Shahodat Ulug’ova. She’rlar

029   «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида иқтидорли ёзувчи Шаҳодат Улуғнинг асосан насрий асарлари:  «Дўмбира» қиссаси, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» романидан парчалар ва «Кузакнинг сўнгги хўрсиниқлари» ҳикоясини эълон қилганмиз. Бугун Шаҳодатнинг шеърларидан айрим намуналарни тақдим этмоқдамиз. 

  Мен Шаҳодатнинг шеърларини олдиндан кузатиб бораман. Бугун сиз ўқийдиган шеърларда намоён бўлган фикрий теранликка ҳамсоя соддалик шоиранинг аввалги  айрим шеърларида ниш кўрсатган, аммо улардаги баландпарвозликка мойиллик шеърдан таъсирланишга халақит берарди. Баландпарвозлик  шеърдаги туйғуга ялтироқ либос кийдиради, уни, рамзий маънода айтсам, осмонга кўтариб ерга уради.

Тақдим этилаётган  «Тонгга чиқиб олсак бас» деб номланган шеърий силсилани мен бир неча ой аввал ўқиган, уни кўчириб ҳам олган эдим. Шундан кейин бу «янгиланиш» давомини кута бошладим. «Қиш келишин англаган эдик»  силсиласи  кутганимдан зиёда бўлди. Ундаги пинҳон руҳий исён билан қоришган, меҳр билан тўйинган ишқ изтироби   мени беҳад ҳаяжонга солди. Бу ҳаяжон давом этишини истаб, Шаҳодатга янги ижодий юксалиш тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Шаҳодат Улуғ
ШЕЪРЛАР
02

Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» роман устида ишлади ва 2014 йилда нашрдан чиққан асар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди.

02

ТОНГГА ЧИҚИБ ОЛСАК БАС…05
Ҳолатий қисса

1.

Вақт сузар эди…

Тўхтадим, йўл чопди. Мен тўхтадим,
аммо йўл қуюн мисоли чопди.
Аланга қўпарди йўлим устида.
Ўнгимда оёқни шол қилди қўрқув,
Ортимда кофар эди абрсув!
Қисматимни титдим,
Озод баёт битдим,
Илоҳа бошимга чачвонни ташла
Шамол тўзғитмасин ортиқ сочимни!

2.

Макон тўхтаб қолганди…

Қўлингдан мунғайиб тушиб кетди най,
Турасан чолғусиз ишорамга шай.
Сурати бежонсан, аммо Сендаги вужуд
Фалакнинг буржида хаёл суради
Ва шунда кўзларинг ботинан
ҳайқираётганинг айтиб туради.

3.

Ой шуъласиз эди…

Тун зулмат пардасин тортди.
Ниҳоят, дилингдаги
тилга кўчади
Ҳайқиради ичингда
бир сас:
-Оз қолди, тўхтаб тур, кетма!
-Ёлвораман, сўз оч.
Тўхта, бир нафас
Тонгга чиқиб олсак бас!
Субҳи содиққа
омон етсак бас!

Айтаман:
-Ҳодиса рўй беради…
Ҳали уйқуга кетасан,
узоқ уйқуга
Меҳварингда муҳташам
туш кўрасан
Юрак ҳароратини,
қалбим маҳобатини…

Ҳали бир туш кўрасан
Муборак тушки,
Дардингни
мангу олгувчи
Менинг ҳали
нафас олиб турганимни
абадий ёдга солгувчи.

Айтасан:
Хайрият, сўз очдинг! Сукутинг
ҳуркитди. Бахтни ёмон қўрқитди.
Ҳар тун осмонга боқ,
Нурсиз — юлдузсиз.
Кетма! Оз қолди, тўхтаб тур!
Сукут қилма.
Ёлвораман, тағин бир нима де.
Тўхта, бир нафас
Тонгга чиқиб олсак бас!
Субҳи содиққа
омон етсак бас!

Ва яна айтасан:
Ҳар тонг менга
жамил Калом айтиб тур!
Ҳар субҳидам қутлуғ
cалом айтиб тур!

2015 йил. 11 июл – рамазон ойи.

ҚИШ КЕЛИШИН АНГЛАГАН ЭДИК

1.

