Hermann Hesse. Ilk sarguzasht

002    Қизиқ, бошдан ўтган воқеалар вақт ўтиши билан одамнинг хаёлидан ҳам кўтарилиб кетаркан! Ҳатто минглаб турфа кечинмаларга гувоҳ бўлган бутун бош- ли йиллар ҳам аста-секин унутилиб кетиши мумкин экан. Болаларнинг мактаб томон боришаётганини кў- риб туриб, ўзимнинг ўқувчилик давримни бир эслаб қўйиш хаёлимга ҳам келмайди. Борди-ю, гимназия та- лабаларига кўзим тушгудек бўлса, ўзимам бир вақтлар шуларга ўхшаган талаба бўлганимни эслаёлмайман ҳам.

Ҳерманн ҲЕССЕ
ИЛК САРГУЗАШТ
Немисчадан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси
001

06   Ҳерманн Ҳессе (1877-1962) — немис адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби Ҳерманн Ҳессе энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан биридир. Унинг кўплаб роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, «Чўл бўриси», «Маржонлар ўйини», «Ғилдираклар остида», «Демиан» каби асарлари алоҳида довруғ қозонган.
Адиб, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзган. Юқорида тилга олинган «Ғилдираклар остида» романи, шунингдек, «Нюрнбергга саёҳат» сафарномаси ва бошқа кўпгина асарлар шулар жумласидандир.

001

Қизиқ, бошдан ўтган воқеалар вақт ўтиши билан одамнинг хаёлидан ҳам кўтарилиб кетаркан! Ҳатто минглаб турфа кечинмаларга гувоҳ бўлган бутун бошли йиллар ҳам аста-секин унутилиб кетиши мумкин экан. Болаларнинг мактаб томон боришаётганини кўриб туриб, ўзимнинг ўқувчилик давримни бир эслаб қўйиш хаёлимга ҳам келмайди. Борди-ю, гимназия талабаларига кўзим тушгудек бўлса, ўзимам бир вақтлар шуларга ўхшаган талаба бўлганимни эслаёлмайман ҳам.

Машинасозларнинг ўз устахоналарига ёки бўлмасам ҳавойи, бебурд ишбошиларнинг ўз идораларига эринибгина кириб кетишаётганини кўриб тураман-у, ўзимнинг ҳам бир замонлар ана шундай йўллардан юрганим, эгнимга ҳаворанг коржома илиб, ишлаганим ёхуд тирсаклари ялтираб кетган кител кийиб, котиблик қилганимни паққос унутиб қўяман.

Ёки китоб дўконида Дрездендаги Пьерсон нашриётида чоп этилган ўн саккиз ёшлиларнинг қаламига мансуб ғалати ва ўзига хос мўъжазгина шеърий тўпламларни кўздан кечирарканман, ўзим ҳам бир вақтлар шунга ўхшаш шеърлар ёзиб, худди ўша ноширнинг қармоғига илинганман-ку, дея бирров ўйлаб кўриш хаёлимга ҳам келмайди.

Ҳа, қачонлардир сайр қилиб юрган чоғим ёки поездда бирон ёққа бораётган пайтим ёхуд уйқусиз тунда ҳаётнинг аллақачон унут бўлган бир парчаси ўзининг барча майда-чуйда, икир-чикир тафсилотлари билан, исм ва жой номлари, шовқин-сурон ҳамда ўзига хос ҳид-бўйлари-ла гўёки жиҳозлар билан безатилган саҳна сурати янглиғ “ярқ” этиб кўз олдимда намоён бўлмагунга қадар.

Ўтган тунда худди шундай бўлди. Ўз бошимдан ўтган бир воқеа, гарчи у ўшанда аниқ-тиниқ ёдимда қолган ва мен буни ҳеч қачон унутмайман, деб ўйлаган бўлсам ҳам, ўтган йиллар мобайнида бутунлай хотирамдан фаромуш бўлган эди, нақ кўз ўнгимда қайтадан жонланса денг… Худди китоб ёки қаламтарошинг бехосдан йўқолиб қолади-ю, аввалига унинг изиниям тополмаганинг, сўнг уни бутунлай унутиб ҳам юборишинг, кейин кунлардан бир кун кутилмаганда ғаладондаги эски-туски лаш-лушлар орасида “лоп” этиб олдингдан чиқиб қолгани каби.

Мен ўшанда ўн саккиз ёшда эдим, ўқишим тугаб қолаёзган, машиналар таъмирланадиган чилангарлик устахонасида амалиёт ўтардим. Танлаган соҳам бўйича узоққа боролмаслигимни сезганим учунми, ўз касбимни ўзгартиришга қатъий аҳд қилган эдим. Буни отамга ётиғи билан тушунтириш учун қулай фурсат топилгунга қадар, корхонада қолиб ишлай бошладим. Бироқ кетиши маълум бўлган, тўрт томони қибла одамга ўхшаб, гоҳ худ, гоҳ бехуд, ишни қўл учида бажарардим.

