Pahlavon Mahmud. Dard eski qadrdonu, darmon — yangi…Ruboiylar. Matnazar Abdulhakim tarjimalari

033   Атоқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг Паҳлавон Маҳмудга ихлос қўйишига асосий сабаблардан бири , шоирнинг Полвонпир каби полвон , ёшлигида кураш бўйича республика чемпиони, спорт устаси бўлганлигидир эҳтимол.Қолаверса, Матназар аканинг юксак иқтидори ҳам Паҳлавон Маҳмуд билан руҳан яқинликка сабабчи бўлгандир.Шунинг учун ҳам форсий тилни эгаллаган Матназар Абдулҳаким Қитолий рубоийлари таржимасига қўл урганди.Бундан ташқари Матназар ака суҳбатлари чоғида кўпинча Паҳлавон Маҳмуд шеъриятидан, ҳаётидан мисоллар келтирар эдилар.

ПАҲЛАВОН МАҲМУД РУБОИЙЛАРИ
ВА ТАРЖИМАСИ ХУСУСИДА

Умид Бекмуҳаммад
06

   Хоразмда Паҳлавон Маҳмуд ( 1247-1326) дек донг қозонган полвон, моҳир пўстиндўз, файласуф шоирни Полвонпир дея ҳанузгача улуғлашади, эъзозлашади.Ичан-Қаъладаги унинг қабри устига барпо этилган мақбара ана шу эъзознинг ўзига хос намунаси.Гарчи оддий инсонлар унинг нафис шеъриятини, жавонмардийлик тариқатининг йирик намоёндаси эканлигини тўла англамаган бўлсаларда, полвонлиги билан боғлиқ ривоятларни яхши билишади. Паҳлавон Маҳмуд “Қитолий” тахаллуси билан девон битганлиги, “Канз-ул ҳақойиқ” номли маснавий асари мавжудлиги тўғрисида нуфузли манбалардан маълум. Шоирнинг тўрт юз элликтача рубоийси бизга қадар етиб келган. Рубоийларда инсоний фазилатлар шарофати билан Ҳаққа етиш таълимоти – жавонмардийлик ғоялари тараннум этилади. Бу рубоийлар жавонмардийлик сулукига оид бошқа ёзма обидалар сингари, ўзига хос ҳаёт қомуси, тирикчилик дастуриламаллари, илоҳий ва инсоний туйғулар мусаффолиги заруратининг тарғиботномаларидир.

04Атоқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг Паҳлавон Маҳмудга ихлос қўйишига асосий сабаблардан бири , шоирнинг Полвонпир каби полвон , ёшлигида кураш бўйича республика чемпиони, спорт устаси бўлганлигидир эҳтимол.Қолаверса, Матназар аканинг юксак иқтидори ҳам Паҳлавон Маҳмуд билан руҳан яқинликка сабабчи бўлгандир.Шунинг учун ҳам форсий тилни эгаллаган Матназар Абдулҳаким Қитолий рубоийлари таржимасига қўл урганди.Бундан ташқари Матназар ака суҳбатлари чоғида кўпинча Паҳлавон Маҳмуд шеъриятидан, ҳаётидан мисоллар келтирар эдилар.

Полвонпирга ихлос боис ҳам Матназар Абдулҳаким Яҳё Ғуломов,Тўхтасин Жалолов, Ҳамиджон Ҳомидийлар анъанасини давом этдириб, шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилди, тарғиб этди.
“Табаррук ташриф”, “Ким агар озоддир” тўпламларига Қитолий рубойиларидан 332 тасини жамлаган бўлса, “Иймон туҳфаси”, “Тафаккур чорраҳаларида” тадқиқот китобларида шоир шеърларини илмий жиҳатдан талқин қилганди.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган рубоийлар юқоридаги тўпламларга киритилмаган, ҳали шу пайтгача бирон таржимоннинг қўли тегмаган шеърият дурдоналаридир.Ушбу рубоийлар Хивадаги Ичан Қаъла Давлат музей қўриқхонасида сақланаётган мажмуа асосида ўгирилганди.

Тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов фикрларига кўра, “Ичан қаъладаги бу мажмуа, айрим манбаларда таъкидланганидек, Хива хони Ферузхоннинг ўз қўли билан кўчирилган дея тахмин қилинади.Матназар Абдулҳакимнинг саъйи-ҳаракати, интилиш ва ихлоси боис машаққатли меҳнат якунига етказилади-Қитолий ижод намуналари ўзбекчага ўзига хос тарзда таржима этилади”.
Шарқшунос Абдулла Аҳмедовнинг айтишича, “Рубоийларда Матназар Абдулҳакимга хос таржима юзага келгани яққол кўриниб турибди.Унда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг оташин мисраларидаги муборак оҳанглар ўқувчининг юрагида садо бериши шубҳасиз.Буларнинг бари таржимоннинг форсийни чуқур эгаллаганини кўрсатади”.

Ўйлаймизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг Матназар Абдулҳаким томонидан қилинган янги таржимаси сизга ҳам манзур бўлади.

044
ПАҲЛАВОН МАҲМУД
ДАРД ЭСКИ ҚАДРДОНУ ДАРМОН -ЯНГИ
Форсчадан Матназар Абдулҳаким таржималари
06

***
Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи,
Бир-бир бари дўст ер тубига кетмоқчи.
Чарх қоидаси шу бўлса, эрта-индин,
Бир-бир келибон бизга-да гал етмоқчи.

***
Дарвеш ҳамиша подшоҳдан , ки, йироқ,
Қанча йироқ, шунчалар у дарвешроқ.
Кўп хавфли, ки, деворга тушган раҳна,
Тушса у дилга, яна ҳам хавфли, бироқ.

***
Мен софи жаҳонман, осмон-ҳаққа йўлим,
Юлдузларни гуҳар деб, очгум, ки, қўлим.
Риндона ўлим янгилик эрмас, чунким,
Икки жаҳон-қимор, ютуқдир шу ўлим.

***
Кўп дур тўкасан, бунга жаҳон саҳни тор,
Дарёдек очиқ десам қўлинг, қилгунг ор.
Файзинг қошида ғариб эрур уммонлар,
Кашкул каби дурлар тўка олмай зинҳор.

***
Лутфингни сенинг, ки, пойладим мен юз йил,
Сирингни юракка жойладим мен юз йил.
Қоғозда дур каби лабим ичра сўзинг,
Тиш остинда сени авайладим мен юз йил.

***
Тожлар эгилиб саждага, қуллуқ айтгай,
Бошқа бари йўлдан, ки оёқ бош тортгай.
Истаб сени диллар келадур иймонға,
Ғурбатзадалар мисли ватанга қайтғай.

***
Дардинг-ки юракда сирли нурга айланур,
Боғингдаги ҳар барг бир умрга айланур.
Сийнамдаги сафҳамга ёзарканман фол,
Қўлда қалам куйиб кўмирга айланур.

***
Маҳшаргача давринг, ки, бақо топмоқда,
Мангу умрни мутлақо топмоқда.
Сен ёққа юзин қаратмас ҳеч нодонлар,
Сендек яна қибла гўиё топмоқда.

***
Оҳ, энди не наф, ки, вақти таҳсил ўтди,
Гоҳ у чақин, гоҳ у бўлиб ел ўтди.
Таҳсил савобисиз ҳаётим ўйлаб,
Бир ҳафта ики кўзимдан, оҳ, сел, ўтди.

***
Ҳар қанча узоқ бўлса-да қутлуғ манзил,
Сен бирла ҳаёт эрур у беҳишт-маҳфил.
Кўзлардаги пардани кўтар эй ғофил,
Манзил-ку йироқ, унга яқиндир дил, бил.

***
Етказмади наф бизга агар нақлимиз, оҳ,
Дур эзамиз тош ила ва ҳақлимиз, оҳ.
Дилларга заҳар сочди бириккан тиллар,
Шу боис, ахир, кирди бироз ақлимиз, оҳ.

***
Бизлар-ку алам тузоғидан озодмиз,
Ғам еб бу кўнгил тўқ ва шу боис шодмиз,
Ҳушёрлик ҳиди ва рангини билмасдан,
Чун наргиси мор-масти модарзодмиз.

