Бугун шоир ва адабиётшунос олим Бобомурод Эрали 50 ёшга тўлди. Қутлаймиз!
Шеър туйғу ва дард ҳосиласидир, деган гап бор. Асл ва тоза шеърни ўқиганда унда ўз туйғуларингиз, армонларингиз, севинчларингиз аксу садосини кўрасиз, олис-олисда қолган хотираларнинг изтиробли ва азиз суратлари кўз ўнгизгизда қалқийди (Хуршид Давроннинг Бобомурод Эралининг «Тунги сайр» тўпламига ёзган сўзбошисидан. Уни мана бу саҳифада ўқинг).
Бобомурод Эрали
ШЕЪРЛАР
«Сукунат сибизғаси» китобидан
Бобомурод Эрали 1965 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги Шерози қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Давлат Университетининг (ҳохирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида илмий изланишлар олиб борди. Ҳозир Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида фаолият юритади.
ҲАМАЛ ВАСФИ
Оқ булут сузиб юрар. Яшил қабо кияр боғ,
Ой чиққанда дарахтлар ширин хаёлга чўмар.
Ўтлар узра чопқиллаб баҳорнинг эркатойи
Далалар-у боғларни ажиб ифорга кўмар.
Муҳаббатга йўл очар қордан бўшаган сўқмоқ.
Тоғларнинг шовқинини олиб келган селларни,
Дилда меҳмон айлагин, завқи-ю шаштини ол.
Бойчечак, чучмомалар томошага чиққанда
Майли, сен ҳам уларнинг даврасида бирга қол!
Йигит қалбида олов, қиз дилида бир титроқ.
Қир-адирлар товланар оймоманинг бағрида,
Қани, сен ҳам чиқсанг-чи, сайр қил хаёл суриб.
Хушхабар етказай деб учиб кетган чопардек
Шамол ҳам ўтиб кетар арғумоғин елдириб.
Оймомани олиб бер оймомаси йўқ қизга.
Руҳингни яйратади очилган гул-лолалар,
Осмон ерга туширмас қалдироқлар тошини.
Севган қизини қўмсаб хат жўнатар болалар,
Қизлар ўқиб кўрганда чимирса ҳам қошини.
Бир энтикиб оласан кўнгил бериб ялпизга.
Майли, шамол бўлиб сен айланиб юр кенгликда,
Боғларнинг хуш атрини, ифорини олиб уч.
Ўмбалоқ ошиб ўйна, адирларда ёнбошла,
Бинафшани топганда синглингдек эркалаб қуч!
Сени маст айламасму қизғалдоқ тутган қадаҳ?
Қара, борлиқ соғинган аллақачон баҳорни,
Сўқмоқ йўлга кўз тикар ошиғини кутгандек.
Қувонганин билсайдинг жилғалар-у анҳорни,
Ғаройиб нималардир содир бўлиб ўтгандек.
Болалар камалакни кўриб дейишар ваҳ-ваҳ.
Қалдирғочлар вижирлаб баҳордан берар дарак,
Ёмғир севалаб ўтар майингина ва намхуш.
Шошқалоқ кўклам ҳиди ҳовлига оқиб кирар,
Қандай ажойиб бўлар кечалари кўрсанг туш.
Бирпасда билдирмасдан гуллаб кетар ҳаммаёқ.
Чумолилар чувоқда йўл олар қатор-қатор,
Шундай пайт нимани ҳам ташийдилар инига.
Бешиктерватар тунда бешигини бўш кўриб,
Совчиларни кутади ёлғонимас, чинига.
Неча кунки, булбул ҳам гул билан апоқ-чапоқ.
Яйловларда уюрлар кишнайди ойдинликда,
Бир-бирини қувалаб, ўйноқлайди ўтламай.
Тун пардаси қайрилар. Ёришиб борар осмон,
Бундайин саҳарларни биров кўрганми ҳай-ҳай.
Сирлашиб, қаҳқаҳ урар читтигулга читтигул.
Жонзотлар қишдан чиқиб олганига қувониб,
Майсаларга суйканар, кўм-кўк осмонга қарар.
Чумчуқлар учиб-қўниб, қулоқни ер шомгача,
Анҳор бўйида ўйчан толлар сочини тарар.
Боғни айланиб юрар паризод минган дулдул.
Жимлик
1
Ойдинлик. Уфқдан кўтарилган ой,
Ғаройиб ҳол ичра борлиқ, мавжудот.
Юлдузлар қўнади ўт-ўланларга,
Турфа капалаклар чиқарар қанот.
Дарахтзор соясин тўшайди ерга,
Йўлга чиқаётган ҳашаротлар жим.
Тунда жонзотларни ҳайратлантириб,
Сувлоққа нур ёғар, нур ёғар сим-сим.
Учмоққа шайланган руҳ кўтарилмас,
Сукунат залвори эзар, парчалар.
Шамол олиб келар ялпизлар ҳидин,
Тунга қараб очиқ турар дарчалар.
Сукунатнинг чалган сибизғасида
На куй бор, на оҳанг, на бирон садо.
Шу боғнинг қўйнида куз келинчаги
Оҳиста одимлар мисли шаббода.
2
Хаёл ипларини чувалтирар ел,
Лоқайд ва бепарво мудрайди боғлар.
Ҳатто чирилдоқлар зерикканидан
Ўзларин бу кеча парвозга чоғлар.
Шамол пуфлар ҳадеб ёнарқуртларни,
Жидду жаҳд кўрсатар, барибир ёнмас.
Қулоқ тут, тун аро жаранглаб ётар, –
Руҳим сенга чинни пиёла эмас!
Дошқозон осилган. Ой нури тўла,
Қара, бу оламга тошиб чиқар сут.
Гўё йўқотгандай хотирасини,
Кўкка анграяди бужур-бужур тут.
Қилт этмас чор-атроф. Шитирламас боғ,
Дарахтлар сўппайган. Ҳеч ким кўринмас.
Туннинг пардасини тортқилар шамол,
Ҳориб-чарчагани асло билинмас.
3
Ойнинг ёғдусига кўмилмиш дунё,
Япроқлар қайиқдек сузар узоққа.
Муаллақ бўшлиқда тош қотган ҳаво,–
Овчидек ўлжасин ҳайдаб тузоққа.
Бу жимлик остида ноиложликдан
Митти ниначилар визиллай олмас.
Нафас ют, ўт-ўлан бағрида ётган
Қурт-у қумурсқалар ҳали қўзғалмас.
Сайҳонлик ортига бурилган сўқмоқ,
Сой ҳам аллақайда шовуллай билмас.
Тунга сингиб борар, эсингдан чиқар,
Ёввойи бутазор ифори келмас.
Сокинлик. Ўзлигин қилмас намойиш,
Борлиқда тентираб юрган жонзотлар.
Ҳар дам сағрисига уриб ёлини,
Хаёлга чўмганча кишнамас отлар.
4
Қанча юлдуз сўнар, йилт этиб учар,
Осуда дунёнинг парвойи фалак.
Яна пайдо бўлиб, асло камаймас,
Яна осмон бўйлаб ёйилар лак-лак.
Оламда ҳукмрон осойишталик,
Гар танга ташласанг кетар жаранглаб.
Юрак тарс ёрилиб кетгудай бу вақт,–
Сен ҳам ўз ҳужрангда жимликка қараб.
Кўланка чўзилар ерни бағирлаб,
Қилт этган овоз йўқ, елни елдирмас.
Тун аро ғимирлар, гоҳида тўхтар,
Дур териб юргандай ўзин билдирмас.
Сомон йўлларидан то тонгга қадар
Пойингга тўкилар юлдузлар чангиб.
Чўлп этган товуш-у акс садо ҳам,
Шу жимлик бағрида йўқолар сингиб.
5
Сувда оқиб борар қанча хотира,
Ғира-шираликда билинмайди йўл.
Қотиб тураверар тонг-саҳаргача
Дарахтлар осмонга узатганча қўл.
Тиканзор ҳўрпаяр қош қорайганда,
Олмазор шовқин-у сурондан бўшар.
Сукунатнинг таранг торига тегиб,
Олмалар тўпиллаб тагига тушар.
Кўнгилдан не кечса, кечар бу маҳал,
Майлига ўй сурсанг, сургин беадоғ.
Хаёлдан кетмайди аллавақтгача
Ухлаган шамол-у сукунат, чорбоғ.
Бундай ойдинликни ким кўрган айтсин,
Дилларни ёрита бошлар, ҳойнаҳой.
Йўқотиб қўйганин излаб топгандек
Яна чангалзорга тушиб кетар ой.
Ҳилол
Боғ устида осилган қилич,
Қўлни чўзсам, қўлим етмайди.
Ярақлар у саҳарга қадар,
Қара, ерга тушиб кетмайди.
Ёғар бошлар юлдузлар чанги,
Идишларни тўлдирмоқ керак.
Боболарнинг найзаси каби
Ерга санчиб қўйилган терак.
Мағлуб бўлган бир тўда аскар,-
Дарахтлар қотиб қолган тик.
Шу осмонда қилич борлигин
Шу пайтгача нега билмадик?
Ҳовуз бўйи. Бақатераклар
Юлдузларни авайлаб терар.
Сув бетига ушоқдай сепиб,
Балиқларга ем қилиб берар.
Совутини йўқотиб қўйган
Олмазорлар кўп олазарак.
Зимистонда қиличга қараб
Сукунатга чўмган теварак.
Тун пардаси ситилиб тушар,
Ногоҳ тегиб кетса чокига.
Қилич десам, қилич эмас у
Ўхшаб қолган эски покига.
Ариқларнинг суви жилдираб,
Юваётир бу кеча руҳни.
Шамол асраб турар, билдирмас
Хўрсиниғу ғаройиб уҳни.
Оқсоқланган отин етаклаб,
Ўтиб борар боғ аро кимдир.
Хўржин тўла хотиралари,
Олиб кетар уни қайгадир.
Боғ устида ярақлар қилич,
Менга шундай туюлган балким.
Потирлайди боғда олмалар,
Шу қилични сермар аллаким.
***
Тобатошда пишириб ойни,
Узиб олсанг саҳар бўлгунча.
Ариқ бўйи. Кулча нон каби
Сувга ташлаб есанг тўйгунча.
Этагидан тутиб шамолни,
Ёш боладек ўйнасанг, кулсанг.
Дил ғуборин ювиб ариқда,
Гуллар билан бирга очилсанг.
Осмон элар, шудринг ёғилар,
Дарахтлар гуллар бемалол.
Лойсупада лойини қориб,
Ухлаб қолар чарчаган кулол.
Ой ипида кашталарини
Тикаётган қизларни кўрдим.
Ногоҳ чўчиб тушмасин дея,
Боғ тарафга йўлимни бурдим.
Дунё ғамга қорилган кулча,
Билиб-билмай ушатмоқдаман.
Шеър ёзганда тотли бўлсин деб
Юрагимни бўшатмоқдаман.
Капалаклар қанот қоққанда,
Тун пардаси қўзғала бошлар.
Фалак, сенга керакми олгин,
Дил тубида уюлган тошлар.
Тошҳовузнинг суви жимирлар,
Осмон бу кеч нимадир ёзмиш.
Сув бетига толлар эгилган,
Ўқий олмай ақлдан озмиш.
Хаёлингни сузиб сузгида,
Ғам-андуҳни, майли қолдирсанг.