Устахонамизда бир кўнгилли шогирд бола ҳам ишларди. Унинг бирдан-бир зўр “фазилати” — қўшни шаҳарчада яшайдиган бой хоним билан қариндошлиги эди. Фабрикантнинг ёш беваси бўлган бу хоним кичикроқ чорбоғда истиқомат қилар, унинг ҳашаматли улови ҳамда салт оти бўлиб, ўзига бино қўйган ва ғалати табиатли эди, чунки у эзма, сергап, ғийбатчи хотинлар даврасига қўшилмас, бунинг ўрнига от минар, балиқ овлар, лолалар етиштирар ва ҳовлисида сенбернар (юнги узун катта ит)ларни сақларди. Хоним ҳақида турли гап-сўзлар юрар, айниқса, унинг Штутгарт ва Мюнхен томонларга тез-тез бориб туриши, у ерларда давраларнинг “гули” эканлиги маълум бўлгач, одамлар энди унинг номини ҳасад ва алам билан тилга ола бошлагандилар.

Не ажабки, хоним ўзининг жияни ёки амакиваччаси ё холаваччаси бўлмиш йигитчани қора тортибми, ишхонамизга уч марта келиб, бу ердаги асбоб-ускуна ва машиналарни томоша қилиб кетган эди. Тўладан келган, барваста бўйли, ташқи кўриниши ғоят гўзал бу аёл ҳар гал келганда каминада катта таассурот қолдирарди, негаки, ясан-тусан, пардоз-андозлари ҳар доим жойида, буям етмагандек, дуд, ис босган хоналаримиз бўйлаб оҳиста қадам ташларкан, ҳар нарсага ўта қизиқувчанлик билан боқиб, ғалати-ғалати саволлар берар, шунда унинг оқ-сариқ юзи ниҳоятда сўлимлашиб, қилиқлари бўш-баёв қизларни ёдга соларди. Бизлар эса, эгнимизда мой теккан ишкийим, юз-кўз ва қўлларимиз қора ёғ, бамисоли нақ маликанинг ўзи ташриф буюргандай, нима қиларимизни билмай, серрайиб тек қараб тураверардик. Қолаверса, бу нарса бизнинг қарашларимизгаям тўғри келмасди, бунга ўзимиз ҳам ҳар гал иқрор бўлар эдик.

Шундай кунларнинг бирида шогирд йигитча тушки танаффус пайти олдимга келиб:
—  Якшанба куни холамникига меҳмонга бормайсизми? Шахсан ўзлари таклиф қилдилар, -деб қолди.
—  Таклиф қилди дейсанми? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен. — Ҳой бола, менга бунақанги бўлмағур ҳазил қилмагин, хўпми, йўқса, бурнингни ерга ишқаб, адабингни бериб қўяман-а.
  Йўқ, у ҳазиллашмаган эди. Ҳақиқатан ҳам хоним каминани якшанба куни кечқурунга меҳмонга таклиф этибди. Соат ўндаги поезд билан бемалол қайтиб келсак бўларкан, башарти узоқроқ қолиб кетадиган бўлсак, бека бизга уловини бериб туришга ҳам бажонидил рози экан.

Дабдабали улов эгаси, бир хизматкор, икки нафар оқсоч, извошчи ва боғбоннинг хўжайини бўлмиш бундайин хоним билан танишиб, борди-келди қилиш каминанинг ўша пайтдаги дунёқарашига кўра, ғирт аблаҳлик бўлур эди, бироқ бу нарса қизиқ устида таклифга розилик бериб юборганимдан сўнггина эсимга келди, бунинг устига, кўчалик, яъни бирор жойга борганда ёки байрамларда киядиган сариқ рангли костюмимни меҳмонга кийиб борсам, ярашадими-йўқми, деб ўйланиб ҳам қолдим.

Шанбага қадар кунларни шу тариқа кучли ҳаяжон ҳамда қувонч билан елиб-югуриб ўтказдим. Сўнг мени бирданига қўрқув чулғаб олди. Мен у ерда нима дейман, ўзимни қандай тутишим, хоним билан қандай гаплашишим лозим? Фахр-ифтихорим бўлган костюмимга бундоқ разм солиб қарасам, ҳаммаёғи ғижим, доғ-дуғ босган, ёқаларим эса тўзиб, яғири чиқиб ётибди. Бундан ташқари, шляпам ҳам эски, кийилавериб титилиб кетган эди. Асосий, мақтангудек бор бисотим — бир жуфт учи ўткир қўнжсиз ботинкам, оч қизил тусли, ярим ипак бўйинбоғ билан четлари никелланган пенсне (кўзойнакнинг бир тури) эса буларнинг ўрнини босолмаслиги кундай равшан эди.

