Oygul Suyundiqova. Cheksiz qoinotning zarrin lahzasi & Men tug’ilgan yurt (2007)

09    Шоира Ойгул Суюндиқова шеъриятини кузатиб, «майин», «дилбар» деган сўзлар ҳаёлимдан ўтди. Ойгул сўзларни ўз майлига қўйиб беради, оҳиста таърифларга олиб киради (Ойдин Ҳожиеванинг «Ойгулнинг кўнгил ватани» мақоласидан. Мақола билан мана бу саҳифада танишинг).

Ойгул СУЮНДИҚОВА
ЧЕКСИЗ ҚОИНОТНИНГ
ЗАРРИН ЛАҲЗАСИ
080

1_html_287839e2.jpgОйгул Суюндиқова 1957 йил 17 сентябрда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент маданий-оқартув техникуми кутубхонашунослик бўлимини имтиёзли диплом билан, сўнгра Москвадаги Адабиёт институтини мувафаққиятли тугаллади. Пайариқ туманида қишлоқ мактабларида ўн йилдан ошиқ давр мобайнида ўқитувчилик қилди. Ёш ижодкорлар анжуманлари, ижодкор ўқитувчилар анжуманлари, илмий конференциялар қатнашчиси. Иш фаолиятини «Саодат» (бўлим муҳаррири), «Соғлом авлод учун»(бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари), «Ўзбекистон аграр фани хабарномаси» журнали бўлим муҳаррири, ЎзМТДП бош мутахассис ва Ғафур Ғулом номидаги нашриёт- матбаа ижодиёт уйи муҳаррири, «Соғлом авлод» газетасида бўлим бошлиғи,»Ғунча» журналида катта муҳаррир бўлиб лавозимларида фаолият юритди.
1974 йилдан буён туман, вилоят ва республика матбуотида мунтазам қатнашиб келмоқда. Шеърий тўпламлари- «Ёшлик баёзи -80» — Тошкент 1980; «Уфқлар ёнганда»(1986); «Умр куйлари»(1986); «Эътиқод» (1990); «Муборак дамлар». – Тошкент, 1997; «Пайариқ оҳанглари».- Самарқанд, 2007; «Мен туғилган юрт» (2007); ХХ аср жаҳон адабиёти»( таржималар) 2009; «Мулланафас» (таржималар) 2010 йилларда чоп этилган. «Жаҳон адабиёти» журнали ва бошқа даврий нашрларда таржималари, шеърлари чоп этилиб келинмоқда.
Шоира ва таржимон Ойгул Суюндикова 1989 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси.

080

ОНА ЮРТ

Бу кўнгулда сендан улуғ достон йўқ,
Тупроғингда ундим, ўлсам, армон йўқ.
Бу очунда сендай гул, гулистон йўқ,
Бўлмасанг, кўзимда яшнар осмон йўқ.

Тошларга урилиб синган ёмғирдай,
Шамолда шовуллаб тинган ёмғирдай
Тупроққа инаман, кенгаяр бағрим,
Саратонда яшнар далаларнаҳрим.

Қасидадан улуғ шоирлар умри
Каби куйлар булбул, товланар қумри.
Болангман, ҳеч қачон бағрингдан кетмас,
Сенсиз икки олам муродга етмас!

ИШҚ

Минг йиллардан буён сени излайман,
Эҳтимол, миллион йил ўтади яна.
Сен ҳақда тунлари ойга сўзлайман,
Сен ҳақда юлдузлар тинглайди ёна.

Тун бўйи деразам ортида тинмай
Қуйилди шамолнинг тўлқин туйғуси.
Не учун яшайман кўз ёшга кўнмай,
Нечун кўзларимнинг келмас уйқуси?

О, менинг энг буюк ғамиммисан, ишқ,
Рафиқим ва ёки ғаниммисан, ишқ…
Оёғини ерга тираб, самога
Армонини айтган тоғлардан ўтдим.

Ёмғир қўшиғини майин сабога
Сочган энг муаттар боғлардан ўтдим.
Мен сенга атадим, сенга тутқаздим
Ойга гуллар эккан хаёлларимни.

