Nazar Eshonqul. Sibizg’a volasi. Mif-hikoya & Gulnoz Sattorova. Cho’pchakdan ne muddao?

Ashampoo_Snap_2017.08.08_15h54m59s_003_.png   Шундан кейин билдик, сартарош ҳали ҳануз дунё кезиб юрар, қаерда қудуқ топса, унга ичидаги сирни айтар, уни таъқиб қилиб юрган Искандарнинг жосуслари эса бу қудуқларни кўмиб ташлар, фақат уларнинг назарларидан четда қолган қудуқлардан ўсиб чиққан қамишлар сибизғиларга айланиб, мангу дарбадарлиг-у қувғинга маҳкум этилган сартарош ва Искандарнинг шохи ҳақида ҳикоя қиларди.

Гулноз САТТОРОВА
ЧЎПЧАКДАН НЕ МУДДАО?
Назар Эшонқулнинг “Сибизға воласи” ҳикоясини ўқиб
067

0 44_q.jpgЙигирма биринчи асрда умуминсоний муносабатлар ўзига хос шаклу шамойилда намоён бўла бошлади. Бироқ минг йиллардан буён тилдан тилга кўчиб келаётган ривоятлар, чўпчагу афсоналар борки, уларнинг маъно-моҳияти ҳали тўлалигича англаб етилмаганга ўхшайди. Шунинг учун бўлса керак, бундай мифларга қайта ва қайта мурожаат қиламиз. Бу асотирлар зоҳиран жўн, ботинан эса дунёнинг ўзи каби турфа товланади. Ровий бир маънони сўзласа, тингловчи бошқа маънони англаши мумкин. Дарвоқе, воқеликни, инсон феъл-атворида бўлаётган ўзгаришларни, унинг фаолиятини бадиий шаклда қайта яратиш, ундан ижтимоий-фалсафий маънолар чиқаришга уриниш ёзувчиликнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Айниқса, мавжуд миф ва афсоналарни бадиий тафаккур тарзида асарга олиб кириш, турли ифода йўсинлари орқали давр руҳини, қаҳрамонларнинг қалб кечинмаларини ифодалаш, улар орқали китобхонни фалсафий мушоҳадага ундаш Назар Эшонқул услубининг етакчи принципларидандир. Шу сабаб бўлса керак, унинг “Шамолни тутиб бўлмайди”, “Тобут”, “Хароба шаҳар сурати” каби ҳикояларида қадимий афсона ва ривоятлар нафасини ҳис этамиз.

Бизга маълум Искандар Зулқарнайн билан боғлиқ юзлаб афсоналар ичида унинг шохи борлиги ҳақидагиси машҳур. Ана шу қадим афсона ёзувчи Назар Эшонқул томонидан “Сибизға воласи” ҳикоясида яна бир бор қаламга олинган. Биламиз, адиб ҳикояларида кўпинча шаклий ўзига хослик устуворлик қилади. Воқеаларни рамзлар орқали бериш, ўтмишга мурожаат, мавҳумотнинг сири томон китобхонни етаклаш унинг ижодига хос. Бу ҳикояда ҳам адиб услубидаги шу жиҳатлар бир қадар кўзга ташлангандек туюлади. Аввалига ўқувчи ёзувчининг қадимий афсонага ёндашувидаги янгича талқинидан умидвор бўлади ва бу табиий. Ҳикоя бош қаҳрамони ҳам, ҳикоячи ҳам сартарош. У эринмасдан воқеагача бўлган тафсилотларни баён қилади. Асарда шаҳар қисматига сартарошсиз қолиш фожеаси битилган, аслида инсонни ҳайвондан айирувчи асосий жиҳат ҳам соч-соқолини олиб, ўзига оро бериб юришидадир, у эса мамлакатдаги охирги сартарош. Ёзувчи ёвуз ҳукмдор асраётган сир фуқароларни орқага, жаҳолатга қайтаришга сабаб бўла бошлади, демоқчидек туюлади. Ҳикоячи-ровий ҳикояни совуққонлик билан баён этади. Унинг Искандарнинг соч-соқолини олган сартарошларнинг номаълум ва ваҳимали қисматига бефарқ эмаслигининг ўзиёқ қандай қилиб бўлмасин ўз қисматида бурилиш ясаши, ўзини кутаётган фалокатга қарши чора топиши муқаррар эканини англатади.”… бадиий асар қаҳрамонларнинг таъсир кучи – уларнинг ижобий ёки салбий бўлишида эмас, балки бу қаҳрамонларнинг ҳаётийлигида, яъни ҳаёт ҳақиқатига мослигидадир”-деб ёзганди атоқли адабиётшунос Иззат Султон. Мазкур ҳикояда ҳам ёзувчи ўқувчини афсонада акс этган ҳақиқатни англашга уринишини, интилишини истайди ва асосий воқеа сартарош ва Искандар учрашганида рўй беришидан умидвор бўлади, бироқ минг йиллик ривоят яна аввалги ҳолида шууримизда қайта уйғонади. Хўш, ёзувчининг мақсади нима? Назаримизда, ёзувчи инсон феълидаги азалий қусур – бировнинг сирини сақлай олмасликка диққатимизни тортаётгандай, неки бир кишига ошкор бўлса, сўнг ҳеч ким учун махфий бўлиб қолмагай, демоқчидек туюлади. Чунки ҳикоянинг асосий мақсади ҳам Искандарнинг сирини ҳатто қамиш ҳам кўтара олмаганлиги бўлса, яна бир жиҳати уни эзгулик тимсоли деб билган одамлар аслини билмасликлари, яъни у ёвузлик тимсоли эканини англатиш истаги сартарош шуурини қамраб олганлигидир. Бу билан у инсониятни фалокатдан сақлаб қолишга уринади гўё. Зотан бутун бошли мамлакат фуқаролари Искандарни Ахурамазда (Яхшилик худоси)нинг боласи деб билади. Сартарошни эса одамларга ҳақиқатни айтиш истаги азоблайди. Унда исёнкор руҳ уйғонади.”… бутун мамлакатни ёндирадиган аланга ловуллаб, мени тафтида қовуриб-қовжиратиб тургандай туюларди. Ичимдаги оловни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмасди. Ўчириш учун фақат ичимдагини айтишим керак эди”. Қаҳрамоннинг ички изтироблари беихтиёр яқин ўтмиш воқеаларини ёдимизга солади. Бир вақтлар бутун бошли СССР деган манфур давлатнинг фуқаролари Сталин отлиғ қаттолни илоҳ деб билмадиларми?! Сохта ғоялари учун жон тикмадиларми?! Кўр қудуқлар ютмадими қанча дарду азобларни? Қамишлар ноласига айланмадими улар? Бироқ инсон учун ўзининг жонидан кўра яқинлари: оила аъзолари, фарзандларининг жони азиз, уларнинг ҳаёти қадрли. Сартарош ўзи билган ҳақиқат йўлида уларни қурбон қила олмайди, гарчанд бу ҳақиқат одамларни жаҳолат чангалидан қутқаришга хизмат қилса ҳам. Тилсиз гунг қудуқларга дардини айтишдан бошқа чора топа олмайди. “Қамишлар шовурига қулоқ тут” деган ёзувчининг ишораси инсониятнинг адашишларига ишора. Аммо масаланинг яна бир жиҳатига диққатимизни қаратамиз. Ҳар ҳолда Назар Эшонқулдай анчайин катта ёзувчи мазкур ҳикояни ёзгани учун шундай фикрламаяпмизмикан… Қадимги миф ва афсоналарни бадиий ифодалаш усули замонавий ҳикоячилигимизда (Ш. Холмирзаев “Қадимда бўлган экан”, Х. Дўстмуҳаммад “Жажман”) кузатилган ҳодиса. Бу ҳикояларда ҳам адибларнинг фалсафий қарашлари рамзлар орқали ифода этилади. Улар билан қиёслаганда ёзувчи Назар Эшонқулнинг мақсади амалга ошмай қолгандай, назаримизда. “Сибизға воласи”да адиб ўз ғоялари, инсон ва жамият ҳақидаги қарашларининг бадиий ифодасини қадимдан барчага маълум ва машҳур бўлган ривоятга юклашга уринган, халос. Ёзувчи инсон ва ижтимоий муҳит муаммоларини маълум рамзлар зиммасига юклайди. Аслида бу ҳикояни бошловчи ёзувчи ёзганида: нега керак ҳаммага маълум бир ривоятни қайта ёзиш, фақатгина сартарошнинг руҳий ҳолатини очиш учунми, шундоғам бу ривоят ҳар бир эшитгувчининг тасаввур қуввати ва тафаккур даражасига билан талқин этилган, мутафаккир аждодларимиз қамишлар ошкор этган сирнинг бу қадар боқийлиги ундаги инсоният табиатини англатиш мақсадининг ўзидагина эмас, балки ижтимоий юк залворида эканлигини теран ҳис этганларига ишончимиз комил, деб энсамиз қотган бўлармиди…

Шуни таъкидлашни истардикки, миф ва афсоналарни ҳикоя даражасига кўтариш зарурияти ёзувчи топган талқиннинг қанчалар топилма эканлиги, яъни янгилигига боғлиқ бўлмоғи лозим. Жанр талаби деган тушунчани ҳам унутмаслик лозим. Ҳикояни ҳикоя даражасига кўтариб турадиган жиҳат энг аввал воқеада очиладиган образнинг маънавий-психологик ҳолатидир. Уни қанчалар очиб бера олиш эса бадиий тафаккур қудратига боғлиқ. Бадиий ифода йўсини эса ҳикоянинг асосини, ёзувчи мақсадини очиб бериш имконини беради, холос. Назар Эшонқулнинг фикр беришдаги мураккабликлари, жумлаларнинг ҳаддан зиёд узунлиги, эҳтимол, бизни шундай хулосага олиб келгандир. Асаримиз тепасига истаган жанрни қўйишимиз билан у шу жанрга хос бўлиб қолмайди. Искандар ва сартарош афсонаси жуда қадимий, уни ҳикоя даражасига кўтариш катта маъсулият талаб қилади. Ҳикояни унинг замонавий талқини сифатида ифода этиш мушкулоти унинг оммавийлашиб кетганлида ҳамдир балки.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, “Сибизға воласи” тил, ифода, тасвир жиҳатдан ҳам хийла заиф. Ортиқча сўзамоллик, гаплардаги тўмтоқлик, ғализлик ўқувчи ғашига тегади. Бундай нохушлик ҳикоянинг илк сатрларидаёқ кўзга ташланади:

“Гўё ўз қилмишларини қуёшдан яширмоқчидай қалқонлари билан юзларини офтобдан тўсганча найзаларини қуёш нурида ялтиллатиб, шаҳарнинг тош кўчаларини худди ноғора чалишаётгандай бир маромда ҳарбийчасига тўқиллатганча эринчоқлик билан келаётган учта соқчи ва оқсоқ дарбон…”

Ушбу келтирилган мисолда, биринчидан, “офтобдан” деган сўз ортиқча, иккинчидан, юзини қуёшдан тўсиб келаётган одам яна қандай қилиб найзасини қуёшда ялтиллатиши мумкин?! Балки “Найзалари қуёшда ялтираб”, деб ифодалаш ўринлидир? Қолаверса, соқчиларнинг қадам товушларини “ноғора чалишаётгандай” деб таърифлаб бўлмайди. Ахир ноғора қўл билан чалинади, устига устак, қадам товушлари ҳеч қачон ноғора товушига ўхшамайди…

Хулоса қилиб айтганда, бугунги ўзбек ҳикоячилигидаги изланишлар ҳали том маънода ўзини оқлаяпти дея олмаймиз. Қаҳрамон ички дунёси, руҳий эврилишлари, образнинг маълум бир ҳолатдаги ҳаракатларининг асосланиши юксак бадиий талқинларни бериш даражасига кўтарила олмаяпти, бироқ уринишлар ёзувчиларимизнинг ўзига хос, айрича йўлларни қидираётганларидан дарак беради.

Манба: “Ёшлик”, 2012 йил, 9-сон

Назар ЭШОНҚУЛ
СИБИЗҒА ВОЛАСИ
Миф-ҳикоя
067

Қамишлар шовурига қулоқ тут!

