O’rolboy Qobil. Dasht hikoyalari & Abdunabi Abdiyev. Xirgoyi

Ashampoo_Snap_2017.08.27_22h53m35s_002_b.png   Аксариат ижод аҳли янги битик яратишни сарлавҳа танлашдан бошлайди. Тўғри-да, сарлавҳасиз қоралама ҳали исм қўйилмаган чақалокка ўхшайди, нима деб атарингни билмайсан.  Қаердадир ўқиганим бор, машҳур адибларданбири: “Яхши ном – ярим асар”  деган экан…

Х И Р Г О Й И
Абдунаби АБДИЕВ
«Олтин қалам» Миллий мукофоти совриндори
09

Аксариат ижод аҳли янги битик яратишни сарлавҳа танлашдан бошлайди. Тўғри-да, сарлавҳасиз қоралама ҳали исм қўйилмаган чақалокка ўхшайди, нима деб атарингни билмайсан. Қаердадир ўқиганим бор, машҳур адибларданбири:“Яхши ном–ярим асар”деган экан.

09Анчадан буён қамашилик қаламкаш оғам – Ўролбой Қобил ижодига бир сер солишни ўйлаб юрган, мақолага ном танлашга ҳам улгурган эдим – “Дашт характерлари мусаввири”.

Очиғи билдирилажак муносабатга мазкур сарлавҳа чиппа ёпишадигандек туюлган, фақат ҳафсала қилиб ўтирсам бас, беш-олти қоғозни қоралаб ташлаш сиёғим бор эди (ўзи шу қуримағур биродаримнинг матбуотда эълон қилинган ҳар бир битиги мен учун кичик бир байрамга айланади десам сира муболағаси йўқ). Илк сатрлар оқ қоғознинг сийнасига экила бошлагач негадир фикрим ўзгариб, уни “Хиргойи” деб атагум келди.

Нега хиргойи, бу атаманинг оддий қишлоқ муаллими, қолаверса унинг камтарона ижодига нима даҳли бор?

Кўп сонли саволларга жавоб излашни хиргойи атамасига ойдинлик киритиб олишдан бошласак!

***

Борлиқ ўз ибтидоси ва интиҳосига эга.

Ровийлар ривоят этишларича биринчи сўз яралган, илк калом парвардигори оламга мансуб бўлган экан.

Тағин бир аксиома – яратганнинг каломи лисоний бўлмаган. Аммо у қандайдир тарзда ҳукм этилгани аён, ижро услубини баҳолашга эса биз мўмин мусулмонларнинг қувваи-ҳафизамиз ожиз.

Айтаверсак гап кўп, шу сўз кейинчалик алам – йиғи, шодлик – айтим кўринишида турланиб бораверган…

Болалигимизда баҳор, ёз ойлари тўрт-беш қўй-эчкиларни олдимизга суриб, эрта тонгдан бепоён кенгликлар бағрига отланардик.
Кетаверасан, кетаверасан…

…У ёғинг ўтлоқ, бу ёғинг ўтлоқ, яшилликдан мосува ер йўқ, қир-адирларга қип-қизил лолақизғалдоқ гилам янглиқ тушалган, нима деярингни, ҳис-ҳаяжонларингни қай тарзда жиловлашингни билмайсан. Шу пайт кўкайингни бир ўтлиқ сўз оҳангга айланиб, ёриб чиқади. Унинг сеҳрли оғушига ташлаб овутасан ўзингни, ўзлигингни…

…Эгам қори деган девор-дармиён кўшнимиз бўларди.

Катта билан катта, кичик билан кичик эди бу одам. Мен кўпинча қўй боқишга шу кишининг эшагига мингашиб чиқардим. Йўл олис, эшакнинг бир зайлдаги “лўқ-лўқ”и кўп ўтмай зериктирар, ўйинқароқ дилим ўзга бир завқ-шавқни истар, эшакдан тушиб кетарингда йўлини тополмас эдим. Шу пайт кўз қорачуғи болаликдан заҳа тортган қори бобо қўшиқ бошлар ва мен бутун борлиқни унутар, дунёи-дунда Эгам қори, мен ва қўшиқ борга менгзарди:

Хўш қол энди Зўхрахоним,
Айро тушди бу жон сендан…

Эгам қорининг бор бисоти мана шу қўшиқ бўлар, уни ҳам чала-ярим билар, аммо билганларини баралла овозда куйлар, ўқтин-ўқтин ўз овозига ўзи маҳлиё бўлиб, қийқириб юборарди:

-Ҳа-а-ай, жонингдан, жонгинангдан…

Бу ҳайрат менга ҳам ўтар, уйимиздаги ўзидан анчагина катта уч батареядан қувват олиб ишлайдиган радиоладан ким неча бор эшитганим – қўшиқ сатрларини қори бобога жўр бўлиб куйлашга тушардим.

Энди ўз довушига маҳлиё бўлиш менинг ҳам жисми-жонимни маҳв этар, бу кекса очунда бунданда гўзалроқ куйланган қўшиқ бунданда ширалироқ овоз йўқдек туюларди.
Англадим, ширин бир энтикиб олдингиз, эҳтимол сизни ҳам хотира уммони ўз гирдибодига олгандир, билсангиз, бу оҳангнинг сеҳри, мафтункорлиги унинг қандайдир мажбурият ёки тирикчилик таказоси билан эмас, табиий тарзда туғилганидадир.

Мана шунинг номини х и р г о й и дейишади.

***

Энди юқоридаги савол иккинчи қисмининг ҳам сирини очадиган вақт келди.

Гапнинг дангали, Ўролбой Қобил битиклари мана шу хиргойига менгзайди, табиий, уларда зўракилик, ясамаликдан сиёқ ҳам йўқ, ҳаётда қандай бўлса шундайлигича яратилган.

Яқинда Тошкентдан ёзувчи Нортўхта Қилич қўнғироқ қилиб қолди:

-Абдунаби, Ўролбой Қобилни танийсизми, Сизлар томондан-ку?
-Танийман, таниганда қандоқ, оғам бўлади.

-Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Биласизми шу одам катта ёзувчи, битикларида сиқиқлиқ бор, ортиқча сув тополмайсиз, ўзига ҳос образлар яратади, афсуски шаҳарда ўтириб қолган адабиётшуносларимиз шундай ажойиб ижодкорни пайқашмаяпти.

Бу Ўролбой Қобил ижодига берилган муносиб баҳо эди. Шундай эътирофни шоир ва адиб Шодмонқул Салом, “Оила даврасида” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Жасур Кенгбой, “Бекажон” газетаси муҳаррири Холиёр Сафар, адиб Луқмон Бўрихонлардан ҳам эшитганим бор. “Баркамол авлод” газетаси бош муҳаррири Нуриддин Эгам икки гапининг бирида:

-Ўролбой аканинг услубига қойилман,-дейди…

***

Бир гал Ўролбой Қобил маслакдош акалари – Йўлдошбек Кенжа, Турсунбой Боймир, Сайфулла Ал-мурод (мубораклик шогирдим Баҳодир Абдураззоқ таъбири билан айтганда “Қамаши легиони” ) билан кенжа қизимнинг бахт тўйига ташриф буюрди.

Даврадагилардан кимдир (азалдан танир экан, шекилли) раисга:

-Шоир бободан сўз эшитайлик, шеъри билан бўлсин,-деди.

Ўролбой Қобил овоз кучайтиргични қўлга олганида Йўлдошбек ака шумлик қилди:

-“Илк севги”ни ўқисин!

Бу таклифни давра аҳли қўллади, ҳуллас шеър ўқилди:

Мана ўша шеър:

Синфимизда ўн беш ўғил,
Ўн беш қиз.
Ўқир эдик китобларни,
Дунёни.
Биз дўст эдик,
Кўзимизга сингдирардик,
Зиёни.

Муаллимлар сабоқ бериб
Ҳаётдан,
Ва бизларни тергаб-тергаб,
Турарди.
Ўн беш ўғил болаларнинг
Ўйида.
Фақат бир қиз, Муяссарой,
Бўларди.

Оҳ, Муяссар!
Юлдузмидинг, оймидинг,
Жўраларим юрагининг армони.
Нечун қиё боқмас эрдинг,
Боймидинг..
Бойтўранинг ёзмоқ бўлган,
“Рўмон”и.

Ким хат ёзди,
Кимдир пинхона айтди.
Сенга айтди дил розини,
Муяссар!
Сен барчага бош чайқадинг,
Жилмайиб.
Қўллар етмас осмон эдинг,
Муяссар…

Мактаб битди,
Таклиф этдинг тўйингга,
“Йўқ! Бормаймиз,
Бевафонинг тўйига”!
Ўн ошиқ йиғилишдик,
Ўша кеч.
Ўн беш рақиб жамланишдик,
Ўша кеч.
Қулоқларга янграб келар,
Тўй саси.
“Қолдинглар, ҳей,
Қолдинглар ҳей,
Бўлди кеч”…

Йиллар ўтди,
Ўн йил ўтди,
Орадан.
Ўн ошиқ ота бўлди,
Ёр бўлди.
Ўн бешининг ўн беш,
Жажжи қизи бор.
Барисининг исми,
Муяссар бўлди.

***

…Тўй ўтди, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар тарқаб кетишди, шу жумладан “Қамаши легиони” ҳам. Бироқ Ўролбой Қобилнинг шеъридан менга анча-мунча ташвиш, асорат қолди. Айрим укахонлар эртами, кечми, уларга фарқи йўқ, дарвозамни қоқиб келишадиган одат чикаришди:

-Шоир бобони бир томоша қилайлик.

“Шоир бобо”нг буюмдир-а, истаган пайтингда “ма” деб қўлингга чиқариб берсам”, кутилмаган меҳмонни ноилож уйга бошлаб қираман. Тўйдан туширилган тасвир видеомагнитафонга қўйилади. Албатта тўй-тўммиқни шунчаки тамоша қилиб бўлмайди, жиз-биз, яримта дегандек.

Баъзан “нега мен унинг шеъри учун ҳақ тўлашим керак экан” деб ғаюрлигим тутади-да, меҳмонларни ичқарига бошлаб ўтирмай Ўрол оғага қўнғироқ қиламан (албатта гоҳида кундуз, гоҳида ярим тун бўлади):

-Ошна, ўша шеърингизни ўқимасангиз бўлмайди, муҳлисларингиз сўрашаяпти.

Қўл телефоним овозини кўтариб, меҳмон кутиш ташвишидан фориғ бўлганимга севинаман: “Энди жабрини Ўролбой Қобилнинг ўзи тортаверсин”.

Лекин барибир ортиқча даҳмазалардан тўй тасвирини дискка қўчиртириб тарқатганимдан сўнггина батамом фориғ бўлдим (ҳар ҳолда меҳмон жўнатиш ташвишидан диск совға қилиш арзонроқ тушади-да).

Энг қизиғи, қишлоғимиз ёшлари ҳалигача шу шеърни ёд олиб, хиргойи қилиб юришибди.

