Nilufar Umarova. Tuyg’ular tilmochi & Gulnoz Mo’minova. O’lgan bulbul

065    Шоирнинг жасорати муҳаббатга уйғун, нафратдан баланддир. Қўрқув салтанати иншосига елимдай ёпишган ёлғон оҳангга жўр бўлишдан ўзликни асраш туйғуси Илоҳнинг қудратидан эканлигини қалбан англайсиз. Шу боис ҳам шоирлар Сўз оламининг сарвари сифатида асрлар оша биз билан ҳамнафас яшайди. Назар Шукур ҳам ана шундай мақомга эга шоирдир.

ТУЙҒУЛАР ТИЛМОЧИ*
Нилуфар Умарова
05

033Туйғу — сезим ҳосиласи. Туйғусиз ёзилган санъат асари эшиксиз ва туйнуксиз қасрга ўхшайди. Бу қасрдан бошпана изламоқ ўз исмининг маъно -мазмунини англаб етмаган ва жон таслим этаётган киши ҳолатини эслатади. У фоний дунёда елиб-югуриб нима топди? Наҳот ўлимни хушлаш учун туғилган бўлса. Ғалати тасаввурлар қуюни кўнгил бўҳронини тўзғитиб юборади. Энди тасаввур идрокка «чанг солади» ва ўша эшиксизу туйнуксиз қаср деворидан эшик очади. Туйғусиз тасаввур сари йўл йўқ. Тасаввурнинг махражу сувратини уйғунлаштириш учун тасвир ҳалқасини узгувчи ечим зарур. Бу куч идрок ёхуд заковат қувватидадир. Моҳият ана шу қувватдан сўнг шаффофланади. «Тасаввурни янгиламай туриб, на метафорани, на сўзни янгилаб бўлади» (Назар Эшонқул).
Дафъатан қуйидаги манзара шеърият муҳибини аросат дайрида вазнсизликка солади. Чунки ўз Қадри билан хайрлашаётган ва саёқ сафарнинг адоғига етолмаган лирик қаҳрамон ўз манзилидан бошпана излаяпти. Озод ўйларини ўзи тузоққа ташлаяпти. Ҳатто чавандознинг шиддати саёзлашган дарё сингари сўник.

Қуёшга кафтини тутган адирлар
Совуган шахтимга беролмас ҳиддат.
Хайр, эй, тилмочсиз қолган сатрлар,
Сизга ҳам етишмас аввалги шиддат!
…Наҳотки, уфқлар сингари узоқ
Ҳисларим тилмочи — номаълум меҳр.

Номаълум меҳр -ҳислар таржимонимикин? Нега меҳр учун таржимон талаб этаяпти шоир. Ахир, инсон ўзини севишдан нафратлана олган кун узоқ-узоқларга бош олиб кетгиси келади-ку! Ўзидан узоқлашиш қалб сари қўшин тортиш эмасмикин? Тасаввуфда чекиниш тупроққа(хокисорликка) ёвуқлашиш, дея талқин этилади. Демакки, лирик қаҳрамон ўзининг ҳаётидан маъно топмагач исёнга чоғланаяпти.

Тилмоч тополмадим сизга , ҳисларим,
Азиз туйғуларим, бугун алвидо!
Ҳатто тушунолмас ёру дўстларим,
Демак, мен қандайдир хаёлга фидо.

