Unutilmas satrlar: Oybek, Hamid Olimjon, G’afur G’ulom, Mirtemir, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov

09Хотира ва қадрлаш куни олдидан

   Фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги нишонланаётган кунларда халқимиз қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотган, уруш майдонларида қон кечиб, жон бериб жанг қилган  азамат ўзбек йигитларини жасоратини куйлаган шоирларнинг унутилмас сатрларини  эслаш ҳам қарз, ҳам фарздир.

   Бу сатрларни ўқиётганда жанг майдонларида қолиб кетган ўзбек йигитларини хотирлаб дуолар тиловат қилайлик. Мен ҳам 22 ёшида урушда бедарак кетган тоғам, Самарқанд университетининг талабаси Нуриддин Вафохўжа ўғли хотираси  олдида бош эгаман, шаҳид кетган тоғамга дуолар бағишлайман!

УНУТИЛМАС САТРЛАР
08

07ОЙБЕК

ҚОРАХАТ

Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…

ЙИҒИ КЕЛМАЙДИ СИРА

Йиғи келмайди сира,
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидан
Лабимда қотипти сўз.

Қошлар, киприклар қиров,
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон.

Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.

066ҲАМИД ОЛИМЖОН

ҚЎЛИНГГА ҚУРОЛ ОЛ!

Ҳаёт қайнаб тонг туманида,
Кўз илғамас эл ўрмонида,
Зўр ўлканинг қайноқ қонида
Ҳукм сурар сафарбар бир ҳол:
Қўлингга қурол ол!

Кўрсин десанг жаҳонни кўзим,
Ўссин десанг боғимда узум,
Умид билан ўстирган қизим
Десанг агар бўлмасин увол:
Қўлингга қурол ол!

Бўлсин десанг дунё сенга кенг,
Қолсин десанг қўлингда эркинг,
Бўлай десанг сен одамга тенг,
Бўлмай десанг ёвларга ҳаммол:
Қўлингга қурол ол!

Олай десанг фашистдан қасос,
Қўлингга ол қилич ва олмос,
Яғринингга винтовкани ос!
Қолмай десанг айтишганда лол:
Қўлингга қурол ол!

Юрса агар томирда қонинг,
Азиз бўлса бир парча нонинг,
Керак бўлса номус, виждонинг,
Бўлсанг йигит, бўлсанг ҳамки чол:
Қўлингга қурол ол!

Жон юртингга босиб келган ёв,
Тоғларингда қилолмасдан ов,
Сен қувганда пиёда, яёв
Қочсин десанг гўё қорамол:
Қўлингга курол ол!

1941

ҒАЛАБА ҚЎШИҒИ

Фашизм — одамзод учун қора доғ келди,
Қуёш нурига карши чанг билан тупроғ келди.
Ўлакса устидаги қузғун билан зоғ келди;
Ёлғиз менинг Ватаним бахт ўстирар боғ келди.

Кундузни тун деб ўйлаб сарҳадга келди ўғри,
Кўршалапак охири оташга келди тўғри.
Тушар доим эсимга — ўзбек мақолидир бу:
Ким аввал мушт кўтарса, албатта, қўрқоқ келди.

Гитлернинг ичда қилган қарғишини билардик,
Ер тагида илоннинг изғишини билардик;
Ғофил деб ўйламасин, ҳар ишини билардик,
Ўрмонда бўри билан шер олишар чоғ келди.

Душманнинг тепасида ёзиб пўлат қулочин,
Калхат билан олишгай осмонда зўр лочин.
Тарихнинг ҳукмидир бу: бизникидир зафар чин,
Қутурган селга қарши осмон бўйи тоғ келди.

Ҳозир бўлсин фашизм ер тагида чиришга,
Мана биз кўкка учдик, тепасида қиришга,
Одамзод гуноҳимиз, қойил қолсин бу ишга,
Душманларни ер билан яксон қилар чоғ келди.

1941

* * *

Йигирма иккинчи июнь саҳари
Чиқмас кишиликнинг асло ёдидан.
Қочиб қутулолмас ҳеч фашист ҳали
Маъсум гўдакларнинг аччиқ додидан.

1942

СЕВГИ

Бир тутам гул тутиб боқдинг кўзимга,
Дедингки: «Эсдалик бўлсин, буни ол…»
Ўзимни йўқотдим, не дединг менга?
Тутганинг гулмиди ва ёким хаёл?

«Бутун ёшлигимиз жангдадир букун,
Жангда ечилмоқда севги қисмати.
Жангдадир йигитлар, жангдадир қизлар,
Ҳавода учади маҳбублар хати.

Агарда қайтмасам шу мендан ёдгор»,—
Дединг-да, кўринди кўзларингда нам.
«Агар севар бўлсанг, унутма зинҳор…»,
Узун киприкларинг устида шабнам.

Менга не керакдир бу ёлғиз қолиш?
Сенсиз ололмасман асло мен нафас.
Ўлимдан оғирдир сендан ажралиш,
Торгина қалбимга кенг дунё қафас.

Орқангдан қолмасдан жўнадим жангга,
Қўзи кетган каби қўйнинг изидан,
Гўё қуёш ойни кузатганидай,
Ўт бўлиб орқангдан кезмакдаман ман.

Сен оташ ичида урасан жавлон,
Душман қолмасин деб севган элимда,
Мен ҳам қасос олиб тўкмакдаман қон.
Элим ва ёримнинг номи дилимда.

Мен ёвни қираман жангда беомон,
Сени ахтараман бир нафас тинмай,
Бир қўлда қиличим, бир қўлда қурол,
Севгувчи қалбимда нола қилар най.