Билмадим, қайларда кимга ютқаздим
Жавоби топилмас саволларимни.
Ойдан сойга тушган толамисан, ишқ,
Ойдинда балқиган ноламмисан, ишқ…

Пойимда оқади қуюқ майсазор,
Бош узра сузади булутлар енгил.
Менинг шу лаҳзада қолиб кетгим бор,
Менинг билан қолса бас, дарё кўнгил.

Бу дунё беқиёс, бу дунё рангин,
Руҳимда шовуллар яшил япроқлар.
Нечун куз ҳавоси туюлар ғамгин,
Нечун олис хотир мени сўроқлар…

Исми гул, жисми гул туғёнимсан, ишқ,
Бу дунёи дунда гирёнмисан, ишқ…
Мактублар ёзаман, қорли мактублар,
Биламан, жавоби келмас, келмайди.

Уларни ёзганим шамоллар билар,
Хаёлдан ўзгаси билмас, билмайди.
Мактублар ёзаман, торли мактублар,
Балким умрим бўйи умримдан узун.

Ҳар битта сўзимда гуллар очилар,
Висоли ифорли, ҳижрони маҳзун.
Мактублар ёзаман, мактубимсан, ишқ,
Нигоҳим етмаган дил тубимсан, ишқ.

МУАЛЛИМА ДАФТАРИ

Йўлим тушди яна узоқдан – узоқ,
Қишлоқ ўртасида мактаб бор кўркам.
Унда ҳаёт ҳамон бардавом, қайноқ,
Ёдимга солишар йилларим хуррам.

Йўл бўйи дарахтлар тикилар менга,
Оқариб кўринар мактаб ва дала.
Энг ёруғ орзулар тиладим сенга,
Қишлоқ мактабида ўқиган болам!

Кўз нурим тўкилар изма-из азиз
Ўқувчилар ёзган иншолар узра.
Гоҳо шеър келади, тиниқлашар ҳис
Қалбимга урилган садолар узра.

ўазаллар ўқийман тиниқ ва майин
Жаранги сочади ойналарга зар.
Шеър сеҳрига тортиб боргани сари
Тилга кирар ҳатто узун деворлар…

Кўрсам ҳар бир бола кўзини чақноқ,
Ҳар битта юракка нур олиб кирсам.
Тингласа ҳар бири дунёни чанқоқ,
Еру осмон аро суҳбатлар қурса…

Мен сени соғиниб келаман, мактаб,
Шу китоб, шу дафтар, қалам бебаҳо!
Ўйларимдан улкан, улкансан, матлаб,
Сендан миннатдорман, туганмас зиё!

ВОЛИДАМ

Шеър ёзмаган менинг онам ҳам,
Лек қўлидан тушмаган китоб.
Суюнарди беҳад субҳидам
Кириб келса ҳовлига офтоб.

Кумушланди толим сочлари,
Тугамайди йиллар саволи.
Сарин еллар бамисли пари,
Мунисамнинг узун хаёли…

Отам эккан олма дарахти
Соясида шинам кенг сўри.
Дуолари – беадад бахтим,
Гул чеҳраси нурлидан нурли.

Соғинчидан сув ичганмикан
Олис йўллар, Пангат тоғлари.
Тушларида сой кечганмикан
Хушбўйланиб кетса боғлари.

Эрта туриб, энг аввал эшик,
Дарвозани қўярди очиб.
Айтишича, келар экан ризқ
Ҳаволарда мушк-анбар сочиб.

Ҳовли чинни, тоза йўлаклар,
Бўйлаб гулу райҳонлар масрур.
Тебранади оқиш тераклар.
Баргларидан сирғалганда нур.

Қўшиқларни сел бўлиб тинглаб,
Дерди: “Осмон тўла сеҳрлар…”
Шудрингларга аста қўйган лаб
Каби балки тўқиган шеърлар…

Фақат уни кўчирмаган ҳеч
Тонг сингари оппоқ қоғозга.
Ўқиб берган эҳтимол ҳар кеч
Қорли қишлар, баҳор, куз, ёзга…

Чунки менга йўллаган салом,
Мактублари хонишдай эди.
Шеърларингни ўқидим, болам,
Деганлари ёнишдай эди.