5011.jpgГўё ўз қилмишларини қуёшдан яширмоқчидай қалқонлари билан юзларини офтобдан тўсганча найзаларини қуёш нурида ялтиллатиб, шаҳарнинг тош кўчаларини худди ноғора чалишаётгандай бир маромда ҳарбийчасига тўқиллатганча эринчоқлик билан келаётган учта соқчи ва оқсоқ дарбон аллазамонлардан бери сарой учун унут манзилга айланган бизнинг кўчамиз бошида кўринишлари биланоқ мен ва навбат кутиб турганлар, кўчада ўз юмушлари-ю ташвишлари билан банд одамлар, орзу ва хаёлларини тепкилаб ўйнаб юрган болалар, дарвозалари олдида ҳаётнинг ёрқин хулосалари ва сабоқлари битилган саҳифалардай бужмайган афт-ангорлари, мусибат-у ҳасратдан букилган таналарини офтобда тоблаб ўтирган чоллар, ҳаммамиз, тақдир изми бизнинг сартарошхонага ва менинг ҳаётимга қараб бурилганини тушунгандик. Энди менинг навбатим келганди. Бунга шубҳа йўқ эди. Бу шумоёқ дарбон соқчилари билан қайси кўчада пайдо бўлса, ўша кўчада сартарошхоналар ёпилар, кейин у билан кетган сартарошларни забонлари сеҳру жоду қилингандек гунг ва гаранг маҳкумлик кутиб турар, бу дарбон билан бирга кўчаларга фалакнинг аччиқ ва адолатсиз ҳукми ҳам кириб келишини шаҳардаги она сути оғзидан кетмаган гўдаклар ҳам билиб қолишганди. Ҳар доимгидек кўча бошида уларни даставвал болалар кўришганди ва улар қийқириб, кўчани ва бизни шум қисматдан огоҳлантирганча сартарошхона томон югуриб келишарди. Бу кўчада мендан бошқа сартарош қолмаганди. Навбат кутиб турган мижозлар бирин-кетин туриб, уй-уйларига тарқай бошлашди. Бундан кейин бу ерда навбат кутиб туришларидан ҳеч қандай маъно қолмаганини, ҳатто менинг кейинчалик тақдирим нима бўлишини ҳам улар яхши билишарди. Баъзилари келиб елкамга дўстона уриб қўйди, ҳамдардлик билдиришгандай бўлди. Уларнинг кўзларида “Пешона экан!” деган ифода бор эди. Баъзилари эса бошқа сартарош излаб шаҳар кўчаларига тарқаб кетишди. Уларнинг бугун сартарош топишлари амри маҳол. Илгарилари ҳар муюлишда кўзга чиққан чипқондек сартарошхоналар қад кериб турарди. Сартарошларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан пашша қўриб, бир-иккита мижози билан кун узоғи ҳасрату ғийбат қилиб кун ўтказишар, даромад камлигидан, сартарош зоти кўпайиб кетиб, туфласа касбдоши бошига тушишидан нолишгани нолишган эди. Мана энди эса шаҳарда сартарош зоти камайиб, анқоннинг руғига айланиб бораяпти. Анови келаётган оқсоқ дарбон ва навкарлар сартарошларни кун аро бирма-бир олиб кета бошлагач шаҳарда сартарош қаҳатчилиги пайдо бўлди. Олиб кетилган сартарошлар қайтиб бу ҳунарини қилолмасди. Искандар ҳузуридан қайтганларнинг телбага айланишар, худди жин чалгандек одамлар кўзига кўринишдан қўрқишар, овлоқларда пусиб, тўғри келган ерга ағнаб ётишар, уларга нима бўлганини на ўзлари, на яқинлари изоҳлай олишар, бир тушунарли сўз айтмай нуқул тушунарсиз оҳангда ғунғиллашар, ваҳоланки, тўрт мучаси соғ, ҳамиша қон сизиб юрадиган оғизларини айтмаса, ўзлари тишлайверганидан узиб олгудек даражага келган тиллари ҳам жойида, фақат улар нега бу хил дардга мубтало бўлишганининг сабабини шарҳлаб берадиган марднинг ўзи йўқ эди. Баъзилари ростданам ақлдан озганини намойиш этиб, бир тўда болаларга қўшилиб кўча чангитиб юрадиган бўлишди, баъзиларини жиннихонага жойлаштиришга тўғри келди. Искандар саройидан ҳали ҳеч ким соғ чиқмаган, сабабини ҳеч ким аниқ билмасди.

Аммо бизга миш-мишлар орқали етиб келган гапларга қараганда, Искандар шу даражада илоҳий зотки, унга бандасининг қўли тегса, ақлдан озиши турган гап, унинг Ахурамаздага хос салобати, юзидан, бошидан таралаётган нур ҳар қандай одамни гунгу гаран, забонсиз қилиб қўяди. Бу улуғворлик ва залворга дошберолмай мияси чаноқ ичида биқирлаб қайнаб-тошиб кетади. Соч ва соқол ўрнида нурлар таралиб туради, сартарошлар бу нурларни устараси тиғларига оламан деб, ҳушларидан айриладилар, дейишарди. У нури илоҳийдир, у нури зиёдир, у коинот ва олам мукаммаллигининг илкис намунасидир. Ақлдан озиш, бир умр гунгу-лол бўлиш, ҳайрат ва завол топиш, унинг шамсиқамар талъатига қиёслашнинг, Унга нафақат тиғ тегизиш, балки, қарашнинг ўзи етади бу дунёдан қўл силтаб, руҳ ва хулё дунёсига ўтиб кетишга. У шундай мукаррам, шундай илоҳий қудрат тимсоли.

Шу сабабли Искандарнинг сочини икки марта олган сартарошни ҳали ҳеч ким бу мамлакатда кўрмаган, бу Қуёш ўғлига иккинчи марта сартарошлик қилишга ҳеч кимнинг ақл-идроки дош беролмаган. Ҳар қандай ирода бу сиймо олдида мумдай эриб кетади, худди қуёш нурида эриб кетган қиш сумалагидай. Шунинг учун йилма-йил эмас, кунма-кун сартарош уруғи камайиб, ноёб ҳунарга айланиб қолди. Сартарошга бўлган талаб кундан кун ошиб, охири одамлар соч-соқол олишни ўзлари ҳам ўргана бошладилар. Илгари болаларини сартарошлик ҳунарига ўргатинг деб эшик олдида навбат кутиб туришарди. Энди ҳеч ким боласини бу ҳунарга ўргатгиси келмасди. Ахир фарзанди сартарош бўлиб етишса, бир куни бошқа сартарошларнинг куни бошига тушишини билишарди-да. Баъзи сартарошлар Искандарнинг рўйхатига тушмасдан шаҳардан ва мамлакатдан бош олиб кетишди. Мана, энди эса навбат менга келиб турибди. Менинг қисматим қандай бўлади? Буни чекка-чуккада, уйларининг деразаларидан менга ачиниб қараб турганлар ҳам, менинг ўзим ҳам яхши биламиз. Дарбон ўз соқчилари билан кўча бошида кўринганда сартарошхонада йигирмага яқин мижоз навбат кутиб турар, яна шунчаси навбат олиб, ўз ишлари билан кетганди. Мен кейинги ойларда кечаю кундуз тиним билмай ишлашимга тўғри келаётган, гарчи ҳориб — толиб қолсам ҳам касбимга ва мижозларимга бўлган ҳурматим сабаб уларнинг биронтасини соч-соқолини олмай қайтаролмасдим. Аслида ҳам шу. Мижозини норози қилиб жўнатишга сартарошнинг ҳаққи йўқ. Биз устара билан ишлаймиз. Бизнинг пирларимиз ва маъбудларимиз ана шунга ўргатган. Мана, ҳозир ҳам соқолининг ярми олинган мижозимнинг сартарошхона рўпарасига келиб тўхтаган дарбонни кўриб типирчалашига қарамай ишимни охирига етказишга қарор қилдим. Соқолни қайта-қайта қиртишлаб олдим, қўлларим билан бирон чала жойи қолиб кетмадимикин деб силаб-текшириб кўрдим. Кейин ҳўл латтада артиб, мушк суриб қўйдим. Мижоз қутулганга шукур қилиб, ирғиб туриб, ҳақимни ҳам бериш эсига келмай, оёғини қўлига олиб қочиб қолди. Унинг кўзида қўрқув ва хавотир аланга олган, энди ана шу аланга билан кўчамизни, маҳалламизни, бутун шаҳарни ёқмоқчидай шашти бор эди гўё. Бу пайтда дарбон ва навкарлар сартарошхонамнинг эшигидан бош суқишаётганди. Дарбон сатрошхонага кўз югуртириб, ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилгач, оқсоқланиб, ичкарига кирди ва буйруқ оҳангида деди:
-Ахурамазда инояти билан сенга Искандарнинг соч-соқолини олишдек шарафли вазифа юкланди. Ҳозироқ асбоб-анжомингни олиб йўлга туш.

Мен бундай паллада нафақат оилам билан хайр-хўшлашишга, балки энди кўчада биронта танишим билан бош ирғаб, имо-ишора қилишга ҳам ҳаққим йўқлигини билардим. Қисматимга Искандарга сартарошлик қилиш шон шарафи учун қурбон бўлиш маҳкумлиги ёзилганди.

Уч навкар ва дарбон ҳамроҳлигида саройга қараб кетарканмиз, шаҳар кўчаларининг ҳар икки томонида одамлар тўпланиб, бизни кузатиб туришар, уларнинг аксарияти ҳамдардлик билдириб, бош ирғаб қўяётганини, бошқа мени ҳеч қачон ҳозиргидек худди бир ишни қойиллатиб қўйишга кетаётгандай мағрур ва масрур ҳолда кўришмаслигини, бир-икки кундан сўнг телбаларга қўшилиб, кўчаларда болалар билан чопиб, минғирлаб юрганимга кўзи тушишларини, мен каби шаҳардаги барча сартарошларни шу йўлдан шу тахлит кузатиб, кейин уларнинг жунун ўйнаган қиёфаларинигина кўришга ўрганиб қолишганини муҳокама қилишаётганини сезиб турардим. Айримлар эса гарчи эртанги ёздиғим ўзларига беш қўлдай аён бўлса-да, менга надомат билан боқиб туришарди. Уларнинг қарашларини ҳам тушунгандек эдим. Улар Искандардек мукаррам зотнинг қаршисида туриш, балки унинг танасига тегиш, юзи ва танасидаги илоҳий қувватдан, майли, кейин ёқиб кул қилишса ҳам бир неча сония бўлса-да баҳра олишдек бахтга мушарраф бўлиш айнан менга насиб қилганидан ич-этларини ҳасад кемириб турар, шу сабабли атрофдаги хайрихоҳлик билан гувиллашаётган оломонга норозилик билдиришгандек, менга еб қўйгудек тикилишар, баъзида ошкора тарзда асбоб солинган чарм халтамнинг абгорлиги, уст-бошимнинг юпунлиги, бўйим калталиги, сартарош бўла туриб, сочларимга тартиб берилмагани, умуман, камчилиг-у нуқсонларим, кўрса тиланчи уяладиган кўринишда Искандардек мукаррам зотнинг олдига бориш илоҳларга қанчалар ҳурматсизлик экани ҳақида жим ёки ошкора ғайирлик билан муносабат билдиришарди.

Уларни тушунса бўлади: Унинг муътабар чеҳрасидан фароғат олиш, муборак мўйларини қўлларида ушлаш, абад ва азал акс этган кўзларига боқиш, фалакнинг марҳамати ва муруввати билан тўйинган нигоҳларидан баҳраманд бўлиш бахти шунча одамлар ичида фақат менга насиб қилган эди ва мен ҳам хаёлан ҳузурига борсам, унинг қиёфаси тафтидан кўзларим қамашиб қолади, у менга бани коинот қудурати акс этган кўзларини тикади, мен эса таъзим қилиб, ўзи билан юз кўришишдек бахтга каминани мушарраф этганидан миннатдор бўлиб, оёқ-қўларини ўпаман, токи ҳолдан тойгунча этакларини кўзимга суртиб, оёқ изларини ўпаман, унинг ана шу мунаввар чеҳрасини кўриш учун телба бўлсам, нима бўлибди, ахир бу коинот туҳфасига менга ўхшаганлар икки дунёсини ҳам ҳадя қилиб юборса бўлади деб ўйлардим ва ана шу хаёлимдан ҳамда Искандарни кўриш, унинг каромат тўла чеҳрасига боқиш бахтидан ҳалитдан масту мустағриқ бўлгандек, кўринган ҳар кимсага бахт ва сурур билан боқардим.

Саройга киришимиз билан улкан қушнинг қанотига ўхшаш қўш табақали дарвоза ёпилди. Қаршимда баҳайбат ибодатхонани эслатувчи сарой намоён бўлди. Ҳаммаси оддий ва жўн эди. Бу ерда ақлни оладиган ҳеч нарса йўқ эди. Фақат ортиқча ҳашам ва салобат мени лол қилиб қўйганди. Ҳар бир қадамда худди ер соти илоҳлари манзилидек совуқ руҳият ва сароб каби жимжима тўшалиб ётарди. Дарбон мени арши аълога олиб чиқаётгандек олтин зиналардан юқорига бошлаб борар, мен эса атрофимдаги нақшлару оппоқ нафис мармарлардан ҳайратда қолганча унинг изидан ёш боладек эргашиб кетаётгандим. Зина охирида, эшик олдида бизни салобатли , сочи қиртишлаб олинган, умрида қуёш кўрмагандек танси кўкимтир тусга кирган одам кутиб олди.

-Эй, муҳтарам эшик оғаси, сартарош келди!-деди дарбон унга эгилиб таъзим қиларкан.