Якшанба куни кечки пайт икковлон Зетлингенга қараб пиёда йўлга тушдик, камина ҳаяжон ва хижолатдан бир аҳволда эдим. Ниҳоят, чорбоғга етиб келдик. Олдида чет эл қарағайлари ва сарв дарахтлари ўсиб ётган панжара тўсиқ ортидан эшитилган итларнинг ҳуриши дарвоза қўнғироғининг овози билан қўшилиб кетди. Хизматкор бир сўз демай, бизни ичкарига киритди, унинг хушламайгина қилган муомаласи етмагандай, улкан сенбернарлар ҳам еб қўйгудек бўлиб, тинмай ирилларди. Беихтиёр қўрқа-писа қўлларимга қарадим, уларни бир неча ойдирки, тозалаб ювишга ҳам ҳафсала қилмаган, фақат шу бугун, бундан атиги ярим соат олдин суюқ совун билан керосинда апил- тапил чайиб олгандим, холос.

Эгнига оддийгина, оч ҳаворанг ёзлик кўйлак кийиб олган бека бизларни хос меҳмонхонасида қарши олди. У иккаламиз билан қўл бериб сўрашаркан, ўтиришга таклиф қилди ва кечки овқат ҳам ҳадемай тайёр бўлиб қолади, деди.
—  Нима, сиз узоқни кўролмайсизми? — сўраб қолди хоним мендан.
—  Ҳа, бир оз.
—  Биласизми, кўзойнагингиз сираям ярашмабди.

Мен пенснемни ечиб, чўнтагимга солиб қўйдим, қовоқларим ўз-ўзидан осилиб кетди.
—  Соци ҳаммисиз? — савол беришда давом этди хонадон бекаси.
—  Социал-демократ, демоқчимисиз? Ҳа, шундай.
—  Нега энди?
—  Эътиқодим сабабли.
—  Эҳа, шундайми. Лекин бўйинбоғингиз ажойиб экан… Хўш, энди овқатланамиз. Қоринларинг ҳам роса очиққандир?

Қўшни хонада уч кишига мўлжаллаб дастурхон тузаб қўйилган эди. Уч хил қадаҳларни истисно қилганда, стол устида каминани ҳайрон қолдирадиган деярли ҳеч нима йўқ эди. Каллашўрва, лаҳм мол гўштидан қилинган қовурдоқ, сабзавот, салат ва пирог, буларни мен ҳеч хижолат бўлмасдан, бемалол тановул қила олар эдим. Винони эса уй бекасининг ўзи қуйиб, узата бошлади. Тамадди пайтида у фақат жияни билан сўзлашди, мен эса, мазали таомларни еб, май ичгач, кайфиятим кўтарилган, энди ўзимни худди уйдагидек эркин ҳис қилиб, бамайлихотир ўтирардим.

Овқатдан сўнг, май ичилган қадаҳлар яна меҳмонхонага олиб келинди. Каминага ажойиб сигарани қизғиш-тилларанг шам шуъласида ёндириб узатишгач, хотиржамлик ўрнини ёқимли хушкайфият эгаллаб, оғзим ланг очилиб қолди, анграйиб хонимга аста размисола бошладим, у шунақанги сулув эдики, ғурурланиб кетганимдан шу дамда ўзимни нақ жаннатга тушиб қолгандек ҳис этардим, бундайин туйғу ҳақида эса илк бор ишқий ҳикоя ва романлардан ўқиб, хира тасаввур ҳосил қилгандим.

Хоним билан суҳбатимиз қизиб кетди, мен унинг социал демократия ва қизил бўйинбоғ ҳақидаги мулоҳазаларини эслатиб, ҳазиллашишга ҳам журъат қилдим.
—  Сиз бутунлай ҳақсиз, — деди у менга майин жилмайиб. — Эътиқодингиз ўзингизга буюрсин, аммо биласизми, бўйинбоғни ундоқ эмас, қаранг, мана бундоқ боғлашингизни маслаҳат берган бўлардим.

Хоним шундай деб, ўрнидан турди ва мен томонга энгашиб, иккала қўли билан бўйинбоғимнинг у ёқ-бу ёғини тўғрилашга тушди. Бир маҳал унинг икки бармоғи кўйлагим орасидан аста сирғалиб ўтиб, кўксимни сийпаётганини сезиб, қўрқиб кетдим. Юрагим гупиллаб ура бошлади, даҳшатга тушиб, унга қарадим, у эса бармоқларини кўкрагимга яна бир босди-да, индамай кўзларимга тикилиб қолди.

Оббо бекаси тушмагур-ей, ўйладим ичимда, сер- завқ аёл экан-ку.

У ортга тисланиб, ўзини бўйинбоғни томоша қилаётганга солди, аслида эса икки кўзи менда, нигоҳи жиддий ва қатъий, ҳатто бир неча бор бош ирғаб, нимагадир ҳимо қилди.
—  Менга қара, — деди у сўнг, қандайдир журнални варақлаб ўтирган жиянига юзланиб, — юқорига чиққин, муюлишдаги хонада қутича бор, ўшани олиб туш, ҳа, бўлақол.

