Xurshid Davron. Unutma & Javlon Jovliyev. «Assalamu aleykum» yoxud Myanma fojeasi

Ashampoo_Snap_2017.09.09_21h44m51s_001_.png  Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган Мьянма Саюз Республикасида шу ўтган бир ҳафта давомида кам сонли роҳингя мусулмонлари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга диний низолар туфайли ўт қўйилди, минглаб бегуноҳ одамлар ваҳшийларча ўлдирилди. Мьянмадан 123 минг киши қочиб Бангладеш чегарасига ўтиб уйсизлик ва очликдан, энг муҳими, ҳали давом этиб келаётган жаҳолат, ирқчилик, диний низолар, миллий камситиш каби иллатлардан азият чекишмоқда. Улар тақдири ҳамон қил устида!

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан: Инсон асабига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёвузона қатл этиш, болаларни осиш, ҳомиладорлар қорнини ёриш акс этган фотосуратларни қўйишдан сақланиб, бундай жиноятларга муносиб жазони Аллоҳи Каримдан сўрадик.

The-Rohingya-People-300x169.jpg

Хуршид Даврон
УНУТМА

Сен қизингнинг сочини силаб
Турган пайтда, бахтдан бўлиб кўр,
Ернинг олис бурчида, йиғлаб
Кимдир қазир боласига гўр.

Артаркансан ўғлингнинг араз –
Қилиб тўккан шўр кўзёшини,
Қайлардадир йиғлайди она
Ўғли узра эгиб бошини.

Бунча лоқайд бўлмасди кўнглинг,
Кўзларингда порламасди нур,
Ўша гўдак ўрнида ўғлинг
Ётганини қилсанг тасаввур.

Турмас эдинг шодумон кулиб,
Боқмас эдинг бунчалар сен шўх,
Бир кун сенинг болангга келиб
Тегишини, билсанг, ўша ўқ…

579.jpg

“АССАЛАМУ АЛЕЙКУМ” ЁХУД МЬЯНМА ФОЖИАСИ
Жавлон Жовлиев
09

Муаллифдан: Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган Мьянма Саюз Республикасида шу ўтган бир ҳафта давомида кам сонли роҳингя мусулмонлари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга диний низолар туфайли ўт қўйилди, минглаб бегуноҳ одамлар ваҳшийларча ўлдирилди.

Мьянмадан 123 минг киши қочиб Бангладеш чегарасига ўтиб уйсизлик ва очликдан, энг муҳими, ҳали давом этиб келаётган жаҳолат, ирқчилик, диний низолар, миллий камситиш каби иллатлардан азият чекишмоқда. Улар тақдири ҳамон қил устида!

– Ассаламу алейкум!
– Ассаламу алейкум!
– Ассаламу алейкум!

Қуёш ҳар тонг Бирма[1] тупроғи узра бош кўтарганда Ракхайн штатида яшовчи роҳингя мусулмон болалари уйқули кўзларини ишқалаб мана шундай калом-ла уйғонишади. Кўзларига қуёшнинг заррин нурлари тушиши билан қонга сингган анъаналарга кўра Яратган эгамга, чарақлаб турган қуёшга ва юзларини майин силаб турган Бенгал кўрфазининг шабадасига салом йўллашади.

Қизчалар қамишдан тўқилган саватчани бошларига кўтариб, ловия теришга кетишдан олдин, оппоқ булутлар ортида ўзининг сўзини шаксиз тинглаб турган Яратувчига, кўзларига беркинаётган қуёшга ва рўмолини учираётган кўрфаз шамолига ширин тил билан салом беради.

– Ассаламу алейкум!

Тўсатдан бошланган қонли ҳужумлар, азобли қувғунлари-у аламли хўрлашлар, бокира қизларнинг ёлвориб инграшлари, жонажон уйларининг кулга айланиши, яқинларининг жонсиз жасадлари, гулханда куяётган инсон этининг ачимсиқ ҳиди, сочилиб кетган тананинг даҳшатли манзараси роҳингя мусулмон болаларининг умид-ла, салом бериб уйғонишдан қайтаролмайди.

— Ассаламу алейкум!
— Ассалому алейкум!
— Ассалому алейкум!

