Shukur Xolmirzayev. Odam haqida hikoyalar & Adib hikoyalari asosida radioasarlar & Og’ir tosh ko’chsa. Hikoyalar va qissa

087

Тоғлар оқарди, адирлар ёришди, уфқ қизарди. Кундалик юмуш бошланди. Амирқул ака кўзлари қизарган ҳолда чайлага суяниб ўтирар, у ҳолсиз эди. Ўчоққа ўт қўймоқчи бўлди, ҳафсаласи келмади. Бир-бир босиб, адир тепасига кўтарила бошлади ва бирдан йиғлагиси келди. Лабларини қаттиқ тишлаб, тепага чиқиб борди. Қаршисида буғдойпоя ястанган, ер ҳайдалмаган эди. Сариқ тиканлар, кўп зарғалдокдар сайрар. Бу шундай сўник, лоқайд ва ғариб манзара эди. Қоровул пастроққа тушиб, кесакка ўтирди.

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
ОДАМ ҲАҚИДА ҲИКОЯЛАР
011

НОТАНИШ ОДАМ

03Овга бораётган эдим, ҳаво айниди. «Баҳор ҳавоси-да, бир севалаб ўтар», деб кетавердим. Бироқ сал ўтмай ёмғир шундай қуйиб бердики, бирпасда уст-бошим ҳўл бўлиб, баданимга ёпишиб қолди. Шунда, турган еримдан икки юз қадамча нарида жар ва жарга тушаверишда овчилар, йўловчилар қўниб ўтадиган камарча борлиги ёдимга тушди. Жарга яқинлашишим билан шувоқ иси аралаш тутун димоғимга урди. Камарга кирдим. Ўртада гулхан ёнар, четроқда оқчил чакмон кийган, ўрта бўй бир киши эшагининг айилини бўшатарди.
— Саломалейкум.
Нотаниш одам менга қаради-да, бошимдан-оёғимгача кўз югуртириб чиқди. У қирғиз башара, лекин қошлари қуюқ, қирқ ёшлардан ошган, бақувват киши эди.
— Ааалекум.
Ўт бошига чўнқайдим. Этигимни суғуриб, тагини оловга қаратиб қўйдим. Пиджагимни ечиб, тиззамга ёйдим. Нотаниш одам гулхан ёнига қайтди, бир даста шувоқни тагига қўйиб ўтирди.
— Хў-ўш, йўл бўлсин, йигит? — деди у. Унинг оҳангида алланечук киноя борга ўхшаб кетди.
— Овга, қишлокдан, — қисқа жавоб бердим.
— Ҳали овчиман данг? — дафъатан пихиллаб кулди у ва гулханга ўтин қалай бошлади.
«Овчиман! Бунинг нимаси кулгили?!» деб жеркиб бергим келди-ю, «ҳа!» деб қўя қолдим.
— Нега ёмғирда қолдингиз? — сўради у жилмайишини қўймай.
— Қолдим-да.
— Ёмғир ёғишини билмадингизми?
— Қайдан билай.
— Булутни кўриб эдингизми?
— Ҳа.
— Галламанг, кўрганингиз йўқ.
— Оббо, мендан… нима истайсиз ўзи, амаки?
Суҳбатдошим менга хотиржам кўз ташлаб олди.
— Керакли нарсани кўра билишингизни истайман холос. Кўрган бўлсангиз: булут тоғдан эмас, чўлдан кўтарилаётган эди. Кўриниб туриптики, бу булут тўккан ёмғир анча-мунча маҳалда тинмайди. Агар булут тоғдан пастлаган бўлса, унинг йўриғи бошқа эди. Шуни кўра билганингизда, илгарироқ ўзингизни панага тортардингиз, сувга чўмилиб, бундай қунишиб ўтирмас
эдингиз.
Мен тишимни тишимга босиб, жим қолдим.
Ёмғир қуйяпти. Камарнинг «пеш буруни»дан тош «остонаси»га шариллаб лойқа, қизғиш сув тўкиляпти. Нам шувоқ ҳиди анқийди. Нотаниш одам ўрнидан турди.
— Хафа бўлманг, йигит.
Чақмоннинг ёқасини кўтариб, бошини қоплади, камардан чиқди. Сал ўтмай ярмиси ҳўл бир қучоқ ўтинни кўтариб кирди. Уни камарнинг тўрроғига элтиб ташлади-да, менга қарамай, «исина беринг», дея яна чиқиб кетди.
«Исина беринг? Оловини миннат қилганими!» Пиджакни кийиб, ўрнимдан турдим. Камардан чиқарканман, нотаниш одамни кўрдим. У пастда, сойнинг ёқасида югура-ела, дарё тошқини тошларнинг тагига тиқиб ташлаган шох-шаббаларни терарди. «Ҳа, пишиқ одам. Бу ўтинларни уйга олиб кетади. Эшагиям тайёр». Нотаниш одам ўтин учун камар билан сой орасида яна уч-тўрт марта қатнагач, кийимларини сиқиб, жойига келиб ўтирди. Менга кўз қирини ташлаб, ўчаётган чўғларни дағал бармоғи билан титкилади.
— Томоша қилинг, ёмғирнинг ёғишида кўнгилга ёқадиган бир дилгирлик бўлади, — деди у. — Кўп яхши нарсалар ёдга тушади. Айниқса ўт ёнида ўтириб томоша қилсанг. Келинг-е, йигит, ўтиринг.
Мен, ўзим ҳам билмайман, нима учундир юмшаб қолдим.
Белбоғини ечиб ўртага ёйди. Эшакдаги хуржундан битта ёғлиқ патир билан бешта қўй қуртини олиб белбоққа қўйди:
— Дастурхонга қаранг.
— Раҳмат, қорним тўқ.
— Раҳматни егандан сўнг айтасиз.
Мен битта қуртни олиб шимий бошладим.
Иккаламиз ҳам жим, ташқарида шувиллаб ёғаётган ёмғирга қараб ўтирибмиз. Сой соҳилига кўкчил туман ўрмалаяпти. Соҳилнинг сўл томони буғдойи куйиб кетган пайкалдай қорайиб кўринади. Унинг устига булутлардан йўл-йўл зангор чизиқлар осилиб тушган. Бора-бора у чизиқлар оқарди, қорайиб кўринаётган ерлар ҳам ёришди. Атроф ойдинлашиб, уфқ кенгайиб кетди. Қуёш чикди. Биз ҳам камардан чиқдик.
— Хайр, йигит, овингиз барор олсин, — деди у. — Менинг гапларимдан хафа бўлманг.
У эшагига минди. Менинг хаёлимга у териб келиб камарга ташлаган ўтинлар келди.
— Амаки, ўтинингизни унутдингизми дейман?
— Йўқ, йигит, унутганим йўқ, — кулимсиради у, — сиз уйга олиб кетади деб ўйладингизми? Уйимда ўтиним бор. Мана, серёмғир кунлар бошланди. Сизу бизга ўхшаган бирон йўловчи бу камарга кириб қолгудек бўлса, совуққа қунишиб ўтирмасдан, тайёр ўтинни ёқиб исинади, шулар учун тердим.
У кетди. Мен камар оғзида, ундан кўз узолмай қараб қолдим.

1960

ТИКАН ОРАСИДАГИ ОДАМ

Буғдойпояда сариқ тиканлар мўл, улар очилиб турган аллақандай гулларга ўхшайди. Зарғалдоқлар «чулу-лу» деб тикан шохларига бемалол қўнади, совуқда жунжиккандек ҳурпайиб олади. Эҳтимол, тиканлар остида инлари бордир, мовут парчаси, хас-чўпдан ясалган. Ҳозир куз бошланиб қолган…
Кун чошгоҳ. Адир устида қуёш гардиши оқаринқираб нур сочяпти. Буғдойпоя ёқалаб ўтган тупроқ йўлда оқ ёлини елпитиб, бўз от йўрғалаб келяпти. Эгар-даги барваста йигит қизарган кўзларини ҳорғинлик билан очиб, уёқ-буёққа қарайди. Эгнида оқ, калта пўстин. Бошида шапка, узангига тиралган оёқларида кирза этик. Ўнг қўлидаги қамчи эгар ёнида осилиб турибди. Чап қўли билан юганни силтаб-силтаб қўяди. У ёнбағирдан кўтарилиб, ғуж бўлиб ўсган тиканлар орасида алланечук ғужанак бўлиб ўтирган кишини кўрди. Киши ҳам отлиқни кўрди-ю, ирғиб турди. Афти дард ва аламдан тиришди. Шитоб билан юриб, йўлга чикди. Йигит ҳам юганни тортиб, унга беҳол қараб турди. У келиб, юган тасмасидан ушлади:
— Қалай? — деди.
— Нима «қалай?» — тўнғиллади йигит.
— Мени қийнама, ука!
— Бўпти. Бўлар иш бўлди.
Тиканзордан чиққан киши кўзи ер чизиб, от ўмровидаги хасни чимдиб ташлади:
— Мени афв эт, ука.
— Қўйинг, мен бир оз дам олай. Биронтаси сўраса, Қорабоғдаги ҳовуз бўйида, денг.
Суҳбатдош шошди:
— Юринг бўлмасам. У ерда қариндошим бор, тўшак опчиқиб бераман. Овқат қиламиз!.. Кетдик!
— Томоқдан овқат ўтадими!
Ҳалиги киши бошини хам қилди:
— Хўш… — отлиқ юганни силкитди, қамчи ушлаб турган қўли оғир тебранди. От йўртиб кетди.