Йигитча кетиши билан бека кўзларини бақрай- тириб мен томон аста яқинлашди.
—  Эҳ, сен! — деди у секин ва майин овоз билан, — бирам ёқимтойсанки…

Сўнгра у юзини юзимга яқин опкелди, шунда бирдан лабларимиз беихтиёр оташ бўлиб, бир-бирига унсиз чиппа қапишди ва … бу ҳолат бир неча бор қайта такрор бўлди. Мен уни, барваста гўзал хонимни ўзимга тортиб, маҳкам қучдим, у эса, кўзлари ёниб, ёш қизлар каби яшнаб кетди, лабларини лабларимга босиб, менга ўтли бўсалар ҳадя қилди.

Жиян қутичани олиб тушгач, учовлон ўтириб, шоколаддан бас бойлашиб соққа ўйнашга киришдик. Хоним очилиб, гапга тушиб кетди, мен бўлсам, нафасим бўғилиб, миқ этмай ўтирар, у эса ҳар соққа ташлаганда менга тегажоғлик қилиб ҳазиллашар, гоҳида стол остидан қўлини узатиб, бармоқларимни ўйнар ёки тиззаларимни аста сийпалаб қўярди.

Соат миллари ўнга яқинлашгач, шеригим энди қайтамиз, деб қолди. Шунда хоним менга маъноли боқиб:
—  Сиз ҳам кетмоқчимисиз? — деб сўради.
Камина ҳали бунақанги ишқ савдосидан бехабар эмасманми, нима дейишни ҳам билмай, дудуқланиб, аста ўрнимдан турдим.
—   Ҳа, майли, нимаям дердим, — сўз қотди бека.

Биз эшик томон юрдик, бироқ ҳамроҳим остона ҳатлаб улгурмаёқ, хоним қўлимдан ушлаб, мени ўзига тортаркан, маҳкам қучоқлаб олди, сўнг қулоғимга секин шивирлади:
—  Эсинг борми ўзи, ҳой, эсингни йиғ!
Мен анқов ўшанда бу сўзларнинг маъносини ҳам тушунмабман.

Биз мезбон билан хайрлашиб, поезд бекати томон югурдик. Чипталарни олгач, шеригим тезда вагонга чиқволди. Менинг эса шу дамда негадир ёлғиз қолгим келди. Эндигина пиллапоянинг биринчи поғонасига чиққандим, машинистнинг ҳуштак чалгани эшитилди, шунда узоқ ўйлаб ўтирмай, ерга сакрадим ва поезддан қолиб кетдим. Чор-атрофга аллақачон зимистон тун ўз чодирини ёйган, ҳеч нимани кўриб бўлмасди.

Маъюс ва паришон бир алфозда ортимга қайтиб, узун дала йўли бўйлаб югургилаб кетдим, чорбоққа етгач, таниш панжара ёнидан ўғрига ўхшаб пусиб ўтдим. Аслзода хоним мени севиб қолибди! Кўз ўнгимда бирданига сеҳрли ўлкалар намоён бўлди, шу чоқ чўнтагимга қўл солгандим, тасодифан ўша никелли пенсне илиниб қолса, уни жаҳл устида кўчадаги чуқурча томон отиб юбордим.

Кейинги якшанба куни шогирд йигитчани яна — бу гал тушликка таклиф этишди, мени эса ҳеч ким йўқламади. Хоним ҳам устахонамизга қайтиб қадам босмади.

Яна чорак йил мобайнида якшанба кунлари ёхуд кеч оқшом пайтлари Зетлинген тарафларга тез-тез бориб-келиб турдим, ҳар гал борганимда ўша панжара тўсиқ ёнидан ўтиб, боғ атрофини айланардим, сенбернарларнинг вовуллашини ҳамда хориж дарахтлари узра таралаётган шамол қўшиғини тинглардим, ногоҳ хоналар ичра ёниқ чироқ нурларига кўзим тушса: зора кўриб қолса, ахир мени севади-ку, дея умидвор бўлардим. Бир куни уй ичкарисидан пианино мусиқасининг майин ва аллаловчи оҳанглари янгради, уни тинглаб туриб, деворга суянган кўйим йиғлаб юбордим.