4c56cd6bdedc4811740f6a7067002872-700x450.jpg

Роҳингя мусулмонларининг Бенгалия чегарасига яқин ҳудудида яшовчи 82 ёшли кампир ярим тунда бошланган ҳужумдан омон қолиб, тўрт ёшли неварасини кўтарганча ғарб томонга қараб қочиб борарди. У яхши билардики у яйловни тўғри кесиб ўтса (эси оғиб адашмаётган бўлса) тонг отар-отмас у Читтагонг туманига[2] ўтиб олади. Кампирнинг қоқсуяк елкасини эзиб турган, узоқдан тарозининг икки палласини эслатувчи таёқнинг бир учида халтага солинган ва пишиллаб ухлаётган невараси, иккинчи томонида эса, бир ҳафталик емак-ичмаклари бор эди. У яланг оёқ лой йўлдан олис-олисларга кўзларини қадаганча Бенгалия томон одимлаб борарди. У умрида бундай қувғинлардан кўпини кўрган бўлиб, барчасидан тақдирнинг инояти ва ўзининг чаққон оёқлари туфайли омон қолганди. Ота-онаси ўтган асрнинг бошларида бу ерларга ёруғ умидлар билан кўчиб келишган бўлса-да, умрлари рўшнолик кўрмай ўтиб кетди. Кампир на инглизларнинг мустамлака даврида, на озод Мьянма Республикаси даврида тинч одамлардай яшай олди. Умри таҳликаю қувғинларда ўтди. Улар ватан деб билган масканларида гадо эдилар, ортиқча эдилар. У шунинг учун кечасию кундузи сергак, кўчишга шай турар, ҳеч қачон хотиржамликка берилмасди ва мана – шу тарзда қариди ҳам!

Роҳинггия мусулмонлари – оддий деҳқонлар, чўпонлар, қурувчилар бошқалар каби саёҳатлар у қулай иморатларни орзу қилишмас, ҳар тонг (улар ҳар қандай меҳнатга тайёр эди) туриб тинч ва хотиржам шукроналик саломини айтишни истардилар. Улар сайлаш ва сайланишдан маҳрум эдилар. Бундан ташқари шаҳар ва жамоат транспортларида қисилиб юришга, касал хоналару ижтимоий ёрдамлар, таълим олиш, чет элда ўқиш, давлат ишларида ишлаш каби ХХI асрда миллиардлаб инсонлар фойдаланаётган имкониятлардан мосуво бўлсалар-да, мана шу заминда тинч ва хотиржам яшашни барчасидан афзал кўрардилар. Фақат болалари омон бўлса бўлди. Бунинг учун улар оғир ва заҳарли ишларда меҳнат қилар, ҳақорату хўрлашларга ҳам чидар ва шунда ҳам ҳар тонг умид ва ишонч сўзлари билан болаларини уйғотишга ўзларида куч топарди.

— Ассалому алейкум!

0e7715dad6a35ddeae1f9d2e004cd844.jpg

Кампир шилта лой бўлган йўлда ёлғиз кетиб борар экан, боя кўз олдида юз берган фожиаларни эсламасликка, фақат ва фақат ўлиб кетган эри ва фарзандларининг ҳурмати учун ёлғизгина ёдгорини асраб қолишни ўзининг олий бурчи деб биларди. У чегарадан қандай ўтишдан кўра, боланинг уйғониб қолишидан қўрқарди. Агар у уйғонса аскарлар уни пайқаб қолиши мумкин. Бунинг устига бола туриб, онасини сўраганда нима, деб жавоб беришнида билмасди. Унга отасини аскарлар отиб, онасини эса зўрлашганини айтишдан кўра кампирга ўлим афзалроқ. У кечаги манзарани кўз олдидан қувмоқчи бўлса-да, ҳар бир нарса кечаги даҳшатларни ўзида ясар, аламли хотираларни қўзғарди. Осмонда порлаб турган юлдузлар ҳам қонли нур сочаётгандай ўғли ва келинини эслатарди. Мьянма ҳарбийлари ўғлини отиб ўлдиришди. Телбанамо, кўзлари катта-катта очилиб, тишсиз оғзидан тилини ғалати ўйнатаётган, қоп-қора юзлари тарашадай буришиб, ботиб кетган, эгилиб турган гавдаси ғалати кўринган кампир ёнидан эса аҳмоқона боқиб, индамай ўтиб кетишди. У омон қолиш учун эмас, этагига яшириб олган Неварасини асраш, мабодо ўзини отиб ташлашса, боланинг устига қулаб уни омон қолдиришни ўйларди. Қуролланган ҳарбийлар нозик келинини зўрлаб ўлдираётганларида кампир болани халтага солиб аввалдан қазиб қўйилган ер тўла орқали боққа ўтиб кетганди. У боғдан чиқиб кетар экан гўзал келинининг аянчли ёлворишини ҳам, сигарета чекиб нозик қизлардай кулаётган ҳарбийларнинг овозини ҳам эшитмас, фақатгина бағридаги бегуноҳ болани асраш учун ортга қарамай одимлашни ўйларди, холос.