***
Йиғлаб кеча пок сийна бўлибман, дўстлар,
Беғашу бекина бўлибман, дўстлар.
Кўзёш ювибон кўнгилда бор кир-чирни,
Охири ойина бўлибман, дўстлар.

***
Ишқ даштида оҳларга муносиб бўлдик,
Ишқ аҳдини боғларга муносиб бўлдик.
Ташладигу нигоҳ, кўриб покларни,
Бизлар-да нигоҳларга муносиб бўлдик.

***
Мангу бу оламда, қани ким, бўламиз,
Бир лаҳза отиб тонг каби, таслим бўламиз.
На атру, на ранг. На завқ қолмайди абад,
Янграймизу бир, жим бўламиз..жим бўламиз.
***
Мағфиртангки, чун, хуш оҳанг бўлди,
Жондан уялди бу юрак, танг бўлди.
Барча гуноҳларим юкин ортмоққа,
Тавба отим оёқлари ланг бўлди.
***
Зикрингда кўнгил кўнгиллар фарзонасидир,
Ҳар сўз бу-калом гулшанининг шонасидир.
Лаблар ва тилим мисли зикр доираси,
Бир-ики тиш тасбеҳнинг донасидир.

***
Келгил, сени, бандам, не учун рад қилғум,
Давлат берибон уммати Аҳмад қилғум,
Рост йўлга равон бўл, сени раҳмат қилғум,
Пок ниятинг айт, қабул албат қилғум.

***
Ўз мулкида пойидор нур сочғучи сен,
Ғофил дилидан айни саҳар қочғучи сен,
Қилғил бари мушкулим кушод, ҳолим танг,
Қайдаки берк эшик, барин очғучи сен.
***
Ўт, сув, ҳаво, тупроқ ила имдод этдинг,
Ғам қаърига ташладинг, ишим дод этдинг,
Зор айламасин мени ўзингдан ўзга,
Қудрат бер ўзинг, ўзинг, ки, бунёд этдинг.

***
Эй,эшигинг тупроғи бир олтин тож,
Тожингга бўлиб сенинг бари шоҳ муҳтож.
Тулпоринг уза хабарчи бир Жабройил,
Бундан яна юксалиб муборак меърож.

***
Келди хатинг учиб, юрар пок бўлди,
Қон йиғлади кўзлар бари, ғамнок бўлди.
Бўлмаса гар шафеъ Муҳаммад дасти,
Бил, барча ниқоблар бари чок-чок бўлди.

***
Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил,
Мушкул барини қошимда сен осон қил.
Шодман, ки, бугун.Эрта не қилсанг ёзғут,
Ундан-да тағин улуш бериб, шодмон қил.

***
Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим,
Бермайди менга омон менинг аҳволим.
Эй, хожа хабар олмасанг аҳволимдан,
Тобора ёмон-ёмон менинг аҳволим.

***
Минг дард чекибон, қадди камонинг менман,
Парвона сифат фидойи жонинг менман.
Гар бўлмаса васлинг, оҳ, муяссар, жоним,
Пойингда қолиб, ранги сомонинг менман.

***
Чун, ойни хира қилғучи тобонинг бор,
Гулзор ила баҳс этар гулистонинг бор.
Бир лаҳза ҳаялламай совут тешгувчи,
Ҳар биттаси бир найза, ки мужгонинг бор.

***
Каъба қора тоши дардларим дармони,
Йўқ Каъбага борган кишининг армони.
Гар қора тошингдан ўпич олсам ёр,
Айб этма, шудир, ахир, худо фармони.

***
Холлар, ки, кўрар ани юзингда банда,
Гуллардаги доғларни қилур шарманда.
Йўқ, йўқ! Бу гапим ғалат, у хол гул терган,
Занжи боласи Хўтандаги гулшанда.

***
Зулми итобларингдан кеч кўнглим учун,
Кўнглим ки тугун, сен уни еч кўнглим учун.
Мен кўнглинг учун ўзгага бермам кўнглим,
Сен ўзгага берма кўнгил ҳеч кўнглим учун.

***
Бердинг-ки қаноат, мис эдим, зар бўлдим,
Сўнг нури яқининг-ла мунаввар бўлдим.
Хўб куйди ёниб барча ғараз бир бошдан,
Холис яралишга мен муяссар бўлдим.

***
Ё раб! Карам эт, фаромушу хор бўлмай,
То ёру биродарга сира зор бўлмай.
Жой бердинг, ахир, беш-ўн кун остонангдан,
Мен бошқа эшикка ҳеч талабгор бўлмай.

***
Қилмишларим, оҳ, заҳри гуноҳ тоттирди,
Ҳам феъли бадим хижолат, оҳ , торттирди.
Файз бермакчи эди юракка қутлуғ олам,
Лекин бу юрак ўзи фасод орттирди.

***
Сидқимни умид этди Мустафо арабий,
Ҳам дилда муқим, худоё, чорёри набий.
Оҳ, қилмаки шарманда қиёматда мени,
Берганда ҳисоб сенга, шу-кўнглим талаби.

***
Ё рабки, расолатни Расулингга тайин,
Қилдингу, ой тўлишда ҳар лаҳза сайин.
Исёними охиратда қил икки бўлак,
Бирни Ҳасан айласин авф, бирини Ҳусайн.

***
Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам,
Сирри ниҳонларни, э, қилғучи рақам.
Қилганда жазо куни қаро номамни,
Айлама навмид, раҳмдил-ку қалам.

***
Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим,
Бегонадан ўзни сен халос айла, кўзим.
Ихлос ила остонами кел бир тонгда,
Бахт топмас эсанг, сўнг эътироз айла, кўзим.

***
Мулзамман, ахир, неъмати бисёр сендан,
Навмид эмасман ҳеч, ки, кирдор-сендан.
Ҳоҳла оловда ёқ мени, ҳоҳ лутф эт,
Мен сендану, жаннат сендан, нор сендан…

***
Ўлтирди кўзинг ҳам омий, ҳам олимни,
Боғлайди сочинг ҳам одил, ҳам золимни.
Бир кулганда лабинг, Каъба ила маъбаддан.
Айлайди халос ҳам ҳолиқ, ҳам солимни.

***
Ўлтирди кўзинг ҳам олимни, ҳам омийни,
Йўқ қилди сочинг не яхшилар номини.
Бир кулдию лаъл лабинг чиқарди ҳайдаб,
Узлатидан Боязид Бистомийни.

***
Оқшом чоғи ёр ётган эди уйқуда,
Ҳусн боғида гул тердим ширин туйғуда.
Тонг қушларини уйқусидан уйғотдим,
Қилдим кераг-ов шу ишни, оҳ, беҳуда!…

***
Дил ойина бўлиб етди юзи ойингга,
Етди тароқ зулфисумансойингга.
Оҳ, сурма бўлиб кўзингга етган хокман,
Ундан тўкилиб, тушсам эди пойингга.

***
Дунёни ҳамиша бевафо кўрмишман,
Ҳам ўзни ғарибликда адо кўрмишман.
Ҳар кимки жамъ этган эрса Қорун молин,
Маҳшар кунида ани гадо кўрмишман.

***
Шамшод қадинг заминга оро бўлғай,
Тим қора сочинг жаҳонда ғавғо бўлғай.
Маҳшар куни боқмаса қиё фаттонинг,
Бир-бир бари ел залил, расво бўлғай.

***
Олам бари ҳуснинг била, ёр, жонондир,
Ҳажрингда жаҳон завол, топиб гирёндир.
Қон тўкса, хунимни олмагум ҳеч кимдан,
Ошиқ бари қон тўкиб санго қурбондир.

***
Сен каби йўқ бўлак бир одил, Оллоҳ,
Бошқа азизни билмас, о, дил, Оллоҳ.
Тушди бошимга ғам, қўлимни тутгил,
Додим шуки, додимни қабул қил, Оллоҳ.

***
Қошимдан ўшал сарви хиромон кетди,
Кўзлардан оёқ остима кўп қон кетди.
Қошимга, келиб раҳми, ки, қайтмас эрса,
Айланг-ки ҳисоб, танимдаги жон кетди.

***
Кўрсатди юзин бамисли бир моҳ ҳамага,
Кулгичлари бирла қазди у чоҳ ҳамага.
Маст келдию мажлисга, қиё боқди секин,
Чектирди қиё қарашлари оҳ ҳамага.