***

Ўролбой Қобил аксариатимизга оддийгина туюлган деталдан ёдда қоладиган эссе ёки ҳикоя ярата олади. Биргина мисол: Унинг “Эна тупроқ” деб номланган китобида бир ҳикоя бор.

Жонбўзсойда “Айланай момо” деган энахон яшайди.

Уни қачонлардир Облоқул чавандознинг кўнгли суст кетиб, олис овулдан олиб қочган. У бир умр, кексага ҳам, ёшга ҳам “айланай” деб мурожаат қилади. Оқибат элдошлари орасида ўз номи “айланай момо” бўлиб қолади. Кунлардан бир кун Ҳаким буғолтир қишлоқ ҳонадонларидан бирида тутилаётган тўй дастурхони сабзисини қийиб ўтирганларга савол беради:

— Бахтиёр қассоб айтмасин, қолганларидан битта сўровим бор, қани айтинглар. Айланай момонинг асли оти ким бўлган? Эркак айтса тўн, аёл айтса калиш олиб бераман, билмасанглар, навбати билан момо билан мени меҳмонга чақирасизлар.

Даврадагилардан биронтаси бу кутилмаган саволга жавоб беролмагач, Ҳаким буғолтир Айланай момонинг одамларга қилган бир неча яхшиликларини санаб:
-Ютқаздинглар, энди ўзим айтаман, Айланай момонинг исми … Айланай момо-да!-дейди.

Инсоф билан тан олайлик, қайси биримизнинг (ўзимизни қалам аҳлидан чоғлаганларимизнинг) қишлоғимиз ёки маҳалламизда элнинг совуғи билан кириб, иссиғи билан чикадиган кайвони “айланай момо”лар, “ўргилай бобо”лар йўқ. Бор, истаганимизча топилади, аммо шунинг ҳикоя учун яхшигина детал эканлиги фахмига кўпда етавермаймиз. Ўролбой Қобил эса ёнгинамизда юрган, биз гоҳ пайқаб, гоҳ пайқамаган оддий одамларни ҳам ҳеч иккиланмай бадиятга олиб кираверади, таъбир жоиз бўлса унинг битиклари оммабоплиги ҳам шунда.

…Мана қўлимда адибнинг бир туркум ҳикоялари қўлёзмаси.

Марҳамат, Ўролбой Қобилни Сиз ҳам бир ўқиб қўринг!

Ўролбой ҚОБИЛ
ДАШТ ҲИКОЯЛАРИ
09

Ўролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган. Бир неча бор ижодий танловлар ғолиби бўлган.

09

ШАРИФ ДЕВОНА

Девонаман, шекилли…
Миртемир

I.

Бу воқеани шифохонада бирга даволанган ҳамхонам Содиқ ака сўзлаб берган эди.

— Шариф девона асли бу ўранинг одами эмасди, кўзи ожиз онасини эргаштириб тоғ тарафдан келиб қолган. Аввалига она-бола уйма-уй садақа сўраб кун кўриб юрди. Кейин Саттор подачининг уларга раҳми келди чоғи, ҳовлисининг тўридаги кулбани бошпана қилиб берди. Биласиз, подачининг ўғли йўқ, уч қизи бор. Хуллас, Саттор подачи қўл-оёғи чаққонгина болани ўзига дастёр қилиб, пода боқишга олиб юрадиган бўлди.

Шариф девонани ҳеч ким мактабга боргин демади, лекин боласи тушмагур йўлини топиб, аввал ҳарфларни ва сонларни ўрганиб олди, кейин шариллатиб ўқийдиган бўлди. Балки, унга подачининг қизлари кўмак бергандир.

У-қўрқмас, шўх, яна озгина хаёлпарастроқ бўлиб, девона лақабини эса  Саттор подачи қўйган. Бир куни қишлоққа кўчма кино келиб, ҳиндча фильм кўрсатди. Эртасига худди кинодаги ҳиндидай сигирни миниб олган Шарифни кўрган подачи уни “девона бўпсан”, деб койиди. Шундан сўнг унинг исмига бу лақаб қўшилиб кетди.

II

Тошқишлоқ. Саттор подачининг тўнғич қизи Зулхуморни куёвга узатишаяпти. Тўйда ўйин-кулги авжга чиққан. Уч-тўрт эркак жўр бўлиб қўшиқ айтмоқда:

Эшик олди майда тош,
Териб олсин қалам қош.

Ўсиқ сочлари елкасига тушган қора қош, қора кўз йигитча қизларнинг атлас кўйлаги ва лозимини кийиб, худди раққосалардек ўйинга тушмоқда. Даврани ўраб олган ёш-яланглар, хотин-халажлар, чол-кампирлар оҳангга монанд чапак чалмоқда. Шодиёна ярим тунгача давом этди. Даврадаги ёш раққоса эса, ўзимизнинг Шариф девона эди.

III

-Ҳой, Шариф девона, чойни бобойларга олиб кел, йигитларга шишадаги аччиғи ҳам бўлаверади, — дея қичқирди Ҳайдар ферма кулиб.

Шариф девона икки чойнак чойни чоллар ўтирган қирга элтди.

— Ҳа, баракалла, илоё сен бечорага ҳам диркиллагани ато этсин, — ҳазиллашди Шодмон бобо чойни қайтариб.

Шодмон чолнинг ҳазили Шариф девонага ёқиб тушди, озгина уялдиям, сўнг яна ўчоқбошига кетди.

Бу Турди тракторчининг пенсия тўйида бўлди.

IV

Азонда Саттор подачини уйғотган айтувчи унга Шариф девонани тезда мозоротга қабр қазишга жўнатишни тайинлади. Тангриберди чўпоннинг аёли…

Саттор подачи Шариф девонани уйғотиб, қабристонга жўнатди ва сўнгра ўйланиб қолди:

“Топгани Шариф бўлди-да буларнинг, ўзимизнинг қишлоқ бўлса, майли, элчилик, ахир Тангри чўпон бўрижарлик бўлса, шундай пайтда Шарифни эслаб қолишади, бошқа пайт эса…”

V

Ўтган йили тирамада Шодиёр раис набираларига тўй қилиб, катта кураш берди.Тўлқин бизнеснинг шаҳарда ўқийдиган ўғли чемпион полвонни эргаштириб келди.

Одамлар қўниқхонадан қайтгач, кенг давра қуришди. Мамат полвон баковул бўлди. Олиш ҳар доимгидек охирида қизиди. Товоқни Тошқишлоқнинг олди полвони Бекмурод кўтарди. Чемпион полвон талабгор бўлди.Олишув кўп чўзилмади, чемпион биринчи қафасда Бекмурод полвонни йиқитиб, ҳаммани мум тишлатиб қўйди.

Халойиқ ерга боқди, мағлуб Бекмурод полвон эса ўкириб йиғлади:

— Ортимни оладиган йўқ-ма, оринг, ғужуринг ўлдима, Тошқишлоқ?!

Давра жим, ҳатто Мамат полвон ҳам мулзам бўлиб, ўтириб қолди.

“Нима қилсин, қариди, чиқса-да, барибир йиқилади”.

VI

Шунда кимдир “Мен чиқаман”, деб товуш берди. Сўнг эса, Шариф девона даврага чиқиб оҳиста майдонни айланди. Мамат полвон яна полвонларни халойиққа таништирди.

Кураш шиддат билан бошланди, лекин чемпион ғалабадан масрур бўлди, чоғи, Шариф девонани писанд қилмай хато қилди. Бир ҳолат юз берди, биров пайқади, биров йўқ. Шариф девона бир силтаб, рақибини елкадан ошириб ташлади.

Одамлар дарёдай тошиб кетди, “ҳалол” деган ҳайқириқ янгради. Мамат полвон Шариф девонани “болам” деб кўтариб отди, Бекмурод полвон “отам” деб ортидан чопди.

Ҳамқишлоқлари Шариф девонанинг зотга олган бузоғини етаклаб уйигача боришди.

Ўша кеча Тошқишлоқ ухламади. Ҳамманинг оғзида Шариф девона бўлди.

VII

Подаётоқда Саттор подачи Шарифни ёнига чақирди.

-Хўш, Шарифбой, мана катта йигит бўлиб қолдинг, сен тенгилар уйланиб, бир-икки болали ҳам бўлишди, энди, шундай юраверасанми?

-Билмасам, бова.
-Айт-чи, бирортасини ёқтирасанми?
-Ҳа.

-Кимни?
-Айтсам, уришмайсизми?
-Йўқ!

-Зулайҳони!
-Ай, бўлмайди, у сендан катта.
-Бўлмаса, Зубайдани!

Саттор подачи ўйлаб ҳам ўтирмай айтди-қўйди.

— У сенга муносиб, Зубайдани сенга бераман, агар эсли ўғил бўлиб юрсанг…

VIII

Айтгандай бўлди, Шариф девона буткул ўзгарди. Қуш бўлиб сайрашини, мушукдек муёвлашини, кичкина болаларни елкасига миндириб от бўлиб чопишини ташлади.

Кейин Шарифнинг онаси қазо қилди. Сўнгра Саттор подачининг ҳам мазаси қочиб, тўшакда ётиб қолди. Тошқишлоқнинг подасига Шариф девона эгалик қилди.

Подачи бир неча бор кампири Муслима момога Шариф девонага берган ваъдасини эслатди:

— Зубайдани Шарифга берасан, бўлмаса сени гўримда ҳам тинч қўймайман!

Хотини “майли” деб бош ирғади.

Саттор подачининг жанозасида Шариф девона ўғил ўрнида ҳасса тутди.

Баҳорга чиқиб, подачининг уйига қизни сўраб совчи келди. Муслима момо қизининг боши боғлиқ эканини айтмоқчи эди, аммо укаси Юнус муаллим:

— Бориб-бориб тайини йўқ, телба-девонага қизингизни берасизми, опа!
— У унақа эмас, шунчаки поччанг эркалаб қўйган лақаб, ўзи эсли-хушли йигит.

— Сиз билмайсиз, шу пайтгача иштонсиз юрарди, энди одам бўлиб қолибди-да, агар гапимга кирмасангиз, сиздай опам йўқ!

Муслима момо танг вазиятда қолди, бир томонда марҳум чолига берган сўзи бўлса, иккинчи ёнда ёлғиз укаси…

Охири момони кўндиришди, тўй куни тайин бўлди. Аслини сўрасангиз, Шариф билан Зубайда ўртасида айтарли ҳеч гап йўқ эди. Фақат Шариф девонанинг қизни кўрганда дудуқланиб қолиши-ю, Зубайданинг сирли боқишларини айтмасак…

X

Тўй куни Шариф девона дарди ичида бўлса-да, хизматда бўлди. На аразлади, на хафа бўлди. Эл бекорга девона деб атамаган экан! Ниҳоят, келин кетадиган вақт бўлди. Кимдир Шариф девонани остонага чақирди.

Хотин-халаж қий-чув қилишиб, келинни олиб чиқишди. Қумри момо ҳаммага эшиттириб айтди:

— Зубайда қизим, отанг Шарифни ўғли ўрнида кўрарди, у сенга ака, кел, оёғига бош уриб розилик сўра!