Умри ловия ва шакарқамиш етиштириб ўтган кампир на ота-онасининг, на иккита қизининг қабрини эслай оларди. Энди ўғли ва келинининг ҳам қабри йўқ. Қабрсиз, қадрсиз неча-неча авлодлар ўтмоқда…Асрлар алмашмоқда…Аммо ҳаммаси шу-шу…Аммо роҳингя мусулмон боллари умидларини ўлдирмай ҳар тонг ишонч-ла уйғонишмоқда…

— Ассалому алейкум!
— Ассаламу алейкум!
— Ассаламу алейкум!

ATT00009.-782869.jpg

Кампир тажрибали қачоқ эди. У туни билан дам олмай, бирор марта қоқилмай, болага чулдураб алла айтганча кетиб борарди. У атайлаб келинининг ҳарбийлар йиртиб ташлаган кўйлагидан бир бурдасини олган, бола ўзини онасининг бағрида ухлаётгандек ҳис қилиши учун болакайнинг бўйнига уни боғлаб ҳам қўйганди. У балчиққа ботиб қолмаслик, заҳарли ҳашораталару илонларни босиб олмаслик учун кўзини ердан узмас, гарчи силласи қуриб, кўзи хира кўраётган бўлса ҳам, ҳансираганча қари тошбақадай танасига бирлашиб кетган тош юкини кўз-қорачиғидай сақлаганча одимлаб борарди.

KMO_096855_16174_1_t219_145650.jpg

Тонгга яқин қўшни мамлакат чегарасига етай деганда кампир қаердандир келаётган машина овозини эшитди. Ўша онда унинг бор мадори тугаган, кўзлари ҳеч нимани фарқлай олмасди. Аммо болани манзилга етказиш учун бор кучини ишга солиб янада тезроқ одимлай бошлади. Ўзидан қуйилиб келаётган қора терни артишга ҳам вақт қизғониб, юрагининг тўхтаб қолмаслигини сўраб ўтинарди.

Мана, ниҳоят, тиконли симлар кўринди. Баданини аччиқ тирнаб ўтувчи бу совуқ симлар момога чўт эмас, аммо атрофда изғиб юрган ҳарбийлар уни пайқаб қолса, шундоғ бурнининг тагидаги “омонликка” эришолмай нарги дунёга равона бўлиши аниқ. Шунда авлоди ҳам буткул қурийди.

Чегара симлари кўринганда кампир таваккал қилишни истамади. Елкасидаги таёқни ташлаб, егуликларини бир четга қолдирди. Халтани очиб болакайнинг бўрсилдоқ юзига яна бир бора қаради. «Ўғлининг ўзи, ҳали катта йигит бўлади, момосини дуо қилиб юради». Болакай эса ҳеч нимани эшитмас дунёдаги миллиардлаб бегуноҳ болалар каби пишшиллаб ухлаб ётарди. Орқа тарафдан эса қуёш бош кўтариб келар, Бенгал кўрфази эса енгил шамол йўлларди. Кампир шошилиши керак. Бола ётган халтани орқасига олиб эмаклай бошлади. Шу кетишда у тўсиққача бир сония ҳам дам олмай борди. Орқа тарафдан машина чироқлари кўзга ташланар, чегара қоровулларининг овози эса яқин-яқиндан эшитиларди. Баланд ўсган қамишлар, момони ўз бағрига босиб яширарди. Кампир тиконли симларга қўл ботирганда, Бирма осмонида қуёш пайдо бўлди.

