Мана, кеча шом маҳалида яна радиога қулоқ тутдим. Беш-олти сония жингалак-жингалак бир куй нағма қилиб тиндию хушторига дилдорлик қилаётган дўндиқнинг ғамзали оҳангида сухандон қиз тингловчиларни эркалаб-аллалаб, “дастури”ни бошлаб юборди.
Зуҳриддин Исомиддинов
“ДОНИШМАНДЛАРДАН БИРИ…”
Зуҳриддин Исомиддинов — адабиётшунос олим,публицист, филология фанлари номзоди. Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси директори бўлиб ишлаган. Бугун Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона нодир қўлёзмалар бўлими мудири. Унинг миллий тарих, жаҳон ва ўзбек адабиёти, ўзбек адабий тили, жамият ва инсон муаммоларига бағишланган кўплаб публицистик мақолалари, бадиий эсселари эълон қилинган. Бир неча тўпламлар муаллифи.
Санаторийдаман. Бу курорту санаторий деганлари зерикарли жой, азизлар. Хусусан, ёшинг ўтиброқ қолиб, диққинафасликни ёзишнинг бирдан-бир чораси сифатида кафтдеккина радиога кунинг қолган бўлса, жуда билинаркан. Ҳали у қулоғини бурайсан радиони, ҳали бу қулоғини. “Ўзбекистон”, “Машъал”, “Пойтахт” каналларига тушиб қолсангизу хўбу-хўб. Лекин эндиликда радиоэфир деганлари ҳам бисёр.
Мана, кеча шом маҳалида яна радиога қулоқ тутдим. Беш-олти сония жингалак-жингалак бир куй нағма қилиб тиндию хушторига дилдорлик қилаётган дўндиқнинг ғамзали оҳангида сухандон қиз тингловчиларни эркалаб-аллалаб, “дастури”ни бошлаб юборди.
Қизгина тушмагур малоҳатли овозидан ташқари, хийла билимдон ҳамми дейман, бир маҳал “Донишмандлардан бири умид ва яхши кунга ишонч – бахт, ноумидлик эса бахтсизликдир”, деб айтган эди, шундай экан, келинг, азизлар…” дея ҳаммамизни некбин бўлишга чорлади. Битта дилрабо қўшиқ эшитиш эса бунинг энг ажойиб воситаси экан.
Ашулани эшитяпману “Қайси донишманд шунақа деб айтувди”, деб ўйлайман: Ғарб философими ё ўзимизнинг Шарқ алломаларидан бўлсамикин, Пифагор, Тагор… эҳтимол Суқрот ё Афлотундир. Ўйлаб-ўйлаб, ожизлигимга иқрор бўлдим. Донишманд деганлари ҳам кўп ўтган-да бу дунёда!
Бу орада яна икки-уч қўшиқни тақдим этиб, бир коллеж ўқитувчиси билан силлиққина суҳбатлашгач, бошловчи қиз “дастур ўз ниҳоясига етгани”ни таассуф билан эълон қилди, эртага шу маҳал эфир тўлқинларида биз билан яна учрашишга ваъда берди, навбатни яна бир дастур бошловчи бўлмиш дугонаси фалончига ошираркан, бошқа каналга ўтиб кетмаслигимизни ўтинди ва студияни энг сўнгги дилбар тарона садолари остида рақсга туша-туша тарк этажагини билдирди. Негаки… “бир донишманд “ҳар бир хайрлашув эртанги дийдор кўришишнинг дебочаси”, деб айтган экан.
Рақсбоп мусиқа ҳам ўтиб, ваъда қилинган янги бошловчи қиз “Авваламбор, ассалому алайкум дейман, азизлар” дея эфирга кириб келди. Ашула-пашула қўйиб оҳанжама қилиб ўтирмай, дарҳол “Бир донишманднинг айтишича, қалби тоза инсонлар соғлом ва ақлли бўлишади”, дея, сиҳат-саломатлик ҳақида лутф қилишга тушди.
Билсак, соғ бўлишда гап кўп экан, унга эса, бир талай омиллар қатори, яхши куй-қўшиқ тинглаш ҳам сабаб бўларкан. Чунки, донишмандлардан бири “куй ва ашула – инсон қалбининг энг ажойиб таржимонидир, ҳеч нарса кўнгил кечинмаларини мусиқа ва ашула сингари теран англатишга қодир эмас”, деб лутф қилган экан.
