg’ondiyu soatga qaradi, keyin shosha-pisha o’rnidan turdi.
– O’lsin… Uxlab qopman…
Kampir g’udrangancha dahlizga chiqdi.

Bu yerda unga o’ttiz yoshlardagi juvon peshvoz chiqdi.
– Yaxshi yotib turdingizmi, oyijon?
– Rosa uxlabman-da o’ziyam, – dedi kampir unga javoban. – Sal vaqtliroq uyg’otsang bo’lmasmidi?
– Yaxshilab dam olvoling dedim-da…
– Dam olmasam go’rga, darrov termosga choy damla.
– Oyi, kech bo’lib qoldi…
– Kechki bozorga chiqaman.
– Oyi… iltimos, buguncha chiqmay qo’ya qoling.
– Nega chiqmayman? Oyog’imni uzatib uyda yotsam, tirikchilik nima bo’ladi?
– Ertaga chiqa qolasiz. Hali Roziya opoqi aytdi, bugun bozor vaqtli tugabdi. Qandaydir tekshiruvchilar kelarmishmi…

Kampir birdan hushyor tortdi.
– Tekshiruvchilar?
– Ha.
Kampir o’ylanib qoldi.
– Roziya bejiz xabar bermagan. Yaxshisi chiqmay qo’ya qolay. Senam uyingga keta qol, Manzura. Qaynonangdan baloga qolma tag’in.
– Qaynonamning zug’umidan qochib kelib siznikida yashab yuribman-ku, qayoqqa boraman?
– Ha, aytgancha… xayolimdan ko’tarilibdi… Qaynonang o’lmadi, sen qutulmading.
– Ovqat tayyor, suzaveraymi?
– Noila bilan Akbar qani? Farrux hali maktabdan kelmadimi?
– Ular oshxonada, sizni kutib o’tirishibdi.
– Menam hozir boraman.

Kampir hovliga chiqdi.
Naqshinkor panjarali, marmar zinalardan bir-bir bosib tusharkan, atrofga hayrat bilan boqdi.
Hovli juda hashamatli edi.

Ammo kampir hech qachon bu yerda o’zini o’z uyida yashayotganday his qilmasdi. Bu uydagi yarqiroq hayot uning ko’zlarini qamashtirar, go’yo kelajakka sayyohat qilganday,
ba’zida yoqimli tush ko’rayotganday bo’lardi xolos. “Qachon o’z boshimga uy bitadiyu, bu yerdan tezroq daf bo’larkinman?..” – deb qo’yardi u gohida siqilib ketganidan.
O’zining bunday hashamat ichida yashayotganining sababini gohida bozorkom Narimon boyvachchaning iltifoti sifatida qabul qilardi, gohida esa ijarada turibman, deb o’ylardi.

Atrofidagi narsalarga tikilib o’tirib kampir gohida birdan o’zini ko’lankalar vodiysida yurganday his qilar, g’alati kayfiyat chulg’ab olar, hayotining og’ir damlarini qayta va yana qayta yashayotganday allanimalar tanish tuyular, lekin mavjud olam bilan o’zi o’rtasida qandaydir o’tib bo’lmas to’siq borday, to’siq osha nazar tashlashga nimadir izn bermayotganday, allaqanday sharpalar ko’z oldidan birma-bir o’tishga shaylanib turganday bo’lar, yuragi sanchib ketar, o’zini chuqurga tushib ketganday his qilar, mudom g’uvillagan shamol esib turadigan chuqur… kampir chuqur devorlariga tirmashib, yuqoriga chiqishga urinar, ammo g’uvillagan shamol ovoziga qo’-shib, urinishlarini ham allaqayoqlarga olib ketar, kampir esa chuqurda tinim bilmay aylanaveradi, aylanaveradi, xuddi bozorni aylanganday, lekin ko’p o’tmay ertangi tirikchilik haqida o’ylab darrov o’zini alahsitar, ammo nima uchun bezovta bo’lganidan sira ham tashvishlanmas, qo’rquvga tushmas, qalbi dahshatli yong’indan keyin qurib-qaqshab yotgan qo’rg’onday yana huvillab qolardi. Kim bilsin, ehtimol u ozgina bo’lsa ham qo’rqqanida, sergak tortganida, hayotga qaytarmidi, lekin u qo’rqmasdi, taajjublanmasdi, hatto o’ylab ham ko’rmasdi, – xuddi yerga urug’ sochib qo’ygan-u, lekin keyin hammasini unutgan dehqonday, – aftidan shuning uchun ham tobora zulmat qo’yniga kirib borardi…

Yarim soatlardan keyin kampir namxush yuzini silagancha oshxonaga kirib keldi.
– Ura, buvim keldilar!
Sakkiz yoshlardagi bolakay yugurib kelib kampirni quchoqlab oldi.
– Buvi, deysanmi, Farrux? Qachon aqling kiradi sening? – kampir yengilgina tanbeh berdi bolakayga.
Keyin birin-ketin salom bergan qizcha bilan yigitchaga qarab:
– Noila, bugun yopgan noning tandirdan tushib qolmadimi? – deb so’radi.
– Yo’q, mana, ko’ring, bugun juda chiroyli non yopdim… o-oyijon… – qizcha ko’zlari javdiragancha bir juft nonni uzatdi.
– Ha, yaxshi, ancha qo’ling kep qopti. Endi bozorda shoshilmasdan, xotirjam yursam bo’larkan. Sen-chi, Akbar, Samadning do’konidan un olib keldingmi?
– Ha, olib keldim, – deb javob berdi Akbar chetga qaragancha.
– Durust…

Shundan keyingina kampir nabiralari, e, farzandlari bilan o’tirib ovqatlandi. Keyin bolalar televizor ko’rishdi. Televizorning ekrani juda katta, uydagi boshqa jihozlar kabi juda hashamatli va noyob edi.
Kampir yumshoq divanning chekkasida hashamatu boylik ichra bir siqimgina bo’lib o’tirarkan… yana o’zini begona uyga kirib qolganday va qorong’ida – bir vaqtlar orzu qilgan, lekin yetisha olmagan notanish buyumlar ichida turtinib-surtinib yurganday his qilgancha ertangi bozor va tirikchilik haqida o’ylardi: “Manzura endi qaynonasinikiga ketmaydigan bo’lsa, undan foydalansam nima bo’pti? U har kuni somsa yopib beraveradi, men choy va qahvaga qo’shib sotaveraman. Axir endi oilamiz ancha kattaydi, uniyam boqishim kerak-ku! Lekin uni bozorga yo’latmayman!”

Tong otmasdan kampir yana bozorga otlandi.
– Oyi, endi shu ishni bas qila qoling, iltimos.
Qirqlarga borgan, bashang, uyda ham galstuk taqib yurishni unutmaydigan, basavlat yigit engashib shoshilgancha termoslarini aravaga yuklayotgan kampirning oldiga keldi.
– Meni oyi dema, deb necha marta aytganman, Davron! Baribir o’g’lim bo’lolmaysan, – kampir ishidan bosh ko’tarmay javob berdi. – Yaxshisi uy top. Qachongacha onang jiyanim bechorani xo’rlaydi, azoblaydi!
– Yaxshisi siz dam oling, oyi! Agar xohlasangiz, shu bugunoq sanatoriyga yuboraman.
Kampir o’z mashg’ulotidan bir lahza ham chalg’imagan holda to’ng javob berdi:
– Men hali oyog’imni uzatib, dam oladigan kunlarga yetganim yo’q.
– Yetgansiz, oyi. Yetgansiz! – baqirib yubordi yigit iztirob ichida.
Kampir ilkis boshini ko’tardi. Nigohlari qattiq, lekin ma’nisiz edi.
– Menga baqirma! – dedi u keskin ohangda. – Men odamlarning kaltagini yeyish, haqoratlarini eshitish uchun tug’ilmaganman!
– Oyi!.. – Yigitning yuzi qorayib ketdi.
– Aql o’rgataverib toza jonimga tegib ketding. Yaxshisi xotiningni olib uyimdan chiqib ket! Qachongacha senlar uchun ham ijara puli to’layman?!

Kampir shunday dedi-da, aravasini sudragancha ko’cha eshik tomon yo’l oldi.
Yigit bir zum o’ylanib turdi, so’ng ikki hatlashda kampirni quvib yetdi va uni dast ko’targancha xonaga olib kirdi-da, eshikni qulfladi.
– Eshikni och! Och deyapman! – eshikni mushtlagancha baqirdi kampir. – Agar hoziroq ochmasang, Narimon boyvachchaga aytib, urug’ingni quritib yuboraman hammangning!
Och! Och, deyapman!
Kampir qo’liga ilingan narsani eshikka ura boshladi.

Yigit quloqlarini bekitgancha, eshikka suyanib turar, ko’zlari jiqqa yosh edi.
– Qo’ying, uni qiynamang, – dedi xotini yaqin kelib. – Oyim shu holicha yashasagina o’zini yaxshi his qiladilar.
– O’ylab gapiryapsanmi?
– Xotirasi o’ziga qaytsa, nima bo’ladi, bilasizmi?
– …
– Noila bilan Anvar qani, deb so’rasalar, nima deb javob berasiz? Ularni topib berolasizmi?
– O’chir!
Juvon jim bo’ldi.
– Jonimdan to’yib ketdim! – shivirladi yigit asabiy tarzda. – Bozordagilarning shikoyatidan jonim hiqildog’imga keldi! Qachongacha ularning oldida tilim qisiq, iltimoslariga yo’q deyolmay yashayman?!
– Nachora… Lekin…
– Bir hafta uy qamog’ida o’tirsalar, bozorni eslaridan chiqarib yuboradilar. Bor, sen ishingdan qolma.
– Eslaridan chiqarmaydilar, kasal bo’lib qoladilar!
– Nima bo’lsa bo’lar!

Xotin nari ketdi.
Yigit ichkariga quloq tutdi. Kampir birdan jimib qolganidan xavotirlandi.
– Oyi…
Ichkaridan javob bo’lmadi.
Yigit bir zum ikkilanib turdi, so’ng asta eshikni ochdi. Devorga qapishib turgan kampir shu zahoti o’zini eshikka urdi.
Kampirning bunday shumliklariga o’rganib qolgan yigit ham bo’sh kelmadi, eshikni yopib, qulflashga ulgurdi.
– Meni qo’yib yubor! Qo’yib yubor! – jazava ichida qichqirdi kampir o’g’liga yopishib. – Agar hoziroq qo’yib yubormasang, bolalarimning uvoliga qolasan!
– …
– Agar eshikni ochmasang, o’zimni derazadan tashlayman, – kampir deraza tomon yurdi.
– Bilganingizni qiling.
Yigit paytdan foydalanib o’zini tashqariga oldi.
Yana eshik qulflandi.
Zum o’tmay kampir shunday ayyuhannos ko’tardiki, ancha-muncha odamning asablari dosh berishi qiyin edi. Ammo yigit chidadi, stol qirrasini mahkam ushlagancha, bir
nuqtaga tikilib turaverdi.
– Akbar! Meni qutqar, bolajonim! Ular meni o’ldirib qo’yishadi! – qichqirdi kampir eshikni mushtlab. – Meni qutqar, Akbar! Noila, qaerdasan, Noila?!. Ular meni o’ldirib qo’yishadi… Tiriklay ko’mib yuborishadi… Onangdan ayrilding, bolam…

Bir chekkada turgan juvon chiday olmay eshikka yaqin keldi.
– Agar eshikni ochsang… – yigitning ko’zlari tahdidli boqdi.
– Qanaqa odamsiz… Axir bunaqada…
Yigit jahl bilan xotinining ustiga bostirib keldi. Juvon qo’rqqanidan g’ujanak bo’lib oldi. Lekin zum o’tmay qaddini tiklab, eriga lablarini qimtigancha qahr bilan qattiq tikildi.
Yigit unga qo’l ko’tarmadi. Ammo…

– Menimcha oyimni haddan ortiq erkalatib yubordim. Ko’ngillariga qarayverganim uchun ham o’g’lim bor ekan, nimaiki qilmayin odamlar ko’taraveradi, degan fikrga kelib qolganlar. Yetar, shuncha vaqt odamlarga masxara bo’lganlari!
Juvon erini birinchi marta ko’rib turganday hayrat bilan boqdi.
Keyin:
– Shu gaplarni siz gapiryapsizmi, – deya e’tiroz bildirdi. – Qanaqasiga… oyim sizni o’g’lim deydi? Axir u kishi sizni tanimaydilar-ku!
– Yo’q, – keskin bosh chayqadi yigit. – Odam aqldan ozgan taqdirdayam bunchalikka bormasligi kerak. Axir onamni qancha davolatdim. Vaqt va tibbiyot harakatga keltira olmaydigan xotira bo’lmasligi kerak!
– Bo’lishi mumkin…
– Menimcha oyim atay qiladilar… O’z kasaliga bog’lanib qolganlar.
– YO tangrim, – deb yubordi juvon beixtiyor.

– Axir qachongacha, ona o’z o’g’lini tanimaydi? – dedi yigit kutilmaganda yig’lamsirab. – Axir qachongacha… Qachongacha… o’tmish bizni ta’qib qiladi?!. Axir hayot bir odamga shunchalik ham azob beradimi?! Kecha yo’q… Erta yo’q… Faqat bugun bilan odam qanday yashaydi? Bugun ko’rib turganlariga qarab qanday xulosa chiqaradi? Axir qachongacha xuddi aktyorlarday o’z uyimizda rol o’ynaymiz?! Men Akbarman, lekin Davron degan yigitning rolida chiqishim kerak har kuni, har soniyada sahnaga! Bu azob-ku, azob! Bu ahvolda qanday yashaydi odam?! – yigit devorni mushtladi. Uning yuzi qorday oqarib ketgandi.
– Oyim yashayaptilar-ku…
– Men yashay olmayapman! Men! Men! – yigit boshiga mushtlay boshladi.
Juvon yugurib borib stakanda suyuqlik olib keldi.
– Ichib oling. Tinchlanasiz…
Yigit stakanni bir ko’tarishda bo’shatdi. Zum o’tmay u sal o’ziga keldi.

Biroq…

Kampir endi dod solishga o’tdi.
– Hoy odamlar, yordam beringlar! Sizlarda insof bormi o’zi?! Bir bechora ayolni xo’rlayotgan zolimdan shunchalik ham qo’rqasizlarmi?! – kampir ko’cha tomondagi derazaga tirmashar, uni ochmoqchi bo’lar, alhol ochardi ham, lekin… endi temir panjaraga urilgan barmoqlari zirillab ketardi, biroq kampir bunga parvo qilmas, u joni og’riyotganini sezmasdi. – Bir bechoraga yordam beradigan mard bormi bu dunyoda?! Zolimlarning dastidan kuyib ado bo’ldim-ku…
Eshik baribir ochilmadi. Kampir ezilib yig’lay boshladi…

* * *

Kampir kasal bo’lib qoldi. Uy qamog’i uning asablariga yomon ta’sir qilardi. U o’zini eshik-derazalarga ura-ura, nihoyatda holdan toygan, aft-angoriga qarab bo’lmasdi. Qo’llari shilingan, yuzi, peshonasi momataloq bo’lgan…

Endi u o’zini u yoq-bu yoqqa urmasdi, faqat deraza oldiga borib qo’llarini ikki yoniga kergancha daraxtga aylanardi.
– Qarg’a… Qarg’a… Kel, shoxlarimga qo’nsang-chi, – kampir o’zini ulkan daraxtday his qilardi. – Kela qol. Nega jim turib qolding? Kel, kela qol… Lekin bilib qo’y, boshimga qo’nmaysan!
Kampir xiyol egildi, go’yo shoxlarini pasaytirdi. Ammo kutilmaganda… qarg’a uning shoxlariga emas, miyasiga kirib oldi.
– Ha, yaramas! Yana eski joyingni topib oldingmi? Kisht! Kisht… Obbo, yana qag’illashni boshladi! Mana bu yerimda qarg’a qag’illayapti, – ko’rsatkich barmog’ini chekkasida aylantirib, g’udrangancha uy ichida yura boshladi kampir. – Qarg’a… Qarg’a… Yo’q, men qarg’aman… Men qarg’a… Xuddi ertayu kech daraxtda qimir etmay o’tiradigan qarg’a… O’zicha hammaga kerakman, deb o’ylaydi. Aslida hammaning joniga tegib ketgan! He, noshud… Namuncha qag’illaysan?! Bunaqada miyamni teshib qo’yasan-ku!

Kampir o’rnidan turolmay, yotib qolganidan keyin eshik ochildi. Juvon unga g’amxo’rlik qila boshladi.
Ammo kampir hadeganda o’ziga kelavermagach, do’xtir chaqirishdi.
Uni ko’rdiyu kampir yana shaytonlay boshladi:
– Voy-dod! Anavi alvasti sochimni olgani keldi. Kiyimlarimni yechib, kalta xalat-ishton kiydiradi. Meni yashirib qo’yinglar! U meni opketib qoladi! Tezroq yashir meni, bekit. Ko’zga ko’rinmaydigan yerga bekit! Qariganda sharmanda bo’lmayin… – kampir yostiq bilan boshini bekitdi.
– Oyi… – yigit onasiga yaqin keldi.

