«Tafakkur» jurnalining 80-soni sahifalarida

002
Фикр аҳли суйиб мутолаа қиладиган «Тафаккур» журналининг жорий йилдаги 3-, умумий ҳисоб бўйича эса 80-сони нашрдан чиқди. Чоп этила бошлаганига йигирма йил тўлган журналнинг «тўёна» сонида ҳам муштарийларни теран мулоҳазага ундовчи материалларга кенг ўрин берилган. «Давлат қачон жамият назорати остида бўлишни хоҳлайди? Қачонки, у ўзининг тўғри йўлдан бораётганига, инсон манфаатларига хизмат этаётганига қатъий ишонса. Бугун давлатимизда ўзига ана шундай ишонч мавжуд ва бу юртимиз равнақи учун мустаҳкам пойдевор бўлаётир».

08
«ТАФАККУР» ЖУРНАЛИНИНГ 80-СОНИ САҲИФАЛАРИДА
08

03 Фикр аҳли суйиб мутолаа қиладиган «Тафаккур» журналининг жорий йилдаги 3-, умумий ҳисоб бўйича эса 80-сони нашрдан чиқди. Чоп этила бошлаганига йигирма йил тўлган журналнинг «тўёна» сонида ҳам муштарийларни теран мулоҳазага ундовчи материалларга кенг ўрин берилган. «Давлат қачон жамият назорати остида бўлишни хоҳлайди? Қачонки, у ўзининг тўғри йўлдан бораётганига, инсон манфаатларига хизмат этаётганига қатъий ишонса. Бугун давлатимизда ўзига ана шундай ишонч мавжуд ва бу юртимиз равнақи учун мустаҳкам пойдевор бўлаётир».

Таниқли сотсиолог олим Мансур Бекмуродов «Жамоат назорати — адолат кафолати» мақоласида эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий омилларидан бири — жамоат назорати институти ҳақида сўз юритади.
«Одам кимнидир соғинмай ё ниманидир қўмсамай яшаши мумкинми? Соғиниш ҳиссидан фақат инсон баҳрамандми ё у бошқа жонзотларга ҳам тегишлими? Башарти соғиниш жониворларга ҳам хос бўлса, бу туйғу уларда кўпроқ бўладими ё бизда? Соғиниш нима ўзи?» Публитсист Зуҳриддин Исомиддинов «Сирли сарҳадлар» рукнида чоп этилган «Соғиниш» мақоласида ана шундай қизиқарли саволларга жавоб излайди.
Физика-математика фанлари доктори, профессор Мансурхон Тоиров «Дўл тоғи ва етти осмон» мақоласида дин ва фан муносабатига доир нозик масалани кўтарган. Муаллифнинг етти осмонга доир шарҳи муштарийлар зеҳнида янги фикрларга йўл очади.
Муҳиддин Раҳимнинг Термизий сиёсатномаси мавзуидаги мақоласи — қизиқарли тадқиқотлардан бири. «Самандар — ўт ичра туғилиб, ўт ичра яшовчи афсонавий мавжудот. Буюк термизийлардан бири — Муҳаммад Бақохожа ўзига Самандар деб тахаллус танлаганда бундай ният қилган экан: шояд менинг сўзим одамлар қалбига олов ташласа… Дарҳақиқат, миллий маданиятимиз тарихига Хожа Самандар Термизий номи билан муҳрланган ушбу зотнинг каломи уч юз йилдан буён кишилар қалбида муттасил алангаланиб турибди».
Тарих фанлари номзоди Омонулла Муталовнинг «Эллик йилда келган ишнинг андишаси» мақоласи қадимий ва бой тарихимизнинг нисбатан камроқ ўрганилган саҳифалари — Хива хони Оллоқулихон ҳукмронлиги даврига бағишланган.
Ёзувчи Исажон Султоннинг «Ўрмондаги кулба» ҳикоясини мутолаа қилган муштарий ўз қалби, руҳияти сирлари ҳақида ўйга толса ажаб эмас. Асарда Ота, Она, Ўғил тимсоллари орқали одам боласининг ўз ботини билан чигал муносабатлари бадиий тадқиқ этилган. Устоз адабиётшунос Абдуғафур Расуловнинг сўзбошиси эса ҳикоя моҳиятини теранроқ англашга кўмаклашади.
Журналнинг янги сонида, шунингдек, «Нима дейсиз, замондош?», «Тирик сўз», «Маъно ва моҳият», «Инсон ўзинг, инсон ўзинг», «Тақдирдаги тадбирлар» каби рукнлар остида ранг-баранг материаллар чоп этилган.

