Китоб сеҳри ҳақида кўплаб гапириш мумкин: лекин энг муҳими шуки, китоб сеҳри тушган қалб сеҳрли қалб – у мўъжизалар яратишга, ҳеч бўлмаганда мўъжизалар яратилишага ҳисса қўшишга қодир қалбдир.
Назар Эшонқул
КИТОБ СЕҲРИ
Китоб инсониятнинг энг улуғ обидасидир. Китоб бўлмаса, на бугунги тараққиёт, на тафаккур, на одамнинг ўзи бўлур эди. Китоб инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот. Ҳар қандай жамиятни, ҳар қандай тузумни китобга бўлган муносабатидан билиб олиш мумкин. Китоби, китоб яратувчиси хор жамият ўзини гуманист қилиб кўрсатмасин, барибир бир куни таназзулга юз тутади. Буни биз инсоният тарихида кўплаб кўрдик. Инсонни ҳеч қайси фан китобчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат тури китобчалик чуқур ва кенг тасвирлай олмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига китобчалик эрк беролмайди. Китоб ўқирканмиз, жодуланган, бироқ ғоятда гўзал, ниҳоятда қалбимиз ва ҳисларимизга мос ва уни буюклик қадар юксалтирувчи хонада ўтиргандай бўламиз. Бу хона бизнинг ички дунёмиздир.
Покланиш эса қадим туркийлар назарида қайта туғилиш деб тасаввур қилинган. Китоб, аввало, бизни ичкаримизга боқишга, ўз қалбингиз, хаёлингиз, эркингиз эгаси бўлишга ўргатади: Ичкарингизда ҳали ўзингизники бўлмаган жуда кўп нарса бор. Китоб ўқилган сайин ичкарингиз кўз олдингиздан коинотдан ҳам кенгроқ ва бепоёнроқ эканига амин бўласиз. Сиз, аввало, ичкарингиздаги жаҳолатни ўлдирмай туриб ташқи жаҳолатни ўлдира олмайсиз.
Китоб ўқиганингиз сайин ичкарингиз сабоқхонага айланиб боради ва у ерда устоз ҳам, шогирд ҳам ўзингиз бўласиз. Бу ердаки сиз ўзингизга таълим беролмас экансиз, бошқаларга ҳеч нарса беролмайсиз. Мана шу сабоқхонадан сизнинг «мен»ингиз бош кўтара бошлайди, аввал кўнглингизнинг бир четини, сўнг ўзини буткул эгаллайди ва сиз китоб билан «ўзлик» деган қудратли ҳамда енгилмас руҳият ҳимоясига ўтасиз. Ўзингизга раво кўрмаганни бошқаларга ҳам раво кўрмайсиз. Китобдан бир марта лаззат олиб кўрган одамнинг ёвузлик қила билишига мен ишонмайман. Маданиятсиз, китобсиз кишигина ёвузлик ва зулм қила олади. Ёвузлик китобгача бўлган манзилдир. Китобдан сўнг руҳият, руҳ сари ва руҳ билан бирга сафар бошланади.
Фақат китобгина тасаввур ва хаёл чегараларини бузиб ўтўтишига қодир. Биз китоб орқали ўтмишга, келажакка сайр қила оламиз, китоб орқали вақт, макон чегарасини бузиб ташлай биламиз: китоб бор жойда бизнинг тасаввуримиздаги вақт ва макон ўз моҳиятини йўқотади.
Биз китоб саҳифалари орқали инсониятнинг миф яратиб юрган замонларигача борамиз. Момо Ҳаво ва Отани Иблис йўлдан оздирган суҳбатга гувоҳ бўламиз, китоб орқали тасаввуримиз Яман ортини, Африка саҳроларини, Антарктида музликларини ёрита олади: биз китоб орқали чакалакзорлар ва қуллик руҳи ўтириб қолган далалар оралаб инсониятни халос қилиш йўлини излаб юрамиз, китоб орқали инсоният яна минг йиллардан сўнг етиб боражак манзилларгача етиб борамиз, китоб билан бирга руҳингиз, фикрингиз парвоз этади. Мана шу парвоз инсониятнинг айнан ўзидир. Мана шу озодлик ҳисси бор экан, инсон ҳеч қачон қул бўлмайди, унинг қўли кишанда бўлса ҳам озодлик деб ҳайқириб тураверади.