Дунёмиз бор эди…

Биз қаср қургандик кўнглимиз учун—
Дунёмиз бор эди, жуда рангин эди,
Субҳидам мисоли чандон сокин эди,
Аммо буни тасвирлай олмайман сира.
Бахтнинг нақшин тасвирлай олмаганимдек.
Саҳнимиз беҳудуд осмон эди,
Беназир эди,
муҳташам Беҳиштдагидек.
Қалбимиз нилий уммон эди,
Унда сузмоқ бир имкон эди.
Фаслимиз мудом баҳор эди,
Фусункор,
бетакрор эди.
Тилда, дилда
Иқрор бор эди —
қарор бор эди.

2.

Куйдан қаср қургандик…

Биз кўрфазда куй чалгандик
Мастура эҳсос билан.
Шундай —
Куйдан қаср қургандик
Кўнглимиз учун!

3.

Боқий Кулимса…

Ҳаёт бу —
Сўнгги нафасимиз
Қирқилгунга қадар
Тугалланмас қисса.
Бу чинакам
Ҳодиса—
Севгидан мукаммал,
Ишқдан буюкроқ!

Бизми?
Бизки,
Оҳки—
Енгилтак, ҳузурсиз-орсиз
Бозингар —
Иқлими айниган
Муҳитдан безган.

Бизми?
Бизки,
Оҳки—
Мукаммал Дунёда
Номукаммал бўлган
шунчаки
оддий бир кимса!

Менинг эса
Лабимда
Сокин томаётган
жилва
Бу аслида —
Боқий Кулимса!

4.

Қиш келишин англаган эдик…

Қиш келишин англаган эдик!
Қўкламда дил томчилаган чоғ
Эслайсизми, кўркам эди боғ?
Мен ўшанда шаффоф ҳовузда
Бахтнинг рангин асраган эдим.
Ўша кезлар англармидингиз?!
Чунки дилбанд, хушнуд эдингиз.
Гўёки,
Боқийдек
Бахт бир тортиқ эди.
Чунки
Ёшлик
шами мудом
ёниқ эди.

5.

Дастлабки синиш…

Энди-чи, энди?
Сағалгина сочингиз оқиш
Оҳки, бир кун менинг ҳам сочим
Сизникидек бўлар оппоқ, қиш
Қўзингизда қотар нишаблик!
Кундан-кунга қуйига эниш
Фитратимизга ёт хўрсиниш,
Бу чинакам дастлабки синиш!
Асраганим Бахтнинг ранги эди…
Қиш келишин мен билган эдим
Асраганим Бахтнинг рангини
Сизга лутфан илинган эдим.

6.

Пинак бузмадим…

Ва бир куни
Ҳа, эсладим
Апрель эди.
Асл фасл эди.
Мана,
тағин, эсладим…
Сентябр эди.
Куз эди.
Кунлар нурсиз, тунлар юлдузсиз эди.
Сиз умидсиз шаштингиздан қайтдингиз
Мендан пинҳон, неларнидир айтдингиз,
Мени мукаммал билмаганингиз боис.
Мен пинак бузмадим.
Сизни сиздан яхшироқ билганим боис.
Мен ўшанда ўзимга қайтдим.
Тонгда, тунда фақат салот айтдим.

7.

Бу чинакам
салот фасли эди.
Куз фаслининг
асли эди.

8.

Аҳдимни бузмадим…

Сиз баъзан сабрсизлик қиласиз,
Чегарани бузасиз.
Мени мукаммал билмаганингиз боис
Мен пинак бузмайман.
Сизни сиздан яхшироқ билганим боис.
Аҳдимни бузмайман
Ва хаёл уммонида
беҳуда сузмайман.
Ёт режа тузмайман.