Келинчак Шарифнинг оёғига бош қўйиб, пиқ-пиқ йиғлади. Шариф чидаб туролмади:

— Зубайда бор, бола-чақали бўл, сендан розиман, бор, Зубайда.

Келинчакни олиб кетишди, ҳовли ҳувиллаб қолди. Шариф девона эса бориб ҳовуздаги муздек сувдан тўйиб ичди.

XI

Кейин Тошқишлоқни титратган машъум ҳодиса содир бўлди. Келинни олиб кетаётган машина жарликка қулади. Беш одам нобуд бўлди. Уларнинг орасида келин ва унинг онаси ҳам бор эди. Уларнинг қонга беланган жасадларини қайтариб олиб келишди ва эртасига дафн этишди.

Кейин Шариф девона ҳам кўринмай қолди. Кунларнинг бирида қабристон ёнидан ўтаётган кимдир Шариф девонанинг ўлиб ётгани ҳақида қишлоққа хабар берди.

У — Зубайданинг мозорини қучоқлаб жон берганди…

ДАШТЛИКЛАР

I

Тоштепада ғалати миш-миш тарқади:

“Абрай чўпон қариганда айнибди, Майрам чеварга уйланармиш…”

Отабой сўфи буни Бекқул раиснинг тўйида аллакимдан эшитди-ю, ҳаловатини йўқотди. Уйга келиб нон ёпаётган келини Уйтўланинг этагидан тортиб, хархаша қилаётган неварасини тўйдан, чўнтагига солган парвардани тутқазиб овутди.

Келини нонини илдириб бўлгач, қумғонни тўлдириб чой қуйди. Кейин Отабой сўфи ҳужрасига кириб озгина мизғимоқчи бўлди, уйқу қаёқда дейсиз.

Сўнгра ўзича : “Эй, бу ишқ дегани дучор бўлган мардумни девона қилмай қўймаскан-да, бўлмаса, Абрайдай одам домига тушармиди? Аслида худойликка олиб айтсак, Майрам Абрайники эди, бадбахт Кўпайсин орага тушиб нима бўлди, охир-оқибат тирноқ кўрмай кетди ”…-деб қўйди.

Отабой сўфи бошида айланаётган шу каби ўйларни ҳайдаш учун ташқарига чиқиб, таҳорат қилиб бўлгач, келинига тайинлади:

— Мен Абрай ошнамникига кетяпман, момонгга айтиб қўй, кечқурун қайтаман,-деди-да бедапояда боғланган эшакни миниб, даштга элтувчи йўлга ҳайдади.

II

Сунбуланинг охирлари эди. Ёнтоқзор оралатиб қўйларни ёйган Абрай чўпон хуржунни тўшаб чалқанча ётиб олди. Осмон тиниқ эди, тоғ тарафда худди елканли кемадек оппоқ булутлар сузиб юрибди. Ҳув, ана турналар арғимчоқ солиб сувлагани учиб кетишаяпти, ҳадемай куз келади, сўнгра қиш. Умр эса ўтаверади, вақтни тўхтатиб ҳам , қайтариб ҳам бўлмайди.

Абрай чўпон мана икки йил бўлди, бева, ёстиқдоши Ханифасидан айрилган.

Чўпоннинг кўзига сўқмоқ йўлдан оқ эшак минган қора кўринди, ўтиришидан аёлга ўхшайди, ёшроқ шекилли.

Аслида Абрай чўпон бегона аёлга суқланиб қарайдиганларни ёмон кўрар, аммо не иложки кўнгилга буйруқ бериб бўлмаскан, у келаётган, гулдор желак ёпинган хилқатга тикилиб разм солди.

“Даштда хотинлар ёлғиз юрмагич эди, ким экан бу аёл?”-хаёлидан ўтказди чўпон.

-Чўпон бобо сувингиз борми?

Абрай чўпон шошиб қолди.

-Бор, синглим, мана.

У сув тўла хумчани аёлга узатди.

Аёл енгил бир ҳаракат билан эшакдан сакраб тушди ва хумчани ушлади

-Майрам, сенмисан?

Аёл шошилмасдан сув ичди,

— Ҳа, менман Абрай ака, қизим Гулсанамникига боряпман, яқинда кўзи ёриганди. Қизим Шодмон шофёрнинг ўғлига тушган.

-Танийман, куёвинг яхши йигит, айтгандай, невара қуллуқ бўлсин, бойвучча.
— Умри билан берган бўлсин.

III

— Бироз ўтир, Майрам, эшагинг ҳам озгина ўтлаб олсин, — ялингандек сўз қотди Абрай чўпон.

Аёл атрофга бир қараб олди.

-Тағин битта — яримта кўрса, гап қилмасин…

— Энди нимадан қўрқамиз, Майрам, сен жесир, мен беватан бўлсам…
— Айтдим-қўйдим-да…

Майрам чевар оҳиста хуржуннинг бир четига ўтирди.

— Майрам, сени худо етказди, чин сўзим, кеча ҳаёлимдан ўтувдинг, оёғим ҳам адирга тортаверганди…

-Шунчалик экан, нега бир бора бўлса-да, қорангизни кўрсатмадингиз?

-Найлай, Майрам, менам элнинг кўзидан қочдим…
-Ҳа, биламан, анови бериб юборганингизни олувдим…

Абрай чўпон Майрам чеварнинг қизини узатаётганини эшитиб, ошнаси Отабой сўфидан иккита қўйнинг пулини бериб юборган эди.

-Эй, пул нима бўпти. Ахир қизинг менга бегона эмас, шундайми?

Аёл бош ирғади.

— У — сизнинг қизингиз, ўша оқшомдаги “айбимиз”нинг меваси.

Абрай чўпон ютунди, беихтиёр кўзлари намланди, худди шундай ҳолат Майрам чеварда ҳам кечди.

IV

Аскарликка кетадиган куннинг кечасида Абрай Майрам билан учрашиб, бехосдан қизнинг юзидан муччи олди.

— Уятсиз экансиз, Абрай.
— Сени оламан, Майрам.
— Уч йил кутиш қийин-ов, Абрай ака.

— Кутасан, бўлмаса…
— Нима бўлмаса…

Йигит эркаланиб ўйноқлаётган қиздан яна ўпич олди.

— Бўлди, бошқаларга ҳам қолсин.
-Агар бошқага…
-Ҳазиллашдим, сизни кутаман, гапим-гап!

Эртасига Абрай ҳарбийга жўнаб кетди, улар тез-тез хат ёзишиб туришди.

V

Қўшкапада совуқ хабар тарқади.

“Эшитдингми, Эштемирнинг қизи Майрамнинг сочини Кўпайсин кесиб кетибди”.

Ҳафта ўтиб Эштемир тракторчининг уйига совчи келди. Тўй куни белгиланди.

Майрам Кўпайсин билан чимилдиқда кўришди.

-Агар эркак бўлсангиз, ростини айтинг, сочимни сизга ким кесиб берди?

Кўпайсин келинчакдан бундай кескин савол кутмаган эди.

— Ўзим.
— Бекор айтибсиз, итимиз ёриб ташлаган бўларди.

— Буни айтолмайман…
— Бўлмаса,эрталаб уйга кетаман!

Кўпайсин элга шарманда бўлишдан қўрқиб кетди.

-Айтсам, кетмайсанми?
-…
-Сочингни, Гулсум чечанг кесган.

Майрам ҳаммасига тушунди, янгаси Кўпайсинга қариндош. Яна пулни яхши кўради, яшамагур…

Кўпайсин яқинлашиб келинчакнинг қўлини тутмоқчи бўлди, аммо Майрам жеркиб берди.

-Сизга икки дунёда ҳам хотин бўлолмайман!
-Нега

-Чунки эркакнинг ишини қилмадингиз, уялмасангиз ўша қорабосгур Гулсум ёсуманни ёрдамга чақиринг, қўл -оёғимни боғлаб қўйнингизга солиб қўяр!?

Кўпайсин чимилдиқдан бошини эгиб чиқиб кетди.

VI

Баҳорнинг охирида Абрай ҳарбийдан қайтиб, аммасининг қизи Ҳанифага уйланди. Ўғил-қизли бўлди.

Отасининг ўрнида хўжаликнинг қўйини боқди.

Аммо Абрай ҳамон Майрамни унутолмас, уни ҳеч бўлмаса бир кўрмоққа орзуманд эди.

Тирамада Ҳайдар ферма довруғли тўй бошлади. Тўйхона Майрам тушган уйга қўшни эди. Хотин –халажлар ичида хизматда юрган Майрам олисдан Абрай чўпонни кўриб алланечук бўлиб кетди, эски яраси янгиланди, юраги гуп-гуп ургандек безовталанди.

Кейин овсини Ойгулнинг ўғли Муродни имлаб чақириб қўлига хат тутқазди.

— Манаву хатни Абрай чўпонга олиб боринг, биров кўрмасин, сизга чиройли тўн тикиб бераман.

Бола хатни топшириб келди.

Абрай чўпон хатни ўқиб, боши айлангандек бўлди.

“Абрай ака, отингизни Саттор подачининг қамовига боғлаб, девордан ўтинг, сизга барчасини айтиб бераман. Майрам.”

Абрай Майрамнинг хатини дарров таниди. У отини етаклаб Саттор подачининг қамовига боғлади. Сўнгра бир сакраб девордан ошиб ўтди.

Бостирма тагида уни Майрам кутиб турарди.

-Сизни кўрар кун ҳам бор экан-ку Абрай ака!
-Майрам шошма, эринг қаерда?

-Товга , кўпкарига кетган, эртага қайтади.
-Нега бундай бўлди, Майрам?

-Барчасини Гулсум чечам қилган экан.
-Энди нима қиламиз,Майрам?

-Мен сизни ҳалиям кутиб юрибман, ановига қўлимни ҳам ушлатганим йўқ.

-Алдама, Майрам.
-Тепамда худо бор, Абрай ака.

Абрай чўпоннинг боши айланди, энтикиб Майрамни бағрига босди.

VII

Эртасига Абрай чўпон Кўпайсиннинг отдан йиқилиб, ўлганини эшитиб карахт бўлиб қолди.

-Эй, бечора, ўсал бўлибди-да…

Кейин эл қатори фотиҳага бориб келди.

Етти ой ўтиб ошнаси Отабой сўфи бир гап топиб келди.
-Эшитдингми, Майрам ҳомиладор эмиш…

Абрай чўпон индамади, ичидан нимадир узилиб кетгандек бўлди.

-Агар ўшандан ҳисобласак, етти ойлик бўлибди…

Ёзга чиқиб Майрам чевар қиз туғди.

VIII

Алқисса, Отабой сўфи эшагини симёғочга боғлаб ошнасининг ҳовлисига кирди.

Абрай чўпон уни хушнуд кутиб олди. Отабой сўфи жўрасига синчиклаб сер солди.

-Ҳа, нега тикилиб қолдинг, сўфи?