СИРЛИ САРҲАДЛАР СОҒИНИШ
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
08

Хўш, одамда соғиниш туйғуси қачон ва қандай пайдо бўлади? Мен бу ўринда аллакимга ишингиз тушган-у, унинг тезроқ кела қолишини кутишингиз каби соф рационал ва прагматик вазиятни эмас, балки сизга нафи тегмайдиган, болалик чоғларингизнинг аллақайси пучмоғида қолиб кетиб деярли унутилган, аммо қай бир сабаб, масалан, айвонда ўтирган чоғингизда ғириллаб эсган шабада баҳона, дилингизга ёпирилиб келган ҳузурбахш, тотли туйғуларнинг — бир пайтлар кечирган ҳиссиётларингиз, кўрган, лекин ҳозир эсдан чиқаёзган манзараларингиз ёдингизга тушгани каби ҳолатларни назарда тутяпман — ана шунинг манбаи ва маншаи нима? Масалан, мен бирон дарахтзор орасидаги юқорига ўрлаб чиққан ва яна пастга эниб кетган йўлни ҳеч қачон кунботар чоғида кўрмаганман, аммо қачон Усмон Носирнинг «Боғларга намозгар салқини тушди…» деган мисрасини ўқисам, лоп этиб бояги манзара кўз олдимда намоён бўлади, шу ҳолатни соғинавераман. Шу ҳолат — менинг армоним, менинг носталгиям.
<…> Ҳозир рационал ахборот даври. Ахборот товарга айланди. Ҳис-туйғулар эса эскилик саналади. Жумладан, соғиниш ҳам. Биз хотира маҳсулини онг-шууримиздан ситиб чиқариб, уни даставвал лойга, тошга, суякка, папирусга, қоғозга битиб қўядиган бўлдик; эндиликда компютер, қўл телефони цингари техникавий анжомлар «хотира»сига кўчириб ўтказяпмиз. Бу сунъий хотиралар йилдан-йилга каттароқ қувват ва каттароқ сиғимга эга бўла боряпти, уларнинг қувваи ҳофизаси улканлашгани сари одамзотнинг хотираси кичрайишга қараб кетяпти, энди бутун бошли достонларни ёд биладиган одамларни етти иқлимдан қидириб ҳам топа олмайсиз, зеро, «ортиқча» хотирага эҳтиёж ҳам йўқ — бани башар хотирадан маҳрум бўлишга қараб кетаётир…