Дейсиз:
Мен
буни англаб етдим.
Сиз қасамни бузмайсиз.
Ёт режа тузмайсиз.
Баъзан узоқ ўйлаб қоламан…
Айтаман:
Сиздаги манзарани тасвир этайми?
Мудҳиш рўё ичида
Кутдингиз, сабрингизни ютдингиз.
Айтасиз:
Ажабо, буларнинг барин биласиз,
Ақлимни кўп шоширасиз.
Айтаман:
Агар истар бўлсангиз, қай томонингизда
Чиркин шамол ҳузурсиз
кезиб юрганин
айтиб бераман.
Сўрайсиз:
Буларни қайдан биласиз?
Айтаман:
Агар Роббим дилга солмас бўлса…
Мен аслида бир ожиз кимса.
Менки,
менинг лабларимда
олов йўқ,
оташ йўқ
Куйдиргувчи…
Покиза нафас бор,
тегрангизга чиркин
Шамол яқинлашса
Пок Ихлосла
Сўндиргувчи.

10.

Бунда мусаффо ҳаво
Ва пок орзу мужассам…

Биз шунчаки нафас олмадик
Ва шунчаки хўрсинмадик ҳам.
Чунки қўлимизда бор малҳам
чунки қароримиз мустаҳкам!
Бунда ишонч,
бунда мусаффо ҳаво
ва пок орзу,
Бунда бари мужассам.

11.

Зулмат мангу чекилсин…

Зулмат мангу чекилсин.
Қора тун чўксин,
Чўккан каби кема лангари,
Киприк узра сокин томчиланг
Тонгда зариф шабнам сингари…

12.

Ҳаёт бу —
Сўнгги нафасимиз
қирқулгунга қадар
Тугалланмас қисса.
Бу чинакам
Ҳодиса—
Севгидан мукаммал,
Ишқдан буюкроқ!

Бизми?
Бизки,
Оҳки—
Енгилтак, ҳузурсиз-орсиз
Бозингар —
Иқлими айниган
Муҳитдан безган.

Бизми?
Бизки,
Оҳки—
Мукаммал Дунёда
Номукаммал бўлган
шунчаки
оддий бир кимса!

Менинг эса
Лабимда
Сокин томаётган
жилва
Бу аслида —
мусаффо
Боқий Кулимса!

2015 йил, 21-22 ноябр тонги.

029    «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida iqtidorli yozuvchi Shahodat Ulug’ning asosan nasriy asarlari: «Do’mbira» qissasi, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» romanidan parchalar va «Kuzakning so’nggi xo’rsiniqlari» hikoyasini e’lon qilganmiz. Bugun Shahodatning she’rlaridan ayrim namunalarni taqdim etmoqdamiz.

     Men Shahodatning she’rlarini oldindan kuzatib boraman. Bugun siz o’qiydigan she’rlarda namoyon bo’lgan fikriy teranlikka hamsoya soddalik shoiraning avvalgi  ayrim she’rlarida nish ko’rsatgan, ammo ulardagi balandparvozlikka moyillik she’rdan ta’sirlanishga xalaqit berardi. Balandparvozlik  she’rdagi tuyg’uga yaltiroq libos kiydiradi, uni, ramziy ma’noda aytsam, osmonga ko’tarib yerga uradi. Taqdim etilayotgan  «Tongga chiqib olsak bas» deb nomlangan she’riy silsilani men bir necha oy avval o’qigan, uni ko’chirib ham olgan edim. Shundan keyin bu «yangilanish» davomini kuta boshladim. «Qish kelishin anglagan edik»  silsilasi  kutganimdan ziyoda bo’ldi. Undagi pinhon ruhiy isyon bilan qorishgan, mehr bilan to’yingan ishq iztirobi   meni behad hayajonga soldi. Bu hayajon davom etishini istab, Shahodatga yangi ijodiy yuksalish tilab qolaman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

Shahodat Ulug’
SHE’RLAR
02

Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – 1970 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning «Qayta tug’ilish» (1997) va «G’animatim» (2004) deb nomlangan nasriy kitoblari chop etilgan. So’nggi yillarda Xorazmshohlar saltanati tarixidan, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» roman ustida ishladi va 2014 yilda nashrdan chiqqan asar adabiyot ixlosmandlari tomonidan iliq qarshi olindi.

02

TONGGA CHIQIB OLSAK BAS…05
Holatiy qissa

1.

Vaqt suzar edi…

To’xtadim, yo’l chopdi. Men to’xtadim,
ammo yo’l quyun misoli chopdi.
Alanga qo’pardi yo’lim ustida.
O’ngimda oyoqni shol qildi qo’rquv,
Ortimda kofar edi abrsuv!
Qismatimni titdim,
Ozod bayot bitdim,
Iloha boshimga chachvonni tashla
Shamol to’zg’itmasin ortiq sochimni!