Боғ четида сафланиб турган
Теракларни ўйга толдирсанг.
Тобатошда пишириб ойни,
Узиб олсанг саҳар бўлгунча.
Ариқ бўйи. Кулча нон каби
Сувга ташлаб есанг тўйгунча.
Шамол ва мен
1
Тунги далада кезиб,
Кўриб қолдим шамолни.
Не учундир хўрсиниб,
Айланар қора толни.
Қир-адирда ёнбошлаб,
Тебранади янтоқлар.
Шамол кўрмай тиканни,
Янтоқларни қучоқлар.
Ойнинг сунган ёғдусин
Ҳовучимга тўлдирай.
Шамол қайда юрганин
Дарахтларга билдирай.
Ариқ оқар жимгина,
Шамолга қарамайди.
Қайгадир кетаётир,
Биров ҳам сўрамайди.
2
Совуб ётган сайҳонлик
Оша ўтсам боғ сари.
Дарахтлар қатор-қатор,
Бўшаган идишлари.
Юлдузлар тушганини
Ўт-ўланлар билдирмас.
Сават кўтариб юрган
Шамолга ҳам олдирмас.
Юрак туби лолазор,
Келсанг териб берайин.
Боғ ичини сайр этиб,
Сен билан айланайин.
Чирилдоқлар овозин
Кўтариб сайраётир.
Эртагача шамолнинг
Пичоғин қайраётир.
3
Кимдир шу боғ устига
Ойни илиб қўйибди.
Жонзотлар саҳаргача
Ой сутига тўйибди.
Тун чодирин кўтариб,
Бир чеккага қўйсам-чи?
Ҳар бирин ўз рангига
Рассомдек бўясам-чи?
Шамол элагин берса,
Ғамларимни элайин.
Шодлик топсам бир ҳовуч,
Сенга ҳам илинайин.
Боғда юрсам, шивирлар
Бўйи чўзилган терак.
Шовуллаган сой билан
Қўшилиб куйлаш керак.
4
Осмон эшикдек очиқ,
Кириб келган юлдуз, ой.
Мезбондек кутиб олдим,
Юрагимдан бердим жой.
Не учундир меҳмонлар,
Кета олмай қолишди.
Боғнинг йўлига қараб,
Узоқ ўйга толишди.
Ғамни сузиб узатсам,
Қошиғим йўқ, дейишди.
Меҳмон бўлиб нетарди,
На ичиб, на ейишди.
Шамол айланиб, ана
Бутазорда йиғлайди.
Излаганин тополмай,
Ёш боладай ухлайди.
5
Дарахтлар қаддини
Кўтармас маҳзун, хомуш.
Қулоқ тутсам, овоз йўқ,
Қилт этган бирон товуш.
Галдираб юрар шамол,
Тунда ҳеч ким кўринмас.
Қораяди қир-адир,
Аста-секин билинмас.
Юрагимда очилган
Гуллар бўлса, олақол.
Шамол йўлингдан чиқса,
Қутла, унга берақол.
Юлдуз, ой улгурмайди,
Тонг ҳам отиб бормоқда.
Бир таниши шамолни
Олиб кетар сўқмоқда.
Туман сузар эриниб…
1
Туман сузар эриниб,
Келар аста айвонга.
Нечун яна бурилиб,
Кетар чорвоқ томонга?
Осмон босиб келгандек,
Эгилади ўт-ўлан.
Дарахтлар дилдирар,
Усти юпун, бошяланг.
Эшиклар ёпилмоқда,
Оғир хўрсинар қишлоқ.
Қўрқиб йўлга чиқишмас,
Илондай ётар сўқмоқ.
Қайдадир санқиб юрган
Шамол ҳаяллар бу кеч.
Шамолни кута-кута,
Кўзга уйқу келмас ҳеч.
2
Тераклар юра олмас,
Тушиб қолган ковуши.
Гўё малол келгандек
Бу кунларнинг совуши.
Ҳовузга тушиб хазон,
Сузиб юрар елкандек.
Қушлар учиб кетмоқда,
Ниманидир сезгандек.
Хаёллар равон эмас,
Тўлғонади ариқдек.
Бунча маҳзун бўлмаса,
Ғамларга қоришиқдек.
Осмондан ўтиб кетар,
Ҳовузда чўмилмас ой.
Нафасин ютар борлиқ,
Изғирин тортганда ёй.
3
Туман сузар эриниб,
Кўринмайди йўлаклар.
Кимдир боғда ўлтириб,
Бир нимани бўлаклар.
Боғ йўли. Қоронғулик,
Ёмғир билдирмай қуяр.
Кекса рассом матосин
Сарғимтил рангга бўяр.
Дарахтлар хивичи
Ёмғирларда ювилган.
Осмонга ўдағайлар,
Қушлар йўқдир, қувилган.
Ҳеч кимнинг хабари йўқ,
Чорвоқ ичи ҳувиллар.
Шамол ҳуштагин чалиб,
Саҳаргача увиллар.
4
Дала-қир ҳорғин ётар
Сукунат қучоғида.
Хазонлар тутаб ёнмас
Хотира ўчоғида.
Ғамларимни уяман,
Хирмонжойдир юрагим.
Тун қўйнидан излайман
Саҳаргача элагим.
Элакни олиб кимдир
Қайтариб бермагандек.
Дунёда ғам нима-ю
Андуҳ не билмагандек.
Осмон қовоғин очмас,
Чорвоқни тарк этган ой.
Ёмғир ёғмоқчи гўё,
Очиқ қолган хирмонжой.
5
Туман сузар эриниб,
Билолмадим бир сирни.
Хомуш тортиб қайтаман,
Айланиб қир-адирни.
Туман эгаллар боғни,
Оғир уйқуда борлиқ.
Жонзот кетиб қолгандек,
Бу олам қилиб торлик.
Ҳувиллаган кўнглимни
Очиб кўргин, нима бор?
Шундай тураверса у,
Балки ёғиб қолар қор.
Хотирам музлагандек,
Кўтариб юрмоқ оғир.
Туманга уриб ўзин
Шамол эсади ғир-ғир.
Қасидалар
Баҳор қасидаси
1
Тун чоғи шудринг тўлар лолалар қадаҳига,
Уфқнинг бир четида осмон аста ёришар.
Шамолни чизай десам, топа олмай рангини,
Мусаввир бўёғидек хаёлларим қоришар.
Толлар ҳам қаторлашиб турганини кўрдим мен,
Беланчаклар осилиб, ясалгай қанча тобут.
Ё тик туриб мудрайди ухлаётган соқчидек,
Қайда найзаси ётар, билинмас қайда совут?
Ёмғир савалаб қолар, қамчисидан тутсамми,
Гумбирлаб овоз берар олисларда қалдироқ.
Селларга оқизгандек бўтана ўйларингни,
Сен енгил ҳис этасан ўзингни бу пайт бироқ.
Сўқмоқ йўлда турибди лойга ботган арава,
От ҳам ҳориб-чарчаган, юкини торта олмас.
Хотиралар уюлган аравага қатма-қат,
Қанча вақтдан бери олдинга юра олмас.
2
Ҳамал дарак бергандек бир дам қулоқ тутаман,
Болакай варрагингни келтир, ясаб берайин.
Чопқиллаб қир-адирда севинган болалардек
Офтоб чарақлаб турар, мен нега севинмайин?
Гул-чечак рўмолини шамолда ҳилпиратар,
Қидириб бу оламда бошпана ё соябон.
Қизғалдоқ пиёласи синиб ётар қирларда,
Қип-қизил синиқларга тўлган чўлу биёбон.
Капалаклар айланиб гулларга қўнаётир,
Чумолилар саф тортган, нега бунчалик шошар.
Бу дунё камалакдек турфа рангда товланар,
Дарёдек кўпирар-у, мавжланиб тўлиб-тошар.
Чиллик ўйини қани, бу дунё зувиллатар,
Нафасим тиқилгунча маррагача чопайин.
Адир оша, қир оша чиллик учди қайларга,
Зувиллаб учиб кетган чиллигимни топайин.
3
Чўпонлар қўтонида ой қўтонлаб ётади,
Осмоннинг ўтовига кириб олган тоғу тош.
Тун пардасин елпитса юлдузлар жимирлайди,
Бири сўнса, бириси… бу ўтов саҳни талош.
Тунда юриб бир ўзим кашф қиламан ненидир,
Юлдузлар ҳовучимга тўлар мисли марварид.
Билдирмай териб олсам болалардек авайлаб,
Бозорларда юрганда айларми биров харид?
Баҳорнинг ифоридан ёришади руҳият,
Қирга қараб бурайин Бойчибордек отимни.
Алпомиш юрганидек элу юртни оралаб,
Майсаларни суяйин, тутайин қанотимни.
Ҳов ана ёнарқуртлар бутазорда ялтиллар,
Аста-аста юраман қоронғуда шошилмай.
Ёнарқуртга лиқ тўла сайҳонликни қолдириб,
Сўқмоқдан кетаверсам ҳеч қаёққа бурилмай.
4
Ҳув баландда кўкўпар тоғларнинг қори эрир,
Ҳарсангтошда ўлтириб ширин хаёл сурайлик.
Чўпонлар кулбасида хотирага берилиб,
Совуқ қотган маҳалда чиқиб гулхан ёқайлик.
Ариқларнинг сувида оқаётгандек шодлик,
Бўшаган челакларни, юр энди тўлдирайлик.
Шамол-ку этагини кўтариб қизалоқдек,
Пилдираб чопиб кетар, нима бўлди, сўрайлик.
Ой нурида ёришган сўқмоқ йўлга қарайди,
Боғ ичида дарахтлар гўё суратдек қотиб.
Сой бўйида отлар ҳам кенгликларга термилар,
Кишнамай тураверар узоқ хаёлга ботиб.
Баҳор, сен билдирмайсан келиб-кетар чоғингда,
Нега сен индамайсан, чурқ этмайсан бир оғиз.
Осмон қаъридан қанча юлдузлар тошиб чиқар,
Тун аро йўл тополмай учиб-қўнади қўнғиз.
5
Бойчечак бош кўтарган тупроқни кўзга суриб,
Кишнаётган уюрни ҳайдайин кенгликларга.
Баҳорнинг ҳидидан маст дала-даштни кезайлик,
Шамолни топиб олсак чиқиб тепаликларга.
Бунча куюниб ётар бағри доғ лолазорлар,
Доғларин ювиб бўлмас, нима деб овутайин?
Ёмғирлар ёғаётган маҳал аста жимирлаб,
Қамчилаган отимни бирпасга совутайин.
Эндигина гуллаган боғларга юз бураман,
Хаёлимни оқизай ариқларнинг сувига.
Тахтиравон ясайман кошки тушиб келса деб
Бепарво ўтаётган бу фалак сулувига.
Ойдала, ойдин дала, ойдинлик сутдек тошар,
Дарахтлар идишин тўлдирар саҳаргача.
Чирилдоқлар овози бутазорга сиғмайди,
Етиб борган қарагин, анави анҳоргача.
Саратон қасидаси
1
Олмазорда олмалар тун қўйнига тўкилар,
Бунча чиройли бўлар, ой айланиб ўтганда.
Дарахтлар шивири ой ипига ўралар,
Ғаройиб садо келар, қулоғингни тутганда.
Сукунат кўйлагини шитирлатар жонзотлар,
Ой қуяр саҳаргача чинни кўзаларга сут.