* * *

Қуёш ботиб, атрофга қоронғилик чўккан, буғдойпоя ортидаги чайла ёғочига илиб қўйилган «Спидола» бақириб ашула айтар, бояги тикан орасидан чиққан киши чайла поясига суяниб ўтириб, пичоқ билан ёғоч йўнар эди. Бу одам ўтган ҳафтагача бўлимнинг агрономи бўлиб, такаббурлиги ва манманлиги туфайли ишдан олинган, бунга унинг саводсизлиги ҳам сабаб бўлган эди. У қаттиқ хафа бўлиб: «Амални кўрдим, энди қоровулчиликни берасан!» деб туриб олди, директор ҳам унинг афтига бир нафас хўмрайиб тикилиб тургач: «Бўпти бўлмаса!» — деди.
Этакдаги сўқмоқда ҳалиги отлиқ кўринди. Бу йигит ўтган йил институтни битирган агроном бўлиб, боғдорчилик бригадасига бошчилик қиларди. Эски агроном тушгач, катталар унинг ўрнига шу йигитни кўтариб қўя қолишди.
— Салом, Амирқул ака, ҳорманг!
— Ўзингиз ҳорманг, биз ҳоришдан кейин туғилган йигит! — деб уни қарши олди дала қоровули.
— Йўқ, ҳориган кўринасиз, — деди ёш агроном. — Этакдан бир хабар олинг, шудгор қилиб кетибди яна жайраларингиз!
— Балки, мен шудгор қилгандирман, Мирҳайдаржон, — семиз, гўштдор юзини силаб агрономга тикилди Амирқул ака.
— Йўқ, сиз шудгор қилмайсиз. Сиз тўқсиз-ку, — тўнғилади Мирҳайдар.
Амирқул ака пичоғини шолчага санчиб, ирғиб турди:
— Мен тўқ?! — деди ва ўйланиб, кулиб юборди. — Ҳа, мен тўқман! Йиққаним етти пуштимга етади. Қўша сигир ҳам бор, бўрдоқиям бор, матасекл ҳам бор. Сенда… шу амалдан бўлак нарса йўқ, агар ундан тушсанг, тишингни сўриб қоласан!
— Бачканалик қилманг! — деди Мирҳайдар. — Нима бўлди ўзи? Ё қоровулликниям эплолмайсизми? Айтинг унда. Нимага бақраясиз? Топширилган ишни қилинг-да! Милтиқ қани?
— Менга милтиқнинг кераги йўқ.
— Гап мундай: мен сизни огоҳлантираман, Амирқул ака, мен билан ўчакишманг. Яхши бўлмайди. Мендан алам оламан деб, совхозга зарар етказасиз.
Амирқул ака мийиғида жилмайиб, бош чайқади:
— Совхознинг манфаатини кўзлайдиган одам!..
— Ҳа, мен шундай одамман, — деди Мирҳайдар. — Сиз ҳам шундай бўласиз. Агар шундай бўлмасангиз…
— Ў! Шу қоровулликниям кўп кўряпсизларми ҳали? Ҳой, бола! Менинг қитиқ паримга тегаверма, билдингми? Мен ўша райкомингниям, директорингниям бир чақага олмайман! Эшитяпсанми?! Бир чақага! Мен ҳаммасини кўрдим! Бир бошим, икки қулоғим бор! Хотин, бола-чақа — нима у!
— Сиз яқинда одамгарчиликдан ҳам чиқасиз.
— Хўп, ука, — кулимсиради Амирқул ака. — Сен жўжадан шу гапларни эшитдим-а. Ҳа, майли! Хор бўлдикда, а? Йў-ўқ. Чучварани хом санама, чироғим! Биласанми, дунё кенг! Бу ер тўғри келмаса, бошқа ер бор. Совет ҳукуматининг ери кўп!
Мирҳайдар отини этакдаги боғда қолдириб, шом қоронғисида қўлида икки милтиқ билан хуржунни кўтариб келди. Милтиклардан бирини қоровулнинг олдига ташлаб, иккинчисини ўзи ўкдай бошлади.
— Бу кеча мен ҳам сиз билан қоровуллик қиламан.
— Ў, ўзлариям катталарга ёқмай қолдиларми, дейман. Тайёргаликми бу?.. Бу кеча жайра овларкансиз-а?!
— Ҳа, жайра овлаймиз. Қани, нимангиз бор егулик? Менда мана булар бор… Сиз ичасиз-а?
— Ичамиз ҳам!
— Йўқ, бу кеча ичмаймиз.
— Адашиб бир-биримизни отиб қўйишимиз мумкин дейсиз-да?
— Шундай… Ўзлари отишни биладиларми?
— Отишними? Керак бўлса биламиз!
— Мен сизнинг овга чиққанингизни ҳеч кўрмаганман.
— Ука, овга чиқиб нима қиламан, нима етмаяпти менга? Ҳамма нарса бор. Айтмоқчи, сен менинг уйимга ҳеч бормагансан-а?
— Борамиз бир кун. Нимага эплолмаяпсиз милтиқни? Унақа эмас. Менга беринг, беринг! Билмас экансиз… Узатинг, нимага анқаяпсиз?
— Марҳамат!
— Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмайсиз-а?
— А? Яна бир қайтар шу гапни.
— Билмайсизу ўзингизни биладиган киши қилиб кўрсатасиз, Амирқул ака. Бўйнингизга олинг… Агрономияни ҳам яхши билмайсиз, саводингиз йўқ ҳисоби. Ҳозир агроном бўлиш қийин. Шунақа… Совхозни, районни кўтариш керак. Сиз буни ўйламайсиз ҳам. Сизда ташаббус ҳам йўқ, жон куйдириш ҳам. Ўзингизни ўйлайсиз, бир сигирим икки бўлсин дейсиз, янги участка солай дейсиз. Утган йили ўн гектар ердаги картошкани ўт босиб кетди. Вақтида уни ўтдан тозалаш керак эди. Сиз буни ўйламадингиз. Бунинг иккинчи сабаби шундаки, картошка бизда энди экиляпти, унинг агротехникасини билмайсиз. Қўлингизга иккита картошка берсам, биридан-бирини фарқлаб беролмайсиз, бўйнингизга олинг, Амирқул ака.
— Гапиравер, лекин мен сенинг аканг эмас… Ик-кита укам бор эди, иккаласиниям топширганман. Бошқа уканинг кераги йўқ!
— Ёшингизни ҳурмат қиламан-да.
— Хўш, яна қандай камчиликларимиз бор экан?
— Билмайсизми?.. Ўн олти гектар боғдан қанча олма олинди? Эсингизда йўқми? Нима учун?.. Чунки сиз олманинг ҳам агротехникасини билмайсиз. Обрезка нима, тушунмайсиз! Эскичасига қўйиб қўйгансиз. Қизиқ, сиз нимангизга учиб, мундай катталик қиласиз-а? Айтинг! Ё бир сирингиз борми?.. Ёки одам бадавлат бўлиб кетгандан кейин, катта-кичикниг фарқига бормай қоларканми? Ҳайронман. Райондаги катталардан ошна-оғайнингиз йўқки, шунга суянади, десам, областдаям йўқ, қизиқ!
Амирқул ака чайла устунига суянганича бўшашиб, мунғайиб қолди. Қоронғи тушиб қолган, этак томондаги картошка экилган майдон то жар лабигача реза-реза бўлиб кўринади. Атроф ҳашаротларнинг нағмаларига тўла бошлаган. Ўша, этакдаги жар тагиданми бақалар қуриллайди. Унинг ортидаги адир ҳавоий — қора тусда кўринади. Осмон оқиш. Унинг адоғидан қорамтир тоғ тизмалари кўзга яққол кўринади, Мирҳайдарнинг оти боғланган Қорабоғдан тун қушининг «ҳут-ҳут—ҳут-ҳут!» деган сайраши келади. Шу боғниг орқа тарафидан магнитафон овози эшитилди.
— У, ука, сен қайси уруғдансан? — сўраб қолди қоровул.
— Билмайман, — деди Мирҳайдар. — Энам тожик, отам тўғизлардан бўлса керак.
— Тўғизлардан? Улар жуда мард келади!
— Биламан. Нима, мен номардманми?
— Фақат ҳамиятни билмайсан. Йўқ, энанг тожик эмас. Чин тожик кўнгли бўш бўлади. Тўғри, лўлиларга худо бас келмаса, бандаси бас келмайди.
— Сиз ҳам ҳамиятни билмайсиз, Амирқул ака!
— Ҳм…
— Сиз… хўжайинлик қилишни жуда ёқтирасиз-а?
— Нимага энди… бўйин эгишим керак? Нимага? Катта бўлса ўзига! Менга нима!
— Сиз «юз»лардан бўлсангиз керак? Амирқул ака кулди:
— Мен ҳам аниқ билмайман.
— Ҳаммасидан ҳам милтиқ отишни билмаслигингиз ёмон экан.
— Милтиқ отишни… Буни сен қаердан биласан?
— Ушлаганингиздан. Эплолмадингиз. Муниям бўйнингизга олмайсиз.
— Ука, одамнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ!
— Милтиқ билан муомала қилиш сизнинг қўлингиздан келиши шарт, зарур! Ахир, сиз — қоровулсиз!
— Қоровул…
— Ҳа, ўзингиз буни сўраб олгансиз.
Чайла яқинидаги ерўчокда ўт ҳам сўнди. Чойдишдаги чой ҳам совиди. Тимқоронғи қишлоқ биқинидан ой кўтарила бошлади. У қизғиш қонталаш эди. Ҳашаротлар қўшиғи авжга минди. Тун қуши оҳиста учиб ўтди, унинг қизғиш кўзлари кўринади. Қорабоғда от кишнади. Сўнг, қишлоқнинг у ер-бу еридан итларнинг ҳуриётгани, эшакнинг ҳанграётгани эшитилди. Дакангхўроз қичқириб юборди. Қаердадир маст киши ашула айтарди.
— Жайрани кўрганмисиз, Амирқул ака?
— Ўзинг кўрганмисан?
— Мен кўп отганман. Кўрган бўлсангиз керак-а? -Ҳа.
— Ё сихини кўрганмисиз?
— Кўп валдирайверма! Кўрганман… Кўрмаган бўлсам нима қипти!
— Ёмон бўлади, Амирқул ака. Жайранинг бир одати бор, устига бориб қолсангиз, бутингизга кириб олади. Сонингизни илма-тешик қилиб ташлайди.
— Билмадим… — Амирқул ака қорнини дўппайтириб, чалқанча ётар эди, қўлларига тираб ётган бошини кўтариб кулди. — Сен шу кеча… жайранинг устига бир бостириб бормайсанми? Кўрар эдим, кейин ишонардим.
Мирҳайдар кулиб қўйди.
Чўққилари очилиб, оқара бошлаган тоғдан совуқ шабада эса бошлади. Ўчоқдаги кул чангиди, чайланинг томига осилган тол пўстлоғи шитирлаб тебрана бош-лади.
— Амирқул ака, ухладингизми? Ҳой, Амирқул ака!
— Уф…
— Кўрдингизми, сизда масъулият кам. Бўйнингизга олмайсиз. Мен қоровуллик қиляпман-а, сизнинг ўрнингизга! Масъулият йўқ сизда. Туриб ўтиринг, Амирқул ака… Беш сотихча уруғликни еб кетибди. Уруғликни! Бунинг ўрнидан ўт ўсиб чиқади энди, тонна-тонна картошка йўқ… Эртага овчилар союзидан қопқон опкелиш керак! Сиз опкелишингиз керак. Эшитяпсизми? Ёнбошламанг, яна ухлаб қоласиз. Бир соатча вақт қолди. Тонгга яқин чиқади у.
— Қўймадинг-да, — Амирқул ака туриб ўгирди. — Сендан яхши қоровул чиқар экан. Агрономликни ташлаб, ўрнимга бўлсанг-чи?
— Мендан яхши агроном ҳам чиқади, Амирқул ака. Лекин сиздан яхши қоровул чиқмас экан. Ўтган ҳафта огоҳлантирган эдим-а!
— Уф-ф… Одамлар нимага уйланар экан? Падарига лаънат! Бошингни олиб тоғ-тошларга чиқиб кетсанг!
— Тоғ-тошга чиқиб кетсангиз, яшолмайсиз. Ўрмонда катталик кетмайди, ҳайвонларни ҳам дўқ билан қўрқитолмайсиз. Сизга чўл тузукроқмикин, дейман.
— Бўлди.
— Нима?
— Бўлди, деяпман. Ўзи, жонимдан тўйиб ўтирибман. Шу… бир кориҳол бўлади.
— Ҳеч нарса бўлмайди.
— Эҳ! Ажаб бир замонлар ўтиб кетган-да!
— Ёмон кўрганингни шартта отибми, ўлдирибми кетилаверадиган замонларни айтяпсиз-да?
— Ҳа! Эшитдингми? Ҳа!.. Дунёни сув босса, тўпи-ғимга чиқмайди, биласанми шуни?
— Секин, бир нарса шитирлаяпти!
— Қани?
— Жим.
— Э, шамол! Манави пўстлоқ, уйинг куйгур!
— Э-э… Амирқул ака, бир кечаям пойламадингиз-а, ҳеч бўлмаса!
— Э, менга қолса… Ука, сенга бир гап айтайми, қулоқ сол. Бу, давлатнинг хазинаси камаймас экан. Ҳа, кейин билиб оласан. Ҳозир ўзингни меҳнаткаш қилиб кўрсатяпсан. Давлат… совхоз манфаатини кўзлайман, деяпсан. Бекор гап! Вақтинчалик гаплар бу. Кўрганмиз, кечирганмиз… Яқинда уйландинг, ҳали ош-нон дейдиган боланг йўқ! Хотининг ҳам содда, ўзингга ўхшаб. Ҳади уям қилиқ чиқаради. Топиб келинг, дейди. Эшияпсанми? Шундай. Хотин зотининг мен дегани ҳам латтапараст бўлади. иним!.. Кейин-кейин ўзинг ҳам нима учун ишлаётганингни ўйлаб қоласан. Ана шунда эсинг киради. Кўрамиз ҳали!
— Кўрамиз, Амирқул ака.
— Сенинг қоровулликка чиқиб, уйқудан қолиб, милтиқ ушлаб ўтиришинг ҳам бир соддалик. Агрономга ярашмайди бу!
— Бўлди. Мана, соат ҳам тўрт бўпти!.. Амирқул ака, жонингизни койитмай ўрганиб қолгансиз-да. Шунинг учун қип-қизариб семиргансиз! Юракни ёғ босган, ҳозир бошингизни қўйинг, ухлаб қоласиз… Амирқул ака!
— Нима?
— Жим… Сиз анави арикдан ўрмалаб бориб, ҳов наъматак бор-ку, шунинг остига кириб ётасиз… Тўхтанг! Милтиқ отишни билмайсиз-ку!
— Хўп, ана билмаймиз!
— Хайрият, бўйнингизга олдингиз. Лекин ўша сиз айтган замон бўлганда, манглайингиздан шартта отиб ташлар эканман.
— Сен-а?
— Ҳа, мен.
— Ука, кел, бир отишайлик бўлмаса! Шу ўтар дунёда бир иш кўрсатиб қолайлик. Мениям умрим ўтди, ёшим элликка етди. Энди бу ёғида нима каромат кўрсатар эдим. Сен ҳам ёшсан, ҳозир дунё кўзингга яхши кўринади. Лекин бу дунё — кўп бемаъни дунё, хўп де. Ҳали кўзи очилмаган мушукваччасан, отишайлик, а? Ке, ўлсак армонда кетмаймиз. Нима дединг? Мениям юрагим совур эди! Рост гап, мен сени ёмон кўраман, ёмон кўраман! Сен келдингу менинг тагимга сув кетди, эшитяпсанми, ука! Сен йўқ бўлганингда, мен яна беш-ўн йил керрайиб юрардим. Ке ука, бир дуэлга чиқайлик. Дуэль дейдими шу отишмани?
— Сиз айнабсиз, Амирқул ака! Агар отишма ҳақида гаплашсак, билиб қўйинг, сиз анави сойнинг нари бетида турсангиз ҳам шу қоронғида учириб ташлайман. Мен эллик метр нарида турсам сиз ўқни теккизолмайсиз. Биласизми шуни?! Мен овчиман… Сиз милтиқ ушлашни билмайсиз. Шунинг учун бу бемаъни гапни қўяйлик. Кейин дунёдан жуда совиган одам эмассиз! Сиз яшашни яхши кўрасиз. Мени айтмайсизми! Э-э! Менинг ҳали ниятларим кўп, ака… У ёкда хотиним ҳомиладор. Бу ёқда менга ишониб, агрономликни бериб қўйишди. Ҳосилнинг бору йўғига жавобгар одамман. Шу ҳам борки, кураш тушсангиз, муштлашсангиз ҳам мен сизни енгиб қўяман. Буниям бўйнингизга олинг. Тожикларда бир гап бор: зўри беҳуда миён мешиканд. Биласизми, беҳуда кучанишдан фойда йўқ.
— Шундай де?
— Шундай. Яхшиси, мен сизга милтиқ отишни ўргатай… Тағин адашиб мени отиб қўйманг.
— Қани, қани, бир ўргатиб қўй-чи!
— Мана, стволни очдим. Мана, ўқ жойладим, бу патронда тулки отадиган ўқ бор. Жайрани ўлдиради… Шошманг… Нафасни ичга ютиб ётаверинг, яқинингизга келиб қолгандан кейин отасиз. Шундаям сизни сезади, исингизни олади-да.
— Мирҳайдар ука, агар ўқ адашиб сенга тегиб қолса-чи?
— Менга тегиб қолса… Мен жайраманми…
— Мисол учун-да.
— Унда мени атай отган бўласиз… Ўлмай қолишим ҳам мумкин, унда мен бари бир сизни отиб ўлдираман! Менинг патронимда тўнғиз ўқ.
— Тўнғиз ўқ?
— Ҳа, бошмолдоқдек келади! Теккан жойини ўпириб кетади. Тўхтанг, авзойиниз бузуқ… ҳозир.
— Ўқни оляпсанми?
— Ҳа, сочмадан жойлаб бераман. Буям жайрани бирёқли қилолади.
— Кўрқяпсанми?
— Нимангиздан қўрқаман? Лекин илтимос, жиннилик қилманг, хўпми?
Амирқул ака Мирҳайдар тепкисини қайтариб берган милтиқни у айтгандай қилиб ушлаб, эҳтиёткорлик билан ариқ ичидан кетди. Наъматак олдига етиб, тиззасига милтиқни беўхшов қўйиб, жар томонга тикилди. Мирҳайдар ҳам милтиқни қўлига олиб, шудгорнинг нари ёнидан эгилинқираб борарди. У йўлакай бир неча жойда тўхтаб чўнқайди. Ниҳоят, жарга яқинлашиб, бир туп янтоқ ёнига чўнқайди. Нариги бетга кўз ташлаб, Амирқул ака томонга қаради ва унинг чўнқайиб ўтирган гавдасини ва ботаётган ой нурида йилтираётган милтиғини аниқ кўрди. Ён-веридаги кесакларни нари-берига суриб, узала тушиб ётди.
Иккаласи шудгорнинг икки тарафида; шудгорнинг ўртаси унчалик чуқур бўлмаган жарликка етиб тугарди. Жайралар жар остидан ва нариги томондаги ўйиқлардан чиқиб келади.
Бирдан шитир-шитир бўлиб қолди, лекин Мирҳайдар унинг қаёқдан келаётганини билолмади. Кунчиқарга илкис қараб, Зуҳро юлдузи атрофидаги митти юлдузчалар бирин-кетин сўнаётганини кўрди. Уфқ ҳам бўзариб келар, шамол кучайиб, баданни жунжиктирарди… Яна шитирлаш!
Мирҳайдар бирдан шудгорнинг Амирқул ака ўтирган томонига тикилиб қолди. Ой нурида сўник-сўник йилтираб, бир нарса ҳурпайиб ўтар эди. У беихтиёр милтиқни унга тўғрилади-ю, дарров туширди: «Амирқул акага яқинлашяпти… Қани отсин-чи, бир! Хурсанд бўлади! Кейин милтиқни, овни яхши кўриб қолади, кейин ўзи пойлоқчилик қилади. Отсин!»
Жайра ҳам худди Амирқул ака ўқидан ўлишни истагандай унга томон ўрмалай бошлади.
Мирҳайдар энди жар тарафга қаради: жайра битта бўлмайди-ку, изидан бошқаси чиқиб келади, албатта!.. Яна Амирқул акага қаради. У ҳамон ғужанак бўлиб ўтирар, жайра бўлса унга яқинлашиб қолган эди.
— Амирқул ака, — шивирлаганини билмай қолди Мирҳайдар. Бироқ яқинлатиб отинг, деган ўгитни эслаб, тилини тийди.
Жайра Амирқул аканинг ёнгинасидан ўгиб кетди. Беш-олти қадам нарига бориб, шудгорни кавлай бошлади. Мирҳайдар тупроқ чангиб кетаётганини ҳам аниқ кўрди ва алам билан «Суф-э, сендай овчига! Ухлаб қопти» — деди. Ариққа тушиб, ўрмалай кетди…
Шунда Амирқул ака бирдан қимирлади. Мирҳайдар таққа тўхтади:
— Отинг! — деб шивирлади.
Амирқул ака чўккалаб, уёқ-буёққа қаради.
Дарҳақиқат, уйқудан уйғониб кетган, шитир-шитир товушни эшитар, лекин шошганидан овоз қаердан келаётганини билолмас эди.
Ер чангиётганини кўрди-ю, оёқ-қўли бўшашиб кетди. Милтиқни қўлига ола Мирҳайдарга кўз тикди. Оқ пўстинга ўралган агроном бола нақ жайра бўлиб кўринди. «Каттаси бу ёкда экан!» У стволни ўнглаб, тепкини босди.
Ўқ зарби Мирҳайдарни думалатиб юборди.
Амирқул ака буни аниқ кўрди ва ирғиб туриб, ўша ёққа отилди. Бироқ бир неча қадам юриб, йиқилган «жайра»нинг беҳад катта эканини пайқади, энди жайра отганига ишонмай тўхтаган эди, йигитнинг инграган овозини эшитди. Яна шитоб билан бир қадам қўйди-ю, таққа тўхтади. Сўнг, Мирҳайдар отадиган чўчқа ўқ кўкрагига тегишини тахминлаб, орқасига бурилди. Бир кўнгли қочмоқчи ҳам бўлди, бироқ йигитнинг ўқи бари бир орқасидан етишини ҳис қилиб, аста-секин қадам ташлади-да, ўтирса, ўкдан қутуладигандек бўлиб, бирдан чўнқайди, саждага бош қўяётгандек бўлиб, бошини эгди. Бир, икки, уч!.. Амирқул ака хўрлиги келаётганини сезиб, орқасига қарамоқчи бўлди, лекин ўқ юзига тегадигандек, қарашдан қўрқди.
…Мирҳайдар ўнг оёғи ҳам оғирлашаётганини сезиб, этигини ечмоқчи бўлди. Бироқ фикридан қайтиб, пўстинни ҳам кийди.
— Ҳов, нима қилиб турибсиз? Амирқул ака илкис қаради.
— Буёққа келинг, — беҳол гапирди Мирҳайдар.
— Йў… йў… — деди Амирқул ака. Агроном ёнидан милтиғини олди:
— Буёққа келинг, отиб ташлайман бўлмасам! Амирқул ака унинг олдига учиб келди. Мирҳайдарнинг қаршисида чўккалаб, бошини эгди.
— Ҳе, ўлинг-э!
— Ука, укажон… уйқусираган эканман, — пичирлади қоровул.
— Жайра қани?
— Билмайман.
— Алангламанг. Кетди…
— Ёмон тегдими? Ўзингиз бу сочма ўқ деб…
— Туринг. Отни опкелинг.
— От? От қаерда… Ҳа-ҳа. Ҳозир!
Амирқул ака худди бекинмачоқ ўйнаётган боладек шудгорни чангитиб чопиб кетди.
Мирҳайдар милтиқни зўрға букиб, ўқни чиқариб олди, чўнтагига солди. «Хайрият, деб ўйлади у. — Териб ташласа бўлади. Нимага қизиб кетяпман. Ўқ текканда одам чанқайди дейишади. Чанқаяпман…»
Амирқул ака отни чоптириб келиб, отдан тушди. Юганни ушлаб туриб:
— Мана, мана! — деди. — Айилни тортайми?.. Ука? — Амирқул ака яна тиз чўкди. — Ука… агар чини билан отган бўлсам, энам… Сен ишонмайсан! Мен сени ҳақиқатан ҳам ёмон кўраман. Лекин… ухлаб қолдим. Мен… уйғоқ ўтиролмадим.
— Хайрият, шуни бўйнингизга оляпсиз… Тортинг айилни. Қаттиқроқ.
— Э, падарига лаънат бундай ишни. Ука, энди ўзинг биласан. Нима десанг ҳақсан. Биров ишонмайди менга.
— Албатта ҳеч ким ишонмайди. Бўлдими?
— Мана, тайёр.
— Келтиринг. Узангини тутинг… Ў-ў, ушламанг қўлни! Раҳмат.
— Укажон, энди нима бўлади?
— Нима бўларди. Милтиқларни олинг, чайлага боринг… Чой-пой қилиб туринг! Йўқ… балки сизни қамашар. Хўп, ўтган ишга саловат. Лекин бу кеча кўз юммайсиз. Сиз қоровулсиз!
— Э, ука…
— Юринг. Белбоғим чайлада қолган.
— Хуржунингиз ҳам бор!
— Кечаги чойдан қолганмикан?
— Бўлса керак… Ҳозир кўрамиз-да.

* * *

Тонг ҳам отиб қолди.
Тоғлар оқарди, адирлар ёришди, уфқ қизарди. Кундалик юмуш бошланди. Амирқул ака кўзлари қизарган ҳолда чайлага суяниб ўтирар, у ҳолсиз эди. Ўчоққа ўт қўймоқчи бўлди, ҳафсаласи келмади. Бир-бир босиб, адир тепасига кўтарила бошлади ва бирдан йиғлагиси келди. Лабларини қаттиқ тишлаб, тепага чиқиб борди. Қаршисида буғдойпоя ястанган, ер ҳайдалмаган эди. Сариқ тиканлар, кўп зарғалдокдар сайрар. Бу шундай сўник, лоқайд ва ғариб манзара эди. Қоровул пастроққа тушиб, кесакка ўтирди.
Сўқмоқда бўз отлиқ кўринди.