Бироқ шундан кейин дарбон каминани итлардан ортиқ ҳимоя қилмади ва уй ичига ҳам бошқа олиб кирмади, хонимнинг қўллари бармоқларимни ортиқ сийпамади, лаблари эса менга бошқа бўса ҳадя қилмади. Буларнинг бари фақат тушдагина, ҳа, тушимда бир неча бор қайта намоён бўлди, холос. Кеч кузда эса, чилангарлик ҳунари билан хайр-маъзур қилиб, эгнимдан ўша кўкимтир коржомани бир умрга ечиб ташладим ва бу ердан узоқ-узоқларга — бошқа бир шаҳарга жўнаб кетдим.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015. 6-сон

022

Hermann HESSE
ILK SARGUZASHT
Nemischadan Mirzaali AKBAROV tarjimasi
001

06   Hermann Hesse (1877-1962) — nemis  adabiyotining ulug’ namoyandalaridan biri, Nobel mukofoti sohibi Hermann Hesse eng ko’p mutolaa qilinadigan olmon adiblaridan biridir. Uning ko’plab roman, qissa, hikoyalari, she’rlari, siyosiy, adabiy-tanqidiy ruhdagi asarlari chop etilgan. Ular orasida, ayniqsa, «Cho’l bo’risi», «Marjonlar o’yini», «G’ildiraklar ostida», «Demian» kabi asarlari alohida dovrug’ qozongan.
Adib, shuningdek, ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishda ham ko’plab asarlar yozgan. Yuqorida tilga olingan «G’ildiraklar ostida» romani, shuningdek, «Nyurnbergga sayohat» safarnomasi va boshqa ko’pgina asarlar shular jumlasidandir.

001

Qiziq, boshdan o’tgan voqealar vaqt o’tishi bilan odamning xayolidan ham ko’tarilib ketarkan! Hatto minglab turfa kechinmalarga guvoh bo’lgan butun boshli yillar ham asta-sekin unutilib ketishi mumkin ekan. Bolalarning maktab tomon borishayotganini ko’rib turib, o’zimning o’quvchilik davrimni bir eslab qo’yish xayolimga ham kelmaydi. Bordi-yu, gimnaziya talabalariga ko’zim tushgudek bo’lsa, o’zimam bir vaqtlar shularga o’xshagan talaba bo’lganimni eslayolmayman ham.

Mashinasozlarning o’z ustaxonalariga yoki bo’lmasam havoyi, beburd ishboshilarning o’z idoralariga erinibgina kirib ketishayotganini ko’rib turaman-u, o’zimning ham bir zamonlar ana shunday yo’llardan yurganim, egnimga havorang korjoma ilib, ishlaganim yoxud tirsaklari yaltirab ketgan kitel kiyib, kotiblik qilganimni paqqos unutib qo’yaman.

Yoki kitob do’konida Drezdendagi P`erson nashriyotida chop etilgan o’n sakkiz yoshlilarning qalamiga mansub g’alati va o’ziga xos mo»jazgina she’riy to’plamlarni ko’zdan kechirarkanman, o’zim ham bir vaqtlar shunga o’xshash she’rlar yozib, xuddi o’sha noshirning qarmog’iga ilinganman-ku, deya birrov o’ylab ko’rish xayolimga ham kelmaydi.

Ha, qachonlardir sayr qilib yurgan chog’im yoki poezdda biron yoqqa borayotgan paytim yoxud uyqusiz tunda hayotning allaqachon unut bo’lgan bir parchasi o’zining barcha mayda-chuyda, ikir-chikir tafsilotlari bilan, ism va joy nomlari, shovqin-suron hamda o’ziga xos hid-bo’ylari-la go’yoki jihozlar bilan bezatilgan sahna surati yanglig’ “yarq” etib ko’z oldimda namoyon bo’lmagunga qadar.

O’tgan tunda xuddi shunday bo’ldi. O’z boshimdan o’tgan bir voqea, garchi u o’shanda aniq-tiniq yodimda qolgan va men buni hech qachon unutmayman, deb o’ylagan bo’lsam ham, o’tgan yillar mobaynida butunlay xotiramdan faromush bo’lgan edi, naq ko’z o’ngimda qaytadan jonlansa deng… Xuddi kitob yoki qalamtaroshing bexosdan yo’qolib qoladi-yu, avvaliga uning iziniyam topolmaganing, so’ng uni butunlay unutib ham yuborishing, keyin kunlardan bir kun kutilmaganda g’aladondagi eski-tuski lash-lushlar orasida “lop” etib oldingdan chiqib qolgani kabi.

Men o’shanda o’n sakkiz yoshda edim, o’qishim tugab qolayozgan, mashinalar ta’mirlanadigan chilangarlik ustaxonasida amaliyot o’tardim. Tanlagan soham bo’yicha uzoqqa borolmasligimni sezganim uchunmi, o’z kasbimni o’zgartirishga qat’iy ahd qilgan edim. Buni otamga yotig’i bilan tushuntirish uchun qulay fursat topilgunga qadar, korxonada qolib ishlay boshladim. Biroq ketishi ma’lum bo’lgan, to’rt tomoni qibla odamga o’xshab, goh xud, goh bexud, ishni qo’l uchida bajarardim.