Эшик оғаси бош ирғади, мени бошдан оёқ кузатиб чиқди. Мен ҳам уни кузатдим: бир умр яшаган ер остидан ҳозиргина чиқиб келиб, кўзлари қамашаётгандек қуёш тафтидан ўзини тортиб турарди. Аммо ҳар бир ҳаракатли аниқ, ҳисобли эди.Кейин У “Изимдан юр” дегандек нигоҳи билан ишора қилиб, ичкари бошлади. Биз яна гўё оддий пиллапоялар эмас, аршу аълога олиб чиқадигандек ҳаддан ошиқ зебу зийнат берилган зиналардан кўтарилдик, гўё осмониу фалакни суягандек маҳобот билан қад кериб турган улкан устунлар қалашиб ётган хоналардан, даҳлизлардан, бўлмалардан ўтдик. Назаримда умрим бино бўлиб бунчалик кўп юрмагандек эдим. Гўё дунёнинг бу чеккасидан нариги чеккасига бораётгандек, Искандарники бўлса керак, худди маъбудлар каби юзида “Мен бўлмасам, ҳолларинг нима кечарди?” деган ифода тўниб қолган, бошдан оёққача ёки шунчаки елкадан тепаси акс этган виқорли ҳайкаллар қалашиб ётган, деворларга кўзбойлағичникига ўхшаган турли ниқоблар, қамчилар илиб ташланган йўлак бўйлаб узоқ юрдик. Ниҳоят катта, ҳашамли, ўртада олтин тахт турган хонага кирдик. Тахт ёнидаги нақшинкор курсида ўрта бўй, калтабақай, юзларига илоҳий бўёқлар сурилган, бошига узун кулоҳ кийган киши ўтирарди. Кулоҳдан билдим, бу Искандар эди. Фақат угина Ахурамаздага хос шунақа кўк кулоҳ кийишга ҳақли эди. Дарбон мени бу ҳақда ҳам огоҳлантирганди. “Токи соқолини олгунингча, Искандарнинг бошидаги кулоҳ ечилмайди. Русуми шунақа. Соқол тўла олингач, коҳин келиб, бошдаги кулоҳни олади, Искандарнинг бошига муқаддас булоқ сувини сепади, бу пайтда сен бошингни эгганча миқ этмай ўтирасан” деганди. Бу ерда мен гувоҳ бўлаётганларим ташқарида кезиб юрган афсона-ю миш-мишларга ҳечам тўғри келмасди. Бу ер илоҳий зот яшайдиган меҳробдан кўра жиноятчилар устидан ҳукм ўқиладиган ва қатл этиладиган майдонни эслатарди. Искандарда ҳам ҳеч қандай маҳобат йўқ, худди еб ўтирган нони тортиб олинган қаландардек юзида аламзадалик қотиб қолган, на нур, на илоҳиёт тарларди. Бу мен бироз ажаблантирди. У қаёққадир шошилиб турганини билдирмоқчидек елкасига қизил духоба ташлаган ҳолда соч-соқол олдиришга тайёр бўлиб турарди. Ҳозиргина унинг елкасига духоба ташлаган коҳин мен киришим билан тожни ушлаганча нари кетди. Афтидан, бу ерда ҳар бир сония ўлчовли эди. Ҳатто менинг қадамларим ҳам ҳисобга олингандай, эшикдан кириб, остонага биринчи қадамни ташлашим билан тож бошдан олинган, ўрнига кулоҳ кийгизилган эди. Бунчалик батартиблик мени бироз эсанкиратиб қўйди. Бу ерда ҳар бир босилган қадам ҳисобли экан, унда бутун маҳоратимни ишга солиб, белгиланган муддатда ишимни якунлашим керак. Эшик оғаси менга “Бошла” дегандек яна нигоҳи билан ишора қилди. Мен ҳаммасини тушундим. Бу ерда изоҳ сўраш, суриштириш ортиқча, тилу забон ожиз. Дарҳол ишга киришдим.

Искандарни ташқарида хушсурат, алпқомат, икки елкасига иккита фаришта қўниб туради, сиймоси тонг офтоби каби шафақ таратади, деб таърифлашарди. Кўз олдимда анчайин хунук, юзи гезарган, кўзлари ўлжа кўрган бўриникидек совуқ, кишига ҳамиша шубҳа ва гумон билан боқадиган бадбуруш кимса турарди. Хизматкор, эшик оғаси, иккита хос соқчи ва коҳин менинг ҳар бир ҳаракатимни синчковлик билан кузатишарди. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Улар Искандарни ҳар қандай суиқасддан асрашлари керак. Аввал бир сидра кўпик билан соқолини олдим. Буни менга дарбон йўлда тушунтирганди. “Искандарнинг олдин соқолини олиб, кейин сочига ўтасан. Тартиб шундай”, деганди у. Мен соқолни қиртишларканман, чандиқларни тилиб юбормаслик учун бутун маҳоратимни ишга солардим. “Искандар Ахриманнинг кўплаб ёвуз кучлари билан олишиб, юзида ўша улуғвор жангларнинг излари қолган, жуда эҳтиёт бўлишинг керак, мабодо биронтасидан қон кетса, бошинг кетади”, деганди дарбон. Кўклам жилғалари тилимлаб ташлаган адирни ва селдан сўнг ёрилиб қолган қатқолоқни эслатадиган юзни мўйлардан тозалаб бўлгач, енгил тортдим. Энг оғир иш орқада қолганди. Энди буёғи осон. Сочни бир пасда қириб ташлаш мумкин. Соч олиш бўйича бу мамлакатда менинг олдимга тушадигани йўқ. Қолаверса, дарбон мени соч олишнинг мураккаблиги ҳақида огоҳлантирмаган. Демак, қийин иш ортда қолди. Мен олдинги сартарошлар нега ақлдан озар даражага етганликларига бироз ажабландим ҳам. Искандарнинг на ўзида, на юзида, на хатти ҳаракатида ақл оладиган ҳеч нарса йўқ. Оддий, ҳатто териси ўта жўн, қурумсиқ, худди калатакесакнинг терисини эслатадиган озгина бадбўй ҳид ҳам анқирди. Бунинг нимаси уларни ақлдан оздирди экан?! Искандар худди қадимги маъбудлардай хўмрайиб, жим ўтирибди. Демак, ишимдан норози эмас. Мен енгил тортдим. Соқол олиб бўлинганини билдириш учун эшик оғасига ўгирилдим, у коҳинга қаради. Коҳин Искандарга яқинлашди. Мен худди дарбон тушунтиргандек, ерга чўкканча, таъзим қилиб, бош эгиб турдим. Коҳин кийимларининг шитирлашигина қулоғимга чалинарди. Кейин юзига пуркалаётган сув товуши келди, изидан Искандар сувдан қултумлаб ичиб қўйди. Дарбон бу сувни муқаддас “мада*” суви деб айтганди эди.

Бу сувни ичган ва унда чўмилган абадий яшайди, абадий ҳукмронлик қилади. Искандарнинг қудрати шундаки, у бобомнинг бобоси даврида ҳам ҳозиргидай навқирон кўринишда бўлган, набирамнинг набираси даврида ҳам мен кўриб тургандай кўринишда қолади. У бу дунёга абадий ҳукмронлик қилиб, бизни адолат ва равнақ, ҳидоят ва тараққиёт сари етаклайди. Бизни залолат ботқоғидан халос қилиш учун юборилган фалакнинг инояти, саховати, ҳиммати ва шафқати у. Бу унут заминда жудолик уқубатига ғарқ қилинганлар учун илоҳий дийдор тажассуми. У бошимизда балқиб турган қуёшимиз, мангу меҳробимиз, Ахурамазданинг талъати, йўқ, йўқ, у орамиздаги Ахурамазданинг ўзи. Шафқат ва иноят учун, мурувват ва марҳамат учун, саҳро жизғанагида қолган қалбларимизга оби ҳаёт бериш, чанқоқ дилларни қондириш учун олдимизга тушган…

Салдан сўнг коҳинннинг қизил ридоси мендан узоқлашди. Шундан коҳин Искандарни соч олдиришга тайёрлаб бўлганини сездим. Эшик оғаси елкамга туртди. Мен энди сочни ола бошлашим мумкинлигини англадим ва халтамдан соч устарамни олиб, уни қайишга бир икки қайрадим. Искандарнинг олдига келиб, сочни пешона қисмдан бошлаб олмоқчи бўлиб, олд томонга ўтдим ва қай йўсин қиртишлаш қулайлигини билиш учун сочга разм солдим.. Ва шунда бутун баданимни қалтироқ босди. Кўрганларимга ишонмай, эшик оғасига қарадим. Эшик оғаси мендан кўз узмай қараб турар, унинг кўзида ҳеч қандай ажабланиш йўқ эди. Ваҳоланки, мен кўрганни у ҳам кўриб турарди. Кейин коҳинга қарадим. У ҳам худди ҳайкалдай, ҳеч нарса юз бермагандай қотиб турарди. Улар учун мен кўриб турганларим одатдаги манзара эди. Ҳа, кўзларим алдамаганди. Искандарнинг сочлари орасидан тўрт энли шох ўсиб турарди. Қўлларим қалтиради. Лабларим пирпиради. Қўлимдан устара тушиб кетди. Оқ мармарга жаранглаб тушди. Қўрқиб кетдим. Ҳозир Искандар ғазабга келади, бошимни танимдан жудо қилади деган хаёл ўтди миямдан. Аммо негадир бу ҳолатимга ҳеч ким эътибор бермади. Искандар тушиб кетган устарага қайрилиб ҳам қарамади, қолганлар ҳам пинагини бузишмади. Шундан билдимки, улар бунақа ҳолатга ўрганиб қолишган. Нима қилиб бўлса ҳам ўзимни босиб олишим керак эди. Чуқур нафас олдим. Кўзларимни юмиб, бир пас турдим. Бу менга дадиллик берди. Кейин пешонамда борини кўраман деб, сочни ола бошлади. Кўзим шохга тушганда қўлларимда қалтироқ турар, аммо дарҳол ўзимни чалғитиб, нима қилиб бўлса ҳам бу ердан соғ-омон чиқиб кетишни ўйлардим. Ниҳоят сочни олиб бўлдим. Шохнинг атрофини ҳам тозаладим. Искандар бошини кафти билан силаб кўрди, кейин жилмайди. Бу саройга келганимдан бери биринчи марта жилмайиши эди. Коҳиннинг ҳам юзига табассум югурди. Демак, ишим буларга ёққан. Коҳин келиб, Искандарга тож кийгиза бошлади. Тождан олдин шохни ёпиш учун қалпоқча кийдиришди. Кейин унга яна ўша сувни тутишди. Мен серрайиб қотиб турардим. Эшик оғаси келиб елкамга қўл қўйди. Шунда бу ерда ишим тугаганини, ҳаммаси яхши ўтганини англадим. Устарамни ва халтамни йиғиштирдим. Эшик оғаси билан яна ўша узун йўлаклар, айланма даҳлизлар ва сирли бўлмалар орқали орқага қайтдик. Зинага қайтиб чиққанимизда дарбон пастда соқчилари билан кутиб турарди. Эшик оғаси ҳақимни бераркан, менга ўта совуқ оҳангда шипшиди: “Сен бу ерда кўрганларингни унут. Бирон кишига гулласанг, ўзингнинг ва яқинларингнинг жони олинади, моли ғарот бўлади. Шуни билгилки, уйингнинг деворида ҳам, юрган йўлингда ҳам қулоқ бор. Оғзингдан чиққан товушни ҳам бизга етказишади. Тилингни тийсанг яшайсан. Аксинча бўлса, ўша заҳоти анови жаллод қаршингда пайдо бўлади.” У имо билан сарой четидаги супада ойболтасини кўтариб, худди “ Қани, навбат кимники?” дегандек олдидаги кундани айланиб юрган бадбашара, баҳайбат, одамдан кўра девга ўхшаб кетадиган барзангини кўрсатди. Жаллод ҳар дамда болтасини бир силтаб оларди, гўё бу билан хаёлидаги маҳкумнинг бошини танасидан жудо қилаётгандай бўлар ва унинг болтасидан атрофга ваҳимали “шув…шув” деган сас тараларди. Ҳаммасига тушундим. Менга бу ерда кўрганларим ҳақида гапириш таъқиқланаётган эди. Аввалига соғ-саломат чиққанимга хурсанд бўлиб, бажону дил бош ирғадим. Дарбон билан дарвоза томон йўл олдим. Энди буёғи озодлик эди. Бу ердан соғ-саломат чиққанимга шукурлар қилиб, қушдай учиб борардим. Мен озод эдим. Менга ҳам, забонимга ҳам, сезишимча, ақл-идрокимга ҳам ҳеч нарса қилмаганди. Демак, шунча сартарошлар ичида фақат мен бу саройдан ақл-ҳуши жойида бўлиб чиқиб кетаяпман деган хулосага келдим. Бу тақдирнинг сийлови, тангриларнинг инояти, Искандарнинг марҳамати эди. Ҳаёт янаям гўзал кўриниб кетди кўзимга. Саройдан уйимгача қушдай учиб бордим.