1972

ЖАРГА УЧГАН ОДАМ

Ислом туғилган уй эски, вассалари қорайиб кетган, битта кенг деразаси эллик қадам наридаги қишлоқнинг дарахтларга бурканган томонига очилар эди. Уйнинг устида Бойсунтоғнинг мусаффо осмони осилиб турар, унинг орқа томонида тўлқинсимон сарғиш адирлар тоғ тарафга эмгаклаб кетган, адирлар ортида эса чағир тошли қирлар ва улар орқасида мол подаларига ўхшаб арчазор қоплаган тоғ кўринар эди. Тоғнинг осмонга қадалган ўркачларида парқув булутлар сузиб юрар, улар тоғ билан зангори осмонни бир-бирига қўшиб турганга ўхшар эди.
Ислом ана шу уйда туғилиб, шу манзараларни илк бор кўрган эди. У қишлоқ марказидаги мактабга қатнай бошлади. Дарсдан бўшаши ҳамоно уйига чопар, келгач, ўзини эркин, бахтиёр ҳис этар эди.
Ислом мактабни тугатгач, ҳарбийга жўнади. Бахтига, у Белоруссиянинг шимоли-шарқидаги ўрмонлардан биридаги қисмга тушди. Тоғдан айрилиқ азоби ўртаб юрган қалбига белорус ўрмонининг майин, яшил манзаралари таскинлик берди.
Лекин у ўша ўрмонда туриб ҳам ўз уйини, этакдаги қишлоғию шимолдаги тоғларини янада севиб қолганлигини туйди, уларни жуда-жуда кўргиси келди.
Ислом кишлоғига келди, уйига кирди, тоғларига сайрга ҳам чиқди. Ана шунда у энди бу юртдан бир умр жудоликда яшай олмаслигини, жасади ҳам албатта шу ерда дафн этилиши кераклигини чуқур ҳис қилди.
Ҳаётнинг, яшашнинг талаб ва қонуни ўзгача.
Ислом ўрмончилик факультетига кириш учун Тошкентга йўл олди. Қишлоқ хўжалик институтига ҳужжатларини топширди. Аммо конкурсдан ўтолмади. Бу ҳол яна икки йил такрорлангач, унинг ўқишдан кўнгли совиди ва қишлоғига қайтиб келиб, ёшлигида ўзи сабоқ олган мактабда бадантарбиядан дарс бера бошлади.
У дарсдан бўшаган маҳалларида томга чиқиб ўтирар, пўстак ёзиб чалқанча ётар, шунда чарчоғи тарқаб, олам-олам завқ олар эди.
Уни кичкина қишлокда ҳамма танир, у ҳам ҳамқишлоқларини билар эди. Бироқ у давраларга кам қўшилар, ёлғизликни, ўз хаёллари ишқи тушган манзаралари билан улфат бўлишни истарди.
Дарвоқе, Ислом шимолдаги тоғлар, ўрмонлар, ундаги ҳайвоноту паррандалар зотини ҳам яхши биларди. У милтиқ кўтариб юрса-да, камдан-кам ўқ бўшатадиган бу ғалати овчини тоғ ҳам, сокин ўрмонлар ҳам, ёввойи ҳайвонлару беозор паррандалар ҳам билишар эди.
Замоннинг зайли билан қишлоқ районга айланди, унда редакция ҳам ташкил топди. Бир куни Исломни ўзи дарс бераётган мактабнинг собиқ директори, пешанаси доимо терлаб юрадиган Омон Фатуллаев, яъни «Тоғлар садоси» газетасининг муҳаррири чақириб қолди.
Ислом ҳайрат ва кизиқиш билан унинг ҳузурига борди.
— Исломжон, — деди у, кўк бахмал сирилган столнинг қошидаги стулни кўрсатиб. — Ўтиринг. Сизга бир илтимос бор эди.
— Марҳамат. Район ташкил бўлганда бир марта хурсанд бўлган бўлсак, редакция ташкил бўлганда икки марта хурсанд бўлдик, — деди Ислом.
— Раҳмат, Исломжон. Гап шундаки, ўзингиз айтганингиздек, район ҳам, газета ҳам янгитдан ташкил бўлди. Ҳали иккаласи ёш, тажрибаси кам… Мақсадимиз аввало, районни тиклаб, қаддини кўтартириб олиш. Сўнгра, газета ишларини ҳам яхшилаш. Ўзингизга маълум, газета, доҳий Ленин айтганидек, ташкилотчигина эмас, ташвиқотчи ҳамдир. У партиямизнинг идеология қуроли. Исломжон… хуллас, мақсад шуки, биз районимизнинг кўркам-обод бўлишига, халқимизнинг бой-бадавлат яшашига газетамиз билан ёрдам беришимиз керак… Биз кеча муҳаррир муовини, бўлим мудирлари билан гаплашиб, газетамизни қандай чиқариш, қандай масалаларни кўтариб чиқиш хусусида келишиб олдик. Сиз газетчиликдан бехабарсиз… Рубрика деган нарса бўларкан. У сарлавҳа дегани. Умумий сарлавҳа. Шу сарлавҳа остида газетанинг ҳар бир сонида биттадан мақола берилиши шарт, бўлмаса, газетамизнинг обрўйи тушади… Бизда бир неча рубрикалар бор, улар билан кейинча танишасиз. Булар ичида «Табиат ва Одам» деган рубрика сизга тегишли.
Ислом қизиқ бир гап эшитгандек енгил тортиб кетди, муҳаррирнинг сўзларини жон қулоғи билан эшитди.
— Ана шу рубрикани бошқариб, уни материаллар билан таъминлаб турадиган бир ходим керак бизга. Бу рубрикани жорий этмасак бўларди. Лекин ўзингизга маълум, районимиз тоғли, ўрмонли, боғли… Бу бир. Иккинчидан, ҳозирги даврда табиатни қўриқлаш… уни асраш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолган. Бу ҳол биз тоғликларга айниқса катта масъулият юклайди.
— Яхши… Раҳмат, — деб пичирлади ҳаяжонланиб кетган Ислом.
— Биласиз, райкомимиз секретари олим одам. Сирасини айтганда, бу рубриканинг жорий этилиши у кишининг тавсиялари билан бўлди. Лекин уни бошқара оладиган, табиатимизни беҳад севгувчи бир киши керак, уни топинглар ўзларинг, деб маслаҳат бердилар. Биз Исломжон… ўйлаб-ўйлаб шу ишга сизни жалб этмоқчи бўлдик. Нима дейсиз шунга?
Газета чиқариш нима, рубрикани мақола билан таъминлаш нима, уни уюштириш ва бошқариш нима — бу нарсалар ҳақида заррача тасаввурга эга бўлмаган Ислом…
— Домла, мен табиатни севаман, унинг шайдосиман, — деди. — Лекин… бу иш менга қалай бўларкин? Мен аввало, бу соҳаларни тушунмайман. Кейин… ўн синф маълумотим бор. Ҳозирги даврда бу ғирт саводсизлик.
— Исломжон, биз сизга ёрдам берамиз, ишни ўрганиб кетасиз. Ҳамма газетчилар ҳам ишни она қорнидан ўрганиб тушмаган. Иккинчидан, бирон йил ўтсин, биз сизни журналистлик ўқишига юборамиз. Сиртдан ўқийсиз. Унга кириш учун киши аввало редакцияда ишлаган бўлиши керак. Агар мақолаларингиз босилмаган бўлса, босилган мақолаларингиздан нусха олиб бормасангиз, ҳужжатларингизни қабул қилишмайди… Ҳаммасидан муҳими, сиз табиатни севасиз. Бордию… шундай бўлишига қарамасдан бари бир, бу иш сизга тўғри келмаса, унда мактабингизга қайтиб кетаверасиз. Хўпми?
Ислом «хўп», деб чиқиб кетди. Уйга бориб, гапни хотинига айтди.
— Шундай қилинг, — деди хотини. — Мактабни бошингизга урасизми? Ўқишга ҳам юборамиз, дейишибди. Қачонгача томга чиқиб ўтирасиз, тоғ-тошда дарбадар кезасиз… Рўзғоримизга ҳам яхши бўлар эди.
Бир ой ўтди.
Ислом ишга чунонам берилиб кетдики, газета нимаю уни чиқариш нима, рубрика нимаю унга материал уюштириш нима — булар ҳақида бировга маслаҳат бергулик даражага етди.
Аста-секин унинг мақолалари ҳам босила бошлади. Олдинига ҳамқишлоқлари унга қизиқсираб қарашди: «Ие, ёзувчилик муборак бўлсин», деганлари ҳам бўлди. Кейинчалик унга кўникдилар ва Исломдек табиатни хуш кўрувчи, унинг ишқибози бўлган киши шу ишни қилиши лозим-да, дегандек фикр юритадиган бўлиб қолдилар.
Ислом табиатнинг турли-туман мавзуларида мақолалар ёзар эди, бир туп арчанинг ёнбағирда туриши, қуённинг болалаши ҳақидами, бургутнинг каклик овлаши ҳақидами ёки тоғ айиқларининг хулқ-атвори ҳақидами, хуллас, ҳар хил мавзуларда ёзар эди.
Орадан бир йил ўгиб, унинг номи қишлоққагина эмас, ҳатто областта ҳам беш бармоқдек маълум бўлиб қолди.
Унинг «Тоғлар садоси»да босилган табиат лавҳаларини область газетаси ҳам кўчириб босар, ундан бу мақолалар ўзга районларга ҳам тарқалиб кетар эди.
Ислом бир ҳолга амин бўлди:
Тоғни, ўрмонларни, ҳайвоноту паррандаларни — умуман, Бойсунтоғ бағридаги табиат бойликларини фақат ўзигина эмас, ҳамма, ҳамма одамлар ҳам севар экан…
У ўзидан мамнун бўлиб кетди ва аста-секин ўзини атрофдаги табиатнинг илк ошиғи, унинг жонкуяр ҳимоячиси, унинг илк тарғиботчисидек ҳис қила бошлади.
Бу ҳол уни табиатга яна ҳам кўпроқ боғлаб қўйди.
Кунларнинг бирида район партия комитетининг ташвиқот-тарғибот бўлимидан Исломни чақириб қолишди.
Бўлим мудираси ўртоқ Сотиболдиеванинг ёнида қиррабурун, сочига оқ оралаган, ўттиз беш ёшлар ча-масидаги бир йигит оёқларини бир-бирига чалишти-риб, чиройли қизил пайпоғини кўрсатиб ўтирар эди.
Ислом хонага салом бериб кирди.
— Танишинг, бу киши шаҳардан. Кинорежиссёр. Бизнинг Бойсунтоғ табиати ҳақида фильм яратмоқчи эканлар. Шунинг учун келибдилар, — деди мудира.
— Хуш келибсиз, — деди Ислом у билан кўришиб.
— Ислом деганингиз шу киши бўладиларми? — столда турган қўли билан кўрсатди уни режиссёр.
— Ҳа, шу киши, ўртоқ Исмоил Юсупович!
— Марҳамат, ўтиринг, — деди Исмоил Юсупович қаршисидаги стулга ишора қилиб.
— Ташаккур.
— Сиз мен билан икки кун бирга бўласиз. Ўртоқ Сотиболдиева редакциядан сизга жавоб олиб берадилар. Шундайми?
— Шундай, — тасдиқлади мудира.
— Сиз мени тоғдаги, имкони бўлса, ҳамма қизиқ-ғаройиб нарсаларни кўрсатасиз. Ўзи нималар бор тоғ-да?
— Тоғда ҳамма нарса бор, — деди Ислом жилмайиб.
— Қандай ҳайвонлар, қандай қушлар бор?
— Газетчиликда сир сақлаш деган гап бор… Яхшиси, тоққа чиққанда кўрасиз. Кўрсатаман.
— Келишдик. Раҳмат. Қачон чиқамиз?
— Бугунча районимизни айланинг, ўртоқ Исмоил Юсупович, — гапга қўшилди мудира. — Хоҳласангиз, ўзим айлантираман. Қурилишларимиз кўп, янгиликлар кўп. Балки булар ҳам сизга керак бўлиб қолар. Кечқурун, дачамизда дам олинг. Эрталабдан саёҳатни бошлайсиз. Исмоилжон, саёҳатни қай тарзда олиб бориш мумкин?
— Шу… бизникига борамиз. Эшак бор, тонгда миниб, тоққа чиқиб кетамиз.
Сотиболдиеванинг ранги ўзгарди.
— Йўқ-йўқ, ундай деманг, айб бўлади. Машина бор. Машина борган жойгача борасизлар. Кейин, одамларга айтиб қўяман, улар сизларга от беришади… Хўпми?
— Яхши таклиф! — деди режиссёр.
— Майли, — деди Ислом. — Лекин от чиқолмайдиган жойлардан ҳам юришга тўғри келади-да, ўртоқ Исмоил Юсупович.
— Бораверамиз, чиқаверамиз.
Келишдилар.
Кечаси соат ўн иккидан ошганда, Ислом Исмоил Юсуповични райкомнинг қишлоқ жанубида жойлашган боғидан уйига олиб келди.
— О! Жуда содла яшаркансиз-у? — деди ширакайф режиссёр Исломнинг уйини кўриб.
— Лекин ўзимга ёқади, ўртоқ Исмоил Юсупович.
— Ўзингизга ёқади, буни биламан. Шунинг учун яшаяпсиз-да. Лекин бунинг бошқа бировларга ҳам ёқишини ўйлаб кўришингиз керак.
— Менинг уйимга меҳмон кам келади. Редакцияга ўтганимдан кейин ҳам… Мен ҳам бировларнинг уйига кам бораман.
— Да-а, қизиқ!
Исломнинг хотини эри билан меҳмонга томга жой солиб берди.
Соат тўртларга яқин уй этагига келиб тўхтаган райкомсомолнинг «газик»и сигнал берди. Ислом билан меҳмон пастга тушиб, тамадди қилдилар. Виллисга ўтириб, тоққа жўнадилар.
Улар икки кун тоғда айланишди. Ислом Исмоил Юсуповичга учраган ҳар бир гиёҳ ҳақида гапирди, ҳар бир қушга таъриф берди, унинг хулқи ҳақида сўзлади. Лекин режиссёрни кўпинча бунақанги икир-чикирлар эмас, ғайритабиий манзаралар ва ҳайвонлар қизиқтирар, уларни қандай қилиб суратга тушириш ҳақида бош қотирар эди…
Аммо Исмоил Юсуповичнинг тоғни яхши кўриши, табиатдан завқланишига ҳам шубҳа қилиб бўлмас эди.
У гоҳо югургилаб баланд қоя устига чиқиб кетар, олмурутларга тош отиб қолар, какликнинг сайрашига қулоқ берар эди.
Шундай пайтларда Ислом ҳаяжонга тушар, табиат бу меҳмонга завқ бағишлаганидан фахрланиб, унга меҳр қўйганидан ичида шодланар эди.
Улар чўққиларга чиқиб ҳилолларнинг сайрашини ҳам кузатишди, тулкилар ини оғзида олов ёқиб, уларни қочиришди, бўри инлари оғзида папирос чекишди, қоя ўркачидаги бургут болаларига дўппилари пастга тушгудек бўлиб қарашди.
— Мен ўн беш кундан кейин операторим билан келаман, — деди Исмоил Юсупович, улар қишлоққа қайтишар экан.
Машина тоғ оралиқларидан чиқиб, Етим чўққи остидан ўтаётганда Ислом меҳмонни яна бир хурсанд қилгиси келди:
— Машинадан тушамиз! — деди, сўнг шофёрга: — Сиз бир оз ўтириб туринг, биз чўққига чиқиб келамиз, — деб уқтирди.
Улар чўққининг ярмисига етганда, Ислом терга ботган режиссёрга сирни айтди.
— Айиқни кўрсатаман, болалари бор.
— Шуни илгарироқ айтмайсизми? — ҳовлиқиб кетди Исмоил Юсупович. — Тирик айиқми?
— Тирик.
— Одамга тегмайдими? Тўхтанг…
— Тегмайди. Одам тегмаса, тегмайди жониворлар. Уларни ўзларига душман қилиб қўйган одамларнинг ўзи, меҳмон.
— Ҳар ҳолда… Милтиқни олволиш керак эди-да.
— Кўрса, полвоннинг аччиғи чиқади.
Бир неча қадам босишгач, режиссёр таққа тўхтаб, буйруқ қилаётгандек деди:
— Илтимос сиздан, милтиқни олиб келинг пастдан.
Сиз шу ернинг одамисиз, ўргангансиз, ўзингизни ҳимоя қила биласиз. Мен шаҳарликман, биродар!
— Хўп, лекин милтиқни унга кўрсатмаймиз-да.
— Яхши. Милтиқ ёнимизда бўлса, қувват бўлади ҳар ҳолда. Ҳайвон қутурган бўлиши ҳам мумкин…
Ислом сакраб-сакраб пастга тушиб кетди, милтиқни олиб чопиб келди.
Режиссёр уни мақтади.
— Ҳақиқий тоғ йигити экансиз! Сизни бекорга мақташмаган экан.
Улар чўққига чиқиб бордилар. Чўққининг усти кенг майдон, бу ерда олма, олмурут ва писталар чангал бўлиб ўсиб ётар эди. Оёқ остида кеч баҳорнинг қалам-қош гуллари.
Ислом малларанг улкан қоя яқинига бориб:
— Шу ерда, мана, излари ичкарига кетган. Чиқади, кутамиз! — деди ва меҳмонни эргаштириб, изига қайтди. Улар чўққининг лабига етиб, қоя тошлар орасига кириб ўтиришди.
Бу жойни Етим чўққи деганларича бор. Унинг атрофини чуқур даралар ўраб туради, чўққи бамисоли атрофи сув билан ўралган қадимги қасрни эслатади. Фақат, бу «қаср»нинг усти ўрмон.
Қуёш уфққа ёнбошлади, дарахтларнинг сояси кунчиқарга қараб чўзилди. Олисдаги, пастликдаги қоронғи туша бошлаган қишлокда чироқлар ёнди.
— Ҳозир чиқади, олма ейди.
— Мана шу ер сурат олишга қулай экан, биродар.
Ниҳоят, ғордан мўралаб сариқ, бароқ жунли махлуқ чикди. У ёқ-бу ёқни искади-да, «ма-а» деб бўкирди. Сўнг ичкарига кириб кетди.
— Ҳидимизни олди шекилли, — деди Ислом ва яна ҳам четроққа бориб шамол йўлида ўтиришни маслаҳат берди.
Ярим соатлардан кейин яна она айиқ ғордан чикди, яна ис олди ва дам осмонга, дам қизараётган уфққа қаради. Сўнг унинг орқасидан бир жуфт чойнакдек-чойнакдек айиқчалар эргашиб чикди ва онасининг жун тўсиб турган қорнига интила бошлади. Она уларга парво қилмай, резги олма дарахти тагига келди. Дик этиб, орқа оёқларида туриб олди ва дарахтнинг ёш танасига тирноқларини ботириб, ғайритабиий силкиди, бир қанча жажжи-жажжи «пахтасеб» олмалар «дув» ергатўкилди. Айиқчалар чопқиллаб, уларни териб ея бошлади.
Она ўртада туриб олди-да, чўнқайди ва яна хавотир-ла атрофга разм сола бошлади.
Шунда Ислом режиссёрнинг милтиққа қўл чўзаётганини кўрди.
— Нима қилмоқчисиз?! — деди.
— Жуда яхши турибди-да, ҳозир…
— Ҳа, жонивор милтиқнинг ҳидини сезган, хавотири бор кўнглида, — деди Ислом.
— Бундан бошқа жойлардаям айиқ кўпми?
— Бор.
— Менга беринг милтиқни.
— Отсангиз хафа қиламан, меҳмон.
— Э, қизиқмисиз! Битта айиқ нима бўпти? Йиртқич ҳайвон.
— Сизга зарари тегмаяпти. Қайтанга биз уни безовта қиляпмиз…
— Менга қаранг, шуни сиз отиб беринг менга. Териси… жуда керак эди. Хотиним жуда тайинлаган эди. Ахир, бу совға-да! Мен сизни мақтаб юраман, буни бир зўр овчи йигит отиб берди дейман. А?
— Биринчидан, ҳозир ҳайвонларни отиш мумкин эмас. Иккинчидан, қаранг, унинг иккита боласи бор, уларни етим қилиб нима қиласиз. Очдан ўлиб кетишади.
— Очдан ўлмайди, тутиб, зоопаркка топшириш мумкин, уларга керак.
— Меҳмон, сиз мени билмайсиз… Менинг онам ҳам, отам ҳам, дўстим ҳам ана шу табиат. Мени тоғ шайдоси дейишади. Бу хаёлни бошингиздан чиқаринг. Вақти-соати келганда, ўзим биронта қарисини отиб бераман… юбораман сизга.
— Менга қаранг, бу сизнинг шахсий молингиз эмас-ку, давлатники!
— Давлатники бўлса янаям яхши. Сиз ақлли, ўқиган одамсиз…
— Кетамизми?
— Кетдик.
— Турманг ўрнингиздан. Секин тушиб кетамиз. Билиб қолса, тош отиши мумкин.
— Тегмайди одамга дедингиз-ку, ўзингиз?
— Биз милтиқ опчикдик, милтиқ — унинг душмани… Жонивор ниятингизни тушунганида, сизни дабдала қилиб ташлар эди.
— Уф… Мен бу ердан тушолмайман, тош думалайди бари бир!
— Бўлмаса, у кетгунча ўтирамиз.
— Э, мени қамаб қўймайдими ҳукумат?!
Исмоил Юсупович милтиқни шартта тортиб олди-да, айиқни мўлжалга олди, Ислом унга қўл чўзган эди, ўқ овози янграб кетди. Ислом титраб-қақшаб бошини эгди ва ўқ айиққа тегмаса гўргайди, деб кутди. Она айиқ бирдан бўкириб юборди ва ўқ чиққан томонга отилди. Аммо ўмбалоқ ошиб тушди, ўрнидан яна турди-ю, қаддини кўтара олмай, ўрмалаб кела бошлади.
Айиқчалар қочиб ғор оғзига кириб кетишган эди, ўрмалаб бораётган оналарининг тўхтаб қолганини кўрдилар-да, атрофга қўрқа-писа қараб, чопқиллаб келдилар.
Милтиқни ерга тираб чўнқайганча айиқни кузатиб, қалтираб ўтирган Исмоил Юсупович Исломга қия қараб:
— Ўлдими? — деб сўради.
Ислом худди онаси ўлгану нафаси ичига тушиб кетгандек бақрайиб қолган эди.
— Ўлди шекилли қимирламай қолди, — деди режиссёр ва яна Исломга қаради, сўнг қўзғалмоқчи бўлди, яна ўтирди-да, қизишиб деди: — Бунча хафа бўласиз? Бўлган иш бўлди-да… Мен ҳеч овчилик қилмаганман. Ислом, менга қаранг… Мен сизни хурсанд қиламан. Оладиган фильмимнинг бош қаҳрамони ўзингиз-ку, ахир? Э, қўйинг-эй.
Исмоил Юсупович айиқдан беш қадамча берида тўхтаб, унга тикилди. Ўқ унинг манглайини ёриб кетган эди. Ислом ботаётган қуёш шуъласи бир елкасини қизартирган ҳолда, секин юриб, айиқ бошига келди.
Айиқчалар одамлардан ҳайиқишмади, улар тамшаниб, ўлик оналарининг сут тўла эмчагини чўзиб-чўзиб эмишар эди.
— Нима қилиб қўйдингиз? — деди Ислом режиссёрга.
— Қизиқмисиз? Ўлди… Болаларини ҳам опкетамиз.
Ислом гангиб атрофга қаради. Ўрмонлар, тоғлар, осмону ерга — табиатга кўзи чизилиб ўтди. Шунда бирдан қулоғи шанғиллаб кетди. Назарида, бола қалбига аллақачонлар кириб, уни ўз асирига айлантириб қўйган табиат уввос тортиб фарёд кўтараётгандек туюлди.
Ислом ўзини шу табиатнинг ягона қўриқчиси, содиқ дўсти, вафодори деб ҳисоблар эди.
Агар унга қилинган бу жабр учун душмандан қасос олмаса, ўзини хиёнатчи, хоин, сотқин бўлиб қоладигандек ҳис этди. Ва… Исмоил Юсуповичнинг қўлидан милтиқни тортиб олди-да, қулочкашлаб унинг бўйнига туширди. Режиссёр овоз чиқармай кесилган шох каби учиб кетди, апил-тапил ўрнидан турди-ю, яна йиқилди, унинг гавдаси жардан қуйига учди.