Шунда! Шунда қуёш нурлари Бенгал кўрфазидан аксланиб бола кўзларига тушганда, болакай пишиллаб нафас олишдан тўхтади ва ҳали кўзларини очар-очмасдан роҳингя мусулмонларининг минглаб болажонлари каби башар аҳлига салом йўллади.

– Ассаламу алейкум!

Кампир шундан қўрқанди. Унинг саломини нафақат аскарлар, балки олис-олислардан нур сочувчи қуёш ҳам эшитгандай бўлди. Бенгал кўрфази кўпириб тўлғонгандай бўлди. Кампир юз тубан йиқилди. Мьянманинг жоҳил ва уйқисираб, зерикиб ўтирган чегарачилари улар ёнига чопиб келар экан, бола ширин тил билан бутун инсониятга, дунё тинчлигига давогар-у шу орқали роҳат-фароҳатда яшаётганларга, дину миллатидан қатъий назара барча онгли инсонларга роҳинггия мусулмон болаларининг умид ва ишонч, бокира ва мунис саломини йўларди.

– Ассаламу алейкум!
– Ассаламу алейкум!
– Ассаламу алейкум!

________________________________________
[1] Мьянма давлатининг эски номи. Буюк Британияга вассал бўлган даврда номланган (1824—1948).
[2] Бангладешнинг Мьянма Иттифоқи Республикасига чегарадош тумани.

Тошкент. 2017 йил.

156589-INNERRESIZED600-600-Larmes-e1504155807851.jpgJanubiy-sharqiy Osiyoda joylashgan Myanma Sayuz Respublikasida shu o‘tgan bir hafta davomida kam sonli rohingya musulmonlari yashaydigan 2,600 dan ortiq uylarga diniy nizolar tufayli o‘t qo‘yildi, minglab begunoh odamlar vahshiylarcha o‘ldirildi.Myanmadan 123 ming kishi qochib Bangladesh chegarasiga o‘tib uysizlik va ochlikdan, eng muhimi, hali davom etib kelayotgan jaholat, irqchilik, diniy nizolar, milliy kamsitish kabi illatlardan aziyat chekishmoqda. Ular taqdiri hamon qil ustida!

“Xurshid Davron kutubxonasi”dan: Inson asabiga jiddiy ta’sir ko‘rsatishi mumkin bo‘lgan yovuzona qatl etish, bolalarni osish, homiladorlar qornini yorish aks etgan fotosuratlarni qo‘yishdan saqlanib, bunday jinoyatlarga munosib jazoni Allohi Karimdan so‘radik.

Xurshid Davron
UNUTMA

Sen qizingning sochini silab
Turgan paytda, baxtdan bo‘lib ko‘r,
Yerning olis burchida, yig‘lab
Kimdir qazir bolasiga go‘r.

Artarkansan o‘g‘lingning araz –
Qilib to‘kkan sho‘r ko‘zyoshini,
Qaylardadir yig‘laydi ona
O‘g‘li uzra egib boshini.

Buncha loqayd bo‘lmasdi ko‘ngling,
Ko‘zlaringda porlamasdi nur,
O‘sha go‘dak o‘rnida o‘g‘ling
Yotganini qilsang tasavvur.

Turmas eding shodumon kulib,
Boqmas eding bunchalar sen sho‘x,
Bir kun sening bolangga kelib
Tegishini, bilsang, o‘sha o‘q…

genocid8_3.jpg“ASSALAMU ALЕYKUM” YOXUD MYANMA FOJIASI
Javlon Jovliyev
09

Muallifdan: Janubiy-sharqiy Osiyoda joylashgan Myanma Sayuz Respublikasida shu o‘tgan bir hafta davomida kam sonli rohingya musulmonlari yashaydigan 2,600 dan ortiq uylarga diniy nizolar tufayli o‘t qo‘yildi, minglab begunoh odamlar vahshiylarcha o‘ldirildi.