Садағаси кетай бу донишмандларнинг! Ғарчча мойдай ҳикматларини қаранг! Ҳар қандай мавзуда шпаргалкадай тап-тайёр гаплари бор. Диктор-сухандон-бошловчи “Дунёдаги энг катта санъат – аёлни тушуниш”, деган эди бир донишманд”, дейди-да, аёл ва севгига оид исталган қўшиққа навбат бераверади. Фақат бир хижолатлик томони – замоннинг тезкорлигидан бўлсамикин, худди Аргентина ва Мексика сериалларининг қаҳрамонлари сингари бу радиобошловчиларнинг хотираси чатоқ: донишмандлар нима деганини сўзма-сўз ёд билганлари ҳолда, эсларига уларнинг номи кела қолмайди! Ноилож, худди “номаълум аскар” деганлари каби мавҳум қилиб “донишмандлардан бири” деб, ёки бу авранинг астар томонидан тутиб, “бир донишманд” деб қутулишга тўғри келади.
Хўш, нега булар шунча панду ҳикматни жуда муфассал, ғирт адабий шаклда қайта тиклаганлари ҳолда, мунақа ажойиб гапларни ким айтганини эслашга келганда… хотиралари “ўчиб” қолади? Ғалатироқ, а!
Ҳозир эса бир талай газеталарда, журналларда ва ҳатто китобларда ҳам муаллифи “бир донишманд” деб кўрсатиладиган, аслида донишу ҳикматдан кўп йироқ, чучмал парчалар иқтибос сифатида қўштирноққа олиб тақдим этилаверадиган бўлиб қолди.
…Шу гапларни қоғозга тушириб ўтирар эканман, “Ёшлар” радиоканалида шакаргуфторлик қилаётган қизгина “Бир дононинг айтишича, кимки ўзига ишонса, у кўп нарсага лаёқатли бўлиб чиқади”, дея янги ҳикматни армуғон этди. Маладес, дедим. Аммо кўп нарсага лаёқатли, ўзига ишончи зўр бу қизга ҳам хотираси қурғур панд берди – икки пулга қиммат шундоқ ажойиб ҳикматни қайси “доно” айтганини эслай олмагани сабабли, “узумини енгу боғини сўраманг” қабилида иш тутди. Эвоҳ, дедим, ҳар кимнинг чўнтагидан тушиб қолган жўн, доноликдан нарироқдаги гапни минг ўраб-чирмаб, нақ “донишмандларнинг пири айтган”, деб қасам ичсангиз ҳам жумланинг маъноси теранлашиб қолмас экан.
Санаторий йўлланмасининг муддати ҳам тугай деб қолди. Дам олганга нима етсин, зеҳнинг ўткирлашиб, ақлинг ҳам тиниқлашиб кетар экан. Шунданми, дейман (биров эшитмаяптими?), каминанинг калласида бир фикр ўралашиб юрибди. Ҳозир нима кўп, радиоканал кўп. Ҳар бир каналда ҳар ярим соат-бир соатда янги бир бошловчи эфирга чиқиб келиб, уч-тўртта “бир дононинг айтишича” билан “дастур”ини безайди. Уёқда десангиз, газета-журнал каби нашрлар ҳам бисёр. Демак, ана шунақа “бир донишманд” айтган гапларга эҳтиёж ошгандан-ошадики, камаймайди. Шунга, дейман, бир устахона очсам, ана шунақа ялтир-юлтир гапларни патиллатиб ёзиб, дастур ижодкорларига пуллай берсам. Бир ёқдан, улар шунақа гапларни ўйлаб топиш ташвишидан қутулади, қолаверса, биз ҳам бирон нималик бўпқолармиз. Албатта, янгилари қимматроқ кетади, ишлатилиб сийқа бўлган, қуйқа бўлганларини эса арзон бериб юбораман. Қалай?
Нима, “маъноли, рисоладагидай гапни ёзиш кўпам қийинмас, аммо маза-матраси йўқ, шалдир-шулдир жумла тўқиш эса ҳар кимнинг қўлидан келавермайди, минг уринсангиз ҳам унақасини ёзиш мушкул-ку?”, деб сўраяпсизми? Йўқ, биродар, сиз ҳам менга ўхшаб бир ҳафта-ўн кун камида йигирматадан “дастур” тинглаб, “донишмандлардан бири” айтган ғалати-ғалати гапларни уқа берсангиз, сал ўтмай, ўзингиз ҳам бинойидай “донолар сўзи” ёзворадиган бўлиб қоласиз-да, ҳали олдимга ҳам келасиз, “Ака, мени ўзингизга зам қилиб хусусий корхонангизга ишга олсангиз”, деб.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 38-сон
Zuhriddin Isomiddinov
“DONISHMANDLARDAN BIRI…”
Zuhriddin Isomiddinov — adabiyotshunos olim,publitsist, filologiya fanlari nomzodi. O’zbekiston Respublikasi Milliy kitob palatasi direktori bo’lib ishlagan. Bugun Alisher Navoiy nomidagi milliy kutubxona nodir qo’lyozmalar bo’limi mudiri. Uning milliy tarix, jahon va o’zbek adabiyoti, o’zbek adabiy tili, jamiyat va inson muammolariga bag’ishlangan ko’plab publitsistik maqolalari, badiiy esselari e’lon qilingan. Bir necha to’plamlar muallifi.