МАЪНО ВА МОҲИЯТ ҲАЁТБАХШ ҚАЙҒУ ВА УМИДБАХШ КУЛГУ
Абдулла ШЕР
08

<…> Инсон шундай ноёб мавжудотки, у ўз қайғусидан ҳаётбахш руҳ топа билади, кулгисидан фалсафа ясай олади, кўзёш билан кулиб, кулиб туриб кўзёш тўкишга қодир. Чунки унинг ҳаёти икки қутб — фожиа ва қувончдан иборат. Инсон ана шу қўш қутбнинг жонли маркази сифатида азалу абад ҳам фожиага, ҳам кулгига ошно бўлишга маҳкум. Ана шу ҳолат, шубҳасиз, унинг маънавий изланишларига таъсир кўрсатади, ижодкорликка ундайди ва яратган санъат асарларини эстетик жиҳатдан юксалтиради. Бу хусусиятлар нафосат фалсафасида «фожиавийлик» ва «кулгилилик» тушунчалари орқали ифодаланади.
<…> «Фожиавийлик» нафосат фалсафасининг қамровдор ва муҳим тушунчаларидандир. Унинг замирида фожиавий зиддият мужассам. Фожиавий зиддият шахс орзу-истаклари, мақсадлари билан жамият талаблари орасидаги қарама-қаршиликдан вужудга келади, бошқача айтганда, фожиавий зиддият — эркинлик ва зарурият ўртасидаги курашдир. Бу курашда «зарурият — объект, эркинлик эса субъект демакдир» (Шеллинг Ф. Философия искусства. М., «Мысл», 1966, стр. 400). Эркинликни ўзида мужассамлаштирган фожиавий қаҳрамон, яъни субъект зарурият тажассуми бўлмиш воқелик — объект билан тенгсиз курашда ҳалок бўлади.
<…> Фожиавийликнинг зидди — кулгилилик. Агар фожиавийлик кишини изтиробга солса, ачиниш уйғотса, кулгилилик, аксинча, идрок этувчида хушнуд кайфият, қувонч туғдирадиган эстетик хусусиятдир. Унинг фалсафий моҳиятини очиб бериш учун яна Шеллингга мурожаат қилайлик: агар фожиавийликда эркинлик субъектда, зарурият эса объектда берилса, кулгилиликда бунинг акси кузатилади — эркинлик объектда, зарурият субъектда воқе бўлади ва улар орасидаги курашдан кулгили ҳолат вужудга келади (қаранг: Шеллинг Ф.Философия искусства. Стр. 418). Яъни субъектдаги торайиб, майдалашиб қолган, умрини яшаб тугатаётган реаллик ҳаёт қонунларига биноан ўз ўрнини олиши зарур бўлган, келажаги порлоқ идеалликка қарши курашади, унга жой бергиси келмайди, бошқалар кўриб турган оддий ҳақиқатни кўрмайди, беҳуда «ўжарлик» қилади, натижада атрофдагиларда кулги уйғотади. Оддий бир мисол: кўп йиллар аввал машҳур боксчи бўлган, лекин кексайиб, кучдан қолган қариянинг ҳали ҳам ўзини зўр ҳисоблаб, йи
гирма яшар чемпионга қарши рингга тушишини тасаввур қилинг. Шу ҳолатнинг ўзиёқ ҳали беллашув бошланмасдан туриб, томошабинда гуррос кулги қўзғайди. Лекин чол буни тушунмайди ва жанг талаб қилади. Унинг рингдаги йиқилиб-суринишлари, охир-оқибат, енгилишига ҳеч ким ачинмайди, аксинча, маълум маънода унинг учун фожиавий бўлган ҳолат умумий қаҳқаҳа, хурсандчилик остида кечади, фақат ўринсиз даъво қилган чолнинг ўзигина кулмайди, холос: объект кулади, субъект кулги бўлади.

БУЮКЛИК ТИМСОЛЛАРИ ЧЕЧАННИНГ ОҒЗИДА ҚИССА ЎЙНАЙДИ
Шомирза ТУРДИМОВ
08

<…> Ҳар неки бор, ўз тақдирига эга.
ХIХ асрда шумерлар эпоси — «Билгамиш»нинг эрадан уч минг йиллар бурун сопол карпичларга ёзилган нусхаси топилиб, олимлар уни ўқигач, унут бўлган этнос бадиий ижоди ҳақидаги тасаввурлар қайта уйғонди. Айтувчиси номаълум бу асар инсоният тарихидаги илк эпос деб тан олинди.
Юнонларнинг «Илиада» ва «Одиссея» достонлари ҳам ёзма ҳолда етиб келди. Ғарб адабиёти ва санъати ҳали-ҳануз уларга таъзимда. Бу достонларни куйлаган Ҳомер ўтмишнинг илк бахшиси сифатида эътироф этилди.
Тақдир битиги шундай экан…
Ўзбек бахшилари ХХ аср ўрталаригача гуриллаб достон куйлади. Эпик ижод «Космос асри»гача жонли ижрода яшади. Икки дунё бир қадам бўлган у даврда кўп достонлар қоғозга туширилиб, ёзма бисотга айланди. Китоб ҳолида ўқувчиларини топди. Бошқа тилларга таржима қилинди.
Билганлар «Алпомиш», «Гўрўғли»ни «Билгамиш», «Одиссея»ларга қиёсламоқда, Эргаш шоир, Фозил шоир, Пўлкан шоир, Ислом шоир каби бахшиларимизни Ҳомерга менгзамоқда.
Тақдирнинг битиги шундай экан…
ХИХ асрда юртимизга мажор олими ва сайёҳи Ҳерман Вамбери келди. Тошкент, Бухоро, Хивада бўлди. Бу пайт Қўрғонда Жуманбулбул, Жоссоқ, Ёрлақаб, Султон кампир, Тилла кампир, Булунғурда Йўлдошбулбул, яна ўнлаб етук бахши-шоирлар авжи илҳом отида эди. Лекин олимнинг гузари бошқа манзиллардан ўтди.
Фолклоршунос Алберт Лорд албан бахшисини тинглаб, Ҳомер ўз достонларини шундай куйлаган бўлса керак, деб ёзди. У ўзбек бахшисидан достон эшитганида мифопоетик тафаккурнинг нодир ҳолатини кўрган, ҳайратланган, жаҳонга жар солган бўлмасмиди?!