1971

ОДАМ
Фалсафий ҳикоя

Раҳима энди челагини сувга ботирган эди, орқасидан биров чақирди.
Раҳима челагини сув бўйига қўйиб, ўтов олдида турган Хосият опанинг ёнига борди.
— Буёққа кир, бир нимани кўрсатаман. Шаҳардан опчиқишипти!
Раҳима унинг ортидан ўтовга кирди-ю, тахмон қошида тик турган йигитни кўриб, кетига тисланди. Хосият опа унинг йўлини тўсди:
— Сатилингни опқўяман, бермайман!
— Қочинг!
Раҳима уни итариб юбориб, ташқарига отилди. Челагининг сувини ярим қилиб, соҳилга чиқиб олди ва сой бўйидаги ўтовга нафрат билан қаради.
Шу кеча унинг онаси қазо қилди, ўлим олдида невара-чеварасигача ёнига чақириб, улардан рози-ризолик олди. «Мендан яхшилик ўтган бўлса, унутманглар. Ёмонлик ўтган бўлса, эсдан чиқаринглар. Ростгўй, мард, ҳалол бўлинглар!» — деди. Сўнг Раҳимага тикилиб:
— Болам, Шодмон шаҳардан келган, — дея энтикди. — Сени деб келган. Хосият опангни уйига қўнган. Ота-онасиз етим бола. Ўзимиздан. Сени ўшанга бермоқчийдим.
Кейин, йил ўтгач, Раҳимани Шодмон полвонга уза-тишни катта қизларига тайинлаб, кўз юмди.
… Йил ўтиб, Раҳима Шодмон полвонга хотин бўлди, уни шаҳарга тушириб кетдилар.
Шодмон шўх, чармгарнинг бева келини билан борди-келдиси бор экан. Раҳима буни қўшни аёлдан эшитиб, бир оқшом пойлади ва эри девордан ошаётганда, оёғидан тортиб йиқитди. Полвон уни бир уриб, шайтонлатиб қўйди. Шунда Раҳиманинг чап қўли синди. Лекин кейин Шодмон ҳам бу юришларини бас қилди.
Орадан тўрт йил ўтди. «Инқилоб бўлармиш, бек-бекзодалар йўқ бўлармиш» деган хабарлар тарқала бошлади. Шодмон ўшанда юртдош полвонлар билан Афғонистонга кетган эди. Бир ҳафтадан кейин уёкда йиқитган полвонлари ҳаққи — бир туя мол билан қайтиб келди ва уч кун ётиб, тирноқлари кўкарди, тоғдай одам муштдек бўлиб тиришиб қолди, ўлди.
Раҳима келин… бева қолди.
Икки йилдан кейин бозорнинг фарроши унга одам қўйди. Раҳима: «Полвон мени қулфлаб кетган, калити ўзида», деб совчиларни қайтарди. Улар тағин келишган эди, ариқ ичида ётган калтакни олиб бошига кўтарди: «Тинч қўясанларми, йўқми? Қўй, учта етимчани боқай!»
Шодмон полвондан учта фарзанд қолган, каттаси билан кенжаси қиз, ўртанчаси ўғил эди.
Бир куни гузарда «қизиллар келяпти» деган овоза тарқалиб, одамлар тоғларга қоча бошлашди. Раҳима ҳам болаларини олиб, йўлга тушди: хуржуннинг бир кўзида нон, сапча, тут майиз, толқон. Иккинчи кўзида кенжа қизи Турсуной.
Тоғда қочқинликда бир йил яшади, ўша йили қиш қаттиқ келиб, чап оёғини совуққа олдирди — шишиб кетди. Баҳорда яна шаҳардан янги хабарлар кела бошлади: «Қизиллар» ҳам ўзимизникилар экан. Мусулмонободлик бўпти… Омонлик-омонлик!»
Раҳима жонидан тўйиб юрган эди, шаҳарга жўнаган биринчилар қаторида йўлга чикди.
…Шаҳар вайрон бўлган, чет-четдаги гумбазлар йи-қилган, деворлар қулаган, лекин тинч, сокин эди. Бодомлар гуллаб турарди.
Уч ой ўтиб, колхоз тузилди.
Раҳима эл қатори колхозга кирди ва унинг фаол аъзосига айланди. Ғалла ўрими маҳалларида Адолат билан Абдураҳимни ҳам олиб чиқар, улар машоқ теришар эди.
Кенжаси тоғда… очликдан ўлиб кетган.
Бу вақтда Адолат мактабга қатнар, Абдураҳим ҳам дастёр бўлиб қолган эди.
Йиллар ўтди… Раҳима энди ўтган кунларини, қизлиги, шаҳарга тушгани, эри, уни пойлаганларини тушдагидек эслар, энди ўша кунлар ҳам унга қизиқ, ажиб кўринар эди.
Уруш! Уруш!..
Адолатни райкомга ишга олишди, Абдураҳим фронтга кетди. Унинг аёли билан иккита фарзанди қолди.
Бир йил ўтиб Абдураҳимдан қорахат келди, салдан сўнг унинг ёш хотини икки боласини ҳам Раҳима опага ташлаб, чиқиб кетди. Энди Адолат ҳам битта ўғлини уйда қолдириб, даштма-дашт юрар, эркакларнинг ишини қиларди.
Уруш тугади, яна тинчлик, омонлик бўлди.
Энди Раҳима буви уруш йилларидаги кунларни хотирлар, у кунлар кўз олдидан тушдек ўтар экан, келинини олти ой ўтирмай эр қилиб кетгани учун ҳамон кечира олмас, ўшанда кунларига яраган ола сигирни ўкинч билан эсларди, сигир сутдан қолгач, сўйишганди.
Тағин йиллар ўтди. Уч неварадан бири институтни битириб, агроном бўлиб қайтди. Бири новвой, бири олис шаҳарда уйланиб қолди.
Раҳима кампир энди невараларига қарар, уларга ўтмишидан эртаклар айтиб берар, унинг бутун ҳаёти ҳам ғалати бир эртакка ўхшар эди.
Раҳима буви тўқсонга яқинлашиб қолди. Адолат опа ҳам давлат пенсиясига чиқди. Унинг эри Қурбон бобо — колхоз боғбони. Чорбоғ торлик қилгани учун агроном невара бошқа жойдан уй солиб чиқиб кетди.
…Кампир икки йилча тинч, хотиржам яшади. Невараларини суяр, шулар билан овунар, эндиликда ўчоқбошига ҳам яқин бормас, рўзғор юмушлари ҳам Адолат опанинг қўлига ўтган эди.
Кейин-кейин Раҳима буви эсдан чиқарадиган одат пайдо қилди. Бир нарсани бир жойга қўйиб, кейин тополмай юрар, шунда кўнгли бўшаб йиғлаб ҳам оларди. Кейинчалик чеваралари билан жиқиллашадиган, тортишадиган бўлди.
Эзмалик… Раҳима бувида ана шу хислат ҳам пайдо бўлди. Катталар унинг гапини эшитмаса, гўдакларни ёнига ўтқазиб қўйиб гапирар, нуқул тарихдан тушар ва шундай аниқ қилиб сўзлардики, ўша воқеаларни ҳозир кўриб тургандек таассурот қолдирарди кишида.

Бу ҳол бир неча ой давом этди.
Агар унинг гапини диққат билан эшитиб, ўзича таҳлил қиладиган киши бўлса, антиқа бир ҳолни сезарди: у дастлаб кечаги тарихдан сўзларди — урушдан кейинги йиллар, ўзининг чопиб-чопқиллаб рўзғор ишларида юргани. Сўнг нуқул уруш даврида бошидан кечирганларини ҳикоя қиладиган бўлди. Сўнг урушдан аввалги йилларга ўтиб олди: колхоз тузилиши, қулоқлар, кечаси биттасининг: «Колхозга ишга чиқма, сўйиласан!» — деб қўрқитгани, ўзининг: «Етимларимни боқ бўлмаса!» дея фарёд қилгани… Кейин, бир-икки кун ўзига совчи бўлиб келганларни қарғади-ю, эри Шодмон полвон тилидан тушмай қолди: «Тоғдек йигит эди. Тиришма дегани вабоми? Афғонда бор экан…»
Бир куни Раҳима кампир ёш қизалокдек қувониб, уй атрофида тимирскиланиб юрди. Сўнг нарвонга тирмашиб, томга чиқиб олди ва пастга туша олмай, йиғилаб ўтирди. Куёви келиб, бир амаллаб пастга туширди.
Шунда қизиқ иш бўлди, кампир куёвига бирдан ёт назар билан қараб қаёққадир қочмоқчи бўлди ва ҳассасини ҳам ташлаб, эмаклаб уйга кирди. Эшикни зичлаб ёпди.
У дағ-дағ титрар эди. Хонанинг шифтларига ҳайрат билан боқди, эшикка яқин борганди, эшик бирдан тортилди. Раҳима буви: «Вой!» дея чеқинди. Остонада қизи Адолат опа турарди.
— Хосият? Хосият опа! — пичирлади кампир. — Қўйвор мени… Нимага уйга қамаб қўйдинг? Бари бир қочиб кетаман. Сатилимни бер!
Адолат опа бир қадам ичкарига босди:
— Энажон, сизга нима бўлди? Жоним энам?
— Ҳалиги эркак қани, йўқ-ку?
Шу куни кечгача Раҳима кампир мана шундай, бамисоли ўн беш яшар қизлик даври билан яшади: она-сини эслади, сойни. Онанинг васиятларини.

Адолат опа билан Қурбон бобо унинг хонасида ўтиришарди. Улар чиқиб кетгач, Раҳима буви бирдан хаёлга толиб қолди ва… кўз олдидан аллақандай баланд миноралар, паранжи ёпинган аёллар ўтди. Кейин ўзини аллақандай ариқ лабида кўрди: биров деворга тирмашяпти. Ким у? Эри-ку? Оёғидан торт!.. Сўнг кампир ўзича илжайиб, хонада кеза бошлади, шипдан осилган лампочка тагида таққа тўхтади. Боши айланиб, кўзи тинди, сўнг кўзи юмиқ бўлса-да, аниқ кўра бошлади: дара, катта гулхан ёняпти. Атрофида отлар, эшаклар. Шошилиб у ёқдан-бу ёққа ўтаётган одамлар… Шунда у худаи совқотаётгандек жунжикиб кетди. Беихтиёр ерга ўтириб, чап оёғини уқалади. Сўнг кўз олдига лоп этиб кирза ботинка ва фуфайка кийган ўғли Абдураҳим келди. «О, болам, душманга қирон келсин!» — шивирлади у… Кейин чайқалиб ўтираркан, сап-сариқ буғдойзорда юргандек ҳис этди ўзини. Шунда Раҳима буви бирдан ҳушёр тортиб кетди ва невараларининг номини тутиб чақира бошлади, кейин ўз-ўзидан хижолат тортди: нега невараларини чақиряпти у? Улар бу атрофда йўқ-ку? Чевараларини чақирмоқчийди шекилли.
…Адолат қани? Қизи? Х,алигина шу ерда эди чоғи? Кимлар чиқиб кетди боя?

Раҳима кампир эртаси куни бир неча одамга ўхшаб, ҳар хил қиёфада яшади: гоҳ Раҳима қиз бўлади, гоҳ Раҳима келин. Бирдан Раҳима онага айланади. Кейин Раҳима бувига… Сўнг яна Раҳима қизга.
— Энажон, бизни қўрқитманг, энажон, — деди Адолат опа кечқурун тағин унинг уйига кириб. — Бу овқатни енг… Мана, чой! Кеча мени ёмон қўрқитдингиз.
— Нима? Нима дедим? — сўради у паришон бўлиб.
— Ахир мени танимай қолдингиз-ку? Сизни уйга қамаб қўйган эмишман. Мени Хосият дедингиз… Бунақа қилманг, энажон? Сиз ёш бола эмассиз-ку? Эшитяпсизми? Ёш бола эмассиз… Сочларингиз қайта қорая бошлади, тишлариргиз қайтадан чиқяпти. Пири бадавлатсиз, энажон?
— Менинг энам қани?.. У кутиб қолди-ку? Нималар деяпсан?
— Жон эна…
— Сатилимни опқўйдингми?
— Уф…
— Энам касал эди, ўладиган бўлиб ётипти… У ўлади! Кетаман уйимизга.
Адолат опа йиғлади. Чиқиб эрига ёлворди:
— Чолжон, қандай кунга қолдим? Энам ёш бола бўлиб қопти. Чолжон… наҳотки одам охир-оқибатда шундай бўлиб қолса-я? Бу даҳшат эмасми?.. Боёқиш энам! Ёмон аёлмас эди. Бизни деб яшади, умри ўтди. Энди ҳеч нарсани билмай, эслолмай ўтирипти. Билгани, эслагани — болалиги!.. Мен қўрқиб кетяпман, чолжон? Менга қаранг, нимани ўйлаяпсиз?
— Кампир… одам бола бўлиб ўлмайди.
— Йўқ, йўқ! Бунда бир сир бор… Хўп денг. Мен накдини ҳам эшитганман. Топишмоқ борку: тўрт оёқли бўлиб туғилармиш, кейин уч оёқли бўлармиш…
— Кейин икки оёкди.
— Тўғри-да, одам туғилганда ўрмалаб юради, кейин бир нимага суяниб юра бошлайди, уч оёкди бўлади. Кейин икки оёкди, а?
— Сўнг қўлига ҳасса олади, тағин уч оёқли бўлади. Кейин…
— Яна турт оёқли бола… Бола! Чолжон, ҳақиқатдан ҳам энам бола бўлиб қолди-ку? Эрта-индин ҳассага таяниб ҳам юролмай қолади. Росткамига бола бўлади… Нимага ишонмайсиз?
— Кампир… одамзод бола бўлиб ўлмайди. Унда яшашида маъно бўлмас эди.
— Мен ана шундан қўрқяпман-да?
— Ҳовлиқма, кампир… Сабр қил.

* * *

Уч кундан кейин Раҳима кампир бирдан ўзига келди. Унга қараган, гапини эшитган киши куни кеча қилган ишларига сира ишонмас эди.
Момо қизини чақирди, унга маъюс тикилиб, йиғлади:
— Консерт кўрсатдимми? Нималар дедим… Эслолмайман.
— Ҳозир тузукмисиз, энажон?
— Худога шукур… Болам, тараддудингни кўр, мен кетаман энди.
— Энажон?
— Хўп де, ёлғизим. Сезиб турибман… Қил устида турганга ўхшайман… Болага ўхшаб қолдимми?
— Сал…
— Сал эмас. Раҳматли энам ҳам шунақа бўлган эди. Кейин ўлар чоғида айтган эдики…
— Нима дегандилар?
— Одамзод ҳаёти охирида… сўниш олдидаги шамга ўхшар эмиш. Одам ўлим остонасида бирдан куч йиғади экан. Шам ҳам сўниш олдида бирдан аланга олиб ёнади-ку? Кейин сўнади…
— Энажон.
— Мен хийла алжиб қолдим-а? Эсим бор… Кейин жуда бўшашиб кетдим, жин урди-қўйди. Хайрият, ҳозир эс-ҳушим жойида, болаларни чақир, васият қилай.

* * *

— Болаларим, мендан рози бўлинглар. Яхшилигим ўтган бўлса, унутманглар. Ёмонлигим ўтган бўлса… эсдан чиқаринглар. Мен ҳаётимдан розиман, сизлардан розиман. Мендан ҳам рози бўлинглар.

1975

Tog’lar oqardi, adirlar yorishdi, ufq qizardi. Kundalik yumush boshlandi. Amirqul aka ko’zlari qizargan holda chaylaga suyanib o’tirar, u holsiz edi. O’choqqa o’t qo’ymoqchi bo’ldi, hafsalasi kelmadi. Bir-bir bosib, adir tepasiga ko’tarila boshladi va birdan yig’lagisi keldi. Lablarini qattiq tishlab, tepaga chiqib bordi. Qarshisida bug’doypoya yastangan, yer haydalmagan edi. Sariq tikanlar, ko’p zarg’aldokdar sayrar. Bu shunday so’nik, loqayd va g’arib manzara edi. Qorovul pastroqqa tushib, kesakka o’tirdi.