Kampir kutilmaganda irg’ib o’rnidan turdiyu xona ichida chir aylanib qocha boshladi, hech kim – na doktor, na… yig’lamoqdan beri turgan o’g’il uni tutishga jazm etishdi.
Ammo kampir baribir xonani gir aylanib yuguraverdi, yuguraverdi. To holdan toyib qolguncha… va uzun ko’ylagining etaklariga o’ralib yiqilib tushmaguncha…
– Iltimos, meni kasalxonaga opketmang, – deya yalina boshladi u yerda cho’zilib yotgancha do’xtirga qarab, ko’zlari qopqonga tushishdan xavfsirayotgan jonivorning
ko’zlariday taka-puka edi. – Men jinni emasman. Aqlim joyida. Lekin Xolidaning ahvoli og’ir. Siz o’shani oldiga boring. Uni davolash kerak…

– Mayli, Xolidaning ahvolidan xabar olaman, – dedi do’xtir necha marta aytgan so’zlarini yana takrorlarkan. – Yo’l-yo’lakay Qodir aravakashniyam ko’rib o’taman.
– Baraka toping, iloyim…
– Lekin avval sizga…
– Yo’q! Yo’q! – doktorning qo’lidagi shpritsga ko’zi tushgan kampir tipirchilay boshladi.
– Oyi! – yigit kampirning bilaklaridan mahkam tutdi.
Kampirning yuzi ayanchli burishib ketganini ko’rgan juvon uni quchoqlab oldi. Keyin eriga yovqarash qilib dedi:
– Joni og’rib ketdi axir!

Yigit ichida qattiq o’kindi, qo’lini sal bo’shatdi, lekin gap ohangini o’zgartirmadi:
– Agar hoziroq ukol olishga rozi bo’lmasangiz, o’zim kasalxonaga oborib tashlayman! Tushundingizmi, oyi?! – yigitning iztirob to’la nigohlari onasining ma’nosiz nigohlariga qadaldi.
Bir lahza… atigi bir lahza kampir ko’lankalar vodiysidan qaytganday bo’ldi, hozirgi ahvolidan uyalganday o’g’liga xijolatli nazar tashladi. So’ng…

– Ukol olsam, obormaysanmi? – dedi boyagiday yalinchoq ohangda.
– Yo’q.
– Aldayapsan! – kampir qattiq siltanib qo’lini tortib olishga urindi.
– Oyi! – yigitning nafaqat ko’zlaridan, balki badanidagi har bir mo’yidan uchqun sachrab ketganday bo’ldi. – Oyi, hammamizni qiynab yubordingiz-ku! Bo’ldi-da endi! Sizning dastingizdan qachongacha yuzim shuvit bo’ladi?!
Kampir birdan g’alati bo’lib ketdi. Hatto tok urganday seskanib tushdi.
– Qiynab yubordim?.. – takrorladi u yigitga qarab. – Nega?… Sizlarni qiynab yubordimmi?.. Axir men ertayu kech… bozorda yursam… ishlab… pul topib… O’ylovdimki… hech kimga og’irligim tushmaydi… YO o’zim sezmagan holda yuzingizni shuvit qilib qo’ydimmi?.. Lekin nega…
– Bas qiling, oyi! Bas qiling. Siz topgan pullarning keragi yo’q! Eshityapsizmi, keragi yo’q! Mog’or bosgan pullaringiz ana, hamyoningizda turibdi allaqachonlardan beri…
– Nega?.. – kampir ajablandi. – Yana pul almashdimi?
– Oyi! Agar hoziroq bas qilmasangiz… o’zimni bir balo qilib qo’yaman!

Kampir qo’rqib ketdi. Qarshisidagi yigitga qo’rqinch ichida bir necha soniya tikilib turdi. Nimadir o’z maromidan chetga oqqanidan yigitning qattiq jahli chiqayotganini ilg’aganday bo’ldi, ammo nima? Kampir zo’r berib o’ylamoqchi bo’ldi, lekin hech narsani anglay olmayotganidan qiynalib, yuragi siqilib ketdi.
Keyin hiqqillab yig’lagancha:
– Akbar… Noila… Farrux… – deya bolalarini yo’qlay boshladi.
– Oyi! Ular sizning nabiralaringiz! Nega tushunmaysiz?
– Nabiralarim?! – kampirning ko’zlari chaqchaydi. – Nabiralarim… – deya takrorladi keyin. – Mening bolalarim qani unda? Akbar… Noila…
– Oyi!

Yigit butunlay o’zini yo’qotib qo’ydi, u nima qilayotganini bilmas, o’zini butunlay jahlning ixtiyoriga topshirgan, hadeb kampirni siltalar, bir nimalar deb baqirardi.
Juvon chidab turolmadi, erini itarib yubordiyu jon holatda kampirga yopishib oldi.
Do’xtir shosha-pisha yana bitta shpritsni doriga to’ldirdi.
– Oyi, oyijon, bizni kechiring, – dedi juvon kampirni quchoqlab. – Bizni kechiring… Bizdan xafa bo’lmang…
– U xafa bo’lmaydi, – dedi yigit xirqiroq ovozda. – Xafa bo’lishni bilmaydiyu…

Juvon shahd bilan eriga tik qaradi:
– Oyim idrok qila olmasligi mumkin, lekin xafa qilishganda ko’ngillari og’riydi. Axir u kishida ham yurak bor!
– E, yurak hech qachon aql berolmas ekan! Mana, isboti… – dedi yigit to’ng’illab, u yana asabiylasha boshladi.
Shu chog’ do’xtir gapga aralashdi:
– To’g’ri, yurak aql bera olmaydi, ammo miya ham yurak bo’lolmaydi.
Yigit indamadi. U deraza oldiga borib orqa o’girdi.

Doktor kampirga yuzlandi.
– Tayyormisiz, onaxon?
O’zini hayotga bog’lab turgan narsa chil-chil bo’lgandek, parishon tortib qolgan kampir avval hammaga bir-bir qarab chiqdi, besaranjom, bezovta nigohlari bir muddat o’g’liga tikilib qoldi, keyin indamay bilagini tutdi.

Nihoyat u tinchlandi, lekin darrov uxlab qolmadi. Bir muddat qo’llarini ko’ksida chalishtirgancha, shiftga tikilib yotdi, so’ng qorachiqlari sekin yonga enib, yana yigitga qadaldi va asta-sekin kipriklari jipslasha boshladi, lekin ko’zlari butunlay yumilmadi, xuddi ko’z qiri bilan o’g’liga qarab turganday qotib qoldi…
Ammo yigit onasi tomonga qayrilib qaramadi.
– Akbar Turdievich, – dedi keksa doktor dorilarini sumkasiga joylarkan yigitga zimdan qarab. – Nima qilasiz, o’zingizni ham, kampirni ham qiynab? Yaxshisi kampirni kasalxonaga yotqizish kerak.
– Yo’q!
– Tushunmayman, nega… Nima uchun… har doim…
– Onamni bir marta kasalxonaga yotqizishgan, – javob berdi yigit. – O’shanda sochini olmoqchi bo’lishgan… va yana… Men u vaqtlarda yosh bola edim… Shundan beri onam kasalxonadan qo’rqadi.
– Endi… unday bo’lmaydi. Va’da beraman…
– Yo’q!
– Bilasizmi…
– Doktor, – so’zni kesdi yigit. – Nega bunday, a? Nega?.. Nahotki xotirani qaytarib bo’lmasa?
– Bu savolingizga tibbiyot nuqtai nazaridan juda ko’p marta javob berganman, – dedi doktor. – Ammo aytilmagan bir gap qoldi.
– Xo’sh?
– Hayot haddan tashqari chidab bo’lmaydigan darajaga yetganida, Tangrining o’zi bandalariga muruvvat ko’rsatadi…
– Muruvvat?! Hali bu… muruvvatmi?! – yigitning yuziga zaharxanda va istehzoga to’la tabbassum yugurdi.
– Telbalik ham insonni ko’p azoblardan qutqaradi.

Yigitning yuzida azobli va istehzoli tabassum yanada bo’rtdi:
– Avval xarob qilib, keyin…
Do’xtir ketdi.

Yigit karavotga yaqin kelib, pishillab uxlayotgan kampirning qo’lini qo’liga oldi.
– Oyi… Oyijonim-a…
Tongga yaqin ko’zi ilingan yigit bexosdan uyg’onib karavotga qaradi. Kampir u yerda yo’q edi.
Yigit alam bilan peshonasiga mushtladi.
Kampir shu kuni ham, ertasiga ham uyiga qaytmadi.
U g’oyib bo’lgandi…

Qidiruvlar natija bermadi.
Kampir yo’qolgan xotirasi singari izsiz yo’qolgandi…

XOLIQ AMAKI

Xoliq amaki…
O’shi ellik besh-ellik oltilarga borgan; o’rta bo’y, bug’doyrang, qisiq ko’zlarining atrofini, torgina peshonasini son-sanoqsiz ajinlar qoplagan, yoshligidan nos chekib o’rgangani boismi yo boshqa sababi bormi, tishlari avvaliga sarg’aya boshlagan, so’ng ko’kimtir tus olgan, yaqindan buyon qorayib ketgan — kulganida juda xunuk ko’rinadi — egnida yoqasiyu yenglari idrab-suzilib qolgan chorxona ko’ylak, rangi uniqib ketgan nosvoyrang soldatcha shim, oyog’ida poshnasi yeyilgan, tumshug’i yirtilganda tikilaverib “qo’tir” bo’lib qolgan etik… Sochlari qorday oqarib ketgan boshida hamisha yap-yangi do’ppi bo’lardi.

Biror sabab bo’lib Xoliq amakini eslaganimda, u ko’z oldimda hozir qanday ta’riflagan bo’lsam, shundayligicha paydo bo’ladi. Balki uning tuzukroq kiyinib, aytaylik bayramlarda yoki to’ylarda qomatini g’oz tutib yurgan kunlari ham bo’lgandir. Lekin men buni ko’rmaganman, garchi biz bitta ko’chada yashasak-da.

Bir kuni — o’sha vaqtlarda men institutda o’qirdim — o’qishdan qaytayotib, shahar bilan qishloq o’rtasida qatnaydigan avtobusga chiqdim. Orqa eshikning zinapoyasida ko’zlari jovdirab turgan Xoliq amakini ko’rib qoldim. Haydovchi atay avtobus tirband bo’lib to’lishini kutib, allaqayoqqa gumdon bo’lgandi. Kun issiq… O’rindiqlarning hammasi band. Odamlar biri olib, biri qo’yib gap sotishar, kimdir pista chaqib, tuflar, yana kimdir burqsitib sigaret tutatar edi. Xoliq amakining shundoq yonginasidagi orqa o’rindiqda to’rt-beshta yigitcha qaldirg’och bolalaridek tizilishib o’tirishar, amakiga joy berish xayollariga ham kelmasdi. Xuddi shunday bo’lishi kerakday ko’zlarini lo’q qilib, beg’am o’tirishardi. Xoliq amaki umid dunyosida ular tomonga bir-ikki qarab qo’ydi. Chap tarafdagi “nogironlar” o’rindig’ida o’tirgan ko’zoynakli yigit (aftidan u bizning qishloq yigitlariga o’xshamasdi) birdan amakini ko’rib qolgandek shoshib o’rnidan turdi-da:
— Keling, bobo, o’tiring, — dedi.

Shunda… Shunda Xoliq amaki bir lahza ikkilansa, boshqa birov (balki yigitning o’zi!) egallab oladigandek, shoshib-pishib haligi o’rindiqqa o’tirib oldi. To’rva xaltasini tizzasi ustiga qo’yarkan ixlos bilan:
— Rahmat, bolam, rahmat, — dedi. — Baraka top.

Keyin o’rindiqqa yastanibroq joylashib olarkan, cheksiz baxtiyor kimsadek atrofga ko’z tashladi. Nazarimda, yigitning joy berganidan tashqari, hurmat bilan “bobo” degani uni xursand qilib yuborgandi. “Rahmat, bolam, rahmat”, deganida sakson-to’qsonni urib qo’ygan chollardek salobat bilan gapirgandi-da. Xursand bo’lib ketganida qisiq, mitti ko’zlari yaltirab ketishini o’shanda ko’rganman. Keyinchalik, yoshim sal ulg’aygach, mehrga zor odamgina arzimagan iltifotdan ham o’zini
yo’qotib qo’yishini anglab yetdim.

Paxta terish mavsumi yangi boshlangan kunlar edi. Biz uchun yozgi ta’til tugab, o’qishlar boshlangan. Qishloqdan qatnab o’qiganim bois har kuni saharlab avtobus bekatiga chiqaman. O’sha kuni ham tonggi salqindan etim junjikib, dildirab turgandim, yo’lning narigi tomonidan yelkasiga qop orqalagancha engashib, pildirab kelayotgan Xoliq amakini ko’rib qoldim. Qopida olma yo anor bor shekilli, bo’rtib-bo’rtib turardi. Mendan to’rt-besh qadam narida to’xtab, qopini yerga qo’ydi. Salom berib ulgurmasimdan “Yaxshimisan, qizim?” deb qo’ydi horg’inlik bilan. Xijolat bo’ldim, ammo foydasiz… Bizdan keyin yana ikkita qiz keldi. To’rtovlashib yo’lga termilamiz, qani endi birorta ulov ko’rina qolsa. Boshqa vaqt bo’lganida, bekatda odam to’lib ketardi. Avtobuslar ham zir qatnab yotardi. Raisning buyrug’iga binoan terim mavsumi tamom bo’lguncha shaharga qatnash ta’qiqlangan. Shuning uchun bekat huvillab qolgandi. Kolxoz idorasi biz turgan bekatdan yuz-yuz ellik qadam narida. Rais istagan vaqtida kabinetidan chiqib, topshirig’iga quloq osmay, shaharga otlangan kolxozchilarni bekatdan haydab yuborardi. Bizga o’xshagan talabalarni quvmasdi-yu, qo’lini paxsa qilib do’q urardi: “Qachon senlar ham paxtaga quriysanlar?!”

Falokat oyoq ostida deganlaridek, o’sha kuni ham Narziqul rais idorasidan chiqib qolsa bo’ladimi! Amakining ochiq-oshkora tipirchilashini ko’ring: ko’zlari olazarak, goh idora tomonga, goh avtobus yo’liga qaraydi. Birorta ulov kela qolsa-yu, raisning ko’zini shamg’alat qilib jo’nab ketsa! Hayajonlanganidan qopini goh ko’tarmoqchi bo’ladi, goh yerga qo’yadi.

Narziqul rais ham anoyilardan emas. Yigirma ikki yildan buyon idorada o’tirib, kolxozni yeb bitirganlardan. Hovliga chiqqan zahoti bekatga qaragan shekilli, shitob bilan shu tomonga kela boshladi.
— Ha, Xoliqboy, yo’l bo’lsin? — dedi u yaqinlashganida kinoya bilan atay “boy” so’ziga urg’u berib.
— Bozorga.
— Tunov kuni men nima degan edim senlarga?
— Bolalarning patinkasi yirtilibdi. Anorlar pishgan ekan, xotin…
— He, o’sha xotiningniyam… Anor-panori bilan boshiga tushirmadingmi? Sharoitni tushunmaydigan qanaqa g’alcha xotin?
— Ikki soatda qaytaman, rais bova. Bolalar yalangoyoq…
— Ko’tar qopingni! Hoziroq dalaga jo’na!
— Iltimos…
— E, yaxshilik yoqmagan!.. — Narziqul rais yoshiga yarashmagan chaqqonlik bilan qopni amakining qo’lidan yulqib oldi-yu kuch bilan asfal`t yo’lga uloqtirdi. Qopning “bo’g’zi” yaxshi bog’lanmagan ekan, gup etib yerga tushdi-yu, har biri kichikroq kosadek keladigan anorlar atrofga sochilib ketdi. Uchchala qiz qo’rqqanimizdan bir yerga
to’planib olganmiz. Ikki ko’zimiz Xoliq amakida…

— Moshina bosib, anorlaringni majaqlab ketsin! Hoziroq dalaga jo’na! Anorlaringni terib oladigan bo’lsang, mendan yaxshilik kutma! Silar nimaga bo’zrayib turibsilar? — Rais endi biz tomonga qaradi. — O’qiydigan bo’lsang, betonkaga chiqib, moshina kut. Yo’qol!Biz raisning so’ziga bo’la, sekin o’rnimizdan jila boshladik. Xoliq amaki esa… Rangi quv o’chib, lablari gezarib ketgan amakining ikki ko’zi anorlarida… Nimadir demoqchi bo’lib, og’iz juftladi, ammo raisning qahridan cho’chidi shekilli, bir-ikki jovdirab qarab qo’ydi-da boshini xam qilgancha sekin-asta bekatdan uzoqlashdi.

Yorilib ezilgan anorlar yotgan yerda qizil dog’lar paydo bo’lgandi.
Narziqul rais muhim topshiriqni ado etgandek, qo’llarini orqaga qilgancha, butini kerib, viqor bilan qarab turardi. Otasini o’ldirgan yovga qasd qilgandek ko’zlari g’azab va nafrat bilan boqardi. So’nggi vaqtlarda uning tajang, gap ko’tarmas, qaysar bo’lib qolganini qishloq ahli yaxshi bilardi. Ehtimol, rais erta-indin nafaqaga ketishini o’ylab shu ko’yga tushgandir. Keyin kimga buyruq beraman, degan savol uni qiynayotgandir. Harqalay yigirma ikki yil raislik kursisida o’tirgan, odamlarni “gah” desa qo’liga qo’ndirgan odam birdan, taqdirning taqozosi bilan hech kimga aylanib qolsa… Vahimaga tushmay bo’ladimi?