Юрагимда гуриллар гулхан,
Беқиёсдир мукаммал олам.
Ҳар тонг кўкка боқаман ўйчан,
Шеър ёзмаган менинг онам ҳам…

ОЙДИНЛИК

Тун. Қалбимга сокинлик ёқар,
Жим кезинар шамоллар бедор.
Ой нурлари сойларда оқар,
Хотиралар каби беозор…

Кўтарила бошлайди туннинг
Қалин-қалин дарпардалари.
Силай бошлар еллар заминнинг
Музлаб қолган яраларини…

Тун бағрини тарк этмас сира
Юлдузлардан шуъла кўчади.
Айланади олис хотира,
Умринг бўйи бирга учади.

Кўзларингда, қалбингда ёна
Узун йиллар қўшиқ айтгали,
Қайтиб келар сен билан яна
Хотиралар тонгни кутгали…

***

Бу дарахтлар менга яқин, қадрдон,
Баланд бўйли, қуюқ баргли, виқорли.
Улар ҳар фаслда ёқиб ўтар жон,
Олтин табассумда, ёмғирли,қорли.

Бу кенг йўллар менга яқин, қадрдон,
Улар билан умрим оқиб ўтади.
Уларга сирини тўкади осмон,
Улар юрагимдан балқиб ўтади.

Бу райҳонлар менга яқин, қадрдон,
Ҳидлари шеърларим бўйлаб ўтади.
Улардан айрилгим келмас ҳеч қачон,
Улар мен ҳақимда сўйлаб ўтади.

***

Тунлар тўрт бўлинган уйқуларингни
Бешикка суяниб топмоқ бўласан.
Киприкдаги ойнинг ёғдуларини
Хаёл пардаси — ла ёпмоқ бўласан.

Тун эса охири кўринмас эртак,
Юлдузларсочилиб кетган марварид.
Сукунат бағрида сутдай оқ чечак —
Тонгнинг қўлларида очилар умид.

ДЕРАЗАЛАР

Уйимнинг бежирим, озода, тиниқ,
Қуёшга қараган деразалари,
Мен сизни очганда ҳар сафар ёниқ
Юрагимга тушар тонг ларзалари.
Бир қучоқ оловга айланар қуёш,
Уфқнинг бепоён денгизларига
Пар-пар ёйилади шуълалар оташ,
Шамол тўкилади чўғ изларингга.

Ойналарни артиб қўяман аста:
Fубор тушмасин деб, гард қўнмасин деб.
Боғдан энган ҳаво, кунлар шойиста,
Ойдин кечаларим ҳеч тўнмасин деб.
Кўзларинг тубида мил-мил ҳаяжон,
Чарақлайди осмон, бўй тарайди ел.
Қушлар учаётган лаҳзалар шоён
Кўнглингга кўчади оҳиста, енгил.

Бири – оддий, кичик, бириси – улкан
Дунёни кузатар гул деразалар.
Гарчанд синиқ ёки очилмас экан…
Барисига офтоб тўкар сийму зар.
Табиатда қанча ранг бўлса, шунча
Рангин деразалар бордир бегумон.
Ана, жилмаймоқда илк бор гулғунча,
Кўклам ҳаволари келар биз томон.

Шундан насиб менга бахт деразаси,
Азал сирдошимдай суҳбатлари соз.
Майин тортиб борар субҳидам саси,
Кунларим, тунларим ажиб, дилнавоз.
Номлари хилма-хил деразаларнинг,
Шамоллар, хаёллар, вақт деразаси.
Қандай аталади, нималарга тенг
Чексиз коинотнинг заррин лаҳзаси?!.

Қулоқ тут деразанг товшига, дўстим,
Келди туйғуларнинг гулламоқ фасли.
Тўлдирайин дея дунё кам-кўстин
Ҳаёт узоқ давом этади, асли.
Мен қўйиб бераман шеъримга бу кез
Очмоқликни кўнглим деразаларин.
Токи, сезиб турсин юрагим азиз
Умрим тонгларини, ларзаларини.

КИТОБЛАР

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Салом беринг, ҳар тонг айланг эҳтиром.
Кўзларингиз нури, қалб қўри ҳаққи,
Сиз уни онам денг, азиз, дилором.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Денгизлар, уммонлар каби безавол.
Олмос чўққиларда чечакдай балқинг,
Нақадар бетимсол, чексиз бу хаёл.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Дунёнинг бошидан тушар тиниқиб.
Мукаммалдир ҳар бир сўзи, ҳар нақли,
Азал муҳаббатдан куйлар ёниқиб.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Беминнат дўстдир у, меҳри беадад.
Бутунлашар юрак, ҳавоси салқин,
Шаффоф само бўйлаб абадулабад.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Бу умр лаҳзалик, лек улар мангу.
Китоблар – Ватаним, китоблар – халқим,
Мен қудрат кўрмадим бундан ҳам эзгу.

ОСМОН РАНГЛАРИ

1

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Ҳовлига, гулзорга, боғлар, кўчага.
Тоғу тош, қир-адир, саҳро, далага
Тонгни кутаётган олис кечада.

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Хушбўйланди тупроқ, юмшади ҳаво.
Сойларда жаранглаб кетди томчилар,
Баргларга ранг берди ям-яшил наво.

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Шамол этагидан тўкилди хаёл.
Қарасам, ўхшашиб кетамиз жуда,
Осмон – қўли ишдан бўшамас аёл.

2

Осмон чақиради, қуш каби аёл
Кўзини юммайди, чарх урар хаёл.
Қувонч ҳам, алам ҳам келмайди малол,
Соат милларига урилар савол.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Соғинч чақиради, маъюс тикилиб,
Юлдузлар шуъласи кетди тўкилиб.
Билдимки, баҳорлар ёнимдан ўтди,
Билдимки, минг азоб жонимдан ўтди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Шамол чақиради, изидан дулдул
Булутлар кемаси сузади енгил.
Кўрдимки, япроқлар йўлимни кутди,
Кўрдимки, дилбар куз қўлимдан тутди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Ёмғир чақиради, тупроқ ошиғи
Осмон куйлаётир ҳаёт қўшиғин.
Ёмғир сувларида оқиб кетаман,
Мен тонгни шу ёмғир билан кутаман.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Йўллар чақиради, адоғи йўқдай,
Юрагимдан ўзга ардоғи йўқдай.
Онамнинг олдида қолгим келади,
Дардларимни тўкиб солгим келади.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Орзу чақиради, баланд тоғлардан
Қуёш кўтарилиб келган чоғларда,
Олма исли боғни қушлар уйғотди,
Кўз ўнгимда ажиб гўзал тонг отди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

3

Осмон бўзарди
Яқинлашиб келгани сари.
Уфқ қизарди,
Оловланди терак учлари.
Тиниққан борлиқ.
Шабнамга айланди юлдуз видоси.
Сени кутган ишқ –
Майинлашиб борар тонгнинг навоси.

4

Осмонда ой бўзарди
Сим-сим нур.
Зулматни маҳв этар,
Шуъласи дунёни ёритар.
Сойларга тушади
Оймомо.
Сувларда жўшади
Оймомо.
Сувлар ҳам, тошлар ҳам
Ёнади бедор.
Оймомо кўксида
Ишқ ҳам, армон ҳам…
Сойларга чўмилиб чиқса ҳам,
Сирларга кўмилиб чиқса ҳам,
Оймомо ҳеч кимга айтмайди,
Айтмас –
Ҳеч қачон қуёшга етмайди,
Етмас…

Shoira Oygul Suyundiqova she’riyatini kuzatib, “mayin”, “dilbar” degan so‘zlar hayolimdan o‘tdi. Oygul so‘zlarni o‘z mayliga qo‘yib beradi, ohista ta’riflarga olib kiradi (Oydin Hojiyevaning “Oygulning ko‘ngil vatani” maqolasidan. Maqola bilan mana bu sahifada tanishing).

Oygul SUYUNDIQOVA
CHEKSIZ QOINOTNING
ZARRIN LAHZASI
080

Oygul Suyundiqova 1957 yil 17 sentyabrda Samarqand viloyati Payariq tumanida o’qituvchi oilasida tug’ildi. O’rta maktabni tugatib, Toshkent madaniy-oqartuv texnikumi kutubxonashunoslik bo’limini imtiyozli diplom bilan, so’ngra Moskvadagi Adabiyot institutini muvafaqqiyatli tugalladi. Payariq tumanida qishloq maktablarida o’n yildan oshiq davr mobaynida o’qituvchilik qildi. Yosh ijodkorlar anjumanlari, ijodkor o’qituvchilar anjumanlari, ilmiy konferentsiyalar qatnashchisi. Ish faoliyatini «Saodat» (bo’lim muharriri), «Sog’lom avlod uchun»(bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari), «O’zbekiston agrar fani xabarnomasi» jurnali bo’lim muharriri, O’zMTDP bosh mutaxassis va G’afur G’ulom nomidagi nashriyot- matbaa ijodiyot uyi muharriri, «Sog’lom avlod» gazetasida bo’lim boshlig’i,»G’uncha» jurnalida katta muharrir bo’lib lavozimlarida faoliyat yuritdi.1974 yildan buyon tuman, viloyat va respublika matbuotida muntazam qatnashib kelmoqda. She’riy to’plamlari- «Yoshlik bayozi -80» — Toshkent 1980; «Ufqlar yonganda»(1986); «Umr kuylari»(1986); «E’tiqod» (1990); «Muborak damlar». – Toshkent, 1997; «Payariq ohanglari».- Samarqand, 2007; «Men tug’ilgan yurt» (2007); XX asr jahon adabiyoti»( tarjimalar) 2009; «Mullanafas» (tarjimalar) 2010 yillarda chop etilgan. «Jahon adabiyoti» jurnali va boshqa davriy nashrlarda tarjimalari, she’rlari chop etilib kelinmoqda.
Shoira va tarjimon Oygul Suyundikova 1989 yildan buyon O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasining a’zosi.

080

ONA YURT

Bu ko’ngulda sendan ulug’ doston yo’q,
Tuprog’ingda undim, o’lsam, armon yo’q.
Bu ochunda senday gul, guliston yo’q,
Bo’lmasang, ko’zimda yashnar osmon yo’q.

Toshlarga urilib singan yomg’irday,
Shamolda shovullab tingan yomg’irday
Tuproqqa inaman, kengayar bag’rim,
Saratonda yashnar dalalarnahrim.

Qasidadan ulug’ shoirlar umri
Kabi kuylar bulbul, tovlanar qumri.
Bolangman, hech qachon bag’ringdan ketmas,
Sensiz ikki olam murodga yetmas!

ISHQ

Ming yillardan buyon seni izlayman,
Ehtimol, million yil o’tadi yana.
Sen haqda tunlari oyga so’zlayman,
Sen haqda yulduzlar tinglaydi yona.

Tun bo’yi derazam ortida tinmay
Quyildi shamolning to’lqin tuyg’usi.
Ne uchun yashayman ko’z yoshga ko’nmay,
Nechun ko’zlarimning kelmas uyqusi?

O, mening eng buyuk g’amimmisan, ishq,
Rafiqim va yoki g’animmisan, ishq…
Oyog’ini yerga tirab, samoga
Armonini aytgan tog’lardan o’tdim.

Yomg’ir qo’shig’ini mayin saboga
Sochgan eng muattar bog’lardan o’tdim.
Men senga atadim, senga tutqazdim
Oyga gullar ekkan xayollarimni.

Bilmadim, qaylarda kimga yutqazdim
Javobi topilmas savollarimni.
Oydan soyga tushgan tolamisan, ishq,
Oydinda balqigan nolammisan, ishq…

Poyimda oqadi quyuq maysazor,
Bosh uzra suzadi bulutlar yengil.
Mening shu lahzada qolib ketgim bor,
Mening bilan qolsa bas, daryo ko’ngil.

Bu dunyo beqiyos, bu dunyo rangin,
Ruhimda shovullar yashil yaproqlar.
Nechun kuz havosi tuyular g’amgin,
Nechun olis xotir meni so’roqlar…

Ismi gul, jismi gul tug’yonimsan, ishq,
Bu dunyoi dunda giryonmisan, ishq…
Maktublar yozaman, qorli maktublar,
Bilaman, javobi kelmas, kelmaydi.

Ularni yozganim shamollar bilar,
Xayoldan o’zgasi bilmas, bilmaydi.
Maktublar yozaman, torli maktublar,
Balkim umrim bo’yi umrimdan uzun.

Har bitta so’zimda gullar ochilar,
Visoli iforli, hijroni mahzun.
Maktublar yozaman, maktubimsan, ishq,
Nigohim yetmagan dil tubimsan, ishq.

MUALLIMA DAFTARI

Yo‘lim tushdi yana uzoqdan – uzoq,
Qishloq o‘rtasida maktab bor ko‘rkam.
Unda hayot hamon bardavom, qaynoq,
Yodimga solishar yillarim xurram.

Yo‘l bo‘yi daraxtlar tikilar menga,
Oqarib ko‘rinar maktab va dala.
Eng yorug‘ orzular tiladim senga,
Qishloq maktabida o‘qigan bolam!

Ko‘z nurim to‘kilar izma-iz aziz
O‘quvchilar yozgan insholar uzra.
Goho she’r keladi, tiniqlashar his
Qalbimga urilgan sadolar uzra.

o‘azallar o‘qiyman tiniq va mayin
Jarangi sochadi oynalarga zar.
She’r sehriga tortib borgani sari
Tilga kirar hatto uzun devorlar…

Ko‘rsam har bir bola ko‘zini chaqnoq,
Har bitta yurakka nur olib kirsam.
Tinglasa har biri dunyoni chanqoq,
Yeru osmon aro suhbatlar qursa…

Men seni sog‘inib kelaman, maktab,
Shu kitob, shu daftar, qalam bebaho!
O‘ylarimdan ulkan, ulkansan, matlab,
Sendan minnatdorman, tuganmas ziyo!

VOLIDAM

She’r yozmagan mening onam ham,
Lek qo‘lidan tushmagan kitob.
Suyunardi behad subhidam
Kirib kelsa hovliga oftob.

Kumushlandi tolim sochlari,
Tugamaydi yillar savoli.
Sarin yellar bamisli pari,
Munisamning uzun xayoli…

Otam ekkan olma daraxti
Soyasida shinam keng so‘ri.
Duolari – beadad baxtim,
Gul chehrasi nurlidan nurli.

Sog‘inchidan suv ichganmikan
Olis yo‘llar, Pangat tog‘lari.
Tushlarida soy kechganmikan
Xushbo‘ylanib ketsa bog‘lari.

Erta turib, eng avval eshik,
Darvozani qo‘yardi ochib.
Aytishicha, kelar ekan rizq
Havolarda mushk-anbar sochib.

Hovli chinni, toza yo‘laklar,
Bo‘ylab gulu rayhonlar masrur.
Tebranadi oqish teraklar.
Barglaridan sirg‘alganda nur.

Qo‘shiqlarni sel bo‘lib tinglab,
Derdi: “Osmon to‘la sehrlar…”
Shudringlarga asta qo‘ygan lab
Kabi balki to‘qigan she’rlar…

Faqat uni ko‘chirmagan hech
Tong singari oppoq qog‘ozga.
O‘qib bergan ehtimol har kech
Qorli qishlar, bahor, kuz, yozga…

Chunki menga yo‘llagan salom,
Maktublari xonishday edi.
She’rlaringni o‘qidim, bolam,
Deganlari yonishday edi.

Yuragimda gurillar gulxan,
Beqiyosdir mukammal olam.
Har tong ko‘kka boqaman o‘ychan,
She’r yozmagan mening onam ham…

OYDINLIK

Tun. Qalbimga sokinlik yoqar,
Jim kezinar shamollar bedor.
Oy nurlari soylarda oqar,
Xotiralar kabi beozor…

Ko‘tarila boshlaydi tunning
Qalin-qalin darpardalari.
Silay boshlar yellar zaminning
Muzlab qolgan yaralarini…

Tun bag‘rini tark etmas sira
Yulduzlardan shu’la ko‘chadi.
Aylanadi olis xotira,
Umring bo‘yi birga uchadi.

Ko‘zlaringda, qalbingda yona
Uzun yillar qo‘shiq aytgali,
Qaytib kelar sen bilan yana
Xotiralar tongni kutgali…

***

Bu daraxtlar menga yaqin, qadrdon,
Baland bo’yli, quyuq bargli, viqorli.
Ular har faslda yoqib o’tar jon,
Oltin tabassumda, yomg’irli,qorli.

Bu keng yo’llar menga yaqin, qadrdon,
Ular bilan umrim oqib o’tadi.
Ularga sirini to’kadi osmon,
Ular yuragimdan balqib o’tadi.

Bu rayhonlar menga yaqin, qadrdon,
Hidlari she’rlarim bo’ylab o’tadi.
Ulardan ayrilgim kelmas hech qachon,
Ular men haqimda so’ylab o’tadi.

***

Tunlar to’rt bo’lingan uyqularingni
Beshikka suyanib topmoq bo’lasan.
Kiprikdagi oyning yog’dularini
Xayol pardasi — la yopmoq bo’lasan.

Tun esa oxiri ko’rinmas ertak,
Yulduzlarsochilib ketgan marvarid.
Sukunat bag’rida sutday oq chechak —
Tongning qo’llarida ochilar umid.

DERAZALAR

1 Ойгул Суюндикова.jpg
Uyimning bejirim, ozoda, tiniq,
Quyoshga qaragan derazalari,
Men sizni ochganda har safar yoniq
Yuragimga tushar tong larzalari.
Bir quchoq olovga aylanar quyosh,
Ufqning bepoyon dengizlariga
Par-par yoyiladi shu’lalar otash,
Shamol to’kiladi cho’g’ izlaringga.

Oynalarni artib qo’yaman asta:
Fubor tushmasin deb, gard qo’nmasin deb.
Bog’dan engan havo, kunlar shoyista,
Oydin kechalarim hech to’nmasin deb.
Ko’zlaring tubida mil-mil hayajon,
Charaqlaydi osmon, bo’y taraydi yel.
Qushlar uchayotgan lahzalar shoyon
Ko’nglingga ko’chadi ohista, yengil.

Biri – oddiy, kichik, birisi – ulkan
Dunyoni kuzatar gul derazalar.
Garchand siniq yoki ochilmas ekan…
Barisiga oftob to’kar siymu zar.
Tabiatda qancha rang bo’lsa, shuncha
Rangin derazalar bordir begumon.
Ana, jilmaymoqda ilk bor gulg’uncha,
Ko’klam havolari kelar biz tomon.

Shundan nasib menga baxt derazasi,
Azal sirdoshimday suhbatlari soz.
Mayin tortib borar subhidam sasi,
Kunlarim, tunlarim ajib, dilnavoz.
Nomlari xilma-xil derazalarning,
Shamollar, xayollar, vaqt derazasi.
Qanday ataladi, nimalarga teng
Cheksiz koinotning zarrin lahzasi?!.

Quloq tut derazang tovshiga, do’stim,
Keldi tuyg’ularning gullamoq fasli.
To’ldirayin deya dunyo kam-ko’stin
Hayot uzoq davom etadi, asli.
Men qo’yib beraman she’rimga bu kez
Ochmoqlikni ko’nglim derazalarin.
Toki, sezib tursin yuragim aziz
Umrim tonglarini, larzalarini.

KITOBLAR

Kitoblar kelmoqda, oyoqqa qalqing,
Salom bering, har tong aylang ehtirom.
Ko’zlaringiz nuri, qalb qo’ri haqqi,
Siz uni onam deng, aziz, dilorom.

Kitoblar kelmoqda, oyoqqa qalqing,
Dengizlar, ummonlar kabi bezavol.
Olmos cho’qqilarda chechakday balqing,
Naqadar betimsol, cheksiz bu xayol.

Kitoblar kelmoqda, oyoqqa qalqing,
Dunyoning boshidan tushar tiniqib.
Mukammaldir har bir so’zi, har naqli,
Azal muhabbatdan kuylar yoniqib.

Kitoblar kelmoqda, oyoqqa qalqing,
Beminnat do’stdir u, mehri beadad.
Butunlashar yurak, havosi salqin,
Shaffof samo bo’ylab abadulabad.

Kitoblar kelmoqda, oyoqqa qalqing,
Bu umr lahzalik, lek ular mangu.
Kitoblar – Vatanim, kitoblar – xalqim,
Men qudrat ko’rmadim bundan ham ezgu.

OSMON RANGLARI

1

Osmon yer yuziga suv seplab chiqdi,
Hovliga, gulzorga, bog’lar, ko’chaga.
Tog’u tosh, qir-adir, sahro, dalaga
Tongni kutayotgan olis kechada.

Osmon yer yuziga suv seplab chiqdi,
Xushbo’ylandi tuproq, yumshadi havo.
Soylarda jaranglab ketdi tomchilar,
Barglarga rang berdi yam-yashil navo.

Osmon yer yuziga suv seplab chiqdi,
Shamol etagidan to’kildi xayol.
Qarasam, o’xshashib ketamiz juda,
Osmon – qo’li ishdan bo’shamas ayol.

2

Osmon chaqiradi, qush kabi ayol
Ko’zini yummaydi, charx urar xayol.
Quvonch ham, alam ham kelmaydi malol,
Soat millariga urilar savol.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

Sog’inch chaqiradi, ma’yus tikilib,
Yulduzlar shu’lasi ketdi to’kilib.
Bildimki, bahorlar yonimdan o’tdi,
Bildimki, ming azob jonimdan o’tdi.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

Shamol chaqiradi, izidan duldul
Bulutlar kemasi suzadi yengil.
Ko’rdimki, yaproqlar yo’limni kutdi,
Ko’rdimki, dilbar kuz qo’limdan tutdi.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

Yomg’ir chaqiradi, tuproq oshig’i
Osmon kuylayotir hayot qo’shig’in.
Yomg’ir suvlarida oqib ketaman,
Men tongni shu yomg’ir bilan kutaman.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

Yo’llar chaqiradi, adog’i yo’qday,
Yuragimdan o’zga ardog’i yo’qday.
Onamning oldida qolgim keladi,
Dardlarimni to’kib solgim keladi.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

Orzu chaqiradi, baland tog’lardan
Quyosh ko’tarilib kelgan chog’larda,
Olma isli bog’ni qushlar uyg’otdi,
Ko’z o’ngimda ajib go’zal tong otdi.
Onam tushlarida ko’radi meni,
Chunki tushlarimga kiradi onam.

3

Osmon bo’zardi
Yaqinlashib kelgani sari.
Ufq qizardi,
Olovlandi terak uchlari.
Tiniqqan borliq.
Shabnamga aylandi yulduz vidosi.
Seni kutgan ishq –
Mayinlashib borar tongning navosi.

4

Osmonda oy bo’zardi
Sim-sim nur.
Zulmatni mahv etar,
Shu’lasi dunyoni yoritar.
Soylarga tushadi
Oymomo.
Suvlarda jo’shadi
Oymomo.
Suvlar ham, toshlar ham
Yonadi bedor.
Oymomo ko’ksida
Ishq ham, armon ham…
Soylarga cho’milib chiqsa ham,
Sirlarga ko’milib chiqsa ham,
Oymomo hech kimga aytmaydi,
Aytmas –
Hech qachon quyoshga yetmaydi,
Yetmas…

045

(Tashriflar: umumiy 428, bugungi 1)

Izoh qoldiring