SHUKUR XOLMIRZAEV
ODAM HAQIDA HIKOYALAR
011

NOTANISH ODAM

05Ovga borayotgan edim, havo aynidi. «Bahor havosi-da, bir sevalab o‘tar», deb ketaverdim. Biroq sal o‘tmay yomg‘ir shunday quyib berdiki, birpasda ust-boshim ho‘l bo‘lib, badanimga yopishib qoldi. Shunda, turgan yerimdan ikki yuz qadamcha narida jar va jarga tushaverishda ovchilar, yo‘lovchilar qo‘nib o‘tadigan kamarcha borligi yodimga tushdi. Jarga yaqinlashishim bilan shuvoq isi aralash tutun dimog‘imga urdi. Kamarga kirdim. O’rtada gulxan yonar, chetroqda oqchil chakmon kiygan, o‘rta bo‘y bir kishi eshagining ayilini bo‘shatardi.
— Salomaleykum.
Notanish odam menga qaradi-da, boshimdan-oyog‘imgacha ko‘z yugurtirib chiqdi. U qirg‘iz bashara, lekin qoshlari quyuq, qirq yoshlardan oshgan, baquvvat kishi edi.
— Aaalekum.
O’t boshiga cho‘nqaydim. Etigimni sug‘urib, tagini olovga qaratib qo‘ydim. Pidjagimni yechib, tizzamga yoydim. Notanish odam gulxan yoniga qaytdi, bir dasta shuvoqni tagiga qo‘yib o‘tirdi.
— Xo‘-o‘sh, yo‘l bo‘lsin, yigit? — dedi u. Uning ohangida allanechuk kinoya borga o‘xshab ketdi.
— Ovga, qishlokdan, — qisqa javob berdim.
— Hali ovchiman dang? — daf’atan pixillab kuldi u va gulxanga o‘tin qalay boshladi.
«Ovchiman! Buning nimasi kulgili?!» deb jerkib bergim keldi-yu, «ha!» deb qo‘ya qoldim.
— Nega yomg‘irda qoldingiz? — so‘radi u jilmayishini qo‘ymay.
— Qoldim-da.
— Yomg‘ir yog‘ishini bilmadingizmi?
— Qaydan bilay.
— Bulutni ko‘rib edingizmi?
— Ha.
— Gallamang, ko‘rganingiz yo‘q.
— Obbo, mendan… nima istaysiz o‘zi, amaki?
Suhbatdoshim menga xotirjam ko‘z tashlab oldi.
— Kerakli narsani ko‘ra bilishingizni istayman xolos. Ko‘rgan bo‘lsangiz: bulut tog‘dan emas, cho‘ldan ko‘tarilayotgan edi. Ko‘rinib turiptiki, bu bulut to‘kkan yomg‘ir ancha-muncha mahalda tinmaydi. Agar bulut tog‘dan pastlagan bo‘lsa, uning yo‘rig‘i boshqa edi. Shuni ko‘ra bilganingizda, ilgariroq o‘zingizni panaga tortardingiz, suvga cho‘milib, bunday qunishib o‘tirmas
edingiz.
Men tishimni tishimga bosib, jim qoldim.
Yomg‘ir quyyapti. Kamarning «pesh buruni»dan tosh «ostonasi»ga sharillab loyqa, qizg‘ish suv to‘kilyapti. Nam shuvoq hidi anqiydi. Notanish odam o‘rnidan turdi.
— Xafa bo‘lmang, yigit.
Chaqmonning yoqasini ko‘tarib, boshini qopladi, kamardan chiqdi. Sal o‘tmay yarmisi ho‘l bir quchoq o‘tinni ko‘tarib kirdi. Uni kamarning to‘rrog‘iga eltib tashladi-da, menga qaramay, «isina bering», deya yana chiqib ketdi.
«Isina bering? Olovini minnat qilganimi!» Pidjakni kiyib, o‘rnimdan turdim. Kamardan chiqarkanman, notanish odamni ko‘rdim. U pastda, soyning yoqasida yugura-ela, daryo toshqini toshlarning tagiga tiqib tashlagan shox-shabbalarni terardi. «Ha, pishiq odam. Bu o‘tinlarni uyga olib ketadi. Eshagiyam tayyor». Notanish odam o‘tin uchun kamar bilan soy orasida yana uch-to‘rt marta qatnagach, kiyimlarini siqib, joyiga kelib o‘tirdi. Menga ko‘z qirini tashlab, o‘chayotgan cho‘g‘larni dag‘al barmog‘i bilan titkiladi.
— Tomosha qiling, yomg‘irning yog‘ishida ko‘ngilga yoqadigan bir dilgirlik bo‘ladi, — dedi u. — Ko‘p yaxshi narsalar yodga tushadi. Ayniqsa o‘t yonida o‘tirib tomosha qilsang. Keling-e, yigit, o‘tiring.
Men, o‘zim ham bilmayman, nima uchundir yumshab qoldim.
Belbog‘ini yechib o‘rtaga yoydi. Eshakdagi xurjundan bitta yog‘liq patir bilan beshta qo‘y qurtini olib belboqqa qo‘ydi:
— Dasturxonga qarang.
— Rahmat, qornim to‘q.
— Rahmatni yegandan so‘ng aytasiz.
Men bitta qurtni olib shimiy boshladim.
Ikkalamiz ham jim, tashqarida shuvillab yog‘ayotgan yomg‘irga qarab o‘tiribmiz. Soy sohiliga ko‘kchil tuman o‘rmalayapti. Sohilning so‘l tomoni bug‘doyi kuyib ketgan paykalday qorayib ko‘rinadi. Uning ustiga bulutlardan yo‘l-yo‘l zangor chiziqlar osilib tushgan. Bora-bora u chiziqlar oqardi, qorayib ko‘rinayotgan yerlar ham yorishdi. Atrof oydinlashib, ufq kengayib ketdi. Quyosh chikdi. Biz ham kamardan chiqdik.
— Xayr, yigit, ovingiz baror olsin, — dedi u. — Mening gaplarimdan xafa bo‘lmang.
U eshagiga mindi. Mening xayolimga u terib kelib kamarga tashlagan o‘tinlar keldi.
— Amaki, o‘tiningizni unutdingizmi deyman?
— Yo‘q, yigit, unutganim yo‘q, — kulimsiradi u, — siz uyga olib ketadi deb o‘yladingizmi? Uyimda o‘tinim bor. Mana, seryomg‘ir kunlar boshlandi. Sizu bizga o‘xshagan biron yo‘lovchi bu kamarga kirib qolgudek bo‘lsa, sovuqqa qunishib o‘tirmasdan, tayyor o‘tinni yoqib isinadi, shular uchun terdim.
U ketdi. Men kamar og‘zida, undan ko‘z uzolmay qarab qoldim.

1960

JARGA UCHGAN ODAM

Islom tug‘ilgan uy eski, vassalari qorayib ketgan, bitta keng derazasi ellik qadam naridagi qishloqning daraxtlarga burkangan tomoniga ochilar edi. Uyning ustida Boysuntog‘ning musaffo osmoni osilib turar, uning orqa tomonida to‘lqinsimon sarg‘ish adirlar tog‘ tarafga emgaklab ketgan, adirlar ortida esa chag‘ir toshli qirlar va ular orqasida mol podalariga o‘xshab archazor qoplagan tog‘ ko‘rinar edi. Tog‘ning osmonga qadalgan o‘rkachlarida parquv bulutlar suzib yurar, ular tog‘ bilan zangori osmonni bir-biriga qo‘shib turganga o‘xshar edi.
Islom ana shu uyda tug‘ilib, shu manzaralarni ilk bor ko‘rgan edi. U qishloq markazidagi maktabga qatnay boshladi. Darsdan bo‘shashi hamono uyiga chopar, kelgach, o‘zini erkin, baxtiyor his etar edi.
Islom maktabni tugatgach, harbiyga jo‘nadi. Baxtiga, u Belorussiyaning shimoli-sharqidagi o‘rmonlardan biridagi qismga tushdi. Tog‘dan ayriliq azobi o‘rtab yurgan qalbiga belorus o‘rmonining mayin, yashil manzaralari taskinlik berdi.
Lekin u o‘sha o‘rmonda turib ham o‘z uyini, etakdagi qishlog‘iyu shimoldagi tog‘larini yanada sevib qolganligini tuydi, ularni juda-juda ko‘rgisi keldi.
Islom kishlog‘iga keldi, uyiga kirdi, tog‘lariga sayrga ham chiqdi. Ana shunda u endi bu yurtdan bir umr judolikda yashay olmasligini, jasadi ham albatta shu yerda dafn etilishi kerakligini chuqur his qildi.
Hayotning, yashashning talab va qonuni o‘zgacha.
Islom o‘rmonchilik fakultetiga kirish uchun Toshkentga yo‘l oldi. Qishloq xo‘jalik institutiga hujjatlarini topshirdi. Ammo konkursdan o‘tolmadi. Bu hol yana ikki yil takrorlangach, uning o‘qishdan ko‘ngli sovidi va qishlog‘iga qaytib kelib, yoshligida o‘zi saboq olgan maktabda badantarbiyadan dars bera boshladi.
U darsdan bo‘shagan mahallarida tomga chiqib o‘tirar, po‘stak yozib chalqancha yotar, shunda charchog‘i tarqab, olam-olam zavq olar edi.
Uni kichkina qishlokda hamma tanir, u ham hamqishloqlarini bilar edi. Biroq u davralarga kam qo‘shilar, yolg‘izlikni, o‘z xayollari ishqi tushgan manzaralari bilan ulfat bo‘lishni istardi.
Darvoqe, Islom shimoldagi tog‘lar, o‘rmonlar, undagi hayvonotu parrandalar zotini ham yaxshi bilardi. U miltiq ko‘tarib yursa-da, kamdan-kam o‘q bo‘shatadigan bu g‘alati ovchini tog‘ ham, sokin o‘rmonlar ham, yovvoyi hayvonlaru beozor parrandalar ham bilishar edi.
Zamonning zayli bilan qishloq rayonga aylandi, unda redaktsiya ham tashkil topdi. Bir kuni Islomni o‘zi dars berayotgan maktabning sobiq direktori, peshanasi doimo terlab yuradigan Omon Fatullaev, ya’ni «Tog‘lar sadosi» gazetasining muharriri chaqirib qoldi.
Islom hayrat va kiziqish bilan uning huzuriga bordi.
— Islomjon, — dedi u, ko‘k baxmal sirilgan stolning qoshidagi stulni ko‘rsatib. — O’tiring. Sizga bir iltimos bor edi.
— Marhamat. Rayon tashkil bo‘lganda bir marta xursand bo‘lgan bo‘lsak, redaktsiya tashkil bo‘lganda ikki marta xursand bo‘ldik, — dedi Islom.
— Rahmat, Islomjon. Gap shundaki, o‘zingiz aytganingizdek, rayon ham, gazeta ham yangitdan tashkil bo‘ldi. Hali ikkalasi yosh, tajribasi kam… Maqsadimiz avvalo, rayonni tiklab, qaddini ko‘tartirib olish. So‘ngra, gazeta ishlarini ham yaxshilash. O’zingizga ma’lum, gazeta, dohiy Lenin aytganidek, tashkilotchigina emas, tashviqotchi hamdir. U partiyamizning ideologiya quroli. Islomjon… xullas, maqsad shuki, biz rayonimizning ko‘rkam-obod bo‘lishiga, xalqimizning boy-badavlat yashashiga gazetamiz bilan yordam berishimiz kerak… Biz kecha muharrir muovini, bo‘lim mudirlari bilan gaplashib, gazetamizni qanday chiqarish, qanday masalalarni ko‘tarib chiqish xususida kelishib oldik. Siz gazetchilikdan bexabarsiz… Rubrika degan narsa bo‘larkan. U sarlavha degani. Umumiy sarlavha. Shu sarlavha ostida gazetaning har bir sonida bittadan maqola berilishi shart, bo‘lmasa, gazetamizning obro‘yi tushadi… Bizda bir necha rubrikalar bor, ular bilan keyincha tanishasiz. Bular ichida «Tabiat va Odam» degan rubrika sizga tegishli.
Islom qiziq bir gap eshitgandek yengil tortib ketdi, muharrirning so‘zlarini jon qulog‘i bilan eshitdi.
— Ana shu rubrikani boshqarib, uni materiallar bilan ta’minlab turadigan bir xodim kerak bizga. Bu rubrikani joriy etmasak bo‘lardi. Lekin o‘zingizga ma’lum, rayonimiz tog‘li, o‘rmonli, bog‘li… Bu bir. Ikkinchidan, hozirgi davrda tabiatni qo‘riqlash… uni asrash eng muhim masalalardan biri bo‘lib qolgan. Bu hol biz tog‘liklarga ayniqsa katta mas’uliyat yuklaydi.
— Yaxshi… Rahmat, — deb pichirladi hayajonlanib ketgan Islom.
— Bilasiz, raykomimiz sekretari olim odam. Sirasini aytganda, bu rubrikaning joriy etilishi u kishining tavsiyalari bilan bo‘ldi. Lekin uni boshqara oladigan, tabiatimizni behad sevguvchi bir kishi kerak, uni topinglar o‘zlaring, deb maslahat berdilar. Biz Islomjon… o‘ylab-o‘ylab shu ishga sizni jalb etmoqchi bo‘ldik. Nima deysiz shunga?
Gazeta chiqarish nima, rubrikani maqola bilan ta’minlash nima, uni uyushtirish va boshqarish nima — bu narsalar haqida zarracha tasavvurga ega bo‘lmagan Islom…
— Domla, men tabiatni sevaman, uning shaydosiman, — dedi. — Lekin… bu ish menga qalay bo‘larkin? Men avvalo, bu sohalarni tushunmayman. Keyin… o‘n sinf ma’lumotim bor. Hozirgi davrda bu g‘irt savodsizlik.
— Islomjon, biz sizga yordam beramiz, ishni o‘rganib ketasiz. Hamma gazetchilar ham ishni ona qornidan o‘rganib tushmagan. Ikkinchidan, biron yil o‘tsin, biz sizni jurnalistlik o‘qishiga yuboramiz. Sirtdan o‘qiysiz. Unga kirish uchun kishi avvalo redaktsiyada ishlagan bo‘lishi kerak. Agar maqolalaringiz bosilmagan bo‘lsa, bosilgan maqolalaringizdan nusxa olib bormasangiz, hujjatlaringizni qabul qilishmaydi… Hammasidan muhimi, siz tabiatni sevasiz. Bordiyu… shunday bo‘lishiga qaramasdan bari bir, bu ish sizga to‘g‘ri kelmasa, unda maktabingizga qaytib ketaverasiz. Xo‘pmi?
Islom «xo‘p», deb chiqib ketdi. Uyga borib, gapni xotiniga aytdi.
— Shunday qiling, — dedi xotini. — Maktabni boshingizga urasizmi? O’qishga ham yuboramiz, deyishibdi. Qachongacha tomga chiqib o‘tirasiz, tog‘-toshda darbadar kezasiz… Ro‘zg‘orimizga ham yaxshi bo‘lar edi.
Bir oy o‘tdi.
Islom ishga chunonam berilib ketdiki, gazeta nimayu uni chiqarish nima, rubrika nimayu unga material uyushtirish nima — bular haqida birovga maslahat bergulik darajaga yetdi.
Asta-sekin uning maqolalari ham bosila boshladi. Oldiniga hamqishloqlari unga qiziqsirab qarashdi: «Ie, yozuvchilik muborak bo‘lsin», deganlari ham bo‘ldi. Keyinchalik unga ko‘nikdilar va Islomdek tabiatni xush ko‘ruvchi, uning ishqibozi bo‘lgan kishi shu ishni qilishi lozim-da, degandek fikr yuritadigan bo‘lib qoldilar.
Islom tabiatning turli-tuman mavzularida maqolalar yozar edi, bir tup archaning yonbag‘irda turishi, quyonning bolalashi haqidami, burgutning kaklik ovlashi haqidami yoki tog‘ ayiqlarining xulq-atvori haqidami, xullas, har xil mavzularda yozar edi.
Oradan bir yil o‘gib, uning nomi qishloqqagina emas, hatto oblastta ham besh barmoqdek ma’lum bo‘lib qoldi.
Uning «Tog‘lar sadosi»da bosilgan tabiat lavhalarini oblast gazetasi ham ko‘chirib bosar, undan bu maqolalar o‘zga rayonlarga ham tarqalib ketar edi.
Islom bir holga amin bo‘ldi:
Tog‘ni, o‘rmonlarni, hayvonotu parrandalarni — umuman, Boysuntog‘ bag‘ridagi tabiat boyliklarini faqat o‘zigina emas, hamma, hamma odamlar ham sevar ekan…
U o‘zidan mamnun bo‘lib ketdi va asta-sekin o‘zini atrofdagi tabiatning ilk oshig‘i, uning jonkuyar himoyachisi, uning ilk targ‘ibotchisidek his qila boshladi.
Bu hol uni tabiatga yana ham ko‘proq bog‘lab qo‘ydi.
Kunlarning birida rayon partiya komitetining tashviqot-targ‘ibot bo‘limidan Islomni chaqirib qolishdi.
Bo‘lim mudirasi o‘rtoq Sotiboldievaning yonida qirraburun, sochiga oq oralagan, o‘ttiz besh yoshlar cha-masidagi bir yigit oyoqlarini bir-biriga chalishti-rib, chiroyli qizil paypog‘ini ko‘rsatib o‘tirar edi.
Islom xonaga salom berib kirdi.
— Tanishing, bu kishi shahardan. Kinorejissyor. Bizning Boysuntog‘ tabiati haqida film yaratmoqchi ekanlar. Shuning uchun kelibdilar, — dedi mudira.
— Xush kelibsiz, — dedi Islom u bilan ko‘rishib.
— Islom deganingiz shu kishi bo‘ladilarmi? — stolda turgan qo‘li bilan ko‘rsatdi uni rejissyor.
— Ha, shu kishi, o‘rtoq Ismoil Yusupovich!
— Marhamat, o‘tiring, — dedi Ismoil Yusupovich qarshisidagi stulga ishora qilib.
— Tashakkur.
— Siz men bilan ikki kun birga bo‘lasiz. O’rtoq Sotiboldieva redaktsiyadan sizga javob olib beradilar. Shundaymi?
— Shunday, — tasdiqladi mudira.
— Siz meni tog‘dagi, imkoni bo‘lsa, hamma qiziq-g‘aroyib narsalarni ko‘rsatasiz. O’zi nimalar bor tog‘-da?
— Tog‘da hamma narsa bor, — dedi Islom jilmayib.
— Qanday hayvonlar, qanday qushlar bor?
— Gazetchilikda sir saqlash degan gap bor… Yaxshisi, toqqa chiqqanda ko‘rasiz. Ko‘rsataman.
— Kelishdik. Rahmat. Qachon chiqamiz?
— Buguncha rayonimizni aylaning, o‘rtoq Ismoil Yusupovich, — gapga qo‘shildi mudira. — Xohlasangiz, o‘zim aylantiraman. Qurilishlarimiz ko‘p, yangiliklar ko‘p. Balki bular ham sizga kerak bo‘lib qolar. Kechqurun, dachamizda dam oling. Ertalabdan sayohatni boshlaysiz. Ismoiljon, sayohatni qay tarzda olib borish mumkin?
— Shu… biznikiga boramiz. Eshak bor, tongda minib, toqqa chiqib ketamiz.
Sotiboldievaning rangi o‘zgardi.
— Yo‘q-yo‘q, unday demang, ayb bo‘ladi. Mashina bor. Mashina borgan joygacha borasizlar. Keyin, odamlarga aytib qo‘yaman, ular sizlarga ot berishadi… Xo‘pmi?
— Yaxshi taklif! — dedi rejissyor.
— Mayli, — dedi Islom. — Lekin ot chiqolmaydigan joylardan ham yurishga to‘g‘ri keladi-da, o‘rtoq Ismoil Yusupovich.
— Boraveramiz, chiqaveramiz.
Kelishdilar.
Kechasi soat o‘n ikkidan oshganda, Islom Ismoil Yusupovichni raykomning qishloq janubida joylashgan bog‘idan uyiga olib keldi.
— O! Juda sodla yasharkansiz-u? — dedi shirakayf rejissyor Islomning uyini ko‘rib.
— Lekin o‘zimga yoqadi, o‘rtoq Ismoil Yusupovich.
— O’zingizga yoqadi, buni bilaman. Shuning uchun yashayapsiz-da. Lekin buning boshqa birovlarga ham yoqishini o‘ylab ko‘rishingiz kerak.
— Mening uyimga mehmon kam keladi. Redaktsiyaga o‘tganimdan keyin ham… Men ham birovlarning uyiga kam boraman.
— Da-a, qiziq!
Islomning xotini eri bilan mehmonga tomga joy solib berdi.
Soat to‘rtlarga yaqin uy etagiga kelib to‘xtagan raykomsomolning «gazik»i signal berdi. Islom bilan mehmon pastga tushib, tamaddi qildilar. Villisga o‘tirib, toqqa jo‘nadilar.
Ular ikki kun tog‘da aylanishdi. Islom Ismoil Yusupovichga uchragan har bir giyoh haqida gapirdi, har bir qushga ta’rif berdi, uning xulqi haqida so‘zladi. Lekin rejissyorni ko‘pincha bunaqangi ikir-chikirlar emas, g‘ayritabiiy manzaralar va hayvonlar qiziqtirar, ularni qanday qilib suratga tushirish haqida bosh qotirar edi…
Ammo Ismoil Yusupovichning tog‘ni yaxshi ko‘rishi, tabiatdan zavqlanishiga ham shubha qilib bo‘lmas edi.
U goho yugurgilab baland qoya ustiga chiqib ketar, olmurutlarga tosh otib qolar, kaklikning sayrashiga quloq berar edi.
Shunday paytlarda Islom hayajonga tushar, tabiat bu mehmonga zavq bag‘ishlaganidan faxrlanib, unga mehr qo‘yganidan ichida shodlanar edi.
Ular cho‘qqilarga chiqib hilollarning sayrashini ham kuzatishdi, tulkilar ini og‘zida olov yoqib, ularni qochirishdi, bo‘ri inlari og‘zida papiros chekishdi, qoya o‘rkachidagi burgut bolalariga do‘ppilari pastga tushgudek bo‘lib qarashdi.
— Men o‘n besh kundan keyin operatorim bilan kelaman, — dedi Ismoil Yusupovich, ular qishloqqa qaytishar ekan.
Mashina tog‘ oraliqlaridan chiqib, Yetim cho‘qqi ostidan o‘tayotganda Islom mehmonni yana bir xursand qilgisi keldi:
— Mashinadan tushamiz! — dedi, so‘ng shofyorga: — Siz bir oz o‘tirib turing, biz cho‘qqiga chiqib kelamiz, — deb uqtirdi.
Ular cho‘qqining yarmisiga yetganda, Islom terga botgan rejissyorga sirni aytdi.
— Ayiqni ko‘rsataman, bolalari bor.
— Shuni ilgariroq aytmaysizmi? — hovliqib ketdi Ismoil Yusupovich. — Tirik ayiqmi?
— Tirik.
— Odamga tegmaydimi? To‘xtang…
— Tegmaydi. Odam tegmasa, tegmaydi jonivorlar. Ularni o‘zlariga dushman qilib qo‘ygan odamlarning o‘zi, mehmon.
— Har holda… Miltiqni olvolish kerak edi-da.
— Ko‘rsa, polvonning achchig‘i chiqadi.
Bir necha qadam bosishgach, rejissyor taqqa to‘xtab, buyruq qilayotgandek dedi:
— Iltimos sizdan, miltiqni olib keling pastdan.
Siz shu yerning odamisiz, o‘rgangansiz, o‘zingizni himoya qila bilasiz. Men shaharlikman, birodar!
— Xo‘p, lekin miltiqni unga ko‘rsatmaymiz-da.
— Yaxshi. Miltiq yonimizda bo‘lsa, quvvat bo‘ladi har holda. Hayvon quturgan bo‘lishi ham mumkin…
Islom sakrab-sakrab pastga tushib ketdi, miltiqni olib chopib keldi.
Rejissyor uni maqtadi.
— Haqiqiy tog‘ yigiti ekansiz! Sizni bekorga maqtashmagan ekan.
Ular cho‘qqiga chiqib bordilar. Cho‘qqining usti keng maydon, bu yerda olma, olmurut va pistalar changal bo‘lib o‘sib yotar edi. Oyoq ostida kech bahorning qalam-qosh gullari.
Islom mallarang ulkan qoya yaqiniga borib:
— Shu yerda, mana, izlari ichkariga ketgan. Chiqadi, kutamiz! — dedi va mehmonni ergashtirib, iziga qaytdi. Ular cho‘qqining labiga yetib, qoya toshlar orasiga kirib o‘tirishdi.
Bu joyni Yetim cho‘qqi deganlaricha bor. Uning atrofini chuqur daralar o‘rab turadi, cho‘qqi bamisoli atrofi suv bilan o‘ralgan qadimgi qasrni eslatadi. Faqat, bu «qasr»ning usti o‘rmon.
Quyosh ufqqa yonboshladi, daraxtlarning soyasi kunchiqarga qarab cho‘zildi. Olisdagi, pastlikdagi qorong‘i tusha boshlagan qishlokda chiroqlar yondi.
— Hozir chiqadi, olma yeydi.
— Mana shu yer surat olishga qulay ekan, birodar.
Nihoyat, g‘ordan mo‘ralab sariq, baroq junli maxluq chikdi. U yoq-bu yoqni iskadi-da, «ma-a» deb bo‘kirdi. So‘ng ichkariga kirib ketdi.
— Hidimizni oldi shekilli, — dedi Islom va yana ham chetroqqa borib shamol yo‘lida o‘tirishni maslahat berdi.
Yarim soatlardan keyin yana ona ayiq g‘ordan chikdi, yana is oldi va dam osmonga, dam qizarayotgan ufqqa qaradi. So‘ng uning orqasidan bir juft choynakdek-choynakdek ayiqchalar ergashib chikdi va onasining jun to‘sib turgan qorniga intila boshladi. Ona ularga parvo qilmay, rezgi olma daraxti tagiga keldi. Dik etib, orqa oyoqlarida turib oldi va daraxtning yosh tanasiga tirnoqlarini botirib, g‘ayritabiiy silkidi, bir qancha jajji-jajji «paxtaseb» olmalar «duv» yergato‘kildi. Ayiqchalar chopqillab, ularni terib yeya boshladi.
Ona o‘rtada turib oldi-da, cho‘nqaydi va yana xavotir-la atrofga razm sola boshladi.
Shunda Islom rejissyorning miltiqqa qo‘l cho‘zayotganini ko‘rdi.
— Nima qilmoqchisiz?! — dedi.
— Juda yaxshi turibdi-da, hozir…
— Ha, jonivor miltiqning hidini sezgan, xavotiri bor ko‘nglida, — dedi Islom.
— Bundan boshqa joylardayam ayiq ko‘pmi?
— Bor.
— Menga bering miltiqni.
— Otsangiz xafa qilaman, mehmon.
— E, qiziqmisiz! Bitta ayiq nima bo‘pti? Yirtqich hayvon.
— Sizga zarari tegmayapti. Qaytanga biz uni bezovta qilyapmiz…
— Menga qarang, shuni siz otib bering menga. Terisi… juda kerak edi. Xotinim juda tayinlagan edi. Axir, bu sovg‘a-da! Men sizni maqtab yuraman, buni bir zo‘r ovchi yigit otib berdi deyman. A?
— Birinchidan, hozir hayvonlarni otish mumkin emas. Ikkinchidan, qarang, uning ikkita bolasi bor, ularni yetim qilib nima qilasiz. Ochdan o‘lib ketishadi.
— Ochdan o‘lmaydi, tutib, zooparkka topshirish mumkin, ularga kerak.
— Mehmon, siz meni bilmaysiz… Mening onam ham, otam ham, do‘stim ham ana shu tabiat. Meni tog‘ shaydosi deyishadi. Bu xayolni boshingizdan chiqaring. Vaqti-soati kelganda, o‘zim bironta qarisini otib beraman… yuboraman sizga.
— Menga qarang, bu sizning shaxsiy molingiz emas-ku, davlatniki!
— Davlatniki bo‘lsa yanayam yaxshi. Siz aqlli, o‘qigan odamsiz…
— Ketamizmi?
— Ketdik.
— Turmang o‘rningizdan. Sekin tushib ketamiz. Bilib qolsa, tosh otishi mumkin.
— Tegmaydi odamga dedingiz-ku, o‘zingiz?
— Biz miltiq opchikdik, miltiq — uning dushmani… Jonivor niyatingizni tushunganida, sizni dabdala qilib tashlar edi.
— Uf… Men bu yerdan tusholmayman, tosh dumalaydi bari bir!
— Bo‘lmasa, u ketguncha o‘tiramiz.
— E, meni qamab qo‘ymaydimi hukumat?!
Ismoil Yusupovich miltiqni shartta tortib oldi-da, ayiqni mo‘ljalga oldi, Islom unga qo‘l cho‘zgan edi, o‘q ovozi yangrab ketdi. Islom titrab-qaqshab boshini egdi va o‘q ayiqqa tegmasa go‘rgaydi, deb kutdi.
Ona ayiq birdan bo‘kirib yubordi va o‘q chiqqan tomonga otildi. Ammo o‘mbaloq oshib tushdi, o‘rnidan yana turdi-yu, qaddini ko‘tara olmay, o‘rmalab kela boshladi.
Ayiqchalar qochib g‘or og‘ziga kirib ketishgan edi, o‘rmalab borayotgan onalarining to‘xtab qolganini ko‘rdilar-da, atrofga qo‘rqa-pisa qarab, chopqillab keldilar.
Miltiqni yerga tirab cho‘nqaygancha ayiqni kuzatib, qaltirab o‘tirgan Ismoil Yusupovich Islomga qiya qarab:
— O’ldimi? — deb so‘radi.
Islom xuddi onasi o‘lganu nafasi ichiga tushib ketgandek baqrayib qolgan edi.
— O’ldi shekilli qimirlamay qoldi, — dedi rejissyor va yana Islomga qaradi, so‘ng qo‘zg‘almoqchi bo‘ldi, yana o‘tirdi-da, qizishib dedi: — Buncha xafa bo‘lasiz? Bo‘lgan ish bo‘ldi-da… Men hech ovchilik qilmaganman. Islom, menga qarang… Men sizni xursand qilaman. Oladigan filmimning bosh qahramoni o‘zingiz-ku, axir? E, qo‘ying-ey.
Ismoil Yusupovich ayiqdan besh qadamcha berida to‘xtab, unga tikildi. O’q uning manglayini yorib ketgan edi. Islom botayotgan quyosh shu’lasi bir yelkasini qizartirgan holda, sekin yurib, ayiq boshiga keldi.
Ayiqchalar odamlardan hayiqishmadi, ular tamshanib, o‘lik onalarining sut to‘la emchagini cho‘zib-cho‘zib emishar edi.
— Nima qilib qo‘ydingiz? — dedi Islom rejissyorga.
— Qiziqmisiz? O’ldi… Bolalarini ham opketamiz.
Islom gangib atrofga qaradi. O’rmonlar, tog‘lar, osmonu yerga — tabiatga ko‘zi chizilib o‘tdi. Shunda birdan qulog‘i shang‘illab ketdi. Nazarida, bola qalbiga allaqachonlar kirib, uni o‘z asiriga aylantirib qo‘ygan tabiat uvvos tortib faryod ko‘tarayotgandek tuyuldi.
Islom o‘zini shu tabiatning yagona qo‘riqchisi, sodiq do‘sti, vafodori deb hisoblar edi.
Agar unga qilingan bu jabr uchun dushmandan qasos olmasa, o‘zini xiyonatchi, xoin, sotqin bo‘lib qoladigandek his etdi. Va… Ismoil Yusupovichning qo‘lidan miltiqni tortib oldi-da, qulochkashlab uning bo‘yniga tushirdi. Rejissyor ovoz chiqarmay kesilgan shox kabi uchib ketdi, apil-tapil o‘rnidan turdi-yu, yana yiqildi, uning gavdasi jardan quyiga uchdi.