Бу кенгликда тизилмиш бўм-бўш кўзалар гўё,
Лиммо-лим бўлсин десанг, майли саҳаргача кут.
Бу оқшом хотиралар тўлаётир анҳордек,
Боғларнинг суратини дилга жо айла бирпас.
Бундай чоғ ким ҳам юрар бекорчидек айланиб,
Теварак-атроф жим-жит, ҳатто барг қимирламас!
Ўт-ўланлар ораси қўзғалиб қолар ногоҳ,
Ним қоронғу, ойдинлик, нималиги билинмас.
Ой сутига тўлганда қатор-қатор кўзалар,
Қанча тикилма бекор, барибир у кўринмас.
2
Кўзаларга қуюлган сутдан ичмоқ бўламан,
Ўт-ўланлар устида чўзилиб, бирпас ётиб.
Бу дунё ғамларини ёддан суриб бу маҳал,
Атрофда дарахтлар чайқалар нурга ботиб.
Ойдинлик оғушида сўқмоқ йўл ялтиллайди,
Бу тун аро тангалар жаранглаб сочилмоқда.
Боғдаги йўлдан яна кимдир шошилиб келар,
Осмон ҳам эртакдаги тилсимдек очилмоқда.
Шамол кўтариб юрар бўшаган саватларни,
Ҳув кўкда пишиб турган юлдузларни териб бер.
Чигирткалар сайрашар бу дунёдан миннатдор,
Мабодо кўрганида кўрмаганлар нима дер?
Шамол саватин ташлаб базмга йўл олар-у
Кетгиси келмай қолар тотганда шаробидан.
Хиргойи айлаб юрар сандироқлаб кўчада
Бошини тебратади чертилган рубобидан.
3
Ёз оқшоми. Саломга эгилган намозшомгул,
Мажнунтоллар бошини кўтармас сув бўйида.
Шафтолизор қадди дол, мункиллаган кампирдек,
Ой нури сепилганда нелар бордир ўйида?
Боғ ичида ёнарқурт сочилган тангалардек,
Болалар терайлик, деб ҳар тарафга чопишар.
Шовқин-сурон кўтариб, қийқириб айланар-у
Дарахтзор оралаб бир-бирини топишар.
Кимдир тубсиз осмонда астагина паналаб,
Ойни илиб хўракка ташлайди қармоғини.
Гўё халақит берар, ўлжасин тута олмас,
Теракзорлар панд берар силкитиб япроғини.
Кимдир аллалагандек мудраётган борлиқни,
Элас-элас қулоққа чалинмиш мунгли қўшиқ.
Кимдир севиб пинҳона, кимдир муҳаббатидан
Юраги ҳаприқади бўлиб қолгандек ошиқ.
4
Кимдир боғда ўлтириб ойга узоқ термулар,
Қанот бўлса-ю учса, асир айлаган афсун.
Осмон саҳифасига битилган нималардир,
Хаёл қалами билан бу кеч узундан- узун.
Сомон йўлига қара, чангиётган юлдузлар
Қайгадир ғойиб бўлар зарраларга айланиб.
Отларнинг туёғидан кўтарилган тўзондек
Бу дунё айвонига тушар яна айланиб.
Азал, абад қайдадир, самовот бўшаб ётар,
Дошқозон тўнкарилган ер юзига қарата.
Томоша қилиб турсанг, тушганини кўрардинг,
Юлдузлар бу қозондан томчилаб аста-аста.
Бу олам адоғини нигоҳинг илғаёлмас,
Қайдан бошланиб асли, қайда интиҳо топар?
Қанча ўйланиб ётсанг, сирини билиб бўлмас:
Хаёлпараст зерикиб улкан китобин ёпар.
5
Саратон терисини ийлайди бобоқуёш,
Тун чоғида юлдузлар уюлиб қолар ундек.
Енгини шимарганча хамир қориб чарчамас,
Боғ ичида дарахтлар жонсарак келинлардек.
Зоғора нон ёпилса, бутун оламга татир,
Тандирни қизитсалар саҳарлаб турганида.
Уфқнинг орқасида отлиқлар келаётир,
Келинлар тўхтаб қолган, ҳовлида юрганида.
Ёз тунини чизмоққа бошқа ташбеҳим йўқдир,
Балки ранг топармидим мусаввир бўлганимда.
Тасалли бермоқчидек милтиллайди юлдузлар,
Кўкка қараб, термулиб, ўйланиб қолганимда.
Нарвон топиб чиқсам-чи кўк тоқига ўрмалаб,
Бу туннинг қучоғига ҳув тепадан қарасам.
Сукунат оғушида нима бор билармидим,
Нарвон устида қараб саҳаргача тушмасам.
Куз қасидаси
1
Боғ аро шитирлашу тун пардаси силкинар,
Қара, оқшом чоғида сирғалиб тушар ерга.
Осмонни чайқалтирса юлдузлар тўпланажак,
Кел дўстим, тонгга қадар ичиб қўяйлик бирга!
Куз қўйнида дарахтлар маҳзун-маҳзун хўрсинар,
Бу жойдан кета олмай сўқмоқ йўлга қарайди.
Қилт этган товушни ҳам илғаб олмоқ мумкиндай,
Аллақайда изғирин қиличини қайрайди.
Бу кузнинг кайфияти бутунлай асир этмиш,
Сархуш айламоқ учун узатар менга шароб.
Қани-эй Рауф Парфи – заъфарон куз куйчиси,
Қўлимга тутқазмасми дилгир найми ё рубоб?!
Шеър ёзиб дарахтлар ташлайди варағини,
Шамол қўзғалиб аста ҳар ён учириб кетар.
Кимга ҳам ўқиб берар дард тўла шеърларини,
Бу кечанинг бағрида яна янгисин битар.
2
Кўкка чиққан тўлин ой қудуқдан сув олмоқчи,
Челагини туширса ғам-ғусса тўлиб қайтар.
Кимдир оҳ чекиб унда ўлтирар Юсуфмисол,
Бошидан не кечганин сўйлаб ривоят айтар.
Ўй сурар боғда юриб то қоронғу тушгунча,
Ҳассасин тўқиллатиб ўтиб борар кузбобо.
Хуржунини бўшатган, анча ҳориб-чарчаган,
Эгнида ҳилпирайди сариқ тусдаги қабо.
Хаёллар ажиб ипдек чувалган ойдинликда,
Не ҳосил унмиш, ҳамма хирмонжойга қарайди.
Шамолни кутма бекор, ҳавончада туйиб ол,
Мезонлар кўкка учиб енгилгина титрайди.
Олмазорда тўкилган олмаларни терилмас,
Боғ саҳнига қарагин, рутубат тўлиб-тошар.
Ерга тўшаб ташлаган ўт-ўлан япроғини,
Бу пайти кузбобо ҳам анави қирдан ошар.
3
Хаёллар бўшаб ётар кеч кузнинг оқшомидек,
Сарғимтил далаларнинг бўёғи ўчаётир.
Туман сузиб келар-у қуюқ дарахтзор аро
Бир олам ҳасратини олиб жим кўчаётир.
Куз тортиб борар зўрға шалоқ аравасини,
Шамол боғда қолдирмас олмаларнинг ҳидини.
Оғир сукутда қолган хотиралар уйғонмас,
Шундай кечириб бўлмас бундай фасл ёдини!
Хазонлар қўнаётир ариқларнинг сувига,
Қайиқдек сузиб борар ана билдирмайгина.
Ғаройиб кенгликлардан кўчаётган лашкардек
О, бунча қайиқларни ким оқизар жимгина?
Кузга қараб боладек хаёлларинг паришон,
Ҳеч ким халақит бермас, хаёлингни бузмайди.
Қайиқларга ўлтириб сузиб кетмоқ истайсан,
Биласан, бу қайиқлар узоқларга сузмайди!
4
Кўкда ой қотиб қолган. Ҳовуздаги аксига
Толлар қараб туришар хўрсиниб саҳаргача.
Ғамлар қўзғалмиш аста кўнгилга ботиб ётган,
Балки гулга кирар у кутилса баҳоргача.
Хаёлимда сарғайган гуллар аста тўкилмиш,
Сочилиб йўлакларда — ёмғирда ивиётир.
Шу маҳал ачингандек шамол игнасин олиб,
Яланғоч дарахтларга илвасин қавиётир.
Сенга қучоғин очар сарғимтил куз диёри,
Шамол мунглиғ куйини чалади ҳамдардингдек.
Осмондан оқиб тушар ғам-қайғулар ёмғири,
Балки эрталабгача бўлса суҳбатдошингдек.
Бу кузнинг ҳасратига тўлар дил пиёласи,
Яна сузиб узатар, яна қанча симирсанг.
Сархуш айлар, бир ўзинг тотганинг татимайди,
Сенга ҳамдард бўларди кимгадир сузиб берсанг.
5
Хазонларга айланиб, хазондек ловуллайсан,
Бу кенглик ўкинчидек шамол тушади йўлга.
Ўтиб кетаётир у дарахтзорга қўнмасдан,
Қай гўша сари борар, қайдан топар қўналға?
Очиқда қолиб кетар бу борлиқ кўч-кўрони,
Изғирин, қаҳратонда биров унга қарамас.
Санчилар дарахтларга изғирин мугузлари,
Бундай пайт далаларда айланиб, юриб бўлмас.
Қара, ҳеч ким ишониб совутини олмаган,
Изғирин қиличидан қандай омон қолишар?
Ҳовуз суви жимирлар. Хазонга тўлиб бўлмиш,
Ҳовузнинг атрофида толлар ўйга толишар.
Ҳолсизланган борлиқ-да сарғиш рангга бўялар,
Шу рангдан бошқа ранг йўқ, рассом бунча тошбағир.
Шунданми шамол ёлғиз сайҳонликка тушганча
Ҳеч кимга билдирмасдан ичиб ётади чоғир.
Қиш қасидаси
1
Қор ёққанда қор қоплайди дала, қирларни,
Майин-майин элаётир осмон элагин.
Дарахтлар юра олмас қорга ботганча,
Қайда сўқмоқ, қайда йўл бор? Сен ҳам қарагин.
Ой музлаган. Юлдузлар ҳам ўчирилгандир,
Қор устида югуради шошқалоқ шамол.
Томга чиқиб олар гоҳо, бир пайт қарасанг,
Ҳув кимсасиз кенгликларда юрар бемалол.
Қурт-қумурсқа инларида баҳорни кутар,
Музлаб ётар бу совуқда осмон пардаси.
Бутун борлиқ қор остида жон ҳовучлайди,
Бунча қаттиқ бўлмаса деб қишнинг зардаси.
Сув қуюлган челакларнинг ташбеҳи будир, –
Гўё тўнғиб қолганидай қанча ўй, хаёл.
Ушук урган хотиралар бизга не керак,
Сен-у мени қийнар энди шундайин савол!
2
Осмонда қор, ер юзи қор, ҳамма ёқда қор,
Дарахтлар оғир юкдан майишиб ётар.
Ҳовузларнинг сувлари-да қўзғала олмас,
Фақат уйлар роҳатижон, қорда нима бор!
Қани бунда қизғалдоқлар товланиб турган,
Қани бунда шарқироқ сой, баҳор палласи.
Ёш болалар қийқириғи, шовқин-сурони,
Гилам янглиғ тўшалганда зумрад даласи.