***
Бил, барча нифоқ , чарх, кийнангда сенинг,
Жанжал барига сабаб хазийнангда сенинг.
Юлдуз бари қалбаки.Ёриб кўксинг оч,
Чин дурлар аён бўлғуси сийнангда сенинг.

***
Йўлингда асо-қуруқ таёқ, айт, не керак,
Йўлингда юрак юрар, оёқ, айт, не керак.
Ҳар қанча қоронғу бўлса-да ушбу йўл,
Иймон била равшан, ки, маёқ, айт, не керак.

***
Ҳасратли бу танда дард султон бўлди,
Дарёи аламга ғарқ ширин жон бўлди.
Ишқинг бу фалак, учиб юрак лочиндек,
Қўнмоққа илож топмади ҳеч, қон бўлди.

***
Май била мушки тар-лабин очганидир,
Ўйлаш уни-кўздан уйқунинг қочганидир.
Сут тўлган идиш чеҳраси, сабз хатти эса
Зулф илони сутга заҳар сочганидир.

***
Ошиқ бу юрак ёри вафодорсиз,
У бўлса, керак эмас шароби гулгун,
Умр ёри вафодорсиз ўтиб бормоқда,
Тутти хумори кўп.У-афюн…афюн…

***
Бўлгайми баҳор сўлим? Билиб бўлмас ҳеч!
Етгайми Унга қўлим? Билиб бўлмас ҳеч!
Бор умрини ухлаб ўтказибдур бахтим,
Уйқуми бу ўлим? Билиб бўлмас ҳеч!

***
Кўнглим уйи ҳар лаҳзада равшан у билан,
Бурро бу тилимда шавкату шаън у билан.
Яшнайди юрак баҳор бирлан у билан,
Ҳам бўлди кўнгил дашти-ки гулшан у билан.

***
Эй талх! Ширинликка нажотинг йўқ ҳеч!
Дилташнаману, оби ҳаётинг йўқ ҳеч!
Зотингда на фитна бор, на шўриш, ғавғо
Таъм мулкида бир тотли ижодинг йўқ ҳеч.

***
Икки кўзингда фитна, ёр, ухлаб ётар,
Икки сочингда икки дор ухлаб ётар.
Ноз-ишвалисан.Тилинг заҳар.Остинда-
Бўлганча шай уйғонишга мор ухлаб ётар.

***
Чеҳрангни ҳусн мулкида гул-гул қилдинг,
Сайратдингу бизни, маст булбул қилдинг.
Сочингни тугун-тугун қилиб, эй дилдор,
Сен парчаладинг, юракни чил-чил қилдинг.

***
Дурга тўлиқ макон бу май киштийси ,
Жаҳондаги жаҳон бу май киштийси.
Кўп хавфи хатарлидир бўлак киштийлар,
Хавфдаги омон…омон бу май киштийси.

***
Ҳақ раҳмати деб биларман сен ойимни,
Топмоқ тилагум дилингда ўз жойимни.
Шод этмасин, айт, нечун мени қошинг, ёр,
Кўнглимни биларсан, кўриб авзойимни.

***
Бир бахт, ки, бахти бериё сендандир,
Кўнглимки қоронғидур, зиё сендандир.
Содиқ дилу ,тоза меҳру ҳам лутфу қадим,
Бу барчаси биздану, дуо сендандир.

***
Ўртаб мени, денгизни жимирлатма , шамол,
Тинч сув бетидек топди анинг ҳусни камол.
Уммондаги сув парисимас ёр акси,
Ғойиб бўла кўрмасин-ки сувдан у жамол.

***
Бад нафсига тушдилар, ки, мук маккорлар
Ҳақ ишда егай ёзда ушук маккорлар,
Ҳақ шерлари қолди кетдилар саҳрода,
Лаззатда яшаб ўтар мушук маккорлар.

***
Эй нури чароғ мисли бу тақдир сеники,
Яхши дуо бирла бу таъсир сеники.
Оламни азиз номинг ила қилди баланд
Лутфи шаҳаншоҳи жаҳонгир сеники.

***
Ёлғон эса сўз маъниси, гулдек у сўлар,
Майга қадаҳ, маънига чин сўз тўлар.
Дилда худога бўлса ишқинг қанча
Кўнглингда сенинг шунча худо файзи бўлар.

***
Ком ила нокомни, чу, омухта қилиб,
Оламни ақлга жойладинг нуқта қилиб.
Инсон чала бир нусха эди сернуқсон,
Қилдинг-ку мукаммал сен уни пухта қилиб.

***
Сенга муҳаббатим дилимнинг нақши,
Кўп, мана, ихлос.Қаро шу, оқ-шу.
Дўстни безаб томоша қилмоқ бу-айб,
Қандай эса шундай уни кўрган яхши.

***
Шавқингда сенинг ҳамиша бетоқату тоб
Дил емай –ичмай туну кун бўлди хуноб,
Сенга фақат яқин бўлиш бу камдир,
Ташнага соҳилда сув ичмаслик-азоб.

***
Ёдинг-ла жаҳон арсаи тасхийр бўлсин,
Жавлонгаҳинг само билан ер бўлсин.
Зоҳир бу эрур қабза ва мазмун -шамшийр,
Дастингда жаҳон қабзаи шамшийр бўлсин.

***
Ҳар лаҳза алам, чу, рўзғорингга келур,
Мисли хазон ели баҳорингга келур,
Қанча тиниқ кўзгу ғуборингга келур,
Бор-йўқ неки бордир, йўғу борингга келур.

***
Боши-оёқ қаламману, ҳақ била мен,
Тинмай югуриб, маънига кирмоқ била мен.
Мизроб бу тилим бермаги-чун битта садо,
Минг-минг тиламан кўксими тирноқ ила мен.

***
Ёр кўчасинда дил ловиллаб ёнади,
Қонга жигар, жигарга қон чулғанади.
Кўзим куяди қопоқ оёғин артса,
Кўз кўрса уни, куйиб қопоқ тўлғанади.

***
Қадринг каби, юлдузларинг, эй, бунча баланд,
Сендаги мўйлар бари гўёки сипанд.
Ёв юлдузи куйгувси сипанд тухми каби,
Сенга бало йўлини чарх қилгувси банд.

***
Лаълинг қошида шаккару қанд касод бўлар,
Бўйнимда сочинг…энди каманд касод бўлар.
Чеҳрангни очиб гул каби сен зеб бердинг,
Ўтда куйиб, энди каманд касод бўлар.

***
Зулфинг-ки, нигор, чун, атри аттор бўлди,
Кўксингда нафас насийми гулзор бўлди.
Тўкдинг, ки, ёшинг, у мушки тотор бўлди,
Тан узра теринг адҳами булғор бўлди.

***
Ҳар киши, ўз бахтига шай, фахр этади,
Ҳақ файзи билан нолада най фахр этади.
Фахр этадир бахт гули ишқ боғи аро,
Қул-қул қилибон хумдаги май фахр этади.

***
Хом бу нафасни дилдаги доғ пишитар,
Хом мевани ёз бўйи, ахир, боғ пишитар.
Пишган, ки, сафолни хом етар кўз ёшим,
Оҳим эса хом сафолни-ки, оҳ , пишитар.

***
Қошингда сенинг лаъли Бадахшон инграр,
Ёқут тўладир қонга ва маржон инграр.
Инграйди хаттингни кўрибон нуқтаи хол,
Зулфингдаги хуш бўй ила райхон инграр.

***
Тийғ урдингу, кўзга қалқди ёқут жолам,
Ўт бердингу, ўрлади самога нолам.
Дардингни фақат менинг дилимга берма,
Ҳеч бўлмаса тенг ярмини чексин олам!

***
Эй, ки, ҳусн танлади руҳ, жисмингни,
Дўст ила душман тутиб, эй . измингни.
То қилди назар шоҳи жаҳонгийр сенга,
Жумла жаҳон алқади пок исмингни.

***
Бахт аҳли сахопешалигин қўймади ҳеч,
Ҳам аҳли ҳасад кўзларини ўймади ҳеч.
Ер эди-ю кўзлари оч кўпларни,
Оч кўзга ўзи ҳам ўхшади…тўймади ҳеч.

***
Ёдинг била, бил, ки, равшан андиша чироқ,
Нуринг била қилди ёғдулиқ пеша чироқ.
То гавҳари покингни фалакдан олдинг,
Қилди ани ўзига шиша чироқ.