Ammo o’sha ko’ngilsiz voqeadan keyin Narziqul raisni bir umrga yomon ko’rib qoldim. Shundan so’ng Xoliq amakini bekatda turganini yo bozor-o’char qilib yurganini ko’rmadim. Har zamonda zarurat yuzasidan ko’chaga chiqib qolganimda uni barkashdek ketmonini yelkasiga qo’yib, goh uyi tomonga, goh dalaga shoshib o’tib ketayotganini ko’rib qolardim. Keyinchalik o’qish-imtihonlar bilan bo’lib, Xoliq amakini birmuncha fursat unutdim. Biroq ba’zi-ba’zida goh onamdan, goh otamdan amaki haqida ul-bul xabarlarni eshitib yurdim. Ota-onamning azbaroyi Xoliq amakiga xayrixohliklaridan, unga qaysidir ma’noda qayg’urayotganlaridan emas, juda befarqlik bilan, shunchaki qishloqdagi “yangilik” sifatida gapirayotganliklari ovozlaridan sezilib turardi. Ularning bu qilig’i negadir mening nafsoniyatimga tegardi. Xafa bo’lib ketardim.

Onamning aytishicha, bir kuni Xoliq amaki Norto’xta degan qo’shnisi bilan suv talashib qopti. O’sha kuni amaki ham, qo’shnisi ham tomorqasini sug’orayotgan ekan. Norto’xtaning hay-haylashiga qaramasdan, Xoliq amaki suvni o’zi tomonga burib olaveribdi. Navbat uniki ekan-da. Jahli chiqib ketgan Norto’xta ketmon dastasi bilan amakining naq yelkasiga tushiribdi. Xoliq amaki “ih” debdi-yu ariq ichiga cho’kkalab qopti. “Qachondan buyon tiling chiqib qoldi?” deb baqiribdi haligi qo’shni. Vaholanki, Xoliq amaki lom-mim demagan ekan.Oradan ancha yillar o’tib, mana bugun Xoliq amakini eslarkanman, ko’nglim buzilib ketdi. Shuning barobarida, yodimga tushsa hali-hanuz yurak-bag’rimni ezib yuboradigan yoqimsiz bir voqea xayolimda jonlandi…

O’z kunlarining biri edi. Kechki payt, aniqrog’i, g’ira-shira qorong’ulik tushib qolgandi. Ko’cha tomonda g’o’ng’ir-g’o’ng’ir ovoz eshitildi. Azbaroyi qiziqqanimdan (odamzodning fe’li shunaqa), qilayotgan ishimni tashlab, ko’cha eshik oldiga chiqdim. Qarasam, katta yo’lning o’rtasida, aynan bizning darvozamizning ro’parasida Xoliq amaki turibdi. Daladan qaytayapti shekilli, yelkasida ketmoni… Ikki yonida ikkita yigit turibdi. Amaki yigitlarning goh unisiga, goh bunisiga jovdirab tikilgancha, nimalarnidir kuyib-pishib tushuntirishga urinardi.
— Yo’q, siz gapni burmang, chalg’itaman demang, — derdi yigitlardan biri dag’al ovozda. — Bizdi qaerda ko’rdingiz?
— Ko’rdim-da, senlarga aytishim shartmi, — dedi amaki bosiqlik bilan. Lekin ovozi negadir titrab chiqardi.
— Nega shart emas ekan? Qiziq ekansiz-ku, — dedi ikkinchi yigit va sekin amakining tirsagidan tutdi. — Biz isbot talab qilib keldik. Bekordan bekorga begunoh odamlarni aybdor qilmang-da.
— Urrini urri deydi-da. Nima…

Xoliq amakining gapi chala qoldi. Hech kutilmaganda, yigitlardan biri uning yuziga tarsaki tushirdi.
— Katta enangni urri deysan!
Xoliq amaki gandiraklab ketdi. Men qo’rqqanimdan qichqirib yubordim. Qo’ni-qo’shnilar eshik-derazalardan mo’ralashayotganini ko’rgan yigitlar juftakni rostlashdi. Amakini-ku qo’yavering, o’sha vaqtda men ham juda yomon ahvolga tushib qolgandim. Holatimni tasvirlab berishim qiyin, judayam qiyin. O’g’il bola bo’lib tug’ilmaganim rosa alam qilgan. Alam bo’lsayam, naryoq-beryog’i yo’q. O’g’il bola bo’lganimda o’sha yigitlarni bir boplardim, deya armon qilganlarim hali-hanuz yodimda.
Men Xoliq amakining haqligiga ishonardim. Chunki anovi yigitlar haqida turli mish-mishlarni eshitib yurardim. Ko’p o’tmasdan ularning o’g’rilik ustida qo’lga tushib, qamalib ketishlari bu fikrimning isboti edi. Qolaversa, keyinchalik ma’lum bo’lishicha, o’sha yigitlarni “o’g’ri” deb atagan kimsa Narziqul rais ekan. U Orol omborchining nahorgi oshida atay hammaga eshitarli qilib gapirgan ekan. Tabiiyki, bu gapni poygada o’tirgan Xoliq amaki ham eshitgan. Va shunchaki yangilik sifatida bu xabarni u Safar degan qo’shnisiga shipshigan. Narziqul raisning bir uy odam eshitgan gapi qumga tushgan tomchidek singib, yo’q bo’lib ketgan-u, Xoliq amakining qo’shnisiga xufiya aytgan so’zi “bolalab” ketgan…

Men Xoliq amakini kim qayoqqa yetaklasa ketaveradigan, xoksor odam deb bilardim. Uning yorug’ dunyo haqida fikrlari qanday? Uni pisand qilmaydigan, kerak bo’lsa (zo’rligini ko’rsatib qo’yish uchun!) ketmondasta bilan yelkasiga tushiradigan odamlar, xususan, Narziqul rais va boshqa-boshqalar haqida nimalarni o’ylaydi? Ularning past nazar bilan yo’g’rilgan munosabatini qanday qabul qilishi haqida ochig’i hech vaqo bilmasdim.Egiz qo’zilardek bir-biriga o’xshash kunlar shitob bilan o’tib borardi. Odatdagidek, amakini ko’chada, ishga ketayotib yo ishdan qaytayotib ko’rib qolardim. So’nggi vaqtlarda u juda qarib ketgandi. Avvalgidan salgina egik qaddi yanada egilgan, yelkasi gudraygan, qorayib ketgan tishlari to’kilib, og’zi “o’ra”dek bo’lib qolgandi. Nazarimda, u yil sayin, oy sayin emas, kun sayin, soat sayin yemirilib, kichrayib borayotgandek edi. Yuzidagi har bir chiziq “charchadim” deyayotgandek…

Kuz kunlarining birida mudhish xabar eshitdim.
Xoliq amaki o’lim to’shagida yotganmish!

Hovli to’la odam… Hammasining yuzida allaqanday tashvish, xavotir, nimadandir norozilik alomatlari zuhur etgandi. Vag’ur-vug’ur qilishgancha nimanidir muhokama qilishar, hovliga kim keldi, kim ketdi, hech kimning ishi yo’q. It egasiga boqmasdi. Hozir… Hozir dod-faryod boshlansa kerak deb o’ylagandim. Keyin bilsam, yanglishgan ekanman. Xoliq amaki hali tirik ekan. Biroq… Biroq… Oyoq-qo’llari allaqachon muzlab, qotib qolgan, qorachiqlari tepaga tortilib, ko’zlari yumilgan, ammo ko’krak qafasi bilinar-bilinmas ko’tarilib-tushib, amakining hali tirik ekanini bildirib turardi. O’sha yerdagilarning aytishicha, amaki tildan qolmasdan burun bo’y qizlarini birma-bir quchoqlab, yum-yum yig’labdi.
— Ajalim yetib, o’lib qolsam kuyib-yonib yurmanglar, — debdi hansirab. — Olib chiqib ketishguncha, bir-ikki soat “otamlab” tursalaring bo’ldi. Men-ku, boshimni olib ketaman, o’zlaringga qiyin bo’ladi. Qayg’urmanglar, o’lmasa o’ran so’qsin, denglar. Sen beshovingni uyli qilolmaganim yomon bo’ldi-da. Silarning taqdirlaring u dunyoda meni ilon-chayon bo’lib chaqib yotadi.

Shundan keyin bir og’iz ham gapirmabdi. Xotini, qarindoshlari rozi-rizolik so’rashganida, lom-mim demabdi. Ko’zlarini chaqchaytirib, bir-ikki tikilibdi-da, yuzini teskari buribdi. Hech kim bilan rozi-rizochilik so’rashishni istamabdi.

Biri kirib, biri chiqayotgan odamlarga turtinib-surtinib ichkariga kirganimda… Xoliq amaki xona o’rtasida nimdoshgina ikki qavat ko’rpacha ustida xuddi uxlayotgandek, hamon yuzini ters burib yotardi!
Xoliq amakining “shakkokligi” boisini tushungandek bo’ldim. Shu vaqtga dovur u kimlardandir andisha qilib, kimlardandir, ta’bir joiz bo’lsa, qo’rqib yashagan edi. So’nggi daqiqada esa… hammasiga qo’l siltagan, hammasidan yuz o’girgan edi.
— Ikki kundan buyon ahvol shu, — dedi qarindoshlardan biri sekingina. — O’sha bir parcha joydan jon sira chiqib ketmayapti-da.
— Mulla Doniyorni olib kelish kerak, — dedi kimdir. Yalt etib o’sha tomonga qaradim. Gap qotgan odam amakining qo’shnisi Norto’xta edi. — Nimadir qilish kerak-da. Axir, ikki kundan beri shu yerdamiz. Hammamiz ham ishli, tashvishli odammiz. Qo’shnichilik, ketib qolsak, uyat bo’lar deb…

Xuddi shu payt Xoliq amakining xotini og’zini ro’moli bilan to’sgancha, uv tortib yig’lab yubordi. Unga qizlari qo’shildi. Ular amakining bosh tomonida o’tirishardi.
— Bo’ldimi, uzildimi? — deb so’radi kimdir shoshib.
Ayol “Yo’q” degandek bosh chayqadi. Yana yig’i boshladi.
— Eh, — dedi Norto’xta tizzasiga mushtlab. — Hozir o’zim borib mullani olib kelmasam, bugun ham…

Norto’xtaga yana bir kishi qo’shildi.
Yarim soatdan keyin miqtigina mulla Doniyorni dikonglatib olib kelishdi. Mulla sal nafasini rostlab olgach, g’arib va benavo bo’lib yotgan amakining yoniga cho’kdi. Tirikligida salom berishga yaramagan odamlar hayrat bilan “tirik murda”ga tikilishar, qiziqsinib, yanada yaqinroq borib ko’rishga oshiqishardi.Mulla Doniyor ehtiyotlik bilan Xoliq amakining ko’kragiga qulog’ini qo’yib, yuragi urish-urmasligini eshitdi. Ko’rsatgich barmog’ini uning burniga yaqin keltirib, nafas olish-olmasligini tekshirib ko’rdi-da:
— Bir nafaslik joni borga o’xshaydi. Bola-chaqasi shu yerdami? Olisda ilhaq bo’lib kutayotgan kishisi yo’qmi? — deb so’radi.
— Hammasi shu yerda, — dedi qarindoshlardan biri.

Mulla Doniyor “tirik murda”ga bir necha soniya achinish bilan tikilib turdi-da, so’ng bosh chayqadi:
— Bu dunyoni tashlab ketgisi kelmayapti-yov, sho’rlikning. Boshini to’g’rilab qo’ymabsilar, bo’yni qotib qopti, — dedi u past ovozda va ters o’girilib yotgan amakining bo’ynini sekin-sekin uqalay boshladi. Birozdan so’ng yorug’ dunyodan ko’ngil uzolmayotgan amakini “sovutish” uchunmi safsata so’qa boshladi:
— Bu dunyoga hammamiz ham mehmonmiz, Xoliqboy. Ertami-kechmi, bir kuni ketamiz-boramiz. O’lim buyuk mo»jiza! Shu paytgacha hech kim unga bas kelolmagan.
Kelolmaydiyam. Umuman olganda, uzoq yashashdan ne foyda? Yeyish-ichish, o’lib-tirilib ishlash, farzandlar taqdirini o’ylab kuyib-yonish — oxir-oqibat odamni zeriktiradi. Dunyoning qizligini yoshligingizda olib bo’lgansiz, Xoliqboy. Xudoning irodasi bilan yuz yildan, hattoki, ming yildan keyin tirilib kelgan taqdiringizda ham ahvol o’sha-o’sha. Qorin g’amida yeysiz-ichasiz, ishlaysiz, farzand orttirasiz… Bizni bu azobdan faqat o’limgina qutqara oladi. O’zingizni bo’sh qo’ying, Xoliqboy. Bo’sh qo’ying… Qarang, tegrangizni yetti farishta o’rab turibdi. O’zingizni farishtalar ixtiyoriga topshiring. Siz u dunyoda shu farishtalar og’ushida bo’lasiz…

Mulla gapirishdan to’xtab, bir zum Xoliq amakining yuziga tikilib qoldi. E’tibor bilan, sinchiklab tikildi. Vo ajab, haligina Xoliq amakining ko’tarilib-tushib turgan ko’kragi birdan tinchib qoldi. Mulla Doniyor shoshilinch yo’l-yo’riq ko’rsatdi.
Bir metr oq surpni to’rt kishi to’rt tomonidan ushlab, Xoliq amakining bosh tarafida tutib turishdi. Mulla Doniyor ko’zlarini yumgancha ixlos bilan allaqanday duoni o’qiy boshladi. Xonaga pashsha uchsa eshitilgudek jimlik cho’kdi. Amakining qizlari turgan tomondan yig’lamsiragan ovoz eshitilgandi, erkaklardan biri ularni tashqariga chiqarib yubordi. Mulla duo o’qish barobarida qo’l ishorasi qilgan edi, haligi kishilar surpni goh ko’tarib, gohida amakining yuziga tekkudek qilib tushirib turishdi.

Ikki soatdan keyin mulla Doniyor duolarni o’qib bo’lib, imo qilgan edi, yordamchilari surpni sekin-sekinlik bilan pastga tushira-tushira, so’ng amakining yuziga yopib qo’yishdi.
— Bo’ldi, uzildi, — dedi mulla yuziga fotiha tortib. Va ishonch hosil qilish uchun ehtiyotkorlik bilan surpning bir chetini avaylab ko’tarib qaradi. Qaradi-yu birdan yuzi dokadek oqarib ketdi: hali ham o’sha bir parcha joy bilinar-bilinmas ko’tarilib-tushib turardi!
— Mening qo’limdan kelgani shu. Endi do’xtirga olib boringlar, — dedi rang-quti o’chgan mulla ovozi titrab va shitob bilan uydan chiqib ketdi.
— Do’xtirga olib borish kerak, — dedi erkaklardan biri. — Tuzukroq ko’rpachami, adyolmi topib bering.

Xoliq amakining xotini imo qilgan edi, qizlaridan biri shipillagancha qo’shni xonaga kirib ketdi. O’n daqiqa o’tar-o’tmas to’rt kishi Xoliq amakini ko’rpacha bilan birga ko’tarishgancha, avaylab mashinaga olib chiqishdi. Erkaklardan ikki kishi, ulardan biri Norto’xta edi, amaki bilan kasalxonaga ketishdi. Kechagina, yelkasini qisib bo’lsa-da, o’z oyog’i bilan yurgan odam bugun kimlarningdir yordamiga muhtoj ekanligi, qo’lma-qo’l bo’layotganligi odamga boshqacha ta’sir qilarkan.

Xoliq amakini olib ketishgandan keyin uy to’la odam bo’lsa-da, hamma yoq huvillab qolgandek tuyuldi menga.Ko’nglim g’ash, chiroq yoqsa yorishmasdi. Vujudimni qamragan qo’rquv tuyg’usi borgan sayin yuragimga vahima solar, ich-ichimdan titroq turib, o’zimni yomon his etardim. Ketay deyman-u, ketolmayman. Qolay deyman-u, qololmayman. Nima bo’lganda ham amakining kasalxonadan qaytishini kutish kerak deyman-u…

O’zimni chalg’itish niyatida, nima qilishlarini bilmay, tengsalib yurgan qarindoshlarga razm soldim. Nazarimda, hammasining yuz-ko’zida amakining g’alati ahvoliga qayg’urish yoki uning yetimchalariga achinish hissidan ko’ra o’z uylariga, o’z ishlariga alag’dalik alomatlari zuhur etgandek.
— Sigirim bugun-erta tug’adigan edi, — dedi bir mahal yonimda turgan ayol pichirlab. Uning aft-angori qaysidir jihatlari bilan amakiga o’xshab ketardi. — Bolalar eplab tug’dira olisharmikan?
— Xabar olib kelsangiz bo’larkan, — dedim atay, g’ashim kelganini sezdirmaslik uchun beixtiyor nigohimni olib qochdim.
— Yo’g’-yey, uyat bo’lar-ov, — dedi ayol alang-jalang qilib. — Bunday bo’lishini kim o’ylabdi, deysiz? O’ birrovga borib kelsammikan? Qorin ham ochib ketdi.