Бу мисралар таассурот хулосаси эмас, балки тасаввур шамига урилаётган парвонасифат ҳислар қандайдир хаёлга жонфидолиги-ю, ва аксинча, атрофнинг қоронғу манзарасидан ўкинаётган кўнгилнинг видолашувига ундовчи урғудир. Аслида шеър шу йўсинда бошланиб, лирик қаҳрамонни не-не талотумлар тўфонида чирпирак этмади, инсон узлат сари чекинганда уни ёру дўстлари ҳам тушунолмайди. Узлат — ўзликни англаш илдизидир. Меҳрсиз яшаш -жонли ўлим ва бу ўлим ўчоғида одамлар танаси жасадга айланиши, фақат бу жасадни қабрсиз эканлиги ишора қилади шоир. Шеъриятдаги ишора бармоқ учларидан из олиш каби жонли ашёдир. Туйғусиз яшаш ёлғон ҳаётдир. Рост яшаш эса изтироб алангасида ёниш ила баробар. Ўтли ҳисларига видо айтганларгина яшашни рад этади. Нега энди? Ўт- жаҳолат аждоҳаси. Ўт балоси ҳар қандай покиза туйғуларни ўз домига тортади ва жизғанак этиб куйдиради. Туйғусиз олам оч ва йиртқич саҳродир. Қолаверса, шеър харитасига муҳит таназзулининг чизиқлари муҳрланган. Исёнга чоғланаётган одамнинг тилмочсиз ҳислар қуюнидаги видоси узлат водийсини ёруғликка кўмади. Узлат — номаълум меҳрнинг тилмочсиз туйғуларга уйғунлигидир. Лирик қаҳрамоннинг матлаби ҳам ана шу маконда сайр этмоқдир.

Ҳаётдан ўттиз бир ёшида кетган истеъдодли шоир Назар Шукурнинг «Зарқалам» нашриётида чоп этилган «Сен қайтмасанг» сайланмаси мундарижасидан ўрин олган бир шеъри таҳлилига маълум маънода ёндашдик, холос. Таниқли мунаққид, профессор Қозоқбой Йўлдошнинг китобга ёзган сўнги сўзидаги қуйидаги жумлаларга эътибор берайлик. «Назар Шукур оргинал поэтик назарга эга шоир эди. Шунинг учун ҳам у олам ҳодисаларини мутлақо бетакрор йўсинда идрок этади ва тасвирлай билади». Бу чин гап. Шоир покиза туйғулар таржимонидир. Унинг шеъриятда шаффоф Сўзга бурканган туйғулар шамнамлардай порлайди. Дарвоқе, шоирнинг «Раскольников» тўртлигига назар ташланг.

«Лизавета, йўқ эди сенга адоват!..»
Даҳшатдан мурдадай кетар кўкариб.
Бегуноҳ кунларга қотил адолат,
Барибир, болтасин киргай кўтариб.

Нега Адолат қотилга айланди? Ўқувчини қийнаётган тизгинсиз савол ечимини топиш учун Ф.Достоевскийни, унинг асарларини ўқимоқ керак. Асарлари жаҳон адабиёти насрининг шоҳ томири бўлмиш ёзувчи ижоди билан танишмисиз? Унинг қаҳрамонлари тамсилида не сиру синоат яширину ва не маъно -мазмун муштарак эканлигидан воқифмисиз? Усиз бу тўртликка мурожаат этиш қоронғуда тошга қоқилишдай гап. Чиркин муҳит шамоли ҳамиша бегуноҳ кунларга болта кўтарган. Адолат эса иллат томирини қирқиш учун қурбон талабдир. Адолат исённинг инъикоси, усиз мақсадга эришиб бўлмайди. Исо Масиҳнинг хочга қоқилишини тасаввур этинг. Ана, сиз учун тасаввур ўз чизиғини кесишга чоғланмоқда. Бу ерда шоир параллел чизиқларга ўз фикрини бўйсундирган. Раскольников ва Адолат бир ўзакка қурилган образдир. Қаршилантириш усули ўқувчида қуш тилини билишдек масъулият уйғотади. Уйғоқлик эса инсонни ўзини ўзи ҳушёрликка ундайди.

Назар Шукур ижодида халқона оҳангларга йўғрилган шеърлар анчагина. «Умрим йўлларида» шеъри бунга мисол бўла олади.

Қорлар кўмди ортимдан тизилган йилларимни,
Аёз урди қанчалаб аяган гулларимни,
Баъзан топдим, баъзи пайт йўқотдим йўлларимни,
Қачон борсам ёнига дўстдан ширин ош бўлди,
Қай бировнинг дастидан еганимда тош бўлди.