***
Дилга на жо бир куни этгум? Билгум!
Қай Дажла бўлиб кўзимдан кетгум? Билгум!
Ўлмасдан аввал кирса бас ақлим.Бир кун
Қайси бир остонага етгум? Билгум!

***
Сен-ку йироқ.Қулоққа достон келди,
Қутлуғ нафасинг билан гулистон келди.
Ноз ўқини юз қадам наридан отдинг,
Жон кетдими билмадим ва ё жон келди?…

***
Узлатда бари фақр эли шодондирлар,
Ўзга бари эл ғофилу нодондирлар.
Чун тикса кўзин яхши-ёмонга ногоҳ,
Ҳар мижжаси жизғанак бўлиб қондирлар.

***
Қомато бутларинг сабаб дилда тугун,
Ишқ ҳусни ўзингдану ўзинг жилва бугун.
Кўйингдаги тупроқ тўтиё кўзларга,
Бошқаси бир шунчаки кукун.

***
Ит оғзида зан-мисли бароқ яхшидир,
Ул занга, ки, Балх, бизга Ироқ яхшидир.
Берма хотунга нон, либосдан ўзга,
Бермакчи эсанг, унда-талоқ яхшидир.

***
Кўнглим менинг, эй, умид атлас қилма,
Ҳам кўҳна либос кийишни ҳеч бас қилма.
Бўлмоқ тиласанг замонадан озод сен,
Ҳеч аҳли замонга зорлик арз қилма.

***
Гар аҳли вафони қилмаса рад мўъмин,
Чин мўъмин ўшал, бошқа бари-бад мўъмин.
Исо учиб кетди хиёнатлардан,
Сидқ аҳли учун келди Муҳаммад мўъмин.

***
Тупроқни ватан тутгувчи бир эр менман,
Ўлмак нима, билмай ўкраган шер менман.
Юз йил яшабон, бўлса-да бошим осмон,
Ер менман,..ер менман,…ер менман,…

***
Олисда туриб, дилга навобахшим-ўзинг,
Кўнглинда муҳаббат бир умр нақшим ўзинг.
Гарчандки ёмонлигим сабаб олиссан,
Барча ёмонлар ичра, эй, яхшим-ўзинг.

***
Сендан, ки, кўзим нури, йироқдек назарим,
Сенга муҳаббатимдан, эй, бехабарим.
Меҳринг азалу абадни етказди хабар
Эй, қош ила кўз каби яқин, мўътабарим.

***
Диллар бари меҳринг ила гулшан бўлди,
Диллар бари пойингдаги равзан бўлди.
Дунёда агар ёқилса бир шамъи умид,
Ул машъали бахтинг ила равшан бўлди.

***
Тоатда ики кўзим қароси чўғман,
Водии мағфиратда кўнглим тўқман.
Тавба ҳидин ҳидладиму, лекин ҳеч
Ул ўзи не-кўрган, эшитган йўқман.

***
Оҳ, эрта ғамин ебон, ки, мунг мунглабмиз,
Ҳар дамни дебон зар, жарангин тинглабмиз.
Қилган орани очиқ бу дунё бирлан,
Ҳақ йўлида ҳамсафар, ки, минг-минглаб биз.

***
Денгиз эди руҳ.Қақради.Дил доғ ундан,
Шуъла сочар ишқ, бўлибон моҳ, ундан.
Икки кўзим икки тегирмон.Чиқадур.
Дурдона юрак майдаланиб, оҳ, ундан.

***
Эски бу даҳр ҳосили.Хирмон янги,
Битмаса ҳар куз ҳосил, армон-янги.
Кўҳна ва Янги менга дўстдир.Яъни
Дард эски қадрдону, дармон –янги.

***
Олдинг чекибон тийғ шараф.Шон олдинг,
Ёвлар баридан ҳамла қилиб, жон олдинг.
Тийғинг сенинг ҳимматингдан ожиз чиқди,
Ҳиммат қилибон ер ила осмон олдинг.

***
Осуда жаҳон, асли, шитоб бирла гўзал,
Дил бўлса хира, бир моҳитоб бирла гўзал.
Ишқ машриқидин тонглар отиб келмоқда,
Чун, чарҳи фалак бир офтоб бирла гўзал.

***
Ишқингда сенинг дил иши ибром тортмоқ,
Орзу қилиб, уммидлар этиб, ком тортмоқ,
Ҳам овлабон ов агарки бир қуш тутсанг,
Бошқасига ишинг тағин дом тортмоқ.

***
Кўксимни ситам-ла чок етиб сўкмагингиз!
Ҳам унга ишқ тухмини, о,экмагингиз!
Андуҳ кўчати бўлиб мени унсин деб
Ҳар томчи шаробни хокима тўкмагингиз!

***
Ёстиққа тегиб бошингиз , ҳақ дард берди,
Сидқу шифо чечакларин ҳақ терди.
Осмон тилади даво, дуо айлаблар,
Юлдуз бари бунга “омин! омин!”-дерди.

***
Бор мўъжизаларни аҳли дил тердилар,
Ҳар нарсаки, жузвин ақли кулл тердилар.
Шодликни кўринг-ки, бу чаман саҳнида,
Гулларнинг ўзи, ажабки, гул тердилар.

***
Хаттинг ила лаълинг уза бир жон кўкарур,
Бу жон ила қисматимда ризвон кўкарур.
Ризвон аро дилга бахш этиб қудратлар,
Икки жаҳон туҳфаси-иймон кўкарур.

***
Ҳеч бўлмаган ҳолимга кўзи нам камдир,
Муҳлик яра дилда кўп ва малҳам камдир.
Бахт ҳақда сўзим жунунли ва мазмундор,
Бахтим менинг ҳам шўрдиру, ҳам камдир.

***
Мен қушману, юлдуз бариси донимдир,
Ҳар икки жаҳон рост ила ёлғонимдир.
Риндона бу ҳолим, тикибон икки жаҳон,
Гардкам дея, ўйнаб ютиб олғонимдир.

***
Нозик юрагим, кўр бу нафас-гулларни,
Ҳам асра-авайла аҳли ишқ-дилларни.
То зулм этибон, кўнгилни синдиргайсан,
Тингла, ки, синганда бу чил-чилларни.

***
Гавҳар бариси, ёр, назарингдан тўкилур,
Дарёи насиба гуҳарингдан тўкилур.
Толе тўкилар бош-оёғингдан бисёр,
Ҳам жумла жаҳон чашми тарингдан тўкилур.

***
Ёр зулфи учун мудом чекиш нола ўйим,
Қон бу юрак доғини деб, лола ўйим.
Тақдирим эрур тароқ каби бир қўлда,
Бир қўлда тароқ мислики минг тола ўйим.

***
Бода қувончбахш ва руҳни пешлар,
Бода шифо, санчса чаёнлар нешлар.
Тунлар ичибон шароб, сармаст бўлғил,
Майдан топар, оҳ, тунлари куч дарвешлар.

***
Бу киштийки қондан орқайин, жондан тинч,
Шоҳ-дарға.Шарафдан эмину, шондан тинч.
Ғарқ бўлмас у.Учрамас сира тошқинлар.
Тўлқинни писанд қилмас у.Тўфондан тинч.

***
Юз айш эшик қоқар.Юрак муз.Очмам.
Ишқ дарди баёнига сира сўз очмам.
Йўлга тўкилди доғларим.Кўрмакка
Сўлғин, мана, бир ғунчаману…кўз очмам.

***
Ер устида юрганлар аро бахтли қани?
Ўз нафсини тизгинлаган, оҳ, жаҳдли қани?
Эл емак-ичмаги билан оввора,
Оҳ, ҳамма қорин аҳли…юрак аҳли қани?

***
Андишани сен ўзингга, дил, кор айла,
Умрингни совурма елга, бедор айла.
Манзур эса элга не, бари бор сенда,
Ўз қасрингга ўзинг ўзингни меъмор айла.

***
Риндларга қиморхона жаҳон бўлмади мос,
Сўз қотамағуси улар-ки ким беихлос.
Сирти харобку, муҳташам кўнгли кулар,
Икки жаҳон ёлғону ростига бир оз…

***
Дарвеш дилида на кек, на кин бор сенга,
Инсоф ила эътиқоду дин бор сенга.
Қудратли бу қавм олдида таҳлика нечун,
Ҳар эзгу амалда “Офарин!” бор сенга.

