Ahmad A’zam. Odamoviga uchyoqlama qarash.Novella.

07    Бу одамни кўрганда беихтиёр ўзингизнинг чанг-чунгга беланиб, терлаб-пишиб юришингизни, шимингиз дазмолланмай, кўйлагингиз ёқаси нотоза эканлигини ўйлайсиз (аслида ҳеч бири шундай эмас, лекин сизга шундай туюлаверади) ва шу заҳоти, уясидан қулаб тушган полапонлардек, хаёлингизга лоп этиб келиб қолган шу куйди-пишди ўйларингизнинг ҳам бетартиб, узуқ-юлуқ ҳамда чала эканлигини англаб, довдираб тураверасиз — бу одамнинг қарашлари унинг нақадар музайян ва равон мушоҳада қилишини кўз-кўз қилади.

09
Аҳмад Аъзам
ОДАМОВИГА УЧЁҚЛАМА ҚАРАШ
05

1. СУРАТИ

Бу одам жуда тоза юради.
Бу одам жуда озода кийинади.
Бу одам жуда чиройли сўзлайди, гапидан адашмайди ва ҳеч қачон ўзини йўкртиб кўймайди.

Бу одамни кўрганда беихтиёр ўзингизнинг чанг-чунгга беланиб, терлаб-пишиб юришингизни, шимингиз дазмолланмай, кўйлагингиз ёқаси нотоза эканлигини ўйлайсиз (аслида ҳеч бири шундай эмас, лекин сизга шундай туюлаверади) ва шу заҳоти, уясидан қулаб тушган полапонлардек, хаёлингизга лоп этиб келиб қолган шу куйди-пишди ўйларингизнинг ҳам бетартиб, узуқ-юлуқ ҳамда чала эканлигини англаб, довдираб тураверасиз — бу одамнинг қарашлари унинг нақадар музайян ва равон мушоҳада қилишини кўз-кўз қилади.

Бу одам жуда батартиб ўйлайди — ўйлашда унинг ўз тартиби бор.
Бу одам яна кўп йўллардан юра олади — унинг юрадиган ўз йўллари бор.
Бу одам яна тиллари осмонни ялаган оловлар ичидан куймай чиқиб келаверади.
Бу одам яна тўлқинлари кўкка сапчиган сувлар устидан ботмай юраверадн.
Бу одам паррихта мусичаларнинг ҳам кўнглини топади.
Бу одам кулча бўлиб турган илонларнинг ҳам тилини билади.
Бу одам тағин ўлаётган дўстга илжайиб қарайди, Бу одам тағин тиш қайраган душманга кулиб боқади.

Яна… бу одам ботаётган офтобнинг қонталаш баркашига
қараганча, оғзини катта очиб, “ҳай-йий” деган товуш чиқаряб,
бамайлихотир эснайди; эсноқдан бадани яйраб, кўзларига ёш чиқиб кетади.
Бу одамни табиат ярлақаган — унинг
заха емаган шафтолидай,
тиш тегмаган жоноқи олмадай,
қўл тегмаган ҳуркак сийнадай,
онаси, йўқ, рўзғор ўпмаган бокира қиздай тоза, озода, ҳали унниқмаган, ҳали дунё кўрмаган,
дунёдаги виждонлар ичида энг чиройлиси бўлмиш виждони бор!

Бу виждонни у ҳар қандай кўздан асрайди; ҳеч кимга бермайди, кўрсатмайди.
Бу виждонни у шамоллар тегмайдиган, сувлар ўтмайдиган, оловлар яламайдиган, нигоҳлар тушмайдиган қилиб ўраб-чирмаб, кўнглининг тубига бекитиб қўйган ва баданини виждонининг устида пилла қилиб ўраб олган.

Қачон пилла ичидаги ғумбак капалакка айланиб, пиллани тешиб чиқади ва қанақа тухум қўяди —буни билолмаймиз.

Бу одам эса саволга жавоб қилмайди: у илжайганича кўнглингизнинг очиқ эшигидан ўтиб, тўхтамай, нариёғидан чиқиб кетаверади.

2. СИЙРАТИ

Бу одам яна устидан қулфлаб ўтиради.

Сиз билан бизга — устидан қулфламайдигаи одамларга уйда ўтирганимизда қулфнинг кераги йўқ: одам бор уйга дўст келиши, қўшни кириши мумкин; душман эса уйимизга келмайди, у катта йўлда оёғимиздан чалади.
Ўз уйида устидан қулфлаб ўтирадиган бу одам эса дўстдан ё, дейлик, ўғридан қўрқмайди, эгали уйдан ўғри қўрқади — у ҳам ўзини тўғриларга кўрсатмаслик пайида бўлади; бу одам дунёдан ҳадик олади: у ташқаридаги олам кириб келадиган эшикка қулф уриб, тағин дунё уйимга кириб-нетиб қолмасин, деб ҳушёр ўтиради.