Шеър анъанавий йўлда битилган. Мисралар табиий равишда қуйилган. Аслида ўз сўзини айтмоқчи бўлган шоир учун бирон бир оқим баҳона бўла олмайди. Муҳими, илоҳий лаззат улашгувчи шеърда жозиба ва ҳарорат бўлади. Халқ оғзаки ижодининг содда, аммо сермаъно ёмбисидан баҳраманд бўлиш ҳар қандай шоирга ҳам насиб бўлавермайди. Оддийликда самимият бор, самимиятда соф туйғу ва ички моҳият мужассам. «Ҳайитгул афсонаси» шеъри тарихий қимматга эгадир. Унда икки ўзбек қавми ўртасида кураш мусобақаси ўтказилади. Бир қавмнинг полвонлари рақибларидан енгилгач, эл оқсоқоллари ташвишга тушишади. Аммо имкон излаганга йўл топилади деганларидек, Ҳайитгул деган аёлни эркакча кийинтириб кураш майдонига туширади. Ҳайитгул рақибларнинг энг кучли полвони курагини ерга текизади. Афсона замирида ҳақиқат мужассам. Қадимий ўйин — кураш шоир назаридан четда қолган эмас. Шеър халқ урф-одатларига эскилик сарқити деб қаралган йиллари ёзилганлиги билан аҳамиятлидир. Эл оқсоқолининг ўрни, халқимизнинг ор-номуси кучли эканлиги ҳам эътироф этилган.

Шу ўринда шоирнинг «Най» достони хусусида тўхталиб ўтсак. Профессор Қозоқбой Йўлдош : «Назар Шукур достонларида ҳам тасвир воситаларини оргинал қўллаш орқали эпик кўламли туйғуларнинг ишонарли тасвирини беролган. Чин истеъдод қисмга бутуннинг белгисини маҳорат билан жойлай олади. Бу ўринда ҳам шу ҳол намоён бўлган», дея достоннинг мазмун мундарижасига ички сезим билан баҳо беролган.

Най-қадимий соз. Аскарлар жўнаётган эшелоннинг най каби қўзғалиши бироз ғалати бўлса-да, уни ботинан ўйлаганда нақадар уйқашлигини англайсиз. Эшелон ўлим сари аскар йигитларни олиб кетаяпти. Жонсиз предмет ичида жонли тўлғоқлар ўзаро ҳамоҳангликка эга. Эшелоннинг хўрсиниқни ифодаловчи ҳаракатига най навоси жўрлиги бир бутунликни ташкил қилган. Икки қарама-қарши ҳаракат бир параллел чизиққа туташган. Най тилга кирганда эса:

Куй эмас, Навоий ғамин тизими
Қайтарди Ҳиротга Астрободдан.
Барибир, ахтариб юртнинг исини
Унинг соғинчлари тушмасди отдан.
Най тилга кирганда йиғларди Бобур
Тонгданоқ юзланиб Андижон сари.
Лопиллаб қоларди ватансиз қабр,
Найнинг кўзларидан оқарди бари.

Найнинг кўзи — бу наво. Наво Навоийга ҳам, Бобурга ҳам замондош.Эшелонда урушга кетаётган аскарларгаям таниш. У шаклини ҳам, мазмунини ҳам ўзгартирмайди. У -тарих. Тарих муҳрида қотган муҳит янгиланмайди. Инсониятни олис аждодлар қавми билан ёш авлодни фақат куй бирлаштиради. Достон ана шундай оҳанг ва мазмунга қурилганлиги билан қимматлидир.

Назар Шукур мустабид Шўро тузумида яшаган. Даҳрийлик довули қўпган даврда фикр эркинлиги фалажланган. Аммо унинг шеъриятида соғлом фикр нафаси уфуриб туради. Идрок қалб меҳроби-ю, кўнгил хизр чашмаси каби соф туйғулар силсиласидан тиниқ жаранглайди. Оҳанг афсунлашидан чўчиган шоир ўқувчини тасаввур кўзгуси сари юзлантиради. Сўзлар баҳор эпкинидан эриётган қор каби шаффофланади. Шаффофлик вужудга илоҳий нурдек сингади ва руҳият манзараларини ёриштириб юборади. Бу истеъдоднинг кучидир. «Яссавий мақбараси» шеърида бу манзаралар янада ёрқинлашади. Гап туркий тилнинг улуғлиги ҳақида кетаяпти. «Энасой бандига битилган ҳарфлар»ни шамоллар ўқиганлиги-ю, осмон,ой, юлдуз ўрганганлигини мустабид тузум куйчиларига эслатмоқда шоир. Чунки ёзувлар мақбара пештоқига битилган.