Ustaxonamizda bir ko’ngilli shogird bola ham ishlardi. Uning birdan-bir zo’r “fazilati” — qo’shni shaharchada yashaydigan boy xonim bilan qarindoshligi edi. Fabrikantning yosh bevasi bo’lgan bu xonim kichikroq chorbog’da istiqomat qilar, uning hashamatli ulovi hamda salt oti bo’lib, o’ziga bino qo’ygan va g’alati tabiatli edi, chunki u ezma, sergap, g’iybatchi xotinlar davrasiga qo’shilmas, buning o’rniga ot minar, baliq ovlar, lolalar yetishtirar va hovlisida senbernar (yungi uzun katta it)larni saqlardi. Xonim haqida turli gap-so’zlar yurar, ayniqsa, uning Shtutgart va Myunxen tomonlarga tez-tez borib turishi, u yerlarda davralarning “guli” ekanligi ma’lum bo’lgach, odamlar endi uning nomini hasad va alam bilan tilga ola boshlagandilar.

Ne ajabki, xonim o’zining jiyani yoki amakivachchasi yo xolavachchasi bo’lmish yigitchani qora tortibmi, ishxonamizga uch marta kelib, bu yerdagi asbob-uskuna va mashinalarni tomosha qilib ketgan edi. To’ladan kelgan, barvasta bo’yli, tashqi ko’rinishi g’oyat go’zal bu ayol har gal kelganda kaminada katta taassurot qoldirardi, negaki, yasan-tusan, pardoz-andozlari har doim joyida, buyam yetmagandek, dud, is bosgan xonalarimiz bo’ylab ohista qadam tashlarkan, har narsaga o’ta qiziquvchanlik bilan boqib, g’alati-g’alati savollar berar, shunda uning oq-sariq yuzi nihoyatda so’limlashib, qiliqlari bo’sh-bayov qizlarni yodga solardi. Bizlar esa, egnimizda moy tekkan ishkiyim, yuz-ko’z va qo’llarimiz qora yog’, bamisoli naq malikaning o’zi tashrif buyurganday, nima qilarimizni bilmay, serrayib tek qarab turaverardik. Qolaversa, bu narsa bizning qarashlarimizgayam to’g’ri kelmasdi, bunga o’zimiz ham har gal iqror bo’lar edik.

Shunday kunlarning birida shogird yigitcha tushki tanaffus payti oldimga kelib:
— Yakshanba kuni xolamnikiga mehmonga bormaysizmi? Shaxsan o’zlari taklif qildilar, -deb qoldi.
— Taklif qildi deysanmi? — hayron bo’lib so’radim men. — Hoy bola, menga bunaqangi bo’lmag’ur hazil qilmagin, xo’pmi, yo’qsa, burningni yerga ishqab, adabingni berib qo’yaman-a.
Yo’q, u hazillashmagan edi. Haqiqatan ham xonim kaminani yakshanba kuni kechqurunga mehmonga taklif etibdi. Soat o’ndagi poezd bilan bemalol qaytib kelsak bo’larkan, basharti uzoqroq qolib ketadigan bo’lsak, beka bizga ulovini berib turishga ham bajonidil rozi ekan.

Dabdabali ulov egasi, bir xizmatkor, ikki nafar oqsoch, izvoshchi va bog’bonning xo’jayini bo’lmish bundayin xonim bilan tanishib, bordi-keldi qilish kaminaning o’sha paytdagi dunyoqarashiga ko’ra, g’irt ablahlik bo’lur edi, biroq bu narsa qiziq ustida taklifga rozilik berib yuborganimdan so’nggina esimga keldi, buning ustiga, ko’chalik, ya’ni biror joyga borganda yoki bayramlarda kiyadigan sariq rangli kostyumimni mehmonga kiyib borsam, yarashadimi-yo’qmi, deb o’ylanib ham qoldim.

Shanbaga qadar kunlarni shu tariqa kuchli hayajon hamda quvonch bilan yelib-yugurib o’tkazdim. So’ng meni birdaniga qo’rquv chulg’ab oldi. Men u yerda nima deyman, o’zimni qanday tutishim, xonim bilan qanday gaplashishim lozim? Faxr-iftixorim bo’lgan kostyumimga bundoq razm solib qarasam, hammayog’i g’ijim, dog’-dug’ bosgan, yoqalarim esa to’zib, yag’iri chiqib yotibdi. Bundan tashqari, shlyapam ham eski, kiyilaverib titilib ketgan edi. Asosiy, maqtangudek bor bisotim — bir juft uchi o’tkir qo’njsiz botinkam, och qizil tusli, yarim ipak bo’yinbog’ bilan chetlari nikellangan pensne (ko’zoynakning bir turi) esa bularning o’rnini bosolmasligi kunday ravshan edi.