Сенга юборганим оташин бўса
Енгил шаббодадек учар ҳавода,
Жанг бўлган жойларда лабингни излар
Ва баъзан дарбадар кезар самода.

Балки учрашмасмиз биз энди мангу,
Бўсамиз ҳам қолар балки саргардон,
Лекин севишганлар қайтмас ўлимдан,
Лекин мангу қолар икки томчи қон.

Дунёда албатта бир ўлмоқ бор-ку!
Ҳеч ажаб эмасдир ўлсак жанг аро,
Ёв билан курашда оқса қонимиз,
Бўлмай эл олдида юзимиз қаро.

Ўлимдан қўрқмаган эрлар қонидан
Жуда табаррукдир қизарса тупроқ.
Ўша қон дўстларнинг ёритиб юзин,
Зафар йўлларини қилса ойдинроқ.

Жисмимиз йўқолур, ўчмас номимиз,
Ғалаба тўйида бўлармиз биз ҳам;
Азиз дўстлар билан учрашиб хандон,
Қадрдон элларга қўярмиз қадам.

Гўзал Украина далаларида
Яна аввалгидай табиат гуллар,
Буюк Россиянинг ўрмонларида
Бизларни ёд этиб сайрар булбуллар.

Буғдой бошоғидай кўкка интилиб
Мен шунда тупроқдан кўтарарман бош.
Сенинг қонларингдан ўсар қизил гул,
Ёқутга айланар сойлардаги тош.

Дунёни ёритар бизнинг севгимиз,
Иккимиз ҳеч қачон ўлмасмиз асло.
Ёру дўстларимиз, севган элимиз,
Биздан ризо бўлиб топар тасалло.

1942

055ҒАФУР ҒУЛОМ

СОҒИНИШ

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!

Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид.
Бугун сабза бўлди қишдаги нафас,
Ҳозир қонда кезар эртаги умид.

Хоки анжир тугаб, қовун ғарқ пишган
Бахтли тонг отар чоғ уни кузатдим,
Бир малъун гулшанга қадам қўймишкан,
Жони бир жондошлар қолармиди жим!

Унда етук эди мерос мард ғурур,
Остонани ўпиб, қасамёд қилди.
Укаларин эркалаб, ўзимдай мағрур,
Яъни обод уйимни у дилшод қилди…

Иблиснинг ғарази бўлган бу уруш
Албатта, етади ўзин бошига.
Ўғлим омон келар, ғолиб, музаффар,
Гард ҳам қўндирмасдан қора қошига.

Не қилса отамен, мерос ҳиссиёт…
Жондан соғинишга унинг ҳаққи бор,
Кутаман, узоқдан кўринса бир от,
Келаяпти, дейман кўринса ғубор.

Баҳор новдасида бўртган ҳар куртак
Соғинган кўнгилга берар тасалли.
Кўчатлар қоматин эслатганидек,
Нафасин уфурар тонг отар ели.

Кечқурун ош сузсак бир насиба кам,
Қўмсайман бировни — аллакимимни,
Доимо умидим бардам бўлса ҳам,
Баъзан васвасалар босар дилимни.

Балки бир ғалат ўқ ё хавфу хатар
Хазинаи умримдан йўқотди олмос…
Йўқ, у ўлмас, қадами олам яратар,
Ҳаётий бу олам сизу бизга хос.

Тонг отар чогида жуда соғиниб,
Бедил ўқир эдим, чикди офтоб.
Лойқа хаёлотлар чашмадай тинди,
Пок-покиза юрак бир қатра симоб.

Ўроғу гулқайчи, истак кўтариб,
Ҳовримни босишга боққа жўнадим.
Ҳашарчи қўшни қиз — унинг севгани,
Маъюс босар эди орқамдан одим.

Боғда сарвинозим йўқ эди гарчанд,
Кўмакчим арғувон ёринг Нафиса,
Сени соғинганда қилдим гул пайванд —
Бу баҳордан ҳаёт оларди бўса.

Дур бўлиб тақилур ёринг бўйнига,
Садафдай кўзимда, беҳуда бу ёш.
Икковинг икки ёш, лабинг лабига
Қўяр, васвасамдан кулади қуёш.

Асалдан ажраган мумдай сарғайиб,
Ини йўқ аридек тўзғиганим йўқ.
Улуғ эътиқодда ўламан қариб,
Абаддир мендаги падарий ҳуқуқ.

Сизларни келди, деб эшитган куни —
Ўзинг тўқиб кетган катта саватда
Тўлатиб шафтоли узиб чиқаман,
Ғалаба кунлари яқин, албатта.

Яёв, кўксим очиқ, бошда шафтолу,
Худди мўйлабингдек майин туки бор,
Ҳар битта шафтолу мисоли кулгу,
Шафақдай ним пушти, сарин, беғубор.

Суйганинг лабида реза тер каби
Унда титраб турар сабуҳий шабнам.
Мунчалик мазани топа олмайди
Уйқуда тамшанган чақалоқлар ҳам.

Ё ўғлим, жонгинанг саломат бўлсин,
Ўз боғинг, ўз меванг, данагин сақла.
Шу мерос боғингни ўз қўлингга ол,
Менга топширилган меросий ҳақ-ла.

Боғда товус каби хиромон бўлиб,
Умид данагини бирга экингиз,
Ғолиб келажакни сайр қилайлик
Мушфиқ онагинанг билан иккимиз.