Бу тилда қўшиқлар айтди ярим ой,
Шарт йиртиб тун деган чимматларини.
Шомгача куйлади қуёш ҳоримай
Ёд айтиб Яссавий «Ҳикмат»ларини.

Шоирнинг жасорати муҳаббатга уйғун, нафратдан баланддир. Қўрқув салтанати иншосига елимдай ёпишган ёлғон оҳангга жўр бўлишдан ўзликни асраш туйғуси Илоҳнинг қудратидан эканлигини қалбан англайсиз. Шу боис ҳам шоирлар Сўз оламининг сарвари сифатида асрлар оша биз билан ҳамнафас яшайди. Назар Шукур ҳам ана шундай мақомга эга шоирдир. Унинг ижодини яқиндан ўрганмоқ фойдадан холи эмас. Чунки юлдузлар олис кўк тоқидан порлоқ нур сочиб мангуликдан дарс ўқийдилар, йўлчи юлдуз бўлиб йўл кўрсатадилар. Буни қум бўрони кўчган саҳролардан омон-эсон ўтиб келган карвонлар- фалак каромати туҳфаси эканлигини тушунганлар, туйғулар таржимони бўлмиш қалб соҳиблари англаб етганлар.

*Мақола Назар Шукурнинг 60 йиллигига атаб ёзилган (2014)

Гулноз Мўминова
ЎЛГАН БУЛБУЛ
Назар Шукур хотирасига
05

Ўлган булбулларни тинглаймиз,
Излаб сўлган атиргулларни…

Николай Гумилёв

1

Ҳушёр торттирар, сархуш этмас,002
Ахир у ҳам шуни кўзлайди—
Ўлган булбул тар гуллар эмас,
Хазон бўлган гул деб бўзлайди.

Унут карвон қўнғироғидай
Садо берар унинг навоси.
Бамисоли куз адоғида
Ёпирилган кўклам ҳавоси.

Ўлган булбул шошмас ирмоққа,
Чўчитмайди уни ташналик.
Парво қилмай яшил япроққа,
Хазонрезга боқар беҳадик.

Юзимизга урилар гоҳо
Қанотининг ожиз шамоли.
Ўйлантирмас бизларни аммо
Булбулларнинг шўри, уволи.

Гуллар яшнаб турибди бу чоғ—
Чор томонда гулламоқ пайти.
Тирик булбул сайрар беадоғ,
Ўлганини ким тинглар, айтинг?

Кўзларимиз гўзалликка ўч
Ва ялтироқ ҳавасларга қул.
Ерни ташла, самоларга уч
Эй, юракда жон берган булбул!

2

Жим тикилар офтоб нурига,
Тирикликнинг куйи унга ёт.
Тиз чўкади зулмат пойига
Ҳар оқшом кун бўлганда барбод.

Гоҳ келтирса дайди шамоллар
Баҳорларнинг азиз ёдини,
У бош олиб тоғларга кетар:
Чўққиларга айтар додини.

Шунда ўлган булбул руҳини
Алқор юрар сўқмоқ тинглагай,
Тошга тушиб улкан сояси
Бургут дилида доғ—тинглагай.

Майса чимдиб юрган кийиклар
Бош кўтарар, кўзларида ёш.
Куйга дўнса алам, куюклар
Ҳатто арслон беролмагай дош.

Ўлган булбул навоси ҳатто
Уйғотади айиқларни ҳам.
Шафақ ғойиб бўлгунича то
Қуёш унга тикилар мулзам.

Фақат инсон эшитмас уни—
Ўлган булбул куйи унга ёт.
Уйғотмайди шу куй руҳини,
Марҳумларни англамас ҳаёт.

Боқма фақат суюкларингга,
Оналарнинг буюги, Ватан.
Мафтун бўлмай тирикларига,
Тингла ўлган булбулларни ҳам.