Нашрга тайёрловчи: Умид БЕКМУҲАММАД

045

PAHLAVON MAHMUD RUBOIYLARI
VA TARJIMASI XUSUSIDA

Umid Bekmuhammad
06

045Xorazmda Pahlavon Mahmud ( 1247-1326) dek dong qozongan polvon, mohir po’stindo’z, faylasuf shoirni Polvonpir deya hanuzgacha ulug’lashadi, e’zozlashadi.Ichan-Qa’ladagi uning qabri ustiga barpo etilgan maqbara ana shu e’zozning o’ziga xos namunasi.Garchi oddiy insonlar uning nafis she’riyatini, javonmardiylik tariqatining yirik namoyondasi ekanligini to’la anglamagan bo’lsalarda, polvonligi bilan bog’liq rivoyatlarni yaxshi bilishadi. Pahlavon Mahmud “Qitoliy” taxallusi bilan devon bitganligi, “Kanz-ul haqoyiq” nomli masnaviy asari mavjudligi to’g’risida nufuzli manbalardan ma’lum. Shoirning to’rt yuz elliktacha ruboiysi bizga qadar yetib kelgan. Ruboiylarda insoniy fazilatlar sharofati bilan Haqqa yetish ta’limoti – javonmardiylik g’oyalari tarannum etiladi. Bu ruboiylar javonmardiylik sulukiga oid boshqa yozma obidalar singari, o’ziga xos hayot qomusi, tirikchilik dasturilamallari, ilohiy va insoniy tuyg’ular musaffoligi zaruratining targ’ibotnomalaridir.

Atoqli shoir Matnazar Abdulhakimning Pahlavon Mahmudga ixlos qo’yishiga asosiy sabablardan biri , shoirning Polvonpir kabi polvon , yoshligida kurash bo’yicha respublika chempioni, sport ustasi bo’lganligidir ehtimol.Qolaversa, Matnazar akaning yuksak iqtidori ham Pahlavon Mahmud bilan ruhan yaqinlikka sababchi bo’lgandir.Shuning uchun ham forsiy tilni egallagan Matnazar Abdulhakim Qitoliy ruboiylari tarjimasiga qo’l urgandi.Bundan tashqari Matnazar aka suhbatlari chog’ida ko’pincha Pahlavon Mahmud she’riyatidan, hayotidan misollar keltirar edilar.

Polvonpirga ixlos bois ham Matnazar Abdulhakim Yahyo G’ulomov,To’xtasin Jalolov, Hamidjon Homidiylar an’anasini davom etdirib, shoir hayoti va ijodini tadqiq qildi, targ’ib
etdi.

“Tabarruk tashrif”, “Kim agar ozoddir” to’plamlariga Qitoliy ruboyilaridan 332 tasini jamlagan bo’lsa, “Iymon tuhfasi”, “Tafakkur chorrahalarida” tadqiqot kitoblarida shoir she’rlarini ilmiy jihatdan talqin qilgandi.
Quyida e’tiboringizga havola etilayotgan ruboiylar yuqoridagi to’plamlarga kiritilmagan, hali shu paytgacha biron tarjimonning qo’li tegmagan she’riyat durdonalaridir.Ushbu ruboiylar Xivadagi Ichan Qa’la Davlat muzey qo’riqxonasida saqlanayotgan majmua asosida o’girilgandi.

Tarix fanlari nomzodi Komiljon Xudoyberganov fikrlariga ko’ra, “Ichan qa’ladagi bu majmua, ayrim manbalarda ta’kidlanganidek, Xiva xoni Feruzxonning o’z qo’li bilan ko’chirilgan deya taxmin qilinadi.Matnazar Abdulhakimning sa’yi-harakati, intilish va ixlosi bois mashaqqatli mehnat yakuniga yetkaziladi-Qitoliy ijod namunalari o’zbekchaga o’ziga xos tarzda tarjima etiladi”.
Sharqshunos Abdulla Ahmedovning aytishicha, “Ruboiylarda Matnazar Abdulhakimga xos tarjima yuzaga kelgani yaqqol ko’rinib turibdi.Unda Pahlavon Mahmud hazratlarining otashin misralaridagi muborak ohanglar o’quvchining yuragida sado berishi shubhasiz.Bularning bari tarjimonning forsiyni chuqur egallaganini ko’rsatadi”.

O’ylaymizki, Pahlavon Mahmud ruboiylarining Matnazar Abdulhakim tomonidan qilingan yangi tarjimasi sizga ham manzur bo’ladi.

044
PAHLAVON MAHMUD
DARD ESKI QADRDONU DARMON -YANGI
Ruboiylar
Forschadan Matnazar ABDULHAKIM tarjimalari
06

***
O’rgimchak inin falak libos etmoqchi,
Bir-bir bari do’st yer tubiga ketmoqchi.
Charx qoidasi shu bo’lsa, erta-indin,
Bir-bir kelibon bizga-da gal yetmoqchi.

***
Darvesh hamisha podshohdan , ki, yiroq,
Qancha yiroq, shunchalar u darveshroq.
Ko’p xavfli, ki, devorga tushgan rahna,
Tushsa u dilga, yana ham xavfli, biroq.

***
Men sofi jahonman, osmon-haqqa yo’lim,
Yulduzlarni guhar deb, ochgum, ki, qo’lim.
Rindona o’lim yangilik ermas, chunkim,
Ikki jahon-qimor, yutuqdir shu o’lim.

***
Ko’p dur to’kasan, bunga jahon sahni tor,
Daryodek ochiq desam qo’ling, qilgung or.
Fayzing qoshida g’arib erur ummonlar,
Kashkul kabi durlar to’ka olmay zinhor.

***
Lutfingni sening, ki, poyladim men yuz yil,
Siringni yurakka joyladim men yuz yil.
Qog’ozda dur kabi labim ichra so’zing,
Tish ostinda seni avayladim men yuz yil.

***
Tojlar egilib sajdaga, qulluq aytgay,
Boshqa bari yo’ldan, ki oyoq bosh tortgay.
Istab seni dillar keladur iymong’a,
G’urbatzadalar misli vatanga qaytg’ay.

***
Darding-ki yurakda sirli nurga aylanur,
Bog’ingdagi har barg bir umrga aylanur.
Siynamdagi safhamga yozarkanman fol,
Qo’lda qalam kuyib ko’mirga aylanur.

***
Mahshargacha davring, ki, baqo topmoqda,
Mangu umrni mutlaqo topmoqda.
Sen yoqqa yuzin qaratmas hech nodonlar,
Sendek yana qibla go’iyo topmoqda.

***
Oh, endi ne naf, ki, vaqti tahsil o’tdi,
Goh u chaqin, goh u bo’lib yel o’tdi.
Tahsil savobisiz hayotim o’ylab,
Bir hafta iki ko’zimdan, oh, sel, o’tdi.

***
Har qancha uzoq bo’lsa-da qutlug’ manzil,
Sen birla hayot erur u behisht-mahfil.
Ko’zlardagi pardani ko’tar ey g’ofil,
Manzil-ku yiroq, unga yaqindir dil, bil.

***
Yetkazmadi naf bizga agar naqlimiz, oh,
Dur ezamiz tosh ila va haqlimiz, oh.
Dillarga zahar sochdi birikkan tillar,
Shu bois, axir, kirdi biroz aqlimiz, oh.

***
Bizlar-ku alam tuzog’idan ozodmiz,
G’am yeb bu ko’ngil to’q va shu bois shodmiz,
Hushyorlik hidi va rangini bilmasdan,
Chun nargisi mor-masti modarzodmiz.

***
Yig’lab kecha pok siyna bo’libman, do’stlar,
Beg’ashu bekina bo’libman, do’stlar.
Ko’zyosh yuvibon ko’ngilda bor kir-chirni,
Oxiri oyina bo’libman, do’stlar.

***
Ishq dashtida ohlarga munosib bo’ldik,
Ishq ahdini bog’larga munosib bo’ldik.
Tashladigu nigoh, ko’rib poklarni,
Bizlar-da nigohlarga munosib bo’ldik.