СЕН ЕТИМ ЭМАССАН

(Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларга)

Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим.
Қуёшдай меҳрибон
Ватанинг-онанг,
Заминдай вазмину
Меҳнаткаш, мушфиқ
Истаган нарсангни тайерлагувчи
Халқ бор- отанг бор.
Чўчима, жигарим,
Ўз уйингдасан,
Бу ерда
На ғурбат, на офат, на ғам.
Бунда бор: ҳарорат, муҳаббат, шафқат
Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам,
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Бу ерда музлаган
Аждар ҳалқумли
Ваҳшат тўпларининг
Қаҳқаҳаси йўқ.
Бу ерда — одамзод
шаклида юрган
манфур, юкумли, мараз намойиши
тополмас ҳуқуқ.

Улуғ жанг кунидир,
Жангки, беомон,
Лашкар деган ахир
Бехатар бўлмас,
Отанг ўлган бўлса,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти
Миннатинг бошимга дурра.
Шу соғлом ҳавода
Саломат-омон,
Хўрсинмай, эркинлаб
Ола бера нафас.

Эй, улуғ наслимнинг
Юраги, жони,
Кипригингга илинмас
Йиғидан зарра.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Етимлик нимадир-
Бизлардан сўра,
Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Учмайди сира.

Мен етим ўтганман,
Оҳ, у етимлик…
Вой, бечора жоним,
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.
Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди…
Сен етим эмассан,
Ухла жигарим.

Кўзимга ўйқунинг
Мудроқ овчиси
Тўрин солмасдан, —
(Биринчи гудокка
Икки соат бор)-
Оталик ҳиссининг
Бебаҳо, лазиз
Тўлқинлар ичра
Ғарқ бўлиб кетиб,
Азиз бошинг устида
Термулмакдаман,
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Нега чўчиб тушдинг,
Мурғак хаёлингга
Нималар келди?
Балки Одесс даҳшати,
Керчь фожиаси,
Ёввойи махлуқлар,
Қонхўр ваҳшийлар…
Маммаси кесилган
Шўрлик онангнинг
Пажмурда гавдаси
Кўзинг ўнгида
Бутун даҳшати-ла
Акс этар энди.

Онанг хўрландими,
Отанг ўлдими,
Сен етим қолдингми,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти,
Миннатинг бошимга дурра.

Ота-онасининг
Тайини ҳам йуқ,
Сут кўр қилгур, ҳароми
Гитлер оқпадар
Фарзанднинг қадрини
Қаердан билсин?
Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигар ранг бир мундир
Истаги учун,
Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари,
Наҳотки одамлар
Кезар дарбадар?!

Ахир, жуда яқин
Қонли интиқом,
Алҳазар, алҳазар,
Кўпирар томирларда қон,
Ва портлар ҳадемай
Бу ўтли вулқон.

Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Сен кулаётибсан,
Балки бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
биринчи чечак.
Лаъли лабингдаги
Ғунча табассум
Албат толеингга
Муҳр бўлади
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак.
Тонг яқин, тонг яқин,
оппоқ тонг яқин.
Бир нафас ором ол,
Ухла, жигарим.

Оқ ойдин тонг олди,
Ухламоқдасен.
Лабларинг шивирлар,
Изламокдалар
Балки бир эркалаш,
Бир она бўса,
Улуғ оиланинг
гўдак фарзанди,
билиб қўй энди:
Сен тезда улғайиб,
Олам кезасан.
Манглайда порлаган
Толеинг — қуёш,
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Хақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.
Сен етим эмассан,
Менинг Жигарим!

1942

07МИРТЕМИР

ҚОРА КЎЗЛИ

Қора кўзли ва гул дийдор,
Баҳор чоғи мени ёд эт!
Хиёбонда кезар бўлсанг,
Наҳор чоғи мени ёд эт!

Қора кўзли, сўлим дилдор,
Сенга айтай сирим ошкор,
Агар кечса кечанг бедор,
Саҳар чоғи мени ёд эт!

Қора кўзли, вафоли ёр,
Ажаб хилват, чаманзор бор,
Кўзинг тушса — этар хумор,
Хумор чоғи мени ёд эт!

Қора кўзли ва гул дийдор,
Бўлай жангда шижоаткор,
Агар ўлсам, сўрай такрор:
Баҳор чоғи мени ёд эт!

ТЎЙЧИ ЭРЙИГИТ ЎҒЛИ

Ўқ ёғади дўл янглиғ,
Айлана — қон кўл янглиғ.

Тўйчи дер: «Ўтирмайин
Анқов янглиғ, гўл янглиғ..»
Тўйчи — асл эр йигит,
Шер боласи — шер йигит.
Ўзбек тантилигини
Бир кўрсатай — дер йигит.
Тўйчи қай ботирдан кам!
Ўқдай учарди ҳар дам…
Бутун ғайрату қаҳри
Шу дам бўлди жамъулжам.