Ayol menga jovdirab tikildi. Bora qoling, desam yugurib ketadigan shashti bor. Atay indamadim. Gaplarini eshitmagandek teskari qaradim. Ayol javob kutib, bir necha soniya tikilib turdi-da, so’ng nari ketdi.
Tushga yaqin ko’cha eshik oldiga yengil mashina kelib to’xtagani eshitildi. Hamma gur etib o’sha tomonga oshiqdi.
— Ko’mib yuboraveringlar, dedi do’xtirlar. Ba’zilarda shunaqasi ham uchrab turarkan, — dedi Norto’xta keskinlik bilan hammaga birma-bir qarab chiqarkan. — O’lib bo’lgan ekan. Allaqachon o’lgan ekan…
Shosha-pisha tayyorgarlik ko’rildi. Erkaklar bu yoqqa kelish oldidan tugunlarga tugib kelgan chopon-belbog’larini olib, kiyishdi va birin-ketin darvoza oldiga chiqa boshlashdi. Xotinlar “uv” tortib, ovoz chiqarishdi. Yaqinlari Xoliq amakini juda ehtiyotkorlik bilan ko’tarishib (odam o’lganida shunchalik azizmi?), uyga olib kirishdi.

Taqdir taqozosini qarang, Narziqul rais qarib, yuvg’ichlar safiga qo’shilib qolgan ekan. So’nggi daqiqada ham Xoliq amakining Narziqul rais bilan duch kelganiga nima deysiz?! Narziqul rais amakidan ancha yosh katta, bola-chaqasidan tingan, nevaralarini uylantirib, chevara ham ko’rgandi. Raisligida yig’ib qo’yganlarini maydalab chaynab, huzur-halovatda yashayotgan piri badavlat edi. Xoliq amaki esa unga nisbatan yosh, buning ustiga uy ko’rmagan beshta qizi bo’y cho’zib turardi. Menga bir narsa alam qilib ketayotgan edi. Agar azroilga jon kerak bo’lsa, nega Narziqul raisning jonini olmadi. Nega kelib-kelib bir bechorani tanladi? Bitta Xoliq amaki bilan yalmog’iz yer to’yib qolmagandir?! Uning bitmagan ishlari ko’p edi-ku hali? Umr bo’yi qora mehnatdan boshi chiqmagan odam… Huzur-halovot neligini bilmagan odam… Chumchuqqa ham ozor bermagan odam…

Amakining o’limidan uch oy o’tar-o’tmas qishloqda ivir-shivir gap paydo bo’ldi. Emishki, o’sha kuni Xoliq amakini kasalxonaga olib borishganida do’xtirlar Norto’xta aytganidek «ko’mib yuboraveringlar» demagan ekan. Norto’xta boshliq qarindoshlar o’zaro: «Bir kun oldin o’ldi nima-yu, bir kun keyin nima, baribir o’ladi-ku» degan fikrga kelishibdi-da, har xil bahonalar bilan do’xtirlardan amakining allaqachon o’lganligi haqida spravka olishgan ekan…

QUYOSH NEGA CHIQAVERADI?

Tosh qotib uxlab yotgandim, allakimning turtkisi va hayajonli ovozidan cho’chib uyg’ondim. Ko’zlari besaranjom boqayotgan onam ustimga engashib turardi.
– Tur, seni so’rab kelishdi. Turaqol, – dedi onam shoshilib, nimadandir qattiq bezovtalangan holda.
– Kim… Kim so’rab kepti ertalabdan? – erinchoqlik bilan boshimni yostiqdan ko’tarib qo’ydim-u, yana tashladim.
– Tur deyapman senga. Tursunoy sho’rlik dori ichib qo’yipti!
– Ni-ma?! Dori ichib qo’yibdimi?! – O’rnimdan uchib turdim. – Nega ichadi? Kecha, kuni kecha dup-durust yurgandi-ku? – deya to’xtovsiz savol berardim kiyinishimga
yordamlashayotgan onamning yuziga tikilib.
– Kim bilsin. Senga hech narsa demaganmidi, axir? Otasi shuning uchun senga keldi-yov. Biror nimani so’rashsa, o’ylab ko’rib, keyin javob bergin. Tag’in…

Onamning so’zlarini oxirigacha eshitishga sabrim yetmadi, otilib tashqariga chiqdim. Onam hay-haylagancha qoldi. Gaplarini oxirigacha eshitmagan bo’lsam ham nima deyishlarini bilaman: “Bo’lar-bo’lmas gaplarni valdirayverma. Tilingga ehtiyot bo’l! Tag’in boshingni bir baloga giriftor qilib qo’yma. Tursunoydan qo’rqqulik…”

Ha, onam qadrdon dugonam, devor-darmiyon qo’shnimiz Abduhamid amakining qizi Tursunoydan qo’rqadi. Nafaqat mening onam, balki dugonamning ota-onasi Abduhamid amaki bilan Bahri xola va umuman ko’pchilik undan, to’g’rirog’i uning o’zini tutishidan, xatti-harakatlari sal boshqacharoq, ya’ni g’alati bo’lgani uchun cho’chishardi. Bundan to’qqiz oy avval ham Tursunoy o’zini o’ldirishga uringandi. Yaxshiyamki Abduhamid amaki bexosdan hammomga kirganu, sirtmoqqa tikilib turgan qizini ko’rib qolib, bir o’limdan qutqargan edi. Mana, bugun yana u…

Darvozani ochib, ko’chaga chiqqan ham edimki, Abduhamid amakiga to’qnash keldim.
– Qizim, bu ahmoq qiz yana… – duduqlanib gapirdi rang-quti o’chgan, ko’zlari g’iltillayotgan Abduhamid amaki.
– Qaerda o’zi? Uydami, kasalxonadami?.. – deb so’radim shoshib.
– Sekin, sekinroq gapir, – Abduhamid amaki yon-veriga zimdan qarab qo’ydi. – Boshqalar bilmay qo’ya qolsin degandim. Bu ahmoq…
– Qaerda o’zi? – yana so’radim toriqib ketib.
– Uyda… yotibdi. Kechasi kasalxonaga oborgandik, ichini tozalab-yuvib, qaytarib yuborishdi. Vaqtida bilib qolgan ekanmiz… Saharda o’ziga kelib, seni so’radi…
Shundan beri nuqul seni so’raydi…
– Qanaqa dori ichibdi?
– Qirq dona demidrol…
– Voy ahmoq! – deb yubordim beixtiyor.
– Ahmoq ham gapmi! Qani, oldiga kir-chi, qanday gapi borakan?

Abduhamid amaki xuddi bir nima qidirayotganday yerga qaragancha uylari tomon yurdi. U kishi juda parishon edi. Yuragim uvishdi. Tarashaday qotma yuzi horg’in, nigohlari g’amgin edi Abduhamid amakining. O’tgan yili Tursunoydan keyin tug’ilgan yolg’iz o’g’li Toshtemir to’ppa-to’sindan olamdan o’tdi, keyin esa ko’z qorachig’iday arzanda bo’lib qolgan Tursunoyi sal bo’lmasa o’zini osib qo’yayozdi… Shular asabiga qattiq ta’sir qilganidan bo’lsa kerak, Abduhamid amaki dardchil bo’lib qoldi.

Yuragim hapriqib, u kishiga ergashdim.
Abduhamid amaki qiya ochiq turgan eshikdan meni ichkariga kiritdi-da, o’zi tashqarida qoldi.
Dahlizdan o’tib, oynavand eshikka yaqin keldim. Yuragim gurs-gurs urardi. Tursunoyga hali ko’zim tushmagan bo’lsa-da, uning ahvolini tasavvur qilardim. Qirq dona demidrol tabletkasini ichish… hazil emas. Men sira ham bunday qila olmasdim, deb o’ylayman, garcha hamma narsadan hafsalam pir bo’lib, yoki azob-uqubat jon-jonimdan o’tib ketgan taqdirda ham. Qiziq, u bunga qanday jur’at qildi ekan?

– Seniyam sahardan bezovta qildikmi, qizim? – deya qarshi oldi ichkariga kirganimda qayg’udan abgor bo’lgan Bahri xola.
– Ahvoli yaxshimi? – deb so’radim ko’zlari yarim yumuq, vujudidan butun qoni silqib oqib chiqib ketganday yuzi qor kabi oqarib yotgan Tursunoyga nazar tashlab.
– Uxlab qoldimi deyman. Hozirgina shiftga qarab yotgandi.

Bahri xola qizining yuziga xavotir to’la nigohini tikdi.
– Uxlayapti shekilli.
Bir pas ikkalamiz ham jim bo’lib qoldik. Xonaga og’ir sukunat cho’kkan, derazaga o’zini urib g’ing’illayotgan pashshaning ovozigina eshitilardi faqat.
– Yaxshigina yurgandi, – deya so’zlandi past ovozda Bahri xola birozdan keyin men tomon burilarkan. – O’qishigayam vaqtida borib kelayotgandi. O’zingning ham xabaring bor-ku aytganday.
– Hech kim bilan urishmaganmidi? – deb so’radim sekin.
– Hech kim bilan! Uning mushugini “pisht” deyishga birovimizning ham haddimiz sig’maydi. Avvallari otasi indamasayam, men tergab turardim. Bulturgi qilig’idan keyin menam indamay qo’yganman. O’qishiga boradimi-yo’qmi, uy ishlariga qarashadimi-qarashmaydimi, ishim yo’q. O’z holiga tashlab qo’ygandim. Qani, o’z bilganicha yashab ko’rsin-chi, deb. Mana, yana… – Bahri xola ko’ylagining uzun yengini ko’ziga bosdi.

Tilim lol, nima deyishni, kuyib ketayotgan onaizorni qanday yupatishni bilmasdim. Aslida gapga unchalik no’noq ham emasdim.
– Shoshmayotgan bo’lsang oldida bir pas o’tir, qizim. Hushiga kelganidan buyon seni so’rayotgandi. Bir gapi bordir-da. Men tashqariga chiqmasam bo’lmaydi. Yuragim siqilib ketayapti…
Bahri xola o’rnidan turdi. Oyoqlari uvishib qolgan chog’i, engashib tizzalarini uqaladi-da, keyin qaddini rostladi va oqsoqlangancha yurib ketdi.

“Xudoyim, o’zing sabr ber”, – deb qo’ydim ichimda. So’ng Tursunoyning yuziga termuldim. U chindan uxlayaptimi yoki o’zini uxlaganga solib yotibdimi, shuni bilmoqchiydim. Shu chog’ Tursunoy “yarq” etib ko’zlarini ochdi va menga tikilib qoldi.
– Yana eplay olmadim… – eshitilar-eshitilmas pichirladi Tursunoy, ovozi xirillab chiqdi, ko’kargan lablari zo’rg’a qimirladi.

– Eplay olmaganingga shukr. Beadad shukr, – dedim xursand bo’lib.
– Senga qachon xabar berishdi? – deb so’radi u yana pichirlayotganday past ovozda.
– Hozirgina… hali yarim soat ham bo’lgani yo’q.
– Qo’rqib ketgandirsan?.. – so’radi u.
– Qo’rqish ham gapmi!
Tursunoyning bo’zargan chehrasidan allaqanday siniq, tushuniksiz tabassum sirg’alib o’tdi.
– Darsga bormaysanmi? – so’radi u yana.
– Ertaga birga boramiz.

Javobim yoqmadimi yo toliqib qoldimi, Tursunoy yuzini devor tomonga burdi. Burdi-yu, shu ko’yi indamay yotaverdi. Men ham jim o’tiraverdim.
Biz bolalikdan birga o’sib-ulg’aydik. Bir maktabda, bitta sinfda o’qidik. Tan beraman, Tursunoyning bilimi kuchli edi, kallasi zo’r ishlardi. Ko’p kitob o’qirdi-da. U hammamizni hayratga soladigan qobiliyatga ega edi, lekin nima uchundir ko’pincha o’zini “alif”ni “kaltak” deya olmaydigan bolalardek tutardi. Faqat gohi-gohida o’z iqtidorini shu qadar qizg’inlik bilan namoyish qilardiki, biz hayratdan yoqa ushlab qolardik. Tursunoyning fe’l-atvoridan uncha-muncha xabardorligim bois, maktabni bitirganimizdan keyin bitta universitetga hujjat topshirishga amallab ko’ndirgandim. Omadimiz chopib, o’sha yili ikkalamiz ham talaba bo’ldik.

Lekin keyin… Chopag’on otning oqsashini ko’ring, deganlariday, Tursunoy universitetda ham maktabda ko’rsatgan hunarlarini takrorlashni boshlab yubordi deng. Hushiga kelsa, darsga boradi, hushiga kelmasa – yo’q. Gohida ikki-uch kunlab uydan bir qadam nariga chiqmay qo’yadi. Ota-onasi Xudoning zorini qilib yalinib-yolvorishdi, qani endi qulog’iga olsa!

Qishki yoki yozgi imtihonlar boshlanganida esa Tursunoy hammani hayratda qoldirmoqchiday fanlardan “a’lo” baholar olib, sessiyani birinchilardan bo’lib yopardi.

Shunday qizning mendan boshqa biron yaqin do’st-o’rtog’i, dugonasi yo’q edi. O’zi birorta qiz yoki yigit bilan yaqinroq munosabatda yoki sirdosh bo’lishga intilmaganiga yarasha, boshqalar ham nima uchundir unga yaqinlashishni istashmasdi. Men ham tabiatan ko’pchilikni unchalik suyaveradiganlar xilidan emasman, ammo o’zimga yarasha tanish-bilishlarim, sirlasha oladigan yaqinlarim bor. Yoshimiz ulg’ayib, aql-hushimiz to’lishgan sayin Tursunoyning xatti-harakatlaridan, o’zini tutishlaridan goh ensam qotadigan, goh jahlim chiqadigan bo’ldi.

– O’zingni buncha chekkaga tortaverasan? – dedim oxiri kunlarning birida. – Xuddi o’z to’riga o’ralashib qolgan o’rgimchakka o’xshaysan!
– Nima qipti? – beparvolik bilan so’radi u.
– Yolg’izlikdan yuraging siqilib ketmaydimi?
– Men yolg’iz emasman, – dedi Tursunoy va ko’zlarini lo’q qilgancha menga qadalib tikilib turaverdi.Shundan keyin ham bir nima deb ko’ring-chi! Bo’zargan chehrasidan, loqayd boqayotgan nigohlaridan hech narsani uqib bo’lmasdi.

Uyda esa Bahri xola jig’ibiyron bo’lardi.
– To’rt chaqalog’imni yerga qo’yganimdan keyin topganim deb erkalatib, qaysar qilib yubordim deb o’ylardim. Yo’q, u noshud, qip-qizil noshudning o’zginasi! – deb qolardi xola menga hasrat qilib. – Yoshi yigirmadan oshdi, ignadan ip o’tkazolmaydi hali! Mana, seni olaylik. Opang, yangang bo’lishiga qaramasdan osh-ovqatni, qozon-tovoqni bo’yningga olgansan. U-chi? Hali tuxumni yoqqa tashlab olishniyam eplay olmaydi. Men bo’lmasam, singillari bo’lmasa ochidan o’ladi u!
– Vahima qilaverma, onasi, – derdi bunday paytlari Abduhamid aka o’rtaga tushib. – Hali boshiga tushsin, hammasini quling o’rgilsin qilib eplab ketadi. Hozircha senga, menga erkalik qiladi-da.
– Yo’-o’q, bu erkalik emas, – deya o’z bilganidan qolmasdi battar jazavasi qo’zigan Bahri xola. – U tanbal, u dangasa, u haftafahm!..

Tursunoy haqiqatan ham dangasa edimi? Buni aniqlash unchalik qiyin emasdi. Uning uzilib tushgan tugmasini qaday olmay, onasiga iltimos qilayotganiga guvoh bo’lganim rost. Bu borada Bahri xola qisman haq desam, xato qilmagan bo’laman. Biroq Tursunoyni “haftafahm” deyish adolatdanmikin?

…Chamasi bundan olti oycha ilgari, kun ayni jizillagan peshin payti darsdan chiqib, avtobus bekatida turgandik. Uylarimiz universitet binosidan bir bekat narida joylashgan. Yarim soatlab avtobus kutgandan ko’ra piyoda ketaverganimizda ham allaqachon uyga yetib qo’yardik. Lekin biz qoq tush mahal bekatda turibmiz. Zero, Tursunoyning xohishi shu edi!
– Quyosh nega har kuni chiqaveradi, a? – deb qoldi u bir mahal lanjlik bilan osmonga, naq tepamizda turgan may oftobiga ko’zlarini qisib qararkan.
– Quyosh tiriklik manbai, – deya bilganimcha aqlli javob qaytarishga urindim. – Quyosh bo’lmasa hayot ham bo’lmaydi.
– Quyosh bo’lmasa hayot ham bo’lmaydimi? Unda “Men barhaqman! Yaratuvchiman!” degan zotning xizmatlari qayda qoladi?

Tursunoydan bunday gap chiqishini kutmagandim. Hayron qolganimdan, birdan javob qaytara olmadim. U bo’lsa istehzoli kulimsiragancha menga tikilib turardi.
– Quyosh hayot unsurlaridan biri, – dedim birozdan so’ng xatoyimni to’g’rilashga urinib.
– Shunday de…

Tursunoy boshqa gapirmadi.
Bir haftadan keyin kutilmagan fojia yuz berdi: dugonamning ukasi og’rib-netmasdan, to’satdan o’lib qoldi.
Shundan keyin Tursunoy o’qishgayam bormay qo’ydi.