Капалаклар ўйин тушган сайҳонликларни
Тўлиғича ишғол этган изғирин ана.
Энди ҳеч ким у жойларга келмайдигандек,
Энди ҳеч ким сайр этмас, энди бегона.
Қор учқунлаб ёғаверар, ёғаверар жим,
То тонггача, оқшомгача, билинмас сира.
Том устини гўё бу кеч босиб тушгудек,
Шом чоғида шомга ўхшаб кўнгил ҳам хира.
3
Томошага чиқай десанг қорга ботасан,
Сен билмайсан, аллақачон музлаб ётар йўл.
Қайга борма, қайга юрма, ишора қилмас,
Дарахтлар ярадордек кўтаролмас қўл.
Сен бемалол юрадирсан ҳовуз устидан,
Бир вақтлар авлиёлар юргандай сувда.
Оёғинг ҳўл бўлмас сира, сувга ботмайсан,
Сен ўзингни ҳис этасан гўё кечувда.
Ҳеч ким сенга қарамайди, парвойи фалак,
Сув устида юрар демас, ёқа ушламас.
Муз остида сув ҳам мангу қотиб қолгандек,
Бу анҳорлар энди мангу шовуллай билмас.
Қаҳратонда жунжикасан, юрганинг қолар,
Яхмалакда учиб юрган болаларни кўр.
Баҳорнинг хуш дамларини ёдга тушириб,
Бир-бирини қувлаб юрар то кечга довур.
4
Қор ёққанин хушламайсан, энди наилож,
Таёқ олиб пайпаслайсан йўлда сўқирдек.
Кўзинг толар, зерикасан, ҳамма ёқда қор,
Совуқ урган ўт-ўланлар қотиб қолган тек.
Бир замонлар бу жойларда бойчечакларни
Кимлар териб олган, янасинглим деб қучган.
Ҳув боғларнинг уфурган хуш ифорларини
Тун чоғида қир-адирлар мириқиб ичган.
Қурт-қумурсқа ризқин териб юравергандир,
Дарахтлар гуллагандир, музлаб ётмаган.
Ниначилар тортқилаган шамол этагин,
Чирилдоқлар ҳайрон бўлиб, ўйга ботмаган.
Ким нима дер, гиламини тўшаса қирлар,
Ойдинликда жонзотларнинг ҳайрати ошган.
Уюрларни ҳайдаб юрган шамол бемалол,
Баҳор завқи кўпирган-у сой бўлиб тошган.
5
Дунё қорга айлангандек,устма-уст ёғар,
На боғ бордир, на далалар, на яқин-йироқ.
Сочларингни сийпалаган шабадалар йўқ,
Гўё қуёш музлагандек кўкда аввалроқ.
Бу кенгликлар қимирламас гўё ўликдек,
Оқ кафанга ўралганча ётар жимгина.
Дарахтлар ўйга толган тобут олдида,
Ич-ичидан ачинади билдирмайгина.
Қорда қолиб, қорга тўлар бўшаган бешик,
Ҳеч ким уни тебратмайди, алла ҳам айтмас.
Шамол гоҳо атрофини супуриб қўяр,
Онаси ҳам қайга кетган, олдига қайтмас.
Кўз олдингда ястанади оппоқ далалар,
Теракларми, момоларнинг урчуғидек бўш.
Қорда ўйнаб юмалатар болалар ойни,
Бир уҳ десанг қотиб қолар ҳавода товуш.
Самарқанд қасидаси
1
Юлдузлар сузиб кетар – осмон ёритқичлари,
Шаҳар майдони бўшар, йилт этган ёғду инмас.
Дунё янчилиб ётар вақт тегирмонида
Ғам-андуҳлар уюмин ҳеч адоғи кўринмас.
Кўкка қараб чўзилган миноралар аслида
Туфроқ остида ётган боболарнинг қўлидек.
Дарахтлар мунғайган қиличларини ташлаб,
Қачондир асир тушган суворий гуруҳидек.
Миноралар бир-бирин етаклаб юрар бунда
Кўзига мил тортилган бир тўда сўқирлардек.
Хаёлот дарасидан тинчингни бузиб тунда
Адашган хотиралар оқиб келар селлардек.
Сукунат қопқасини кўтара олмас ҳеч ким,
Дарвозалар қулф гўё, очай десанг очилмас.
Шу шаҳарнинг остида кўмилган шаҳар бордек,
Борар йўлни қайда деб сўрасанг, биров билмас.
2
Уюрлар дупуридан ларзага тушмас борлиқ,
Осмоннинг елинидан томмайди бир қатра сут.
Шарпалар, кўланкалар, сояларми айланар,
Буларни хотирадан қувлаб бўлмас ё унут.
Шамолнинг хуржунида алмисоқ тангалари,
Тунлари адашгандек айланиб юрар мангу.
Хуршид Даврон сайр этар Самарқанд хаёлида,
Ариқларда сув эмас, қон оққанми, дейди у.
Тунда чиққан соқчидек олисларда тераклар,
Мозий йўлига қараб ғамга ботиб тургандек.
Туяларнинг карвони остонада тўхтаган,
Шаҳарнинг қайдалигин мутлақо унутгандек.
Даҳмалар атрофида ғимирлайди арвоҳлар,
Тун зулмати қуюлган, атроф бўм-бўш, кимсасиз.
Бир қора шарпа кезар айланиб кўчаларда,
Ортига қайтиб кетар, қолдирмасдан яна из.
3
Ҳавода қалқиб турар асрлар куйиндиси,
Куз оқшомин эслатиб мезонлар юрар сузиб.
Эскирган туғ, яловлар ҳилпирайди ҳавода,
Пўпанаклар, тегинсанг, кетар ҳар томон тўзиб.
Тун овига берилган, ёйиб боғлар узра тўр,
Соялар таъқиб айлар, изингдан қолмас сира.
Қайга борсанг, эргашар, ҳайдасанг, кетмас нари,
Тунда шамдек милтиллар сен унутган хотира.
Қайдандир элас-элас оқиб келар мунгли куй,
Сибизға нола айлаб ниманидир ёд этмиш.
Қидириб юрган билан излаганинг топилмас,
Биласан, аллақачон бари йўқликка кетмиш.
Офтобда ялтираган кунгуралар, гумбазлар,
Мадрасалар айвони ажиб ҳолатга чўммиш.
Талабалар лавҳида қотиб қолган мангулик,
Осмоннинг варағидан сирли бир ҳарф томмиш.
4
Кўкда ярақлаб турган ҳилол дилга ботади,
Тоштобут, сағаналар ажиб суратдек қотган.
Кўргин, чарх не айлаган, ёзуғига не битмиш,
Бунда улуғ хонзода, мирзолар ором топган.
Мақбарада амирнинг абадий тахтравони,
Гумбазларнинг нақшини ғам сувлари қотирган.
Эй фалак, не дунё бу оға-ини шаҳзода
Қўлларини бир-бирин қонларига ботирган.
Соҳибқирон боғларин ўрайди қоронғулик,
Қани у шону шавкат, дунёга довруқ солмоқ?
Боғларни эгаллаган ажиб хазонрезгилик,
Энди оғир уларни эсламоқ, ёдга олмоқ?
Сувларга оқиб кетар шаҳзодалар бешиги,
Сарбозлар тун пайтида билдирмай ташлаётир.
Дарёнинг қирғоғида маликалар жонҳалак,
Тута олмай бешигин кўзларин ёшлаётир.
5
Олдинги шоирлардек мақтовни ҳам билмайман,
Қайгадир кетмоқчидек миноралар қимирлар.
Осмонни кафанликдек ёпиниб олган гўё
Бир ёнда Бибихоним, бир ён Гўри Амирлар.
Юракка ботиб ётган ханжарни суғурайин,
Даҳмалар атрофида гиря тортган гиёҳлар.
Шоҳ тахтин кўрайлик деб бир-бирини қўлтиқлаб,
Жаҳонгир саройига кириб чиқар сайёҳлар.
Ойдинлик. Бу дунёга этагини силкиган
Чокардиза бағрида авлиёлар ётар жим.
Чорласам сузиб чиқар сукунат уммонидан
Бўм-бўш қайиқлар ана. Олдимга келмас ҳеч ким?
Ў, шаҳри азим дейман, бобо руҳлар макони,
Урҳо-ур қиличларнинг жаранги тинган бунда.
Найзалар синиб тушган, совутлар сувда сузар,
Занжирбанд Самарқандни олиб кетишар тунда.
Арғамчи йўл
Ҳарсангтошлар ёрилди, ичинда гул-лолалар,
Фалак майини сузар томизиб субҳ ёшини.
Шамол кайфи ошгандек лолазорни оралар,
Ерга ташлаб синдирар пиёлалар бўшини.
Арғамчи, ё арғамчи,
Ҳаёт бу аччиқ қамчи.
Ҳали татиб кўрмадим,
Энди татиб кўрсам-чи?
Қара, чўзилиб кетган охиратга қадар йўл,
Қопин кўтариб ўтар одамлар қатор-қатор.
Бошлар узра айланиб даҳри дун тегирмони
Кимгадир бахт улашар, кимгадир қайғу сотар.
Арғамчи, ё арғамчи,
Дунё айёр дўкончи.
Шарбат узатар, унда
Илон заҳри – бир томчи.
Туяларнинг карвони тизилмиш биёбонда,
Тахтиравонда сулув очмайди жамолини.
Қароқчилар қиличин қайраб чиқади йўлда,
Сарбонни асир айлаб, талар карвон молини.
Арғамчи, ё арғамчи,
Бу дунёси алдамчи.
Бу дунёни деганнинг
Доим ошиғи олчи.
Ғамтовоққа сузсам ош, дилни айлай дастурхон,
Нон каби ушатсам-чи бу олам жафосини.
Очунни кеза-кеза дур-гавҳардек йиғайин
Юсуф Хос Ҳожиб бўлиб топганда вафосини.
Арғамчи, ё арғамчи,
Зувиллаб бир айлан-чи.
Қара, йўлда ким борар,
Ғам тортар тегирмончи.
Бу олам қадаҳига ташлаб қўйилгандек ой,
Тунда тошиб юлдузлар бирма-бир томчилайди.
Ой сузиб юрар мангу, қадаҳ тубига чўкмас,
Момолар ойга қараб юзларини силайди.
Галагов ҳайдаётган
Шўрпешана хирмончи.
Эй фалак, чанқаяпман,
Шаробингдан қуйсанг-чи?
Лойҳуштак топиб олдим, қарайман ёш боладек,
Унда не синоат бор, қандайин савту наво?
Чалсам не деб сўйлар у, ҳавасим ошаётир,
Нафасимни ростлайин, ичимга ютай ҳаво.
Ўлан айтиб дилимни
Хуфтон қилма ўланчи.
Чолғу-соз кўтарган ким
Бу дунёни айлан-чи?
Олдинда оқар дарё, ёв қувлаб келаётир,
Сув томон юриб бўлмас, ортга эса бурилиб.
Дарёдан ўтаётган пайғамбарнинг қавмига
Дарё йўл берармикан икки томон сурилиб?
Ота-бобонг ким дея
Мендан сўраса синчи.
Чин дунёни қидириб,
Йўлга чиққан кўчманчи.
2012 йил
Bugun shoir va adabiyotshunos olim Bobomurod Erali 50 yoshga to’ldi. Qutlaymiz!