Яна ютубдаги «- Xurshid Davron kutubxonasi» каналида кўринг:

Nazar Shukur. «Unutilmas siymolar » turkumidan. 1 qism — Xurshid Davron kutubxonasi
Nazar Shukur. «Unutilmas siymolar» turkumidan. 2 qism

065    Shoirning jasorati muhabbatga uygʻun, nafratdan balanddir. Qoʻrquv saltanati inshosiga yelimday yopishgan yolgʻon ohangga joʻr boʻlishdan oʻzlikni asrash tuygʻusi Ilohning qudratidan ekanligini qalban anglaysiz. Shu bois ham shoirlar Soʻz olamining sarvari sifatida asrlar osha biz bilan hamnafas yashaydi. Nazar Shukur ham ana shunday maqomga ega shoirdir.

TUYG’ULAR TILMOCHI*
Nilufar Umarova
05

Tuyg’u — sezim hosilasi. Tuyg’usiz yozilgan san’at asari eshiksiz va tuynuksiz qasrga o’xshaydi. Bu qasrdan boshpana izlamoq o’z ismining ma’no -mazmunini anglab yetmagan va jon taslim etayotgan kishi holatini eslatadi. U foniy dunyoda yelib-yugurib nima topdi? Nahot o’limni xushlash uchun tug’ilgan bo’lsa. G’alati tasavvurlar quyuni ko’ngil bo’hronini to’zg’itib yuboradi. Endi tasavvur idrokka «chang soladi» va o’sha eshiksizu tuynuksiz qasr devoridan eshik ochadi. Tuyg’usiz tasavvur sari yo’l yo’q. Tasavvurning maxraju suvratini uyg’unlashtirish uchun tasvir halqasini uzguvchi yechim zarur. Bu kuch idrok yoxud zakovat quvvatidadir. Mohiyat ana shu quvvatdan so’ng shaffoflanadi. «Tasavvurni yangilamay turib, na metaforani, na so’zni yangilab bo’ladi» (Nazar Eshonqul).

Daf’atan quyidagi manzara she’riyat muhibini arosat dayrida vaznsizlikka soladi. Chunki o’z Qadri bilan xayrlashayotgan va sayoq
safarning adog’iga yetolmagan lirik qahramon o’z manzilidan boshpana izlayapti. Ozod o’ylarini o’zi tuzoqqa tashlayapti. Hatto chavandozning shiddati sayozlashgan
daryo singari so’nik.

Quyoshga kaftini tutgan adirlar
Sovugan shaxtimga berolmas hiddat.
Xayr, ey, tilmochsiz qolgan satrlar,
Sizga ham yetishmas avvalgi shiddat!
…Nahotki, ufqlar singari uzoq
Hislarim tilmochi — noma’lum mehr.

Noma’lum mehr -hislar tarjimonimikin? Nega mehr uchun tarjimon talab etayapti shoir. Axir, inson o’zini sevishdan nafratlana olgan kun uzoq-uzoqlarga bosh olib ketgisi keladi-ku! O’zidan uzoqlashish qalb sari qo’shin tortish emasmikin? Tasavvufda chekinish tuproqqa(xokisorlikka) yovuqlashish, deya talqin etiladi. Demakki, lirik qahramon o’zining hayotidan ma’no topmagach isyonga chog’lanayapti.

Tilmoch topolmadim sizga , hislarim,
Aziz tuyg’ularim, bugun alvido!
Hatto tushunolmas yoru do’stlarim,
Demak, men qandaydir xayolga fido.

Bu misralar taassurot xulosasi emas, balki tasavvur shamiga urilayotgan parvonasifat hislar qandaydir xayolga jonfidoligi-yu, va aksincha, atrofning qorong’u manzarasidan o’kinayotgan ko’ngilning vidolashuviga undovchi urg’udir. Aslida she’r shu yo’sinda boshlanib, lirik qahramonni ne-ne talotumlar to’fonida chirpirak etmadi, inson uzlat sari chekinganda uni yoru do’stlari ham tushunolmaydi. Uzlat — o’zlikni anglash ildizidir. Mehrsiz yashash -jonli o’lim va bu o’lim o’chog’ida odamlar tanasi jasadga aylanishi, faqat bu jasadni qabrsiz ekanligi ishora qiladi shoir. She’riyatdagi ishora barmoq uchlaridan iz olish kabi jonli ashyodir. Tuyg’usiz yashash yolg’on hayotdir. Rost yashash esa iztirob alangasida yonish ila barobar. O’tli hislariga vido aytganlargina yashashni rad etadi. Nega endi? O’t- jaholat ajdohasi. O’t balosi har qanday pokiza tuyg’ularni o’z domiga tortadi va jizg’anak etib kuydiradi. Tuyg’usiz olam och va yirtqich sahrodir. Qolaversa, she’r xaritasiga muhit tanazzulining chiziqlari muhrlangan. Isyonga chog’lanayotgan odamning tilmochsiz hislar quyunidagi vidosi uzlat vodiysini yorug’likka ko’madi. Uzlat — noma’lum mehrning tilmochsiz tuyg’ularga uyg’unligidir. Lirik qahramonning matlabi ham ana shu makonda sayr etmoqdir.