-Бариси тўғри экан, энди мен Майрамникига совчиликка боришим лозим, шундайми?
-Сендан бошқа ишонганим йўқ!

-Болаларинг нима дейди?
-Нима болаларимдан сўраб уйланишим керакми?
-Ҳа, сенга улар гап қайтармайди, биламан.

Отабой сўфи бир пиёла чой ичгач, дастурхонга фотиҳа ўқиди. Абрай чўпон ошнасини Қўшкапага кузатиб қўйди. Аммо қайтиб уйга киролмади, у Майрам чеварнинг уйи тарафига умидвор термулиб қолди.

СИРДАРЁ ЎЛАНИ

Қўлдош деган аломат акахоним бор. Қизиқ одам, гурунгбоз. Кишти келса давраларда бошидан ўтган ғаройиб воқеаларни ўзига хос оҳангда айтиб юради. Айниқса, сабил қолгур оқидан бир –икки пиёла айлангач , у кишини тўхтатиб бўлмайди. Мен эса бу ҳангомаларни кўп эшитганман. Аммо ҳар гал ўзимни худди биринчи бор тинглаётгандек тутиб, қизиқ жойига келганда “воҳ” дейман, “йўғ-а” деб далда бераман.

Бундан акамиз завқланиб, жунбушга келади, ҳатто ўзидан озгина қўшиб ҳам юборади. Келинг, уларни бир эшитиб кўрайлик.

БУЗОҚНИ ЮТГАН БАЛИҚ

Сирдарёни кўрганмисиз, йўқми, мана биз кўрганмиз, икки йил Оролга қўйилиш жойида олти аскарга бош бўлиб балиқ тутганман. Кўчма вагонда яшардик. Уч юз метрли тўрни ҳар икки кунда тортардик, ушланган балиқларни тузлаб, бочкага босардик. Ҳарбий қисмдан прапоршик Иванов ҳар хафтада машинада бизларга озиқ-овқат, хатлар олиб келар, бочкадаги балиқларни олиб кетарди.

Май ойининг охирларида юқоридан “тарвуз экилсин”, деган буйруқ келди. Отамга “тарвуз уруғидан жўнатинг”, деб хат ёздим.

Ҳафта ўтиб уруғ солинган посилка келди.” Ахир қишлоқда ўсган, Кенжа тракторчининг ўғли бўлсам” , деб тракторни юргизиб , шудгорни ўзим ҳайдадим. Сўнгра уруғларни қададик. Ўн кунлар ўтиб, уруғ унуб чиқди. Бизга қўшни гектарчилар-корейс Ким, қозоқ Қувончбек ва турк Асланнинг тарвуз палаклари эса аллақачон гуллай бошлаганди. Аскар йигитлар турли миллатга мансуб бўлиб, энг ёши каттаси мен эдим. Қолаверса, шаҳардаги олийгоҳнинг кечки бўлимида ўқиётган талаба, яна жуссам ҳам бинойидек эди-да…

Бир куни одатдагидек дарёдан тўрни тортдик, ишонасизми, узунлиги нақ уч метр келадиган балиқ илинди. Темир касов билан уриб, ҳушидан кетказдик. Ҳатто устига еттовлон миниб суратга ҳам тушдик. Балиқни устихонидан ажратиб нимталарни чайлага осиб қўйдик. Биласиз, қозоқ халқи чорвадор. Бир куни пайкал оралаб юрсам, семизгина бузоқ палакни еб юрибди. Аччиғим келди, қайишимни ечиб бўйнидан ўтқаздимда, вагон қошига судраб келиб, туркман Бердиқулга “сўйиб ташла”, деб буюрдим. Йигитлар бир пасда бузоқни сўйиб, тўрт-беш кило гўштини қовуришди. Бузоқнинг гўшти мазали бўларкан. Эртасига эшак минган қозоқ чол вагонимизга келиб, “бузоғимни топинглар, бўлмаса милисага бераман”, деб дағдаға қилди. Йигитлар менга қарашди. Мен эса бамайлихотир бориб, чол билан кўришдим ва ростдан ҳам кеча бузоғи дарё тарафга ўтгани, кейин сув ичаётганда каттакон балиқ уни ямлаб ютиб юборганини айтдим. Чол менга ажабланиб қаради. Мен қарияга дарё бўйида ётган балиқнинг суяклари ва қўрқинчли тишини кўрсатдим. Сўнгра қамишзор ичидан бузоқнинг думини топиб келдим.

— Биз балиқни тутганимизда бузоқнинг думи оғзидан чиқиб турган экан,-дедим.

Чол сўзларимга ишонди.

— Вой, широғим, жашим жетмишга кириб, лаққанинг бузоқни ютганини эшитмагандим…

Чолни чайлага таклиф этиб, балиқ ва бузоқ гўшти аралашган қовурма билан меҳмон қилдим.

Қария кетди, унинг моллари қайта биз тарафга келмай қўйди.

ДАРЁДА ОҚҚАНИМ…

Ўзларингга маълум, ҳарбийга кетмасдан аввал уйланган эдим. Оғайнилар, уйли одамнинг олисга кетмагани маъқул. Айниқса, уйда сени ойдек хотининг кўзи тўрт бўлиб кутса, ёмон бўларкан.

Кечалари Ойсулув бошимдан кетмасди, соғинардим, қўмсардим, аммо иложсиз эдим.

Бир куни йигитлар билан дарёдан нариги қирғоққа сузиб ўтишга қарор қилдик. Улар бирин-кетин сузиб ўтишди, охири мен қолдим. Тўғри, болалигимда ариқларда, каналларда чўмилганман, аммо дарёда сузиб кўрмагандим. Сал берироққа келдим-да, таваккал деб дарёга ўзимни отдим. Амаллаб дарёнинг ярмидан ўтдим, бор кучим билан соҳил тарафга интилавердим. Қирғоққа озгина қолганда мадорим қуриди, қўл –оёғим ҳаракатсиз қолди. Иложсиз эдим, ҳаёлимда эса: “мен ўлсам Ойсулув кимга тегаркин”, — деган ўй чарх урарди. Дарё тубига чўкдим, ишонасизми, шунда вужудимга бир куч келди, бир дов келди, юқорига интилдим, тепамда осмон кўринди. Нимадир оёғимдан кўтарди, бир неча сония шу аснода муаллақ турдим, тин олдим ва қулочимни бир икки сермадим, оёғим ерга тегди, амаллаб қирғоққа чиқдим ва ўзимни қумлоққа отдим. Қанча ётдим билмайман, кўзимни очиб йигитларни ахтардим. Улар ҳеч нарсадан бехабар бир-бирлари билан кураш тушарди.

Ҳозир ҳам ўйлайман, мени ўлим гирдобидан нима қутқарганди ўшанда? Қизғанишми, рашкми ёки севги, соғинчми?

Балки яшашга бўлган иштиёқ, муҳаббатдир…

ИККИ ЎТ ОРАСИ

Ёзнинг ўрталарида қўшниларнинг тарвузи қизариб, пишиқчилик бошланди. Аммо бизнинг пайкалдаги тарвузлар гарчи челакдек думалаб ётса-да, ҳали қизармаган, кечки эди. Бир куни қўшнимиз Қувончбек ёнимга келиб илтимос қилди.

— Қўлдош ошна, бир машина тарвузни шаҳарга олиб кетяпман, эртага кечқурун қайтаман. Хотиним Нуржон ёлғиз, бизникида бўлиб тур, бошқа ишонадиган одамим йўқ, айниқса, Аслан хавфли, ичиб юради.

Мен унга: “бир кеча минг кеча эмас-ку ”, деб рози бўлдим.

Кечка тортиб, уларнинг чайласига бордим. Нуржон мени кулимсираб кутиб олди.

— Охири ошнангиз сизни топибди-да, пойлоқчилик қилишга, нима, мен шунчалар сулувманми, Қўлдошбей?
— Ҳа, жуда чиройлисиз, — дедим келинчакни мақтаб.

Дарҳақиқат, Нуржон ойдек сулув, гўзал эди. Иккаламиз супада ўтириб, чой ичдик.

Дарёдан шамол эсиб турар, сутдек ойдин кеча эди.

Нуржон мени саволга тутди:
— Қишлоқдаги янгамизни соғиндингизми?

Мен бош қимирлатдим.

— Биласизми, нега сизни Қувончбек қўриқчи этиб танлади?
— Йўқ.

— Чунки сиз яхшисиз, у сизга ишонади, яқинда Миртемир деган оқиннинг шеърини ўқиб қолдим:

Янгажон, дедим,
Қайнимов, деди.
Яқинроқ, дедим,
Айним-ов, деди.

Нуржон шеърни чиройли ўқиди. Сўнгра чайлага кириб, кўрпа-кўрпача, ёстиқ олиб келиб жой солиб берди. Кейин:

— Ана энди бемалол ўша сулувингизни туш кўриб ухлайверинг, — деди-ю… ўзи чайлага кириб кетди. Кейин эса ичкаридан келинчакнинг оҳиста айтаётган ўлани эшитилди.

Уйқум қочиб, ҳаёлларга ошно бўлдим, қанча ётдим, билмадим, бир пайт шарпа кўринди, қарадим, у Нуржон эди. У оҳиста келиб кўрпамни тўғрилади ва менинг оёқ учимдан кўрпа ичига кириб тинчгина уйқуга кетди.

Менда уйқу қаёқда дейсиз. Ахир шундай офатижон ёнингда ётса, уйқу келадими, айтинг?!

— Ай, Қувончбек, мени қандай азобга ташлаб кетдинг?!..

Икки ўт орасида тонггача қовурилиб, олишиб чиқдим. Охири ухлаб қолибман

-Туринг, сиз қандай уйқучи пойлоқчисиз, кеча қўйнингизга биров кирувди, билмадингизми? — деди Нуржон жилмайиб.

Мен келинчак билан хайрлашиб, жўнаб кетдим. Кечқурун Қувончбек келиб, менга раҳмат айтди.

— Аёлинг оқила экан, уни асра, — дедим, холос.

Қамаши

4.jpg Aksariat ijod ahli yangi bitik yaratishni sarlavha tanlashdan boshlaydi. To‘g‘ri-da, sarlavhasiz qoralama hali ism qo‘yilmagan chaqalokka o‘xshaydi, nima deb ataringni bilmaysan. Qayerdadir o‘qiganim bor, mashhur adiblardanbiri: “Yaxshi nom – yarim asar” degan ekan…

X I R G O Y I
Abdunabi ABDIYEV
“Oltin qalam” Milliy mukofoti sovrindori
09

Aksariat ijod ahli yangi bitik yaratishni sarlavha tanlashdan boshlaydi. To‘g‘ri-da, sarlavhasiz qoralama hali ism qo‘yilmagan chaqalokka o‘xshaydi, nima deb ataringni bilmaysan. Qayerdadir o‘qiganim bor, mashhur adiblardanbiri:“Yaxshi nom–yarim asar”degan ekan.