She’r tuyg’u va dard hosilasidir, degan gap bor. Asl va toza she’rni o’qiganda unda o’z tuyg’ularingiz, armonlaringiz, sevinchlaringiz aksu sadosini ko’rasiz, olis-olisda qolgan xotiralarning iztirobli va aziz suratlari ko’z o’ngizgizda qalqiydi (Xurshid Davronning Bobomurod Eralining «Tungi sayr» to’plamiga yozgan so’zboshisidan. Uni mana bu sahifada o’qing).
Bobomurod Erali
SHE’RLAR
«Sukunat sibizg’asi» kitobidan
Bobomurod Erali 1965 yilda Surxondaryo viloyati Qumqo’rg’on tumanidagi Sherozi qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatib, Toshkent Davlat Universitetining (hoxirgi O’zMU) o’zbek filologiyasi fakul`tetida tahsil oldi. So’ngra O’zbekiston Fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi til va adabiyot institutida ilmiy izlanishlar olib bordi. Hozir Toshkent Islom universiteti nashriyot-matbaa birlashmasida faoliyat yuritadi.
HAMAL VASFI
Oq bulut suzib yurar. Yashil qabo kiyar bog’,
Oy chiqqanda daraxtlar shirin xayolga cho’mar.
O’tlar uzra chopqillab bahorning erkatoyi
Dalalar-u bog’larni ajib iforga ko’mar.
Muhabbatga yo’l ochar qordan bo’shagan so’qmoq.
Tog’larning shovqinini olib kelgan sellarni,
Dilda mehmon aylagin, zavqi-yu shashtini ol.
Boychechak, chuchmomalar tomoshaga chiqqanda
Mayli, sen ham ularning davrasida birga qol!
Yigit qalbida olov, qiz dilida bir titroq.
Qir-adirlar tovlanar oymomaning bag’rida,
Qani, sen ham chiqsang-chi, sayr qil xayol surib.
Xushxabar yetkazay deb uchib ketgan chopardek
Shamol ham o’tib ketar arg’umog’in yeldirib.
Oymomani olib ber oymomasi yo’q qizga.
Ruhingni yayratadi ochilgan gul-lolalar,
Osmon yerga tushirmas qaldiroqlar toshini.
Sevgan qizini qo’msab xat jo’natar bolalar,
Qizlar o’qib ko’rganda chimirsa ham qoshini.
Bir entikib olasan ko’ngil berib yalpizga.
Mayli, shamol bo’lib sen aylanib yur kenglikda,
Bog’larning xush atrini, iforini olib uch.
O’mbaloq oshib o’yna, adirlarda yonboshla,
Binafshani topganda singlingdek erkalab quch!
Seni mast aylamasmu qizg’aldoq tutgan qadah?
Qara, borliq sog’ingan allaqachon bahorni,
So’qmoq yo’lga ko’z tikar oshig’ini kutgandek.
Quvonganin bilsayding jilg’alar-u anhorni,
G’aroyib nimalardir sodir bo’lib o’tgandek.
Bolalar kamalakni ko’rib deyishar vah-vah.
Qaldirg’ochlar vijirlab bahordan berar darak,
Yomg’ir sevalab o’tar mayingina va namxush.
Shoshqaloq ko’klam hidi hovliga oqib kirar,
Qanday ajoyib bo’lar kechalari ko’rsang tush.
Birpasda bildirmasdan gullab ketar hammayoq.
Chumolilar chuvoqda yo’l olar qator-qator,
Shunday payt nimani ham tashiydilar iniga.
Beshiktervatar tunda beshigini bo’sh ko’rib,
Sovchilarni kutadi yolg’onimas, chiniga.
Necha kunki, bulbul ham gul bilan apoq-chapoq.
Yaylovlarda uyurlar kishnaydi oydinlikda,
Bir-birini quvalab, o’ynoqlaydi o’tlamay.
Tun pardasi qayrilar. Yorishib borar osmon,
Bundayin saharlarni birov ko’rganmi hay-hay.
Sirlashib, qahqah urar chittigulga chittigul.
Jonzotlar qishdan chiqib olganiga quvonib,
Maysalarga suykanar, ko’m-ko’k osmonga qarar.
Chumchuqlar uchib-qo’nib, quloqni yer shomgacha,
Anhor bo’yida o’ychan tollar sochini tarar.
Bog’ni aylanib yurar parizod mingan duldul.
Jimlik
1
Oydinlik. Ufqdan ko’tarilgan oy,
G’aroyib hol ichra borliq, mavjudot.
Yulduzlar qo’nadi o’t-o’lanlarga,
Turfa kapalaklar chiqarar qanot.
Daraxtzor soyasin to’shaydi yerga,
Yo’lga chiqayotgan hasharotlar jim.
Tunda jonzotlarni hayratlantirib,
Suvloqqa nur yog’ar, nur yog’ar sim-sim.
Uchmoqqa shaylangan ruh ko’tarilmas,
Sukunat zalvori ezar, parchalar.
Shamol olib kelar yalpizlar hidin,
Tunga qarab ochiq turar darchalar.
Sukunatning chalgan sibizg’asida
Na kuy bor, na ohang, na biron sado.
Shu bog’ning qo’ynida kuz kelinchagi
Ohista odimlar misli shabboda.
2
Xayol iplarini chuvaltirar yel,
Loqayd va beparvo mudraydi bog’lar.
Hatto chirildoqlar zerikkanidan
O’zlarin bu kecha parvozga chog’lar.
Shamol puflar hadeb yonarqurtlarni,
Jiddu jahd ko’rsatar, baribir yonmas.
Quloq tut, tun aro jaranglab yotar, –
Ruhim senga chinni piyola emas!
Doshqozon osilgan. Oy nuri to’la,
Qara, bu olamga toshib chiqar sut.
Go’yo yo’qotganday xotirasini,
Ko’kka angrayadi bujur-bujur tut.
Qilt etmas chor-atrof. Shitirlamas bog’,
Daraxtlar so’ppaygan. Hech kim ko’rinmas.
Tunning pardasini tortqilar shamol,
Horib-charchagani aslo bilinmas.
3
Oyning yog’dusiga ko’milmish dunyo,
Yaproqlar qayiqdek suzar uzoqqa.
Muallaq bo’shliqda tosh qotgan havo,–
Ovchidek o’ljasin haydab tuzoqqa.
Bu jimlik ostida noilojlikdan
Mitti ninachilar vizillay olmas.
Nafas yut, o’t-o’lan bag’rida yotgan
Qurt-u qumursqalar hali qo’zg’almas.
Sayhonlik ortiga burilgan so’qmoq,
Soy ham allaqayda shovullay bilmas.
Tunga singib borar, esingdan chiqar,
Yovvoyi butazor ifori kelmas.
Sokinlik. O’zligin qilmas namoyish,
Borliqda tentirab yurgan jonzotlar.
Har dam sag’risiga urib yolini,
Xayolga cho’mgancha kishnamas otlar.
4
Qancha yulduz so’nar, yilt etib uchar,
Osuda dunyoning parvoyi falak.
Yana paydo bo’lib, aslo kamaymas,
Yana osmon bo’ylab yoyilar lak-lak.
Olamda hukmron osoyishtalik,
Gar tanga tashlasang ketar jaranglab.
Yurak tars yorilib ketguday bu vaqt,–
Sen ham o’z hujrangda jimlikka qarab.
Ko’lanka cho’zilar yerni bag’irlab,
Qilt etgan ovoz yo’q, yelni yeldirmas.
Tun aro g’imirlar, gohida to’xtar,
Dur terib yurganday o’zin bildirmas.
Somon yo’llaridan to tongga qadar
Poyingga to’kilar yulduzlar changib.
Cho’lp etgan tovush-u aks sado ham,
Shu jimlik bag’rida yo’qolar singib.
5
Suvda oqib borar qancha xotira,
G’ira-shiralikda bilinmaydi yo’l.
Qotib turaverar tong-sahargacha
Daraxtlar osmonga uzatgancha qo’l.
Tikanzor ho’rpayar qosh qorayganda,
Olmazor shovqin-u surondan bo’shar.
Sukunatning tarang toriga tegib,
Olmalar to’pillab tagiga tushar.
Ko’ngildan ne kechsa, kechar bu mahal,
Mayliga o’y sursang, surgin beadog’.
Xayoldan ketmaydi allavaqtgacha
Uxlagan shamol-u sukunat, chorbog’.
Bunday oydinlikni kim ko’rgan aytsin,
Dillarni yorita boshlar, hoynahoy.
Yo’qotib qo’yganin izlab topgandek
Yana changalzorga tushib ketar oy.
Hilol
Bog’ ustida osilgan qilich,
Qo’lni cho’zsam, qo’lim yetmaydi.
Yaraqlar u saharga qadar,
Qara, yerga tushib ketmaydi.
Yog’ar boshlar yulduzlar changi,
Idishlarni to’ldirmoq kerak.
Bobolarning nayzasi kabi
Yerga sanchib qo’yilgan terak.
Mag’lub bo’lgan bir to’da askar,-
Daraxtlar qotib qolgan tik.
Shu osmonda qilich borligin
Shu paytgacha nega bilmadik?
Hovuz bo’yi. Baqateraklar
Yulduzlarni avaylab terar.
Suv betiga ushoqday sepib,
Baliqlarga yem qilib berar.
Sovutini yo’qotib qo’ygan
Olmazorlar ko’p olazarak.
Zimistonda qilichga qarab
Sukunatga cho’mgan tevarak.
Tun pardasi sitilib tushar,
Nogoh tegib ketsa chokiga.
Qilich desam, qilich emas u
O’xshab qolgan eski pokiga.
Ariqlarning suvi jildirab,
Yuvayotir bu kecha ruhni.
Shamol asrab turar, bildirmas
Xo’rsinig’u g’aroyib uhni.
Oqsoqlangan otin yetaklab,
O’tib borar bog’ aro kimdir.
Xo’rjin to’la xotiralari,
Olib ketar uni qaygadir.
Bog’ ustida yaraqlar qilich,
Menga shunday tuyulgan balkim.
Potirlaydi bog’da olmalar,
Shu qilichni sermar allakim.
***
Tobatoshda pishirib oyni,
Uzib olsang sahar bo’lguncha.
Ariq bo’yi. Kulcha non kabi
Suvga tashlab yesang to’yguncha.
Etagidan tutib shamolni,
Yosh boladek o’ynasang, kulsang.
Dil g’uborin yuvib ariqda,
Gullar bilan birga ochilsang.
Osmon elar, shudring yog’ilar,
Daraxtlar gullar bemalol.
Loysupada loyini qorib,
Uxlab qolar charchagan kulol.
Oy ipida kashtalarini
Tikayotgan qizlarni ko’rdim.
Nogoh cho’chib tushmasin deya,
Bog’ tarafga yo’limni burdim.
Dunyo g’amga qorilgan kulcha,
Bilib-bilmay ushatmoqdaman.
She’r yozganda totli bo’lsin deb
Yuragimni bo’shatmoqdaman.
Kapalaklar qanot qoqqanda,
Tun pardasi qo’zg’ala boshlar.
Falak, senga kerakmi olgin,
Dil tubida uyulgan toshlar.
Toshhovuzning suvi jimirlar,
Osmon bu kech nimadir yozmish.
Suv betiga tollar egilgan,
O’qiy olmay aqldan ozmish.