Бир дам — оламлар қадар;
Олам-олам зар қадар,
Мардга қимматроқ не бор
Жанг чоғи зафар қадар!
Бир дам — бамисли рўё…
Саф тортиб ўтди дунё,
Эсига тушди қишлоқ,
Соз дала, яшил дарё…
Эсга тушди шу замон:
Онаизор, ёри жон;
Барқ урди хаёлида
Севгили Ўзбекистон;

Жилвагар қорли тоғлар,
Узумзор, яшил боғлар,
Шўх гурунглар, жўралар,
Ёронлар, олтин чоғлар…
Ва чопди чақин каби,
Сел каби, оқин каби.
Ташланди ўт комига
Ўт каби, ёлқин каби…
Босиб тушди ўтни ўт,
Ёвда шу дам учди қут.
Тўсди дўзах офатин
Мисли ўқ ўтмас совут…

Қурбон бўлди паҳлавон,
Тепа бағри лола қон.
Лек, қолди ёв бемурод,
Ўт сочолмай саргардон.
Югурди пиёдалар.
Ҳужумкор шерзодалар.
Бир дамда бўлди ғаним
Абжақ ва афтодалар…

Бўлди танти фидойи
Юртимнинг эркатойи…
Халос этилди, аммо,
Ватаннинг парча жойи!
Балли, эр! Ғолиб ўлдинг,
Ўт аро қолиб ўлдинг,
Ёвга солиб офатлар,
Учингни олиб ўлдинг…
Тун кечар — келар кундуз,
Мард — бир ўлар, номард —юз…
Номинг эрлик авжида
Порлагай мисли юлдуз!

* Тўйчи Эрйигит ўғли — ўз тани билан душман амбразурасини беркитган уруш қаҳрамонлардан бири.

11Эркин Воҳидов
ЁД ЭТИНГ
Қурбон бўлган аскар нидоси

Мен қаро тупрокда ётган ўғлингизман, ёд этинг,
Интизор руҳим тиловат бирла йўқлаб шод этинг.

Қолмишам олисда беқабру кафан, беном- нишон,
Хотиримга кўнглингизда бир макон бунёд эдинг.

Ҳар баҳор қутлуғ зафар айёмида сайр этсангиз,
Лолаларга термулинг, покиза қоним ёд эдинг.

Мен ҳаётда бир фарах кўрмай ҳаётдан ажрадим,
Бахтингиз қадрин билинг, андуҳингиз барбод этинг.

Жангга кирдим, жон фидо этдим ватан тупроғи деб,
Меҳри жонимда тирикдур, сиз уни обод этинг.

Мен олис элларда қолган ўғлингизман, ёд этинг,
Интизор руҳим тиловат бирла йўқлаб шод этинг.

1995

22Абдулла Орипов
АЁЛ

Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

Севгидан етиму умрдан ярим,
Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.
Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
Абадий висол деб билди келинчак.

Қақраган лабларда оловли нафас,
Кечалар кечмишин айлади кўмир.
Паришон сочлари ёр кўкси эмас,
Муздайин болишда қолди бир умр.

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,
Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.
Эй номард табиат, борми сенда ҳис,
Қайтадан бахт берсанг бўлмасми унга?!

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,
Бунчалар буюксан вафо шеваси.
Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,
Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,
Надомат комида қолганлар, айтинг.
Ўзини минг битта бозордан олиб,
Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,
Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,
Сўйланг-чи, вафонинг надир қиммати,
Сиз ҳам кутганмисиз бирор сония?!

Баъзида тирноқлар безаги учун
Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.
Бироқ ёрингизни кутгали нечун
Топилмас тирноқча сабру қаноат.

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,
Буюк зот қошида айлангиз салом.
Шу содиқ бевага саждалар қилинг,
Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,
Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

1965

© 2018 Xurshid Davron kutubxonasi. Hamma huquqlar himoyalangan.

bfe30f4b80188ab0f6280fdb5f95cf09.jpg  Fashizm ustidan qozonilgan buyuk G’alabaning 70 yilligi nishonlanayotgan kunlarda xalqimiz qalbida kelajakka umid va ishonch uyg’otgan, urush maydonlarida qon kechib, jon berib jang qilgan azamat o’zbek yigitlarini jasoratini kuylagan shoirlarning unutilmas satrlarini eslash ham qarz, ham farzdir. Bu satrlarni o’qiyotganda jang maydonlarida qolib ketgan o’zbek yigitlarini  xotirlab duolar tilovat qilaylik. Men ham 22 yoshida urushda bedarak ketgan tog’am, Samarqand universitetining talabasi Nuriddin Vafoxo’ja o’g’li xotirasi  oldida bosh egaman, shahid ketgan tog’amga duolar bag’ishlayman!

UNUTILMAS SATRLAR
08

OYBEK

QORAXAT

Bexosdan uzilgan shoda dur kabi,
To’kildi umidning rangli barglari.
Osildi bir onda qo’llar madorsiz,
Yer qochdi, qoraydi quyosh zarlari…

YIG’I KELMAYDI SIRA

Yig’i kelmaydi sira,
G’azabdan qaqragan ko’z.
Bu yo’llarning yaxidan
Labimda qotipti so’z.

Qoshlar, kipriklar qirov,
Yuraman hushsiz, hayron.
Qornim och, esga kelmas
Xaltamdagi g’ishtdek non.

Kuygan uylarda uvlar
Qish quyuni betinim.
Tanho kezaman. Yig’lar
Yuragimda Vatanim.

HAMID  OLIMJON

QO’LINGGA QUROL OL!

Hayot qaynab tong tumanida,
Ko’z ilg’amas el o’rmonida,
Zo’r o’lkaning qaynoq qonida
Hukm surar safarbar bir hol:
Qo’lingga qurol ol!

Ko’rsin desang jahonni ko’zim,
O’ssin desang bog’imda uzum,
Umid bilan o’stirgan qizim
Desang agar bo’lmasin uvol:
Qo’lingga qurol ol!

Bo’lsin desang dunyo senga keng,
Qolsin desang qo’lingda erking,
Bo’lay desang sen odamga teng,
Bo’lmay desang yovlarga hammol:
Qo’lingga qurol ol!

Olay desang fashistdan qasos,
Qo’lingga ol qilich va olmos,
Yag’riningga vintovkani os!
Qolmay desang aytishganda lol:
Qo’lingga qurol ol!