Майли, дейлик — уй ўзиники бўлганидан кейин, билганини қилмайдими?
Лекин бу одам кўчага чиққанда ҳам офтобга, ҳавога, қушлар сайроғига, кўчанинг ўзига, кўчадаги одамларга, одамларнинг берган саломига ҳам ҳадик билан, тағин кўнглимга кириб кетмасин деб жуда ҳушёр қарайди.

Бунисига ҳам майли, дейлик — кўчадаги одамни сен нега бунақа… ўзингдан-ўзинг хавфсираб юрибсан, деб қисти-бастига ололмаймиз.

Лекин бу одам ўзининг кўнглидан ҳам шубҳа қилади — ёпирай, бирон сўз, бирон фикр, бирон бебошвоқ ҳаяжон чиқиб кетмасин, деб кўнглини ҳам қулфлаб юради: оғзига маҳкам, одамлар билан гаплашмаслик чорасини қилолмаса, ноилож, оғзини очмай сўйлайди.

3. ТУРМУШ ТАРЗИ

Бу одам фақат уйинигина ватан деб билади: тўрт девор билан ўралган уйини ўз мамлакатим деб ҳисоблайди.
Бу одам ўзи шу мамлакатининг сиёсатини юритади — баайни қадимги пошшолардек.

Мамлакатининг ташқи сиёсати борасида ҳам бу одам ҳушёрликни қўлдан бермайди, мамлакатига чегарадош “мамлакатлар” билан (бу одам қўшниларининг уйини ҳам худди ўзиникига ўхшаган хорижий мамлакатлар деб ҳисоблайди) борди-келди муомалаларида қатъий бир тартибга амал қилади: уларнинг ички ишларига аралашса ҳам, ўзининг ички сиёсатига аралашишларига изн бермайди; бу одам ўша мамлакатларнинг элчилари билан (носоғлом тасаввурни қаранг!) ўз мамлакатининг ягона ва мутлақ ҳокими сифатида жуда усталик билам муносабатда бўлади: давлат сирларим чиқиб кетмасин, деб оғзини очмай гаплашади.

Мамлакат фуқаросиз бўлмайди албатта: бу одамнинг мамлакатида ҳам фуқаролар бор: хотини, болалари… Хотин ҳам, болалар ҳам бу одам юритган сиёсатни маъқуллайди. Шунга қараб, бу мамлакатдагилар якдил, яктан яшар эканлар, деган хулосага ҳам келишимиз мумкин эди, лекин сал чатоғи бор.

Бизнинг тушунчамиздаги мамлакатда фуқаролар ўз давлатининг ҳамма ишларидан доимо бохабар, тўғрироғи, ички ва ташқи сиёсатни уларнинг ўзлари белгилайди. Лекин бу одамнинг мамлакатидаги сиёсатдан унинг фуқаролари воқиф эмас. Мутлақ ҳоким уларни сиёсатга аралаштирмайди: хотин — хотин, бола — бола! Шунинг учун ҳам бу мамлакатда ҳар хил сайловлару намойишлар, бўйин товлашу ғалаёнлар йўқ. Ўзингиз ўйланг, ахир, кимга қарши ғалаён кўтариладию мутлақ ҳоким ағдарилса, ўрнига унинг ўзидан бошқа яна кимни қўйиш мумкин? Сал чатоғи бор, дейишимизнинг боиси ҳам шунда — демократия деган сув билан ҳаводек зарур ақида бу мамлакатнинг ички сиёсатига ҳалал беради.

Ана шуни ўйлаган тўрт девор ҳокими қўл остидагилар билан ҳушёрликни унутмай муносабатда бўлади: яъни хотин зотига сир бермасликни, болали уйда сир ётмаслигини бирон дақиқага ҳам эсдан чиқармайди.
Бу одам уйидагилар билан ҳам оғзини очмай сўйлашади!

Энди бу мамлакатнинг иқтисоди, маданияти, муҳити, тузум-тутуми қанақа экан, мутлақ ҳоким давлатни идора қилишдек сермашаққат ишни қандай уддалар экан, деб қизиқсинишимиз турган гап.