Xayolingni suzib suzgida,
G’am-anduhni, mayli qoldirsang.
Bog’ chetida saflanib turgan
Teraklarni o’yga toldirsang.
Tobatoshda pishirib oyni,
Uzib olsang sahar bo’lguncha.
Ariq bo’yi. Kulcha non kabi
Suvga tashlab yesang to’yguncha.
Shamol va men
1
Tungi dalada kezib,
Ko’rib qoldim shamolni.
Ne uchundir xo’rsinib,
Aylanar qora tolni.
Qir-adirda yonboshlab,
Tebranadi yantoqlar.
Shamol ko’rmay tikanni,
Yantoqlarni quchoqlar.
Oyning sungan yog’dusin
Hovuchimga to’ldiray.
Shamol qayda yurganin
Daraxtlarga bildiray.
Ariq oqar jimgina,
Shamolga qaramaydi.
Qaygadir ketayotir,
Birov ham so’ramaydi.
2
Sovub yotgan sayhonlik
Osha o’tsam bog’ sari.
Daraxtlar qator-qator,
Bo’shagan idishlari.
Yulduzlar tushganini
O’t-o’lanlar bildirmas.
Savat ko’tarib yurgan
Shamolga ham oldirmas.
Yurak tubi lolazor,
Kelsang terib berayin.
Bog’ ichini sayr etib,
Sen bilan aylanayin.
Chirildoqlar ovozin
Ko’tarib sayrayotir.
Ertagacha shamolning
Pichog’in qayrayotir.
3
Kimdir shu bog’ ustiga
Oyni ilib qo’yibdi.
Jonzotlar sahargacha
Oy sutiga to’yibdi.
Tun chodirin ko’tarib,
Bir chekkaga qo’ysam-chi?
Har birin o’z rangiga
Rassomdek bo’yasam-chi?
Shamol elagin bersa,
G’amlarimni elayin.
Shodlik topsam bir hovuch,
Senga ham ilinayin.
Bog’da yursam, shivirlar
Bo’yi cho’zilgan terak.
Shovullagan soy bilan
Qo’shilib kuylash kerak.
4
Osmon eshikdek ochiq,
Kirib kelgan yulduz, oy.
Mezbondek kutib oldim,
Yuragimdan berdim joy.
Ne uchundir mehmonlar,
Keta olmay qolishdi.
Bog’ning yo’liga qarab,
Uzoq o’yga tolishdi.
G’amni suzib uzatsam,
Qoshig’im yo’q, deyishdi.
Mehmon bo’lib netardi,
Na ichib, na yeyishdi.
Shamol aylanib, ana
Butazorda yig’laydi.
Izlaganin topolmay,
Yosh boladay uxlaydi.
5
Daraxtlar qaddini
Ko’tarmas mahzun, xomush.
Quloq tutsam, ovoz yo’q,
Qilt etgan biron tovush.
Galdirab yurar shamol,
Tunda hech kim ko’rinmas.
Qorayadi qir-adir,
Asta-sekin bilinmas.
Yuragimda ochilgan
Gullar bo’lsa, olaqol.
Shamol yo’lingdan chiqsa,
Qutla, unga beraqol.
Yulduz, oy ulgurmaydi,
Tong ham otib bormoqda.
Bir tanishi shamolni
Olib ketar so’qmoqda.
Tuman suzar erinib…
1
Tuman suzar erinib,
Kelar asta ayvonga.
Nechun yana burilib,
Ketar chorvoq tomonga?
Osmon bosib kelgandek,
Egiladi o’t-o’lan.
Daraxtlar dildirar,
Usti yupun, boshyalang.
Eshiklar yopilmoqda,
Og’ir xo’rsinar qishloq.
Qo’rqib yo’lga chiqishmas,
Ilonday yotar so’qmoq.
Qaydadir sanqib yurgan
Shamol hayallar bu kech.
Shamolni kuta-kuta,
Ko’zga uyqu kelmas hech.
2
Teraklar yura olmas,
Tushib qolgan kovushi.
Go’yo malol kelgandek
Bu kunlarning sovushi.
Hovuzga tushib xazon,
Suzib yurar yelkandek.
Qushlar uchib ketmoqda,
Nimanidir sezgandek.
Xayollar ravon emas,
To’lg’onadi ariqdek.
Buncha mahzun bo’lmasa,
G’amlarga qorishiqdek.
Osmondan o’tib ketar,
Hovuzda cho’milmas oy.
Nafasin yutar borliq,
Izg’irin tortganda yoy.
3
Tuman suzar erinib,
Ko’rinmaydi yo’laklar.
Kimdir bog’da o’ltirib,
Bir nimani bo’laklar.
Bog’ yo’li. Qorong’ulik,
Yomg’ir bildirmay quyar.
Keksa rassom matosin
Sarg’imtil rangga bo’yar.
Daraxtlar xivichi
Yomg’irlarda yuvilgan.
Osmonga o’dag’aylar,
Qushlar yo’qdir, quvilgan.
Hech kimning xabari yo’q,
Chorvoq ichi huvillar.
Shamol hushtagin chalib,
Sahargacha uvillar.
4
Dala-qir horg’in yotar
Sukunat quchog’ida.
Xazonlar tutab yonmas
Xotira o’chog’ida.
G’amlarimni uyaman,
Xirmonjoydir yuragim.
Tun qo’ynidan izlayman
Sahargacha elagim.
Elakni olib kimdir
Qaytarib bermagandek.
Dunyoda g’am nima-yu
Anduh ne bilmagandek.
Osmon qovog’in ochmas,
Chorvoqni tark etgan oy.
Yomg’ir yog’moqchi go’yo,
Ochiq qolgan xirmonjoy.
5
Tuman suzar erinib,
Bilolmadim bir sirni.
Xomush tortib qaytaman,
Aylanib qir-adirni.
Tuman egallar bog’ni,
Og’ir uyquda borliq.
Jonzot ketib qolgandek,
Bu olam qilib torlik.
Huvillagan ko’nglimni
Ochib ko’rgin, nima bor?
Shunday turaversa u,
Balki yog’ib qolar qor.
Xotiram muzlagandek,
Ko’tarib yurmoq og’ir.
Tumanga urib o’zin
Shamol esadi g’ir-g’ir.
Qasidalar
Bahor qasidasi
1
Tun chog’i shudring to’lar lolalar qadahiga,
Ufqning bir chetida osmon asta yorishar.
Shamolni chizay desam, topa olmay rangini,
Musavvir bo’yog’idek xayollarim qorishar.
Tollar ham qatorlashib turganini ko’rdim men,
Belanchaklar osilib, yasalgay qancha tobut.
YO tik turib mudraydi uxlayotgan soqchidek,
Qayda nayzasi yotar, bilinmas qayda sovut?
Yomg’ir savalab qolar, qamchisidan tutsammi,
Gumbirlab ovoz berar olislarda qaldiroq.
Sellarga oqizgandek bo’tana o’ylaringni,
Sen yengil his etasan o’zingni bu payt biroq.
So’qmoq yo’lda turibdi loyga botgan arava,
Ot ham horib-charchagan, yukini torta olmas.
Xotiralar uyulgan aravaga qatma-qat,
Qancha vaqtdan beri oldinga yura olmas.
2
Hamal darak bergandek bir dam quloq tutaman,
Bolakay varragingni keltir, yasab berayin.
Chopqillab qir-adirda sevingan bolalardek
Oftob charaqlab turar, men nega sevinmayin?
Gul-chechak ro’molini shamolda hilpiratar,
Qidirib bu olamda boshpana yo soyabon.
Qizg’aldoq piyolasi sinib yotar qirlarda,
Qip-qizil siniqlarga to’lgan cho’lu biyobon.
Kapalaklar aylanib gullarga qo’nayotir,
Chumolilar saf tortgan, nega bunchalik shoshar.
Bu dunyo kamalakdek turfa rangda tovlanar,
Daryodek ko’pirar-u, mavjlanib to’lib-toshar.
Chillik o’yini qani, bu dunyo zuvillatar,
Nafasim tiqilguncha marragacha chopayin.
Adir osha, qir osha chillik uchdi qaylarga,
Zuvillab uchib ketgan chilligimni topayin.
3
Cho’ponlar qo’tonida oy qo’tonlab yotadi,
Osmonning o’toviga kirib olgan tog’u tosh.
Tun pardasin yelpitsa yulduzlar jimirlaydi,
Biri so’nsa, birisi… bu o’tov sahni talosh.
Tunda yurib bir o’zim kashf qilaman nenidir,
Yulduzlar hovuchimga to’lar misli marvarid.
Bildirmay terib olsam bolalardek avaylab,
Bozorlarda yurganda aylarmi birov xarid?
Bahorning iforidan yorishadi ruhiyat,
Qirga qarab burayin Boychibordek otimni.
Alpomish yurganidek elu yurtni oralab,
Maysalarni suyayin, tutayin qanotimni.
Hov ana yonarqurtlar butazorda yaltillar,
Asta-asta yuraman qorong’uda shoshilmay.
Yonarqurtga liq to’la sayhonlikni qoldirib,
So’qmoqdan ketaversam hech qayoqqa burilmay.
4
Huv balandda ko’ko’par tog’larning qori erir,
Harsangtoshda o’ltirib shirin xayol suraylik.
Cho’ponlar kulbasida xotiraga berilib,
Sovuq qotgan mahalda chiqib gulxan yoqaylik.
Ariqlarning suvida oqayotgandek shodlik,
Bo’shagan chelaklarni, yur endi to’ldiraylik.
Shamol-ku etagini ko’tarib qizaloqdek,
Pildirab chopib ketar, nima bo’ldi, so’raylik.
Oy nurida yorishgan so’qmoq yo’lga qaraydi,
Bog’ ichida daraxtlar go’yo suratdek qotib.
Soy bo’yida otlar ham kengliklarga termilar,
Kishnamay turaverar uzoq xayolga botib.
Bahor, sen bildirmaysan kelib-ketar chog’ingda,
Nega sen indamaysan, churq etmaysan bir og’iz.
Osmon qa’ridan qancha yulduzlar toshib chiqar,
Tun aro yo’l topolmay uchib-qo’nadi qo’ng’iz.
5
Boychechak bosh ko’targan tuproqni ko’zga surib,
Kishnayotgan uyurni haydayin kengliklarga.
Bahorning hididan mast dala-dashtni kezaylik,
Shamolni topib olsak chiqib tepaliklarga.
Buncha kuyunib yotar bag’ri dog’ lolazorlar,
Dog’larin yuvib bo’lmas, nima deb ovutayin?
Yomg’irlar yog’ayotgan mahal asta jimirlab,
Qamchilagan otimni birpasga sovutayin.
Endigina gullagan bog’larga yuz buraman,
Xayolimni oqizay ariqlarning suviga.
Taxtiravon yasayman koshki tushib kelsa deb
Beparvo o’tayotgan bu falak suluviga.
Oydala, oydin dala, oydinlik sutdek toshar,
Daraxtlar idishin to’ldirar sahargacha.
Chirildoqlar ovozi butazorga sig’maydi,
Yetib borgan qaragin, anavi anhorgacha.
Saraton qasidasi
1
Olmazorda olmalar tun qo’yniga to’kilar,
Buncha chiroyli bo’lar, oy aylanib o’tganda.
Daraxtlar shiviri oy ipiga o’ralar,
G’aroyib sado kelar, qulog’ingni tutganda.