Yursa agar tomirda qoning,
Aziz bo’lsa bir parcha noning,
Kerak bo’lsa nomus, vijdoning,
Bo’lsang yigit, bo’lsang hamki chol:
Qo’lingga qurol ol!

Jon yurtingga bosib kelgan yov,
Tog’laringda qilolmasdan ov,
Sen quvganda piyoda, yayov
Qochsin desang go’yo qoramol:
Qo’lingga kurol ol!

1941

G’ALABA QO’SHIG’I

Fashizm — odamzod uchun qora dog’ keldi,
Quyosh nuriga karshi chang bilan tuprog’ keldi.
O’laksa ustidagi quzg’un bilan zog’ keldi;
Yolg’iz mening Vatanim baxt o’stirar bog’ keldi.

Kunduzni tun deb o’ylab sarhadga keldi o’g’ri,
Ko’rshalapak oxiri otashga keldi to’g’ri.
Tushar doim esimga — o’zbek maqolidir bu:
Kim avval musht ko’tarsa, albatta, qo’rqoq keldi.

Gitlerning ichda qilgan qarg’ishini bilardik,
Yer tagida ilonning izg’ishini bilardik;
G’ofil deb o’ylamasin, har ishini bilardik,
O’rmonda bo’ri bilan sher olishar chog’ keldi.

Dushmanning tepasida yozib po’lat qulochin,
Kalxat bilan olishgay osmonda zo’r lochin.
Tarixning hukmidir bu: biznikidir zafar chin,
Quturgan selga qarshi osmon bo’yi tog’ keldi.

Hozir bo’lsin fashizm yer tagida chirishga,
Mana biz ko’kka uchdik, tepasida qirishga,
Odamzod gunohimiz, qoyil qolsin bu ishga,
Dushmanlarni yer bilan yakson qilar chog’ keldi.

1941

* * *

Yigirma ikkinchi iyun` sahari
Chiqmas kishilikning aslo yodidan.
Qochib qutulolmas hech fashist hali
Ma’sum go’daklarning achchiq dodidan.

1942

SEVGI

Bir tutam gul tutib boqding ko’zimga,
Dedingki: «Esdalik bo’lsin, buni ol…»
O’zimni yo’qotdim, ne deding menga?
Tutganing gulmidi va yokim xayol?

«Butun yoshligimiz jangdadir bukun,
Jangda yechilmoqda sevgi qismati.
Jangdadir yigitlar, jangdadir qizlar,
Havoda uchadi mahbublar xati.

Agarda qaytmasam shu mendan yodgor»,—
Deding-da, ko’rindi ko’zlaringda nam.
«Agar sevar bo’lsang, unutma zinhor…»,
Uzun kipriklaring ustida shabnam.

Menga ne kerakdir bu yolg’iz qolish?
Sensiz ololmasman aslo men nafas.
O’limdan og’irdir sendan ajralish,
Torgina qalbimga keng dunyo qafas.

Orqangdan qolmasdan jo’nadim jangga,
Qo’zi ketgan kabi qo’yning izidan,
Go’yo quyosh oyni kuzatganiday,
O’t bo’lib orqangdan kezmakdaman man.

Sen otash ichida urasan javlon,
Dushman qolmasin deb sevgan elimda,
Men ham qasos olib to’kmakdaman qon.
Elim va yorimning nomi dilimda.

Men yovni qiraman jangda beomon,
Seni axtaraman bir nafas tinmay,
Bir qo’lda qilichim, bir qo’lda qurol,
Sevguvchi qalbimda nola qilar nay.

Senga yuborganim otashin bo’sa
Yengil shabbodadek uchar havoda,
Jang bo’lgan joylarda labingni izlar
Va ba’zan darbadar kezar samoda.

Balki uchrashmasmiz biz endi mangu,
Bo’samiz ham qolar balki sargardon,
Lekin sevishganlar qaytmas o’limdan,
Lekin mangu qolar ikki tomchi qon.

Dunyoda albatta bir o’lmoq bor-ku!
Hech ajab emasdir o’lsak jang aro,
Yov bilan kurashda oqsa qonimiz,
Bo’lmay el oldida yuzimiz qaro.

O’limdan qo’rqmagan erlar qonidan
Juda tabarrukdir qizarsa tuproq.
O’sha qon do’stlarning yoritib yuzin,
Zafar yo’llarini qilsa oydinroq.

Jismimiz yo’qolur, o’chmas nomimiz,
G’alaba to’yida bo’larmiz biz ham;
Aziz do’stlar bilan uchrashib xandon,
Qadrdon ellarga qo’yarmiz qadam.

Go’zal Ukraina dalalarida
Yana avvalgiday tabiat gullar,
Buyuk Rossiyaning o’rmonlarida
Bizlarni yod etib sayrar bulbullar.

Bug’doy boshog’iday ko’kka intilib
Men shunda tuproqdan ko’tararman bosh.
Sening qonlaringdan o’sar qizil gul,
Yoqutga aylanar soylardagi tosh.

Dunyoni yoritar bizning sevgimiz,
Ikkimiz hech qachon o’lmasmiz aslo.
Yoru do’stlarimiz, sevgan elimiz,
Bizdan rizo bo’lib topar tasallo.

1942

G’AFUR G’ULOM

SOG’INISH

Zo’r karvon yo’lida yetim bo’tadek,
Intizor ko’zlarda halqa-halqa yosh.
Eng kichik zarradan Yupitergacha
O’zing murabbiysan, xabar ber, Quyosh!