Биз бу одамнинг тоза юришига, озода кийинишига, чиройли сўйлашига, ўзини йўқотиб қўймаслигига, музайян ва равон мушоҳада юритишига, сувда чўкмай, ўтда куймай юришига, мусичаларнинг ҳам, илонларнинг ҳам кўнглини бирдек топишига, дўстга ҳам, душманга ҳам бирдек қарашига кўзни катта очиб қарайлик—ишлари яхши бўлмаса, ботаётгав офтобга қараб шундай эснармиди?!
Қараманг унга — эсноқ юқумли бўлади, ахир!

09

04
Ahmad A’zam

ODAMOVIGA UCHYOQLAMA QARASH
05

1. SURATI

Bu odam juda toza yuradi.
Bu odam juda ozoda kiyinadi.
Bu odam juda chiroyli so’zlaydi, gapidan adashmaydi va hech qachon o’zini yo’krtib ko’ymaydi.

Bu odamni ko’rganda beixtiyor o’zingizning chang-chungga belanib, terlab-pishib yurishingizni, shimingiz dazmollanmay, ko’ylagingiz yoqasi notoza ekanligini o’ylaysiz (aslida hech biri shunday emas, lekin sizga shunday tuyulaveradi) va shu zahoti, uyasidan qulab tushgan polaponlardek, xayolingizga lop etib kelib qolgan shu kuydi-pishdi o’ylaringizning ham betartib, uzuq-yuluq hamda chala ekanligini anglab, dovdirab turaverasiz — bu odamning qarashlari uning naqadar muzayyan va ravon mushohada qilishini ko’z-ko’z qiladi.

Bu odam juda batartib o’ylaydi — o’ylashda uning o’z tartibi bor.
Bu odam yana ko’p yo’llardan yura oladi — uning yuradigan o’z yo’llari bor.
Bu odam yana tillari osmonni yalagan olovlar ichidan kuymay chiqib kelaveradi.
Bu odam yana to’lqinlari ko’kka sapchigan suvlar ustidan botmay yuraveradn.
Bu odam parrixta musichalarning ham ko’nglini topadi.
Bu odam kulcha bo’lib turgan ilonlarning ham tilini biladi.
Bu odam tag’in o’layotgan do’stga iljayib qaraydi, Bu odam tag’in tish qayragan dushmanga kulib boqadi.

Yana… bu odam botayotgan oftobning qontalash barkashiga
qaragancha, og’zini katta ochib, “hay-yiy” degan tovush chiqaryab,
bamaylixotir esnaydi; esnoqdan badani yayrab, ko’zlariga yosh chiqib ketadi.
Bu odamni tabiat yarlaqagan — uning
zaxa yemagan shaftoliday,
tish tegmagan jonoqi olmaday,
qo’l tegmagan hurkak siynaday,
onasi, yo’q, ro’zg’or o’pmagan bokira qizday toza, ozoda, hali unniqmagan, hali dunyo ko’rmagan,
dunyodagi vijdonlar ichida eng chiroylisi bo’lmish vijdoni bor!

Bu vijdonni u har qanday ko’zdan asraydi; hech kimga bermaydi, ko’rsatmaydi.
Bu vijdonni u shamollar tegmaydigan, suvlar o’tmaydigan, olovlar yalamaydigan, nigohlar tushmaydigan qilib o’rab-chirmab, ko’nglining tubiga bekitib qo’ygan va badanini vijdonining ustida pilla qilib o’rab olgan.

Qachon pilla ichidagi g’umbak kapalakka aylanib, pillani teshib chiqadi va qanaqa tuxum qo’yadi —buni bilolmaymiz.

Bu odam esa savolga javob qilmaydi: u iljayganicha ko’nglingizning ochiq eshigidan o’tib, to’xtamay, nariyog’idan chiqib ketaveradi.

2. SIYRATI

Bu odam yana ustidan qulflab o’tiradi.

Siz bilan bizga — ustidan qulflamaydigai odamlarga uyda o’tirganimizda qulfning keragi yo’q: odam bor uyga do’st kelishi, qo’shni kirishi mumkin; dushman esa uyimizga kelmaydi, u katta yo’lda oyog’imizdan chaladi.O’z uyida ustidan qulflab o’tiradigan bu odam esa do’stdan yo, deylik, o’g’ridan qo’rqmaydi, egali uydan o’g’ri qo’rqadi — u ham o’zini to’g’rilarga ko’rsatmaslik payida bo’ladi; bu odam dunyodan hadik oladi: u tashqaridagi olam kirib keladigan eshikka qulf urib, tag’in dunyo uyimga kirib-netib qolmasin, deb hushyor o’tiradi.