Sanatoriydaman. Bu kurortu sanatoriy deganlari zerikarli joy, azizlar. Xususan, yoshing o‘tibroq qolib, diqqinafaslikni yozishning birdan-bir chorasi sifatida kaftdekkina radioga kuning qolgan bo‘lsa, juda bilinarkan. Hali u qulog‘ini buraysan radioni, hali bu qulog‘ini. “O‘zbekiston”, “Mash’al”, “Poytaxt” kanallariga tushib qolsangizu xo‘bu-xo‘b. Lekin endilikda radioefir deganlari ham bisyor.
Mana, kecha shom mahalida yana radioga quloq tutdim. Besh-olti soniya jingalak-jingalak bir kuy nag‘ma qilib tindiyu xushtoriga dildorlik qilayotgan do‘ndiqning g‘amzali ohangida suxandon qiz tinglovchilarni erkalab-allalab, “dasturi”ni boshlab yubordi.
Qizgina tushmagur malohatli ovozidan tashqari, xiyla bilimdon hammi deyman, bir mahal “Donishmandlardan biri umid va yaxshi kunga ishonch – baxt, noumidlik esa baxtsizlikdir”, deb aytgan edi, shunday ekan, keling, azizlar…” deya hammamizni nekbin bo‘lishga chorladi. Bitta dilrabo qo‘shiq eshitish esa buning eng ajoyib vositasi ekan.
Ashulani eshityapmanu “Qaysi donishmand shunaqa deb aytuvdi”, deb o‘ylayman: G‘arb filosofimi yo o‘zimizning Sharq allomalaridan bo‘lsamikin, Pifagor, Tagor… ehtimol Suqrot yo Aflotundir. O‘ylab-o‘ylab, ojizligimga iqror bo‘ldim. Donishmand deganlari ham ko‘p o‘tgan-da bu dunyoda!
Bu orada yana ikki-uch qo‘shiqni taqdim etib, bir kollej o‘qituvchisi bilan silliqqina suhbatlashgach, boshlovchi qiz “dastur o‘z nihoyasiga yetgani”ni taassuf bilan e’lon qildi, ertaga shu mahal efir to‘lqinlarida biz bilan yana uchrashishga va’da berdi, navbatni yana bir dastur boshlovchi bo‘lmish dugonasi falonchiga oshirarkan, boshqa kanalga o‘tib ketmasligimizni o‘tindi va studiyani eng so‘nggi dilbar tarona sadolari ostida raqsga tusha-tusha tark etajagini bildirdi. Negaki… “bir donishmand “har bir xayrlashuv ertangi diydor ko‘rishishning debochasi”, deb aytgan ekan.
Raqsbop musiqa ham o‘tib, va’da qilingan yangi boshlovchi qiz “Avvalambor, assalomu alaykum deyman, azizlar” deya efirga kirib keldi. Ashula-pashula qo‘yib ohanjama qilib o‘tirmay, darhol “Bir donishmandning aytishicha, qalbi toza insonlar sog‘lom va aqlli bo‘lishadi”, deya, sihat-salomatlik haqida lutf qilishga tushdi.
Bilsak, sog‘ bo‘lishda gap ko‘p ekan, unga esa, bir talay omillar qatori, yaxshi kuy-qo‘shiq tinglash ham sabab bo‘larkan. Chunki, donishmandlardan biri “kuy va ashula – inson qalbining eng ajoyib tarjimonidir, hech narsa ko‘ngil kechinmalarini musiqa va ashula singari teran anglatishga qodir emas”, deb lutf qilgan ekan.
Sadag‘asi ketay bu donishmandlarning! G‘archcha moyday hikmatlarini qarang! Har qanday mavzuda shpargalkaday tap-tayyor gaplari bor. Diktor-suxandon-boshlovchi “Dunyodagi eng katta san’at – ayolni tushunish”, degan edi bir donishmand”, deydi-da, ayol va sevgiga oid istalgan qo‘shiqqa navbat beraveradi. Faqat bir xijolatlik tomoni – zamonning tezkorligidan bo‘lsamikin, xuddi Argentina va Meksika seriallarining qahramonlari singari bu radioboshlovchilarning xotirasi chatoq: donishmandlar nima deganini so‘zma-so‘z yod bilganlari holda, eslariga ularning nomi kela qolmaydi! Noiloj, xuddi “noma’lum askar” deganlari kabi mavhum qilib “donishmandlardan biri” deb, yoki bu avraning astar tomonidan tutib, “bir donishmand” deb qutulishga to‘g‘ri keladi.