Аммо янглишган эканман. Икки кундан кейин кўрганларим кўз олдимдан кетмай қўйди. Қаёққа қарасам, бошдаги шох кўринарди. Устига устак аёлим, болаларим ва яқинларим менга саройда кўрганларимни айтиб беришни талаб қилиб, ҳоли жонимга қўймас, мен эса уларга нима дейишни билолмай лол эдим. Бу ҳақда гапирай десам болаларим ва яқинларимнинг бошига кўзим тушар, бирдан фикримдан қайтардим. Ҳар бурчакда жосус маъбудлар менинг оғзимни пойлаб тургандай бўларди. Бирдан тилимни тишлардим. Шу тахлит кунлар ўтди. Менга ҳеч нарса ёқмас, ичимга кириб олган Искандарнинг сири менга тинчлик бермас, аммо уни ошкор қилишдан ҳам қўрқардим. Айтсам тилим, айтмасам дилим куядиган ҳолатга тушгандим. “Эй, одамлар, Искандарнинг шохи бор!” дейишим билан ўзимнинг ва яқинларимнинг бошига нима кунлар тушишини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортиб кетарди. Тилни тийиб кўрганларинг, бошингдан кечирганларинг, гувоҳ бўлганларинг ҳақида лом-мим демай юриш бунчалик оғирлигини илгари билмаган эканман: ахир менга тилим, забоним бутун бўла туриб, кўрганимни кўрмадим, билганимни билмадим дейиш, худди гунгу кар одамлардек яшаш, бир умр тил тийиб юриш, бошқача айтганда, Искандар учун тилимни, борлиғимни қурбон қилишим керак эди. Аммо жим юриб ҳам бўлмасди. Жим юриш ақлдан оздирарди, телба қиларди. Худди ичимга жин кириб олгандай эди. Бу жин эртаю кеч хаёлимни Искандарнинг бошида турган шох билан банд қилар, у ҳақда кимгадир айтиш, бу сирни очиб, фош қилиш истагини уйғотар, кўринган ҳар бир одамга “Айт, айт” деётгандай туюлар, бу истак баъзида мени шунчалик қистовга олардики, бутун баданим қақшай бошлар, бошимга оғриқ кирар, пайларим тортишиб, худди тутқаноқ тутаётгандай қалтироқ ва азобдан букилиб қолар, ичимдагини айтиб, ҳаммасидан бира тўла қутилиш истаги пайдо бўлар, бироқ мени бу истакдан эшик оғаси болаларим ва яқинларимнинг жонини қилга осиб қўйган огоҳлантиришигина сақлаб қолар, чорасизликдан букилиб олиб, аъзои баданимни қақшатаётган оғриқни босаман деб ғужанак бўлиб олар, ичимда гўё бутун шаҳарни, бутун мамлакатни ёндирадиган аланга ловуллаб, мени тафтида қовуриб-қовжиратиб тургандай туюларди. Ичимдаги оловни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмасди. Ўчириш учун фақат ичимдагини айтишим керак. Лекин бу мамлакатда бировга бу ҳақда гапириш ўлим билан баравар эди. Биронтага энди гап бошлайман дейишим билан шундай ёнимда кундани айланиб юрган жаллод пайдо бўлар ва ойболтасини баланд кўтарарди. Уни кўриб тилларим танглайимга ёпишиб қолар, калима келмас, кийимларимни совуқ тер ҳўл қилиб юборарди. Бу қандайдир тавқи ланъатга ўхшарди: қачон ичимдагини айтаман десам, вужудимда худди бўрон каби қалтироқ бошланар, ўша заҳоти қаршимда жаллод пайдо бўлар, “Қани, бошингни кундага қўй” деётгандай кўзларини лўқ қилиб тикилар, жонҳолатда тилларимни тишлаб олар ва уни кўрмаслик учун кўзларимни юмар, токи ичимдаги қалтироқ пасайгунча шу ҳолатда қотиб тураверардим. Тушларимда ҳам ойболтанинг “шув…шув” этган товушини эшитиб ётар, гўё ойболта бошимиз устида сермалаётгандай ухлаб ётган болаларимнинг бошини танам билан тўсганча, ётиб олардим. Менинг туш ва ҳуш аралаш бу ҳолатим аёлим ва болаларимда қанчадан қанча норозиликлар, ажабланишлар уйғотмади дейсиз. Кейинчалик улар ҳам мени бошқалар каби ақлдан озган деб ўйлай бошлаганини кўзларидан, юзларидан билиб турардим. Одамларгина эмас, маъбудлар ҳам Искандарга хизмат қилиб, нафақат сўзларни, ҳар бир товушимни етказиб туришибди. Айғоқчи шамоллар ҳам атрофимда гап олиш учун гир-гир айланиб юрибди, жосус дарахтлар тунлари деразамга суяниб, тушларимга қулоқ тутади. Бепоён осмон “Кўнглинг кир сенинг” дегандек кўзларимга лўқ бўлиб тикилади, уйим атрофида чигирткалар, қурвақалар навбатчилик қилади. Ҳаммасининг мақсади мени гапга солиб, кейин бориб чақиш ва хону монимни куйдириш. Кимга қарамай, бошқа мақсад кўрмайман. Ичимдагини айтишга, дардимни ёйишга муносиб қулоқ, муносиб ҳамдард йўқ. Худди телба каби кун узоғи шаҳар айланиб юрар, бирдан бўшалиб кетмаслик, гапириб юбормаслик учун тилимни маҳкам тишлаб олардим. Тилимга ишонмасдим. Тўсатдан сирни очиб юборса, кейин болалариму яқинларимни кўз олдимда қатл этишса… Қатл манзарасини тасаввур қилиб, худди тилим мендан қочиб, айтиб қўядигандай, тилимни узиб ташлагим келарди. Тилим яра бўлиб, оғзимдан қон оқиб юрадиган бўлди. Ҳамма қўлини бигиз қилиб мени кўрсатишар, мени ҳам ақлдан озди деб ўйлашарди. Одамларни кўрдим дегунча менда айтиш истаги кучаяр, ўзимни зўрға босиб, тилимни тишлаганча оғзимдан кўпик ва қон сачратиб улардан узоқлашардим. Бора-бора ичимдаги истак кучайиб борар, аммо қаршимда бирон танишим ёки бирон ёт одам пайдо бўлди дегунча, қулоғим тагида ойболтанинг “шув” этган товуши ҳам эшитила бошлар, у бошим узра сермангандай туюлар, унинг зарбидан олиб қочаман деб бошимни эгиб олар, танишим бу ҳолатимни кўриб, мени ҳам бошқа сартарошлар каби тузалмас хасталикка йўлиққан деб ўйлагани унинг ачиниш ва ажабланиш тўла кўзларидан шундоқ кўриниб туради. Бора-бора болтанинг товуши кучайиб борди. Қаерда бўлсам у мени таъқиб этар, бир лаҳза бўлсин тинч қўймасди. Гавжум жойларда истак авж олар, қалтираб, тилимни тишлаб ташлаб, ўзимга оғриқ бериб, зўрға қочиб қолардим. Охири чидолмадим. Оломондан ўзимни олиб қочиб, овлоқ кўчаларга, одамлар йўқ жойларга чиқиб кета бошладим. Одамлардан узоқда бу истак ва болта товуши озроқ бўлса ҳам пасаярди. Энди мен шаҳарнинг ҳувиллаб қолган кимсасиз кўчаларини телбалардай кезиб юрардим. Бу ерларда ичимдаги қалтираш, қўрқув босилар, оғриқ юмшарди. Шунда ҳеч ким ва ҳеч нарса тушунмас оҳнгда худди итлардек алам билан увиллаб-увиллаб қўярдим. Гўё шу билан ичимдаги дарддан бутун дунёни хабардор қилмоқчидай эдим. Аммо дунё гунг ва кар эди. У мени тушунмас, увиллашларимга эътибор бермас, атрофимдан мени масхара қилаётган вақт ва оломон билан бирга қўшилиб ўтиб кетарди.

Бир куни дард янаям зўрайди, қайга борсам, ўтирсам ҳам, турсам ҳам болта товуш и таъқиб қила бошлади. Нима қилиб бўлса ҳам ундан қутулишим керак эди. Қулоғимни кар қилгудек жаранглаётган бу товушга ва танамни қақшатаётган оғриққа бир чора излаб, шаҳардан қочиб далага чиқиб кетдим. Далада юриб- юриб, охири бир пайтлар болалагимизда мол боқадиган тўқайга келиб қолдим. Узоқларда тоғ ястаниб ётарди. Аввалига ўша тоғларга қараб ичимдагини айтгим келди. Аммо атрофимда айланиб-ўргилиб, барларимни ва сочларимни ўйноқлаётагн шаббода товушимни Искандарга етказишдан қўрқардим. Нажот истаб атрофга алангладим. Бирдан эсимга тўқайдаги қудуқ тушди. Болалигимизда биз ундан садо қайтиши учун исмимизни айтиб чақирар, салдан кейин қудуқ тубидан исмимизнинг ғалати оҳангдаги акси қайтиб келиб, бизнинг кулгимизни қистар, ичагимиз узилгудай кулиб, яна бақираверардик. Бошимизни қудуққа тиқиб қанча қичқирсак ҳам овозимиз ташқарига чиқмас, қудуқ тубига изсиз сингиб кетарди. Мана энди яна ўша қудуқ олдида турибман. Агар унга бошимни тиқиб қанча бақирсам ҳам қудуқдан бошқа ҳеч ким, на шамол, на осмон, на қушлар эшитмаслиги аниқ. Атрофимга қараб олдим. Товушим етадиган кенгликда, тепамда ҳеч зоғ йўқ эди. Шунда қудуқ бошига келдим, бошимни қудуққа тиқиб, худди болалигимдагидек бор овозим билан шунча кунлар айтишни менга таъқиқлашган, шунча кунлар хаёлимни банд қилиб, мени телба қилган сирни бақириб-ҳўнграб айта бошладим: “Искандарнинг шохи бор. У Ахурамазда авлоди эмас, у Ахриманнинг зурриёди экан. Унинг шохи бор экан!!!”Хуморим чиққунча бақирдим. Кўзларимдан ёш потирлаб оқарди. Бу севинч ёшлари эдими ёки қайғуми, билмадим. Лекин ҳўнграб йиғлар ва яна бақириб, Искандарнинг шохи ҳақидаги сирни қудуқнинг тубига ошкор қилардим. Ичимни куйдираётган, мени телба қилган сиримни айтадиган, майли, у жонсиз ва тубсиз қудуқ бўлса ҳам дардимни эшитадиган топилганидан ўзимда йўқ бахтиёр эдим. Ҳар бақирганимда баданимдан, бошимдан оғриқ, касаллик арир, вужудим енгиллашар, танамга қувват ва ҳаёт қайтар, энг муҳими мени таъқиб қилиб юрган болта товуши ҳам мендан узоқлашиб борарди. Охири у тиниб, қулоғимга оддий шанғиллаш кела бошлади. Шу куни кечгача қудуққа Искандарнинг саройида нимани кўрган ва ҳис қилган бўлсам, ҳаммасини айтиб бердим. Шу йўл билан ўзимни муқаррар телбаликдан асраб қолдим. Ичим бўшалган, олов тафти босилган эди. Ичимда нимадир чиқиб, қудуқнинг тубига думалаб кетгандай, шуурим, вужудим ялонғоч бўлиб қолгандай эди. Аммо саломат, тетик эдим. Танамга яна қувват ва ҳаёт қайтганди. Бутун дардимни, сирни ва кўрган-кечирганларимни шу ерга ташлаб шаҳарга қайтдим…

… у шаҳарга кетди. Кейинчалик эшитдик, уни Искандарнинг жосуслари ва маъбудлар қаҳру ғазабга тўлиб излашибди. Аммо уни бошқа ҳеч жойдан топишолмабди. У қудуққа келиб дардини айтгач изсиз ғойиб бўлибди. Айғоқчилар из ва ис олиб тўқайга ва бизнинг олдимизга ҳам келишди, улар қудуқ тубларини ҳам титкилашди, аммо бу пайт бизни қамиш барглари ўз ҳовучига яшириб қўйишганди. Биз эса қамишнинг баргида узоқ ухладик ва бир куни қамишга айланиб, қудуқ тубидан ўсиб чиқдик. Ўша йили қурғоқчилик келди. Аммо бизнинг томиримиз сувга тегиб турарди. Биз тез бўй чўздик. Бўйимиз қудуқдан ташқарига чиқиб, олис ва ваҳимали шаҳарларни ҳам кўра оладиган даражага етди. Осмонга интилган дўстларим билан бирга шамолда тебраниб, ҳар ўтган кетганларга нимадир деб шовуллардик. Аммо бизни ҳеч ким тушунмас, ҳеч ким шовуримизга қулоқ тутмасди. Орадан ойлар ўтиб, тўқайга турли томонлардан қисматларига дунёни ўзгартириш битилган чўпон болалар кела бошлашди. Олдин ўйин илинжида тўқайни, кейин бизнинг атрофимизда айланишди. Бўлиқ, тарсиллаб турган танамизни ушлаб кўриб, бир-бирларига нимадир дея бошлашди. Ўткир пичоқларини чиқаришиб, бизни бўлаклаб кесишга тушишди. Кейин улар биздан сибизға ясашди. Энди биз қамишдан оҳангга айлангандик. Сибизғани чалиб кўришганда биз ичимиздаги ҳамма нарсани тўкиб солдик. Чўпон болалар ўзлари ясаган сибизғаларни йўл бўйи болаларга тарқатиб кетдилар. Болалар эса тун-кун сибизға чалишар, сибизғадаги оҳанг эшилиб буралиб одамларни огоҳ қиларди:”Искандарнинг шохи бор… Искандарнинг шохи бор…” Тез орада биз бош кўтарган қудуқдан чиқмаган бошқа сибизғалар ҳам пайдо бўлди. Кейин яна бошқалари. Турли макону манзилларда ясалган бу сибизғалар ҳам бизга ўхшаб, шох ҳақида нола қиларди. Шундан кейин билдик, сартарош ҳали ҳануз дунё кезиб юрар, қаерда қудуқ топса, унга ичидаги сирни айтар, уни таъқиб қилиб юрган Искандарнинг жосуслари эса бу қудуқларни кўмиб ташлар, фақат уларнинг назарларидан четда қолган қудуқлардан ўсиб чиққан қамишлар сибизғиларга айланиб, мангу дарбадарлиг-у қувғинга маҳкум этилган сартарош ва Искандарнинг шохи ҳақида ҳикоя қиларди.

*Мада, бошқача номи хаома — зардуштийлик динида муқаддас сув. Бу сувни ичган абадий яшайди деб ҳисобланган.

004 Shundan keyin bildik, sartarosh hali hanuz dunyo kezib yurar, qayerda quduq topsa, unga ichidagi sirni aytar, uni ta’qib qilib yurgan Iskandarning josuslari esa bu quduqlarni ko‘mib tashlar, faqat ularning nazarlaridan chetda qolgan quduqlardan o‘sib chiqqan qamishlar sibizg‘ilarga aylanib, mangu darbadarlig-u quvg‘inga mahkum etilgan sartarosh va Iskandarning shoxi haqida hikoya qilardi.

Gulnoz SATTOROVA
CHO‘PCHAKDAN NЕ MUDDAO?
Nazar Eshonqulning “Sibizg‘a volasi” hikoyasini o‘qib
067

0-87a.jpgYigirma birinchi asrda umuminsoniy munosabatlar o‘ziga xos shaklu shamoyilda namoyon bo‘la boshladi. Biroq ming yillardan buyon tildan tilga ko‘chib kelayotgan rivoyatlar, cho‘pchagu afsonalar borki, ularning ma’no-mohiyati hali to‘laligicha anglab yetilmaganga o‘xshaydi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, bunday miflarga qayta va qayta murojaat qilamiz. Bu asotirlar zohiran jo‘n, botinan esa dunyoning o‘zi kabi turfa tovlanadi. Roviy bir ma’noni so‘zlasa, tinglovchi boshqa ma’noni anglashi mumkin. Darvoqe, voqelikni, inson fe’l-atvorida bo‘layotgan o‘zgarishlarni, uning faoliyatini badiiy shaklda qayta yaratish, undan ijtimoiy-falsafiy ma’nolar chiqarishga urinish yozuvchilikning o‘ziga xos xususiyatlaridan biridir. Ayniqsa, mavjud mif va afsonalarni badiiy tafakkur tarzida asarga olib kirish, turli ifoda yo‘sinlari orqali davr ruhini, qahramonlarning qalb kechinmalarini ifodalash, ular orqali kitobxonni falsafiy mushohadaga undash Nazar Eshonqul uslubining yetakchi prinsiplaridandir. Shu sabab bo‘lsa kerak, uning “Shamolni tutib bo‘lmaydi”, “Tobut”, “Xaroba shahar surati” kabi hikoyalarida qadimiy afsona va rivoyatlar nafasini his etamiz.