Bu yoqda yozgi sessiya boshlanishiga sanoqli kunlar qolayapti. Kutubxonada ikki soatcha o’tirib dars qilganimdan so’ng terlab-pishib uyga kelayotib ko’rdimki, Tursunoy ko’cha eshik oldidagi supachada qandaydir xayollarga g’arq bo’lib o’tiribdi.
– Nega yana darsga bormay qo’yding? – deb so’radim uning yoniga cho’kib.
– O’qimayman endi, – ters javob berdi u.
– Qiziqsan-a?
– Ha, shunaqa.
– Uch yil o’qib, endi tashlab ketmoqchimisan? O’tgan umringga achinmaysanmi?
– Uch yillik umrimgami? – deb so’radi u.
– Nima farqi bor?
– Achinmayman.
– Juda g’alatisan-a, tavba!
– Shunaqaman…

Ishonasizmi, o’sha daqiqada u ko’zimga, nima desam ekan, xuddi… qalbi orzulardan mahrum bo’lgan, hech bir a’moli yo’q, e’tiqodsiz mushtiparga o’xshab ko’rindi. “U
qanchalar baxtsiz va ojiz”, degan fikr paydo bo’ldi ongimda.

Aytganday, yana bir gap. Agar istasa, Tursunoy baxtli bo’lishi mumkin edi, ammo buni u xohlamasdi. Nega? Nima uchun? Bunisi menga qorong’i. Qalbni orzudan, quvonchdan mahrum qilish yerni havoday ayirib qo’yish bilan barobar. Bu holda qanday yashash mumkin?

Tursunoy bo’lsa yashayapti! O’zimcha, bunday odamlar suvga tushgan xasday hech bir maqsadsiz holda dunyodan o’tib ketaveradilar; ular suzishmaydi, oqim ularni olib yuradi, degan xulosaga kelganim bilan baribir yuragim lahza sayin alamli tug’yonlarga to’lib borardi.
– Bu nima qilganing, a?! Bu nima qilganing? Hammani ezib yubording-ku juda! – degandim zarda bilan, qizishib o’shanda. – Uch yil o’qib, endi o’qimayman deb turganing nimasi?
Tursunoy bo’lsa pinak buzmadi.

Bir nuqta bor bo’shliqda. Shunday paytlarda dugonam hamisha o’sha nuqtaga parishon va alamangiz bir qiyofada tikilib qoladi.
– Tilingni yutvorganmisan, nima balo?! – dedim ovozimni ko’tarib. – Sen bilan odamga o’xshab gaplashib bo’ladimi o’zi?
– Nega buncha qizishasan? Nima, sening yashashingga xalaqit berayapmanmi? – dedi u shunda allaqanday kutilmagan, favqulodda bir qizg’inlik bilan. – Bir sayohat qilib kelay deb yo’lga chiqqandim, qalbimni o’ziga rom etadigan hech vaqo topmadim. G’amgin bo’shliq… Undan boshqa hech narsa… hech narsa…
– Sen yashashni bilmaydigan odamlar toifasidan ekansan, mana endi bildim.
– O’zimni… – Tursunoy o’ylanib turib, so’ng gapini davom ettirdi: – xuddi titrab-qaltiragan holda dor ustida imillab yurayotgan dorbozga o’xshataman. Nazarimda… – u yana jim bo’lib qoldi.
– Dorbozning qo’lida langari bo’ladi, o’zi istamasa hech qachon dordan yiqilmaydi. Fikringni to’g’ri angladimmi? – dedim shartta.
– Tashlagan har bir qadamim o’chib borayotganini o’zim ham bilaman…
– Haykal emassan-ku, qo’qqayib turishimning o’zi hayotga zeb beradi deb o’ylasang. Hayotni sevish kerak. Shunda yashaganing sayin yashaging kelaveradi. Men o’zim hayotda
har tongdan yaxshi bir yangilik kutib uyg’onaman. Mana ko’rasan, biz hali baxtli bo’lamiz!
– Sen baxtli bo’lasan, – dedi shunda Tursunoy jilmayib. – Turmush qurasan, sevgan kishing, bolalaring bo’ladi. Baxtli yashaysan. Ammo kunlarning birida sevgan odaming senga xiyonat qilayotganini payqab qolasan-u, hayoting zaharga aylanadi. YO bo’lmasa…
– Qo’ysang-chi shunaqa gaplarni! – dedim birdan yuragim orqaga tortib.
– Hayotingga og’u aralashmasa bo’lmaydi. Dunyoning qurilishi shunday, – pinak buzmasdan, hech bir ikkilanishsiz gapida davom etdi Tursunoy.
– Nega… shunday?.. – deya pichirladim xuddi ovozimni birov eshitib qolishidan qo’rqqanday. Boyagi jo’shqinligimdan asar ham qolmagandi.
– A-ha! – Tursunoy sapchib o’rnidan turdi. Xuddi chaqindek “yalt” etib o’tgan ushbu oniy soniyalarda uning zimiston yuragi, sezgilari, ichki shuuri favqulodda bir nur bilan yorishib ketgandek bo’ldi. – Mana endi o’zingga kelding! Nega shunday? A, nega shunday? Hech o’ylab ko’rganmisan?!.

Javob bermadim. Sarob jimirlayotgan bo’shliqqa tikilgancha miq etmay turaverdim.
– Men ko’p, juda ko’p o’ylayman, – dedi Tursunoy. – Nega shunday? Nega bu dunyoda to’kis baxt yo’q? Hammasi Uning, yolg’iz Uning ixtiyorida bo’lsa, nega dunyoni bekamu-ko’st yaratmadi? Atigi bir marta, bir martagina dunyoga keladigan insonni azob-uqubatlarga giriftor qilmaslikning iloji yo’qmidi? Jannat, do’zax, mahshar tongi deganlariga shunchalar urinsam ham mutlaqo ishonch hosil qila olmadim. Juda mavhum.
– Balki mavhum emasdir, – dedim jur’atsizlik bilan.
– Mayli, sen aytganday bo’laqolsin. Mahshar tongi jami marhumlar tiriladi deylik. Ammo bunda mantiq qani? Masalan, men yigirma bir yoshda, sen sakson yoshda bu olamdan o’tsak-da, mahshar tongi uchrashsak, qanday qilib bir-birimizni taniymiz. Ayniqsa men seni. Axir sen munkillagan kampir qiyofasida tirilasan, shundaymi?..

Shu vaqt hovlida turib shovqinimizni eshitdimi yoki shunchaki chiqib qoldimi, darvoza oldida Abduhamid aka ko’rinish berdi. U kishi bizni ko’rdi, bosh irg’ab men bilan salomlashdi, so’ng ichkariga kirib ketdi.
– Xabaring bor, yaqinda yolg’iz ukamdan ayrilib qoldik, – deya mahzun ohangda gapida davom etdi Tursunoy. – Mendan avval ham ota-onamning to’rtta farzandi nobud bo’lgan. Dadam nima uchun meni yaxshi ko’radi? Chunki men tug’ilganman-u, ketma-ket yuz berayotgan o’limlar to’xtagan. Mendan keyin ukam tug’ildi. Lekin yana… Shugina o’lmasa bo’lardi!
– O’zi bergan, o’zi oladi… deyishadi-ku…
– O’zi bunyod qilib, O’zi yeb qo’ysa… bu nima degani?!.

Men, ochig’i, bu savolga javob berishga ojiz edim. Ammo boshqa bir narsani anglaganday bo’ldim. Tursunoy o’zgalarnikiga mutlaqo o’xshamaydigan, umumning fikridan farq qiladigan allaqanday o’ylar ta’siriga tushib qolganday edi. Bu ko’p o’qiganlik oqibati emasmikin? YO ukasining o’limi uni qattiq larzaga solganmikin? Yoki allaqanday dard, bosim tufayli g’ayrishuuriy xastalik holiga tushib qolganmikan?
– Sabr qilishsa, balki yana o’g’il ko’rishar, – dedim boshqa gap topolmay.
– Sabr… Yana qancha sabr qilishlari kerak? Ehtimol, aynan shu sabr-toqat tufayli ular baxtsizlikka giriftor bo’lishayotgandir? Axir bir emas, beshta farzanddan judo bo’lish… Insonning yelkasi keng, hamma narsa sig’ib ketaveradi, degan tushunchaning natijasi emasmi bu?!

Tursunoy menga ko’zlari yonib qarab qoldi. Avvallari uni hech bunday holda ko’rmagandim.
– Men bora qolay, – dedim o’rnimdan qo’zg’alib. – Hali imtihonlarga tayyorgarlik ko’rishim kerak.
– Yana bir pas o’tir, – dedi Tursunoy iltimos ohangida.
– Boshqa vaqt… davom ettirarmiz…
Men dugonamning yonidan tezroq uzoqlashishni istardim.

Shu suhbatdan keyin ko’p o’tmasdan “sirtmoq” voqeasi sodir bo’ldi…
Shundan keyin, garchand Abduhamid amaki bilan Bahri xola Tursunoydan ko’z-quloq bo’lib turishni mendan iltimos qilishgan bo’lsalar-da, dugonamdan o’zimni chetroqqa torta boshladim.
Yozgi ta’til tugashi arafasida Tursunoy yana o’qishga qatnay boshladi…

Xuddi atay qilgandek (aslida ham shunday emasmi?), Tursunoy bekatda turgan bo’lsa, men indamasdan universitetga poyi-piyoda yo’l olardim. U piyoda ketayotgan bo’lsa, men avtobus kutardim. Auditoriyada ham undan uzoqroqda bo’lishga harakat qilardim. Nazarimda, Tursunoy buni sezardi. Ammo lom-mim demasdi.Bir kuni ikkalamiz chiqish eshigi oldida to’qnash kelib qoldik. U yuzimga qaradi, g’alati qilib qaradi, keyin asabiy ravishda kulib qo’ydi va indamay yonimdan o’tdi-ketdi.
Tursunoyning chehrasi, qarashlari yuragimda azob uyg’otdi. Shunda “U sog’lom emas”, degan fikr xayolimga o’rnashib qoldi. Axir… uning o’ylari, mushohadalari… dahshat-ku! “Odamda imon bo’lishi kerak. Odam bir narsaga imon keltirib, e’tiqod qo’yib, ishonib yashashi kerak”, deya tarbiyalashgan bizni. Tursunoy bo’lsa… imonini yo’qotganlardan. Shuning uchun uning yuragini, shuurini qorong’i-zimistonlik chulg’agan, hayotdan zavq olib, bahra olib yashashni bilmaydi. Shu bois yashash yelkasidagi og’ir yukday tuyulayotgandir dugonamga. Unga yashash qiyin, judayam mashaqqat ekanini his qildim. Axir odam yashar ekan, o’z jonini ham tikishga tayyor e’tiqodi bo’lmasa yomon-ku…

Qanchalar achchiqlanib, xafa bo’lib yurganimga qaramasdan, Tursunoy bilan bafurja gaplashib olish uchun qulay payt poylardim. Qandaydir yo’llar bilan uning yuragida hayotga, yashashga ishtiyoq uyg’otish kerak, shunda dugonamning uxlayotgan, so’nik va sovuq qalbi uyg’onadi, degan xulosaga kelib qo’ygandim o’zimcha. Ammo bu niyatimni amalga oshirishga ulgura olmadim. Sirtmoq voqeasidan keyin ko’p o’tmasdan, aniqrog’i kecha oqshom u yana o’z joniga qasd qildi…

Mana, ayni zamonda ters qarab yotgan Tursunoyning yonida o’tirarkanman, uni tushuna olmayotganimdan goh g’azabim qo’zib, o’zimni o’zim yomon ko’rib ketardim, goh uni urib tashlaguday bo’lardim.
– Hovliga chiqamizmi? – deb so’radi u bir mahal mendan.
– Yaxshi bo’lardi. Qo’lingni ber, yordamlashvoraman, – dedim birdan yengil tortib.
Tursunoy qo’lini uzatdi. Qo’li oppoq, qonsiz… Qoqsuyak vujudi madorsizlikdan qalt-qalt titraydi. Men uni yurolmaydi, qadam tashlashga ham holi yo’q, deb o’ylagandim. Lekin dugonam yurdi. Sekin-asta, imillab, menga suyanib bo’lsa-da yurdi.

Biz eshik oldiga chiqdik.
Quyosh terak bo’yi ko’tarilgan, undan zaminga tengsiz qudrat yog’ilardi.
O’choq boshida kuymalanayotgan uch-to’rt ayol orasidan Bahri xola sirg’alib chiqib, shosha-pisha biz tomonga yurdi.
– Toza havoga olib chiqdim qizingizni, – dedim xola yaqin kelgach. – Anavi so’rida bir pasgina o’tirsak maylimi?
– Bemalol, bolam, bemalol. Shuniyam so’rab o’tirasanmi?

Bahri xola menga gapirayapti-yu, xavotir va og’riq to’la nigohlarini qizidan uzmasdi.
– Yordam kerak emasmi? – deb so’radim o’choq boshidagi ayollarga ishora qilib.
– O’zimiz eplaymiz. U yerda sizlar qiladigan ish yo’q, – dedi Bahri xola. So’ng, qizining o’ziga savol nazari bilan qarab qo’yganini ko’rgach, bechora oshig’ich izoh berdi: – Shahri ammang o’zining tez-tez og’rib qolayotganidan xavotirlanib Inobat folbinga borgan ekan. Buni qara, ammang qolib, folbinning foliga sen tushibsan. Jinlar teginayotgan emish senga. Qora qo’yning qoni bilan seni qonlab, go’shtini tugun oshi qilib, xotinlarga tarqatib yuborishimiz kerak ekan. Kun qaytmasdan shuni o’tkazib yubora qolaylik devdim. Sizlar bafurja so’rida o’tiraveringlar.

Bahri xola etagini lipasiga qistirgancha o’choq boshiga qaytib ketdi.
– Darrov folbingayam borib ulgurishibdi, – pichirladi Tursunoy so’riga chiqib, quroq ko’rpachalar ustiga o’tirganimizdan keyin. – Nima keragi bor edi?
– Xayrli ishning ziyoni yo’q.
– Bilasanmi mana shu Shahri ammamning yoshi nechada ekanligini? – shipshidi u ayollar orasida munkayib turgan kampirga ishora qilib. – Bilmasang bilib qo’y, ammam to’qson oltiga kirdi! Salkam bir asr degani bu! O’zini qara, bir siqimgina bo’lib qolgan. Kattaroq chelakka solib ko’tarib ketaversang ham bo’ladi. Salkam bir asr yashayotganiga qaramasdan, mana shu ammam et-beti sal og’rib qolsa bolalarini, nevaralarini shunday zir yugurtiradiki, asti qo’yaverasan. Do’xtir, tabib, folbin-polbin, ishqilib, hammasini boshiga yig’adi. O’zini qaratadi…
– Yaxshi-ku, shunga nima bo’pti, – dedim Tursunoyning gapini bo’lib. – Ammangning xatti-harakatlarini yoqlayman. Har qanday yoshda ham odam yashashga intilishi kerak.
– Bu yashashga intilish emas, – dedi Tursunoy bosh chayqab. – Hayotning etagiga mahkam yopishib olish bu. O’limdan qo’rqish bu. Buni qara, to’qson oltiga kirgan kampir hammaning joniga tegib yashab yuribdi-yu, mening mushtday ukaginam… bu olamga sig’madi… Nega?.. Nima uchun? .. U ham yashab yuraversa bo’lardi-ku!.. Anavi g’o’ng’illayotgan asalariga qara. Shuning ham hayotda o’z o’rni bor. Shugina jonzotning-a. Mening ukaginam… axir u inson edi-ku! Yashashga haqqi bor edi-ku!..

Biroz o’ylanib turgach:
– Sen-chi, – dedim, – yaxshisi bir yigitni sevib qolishga harakat qil. Bilasanmi, anavi parallel potokdagi Davron degan yigit bor-ku, o’sha bechora anchadan beri senga g’alati-g’alati qarab yuribdi. Ko’nglida bir niyati bor-ov!

Tursunoy mahzun kulimsiradi. Keyin:
– Muhabbat og’ushiga tashlamoqchimisan meni? – deb so’radi istehzoli ohangda. Ayni paytda uning yuziga oriyat va g’urur ifodasi balqdi. – O’rningda boshqa odam bo’lganida, bilasanmi, hozir nima qilardim?
– Nima qipti? Sevish, sevilish gunoh emas.
– Ha, gunoh emas. Lekin, aslini olganda, bular hayot tuzoqlari-ku. Keyin menam boshqalardek tuganmas tashvish, nadomatlar va g’am-hasratlarga ko’milib qolaman, a, shundaymi?
– Bir urinib ko’rgin, iltimos. Keyin bilasan hayotning naqadar…
– Urinib ko’rganman, – dedi Tursunoy gapimni bo’lib va yana bo’shliqqa, o’sha ko’rinmas la’nati “nuqta”ga tikilib qoldi.

Ehtiyotkorlik bilan so’radim:
– O’sha Davronmi?
– Davron psixologiyadagi Munavvarni sevadi. Yolg’onni eplasang gapir!
– Unda kim?
Tursunoy tuyqus “nuqta”dan nigohini uzib, menga yalt etib qaradi va:
– Hech kim! – dedi qat’iy ohangda.
Obbo!
Mana, ko’rdingizmi, unga bas kelish qanchalar qiyin!