Xo‘sh, nega bular shuncha pandu hikmatni juda mufassal, g‘irt adabiy shaklda qayta tiklaganlari holda, munaqa ajoyib gaplarni kim aytganini eslashga kelganda… xotiralari “o‘chib” qoladi? G‘alatiroq, a!
Hozir esa bir talay gazetalarda, jurnallarda va hatto kitoblarda ham muallifi “bir donishmand” deb ko‘rsatiladigan, aslida donishu hikmatdan ko‘p yiroq, chuchmal parchalar iqtibos sifatida qo‘shtirnoqqa olib taqdim etilaveradigan bo‘lib qoldi.
…Shu gaplarni qog‘ozga tushirib o‘tirar ekanman, “Yoshlar” radiokanalida shakarguftorlik qilayotgan qizgina “Bir dononing aytishicha, kimki o‘ziga ishonsa, u ko‘p narsaga layoqatli bo‘lib chiqadi”, deya yangi hikmatni armug‘on etdi. Malades, dedim. Ammo ko‘p narsaga layoqatli, o‘ziga ishonchi zo‘r bu qizga ham xotirasi qurg‘ur pand berdi – ikki pulga qimmat shundoq ajoyib hikmatni qaysi “dono” aytganini eslay olmagani sababli, “uzumini yengu bog‘ini so‘ramang” qabilida ish tutdi. Evoh, dedim, har kimning cho‘ntagidan tushib qolgan jo‘n, donolikdan nariroqdagi gapni ming o‘rab-chirmab, naq “donishmandlarning piri aytgan”, deb qasam ichsangiz ham jumlaning ma’nosi teranlashib qolmas ekan.
Sanatoriy yo‘llanmasining muddati ham tugay deb qoldi. Dam olganga nima yetsin, zehning o‘tkirlashib, aqling ham tiniqlashib ketar ekan. Shundanmi, deyman (birov eshitmayaptimi?), kaminaning kallasida bir fikr o‘ralashib yuribdi. Hozir nima ko‘p, radiokanal ko‘p. Har bir kanalda har yarim soat-bir soatda yangi bir boshlovchi efirga chiqib kelib, uch-to‘rtta “bir dononing aytishicha” bilan “dastur”ini bezaydi. Uyoqda desangiz, gazeta-jurnal kabi nashrlar ham bisyor. Demak, ana shunaqa “bir donishmand” aytgan gaplarga ehtiyoj oshgandan-oshadiki, kamaymaydi. Shunga, deyman, bir ustaxona ochsam, ana shunaqa yaltir-yultir gaplarni patillatib yozib, dastur ijodkorlariga pullay bersam. Bir yoqdan, ular shunaqa gaplarni o‘ylab topish tashvishidan qutuladi, qolaversa, biz ham biron nimalik bo‘pqolarmiz. Albatta, yangilari qimmatroq ketadi, ishlatilib siyqa bo‘lgan, quyqa bo‘lganlarini esa arzon berib yuboraman. Qalay?
Nima, “ma’noli, risoladagiday gapni yozish ko‘pam qiyinmas, ammo maza-matrasi yo‘q, shaldir-shuldir jumla to‘qish esa har kimning qo‘lidan kelavermaydi, ming urinsangiz ham unaqasini yozish mushkul-ku?”, deb so‘rayapsizmi? Yo‘q, birodar, siz ham menga o‘xshab bir hafta-o‘n kun kamida yigirmatadan “dastur” tinglab, “donishmandlardan biri” aytgan g‘alati-g‘alati gaplarni uqa bersangiz, sal o‘tmay, o‘zingiz ham binoyiday “donolar so‘zi” yozvoradigan bo‘lib qolasiz-da, hali oldimga ham kelasiz, “Aka, meni o‘zingizga zam qilib xususiy korxonangizga ishga olsangiz”, deb.
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil, 38-son
Зуҳриддин Исомиддиновнинг теша тегмаган мавзулари ёш ижодкорларни мушоҳадага чорлайди. Ушбу мақолани тақдим этган мазкур сайт ижодкорларига миннатдорчилик изҳор этамиз. Мана шундай сермазмун мақолалар, бадиалар кутиб қоламиз.
«Уч илдиз» маҳорат мактаби.
Зуҳриддин аканинг фикрларига бу гал ҳам Қўқоннинг аччиқ қалампиридан қўшилибди. Умуман олганда, фикрлари юз фоиз ўринли. Лекин бошловчиларнинг дипломига-ю лаёқатига, сўз бойлиги-ю қанча китоб ўқиганига ким қарайди ҳозир? Афсуски, радио «кўрсатмайди». Агар бу «ажойибот»да шу имконият бўлганда, муҳтарам муаллифимиз ҳаммасини тушуниб олган бўлардилар…
«Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин». Буни донишмандлардан бири эмас, жайдари халқ айтган… (Гулноз)