08
«TAFAKKUR» JURNALINING 80-SONI SAHIFALARIDA
08

03 Fikr ahli suyib mutolaa qiladigan «Tafakkur» jurnalining joriy yildagi 3-, umumiy hisob bo‘yicha esa 80-soni nashrdan chiqdi. Chop etila boshlaganiga yigirma yil to‘lgan jurnalning «to‘yona» sonida ham mushtariylarni teran mulohazaga undovchi materiallarga keng o‘rin berilgan.
«Davlat qachon jamiyat nazorati ostida bo‘lishni xohlaydi? Qachonki, u o‘zining to‘g‘ri yo‘ldan borayotganiga, inson manfaatlariga xizmat etayotganiga qat’iy ishonsa. Bugun davlatimizda o‘ziga ana shunday ishonch mavjud va bu yurtimiz ravnaqi uchun mustahkam poydevor bo‘layotir».

Taniqli sotsiolog olim Mansur Bekmurodov «Jamoat nazorati — adolat kafolati» maqolasida erkin fuqarolik jamiyati barpo etishning asosiy omillaridan biri — jamoat nazorati instituti haqida so‘z yuritadi.
«Odam kimnidir sog‘inmay yo nimanidir qo‘msamay yashashi mumkinmi? Sog‘inish hissidan faqat inson bahramandmi yo u boshqa jonzotlarga ham tegishlimi? Basharti sog‘inish jonivorlarga ham xos bo‘lsa, bu tuyg‘u ularda ko‘proq bo‘ladimi yo bizda? Sog‘inish nima o‘zi?» Publitsist Zuhriddin Isomiddinov «Sirli sarhadlar» ruknida chop etilgan «Sog‘inish» maqolasida ana shunday qiziqarli savollarga javob izlaydi.
Fizika-matematika fanlari doktori, professor Mansurxon Toirov «Do‘l tog‘i va yetti osmon» maqolasida din va fan munosabatiga doir nozik masalani ko‘targan. Muallifning yetti osmonga doir sharhi mushtariylar zehnida yangi fikrlarga yo‘l ochadi.
Muhiddin Rahimning Termiziy siyosatnomasi mavzuidagi maqolasi — qiziqarli tadqiqotlardan biri. «Samandar — o‘t ichra tug‘ilib, o‘t ichra yashovchi afsonaviy mavjudot. Buyuk termiziylardan biri — Muhammad Baqoxoja o‘ziga Samandar deb taxallus tanlaganda bunday niyat qilgan ekan: shoyad mening so‘zim odamlar qalbiga olov tashlasa… Darhaqiqat, milliy madaniyatimiz tarixiga Xoja Samandar Termiziy nomi bilan muhrlangan ushbu zotning kalomi uch yuz yildan buyon kishilar qalbida muttasil alangalanib turibdi».
Tarix fanlari nomzodi Omonulla Mutalovning «Ellik yilda kelgan ishning andishasi» maqolasi qadimiy va boy tariximizning nisbatan kamroq o‘rganilgan sahifalari — Xiva xoni Olloqulixon hukmronligi davriga bag‘ishlangan.
Yozuvchi Isajon Sultonning «O‘rmondagi kulba» hikoyasini mutolaa qilgan mushtariy o‘z qalbi, ruhiyati sirlari haqida o‘yga tolsa ajab emas. Asarda Ota, Ona, O‘g‘il timsollari orqali odam bolasining o‘z botini bilan chigal munosabatlari badiiy tadqiq etilgan. Ustoz adabiyotshunos Abdug‘afur Rasulovning so‘zboshisi esa hikoya mohiyatini teranroq anglashga ko‘maklashadi.
Jurnalning yangi sonida, shuningdek, «Nima deysiz, zamondosh?», «Tirik so‘z», «Ma’no va mohiyat», «Inson o‘zing, inson o‘zing», «Taqdirdagi tadbirlar» kabi ruknlar ostida rang-barang materiallar chop etilgan.

SIRLI SARHADLAR SOG‘INISH
Zuhriddin ISOMIDDINOV
08

Xo‘sh, odamda sog‘inish tuyg‘usi qachon va qanday paydo bo‘ladi? Men bu o‘rinda allakimga ishingiz tushgan-u, uning tezroq kela qolishini kutishingiz kabi sof ratsional va pragmatik vaziyatni emas, balki sizga nafi tegmaydigan, bolalik chog‘laringizning allaqaysi puchmog‘ida qolib ketib deyarli unutilgan, ammo qay bir sabab, masalan, ayvonda o‘tirgan chog‘ingizda g‘irillab esgan shabada bahona, dilingizga yopirilib kelgan huzurbaxsh, totli tuyg‘ularning — bir paytlar kechirgan hissiyotlaringiz, ko‘rgan, lekin hozir esdan chiqayozgan manzaralaringiz yodingizga tushgani kabi holatlarni nazarda tutyapman — ana shuning manbai va manshai nima? Masalan, men biron daraxtzor orasidagi yuqoriga o‘rlab chiqqan va yana pastga enib ketgan yo‘lni hech qachon kunbotar chog‘ida ko‘rmaganman, ammo qachon Usmon Nosirning «Bog‘larga namozgar salqini tushdi…» degan misrasini o‘qisam, lop etib boyagi manzara ko‘z oldimda namoyon bo‘ladi, shu holatni sog‘inaveraman. Shu holat — mening armonim, mening nostalgiyam.
<…> Hozir ratsional axborot davri. Axborot tovarga aylandi. His-tuyg‘ular esa eskilik sanaladi. Jumladan, sog‘inish ham. Biz xotira mahsulini ong-shuurimizdan sitib chiqarib, uni dastavval loyga, toshga, suyakka, papirusga, qog‘ozga bitib qo‘yadigan bo‘ldik; endilikda kompyuter, qo‘l telefoni singari texnikaviy anjomlar «xotira»siga ko‘chirib o‘tkazyapmiz. Bu sun’iy xotiralar yildan-yilga kattaroq quvvat va kattaroq sig‘imga ega bo‘la boryapti, ularning quvvai hofizasi ulkanlashgani sari odamzotning xotirasi kichrayishga qarab ketyapti, endi butun boshli dostonlarni yod biladigan odamlarni yetti iqlimdan qidirib ham topa olmaysiz, zero, «ortiqcha» xotiraga ehtiyoj ham yo‘q — bani bashar xotiradan mahrum bo‘lishga qarab ketayotir…

MA’NO VA MOHIYAT HAYOTBAXSH QAYG‘U VA UMIDBAXSH KULGU
Abdulla SHER
08

<…> Inson shunday noyob mavjudotki, u o‘z qayg‘usidan hayotbaxsh ruh topa biladi, kulgisidan falsafa yasay oladi, ko‘zyosh bilan kulib, kulib turib ko‘zyosh to‘kishga qodir. Chunki uning hayoti ikki qutb — fojia va quvonchdan iborat. Inson ana shu qo‘sh qutbning jonli markazi sifatida azalu abad ham fojiaga, ham kulgiga oshno bo‘lishga mahkum. Ana shu holat, shubhasiz, uning ma’naviy izlanishlariga ta’sir ko‘rsatadi, ijodkorlikka undaydi va yaratgan san’at asarlarini estetik jihatdan yuksaltiradi. Bu xususiyatlar nafosat falsafasida «fojiaviylik» va «kulgililik» tushunchalari orqali ifodalanadi.
<…> «Fojiaviylik» nafosat falsafasining qamrovdor va muhim tushunchalaridandir. Uning zamirida fojiaviy ziddiyat mujassam. Fojiaviy ziddiyat shaxs orzu-istaklari, maqsadlari bilan jamiyat talablari orasidagi qarama-qarshilikdan vujudga keladi, boshqacha aytganda, fojiaviy ziddiyat — erkinlik va zaruriyat o‘rtasidagi kurashdir. Bu kurashda «zaruriyat — ob’yekt, erkinlik esa sub’yekt demakdir» (Shelling F. Filosofiya iskusstva. M., «Mыsl», 1966, str. 400). Erkinlikni o‘zida mujassamlashtirgan fojiaviy qahramon, ya’ni sub’yekt zaruriyat tajassumi bo‘lmish voqyelik — ob’yekt bilan tengsiz kurashda halok bo‘ladi.
<…> Fojiaviylikning ziddi — kulgililik. Agar fojiaviylik kishini iztirobga solsa, achinish uyg‘otsa, kulgililik, aksincha, idrok etuvchida xushnud kayfiyat, quvonch tug‘diradigan estetik xususiyatdir. Uning falsafiy mohiyatini ochib berish uchun yana Shellingga murojaat qilaylik: agar fojiaviylikda erkinlik sub’yektda, zaruriyat esa ob’yektda berilsa, kulgililikda buning aksi kuzatiladi — erkinlik ob’yektda, zaruriyat sub’yektda voqye bo‘ladi va ular orasidagi kurashdan kulgili holat vujudga keladi (qarang: Shelling F.Filosofiya iskusstva. Str. 418). Ya’ni sub’yektdagi torayib, maydalashib qolgan, umrini yashab tugatayotgan reallik hayot qonunlariga binoan o‘z o‘rnini olishi zarur bo‘lgan, kelajagi porloq ideallikka qarshi kurashadi, unga joy bergisi kelmaydi, boshqalar ko‘rib turgan oddiy haqiqatni ko‘rmaydi, behuda «o‘jarlik» qiladi, natijada atrofdagilarda kulgi uyg‘otadi. Oddiy bir misol: ko‘p yillar avval mashhur bokschi bo‘lgan, lekin keksayib, kuchdan qolgan qariyaning hali ham o‘zini zo‘r hisoblab, yigirma yashar chempionga qarshi ringga tushishini tasavvur qiling. Shu holatning o‘ziyoq hali bellashuv boshlanmasdan turib, tomoshabinda gurros kulgi qo‘zg‘aydi. Lekin chol buni tushunmaydi va jang talab qiladi. Uning ringdagi yiqilib-surinishlari, oxir-oqibat, yengilishiga hech kim achinmaydi, aksincha, ma’lum ma’noda uning uchun fojiaviy bo‘lgan holat umumiy qahqaha, xursandchilik ostida kechadi, faqat o‘rinsiz da’vo qilgan cholning o‘zigina kulmaydi, xolos: ob’yekt kuladi, sub’yekt kulgi bo‘ladi.

BUYUKLIK TIMSOLLARI CHECHANNING OG‘ZIDA QISSA O‘YNAYDI
Shomirza TURDIMOV
08

<…> Har neki bor, o‘z taqdiriga ega.
XIX asrda shumerlar eposi — «Bilgamish»ning eradan uch ming yillar burun sopol karpichlarga yozilgan nusxasi topilib, olimlar uni o‘qigach, unut bo‘lgan etnos badiiy ijodi haqidagi tasavvurlar qayta uyg‘ondi. Aytuvchisi noma’lum bu asar insoniyat tarixidagi ilk epos deb tan olindi.
Yunonlarning «Iliada» va «Odisseya» dostonlari ham yozma holda yetib keldi. G‘arb adabiyoti va san’ati hali-hanuz ularga ta’zimda. Bu dostonlarni kuylagan Homer o‘tmishning ilk baxshisi sifatida e’tirof etildi.
Taqdir bitigi shunday ekan…
O‘zbek baxshilari XX asr o‘rtalarigacha gurillab doston kuyladi. Epik ijod «Kosmos asri»gacha jonli ijroda yashadi. Ikki dunyo bir qadam bo‘lgan u davrda ko‘p dostonlar qog‘ozga tushirilib, yozma bisotga aylandi. Kitob holida o‘quvchilarini topdi. Boshqa tillarga tarjima qilindi.
Bilganlar «Alpomish», «Go‘ro‘g‘li»ni «Bilgamish», «Odisseya»larga qiyoslamoqda, Ergash shoir, Fozil shoir, Po‘lkan shoir, Islom shoir kabi baxshilarimizni Homerga mengzamoqda.
Taqdirning bitigi shunday ekan…
XIX asrda yurtimizga major olimi va sayyohi Hyerman Vamberi keldi. Toshkent, Buxoro, Xivada bo‘ldi. Bu payt Qo‘rg‘onda Jumanbulbul, Jossoq, Yorlaqab, Sulton kampir, Tilla kampir, Bulung‘urda Yo‘ldoshbulbul, yana o‘nlab yetuk baxshi-shoirlar avji ilhom otida edi. Lekin olimning guzari boshqa manzillardan o‘tdi.
Folklorshunos Albert Lord alban baxshisini tinglab, Homer o‘z dostonlarini shunday kuylagan bo‘lsa kerak, deb yozdi. U o‘zbek baxshisidan doston eshitganida mifopoetik tafakkurning nodir holatini ko‘rgan, hayratlangan, jahonga jar solgan bo‘lmasmidi?!

07

(Tashriflar: umumiy 2 862, bugungi 1)

Izoh qoldiring