Xunobim oshib, ortiq o’zimni bosib turolmadim:
– Bundan chiqdi… bu… qirq dona uyqu dorisi ichishing kimgadir achchiq qilishing oqibati ekan-da?! – dedim Tursunoyning ko’zlariga qattiq tikilib.
– Aslo, – xotirjam javob qaytardi dugonam. – Men kimgadir achchiq qilganim yo’q. Azob-uqubatga to’la hayotda yashashni istamadim, sababi shu.
– Hech bo’lmasa senga hayot bergan ota-onangni o’ylamadingmi?
– Ota-onam menga hayot bermagan. Ular dunyoga kelishim uchun bir vosita bo’lishgan. Menga hayotni U bergan. Men o’zimga berilgan tuhfani asl egasiga qaytarmoqchi bo’ldim, xolos. Norasida ukam sig’magan dunyoda men nima qilaman?
– YO rabbiy! – deb yubordim beixtiyor. – Sen qanday baloi azim bo’lding?!
Tursunoyning istehzoli nigohlarida allaqanday uchqun yilt etganday, hayot sezgilari yuzaga qalqib chiqqanday bo’ldi. Nazarimda, bunday chaqinlar aslida uning ongida ro’y berayotir va shunday daqiqalarda mubham qiynoqlardan zimiston bo’lib ketgan yuragini qamragan butun hayajonlari, butun shubhalari, tashvishlari yana o’n barobarga ortib ketardi, chamamda. Buni ba’zilar inson aqli va irodasining zaiflashuvi, deb ataydilar, ya’ni ruhning sog’lom holatdan chiqishi va tubanlashuvi…

Yo’q, menimcha, bunday emas.

– Bilasanmi, – dedi Tursunoy menga bir mahal, – ular meni jin chalgan deb hisoblab chillaga solishmoqchi shekilli. Unda qirq kuncha ko’risholmasak kerak. Shuning uchun qancha gaping bo’lsa, hozir aytib qol.
– Xo’p, – dedim bor ilmiy salohiyatimni to’plab, dugonamni dog’da qoldirishga ahd qilganimdan yana hovurim ko’tarilgancha, – sen haqsan, deb hisoblaylik. Mutloq emas, albatta. Qisman. Ya’ni sen U bergan “tuhfa”ni o’ziga qaytarmoqchisan va bu bilan tug’ilish Uning ixtiyorida bo’lgani holda hayotni davom ettirish, yashash yoki yashamaslik Uning ixtiyorida emas, demoqchisan shekilli. Shundaymi?

– O’, va nihoyat jirafaga ham yetib boribdi gapim! – dedi Tursunoy kinoyali ohangda.
– Qisqasi, hayotimga o’zim chek qo’yish qudratiga egaman, demoqchisan. Buni tushundim. Sen haqsan, chindanam jirafaga bu fikr endi yetib keldi. Biroq… biroq sen bir narsaga ahamiyat bermabsan.
– Nima ekan?
– Axir, sen U bergan tuhfani bir emas, ikki marta qaytarib berishga urinding. Ammo ikki marta ham buning uddasidan chiqolmading. Nega bunday bo’ldi ekan? Hech o’ylab ko’rdingmi?
– O’yladim, – men kutgachanlik uzoq o’ylanib o’tirmay, shu zahoti javob qaytardi Tursunoy. – Ko’p o’yladim. Birinchi martasida sustkashlik qildim chamasi. O’z tanangga o’ylab ko’r. Yigirma bir yoshda bo’yningga sirtmoq solish… Atigi bir necha daqiqaga kechikdim. Dadam kelib qoldilar… Keyingisida… menimcha, dorining dozasini oshirishim kerak edi.
– Qirqta uyqu dorisi kamlik qildi, demoqchimisan?
– Shunday.
– Bilasanmi, mening bir amakim eshakdan yiqilib tushib olamdan o’tgan. Eshakdan-a! Aql bovar qilmaydigan hodisa-ku bu, to’g’rimi?!
– Eshakdan yiqilib tushib o’lish kulguli, hattoki ishonchsiz, albatta. Lekin agar amaking toshgami, o’tkir temirgami boshi bilan tushgan bo’lsa…
– Gapni chalg’itishga urinma! – dedim jahlim chiqib. – “Agar-magar”ni ham qo’y. Agar kimningdir joni Unga kerak bo’lsa, xamirdan qil sug’urganday qilib, istagan joyda, istagan vaziyatda oladi-qo’yadi.
– O’laman deganing bilan o’lolmaysan, demoqchisan, shundaymi?
– Shunday.
– Shundaymi? – Tursunoy allaqanday besaranjom, bezovta nigoh tashladi menga. – Shundaymi?..Ko’ramiz!

Shu payt oldimizga Bahri xola kelib qoldiyu bahsimiz uzildi.
– Kampirlar seni so’rashayapti, yura qol, qizim, – dedi Bahri xola qiziga qarab.
Dugonam esa menga tikilib turardi. Nigohlarida bezovtalik zuhur bo’ldi, ammo indamay so’ridan tushdi va onasiga ergashdi. Tursunoyning mana shu “mo’min”ligida va shiddat ila aytilgan “Ko’ramiz!” degan va’dasida nimadir yashiringanday edi. Bir gap bor-ku, inson miyasida tug’iladigan fikrda hamisha nedir yashirin, boshqa odamlarga anglatib bo’lmaydigan allanima qolib ketadi, miyangizdan aslo chetga chiqishni istamagan allanima doimo qoladi va u abadiy sizdan ajralmaydi.
– Chillaga solish foyda berarmikan? – deb so’radi yonimda paydo bo’lgan Abduhamid amaki o’choq boshi tomonga ko’z uzmay tikilarkan. – Mening urug’imda, ota-bobolarimdan avliyo-anbiyolar o’tgan. Balki o’shalarning arvohi qizimga tajovuz qilgandir, a?
– Menimcha, hamma gap uning miyasida, – deb qo’ydim.
– Miyasini qaratish kerakmi?
– Miyasini tozalash kerak.

Boshqa gapirmadim. Gapirish niyatim ham yo’q edi.
Shu kuni Tursunoyni chillaga solishdi.
Biz endi qirq kun ko’rishmasligimiz lozim. “Chilla”ning talablaridan biri shunday.
Men o’zimcha kun sanardim va hayron qolardim: Tursunoy yolg’izlikdagi qirq kecha-kunduzni qanday o’tkazar ekan?

Shu bilan birga ich-ichimdan dugonam mana shu qirq kunni sabr-toqat bilan o’tkazishiga ishonardim, axir u xonanishin yashab o’rganib qolgan. Yana bir narsa aniq. Dugonamning mana shu sabr-toqatida ham o’ziga xos nimadir mavjud. Bunda “jin”larning xurujidan xoli, ularning aralashuvisiz va yana allaqanday telbalik alomatlaridan xoli boshqa bir narsa mavjudday edi, deylik, Tursunoyning ongi va shuurida yuz berayotgan “chaqin”lar, o’z-o’zini hamda dunyoni anglashning favqulodda kuchaygan holati… “Nega? Nima uchun?..” – joniga yopirilib hujum qilayotgan ushbu savollarga javob izlashdan bezor bo’lib ketganidan u hayotdan alamli, achchiq bir lazzat ichida o’ch olayotgandir.

Nihoyat chilla muddati adog’iga yetdi.
Dugonam Tursunoy qirq kunlik chilla sinovidan eson-omon o’tdi. Qirq birinchi kuni esa… o’zini o’zi osib qo’ydi!
Yana o’sha hammomda.
Ne ajabki, bu safar ham Tursunoy omon qoldi. Bir hafta shifoxonada yotib chiqdi. Nafasi ichiga tushib qolgan ekan-da.
Uni ko’rgani bordim.
– Yana eplay olmadim, – deb shivirladi u.
Ovozi o’sha-o’sha, yuzi o’sha-o’sha, faqat oppoq, silliq bo’ynida ko’kimtir iz qolgan; juda olisdan boshlangan nigohlari vujudimni teshib o’tib, qayoqqadir, noma’lum bo’shliqqa intilardi…

Oradan to’qqiz oy o’tdi.
Tosh qotib uxlab yotgandim…
Kimdir silkitib uyg’otdi.
– Tur, Tursunoy yana o’zini osib qo’yibdi…

IKKI MANZIL

– Hammasini sen uchun qildim! Seni deb! Sen bo’lsang…
Yuzi dokadek oqargan, titrayotgan erkak bir soat burun xuddi shunday dedi qo’rqqanidan devorga suyangancha og’ir kursini o’ziga qalqon qilib ko’tarib turgan, zo’riqqanidan ko’ra ku-tilmagan vaziyatdan qattiq larzaga tushgan qizga…

Bu bir soat, atigi oltmish daqiqa oldin aytilgan gap. Bir soat, atigi oltmish daqiqa oldin erkak titragan, qaltiragan holda qizning qarshisida turardi.
Tirishgan yuziga jon bag’ishlab turguvchi ko’zlari ayni damda juda qayg’uli edi…
Xuddi hayot-mamoti hal bo’layotgandek qarshisidagi qizga butun vujudi nigohga aylanib, qattiq tikilib qolgandi.

Darvoqe, shundan keyin haqiqatan ham uning hayot-mamoti hal bo’lmadimi?

– Demak… demak… siz shuning uchun… – nihoyat tilga kirdi qiz juda ham zaif tovushda.
– Ha! Endi yashirib o’tirmayman, – dedi erkak qizga yaqin kelib. – Bunga hojat ham qolmadi. Hamma-hammasini Siz uchun, yolg’iz Siz uchun qildim. Bilasiz, imkoniyatim
kengligini…
– Demak… – qiz birdan ma’yus tortib qoldi. Hatto bir oz bo’shashganidan qo’llarida mahkam tutib turgan og’ir kursi tushib ketayozdi.
– E, namuncha “demak, demak”laysiz! – baqirib yubordi erkak. Qiz cho’chib tushdi. – Ha, ha, deyapman-ku, – deya andak qahr bilan davom etdi erkak. – Onangizga idora
nomidan sovg’a qilingan uy ham, dala hovli-yu, akangizning universitetga o’qishga kirishi, hamma-hammasini faqat, azbaroyi sizni… seni sevganimdan… – erkak jimib qoldi. Qarashlari muloyim tortdi. – Siz bo’lsangiz… Siz bo’lsangiz umuman befarqsiz, – dedi u birdan o’zgargan, yumshoq va mayin ovozda.

Qiz unga javoban hech narsa demadi. Ammo… yonoqlariga qizil yugurdi, ko’zlariga esa adog’i yo’q mung cho’kdi. Uning yuragini dard timdalab yuborilganday edi…
– To’g’ri, biz unchalik ham… unchalik ham badavlat emasmiz… – dedi qiz bir ozdan keyin juda ham dovdiragan, esankiragan holda. – Lekin oyim… bu haqda boshqacha gapirgandilar.
– Nima degandi oyingiz? – erkak qizdan uzoqlashib, xonadagi bo’sh stullardan biriga o’tirdi. Aftidan u qizga avvalgidan ham o’n chandon ortiq qiziqib qolgandi. –
Xo’sh, oyingiz nima degandi o’shanda?
– Oyimning aytishicha…
– Xo’sh?
– Oyimning aytishicha, siz katta odam ekansiz. Qo’lingizdan kelmaydigan ish yo’q ekan. Aniqrog’i, qo’lingizni qaerga uzatsangiz yetarkan. Juda olamshumul ishlar qilsangiz ham qurbingiz yetarkan. Katta-katta idoralarda zo’r tanishlaringiz bor ekan. Ular bilan har qanday chigal ishni hal qila olarkansiz. Keyin…
– Xo’sh? – bir oz kulimsiragan holda shunday dedi erkak. Aftidan, u qah-qah urib yuborishdan o’zini zo’rg’a tiyib turardi.
– Keyinmi?.. Keyin… Kallangizga nima kelsa, shuni qilarkansiz. Hech kim bilan maslahatlashmas ekansiz. To’g’ri, siz maslahat so’ragan taqdiringizda ham hech kim sizga maslahat berishga botina olmaydi. Hatto sizdan tepki yeganlar ham oyog’ingizni o’pishga tayyormishlar! Shuning uchun… umuman, qaerga borgingiz kelsa, borarkansiz, kechami-kunduzmi, sizga farqi yo’q, qolaversa, siz uchun yo’l hamisha ochiq. Keyin… – shu yerga kelganda qiz yer ostidan erkakka qarab qo’ydi. – Keyin istagan vaqtda istagan odamingizga pul-mul berib yuboraverarkansiz. Hatto ilgaridan tanimagan, bilmagan odamlaringizga ham… Buning hech qanday g’alati joyi yo’q emish. Badavlat, obro’li odam qanday ish qilmasin, g’alati tuyilmasmish. Shuning uchun biz unchalar ajablanmadik. Qolaversa, dedilar oyim yana, biz sizga juda devor-darmiyon bo’lmasa-da, harqalay, qo’shni bo’lgan ekanmiz yangi uyga ko’chib o’tmasimizdan oldin. Shunday ekan, odam xayr-saxovatni eng avval qo’shnisidan boshlagani ma’qul ekan. Chunki u dunyoda so’roq qilinayotganda Xudo kimning qanaqa odam bo’lganligini faqat va faqat qo’shnisidan so’rab olarkan. Faqat va faqat qo’shni rost so’zlarkan…

– Shunaqa deng… – dedi erkak qiz gapim tugadi, deganday jim qolib, boshini xam qilgandan keyin. U qizga bir muddat tikilib turdi, chehrasida kulimsirash paydo bo’ldi, ajinlari yozildi, ko’z-lari qisildi, basharasi yoyilib ketganday bo’ldi va u birdan butun gavdasi silkinib… allaqanday asabiy tarzda qah-qaha otdi, uzoq kuldi, kulgining zo’ridan ikki yuzi lavlagiday qizarib ketdi. Qiz esa hech narsaga tushunmaganday taajjub ichida unga qarab turardi. Bu hol erkakning e’tiboridan chetda qolmagan, lekin u biribir kulishda davom etar, kulganda ham qizning ko’zlariga qarab, undan nigohini uzmagan holda xo-xolardi.

– Men ketishim kerak! – dedi qiz birdan dadil, lekin zardasi qaynagan holda, ammo shunda ham qo’lidagi kursini yerga qo’ymasdan.
– Qayoqqa?! – darhol kulgini bas qilib, gap ohangini o’zgartirdi erkak.
– Uyga!

Erkak o’rnidan turishga chog’landi, lekin birdan fikridan qaytib, stulga yastanibroq joylasharkan:
– Keta olsangiz… mayli, ruxsat, – dedi bamaylixotir.
Qiz kursini yerga qo’ya solib, eshik oldiga yugurdi. Ammo eshik berk edi!
– Eshikni oching! – dedi u erkakka g’azab bilan. – Oching eshikni, bilaman, uni siz qulflab qo’ygansiz.
Erkak miq etmadi. Barmoqlarini o’ynagancha qarshisidagi deraza oynasiga tikildi.
– Hoy, kim bor?! Eshikni ochinglar! – deya qichqirdi yig’lamsiragan qiz. – Meni qamab qo’yishdi, yordam beringlar! Yordam… – qiz nozik mushtchalari bilan eshikni mushtlay boshladi.
Uch-to’rt daqiqa o’tdi.

Qizning chorloviga hech qanday javob bo’lmadi. Shundan so’ng erkak o’rnidan turib, qizga yaqin keldi.
– Mana, ko’rdingizmi, – dedi u ohista. – Qanchalik baqirmang, eshikni mushtlamang, baribir foydasi yo’q. Bu hovlida anavi daraxtlardagi qushlardan boshqa hech qanday jonzot yo’q.
– Demak, meni aldab olib kelgan ekansiz-da?

Erkak eshitmaslikka oldi.
– Qani mehmonlaringiz? Axir meni xizmatga chaqirgandingiz-ku. Shu yerdan oyimga qo’ng’iroq qilib aytib qo’yarman, deb kelaveribman. Endi nima bo’ladi?
– Ana, ana, aqlingiz endi kira boshladi, – erkak birdan jonsaraklik bilan qizning atrofida parvona bo’lib, uni hashamatli, naqshinkor oromkursilardan biriga o’tqazmoqchi bo’lib yelkasiga qo’lini qo’ydi. Ammo qiz erkakning qo’lini siltab tashladi, joyidan jilmadi, eshik tutqichidan mahkam ushladi. – Umuman olganda… – deya davom etdi erkak qizning harakatidan ko’ngli og’riganday bo’lib, – hozirgi vaziyatni hisobga olib… ya’ni, demoqchimanki, sizning fe’li-xo’-yingizni nazarda tutib… aytadigan bo’lsam, oyingiz haq! Lekin men har qanday sharoitda ham mavqeimni pisanda qilmayman, deb o’zimga-o’zim so’z bergandim. Vaholanki, bu ahvolda so’zimning ustidan chiqolmaymanmi, deb qo’rqaman, – erkak qo’lini yana qizning yelkasiga qo’ydi, qiz o’zini olib qochishga urindi, lekin erkak kuch bilan uni o’ziga tortib yuziga yuzini yaqin tutib, quloqlariga pichirlay boshladi: – Xo’p deng, iltimos, sizni dunyodagi eng baxtli ayol qilaman, so’z beraman, so’z…

– Yo’q! Yo’q! – qiz o’zini chetga tortdi. Ammo erkak uni qo’yib yubormadi.
– Mana, ko’rdingizmi, – dedi erkak ko’zlari yonib. – Agar istasam, hoziroq, shu yerning o’zida sizni o’zimniki qilib olishim mumkin. Dodingizni eshitadigan odam yo’q bu yerda. Albatta, mendan boshqa! Keyin dardingizni aytolmay yurasiz, garchi bu zo’ravonlik bo’lib, siz zo’ravonlik qurboni bo’lsangiz-da, hech kimga damingizni chiqara olmaysiz. Chunki bu ishda birinchi navbatda o’zingizni aybdor qilishadi. Qizbola degan narsa yolg’iz erkakning dachasida nima qilib yuribdi, deyishadi odamlar. Ha, ha, shunday deyishlari turgan gap. Men bunga ishonaman. Lekin men bunday ifloslik qilmayman, qilmoqchi ham emasman. Xudoga shukr, ko’ngil roziligi bilan zo’ravonlikning farqiga yetadigan odamman. Mana ko’rdingizmi, hamma-hammasini ochiq gapirdim. Menga faqat sizning roziligingiz kerak. To’y qilib uylanaman.