Аммо китоб лаззатида бошқа бир жиҳат бор. Озодлик берадиган ва умуман ҳеч нарса бермайдиган китоблар бор. Китоб ўқиш ҳам санъат. Яхши ва ёмон китоб, рост ва ёлғон китоб мавжуд. Бу санъатнинг энг биринчи шарти ҳам қайси китобни ўқий олишни билишдир. Китоб эзгуликка қанчалик хизмат қилса, ёвузликка ҳам шунчалик хизмат қилади. Зулм ва ёвузликнинг бошида турганлар, зулм ва ёвузлик эвазига давлат тебратганлар китобнинг қудратини яхши билишади.
Шу сабабли улар инсонни маънан ўлдиришга, ички «мен»ни йўқ қилишга ғоялар, йўлбошчилар, раҳномаларга қул, муте, маҳрам бўлишга қаратилган китобларни тўлдириб ташлашади: инсонни маънан ўлдиришга қаратилган асарлар юксак баҳоланади, қулликка ўргатувчиларга шон-шуҳрат пойандози ёзилади, барча зулмкорлар ички дунёни бойитувчи фикр ва руҳга озодлик берувчи китоблардан қўрқадилар. Худди ғишт каби бир хил қолипдан чиққан китоблар билан ҳаммаёқ тўлдириб ташланади, мана шулар буюк китоб дея ўргатадилар. Бир хил, қолипга солинган китоблар қолипга солинган тафаккурни юзага келтиради.
Ҳ.Кортосорнинг шундай ҳикояси бор. Китоб ўқиб ўтирган одамни китоб ичидан чиқиб келган қотил бўғизлаб ташлайди. Гарчи ҳикояда бошқа фикр ифодаланган бўлса-да, ёвузликка ва инсонни маънан қашшоқлантиришга хизмат қилувчи китобларни тахминан шундай тасвирлаш мумкин. Маънавий қашшоқликда бўшаб қолган ичкари қўрқув билан тўлдирилади, бу қўрқув ила яшаётган одамнинг маънан ўлими жисмоний ўлимдан деярли фарқланмайди. Шу сабабли ҳам бугунги китобнинг бош мақсади инсонни ичидаги қўрқувни енгишга ўргатишдан, унинг таназзул ҳиди тутган қалбини сақлаб қолишдан, юзига инсонпарварлик ва инсонни олий фароғатга етказиш ниқобини кийиб олган, аслида, ўз тартиблари, қонун-қоидалари, мафкурасига қул ва муте қилиш, қалбни занжирлаб олишдек энг хуфёна ва энг тубан вазифани бажараётган ташқарининг асоратидан халос этишдан, уни ўз ичкариси, ўз дунёси сари юз бурдиришдан, унинг иқтисодий беқарорликлар, иқтисодий омадсизликлар толиқтириб қўйган умидини қайтаришдан, қаршисидаги номаълумлик ва зулматни янгисига ўргатишдан ва уни ўз аслига қайтаришдан иборат бўлмоғи шарт.
Бу, албатта, шунчаки жўн воқеапарастлик ифодасимас, бунинг тагида инсоний изтироблар, довдирашлар, уқубат ва мусибат, инсонга шафқат ва муҳаббат туйғулари ётади. Инсоннинг қалби ҳақидаги ҳар қандай китоб ўқилишга муҳтож, шубҳасиз, у инсон ҳақидаги билимдир. Мазкур билимдан бебаҳра яшаш ИНСОН ўз исмини билмай яшаши билан баробар; бу билимдан бебаҳра яшаш ёвузлик билан ёнма-ён яшашдир. Ёнида ёвузлик яшаётган инсон эса бир куни унинг қурбони ёки ижрочиси бўлиши тайин. Яхши китоб инсонга ва унинг қалбига шифо беради, шундай экан, китоб инсон қалбининг малҳамидир.