Hayotdan o’ttiz bir yoshida ketgan iste’dodli shoir Nazar Shukurning «Zarqalam» nashriyotida chop etilgan «Sen qaytmasang» saylanmasi mundarijasidan o’rin olgan bir she’ri tahliliga ma’lum ma’noda yondashdik, xolos. Taniqli munaqqid, professor Qozoqboy Yo’ldoshning kitobga yozgan so’ngi so’zidagi quyidagi jumlalarga e’tibor beraylik. «Nazar Shukur orginal poetik nazarga ega shoir edi. Shuning uchun ham u olam hodisalarini mutlaqo betakror yo’sinda idrok etadi va tasvirlay biladi». Bu chin gap. Shoir pokiza tuyg’ular tarjimonidir. Uning she’riyatda shaffof So’zga burkangan tuyg’ular shamnamlarday porlaydi. Darvoqe, shoirning «Raskol`nikov» to’rtligiga nazar tashlang.

«Lizaveta, yo’q edi senga adovat!..»
Dahshatdan murdaday ketar ko’karib.
Begunoh kunlarga qotil adolat,
Baribir, boltasin kirgay ko’tarib.

Nega Adolat qotilga aylandi? O’quvchini qiynayotgan tizginsiz savol yechimini topish uchun F.Dostoevskiyni, uning asarlarini o’qimoq kerak. Asarlari jahon adabiyoti nasrining shoh tomiri bo’lmish yozuvchi ijodi bilan tanishmisiz? Uning qahramonlari tamsilida ne siru sinoat yashirinu va ne ma’no -mazmun mushtarak ekanligidan voqifmisiz? Usiz bu to’rtlikka murojaat etish qorong’uda toshga qoqilishday gap. Chirkin muhit shamoli hamisha begunoh kunlarga bolta ko’targan. Adolat esa illat tomirini qirqish uchun qurbon talabdir. Adolat isyonning in’ikosi, usiz maqsadga erishib bo’lmaydi. Iso Masihning xochga qoqilishini tasavvur eting. Ana, siz uchun tasavvur o’z chizig’ini kesishga chog’lanmoqda. Bu yerda shoir parallel chiziqlarga o’z fikrini bo’ysundirgan. Raskol`nikov va Adolat bir o’zakka qurilgan obrazdir. Qarshilantirish usuli o’quvchida qush tilini bilishdek mas’uliyat uyg’otadi. Uyg’oqlik esa insonni o’zini o’zi hushyorlikka undaydi.

Nazar Shukur ijodida xalqona ohanglarga yo’g’rilgan she’rlar anchagina. «Umrim yo’llarida» she’ri  bunga misol bo’la oladi.

Qorlar ko’mdi ortimdan tizilgan yillarimni,
Ayoz urdi qanchalab ayagan gullarimni,
Ba’zan topdim, ba’zi payt yo’qotdim yo’llarimni,
Qachon borsam yoniga do’stdan shirin osh bo’ldi,
Qay birovning dastidan yeganimda tosh bo’ldi.