Sukunat ko’ylagini shitirlatar jonzotlar,
Oy quyar sahargacha chinni ko’zalarga sut.
Bu kenglikda tizilmish bo’m-bo’sh ko’zalar go’yo,
Limmo-lim bo’lsin desang, mayli sahargacha kut.
Bu oqshom xotiralar to’layotir anhordek,
Bog’larning suratini dilga jo ayla birpas.
Bunday chog’ kim ham yurar bekorchidek aylanib,
Tevarak-atrof jim-jit, hatto barg qimirlamas!
O’t-o’lanlar orasi qo’zg’alib qolar nogoh,
Nim qorong’u, oydinlik, nimaligi bilinmas.
Oy sutiga to’lganda qator-qator ko’zalar,
Qancha tikilma bekor, baribir u ko’rinmas.
2
Ko’zalarga quyulgan sutdan ichmoq bo’laman,
O’t-o’lanlar ustida cho’zilib, birpas yotib.
Bu dunyo g’amlarini yoddan surib bu mahal,
Atrofda daraxtlar chayqalar nurga botib.
Oydinlik og’ushida so’qmoq yo’l yaltillaydi,
Bu tun aro tangalar jaranglab sochilmoqda.
Bog’dagi yo’ldan yana kimdir shoshilib kelar,
Osmon ham ertakdagi tilsimdek ochilmoqda.
Shamol ko’tarib yurar bo’shagan savatlarni,
Huv ko’kda pishib turgan yulduzlarni terib ber.
Chigirtkalar sayrashar bu dunyodan minnatdor,
Mabodo ko’rganida ko’rmaganlar nima der?
Shamol savatin tashlab bazmga yo’l olar-u
Ketgisi kelmay qolar totganda sharobidan.
Xirgoyi aylab yurar sandiroqlab ko’chada
Boshini tebratadi chertilgan rubobidan.
3
Yoz oqshomi. Salomga egilgan namozshomgul,
Majnuntollar boshini ko’tarmas suv bo’yida.
Shaftolizor qaddi dol, munkillagan kampirdek,
Oy nuri sepilganda nelar bordir o’yida?
Bog’ ichida yonarqurt sochilgan tangalardek,
Bolalar teraylik, deb har tarafga chopishar.
Shovqin-suron ko’tarib, qiyqirib aylanar-u
Daraxtzor oralab bir-birini topishar.
Kimdir tubsiz osmonda astagina panalab,
Oyni ilib xo’rakka tashlaydi qarmog’ini.
Go’yo xalaqit berar, o’ljasin tuta olmas,
Terakzorlar pand berar silkitib yaprog’ini.
Kimdir allalagandek mudrayotgan borliqni,
Elas-elas quloqqa chalinmish mungli qo’shiq.
Kimdir sevib pinhona, kimdir muhabbatidan
Yuragi hapriqadi bo’lib qolgandek oshiq.
4
Kimdir bog’da o’ltirib oyga uzoq termular,
Qanot bo’lsa-yu uchsa, asir aylagan afsun.
Osmon sahifasiga bitilgan nimalardir,
Xayol qalami bilan bu kech uzundan- uzun.
Somon yo’liga qara, changiyotgan yulduzlar
Qaygadir g’oyib bo’lar zarralarga aylanib.
Otlarning tuyog’idan ko’tarilgan to’zondek
Bu dunyo ayvoniga tushar yana aylanib.
Azal, abad qaydadir, samovot bo’shab yotar,
Doshqozon to’nkarilgan yer yuziga qarata.
Tomosha qilib tursang, tushganini ko’rarding,
Yulduzlar bu qozondan tomchilab asta-asta.
Bu olam adog’ini nigohing ilg’ayolmas,
Qaydan boshlanib asli, qayda intiho topar?
Qancha o’ylanib yotsang, sirini bilib bo’lmas:
Xayolparast zerikib ulkan kitobin yopar.
5
Saraton terisini iylaydi boboquyosh,
Tun chog’ida yulduzlar uyulib qolar undek.
Yengini shimargancha xamir qorib charchamas,
Bog’ ichida daraxtlar jonsarak kelinlardek.
Zog’ora non yopilsa, butun olamga tatir,
Tandirni qizitsalar saharlab turganida.
Ufqning orqasida otliqlar kelayotir,
Kelinlar to’xtab qolgan, hovlida yurganida.
Yoz tunini chizmoqqa boshqa tashbehim yo’qdir,
Balki rang toparmidim musavvir bo’lganimda.
Tasalli bermoqchidek miltillaydi yulduzlar,
Ko’kka qarab, termulib, o’ylanib qolganimda.
Narvon topib chiqsam-chi ko’k toqiga o’rmalab,
Bu tunning quchog’iga huv tepadan qarasam.
Sukunat og’ushida nima bor bilarmidim,
Narvon ustida qarab sahargacha tushmasam.
Kuz qasidasi
1
Bog’ aro shitirlashu tun pardasi silkinar,
Qara, oqshom chog’ida sirg’alib tushar yerga.
Osmonni chayqaltirsa yulduzlar to’planajak,
Kel do’stim, tongga qadar ichib qo’yaylik birga!
Kuz qo’ynida daraxtlar mahzun-mahzun xo’rsinar,
Bu joydan keta olmay so’qmoq yo’lga qaraydi.
Qilt etgan tovushni ham ilg’ab olmoq mumkinday,
Allaqayda izg’irin qilichini qayraydi.
Bu kuzning kayfiyati butunlay asir etmish,
Sarxush aylamoq uchun uzatar menga sharob.
Qani-ey Rauf Parfi – za’faron kuz kuychisi,
Qo’limga tutqazmasmi dilgir naymi yo rubob?!
She’r yozib daraxtlar tashlaydi varag’ini,
Shamol qo’zg’alib asta har yon uchirib ketar.
Kimga ham o’qib berar dard to’la she’rlarini,
Bu kechaning bag’rida yana yangisin bitar.
2
Ko’kka chiqqan to’lin oy quduqdan suv olmoqchi,
Chelagini tushirsa g’am-g’ussa to’lib qaytar.
Kimdir oh chekib unda o’ltirar Yusufmisol,
Boshidan ne kechganin so’ylab rivoyat aytar.
O’y surar bog’da yurib to qorong’u tushguncha,
Hassasin to’qillatib o’tib borar kuzbobo.
Xurjunini bo’shatgan, ancha horib-charchagan,
Egnida hilpiraydi sariq tusdagi qabo.
Xayollar ajib ipdek chuvalgan oydinlikda,
Ne hosil unmish, hamma xirmonjoyga qaraydi.
Shamolni kutma bekor, havonchada tuyib ol,
Mezonlar ko’kka uchib yengilgina titraydi.
Olmazorda to’kilgan olmalarni terilmas,
Bog’ sahniga qaragin, rutubat to’lib-toshar.
Yerga to’shab tashlagan o’t-o’lan yaprog’ini,
Bu payti kuzbobo ham anavi qirdan oshar.
3
Xayollar bo’shab yotar kech kuzning oqshomidek,
Sarg’imtil dalalarning bo’yog’i o’chayotir.
Tuman suzib kelar-u quyuq daraxtzor aro
Bir olam hasratini olib jim ko’chayotir.
Kuz tortib borar zo’rg’a shaloq aravasini,
Shamol bog’da qoldirmas olmalarning hidini.
Og’ir sukutda qolgan xotiralar uyg’onmas,
Shunday kechirib bo’lmas bunday fasl yodini!
Xazonlar qo’nayotir ariqlarning suviga,
Qayiqdek suzib borar ana bildirmaygina.
G’aroyib kengliklardan ko’chayotgan lashkardek
O, buncha qayiqlarni kim oqizar jimgina?
Kuzga qarab boladek xayollaring parishon,
Hech kim xalaqit bermas, xayolingni buzmaydi.
Qayiqlarga o’ltirib suzib ketmoq istaysan,
Bilasan, bu qayiqlar uzoqlarga suzmaydi!
4
Ko’kda oy qotib qolgan. Hovuzdagi aksiga
Tollar qarab turishar xo’rsinib sahargacha.
G’amlar qo’zg’almish asta ko’ngilga botib yotgan,
Balki gulga kirar u kutilsa bahorgacha.
Xayolimda sarg’aygan gullar asta to’kilmish,
Sochilib yo’laklarda — yomg’irda iviyotir.
Shu mahal achingandek shamol ignasin olib,
Yalang’och daraxtlarga ilvasin qaviyotir.
Senga quchog’in ochar sarg’imtil kuz diyori,
Shamol munglig’ kuyini chaladi hamdardingdek.
Osmondan oqib tushar g’am-qayg’ular yomg’iri,
Balki ertalabgacha bo’lsa suhbatdoshingdek.
Bu kuzning hasratiga to’lar dil piyolasi,
Yana suzib uzatar, yana qancha simirsang.
Sarxush aylar, bir o’zing totganing tatimaydi,
Senga hamdard bo’lardi kimgadir suzib bersang.
5
Xazonlarga aylanib, xazondek lovullaysan,
Bu kenglik o’kinchidek shamol tushadi yo’lga.
O’tib ketayotir u daraxtzorga qo’nmasdan,
Qay go’sha sari borar, qaydan topar qo’nalg’a?
Ochiqda qolib ketar bu borliq ko’ch-ko’roni,
Izg’irin, qahratonda birov unga qaramas.
Sanchilar daraxtlarga izg’irin muguzlari,
Bunday payt dalalarda aylanib, yurib bo’lmas.
Qara, hech kim ishonib sovutini olmagan,
Izg’irin qilichidan qanday omon qolishar?
Hovuz suvi jimirlar. Xazonga to’lib bo’lmish,
Hovuzning atrofida tollar o’yga tolishar.
Holsizlangan borliq-da sarg’ish rangga bo’yalar,
Shu rangdan boshqa rang yo’q, rassom buncha toshbag’ir.
Shundanmi shamol yolg’iz sayhonlikka tushgancha
Hech kimga bildirmasdan ichib yotadi chog’ir.
Qish qasidasi
1
Qor yoqqanda qor qoplaydi dala, qirlarni,
Mayin-mayin elayotir osmon elagin.
Daraxtlar yura olmas qorga botgancha,
Qayda so’qmoq, qayda yo’l bor? Sen ham qaragin.
Oy muzlagan. Yulduzlar ham o’chirilgandir,
Qor ustida yuguradi shoshqaloq shamol.
Tomga chiqib olar goho, bir payt qarasang,
Huv kimsasiz kengliklarda yurar bemalol.
Qurt-qumursqa inlarida bahorni kutar,
Muzlab yotar bu sovuqda osmon pardasi.
Butun borliq qor ostida jon hovuchlaydi,
Buncha qattiq bo’lmasa deb qishning zardasi.
Suv quyulgan chelaklarning tashbehi budir, –
Go’yo to’ng’ib qolganiday qancha o’y, xayol.
Ushuk urgan xotiralar bizga ne kerak,
Sen-u meni qiynar endi shundayin savol!
2
Osmonda qor, yer yuzi qor, hamma yoqda qor,
Daraxtlar og’ir yukdan mayishib yotar.
Hovuzlarning suvlari-da qo’zg’ala olmas,
Faqat uylar rohatijon, qorda nima bor!
Qani bunda qizg’aldoqlar tovlanib turgan,
Qani bunda sharqiroq soy, bahor pallasi.