Myanmadan 123 ming kishi qochib Bangladesh chegarasiga o‘tib uysizlik va ochlikdan, eng muhimi, hali davom etib kelayotgan jaholat, irqchilik, diniy nizolar, milliy kamsitish kabi illatlardan aziyat chekishmoqda. Ular taqdiri hamon qil ustida!

– Assalamu aleykum!
– Assalamu aleykum!
– Assalamu aleykum!

Quyosh har tong Birma[1] tuprog‘i uzra bosh ko‘targanda Rakxayn shtatida yashovchi rohingya musulmon bolalari uyquli ko‘zlarini ishqalab mana shunday kalom-la uyg‘onishadi. Ko‘zlariga quyoshning zarrin nurlari tushishi bilan qonga singgan an’analarga ko‘ra Yaratgan egamga, charaqlab turgan quyoshga va yuzlarini mayin silab turgan Bengal ko‘rfazining shabadasiga salom yo‘llashadi.

Qizchalar qamishdan to‘qilgan savatchani boshlariga ko‘tarib, loviya terishga ketishdan oldin, oppoq bulutlar ortida o‘zining so‘zini shaksiz tinglab turgan Yaratuvchiga, ko‘zlariga berkinayotgan quyoshga va ro‘molini uchirayotgan ko‘rfaz shamoliga shirin til bilan salom beradi.

– Assalamu aleykum!

To‘satdan boshlangan qonli hujumlar, azobli quvg‘unlari-u alamli xo‘rlashlar, bokira qizlarning yolvorib ingrashlari, jonajon uylarining kulga aylanishi, yaqinlarining jonsiz jasadlari, gulxanda kuyayotgan inson etining achimsiq hidi, sochilib ketgan tananing dahshatli manzarasi rohingya musulmon bolalarining umid-la, salom berib uyg‘onishdan qaytarolmaydi.

— Assalamu aleykum!
— Assalomu aleykum!

— Assalomu aleykum!

087f9eb70e77d87cf2982a5d3a5a864a.jpgRohingya musulmonlarining Bengaliya chegarasiga yaqin hududida yashovchi 82 yoshli kampir yarim tunda boshlangan hujumdan omon qolib, to‘rt yoshli nevarasini ko‘targancha g‘arb tomonga qarab qochib borardi. U yaxshi bilardiki u yaylovni to‘g‘ri kesib o‘tsa (esi og‘ib adashmayotgan bo‘lsa) tong otar-otmas u Chittagong tumaniga[2] o‘tib oladi. Kampirning qoqsuyak yelkasini ezib turgan, uzoqdan tarozining ikki pallasini eslatuvchi tayoqning bir uchida xaltaga solingan va pishillab uxlayotgan nevarasi, ikkinchi tomonida esa, bir haftalik yemak-ichmaklari bor edi. U yalang oyoq loy yo‘ldan olis-olislarga ko‘zlarini qadagancha Bengaliya tomon odimlab borardi. U umrida bunday quvg‘inlardan ko‘pini ko‘rgan bo‘lib, barchasidan taqdirning inoyati va o‘zining chaqqon oyoqlari tufayli omon qolgandi. Ota-onasi o‘tgan asrning boshlarida bu yerlarga yorug‘ umidlar bilan ko‘chib kelishgan bo‘lsa-da, umrlari ro‘shnolik ko‘rmay o‘tib ketdi. Kampir na inglizlarning mustamlaka davrida, na ozod Myanma Respublikasi davrida tinch odamlarday yashay oldi. Umri tahlikayu quvg‘inlarda o‘tdi. Ular vatan deb bilgan maskanlarida gado edilar, ortiqcha edilar. U shuning uchun kechasiyu kunduzi sergak, ko‘chishga shay turar, hech qachon xotirjamlikka berilmasdi va mana – shu tarzda qaridi ham!