Erkak andak bo’shashdi. Bundan foydalangan qiz uning quchog’idan sirg’alib chiqdi va o’zini deraza tomonga otdi. Xayolida: “Deraza oldiga yetib olsam bas, derazani ochaman-u o’zimni tashlayman,” degan o’y charx urardi halidan beri. Biroq! Deraza berk, buning ustiga temir panjaralar bilan qurshalgan edi!
– Nahotki, hammasi puxta o’ylab qilinganiga fahmingiz yetmayotgan bo’lsa? – orqa tomondan erkakning ovozi eshitildi.

Qiz shaxd bilan o’girildi.
– Ablah odam ekansiz!
– O, yaqin-o’rtada bunday maqtov eshitmagandim. Buni yaxshilab hazm qilish kerak.
– Eshikni oching! Men ketishim kerak!
– Taklifimga ko’nasizmi?
– Ovora bo’lmang!

Erkak bir zum tin olib, so’ng dedi:
– O’ylab javob qiling. Siz go’zalsiz, yo’q, sohibjamolsiz, desam to’g’riroq bo’ladi. Ammo bitta aybingiz bor, hali g’o’rsiz, yoshsiz. Hamma-hammasi sizning javobingizga bog’liq ekanligini o’ylab ko’rmayapsiz.
– Bu bilan nima demoqchisiz? – ensasi qotib so’radi qiz.

Erkakning titrab turgan lablari zaharxanda kulgidan yoyilib ketdi. “Hademay o’zingga kelib qolasan, qizaloq,” deganday qaradi u qizga. So’ng:
– O’ylang, kallani ishlating, ko’proq va ko’proq o’ylang, men manavi yerda kutib o’tiraman, – degancha, boya o’zi o’tirgan oromkursi tomon yurdi.
– Tushunmadim, – dedi qiz erkakning so’zlariga parvo qilmay.
– Yoshligingiz, besabrligingiz mana shundan ham ma’lum.
– Ochiq gapirsangiz-chi.

Qizning ovozidagi yumshoq ohang erkakka boshqacha ta’sir qildi. U nimagadir hayajonlana boshladi. Bu xuddi qarmog’iga baliq ilinganini his etgan baliqchining hayajoniga o’xshab ketadigan bir tuyg’u edi.
– Bilasizmi, qaldirg’ochim… – deya erkalab so’zlashga o’tdi erkak, – haligina, bunga juda ko’p vaqt bo’lgani yo’q, ya’ni mojaro boshlanmasidan siz oyingizning bir narsalarni gapirganini aytgan edingiz. Va men ham o’zimning nimadandir qo’rqayotganimni aytgandim. Ya’ni, mavqeimni nazarda tutib. Xullas, shu narsani qanchalik chetlab o’tishga harakat qilmaylik, baribir gap aylanib yana shunga taqalmoqdaki… – shu yerga kelganda qizning yuragi siqilib ketdi, erkakning yuziga olayib qarab qo’ydi. – Qaldirg’ochim, – deya davom etdi erkak, – menga bun-day qaramang, shu qarashingiz adosiman… Xullas, mening oshna-og’aynim ko’p. Imkonimdan tashqaridagi ba’zi masalalarni shu og’aynilarim orqali amalga oshiraman. Sinchkovlikni judayam oshirib yubordingiz, deb ta’na qilmasangiz (o, ta’na qilsangiz ham mayli, minnat qilsangiz ham mayli, hammasi boshim ustiga!) kichkina bir, deylik, angishvonaning ko’ziday bir sirni, ya’ni sizning oilangiz sirini oshkor etsam…

Qiz umri bino bo’lib bunday mijg’ov odamni uchratmagan edi. Asabiylik bilan gapirsang-chi, deganday, turgan yerida depsindi. Erkak esa uning shu harakatidan ham zavqlanib, yeb yuborguday bo’lib tikilib qolgandi.
– Yaqinda dadangiz haqida eshitib qoldim… – erkak shunday deyishi bilan qizning yuzi shu qadar oqarib ketdiki, bir zumda naq qog’ozga aylandi-qoldi. – Hoy… Hoy…

Erkak qizni hushidan ketayapti, deb o’ylab qo’rqib ketdi, oldiga yugurib borib qo’lidan tutdi.
– Ilon… – pichirladi qiz, – ilon… Shundan ham xabardormisiz hali?..
– Atay surishtirganim yo’q, Xudo ursin, o’lay agar, tasodifan eshitib qoldim. Qolaversa, teshik quloq eshitadi-da.
– Pastkash…
– Bu pastkashlik emas, – dedi erkak dili ranjib. – Men aytmoqchi edimki, agar lozim topsangiz, agarki siz shunday qarorga kelsangiz va menga shunday xizmat yuklasangiz, men bundan nihoyatda to’lqinlangan holda bu topshiriqni amalga oshirsam. Bir hafta ichida dadangiz ozodlikka chiqadi!

Qiz yalt etib qaradi.
– Qanday qilib? – deya past ovozda so’radi.
– Qani, avval mana bu kursiga o’tiring-chi, – erkak uni belidan quchib, kursi tomon boshlarkan, ko’z uchida qizning nozik yelkalariga, qop-qora sochlari to’lg’onayotgan oppoq bo’yniga suqlanib tikildi. Ko’zini quvnatgan naqsh olmani yegisi kelgan odamdek huzur bilan tamshandi. – Mana bunisiga, bunisiga o’tiring, qulayroq o’tirib oling. Ha, ana shunday, – deya mehribonlik qildi erkak, hatto qizning etaklarini to’g’rilab qo’ydi. Qiz ijirg’andi, ammo indamadi. – Demak, gap bunday, men ertagayoq, yo’q, siz xohlasangiz hoziroq, shu daqiqaning o’zidayoq, kerakli odamlarimga qo’ng’iroq qilaman. Ular darhol dadangizning ishi bilan shug’ullanishadi…
– Bu… mumkinmi?.. – kamoli hayrat bilan so’radi qiz.
– E, bu dunyoda bitmaydigan muammo yo’q, o’limdan boshqa albatta.
– Axir dadam odam o’ldirgan, yana mast holda… Dadam atay qilmagan, albatta, bu ishni. Bu tasodifan yuz bergan. Avvallari ozgina kayfi bo’lsayam rulga o’tirmasdi hech qachon…

– Buni falokat deydilar, qizaloq. Falokat. Falokat oyoq ostidan chiqadi, deb shunga aytadilar-da.
– Lekin biribir dadamni qamab qo’yishdi, tag’in eng og’ir ayblov bilan… – qiz umidsiz holda boshini changalladi, aftidan u boshlariga tushgan ko’rgulik haqida juda ko’p o’ylagan, o’ylab o’yining oxiriga yetolmagan, mana hozir, ayni daqiqada dardi yangilanib, nihoyatda xafa bo’lib ketganidan o’zining qaerda ekanligini ham unutgandi.
– Siz qayg’urmang, sirayam qayg’urmang, bunga hojat yo’q, – dedi erkak birdan yana to’lqinlangan holda, u hozir o’zini afsonalardagi xaloskor pahlavonday, qizni esa… nozik-nihol, dovyurak, ammo yordamga muhtoj sohibjamolday his etayotgandi; ayni shu daqiqaga dovur qiz oldida ko’nglini bir oz xijil qilib turgan narsa – azadorligi, xotini og’ir va uzoq davom etgan xastalikdan qiynalib yotib, nihoyat bu yilgi ko’klamning boshlarida qattiq uyquga ketib, uyg’onmasdan olamdan o’tgan bo’lsa-da, butunlay yolg’iz emasligi: na enagaga, na pulu, na ota mehriga muhtoj to’rt o’g’li, kelin-nabiralari borligi va nihoyat… eng ayanchlisi – o’zining yoshi o’tib qolganligi haqidagi xijolatli o’ylar xayolidan ko’tarilgan, bir necha fursat bo’lsa-da, o’zini o’tda yonmas, suvda cho’kmas bahodirday his qilardi… Yo’q, bu yerda faqat muhabbat emas… yo’q… faqat muhabbatning o’zi erkak uchun kamlik qiladi, u o’zini kimgadir kerakligini, yonida bo’lganida o’sha odam o’zini baxtiyor his qilishini istardi chog’i, axir erkak harqanday yoshda ham azbaroyi boshqa odamni deb yashashga o’zida kuch topishga qodir! Ammo.. buni manavi qizga qanday tushuntirsin? Ikkalasi yuzma-yuz, ammo ikki manzilda turishgan bo’lsa! – Hali aytdim-ku, bu dunyoda bitmaydigan ish yo’q, – dedi erkak bir oz boyagi shashtidan tushib so’zini davom ettirarkan. – Hatto dor ostidan ham qutqarib qolishning iloji bor. “O’n uchdan uch olib tashlansin”, deyilsa kifoya. Faqat, boya aytganimday, siz… rozi bo’lsangiz bas…
– Qonun buziladi-ku… – pichirladi qiz.
– Qonun buzish uchun yaratiladi-da!

Erkak qizning yelkasiga qo’lini qo’yib, sekin silay boshladi. Silay turib qaltisroq harakat qilib yubordi, shekilli, qiz seskanib tushdi, hatto beixtiyor o’rnidan turib ketdi. Yana eshik oldiga borib, tutqichdan ushlagancha kuchi boricha siltalab ochishga urinarkan, erkakka yovvoyi bir nazar tashlab qo’ydi.
– Iltimos, menga bunday qaramang… – dedi erkak past ovozda, u birdan boyagi shaxdidan yanada past tushgan, juda-juda ma’yus tortib qolgandi.
– Oching eshikni, men ketishim kerak! – qichqirdi qiz hamon tutqichni siltalashdan to’xtamasdan.
– Eshik ochilmaydi, hech qachon ochilmaydi, – dedi erkak bir zum o’y surib turgach vazminlik bilan kursilardan biriga o’zini tashlarkan.
– Qo’rqmaysizmi?.. – so’radi qiz kutilmaganda tutqichni siltalashni bas qilib, eshikka suyanarkan.
– Nimadan? – bamaylixotirlik bilan so’radi erkak birinchi marta ko’rayotgandek barmoqlariga sinchkovlik bilan tikilarkan.
– Axir meni uydagilar qidirib qolishlari mumkin… Eh, nimalar deyapman o’zi, mumkin emish… Soat beshgacha uyga bormasam qidirib qolishlari, hatto milisaga xabar berishlari turgan gap. Bu aniq. Unda holingiz nima kechadi?
– Men bilan ekanligingizni bilsa, oyingizning baxtiyorlikdan boshi osmonga yetadi. Men buni allaqachon payqaganman.
– Yo’q! Yo’q! – qiz chidolmasdan baqirib yubordi. – Oyimni haqorat qilishingizga yo’l qo’ymayman!
– O’z onangiz emas-ku, namuncha?..
– U yog’i bilan ishingiz bo’lmasin!
– Bilasizmi nima, – dedi erkak boyagiday xotirjamlik bilan, ammo ko’zlari boshqacha, judayam boshqacha boqarkan. Qizning nazarida u shu turishida daqiqa sayin rangini o’zgartirib turadigan maxluqqa o’xshab ketdi. – Aslida bu haqda gapirmasam bo’lardi. Bu haddan tashqari odob doirasidan chiqib ketish ekanligini bilib turibman. Lekin azbaroyi sizni sevganimdan, sizga yaxshiligu ezgulikdan boshqa narsani tilay olmasligimdan, shu narsaga qo’l uryapman… – erkak jim bo’lib qoldi. Qiz joni hiqildog’iga tiqilguday bo’lib unga qarab turardi. Nihoyat: – Mana shunday ishtibohlardan so’ng, – deya so’zini davom ettirdi erkak, – sizga shuni ma’lum qilamanki, men boya sizga taklif qilgan narsani bundan bir muncha fursat burun onangiz menga sha’ma qilganday bo’luvdi.
– O, yo’q, yo’q! – deya shivirladi juda ham dahshatga tushgan qiz rangi bo’zday oqarib. – Bo’lishi mumkin emas! Mumkin emas!..
– Nega endi? Bu dunyoda hamma narsa bo’lishi mumkin. Yaramas odamzod xayoliga kelgan har qanday ablah fikrni amalga oshirishni istab qoladi gohida, – erkak shunday dedi-da, cho’ntagidan jimitday qaychisini olib, tirnoqlarini qirtishlay boshladi. U anchayin sokin ko’ringani bilan, aslida nimanidir, o’zida yo’g’-u, qizda mavjud bir narsani sindirishga qasd qilgan va bunga qisman erishdim, deb o’ylaganidan ko’ksi yoqimli hislarga to’lib borayotgan, lekin buni qizga sezdirmaslik uchun kutilmaganda, o’rni bo’lmasa-da, tirnog’ini qirtishlashga tushib ketgandi.
– Siz ablahsiz! – deb yubordi qiz kutilmaganda.
– Ablahlik odamzodning qonida bor. Lekin aqlli odamlar buni sezdirmaydilar, – javob qildi erkak sira ham jahli chiqmasdan.
– Oyimni… Onamni… shunday… haligi boyagi gapni sha’ma qilganini qanday isbotlaysiz?

Erkak kulimsiradi, ammo darrov javob berishga shoshilmadi, avval qaychini cho’ntagiga soldi, o’rnidan turdi, bir-bir bosib qizga yaqin keldi, shundan so’nggina gapirdi:
– Oyingiz mendan tez-tez pul qarz olib turadi, shuni bilasizmi?
Qizning ko’zlari chaqchayib ketdi, lablari dir-dir titradi, ammo lom-mim deya olmadi.
– Men bir narsaga hayronman, – gapida davom etdi erkak. – Yo’q, aniqrog’i, tushuna olmayapman sirayam. Siz menimcha ko’p ham o’ylab ko’rmasdan oyoq tirayapsiz.
Shunaqami? Aks holda… Bu haqiqatga tik qaray bilmaganingizdan bo’lsa kerak. Har holda… uff… yana shu so’z! Jin ursin shu so’zni! Har holda, o’zimni oqlamoqchi emasman-u, lekin bir og’iz aytib o’tishim lozim, deb o’ylayman, har holda men sizga nisbatan judayam noinsoflik qilganim yo’q. Mana, ixtiyoringizga qarab, qarshingizda bosh egib turibman. Siz andak o’ylash, fikr yuritish o’rniga…
– Nimani o’ylashim kerak?
– Axir dadangiz qamoqda, kim biladi, hozir ne ko’ylarga tushgan ekan? Bilasizmi, u yerda odam o’ldirganlarni ne ko’yga solishlarini… Uyda onangiz, o’gay bo’lsa-da va sizga nisbatan ko’ngli u qadar toza bo’lmasa-da, siz u kishini yaxshi ko’rar ekansiz, hurmat qilarkansiz, hatto havasim kelayapti sizga: odamlardan nafratlanmasdan yashash qanday yaxshi, ammo baribir, nima bo’lganda ham haqiqatga tik qarashimiz kerak, chunki u h a q i q a t! Haqiqat shunday narsaki… ha, mayli, bu haqda boshqa vaqt… Xullas, otangiz qamoqda, onangizning qo’lida hech qanday hujjati yo’q biron joyga ishga kirish uchun. Yaqinda folbinlik qilmoqchi bo’libdi-yu, lekin eplolmabdi, shundaymi? Qo’ldagi, yuzdagi chiziqlar haqida ma’lumot beruvchi kitoblarni topolmabdi-da bechora. Aksiga olib mendayam bunday kitob yo’q edi, lekin keyinchalik topib berishim mumkin, bu dunyoda topilmaydigan narsaning o’zi yo’q, mabodo folbinlikni xobbi qilish niyatlari bo’lsa, chunki qarindosh bo’lib qolsak, tirikchilik tashvishlaridan qutilib, bir umr izzat-ikromda yashaydilar u kishi, garchi… Yanglishmasam, hozirgi folbinlarning ko’pchiligi shunaqa kitoblarni yodlab, suv qilib ichib yuborib, keyin karomatgo’ylik qilayapti, shekilli. To’rt-besh so’m topish ilinjida-da, albatta, buni tushunaman. Shunday qilib, onangizning bu borada ham omadi kelmadi. Akangiz esa yaqinda o’qishdan haydaladi shu ketishi bo’lsa. Ichkilikka berilib ketganmishmi, institutga kirar-kirmas? Mehnatsiz erishilgan narsaning qadri bo’lmaydi-da o’zi! – erkak shoshilmasdan, ohista, har bir so’zini chertib-chertib, mo’ljalga aniq tegadigan qilib so’zlagani sayin qiz tobora kichrayib borayotgandek, o’zini ojiz va notavon his etar, yuziga nochor bir ifoda qalqib chiqayotgandi. – Hademay, mana ko’rasiz, meni aytdi dersiz, akangiz ichib olib, bitta-yarimtani pichoqlab qo’yishdan ham tap tortmaydi. Uyda esa sizdan keyin yana oltita ukangiz bormi? Ha, oltita! YO beshtami? Yo’-o’q, oltita, ha, aniq oltita. Ularning ahvoli ne kechadi? Kelajagi nima bo’ladi? Yetimxonaga oborib tashlaysizmi? Shusiz ham hozir yetimxonalar
to’lib ketdi. Ha, aytganday, yana bir taxmin ko’nglimni alag’da qilib turibdi…
– Bas qiling. Bo’ldi, gapirmang!.. – qiz yuzini kaftlari bilan to’sgancha o’tirib qoldi.
– Yo’q, endi gapimni oxiriga yetkazishga ijozat etadilar, – dedi erkak qizning abgor holiga bir qur nazar tashlab, birdan ovozini o’zgartirarkan. – Bu taxmin mana hozir, shu daqiqaning o’zida xayolimga kelib qoldi. Xudo ko’rsatmasin, hali-veri bunday bo’lmaydi-ku, lekin baribir, odam aytib bo’lmaydi, mabodo menga bir gap bo’lsa, o’limimdan keyin farzandlarim sizlarga sovg’a qilingan uyga da’vo qilib qolishsa-chi?! Onangiz mahalladagi eski uylaringizni allaqachon sotib yuborgan, shundaymi? Odam bunchalik shoshqaloq bo’lmasligi kerak-da. Ya’ni, ha, mayli…

Qizning yuztuban yiqilishiga bir bahya qoldi. Erkak uni tutib qoldi va dast ko’tarib deraza oldidagi kursiga o’tqazdi-da, shosha-pisha derazaning bir tabaqasini ochib yubordi. Xonaga toza va salqin havo yopirildi.
Qiz ko’zlarini ochdi.