***
Mangu bu olamda, qani kim, bo’lamiz,
Bir lahza otib tong kabi, taslim bo’lamiz.
Na atru, na rang. Na zavq qolmaydi abad,
Yangraymizu bir, jim bo’lamiz..jim bo’lamiz.
***
Mag’firtangki, chun, xush ohang bo’ldi,
Jondan uyaldi bu yurak, tang bo’ldi.
Barcha gunohlarim yukin ortmoqqa,
Tavba otim oyoqlari lang bo’ldi.
***
Zikringda ko’ngil ko’ngillar farzonasidir,
Har so’z bu-kalom gulshanining shonasidir.
Lablar va tilim misli zikr doirasi,
Bir-iki tish tasbehning donasidir.

***
Kelgil, seni, bandam, ne uchun rad qilg’um,
Davlat beribon ummati Ahmad qilg’um,
Rost yo’lga ravon bo’l, seni rahmat qilg’um,
Pok niyating ayt, qabul albat qilg’um.

***
O’z mulkida poyidor nur sochg’uchi sen,
G’ofil dilidan ayni sahar qochg’uchi sen,
Qilg’il bari mushkulim kushod, holim tang,
Qaydaki berk eshik, barin ochg’uchi sen.
***
O’t, suv, havo, tuproq ila imdod etding,
G’am qa’riga tashlading, ishim dod etding,
Zor aylamasin meni o’zingdan o’zga,
Qudrat ber o’zing, o’zing, ki, bunyod etding.

***
Ey,eshiging tuprog’i bir oltin toj,
Tojingga bo’lib sening bari shoh muhtoj.
Tulporing uza xabarchi bir Jabroyil,
Bundan yana yuksalib muborak me’roj.

***
Keldi xating uchib, yurar pok bo’ldi,
Qon yig’ladi ko’zlar bari, g’amnok bo’ldi.
Bo’lmasa gar shafe’ Muhammad dasti,
Bil, barcha niqoblar bari chok-chok bo’ldi.

***
Sen fe’li badimni xalqdin pinhon qil,
Mushkul barini qoshimda sen oson qil.
Shodman, ki, bugun.Erta ne qilsang yozg’ut,
Undan-da tag’in ulush berib, shodmon qil.

***
Hukming ila bad hamon mening ahvolim,
Bermaydi menga omon mening ahvolim.
Ey, xoja xabar olmasang ahvolimdan,
Tobora yomon-yomon mening ahvolim.

***
Ming dard chekibon, qaddi kamoning menman,
Parvona sifat fidoyi joning menman.
Gar bo’lmasa vasling, oh, muyassar, jonim,
Poyingda qolib, rangi somoning menman.

***
Chun, oyni xira qilg’uchi toboning bor,
Gulzor ila bahs etar gulistoning bor.
Bir lahza hayallamay sovut teshguvchi,
Har bittasi bir nayza, ki mujgoning bor.

***
Ka’ba qora toshi dardlarim darmoni,
Yo’q Ka’baga borgan kishining armoni.
Gar qora toshingdan o’pich olsam yor,
Ayb etma, shudir, axir, xudo farmoni.

***
Xollar, ki, ko’rar ani yuzingda banda,
Gullardagi dog’larni qilur sharmanda.
Yo’! yo’q! Bu gapim g’alat, u xol gul tergan,
Zanji bolasi Xo’tandagi gulshanda.

***
Zulmi itoblaringdan kech ko’nglim uchun,
Ko’nglim ki tugun, sen uni yech ko’nglim uchun.
Men ko’ngling uchun o’zgaga bermam ko’nglim,
Sen o’zgaga berma ko’ngil hech ko’nglim uchun.

***
Berding-ki qanoat, mis edim, zar bo’ldim,
So’ng nuri yaqining-la munavvar bo’ldim.
Xo’b kuydi yonib barcha g’araz bir boshdan,
Xolis yaralishga men muyassar bo’ldim.

***
YO rab! Karam et, faromushu xor bo’lmay,
To yoru birodarga sira zor bo’lmay.
Joy berding, axir, besh-o’n kun ostonangdan,
Men boshqa eshikka hech talabgor bo’lmay.

***
Qilmishlarim, oh, zahri gunoh tottirdi,
Ham fe’li badim xijolat, oh , torttirdi.
Fayz bermakchi edi yurakka qutlug’ olam,
Lekin bu yurak o’zi fasod orttirdi.

***
Sidqimni umid etdi Mustafo arabiy,
Ham dilda muqim, xudoyo, choryori nabiy.
Oh, qilmaki sharmanda qiyomatda meni,
Berganda hisob senga, shu-ko’nglim talabi.

***
YO rabki, rasolatni Rasulingga tayin,
Qildingu, oy to’lishda har lahza sayin.
Isyonimi oxiratda qil ikki bo’lak,
Birni Hasan aylasin avf, birini Husayn.

***
Yo’qlikka vujud amring ila qo’ydi qadam,
Sirri nihonlarni, e, qilg’uchi raqam.
Qilganda jazo kuni qaro nomamni,
Aylama navmid, rahmdil-ku qalam.

***
Ko’nglingga manim ko’nglimi mos ayla, ko’zim,
Begonadan o’zni sen xalos ayla, ko’zim.
Ixlos ila ostonami kel bir tongda,
Baxt topmas esang, so’ng e’tiroz ayla, ko’zim.

***
Mulzamman, axir, ne’mati bisyor sendan,
Navmid emasman hech, ki, kirdor-sendan.
Hohla olovda yoq meni, hoh lutf et,
Men sendanu, jannat sendan, nor sendan…

***
O’ltirdi ko’zing ham omiy, ham olimni,
Bog’laydi soching ham odil, ham zolimni.
Bir kulganda labing, Ka’ba ila ma’baddan.
Aylaydi xalos ham holiq, ham solimni.

***
O’ltirdi ko’zing ham olimni, ham omiyni,
Yo’q qildi soching ne yaxshilar nomini.
Bir kuldiyu la’l labing chiqardi haydab,
Uzlatidan Boyazid Bistomiyni.

***
Oqshom chog’i yor yotgan edi uyquda,
Husn bog’ida gul terdim shirin tuyg’uda.
Tong qushlarini uyqusidan uyg’otdim,
Qildim kerag-ov shu ishni, oh, behuda!…

***
Dil oyina bo’lib yetdi yuzi oyingga,
Yetdi taroq zulfisumansoyingga.
Oh, surma bo’lib ko’zingga yetgan xokman,
Undan to’kilib, tushsam edi poyingga.

***
Dunyoni hamisha bevafo ko’rmishman,
Ham o’zni g’ariblikda ado ko’rmishman.
Har kimki jam’ etgan ersa Qorun molin,
Mahshar kunida ani gado ko’rmishman.

***
Shamshod qading zaminga oro bo’lg’ay,
Tim qora soching jahonda g’avg’o bo’lg’ay.
Mahshar kuni boqmasa qiyo fattoning,
Bir-bir bari yel zalil, rasvo bo’lg’ay.

***
Olam bari husning bila, yor, jonondir,
Hajringda jahon zavol, topib giryondir.
Qon to’ksa, xunimni olmagum hech kimdan,
Oshiq bari qon to’kib sango qurbondir.

***
Sen kabi yo’q bo’lak bir odil, Olloh,
Boshqa azizni bilmas, o, dil, Olloh.
Tushdi boshimga g’am, qo’limni tutgil,
Dodim shuki, dodimni qabul qil, Olloh.

***
Qoshimdan o’shal sarvi xiromon ketdi,
Ko’zlardan oyoq ostima ko’p qon ketdi.
Qoshimga, kelib rahmi, ki, qaytmas ersa,
Aylang-ki hisob, tanimdagi jon ketdi.

***
Ko’rsatdi yuzin bamisli bir moh hamaga,
Kulgichlari birla qazdi u choh hamaga.
Mast keldiyu majlisga, qiyo boqdi sekin,
Chektirdi qiyo qarashlari oh hamaga.

***
Bil, barcha nifoq , charx, kiynangda sening,
Janjal bariga sabab xaziynangda sening.
Yulduz bari qalbaki.Yorib ko’ksing och,
Chin durlar ayon bo’lg’usi siynangda sening.

***
Yo’lingda aso-quruq tayoq, ayt, ne kerak,
Yo’lingda yurak yurar, oyoq, ayt, ne kerak.
Har qancha qorong’u bo’lsa-da ushbu yo’l,
Iymon bila ravshan, ki, mayoq, ayt, ne kerak.