Uzilgan bir kiprik abad yo’qolmas,
Shunchalar mustahkam xonai xurshid.
Bugun sabza bo’ldi qishdagi nafas,
Hozir qonda kezar ertagi umid.

Xoki anjir tugab, qovun g’arq pishgan
Baxtli tong otar chog’ uni kuzatdim,
Bir mal’un gulshanga qadam qo’ymishkan,
Joni bir jondoshlar qolarmidi jim!

Unda yetuk edi meros mard g’urur,
Ostonani o’pib, qasamyod qildi.
Ukalarin erkalab, o’zimday mag’rur,
Ya’ni obod uyimni u dilshod qildi…

Iblisning g’arazi bo’lgan bu urush
Albatta, yetadi o’zin boshiga.
O’g’lim omon kelar, g’olib, muzaffar,
Gard ham qo’ndirmasdan qora qoshiga.

Ne qilsa otamen, meros hissiyot…
Jondan sog’inishga uning haqqi bor,
Kutaman, uzoqdan ko’rinsa bir ot,
Kelayapti, deyman ko’rinsa g’ubor.

Bahor novdasida bo’rtgan har kurtak
Sog’ingan ko’ngilga berar tasalli.
Ko’chatlar qomatin eslatganidek,
Nafasin ufurar tong otar yeli.

Kechqurun osh suzsak bir nasiba kam,
Qo’msayman birovni — allakimimni,
Doimo umidim bardam bo’lsa ham,
Ba’zan vasvasalar bosar dilimni.

Balki bir g’alat o’q yo xavfu xatar
Xazinai umrimdan yo’qotdi olmos…
Yo’q, u o’lmas, qadami olam yaratar,
Hayotiy bu olam sizu bizga xos.

Tong otar chogida juda sog’inib,
Bedil o’qir edim, chikdi oftob.
Loyqa xayolotlar chashmaday tindi,
Pok-pokiza yurak bir qatra simob.

O’rog’u gulqaychi, istak ko’tarib,
Hovrimni bosishga boqqa jo’nadim.
Hasharchi qo’shni qiz — uning sevgani,
Ma’yus bosar edi orqamdan odim.

Bog’da sarvinozim yo’q edi garchand,
Ko’makchim arg’uvon yoring Nafisa,
Seni sog’inganda qildim gul payvand —
Bu bahordan hayot olardi bo’sa.

Dur bo’lib taqilur yoring bo’yniga,
Sadafday ko’zimda, behuda bu yosh.
Ikkoving ikki yosh, labing labiga
Qo’yar, vasvasamdan kuladi quyosh.

Asaldan ajragan mumday sarg’ayib,
Ini yo’q aridek to’zg’iganim yo’q.
Ulug’ e’tiqodda o’laman qarib,
Abaddir mendagi padariy huquq.

Sizlarni keldi, deb eshitgan kuni —
O’zing to’qib ketgan katta savatda
To’latib shaftoli uzib chiqaman,
G’alaba kunlari yaqin, albatta.

Yayov, ko’ksim ochiq, boshda shaftolu,
Xuddi mo’ylabingdek mayin tuki bor,
Har bitta shaftolu misoli kulgu,
Shafaqday nim pushti, sarin, beg’ubor.

Suyganing labida reza ter kabi
Unda titrab turar sabuhiy shabnam.
Munchalik mazani topa olmaydi
Uyquda tamshangan chaqaloqlar ham.

YO o’g’lim, jonginang salomat bo’lsin,
O’z bog’ing, o’z mevang, danagin saqla.
Shu meros bog’ingni o’z qo’lingga ol,
Menga topshirilgan merosiy haq-la.

Bog’da tovus kabi xiromon bo’lib,
Umid danagini birga ekingiz,
G’olib kelajakni sayr qilaylik
Mushfiq onaginang bilan ikkimiz.

SEN YETIM EMASSAN

(Ulug’ Vatan urushining ota-onasiz qolgan go’daklarga)

Sen yetim emassan,
Tinchlan, jigarim.
Quyoshday mehribon
Vataning-onang,
Zaminday vazminu
Mehnatkash, mushfiq
Istagan narsangni tayerlaguvchi
Xalq bor- otang bor.
Cho’chima, jigarim,
O’z uyingdasan,
Bu yerda
Na g’urbat, na ofat, na g’am.
Bunda bor: harorat, muhabbat, shafqat
Va mehnat nonini ko’ramiz baham,
Sen yetim emassan,
Uxla, jigarim.

Bu yerda muzlagan
Ajdar halqumli
Vahshat to’plarining
Qahqahasi yo’q.
Bu yerda — odamzod
shaklida yurgan
manfur, yukumli, maraz namoyishi
topolmas huquq.

Ulug’ jang kunidir,
Jangki, beomon,
Lashkar degan axir
Bexatar bo’lmas,
Otang o’lgan bo’lsa,
Qayg’urma, qo’zim,
Ko’zim usti
Minnating boshimga durra.
Shu sog’lom havoda
Salomat-omon,
Xo’rsinmay, erkinlab
Ola bera nafas.

Ey, ulug’ naslimning
Yuragi, joni,
Kiprigingga ilinmas
Yig’idan zarra.
Sen yetim emassan,
Uxla, jigarim.

Yetimlik nimadir-
Bizlardan so’ra,
O’ninchi yillarning
Sargardonligi
Isitma aralash
Qo’rqinch tush kabi
Xayol ko’zgusidan
Uchmaydi sira.