Rohinggiya musulmonlari – oddiy dehqonlar, cho‘ponlar, quruvchilar boshqalar kabi sayohatlar u qulay imoratlarni orzu qilishmas, har tong (ular har qanday mehnatga tayyor edi) turib tinch va xotirjam shukronalik salomini aytishni istardilar. Ular saylash va saylanishdan mahrum edilar. Bundan tashqari shahar va jamoat transportlarida qisilib yurishga, kasal xonalaru ijtimoiy yordamlar, ta’lim olish, chet elda o‘qish, davlat ishlarida ishlash kabi XXI asrda milliardlab insonlar foydalanayotgan imkoniyatlardan mosuvo bo‘lsalar-da, mana shu zaminda tinch va xotirjam yashashni barchasidan afzal ko‘rardilar. Faqat bolalari omon bo‘lsa bo‘ldi. Buning uchun ular og‘ir va zaharli ishlarda mehnat qilar, haqoratu xo‘rlashlarga ham chidar va shunda ham har tong umid va ishonch so‘zlari bilan bolalarini uyg‘otishga o‘zlarida kuch topardi.

— Assalomu aleykum!

8488857164_351aa98ef9_b.jpg

Kampir shilta loy bo‘lgan yo‘lda yolg‘iz ketib borar ekan, boya ko‘z oldida yuz bergan fojialarni eslamaslikka, faqat va faqat o‘lib ketgan eri va farzandlarining hurmati uchun yolg‘izgina yodgorini asrab qolishni o‘zining oliy burchi deb bilardi. U chegaradan qanday o‘tishdan ko‘ra, bolaning uyg‘onib qolishidan qo‘rqardi. Agar u uyg‘onsa askarlar uni payqab qolishi mumkin. Buning ustiga bola turib, onasini so‘raganda nima, deb javob berishnida bilmasdi. Unga otasini askarlar otib, onasini esa zo‘rlashganini aytishdan ko‘ra kampirga o‘lim afzalroq. U kechagi manzarani ko‘z oldidan quvmoqchi bo‘lsa-da, har bir narsa kechagi dahshatlarni o‘zida yasar, alamli xotiralarni qo‘zg‘ardi. Osmonda porlab turgan yulduzlar ham qonli nur sochayotganday o‘g‘li va kelinini eslatardi. Myanma harbiylari o‘g‘lini otib o‘ldirishdi. Telbanamo, ko‘zlari katta-katta ochilib, tishsiz og‘zidan tilini g‘alati o‘ynatayotgan, qop-qora yuzlari tarashaday burishib, botib ketgan, egilib turgan gavdasi g‘alati ko‘ringan kampir yonidan esa ahmoqona boqib, indamay o‘tib ketishdi. U omon qolish uchun emas, etagiga yashirib olgan Nevarasini asrash, mabodo o‘zini otib tashlashsa, bolaning ustiga qulab uni omon qoldirishni o‘ylardi. Qurollangan harbiylar nozik kelinini zo‘rlab o‘ldirayotganlarida kampir bolani xaltaga solib avvaldan qazib qo‘yilgan yer to‘la orqali boqqa o‘tib ketgandi. U bog‘dan chiqib ketar ekan go‘zal kelinining ayanchli yolvorishini ham, sigareta chekib nozik qizlarday kulayotgan harbiylarning ovozini ham eshitmas, faqatgina bag‘ridagi begunoh bolani asrash uchun ortga qaramay odimlashni o‘ylardi, xolos.

Umri loviya va shakarqamish yetishtirib o‘tgan kampir na ota-onasining, na ikkita qizining qabrini eslay olardi. Endi o‘g‘li va kelinining ham qabri yo‘q. Qabrsiz, qadrsiz necha-necha avlodlar o‘tmoqda…Asrlar almashmoqda…Ammo hammasi shu-shu…Ammo rohingya musulmon bollari umidlarini o‘ldirmay har tong ishonch-la uyg‘onishmoqda…

— Assalomu aleykum!
— Assalamu aleykum!

— Assalamu aleykum!