– Odamni juda qo’rqitib yubordingiz-ku, – dedi erkak yengil tortib. – Shunchalik ham nozikmisiz? Bir og’iz gapni ko’tara olmasdan hushdan ketib o’tiribsiz-a?
Qiz indamadi, erkakka befarqlik bilan qarab qo’ydi.
– Qo’lingiz muzlab qopti… – erkak qizning barmoqlarini avval kaftlari orasiga olib isitdi, so’ng botinib-botinmay, hayiqqanday bo’lib, jur’atsizlik bilan labiga bosdi.

Qiz uyqudan uyg’ongandek cho’chib tushdi. Irg’ib o’rnidan turdi. Turishga turdi-yu, ammo qayoqqa yurishini, nima qilishini bilmasdan bir dam haykaldek qotib qoldi.
– Azizam, o’zingizni bunchalik qiynamang, – dedi erkak juda ham yuragi kuyib ketayotgandek iltijoli ohangda. – Yuzingizga qarab, yuragim ezilib ketayapti. Mabodo sizni sevmaganimda, chin yurakdan sevmay, sizsiz yashay olganimda, allaqachon sizni bu yerdan chiqarib yuborgan bo’lardim. Aslo, bir daqiqa ham tutib turmasdim. Lekin hozir ilojim yo’q. Tushuning va menga bir narsa deng. Hatto, mayli, yolg’ondan bo’lsayam, umidvor qiling meni, keyin hech qachon va’dangizda turmasangiz va hatto va’da berganingizni tan olmasangiz ham mayli. Xo’pmi? Xo’p deng, iltimos…

Qiz bosh chayqadi.
– Axir baxtingiz kulgani shu emasmi?
– Baxt!.. Yo’q, bu xo’rlik…
– E, Xudoyim, Xudoyim! – xona ichida u yoqdan-bu yoqqa yura boshladi erkak. – Bu ne ko’rgulik, a? Kelib-kelib sizday bag’ri toshga ishqim tushgani-chi! Agar sizning o’rningizda boshqa qiz bo’lganida, hatto u o’n to’rt yashar go’zal bo’lsayam, hech ikkilanmasdan taklifimga rozi bo’lardi!
– O’sha qizning oldiga boraqoling…
– E, Xudoyim, qanaqa qizsiz-a? Miyangiz faqat o’zingizga ma’qul fikrlar bilan to’lib ketgan! Umrim bino bo’lib, sizga o’xshagan qizga birinchi marta duch kelishim.
– Siz o’ylaysizki…
– Men o’ylamayman, istagan narsamga erishaman. Shu choqqacha shunday bo’lib kelgan va shunday bo’lib qoladi!
– Katta ketmang…
– Mana hozir ham, o’zingiz ayting, haq gapni ayting, oshig’im olchi turmayaptimi? Axir siz ixtiyorimdasiz, istagan ishimni qilishim mumkin, ayniqsa, boya hushdan ketib qolganingizda! Oh-vohingizni kim ham eshitardi? Behush holingizda oh-voh qila olmasdingiz ham. Lekin men bu imkoniyatdan foydalanmadim. Foydalansam bo’lardi. Hozir men emas, siz atrofimda poyi-patak bo’lardingiz. Ha, ha, xuddi shunday, poyi-patak! Biroq menga bunday baxtning keragi yo’q. Men… bilasizmi… men nimani istayman?.. Haligi… bir gap bor-u… “Bag’ringga yaproq kabi to’kildim…” deb aytishadi-ku… yo kuylashadimi, ishqilib shu-da… – erkakning yuziga qizil yugurib, uyalib ketganday birdan jim bo’lib qoldi.

Qizning yuziga ojiz, juda ham kuchsiz zaharxanda kulgi yugurdi.
– Qo’tir ko’ngil… nimalarni tusamaydi…
Erkakning tepa sochi tikrayib ketdi. Qizga shunday o’qrayib qaradiki, haliga dovur u hech qachon qizga bunday nigoh tashlamagan edi. Bunday narsani o’ylamagan ham
edi. Lekin zum o’tib uning nigohlari yana yuvvosh tortdi.

Nihoyat, xonada u yoqdan-bu yoqqa yurishni bas qilib, qizning qarshisida to’xtadi. Bir necha daqiqa uning qonsiz, murdanikidek oppoq yuziga tikilib qoldi. Boshqa odam bo’lganida qizning ahvolini ko’ra turib, bu mojaroga chek qo’ygan, jilla qursa, boshqa kuni davom ettirgan bo’lardi, ammo erkak bunday qilishni xayoliga ham keltirmadi.
– Parishonxotirligim qursin… bir narsani so’rashni… ya’ni aniqlashtirib olishni unutibmanu… – erkak bir zum tin oldi-da, keyin ikkilanibroq gapini davom ettirdi: – Balki… ko’nglingiz boshqa birovdadir? Ya’ni birorta yoshroq yigit boshingizni aylantirib…
– Ishingiz bo’lmasin! – shu zahotiyoq javob qaytardi qiz.
Erkak g’alati bo’lib ketdi. Zum o’tmay yuzi bo’g’riqib, ko’zlarining oqi qizara boshladi.
– Bilasizmi, hozirgi yigitlar qanaqa, – deya gapirdi u allaqanday alamzada ohangda. – Hozirgi yigitlar… umuman, hozirgi yoshlar muhabbat nimaligini bilishmaydi! Ular xat yozishmaydi! Orziqib javob xati kutishmaydi! Pochtachining yo’liga intizor bo’lib ko’z tutishmaydi! Shundoq… internetda tanishib, internetda gaplashib, yana internet orqali ajralishib ketaverishadi!

Qizning yuziga kinoyali tabassum yugurdi. Keyin:
– Kattalar hamisha yoshlardan nolishgan, – dedi u kulimsiragan holda.
– Asos bordirki… nolishadi, – dedi erkak yoqtirmayroq, bir lahza jimib qoldi, lekin keyin birdan qoni qaynab ketganday zarda bilan gapini davom ettirdi: – Bilasizmi, hozirgi yoshlar, ayniqsa yigitlar juda bachkana! Xomxayol! Tarrallabedod qilib yurishdan boshqasiga yaramaydi!
– Ja unchalikmasdir… Bilimdon…
– Bilimdon yoshlar, – qizning gapini shart kesdi erkak, – kuchini va bilimini qaerga sarflashni bilmay, har xil nazariyalardan boshlari g’ovlab, ko’chada sargardon yurishibdi! Ba’zilari chet elga ketib, boyib qaytish kabi havoyi orzular bilan ko’kragiga urib yurishibdi. Ular uchun muqaddas bo’lgan aqidalar qolmagan! Sizga o’xshagan qizaloqlarni esa… mehribon onalari…
– Bas qiling! – xun bo’lib qichqirdi qiz. – Agar hoziroq meni bu yerdan chiqarib yubormasangiz, nima bo’lishidan qat’iy nazar, sizni sudga beraman!

Erkakning bir tuki ham qilt etmadi. Qizning so’zlarini eshitmagandek yon-veriga alanglab, ikki qadam narida turgan kursiga o’zini tashladi. Holdan toyganday chuqur so’lish oldi. Kursi suyanchig’iga tirsaklarini, kaftiga iyagini tirab, o’yga toldi. Bir necha daqiqa shu zaylda o’tdi. Shu bir necha soniya ichida uning ko’z oldidan butun hayoti kinolentaday lip-lip o’tdi. Bu lentalarda uning zafarlarga to’la shavkatli hayoti aks etgandi. O’zining hozirgi ahvoli esa ni-hoyatda zabun va mash’um muvaffaqiyatsizlikning muqaddimasidek tuyildi. Bunday zabunlikni ko’tarish tugul, his etishning o’ziyoq erkak uchun dahshatli bir hol edi. Bunga u ko’nikmagan edi.
– Eshikni ochasizmi, yo’qmi?

Erkak qizga tirilgan murdaga qaraganday hayrat va taajjub bilan nazar tashladi: Bu qachon yuz berdi?! Ammo yana miq etmadi. Qiz rostdan ham “tirilgan” edi. U o’zini tutib olgan, erkakka favqulodda qat’iyat bilan tikilib turardi.

Qiz qarab turdi-turdi-da, birdan, kutilmaganda juda ham ma’yus va shikasta ovozda dedi:
– Hamma balo shundaki, sizni sevmayman. Shunday ekan, bu mojaroni davom ettirishdan foyda yo’q. Shundaymi?
Erkak qizning so’zlarini tuzuk-quruq anglamay turib, asta bosh irg’adi.
Keyin sekin, juda ham past ovozda, shivirlaguday bo’lib dedi:
– Nahotki…sevmasdan… yashashning iloji bo’lmasa?..
– Iltimos, eshikni oching.
– Eshik ochilmaydi, – dedi erkak qizga esdan oqqanday g’alati nigoh tashlarkan. – Avval meni o’ldirib, keyin bu yerdan chiqib ketasiz!

Qiz hayratdan dong qotdi. Ammo o’zini o’nglab kinoyali kulimsiradi.
– Sizni-ya? Qanday qilib? Ya’ni, nima bilan… Axir qo’limda na qurol bor, na zahar… Jilla qursa, oshpichoq bo’lgandayam… bir amallasam bo’lardi, – so’nggi jumla oxiriga yetar-etmas qiz baralla, xandon otib kulib yubordi.

Erkak juda g’alati qilib, xuddi havasi kelganday bo’lib qizga qaradi, u kulishdan to’xtaguncha kutib turdi, so’ng ohista:
– U yer-bu yerni qarab ko’ring, jilla qursa, oshpichoq topilib qolar, – dedi nima uchundir oxirgi jumlaga urg’u berib.
– Hazillashyapsizmi? Ustimdan kulmoqchimisiz?
– Nega endi? Qarab ko’ring-chi, mabodo, oshpichoq topilmasa, keyin ketaverasiz.
– So’z berasiz-a?
– Ha.
“Bu bir o’yin, – deb o’yladi qiz. – Atay qilyapti!”

Qiz darhol ishga kirishdi. U avval xonani ko’zdan kechirdi. Xona keng va katta edi. Zamonaviy uslubda ta’mirlangan, jihozlari ham allambalo. Shiftda osilib turgan qandilning o’ziyoq har qanday ayolning aqlu hushini o’g’irlaydi. Ammo qiz bunga, bunday narsalarga e’tibor bermaslikka urindi. “Nima bo’pti… Oddiy qandil… oddiy divan… anavi stol kattagina ekan-u, lekin u ham oddiy narsa-da!..”Qiz u yer-bu yerlarni ko’rgan, ko’zdan kechirgan bo’ldi-da, erkakka qarab:
– Qidirdim, lekin hatto oshpichoq ham topolmadim, – dedi kulib.
– Stol g’aladonini ko’rmadingiz, – deya eslatdi erkak.
– Ie, ha, to’g’ri, g’aladon esimga kelmabdi.

Qiz shunday dedi-da, juda ham beparvolik bilan stol g’aladonini tortdi, tortdi-yu shu zahoti haykal bo’lib qoldi: g’aladonda yap-yangi oshpichoq yotardi!
– Nega o’ylanib qoldingiz? – erkak xotirjam ko’rinsa-da, nima uchundir yonoq suyaklari sezilar-sezilmas pir-pir uchardi.

Qiz hadeganda o’ziga kelavermadi. U oshpichoqqa tikilib qolgan, erkak tomonga qaray demasdi.
– Qo’rqyapsizmi? – butun vujudi nigohga aylanib so’radi erkak.
Qiz ilkis nazar tashladi erkakka. Kulmoqchi bo’ldi, lekin eplolmadi, lablari jiyrildi, xolos.
– Qo’rqyapsizmi? – nima uchundir yana shu so’zni takrorladi erkak. Keyin qizga yanada qattiq tikildi, go’yo o’zi tan olishni istamagan allaqanday noma’lum narsalarni aniqlashtirib olishga ahd qilganday.
– Yo’q, nimaga endi… – deya g’udrandi qiz. – O’zingiz talab qilganingizdan keyin… Ie, agar men rostdan ham… shunday qilsam, keyin sizning o’limingizda meni aybdor qilishadi-ku! Eh-ha, gap bu yoqda deng! – allaqanday fitnani fahmlab qolganday qizning ovozi kutilmaganda zaharxanda, achchiq kinoya ohangi bilan yangradi.

Erkak indamadi. Qizdan ko’z uzmay o’tirdi.
– Shuncha xo’rlik, mazax yetmaganmidi… – birdan yig’lamsirab gapirdi qiz. – Endi bu tomondan… O, siz qanchalar yaramas, ablah, pastkash odamsiz! Razilsiz!
Erkak o’rnidan turdi. Stolga yaqin kelib, qizni sekin, juda ham ehtiyotkorlik bilan nari surib, o’sha g’aladondan qog’oz-qalam oldi. So’ng o’tirib, qog’ozga shoshilgancha allanimalarni yoza boshladi.
– Mana bu tilxat, – dedi u yozib bo’lib qog’ozni qizga uzatarkan. – Mening o’limimda hech kimning aybi yo’q, degan ma’noda…

Qiz dovdiragan, esankiragan holda bir qog’ozdagi mayda yozuvlarga, bir erkakka qarar, ich-ichidan qaltirar, isitmasi ko’tarilib, yiqilib tushadigandek bir ahvolga tushgandi.
Erkak boyagi o’tirgan kursisi tomon yurayotib, yana… juda ham nafis narsaga ozor berib qo’yishdan cho’chigandek ehtiyotlik bilan qizning yonidan o’tdi.
– Endi nimadan cho’chiyapsiz?

Qiz asta-sekin o’ziga kela boshladi. Axiyri o’zini tutib oldi. “Shu yo’l bilan meni mot qilmoqchi, – degan o’y keldi xayoliga. – Ovora bo’lasiz!”
– Agar, – dedi u kutilmagan dadillik bilan erkakka tik qararkan. – Agar men hozir aytganingizni bajarsam, siz yarador bo’lasiz yo… Unda men qanday qilib xonadan chiqib ketaman? Siz avval, marhamat qilib, eshikni ochib qo’ying!
– Kalit ham o’sha g’aladonda turibdi-yu, ko’rmadingizmi? – xiyol kulimsirab dedi erkak.
– U boshqa qulfning kaliti bo’lishi mumkin. Yaxshisi o’z qo’lingiz bilan oching eshikni…
– Unda siz ham pichoqni qo’lingizga oling.

Qizning nafasi ichiga tushib ketdi. Ammo u baribar pichoqni qo’liga oldi.
– Pichoq ishlatishni bilasizmi o’zi?
– Ha…

Erkak eshikni ochdi. Va ostonada turib qoldi.
Qiz bunday bo’lishini kutmagandi. U sal boshqacharoq o’ylagandi.
– Qani, boshlang.

Qizning qo’llari qaltiradi. Shu qaltiroq qo’llari bilan pichoqni qo’shqo’llab tutdi-da, yuqori ko’tardi. Ammo mo’ljalga olishga ulgurmadi.

Birdan ko’zlari dahshatli ravishda olayib ketgan erkak gup etib quladi…

Qo’rqib ketgan qiz pichoqni otib yubordi. Va shoshilgancha eshik tomon yurdi. Polda cho’zilib yotgan erkakka bir necha soniya dahshat ichida tikilib turdi-da, so’ng hech ikkilanmasdan uning gavdasi ustidan sakrab o’tib, dahlizga otildi.

Besaranjom qadam tovushlari ancha uzoqlashib ketgandan keyin erkak asta o’rnidan turdi. Yo’q, u o’limdan qattiq qo’rqib ketganidan hushidan ketmadi. Yo’q va yana bir karra yo’q!

U… pichoq tutgan qizning nigohlaridagi adoqsiz nafrat va shu ishga qodir shafqatsizlikni ko’rib, yiqilib tushganini sezmay qolgandi.

2011

097

(Tashriflar: umumiy 1 069, bugungi 1)

Izoh qoldiring