She’r an’anaviy yo’lda bitilgan. Misralar tabiiy ravishda quyilgan. Aslida o’z so’zini aytmoqchi bo’lgan shoir uchun biron bir oqim bahona bo’la olmaydi. Muhimi, ilohiy lazzat ulashguvchi she’rda joziba va harorat bo’ladi. Xalq og’zaki ijodining sodda, ammo serma’no yombisidan bahramand bo’lish har qanday shoirga ham nasib bo’lavermaydi. Oddiylikda samimiyat bor, samimiyatda sof tuyg’u va ichki mohiyat mujassam. «Hayitgul afsonasi» she’ri tarixiy qimmatga egadir. Unda ikki o’zbek qavmi o’rtasida kurash musobaqasi o’tkaziladi. Bir qavmning polvonlari raqiblaridan yengilgach, el oqsoqollari tashvishga tushishadi. Ammo imkon izlaganga yo’l topiladi deganlaridek, Hayitgul degan ayolni erkakcha kiyintirib kurash maydoniga tushiradi. Hayitgul raqiblarning eng kuchli polvoni kuragini yerga tekizadi. Afsona zamirida haqiqat mujassam. Qadimiy o’yin — kurash shoir nazaridan chetda qolgan emas. She’r xalq urf-odatlariga eskilik sarqiti deb qaralgan yillari yozilganligi bilan ahamiyatlidir. El oqsoqolining o’rni, xalqimizning or-nomusi kuchli ekanligi ham e’tirof etilgan.

Shu o’rinda shoirning «Nay» dostoni xususida to’xtalib o’tsak. Professor Qozoqboy Yo’ldosh : «Nazar Shukur dostonlarida ham tasvir vositalarini orginal qo’llash orqali epik ko’lamli tuyg’ularning ishonarli tasvirini berolgan. Chin iste’dod qismga butunning belgisini mahorat bilan joylay oladi. Bu o’rinda ham shu hol namoyon bo’lgan», deya dostonning mazmun mundarijasiga ichki sezim bilan baho berolgan.

Nay-qadimiy soz. Askarlar jo’nayotgan eshelonning nay kabi qo’zg’alishi biroz g’alati bo’lsa-da, uni botinan o’ylaganda naqadar uyqashligini anglaysiz. Eshelon o’lim sari askar yigitlarni olib ketayapti. Jonsiz predmet ichida jonli to’lg’oqlar o’zaro hamohanglikka ega. Eshelonning xo’rsiniqni ifodalovchi harakatiga nay navosi jo’rligi bir butunlikni tashkil qilgan. Ikki qarama-qarshi harakat bir parallel chiziqqa tutashgan. Nay tilga kirganda esa:

Kuy emas, Navoiy g’amin tizimi
Qaytardi Hirotga Astroboddan.
Baribir, axtarib yurtning isini
Uning sog’inchlari tushmasdi otdan.
Nay tilga kirganda yig’lardi Bobur
Tongdanoq yuzlanib Andijon sari.
Lopillab qolardi vatansiz qabr,
Nayning ko’zlaridan oqardi bari.

Nayning ko’zi — bu navo. Navo Navoiyga ham, Boburga ham zamondosh.Eshelonda urushga ketayotgan askarlargayam tanish. U shaklini ham, mazmunini ham o’zgartirmaydi. U -tarix. Tarix muhrida qotgan muhit yangilanmaydi. Insoniyatni olis ajdodlar qavmi bilan yosh avlodni faqat kuy birlashtiradi. Doston ana shunday ohang va mazmunga qurilganligi bilan qimmatlidir.

Nazar Shukur mustabid Sho’ro tuzumida yashagan. Dahriylik dovuli qo’pgan davrda fikr erkinligi falajlangan. Ammo uning she’riyatida sog’lom fikr nafasi ufurib turadi. Idrok qalb mehrobi-yu, ko’ngil xizr chashmasi kabi sof tuyg’ular silsilasidan tiniq jaranglaydi. Ohang afsunlashidan cho’chigan shoir o’quvchini tasavvur ko’zgusi sari yuzlantiradi. So’zlar bahor epkinidan eriyotgan qor kabi shaffoflanadi. Shaffoflik vujudga ilohiy nurdek singadi va ruhiyat manzaralarini yorishtirib yuboradi. Bu iste’dodning kuchidir. «Yassaviy maqbarasi» she’rida bu manzaralar yanada yorqinlashadi. Gap turkiy tilning ulug’ligi haqida ketayapti. «Enasoy bandiga bitilgan harflar»ni shamollar o’qiganligi-yu, osmon,oy, yulduz o’rganganligini mustabid tuzum kuychilariga eslatmoqda shoir. Chunki yozuvlar maqbara peshtoqiga bitilgan.