Men yetim o’tganman,
Oh, u yetimlik…
Voy, bechora jonim,
Desam arziydi.
Boshimni silashga
Bir mehribon qo’l,
Bir og’iz shirin so’z
Nondek arzanda.
Men odam edim-ku,
Inson farzandi…
Sen yetim emassan,
Uxla jigarim.

Ko’zimga o’yquning
Mudroq ovchisi
To’rin solmasdan, —
(Birinchi gudokka
Ikki soat bor)-
Otalik hissining
Bebaho, laziz
To’lqinlar ichra
G’arq bo’lib ketib,
Aziz boshing ustida
Termulmakdaman,
Sen yetim emassan,
Uxla, jigarim.

Nega cho’chib tushding,
Murg’ak xayolingga
Nimalar keldi?
Balki Odess dahshati,
Kerch` fojiasi,
Yovvoyi maxluqlar,
Qonxo’r vahshiylar…
Mammasi kesilgan
Sho’rlik onangning
Pajmurda gavdasi
Ko’zing o’ngida
Butun dahshati-la
Aks etar endi.

Onang xo’rlandimi,
Otang o’ldimi,
Sen yetim qoldingmi,
Qayg’urma, qo’zim,
Ko’zim usti,
Minnating boshimga durra.

Ota-onasining
Tayini ham yuq,
Sut ko’r qilgur, haromi
Gitler oqpadar
Farzandning qadrini
Qaerdan bilsin?
Bir qo’ng’iz mo’ylovli,
Baroq soch mal’un,
Jigar rang bir mundir
Istagi uchun,
Nahotki yerimiz
Chappa aylanib,
Nahotki daryolar
Oqar teskari,
Nahotki odamlar
Kezar darbadar?!

Axir, juda yaqin
Qonli intiqom,
Alhazar, alhazar,
Ko’pirar tomirlarda qon,
Va portlar hademay
Bu o’tli vulqon.

Sen yetim emassan,
Uxla, jigarim.
Sen kulayotibsan,
Balki bu kulgi
So’nggi oylar ichra
birinchi chechak.
La’li labingdagi
G’uncha tabassum
Albat toleingga
Muhr bo’ladi
Va bunda aks etar
Porloq kelajak.
Tong yaqin, tong yaqin,
oppoq tong yaqin.
Bir nafas orom ol,
Uxla, jigarim.

Oq oydin tong oldi,
Uxlamoqdasen.
Lablaring shivirlar,
Izlamokdalar
Balki bir erkalash,
Bir ona bo’sa,
Ulug’ oilaning
go’dak farzandi,
bilib qo’y endi:
Sen tezda ulg’ayib,
Olam kezasan.
Manglayda porlagan
Toleing — quyosh,
Butun yer yuzini
Qilur munavvar.
Xaqorat yemrilur,
Zulm yanchilur,
Jahonda bo’lurmiz
Ozod, muzaffar.
Sen yetim emassan,
Mening Jigarim!

1942

MIRTEMIR

QORA KO’ZLI

Qora ko’zli va gul diydor,
Bahor chog’i meni yod et!
Xiyobonda kezar bo’lsang,
Nahor chog’i meni yod et!

Qora ko’zli, so’lim dildor,
Senga aytay sirim oshkor,
Agar kechsa kechang bedor,
Sahar chog’i meni yod et!

Qora ko’zli, vafoli yor,
Ajab xilvat, chamanzor bor,
Ko’zing tushsa — etar xumor,
Xumor chog’i meni yod et!

Qora ko’zli va gul diydor,
Bo’lay jangda shijoatkor,
Agar o’lsam, so’ray takror:
Bahor chog’i meni yod et!

TO’YCHI ERYIGIT O’G’LI

O’q yog’adi do’l yanglig’,
Aylana — qon ko’l yanglig’.

To’ychi der: «O’tirmayin
Anqov yanglig’, go’l yanglig’..»
To’ychi — asl er yigit,
Sher bolasi — sher yigit.
O’zbek tantiligini
Bir ko’rsatay — der yigit.
To’ychi qay botirdan kam!
O’qday uchardi har dam…
Butun g’ayratu qahri
Shu dam bo’ldi jam’uljam.

Bir dam — olamlar qadar;
Olam-olam zar qadar,
Mardga qimmatroq ne bor
Jang chog’i zafar qadar!
Bir dam — bamisli ro’yo…
Saf tortib o’tdi dunyo,
Esiga tushdi qishloq,
Soz dala, yashil daryo…
Esga tushdi shu zamon:
Onaizor, yori jon;
Barq urdi xayolida
Sevgili O’zbekiston;

Jilvagar qorli tog’lar,
Uzumzor, yashil bog’lar,
Sho’x gurunglar, jo’ralar,
Yoronlar, oltin chog’lar…
Va chopdi chaqin kabi,
Sel kabi, oqin kabi.
Tashlandi o’t komiga
O’t kabi, yolqin kabi…
Bosib tushdi o’tni o’t,
Yovda shu dam uchdi qut.
To’sdi do’zax ofatin
Misli o’q o’tmas sovut…

Qurbon bo’ldi pahlavon,
Tepa bag’ri lola qon.
Lek, qoldi yov bemurod,
O’t socholmay sargardon.
Yugurdi piyodalar.
Hujumkor sherzodalar.
Bir damda bo’ldi g’anim
Abjaq va aftodalar…

Bo’ldi tanti fidoyi
Yurtimning erkatoyi…
Xalos etildi, ammo,
Vatanning parcha joyi!
Balli, er! G’olib o’lding,
O’t aro qolib o’lding,
Yovga solib ofatlar,
Uchingni olib o’lding…
Tun kechar — kelar kunduz,
Mard — bir o’lar, nomard —yuz…
Noming erlik avjida
Porlagay misli yulduz!