Лениннинг шиори ҳам «Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш» эди. Бироқ қайси китобни деганда қатъий чегара қўйилганди. Комманифестни ўқиш керак эди. Зулм ва ёвузликнинг бошида турганлар, зулм ва ёвузлик эвазига давлат тебратганлар китобнинг қудратини яхши билишади. Шу сабали улар инсонни маънан ўлдиришга, ички «мен»ини йўқ қилишга қаратилган китобларни тўлдириб ташлашади; инсонни маънан ўлдиришга қаратилган асарлар юксак баҳоланади, қулликка ўргатувчиларга шон-шуҳрат поёндози ёзилади: барча зулм этувчилар ички дунёни бойитувчи фикр ва руҳга озодлик берувчи китоблардан қўрқадилар. Худди ғишт каби бир хил қолипдан чиққан китоблар билан ҳамма ёқ тўлдириб ташланади, мана шулар буюк китоб дея ўргатадилар. Бир хил, қолипга солинган китоблар қолипга солинган тафаккурни юзага келтиради: бутун халқ хоҳ зиёлиси, ҳох чўпон бўлсин, бир хил фикрлай бошлайди, бир хил муносабат билдиради.
Стреотип тафаккур ва стреотип тафаккурга олиб келадиган китоблар фикр ва руҳнинг кушандаси; фикр ва руҳ ўлган жойда эса на тараққиёт, на юксалиш бўлади. Ёзилган китобига қараб, миллатнинг қудратини ҳис этамиз, миллат ҳақидаги, мамлакат ҳақидаги тушунчалардан олдин биз китобларига қараб, миллат ёки мамлакатнинг даражасини ҳис этамиз. Америка Қўшма штатлари менга ўзининг ядро қуроли билан эмас, У.Уэгмен, Э.По, Фодхкнер, Фиштжералд, Т.Вулф, Т.Элиот, Хеменгуэйи билан қудратли бўлиб туюлади. Гарчи мақтангулик ёки пўписа қилгулик қурол-яроғи Америкадай бўлмаса-да, Орасио Кирого, Борхес, Биой Касарес, Р.Арлт, Ҳ.Кортасор каби китоб берувчилари билан ва яратган китоблари билан Аргентина ҳеч қайси қудратли давлатдан қолишмайди ва менимча, қудрат кучда эмас, балки жаҳон аҳлига берган китобига қараб, халқлар кучли ва кучсиз, қудратли ва ожиз бўлиши мумкин. Дунёга китоб берган халқни енгиб бўлмайди. Бундай халқ енгиш ва енгилиш, мағлубият ёки зафар тушунчаларидан устун. Ўзида бутун дунё китобларини жамул-жам этган миллат ҳам ўлмас миллатдир.
Биз яшар эканмиз, инсоният тарихида инсон ҳақида ёзилган ақалли битта китобдан ҳам бехабар қолар эканмиз, инсон ҳақидаги ўзимиз, ўзлигимиз ҳақидаги билимимиз тўлиқ бўлмайди.
Китоб ҳақида гап кетганда, Хитойнинг Биринчи Императори Шихуандини эсламай илож йўқ. У енгилтак онасига бўлган нафратини китоблардан олди: у ўзигача бўлган уч минг йиллик Хитой тарихида йиғилган барча китобларни, яъни енгилтак онасининг ўтмишига қўшиб бутун бошли халқ ўтмишини ёқиб юборишни буюрди. Бу уч минг йилик тарих ичида Сариқ Император тарихи, Лоақал ва Конфуций трактатлари ва бошқа фалсафий мактабларнинг қолдирган китоблари бор эди. Шихоунди ўзининг шармандали ўтмишини йўқотиб, Хитой тарихида Биринчи император, Биринчи китоб ёзувчи, Биринчи товушларга ҳарф берувчи, халқ тарихидаги Биринчи Одам бўлмоқчи эди.