Anchadan buyon qamashilik qalamkash og‘am – O‘rolboy Qobil ijodiga bir ser solishni o‘ylab yurgan, maqolaga nom tanlashga ham ulgurgan edim – “Dasht xarakterlari musavviri”.

Ochig‘i bildirilajak munosabatga mazkur sarlavha chippa yopishadigandek tuyulgan, faqat hafsala qilib o‘tirsam bas, besh-olti qog‘ozni qoralab tashlash siyog‘im bor edi (o‘zi shu qurimag‘ur birodarimning matbuotda e’lon qilingan har bir bitigi men uchun kichik bir bayramga aylanadi desam sira mubolag‘asi yo‘q). Ilk satrlar oq qog‘ozning siynasiga ekila boshlagach negadir fikrim o‘zgarib, uni “Xirgoyi” deb atagum keldi.

Nega xirgoyi, bu atamaning oddiy qishloq muallimi, qolaversa uning kamtarona ijodiga nima dahli bor?

Ko‘p sonli savollarga javob izlashni xirgoyi atamasiga oydinlik kiritib olishdan boshlasak!

***

Borliq o‘z ibtidosi va intihosiga ega.

Roviylar rivoyat etishlaricha birinchi so‘z yaralgan, ilk kalom parvardigori olamga mansub bo‘lgan ekan.

Tag‘in bir aksioma – yaratganning kalomi lisoniy bo‘lmagan. Ammo u qandaydir tarzda hukm etilgani ayon, ijro uslubini baholashga esa biz mo‘min musulmonlarning quvvai-hafizamiz ojiz.

Aytaversak gap ko‘p, shu so‘z keyinchalik alam – yig‘i, shodlik – aytim ko‘rinishida turlanib boravergan…

Bolaligimizda bahor, yoz oylari to‘rt-besh qo‘y-echkilarni oldimizga surib, erta tongdan bepoyon kengliklar bag‘riga otlanardik.
Ketaverasan, ketaverasan…

…U yog‘ing o‘tloq, bu yog‘ing o‘tloq, yashillikdan mosuva yer yo‘q, qir-adirlarga qip-qizil lolaqizg‘aldoq gilam yangliq tushalgan, nima deyaringni, his-hayajonlaringni qay tarzda jilovlashingni bilmaysan. Shu payt ko‘kayingni bir o‘tliq so‘z ohangga aylanib, yorib chiqadi. Uning sehrli og‘ushiga tashlab ovutasan o‘zingni, o‘zligingni…

…Egam qori degan devor-darmiyon ko‘shnimiz bo‘lardi.

Katta bilan katta, kichik bilan kichik edi bu odam. Men ko‘pincha qo‘y boqishga shu kishining eshagiga mingashib chiqardim. Yo‘l olis, eshakning bir zayldagi “lo‘q-lo‘q”i ko‘p o‘tmay zeriktirar, o‘yinqaroq dilim o‘zga bir zavq-shavqni istar, eshakdan tushib ketaringda yo‘lini topolmas edim. Shu payt ko‘z qorachug‘i bolalikdan zaha tortgan qori bobo qo‘shiq boshlar va men butun borliqni unutar, dunyoi-dunda Egam qori, men va qo‘shiq borga mengzardi:

Xo‘sh qol endi Zo‘xraxonim,
Ayro tushdi bu jon sendan…

Egam qorining bor bisoti mana shu qo‘shiq bo‘lar, uni ham chala-yarim bilar, ammo bilganlarini baralla ovozda kuylar, o‘qtin-o‘qtin o‘z ovoziga o‘zi mahliyo bo‘lib, qiyqirib yuborardi:

-Ha-a-ay, joningdan, jonginangdan…

Bu hayrat menga ham o‘tar, uyimizdagi o‘zidan anchagina katta uch batareyadan quvvat olib ishlaydigan radioladan kim necha bor eshitganim – qo‘shiq satrlarini qori boboga jo‘r bo‘lib kuylashga tushardim.

Endi o‘z dovushiga mahliyo bo‘lish mening ham jismi-jonimni mahv etar, bu keksa ochunda bundanda go‘zalroq kuylangan qo‘shiq bundanda shiraliroq ovoz yo‘qdek tuyulardi.
Angladim, shirin bir entikib oldingiz, ehtimol sizni ham xotira ummoni o‘z girdibodiga olgandir, bilsangiz, bu ohangning sehri, maftunkorligi uning qandaydir majburiyat yoki tirikchilik takazosi bilan emas, tabiiy tarzda tug‘ilganidadir.

Mana shuning nomini x i r g o y i deyishadi.

***

Endi yuqoridagi savol ikkinchi qismining ham sirini ochadigan vaqt keldi.

Gapning dangali, O‘rolboy Qobil bitiklari mana shu xirgoyiga mengzaydi, tabiiy, ularda zo‘rakilik, yasamalikdan siyoq ham yo‘q, hayotda qanday bo‘lsa shundayligicha yaratilgan.

Yaqinda Toshkentdan yozuvchi Norto‘xta Qilich qo‘ng‘iroq qilib qoldi:

-Abdunabi, O‘rolboy Qobilni taniysizmi, Sizlar tomondan-ku?
-Taniyman, taniganda qandoq, og‘am bo‘ladi.

-O‘zim ham shunday deb o‘ylagandim. Bilasizmi shu odam katta yozuvchi, bitiklarida siqiqliq bor, ortiqcha suv topolmaysiz, o‘ziga hos obrazlar yaratadi, afsuski shaharda o‘tirib qolgan adabiyotshunoslarimiz shunday ajoyib ijodkorni payqashmayapti.

Bu O‘rolboy Qobil ijodiga berilgan munosib baho edi. Shunday e’tirofni shoir va adib Shodmonqul Salom, “Oila davrasida” gazetasi bosh muharriri o‘rinbosari Jasur Kengboy, “Bekajon” gazetasi muharriri Xoliyor Safar, adib Luqmon Bo‘rixonlardan ham eshitganim bor. “Barkamol avlod” gazetasi bosh muharriri Nuriddin Egam ikki gapining birida:

-O‘rolboy akaning uslubiga qoyilman,-deydi…

***

Bir gal O‘rolboy Qobil maslakdosh akalari – Yo‘ldoshbek Kenja, Tursunboy Boymir, Sayfulla Al-murod (muboraklik shogirdim Bahodir Abdurazzoq ta’biri bilan aytganda “Qamashi legioni” ) bilan kenja qizimning baxt to‘yiga tashrif buyurdi.

Davradagilardan kimdir (azaldan tanir ekan, shekilli) raisga:

-Shoir bobodan so‘z eshitaylik, she’ri bilan bo‘lsin,-dedi.

O‘rolboy Qobil ovoz kuchaytirgichni qo‘lga olganida Yo‘ldoshbek aka shumlik qildi:

-“Ilk sevgi”ni o‘qisin!

Bu taklifni davra ahli qo‘lladi, hullas she’r o‘qildi:

Mana o‘sha she’r:

Sinfimizda o‘n besh o‘g‘il,
O‘n besh qiz.
O‘qir edik kitoblarni,
Dunyoni.
Biz do‘st edik,
Ko‘zimizga singdirardik,
Ziyoni.

Muallimlar saboq berib
Hayotdan,
Va bizlarni tergab-tergab,
Turardi.
O‘n besh o‘g‘il bolalarning
O‘yida.
Faqat bir qiz, Muyassaroy,
Bo‘lardi.

Oh, Muyassar!
Yulduzmiding, oymiding,
Jo‘ralarim yuragining armoni.
Nechun qiyo boqmas erding,
Boymiding..
Boyto‘raning yozmoq bo‘lgan,
“Ro‘mon”i.

Kim xat yozdi,
Kimdir pinxona aytdi.
Senga aytdi dil rozini,
Muyassar!
Sen barchaga bosh chayqading,
Jilmayib.
Qo‘llar yetmas osmon eding,
Muyassar…

Maktab bitdi,
Taklif etding to‘yingga,
“Yo‘q! Bormaymiz,
Bevafoning to‘yiga”!
O‘n oshiq yig‘ilishdik,
O‘sha kech.
O‘n besh raqib jamlanishdik,
O‘sha kech.
Quloqlarga yangrab kelar,
To‘y sasi.
“Qoldinglar, hey,
Qoldinglar hey,
Bo‘ldi kech”…

Yillar o‘tdi,
O‘n yil o‘tdi,
Oradan.
O‘n oshiq ota bo‘ldi,
Yor bo‘ldi.
O‘n beshining o‘n besh,
Jajji qizi bor.
Barisining ismi,
Muyassar bo‘ldi.

***

…To‘y o‘tdi, uzoq-yaqindan kelgan mehmonlar tarqab ketishdi, shu jumladan “Qamashi legioni” ham. Biroq O‘rolboy Qobilning she’ridan menga ancha-muncha tashvish, asorat qoldi. Ayrim ukaxonlar ertami, kechmi, ularga farqi yo‘q, darvozamni qoqib kelishadigan odat chikarishdi:

-Shoir boboni bir tomosha qilaylik.

“Shoir bobo”ng buyumdir-a, istagan paytingda “ma” deb qo‘lingga chiqarib bersam”, kutilmagan mehmonni noiloj uyga boshlab qiraman. To‘ydan tushirilgan tasvir videomagnitafonga qo‘yiladi. Albatta to‘y-to‘mmiqni shunchaki tamosha qilib bo‘lmaydi, jiz-biz, yarimta degandek.

Ba’zan “nega men uning she’ri uchun haq to‘lashim kerak ekan” deb g‘ayurligim tutadi-da, mehmonlarni ichqariga boshlab o‘tirmay O‘rol og‘aga qo‘ng‘iroq qilaman (albatta gohida kunduz, gohida yarim tun bo‘ladi):

-Oshna, o‘sha she’ringizni o‘qimasangiz bo‘lmaydi, muhlislaringiz so‘rashayapti.

Qo‘l telefonim ovozini ko‘tarib, mehmon kutish tashvishidan forig‘ bo‘lganimga sevinaman: “Endi jabrini O‘rolboy Qobilning o‘zi tortaversin”.

Lekin baribir ortiqcha dahmazalardan to‘y tasvirini diskka qo‘chirtirib tarqatganimdan so‘nggina batamom forig‘ bo‘ldim (har holda mehmon jo‘natish tashvishidan disk sovg‘a qilish arzonroq tushadi-da).

Eng qizig‘i, qishlog‘imiz yoshlari haligacha shu she’rni yod olib, xirgoyi qilib yurishibdi.

***

O‘rolboy Qobil aksariatimizga oddiygina tuyulgan detaldan yodda qoladigan esse yoki hikoya yarata oladi. Birgina misol: Uning “Ena tuproq” deb nomlangan kitobida bir hikoya bor.

Jonbo‘zsoyda “Aylanay momo” degan enaxon yashaydi.