Mayli, deylik — uy o’ziniki bo’lganidan keyin, bilganini qilmaydimi?
Lekin bu odam ko’chaga chiqqanda ham oftobga, havoga, qushlar sayrog’iga, ko’chaning o’ziga, ko’chadagi odamlarga, odamlarning bergan salomiga ham hadik bilan, tag’in
ko’nglimga kirib ketmasin deb juda hushyor qaraydi.

Bunisiga ham mayli, deylik — ko’chadagi odamni sen nega bunaqa… o’zingdan-o’zing xavfsirab yuribsan, deb qisti-bastiga ololmaymiz.

Lekin bu odam o’zining ko’nglidan ham shubha qiladi — yopiray, biron so’z, biron fikr, biron beboshvoq hayajon chiqib ketmasin, deb ko’nglini ham qulflab yuradi: og’ziga mahkam, odamlar bilan gaplashmaslik chorasini qilolmasa, noiloj, og’zini ochmay so’ylaydi.

3. TURMUSH TARZI

Bu odam faqat uyinigina vatan deb biladi: to’rt devor bilan o’ralgan uyini o’z mamlakatim deb hisoblaydi.
Bu odam o’zi shu mamlakatining siyosatini yuritadi — baayni qadimgi poshsholardek.

Mamlakatining tashqi siyosati borasida ham bu odam hushyorlikni qo’ldan bermaydi, mamlakatiga chegaradosh “mamlakatlar” bilan (bu odam qo’shnilarining uyini ham xuddi o’zinikiga o’xshagan xorijiy mamlakatlar deb hisoblaydi) bordi-keldi muomalalarida qat’iy bir tartibga amal qiladi: ularning ichki ishlariga aralashsa ham, o’zining ichki siyosatiga aralashishlariga izn bermaydi; bu odam o’sha mamlakatlarning elchilari bilan (nosog’lom tasavvurni qarang!) o’z mamlakatining yagona va mutlaq hokimi sifatida juda ustalik bilam munosabatda bo’ladi: davlat sirlarim chiqib ketmasin, deb og’zini ochmay gaplashadi.

Mamlakat fuqarosiz bo’lmaydi albatta: bu odamning mamlakatida ham fuqarolar bor: xotini, bolalari… Xotin ham, bolalar ham bu odam yuritgan siyosatni ma’qullaydi. Shunga qarab, bu mamlakatdagilar yakdil, yaktan yashar ekanlar, degan xulosaga ham kelishimiz mumkin edi, lekin sal chatog’i bor.

Bizning tushunchamizdagi mamlakatda fuqarolar o’z davlatining hamma ishlaridan doimo boxabar, to’g’rirog’i, ichki va tashqi siyosatni ularning o’zlari belgilaydi. Lekin bu odamning mamlakatidagi siyosatdan uning fuqarolari voqif emas. Mutlaq hokim ularni siyosatga aralashtirmaydi: xotin — xotin, bola — bola! Shuning uchun ham bu mamlakatda har xil saylovlaru namoyishlar, bo’yin tovlashu g’alayonlar yo’q. O’zingiz o’ylang, axir, kimga qarshi g’alayon ko’tariladiyu mutlaq hokim ag’darilsa, o’rniga uning o’zidan boshqa yana kimni qo’yish mumkin? Sal chatog’i bor, deyishimizning boisi ham shunda — demokratiya degan suv bilan havodek zarur aqida bu mamlakatning ichki siyosatiga halal beradi.

Ana shuni o’ylagan to’rt devor hokimi qo’l ostidagilar bilan hushyorlikni unutmay munosabatda bo’ladi: ya’ni xotin zotiga sir bermaslikni, bolali uyda sir yotmasligini biron daqiqaga ham esdan chiqarmaydi.Bu odam uyidagilar bilan ham og’zini ochmay so’ylashadi!

Endi bu mamlakatning iqtisodi, madaniyati, muhiti, tuzum-tutumi qanaqa ekan, mutlaq hokim davlatni idora qilishdek sermashaqqat ishni qanday uddalar ekan, deb qiziqsinishimiz turgan gap.

Biz bu odamning toza yurishiga, ozoda kiyinishiga, chiroyli so’ylashiga, o’zini yo’qotib qo’ymasligiga, muzayyan va ravon mushohada yuritishiga, suvda cho’kmay, o’tda kuymay yurishiga, musichalarning ham, ilonlarning ham ko’nglini birdek topishiga, do’stga ham, dushmanga ham birdek qarashiga ko’zni katta ochib qaraylik—ishlari yaxshi bo’lmasa, botayotgav oftobga qarab shunday esnarmidi?!
Qaramang unga — esnoq yuqumli bo’ladi, axir!

ХДК

(Tashriflar: umumiy 147, bugungi 1)

Izoh qoldiring