Bizga ma’lum Iskandar Zulqarnayn bilan bog‘liq yuzlab afsonalar ichida uning shoxi borligi haqidagisi mashhur. Ana shu qadim afsona yozuvchi Nazar Eshonqul tomonidan “Sibizg‘a volasi” hikoyasida yana bir bor qalamga olingan. Bilamiz, adib hikoyalarida ko‘pincha shakliy o‘ziga xoslik ustuvorlik qiladi. Voqealarni ramzlar orqali berish, o‘tmishga murojaat, mavhumotning siri tomon kitobxonni yetaklash uning ijodiga xos. Bu hikoyada ham adib uslubidagi shu jihatlar bir qadar ko‘zga tashlangandek tuyuladi. Avvaliga o‘quvchi yozuvchining qadimiy afsonaga yondashuvidagi yangicha talqinidan umidvor bo‘ladi va bu tabiiy. Hikoya bosh qahramoni ham, hikoyachi ham sartarosh. U erinmasdan voqeagacha bo‘lgan tafsilotlarni bayon qiladi. Asarda shahar qismatiga sartaroshsiz qolish fojeasi bitilgan, aslida insonni hayvondan ayiruvchi asosiy jihat ham soch-soqolini olib, o‘ziga oro berib yurishidadir, u esa mamlakatdagi oxirgi sartarosh. Yozuvchi yovuz hukmdor asrayotgan sir fuqarolarni orqaga, jaholatga qaytarishga sabab bo‘la boshladi, demoqchidek tuyuladi. Hikoyachi-roviy hikoyani sovuqqonlik bilan bayon etadi. Uning Iskandarning soch-soqolini olgan sartaroshlarning noma’lum va vahimali qismatiga befarq emasligining o‘ziyoq qanday qilib bo‘lmasin o‘z qismatida burilish yasashi, o‘zini kutayotgan falokatga qarshi chora topishi muqarrar ekanini anglatadi.”… badiiy asar qahramonlarning ta’sir kuchi – ularning ijobiy yoki salbiy bo‘lishida emas, balki bu qahramonlarning hayotiyligida, ya’ni hayot haqiqatiga mosligidadir”-deb yozgandi atoqli adabiyotshunos Izzat Sulton. Mazkur hikoyada ham yozuvchi o‘quvchini afsonada aks etgan haqiqatni anglashga urinishini, intilishini istaydi va asosiy voqea sartarosh va Iskandar uchrashganida ro‘y berishidan umidvor bo‘ladi, biroq ming yillik rivoyat yana avvalgi holida shuurimizda qayta uyg‘onadi. Xo‘sh, yozuvchining maqsadi nima? Nazarimizda, yozuvchi inson fe’lidagi azaliy qusur – birovning sirini saqlay olmaslikka diqqatimizni tortayotganday, neki bir kishiga oshkor bo‘lsa, so‘ng hech kim uchun maxfiy bo‘lib qolmagay, demoqchidek tuyuladi. Chunki hikoyaning asosiy maqsadi ham Iskandarning sirini hatto qamish ham ko‘tara olmaganligi bo‘lsa, yana bir jihati uni ezgulik timsoli deb bilgan odamlar aslini bilmasliklari, ya’ni u yovuzlik timsoli ekanini anglatish istagi sartarosh shuurini qamrab olganligidir. Bu bilan u insoniyatni falokatdan saqlab qolishga urinadi go‘yo. Zotan butun boshli mamlakat fuqarolari Iskandarni Axuramazda (Yaxshilik xudosi)ning bolasi deb biladi. Sartaroshni esa odamlarga haqiqatni aytish istagi azoblaydi. Unda isyonkor ruh uyg‘onadi.”… butun mamlakatni yondiradigan alanga lovullab, meni taftida qovurib-qovjiratib turganday tuyulardi. Ichimdagi olovni hech narsa bilan o‘chirib bo‘lmasdi. O‘chirish uchun faqat ichimdagini aytishim kerak edi”. Qahramonning ichki iztiroblari beixtiyor yaqin o‘tmish voqealarini yodimizga soladi. Bir vaqtlar butun boshli SSSR degan manfur davlatning fuqarolari Stalin otlig‘ qattolni iloh deb bilmadilarmi?! Soxta g‘oyalari uchun jon tikmadilarmi?! Ko‘r quduqlar yutmadimi qancha dardu azoblarni? Qamishlar nolasiga aylanmadimi ular? Biroq inson uchun o‘zining jonidan ko‘ra yaqinlari: oila a’zolari, farzandlarining joni aziz, ularning hayoti qadrli. Sartarosh o‘zi bilgan haqiqat yo‘lida ularni qurbon qila olmaydi, garchand bu haqiqat odamlarni jaholat changalidan qutqarishga xizmat qilsa ham. Tilsiz gung quduqlarga dardini aytishdan boshqa chora topa olmaydi. “Qamishlar shovuriga quloq tut” degan yozuvchining ishorasi insoniyatning adashishlariga ishora. Ammo masalaning yana bir jihatiga diqqatimizni qaratamiz. Har holda Nazar Eshonqulday anchayin katta yozuvchi mazkur hikoyani yozgani uchun shunday fikrlamayapmizmikan… Qadimgi mif va afsonalarni badiiy ifodalash usuli zamonaviy hikoyachiligimizda (Sh. Xolmirzayev “Qadimda bo‘lgan ekan”, X. Do‘stmuhammad “Jajman”) kuzatilgan hodisa. Bu hikoyalarda ham adiblarning falsafiy qarashlari ramzlar orqali ifoda etiladi. Ular bilan qiyoslaganda yozuvchi Nazar Eshonqulning maqsadi amalga oshmay qolganday, nazarimizda. “Sibizg‘a volasi”da adib o‘z g‘oyalari, inson va jamiyat haqidagi qarashlarining badiiy ifodasini qadimdan barchaga ma’lum va mashhur bo‘lgan rivoyatga yuklashga uringan, xalos. Yozuvchi inson va ijtimoiy muhit muammolarini ma’lum ramzlar zimmasiga yuklaydi. Aslida bu hikoyani boshlovchi yozuvchi yozganida: nega kerak hammaga ma’lum bir rivoyatni qayta yozish, faqatgina sartaroshning ruhiy holatini ochish uchunmi, shundog‘am bu rivoyat har bir eshitguvchining tasavvur quvvati va tafakkur darajasiga bilan talqin etilgan, mutafakkir ajdodlarimiz qamishlar oshkor etgan sirning bu qadar boqiyligi undagi insoniyat tabiatini anglatish maqsadining o‘zidagina emas, balki ijtimoiy yuk zalvorida ekanligini teran his etganlariga ishonchimiz komil, deb ensamiz qotgan bo‘larmidi…

Shuni ta’kidlashni istardikki, mif va afsonalarni hikoya darajasiga ko‘tarish zaruriyati yozuvchi topgan talqinning qanchalar topilma ekanligi, ya’ni yangiligiga bog‘liq bo‘lmog‘i lozim. Janr talabi degan tushunchani ham unutmaslik lozim. Hikoyani hikoya darajasiga ko‘tarib turadigan jihat eng avval voqeada ochiladigan obrazning ma’naviy-psixologik holatidir. Uni qanchalar ochib bera olish esa badiiy tafakkur qudratiga bog‘liq. Badiiy ifoda yo‘sini esa hikoyaning asosini, yozuvchi maqsadini ochib berish imkonini beradi, xolos. Nazar Eshonqulning fikr berishdagi murakkabliklari, jumlalarning haddan ziyod uzunligi, ehtimol, bizni shunday xulosaga olib kelgandir. Asarimiz tepasiga istagan janrni qo‘yishimiz bilan u shu janrga xos bo‘lib qolmaydi. Iskandar va sartarosh afsonasi juda qadimiy, uni hikoya darajasiga ko‘tarish katta ma’suliyat talab qiladi. Hikoyani uning zamonaviy talqini sifatida ifoda etish mushkuloti uning ommaviylashib ketganlida hamdir balki.

Shu o‘rinda ta’kidlash o‘rinliki, “Sibizg‘a volasi” til, ifoda, tasvir jihatdan ham xiyla zaif. Ortiqcha so‘zamollik, gaplardagi to‘mtoqlik, g‘alizlik o‘quvchi g‘ashiga tegadi. Bunday noxushlik hikoyaning ilk satrlaridayoq ko‘zga tashlanadi:

“Go‘yo o‘z qilmishlarini quyoshdan yashirmoqchiday qalqonlari bilan yuzlarini oftobdan to‘sgancha nayzalarini quyosh nurida yaltillatib, shaharning tosh ko‘chalarini xuddi nog‘ora chalishayotganday bir maromda harbiychasiga to‘qillatgancha erinchoqlik bilan kelayotgan uchta soqchi va oqsoq darbon…”

Ushbu keltirilgan misolda, birinchidan, “oftobdan” degan so‘z ortiqcha, ikkinchidan, yuzini quyoshdan to‘sib kelayotgan odam yana qanday qilib nayzasini quyoshda yaltillatishi mumkin?! Balki “Nayzalari quyoshda yaltirab”, deb ifodalash o‘rinlidir? Qolaversa, soqchilarning qadam tovushlarini “nog‘ora chalishayotganday” deb ta’riflab bo‘lmaydi. Axir nog‘ora qo‘l bilan chalinadi, ustiga ustak, qadam tovushlari hech qachon nog‘ora tovushiga o‘xshamaydi…

Xulosa qilib aytganda, bugungi o‘zbek hikoyachiligidagi izlanishlar hali tom ma’noda o‘zini oqlayapti deya olmaymiz. Qahramon ichki dunyosi, ruhiy evrilishlari, obrazning ma’lum bir holatdagi harakatlarining asoslanishi yuksak badiiy talqinlarni berish darajasiga ko‘tarila olmayapti, biroq urinishlar yozuvchilarimizning o‘ziga xos, ayricha yo‘llarni qidirayotganlaridan darak beradi.

Manba: “Yoshlik”, 2012 yil, 9-son

Nazar ESHONQUL
SIBIZG‘A VOLASI
Mif-hikoya
067

Qamishlar shovuriga quloq tut!

a91fcb88239a55942a289e3c076.jpgGo‘yo o‘z qilmishlarini quyoshdan yashirmoqchiday qalqonlari bilan yuzlarini oftobdan to‘sgancha nayzalarini quyosh nurida yaltillatib, shaharning tosh ko‘chalarini xuddi nog‘ora chalishayotganday bir maromda harbiychasiga to‘qillatgancha erinchoqlik bilan kelayotgan uchta soqchi va oqsoq darbon allazamonlardan beri saroy uchun unut manzilga aylangan bizning ko‘chamiz boshida ko‘rinishlari bilanoq men va navbat kutib turganlar, ko‘chada o‘z yumushlari-yu tashvishlari bilan band odamlar, orzu va xayollarini tepkilab o‘ynab yurgan bolalar, darvozalari oldida hayotning yorqin xulosalari va saboqlari bitilgan sahifalarday bujmaygan aft-angorlari, musibat-u hasratdan bukilgan tanalarini oftobda toblab o‘tirgan chollar, hammamiz, taqdir izmi bizning sartaroshxonaga va mening hayotimga qarab burilganini tushungandik. Endi mening navbatim kelgandi. Bunga shubha yo‘q edi. Bu shumoyoq darbon soqchilari bilan qaysi ko‘chada paydo bo‘lsa, o‘sha ko‘chada sartaroshxonalar yopilar, keyin u bilan ketgan sartaroshlarni zabonlari sehru jodu qilingandek gung va garang mahkumlik kutib turar, bu darbon bilan birga ko‘chalarga falakning achchiq va adolatsiz hukmi ham kirib kelishini shahardagi ona suti og‘zidan ketmagan go‘daklar ham bilib qolishgandi. Har doimgidek ko‘cha boshida ularni dastavval bolalar ko‘rishgandi va ular qiyqirib, ko‘chani va bizni shum qismatdan ogohlantirgancha sartaroshxona tomon yugurib kelishardi. Bu ko‘chada mendan boshqa sartarosh qolmagandi. Navbat kutib turgan mijozlar birin-ketin turib, uy-uylariga tarqay boshlashdi. Bundan keyin bu yerda navbat kutib turishlaridan hech qanday ma’no qolmaganini, hatto mening keyinchalik taqdirim nima bo‘lishini ham ular yaxshi bilishardi. Ba’zilari kelib yelkamga do‘stona urib qo‘ydi, hamdardlik bildirishganday bo‘ldi. Ularning ko‘zlarida “Peshona ekan!” degan ifoda bor edi. Ba’zilari esa boshqa sartarosh izlab shahar ko‘chalariga tarqab ketishdi. Ularning bugun sartarosh topishlari amri mahol. Ilgarilari har muyulishda ko‘zga chiqqan chipqondek sartaroshxonalar qad kerib turardi. Sartaroshlarning ko‘pchiligi ish yo‘qligidan pashsha qo‘rib, bir-ikkita mijozi bilan kun uzog‘i hasratu g‘iybat qilib kun o‘tkazishar, daromad kamligidan, sartarosh zoti ko‘payib ketib, tuflasa kasbdoshi boshiga tushishidan nolishgani nolishgan edi. Mana endi esa shaharda sartarosh zoti kamayib, anqonning rug‘iga aylanib borayapti. Anovi kelayotgan oqsoq darbon va navkarlar sartaroshlarni kun aro birma-bir olib keta boshlagach shaharda sartarosh qahatchiligi paydo bo‘ldi. Olib ketilgan sartaroshlar qaytib bu hunarini qilolmasdi. Iskandar huzuridan qaytganlarning telbaga aylanishar, xuddi jin chalgandek odamlar ko‘ziga ko‘rinishdan qo‘rqishar, ovloqlarda pusib, to‘g‘ri kelgan yerga ag‘nab yotishar, ularga nima bo‘lganini na o‘zlari, na yaqinlari izohlay olishar, bir tushunarli so‘z aytmay nuqul tushunarsiz ohangda g‘ung‘illashar, vaholanki, to‘rt muchasi sog‘, hamisha qon sizib yuradigan og‘izlarini aytmasa, o‘zlari tishlayverganidan uzib olgudek darajaga kelgan tillari ham joyida, faqat ular nega bu xil dardga mubtalo bo‘lishganining sababini sharhlab beradigan mardning o‘zi yo‘q edi. Ba’zilari rostdanam aqldan ozganini namoyish etib, bir to‘da bolalarga qo‘shilib ko‘cha changitib yuradigan bo‘lishdi, ba’zilarini jinnixonaga joylashtirishga to‘g‘ri keldi. Iskandar saroyidan hali hech kim sog‘ chiqmagan, sababini hech kim aniq bilmasdi.

Ammo bizga mish-mishlar orqali yetib kelgan gaplarga qaraganda, Iskandar shu darajada ilohiy zotki, unga bandasining qo‘li tegsa, aqldan ozishi turgan gap, uning Axuramazdaga xos salobati, yuzidan, boshidan taralayotgan nur har qanday odamni gungu garan, zabonsiz qilib qo‘yadi. Bu ulug‘vorlik va zalvorga doshberolmay miyasi chanoq ichida biqirlab qaynab-toshib ketadi. Soch va soqol o‘rnida nurlar taralib turadi, sartaroshlar bu nurlarni ustarasi tig‘lariga olaman deb, hushlaridan ayriladilar, deyishardi. U nuri ilohiydir, u nuri ziyodir, u koinot va olam mukammalligining ilkis namunasidir. Aqldan ozish, bir umr gungu-lol bo‘lish, hayrat va zavol topish, uning shamsiqamar tal’atiga qiyoslashning, Unga nafaqat tig‘ tegizish, balki, qarashning o‘zi yetadi bu dunyodan qo‘l siltab, ruh va xulyo dunyosiga o‘tib ketishga. U shunday mukarram, shunday ilohiy qudrat timsoli.

Shu sababli Iskandarning sochini ikki marta olgan sartaroshni hali hech kim bu mamlakatda ko‘rmagan, bu Quyosh o‘g‘liga ikkinchi marta sartaroshlik qilishga hech kimning aql-idroki dosh berolmagan. Har qanday iroda bu siymo oldida mumday erib ketadi, xuddi quyosh nurida erib ketgan qish sumalagiday. Shuning uchun yilma-yil emas, kunma-kun sartarosh urug‘i kamayib, noyob hunarga aylanib qoldi. Sartaroshga bo‘lgan talab kundan kun oshib, oxiri odamlar soch-soqol olishni o‘zlari ham o‘rgana boshladilar. Ilgari bolalarini sartaroshlik hunariga o‘rgating deb eshik oldida navbat kutib turishardi. Endi hech kim bolasini bu hunarga o‘rgatgisi kelmasdi. Axir farzandi sartarosh bo‘lib yetishsa, bir kuni boshqa sartaroshlarning kuni boshiga tushishini bilishardi-da. Ba’zi sartaroshlar Iskandarning ro‘yxatiga tushmasdan shahardan va mamlakatdan bosh olib ketishdi. Mana, endi esa navbat menga kelib turibdi. Mening qismatim qanday bo‘ladi? Buni chekka-chukkada, uylarining derazalaridan menga achinib qarab turganlar ham, mening o‘zim ham yaxshi bilamiz. Darbon o‘z soqchilari bilan ko‘cha boshida ko‘ringanda sartaroshxonada yigirmaga yaqin mijoz navbat kutib turar, yana shunchasi navbat olib, o‘z ishlari bilan ketgandi. Men keyingi oylarda kechayu kunduz tinim bilmay ishlashimga to‘g‘ri kelayotgan, garchi horib — tolib qolsam ham kasbimga va mijozlarimga bo‘lgan hurmatim sabab ularning birontasini soch-soqolini olmay qaytarolmasdim. Aslida ham shu. Mijozini norozi qilib jo‘natishga sartaroshning haqqi yo‘q. Biz ustara bilan ishlaymiz. Bizning pirlarimiz va ma’budlarimiz ana shunga o‘rgatgan. Mana, hozir ham soqolining yarmi olingan mijozimning sartaroshxona ro‘parasiga kelib to‘xtagan darbonni ko‘rib tipirchalashiga qaramay ishimni oxiriga yetkazishga qaror qildim. Soqolni qayta-qayta qirtishlab oldim, qo‘llarim bilan biron chala joyi qolib ketmadimikin deb silab-tekshirib ko‘rdim. Keyin ho‘l lattada artib, mushk surib qo‘ydim. Mijoz qutulganga shukur qilib, irg‘ib turib, haqimni ham berish esiga kelmay, oyog‘ini qo‘liga olib qochib qoldi. Uning ko‘zida qo‘rquv va xavotir alanga olgan, endi ana shu alanga bilan ko‘chamizni, mahallamizni, butun shaharni yoqmoqchiday shashti bor edi go‘yo. Bu paytda darbon va navkarlar sartaroshxonamning eshigidan bosh suqishayotgandi. Darbon satroshxonaga ko‘z yugurtirib, hech kim qolmaganiga ishonch hosil qilgach, oqsoqlanib, ichkariga kirdi va buyruq ohangida dedi:
-Axuramazda inoyati bilan senga Iskandarning soch-soqolini olishdek sharafli vazifa yuklandi. Hoziroq asbob-anjomingni olib yo‘lga tush.

Men bunday pallada nafaqat oilam bilan xayr-xo‘shlashishga, balki endi ko‘chada bironta tanishim bilan bosh irg‘ab, imo-ishora qilishga ham haqqim yo‘qligini bilardim. Qismatimga Iskandarga sartaroshlik qilish shon sharafi uchun qurbon bo‘lish mahkumligi yozilgandi.

Uch navkar va darbon hamrohligida saroyga qarab ketarkanmiz, shahar ko‘chalarining har ikki tomonida odamlar to‘planib, bizni kuzatib turishar, ularning aksariyati hamdardlik bildirib, bosh irg‘ab qo‘yayotganini, boshqa meni hech qachon hozirgidek xuddi bir ishni qoyillatib qo‘yishga ketayotganday mag‘rur va masrur holda ko‘rishmasligini, bir-ikki kundan so‘ng telbalarga qo‘shilib, ko‘chalarda bolalar bilan chopib, ming‘irlab yurganimga ko‘zi tushishlarini, men kabi shahardagi barcha sartaroshlarni shu yo‘ldan shu taxlit kuzatib, keyin ularning junun o‘ynagan qiyofalarinigina ko‘rishga o‘rganib qolishganini muhokama qilishayotganini sezib turardim. Ayrimlar esa garchi ertangi yozdig‘im o‘zlariga besh qo‘lday ayon bo‘lsa-da, menga nadomat bilan boqib turishardi. Ularning qarashlarini ham tushungandek edim. Ular Iskandardek mukarram zotning qarshisida turish, balki uning tanasiga tegish, yuzi va tanasidagi ilohiy quvvatdan, mayli, keyin yoqib kul qilishsa ham bir necha soniya bo‘lsa-da bahra olishdek baxtga musharraf bo‘lish aynan menga nasib qilganidan ich-etlarini hasad kemirib turar, shu sababli atrofdagi xayrixohlik bilan guvillashayotgan olomonga norozilik bildirishgandek, menga yeb qo‘ygudek tikilishar, ba’zida oshkora tarzda asbob solingan charm xaltamning abgorligi, ust-boshimning yupunligi, bo‘yim kaltaligi, sartarosh bo‘la turib, sochlarimga tartib berilmagani, umuman, kamchilig-u nuqsonlarim, ko‘rsa tilanchi uyaladigan ko‘rinishda Iskandardek mukarram zotning oldiga borish ilohlarga qanchalar hurmatsizlik ekani haqida jim yoki oshkora g‘ayirlik bilan munosabat bildirishardi.

Ularni tushunsa bo‘ladi: Uning mu’tabar chehrasidan farog‘at olish, muborak mo‘ylarini qo‘llarida ushlash, abad va azal aks etgan ko‘zlariga boqish, falakning marhamati va muruvvati bilan to‘yingan nigohlaridan bahramand bo‘lish baxti shuncha odamlar ichida faqat menga nasib qilgan edi va men ham xayolan huzuriga borsam, uning qiyofasi taftidan ko‘zlarim qamashib qoladi, u menga bani koinot qudurati aks etgan ko‘zlarini tikadi, men esa ta’zim qilib, o‘zi bilan yuz ko‘rishishdek baxtga kaminani musharraf etganidan minnatdor bo‘lib, oyoq-qo‘larini o‘paman, toki holdan toyguncha etaklarini ko‘zimga surtib, oyoq izlarini o‘paman, uning ana shu munavvar chehrasini ko‘rish uchun telba bo‘lsam, nima bo‘libdi, axir bu koinot tuhfasiga menga o‘xshaganlar ikki dunyosini ham hadya qilib yuborsa bo‘ladi deb o‘ylardim va ana shu xayolimdan hamda Iskandarni ko‘rish, uning karomat to‘la chehrasiga boqish baxtidan halitdan mastu mustag‘riq bo‘lgandek, ko‘ringan har kimsaga baxt va surur bilan boqardim.

Saroyga kirishimiz bilan ulkan qushning qanotiga o‘xshash qo‘sh tabaqali darvoza yopildi. Qarshimda bahaybat ibodatxonani eslatuvchi saroy namoyon bo‘ldi. Hammasi oddiy va jo‘n edi. Bu yerda aqlni oladigan hech narsa yo‘q edi. Faqat ortiqcha hasham va salobat meni lol qilib qo‘ygandi. Har bir qadamda xuddi yer soti ilohlari manzilidek sovuq ruhiyat va sarob kabi jimjima to‘shalib yotardi. Darbon meni arshi a’loga olib chiqayotgandek oltin zinalardan yuqoriga boshlab borar, men esa atrofimdagi naqshlaru oppoq nafis marmarlardan hayratda qolgancha uning izidan yosh boladek ergashib ketayotgandim. Zina oxirida, eshik oldida bizni salobatli , sochi qirtishlab olingan, umrida quyosh ko‘rmagandek tansi ko‘kimtir tusga kirgan odam kutib oldi.

-Ey, muhtaram eshik og‘asi, sartarosh keldi!-dedi darbon unga egilib ta’zim qilarkan.

Eshik og‘asi bosh irg‘adi, meni boshdan oyoq kuzatib chiqdi. Men ham uni kuzatdim: bir umr yashagan yer ostidan hozirgina chiqib kelib, ko‘zlari qamashayotgandek quyosh taftidan o‘zini tortib turardi. Ammo har bir harakatli aniq, hisobli edi.Keyin U “Izimdan yur” degandek nigohi bilan ishora qilib, ichkari boshladi. Biz yana go‘yo oddiy pillapoyalar emas, arshu a’loga olib chiqadigandek haddan oshiq zebu ziynat berilgan zinalardan ko‘tarildik, go‘yo osmoniu falakni suyagandek mahobot bilan qad kerib turgan ulkan ustunlar qalashib yotgan xonalardan, dahlizlardan, bo‘lmalardan o‘tdik. Nazarimda umrim bino bo‘lib bunchalik ko‘p yurmagandek edim. Go‘yo dunyoning bu chekkasidan narigi chekkasiga borayotgandek, Iskandarniki bo‘lsa kerak, xuddi ma’budlar kabi yuzida “Men bo‘lmasam, hollaring nima kechardi?” degan ifoda to‘nib qolgan, boshdan oyoqqacha yoki shunchaki yelkadan tepasi aks etgan viqorli haykallar qalashib yotgan, devorlarga ko‘zboylag‘ichnikiga o‘xshagan turli niqoblar, qamchilar ilib tashlangan yo‘lak bo‘ylab uzoq yurdik. Nihoyat katta, hashamli, o‘rtada oltin taxt turgan xonaga kirdik. Taxt yonidagi naqshinkor kursida o‘rta bo‘y, kaltabaqay, yuzlariga ilohiy bo‘yoqlar surilgan, boshiga uzun kuloh kiygan kishi o‘tirardi. Kulohdan bildim, bu Iskandar edi. Faqat ugina Axuramazdaga xos shunaqa ko‘k kuloh kiyishga haqli edi. Darbon meni bu haqda ham ogohlantirgandi. “Toki soqolini olguningcha, Iskandarning boshidagi kuloh yechilmaydi. Rusumi shunaqa. Soqol to‘la olingach, kohin kelib, boshdagi kulohni oladi, Iskandarning boshiga muqaddas buloq suvini sepadi, bu paytda sen boshingni eggancha miq etmay o‘tirasan” degandi. Bu yerda men guvoh bo‘layotganlarim tashqarida kezib yurgan afsona-yu mish-mishlarga hecham to‘g‘ri kelmasdi. Bu yer ilohiy zot yashaydigan mehrobdan ko‘ra jinoyatchilar ustidan hukm o‘qiladigan va qatl etiladigan maydonni eslatardi. Iskandarda ham hech qanday mahobat yo‘q, xuddi yeb o‘tirgan noni tortib olingan qalandardek yuzida alamzadalik qotib qolgan, na nur, na ilohiyot tarlardi. Bu men biroz ajablantirdi. U qayoqqadir shoshilib turganini bildirmoqchidek yelkasiga qizil duxoba tashlagan holda soch-soqol oldirishga tayyor bo‘lib turardi. Hozirgina uning yelkasiga duxoba tashlagan kohin men kirishim bilan tojni ushlagancha nari ketdi. Aftidan, bu yerda har bir soniya o‘lchovli edi. Hatto mening qadamlarim ham hisobga olinganday, eshikdan kirib, ostonaga birinchi qadamni tashlashim bilan toj boshdan olingan, o‘rniga kuloh kiygizilgan edi. Bunchalik batartiblik meni biroz esankiratib qo‘ydi. Bu yerda har bir bosilgan qadam hisobli ekan, unda butun mahoratimni ishga solib, belgilangan muddatda ishimni yakunlashim kerak. Eshik og‘asi menga “Boshla” degandek yana nigohi bilan ishora qildi. Men hammasini tushundim. Bu yerda izoh so‘rash, surishtirish ortiqcha, tilu zabon ojiz. Darhol ishga kirishdim.