***
Hasratli bu tanda dard sulton bo’ldi,
Daryoi alamga g’arq shirin jon bo’ldi.
Ishqing bu falak, uchib yurak lochindek,
Qo’nmoqqa iloj topmadi hech, qon bo’ldi.

***
May bila mushki tar-labin ochganidir,
O’ylash uni-ko’zdan uyquning qochganidir.
Sut to’lgan idish chehrasi, sabz xatti esa
Zulf iloni sutga zahar sochganidir.

***
Oshiq bu yurak yori vafodorsiz,
U bo’lsa, kerak emas sharobi gulgun,
Umr yori vafodorsiz o’tib bormoqda,
Tutti xumori ko’p.U-afyun…afyun…

***
Bo’lgaymi bahor so’lim? Bilib bo’lmas hech!
Yetgaymi Unga qo’lim? Bilib bo’lmas hech!
Bor umrini uxlab o’tkazibdur baxtim,
Uyqumi bu o’lim? Bilib bo’lmas hech!

***
Ko’nglim uyi har lahzada ravshan u bilan,
Burro bu tilimda shavkatu sha’n u bilan.
Yashnaydi yurak bahor birlan u bilan,
Ham bo’ldi ko’ngil dashti-ki gulshan u bilan.

***
Ey talx! Shirinlikka najoting yo’q hech!
Diltashnamanu, obi hayoting yo’q hech!
Zotingda na fitna bor, na sho’rish, g’avg’o
Ta’m mulkida bir totli ijoding yo’q hech.

***
Ikki ko’zingda fitna, yor, uxlab yotar,
Ikki sochingda ikki dor uxlab yotar.
Noz-ishvalisan.Tiling zahar.Ostinda-
Bo’lgancha shay uyg’onishga mor uxlab yotar.

***
Chehrangni husn mulkida gul-gul qilding,
Sayratdingu bizni, mast bulbul qilding.
Sochingni tugun-tugun qilib, ey dildor,
Sen parchalading, yurakni chil-chil qilding.

***
Durga to’liq makon bu may kishtiysi ,
Jahondagi jahon bu may kishtiysi.
Ko’p xavfi xatarlidir bo’lak kishtiylar,
Xavfdagi omon…omon bu may kishtiysi.

***
Haq rahmati deb bilarman sen oyimni,
Topmoq tilagum dilingda o’z joyimni.
Shod etmasin, ayt, nechun meni qoshing, yor,
Ko’nglimni bilarsan, ko’rib avzoyimni.

***
Bir baxt, ki, baxti beriyo sendandir,
Ko’nglimki qorong’idur, ziyo sendandir.
Sodiq dilu ,toza mehru ham lutfu qadim,
Bu barchasi bizdanu, duo sendandir.

***
O’rtab meni, dengizni jimirlatma , shamol,
Tinch suv betidek topdi aning husni kamol.
Ummondagi suv parisimas yor aksi,
G’oyib bo’la ko’rmasin-ki suvdan u jamol.

***
Bad nafsiga tushdilar, ki, muk makkorlar
Haq ishda yegay yozda ushuk makkorlar,
Haq sherlari qoldi ketdilar sahroda,
Lazzatda yashab o’tar mushuk makkorlar.

***
Ey nuri charog’ misli bu taqdir seniki,
Yaxshi duo birla bu ta’sir seniki.
Olamni aziz noming ila qildi baland
Lutfi shahanshohi jahongir seniki.

***
Yolg’on esa so’z ma’nisi, guldek u so’lar,
Mayga qadah, ma’niga chin so’z to’lar.
Dilda xudoga bo’lsa ishqing qancha
Ko’nglingda sening shuncha xudo fayzi bo’lar.

***
Kom ila nokomni, chu, omuxta qilib,
Olamni aqlga joylading nuqta qilib.
Inson chala bir nusxa edi sernuqson,
Qilding-ku mukammal sen uni puxta qilib.

***
Senga muhabbatim dilimning naqshi,
Ko’p, mana, ixlos.Qaro shu, oq-shu.
Do’stni bezab tomosha qilmoq bu-ayb,
Qanday esa shunday uni ko’rgan yaxshi.

***
Shavqingda sening hamisha betoqatu tob
Dil yemay –ichmay tunu kun bo’ldi xunob,
Senga faqat yaqin bo’lish bu kamdir,
Tashnaga sohilda suv ichmaslik-azob.

***
Yoding-la jahon arsai tasxiyr bo’lsin,
Javlongahing samo bilan yer bo’lsin.
Zohir bu erur qabza va mazmun -shamshiyr,
Dastingda jahon qabzai shamshiyr bo’lsin.

***
Har lahza alam, chu, ro’zg’oringga kelur,
Misli xazon yeli bahoringga kelur,
Qancha tiniq ko’zgu g’uboringga kelur,
Bor-yo’q neki bordir, yo’g’u boringga kelur.

***
Boshi-oyoq qalammanu, haq bila men,
Tinmay yugurib, ma’niga kirmoq bila men.
Mizrob bu tilim bermagi-chun bitta sado,
Ming-ming tilaman ko’ksimi tirnoq ila men.

***
Yor ko’chasinda dil lovillab yonadi,
Qonga jigar, jigarga qon chulg’anadi.
Ko’zim kuyadi qopoq oyog’in artsa,
Ko’z ko’rsa uni, kuyib qopoq to’lg’anadi.

***
Qadring kabi, yulduzlaring, ey, buncha baland,
Sendagi mo’ylar bari go’yoki sipand.
Yov yulduzi kuyguvsi sipand tuxmi kabi,
Senga balo yo’lini charx qilguvsi band.

***
La’ling qoshida shakkaru qand kasod bo’lar,
Bo’ynimda soching…endi kamand kasod bo’lar.
Chehrangni ochib gul kabi sen zeb berding,
O’tda kuyib, endi kamand kasod bo’lar.

***
Zulfing-ki, nigor, chun, atri attor bo’ldi,
Ko’ksingda nafas nasiymi gulzor bo’ldi.
To’kding, ki, yoshing, u mushki totor bo’ldi,
Tan uzra tering adhami bulg’or bo’ldi.

***
Har kishi, o’z baxtiga shay, faxr etadi,
Haq fayzi bilan nolada nay faxr etadi.
Faxr etadir baxt guli ishq bog’i aro,
Qul-qul qilibon xumdagi may faxr etadi.

***
Xom bu nafasni dildagi dog’ pishitar,
Xom mevani yoz bo’yi, axir, bog’ pishitar.
Pishgan, ki, safolni xom yetar ko’z yoshim,
Ohim esa xom safolni-ki, oh , pishitar.

***
Qoshingda sening la’li Badaxshon ingrar,
Yoqut to’ladir qonga va marjon ingrar.
Ingraydi xattingni ko’ribon nuqtai xol,
Zulfingdagi xush bo’y ila rayxon ingrar.

***
Tiyg’ urdingu, ko’zga qalqdi yoqut jolam,
O’t berdingu, o’rladi samoga nolam.
Dardingni faqat mening dilimga berma,
Hech bo’lmasa teng yarmini cheksin olam!

***
Ey, ki, husn tanladi ruh, jismingni,
Do’st ila dushman tutib, ey . izmingni.
To qildi nazar shohi jahongiyr senga,
Jumla jahon alqadi pok ismingni.

***
Baxt ahli saxopeshaligin qo’ymadi hech,
Ham ahli hasad ko’zlarini o’ymadi hech.
Yer edi-yu ko’zlari och ko’plarni,
Och ko’zga o’zi ham o’xshadi…to’ymadi hech.

***
Yoding bila, bil, ki, ravshan andisha chiroq,
Nuring bila qildi yog’duliq pesha chiroq.
To gavhari pokingni falakdan olding,
Qildi ani o’ziga shisha chiroq.

***
Dilga na jo bir kuni etgum? Bilgum!
Qay Dajla bo’lib ko’zimdan ketgum? Bilgum!
O’lmasdan avval kirsa bas aqlim.Bir kun
Qaysi bir ostonaga yetgum? Bilgum!

***
Sen-ku yiroq.Quloqqa doston keldi,
Qutlug’ nafasing bilan guliston keldi.
Noz o’qini yuz qadam naridan otding,
Jon ketdimi bilmadim va yo jon keldi?…

***
Uzlatda bari faqr eli shodondirlar,
O’zga bari el g’ofilu nodondirlar.
Chun tiksa ko’zin yaxshi-yomonga nogoh,
Har mijjasi jizg’anak bo’lib qondirlar.

***
Qomato butlaring sabab dilda tugun,
Ishq husni o’zingdanu o’zing jilva bugun.
Ko’yingdagi tuproq to’tiyo ko’zlarga,
Boshqasi bir shunchaki kukun.

***
It og’zida zan-misli baroq yaxshidir,
Ul zanga, ki, Balx, bizga Iroq yaxshidir.
Berma xotunga non, libosdan o’zga,
Bermakchi esang, unda-taloq yaxshidir.

***
Ko’nglim mening, ey, umid atlas qilma,
Ham ko’hna libos kiyishni hech bas qilma.
Bo’lmoq tilasang zamonadan ozod sen,
Hech ahli zamonga zorlik arz qilma.

***
Gar ahli vafoni qilmasa rad mo»min,
Chin mo»min o’shal, boshqa bari-bad mo»min.
Iso uchib ketdi xiyonatlardan,
Sidq ahli uchun keldi Muhammad mo»min.

***
Tuproqni vatan tutguvchi bir er menman,
O’lmak nima, bilmay o’kragan sher menman.
Yuz yil yashabon, bo’lsa-da boshim osmon,
Yer menman,..yer menman,…yer menman,…

***
Olisda turib, dilga navobaxshim-o’zing,
Ko’nglinda muhabbat bir umr naqshim o’zing.
Garchandki yomonligim sabab olissan,
Barcha yomonlar ichra, ey, yaxshim-o’zing.

***
Sendan, ki, ko’zim nuri, yiroqdek nazarim,
Senga muhabbatimdan, ey, bexabarim.
Mehring azalu abadni yetkazdi xabar
Ey, qosh ila ko’z kabi yaqin, mo»tabarim.

***
Dillar bari mehring ila gulshan bo’ldi,
Dillar bari poyingdagi ravzan bo’ldi.
Dunyoda agar yoqilsa bir sham’i umid,
Ul mash’ali baxting ila ravshan bo’ldi.

***
Toatda iki ko’zim qarosi cho’g’man,
Vodii mag’firatda ko’nglim to’qman.
Tavba hidin hidladimu, lekin hech
Ul o’zi ne-ko’rgan, eshitgan yo’qman.

***
Oh, erta g’amin yebon, ki, mung munglabmiz,
Har damni debon zar, jarangin tinglabmiz.
Qilgan orani ochiq bu dunyo birlan,
Haq yo’lida hamsafar, ki, ming-minglab biz.

***
Dengiz edi ruh.Qaqradi.Dil dog’ undan,
Shu’la sochar ishq, bo’libon moh, undan.
Ikki ko’zim ikki tegirmon.Chiqadur.
Durdona yurak maydalanib, oh, undan.

***
Eski bu dahr hosili.Xirmon yangi,
Bitmasa har kuz hosil, armon-yangi.
Ko’hna va Yangi menga do’stdir.Ya’ni
Dard eski qadrdonu, darmon –yangi.

***
Olding chekibon tiyg’ sharaf.Shon olding,
Yovlar baridan hamla qilib, jon olding.
Tiyg’ing sening himmatingdan ojiz chiqdi,
Himmat qilibon yer ila osmon olding.

***
Osuda jahon, asli, shitob birla go’zal,
Dil bo’lsa xira, bir mohitob birla go’zal.
Ishq mashriqidin tonglar otib kelmoqda,
Chun, charhi falak bir oftob birla go’zal.

***
Ishqingda sening dil ishi ibrom tortmoq,
Orzu qilib, ummidlar etib, kom tortmoq,
Ham ovlabon ov agarki bir qush tutsang,
Boshqasiga ishing tag’in dom tortmoq.

***
Ko’ksimni sitam-la chok yetib so’kmagingiz!
Ham unga ishq tuxmini, o,ekmagingiz!
Anduh ko’chati bo’lib meni unsin deb
Har tomchi sharobni xokima to’kmagingiz!

***
Yostiqqa tegib boshingiz , haq dard berdi,
Sidqu shifo chechaklarin haq terdi.
Osmon tiladi davo, duo aylablar,
Yulduz bari bunga “omin! omin!”-derdi.

***
Bor mo»jizalarni ahli dil terdilar,
Har narsaki, juzvin aqli kull terdilar.
Shodlikni ko’ring-ki, bu chaman sahnida,
Gullarning o’zi, ajabki, gul terdilar.

***
Xatting ila la’ling uza bir jon ko’karur,
Bu jon ila qismatimda rizvon ko’karur.
Rizvon aro dilga baxsh etib qudratlar,
Ikki jahon tuhfasi-iymon ko’karur.

***
Hech bo’lmagan holimga ko’zi nam kamdir,
Muhlik yara dilda ko’p va malham kamdir.
Baxt haqda so’zim jununli va mazmundor,
Baxtim mening ham sho’rdiru, ham kamdir.

***
Men qushmanu, yulduz barisi donimdir,
Har ikki jahon rost ila yolg’onimdir.
Rindona bu holim, tikibon ikki jahon,
Gardkam deya, o’ynab yutib olg’onimdir.

***
Nozik yuragim, ko’r bu nafas-gullarni,
Ham asra-avayla ahli ishq-dillarni.
To zulm etibon, ko’ngilni sindirgaysan,
Tingla, ki, singanda bu chil-chillarni.

***
Gavhar barisi, yor, nazaringdan to’kilur,
Daryoi nasiba guharingdan to’kilur.
Tole to’kilar bosh-oyog’ingdan bisyor,
Ham jumla jahon chashmi taringdan to’kilur.

***
Yor zulfi uchun mudom chekish nola o’yim,
Qon bu yurak dog’ini deb, lola o’yim.
Taqdirim erur taroq kabi bir qo’lda,
Bir qo’lda taroq misliki ming tola o’yim.

***
Boda quvonchbaxsh va ruhni peshlar,
Boda shifo, sanchsa chayonlar neshlar.
Tunlar ichibon sharob, sarmast bo’lg’il,
Maydan topar, oh, tunlari kuch darveshlar.

***
Bu kishtiyki qondan orqayin, jondan tinch,
Shoh-darg’a.Sharafdan eminu, shondan tinch.
G’arq bo’lmas u.Uchramas sira toshqinlar.
To’lqinni pisand qilmas u.To’fondan tinch.

***
Yuz aysh eshik qoqar.Yurak muz.Ochmam.
Ishq dardi bayoniga sira so’z ochmam.
Yo’lga to’kildi dog’larim.Ko’rmakka
So’lg’in, mana, bir g’unchamanu…ko’z ochmam.

***
Yer ustida yurganlar aro baxtli qani?
O’z nafsini tizginlagan, oh, jahdli qani?
El yemak-ichmagi bilan ovvora,
Oh, hamma qorin ahli…yurak ahli qani?

***
Andishani sen o’zingga, dil, kor ayla,
Umringni sovurma yelga, bedor ayla.
Manzur esa elga ne, bari bor senda,
O’z qasringga o’zing o’zingni me’mor ayla.

***
Rindlarga qimorxona jahon bo’lmadi mos,
So’z qotamag’usi ular-ki kim beixlos.
Sirti xarobku, muhtasham ko’ngli kular,
Ikki jahon yolg’onu rostiga bir oz…

***
Darvesh dilida na kek, na kin bor senga,
Insof ila e’tiqodu din bor senga.
Qudratli bu qavm oldida tahlika nechun,
Har ezgu amalda “Ofarin!” bor senga.

Nashrga tayyorlovchi: Umid BEKMUHAMMAD

045

(Tashriflar: umumiy 2 349, bugungi 4)

2 izoh

  1. Матназар Абдулҳаким сингари ўз она тилисининг имкониятларидан,ҳатто унинг шохобчалари бўлмиш шевалардан маҳорат билан фойдаланган ижодкор кам учрайди.Шоир ғарб ва шарқ адабиётининг билимдони бўлганлиги китобларидан маълум. У ўз ижодида сонетдан рубоийгача, халқ қўшиқларига уйқаш шеърлардан то ғазалларгача қамраб олганки, кишининг ҳаваси келади. (Гулноз)

Izoh qoldiring