Yosh bolalar qiyqirig’i, shovqin-suroni,
Gilam yanglig’ to’shalganda zumrad dalasi.
Kapalaklar o’yin tushgan sayhonliklarni
To’lig’icha ishg’ol etgan izg’irin ana.
Endi hech kim u joylarga kelmaydigandek,
Endi hech kim sayr etmas, endi begona.
Qor uchqunlab yog’averar, yog’averar jim,
To tonggacha, oqshomgacha, bilinmas sira.
Tom ustini go’yo bu kech bosib tushgudek,
Shom chog’ida shomga o’xshab ko’ngil ham xira.
3
Tomoshaga chiqay desang qorga botasan,
Sen bilmaysan, allaqachon muzlab yotar yo’l.
Qayga borma, qayga yurma, ishora qilmas,
Daraxtlar yaradordek ko’tarolmas qo’l.
Sen bemalol yuradirsan hovuz ustidan,
Bir vaqtlar avliyolar yurganday suvda.
Oyog’ing ho’l bo’lmas sira, suvga botmaysan,
Sen o’zingni his etasan go’yo kechuvda.
Hech kim senga qaramaydi, parvoyi falak,
Suv ustida yurar demas, yoqa ushlamas.
Muz ostida suv ham mangu qotib qolgandek,
Bu anhorlar endi mangu shovullay bilmas.
Qahratonda junjikasan, yurganing qolar,
Yaxmalakda uchib yurgan bolalarni ko’r.
Bahorning xush damlarini yodga tushirib,
Bir-birini quvlab yurar to kechga dovur.
4
Qor yoqqanin xushlamaysan, endi nailoj,
Tayoq olib paypaslaysan yo’lda so’qirdek.
Ko’zing tolar, zerikasan, hamma yoqda qor,
Sovuq urgan o’t-o’lanlar qotib qolgan tek.
Bir zamonlar bu joylarda boychechaklarni
Kimlar terib olgan, yanasinglim deb quchgan.
Huv bog’larning ufurgan xush iforlarini
Tun chog’ida qir-adirlar miriqib ichgan.
Qurt-qumursqa rizqin terib yuravergandir,
Daraxtlar gullagandir, muzlab yotmagan.
Ninachilar tortqilagan shamol etagin,
Chirildoqlar hayron bo’lib, o’yga botmagan.
Kim nima der, gilamini to’shasa qirlar,
Oydinlikda jonzotlarning hayrati oshgan.
Uyurlarni haydab yurgan shamol bemalol,
Bahor zavqi ko’pirgan-u soy bo’lib toshgan.
5
Dunyo qorga aylangandek,ustma-ust yog’ar,
Na bog’ bordir, na dalalar, na yaqin-yiroq.
Sochlaringni siypalagan shabadalar yo’q,
Go’yo quyosh muzlagandek ko’kda avvalroq.
Bu kengliklar qimirlamas go’yo o’likdek,
Oq kafanga o’ralgancha yotar jimgina.
Daraxtlar o’yga tolgan tobut oldida,
Ich-ichidan achinadi bildirmaygina.
Qorda qolib, qorga to’lar bo’shagan beshik,
Hech kim uni tebratmaydi, alla ham aytmas.
Shamol goho atrofini supurib qo’yar,
Onasi ham qayga ketgan, oldiga qaytmas.
Ko’z oldingda yastanadi oppoq dalalar,
Teraklarmi, momolarning urchug’idek bo’sh.
Qorda o’ynab yumalatar bolalar oyni,
Bir uh desang qotib qolar havoda tovush.
Samarqand qasidasi
1
Yulduzlar suzib ketar – osmon yoritqichlari,
Shahar maydoni bo’shar, yilt etgan yog’du inmas.
Dunyo yanchilib yotar vaqt tegirmonida
G’am-anduhlar uyumin hech adog’i ko’rinmas.
Ko’kka qarab cho’zilgan minoralar aslida
Tufroq ostida yotgan bobolarning qo’lidek.
Daraxtlar mung’aygan qilichlarini tashlab,
Qachondir asir tushgan suvoriy guruhidek.
Minoralar bir-birin yetaklab yurar bunda
Ko’ziga mil tortilgan bir to’da so’qirlardek.
Xayolot darasidan tinchingni buzib tunda
Adashgan xotiralar oqib kelar sellardek.
Sukunat qopqasini ko’tara olmas hech kim,
Darvozalar qulf go’yo, ochay desang ochilmas.
Shu shaharning ostida ko’milgan shahar bordek,
Borar yo’lni qayda deb so’rasang, birov bilmas.
2
Uyurlar dupuridan larzaga tushmas borliq,
Osmonning yelinidan tommaydi bir qatra sut.
Sharpalar, ko’lankalar, soyalarmi aylanar,
Bularni xotiradan quvlab bo’lmas yo unut.
Shamolning xurjunida almisoq tangalari,
Tunlari adashgandek aylanib yurar mangu.
Xurshid Davron sayr etar Samarqand xayolida,
Ariqlarda suv emas, qon oqqanmi, deydi u.
Tunda chiqqan soqchidek olislarda teraklar,
Moziy yo’liga qarab g’amga botib turgandek.
Tuyalarning karvoni ostonada to’xtagan,
Shaharning qaydaligin mutlaqo unutgandek.
Dahmalar atrofida g’imirlaydi arvohlar,
Tun zulmati quyulgan, atrof bo’m-bo’sh, kimsasiz.
Bir qora sharpa kezar aylanib ko’chalarda,
Ortiga qaytib ketar, qoldirmasdan yana iz.
3
Havoda qalqib turar asrlar kuyindisi,
Kuz oqshomin eslatib mezonlar yurar suzib.
Eskirgan tug’, yalovlar hilpiraydi havoda,
Po’panaklar, teginsang, ketar har tomon to’zib.
Tun oviga berilgan, yoyib bog’lar uzra to’r,
Soyalar ta’qib aylar, izingdan qolmas sira.
Qayga borsang, ergashar, haydasang, ketmas nari,
Tunda shamdek miltillar sen unutgan xotira.
Qaydandir elas-elas oqib kelar mungli kuy,
Sibizg’a nola aylab nimanidir yod etmish.
Qidirib yurgan bilan izlaganing topilmas,
Bilasan, allaqachon bari yo’qlikka ketmish.
Oftobda yaltiragan kunguralar, gumbazlar,
Madrasalar ayvoni ajib holatga cho’mmish.
Talabalar lavhida qotib qolgan mangulik,
Osmonning varag’idan sirli bir harf tommish.
4
Ko’kda yaraqlab turgan hilol dilga botadi,
Toshtobut, sag’analar ajib suratdek qotgan.
Ko’rgin, charx ne aylagan, yozug’iga ne bitmish,
Bunda ulug’ xonzoda, mirzolar orom topgan.
Maqbarada amirning abadiy taxtravoni,
Gumbazlarning naqshini g’am suvlari qotirgan.
Ey falak, ne dunyo bu og’a-ini shahzoda
Qo’llarini bir-birin qonlariga botirgan.
Sohibqiron bog’larin o’raydi qorong’ulik,
Qani u shonu shavkat, dunyoga dovruq solmoq?
Bog’larni egallagan ajib xazonrezgilik,
Endi og’ir ularni eslamoq, yodga olmoq?
Suvlarga oqib ketar shahzodalar beshigi,
Sarbozlar tun paytida bildirmay tashlayotir.
Daryoning qirg’og’ida malikalar jonhalak,
Tuta olmay beshigin ko’zlarin yoshlayotir.
5
Oldingi shoirlardek maqtovni ham bilmayman,
Qaygadir ketmoqchidek minoralar qimirlar.
Osmonni kafanlikdek yopinib olgan go’yo
Bir yonda Bibixonim, bir yon Go’ri Amirlar.
Yurakka botib yotgan xanjarni sug’urayin,
Dahmalar atrofida girya tortgan giyohlar.
Shoh taxtin ko’raylik deb bir-birini qo’ltiqlab,
Jahongir saroyiga kirib chiqar sayyohlar.
Oydinlik. Bu dunyoga etagini silkigan
Chokardiza bag’rida avliyolar yotar jim.
Chorlasam suzib chiqar sukunat ummonidan
Bo’m-bo’sh qayiqlar ana. Oldimga kelmas hech kim?
O’, shahri azim deyman, bobo ruhlar makoni,
Urho-ur qilichlarning jarangi tingan bunda.
Nayzalar sinib tushgan, sovutlar suvda suzar,
Zanjirband Samarqandni olib ketishar tunda.
Arg’amchi yo’l
Harsangtoshlar yorildi, ichinda gul-lolalar,
Falak mayini suzar tomizib subh yoshini.
Shamol kayfi oshgandek lolazorni oralar,
Yerga tashlab sindirar piyolalar bo’shini.
Arg’amchi, yo arg’amchi,
Hayot bu achchiq qamchi.
Hali tatib ko’rmadim,
Endi tatib ko’rsam-chi?
Qara, cho’zilib ketgan oxiratga qadar yo’l,
Qopin ko’tarib o’tar odamlar qator-qator.
Boshlar uzra aylanib dahri dun tegirmoni
Kimgadir baxt ulashar, kimgadir qayg’u sotar.
Arg’amchi, yo arg’amchi,
Dunyo ayyor do’konchi.
Sharbat uzatar, unda
Ilon zahri – bir tomchi.
Tuyalarning karvoni tizilmish biyobonda,
Taxtiravonda suluv ochmaydi jamolini.
Qaroqchilar qilichin qayrab chiqadi yo’lda,
Sarbonni asir aylab, talar karvon molini.
Arg’amchi, yo arg’amchi,
Bu dunyosi aldamchi.
Bu dunyoni deganning
Doim oshig’i olchi.
G’amtovoqqa suzsam osh, dilni aylay dasturxon,
Non kabi ushatsam-chi bu olam jafosini.
Ochunni keza-keza dur-gavhardek yig’ayin
Yusuf Xos Hojib bo’lib topganda vafosini.
Arg’amchi, yo arg’amchi,
Zuvillab bir aylan-chi.
Qara, yo’lda kim borar,
G’am tortar tegirmonchi.
Bu olam qadahiga tashlab qo’yilgandek oy,
Tunda toshib yulduzlar birma-bir tomchilaydi.
Oy suzib yurar mangu, qadah tubiga cho’kmas,
Momolar oyga qarab yuzlarini silaydi.
Galagov haydayotgan
Sho’rpeshana xirmonchi.
Ey falak, chanqayapman,
Sharobingdan quysang-chi?
Loyhushtak topib oldim, qarayman yosh boladek,
Unda ne sinoat bor, qandayin savtu navo?
Chalsam ne deb so’ylar u, havasim oshayotir,
Nafasimni rostlayin, ichimga yutay havo.
O’lan aytib dilimni
Xufton qilma o’lanchi.
Cholg’u-soz ko’targan kim
Bu dunyoni aylan-chi?
Oldinda oqar daryo, yov quvlab kelayotir,
Suv tomon yurib bo’lmas, ortga esa burilib.
Daryodan o’tayotgan payg’ambarning qavmiga
Daryo yo’l berarmikan ikki tomon surilib?
Ota-bobong kim deya
Mendan so’rasa sinchi.
Chin dunyoni qidirib,
Yo’lga chiqqan ko’chmanchi.
2012 yil