Шу мақсадда Хитой ҳудудларини ўтмишдан дарак берувчи хабар кириб келишидан қутқариш учун Улуғ Хитой деворини қурди (тарихчилар Хитой девори ёвлардан ҳимоя қилиш учун қурилган деган даъвони рукач қиладилар, аслида ёвдан ҳимоя қилиш учун деган важ Шихуанди учун бир баҳона эди; СССР ҳам «ёв»лардан ҳимоя қилиш учун ўз ҳудудини тиканли сим билан ўраб олганди. Аслида эса ҳур фикр – ўз ёлғонини фош қилувчи фикр кириб келишидан қўрқиб, бутун мамлакатни тиканли сим билан ўраб олганди.)
Шихуанда Хитой деворини қурди-ю, бироқ китоблари йўлини тўсолмади. Лаоцзи ҳам, Канфуций ҳам яшаб қолди – уларни инсон қалби ва ақл идрокини ёқиб йўқ қилиб бўлмади. Китоб Императордан кучлироқ эди. Китоб инсон билан бирга бўлганда, у ёвузликни енгишга қодирдир. Ўқиш бахти ёки ўқувчи бўлиш ҳам шу китобни ёзиш каби маъсулиятлидир. Китоб ўқиётган ўқувчи ўқиётган китоби билан бирга яшайдиган ва шу китоб орқали теварак-атрофига, ўзига баҳо беради, фикр қилади, қиёслайди ва энг муҳими, ҳар бир нарсага ўз фикри, ўз хулосаси билан ёндашади. Ўқувчилик бу фақат китобдан лаззат олишнинг ўзигина эмас, ўқувчилик китоб ва китоблар туфайли воқеликка ўз муносабатини шакллантириш ва яратиш ҳамдир. Китоб ҳаётга, теварак-атрофга, ўзига ўқувчи муносабатини шакллантирар экан, у айни ўша дақиқада маориф ўнлаб йиллар қилолмаган ишни атига бир неча ўн кунда ярата олиш қудратига эга бўлади. Шу сабабли дунёнинг етук китобларидан бебаҳра маориф танасиз либосга ўхшайди.
Машҳур аргентиналик ёзувчи Борхес ўзидан ёзувчи сифатида эмас, кўпроқ ўқувчи сифатида ўрнак олишга чақирарди. У сўнгги йигирма йиллик кўзи ожизлик пайти ҳам «ўқишни» ташламади, онаси ёки котибаси унга тинимсиз китоб ўқиб бериб турди. Унинг назарида бир кун китоб ўқимаслик инсон умрининг ярмини беҳуда ва мазмунсиз ўтказиш билан тенг эди. Китоб ўқиш фақат муносабатни шакллантириш эмас, айни пайтда нодонлик ва жаҳолатга юзсизлик ва эътиқодсизликка, зулм ва зўрликка қарши исёндир ҳам, китоб ўқиш инсонни оломончилик занжиридан халос қилади, ўзини-ўзига юзлаштиради. Жаҳолат авж олгани сайин, унинг қалбини китоб маърифати чўлғаб олаверади. Китоб маърифати ҳозир одам қўли билан яралган воситалар ичида инсон қалбини қутқариб қолишнинг бирдан бир воситасидир.
Китоб сеҳри ҳақида кўплаб гапириш мумкин: лекин энг муҳими шуки, китоб сеҳри тушган қалб сеҳрли қалб – у мўъжизалар яратишга, ҳеч бўлмаганда мўъжизалар яратилишага ҳисса қўшишга қодир қалбдир.
Муаллиф ҳақида
Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — “Уруш одамлари” (1988). Шундан сўнг ёзувчининг “Момо қўшиқ”(1989), “Маймун етаклаган одам” (2001), “Шамолни тутиб бўлмайди” (2004), “Хароба шаҳар сурати” каби асарлари нашр этилган. Ф. К. Аниттининг “Ҳикоялар ва қиссалар”ини, А. Камюнинг “Эсселар”ини, Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган.