Xurshid Do’stmuhammad. Jajman (To’liq matni) & Adabiyotda kashfiyot bo’lmasa…(Yozuvchi bilan suhbat)

021      ХХ аср ўзбек ҳикоячилигининг энг етук намуналаридан бири сифатида тан олинган «Жажман» ҳикояси уни илк маротиба интернет тизимида тақдим этган сайт хатоси туфайли чала ҳолида эълон қилинган эди. Таниқли ёзувчининг 65 ёшга тўлиши арафасида   хатони тузатиб,   ҳикояни тўлиқ матни ва бир  суҳбатни сизга тавсия этишни ўйладик.

АДАБИЁТДА КАШФИЁТ БЎЛМАСА…
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат
Суҳбатдош: Умид Али
011

— Хуршид ака, буюк шоир Чўлпон бир хиллик ҳар қандай миллий адабиётни таназзулга олиб боришини, бадиий кашфиётларга ошуфта инсон кўнгли ҳамиша янгилик қидиришини ёзган эди. Адабиётимизга разм солсак, довруқ таратиб турган адибу шоирларимиз ўз сўзи, оҳанги, ифода тарзи, услуби билан ажралиб туришади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бири бир олам. Бироқ, муҳими, бу «олам»ларнинг мангуликка дахлдорлигида эмасми? Ахир вақт ва китобхон деган ҳакамлар бор…

— Жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган жуда кўп асарлар ўз даври анъаналаридан воз кечиш, улардан юз ўгириш шарофати ила дунёга келган. Мана шундай изланишлар бўлмаганида бадиий ижод сеҳри сийқалашиб кетган бўлур эди.

Сиз юқорида келтирган фикрни буюк шоир Чўлпон «Улуғ ҳинди» мақоласида ёзганди. Диққат қилинг-а: «Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин. Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил… Кўнгил бошқа нарса қидирадир. Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқийман: қувонтира дир, холос. Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун…»

Буюк бобомиз Чўлпон асрлар оша яшаб келган мумтоз адабиётимизни, ўз даврида катта шуҳрат қозонган бу шоиру фузалоларнинг ижодига кўниколмаган. Улар яратган асарлар бир оҳанг, бир йўл, бир услуб бўлиб туюлган. Бу мумтоз шоирларга тақлид қилмаган холда янги давр адабиётини яратишни, янги оҳанглар, янги услубларда ижод қилиш пайти келганини жар солган. Айни шу даврда адабиётда янги нафаслар уфурганидан қувонган, ижодкорларни янада изланишга, янгиликка чорлаган. Бир хилликдан қутулиш йўлини излаган.

Адабиётда ижодкор ўз ўрнини топиши керак, албатта. Ҳар бир ижодкор янгилик қилиши, ўз оҳанг, услубини яратиши даркор. Ўз олдига шундай мақсад қўйиши керак: адабиётда кашфиёт қилишим зарур!

Ижодкор ёзувчилар асарларини ўқиб, шунга эргашиб, тақлид қилиб, ижод қилса, бу билан узоққа боролмайди. Ўз йўлини тополмайди.

— «Жажман» хикоянгиз адабий жараёнда бир воқеа бўлган эди. Рамзий, ўзига хос услубда ёзилган мазкур асарни ҳар бир китобхон ўзгача идрок қилган бўлса керак. Мохиятан полифоник хусусиятга эга бу ҳикояни бир домламиз ўтмишда ҳукм сурган сиёсий тузумларнинг емирилиб, истиқлол тантана этгани деб тушунганди. Менимча, бу фикр нисбий бўлса керак. Асл моҳиятни, мақсадни ўзингиздан эшитсак… Шунингдек, бу сўз (ЖАЖМАН)ни ҳам изоҳлаб берсангиз.

— Бу ҳикоя юзасидан адабиётшунос олимларимиз, тадқиқотчилар кўп мақолалар ёзишди, тадқиқотлар қилишди. Шу ўринда мазкур ҳикоя бўйича илмий иш қилган, тадқиқотлар олиб борган барча адабиётшуносларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Тўғри, ҳикоя полифоник хусусиятга эга. Ҳар ким ўзича идрок қилиб, ўзича маъно кашф қилиши мумкин. Аммо мақсад, моҳият битта.

«Авесто»да икки куч: эзгулик худоси (Ахурамазда) ва ёвузлик худоси (Ахриман) ўртасида мислсиз жанг боради. Азалдан шундай: эзгулик ва ёвузлик доимий курашда. Алалоқибат эзгулик тантана қилади.

«Жажман» сўзининг изоҳига келсак, адабий учрашувларда, гурунгларда мухлислар шу саволни кўп беришади, аммо мен ҳар гал жавобсиз қолдирганман. Бу — менинг сирим, ҳикоянинг жозибаси шунда. Ўқувчи ўзи ўйлаб топсин.

— Жаҳон тан олган фозил, даҳо инсонларнинг бадиий сиймоси акс этган асарларимиз кўп. Бу анъана ҳазрат Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлардан бошланган ва шу кунларга қадар давом этяпти. Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаевлар ўз ҳикояларида рус адиби Лев Толстой бадиий қиёфасини акс эттирганлар. Сиз ҳам асарларингизда Достоевский, Эдгар По образларини гавдалантиргансиз. Бир вақтлар Кафка, Акутагава, Лев Толстой каби даҳо адиблар образларини яратиш орзуингиз борлигини айтгандингиз…

— Одам шундай табиатга эгаки, у нимага ё кимга меҳр қўйса, муҳаббат боғласа, шу ҳақида кўп маълумотга эга бўлишни, у билан бирга «яшаш»ни, шу жараёндан чиқмасликни истайди. Бу ҳол, айниқса, ижодкорларда сезилади. Мен Достоевский, Эдгар По китобларини ўқиб, шу адибларнинг дунёсида яшаб, улар яратган қаҳрамонлар, образлар билан бирга нафас олдим. Хаёлимда, ўйларида, ҳаттоки тушларимдаям улар билан бирга эдим. Оқибат Досгоевский муҳаббати ва бу буюк муҳаббат меваси — у кўрган фарзанд ҳақида ҳикоя ёзиш истаги туғилди. Эдгар По ҳақидаги фожиа ҳам шу йўсинда ёзилди. Бу анъанани давом эттириш ниятим йўқ эмас.

Навоий, Бобур, Улуғбек, Фурқат ва шу каби кўплаб буюкларимиз сиймолари бадиийлаштирилган, гавдалантирилган асарларимиз бор. Бироқ жаҳонга донғи таралган шахматчилар, бастакорлар, рассомлар, адибу фузалолар образлаштирилган асарлар яратиш мумкин эмасми? Ўзбек ижодкорлари ҳам шулар ҳақида ҳикоя-қиссалар, романлар ёзишса бўлади-ку?

— Ҳозирда кўпчилик жаҳон адабиётига қизиқаяпти, ўқишяпти. Афсуски, бизда жаҳон адабиётининг дурдоналари кам таржима қилинган. Жойс, Пруст, Голсуорси, Акутагава каби жаҳон адибларининг асарлари она тилимизга ўгирилганми?

— Кейинги пайтлар илм аҳли, зиёлиларда негадир лоқайдлик, эътиборсизлик сезиляпти. Кафканинг «Жараён», Нитшенинг «Зардушт таваллоси» асари она тилимизга таржима қилинди. Бу ўзбек адабиётида фавқулодда воқеа. Дўппини осмонга отиб, байрам қилишимиз керак. Тадқиқотчилар, адабиётшуносларимиз бу борада ҳафсаласизлик қилишяпти. Ҳолбуки, шўро даврида бу асарларни топишнинг ўзи амримаҳол эди. Истиқлол шарофати билан бу нодир асарлар таржима қилиняпти, китобхонлар қўлига етиб боряпти.

«Жақон адабиёти» журналида Жойснинг туркум ҳикоялари Ахмад Отабоев таржимасида ўзбек тилида чоп этилди. Иброҳим Ғафуров бу адибнинг кўп шов-шувларга сабаб бўлган «Улисс» асарини таржима қилди.

— Яқинда истеъдодли ижодкор Вафо Файзулло таржимасида австриялик буюк ёзувчи Франц Кафканинг «Жараён» романи китоб ҳолида нашрдан чиқди. Китобда сизнинг сўзбошингиз бор. Адибга эҳтиромингиз чексизлиги билдирилган. Яна қайси адибларга ўзгача меҳр, муҳаббат билан ёндашасиз, такрор-такрор ўқийдиган китобларингиз?

— Адиб Франц Кафканинг асарлари билан танишувим унинг «Эврилиш» («Превращение») ҳикоясидан бошланган. Ҳозир ёдимда йўқ, дўстларимизнинг бирининг қўлида шу ҳикояни кўриб қолганман. Уйга олиб келиб ҳижжалаб ўқиб чиққанман. Ниҳоятда таъсир қилган эди. Франц Кафка бу ҳикоясида инсондан ҳашаротга айланиб қолиш ҳодисасига, эртак, афсона, фантастика деб эмас, реал воқелик сифатида ёндашади. Бу ҳолатни сира иккиланмай том маънодаги ҳаётий воқеа сифатида реалистик ҳикоя тарзига олиб киради.

Шундан сўнг бу адибга ҳурматим ошиб, унинг барча асарларини топиб ўқишга ҳаракат қилдим.

Асарлари мени ҳаяжонга солган, чуқур таассурот қолдирган адиблар кўп: Фолкнер, Хемингуэй, Камю, Акутагава, Пруст….

— «Бозор адабиёти» деган атама пайдо бўлди. Бу азалдан давом этиб келётган жараёнми ё шу кунларда юзага келган ҳолми?

— «Бозор адабиёти»… Бу «адабиёт» Алишер Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлар замонидан буён мавжуд. Буни тақиқлаб ҳам бўлмайди. Шу «санъат»нинг мухлислари бор эканки, фаолият юритяпти. Бу енгил, ўта жўн адабиётнинг санъатга, хусусан, сўз санъатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунингдек, бадҳазм, мураккаб типдаги адабиёт маҳсуллари борки, булар санъатнинг дурдона намуналари сифатида жаҳон миқёсида тан олинган. Марсел Пруст, Камю, Кафка сингари адабиёт дарғаларининг асарлари шу тоифага мансубдир.

Шуниси аёнки, «бозор адабиёти» учун ёзилган асарнинг умри узоққа чўзилмайди.

— Бугунги мутолаа борасидаги фикрингиз ва китоб, адабиёт муҳибларига тилакларингиз.

— Яқинда бир нарсадан ҳайратландим. Бир ёш тадбиркор (номи ёдимда йўқ) Нобел мукофоти совриндори Ўрхун Помуқ асарлари ҳақида илиқ фикрлар айтиб қолди. Таажубландим. Мен бу адибнинг асарларини ҳали ўқиганимча йўқ. Яна ҳайратланарлиси, у асарни дастлаб аслиятда (туркчада), кейин рус тилида мутолаа қилибди.

Озми, кўпми, китоб мутолааси бўлиб турибди. Ҳар ким ўзи хоҳаган китобини топиб ўқияпти.

Мамлакатимизда «Шарқ», «Янги аср авлоди», «Ўзбекистон», «Маънавият», Ғафур Ғулом номидаги ва бошқа кўплаб нашриётлар борки, китобхонлар учун хизмат қиляпти. Одамлар қалбига зиё, нур сочяпти.

Манба: «Бекажон», 2008 йил, 72-сон

Хуршид Дўстмуҳаммад
ЖАЖМАН
034

Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган (1968-1973). Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири (1973-1984), “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир (1986-1995) бўлиб ишлаган.
“Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир (1987-2002). Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири,Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, Олий Мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритди.
1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман”, “Қазо бўлган намоз” ,”Ҳижроним мингдир менинг”, “Бозор”, «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”,»Беозор қушнинг қарғиши» ва бошқа қатор китоблари чоп этилган.
Адиб ўз қаҳрамонларининг руҳий ҳолатларини, фикрий изланишларини таҳлил этишга, унинг энг интим қатламларини тасвирлашга интилади. Психологик тасвирга мойиллиги Фёдор Достоевский , Франс Кафка, Акутагава Рюноске , Гарсиа Маркес сингари жаҳон адабиёти намояндалари услубидан таъсирланганини кўрсатади.

034

056— Ёмоннинг кучи мен япалоққа етибди-да!.. Ҳ-аҳ, сағирри ҳаққи урсин-а!

Тонг саҳарги бу аламли қарғишдан тим ичи оёққа қалкди. Раста устида, остида, қоп-қанорга ёнбошлаб омонат ухлаб ётган кексаю ёш туршакфуруш, ёнғоқ-фуруш, майизфуруш, пистафуруш ва ҳоказо фурушлар уйқули кўзи билан апил-тапил ён-верини пайпаслай кетди, кўнгли жойига тушганлар бирин-сирин оҳ чекаётган жувон теварагига тўплана бошлади. Ҳамдардлар ҳам топилди:

— Кўп обдеме? — сўради улардан бири шанғиллаб.
— Қопни яримлатиб кетибди, — деб пиқиллади жувон,
— Ў, хотинталоқ!..
— Шу аёлди майизини егунча тили ўйилиб тушсин-а.
— Неччи қопиди, опой? — чийиллаб сўради яна бирови.
— Бир қоп… иди… етимчалар насибасидан қайириб опкелгандим.
— Қўлга тушириб, манаши тим шифтига осиш керак! — деди бошқаси дағдаға қилиб.

Тўдадан чеккароқда бошини солинтириб турган Зардушт бобо, бирон ерда пусиб ётган ўғри-каззобнинг гирибонидан олишига имони комилдек, вазмин одимлаб тимнинг этаги томон юрди, икки ёни кета-кетгунча чўзилган раста оралаб бораётиб, кунда-шунда бозорчиларнинг мудраб-керишиб зўр-базўр уйғонаётганини кузатганича ўйлади: «Ҳамма ўзи билан овора… тириклик ташвиши… сотиш, сотиш, сотиш… уюм-уюм писта, бодом, туршагу майизни сотиш, пулга чақиш дардида бари…» Бобо беихтиёр устма-уст тахланган қоп-қанор чўғини чамалади, яна пича юрди, сўнг сотувчи аҳли сийраклашгани боис тим одоғига — деворга етмай изига қайтди. Қайтаётиб… орқа томондан кимдир деворни муштлаётгандек заиф гурсиллаган товушни эшитди. Бобо қордек оппоқ соқолини тутамлаб қулоқ осди, хийла шу кўйи тек тургач, ортиқ эътиборини бўлмай жабрдийда жувон ташвишида келган йўлига қайтди.

Бобонинг растаси тимнинг бошланишида — дарвоза биқинида эди — у нотайин хаёлларга чалғиб жойига келди-да, қопларидан бирининг оғзини очиб, сара майиздан қийиқчасига уч-тўрт кафт солди, олиб бориб жувоннинг яримлаган қопи устига қўйди. Бобонинг изидан майиз келтириб тўкувчилар қаторлашди. Улар ўлимдек бедаво куч олдида ўз ожизликларинн тан олгандек, жувонга сўзсиз ҳамдардлик изҳор қилишар ва бошларини қуйи солинтирганча изларига қайтишарди.

Зардушт бобо растаси ёнига тўшалган кўрпачага ўбдон жойлашиб чўк тушаётиб, бир нарсадан хавотирлангандек: «Ўзинг мададкорсан, Ахурамазда…» деди шивирлаб. Шивирлагани замон соч-соқолидаи, қуюқ қошларидан нур таралди — ён-атрофида бир зум фонус ёниб ўчгандек бўлди… Тўсатдан уч-тўрт устун нарида кап-катта эркак киши беўхшов дўриллаб фарёд кўтарди:
— Уйим куйде!.. Худо урде!..

Бояги безовталикдан сўнг хийла тинчиб қолган тимда яна ғала-ғовур кўтарилди. Яқин-атрофдагилар, жабрдийда жувонга ёрдам бериб қайтаётганлар гуриллаб дод солаётган киши тепасига борди. Элликни уриб қўйган, бўрдоқига боқилган қўйдек биққи семиз туршакфуруш алпанг-жалпанглаб эмаклаганича қават-қават тўшалган кўрпачаларни итқитар, нуқул, «Йўқ!.. Йўқ!.. Шилиб кетибди!», дер, лекин йўқотганини топишдан умидвор шекилли, қалт-қалт титраётган қўллари билан кўрпачаларни қайта-қайта ағдар-тўнтар қилишдан тинмас эди.

— Қанчайди, Қамчевой? — сўради шинаванда бозорчилардан бири.
— Ёстуқ остуга… ёстуғди остуга қўйгандим… — деб ғўлдиради туршакфуруш бошини кўтармай.
— Қанчайди, деёпман? — чийиллади бояги киши.
— Анчайде… ман санамаган… бир даста эди!..
— Ол-а!
— Баракалла-э, Қамчи-э, ёстиқди остига ҳам пул қўядиме, инсон! А, бу…

— Ёстиқнинг остига қўядими, устигами, бу — ҳар кимнинг хоҳиши. Аммо-лекин пулни олдирганимиз эмас, аллақандай зиғирчанинг таъзирини бериб қўяёлмаётганимиз алам қилади одамга!

«Нурингни дариғ тутма!…!» деб юборди Зардушт бобо ўзига-ўзи гапираётгандек ва афт-ангорини кўрмаса-да, гап бошлаган Сўзамол ёнғоқфуруш йигитни овозидан таниб. «Ота ёнғоқфурушнинг ўғли…» деган ўй кечди хаёлидан. Йигит астойдил ёниб-куйиб гапираётганидан халойиқ сукут сақлаб унинг оғзига анграйган эди.

— Кеча икки шўринг қурғур пулини ўғирлатди, — деди Сўзамол йигит, — илгариги куни куппа-кундузи бир халта хандон пистани олдирдик, кеча — пул, мана, бугун яна… ия, муттаҳамлик ҳам эвиминан-да! «Вей, яхшилар, кўзни очайлик!» дейдиган бирон забонлик мард йўғ-а!..

Хаёлга чўмган Зардушт бобонинг кўксига тушган соқоли сезилар-сезилмас титради…

…Саҳар эди, ғира-ширада таҳоратланиб олгач, тимирскиланиб-пайпасланиб расталар орасидаги йўлакчадан ўтаётганида икки газ нарида аллақандай шарпа ғимирлаганини пайқади. Тикилди, кўзи илғамади. Жойига қайтиб чўк тушди — бошини тиззасига солинтириб кўзини юмганича сукутга кетди. Ҳар кунги одатига биноан, мўйсафид хаёлларининг жиловини бўшатди… «Ҳадемай, тонг отади, олам нурга тўлади… Одамлар уйғонади, бозор уйғонади… тим дарвозаси ланг очилади, ғала-ғовур бошланади… тумонат тошиб-шошиб оқиб киради, оқиб чиқади… сотувчи келади, харидор келади, бекорчи келади… чумоли бўлиб келади… чумоли бўлиб чиқади… оёқлар тинмайди, қўллар тинмайди, оғизлар тинмайди… кираверади-чиқаверади, кираверади-чиқаверади… олаётган пулим дейди, сотаётган молим дейди… тирикчилик бани башарнинг тумшуғидан жилов ўтказиб етовга солади… «бозор» дея аталмиш товага солиб айлантиради, айлантираверади… қумурсқа тутганини чангаллайди, тутганини инига ташийди, ташийверади… олиш-сотиш, олиш-сотиш, олиш-сотиш… қўлга, тилга илннган нима нарса борки, сотилади… ё, алҳазар, Ахурамазда!.. Ожизлар оловга муҳтож, Ахурамазда!..

Зардушт бобо чўяндек оғирлашган қовоқларини аранг кўтарди, ёнбошида турган қопга қўл суқиб бир кафт майиз олди, уни ҳовучидан ҳовучига шопириб ўтирди-ўтирди-да, юз бир уқубатда қўзғалди.

У ер-бу ерда ғимирлай бошлаганлар шарпасини илғаб, «Яхшилар тоблансинлар… Яхшилар поклансинлар», деб илтижо қилди ва раста олдига айланиб ўтаётиб икки устун нарида…
— Ёпирай! — деб юборди шошганидан. У турган жойида қотиб қолди, иродасини жамлашга уриниб кўзини пирпиратди — бўлмади. — Ўзинг мадад бер, Ахурамазда!.. — деди пичирлаб. — Не жондорга рўпара қиляпсан, Ахурамазда?!

Бобо бўй-басти бир қарич чиқмайдиган ажабтовур бир махлуқни кўриб худди иркит нарсага кўзи тушиб, нигоҳи булғангандай бирдан сесканган ва кўнглига хатарли бир кўлага соя солган эди, нафаси бўғзига тиқилиб овози чиқмай қолди.
— Жажман!.. Тимга Жажман оралади, яхшилар! – дея олди базўр.

Зардушт бобонинг назарида тимдошлари ҳозироқ оёққа турадию анов махлуқни тутиб тилка-пора қиладигандек, супуриб-супириб тимдан чиқариб ташлайдигандек эди, лекин тимнинг бурчак-бурчакларига урилиб-қалдираб қайтган бобонинг овози ҳеч кимнинг қулоғига кирмади. Бобо ҳушини йиғиб овозининг борича ҳайқирмоқчи — одамларни ҳалокатдан бохабар қилмоқчи эди — шу чоқ махлуқнинг қилиғига кўзи тушди-ю, анг-танг бўлиб қолди — бобо инсон зотининг кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган ҳодисанинг шоҳиди бўлаётган эди.

Махлуқ раста устидаги майиз ёнига обдан нўк тушиб олганча лагандаги ошга қўл чўзаётгандек бемалол майиздан туширар, дамодам қорнидаги қопчиғига бир кафт-икки кафт ташлаб ҳам қўярди.

Бобо ҳийла маҳал махлуқни кузатди, унинг қўли-оғзи тинмас, лекин ҳали-вери тўядиганга ҳам ўхшамас эди. Унинг қандоқ қилиб бировнинг майизини тортинмай-нетмай паққос тушираётганидан бобо ҳайрону лол бўлганича, кўзларига ишонмас, хаёлида эса: «Бу қандай махлуқ ўзи? Бу қандай махлуқ?», деган савол чарх урарди.

Бобо хаёлга чалғиб, махлуқ қачон ва қандай қилиб ерга тушганини пайқамай қолди, фақат унинг сакраб-ирғишлаб дарвоза томон бораётганини кўргачгина, ҳушини йиғди. Бобо шундагина бу ғаройиб жондорнинг башарасини аниқ-тиниқ кўрди — махлуқнинг кўзи, қулоғи, тумшуғи дам сичқонникига, дам тулкиникига ўхшаб, тинимсиз товланар эди… «Олмахон-ку!», деб юборди ичида бобо ва шу заҳоти бошини чайқаб «Тулкиминан сичқондан тарқаган кўринади», деган хаёлга борди, бирпас жим қолгач эса, «Қорни кенгуруники…», деди пичирлаб, лекин махлуқ қаддини ростлаб икки оёқлаб бораётганини кўриб, «Ё одамдан тарқаганмикан?!», деб ўйлади ва беихтиёр шак келтириб қўйгандек шошиб ёқасига туплади…

Орадан аллақанча кун ўтди, қоқ пешин чоғи туршакфурушлар қаторида қий-чув кўтарилди. Оломон гувиллаб ўша ёққа ёпирилди. Ёпирилгани сайин битта-яримта «Нима?», «Нима ўзи?», «Тавба-а!», деган узуқ-юлуқ товушлар эшитилиб турди-да, бирдан ғала-ғовур тинди.

— Тутамиз, тутамиз! — деб бақирди пистафурушлардан бири ҳовлиқиб.
— Тегма, тегмай тур! Кўрайлик-чи! — деб уни шаштидан қайтарди туршакфуруш чол.
— Ҳай, нима ўзи бу? — деб чийиллади қора чопонли мўйсафид. — Сичқонми?
— Одам-ку?

Ҳангоматалаб оломон ваҳ-хаҳолаб тимни бошига кўтарди.
— Жим! Чўчитиб юборасизлар!

Шу пайт махлуқ ҳуркиб, қочиш пайига тушдими, қора чопонли мўйсафид «Қочмоқчи!.. Қочмоқчи!», деди баттар чийиллаб.

Оломон орасида ғовур кўтарилди, тўрт-беш киши ёқалашиб гурпайлашаётгандек эмаклай, юмалай кетди — тўс-тўполон қўпди, қўпдию зумда ҳамма ҳовуридан тушди.
— Қочди! Қочди! — деган нидолар кўпайди.
— Қўлинг тегди-ку! Шуни тутолмадинг-а! — деди бирови ўдағайлаб.
— Қаёққа ғойиб бўлди? Қаёққа? — деди янаям ҳовлиқиб ёнғоқфурушлардан бири.

Тўдадагилар аланг-жаланглаб махлуқ қочган томонни билолмай гарангсиб қолди. Ола-ғовур пасайиб, ҳар ким жой-жойига қайтаётганда «Тутамиз, тутамиз!», деб бақирган пистафуруш қўли махлуққа теккан кишига ёнбош келиб, шипшиди:
— Шу қўл билан одамларга бодом сотасанми энди? Қўлинг ҳаром бўлди-ку!..

Бодомфуруш бу гапга ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай пистафурушга анграйди-ю, қўрққанидан афти қийшайиб кетди. Унинг аҳволини кузатиб турган Зардушт бобо юраги увишиб бошини тебратганича лаб жуфтлади, лекин ҳеч нарса демади…

Тимдагиларга гап топилди. Ётган ҳам, турган ҳам ўша махлуқдан ҳангома қиладиган бўлди.
— Хў-ўп ғалати нарса экан-а? — дейди бирови.
— Бирон ёмонликнинг аломати бўлмасин-да, ишқилиб, — дейди бошқаси юрак ютиб.
— Ёмонлик ҳам гапми, бирон бало-қазонинг уруғи бўлмасин тағин! — дейди ваҳимачиси.
— Ол-а! Шу зиғирча нарса бошлаб кеган бало-қазо нима бўларди!.. Бу — бизга бир эрмак-ку, ҳа-ҳа-ҳа! — деб ҳамманинг кўнглидаги шубҳа-гумонни ҳайдаб чиқарди дали-ғулиси.

Ҳангомага харидорлар ҳам аралаша бошлади.
— Нонвойхонада ҳам ғалати махлуқ пайдо бўлганмиш! — деб гап топиб келди улардан бири.
— Қандолатчилар растасига бурноғи йил оралаган, нимайканини ҳеч зоғ билмайди!
— Эрта-индин бутун бозорга тарқалармиш!..

Бундай узуқ-юлуқ хабарларни эшитган Зардушт бобо маъюс тортди. Ахуразмадага имон келтирди. «Наҳотки бутун бозорга тарқаса…» деб хавотирда ўтирганида тим ичида Ота ёнғоқфурушнинг овози жаранглади:
— Эшитмадим деманглар! Махлуқнинг номи — Жажман! Жажман!.. Эшитмадим деманглар!..

Зардушт бобо бадани увишиб турган эканми, сесканди. Ота ёнғоқфуруш жар солаётган номни қадимда аллақайда эшитганини, эшитган эмас, номаълум жондории ҳо-ов биринчи бор кўрганида ўзи беихтиёр, «Жажман!.. Тимга Жажман оралади, яхшилар!», деб юборганини эслади… Бобо оғир сукутга чўмди… «Ахурамазда аён қилибди… Яхшилар воқиф бўлибди», деди у тин олиб… Яхшилик илоҳининг ҳаққига шукроналар бағишлади…

Бу ёқда туршакфуруш тепасидаги можаро давом этарди.
— Манаши сичқонбашара билан келишайлик. Еганича есин, ангишвонадай қорнига дунёни ютвормас!.. Тўғри, киссага тушгани яхшимас.

Кўса майизфурушнинг эзмаланишидан Сўзамол ёнғоқфуруш тутақди:
— Сизминан биз «яхши-яхшимас» деб ўйимизга етгунча Жажман тимни эмас, бозорни еб битиради! — деди у жеркиб. Сўнг сал ҳовуридан тушиб, овозини пасайтирди: — Тўғри, илгари кўзимизга кўринмаган, у бир сиқим-икки сиқим майиз-туршак егани билан камайиб қолмасдик, «эса ебди-да», дедик. Индамадик. Кейин сезиб-сезмай эркатойимизга айлантирдик…

Зардушт бобонинг юзига майин табассум югурди. Жажман секин-аста тимдагилар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган даврларни эслади.

…Махлуқ кўринди дегунча «Ма, Жажман, ма!», деб унга майиз, писта, ёнғоқ ташлайдиганлар чиқди. Жажман ҳеч кимдан тап тортмас, хаш-паш дегунча «хайр-садақа»ни еб халтасига солиб битирар, туршакни гоҳ данаги билан ютиб юборар, гоҳ қарсиллатиб чақиб, мағизини чапиллатиб чайнар эди. Унинг зиғирдек қўли, бармоқлари, зиғирдек тумшуғию сичқонникидек оғзига, моғор тусидаги митти кўзларига қараб… бозорчилар кулгани кулган эди, бора-бора унинг еб-тўймаслигидан, очофатлигидан юмалаб-юмалаб кулиб, вақтичоғлик қиладиган бўлдилар. «Уни мен тўйдираман! Йўқ, қорни ёрилиб кетгунча мен боқаман уни!», деб баҳс бойлайдиганлар чиқди, лекин ҳар сафар «Тўйдираман!», деб катта кетганлар чув тушаверди, Жажманинг еб-тўймаслиги сирлигича қолаверди…

Кейинроқ Жажман биров чақирмаса ҳам ердан ёриб чиққандек пайдо бўлишни, растага уюлган мева қоқисидан бемалол паққос туширишни одат қилди. Тимдагилар бунга ҳам кўникди, сўнг… ўша кезлар, ким эди-я, ҳа-я, анави Сўзамол ёнғоқфурушнинг бобоси Бобо ёнғоқфуруш Жажманни «Йўқол-э!», деб қувиб солди. Қопдаги ёнғоқни қарсиллатиб чақаётган қувиб солди. Қопдаги ёнғоқни қарсиллатиб чақаётган Жажман пинагини бузмади, ошиқмай-нетмай қопчиғини ёнғоққа тўлдирди-да, «лип» этиб кўздан ғойиб бўлди.

Шу-шу аллақанча маҳалгача қорасини кўрсатмади. Чекка-чеккадан: «Эрмак эди, мана, тим ҳувиллаб қолди», деб таъна қилишди. «Тўртта ёнғоқни кўзингиз қиймаса, ўзимиз боқардик», дея маломат ёғдиришди Бобо ёнғоқфурушга. Бобо ёнғоқфуруш Жажманни қувиб солганига минг пушаймонлар еса-да, сир бой бермади, ёнғоқфурушлар қаторида сўппайиб, шумшайиб юраверди. Зардушт бобо бир-икки унинг жонига оро кирмоққа тутинди, лекин ҳар сафар лаб жуфтлаганида укпардек момиқ соқолига титроқ югурди. Ҳар сафар унинг мўйсафид хаёлларини олис хотиралар олиб қочаверди…

Қадим-қадим-қадимда — болалик чоғларида Оташ момо қучоғида чўпчак тинглаб ором олиб ётарди, савол устига савол ёғдирар, момосини ухлагани қўймас эди… «Момо, момо, — деди Зардушт бола иттифоқо, — туш кўрдим — осмон тўла қузғун боғимизга ёпирилди… бор-шудимизни еб кетди… ёмон қўркдим, моможон». Чеварасини бағрига босиб ётган Оташ момонинг қўлига бехос қалтироқ турди, сўнг момо тасалли айтди:

«Бир осмон эмас, ўн осмон қузғун келгандаям, баракадан қисмасин, қўзим… Ўлатдан асрасин, қирондан асрасин…» Момо жим бўлди, хиёл ўтмай яна сўйлади:

«Ривоят бўлгувчи эди, унда айтилган… юртимизга девлар танда қўярмиш… қўлга илинганини еб битирармиш… егани, тўйганига қаноат қилмай денгизу денгиздай ҳовучини тўлдириб олис ёқларга олиб кетармиш…» Зардушт боланинг кўзи илинган экан, Оташ момосини девнинг ҳовучида кўрди, гўдак юраги ёрилай деди, шунинг баробарида қандайдир куч топиб мовий кўзли девнинг чинор танасидек йўғон билагига ёпишди — тирмашиб-тирмашиб ҳовучга етай деганда ҳовуч ёқасида бошини чангаллаб турган момоси унинг кўксидан итариб юборди… Зардушт бола яна олдинга ташланди, интилди… девнинг билагию ҳовучи ғойиб бўлди… Зардушт бола чинқириб, чириллаб қолди… йиғи аралаш босинқираб кўзини очди, очдию ҳамон момосининг қучоғида ётганини кўрди, «Момо, момо», дея овоз берди бетоқат, «Ухлаб қолибман, девлар сизни ҳовучига солиб олиб қочди», деди ўксий-ўксий ўпкасини босолмай, «Нега ундай бўлди, моможон, қўрқиб кетяпман», деди. Момоси лом-мим демади, сўнг… қайтиб сира-сира уйғонмади…

— Э-э, ади-бади айтишиб ўтирамизми, — деди пулини ўғирлатган пистафурушлардан бири,— Тўғри айтасиз! — деб Сўзамол ёнғоқфурушнинг гапини маъқуллади: — Ўйчи ўйини ўйлагунича бу лаънати бозорни адои-тамом қилади! Жажманни тутамиз-да, жазосини берамиз!

— Шу чоғгача ҳеч зоғ қўлга туширолмади-ю, қандай қилиб жазосини берамиз!—деди туршакфуруш қария.

Сўзамол ёнғоқфуруш қариянинг умидсизланишига қулоқ солмай хулоса ясади:
— Жазосини бергунча, ўлдирамиз қўямиз, вассалом!

Жажманни биринчи бўлиб уриб ҳайдаган одам Сўзамол ёнғоқфурушнинг отаси эди. Бобо ёнғоқфуруш кўп маломатларга чидади. Жажман яна пайдо бўлиб, яна… фурушларнинг пинжига киргани сайин маломатлардан қутула борди… Жажманнинг нафси ҳаккалак отгани етмагандай тимдагиларни очиқ-ойдин калака қиладиган одат чиқарди. Соқоли кўксига тушган чолларнинг елкасига чиқиб олар, уларнинг қулоғидан, мўйлабидан тортқилар, ухлаётганларни қитиқлаб қочар, хириллаб-ҳиринглаб ғалати овоз чиқарар, унинг нима, қандай махлуқ эканини ҳануз ҳеч зоғ билмас, билиш ҳақида бош қотирмас ҳам эди. Шундай кунларнинг бирида Ота ёнғоқфуруш ҳаммани анг-танг қилиб, қопчиғига ёнғоқ тўлдираётган Жажманни қадоқ тош билан уриб ўлдириб қўяёзди. Тош махлуқнинг тумшуғини ялаб ўтди — у орқасига умбалоқ ошиб қулади, қулади-ю ўзини ўнглаб қочиб қолди… ёнғоқфурушлар қаторида тус-тўполон кўтарилди. Ота ёнғоқфурушга ўдағайлаб айюҳаннос солиб келишди. Лекин тимда Ота ёнғоқфурушнинг журъатини маъқуллайдиганлар ҳам топилди… Мана энди Ота ёнғоқфурушнинг ўғли — Сўзамол ёнғоқфуруш оломонни Жажманни ўлдиришга даъват этди. — Ўлдирамиз! Фақат ўлдириб қутуламиз! — деб гапни кесди у.

Тўпланганлар бирдан жимиб қолди, тимда Жажман ўралашганидан буён унга ўлим жазосини бериш хаёлга келган бўлса келгандиру, бировнинг оғзидан чиқмаганди. Сўзамол йигит: «Қани, нима дейсизлар?» дегандек одамларга аланглади. Кимдир: «Ўлдирамиз!» деб пичирлади, яна, яна… ва тўсатдан тим ичини «Ўлдирамиз!» деган хитобу даъват тутди.

Бундай жазони кутмаган битта-яримта … фурушлар демаса, тимдагиларнинг бари оёққа қалқди. Ғовур-ғувур зўрайди. Кутилмаганда издиҳомдан чеккада— раста устида холи ўтирган чопонли жийдафурушнинг залворли, дўрилдоқ овози қўзғалганларни жойида тўхтатди.

— Ҳой, яхшилар, лоақал бобомиздан оқ фотиҳа олишни унутманглар…

Шовқин ўша заҳоти тинди, оёққа қалққан издиҳом Зардушт бобо томон ўгирилди. Сўзамол ёнғоқфуруш тўда олдига ўтиб, бободан ижозат сўраб, саволомуз термилди. Бобо кўзларини қисиб унга тикилди, сўнг ҳудудсиз осмонга кўз югуртирмоқчидек бошини вазмин кўтариб, одамларнинг боши узра тўғрига — тим одоғи томон нигоҳ солди. Чурқ этган сас эшитилмас, жамоат нафас олмай, бобонинг оғзини пойлаётган эди. Бобо рўпарасида илҳақ турган фуқаро дардида Ахурамазданинг ўзидан мадад сўрамоққа лаб жуфтлади, лафз айтишга улгурмай, тим одоғидаги девор ортидан… зорланганнамо гурсиллаган шовқин чалинди қулоғига. Оломон унинг фатвосига илҳақ, бобо эса бирон кимса пайқамаётган бир сирли-синоатли нола қайдан келаётганини билолмай гарангсиб сукутга чўмган эди…

Шу чоқ Зардушт бобонинг ўсиқ қошлари паноҳидаги нурсиз кўзлари илкис чарақлаб кетди, бобо бошини ёнбошга энкайтириб, устун ортига мўралади. Ўша томондан «Мана! Мана!», деган шовқин кўтарилди. Тим ичи алғов-далғов бўлиб кетди. Тўс-тўполон қўпди. Зардушт бобо рўпарасида ҳеч зоғ қолмади. «Мана! Мана!», деб ҳайқирган киши шекилли, икки қатор раста ўртасидаги ялангликка югуриб чиқди-да, «Ана! Анави қопдан олди! Олди!», дея қўлини бигиз қилиб кўрсатганча тисарилаверди. Ёрдамга ошиққанлар у киши кўрсатган қоп тепасига етиб бордилар — қоп оғзи очиқ эди. Қоп-қанорнинг ён-верига тумшуқ суқаётган уч-тўрт чоқли кишининг бирови, «Ана, ур!», деганча ўзини раста устига ташлади. Зардушт бобо шундагина Жажманни кўрди, махлуқ растага тўшалган ўрин устида кавагидан бош чиқариб атрофга қулоқ солаётган кўрсичқондек аланглади-да, лип этиб яна ғойиб бўлди.

Қув-қувчилар кўпайди: кимдир эмаклаб раста остига ўрмалаб кириб кетди, кимдир қоп-қанорни суриб-йиқитишга тушди, уч-тўрттаси қўлига яримта-юримта ғишт парчасини тутганча аланг-жаланг хезланди.

«Жажман қўлга тушса керак», деб ўйлади Зардушт бобо, ўйладию шу заҳоти фикридан қайтди: «Бир ҳамлада қўлга тушадиган бўлса, шу чоққача жон сақлаб юролмасди. Бобонинг кейинги фарази тўғри келди: ҳарчанд қув-қувга қарамай, Жажман қўлга тушмади. У сон-саноқсиз оломон тажовузига парво қилмай, гоҳ у, гоҳ бу раста устида пайдо бўлар, майизми, бодомми, ёнғоқ ё туршакними — бирдек иштаҳа билан митти юҳодек еб, қопчиғига тиқиштирарди. Писта уюмини совураётганида муштдек ғишт парчаси учиб келиб пистани тупроқдек тўзитиб юборди. Жажман шунда ҳам талвасага тушмай, ғойиб бўлди.

Дарвоза туруми шарақлаб харидорлар кира бошлади ҳамки, қув-қув тўхтамади: семизу ориқ, ёшу кекса ҳолдан тойди. Жувон майизини, туршакфуруш пулини ўғирлатганини унутди.
— Ғиштни ким отганди? — сўради ҳарс-ҳарс нафас олаётган шоп мўйловли киши.
— Мен! — деди пучуқ мағизфуруш гердайиб, сўнг афсусланиб қўшиб қўйди: — Мўлжалдан сал хато кетди-да!..

Зардушт бобо тимдошларининг болакайлардек суханбозлигидан кулгиси қистаб, қўлларини орқасига қилганича жойига қайтди, қайтаётиб тим одоғига орқа ўгириб турган бўлса-да, яна гурсиллаган шовқинни эшитди. Ерга қоқилгандек тек туриб бутун вужуди қулоқ бўлиб тинглади: гурс… гурс… гурс… Бобога ер ости гурсиллаётгандек туюлди, беихтиёр оёқ остига разм солди, қулоқ осди… йўқ, гурсиллаётган — одоқдаги тим девори эканлиги аниқ эди…

Бобо жойига ўтиб ўтираётиб, «Дарвозани оча қолинглар» деган маънода қўшни майизфурушга қаради. Дарвоза очилдию тим ичи харидорга тўлди: ғала-ғовур, савдолашишлар, талашиб-тортишишлар бошланди… Зардушт бобо тимдошларига кўз югуртирди, улар гўё ҳаётларида унутилмас қувончли воқеа юз бергандек димоқлари чоғ, руҳлари тетик эди…

Эрталабки ҳодиса бир қанча кунгача оғиздан тушмади:
— Жажман қайтиб қорасини кўрсатмайди! — деди пистафурушлар.
— Ўтакаси ёрилиб ўлди, қанор-панорнинг остидан ўлиги чиқади энди! — деди ёноғоқфурушлар хаҳолаб.
— Зора қутилган бўлсак… — деди жийдафурушлар умид боғлаб.

Зардушт бобо эса мийиғида кулди, унинг назарида Жажманнинг мавжудлиги куну туннинг алмашинишидек муқаррар эди. У фақат бир нарсадан ташвишда, «Жажман ёлғизми, ё унинг уруғи кўпмикан?.. Ёхуд ҳаммаёқни Жажман босиб кетса қандоқ қилади одамлар?», деган ўйнинг охирига етолмасди.

Бунга ҳам бобонинг ўзи жавоб топди…

Саҳарда одатдагидан пича эрта уйғонди, уйғондию кейинги кунларда камуйқу бўлиб бораётгани, ухлаш ором эмас — азобга айланаётгани мулоҳазасини қилди… Одамзод музлик салтанатига банди бўлмас экан, у — ҳаёт… «Ахурамазда, ўзинг мададкорсан!.. — деб шивирлади бобо астойдил. — Ихтиёр ўзингда, Ахурамазда!..»

Бобо ўй оғушида ўрнидан турди, ташқарига йўналган жойида Жажманга кўзи тушди. У пахтали камзулини елкасига омонат ташлаб ётган майизфурушнинг рўпарасида чордона қуриб ўтириб олган, лагандаги ошга қўл чўзгандек бемалол унинг қўйнини кавлаштираётган эди. Маст уйқуда ётган майизфуруш, қитиғи келдими, ғимирлади, кўзини қаттиқроқ юмди, махлуқ эса зиғирдеккина чангалида пайдо бўлган пулни боши узра кўтариб, бобосидан обакидандон ундирган болакайдек сакраб-ирғишлаб, лекин суваракдек сассиз-шовқинсиз югуриб дарвоза ёнига келди. Бобо ҳушини йиғиб улгурмай Жажман деворга суяб тахланган қопларга тармашиб юқорига зипиллаб чиқиб кетди. Дарвоза тепасига етганида ўша ердаги девор туйнугидан ҳар бири сандалдек-сандалдек қўшалоқ ҳовуч пайдо бўлди. Жажман қопчиғини кўтариб ҳовучга ағдарди, устидан чангалидаги пулни ташлади, ҳовучлар шу заҳоти кўздан йўқолди. Жажман ғизиллаб пастга тушди…

Бобо кўз ўнгида содир бўлган воқеани хийла фурсатгача идрок этолмади — манглайида ўлим шарпаси елиб ўтгандай юраги орқага тортди… баҳайбат ҳовучлар, ҳе-э, аллазамонларда — болалик кўзлари тушида кўрган, Оташ момосини олиб қочган ҳовучларнинг ўзгинаси эди…

«Одамлар, воқиф бўлингиз… пойлоқчилик қилингиз. Жажманни қўлга туширингиз», дегиси келди. Зардушт бобо баралла, «Жажман!.. Жажманни тутингиз, яхшилар!», деб ҳайқирганини, аммо ҳайқириғини тимдошларидан ҳеч кимса эшитмаганини эслади — «уларнинг дилини ўзинг нурафшон этгайсан, Ахурамазда!», деди…

Зардушт бобонинг нолалари бесамар кетмади — қув-қув авжга мингани сайин Жажман ҳолдан тоя бошлади, энди у бемалолдан-бемалол нишхўрлик қилмас, бир чўқиб, ўн аланглар, сичқондек қув, олмахондек эпчил бўлиб қолган, нафси ҳаккалак отганидан кун-туннинг фарқига бормай қўйганди. У тўппа-тўсатдан бирор раста устида пайдо бўлар, сотувчи ё харидорларнинг ҳай-ҳайлаб аюҳаннос солишига қарамай, ер кавлаётган юмронқозиқдек икки қўллаб қопчиғини тўлдирар ва одамлар эс-ҳушини ўнглагунича қочиб улгурарди.

«Ҳовучларни тўлдиролмай жони ҳалак!», деган ўй кечди Зардушт бобонинг кўнглидан…

Сўл қатор растадагилар ҳар ерга каламуш қопқон қўйдилар, уни кўрган ўнг қатор растадагилар, «Жажман қопқонга тушмайди», деган хаёлда тешик-туйнук борки, сим тўр қоқиб ташладилар. Бозор эгалари юборган оқ халатли халоскорлар куни бўйи савдони тўхтатиб қўйди, сотувчию харидорларни ташқарига ҳайдаб, тим ичини қўланса исга тўлдирди. «Ўн йилгача Жажманнинг қадами узилади энди!», деган овозалар тарқалди, уч-тўрт кунгача одамлар оғиз-бурнини ёпиб жон сақлади. Жажман эса… тимдаги беҳаловатликларнинг ўзига дахли йўқдек ўша-ўша — кечани кеча, кундузни кундуз демай ўмаришдан толиқмасди, елдек пайдо бўлиб, бировлар қўлидаги пулни юлқиб қочар, унинг изидан ушла-ушла, ур-сур бошланар, натижа эса ҳамишадагидек: Жажман осонгина қутулиб кетарди…

— Сим тўрнинг катагидан сирғалиб ўтди-я! — дейди бирови.
— Ўз кўзимминан кўрдим! — дейди унинг гапини тасдиқлаб бошқаси, — хамирдай чўзилдию зулукдай сирғалиб ўтди-кетди!..
— Қўлим қопчиғига тушиб йиртворай деди-я, аттанг! — дейди яна бирови ҳовлиқиб.
— Кимда-ким қўлга туширса, беминнат ҳадя бор! – деб қолди Сўзамол-ёнғоқфуруш.
— Беминнат ҳадя!..
— Мукофот!.. Мукофот!..

Оғиздан оғизга кўчаётган бу хитобу ҳайқириқлар орасидан Зардушт бобо қулоғига гурсиллаган товуш ҳийла баландроқ, аниқроқ эшитила бошлади. «Вақти-соати яқин…», деди пичирлаб бобо. Ва растаси устида Жажманни кўриб, соқоли асабий титради… Жажман сара сояки майиздан бир кафт олиб оғзига ташлади, шимди… Бобо унинг гуручдек майда, садафдек текис тишларини аниқ-тиниқ кўраётганидан кўзига ишонмаса-да, жондорни қизиқиб бош-оёқ кузатди. — Жажман ўлар ҳолатда ориқ, қўл-оёғи гугурт чўпидек қилтириқ, фақат у чунонам шиддат билан ҳаракат қилар, ҳаш-паш дегунча майиз уюмининг биқинини ўпириб ташлаган эди.

«Еганингча еявер-чи…» деди бобо шивирлаб. Жажманни чўчитиб юбормаслик учун, сўнг махлуқ жон ҳолатда қопчиғини тўлдиришга тушганини кўриб беихтиёр кулимсиради, «Нафсинг бузилгани, кунинг битганиданмикан?..», деб сўради. Жажман бобони мазах қилгандек тиржайди, аслида у талвасага тушган — беҳад ошиқаётган эди…

Бобо куни бўйи саралаган майизига ачинмай қўйгандек эди ҳамки, растанинг олд томонидан пусиб келган ён қўшниси сапчиб қад ростлади-ю, «Ҳў, отангни!..», деганича ўзини майиз аралаш Жажманнинг устига ташлади, яна икки давангирдек майизфуруш унинг устидан ёпирилди. « Жажманнинг абжағи чиқди!», ўйлади бобо.

— Қочди! — деди бўшашиб қўшниси.
— Қандоқ қочди?..
— Қаёққа қочди?!

Жажманнинг устига ташланган майизфурушлар шундай деб ён-верига аланглай кетди. Қўшни майизфуруш кўзларини олайтириб бобога юзланди:
— Кўрдизми? Айтинг, қаёққа йўқолди?! — деб сўради у бўғилиб.

Зардушт бобо мийиғида кулимсираб тураверди.
— Гапирсангиз-чи, қаёққа йўқолди?! — деди азбаройи жон-фиғони чиққанидан ўшқириб қўшниси.

Бобо авзоини бузмади, қоматини адл тутиб, рўпарасида тўдаланганларга сўзсиз қараб тураверди. Тўда катталашди. Қўшни майизфуруш бобонинг бетига ортиқ тик қаролмай, кўзини олиб қочганда, унинг ёнида пайдо бўлган пистафуруш ғазабини яширолмай ўдағайлади:
— Барибир тутамиз!.. Сиз кўмаклашмасангиз ҳам бу аблаҳнинг уруғини қурутамиз!..

«Ҳароратингни дариғ тутма, Ахурамазда!.. Кўнгилларни ўзинг мунаввар қилгайсан…», деди Зардушт бобо ичида илтижо қилиб. Унинг кўксидаги таваллони тим одоғидаги деворнинг гурсиллаши босиб тушди. Мана, мана, ҳозир жамики одамзод қулоғини динг қилади, олди-сотди, ивир-шивирни бас қилади, ёшу кекса тим одоғи томон юз ўгирди….

Ғазабга минган пистафурушнинг тўсатдан ялтоқланиши унинг хаёлини чалғитди:
— Ҳаммасини кўриб турибсиз, айтсангиз бўлмайдими, бобо?! Қандоқ қилсак тутамиз у баччағарни!.. Йўқотайлик, қутулайлик, хотиржам яшайлик ахир!..

У ҳали-замон гапдан тўхтайдиганга ўхшамас эди, шу чоқ қарама-қарши томонда челакнинг қаттиқ шарақлагани эшитилди, кимдир: «Ушладим!», деб қичқирди — оломон гувиллаб ўша ёққа кўчди.

Кўнгли бир ғашликни туйган бобо жойидан қўзғалмади. Оломон ёпирилган томонда ғала-ғовур авжига минди. Ҳамма ёқни: «Ким?.. Ким ушлади?», деган овозлар тутди.
— Мен!.. Мен тутдим!.. Бопладим!.. — деди кимдир мамнун ва қувончдан ўтакаси ёрилгудай бўлиб.

Оломон Жажманни қўлга тушириш бахти насиб этган кимсани кўриш умидида олдинга сурилди. «Ўлдирамиз!..», «Мен ҳам уриб қолай!» деган хитоблар, бақириқ-чақириқлар қулоқни қоматга келтирди. Ва туйқус сукунат чўкиб, Сўзамол ёнғоқфурушнинг ҳаяжонланган, ғолибона овози эшитилди. У растанинг устига чиқиб олган, худди байрамона нутқ ирод қиладигандек, қайчиланган хушбичим мўйлабини силаб-силаб қўйиб сўйлар эди:
— Гап битта — Жажман ўлимга маҳкум! Вассалом!

Оломон гувиллаб унинг ҳукмини маъқуллади. Ёнғоқфуруш йигит худди туя сўймоқчидек ҳафсала билан енгларини шимарди, челак устига энгашди, тўдалашганлар давра ясаб, уни ўртага олдилар. Ким қадоқ тош, ким ғишт парчаси, ким сўйил тутган — ҳамма шай эди.

Сўзамол ёнғоқфуруш челак остига қўл суқди — йиғилганларнинг кўзи олма-кесак терар, қасос чоғи етганидан нафрат ҳамманинг кўзига, қўлига кўчган эди — челак шарақлаб ағдарилди-ю, ёнғоқфуруш йигит чўғ ушлаб олгандек қўлини силтаб тортди.
— Тишлади! — деди у жон ҳолатда бақириб.

Челак остидан чиқиб олган Жажман қочишга чоғланиб улгурмай, учи айри сўйил уни ерга қапиштириб қўйди. Буни кўрганлар «Ўлди-и!», деб улгурмай, Жажман айри остидан сирғалиб чикди, бир силкиндию ўзини оёқлар орасига урди — ўтолмай орқасига қайтди, қайтган жойида бошига муштдек қадоқ тош тушди — Жажман йиқилиб, ерга чўзилди, «Ўлди!.. Ўлди!..» деб юборди оломон. Лекин Жажманга жин ҳам урмаганди, у яна оёққа турди, қўлчалари билан қопчиғининг оғзини тутганича дикирлаб олдинги қаторда турганлардан бирининг елкасига сакраб чиқди — қий-чув кўтарилди. Жажман лип этиб, дикирлаб бошдан бошга, елкадан елкага ўта-ўта бориб нима бўлдию яна оёқлар остига — тўда орасига тушиб қолди. Кимдир уни қаттиқ тепди. Жажман ердан икки қулоч кўтарилиб, ерга чалпакдек бўлиб тушди, тушдию бояги учи айри сўйил уни яна ерга қапиштирди… «Бос! Бос!», деб ҳайқирди оломон гуриллаб, бироқ сўйилнинг учи худди муз устида тойиб кетгандек сурилди. Жажман айри остидан сирғалиб чиқди, чиқдию қаддини ростлай олмади — чамаси айрининг зарбидан унинг бели майишиб кетган эди.

— Ўзинг огоҳ бўл, Ахурамазда! — деб кўзларини юмди Зардушт бобо. — Ўзинг огоҳ бўл!..

Тим одоғи томонидан эшитилаётган зорланувчи, ёлборувчан гурсиллаш дўқ-иддаога айланиб, бобонинг шивирини, унга қўшиб оломоннинг шовқинини босиб тушди. Зардушт бобонинг кўнгли оғир нохушликни сезиб, кўз олди қоронғулашди, мияси ғувиллади… тим шифтига қапишган учбошли Ахриман кўзларидан совуқ булут пуркаб Ахурамазда устига ташланди. Ахурамазда оёқда туролмай, ёнбошига ағдарилди, ағдарилаётган жойида оғзини ўрадек очган Ахриманнинг башарасига ўт пуркади, Ахриман сапчиб шифтга кўтарилди. Ахурамазда қаддини ростлай деганда Ахриманнинг оғзидан пуркалган булутлар орасидан бир, икки, яна, яна Жажманлар дикирлаб чиқиб кела бошлади. Ахурамазда уларга ҳам олов пуркади. Жажманлар куймади, Ахурамазда ўт-оташга дош берадиган жондорни кўрмаган эди — босиб-босиб олов пуркади — Жажманлар алангаи оташда яйраб-яйраб ҳузур қилаётгандек ирғишлар, бу етмагандай, Ахурамазданинг елкасига, бошига чиқиб тушар, тинимсиз қандайдир товуш чиқарар эди. Шифтга қапишган уч бошли Ахриман оламни бошига кўтариб хахолади…

— Огоҳ бўл, огоҳ, Ахурамазда! — деб кўзларини баттар юмди Зардушт бобо турган жойидан қимирламай. — Ахриман ўлмаган, Ахурамазда!.. Огоҳ бўлгайсизлар, яхшилар, огоҳ!.. Ахура…

Бобо эзгулик тангрисининг номини айтиб улгурмай, осмонўпар қоятош ағдарилгандек нимадир беўхшов гумбирлади, шунинг баробарида оломон орасидан отилиб чиққан аянчли чинқириқ қулоққа найзадек қадалди, кейинидан, «Қочди!.. Қочди!..», деган шовқин кўтарилдию талотўп қўпди — ўн чоғли киши устма-уст ерга ташланди. Чалажон Жажман шунда ҳам таслим бўлмасди: девдек-девдек бесўнақай одамлар остида ерга чаплашгудек чўзилар, одамлар енгил нафас олган заҳоти дик этиб қаддини ростлар — қочишга чоғланар — яна издиҳом пойи остида қоларди…

Нафаси бўғзига тиқилиб, толиққанлар талотўпдан узилиб, орқада судралар, улар ўрнини бошқалар эгаллар — Жажманга тинимсиз, беаёв калтак-мушт ёғдирар — Жажман ҳар сафар ўзини ўнглаб олар, худди калтак остида қолганини сезмагандек, ҳамон кўзлари олма-кесак терар — афтидан қўлига илинадиган нарса қидирар — шундай бўлса-да, унинг ҳолдан тояётгани, юришлари тобора сустлашаётгани, қаддини тутолмаётгани сезилаётган — оломон зўр келаётган эди… Ва ниҳоят!.. Ниҳоят… бирдан ур-сур тўхтади, «ҳою-ҳай-ҳай»лар тинчди, тим ичига сув қуйгандек жимлик чўкди… У ер-бу ерда юмалаб, эмаклаб Жажманни дўппослаганлар бирин-сирин оёққа турди ва… Сўзамол ёнғоқфуруш Жажманнинг калта думидан тутиб чалажон танани боши узра кўтарди.

— Ҳу-у, тўнғиз қўпгур! — деб юборди кимдир.
— Ўлгани рост бўлсин-а!— деди яна биров севиниб.
— Бир томчи қони чиқмади-я, тавба-а!..
— Худо адашиб яратиб қўйган бу баччағарди, қон ҳайф унга!..

Оломон орасида кулги кўтарилди. Текинхўр балосидан қутилган аламзадалар қучоқлашган, ўпишган,йиғлаган… қуёш бу кун тимнинг ичидан кўкка кўтарилаётган эди…

Ёнғоқфуруш йигит махлуқнинг жасадини кўтариб турганича тимдошларига қарата яна сўз айтди:
— Ёмоннинг куни битди, биродарлар!..

Жажманнинг қопчиғидан қолган-қутган майиз, писта қолдиқлари тўкилди. Оломон уни кўриб кулиб юборди, бироқ шу пайт… Жажман тилга кирди:
— Ло… кила!.. Локил…ла!..

Сўзамол ёнғоқфуруш чўчиб Жажманнинг жонсиз танасини ирғитиб юборди, сакраб ўзини орқага ташлади, ҳангу манг бўлган оломон шамдек қотди. Тим ичи шунчалик жимжит бўлиб қолдики, азборойи, Жажман жон бераётиб базўр такрорлаган бир оғиз сўз ҳамон ҳавода таралиб эшитилиб турарди. Оломон худди осмондан одамларнинг эсини оғдириб қўядиган сас ёпирилиб келаётгандек, талвасага тушди.

— Зардушт бобо…
— Зардушт…
— Бобо…

— Зардушт бобо!!!— деб юборди оломон бир овоздан илтижо қилиб — издиҳом кўчкидек сурилиб, бобо томон силжиди. Зардушт бобонинг эса қулоғи том битган — эшитмас, рўпарасида умидвор тикилиб турган издиҳомни кўзлари кўрмас — бошини ғоз тутганича тўғрига — тим одоғи томон юз тутиб турарди. Шу пайт…шу пайт…тим одоғидаги девор тепасидан катта-кичик кесак-гувалалар кўчиб, дўпирлаб ерга туша бошлади — тим ичи чанг-тўзонга тўлди… Деворга яқин турганлар аранг ўзини четга олишга улгурди, тумонат бўридан ҳурккан сурувдек бир бурчакка ғуж бўлиб қисилди, оломон кўзлари ола-кулалашиб, тим одоғига анграйди… Шу кўзлар, шу нигоҳлар ўнгида тўзон босилди, босилди ва деворнинг тепасида ўранинг оғзидек қора туйнук кўринди… қандай ҳодиса юз бераётганига фаҳми етмаган оломон ҳанг-манг бўлганича қотиб турар, бирор зот қилт этишга журъат тополмасди ўзида… Ана шунда қора туйнукдан бир жуфт баҳайбат ҳовуч кўринди… ҳовучлар ичкарига суқилиб кирдию улардан ҳозиргина базўр, минг бир азобда ўлдирилган Жажманга икки томчи сувдек ўхшаш бошқа бир Жажман сакраб ерга тушди, фақат у олдингисидан ҳийла дуркунроқ — бўйи икки қарич эди…

073

ADABIYOTDA KASHFIYOT BO’LMASA…
Yozuvchi Xurshid Do’stmuhammad bilan suhbat
Suhbatdosh: Umid Ali
011

— Xurshid aka, buyuk shoir Cho’lpon bir xillik har qanday milliy adabiyotni tanazzulga olib borishini, badiiy kashfiyotlarga oshufta inson ko’ngli hamisha yangilik qidirishini yozgan edi. Adabiyotimizga razm solsak, dovruq taratib turgan adibu shoirlarimiz o’z so’zi, ohangi, ifoda tarzi, uslubi bilan ajralib turishadi. Bir so’z bilan aytganda, har biri bir olam. Biroq, muhimi, bu «olam»larning mangulikka daxldorligida emasmi? Axir vaqt va kitobxon degan hakamlar bor…

— Jahon adabiyotida o’chmas iz qoldirgan juda ko’p asarlar o’z davri an’analaridan voz kechish, ulardan yuz o’girish sharofati ila dunyoga kelgan. Mana shunday izlanishlar bo’lmaganida badiiy ijod sehri siyqalashib ketgan bo’lur edi.

Siz yuqorida keltirgan fikrni buyuk shoir Cho’lpon «Ulug’ hindi» maqolasida yozgandi. Diqqat qiling-a: «O’zimning yo’lsizligimdan biroz so’zlab o’tayin. Navoiy, Lutfiy, Boyqaro, Mashrab, Umarxon, Fazliy, Furqat, Muqimiylarni o’qiyman: bir xil, bir xil, bir xil… Ko’ngil boshqa narsa qidiradir. Botu, G’ayratiy, Oltoy, Oybek, Julqunboylarni o’qiyman: quvontira dir, xolos. Ular mening uchun yong’on chiroqlar bo’lsa ham mening ertam uchun…»

Buyuk bobomiz Cho’lpon asrlar osha yashab kelgan mumtoz adabiyotimizni, o’z davrida katta shuhrat qozongan bu shoiru fuzalolarning ijodiga ko’nikolmagan. Ular yaratgan asarlar bir ohang, bir yo’l, bir uslub bo’lib tuyulgan. Bu mumtoz shoirlarga taqlid qilmagan xolda yangi davr adabiyotini yaratishni, yangi ohanglar, yangi uslublarda ijod qilish payti kelganini jar solgan. Ayni shu davrda adabiyotda yangi nafaslar ufurganidan quvongan, ijodkorlarni yanada izlanishga, yangilikka chorlagan. Bir xillikdan qutulish yo’lini izlagan.

Adabiyotda ijodkor o’z o’rnini topishi kerak, albatta. Har bir ijodkor yangilik qilishi, o’z ohang, uslubini yaratishi darkor. O’z oldiga shunday maqsad qo’yishi kerak: adabiyotda kashfiyot qilishim zarur!

Ijodkor yozuvchilar asarlarini o’qib, shunga ergashib, taqlid qilib, ijod qilsa, bu bilan uzoqqa borolmaydi. O’z yo’lini topolmaydi.

— «Jajman» xikoyangiz adabiy jarayonda bir voqea bo’lgan edi. Ramziy, o’ziga xos uslubda yozilgan mazkur asarni har bir kitobxon o’zgacha idrok qilgan bo’lsa kerak. Moxiyatan polifonik xususiyatga ega bu hikoyani bir domlamiz o’tmishda hukm surgan siyosiy tuzumlarning yemirilib, istiqlol tantana etgani deb tushungandi. Menimcha, bu fikr nisbiy bo’lsa kerak. Asl mohiyatni, maqsadni o’zingizdan eshitsak… Shuningdek, bu so’z (JAJMAN)ni ham izohlab bersangiz.

— Bu hikoya yuzasidan adabiyotshunos olimlarimiz, tadqiqotchilar ko’p maqolalar yozishdi, tadqiqotlar qilishdi. Shu o’rinda mazkur hikoya bo’yicha ilmiy ish qilgan, tadqiqotlar olib borgan barcha adabiyotshunoslarga o’z minnatdorchiligimni bildiraman.

To’g’ri, hikoya polifonik xususiyatga ega. Har kim o’zicha idrok qilib, o’zicha ma’no kashf qilishi mumkin. Ammo maqsad, mohiyat bitta.

«Avesto»da ikki kuch: ezgulik xudosi (Axuramazda) va yovuzlik xudosi (Axriman) o’rtasida mislsiz jang boradi. Azaldan shunday: ezgulik va yovuzlik doimiy kurashda. Alaloqibat ezgulik tantana qiladi.

«Jajman» so’zining izohiga kelsak, adabiy uchrashuvlarda, gurunglarda muxlislar shu savolni ko’p berishadi, ammo men har gal javobsiz qoldirganman. Bu — mening sirim, hikoyaning jozibasi shunda. O’quvchi o’zi o’ylab topsin.

— Jahon tan olgan fozil, daho insonlarning badiiy siymosi aks etgan asarlarimiz ko’p. Bu an’ana hazrat Navoiy, undan oldin o’tgan ijodkorlardan boshlangan va shu kunlarga qadar davom etyapti. Asqad Muxtor, Shukur Xolmirzaevlar o’z hikoyalarida rus adibi Lev Tolstoy badiiy qiyofasini aks ettirganlar. Siz ham asarlaringizda Dostoevskiy, Edgar Po obrazlarini gavdalantirgansiz. Bir vaqtlar Kafka, Akutagava, Lev Tolstoy kabi daho adiblar obrazlarini yaratish orzuingiz borligini aytgandingiz…

— Odam shunday tabiatga egaki, u nimaga yo kimga mehr qo’ysa, muhabbat bog’lasa, shu haqida ko’p ma’lumotga ega bo’lishni, u bilan birga «yashash»ni, shu jarayondan chiqmaslikni istaydi. Bu hol, ayniqsa, ijodkorlarda seziladi. Men Dostoevskiy, Edgar Po kitoblarini o’qib, shu adiblarning dunyosida yashab, ular yaratgan qahramonlar, obrazlar bilan birga nafas oldim. Xayolimda, o’ylarida, hattoki tushlarimdayam ular bilan birga edim. Oqibat Dosgoevskiy muhabbati va bu buyuk muhabbat mevasi — u ko’rgan farzand haqida hikoya yozish istagi tug’ildi. Edgar Po haqidagi fojia ham shu yo’sinda yozildi. Bu an’anani davom ettirish niyatim yo’q emas.

Navoiy, Bobur, Ulug’bek, Furqat va shu kabi ko’plab buyuklarimiz siymolari badiiylashtirilgan, gavdalantirilgan asarlarimiz bor. Biroq jahonga dong’i taralgan shaxmatchilar, bastakorlar, rassomlar, adibu fuzalolar obrazlashtirilgan asarlar yaratish mumkin emasmi? O’zbek ijodkorlari ham shular haqida hikoya-qissalar, romanlar yozishsa bo’ladi-ku?

— Hozirda ko’pchilik jahon adabiyotiga qiziqayapti, o’qishyapti. Afsuski, bizda jahon adabiyotining durdonalari kam tarjima qilingan. Joys, Prust, Golsuorsi, Akutagava kabi jahon adiblarining asarlari ona tilimizga o’girilganmi?

— Keyingi paytlar ilm ahli, ziyolilarda negadir loqaydlik, e’tiborsizlik sezilyapti. Kafkaning «Jarayon», Nitshening «Zardusht tavallosi» asari ona tilimizga tarjima qilindi. Bu o’zbek adabiyotida favqulodda voqea. Do’ppini osmonga otib, bayram qilishimiz kerak. Tadqiqotchilar, adabiyotshunoslarimiz bu borada hafsalasizlik qilishyapti. Holbuki, sho’ro davrida bu asarlarni topishning o’zi amrimahol edi. Istiqlol sharofati bilan bu nodir asarlar tarjima qilinyapti, kitobxonlar qo’liga yetib boryapti.

«Jaqon adabiyoti» jurnalida Joysning turkum hikoyalari Axmad Otaboev tarjimasida o’zbek tilida chop etildi. Ibrohim G’afurov bu adibning ko’p shov-shuvlarga sabab bo’lgan «Uliss» asarini tarjima qildi.

— Yaqinda iste’dodli ijodkor Vafo Fayzullo tarjimasida avstriyalik buyuk yozuvchi Frants Kafkaning «Jarayon» romani kitob holida nashrdan chiqdi. Kitobda sizning so’zboshingiz bor. Adibga ehtiromingiz cheksizligi bildirilgan. Yana qaysi adiblarga o’zgacha mehr, muhabbat bilan yondashasiz, takror-takror o’qiydigan kitoblaringiz?

— Adib Frants Kafkaning asarlari bilan tanishuvim uning «Evrilish» («Prevrashenie») hikoyasidan boshlangan. Hozir yodimda yo’q, do’stlarimizning birining qo’lida shu hikoyani ko’rib qolganman. Uyga olib kelib hijjalab o’qib chiqqanman. Nihoyatda ta’sir qilgan edi. Frants Kafka bu hikoyasida insondan hasharotga aylanib qolish hodisasiga, ertak, afsona, fantastika deb emas, real voqelik sifatida yondashadi. Bu holatni sira ikkilanmay tom ma’nodagi hayotiy voqea sifatida realistik hikoya tarziga olib kiradi.

Shundan so’ng bu adibga hurmatim oshib, uning barcha asarlarini topib o’qishga harakat qildim.

Asarlari meni hayajonga solgan, chuqur taassurot qoldirgan adiblar ko’p: Folkner, Xeminguey, Kamyu, Akutagava, Prust….

— «Bozor adabiyoti» degan atama paydo bo’ldi. Bu azaldan davom etib kelyotgan jarayonmi yo shu kunlarda yuzaga kelgan holmi?

— «Bozor adabiyoti»… Bu «adabiyot» Alisher Navoiy, undan oldin o’tgan ijodkorlar zamonidan buyon mavjud. Buni taqiqlab ham bo’lmaydi. Shu «san’at»ning muxlislari bor ekanki, faoliyat yurityapti. Bu yengil, o’ta jo’n adabiyotning san’atga, xususan, so’z san’atiga hech qanday aloqasi yo’q. Shuningdek, badhazm, murakkab tipdagi adabiyot mahsullari borki, bular san’atning durdona namunalari sifatida jahon miqyosida tan olingan. Marsel Prust, Kamyu, Kafka singari adabiyot darg’alarining asarlari shu toifaga mansubdir.

Shunisi ayonki, «bozor adabiyoti» uchun yozilgan asarning umri uzoqqa cho’zilmaydi.

— Bugungi mutolaa borasidagi fikringiz va kitob, adabiyot muhiblariga tilaklaringiz.

— Yaqinda bir narsadan hayratlandim. Bir yosh tadbirkor (nomi yodimda yo’q) Nobel mukofoti sovrindori O’rxun Pomuq asarlari haqida iliq fikrlar aytib qoldi. Taajublandim. Men bu adibning asarlarini hali o’qiganimcha yo’q. Yana hayratlanarlisi, u asarni dastlab asliyatda (turkchada), keyin rus tilida mutolaa qilibdi.

Ozmi, ko’pmi, kitob mutolaasi bo’lib turibdi. Har kim o’zi xohagan kitobini topib o’qiyapti.

Mamlakatimizda «Sharq», «Yangi asr avlodi», «O’zbekiston», «Ma’naviyat», G’afur G’ulom nomidagi va boshqa ko’plab nashriyotlar borki, kitobxonlar uchun xizmat qilyapti. Odamlar qalbiga ziyo, nur sochyapti.

Manba: «Bekajon», 2008 yil, 72-son

099

Xurshid Do’stmuhammad
JAJMAN
034

Xurshid Do’stmuhammad 1951 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) Jurnalistika fakultetini tamomlagan (1968-1973). Filologiya fanlari doktori. “Fan va turmush” jurnalida bo’lim muharriri (1973-1984), “Yosh kuch” jurnalida bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari, bosh muharrir (1986-1995) bo’lib ishlagan.“Hurriyat” mustaqil gazetasiga bosh muharrir (1987-2002). O’zbekiston Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo’llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg’armasi hamraisi, “O’zbekiston matbuoti” jurnali bosh muharriri,O’zbekiston Oliy Majlisi deputati, Oliy Majlis qo’mitasi raisi sifatida faoliyat yuritdi.
1980 yildan buyon matbuotda hikoya va qissalari, romani, ocherk, badia, adabiyotshunoslikka oid maqollari bilan qatnashadi. Uning “Hovli etagidagi uy” , “Jajman”, “Qazo bo’lgan namoz” ,”Hijronim mingdir mening”, “Bozor”, «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari”,»Beozor qushning qarg’ishi» va boshqa qator kitoblari chop etilgan.
Adib o’z qahramonlarining ruhiy holatlarini, fikriy izlanishlarini tahlil etishga, uning eng intim qatlamlarini tasvirlashga intiladi. Psixologik tasvirga moyilligi Fyodor Dostoevskiy , Frans Kafka, Akutagava Ryunoske , Garsia Markes singari jahon adabiyoti namoyandalari uslubidan ta’sirlanganini ko’rsatadi.

034

056— Yomonning kuchi men yapaloqqa yetibdi-da!..
H-ah, sag’irri haqqi ursin-a!

Tong sahargi bu alamli qarg’ishdan tim ichi oyoqqa qalkdi. Rasta ustida, ostida, qop-qanorga yonboshlab omonat uxlab yotgan keksayu yosh turshakfurush, yong’oq-furush, mayizfurush, pistafurush va hokazo furushlar uyquli ko’zi bilan apil-tapil yon-verini paypaslay ketdi, ko’ngli joyiga tushganlar birin-sirin oh chekayotgan juvon tevaragiga to’plana boshladi. Hamdardlar ham topildi:

— Ko’p obdeme? — so’radi ulardan biri shang’illab.
— Qopni yarimlatib ketibdi, — deb piqilladi juvon,
— O’, xotintaloq!..
— Shu ayoldi mayizini yeguncha tili o’yilib tushsin-a.
— Nechchi qopidi, opoy? — chiyillab so’radi yana birovi.
— Bir qop… idi… yetimchalar nasibasidan qayirib opkelgandim.
— Qo’lga tushirib, manashi tim shiftiga osish kerak! — dedi boshqasi dag’dag’a qilib.

To’dadan chekkaroqda boshini solintirib turgan Zardusht bobo, biron yerda pusib yotgan o’g’ri-kazzobning giribonidan olishiga imoni komildek, vazmin odimlab timning etagi tomon yurdi, ikki yoni keta-ketguncha cho’zilgan rasta oralab borayotib, kunda-shunda bozorchilarning mudrab-kerishib zo’r-bazo’r uyg’onayotganini kuzatganicha o’yladi: «Hamma o’zi bilan ovora… tiriklik tashvishi… sotish, sotish, sotish… uyum-uyum pista, bodom, turshagu mayizni sotish, pulga chaqish dardida bari…» Bobo beixtiyor ustma-ust taxlangan qop-qanor cho’g’ini chamaladi, yana picha yurdi, so’ng sotuvchi ahli siyraklashgani bois tim odog’iga — devorga yetmay iziga qaytdi. Qaytayotib… orqa tomondan kimdir devorni mushtlayotgandek zaif gursillagan tovushni eshitdi. Bobo qordek oppoq soqolini tutamlab quloq osdi, xiyla shu ko’yi tek turgach, ortiq e’tiborini bo’lmay jabrdiyda juvon tashvishida kelgan yo’liga qaytdi.

Boboning rastasi timning boshlanishida — darvoza biqinida edi — u notayin xayollarga chalg’ib joyiga keldi-da, qoplaridan birining og’zini ochib, sara mayizdan qiyiqchasiga uch-to’rt kaft soldi, olib borib juvonning yarimlagan qopi ustiga qo’ydi. Boboning izidan mayiz keltirib to’kuvchilar qatorlashdi. Ular o’limdek bedavo kuch oldida o’z ojizliklarinn tan olgandek, juvonga so’zsiz hamdardlik izhor qilishar va boshlarini quyi solintirgancha izlariga qaytishardi.

Zardusht bobo rastasi yoniga to’shalgan ko’rpachaga o’bdon joylashib cho’k tushayotib, bir narsadan xavotirlangandek: «O’zing madadkorsan, Axuramazda…» dedi shivirlab. Shivirlagani zamon soch-soqolidai, quyuq qoshlaridan nur taraldi — yon-atrofida bir zum fonus yonib o’chgandek bo’ldi… To’satdan uch-to’rt ustun narida kap-katta erkak kishi beo’xshov do’rillab faryod ko’tardi:
— Uyim kuyde!.. Xudo urde!..

Boyagi bezovtalikdan so’ng xiyla tinchib qolgan timda yana g’ala-g’ovur ko’tarildi. Yaqin-atrofdagilar, jabrdiyda juvonga yordam berib qaytayotganlar gurillab dod solayotgan kishi tepasiga bordi. Ellikni urib qo’ygan, bo’rdoqiga boqilgan qo’ydek biqqi semiz turshakfurush alpang-jalpanglab emaklaganicha qavat-qavat to’shalgan ko’rpachalarni itqitar, nuqul, «Yo’q!.. Yo’q!.. Shilib ketibdi!», der, lekin yo’qotganini topishdan umidvor shekilli, qalt-qalt titrayotgan qo’llari bilan ko’rpachalarni qayta-qayta ag’dar-to’ntar qilishdan tinmas edi.

— Qanchaydi, Qamchevoy? — so’radi shinavanda bozorchilardan biri.
— Yostuq ostuga… yostug’di ostuga qo’ygandim… — deb g’o’ldiradi turshakfurush boshini ko’tarmay.
— Qanchaydi, deyopman? — chiyilladi boyagi kishi.
— Anchayde… man sanamagan… bir dasta edi!..
— Ol-a!
— Barakalla-e, Qamchi-e, yostiqdi ostiga ham pul qo’yadime, inson! A, bu…

— Yostiqning ostiga qo’yadimi, ustigami, bu — har kimning xohishi. Ammo-lekin pulni oldirganimiz emas, allaqanday zig’irchaning ta’zirini berib qo’yayolmayotganimiz alam qiladi odamga!

«Nuringni darig’ tutma!…!» deb yubordi Zardusht bobo o’ziga-o’zi gapirayotgandek va aft-angorini ko’rmasa-da, gap boshlagan So’zamol yong’oqfurush yigitni ovozidan tanib. «Ota yong’oqfurushning o’g’li…» degan o’y kechdi xayolidan. Yigit astoydil yonib-kuyib gapirayotganidan xaloyiq sukut saqlab uning og’ziga angraygan edi.

— Kecha ikki sho’ring qurg’ur pulini o’g’irlatdi, — dedi So’zamol yigit, — ilgarigi kuni kuppa-kunduzi bir xalta xandon pistani oldirdik, kecha — pul, mana, bugun yana… iya, muttahamlik ham eviminan-da! «Vey, yaxshilar, ko’zni ochaylik!» deydigan biron zabonlik mard yo’g’-a!..

Xayolga cho’mgan Zardusht boboning ko’ksiga tushgan soqoli sezilar-sezilmas titradi…

…Sahar edi, g’ira-shirada tahoratlanib olgach, timirskilanib-paypaslanib rastalar orasidagi yo’lakchadan o’tayotganida ikki gaz narida allaqanday sharpa g’imirlaganini payqadi. Tikildi, ko’zi ilg’amadi. Joyiga qaytib cho’k tushdi — boshini tizzasiga solintirib ko’zini yumganicha sukutga ketdi. Har kungi odatiga binoan, mo’ysafid xayollarining jilovini bo’shatdi… «Hademay, tong otadi, olam nurga to’ladi… Odamlar uyg’onadi, bozor uyg’onadi… tim darvozasi lang ochiladi, g’ala-g’ovur boshlanadi… tumonat toshib-shoshib oqib kiradi, oqib chiqadi… sotuvchi keladi, xaridor keladi, bekorchi keladi… chumoli bo’lib keladi… chumoli bo’lib chiqadi… oyoqlar tinmaydi, qo’llar tinmaydi, og’izlar tinmaydi… kiraveradi-chiqaveradi, kiraveradi-chiqaveradi… olayotgan pulim deydi, sotayotgan molim deydi… tirikchilik bani basharning tumshug’idan jilov o’tkazib yetovga soladi… «bozor» deya atalmish tovaga solib aylantiradi, aylantiraveradi… qumursqa tutganini changallaydi, tutganini iniga tashiydi, tashiyveradi… olish-sotish, olish-sotish, olish-sotish… qo’lga, tilga ilnngan nima narsa borki, sotiladi… yo, alhazar, Axuramazda!.. Ojizlar olovga muhtoj, Axuramazda!..

Zardusht bobo cho’yandek og’irlashgan qovoqlarini arang ko’tardi, yonboshida turgan qopga qo’l suqib bir kaft mayiz oldi, uni hovuchidan hovuchiga shopirib o’tirdi-o’tirdi-da, yuz bir uqubatda qo’zg’aldi.

U yer-bu yerda g’imirlay boshlaganlar sharpasini ilg’ab, «Yaxshilar toblansinlar… Yaxshilar poklansinlar», deb iltijo qildi va rasta oldiga aylanib o’tayotib ikki ustun narida…
— Yopiray! — deb yubordi shoshganidan. U turgan joyida qotib qoldi, irodasini jamlashga urinib ko’zini pirpiratdi — bo’lmadi. — O’zing madad ber, Axuramazda!.. — dedi pichirlab. — Ne jondorga ro’para qilyapsan,
Axuramazda?!

Bobo bo’y-basti bir qarich chiqmaydigan ajabtovur bir maxluqni ko’rib xuddi irkit narsaga ko’zi tushib, nigohi bulg’anganday birdan seskangan va ko’ngliga xatarli bir ko’laga soya solgan edi, nafasi bo’g’ziga tiqilib ovozi chiqmay qoldi.
— Jajman!.. Timga Jajman oraladi, yaxshilar! – deya oldi bazo’r.

Zardusht boboning nazarida timdoshlari hoziroq oyoqqa turadiyu anov maxluqni tutib tilka-pora qiladigandek, supurib-supirib timdan chiqarib tashlaydigandek edi, lekin timning burchak-burchaklariga urilib-qaldirab qaytgan boboning ovozi hech kimning qulog’iga kirmadi. Bobo hushini yig’ib ovozining boricha hayqirmoqchi — odamlarni halokatdan boxabar qilmoqchi edi — shu choq maxluqning qilig’iga ko’zi tushdi-yu, ang-tang bo’lib qoldi — bobo inson zotining ko’zi ko’rib, qulog’i eshitmagan hodisaning shohidi bo’layotgan edi.

Maxluq rasta ustidagi mayiz yoniga obdan no’k tushib olgancha lagandagi oshga qo’l cho’zayotgandek bemalol mayizdan tushirar, damodam qornidagi qopchig’iga bir kaft-ikki kaft tashlab ham qo’yardi.

Bobo hiyla mahal maxluqni kuzatdi, uning qo’li-og’zi tinmas, lekin hali-veri to’yadiganga ham o’xshamas edi. Uning qandoq qilib birovning mayizini tortinmay-netmay paqqos tushirayotganidan bobo hayronu lol bo’lganicha, ko’zlariga ishonmas, xayolida esa: «Bu qanday maxluq o’zi? Bu qanday maxluq?», degan savol charx urardi.

Bobo xayolga chalg’ib, maxluq qachon va qanday qilib yerga tushganini payqamay qoldi, faqat uning sakrab-irg’ishlab darvoza tomon borayotganini ko’rgachgina, hushini yig’di. Bobo shundagina bu g’aroyib jondorning basharasini aniq-tiniq ko’rdi — maxluqning ko’zi, qulog’i, tumshug’i dam sichqonnikiga, dam tulkinikiga o’xshab, tinimsiz tovlanar edi… «Olmaxon-ku!», deb yubordi ichida bobo va shu zahoti boshini chayqab «Tulkiminan sichqondan tarqagan ko’rinadi», degan xayolga bordi, birpas jim qolgach esa, «Qorni kenguruniki…», dedi pichirlab, lekin maxluq qaddini rostlab ikki oyoqlab borayotganini ko’rib, «YO odamdan tarqaganmikan?!», deb o’yladi va beixtiyor shak keltirib qo’ygandek shoshib yoqasiga tupladi…

Oradan allaqancha kun o’tdi, qoq peshin chog’i turshakfurushlar qatorida qiy-chuv ko’tarildi. Olomon guvillab o’sha yoqqa yopirildi. Yopirilgani sayin bitta-yarimta «Nima?», «Nima o’zi?», «Tavba-a!», degan uzuq-yuluq tovushlar eshitilib turdi-da, birdan g’ala-g’ovur tindi.

— Tutamiz, tutamiz! — deb baqirdi pistafurushlardan biri hovliqib.
— Tegma, tegmay tur! Ko’raylik-chi! — deb uni shashtidan qaytardi turshakfurush chol.
— Hay, nima o’zi bu? — deb chiyilladi qora choponli mo’ysafid. — Sichqonmi?
— Odam-ku?

Hangomatalab olomon vah-xaholab timni boshiga ko’tardi.
— Jim! Cho’chitib yuborasizlar!

Shu payt maxluq hurkib, qochish payiga tushdimi, qora choponli mo’ysafid «Qochmoqchi!.. Qochmoqchi!», dedi battar chiyillab.

Olomon orasida g’ovur ko’tarildi, to’rt-besh kishi yoqalashib gurpaylashayotgandek emaklay, yumalay ketdi — to’s-to’polon qo’pdi, qo’pdiyu zumda hamma hovuridan tushdi.
— Qochdi! Qochdi! — degan nidolar ko’paydi.
— Qo’ling tegdi-ku! Shuni tutolmading-a! — dedi birovi o’dag’aylab.
— Qayoqqa g’oyib bo’ldi? Qayoqqa? — dedi yanayam hovliqib yong’oqfurushlardan biri.

To’dadagilar alang-jalanglab maxluq qochgan tomonni bilolmay garangsib qoldi. Ola-g’ovur pasayib, har kim joy-joyiga qaytayotganda «Tutamiz, tutamiz!», deb baqirgan pistafurush qo’li mahluqqa tekkan kishiga yonbosh kelib, shipshidi:
— Shu qo’l bilan odamlarga bodom sotasanmi endi? Qo’ling harom bo’ldi-ku!..

Bodomfurush bu gapga ishonishini ham, ishonmasligini ham bilmay pistafurushga angraydi-yu, qo’rqqanidan afti qiyshayib ketdi. Uning ahvolini kuzatib turgan Zardusht bobo yuragi uvishib boshini tebratganicha lab juftladi, lekin hech narsa demadi…

Timdagilarga gap topildi. Yotgan ham, turgan ham o’sha maxluqdan hangoma qiladigan bo’ldi.
— Xo’-o’p g’alati narsa ekan-a? — deydi birovi.
— Biron yomonlikning alomati bo’lmasin-da, ishqilib, — deydi boshqasi yurak yutib.
— Yomonlik ham gapmi, biron balo-qazoning urug’i bo’lmasin tag’in! — deydi vahimachisi.
— Ol-a! Shu zig’ircha narsa boshlab kegan balo-qazo nima bo’lardi!.. Bu — bizga bir ermak-ku, ha-ha-ha! — deb hammaning ko’nglidagi shubha-gumonni haydab chiqardi dali-g’ulisi.

Hangomaga xaridorlar ham aralasha boshladi.
— Nonvoyxonada ham g’alati maxluq paydo bo’lganmish! — deb gap topib keldi ulardan biri.
— Qandolatchilar rastasiga burnog’i yil oralagan, nimaykanini hech zog’ bilmaydi!
— Erta-indin butun bozorga tarqalarmish!..

Bunday uzuq-yuluq xabarlarni eshitgan Zardusht bobo ma’yus tortdi. Axurazmadaga imon keltirdi. «Nahotki butun bozorga tarqasa…» deb xavotirda o’tirganida tim ichida Ota yong’oqfurushning ovozi jarangladi:
— Eshitmadim demanglar! Maxluqning nomi — Jajman! Jajman!.. Eshitmadim demanglar!..

Zardusht bobo badani uvishib turgan ekanmi, seskandi. Ota yong’oqfurush jar solayotgan nomni qadimda allaqayda eshitganini, eshitgan emas, noma’lum jondorii ho-ov birinchi bor ko’rganida o’zi beixtiyor, «Jajman!.. Timga Jajman oraladi, yaxshilar!», deb yuborganini esladi… Bobo og’ir sukutga cho’mdi… «Axuramazda ayon qilibdi… Yaxshilar voqif bo’libdi», dedi u tin olib… Yaxshilik ilohining haqqiga shukronalar bag’ishladi…

Bu yoqda turshakfurush tepasidagi mojaro davom etardi.
— Manashi sichqonbashara bilan kelishaylik. Yeganicha yesin, angishvonaday qorniga dunyoni yutvormas!.. To’g’ri, kissaga tushgani yaxshimas.

Ko’sa mayizfurushning ezmalanishidan So’zamol yong’oqfurush tutaqdi:
— Sizminan biz «yaxshi-yaxshimas» deb o’yimizga yetguncha Jajman timni emas, bozorni yeb bitiradi! — dedi u jerkib. So’ng sal hovuridan tushib, ovozini pasaytirdi: — To’g’ri, ilgari ko’zimizga ko’rinmagan, u bir siqim-ikki siqim mayiz-turshak yegani bilan kamayib qolmasdik, «esa yebdi-da», dedik. Indamadik. Keyin sezib-sezmay erkatoyimizga aylantirdik…

Zardusht boboning yuziga mayin tabassum yugurdi. Jajman sekin-asta timdagilar bilan apoq-chapoq bo’lib ketgan davrlarni esladi.

…Maxluq ko’rindi deguncha «Ma, Jajman, ma!», deb unga mayiz, pista, yong’oq tashlaydiganlar chiqdi. Jajman hech kimdan tap tortmas, xash-pash deguncha «xayr-sadaqa»ni yeb xaltasiga solib bitirar, turshakni goh danagi bilan yutib yuborar, goh qarsillatib chaqib, mag’izini chapillatib chaynar edi. Uning zig’irdek qo’li, barmoqlari, zig’irdek tumshug’iyu sichqonnikidek og’ziga, mog’or tusidagi mitti ko’zlariga qarab… bozorchilar kulgani kulgan edi, bora-bora uning yeb-to’ymasligidan, ochofatligidan yumalab-yumalab kulib, vaqtichog’lik qiladigan bo’ldilar. «Uni men to’ydiraman! Yo’q, qorni yorilib ketguncha men boqaman uni!», deb bahs boylaydiganlar chiqdi, lekin har safar «To’ydiraman!», deb katta ketganlar chuv tushaverdi, Jajmaning yeb-to’ymasligi sirligicha qolaverdi…

Keyinroq Jajman birov chaqirmasa ham yerdan yorib chiqqandek paydo bo’lishni, rastaga uyulgan meva qoqisidan bemalol paqqos tushirishni odat qildi. Timdagilar bunga ham ko’nikdi, so’ng… o’sha kezlar, kim edi-ya, ha-ya, anavi So’zamol yong’oqfurushning bobosi Bobo yong’oqfurush Jajmanni «Yo’qol-e!», deb quvib soldi. Qopdagi yong’oqni qarsillatib chaqayotgan quvib soldi. Qopdagi yong’oqni qarsillatib chaqayotgan Jajman pinagini buzmadi, oshiqmay-netmay qopchig’ini yong’oqqa to’ldirdi-da, «lip» etib ko’zdan g’oyib bo’ldi.

Shu-shu allaqancha mahalgacha qorasini ko’rsatmadi. Chekka-chekkadan: «Ermak edi, mana, tim huvillab qoldi», deb ta’na qilishdi. «To’rtta yong’oqni ko’zingiz qiymasa, o’zimiz boqardik», deya malomat yog’dirishdi Bobo yong’oqfurushga. Bobo yong’oqfurush Jajmanni quvib solganiga ming pushaymonlar yesa-da, sir boy bermadi, yong’oqfurushlar qatorida so’ppayib, shumshayib yuraverdi. Zardusht bobo bir-ikki uning joniga oro kirmoqqa tutindi, lekin har safar lab juftlaganida ukpardek momiq soqoliga titroq yugurdi. Har safar uning mo’ysafid xayollarini olis xotiralar olib qochaverdi…

Qadim-qadim-qadimda — bolalik chog’larida Otash momo quchog’ida cho’pchak tinglab orom olib yotardi, savol ustiga savol yog’dirar, momosini uxlagani qo’ymas edi… «Momo, momo, — dedi Zardusht bola ittifoqo, — tush ko’rdim — osmon to’la quzg’un bog’imizga yopirildi… bor-shudimizni yeb ketdi… yomon qo’rkdim, momojon». Chevarasini bag’riga bosib yotgan Otash momoning qo’liga bexos qaltiroq turdi, so’ng momo tasalli aytdi:

«Bir osmon emas, o’n osmon quzg’un kelgandayam, barakadan qismasin, qo’zim… O’latdan asrasin, qirondan asrasin…» Momo jim bo’ldi, xiyol o’tmay yana so’yladi:

«Rivoyat bo’lguvchi edi, unda aytilgan… yurtimizga devlar tanda qo’yarmish… qo’lga ilinganini yeb bitirarmish… yegani, to’yganiga qanoat qilmay dengizu dengizday hovuchini to’ldirib olis yoqlarga olib ketarmish…» Zardusht bolaning ko’zi ilingan ekan, Otash momosini devning hovuchida ko’rdi, go’dak yuragi yorilay dedi, shuning barobarida qandaydir kuch topib moviy ko’zli devning chinor tanasidek yo’g’on bilagiga yopishdi — tirmashib-tirmashib hovuchga yetay deganda hovuch yoqasida boshini changallab turgan momosi uning ko’ksidan itarib yubordi… Zardusht bola yana oldinga tashlandi, intildi… devning bilagiyu hovuchi g’oyib bo’ldi… Zardusht bola chinqirib, chirillab qoldi… yig’i aralash bosinqirab ko’zini ochdi, ochdiyu hamon momosining quchog’ida yotganini ko’rdi, «Momo, momo», deya ovoz berdi betoqat, «Uxlab qolibman, devlar sizni hovuchiga solib olib qochdi», dedi o’ksiy-o’ksiy o’pkasini bosolmay, «Nega unday bo’ldi, momojon, qo’rqib ketyapman», dedi. Momosi lom-mim demadi, so’ng… qaytib sira-sira uyg’onmadi…

— E-e, adi-badi aytishib o’tiramizmi, — dedi pulini o’g’irlatgan pistafurushlardan biri,— To’g’ri aytasiz! — deb So’zamol yong’oqfurushning gapini ma’qulladi: — O’ychi o’yini o’ylagunicha bu la’nati bozorni adoi-tamom qiladi! Jajmanni tutamiz-da, jazosini beramiz!

— Shu chog’gacha hech zog’ qo’lga tushirolmadi-yu, qanday qilib jazosini beramiz!—dedi turshakfurush qariya.

So’zamol yong’oqfurush qariyaning umidsizlanishiga quloq solmay xulosa yasadi:
— Jazosini berguncha, o’ldiramiz qo’yamiz, vassalom!

Jajmanni birinchi bo’lib urib haydagan odam So’zamol yong’oqfurushning otasi edi. Bobo yong’oqfurush ko’p malomatlarga chidadi. Jajman yana paydo bo’lib, yana… furushlarning pinjiga kirgani sayin malomatlardan qutula bordi… Jajmanning nafsi hakkalak otgani yetmaganday timdagilarni ochiq-oydin kalaka qiladigan odat chiqardi. Soqoli ko’ksiga tushgan chollarning yelkasiga chiqib olar, ularning qulog’idan, mo’ylabidan tortqilar, uxlayotganlarni qitiqlab qochar, xirillab-hiringlab g’alati ovoz chiqarar, uning nima, qanday maxluq ekanini hanuz hech zog’ bilmas, bilish haqida bosh qotirmas ham edi. Shunday kunlarning birida Ota yong’oqfurush hammani ang-tang qilib, qopchig’iga yong’oq to’ldirayotgan Jajmanni qadoq tosh bilan urib o’ldirib qo’yayozdi. Tosh maxluqning tumshug’ini yalab o’tdi — u orqasiga umbaloq oshib quladi, quladi-yu o’zini o’nglab qochib qoldi… yong’oqfurushlar qatorida tus-to’polon ko’tarildi. Ota yong’oqfurushga o’dag’aylab ayyuhannos solib kelishdi. Lekin timda Ota yong’oqfurushning jur’atini ma’qullaydiganlar ham topildi… Mana endi Ota yong’oqfurushning o’g’li — So’zamol yong’oqfurush olomonni Jajmanni o’ldirishga da’vat etdi. — O’ldiramiz! Faqat o’ldirib qutulamiz! — deb gapni kesdi u.

To’planganlar birdan jimib qoldi, timda Jajman o’ralashganidan buyon unga o’lim jazosini berish xayolga kelgan bo’lsa kelgandiru, birovning og’zidan chiqmagandi. So’zamol yigit: «Qani, nima deysizlar?» degandek odamlarga alangladi. Kimdir: «O’ldiramiz!» deb pichirladi, yana, yana… va to’satdan tim ichini «O’ldiramiz!» degan xitobu da’vat tutdi.

Bunday jazoni kutmagan bitta-yarimta … furushlar demasa, timdagilarning bari oyoqqa qalqdi. G’ovur-g’uvur zo’raydi. Kutilmaganda izdihomdan chekkada— rasta ustida xoli o’tirgan choponli jiydafurushning zalvorli, do’rildoq ovozi qo’zg’alganlarni joyida to’xtatdi.

— Hoy, yaxshilar, loaqal bobomizdan oq fotiha olishni unutmanglar…

Shovqin o’sha zahoti tindi, oyoqqa qalqqan izdihom Zardusht bobo tomon o’girildi. So’zamol yong’oqfurush to’da oldiga o’tib, bobodan ijozat so’rab, savolomuz termildi. Bobo ko’zlarini qisib unga tikildi, so’ng hududsiz osmonga ko’z yugurtirmoqchidek boshini vazmin ko’tarib, odamlarning boshi uzra to’g’riga — tim odog’i tomon nigoh soldi. Churq etgan sas eshitilmas, jamoat nafas olmay, boboning og’zini poylayotgan edi. Bobo ro’parasida ilhaq turgan fuqaro dardida Axuramazdaning o’zidan madad so’ramoqqa lab juftladi, lafz aytishga ulgurmay, tim odog’idagi devor ortidan… zorlangannamo gursillagan shovqin chalindi qulog’iga. Olomon uning fatvosiga ilhaq, bobo esa biron kimsa payqamayotgan bir sirli-sinoatli nola qaydan kelayotganini bilolmay garangsib sukutga cho’mgan edi…

Shu choq Zardusht boboning o’siq qoshlari panohidagi nursiz ko’zlari ilkis charaqlab ketdi, bobo boshini yonboshga enkaytirib, ustun ortiga mo’raladi. O’sha tomondan «Mana! Mana!», degan shovqin ko’tarildi. Tim ichi alg’ov-dalg’ov bo’lib ketdi. To’s-to’polon qo’pdi. Zardusht bobo ro’parasida hech zog’ qolmadi. «Mana! Mana!», deb hayqirgan kishi shekilli, ikki qator rasta o’rtasidagi yalanglikka yugurib chiqdi-da, «Ana! Anavi qopdan oldi! Oldi!», deya qo’lini bigiz qilib ko’rsatgancha tisarilaverdi. Yordamga oshiqqanlar u kishi ko’rsatgan qop tepasiga yetib bordilar — qop og’zi ochiq edi. Qop-qanorning yon-veriga tumshuq suqayotgan uch-to’rt choqli kishining birovi, «Ana, ur!», degancha o’zini rasta ustiga tashladi. Zardusht bobo shundagina Jajmanni ko’rdi, maxluq rastaga to’shalgan o’rin ustida kavagidan bosh chiqarib atrofga quloq solayotgan ko’rsichqondek alangladi-da, lip etib yana g’oyib bo’ldi.

Quv-quvchilar ko’paydi: kimdir emaklab rasta ostiga o’rmalab kirib ketdi, kimdir qop-qanorni surib-yiqitishga tushdi, uch-to’rttasi qo’liga yarimta-yurimta g’isht parchasini tutgancha alang-jalang xezlandi.

«Jajman qo’lga tushsa kerak», deb o’yladi Zardusht bobo, o’yladiyu shu zahoti fikridan qaytdi: «Bir hamlada qo’lga tushadigan bo’lsa, shu choqqacha jon saqlab yurolmasdi. Boboning keyingi farazi to’g’ri keldi: harchand quv-quvga qaramay, Jajman qo’lga tushmadi. U son-sanoqsiz olomon tajovuziga parvo qilmay, goh u, goh bu rasta ustida paydo bo’lar, mayizmi, bodommi, yong’oq yo turshaknimi — birdek ishtaha bilan mitti yuhodek yeb, qopchig’iga tiqishtirardi. Pista uyumini sovurayotganida mushtdek g’isht parchasi uchib kelib pistani tuproqdek to’zitib yubordi. Jajman shunda ham talvasaga tushmay, g’oyib bo’ldi.

Darvoza turumi sharaqlab xaridorlar kira boshladi hamki, quv-quv to’xtamadi: semizu oriq, yoshu keksa holdan toydi. Juvon mayizini, turshakfurush pulini o’g’irlatganini unutdi.
— G’ishtni kim otgandi? — so’radi hars-hars nafas olayotgan shop mo’ylovli kishi.
— Men! — dedi puchuq mag’izfurush gerdayib, so’ng afsuslanib qo’shib qo’ydi: — Mo’ljaldan sal xato ketdi-da!..

Zardusht bobo timdoshlarining bolakaylardek suxanbozligidan kulgisi qistab, qo’llarini orqasiga qilganicha joyiga qaytdi, qaytayotib tim odog’iga orqa o’girib turgan bo’lsa-da, yana gursillagan shovqinni eshitdi. Yerga qoqilgandek tek turib butun vujudi quloq bo’lib tingladi: gurs… gurs… gurs… Boboga yer osti gursillayotgandek tuyuldi, beixtiyor oyoq ostiga razm soldi, quloq osdi… yo’q, gursillayotgan — odoqdagi tim devori ekanligi aniq edi…

Bobo joyiga o’tib o’tirayotib, «Darvozani ocha qolinglar» degan ma’noda qo’shni mayizfurushga qaradi. Darvoza ochildiyu tim ichi xaridorga to’ldi: g’ala-g’ovur, savdolashishlar, talashib-tortishishlar boshlandi… Zardusht bobo timdoshlariga ko’z yugurtirdi, ular go’yo hayotlarida unutilmas quvonchli voqea yuz bergandek dimoqlari chog’, ruhlari tetik edi…

Ertalabki hodisa bir qancha kungacha og’izdan tushmadi:
— Jajman qaytib qorasini ko’rsatmaydi! — dedi pistafurushlar.
— O’takasi yorilib o’ldi, qanor-panorning ostidan o’ligi chiqadi endi! — dedi yonog’oqfurushlar xaholab.
— Zora qutilgan bo’lsak… — dedi jiydafurushlar umid bog’lab.

Zardusht bobo esa miyig’ida kuldi, uning nazarida Jajmanning mavjudligi kunu tunning almashinishidek muqarrar edi. U faqat bir narsadan tashvishda, «Jajman yolg’izmi, yo uning urug’i ko’pmikan?.. Yoxud hammayoqni Jajman bosib ketsa qandoq qiladi odamlar?», degan o’yning oxiriga yetolmasdi.

Bunga ham boboning o’zi javob topdi…

Saharda odatdagidan picha erta uyg’ondi, uyg’ondiyu keyingi kunlarda kamuyqu bo’lib borayotgani, uxlash orom emas — azobga aylanayotgani mulohazasini qildi… Odamzod muzlik saltanatiga bandi bo’lmas ekan, u — hayot… «Axuramazda, o’zing madadkorsan!.. — deb shivirladi bobo astoydil. — Ixtiyor o’zingda, Axuramazda!..»

Bobo o’y og’ushida o’rnidan turdi, tashqariga yo’nalgan joyida Jajmanga ko’zi tushdi. U paxtali kamzulini yelkasiga omonat tashlab yotgan mayizfurushning ro’parasida chordona qurib o’tirib olgan, lagandagi oshga qo’l cho’zgandek bemalol uning qo’ynini kavlashtirayotgan edi. Mast uyquda yotgan mayizfurush, qitig’i keldimi, g’imirladi, ko’zini qattiqroq yumdi, maxluq esa zig’irdekkina changalida paydo bo’lgan pulni boshi uzra ko’tarib, bobosidan obakidandon undirgan bolakaydek sakrab-irg’ishlab, lekin suvarakdek sassiz-shovqinsiz yugurib darvoza yoniga keldi. Bobo hushini yig’ib ulgurmay Jajman devorga suyab taxlangan qoplarga tarmashib yuqoriga zipillab chiqib ketdi. Darvoza tepasiga yetganida o’sha yerdagi devor tuynugidan har biri sandaldek-sandaldek qo’shaloq hovuch paydo bo’ldi. Jajman qopchig’ini ko’tarib hovuchga ag’dardi, ustidan changalidagi pulni tashladi, hovuchlar shu zahoti ko’zdan yo’qoldi. Jajman g’izillab pastga tushdi…

Bobo ko’z o’ngida sodir bo’lgan voqeani xiyla fursatgacha idrok etolmadi — manglayida o’lim sharpasi yelib o’tganday yuragi orqaga tortdi… bahaybat hovuchlar, he-e, allazamonlarda —
bolalik ko’zlari tushida ko’rgan, Otash momosini olib qochgan hovuchlarning o’zginasi edi…

«Odamlar, voqif bo’lingiz… poyloqchilik qilingiz. Jajmanni qo’lga tushiringiz», degisi keldi. Zardusht bobo baralla, «Jajman!.. Jajmanni tutingiz, yaxshilar!», deb hayqirganini, ammo hayqirig’ini timdoshlaridan hech kimsa eshitmaganini esladi — «ularning dilini o’zing nurafshon etgaysan, Axuramazda!», dedi…

Zardusht boboning nolalari besamar ketmadi — quv-quv avjga mingani sayin Jajman holdan toya boshladi, endi u bemaloldan-bemalol nishxo’rlik qilmas, bir cho’qib, o’n alanglar, sichqondek quv, olmaxondek epchil bo’lib qolgan, nafsi hakkalak otganidan kun-tunning farqiga bormay qo’ygandi. U to’ppa-to’satdan biror rasta ustida paydo bo’lar, sotuvchi yo xaridorlarning hay-haylab ayuhannos solishiga qaramay, yer kavlayotgan yumronqoziqdek ikki qo’llab qopchig’ini to’ldirar va odamlar es-hushini o’nglagunicha qochib ulgurardi.