Uni qachonlardir Obloqul chavandozning ko‘ngli sust ketib, olis ovuldan olib qochgan. U bir umr, keksaga ham, yoshga ham “aylanay” deb murojaat qiladi. Oqibat eldoshlari orasida o‘z nomi “aylanay momo” bo‘lib qoladi. Kunlardan bir kun Hakim bug‘oltir qishloq honadonlaridan birida tutilayotgan to‘y dasturxoni sabzisini qiyib o‘tirganlarga savol beradi:

— Baxtiyor qassob aytmasin, qolganlaridan bitta so‘rovim bor, qani aytinglar. Aylanay momoning asli oti kim bo‘lgan? Erkak aytsa to‘n, ayol aytsa kalish olib beraman, bilmasanglar, navbati bilan momo bilan meni mehmonga chaqirasizlar.

Davradagilardan birontasi bu kutilmagan savolga javob berolmagach, Hakim bug‘oltir Aylanay momoning odamlarga qilgan bir necha yaxshiliklarini sanab:
-Yutqazdinglar, endi o‘zim aytaman, Aylanay momoning ismi … Aylanay momo-da!-deydi.

Insof bilan tan olaylik, qaysi birimizning (o‘zimizni qalam ahlidan chog‘laganlarimizning) qishlog‘imiz yoki mahallamizda elning sovug‘i bilan kirib, issig‘i bilan chikadigan kayvoni “aylanay momo”lar, “o‘rgilay bobo”lar yo‘q. Bor, istaganimizcha topiladi, ammo shuning hikoya uchun yaxshigina detal ekanligi faxmiga ko‘pda yetavermaymiz. O‘rolboy Qobil esa yonginamizda yurgan, biz goh payqab, goh payqamagan oddiy odamlarni ham hech ikkilanmay badiyatga olib kiraveradi, ta’bir joiz bo‘lsa uning bitiklari ommabopligi ham shunda.

…Mana qo‘limda adibning bir turkum hikoyalari qo‘lyozmasi.

Marhamat, O‘rolboy Qobilni Siz ham bir o‘qib qo‘ring!

O‘rolboy QOBIL
DASHT HIKOYALARI
09

09O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. Bir necha bor ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘lgan.

09

SHARIF DЕVONA

Devonaman, shekilli…
Mirtemir

I

Bu voqeani shifoxonada birga davolangan hamxonam Sodiq aka so‘zlab bergan edi.

— Sharif devona asli bu o‘raning odami emasdi, ko‘zi ojiz onasini ergashtirib tog‘ tarafdan kelib qolgan. Avvaliga ona-bola uyma-uy sadaqa so‘rab kun ko‘rib yurdi. Keyin Sattor podachining ularga rahmi keldi chog‘i, hovlisining to‘ridagi kulbani boshpana qilib berdi. Bilasiz, podachining o‘g‘li yo‘q, uch qizi bor. Xullas, Sattor podachi qo‘l-oyog‘i chaqqongina bolani o‘ziga dastyor qilib, poda boqishga olib yuradigan bo‘ldi.

Sharif devonani hech kim maktabga borgin demadi, lekin bolasi tushmagur yo‘lini topib, avval harflarni va sonlarni o‘rganib oldi, keyin sharillatib o‘qiydigan bo‘ldi. Balki, unga podachining qizlari ko‘mak bergandir.

U-qo‘rqmas, sho‘x, yana ozgina xayolparastroq bo‘lib, devona laqabini esa, Sattor podachi qo‘ygan. Bir kuni qishloqqa ko‘chma kino kelib, hindcha film ko‘rsatdi. Ertasiga xuddi kinodagi hindiday sigirni minib olgan Sharifni ko‘rgan podachi uni “devona bo‘psan”, deb koyidi. Shundan so‘ng uning ismiga bu laqab qo‘shilib ketdi.

II

Toshqishloq. Sattor podachining to‘ng‘ich qizi Zulxumorni kuyovga uzatishayapti. To‘yda o‘yin-kulgi avjga chiqqan. Uch-to‘rt erkak jo‘r bo‘lib qo‘shiq aytmoqda:

Eshik oldi mayda tosh,
Terib olsin qalam qosh.

O‘siq sochlari yelkasiga tushgan qora qosh, qora ko‘z yigitcha qizlarning atlas ko‘ylagi va lozimini kiyib, xuddi raqqosalardek o‘yinga tushmoqda. Davrani o‘rab olgan yosh-yalanglar, xotin-xalajlar, chol-kampirlar ohangga monand chapak chalmoqda. Shodiyona yarim tungacha davom etdi. Davradagi yosh raqqosa esa, o‘zimizning Sharif devona edi.

III

-Hoy, Sharif devona, choyni boboylarga olib kel, yigitlarga shishadagi achchig‘i ham bo‘laveradi, — deya qichqirdi Haydar ferma kulib.

Sharif devona ikki choynak choyni chollar o‘tirgan qirga eltdi.

— Ha, barakalla, iloyo sen bechoraga ham dirkillagani ato etsin, — hazillashdi Shodmon bobo choyni qaytarib.

Shodmon cholning hazili Sharif devonaga yoqib tushdi, ozgina uyaldiyam, so‘ng yana o‘choqboshiga ketdi.

Bu Turdi traktorchining pensiya to‘yida bo‘ldi.

IV

Azonda Sattor podachini uyg‘otgan aytuvchi unga Sharif devonani tezda mozorotga qabr qazishga jo‘natishni tayinladi. Tangriberdi cho‘ponning ayoli…

Sattor podachi Sharif devonani uyg‘otib, qabristonga jo‘natdi va so‘ngra o‘ylanib qoldi:

“Topgani Sharif bo‘ldi-da bularning, o‘zimizning qishloq bo‘lsa, mayli, elchilik, axir Tangri cho‘pon bo‘rijarlik bo‘lsa, shunday paytda Sharifni eslab qolishadi, boshqa payt esa…”

V

O‘tgan yili tiramada Shodiyor rais nabiralariga to‘y qilib, katta kurash berdi.To‘lqin biznesning shaharda o‘qiydigan o‘g‘li chempion polvonni ergashtirib keldi.

Odamlar qo‘niqxonadan qaytgach, keng davra qurishdi. Mamat polvon bakovul bo‘ldi. Olish har doimgidek oxirida qizidi. Tovoqni Toshqishloqning oldi polvoni Bekmurod ko‘tardi. Chempion polvon talabgor bo‘ldi.Olishuv ko‘p cho‘zilmadi, chempion birinchi qafasda Bekmurod polvonni yiqitib, hammani mum tishlatib qo‘ydi.

Xaloyiq yerga boqdi, mag‘lub Bekmurod polvon esa o‘kirib yig‘ladi:

— Ortimni oladigan yo‘q-ma, oring, g‘ujuring o‘ldima, Toshqishloq?!

Davra jim, hatto Mamat polvon ham mulzam bo‘lib, o‘tirib qoldi.

“Nima qilsin, qaridi, chiqsa-da, baribir yiqiladi”.

VI

Shunda kimdir “Men chiqaman”, deb tovush berdi. So‘ng esa, Sharif devona davraga chiqib ohista maydonni aylandi. Mamat polvon yana polvonlarni xaloyiqqa tanishtirdi.

Kurash shiddat bilan boshlandi, lekin chempion g‘alabadan masrur bo‘ldi, chog‘i, Sharif devonani pisand qilmay xato qildi. Bir holat yuz berdi, birov payqadi, birov yo‘q. Sharif devona bir siltab, raqibini yelkadan oshirib tashladi.

Odamlar daryoday toshib ketdi, “halol” degan hayqiriq yangradi. Mamat polvon Sharif devonani “bolam” deb ko‘tarib otdi, Bekmurod polvon “otam” deb ortidan chopdi.  Hamqishloqlari Sharif devonaning zotga olgan buzog‘ini yetaklab uyigacha borishdi.

O‘sha kecha Toshqishloq uxlamadi. Hammaning og‘zida Sharif devona bo‘ldi.

VII

Podayotoqda Sattor podachi Sharifni yoniga chaqirdi.

-Xo‘sh, Sharifboy, mana katta yigit bo‘lib qolding, sen tengilar uylanib, bir-ikki bolali ham bo‘lishdi, endi, shunday yuraverasanmi?

-Bilmasam, bova.
-Ayt-chi, birortasini yoqtirasanmi?
-Ha.

-Kimni?
-Aytsam, urishmaysizmi?
-Yo‘q!

-Zulayhoni!
-Ay, bo‘lmaydi, u sendan katta.
-Bo‘lmasa, Zubaydani!

Sattor podachi o‘ylab ham o‘tirmay aytdi-qo‘ydi.

— U senga munosib, Zubaydani senga beraman, agar esli o‘g‘il bo‘lib yursang…

VIII

Aytganday bo‘ldi, Sharif devona butkul o‘zgardi. Qush bo‘lib sayrashini, mushukdek muyovlashini, kichkina bolalarni yelkasiga mindirib ot bo‘lib chopishini tashladi.
Keyin Sharifning onasi qazo qildi. So‘ngra Sattor podachining ham mazasi qochib, to‘shakda yotib qoldi. Toshqishloqning podasiga Sharif devona egalik qildi.

Podachi bir necha bor kampiri Muslima momoga Sharif devonaga bergan va’dasini eslatdi:

— Zubaydani Sharifga berasan, bo‘lmasa seni go‘rimda ham tinch qo‘ymayman!

Xotini “mayli” deb bosh irg‘adi.

Sattor podachining janozasida Sharif devona o‘g‘il o‘rnida hassa tutdi.

IX

Bahorga chiqib, podachining uyiga qizni so‘rab sovchi keldi. Muslima momo qizining boshi bog‘liq ekanini aytmoqchi edi, ammo ukasi Yunus muallim:

— Borib-borib tayini yo‘q, telba-devonaga qizingizni berasizmi, opa!
— U unaqa emas, shunchaki pochchang erkalab qo‘ygan laqab, o‘zi esli-xushli yigit.

— Siz bilmaysiz, shu paytgacha ishtonsiz yurardi, endi odam bo‘lib qolibdi-da, agar gapimga kirmasangiz, sizday opam yo‘q!

Muslima momo tang vaziyatda qoldi, bir tomonda marhum choliga bergan so‘zi bo‘lsa, ikkinchi yonda yolg‘iz ukasi…

Oxiri momoni ko‘ndirishdi, to‘y kuni tayin bo‘ldi. Aslini so‘rasangiz, Sharif bilan Zubayda o‘rtasida aytarli hech gap yo‘q edi. Faqat Sharif devonaning qizni ko‘rganda duduqlanib qolishi-yu, Zubaydaning sirli boqishlarini aytmasak…

X

To‘y kuni Sharif devona dardi ichida bo‘lsa-da, xizmatda bo‘ldi. Na arazladi, na xafa bo‘ldi. El bekorga devona deb atamagan ekan! Nihoyat, kelin ketadigan vaqt bo‘ldi. Kimdir Sharif devonani ostonaga chaqirdi.

Xotin-xalaj qiy-chuv qilishib, kelinni olib chiqishdi. Qumri momo hammaga eshittirib aytdi:

— Zubayda qizim, otang Sharifni o‘g‘li o‘rnida ko‘rardi, u senga aka, kel, oyog‘iga bosh urib rozilik so‘ra!

Kelinchak Sharifning oyog‘iga bosh qo‘yib, piq-piq yig‘ladi. Sharif chidab turolmadi:

— Zubayda bor, bola-chaqali bo‘l, sendan roziman, bor, Zubayda.

Kelinchakni olib ketishdi, hovli huvillab qoldi. Sharif devona esa borib hovuzdagi muzdek suvdan to‘yib ichdi.

XI

Keyin Toshqishloqni titratgan mash’um hodisa sodir bo‘ldi. Kelinni olib ketayotgan mashina jarlikka quladi. Besh odam nobud bo‘ldi. Ularning orasida kelin va uning onasi ham bor edi. Ularning qonga belangan jasadlarini qaytarib olib kelishdi va ertasiga dafn etishdi.

Keyin Sharif devona ham ko‘rinmay qoldi. Kunlarning birida qabriston yonidan o‘tayotgan kimdir Sharif devonaning o‘lib yotgani haqida qishloqqa xabar berdi.

U — Zubaydaning mozorini quchoqlab jon bergandi…

DASHTLIKLAR

I

Toshtepada g‘alati mish-mish tarqadi:

“Abray cho‘pon qariganda aynibdi, Mayram chevarga uylanarmish…”

Otaboy so‘fi buni Bekqul raisning to‘yida allakimdan eshitdi-yu, halovatini yo‘qotdi. Uyga kelib non yopayotgan kelini Uyto‘laning etagidan tortib, xarxasha qilayotgan nevarasini to‘ydan, cho‘ntagiga solgan parvardani tutqazib ovutdi.

Kelini nonini ildirib bo‘lgach, qumg‘onni to‘ldirib choy quydi. Keyin Otaboy so‘fi hujrasiga kirib ozgina mizg‘imoqchi bo‘ldi, uyqu qayoqda deysiz.

So‘ngra o‘zicha : “Ey, bu ishq degani duchor bo‘lgan mardumni devona qilmay qo‘ymaskan-da, bo‘lmasa, Abrayday odam domiga tusharmidi? Aslida xudoylikka olib aytsak, Mayram Abrayniki edi, badbaxt Ko‘paysin oraga tushib nima bo‘ldi, oxir-oqibat tirnoq ko‘rmay ketdi ”…-deb qo‘ydi.

Otaboy so‘fi boshida aylanayotgan shu kabi o‘ylarni haydash uchun tashqariga chiqib, tahorat qilib bo‘lgach, keliniga tayinladi:

— Men Abray oshnamnikiga ketyapman, momongga aytib qo‘y, kechqurun qaytaman,-dedi-da bedapoyada bog‘langan eshakni minib, dashtga eltuvchi yo‘lga haydadi.

II

Sunbulaning oxirlari edi. Yontoqzor oralatib qo‘ylarni yoygan Abray cho‘pon xurjunni to‘shab chalqancha yotib oldi. Osmon tiniq edi, tog‘ tarafda xuddi yelkanli kemadek oppoq bulutlar suzib yuribdi. Huv, ana turnalar arg‘imchoq solib suvlagani uchib ketishayapti, hademay kuz keladi, so‘ngra qish. Umr esa o‘taveradi, vaqtni to‘xtatib ham , qaytarib ham bo‘lmaydi.

Abray cho‘pon mana ikki yil bo‘ldi, beva, yostiqdoshi Hanifasidan ayrilgan.

Cho‘ponning ko‘ziga so‘qmoq yo‘ldan oq eshak mingan qora ko‘rindi, o‘tirishidan ayolga o‘xshaydi, yoshroq shekilli.

Aslida Abray cho‘pon begona ayolga suqlanib qaraydiganlarni yomon ko‘rar, ammo ne ilojki ko‘ngilga buyruq berib bo‘lmaskan, u kelayotgan, guldor jelak yopingan xilqatga tikilib razm soldi.

“Dashtda xotinlar yolg‘iz yurmagich edi, kim ekan bu ayol?”-xayolidan o‘tkazdi cho‘pon.

-Cho‘pon bobo suvingiz bormi?

Abray cho‘pon shoshib qoldi.

-Bor, singlim, mana.

U suv to‘la xumchani ayolga uzatdi.

Ayol yengil bir harakat bilan eshakdan sakrab tushdi va xumchani ushladi

-Mayram, senmisan?

Ayol shoshilmasdan suv ichdi,

— Ha, menman Abray aka, qizim Gulsanamnikiga boryapman, yaqinda ko‘zi yorigandi. Qizim Shodmon shofyorning o‘g‘liga tushgan.

-Taniyman, kuyoving yaxshi yigit, aytganday, nevara qulluq bo‘lsin, boyvuchcha.
— Umri bilan bergan bo‘lsin.

III

— Biroz o‘tir, Mayram, eshaging ham ozgina o‘tlab olsin,-yalingandek so‘z qotdi Abray cho‘pon.

Ayol atrofga bir qarab oldi.

-Tag‘in bitta — yarimta ko‘rsa, gap qilmasin…
— Endi nimadan qo‘rqamiz, Mayram, sen jesir, men bevatan bo‘lsam…
— Aytdim-qo‘ydim-da…

Mayram chevar ohista xurjunning bir chetiga o‘tirdi.

— Mayram, seni xudo yetkazdi, chin so‘zim, kecha hayolimdan o‘tuvding, oyog‘im ham adirga tortavergandi…

-Shunchalik ekan, nega bir bora bo‘lsa-da, qorangizni ko‘rsatmadingiz?

-Naylay, Mayram, menam elning ko‘zidan qochdim…
-Ha, bilaman, anovi berib yuborganingizni oluvdim…

Abray cho‘pon Mayram chevarning qizini uzatayotganini eshitib, oshnasi Otaboy so‘fidan ikkita qo‘yning pulini berib yuborgan edi.

-Ey, pul nima bo‘pti. Axir qizing menga begona emas, shundaymi?

Ayol bosh irg‘adi.

— U — sizning qizingiz, o‘sha oqshomdagi “aybimiz”ning mevasi.

Abray cho‘pon yutundi, beixtiyor ko‘zlari namlandi, xuddi shunday holat Mayram chevarda ham kechdi.

IV

Askarlikka ketadigan kunning kechasida Abray Mayram bilan uchrashib, bexosdan qizning yuzidan muchchi oldi.

— Uyatsiz ekansiz, Abray.
— Seni olaman, Mayram.
— Uch yil kutish qiyin-ov, Abray aka.

— Kutasan, bo‘lmasa…
— Nima bo‘lmasa…

Yigit erkalanib o‘ynoqlayotgan qizdan yana o‘pich oldi.

— Bo‘ldi, boshqalarga ham qolsin.
-Agar boshqaga…
-Hazillashdim, sizni kutaman, gapim-gap!

Ertasiga Abray harbiyga jo‘nab ketdi, ular tez-tez xat yozishib turishdi.

V

Qo‘shkapada sovuq xabar tarqadi.

“Eshitdingmi, Eshtemirning qizi Mayramning sochini Ko‘paysin kesib ketibdi”.

Hafta o‘tib Eshtemir traktorchining uyiga sovchi keldi. To‘y kuni belgilandi.

Mayram Ko‘paysin bilan chimildiqda ko‘rishdi.

-Agar erkak bo‘lsangiz, rostini ayting, sochimni sizga kim kesib berdi?

Ko‘paysin kelinchakdan bunday keskin savol kutmagan edi.

— O‘zim.
— Bekor aytibsiz, itimiz yorib tashlagan bo‘lardi.

— Buni aytolmayman…
— Bo‘lmasa,ertalab uyga ketaman!

Ko‘paysin elga sharmanda bo‘lishdan qo‘rqib ketdi.

-Aytsam, ketmaysanmi?
-…
-Sochingni, Gulsum chechang kesgan.

Mayram hammasiga tushundi, yangasi Ko‘paysinga qarindosh. Yana pulni yaxshi ko‘radi, yashamagur…

Ko‘paysin yaqinlashib kelinchakning qo‘lini tutmoqchi bo‘ldi, ammo Mayram jerkib berdi.

-Sizga ikki dunyoda ham xotin bo‘lolmayman!
-Nega

-Chunki erkakning ishini qilmadingiz, uyalmasangiz o‘sha qorabosgur Gulsum yosumanni yordamga chaqiring, qo‘l -oyog‘imni bog‘lab qo‘yningizga solib qo‘yar!?

Ko‘paysin chimildiqdan boshini egib chiqib ketdi.

VI

Bahorning oxirida Abray harbiydan qaytib, ammasining qizi Hanifaga uylandi. O‘g‘il-qizli bo‘ldi.

Otasining o‘rnida xo‘jalikning qo‘yini boqdi.

Ammo Abray hamon Mayramni unutolmas, uni hech bo‘lmasa bir ko‘rmoqqa orzumand edi.

Tiramada Haydar ferma dovrug‘li to‘y boshladi. To‘yxona Mayram tushgan uyga qo‘shni edi. Xotin –xalajlar ichida xizmatda yurgan Mayram olisdan Abray cho‘ponni ko‘rib allanechuk bo‘lib ketdi, eski yarasi yangilandi, yuragi gup-gup urgandek bezovtalandi.

Keyin ovsini Oygulning o‘g‘li Murodni imlab chaqirib qo‘liga xat tutqazdi.

— Manavu xatni Abray cho‘ponga olib boring, birov ko‘rmasin, sizga chiroyli to‘n tikib beraman.

Bola xatni topshirib keldi.

Abray cho‘pon xatni o‘qib, boshi aylangandek bo‘ldi.

“Abray aka, otingizni Sattor podachining qamoviga bog‘lab, devordan o‘ting, sizga barchasini aytib beraman. Mayram.”

Abray Mayramning xatini darrov tanidi. U otini yetaklab Sattor podachining qamoviga bog‘ladi. So‘ngra bir sakrab devordan oshib o‘tdi.

Bostirma tagida uni Mayram kutib turardi.

-Sizni ko‘rar kun ham bor ekan-ku Abray aka!
-Mayram shoshma, ering qayerda?

-Tovga , ko‘pkariga ketgan, ertaga qaytadi.
-Nega bunday bo‘ldi, Mayram?

-Barchasini Gulsum checham qilgan ekan.
-Endi nima qilamiz,Mayram?

-Men sizni haliyam kutib yuribman, anoviga qo‘limni ham ushlatganim yo‘q.

-Aldama, Mayram.
-Tepamda xudo bor, Abray aka.

Abray cho‘ponning boshi aylandi, entikib Mayramni bag‘riga bosdi.

VII

Ertasiga Abray cho‘pon Ko‘paysinning otdan yiqilib, o‘lganini eshitib karaxt bo‘lib qoldi.

-Ey, bechora, o‘sal bo‘libdi-da…

Keyin el qatori fotihaga borib keldi.

Yetti oy o‘tib oshnasi Otaboy so‘fi bir gap topib keldi.
-Eshitdingmi, Mayram homilador emish…

Abray cho‘pon indamadi, ichidan nimadir uzilib ketgandek bo‘ldi.