Bu tilda qo’shiqlar aytdi yarim oy,
Shart yirtib tun degan chimmatlarini.
Shomgacha kuyladi quyosh horimay
Yod aytib Yassaviy «Hikmat»larini.

Shoirning jasorati muhabbatga uyg’un, nafratdan balanddir. Qo’rquv saltanati inshosiga yelimday yopishgan yolg’on ohangga jo’r bo’lishdan o’zlikni asrash tuyg’usi Ilohning qudratidan ekanligini qalban anglaysiz. Shu bois ham shoirlar So’z olamining sarvari sifatida asrlar osha biz bilan hamnafas yashaydi. Nazar Shukur ham ana shunday maqomga ega shoirdir. Uning ijodini yaqindan o’rganmoq foydadan xoli emas. Chunki yulduzlar olis ko’k toqidan porloq nur sochib mangulikdan dars o’qiydilar, yo’lchi yulduz bo’lib yo’l ko’rsatadilar. Buni qum bo’roni ko’chgan sahrolardan omon-eson o’tib kelgan karvonlar- falak karomati tuhfasi ekanligini tushunganlar, tuyg’ular tarjimoni bo’lmish qalb sohiblari anglab yetganlar.

*Maqola Nazar Shukurning 60 yilligiga atab yozilgan (2014)

077
Gulnoz Mo’minova
O’LGAN BULBUL
Nazar Shukur xotirasiga
05

O’lgan bulbullarni tinglaymiz,
Izlab so’lgan atirgullarni…

Nikolay Gumilyov

1

Hushyor torttirar, sarxush etmas,09
Axir u ham shuni ko’zlaydi—
O’lgan bulbul tar gullar emas,
Xazon bo’lgan gul deb bo’zlaydi.

Unut karvon qo’ng’irog’iday
Sado berar uning navosi.
Bamisoli kuz adog’ida
Yopirilgan ko’klam havosi.

O’lgan bulbul shoshmas irmoqqa,
Cho’chitmaydi uni tashnalik.
Parvo qilmay yashil yaproqqa,
Xazonrezga boqar behadik.

Yuzimizga urilar goho
Qanotining ojiz shamoli.
O’ylantirmas bizlarni ammo
Bulbullarning sho’ri, uvoli.

Gullar yashnab turibdi bu chog’—
Chor tomonda gullamoq payti.
Tirik bulbul sayrar beadog’,
O’lganini kim tinglar, ayting?

Ko’zlarimiz go’zallikka o’ch
Va yaltiroq havaslarga qul.
Yerni tashla, samolarga uch
Ey, yurakda jon bergan bulbul!

2

Jim tikilar oftob nuriga,
Tiriklikning kuyi unga yot.
Tiz cho’kadi zulmat poyiga
Har oqshom kun bo’lganda barbod.

Goh keltirsa daydi shamollar
Bahorlarning aziz yodini,
U bosh olib tog’larga ketar:
Cho’qqilarga aytar dodini.

Shunda o’lgan bulbul ruhini
Alqor yurar so’qmoq tinglagay,
Toshga tushib ulkan soyasi
Burgut dilida dog’—tinglagay.

Maysa chimdib yurgan kiyiklar
Bosh ko’tarar, ko’zlarida yosh.
Kuyga do’nsa alam, kuyuklar
Hatto arslon berolmagay dosh.

O’lgan bulbul navosi hatto
Uyg’otadi ayiqlarni ham.
Shafaq g’oyib bo’lgunicha to
Quyosh unga tikilar mulzam.

Faqat inson eshitmas uni—
O’lgan bulbul kuyi unga yot.
Uyg’otmaydi shu kuy ruhini,
Marhumlarni anglamas hayot.

Boqma faqat suyuklaringga,
Onalarning buyugi, Vatan.
Maftun bo’lmay tiriklariga,
Tingla o’lgan bulbullarni ham.

075

(Tashriflar: umumiy 306, bugungi 1)

Izoh qoldiring