Yakshanba kuni kechki payt ikkovlon Zetlingenga qarab piyoda yo’lga tushdik, kamina hayajon va xijolatdan bir ahvolda edim. Nihoyat, chorbog’ga yetib keldik. Oldida chet el qarag’aylari va sarv daraxtlari o’sib yotgan panjara to’siq ortidan eshitilgan itlarning hurishi darvoza qo’ng’irog’ining ovozi bilan qo’shilib ketdi. Xizmatkor bir so’z demay, bizni ichkariga kiritdi, uning xushlamaygina qilgan muomalasi yetmaganday, ulkan senbernarlar ham yeb qo’ygudek bo’lib, tinmay irillardi. Beixtiyor qo’rqa-pisa qo’llarimga qaradim, ularni bir necha oydirki, tozalab yuvishga ham hafsala qilmagan, faqat shu bugun, bundan atigi yarim soat oldin suyuq sovun bilan kerosinda apil- tapil chayib olgandim, xolos.

Egniga oddiygina, och havorang yozlik ko’ylak kiyib olgan beka bizlarni xos mehmonxonasida qarshi oldi. U ikkalamiz bilan qo’l berib so’rasharkan, o’tirishga taklif qildi va kechki ovqat
ham hademay tayyor bo’lib qoladi, dedi.

— Nima, siz uzoqni ko’rolmaysizmi? — so’rab qoldi xonim mendan.
— Ha, bir oz.
— Bilasizmi, ko’zoynagingiz sirayam yarashmabdi.

Men pensnemni yechib, cho’ntagimga solib qo’ydim, qovoqlarim o’z-o’zidan osilib ketdi.
— Sotsi hammisiz? — savol berishda davom etdi xonadon bekasi.
— Sotsial-demokrat, demoqchimisiz? Ha, shunday.
— Nega endi?
— E’tiqodim sababli.
— Eha, shundaymi. Lekin bo’yinbog’ingiz ajoyib ekan… Xo’sh, endi ovqatlanamiz. Qorinlaring ham rosa ochiqqandir?

Qo’shni xonada uch kishiga mo’ljallab dasturxon tuzab qo’yilgan edi. Uch xil qadahlarni istisno qilganda, stol ustida kaminani hayron qoldiradigan deyarli hech nima yo’q edi. Kallasho’rva, lahm mol go’shtidan qilingan qovurdoq, sabzavot, salat va pirog, bularni men hech xijolat bo’lmasdan, bemalol tanovul qila olar edim. Vinoni esa uy bekasining o’zi quyib, uzata boshladi. Tamaddi paytida u faqat jiyani bilan so’zlashdi, men esa, mazali taomlarni yeb, may ichgach, kayfiyatim ko’tarilgan, endi o’zimni xuddi uydagidek erkin his qilib, bamaylixotir o’tirardim.

Ovqatdan so’ng, may ichilgan qadahlar yana mehmonxonaga olib kelindi. Kaminaga ajoyib sigarani qizg’ish-tillarang sham shu’lasida yondirib uzatishgach, xotirjamlik o’rnini yoqimli xushkayfiyat egallab, og’zim lang ochilib qoldi, angrayib xonimga asta razmisola boshladim, u shunaqangi suluv ediki, g’ururlanib ketganimdan shu damda o’zimni naq jannatga tushib qolgandek his etardim, bundayin tuyg’u haqida esa ilk bor ishqiy hikoya va romanlardan o’qib, xira tasavvur hosil qilgandim.

Xonim bilan suhbatimiz qizib ketdi, men uning sotsial demokratiya va qizil bo’yinbog’ haqidagi mulohazalarini eslatib, hazillashishga ham jur’at qildim.
— Siz butunlay haqsiz, — dedi u menga mayin jilmayib. — E’tiqodingiz o’zingizga buyursin, ammo bilasizmi, bo’yinbog’ni undoq emas, qarang, mana bundoq bog’lashingizni maslahat bergan bo’lardim.

Xonim shunday deb, o’rnidan turdi va men tomonga engashib, ikkala qo’li bilan bo’yinbog’imning u yoq-bu yog’ini to’g’rilashga tushdi. Bir mahal uning ikki barmog’i ko’ylagim orasidan asta sirg’alib o’tib, ko’ksimni siypayotganini sezib, qo’rqib ketdim. Yuragim gupillab ura boshladi, dahshatga tushib, unga qaradim, u esa barmoqlarini ko’kragimga yana bir bosdi-da, indamay ko’zlarimga tikilib qoldi.

Obbo bekasi tushmagur-yey, o’yladim ichimda, ser- zavq ayol ekan-ku.

U ortga tislanib, o’zini bo’yinbog’ni tomosha qilayotganga soldi, aslida esa ikki ko’zi menda, nigohi jiddiy va qat’iy, hatto bir necha bor bosh irg’ab, nimagadir himo qildi.
— Menga qara, — dedi u so’ng, qandaydir jurnalni varaqlab o’tirgan jiyaniga yuzlanib, — yuqoriga chiqqin, muyulishdagi xonada quticha bor, o’shani olib tush, ha, bo’laqol.