«Hovuchlarni to’ldirolmay joni halak!», degan o’y kechdi Zardusht boboning ko’nglidan…

So’l qator rastadagilar har yerga kalamush qopqon qo’ydilar, uni ko’rgan o’ng qator rastadagilar, «Jajman qopqonga tushmaydi», degan xayolda teshik-tuynuk borki, sim to’r qoqib tashladilar. Bozor egalari yuborgan oq xalatli xaloskorlar kuni bo’yi savdoni to’xtatib qo’ydi, sotuvchiyu xaridorlarni tashqariga haydab, tim ichini qo’lansa isga to’ldirdi. «O’n yilgacha Jajmanning qadami uziladi endi!», degan ovozalar tarqaldi, uch-to’rt kungacha odamlar og’iz-burnini yopib jon saqladi. Jajman esa… timdagi behalovatliklarning o’ziga daxli yo’qdek o’sha-o’sha — kechani kecha, kunduzni kunduz demay o’marishdan toliqmasdi, yeldek paydo bo’lib, birovlar qo’lidagi pulni yulqib qochar, uning izidan ushla-ushla, ur-sur boshlanar, natija esa hamishadagidek: Jajman osongina qutulib ketardi…

— Sim to’rning katagidan sirg’alib o’tdi-ya! — deydi birovi.
— O’z ko’zimminan ko’rdim! — deydi uning gapini tasdiqlab boshqasi, — xamirday cho’zildiyu zulukday sirg’alib o’tdi-ketdi!..
— Qo’lim qopchig’iga tushib yirtvoray dedi-ya, attang! — deydi yana birovi hovliqib.
— Kimda-kim qo’lga tushirsa, beminnat hadya bor! – deb qoldi So’zamol-yong’oqfurush.
— Beminnat hadya!..
— Mukofot!.. Mukofot!..

Og’izdan og’izga ko’chayotgan bu xitobu hayqiriqlar orasidan Zardusht bobo qulog’iga gursillagan tovush hiyla balandroq, aniqroq eshitila boshladi. «Vaqti-soati yaqin…», dedi pichirlab bobo. Va rastasi ustida Jajmanni ko’rib, soqoli asabiy titradi… Jajman sara soyaki mayizdan bir kaft olib og’ziga tashladi, shimdi… Bobo uning guruchdek mayda, sadafdek tekis tishlarini aniq-tiniq ko’rayotganidan ko’ziga ishonmasa-da, jondorni qiziqib bosh-oyoq kuzatdi. — Jajman o’lar holatda oriq, qo’l-oyog’i gugurt cho’pidek qiltiriq, faqat u chunonam shiddat bilan harakat qilar, hash-pash deguncha mayiz uyumining biqinini o’pirib tashlagan edi.

«Yeganingcha yeyaver-chi…» dedi bobo shivirlab. Jajmanni cho’chitib yubormaslik uchun, so’ng maxluq jon holatda qopchig’ini to’ldirishga tushganini ko’rib beixtiyor kulimsiradi, «Nafsing buzilgani, kuning bitganidanmikan?..», deb so’radi. Jajman boboni mazax qilgandek tirjaydi, aslida u talvasaga tushgan — behad oshiqayotgan edi…

Bobo kuni bo’yi saralagan mayiziga achinmay qo’ygandek edi hamki, rastaning old tomonidan pusib kelgan yon qo’shnisi sapchib qad rostladi-yu, «Ho’, otangni!..», deganicha o’zini mayiz aralash Jajmanning ustiga tashladi, yana ikki davangirdek mayizfurush uning ustidan yopirildi. « Jajmanning abjag’i chiqdi!», o’yladi bobo.

— Qochdi! — dedi bo’shashib qo’shnisi.
— Qandoq qochdi?..
— Qayoqqa qochdi?!

Jajmanning ustiga tashlangan mayizfurushlar shunday deb yon-veriga alanglay ketdi. Qo’shni mayizfurush ko’zlarini olaytirib boboga yuzlandi:
— Ko’rdizmi? Ayting, qayoqqa yo’qoldi?! — deb so’radi u bo’g’ilib.

Zardusht bobo miyig’ida kulimsirab turaverdi.
— Gapirsangiz-chi, qayoqqa yo’qoldi?! — dedi azbaroyi jon-fig’oni chiqqanidan o’shqirib qo’shnisi.

Bobo avzoini buzmadi, qomatini adl tutib, ro’parasida to’dalanganlarga so’zsiz qarab turaverdi. To’da kattalashdi. Qo’shni mayizfurush boboning betiga ortiq tik qarolmay, ko’zini olib qochganda, uning yonida paydo bo’lgan pistafurush g’azabini yashirolmay o’dag’ayladi:
— Baribir tutamiz!.. Siz ko’maklashmasangiz ham bu ablahning urug’ini qurutamiz!..

«Haroratingni darig’ tutma, Axuramazda!.. Ko’ngillarni o’zing munavvar qilgaysan…», dedi Zardusht bobo ichida iltijo qilib. Uning ko’ksidagi tavalloni tim odog’idagi devorning gursillashi bosib tushdi. Mana, mana, hozir jamiki odamzod qulog’ini ding qiladi, oldi-sotdi, ivir-shivirni bas qiladi, yoshu keksa tim odog’i tomon yuz o’girdi….

G’azabga mingan pistafurushning to’satdan yaltoqlanishi uning xayolini chalg’itdi:
— Hammasini ko’rib turibsiz, aytsangiz bo’lmaydimi, bobo?! Qandoq qilsak tutamiz u bachchag’arni!.. Yo’qotaylik, qutulaylik, xotirjam yashaylik axir!..

U hali-zamon gapdan to’xtaydiganga o’xshamas edi, shu choq qarama-qarshi tomonda chelakning qattiq sharaqlagani eshitildi, kimdir: «Ushladim!», deb qichqirdi — olomon guvillab o’sha yoqqa ko’chdi.

Ko’ngli bir g’ashlikni tuygan bobo joyidan qo’zg’almadi. Olomon yopirilgan tomonda g’ala-g’ovur avjiga mindi. Hamma yoqni: «Kim?.. Kim ushladi?», degan ovozlar tutdi.
— Men!.. Men tutdim!.. Bopladim!.. — dedi kimdir mamnun va quvonchdan o’takasi yorilguday bo’lib.

Olomon Jajmanni qo’lga tushirish baxti nasib etgan kimsani ko’rish umidida oldinga surildi. «O’ldiramiz!..», «Men ham urib qolay!» degan xitoblar, baqiriq-chaqiriqlar quloqni qomatga
keltirdi. Va tuyqus sukunat cho’kib, So’zamol yong’oqfurushning hayajonlangan, g’olibona ovozi eshitildi. U rastaning ustiga chiqib olgan, xuddi bayramona nutq irod qiladigandek, qaychilangan xushbichim mo’ylabini silab-silab qo’yib so’ylar
edi:

— Gap bitta — Jajman o’limga mahkum! Vassalom!

Olomon guvillab uning hukmini ma’qulladi. Yong’oqfurush yigit xuddi tuya so’ymoqchidek hafsala bilan yenglarini shimardi, chelak ustiga engashdi, to’dalashganlar davra yasab, uni o’rtaga oldilar. Kim qadoq tosh, kim g’isht parchasi, kim so’yil tutgan — hamma shay edi.

So’zamol yong’oqfurush chelak ostiga qo’l suqdi — yig’ilganlarning ko’zi olma-kesak terar, qasos chog’i yetganidan nafrat hammaning ko’ziga, qo’liga ko’chgan edi — chelak sharaqlab ag’darildi-yu, yong’oqfurush yigit cho’g’ ushlab olgandek qo’lini siltab tortdi.
— Tishladi! — dedi u jon holatda baqirib.

Chelak ostidan chiqib olgan Jajman qochishga chog’lanib ulgurmay, uchi ayri so’yil uni yerga qapishtirib qo’ydi. Buni ko’rganlar «O’ldi-i!», deb ulgurmay, Jajman ayri ostidan sirg’alib chikdi, bir silkindiyu o’zini oyoqlar orasiga urdi — o’tolmay orqasiga qaytdi, qaytgan joyida boshiga mushtdek qadoq tosh tushdi — Jajman yiqilib, yerga cho’zildi, «O’ldi!.. O’ldi!..» deb yubordi olomon. Lekin Jajmanga jin ham urmagandi, u yana oyoqqa turdi, qo’lchalari bilan qopchig’ining og’zini tutganicha dikirlab oldingi qatorda turganlardan birining yelkasiga sakrab chiqdi — qiy-chuv ko’tarildi. Jajman lip etib, dikirlab boshdan boshga, yelkadan yelkaga o’ta-o’ta borib nima bo’ldiyu yana oyoqlar ostiga — to’da orasiga tushib qoldi. Kimdir uni qattiq tepdi. Jajman yerdan ikki quloch ko’tarilib, yerga chalpakdek bo’lib tushdi, tushdiyu boyagi uchi ayri so’yil uni yana yerga qapishtirdi… «Bos! Bos!», deb hayqirdi olomon gurillab, biroq so’yilning uchi xuddi muz ustida toyib ketgandek surildi. Jajman ayri ostidan sirg’alib chiqdi, chiqdiyu qaddini rostlay olmadi — chamasi ayrining zarbidan uning beli mayishib ketgan edi.

— O’zing ogoh bo’l, Axuramazda! — deb ko’zlarini yumdi Zardusht bobo. — O’zing ogoh bo’l!..

Tim odog’i tomonidan eshitilayotgan zorlanuvchi, yolboruvchan gursillash do’q-iddaoga aylanib, boboning shivirini, unga qo’shib olomonning shovqinini bosib tushdi. Zardusht boboning ko’ngli og’ir noxushlikni sezib, ko’z oldi qorong’ulashdi, miyasi g’uvilladi… tim shiftiga qapishgan uchboshli Axriman ko’zlaridan sovuq bulut purkab Axuramazda ustiga tashlandi. Axuramazda oyoqda turolmay, yonboshiga ag’darildi, ag’darilayotgan joyida og’zini o’radek ochgan Axrimanning basharasiga o’t purkadi, Axriman sapchib shiftga ko’tarildi. Axuramazda qaddini rostlay deganda Axrimanning og’zidan purkalgan bulutlar orasidan bir, ikki, yana, yana Jajmanlar dikirlab chiqib kela boshladi. Axuramazda ularga ham olov purkadi. Jajmanlar kuymadi, Axuramazda o’t-otashga dosh beradigan jondorni ko’rmagan edi — bosib-bosib olov purkadi — Jajmanlar alangai otashda yayrab-yayrab huzur qilayotgandek irg’ishlar, bu yetmaganday, Axuramazdaning yelkasiga, boshiga chiqib tushar, tinimsiz qandaydir tovush chiqarar edi. Shiftga qapishgan uch boshli Axriman olamni boshiga ko’tarib xaxoladi…

— Ogoh bo’l, ogoh, Axuramazda! — deb ko’zlarini battar yumdi Zardusht bobo turgan joyidan qimirlamay. — Axriman o’lmagan, Axuramazda!.. Ogoh bo’lgaysizlar, yaxshilar, ogoh!.. Axura…

Bobo ezgulik tangrisining nomini aytib ulgurmay, osmono’par qoyatosh ag’darilgandek nimadir beo’xshov gumbirladi, shuning barobarida olomon orasidan otilib chiqqan ayanchli chinqiriq quloqqa nayzadek qadaldi, keyinidan, «Qochdi!.. Qochdi!..», degan shovqin ko’tarildiyu taloto’p qo’pdi — o’n chog’li kishi ustma-ust yerga tashlandi. Chalajon Jajman shunda ham taslim bo’lmasdi: devdek-devdek beso’naqay odamlar ostida yerga chaplashgudek cho’zilar, odamlar yengil nafas olgan zahoti dik etib qaddini rostlar — qochishga chog’lanar — yana izdihom poyi ostida qolardi…

Nafasi bo’g’ziga tiqilib, toliqqanlar taloto’pdan uzilib, orqada sudralar, ular o’rnini boshqalar egallar — Jajmanga tinimsiz, beayov kaltak-musht yog’dirar — Jajman har safar o’zini o’nglab olar, xuddi kaltak ostida qolganini sezmagandek, hamon ko’zlari olma-kesak terar — aftidan qo’liga ilinadigan narsa qidirar — shunday bo’lsa-da, uning holdan toyayotgani, yurishlari tobora sustlashayotgani, qaddini tutolmayotgani sezilayotgan — olomon zo’r kelayotgan edi… Va nihoyat!.. Nihoyat… birdan ur-sur to’xtadi, «hoyu-hay-hay»lar tinchdi, tim ichiga suv quygandek jimlik cho’kdi… U yer-bu yerda yumalab, emaklab Jajmanni do’pposlaganlar birin-sirin oyoqqa turdi va… So’zamol yong’oqfurush Jajmanning kalta dumidan tutib chalajon tanani boshi uzra ko’tardi.

— Hu-u, to’ng’iz qo’pgur! — deb yubordi kimdir.
— O’lgani rost bo’lsin-a!— dedi yana birov sevinib.
— Bir tomchi qoni chiqmadi-ya, tavba-a!..
— Xudo adashib yaratib qo’ygan bu bachchag’ardi, qon hayf unga!..

Olomon orasida kulgi ko’tarildi. Tekinxo’r balosidan qutilgan alamzadalar quchoqlashgan, o’pishgan,yig’lagan… quyosh bu kun timning ichidan ko’kka ko’tarilayotgan edi…

Yong’oqfurush yigit maxluqning jasadini ko’tarib turganicha timdoshlariga qarata yana so’z aytdi:
— Yomonning kuni bitdi, birodarlar!..

Jajmanning qopchig’idan qolgan-qutgan mayiz, pista qoldiqlari to’kildi. Olomon uni ko’rib kulib yubordi, biroq shu payt… Jajman tilga kirdi:
— Lo… kila!.. Lokil…la!..

So’zamol yong’oqfurush cho’chib Jajmanning jonsiz tanasini irg’itib yubordi, sakrab o’zini orqaga tashladi, hangu mang bo’lgan olomon shamdek qotdi. Tim ichi shunchalik jimjit bo’lib qoldiki, azboroyi, Jajman jon berayotib bazo’r takrorlagan bir og’iz so’z hamon havoda taralib eshitilib turardi. Olomon xuddi osmondan odamlarning esini og’dirib qo’yadigan sas yopirilib kelayotgandek, talvasaga tushdi.

— Zardusht bobo…
— Zardusht…
— Bobo…

— Zardusht bobo!!!— deb yubordi olomon bir ovozdan iltijo qilib — izdihom ko’chkidek surilib, bobo tomon siljidi. Zardusht boboning esa qulog’i tom bitgan — eshitmas, ro’parasida umidvor tikilib turgan izdihomni ko’zlari ko’rmas — boshini g’oz tutganicha to’g’riga — tim odog’i tomon yuz tutib turardi. Shu payt…shu payt…tim odog’idagi devor tepasidan katta-kichik kesak-guvalalar ko’chib, do’pirlab yerga tusha boshladi — tim ichi chang-to’zonga to’ldi… Devorga yaqin turganlar arang o’zini chetga olishga ulgurdi, tumonat bo’ridan hurkkan suruvdek bir burchakka g’uj bo’lib qisildi, olomon ko’zlari ola-kulalashib, tim odog’iga angraydi… Shu ko’zlar, shu nigohlar o’ngida to’zon bosildi, bosildi va devorning tepasida o’raning og’zidek qora tuynuk ko’rindi… qanday hodisa yuz berayotganiga fahmi yetmagan olomon hang-mang bo’lganicha qotib turar, biror zot qilt etishga jur’at topolmasdi o’zida… Ana shunda qora tuynukdan bir juft bahaybat hovuch ko’rindi… hovuchlar ichkariga suqilib kirdiyu ulardan hozirgina bazo’r, ming bir azobda o’ldirilgan Jajmanga ikki tomchi suvdek o’xshash boshqa bir Jajman sakrab yerga tushdi, faqat u oldingisidan hiyla durkunroq — bo’yi ikki qarich edi…

056

(Tashriflar: umumiy 13 190, bugungi 3)

Izoh qoldiring