-Agar o‘shandan hisoblasak, yetti oylik bo‘libdi…

Yozga chiqib Mayram chevar qiz tug‘di.

VIII

Alqissa, Otaboy so‘fi eshagini simyog‘ochga bog‘lab oshnasining hovlisiga kirdi.

Abray cho‘pon uni xushnud kutib oldi. Otaboy so‘fi jo‘rasiga sinchiklab ser soldi.

-Ha, nega tikilib qolding, so‘fi?

-Barisi to‘g‘ri ekan, endi men Mayramnikiga sovchilikka borishim lozim, shundaymi?
-Sendan boshqa ishonganim yo‘q!

-Bolalaring nima deydi?
-Nima bolalarimdan so‘rab uylanishim kerakmi?
-Ha, senga ular gap qaytarmaydi, bilaman.

Otaboy so‘fi bir piyola choy ichgach, dasturxonga fotiha o‘qidi. Abray cho‘pon oshnasini Qo‘shkapaga kuzatib qo‘ydi. Ammo qaytib uyga kirolmadi, u Mayram chevarning uyi tarafiga umidvor termulib qoldi.

SIRDARYO O‘LANI

Qo‘ldosh degan alomat akaxonim bor. Qiziq odam, gurungboz. Kishti kelsa davralarda boshidan o‘tgan g‘aroyib voqealarni o‘ziga xos ohangda aytib yuradi. Ayniqsa, sabil qolgur oqidan bir –ikki piyola aylangach , u kishini to‘xtatib bo‘lmaydi. Men esa bu hangomalarni ko‘p eshitganman. Ammo har gal o‘zimni xuddi birinchi bor tinglayotgandek tutib, qiziq joyiga kelganda “voh” deyman, “yo‘g‘-a” deb dalda beraman.

Bundan akamiz zavqlanib, junbushga keladi, hatto o‘zidan ozgina qo‘shib ham yuboradi. Keling, ularni bir eshitib ko‘raylik.

BUZOQNI YUTGAN BALIQ

Sirdaryoni ko‘rganmisiz, yo‘qmi, mana biz ko‘rganmiz, ikki yil Orolga qo‘yilish joyida olti askarga bosh bo‘lib baliq tutganman. Ko‘chma vagonda yashardik. Uch yuz metrli to‘rni har ikki kunda tortardik, ushlangan baliqlarni tuzlab, bochkaga bosardik. Harbiy qismdan praporshik Ivanov har xaftada mashinada bizlarga oziq-ovqat, xatlar olib kelar, bochkadagi baliqlarni olib ketardi.

May oyining oxirlarida yuqoridan “tarvuz ekilsin”, degan buyruq keldi. Otamga “tarvuz urug‘idan jo‘nating”, deb xat yozdim.

Hafta o‘tib urug‘ solingan posilka keldi.” Axir qishloqda o‘sgan, Kenja traktorchining o‘g‘li bo‘lsam” , deb traktorni yurgizib , shudgorni o‘zim haydadim. So‘ngra urug‘larni qadadik. O‘n kunlar o‘tib, urug‘ unub chiqdi. Bizga qo‘shni gektarchilar-koreys Kim, qozoq Quvonchbek va turk Aslanning tarvuz palaklari esa allaqachon gullay boshlagandi. Askar yigitlar turli millatga mansub bo‘lib, eng yoshi kattasi men edim. Qolaversa, shahardagi oliygohning kechki bo‘limida o‘qiyotgan talaba, yana jussam ham binoyidek edi-da…

Bir kuni odatdagidek daryodan to‘rni tortdik, ishonasizmi, uzunligi naq uch metr keladigan baliq ilindi. Temir kasov bilan urib, hushidan ketkazdik. Hatto ustiga yettovlon minib suratga ham tushdik. Baliqni ustixonidan ajratib nimtalarni chaylaga osib qo‘ydik. Bilasiz, qozoq xalqi chorvador. Bir kuni paykal oralab yursam, semizgina buzoq palakni yeb yuribdi. Achchig‘im keldi, qayishimni yechib bo‘ynidan o‘tqazdimda, vagon qoshiga sudrab kelib, turkman Berdiqulga “so‘yib tashla”, deb buyurdim. Yigitlar bir pasda buzoqni so‘yib, to‘rt-besh kilo go‘shtini qovurishdi. Buzoqning go‘shti mazali bo‘larkan. Ertasiga eshak mingan qozoq chol vagonimizga kelib, “buzog‘imni topinglar, bo‘lmasa milisaga beraman”, deb dag‘dag‘a qildi. Yigitlar menga qarashdi. Men esa bamaylixotir borib, chol bilan ko‘rishdim va rostdan ham kecha buzog‘i daryo tarafga o‘tgani, keyin suv ichayotganda kattakon baliq uni yamlab yutib yuborganini aytdim. Chol menga ajablanib qaradi. Men qariyaga daryo bo‘yida yotgan baliqning suyaklari va qo‘rqinchli tishini ko‘rsatdim. So‘ngra qamishzor ichidan buzoqning dumini topib keldim.

— Biz baliqni tutganimizda buzoqning dumi og‘zidan chiqib turgan ekan,-dedim.

Chol so‘zlarimga ishondi.

— Voy, shirog‘im, jashim jetmishga kirib, laqqaning buzoqni yutganini eshitmagandim…

Cholni chaylaga taklif etib, baliq va buzoq go‘shti aralashgan qovurma bilan mehmon qildim.

Qariya ketdi, uning mollari qayta biz tarafga kelmay qo‘ydi.

DARYODA OQQANIM…

O‘zlaringga ma’lum, harbiyga ketmasdan avval uylangan edim. Og‘aynilar, uyli odamning olisga ketmagani ma’qul. Ayniqsa, uyda seni oydek xotining ko‘zi to‘rt bo‘lib kutsa, yomon bo‘larkan.

Kechalari Oysuluv boshimdan ketmasdi, sog‘inardim, qo‘msardim, ammo ilojsiz edim.

Bir kuni yigitlar bilan daryodan narigi qirg‘oqqa suzib o‘tishga qaror qildik. Ular birin-ketin suzib o‘tishdi, oxiri men qoldim. To‘g‘ri, bolaligimda ariqlarda, kanallarda cho‘milganman, ammo daryoda suzib ko‘rmagandim. Sal beriroqqa keldim-da, tavakkal deb daryoga o‘zimni otdim. Amallab daryoning yarmidan o‘tdim, bor kuchim bilan sohil tarafga intilaverdim. Qirg‘oqqa ozgina qolganda madorim quridi, qo‘l –oyog‘im harakatsiz qoldi. Ilojsiz edim, hayolimda esa: “men o‘lsam Oysuluv kimga tegarkin”, — degan o‘y charx urardi. Daryo tubiga cho‘kdim, ishonasizmi, shunda vujudimga bir kuch keldi, bir dov keldi, yuqoriga intildim, tepamda osmon ko‘rindi. Nimadir oyog‘imdan ko‘tardi, bir necha soniya shu asnoda muallaq turdim, tin oldim va qulochimni bir ikki sermadim, oyog‘im yerga tegdi, amallab qirg‘oqqa chiqdim va o‘zimni qumloqqa otdim. Qancha yotdim bilmayman, ko‘zimni ochib yigitlarni axtardim. Ular hech narsadan bexabar bir-birlari bilan kurash tushardi.

Hozir ham o‘ylayman, meni o‘lim girdobidan nima qutqargandi o‘shanda? Qizg‘anishmi, rashkmi yoki sevgi, sog‘inchmi?

Balki yashashga bo‘lgan ishtiyoq, muhabbatdir…

IKKI O‘T ORASI

Yozning o‘rtalarida qo‘shnilarning tarvuzi qizarib, pishiqchilik boshlandi. Ammo bizning paykaldagi tarvuzlar garchi chelakdek dumalab yotsa-da, hali qizarmagan, kechki edi. Bir kuni qo‘shnimiz Quvonchbek yonimga kelib iltimos qildi.

— Qo‘ldosh oshna, bir mashina tarvuzni shaharga olib ketyapman, ertaga kechqurun qaytaman. Xotinim Nurjon yolg‘iz, biznikida bo‘lib tur, boshqa ishonadigan odamim yo‘q, ayniqsa, Aslan xavfli, ichib yuradi.

Men unga: “bir kecha ming kecha emas-ku ”, deb rozi bo‘ldim.

Kechka tortib, ularning chaylasiga bordim. Nurjon meni kulimsirab kutib oldi.

— Oxiri oshnangiz sizni topibdi-da, poyloqchilik qilishga, nima, men shunchalar suluvmanmi, Qo‘ldoshbey?
— Ha, juda chiroylisiz,-dedim kelinchakni maqtab.

Darhaqiqat, Nurjon oydek suluv, go‘zal edi. Ikkalamiz supada o‘tirib, choy ichdik.

Daryodan shamol esib turar, sutdek oydin kecha edi.

Nurjon meni savolga tutdi:
— Qishloqdagi yangamizni sog‘indingizmi?

Men bosh qimirlatdim.

— Bilasizmi, nega sizni Quvonchbek qo‘riqchi etib tanladi?
— Yo‘q.

— Chunki siz yaxshisiz, u sizga ishonadi, yaqinda Mirtemir degan oqinning she’rini o‘qib qoldim:

Yangajon, dedim,
Qaynimov, dedi.
Yaqinroq, dedim,
Aynim-ov, dedi.

Nurjon she’rni chiroyli o‘qidi. So‘ngra chaylaga kirib, ko‘rpa-ko‘rpacha, yostiq olib kelib joy solib berdi.

— Ana endi bemalol o‘sha suluvingizni tush ko‘rib uxlayvering… u chaylaga kirib ketdi. Keyin esa ichkaridan kelinchakning ohista aytayotgan o‘lani eshitildi.

Uyqum qochib, hayollarga oshno bo‘ldim, qancha yotdim, bilmadim, bir payt sharpa ko‘rindi, qaradim, u Nurjon edi. U ohista kelib ko‘rpamni to‘g‘riladi va mening oyoq uchimdan ko‘rpa ichiga kirib tinchgina uyquga ketdi.

Menda uyqu qayoqda deysiz. Axir shunday ofatijon yoningda yotsa, uyqu keladimi, ayting?!

— Ay, Quvonchbek, meni qanday azobga tashlab ketding?!..

Ikki o‘t orasida tonggacha qovurilib, olishib chiqdim. Oxiri uxlab qolibman

-Turing, siz qanday uyquchi poyloqchisiz, kecha qo‘yningizga birov kiruvdi, bilmadingizmi? — dedi Nurjon jilmayib.

Men kelinchak bilan xayrlashib, jo‘nab ketdim. Kechqurun Quvonchbek kelib, menga rahmat aytdi.

— Ayoling oqila ekan, uni asra, — dedim, xolos.

Qamashi

09

(Tashriflar: umumiy 255, bugungi 1)

Izoh qoldiring