Iskandarni tashqarida xushsurat, alpqomat, ikki yelkasiga ikkita farishta qo‘nib turadi, siymosi tong oftobi kabi shafaq taratadi, deb ta’riflashardi. Ko‘z oldimda anchayin xunuk, yuzi gezargan, ko‘zlari o‘lja ko‘rgan bo‘rinikidek sovuq, kishiga hamisha shubha va gumon bilan boqadigan badburush kimsa turardi. Xizmatkor, eshik og‘asi, ikkita xos soqchi va kohin mening har bir harakatimni sinchkovlik bilan kuzatishardi. Bunga ajablanmasa ham bo‘ladi. Ular Iskandarni har qanday suiqasddan asrashlari kerak. Avval bir sidra ko‘pik bilan soqolini oldim. Buni menga darbon yo‘lda tushuntirgandi. “Iskandarning oldin soqolini olib, keyin sochiga o‘tasan. Tartib shunday”, degandi u. Men soqolni qirtishlarkanman, chandiqlarni tilib yubormaslik uchun butun mahoratimni ishga solardim. “Iskandar Axrimanning ko‘plab yovuz kuchlari bilan olishib, yuzida o‘sha ulug‘vor janglarning izlari qolgan, juda ehtiyot bo‘lishing kerak, mabodo birontasidan qon ketsa, boshing ketadi”, degandi darbon. Ko‘klam jilg‘alari tilimlab tashlagan adirni va seldan so‘ng yorilib qolgan qatqoloqni eslatadigan yuzni mo‘ylardan tozalab bo‘lgach, yengil tortdim. Eng og‘ir ish orqada qolgandi. Endi buyog‘i oson. Sochni bir pasda qirib tashlash mumkin. Soch olish bo‘yicha bu mamlakatda mening oldimga tushadigani yo‘q. Qolaversa, darbon meni soch olishning murakkabligi haqida ogohlantirmagan. Demak, qiyin ish ortda qoldi. Men oldingi sartaroshlar nega aqldan ozar darajaga yetganliklariga biroz ajablandim ham. Iskandarning na o‘zida, na yuzida, na xatti harakatida aql oladigan hech narsa yo‘q. Oddiy, hatto terisi o‘ta jo‘n, qurumsiq, xuddi kalatakesakning terisini eslatadigan ozgina badbo‘y hid ham anqirdi. Buning nimasi ularni aqldan ozdirdi ekan?! Iskandar xuddi qadimgi ma’budlarday xo‘mrayib, jim o‘tiribdi. Demak, ishimdan norozi emas. Men yengil tortdim. Soqol olib bo‘linganini bildirish uchun eshik og‘asiga o‘girildim, u kohinga qaradi. Kohin Iskandarga yaqinlashdi. Men xuddi darbon tushuntirgandek, yerga cho‘kkancha, ta’zim qilib, bosh egib turdim. Kohin kiyimlarining shitirlashigina qulog‘imga chalinardi. Keyin yuziga purkalayotgan suv tovushi keldi, izidan Iskandar suvdan qultumlab ichib qo‘ydi. Darbon bu suvni muqaddas “mada*” suvi deb aytgandi edi.

Bu suvni ichgan va unda cho‘milgan abadiy yashaydi, abadiy hukmronlik qiladi. Iskandarning qudrati shundaki, u bobomning bobosi davrida ham hozirgiday navqiron ko‘rinishda bo‘lgan, nabiramning nabirasi davrida ham men ko‘rib turganday ko‘rinishda qoladi. U bu dunyoga abadiy hukmronlik qilib, bizni adolat va ravnaq, hidoyat va taraqqiyot sari yetaklaydi. Bizni zalolat botqog‘idan xalos qilish uchun yuborilgan falakning inoyati, saxovati, himmati va shafqati u. Bu unut zaminda judolik uqubatiga g‘arq qilinganlar uchun ilohiy diydor tajassumi. U boshimizda balqib turgan quyoshimiz, mangu mehrobimiz, Axuramazdaning tal’ati, yo‘q, yo‘q, u oramizdagi Axuramazdaning o‘zi. Shafqat va inoyat uchun, muruvvat va marhamat uchun, sahro jizg‘anagida qolgan qalblarimizga obi hayot berish, chanqoq dillarni qondirish uchun oldimizga tushgan…

Saldan so‘ng kohinnning qizil ridosi mendan uzoqlashdi. Shundan kohin Iskandarni soch oldirishga tayyorlab bo‘lganini sezdim. Eshik og‘asi yelkamga turtdi. Men endi sochni ola boshlashim mumkinligini angladim va xaltamdan soch ustaramni olib, uni qayishga bir ikki qayradim. Iskandarning oldiga kelib, sochni peshona qismdan boshlab olmoqchi bo‘lib, old tomonga o‘tdim va qay yo‘sin qirtishlash qulayligini bilish uchun sochga razm soldim.. Va shunda butun badanimni qaltiroq bosdi. Ko‘rganlarimga ishonmay, eshik og‘asiga qaradim. Eshik og‘asi mendan ko‘z uzmay qarab turar, uning ko‘zida hech qanday ajablanish yo‘q edi. Vaholanki, men ko‘rganni u ham ko‘rib turardi. Keyin kohinga qaradim. U ham xuddi haykalday, hech narsa yuz bermaganday qotib turardi. Ular uchun men ko‘rib turganlarim odatdagi manzara edi. Ha, ko‘zlarim aldamagandi. Iskandarning sochlari orasidan to‘rt enli shox o‘sib turardi. Qo‘llarim qaltiradi. Lablarim pirpiradi. Qo‘limdan ustara tushib ketdi. Oq marmarga jaranglab tushdi. Qo‘rqib ketdim. Hozir Iskandar g‘azabga keladi, boshimni tanimdan judo qiladi degan xayol o‘tdi miyamdan. Ammo negadir bu holatimga hech kim e’tibor bermadi. Iskandar tushib ketgan ustaraga qayrilib ham qaramadi, qolganlar ham pinagini buzishmadi. Shundan bildimki, ular bunaqa holatga o‘rganib qolishgan. Nima qilib bo‘lsa ham o‘zimni bosib olishim kerak edi. Chuqur nafas oldim. Ko‘zlarimni yumib, bir pas turdim. Bu menga dadillik berdi. Keyin peshonamda borini ko‘raman deb, sochni ola boshladi. Ko‘zim shoxga tushganda qo‘llarimda qaltiroq turar, ammo darhol o‘zimni chalg‘itib, nima qilib bo‘lsa ham bu yerdan sog‘-omon chiqib ketishni o‘ylardim. Nihoyat sochni olib bo‘ldim. Shoxning atrofini ham tozaladim. Iskandar boshini kafti bilan silab ko‘rdi, keyin jilmaydi. Bu saroyga kelganimdan beri birinchi marta jilmayishi edi. Kohinning ham yuziga tabassum yugurdi. Demak, ishim bularga yoqqan. Kohin kelib, Iskandarga toj kiygiza boshladi. Tojdan oldin shoxni yopish uchun qalpoqcha kiydirishdi. Keyin unga yana o‘sha suvni tutishdi. Men serrayib qotib turardim. Eshik og‘asi kelib yelkamga qo‘l qo‘ydi. Shunda bu yerda ishim tugaganini, hammasi yaxshi o‘tganini angladim. Ustaramni va xaltamni yig‘ishtirdim. Eshik og‘asi bilan yana o‘sha uzun yo‘laklar, aylanma dahlizlar va sirli bo‘lmalar orqali orqaga qaytdik. Zinaga qaytib chiqqanimizda darbon pastda soqchilari bilan kutib turardi. Eshik og‘asi haqimni berarkan, menga o‘ta sovuq ohangda shipshidi: “Sen bu yerda ko‘rganlaringni unut. Biron kishiga gullasang, o‘zingning va yaqinlaringning joni olinadi, moli g‘arot bo‘ladi. Shuni bilgilki, uyingning devorida ham, yurgan yo‘lingda ham quloq bor. Og‘zingdan chiqqan tovushni ham bizga yetkazishadi. Tilingni tiysang yashaysan. Aksincha bo‘lsa, o‘sha zahoti anovi jallod qarshingda paydo bo‘ladi.” U imo bilan saroy chetidagi supada oyboltasini ko‘tarib, xuddi “ Qani, navbat kimniki?” degandek oldidagi kundani aylanib yurgan badbashara, bahaybat, odamdan ko‘ra devga o‘xshab ketadigan barzangini ko‘rsatdi. Jallod har damda boltasini bir siltab olardi, go‘yo bu bilan xayolidagi mahkumning boshini tanasidan judo qilayotganday bo‘lar va uning boltasidan atrofga vahimali “shuv…shuv” degan sas taralardi. Hammasiga tushundim. Menga bu yerda ko‘rganlarim haqida gapirish ta’qiqlanayotgan edi. Avvaliga sog‘-salomat chiqqanimga xursand bo‘lib, bajonu dil bosh irg‘adim. Darbon bilan darvoza tomon yo‘l oldim. Endi buyog‘i ozodlik edi. Bu yerdan sog‘-salomat chiqqanimga shukurlar qilib, qushday uchib borardim. Men ozod edim. Menga ham, zabonimga ham, sezishimcha, aql-idrokimga ham hech narsa qilmagandi. Demak, shuncha sartaroshlar ichida faqat men bu saroydan aql-hushi joyida bo‘lib chiqib ketayapman degan xulosaga keldim. Bu taqdirning siylovi, tangrilarning inoyati, Iskandarning marhamati edi. Hayot yanayam go‘zal ko‘rinib ketdi ko‘zimga. Saroydan uyimgacha qushday uchib bordim.