Kampir tajribali qachoq edi. U tuni bilan dam olmay, biror marta qoqilmay, bolaga chuldurab alla aytgancha ketib borardi. U ataylab kelinining harbiylar yirtib tashlagan ko‘ylagidan bir burdasini olgan, bola o‘zini onasining bag‘rida uxlayotgandek his qilishi uchun bolakayning bo‘yniga uni bog‘lab ham qo‘ygandi. U balchiqqa botib qolmaslik, zaharli hashoratalaru ilonlarni bosib olmaslik uchun ko‘zini yerdan uzmas, garchi sillasi qurib, ko‘zi xira ko‘rayotgan bo‘lsa ham, hansiragancha qari toshbaqaday tanasiga birlashib ketgan tosh yukini ko‘z-qorachig‘iday saqlagancha odimlab borardi.

Tongga yaqin qo‘shni mamlakat chegarasiga yetay deganda kampir qayerdandir kelayotgan mashina ovozini eshitdi. O‘sha onda uning bor madori tugagan, ko‘zlari hech nimani farqlay olmasdi. Ammo bolani manzilga yetkazish uchun bor kuchini ishga solib yanada tezroq odimlay boshladi. O‘zidan quyilib kelayotgan qora terni artishga ham vaqt qizg‘onib, yuragining to‘xtab qolmasligini so‘rab o‘tinardi.

Mana, nihoyat, tikonli simlar ko‘rindi. Badanini achchiq tirnab o‘tuvchi bu sovuq simlar momoga cho‘t emas, ammo atrofda izg‘ib yurgan harbiylar uni payqab qolsa, shundog‘ burnining tagidagi “omonlikka” erisholmay nargi dunyoga ravona bo‘lishi aniq. Shunda avlodi ham butkul quriydi.

Chegara simlari ko‘ringanda kampir tavakkal qilishni istamadi. Yelkasidagi tayoqni tashlab, yeguliklarini bir chetga qoldirdi. Xaltani ochib bolakayning bo‘rsildoq yuziga yana bir bora qaradi. «O‘g‘lining o‘zi, hali katta yigit bo‘ladi, momosini duo qilib yuradi». Bolakay esa hech nimani eshitmas dunyodagi milliardlab begunoh bolalar kabi pishshillab uxlab yotardi. Orqa tarafdan esa quyosh bosh ko‘tarib kelar, Bengal ko‘rfazi esa yengil shamol yo‘llardi. Kampir shoshilishi kerak. Bola yotgan xaltani orqasiga olib emaklay boshladi. Shu ketishda u to‘siqqacha bir soniya ham dam olmay bordi. Orqa tarafdan mashina chiroqlari ko‘zga tashlanar, chegara qorovullarining ovozi esa yaqin-yaqindan eshitilardi. Baland o‘sgan qamishlar, momoni o‘z bag‘riga bosib yashirardi. Kampir tikonli simlarga qo‘l botirganda, Birma osmonida quyosh paydo bo‘ldi.

Shunda! Shunda quyosh nurlari Bengal ko‘rfazidan akslanib bola ko‘zlariga tushganda, bolakay pishillab nafas olishdan to‘xtadi va hali ko‘zlarini ochar-ochmasdan rohingya musulmonlarining minglab bolajonlari kabi bashar ahliga salom yo‘lladi.

– Assalamu aleykum!

photo_225012.jpg

Kampir shundan qo‘rqandi. Uning salomini nafaqat askarlar, balki olis-olislardan nur sochuvchi quyosh ham eshitganday bo‘ldi. Bengal ko‘rfazi ko‘pirib to‘lg‘onganday bo‘ldi. Kampir yuz tuban yiqildi. Myanmaning johil va uyqisirab, zerikib o‘tirgan chegarachilari ular yoniga chopib kelar ekan, bola shirin til bilan butun insoniyatga, dunyo tinchligiga davogar-u shu orqali rohat-farohatda yashayotganlarga, dinu millatidan qat’iy nazara barcha ongli insonlarga rohinggiya musulmon bolalarining umid va ishonch, bokira va munis salomini yo‘lardi.

– Assalamu aleykum!
– Assalamu aleykum!
– Assalamu aleykum!

________________________________________
[1] Myanma davlatining eski nomi. Buyuk Britaniyaga vassal bo‘lgan davrda nomlangan (1824—1948).
[2] Bangladeshning Myanma Ittifoqi Respublikasiga chegaradosh tumani.

Toshkent. 2017 yil.

07

(Tashriflar: umumiy 593, bugungi 1)

Izoh qoldiring