Yigitcha ketishi bilan beka ko’zlarini baqray- tirib men tomon asta yaqinlashdi.
— Eh, sen! — dedi u sekin va mayin ovoz bilan, — biram yoqimtoysanki…

So’ngra u yuzini yuzimga yaqin opkeldi, shunda birdan lablarimiz beixtiyor otash bo’lib, bir-biriga unsiz chippa qapishdi va … bu holat bir necha bor qayta takror bo’ldi. Men uni, barvasta go’zal xonimni o’zimga tortib, mahkam quchdim, u esa, ko’zlari yonib, yosh qizlar kabi yashnab ketdi, lablarini lablarimga bosib, menga o’tli bo’salar hadya qildi.

Jiyan qutichani olib tushgach, uchovlon o’tirib, shokoladdan bas boylashib soqqa o’ynashga kirishdik. Xonim ochilib, gapga tushib ketdi, men bo’lsam, nafasim bo’g’ilib, miq etmay o’tirar, u esa
har soqqa tashlaganda menga tegajog’lik qilib hazillashar, gohida stol ostidan qo’lini uzatib, barmoqlarimni o’ynar yoki tizzalarimni asta siypalab qo’yardi.

Soat millari o’nga yaqinlashgach, sherigim endi qaytamiz, deb qoldi. Shunda xonim menga ma’noli boqib:
— Siz ham ketmoqchimisiz? — deb so’radi.
Kamina hali bunaqangi ishq savdosidan bexabar emasmanmi, nima deyishni ham bilmay, duduqlanib, asta o’rnimdan turdim.
— Ha, mayli, nimayam derdim, — so’z qotdi beka.

Biz eshik tomon yurdik, biroq hamrohim ostona hatlab ulgurmayoq, xonim qo’limdan ushlab, meni o’ziga tortarkan, mahkam quchoqlab oldi, so’ng qulog’imga sekin shivirladi:
— Esing bormi o’zi, hoy, esingni yig’!
Men anqov o’shanda bu so’zlarning ma’nosini ham tushunmabman.

Biz mezbon bilan xayrlashib, poezd bekati tomon yugurdik. Chiptalarni olgach, sherigim tezda vagonga chiqvoldi. Mening esa shu damda negadir yolg’iz qolgim keldi. Endigina pillapoyaning birinchi pog’onasiga chiqqandim, mashinistning hushtak chalgani eshitildi, shunda uzoq o’ylab o’tirmay, yerga sakradim va poezddan qolib ketdim. Chor-atrofga allaqachon zimiston tun o’z chodirini yoygan, hech nimani ko’rib bo’lmasdi.

Ma’yus va parishon bir alfozda ortimga qaytib, uzun dala yo’li bo’ylab yugurgilab ketdim, chorboqqa yetgach, tanish panjara yonidan o’g’riga o’xshab pusib o’tdim. Aslzoda xonim meni sevib
qolibdi! Ko’z o’ngimda birdaniga sehrli o’lkalar namoyon bo’ldi, shu choq cho’ntagimga qo’l solgandim, tasodifan o’sha nikelli pensne ilinib qolsa, uni jahl ustida ko’chadagi chuqurcha tomon otib yubordim.

Keyingi yakshanba kuni shogird yigitchani yana — bu gal tushlikka taklif etishdi, meni esa hech kim yo’qlamadi. Xonim ham ustaxonamizga qaytib qadam bosmadi.

Yana chorak yil mobaynida yakshanba kunlari yoxud kech oqshom paytlari Zetlingen taraflarga tez-tez borib-kelib turdim, har gal borganimda o’sha panjara to’siq yonidan o’tib, bog’ atrofini
aylanardim, senbernarlarning vovullashini hamda xorij daraxtlari uzra taralayotgan shamol qo’shig’ini tinglardim, nogoh xonalar ichra yoniq chiroq nurlariga ko’zim tushsa: zora ko’rib qolsa, axir meni sevadi-ku, deya umidvor bo’lardim. Bir kuni uy ichkarisidan pianino musiqasining mayin va allalovchi ohanglari yangradi, uni tinglab turib, devorga suyangan ko’yim yig’lab yubordim.

Biroq shundan keyin darbon kaminani itlardan ortiq himoya qilmadi va uy ichiga ham boshqa olib kirmadi, xonimning qo’llari barmoqlarimni ortiq siypamadi, lablari esa menga boshqa bo’sa hadya qilmadi. Bularning bari faqat tushdagina, ha, tushimda bir necha bor qayta namoyon bo’ldi, xolos. Kech kuzda esa, chilangarlik hunari bilan xayr-ma’zur qilib, egnimdan o’sha ko’kimtir korjomani bir umrga yechib tashladim va bu yerdan uzoq-uzoqlarga — boshqa bir shaharga jo’nab ketdim.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015. 6-son

022

(Tashriflar: umumiy 456, bugungi 1)

Izoh qoldiring