Ammo yanglishgan ekanman. Ikki kundan keyin ko‘rganlarim ko‘z oldimdan ketmay qo‘ydi. Qayoqqa qarasam, boshdagi shox ko‘rinardi. Ustiga ustak ayolim, bolalarim va yaqinlarim menga saroyda ko‘rganlarimni aytib berishni talab qilib, holi jonimga qo‘ymas, men esa ularga nima deyishni bilolmay lol edim. Bu haqda gapiray desam bolalarim va yaqinlarimning boshiga ko‘zim tushar, birdan fikrimdan qaytardim. Har burchakda josus ma’budlar mening og‘zimni poylab turganday bo‘lardi. Birdan tilimni tishlardim. Shu taxlit kunlar o‘tdi. Menga hech narsa yoqmas, ichimga kirib olgan Iskandarning siri menga tinchlik bermas, ammo uni oshkor qilishdan ham qo‘rqardim. Aytsam tilim, aytmasam dilim kuyadigan holatga tushgandim. “Ey, odamlar, Iskandarning shoxi bor!” deyishim bilan o‘zimning va yaqinlarimning boshiga nima kunlar tushishini tasavvur qilib, yuragim orqaga tortib ketardi. Tilni tiyib ko‘rganlaring, boshingdan kechirganlaring, guvoh bo‘lganlaring haqida lom-mim demay yurish bunchalik og‘irligini ilgari bilmagan ekanman: axir menga tilim, zabonim butun bo‘la turib, ko‘rganimni ko‘rmadim, bilganimni bilmadim deyish, xuddi gungu kar odamlardek yashash, bir umr til tiyib yurish, boshqacha aytganda, Iskandar uchun tilimni, borlig‘imni qurbon qilishim kerak edi. Ammo jim yurib ham bo‘lmasdi. Jim yurish aqldan ozdirardi, telba qilardi. Xuddi ichimga jin kirib olganday edi. Bu jin ertayu kech xayolimni Iskandarning boshida turgan shox bilan band qilar, u haqda kimgadir aytish, bu sirni ochib, fosh qilish istagini uyg‘otar, ko‘ringan har bir odamga “Ayt, ayt” deyotganday tuyular, bu istak ba’zida meni shunchalik qistovga olardiki, butun badanim qaqshay boshlar, boshimga og‘riq kirar, paylarim tortishib, xuddi tutqanoq tutayotganday qaltiroq va azobdan bukilib qolar, ichimdagini aytib, hammasidan bira to‘la qutilish istagi paydo bo‘lar, biroq meni bu istakdan eshik og‘asi bolalarim va yaqinlarimning jonini qilga osib qo‘ygan ogohlantirishigina saqlab qolar, chorasizlikdan bukilib olib, a’zoi badanimni qaqshatayotgan og‘riqni bosaman deb g‘ujanak bo‘lib olar, ichimda go‘yo butun shaharni, butun mamlakatni yondiradigan alanga lovullab, meni taftida qovurib-qovjiratib turganday tuyulardi. Ichimdagi olovni hech narsa bilan o‘chirib bo‘lmasdi. O‘chirish uchun faqat ichimdagini aytishim kerak. Lekin bu mamlakatda birovga bu haqda gapirish o‘lim bilan baravar edi. Birontaga endi gap boshlayman deyishim bilan shunday yonimda kundani aylanib yurgan jallod paydo bo‘lar va oyboltasini baland ko‘tarardi. Uni ko‘rib tillarim tanglayimga yopishib qolar, kalima kelmas, kiyimlarimni sovuq ter ho‘l qilib yuborardi. Bu qandaydir tavqi lan’atga o‘xshardi: qachon ichimdagini aytaman desam, vujudimda xuddi bo‘ron kabi qaltiroq boshlanar, o‘sha zahoti qarshimda jallod paydo bo‘lar, “Qani, boshingni kundaga qo‘y” deyotganday ko‘zlarini lo‘q qilib tikilar, jonholatda tillarimni tishlab olar va uni ko‘rmaslik uchun ko‘zlarimni yumar, toki ichimdagi qaltiroq pasayguncha shu holatda qotib turaverardim. Tushlarimda ham oyboltaning “shuv…shuv” etgan tovushini eshitib yotar, go‘yo oybolta boshimiz ustida sermalayotganday uxlab yotgan bolalarimning boshini tanam bilan to‘sgancha, yotib olardim. Mening tush va hush aralash bu holatim ayolim va bolalarimda qanchadan qancha noroziliklar, ajablanishlar uyg‘otmadi deysiz. Keyinchalik ular ham meni boshqalar kabi aqldan ozgan deb o‘ylay boshlaganini ko‘zlaridan, yuzlaridan bilib turardim. Odamlargina emas, ma’budlar ham Iskandarga xizmat qilib, nafaqat so‘zlarni, har bir tovushimni yetkazib turishibdi. Ayg‘oqchi shamollar ham atrofimda gap olish uchun gir-gir aylanib yuribdi, josus daraxtlar tunlari derazamga suyanib, tushlarimga quloq tutadi. Bepoyon osmon “Ko‘ngling kir sening” degandek ko‘zlarimga lo‘q bo‘lib tikiladi, uyim atrofida chigirtkalar, qurvaqalar navbatchilik qiladi. Hammasining maqsadi meni gapga solib, keyin borib chaqish va xonu monimni kuydirish. Kimga qaramay, boshqa maqsad ko‘rmayman. Ichimdagini aytishga, dardimni yoyishga munosib quloq, munosib hamdard yo‘q. Xuddi telba kabi kun uzog‘i shahar aylanib yurar, birdan bo‘shalib ketmaslik, gapirib yubormaslik uchun tilimni mahkam tishlab olardim. Tilimga ishonmasdim. To‘satdan sirni ochib yuborsa, keyin bolalarimu yaqinlarimni ko‘z oldimda qatl etishsa… Qatl manzarasini tasavvur qilib, xuddi tilim mendan qochib, aytib qo‘yadiganday, tilimni uzib tashlagim kelardi. Tilim yara bo‘lib, og‘zimdan qon oqib yuradigan bo‘ldi. Hamma qo‘lini bigiz qilib meni ko‘rsatishar, meni ham aqldan ozdi deb o‘ylashardi. Odamlarni ko‘rdim deguncha menda aytish istagi kuchayar, o‘zimni zo‘rg‘a bosib, tilimni tishlagancha og‘zimdan ko‘pik va qon sachratib ulardan uzoqlashardim. Bora-bora ichimdagi istak kuchayib borar, ammo qarshimda biron tanishim yoki biron yot odam paydo bo‘ldi deguncha, qulog‘im tagida oyboltaning “shuv” etgan tovushi ham eshitila boshlar, u boshim uzra sermanganday tuyular, uning zarbidan olib qochaman deb boshimni egib olar, tanishim bu holatimni ko‘rib, meni ham boshqa sartaroshlar kabi tuzalmas xastalikka yo‘liqqan deb o‘ylagani uning achinish va ajablanish to‘la ko‘zlaridan shundoq ko‘rinib turadi. Bora-bora boltaning tovushi kuchayib bordi. Qayerda bo‘lsam u meni ta’qib etar, bir lahza bo‘lsin tinch qo‘ymasdi. Gavjum joylarda istak avj olar, qaltirab, tilimni tishlab tashlab, o‘zimga og‘riq berib, zo‘rg‘a qochib qolardim. Oxiri chidolmadim. Olomondan o‘zimni olib qochib, ovloq ko‘chalarga, odamlar yo‘q joylarga chiqib keta boshladim. Odamlardan uzoqda bu istak va bolta tovushi ozroq bo‘lsa ham pasayardi. Endi men shaharning huvillab qolgan kimsasiz ko‘chalarini telbalarday kezib yurardim. Bu yerlarda ichimdagi qaltirash, qo‘rquv bosilar, og‘riq yumshardi. Shunda hech kim va hech narsa tushunmas ohngda xuddi itlardek alam bilan uvillab-uvillab qo‘yardim. Go‘yo shu bilan ichimdagi darddan butun dunyoni xabardor qilmoqchiday edim. Ammo dunyo gung va kar edi. U meni tushunmas, uvillashlarimga e’tibor bermas, atrofimdan meni masxara qilayotgan vaqt va olomon bilan birga qo‘shilib o‘tib ketardi.

Bir kuni dard yanayam zo‘raydi, qayga borsam, o‘tirsam ham, tursam ham bolta tovush i ta’qib qila boshladi. Nima qilib bo‘lsa ham undan qutulishim kerak edi. Qulog‘imni kar qilgudek jaranglayotgan bu tovushga va tanamni qaqshatayotgan og‘riqqa bir chora izlab, shahardan qochib dalaga chiqib ketdim. Dalada yurib- yurib, oxiri bir paytlar bolalagimizda mol boqadigan to‘qayga kelib qoldim. Uzoqlarda tog‘ yastanib yotardi. Avvaliga o‘sha tog‘larga qarab ichimdagini aytgim keldi. Ammo atrofimda aylanib-o‘rgilib, barlarimni va sochlarimni o‘ynoqlayotagn shabboda tovushimni Iskandarga yetkazishdan qo‘rqardim. Najot istab atrofga alangladim. Birdan esimga to‘qaydagi quduq tushdi. Bolaligimizda biz undan sado qaytishi uchun ismimizni aytib chaqirar, saldan keyin quduq tubidan ismimizning g‘alati ohangdagi aksi qaytib kelib, bizning kulgimizni qistar, ichagimiz uzilguday kulib, yana baqiraverardik. Boshimizni quduqqa tiqib qancha qichqirsak ham ovozimiz tashqariga chiqmas, quduq tubiga izsiz singib ketardi. Mana endi yana o‘sha quduq oldida turibman. Agar unga boshimni tiqib qancha baqirsam ham quduqdan boshqa hech kim, na shamol, na osmon, na qushlar eshitmasligi aniq. Atrofimga qarab oldim. Tovushim yetadigan kenglikda, tepamda hech zog‘ yo‘q edi. Shunda quduq boshiga keldim, boshimni quduqqa tiqib, xuddi bolaligimdagidek bor ovozim bilan shuncha kunlar aytishni menga ta’qiqlashgan, shuncha kunlar xayolimni band qilib, meni telba qilgan sirni baqirib-ho‘ngrab ayta boshladim: “Iskandarning shoxi bor. U Axuramazda avlodi emas, u Axrimanning zurriyodi ekan. Uning shoxi bor ekan!!!”Xumorim chiqquncha baqirdim. Ko‘zlarimdan yosh potirlab oqardi. Bu sevinch yoshlari edimi yoki qayg‘umi, bilmadim. Lekin ho‘ngrab yig‘lar va yana baqirib, Iskandarning shoxi haqidagi sirni quduqning tubiga oshkor qilardim. Ichimni kuydirayotgan, meni telba qilgan sirimni aytadigan, mayli, u jonsiz va tubsiz quduq bo‘lsa ham dardimni eshitadigan topilganidan o‘zimda yo‘q baxtiyor edim. Har baqirganimda badanimdan, boshimdan og‘riq, kasallik arir, vujudim yengillashar, tanamga quvvat va hayot qaytar, eng muhimi meni ta’qib qilib yurgan bolta tovushi ham mendan uzoqlashib borardi. Oxiri u tinib, qulog‘imga oddiy shang‘illash kela boshladi. Shu kuni kechgacha quduqqa Iskandarning saroyida nimani ko‘rgan va his qilgan bo‘lsam, hammasini aytib berdim. Shu yo‘l bilan o‘zimni muqarrar telbalikdan asrab qoldim. Ichim bo‘shalgan, olov tafti bosilgan edi. Ichimda nimadir chiqib, quduqning tubiga dumalab ketganday, shuurim, vujudim yalong‘och bo‘lib qolganday edi. Ammo salomat, tetik edim. Tanamga yana quvvat va hayot qaytgandi. Butun dardimni, sirni va ko‘rgan-kechirganlarimni shu yerga tashlab shaharga qaytdim…

… u shaharga ketdi. Keyinchalik eshitdik, uni Iskandarning josuslari va ma’budlar qahru g‘azabga to‘lib izlashibdi. Ammo uni boshqa hech joydan topisholmabdi. U quduqqa kelib dardini aytgach izsiz g‘oyib bo‘libdi. Ayg‘oqchilar iz va is olib to‘qayga va bizning oldimizga ham kelishdi, ular quduq tublarini ham titkilashdi, ammo bu payt bizni qamish barglari o‘z hovuchiga yashirib qo‘yishgandi. Biz esa qamishning bargida uzoq uxladik va bir kuni qamishga aylanib, quduq tubidan o‘sib chiqdik. O‘sha yili qurg‘oqchilik keldi. Ammo bizning tomirimiz suvga tegib turardi. Biz tez bo‘y cho‘zdik. Bo‘yimiz quduqdan tashqariga chiqib, olis va vahimali shaharlarni ham ko‘ra oladigan darajaga yetdi. Osmonga intilgan do‘stlarim bilan birga shamolda tebranib, har o‘tgan ketganlarga nimadir deb shovullardik. Ammo bizni hech kim tushunmas, hech kim shovurimizga quloq tutmasdi. Oradan oylar o‘tib, to‘qayga turli tomonlardan qismatlariga dunyoni o‘zgartirish bitilgan cho‘pon bolalar kela boshlashdi. Oldin o‘yin ilinjida to‘qayni, keyin bizning atrofimizda aylanishdi. Bo‘liq, tarsillab turgan tanamizni ushlab ko‘rib, bir-birlariga nimadir deya boshlashdi. O‘tkir pichoqlarini chiqarishib, bizni bo‘laklab kesishga tushishdi. Keyin ular bizdan sibizg‘a yasashdi. Endi biz qamishdan ohangga aylangandik. Sibizg‘ani chalib ko‘rishganda biz ichimizdagi hamma narsani to‘kib soldik. Cho‘pon bolalar o‘zlari yasagan sibizg‘alarni yo‘l bo‘yi bolalarga tarqatib ketdilar. Bolalar esa tun-kun sibizg‘a chalishar, sibizg‘adagi ohang eshilib buralib odamlarni ogoh qilardi:”Iskandarning shoxi bor… Iskandarning shoxi bor…” Tez orada biz bosh ko‘targan quduqdan chiqmagan boshqa sibizg‘alar ham paydo bo‘ldi. Keyin yana boshqalari. Turli makonu manzillarda yasalgan bu sibizg‘alar ham bizga o‘xshab, shox haqida nola qilardi. Shundan keyin bildik, sartarosh hali hanuz dunyo kezib yurar, qayerda quduq topsa, unga ichidagi sirni aytar, uni ta’qib qilib yurgan Iskandarning josuslari esa bu quduqlarni ko‘mib tashlar, faqat ularning nazarlaridan chetda qolgan quduqlardan o‘sib chiqqan qamishlar sibizg‘ilarga aylanib, mangu darbadarlig-u quvg‘inga mahkum etilgan sartarosh va Iskandarning shoxi haqida hikoya qilardi.

*Mada, boshqacha nomi xaoma — zardushtiylik dinida muqaddas suv. Bu suvni ichgan abadiy yashaydi deb hisoblangan.

002

(Tashriflar: umumiy 843, bugungi 1)

3 izoh

  1. Hikoya juda ham ajoyib yozilgan. Bu xalq og’zaki ijodi bilan yo’g’rilgan bo’lib aslini olganda og’izdan og’izga o’tib yuruvchi xalq og’zaki ijodidir.Hikoyaga badiiy fon berish, voqiyalar rivojini yuksak kulminatsion nuqtaga ko’tarish, qolaversa bir til bilan aytganda davrga ruh berish faqat Nazar Eshonqulning qo’lidan keladi.

  2. Ассалому алайкум! Ҳамма гап, ҳамма сир ва фалсафий ўйлар чўпчакда-да, Гулнозхон! Бу чўпчакни машҳур оқин Абай ҳамда атоқли адиб, навоийшунос Шайхзода ҳам достон жанрида бадиий талқин қилган. Ҳикояда ёзувчи ўз муддаосини ёритиб берган, анча ғайрат кўрсатган.

  3. «Сибизға воласи» ҳикояси жуда жўн ва содда таҳлил қилинган, йўқ, таҳлил эмас баҳо дейиш мумкин, чунки бу мақолада — «таҳлилга уринишлар»да кўзланган натижага эришилмаган. Гулноза Сатторова ҳикояни мазмун-моҳиятини теран илғамаганлиги боисдан бўлса керак ёзувчини айбдор қилади. ушбу таҳлил ҳикоянинг савиясини, ўқувчилари сонини камайтиради.

Izoh qoldiring