1971

TIKAN ORASIDAGI ODAM

Bug‘doypoyada sariq tikanlar mo‘l, ular ochilib turgan allaqanday gullarga o‘xshaydi. Zarg‘aldoqlar «chulu-lu» deb tikan shoxlariga bemalol qo‘nadi, sovuqda junjikkandek hurpayib oladi. Ehtimol, tikanlar ostida inlari bordir, movut parchasi, xas-cho‘pdan yasalgan. Hozir kuz boshlanib qolgan…
Kun choshgoh. Adir ustida quyosh gardishi oqarinqirab nur sochyapti. Bug‘doypoya yoqalab o‘tgan tuproq yo‘lda oq yolini yelpitib, bo‘z ot yo‘rg‘alab kelyapti. Egar-dagi barvasta yigit qizargan ko‘zlarini horg‘inlik bilan ochib, uyoq-buyoqqa qaraydi. Egnida oq, kalta po‘stin. Boshida shapka, uzangiga tiralgan oyoqlarida kirza etik. O’ng qo‘lidagi qamchi egar yonida osilib turibdi. Chap qo‘li bilan yuganni siltab-siltab qo‘yadi. U yonbag‘irdan ko‘tarilib, g‘uj bo‘lib o‘sgan tikanlar orasida allanechuk g‘ujanak bo‘lib o‘tirgan kishini ko‘rdi. Kishi ham otliqni ko‘rdi-yu, irg‘ib turdi. Afti dard va alamdan tirishdi. Shitob bilan yurib, yo‘lga chikdi. Yigit ham yuganni tortib, unga behol qarab turdi. U kelib, yugan tasmasidan ushladi:
— Qalay? — dedi.
— Nima «qalay?» — to‘ng‘illadi yigit.
— Meni qiynama, uka!
— Bo‘pti. Bo‘lar ish bo‘ldi.
Tikanzordan chiqqan kishi ko‘zi yer chizib, ot o‘mrovidagi xasni chimdib tashladi:
— Meni afv et, uka.
— Qo‘ying, men bir oz dam olay. Birontasi so‘rasa, Qorabog‘dagi hovuz bo‘yida, deng.
Suhbatdosh shoshdi:
— Yuring bo‘lmasam. U yerda qarindoshim bor, to‘shak opchiqib beraman. Ovqat qilamiz!.. Ketdik!
— Tomokdan ovqat o‘tadimi!
Haligi kishi boshini xam qildi:
— Xo‘sh… — otliq yuganni silkitdi, qamchi ushlab turgan qo‘li og‘ir tebrandi. Ot yo‘rtib ketdi.

* * *

Quyosh botib, atrofga qorong‘ilik cho‘kkan, bug‘doypoya ortidagi chayla yog‘ochiga ilib qo‘yilgan «Spidola» baqirib ashula aytar, boyagi tikan orasidan chiqqan kishi chayla poyasiga suyanib o‘tirib, pichoq bilan yog‘och yo‘nar edi. Bu odam o‘tgan haftagacha bo‘limning agronomi bo‘lib, takabburligi va manmanligi tufayli ishdan olingan, bunga uning savodsizligi ham sabab bo‘lgan edi. U qattiq xafa bo‘lib: «Amalni ko‘rdim, endi qorovulchilikni berasan!» deb turib oldi, direktor ham uning aftiga bir nafas xo‘mrayib tikilib turgach: «Bo‘pti bo‘lmasa!» — dedi.
Etakdagi so‘qmokda haligi otliq ko‘rindi. Bu yigit o‘tgan yil institutni bitirgan agronom bo‘lib, bog‘dorchilik brigadasiga boshchilik qilardi. Eski agronom tushgach, kattalar uning o‘rniga shu yigitni ko‘tarib qo‘ya qolishdi.
— Salom, Amirqul aka, hormang!
— O’zingiz hormang, biz horishdan keyin tug‘ilgan yigit! — deb uni qarshi oldi dala qorovuli.
— Yo‘q, horigan ko‘rinasiz, — dedi yosh agronom. — Etakdan bir xabar oling, shudgor qilib ketibdi yana jayralaringiz!
— Balki, men shudgor qilgandirman, Mirhaydarjon, — semiz, go‘shtdor yuzini silab agronomga tikildi Amirqul aka.
— Yo‘q, siz shudgor qilmaysiz. Siz to‘qsiz-ku, — to‘ng‘iladi Mirhaydar.
Amirqul aka pichog‘ini sholchaga sanchib, irg‘ib turdi:
— Men to‘q?! — dedi va o‘ylanib, kulib yubordi. — Ha, men to‘qman! Yiqqanim yetti pushtimga yetadi. Qo‘sha sigir ham bor, bo‘rdoqiyam bor, matasekl ham bor. Senda… shu amaldan bo‘lak narsa yo‘q, agar undan tushsang, tishingni so‘rib qolasan!
— Bachkanalik qilmang! — dedi Mirhaydar. — Nima bo‘ldi o‘zi? Yo qorovullikniyam eplolmaysizmi? Ayting unda. Nimaga baqrayasiz? Topshirilgan ishni qiling-da! Miltiq qani?
— Menga miltiqning keragi yo‘q.
— Gap munday: men sizni ogohlantiraman, Amirqul aka, men bilan o‘chakishmang. Yaxshi bo‘lmaydi. Mendan alam olaman deb, sovxozga zarar yetkazasiz.
Amirqul aka miyig‘ida jilmayib, bosh chayqadi:
— Sovxozning manfaatini ko‘zlaydigan odam!..
— Ha, men shunday odamman, — dedi Mirhaydar. — Siz ham shunday bo‘lasiz. Agar shunday bo‘lmasangiz…
— O’! Shu qorovullikniyam ko‘p ko‘ryapsizlarmi hali? Hoy, bola! Mening qitiq parimga tegaverma, bildingmi? Men o‘sha raykomingniyam, direktoringniyam bir chaqaga olmayman! Eshityapsanmi?! Bir chaqaga! Men hammasini ko‘rdim! Bir boshim, ikki qulog‘im bor! Xotin, bola-chaqa — nima u!
— Siz yaqinda odamgarchilikdan ham chiqasiz.
— Xo‘p, uka, — kulimsiradi Amirqul aka. — Sen jo‘jadan shu gaplarni eshitdim-a. Ha, mayli! Xor bo‘ldikda, a? Yo‘-o‘q. Chuchvarani xom sanama, chirog‘im! Bilasanmi, dunyo keng! Bu yer to‘g‘ri kelmasa, boshqa yer bor. Sovet hukumatining yeri ko‘p!
Mirhaydar otini etakdagi bog‘da qoldirib, shom qorong‘isida qo‘lida ikki miltiq bilan xurjunni ko‘tarib keldi. Miltiklardan birini qorovulning oldiga tashlab, ikkinchisini o‘zi o‘kday boshladi.
— Bu kecha men ham siz bilan qorovullik qilaman.
— O’, o‘zlariyam kattalarga yoqmay qoldilarmi, deyman. Tayyorgalikmi bu?.. Bu kecha jayra ovlarkansiz-a?!
— Ha, jayra ovlaymiz. Qani, nimangiz bor yegulik? Menda mana bular bor… Siz ichasiz-a?
— Ichamiz ham!
— Yo‘q, bu kecha ichmaymiz.
— Adashib bir-birimizni otib qo‘yishimiz mumkin deysiz-da?
— Shunday… O’zlari otishni biladilarmi?
— Otishnimi? Kerak bo‘lsa bilamiz!
— Men sizning ovga chiqqaningizni hech ko‘rmaganman.
— Uka, ovga chiqib nima qilaman, nima yetmayapti menga? Hamma narsa bor. Aytmoqchi, sen mening uyimga hech bormagansan-a?
— Boramiz bir kun. Nimaga eplolmayapsiz miltiqni? Unaqa emas. Menga bering, bering! Bilmas ekansiz… Uzating, nimaga anqayapsiz?
— Marhamat!
— Otdan tushsangiz ham egardan tushmaysiz-a?
— A? Yana bir qaytar shu gapni.
— Bilmaysizu o‘zingizni biladigan kishi qilib ko‘rsatasiz, Amirqul aka. Bo‘yningizga oling… Agronomiyani ham yaxshi bilmaysiz, savodingiz yo‘q hisobi. Hozir agronom bo‘lish qiyin. Shunaqa… Sovxozni, rayonni ko‘tarish kerak. Siz buni o‘ylamaysiz ham. Sizda tashabbus ham yo‘q, jon kuydirish ham. O’zingizni o‘ylaysiz, bir sigirim ikki bo‘lsin deysiz, yangi uchastka solay deysiz. Utgan yili o‘n gektar yerdagi kartoshkani o‘t bosib ketdi. Vaqtida uni o‘tdan tozalash kerak edi. Siz buni o‘ylamadingiz. Buning ikkinchi sababi shundaki, kartoshka bizda endi ekilyapti, uning agrotexnikasini bilmaysiz. Qo‘lingizga ikkita kartoshka bersam, biridan-birini farqlab berolmaysiz, bo‘yningizga oling, Amirqul aka.
— Gapiraver, lekin men sening akang emas… Ik-kita ukam bor edi, ikkalasiniyam topshirganman. Boshqa ukaning keragi yo‘q!
— Yoshingizni hurmat qilaman-da.
— Xo‘sh, yana qanday kamchiliklarimiz bor ekan?
— Bilmaysizmi?.. O’n olti gektar bog‘dan qancha olma olindi? Esingizda yo‘qmi? Nima uchun?.. Chunki siz olmaning ham agrotexnikasini bilmaysiz. Obrezka nima, tushunmaysiz! Eskichasiga qo‘yib qo‘ygansiz. Qiziq, siz nimangizga uchib, munday kattalik qilasiz-a? Ayting! Yo bir siringiz bormi?.. Yoki odam badavlat bo‘lib ketgandan keyin, katta-kichiknig farqiga bormay qolarkanmi? Hayronman. Rayondagi kattalardan oshna-og‘ayningiz yo‘qki, shunga suyanadi, desam, oblastdayam yo‘q, qiziq!
Amirqul aka chayla ustuniga suyanganicha bo‘shashib, mung‘ayib qoldi. Qorong‘i tushib qolgan, etak tomondagi kartoshka ekilgan maydon to jar labigacha reza-reza bo‘lib ko‘rinadi. Atrof hasharotlarning nag‘malariga to‘la boshlagan. O’sha, etakdagi jar tagidanmi baqalar qurillaydi. Uning ortidagi adir havoiy — qora tusda ko‘rinadi. Osmon oqish. Uning adog‘idan qoramtir tog‘ tizmalari ko‘zga yaqqol ko‘rinadi, Mirhaydarning oti bog‘langan Qorabog‘dan tun qushining «hut-hut—hut-hut!» degan sayrashi keladi. Shu bog‘nig orqa tarafidan magnitafon ovozi eshitildi.
— U, uka, sen qaysi urug‘dansan? — so‘rab qoldi qorovul.
— Bilmayman, — dedi Mirhaydar. — Enam tojik, otam to‘g‘izlardan bo‘lsa kerak.
— To‘g‘izlardan? Ular juda mard keladi!
— Bilaman. Nima, men nomardmanmi?
— Faqat hamiyatni bilmaysan. Yo‘q, enang tojik emas. Chin tojik ko‘ngli bo‘sh bo‘ladi. To‘g‘ri, lo‘lilarga xudo bas kelmasa, bandasi bas kelmaydi.
— Siz ham hamiyatni bilmaysiz, Amirqul aka!
— Hm…
— Siz… xo‘jayinlik qilishni juda yoqtirasiz-a?
— Nimaga endi… bo‘yin egishim kerak? Nimaga? Katta bo‘lsa o‘ziga! Menga nima!
— Siz «yuz»lardan bo‘lsangiz kerak? Amirqul aka kuldi:
— Men ham aniq bilmayman.
— Hammasidan ham miltiq otishni bilmasligingiz yomon ekan.
— Miltiq otishni… Buni sen qaerdan bilasan?
— Ushlaganingizdan. Eplolmadingiz. Muniyam bo‘yningizga olmaysiz.
— Uka, odamning qo‘lidan kelmaydigan ish yo‘q!
— Miltiq bilan muomala qilish sizning qo‘lingizdan kelishi shart, zarur! Axir, siz — qorovulsiz!
— Qorovul…
— Ha, o‘zingiz buni so‘rab olgansiz.
Chayla yaqinidagi yero‘chokda o‘t ham so‘ndi. Choydishdagi choy ham sovidi. Timqorong‘i qishloq biqinidan oy ko‘tarila boshladi. U qizg‘ish qontalash edi. Hasharotlar qo‘shig‘i avjga mindi. Tun qushi ohista uchib o‘tdi, uning qizg‘ish ko‘zlari ko‘rinadi. Qorabog‘da ot kishnadi. So‘ng, qishloqning u yer-bu yeridan itlarning huriyotgani, eshakning hangrayotgani eshitildi. Dakangxo‘roz qichqirib yubordi. Qaerdadir mast kishi ashula aytardi.
— Jayrani ko‘rganmisiz, Amirqul aka?
— O’zing ko‘rganmisan?
— Men ko‘p otganman. Ko‘rgan bo‘lsangiz kerak-a? -Ha.
— Yo sixini ko‘rganmisiz?
— Ko‘p valdirayverma! Ko‘rganman… Ko‘rmagan bo‘lsam nima qipti!
— Yomon bo‘ladi, Amirqul aka. Jayraning bir odati bor, ustiga borib qolsangiz, butingizga kirib oladi. Soningizni ilma-teshik qilib tashlaydi.
— Bilmadim… — Amirqul aka qornini do‘ppaytirib, chalqancha yotar edi, qo‘llariga tirab yotgan boshini ko‘tarib kuldi. — Sen shu kecha… jayraning ustiga bir bostirib bormaysanmi? Ko‘rar edim, keyin ishonardim.
Mirhaydar kulib qo‘ydi.
Cho‘qqilari ochilib, oqara boshlagan tog‘dan sovuq shabada esa boshladi. O’choqdagi kul changidi, chaylaning tomiga osilgan tol po‘stlog‘i shitirlab tebrana bosh-ladi.
— Amirqul aka, uxladingizmi? Hoy, Amirqul aka!
— Uf…
— Ko‘rdingizmi, sizda mas’uliyat kam. Bo‘yningizga olmaysiz. Men qorovullik qilyapman-a, sizning o‘rningizga! Mas’uliyat yo‘q sizda. Turib o‘tiring, Amirqul aka… Besh sotixcha urug‘likni yeb ketibdi. Urug‘likni! Buning o‘rnidan o‘t o‘sib chiqadi endi, tonna-tonna kartoshka yo‘q… Ertaga ovchilar soyuzidan qopqon opkelish kerak! Siz opkelishingiz kerak. Eshityapsizmi? Yonboshlamang, yana uxlab qolasiz. Bir soatcha vaqt qoldi. Tongga yaqin chiqadi u.
— Qo‘ymading-da, — Amirqul aka turib o‘girdi. — Sendan yaxshi qorovul chiqar ekan. Agronomlikni tashlab, o‘rnimga bo‘lsang-chi?
— Mendan yaxshi agronom ham chiqadi, Amirqul aka. Lekin sizdan yaxshi qorovul chiqmas ekan. O’tgan hafta ogohlantirgan edim-a!
— Uf-f… Odamlar nimaga uylanar ekan? Padariga la’nat! Boshingni olib tog‘-toshlarga chiqib ketsang!
— Tog‘-toshga chiqib ketsangiz, yasholmaysiz. O’rmonda kattalik ketmaydi, hayvonlarni ham do‘q bilan qo‘rqitolmaysiz. Sizga cho‘l tuzukroqmikin, deyman.
— Bo‘ldi.
— Nima?
— Bo‘ldi, deyapman. O’zi, jonimdan to‘yib o‘tiribman. Shu… bir korihol bo‘ladi.
— Hech narsa bo‘lmaydi.
— Eh! Ajab bir zamonlar o‘tib ketgan-da!
— Yomon ko‘rganingni shartta otibmi, o‘ldiribmi ketilaveradigan zamonlarni aytyapsiz-da?
— Ha! Eshitdingmi? Ha!.. Dunyoni suv bossa, to‘pi-g‘imga chiqmaydi, bilasanmi shuni?
— Sekin, bir narsa shitirlayapti!
— Qani?
— Jim.
— E, shamol! Manavi po‘stloq, uying kuygur!
— E-e… Amirqul aka, bir kechayam poylamadingiz-a, hech bo‘lmasa!
— E, menga qolsa… Uka, senga bir gap aytaymi, quloq sol. Bu, davlatning xazinasi kamaymas ekan. Ha, keyin bilib olasan. Hozir o‘zingni mehnatkash qilib ko‘rsatyapsan. Davlat… sovxoz manfaatini ko‘zlayman, deyapsan. Bekor gap! Vaqtinchalik gaplar bu. Ko‘rganmiz, kechirganmiz… Yaqinda uylanding, hali osh-non deydigan bolang yo‘q! Xotining ham sodda, o‘zingga o‘xshab. Hadi uyam qiliq chiqaradi. Topib keling, deydi. Eshiyapsanmi? Shunday. Xotin zotining men degani ham lattaparast bo‘ladi. inim!.. Keyin-keyin o‘zing ham nima uchun ishlayotganingni o‘ylab qolasan. Ana shunda esing kiradi. Ko‘ramiz hali!
— Ko‘ramiz, Amirqul aka.
— Sening qorovullikka chiqib, uyqudan qolib, miltiq ushlab o‘tirishing ham bir soddalik. Agronomga yarashmaydi bu!
— Bo‘ldi. Mana, soat ham to‘rt bo‘pti!.. Amirqul aka, joningizni koyitmay o‘rganib qolgansiz-da. Shuning uchun qip-qizarib semirgansiz! Yurakni yog‘ bosgan, hozir boshingizni qo‘ying, uxlab qolasiz… Amirqul aka!
— Nima?
— Jim… Siz anavi arikdan o‘rmalab borib, hov na’matak bor-ku, shuning ostiga kirib yotasiz… To‘xtang! Miltiq otishni bilmaysiz-ku!
— Xo‘p, ana bilmaymiz!
— Xayriyat, bo‘yningizga oldingiz. Lekin o‘sha siz aytgan zamon bo‘lganda, manglayingizdan shartta otib tashlar ekanman.
— Sen-a?
— Ha, men.
— Uka, kel, bir otishaylik bo‘lmasa! Shu o‘tar dunyoda bir ish ko‘rsatib qolaylik. Meniyam umrim o‘tdi, yoshim ellikka yetdi. Endi bu yog‘ida nima karomat ko‘rsatar edim. Sen ham yoshsan, hozir dunyo ko‘zingga yaxshi ko‘rinadi. Lekin bu dunyo — ko‘p bema’ni dunyo, xo‘p de. Hali ko‘zi ochilmagan mushukvachchasan, otishaylik, a? Ke, o‘lsak armonda ketmaymiz. Nima deding? Meniyam yuragim sovur edi! Rost gap, men seni yomon ko‘raman, yomon ko‘raman! Sen keldingu mening tagimga suv ketdi, eshityapsanmi, uka! Sen yo‘q bo‘lganingda, men yana besh-o‘n yil kerrayib yurardim. Ke uka, bir duelga chiqaylik. Duel deydimi shu otishmani?
— Siz aynabsiz, Amirqul aka! Agar otishma haqida gaplashsak, bilib qo‘ying, siz anavi soyning nari betida tursangiz ham shu qorong‘ida uchirib tashlayman. Men ellik metr narida tursam siz o‘qni tekkizolmaysiz. Bilasizmi shuni?! Men ovchiman… Siz miltiq ushlashni bilmaysiz. Shuning uchun bu bema’ni gapni qo‘yaylik. Keyin dunyodan juda sovigan odam emassiz! Siz yashashni yaxshi ko‘rasiz. Meni aytmaysizmi! E-e! Mening hali niyatlarim ko‘p, aka… U yokda xotinim homilador. Bu yoqda menga ishonib, agronomlikni berib qo‘yishdi. Hosilning boru yo‘g‘iga javobgar odamman. Shu ham borki, kurash tushsangiz, mushtlashsangiz ham men sizni yengib qo‘yaman. Buniyam bo‘yningizga oling. Tojiklarda bir gap bor: zo‘ri behuda miyon meshikand. Bilasizmi, behuda kuchanishdan foyda yo‘q.
— Shunday de?
— Shunday. Yaxshisi, men sizga miltiq otishni o‘rgatay… Tag‘in adashib meni otib qo‘ymang.
— Qani, qani, bir o‘rgatib qo‘y-chi!
— Mana, stvolni ochdim. Mana, o‘q joyladim, bu patronda tulki otadigan o‘q bor. Jayrani o‘ldiradi… Shoshmang… Nafasni ichga yutib yotavering, yaqiningizga kelib qolgandan keyin otasiz. Shundayam sizni sezadi, isingizni oladi-da.
— Mirhaydar uka, agar o‘q adashib senga tegib qolsa-chi?
— Menga tegib qolsa… Men jayramanmi…
— Misol uchun-da.
— Unda meni atay otgan bo‘lasiz… O’lmay qolishim ham mumkin, unda men bari bir sizni otib o‘ldiraman! Mening patronimda to‘ng‘iz o‘q.
— To‘ng‘iz o‘q?
— Ha, boshmoldoqdek keladi! Tekkan joyini o‘pirib ketadi. To‘xtang, avzoyiniz buzuq… hozir.
— O’qni olyapsanmi?
— Ha, sochmadan joylab beraman. Buyam jayrani biryoqli qiloladi.
— Ko‘rqyapsanmi?
— Nimangizdan qo‘rqaman? Lekin iltimos, jinnilik qilmang, xo‘pmi?
Amirqul aka Mirhaydar tepkisini qaytarib bergan miltiqni u aytganday qilib ushlab, ehtiyotkorlik bilan ariq ichidan ketdi. Na’matak oldiga yetib, tizzasiga miltiqni beo‘xshov qo‘yib, jar tomonga tikildi. Mirhaydar ham miltiqni qo‘liga olib, shudgorning nari yonidan egilinqirab borardi. U yo‘lakay bir necha joyda to‘xtab cho‘nqaydi. Nihoyat, jarga yaqinlashib, bir tup yantoq yoniga cho‘nqaydi. Narigi betga ko‘z tashlab, Amirqul aka tomonga qaradi va uning cho‘nqayib o‘tirgan gavdasini va botayotgan oy nurida yiltirayotgan miltig‘ini aniq ko‘rdi. Yon-veridagi kesaklarni nari-beriga surib, uzala tushib yotdi.
Ikkalasi shudgorning ikki tarafida; shudgorning o‘rtasi unchalik chuqur bo‘lmagan jarlikka yetib tugardi. Jayralar jar ostidan va narigi tomondagi o‘yiqlardan chiqib keladi.
Birdan shitir-shitir bo‘lib qoldi, lekin Mirhaydar uning qayoqdan kelayotganini bilolmadi. Kunchiqarga ilkis qarab, Zuhro yulduzi atrofidagi mitti yulduzchalar birin-ketin so‘nayotganini ko‘rdi. Ufq ham bo‘zarib kelar, shamol kuchayib, badanni junjiktirardi… Yana shitirlash!
Mirhaydar birdan shudgorning Amirqul aka o‘tirgan tomoniga tikilib qoldi. Oy nurida so‘nik-so‘nik yiltirab, bir narsa hurpayib o‘tar edi. U beixtiyor miltiqni unga to‘g‘riladi-yu, darrov tushirdi: «Amirqul akaga yaqinlashyapti… Qani otsin-chi, bir! Xursand bo‘ladi! Keyin miltiqni, ovni yaxshi ko‘rib qoladi, keyin o‘zi poyloqchilik qiladi. Otsin!»
Jayra ham xuddi Amirqul aka o‘qidan o‘lishni istaganday unga tomon o‘rmalay boshladi.
Mirhaydar endi jar tarafga qaradi: jayra bitta bo‘lmaydi-ku, izidan boshqasi chiqib keladi, albatta!.. Yana Amirqul akaga qaradi. U hamon g‘ujanak bo‘lib o‘tirar, jayra bo‘lsa unga yaqinlashib qolgan edi.
— Amirqul aka, — shivirlaganini bilmay qoldi Mirhaydar. Biroq yaqinlatib oting, degan o‘gitni eslab, tilini tiydi.
Jayra Amirqul akaning yonginasidan o‘gib ketdi. Besh-olti qadam nariga borib, shudgorni kavlay boshladi. Mirhaydar tuproq changib ketayotganini ham aniq ko‘rdi va alam bilan «Suf-e, senday ovchiga! Uxlab qopti» — dedi. Ariqqa tushib, o‘rmalay ketdi…
Shunda Amirqul aka birdan qimirladi. Mirhaydar taqqa to‘xtadi:
— Oting! — deb shivirladi.
Amirqul aka cho‘kkalab, uyoq-buyoqqa qaradi.
Darhaqiqat, uyqudan uyg‘onib ketgan, shitir-shitir tovushni eshitar, lekin shoshganidan ovoz qaerdan kelayotganini bilolmas edi.
Yer changiyotganini ko‘rdi-yu, oyoq-qo‘li bo‘shashib ketdi. Miltiqni qo‘liga ola Mirhaydarga ko‘z tikdi. Oq po‘stinga o‘ralgan agronom bola naq jayra bo‘lib ko‘rindi. «Kattasi bu yokda ekan!» U stvolni o‘nglab, tepkini bosdi.
O’q zarbi Mirhaydarni dumalatib yubordi.
Amirqul aka buni aniq ko‘rdi va irg‘ib turib, o‘sha yoqqa otildi. Biroq bir necha qadam yurib, yiqilgan «jayra»ning behad katta ekanini payqadi, endi jayra otganiga ishonmay to‘xtagan edi, yigitning ingragan ovozini eshitdi. Yana shitob bilan bir qadam qo‘ydi-yu, taqqa to‘xtadi. So‘ng, Mirhaydar otadigan cho‘chqa o‘q ko‘kragiga tegishini taxminlab, orqasiga burildi. Bir ko‘ngli qochmoqchi ham bo‘ldi, biroq yigitning o‘qi bari bir orqasidan yetishini his qilib, asta-sekin qadam tashladi-da, o‘tirsa, o‘kdan qutuladigandek bo‘lib, birdan cho‘nqaydi, sajdaga bosh qo‘yayotgandek bo‘lib, boshini egdi. Bir, ikki, uch!.. Amirqul aka xo‘rligi kelayotganini sezib, orqasiga qaramoqchi bo‘ldi, lekin o‘q yuziga tegadigandek, qarashdan qo‘rqdi.
…Mirhaydar o‘ng oyog‘i ham og‘irlashayotganini sezib, etigini yechmoqchi bo‘ldi. Biroq fikridan qaytib, po‘stinni ham kiydi.
— Hov, nima qilib turibsiz? Amirqul aka ilkis qaradi.
— Buyoqqa keling, — behol gapirdi Mirhaydar.
— Yo‘… yo‘… — dedi Amirqul aka. Agronom yonidan miltig‘ini oldi:
— Buyoqqa keling, otib tashlayman bo‘lmasam! Amirqul aka uning oldiga uchib keldi. Mirhaydarning qarshisida cho‘kkalab, boshini egdi.
— He, o‘ling-e!
— Uka, ukajon… uyqusiragan ekanman, — pichirladi qorovul.
— Jayra qani?
— Bilmayman.
— Alanglamang. Ketdi…
— Yomon tegdimi? O’zingiz bu sochma o‘q deb…
— Turing. Otni opkeling.
— Ot? Ot qaerda… Ha-ha. Hozir!
Amirqul aka xuddi bekinmachoq o‘ynayotgan boladek shudgorni changitib chopib ketdi.
Mirhaydar miltiqni zo‘rg‘a bukib, o‘qni chiqarib oldi, cho‘ntagiga soldi. «Xayriyat, deb o‘yladi u. — Terib tashlasa bo‘ladi. Nimaga qizib ketyapman. O’q tekkanda odam chanqaydi deyishadi. Chanqayapman…»
Amirqul aka otni choptirib kelib, otdan tushdi. Yuganni ushlab turib:
— Mana, mana! — dedi. — Ayilni tortaymi?.. Uka? — Amirqul aka yana tiz cho‘kdi. — Uka… agar chini bilan otgan bo‘lsam, enam… Sen ishonmaysan! Men seni haqiqatan ham yomon ko‘raman. Lekin… uxlab qoldim. Men… uyg‘oq o‘tirolmadim.
— Xayriyat, shuni bo‘yningizga olyapsiz… Torting ayilni. Qattiqroq.
— E, padariga la’nat bunday ishni. Uka, endi o‘zing bilasan. Nima desang haqsan. Birov ishonmaydi menga.
— Albatta hech kim ishonmaydi. Bo‘ldimi?
— Mana, tayyor.
— Keltiring. Uzangini tuting… O’-o‘, ushlamang qo‘lni! Rahmat.
— Ukajon, endi nima bo‘ladi?
— Nima bo‘lardi. Miltiqlarni oling, chaylaga boring… Choy-poy qilib turing! Yo‘q… balki sizni qamashar. Xo‘p, o‘tgan ishga salovat. Lekin bu kecha ko‘z yummaysiz. Siz qorovulsiz!
— E, uka…
— Yuring. Belbog‘im chaylada qolgan.
— Xurjuningiz ham bor!
— Kechagi choydan qolganmikan?
— Bo‘lsa kerak… Hozir ko‘ramiz-da.

* * *

Tong ham otib qoldi.
Tog‘lar oqardi, adirlar yorishdi, ufq qizardi. Kundalik yumush boshlandi. Amirqul aka ko‘zlari qizargan holda chaylaga suyanib o‘tirar, u holsiz edi. O’choqqa o‘t qo‘ymoqchi bo‘ldi, hafsalasi kelmadi. Bir-bir bosib, adir tepasiga ko‘tarila boshladi va birdan yig‘lagisi keldi. Lablarini qattiq tishlab, tepaga chiqib bordi. Qarshisida bug‘doypoya yastangan, yer haydalmagan edi. Sariq tikanlar, ko‘p zarg‘aldokdar sayrar. Bu shunday so‘nik, loqayd va g‘arib manzara edi. Qorovul pastroqqa tushib, kesakka o‘tirdi.
So‘qmoqda bo‘z otliq ko‘rindi.

1972

ODAM
Falsafiy hikoya

Rahima endi chelagini suvga botirgan edi, orqasidan birov chaqirdi.
Rahima chelagini suv bo‘yiga qo‘yib, o‘tov oldida turgan Xosiyat opaning yoniga bordi.
— Buyoqqa kir, bir nimani ko‘rsataman. Shahardan opchiqishipti!
Rahima uning ortidan o‘tovga kirdi-yu, taxmon qoshida tik turgan yigitni ko‘rib, ketiga tislandi. Xosiyat opa uning yo‘lini to‘sdi:
— Satilingni opqo‘yaman, bermayman!
— Qoching!
Rahima uni itarib yuborib, tashqariga otildi. Chelagining suvini yarim qilib, sohilga chiqib oldi va soy bo‘yidagi o‘tovga nafrat bilan qaradi.
Shu kecha uning onasi qazo qildi, o‘lim oldida nevara-chevarasigacha yoniga chaqirib, ulardan rozi-rizolik oldi. «Mendan yaxshilik o‘tgan bo‘lsa, unutmanglar. Yomonlik o‘tgan bo‘lsa, esdan chiqaringlar. Rostgo‘y, mard, halol bo‘linglar!» — dedi. So‘ng Rahimaga tikilib:
— Bolam, Shodmon shahardan kelgan, — deya entikdi. — Seni deb kelgan. Xosiyat opangni uyiga qo‘ngan. Ota-onasiz yetim bola. O’zimizdan. Seni o‘shanga bermoqchiydim.
Keyin, yil o‘tgach, Rahimani Shodmon polvonga uza-tishni katta qizlariga tayinlab, ko‘z yumdi.
… Yil o‘tib, Rahima Shodmon polvonga xotin bo‘ldi, uni shaharga tushirib ketdilar.
Shodmon sho‘x, charmgarning beva kelini bilan bordi-keldisi bor ekan. Rahima buni qo‘shni ayoldan eshitib, bir oqshom poyladi va eri devordan oshayotganda, oyog‘idan tortib yiqitdi. Polvon uni bir urib, shaytonlatib qo‘ydi. Shunda Rahimaning chap qo‘li sindi. Lekin keyin Shodmon ham bu yurishlarini bas qildi.
Oradan to‘rt yil o‘tdi. «Inqilob bo‘larmish, bek-bekzodalar yo‘q bo‘larmish» degan xabarlar tarqala boshladi. Shodmon o‘shanda yurtdosh polvonlar bilan Afg‘onistonga ketgan edi. Bir haftadan keyin uyokda yiqitgan polvonlari haqqi — bir tuya mol bilan qaytib keldi va uch kun yotib, tirnoqlari ko‘kardi, tog‘day odam mushtdek bo‘lib tirishib qoldi, o‘ldi.
Rahima kelin… beva qoldi.
Ikki yildan keyin bozorning farroshi unga odam qo‘ydi. Rahima: «Polvon meni qulflab ketgan, kaliti o‘zida», deb sovchilarni qaytardi. Ular tag‘in kelishgan edi, ariq ichida yotgan kaltakni olib boshiga ko‘tardi: «Tinch qo‘yasanlarmi, yo‘qmi? Qo‘y, uchta yetimchani boqay!»
Shodmon polvondan uchta farzand qolgan, kattasi bilan kenjasi qiz, o‘rtanchasi o‘g‘il edi.
Bir kuni guzarda «qizillar kelyapti» degan ovoza tarqalib, odamlar tog‘larga qocha boshlashdi. Rahima ham bolalarini olib, yo‘lga tushdi: xurjunning bir ko‘zida non, sapcha, tut mayiz, tolqon. Ikkinchi ko‘zida kenja qizi Tursunoy.
Tog‘da qochqinlikda bir yil yashadi, o‘sha yili qish qattiq kelib, chap oyog‘ini sovuqqa oldirdi — shishib ketdi. Bahorda yana shahardan yangi xabarlar kela boshladi: «Qizillar» ham o‘zimiznikilar ekan. Musulmonobodlik bo‘pti… Omonlik-omonlik!»
Rahima jonidan to‘yib yurgan edi, shaharga jo‘nagan birinchilar qatorida yo‘lga chikdi.
…Shahar vayron bo‘lgan, chet-chetdagi gumbazlar yi-qilgan, devorlar qulagan, lekin tinch, sokin edi. Bodomlar gullab turardi.
Uch oy o‘tib, kolxoz tuzildi.
Rahima el qatori kolxozga kirdi va uning faol a’zosiga aylandi. G’alla o‘rimi mahallarida Adolat bilan Abdurahimni ham olib chiqar, ular mashoq terishar edi.
Kenjasi tog‘da… ochlikdan o‘lib ketgan.
Bu vaqtda Adolat maktabga qatnar, Abdurahim ham dastyor bo‘lib qolgan edi.
Yillar o‘tdi… Rahima endi o‘tgan kunlarini, qizligi, shaharga tushgani, eri, uni poylaganlarini tushdagidek eslar, endi o‘sha kunlar ham unga qiziq, ajib ko‘rinar edi.
Urush! Urush!..
Adolatni raykomga ishga olishdi, Abdurahim frontga ketdi. Uning ayoli bilan ikkita farzandi qoldi.
Bir yil o‘tib Abdurahimdan qoraxat keldi, saldan so‘ng uning yosh xotini ikki bolasini ham Rahima opaga tashlab, chiqib ketdi. Endi Adolat ham bitta o‘g‘lini uyda qoldirib, dashtma-dasht yurar, erkaklarning ishini qilardi.
Urush tugadi, yana tinchlik, omonlik bo‘ldi.
Endi Rahima buvi urush yillaridagi kunlarni xotirlar, u kunlar ko‘z oldidan tushdek o‘tar ekan, kelinini olti oy o‘tirmay er qilib ketgani uchun hamon kechira olmas, o‘shanda kunlariga yaragan ola sigirni o‘kinch bilan eslardi, sigir sutdan qolgach, so‘yishgandi.
Tag‘in yillar o‘tdi. Uch nevaradan biri institutni bitirib, agronom bo‘lib qaytdi. Biri novvoy, biri olis shaharda uylanib qoldi.
Rahima kampir endi nevaralariga qarar, ularga o‘tmishidan ertaklar aytib berar, uning butun hayoti ham g‘alati bir ertakka o‘xshar edi.
Rahima buvi to‘qsonga yaqinlashib qoldi. Adolat opa ham davlat pensiyasiga chiqdi. Uning eri Qurbon bobo — kolxoz bog‘boni. Chorbog‘ torlik qilgani uchun agronom nevara boshqa joydan uy solib chiqib ketdi.
…Kampir ikki yilcha tinch, xotirjam yashadi. Nevaralarini suyar, shular bilan ovunar, endilikda o‘choqboshiga ham yaqin bormas, ro‘zg‘or yumushlari ham Adolat opaning qo‘liga o‘tgan edi.
Keyin-keyin Rahima buvi esdan chiqaradigan odat paydo qildi. Bir narsani bir joyga qo‘yib, keyin topolmay yurar, shunda ko‘ngli bo‘shab yig‘lab ham olardi. Keyinchalik chevaralari bilan jiqillashadigan, tortishadigan bo‘ldi.
Ezmalik… Rahima buvida ana shu xislat ham paydo bo‘ldi. Kattalar uning gapini eshitmasa, go‘daklarni yoniga o‘tqazib qo‘yib gapirar, nuqul tarixdan tushar va shunday aniq qilib so‘zlardiki, o‘sha voqealarni hozir ko‘rib turgandek taassurot qoldirardi kishida.
Bu hol bir necha oy davom etdi.
Agar uning gapini diqqat bilan eshitib, o‘zicha tahlil qiladigan kishi bo‘lsa, antiqa bir holni sezardi: u dastlab kechagi tarixdan so‘zlardi — urushdan keyingi yillar, o‘zining chopib-chopqillab ro‘zg‘or ishlarida yurgani. So‘ng nuqul urush davrida boshidan kechirganlarini hikoya qiladigan bo‘ldi. So‘ng urushdan avvalgi yillarga o‘tib oldi: kolxoz tuzilishi, quloqlar, kechasi bittasining: «Kolxozga ishga chiqma, so‘yilasan!» — deb qo‘rqitgani, o‘zining: «Yetimlarimni boq bo‘lmasa!» deya faryod qilgani… Keyin, bir-ikki kun o‘ziga sovchi bo‘lib kelganlarni qarg‘adi-yu, eri Shodmon polvon tilidan tushmay qoldi: «Tog‘dek yigit edi. Tirishma degani vabomi? Afg‘onda bor ekan…»
Bir kuni Rahima kampir yosh qizalokdek quvonib, uy atrofida timirskilanib yurdi. So‘ng narvonga tirmashib, tomga chiqib oldi va pastga tusha olmay, yig‘ilab o‘tirdi. Kuyovi kelib, bir amallab pastga tushirdi.
Shunda qiziq ish bo‘ldi, kampir kuyoviga birdan yot nazar bilan qarab qayoqqadir qochmoqchi bo‘ldi va hassasini ham tashlab, emaklab uyga kirdi. Eshikni zichlab yopdi.
U dag‘-dag‘ titrar edi. Xonaning shiftlariga hayrat bilan boqdi, eshikka yaqin borgandi, eshik birdan tortildi. Rahima buvi: «Voy!» deya cheqindi. Ostonada qizi Adolat opa turardi.
— Xosiyat? Xosiyat opa! — pichirladi kampir. — Qo‘yvor meni… Nimaga uyga qamab qo‘yding? Bari bir qochib ketaman. Satilimni ber!
Adolat opa bir qadam ichkariga bosdi:
— Enajon, sizga nima bo‘ldi? Jonim enam?
— Haligi erkak qani, yo‘q-ku?
Shu kuni kechgacha Rahima kampir mana shunday, bamisoli o‘n besh yashar qizlik davri bilan yashadi: ona-sini esladi, soyni. Onaning vasiyatlarini.
Adolat opa bilan Qurbon bobo uning xonasida o‘tirishardi. Ular chiqib ketgach, Rahima buvi birdan xayolga tolib qoldi va… ko‘z oldidan allaqanday baland minoralar, paranji yopingan ayollar o‘tdi. Keyin o‘zini allaqanday ariq labida ko‘rdi: birov devorga tirmashyapti. Kim u? Eri-ku? Oyog‘idan tort!.. So‘ng kampir o‘zicha iljayib, xonada keza boshladi, shipdan osilgan lampochka tagida taqqa to‘xtadi. Boshi aylanib, ko‘zi tindi, so‘ng ko‘zi yumiq bo‘lsa-da, aniq ko‘ra boshladi: dara, katta gulxan yonyapti. Atrofida otlar, eshaklar. Shoshilib u yoqdan-bu yoqqa o‘tayotgan odamlar… Shunda u xudai sovqotayotgandek junjikib ketdi. Beixtiyor yerga o‘tirib, chap oyog‘ini uqaladi. So‘ng ko‘z oldiga lop etib kirza botinka va fufayka kiygan o‘g‘li Abdurahim keldi. «O, bolam, dushmanga qiron kelsin!» — shivirladi u… Keyin chayqalib o‘tirarkan, sap-sariq bug‘doyzorda yurgandek his etdi o‘zini. Shunda Rahima buvi birdan hushyor tortib ketdi va nevaralarining nomini tutib chaqira boshladi, keyin o‘z-o‘zidan xijolat tortdi: nega nevaralarini chaqiryapti u? Ular bu atrofda yo‘q-ku? Chevaralarini chaqirmoqchiydi shekilli.
…Adolat qani? Qizi? X,aligina shu yerda edi chog‘i? Kimlar chiqib ketdi boya?
Rahima kampir ertasi kuni bir necha odamga o‘xshab, har xil qiyofada yashadi: goh Rahima qiz bo‘ladi, goh Rahima kelin. Birdan Rahima onaga aylanadi. Keyin Rahima buviga… So‘ng yana Rahima qizga.
— Enajon, bizni qo‘rqitmang, enajon, — dedi Adolat opa kechqurun tag‘in uning uyiga kirib. — Bu ovqatni yeng… Mana, choy! Kecha meni yomon qo‘rqitdingiz.
— Nima? Nima dedim? — so‘radi u parishon bo‘lib.
— Axir meni tanimay qoldingiz-ku? Sizni uyga qamab qo‘ygan emishman. Meni Xosiyat dedingiz… Bunaqa qilmang, enajon? Siz yosh bola emassiz-ku? Eshityapsizmi? Yosh bola emassiz… Sochlaringiz qayta qoraya boshladi, tishlarirgiz qaytadan chiqyapti. Piri badavlatsiz, enajon?
— Mening enam qani?.. U kutib qoldi-ku? Nimalar deyapsan?
— Jon ena…
— Satilimni opqo‘ydingmi?
— Uf…
— Enam kasal edi, o‘ladigan bo‘lib yotipti… U o‘ladi! Ketaman uyimizga.
Adolat opa yig‘ladi. Chiqib eriga yolvordi:
— Choljon, qanday kunga qoldim? Enam yosh bola bo‘lib qopti. Choljon… nahotki odam oxir-oqibatda shunday bo‘lib qolsa-ya? Bu dahshat emasmi?.. Boyoqish enam! Yomon ayolmas edi. Bizni deb yashadi, umri o‘tdi. Endi hech narsani bilmay, eslolmay o‘tiripti. Bilgani, eslagani — bolaligi!.. Men qo‘rqib ketyapman, choljon? Menga qarang, nimani o‘ylayapsiz?
— Kampir… odam bola bo‘lib o‘lmaydi.
— Yo‘q, yo‘q! Bunda bir sir bor… Xo‘p deng. Men nakdini ham eshitganman. Topishmoq borku: to‘rt oyoqli bo‘lib tug‘ilarmish, keyin uch oyoqli bo‘larmish…
— Keyin ikki oyokdi.
— To‘g‘ri-da, odam tug‘ilganda o‘rmalab yuradi, keyin bir nimaga suyanib yura boshlaydi, uch oyokdi bo‘ladi. Keyin ikki oyokdi, a?
— So‘ng qo‘liga hassa oladi, tag‘in uch oyoqli bo‘ladi. Keyin…
— Yana turt oyoqli bola… Bola! Choljon, haqiqatdan ham enam bola bo‘lib qoldi-ku? Erta-indin hassaga tayanib ham yurolmay qoladi. Rostkamiga bola bo‘ladi… Nimaga ishonmaysiz?
— Kampir… odamzod bola bo‘lib o‘lmaydi. Unda yashashida ma’no bo‘lmas edi.
— Men ana shundan qo‘rqyapman-da?
— Hovliqma, kampir… Sabr qil.

* * *

Uch kundan keyin Rahima kampir birdan o‘ziga keldi. Unga qaragan, gapini eshitgan kishi kuni kecha qilgan ishlariga sira ishonmas edi.
Momo qizini chaqirdi, unga ma’yus tikilib, yig‘ladi:
— Konsert ko‘rsatdimmi? Nimalar dedim… Eslolmayman.
— Hozir tuzukmisiz, enajon?
— Xudoga shukur… Bolam, taraddudingni ko‘r, men ketaman endi.
— Enajon?
— Xo‘p de, yolg‘izim. Sezib turibman… Qil ustida turganga o‘xshayman… Bolaga o‘xshab qoldimmi?
— Sal…
— Sal emas. Rahmatli enam ham shunaqa bo‘lgan edi. Keyin o‘lar chog‘ida aytgan ediki…
— Nima degandilar?
— Odamzod hayoti oxirida… so‘nish oldidagi shamga o‘xshar emish. Odam o‘lim ostonasida birdan kuch yig‘adi ekan. Sham ham so‘nish oldida birdan alanga olib yonadi-ku? Keyin so‘nadi…
— Enajon.
— Men xiyla aljib qoldim-a? Esim bor… Keyin juda bo‘shashib ketdim, jin urdi-qo‘ydi. Xayriyat, hozir es-hushim joyida, bolalarni chaqir, vasiyat qilay.

* * *

— Bolalarim, mendan rozi bo‘linglar. Yaxshiligim o‘tgan bo‘lsa, unutmanglar. Yomonligim o‘tgan bo‘lsa… esdan chiqaringlar. Men hayotimdan roziman, sizlardan roziman. Mendan ham rozi bo‘linglar.

1975

09

(Tashriflar: umumiy 3 909, bugungi 1)

Izoh qoldiring