* To’ychi Eryigit o’g’li — o’z tani bilan dushman ambrazurasini berkitgan urush qahramonlardan biri.

11Erkin Vohidov
YOD ETING
Qurbon bo‘lgan askar nidosi

Men qaro tuprokda yotgan o‘g‘lingizman, yod eting,
Intizor ruhim tilovat birla yo‘qlab shod eting.

Qolmisham olisda beqabru kafan, benom- nishon,
Xotirimga ko‘nglingizda bir makon bunyod eding.

Har bahor qutlug‘ zafar ayyomida sayr etsangiz,
Lolalarga termuling, pokiza qonim yod eding.

Men hayotda bir farax ko‘rmay hayotdan ajradim,
Baxtingiz qadrin biling, anduhingiz barbod eting.

Jangga kirdim, jon fido etdim vatan tuprog‘i deb,
Mehri jonimda tirikdur, siz uni obod eting.

Men olis ellarda qolgan o‘g‘lingizman, yod eting,
Intizor ruhim tilovat birla yo‘qlab shod eting.

1995

22Abdulla Oripov
AYOL

Yigitlar maktubin bitganda qondan,
Kelinlar firoqdan chekkanda yohu,
Uning ham panohi qaytmadi jangdan,
O‘n to‘qqiz yoshida beva qoldi u.

Sevgidan yetimu umrdan yarim,
Qurigan ko‘ksida yolg‘iz belanchak.
Abadiy firoqni, hayhot, do‘stlarim,
Abadiy visol deb bildi kelinchak.

Qaqragan lablarda olovli nafas,
Kechalar kechmishin ayladi ko‘mir.
Parishon sochlari yor ko‘ksi emas,
Muzdayin bolishda qoldi bir umr.

Yillar ham o‘tdilar, hamon u yolg‘iz,
Mung‘ayib termular botguvchi kunga.
Ey nomard tabiat, bormi senda his,
Qaytadan baxt bersang bo‘lmasmi unga?!

Nahot ishq qismati buncha berahm,
Bunchalar buyuksan vafo shevasi.
Sengadir hurmatim, senga sharafim,
Qahramon jangchining sodiq bevasi.

Siz-chi ey, sadoqat satridan nolib,
Nadomat komida qolganlar, ayting.
O‘zini ming bitta bozordan olib,
Ming bitta bozorga solganlar, ayting.

Shu cho‘lpon ko‘zlarning buyuk hurmati,
Shu aqiq lablarning rost so‘zi deya,
So‘ylang-chi, vafoning nadir qimmati,
Siz ham kutganmisiz biror soniya?!

Ba’zida tirnoqlar bezagi uchun
Sahardan shomgacha qilursiz toqat.
Biroq yoringizni kutgali nechun
Topilmas tirnoqcha sabru qanoat.

Nazokat paytimas, yaqinroq keling,
Buyuk zot qoshida aylangiz salom.
Shu sodiq bevaga sajdalar qiling,
Shu sodiq bevaga aylang ehtirom.

Hatto zeb-ziynatni yulqib ziyoda,
Haykal ham qo‘yingiz bamisli xayol.
Shundaylar bo‘lmasa agar dunyoda,
Bu qadar muhtaram bo‘lmasdi ayol.

1965

07

(Tashriflar: umumiy 24 112, bugungi 1)

11 izoh

  1. Дунеда хотирадек буюк нарса йук бугун шу шеърларга жуда катта эхтиеж сездим ва сизга шу азиз туйгу учун ташаккур халкни буюк килувчи бетакрор килувчи юракларни ларзага келтирувчи шундай мисралар езишга кодир буюк шоирларимизни хакларига хам минг чандон дуолар килайлик

  2. Тасодифан шу сахифага тушиб колдим. Калбга якин сатрларга кузим тушиб чикиб кетолмай укиб утирдим. Негади кузим ёшланди. «Карияпман шекилли» деб хам уйладим (хозир ёшим 47 да). Хозир хаётимиз шошилинч ишлар билан банд. Шундай дамлар кераклигига эхтиёжим борлигини хис килдим. Шунинг учун сизга ташаккур…

  3. Шунча шеърга рахмат. Узим излаган шеърни хам топдим.Шеър жуда зур ёзилган. Kh-davron.uz tashakkur!!…..

  4. Манга жудахам ёкти бу шерлар шундай шоирларимиз булганидан фахрланаман чунки фахрлашна арзийдиган шоирларимиз бор

  5. Бу мисралар — абадий!Кўнгил торларини чертиб рухни танадан чиқараётканга ўхшайди ташаккур!

  6. Juda ajoyib she’rlar to’planibdi. Buyuk shoirlarimizni xotirladik. Bu sherlar yordamida urushning aziyatla bizni hammamizni shukr qilishga o’rgatadi.

  7. Garchi bu she’rlarni o’quvchilik yullarimda o’qigan bo’lsam-da hozirgidek ta’sir etmagandi. O’qiyapman-u ko’zimdan yosh to’xtamayapti. Buyuk iste’dod egalari bo’lgan shoirlarimizga nisbatan yana bir karra hurmatim oshdi. Chunki bu tanlangan sherlar insonni hayotning bebaho ne’mat ekanligini anglashga, yashayotgan baxtli damlari uchun ollohga shukronalar keltirishiga amin bo’ldim. Olloh bu shoirlarimizni oxiratlarini obod etsin.

Izoh qoldiring