2.

Makon to’xtab qolgandi…

Qo’lingdan mung’ayib tushib ketdi nay,
Turasan cholg’usiz ishoramga shay.
Surati bejonsan, ammo Sendagi vujud
Falakning burjida xayol suradi
Va shunda ko’zlaring botinan
hayqirayotganing aytib turadi.

3.

Oy shu’lasiz edi…

Tun zulmat pardasin tortdi.
Nihoyat, dilingdagi
tilga ko’chadi
Hayqiradi ichingda
bir sas:
-Oz qoldi, to’xtab tur, ketma!
-Yolvoraman, so’z och.
To’xta, bir nafas
Tongga chiqib olsak bas!
Subhi sodiqqa
omon yetsak bas!

Aytaman:
-Hodisa ro’y beradi…
Hali uyquga ketasan,
uzoq uyquga
Mehvaringda muhtasham
tush ko’rasan
Yurak haroratini,
qalbim mahobatini…

Hali bir tush ko’rasan
Muborak tushki,
Dardingni
mangu olguvchi
Mening hali
nafas olib turganimni
abadiy yodga solguvchi.

Aytasan:
Xayriyat, so’z ochding! Sukuting
hurkitdi. Baxtni yomon qo’rqitdi.
Har tun osmonga boq,
Nursiz — yulduzsiz.
Ketma! Oz qoldi, to’xtab tur!
Sukut qilma.
Yolvoraman, tag’in bir nima de.
To’xta, bir nafas
Tongga chiqib olsak bas!
Subhi sodiqqa
omon yetsak bas!

Va yana aytasan:
Har tong menga
jamil Kalom aytib tur!
Har subhidam qutlug’
calom aytib tur!

2015 yil. 11 iyul – ramazon oyi.

QISH KELISHIN ANGLAGAN EDIK

1.

Dunyomiz bor edi…

Biz qasr qurgandik ko’nglimiz uchun—
Dunyomiz bor edi, juda rangin edi,
Subhidam misoli chandon sokin edi,
Ammo buni tasvirlay olmayman sira.
Baxtning naqshin tasvirlay olmaganimdek.
Sahnimiz behudud osmon edi,
Benazir edi,
muhtasham Behishtdagidek.
Qalbimiz niliy ummon edi,
Unda suzmoq bir imkon edi.
Faslimiz mudom bahor edi,
Fusunkor,
betakror edi.
Tilda, dilda
Iqror bor edi —
qaror bor edi.

2.

Kuydan qasr qurgandik…

Biz ko’rfazda kuy chalgandik
Mastura ehsos bilan.
Shunday —
Kuydan qasr qurgandik
Ko’nglimiz uchun!

3.

Boqiy Kulimsa…

Hayot bu —
So’nggi nafasimiz
Qirqilgunga qadar
Tugallanmas qissa.
Bu chinakam
Hodisa—
Sevgidan mukammal,
Ishqdan buyukroq!

Bizmi?
Bizki,
Ohki—
Yengiltak, huzursiz-orsiz
Bozingar —
Iqlimi aynigan
Muhitdan bezgan.

Bizmi?
Bizki,
Ohki—
Mukammal Dunyoda
Nomukammal bo’lgan
shunchaki
oddiy bir kimsa!

Mening esa
Labimda
Sokin tomayotgan
jilva
Bu aslida —
Boqiy Kulimsa!

4.

Qish kelishin anglagan edik…

Qish kelishin anglagan edik!
Qo’klamda dil tomchilagan chog’
Eslaysizmi, ko’rkam edi bog’?
Men o’shanda shaffof hovuzda
Baxtning rangin asragan edim.
O’sha kezlar anglarmidingiz?!
Chunki dilband, xushnud edingiz.
Go’yoki,
Boqiydek
Baxt bir tortiq edi.
Chunki
Yoshlik
shami mudom
yoniq edi.

5.

Dastlabki sinish…

Endi-chi, endi?
Sag’algina sochingiz oqish
Ohki, bir kun mening ham sochim
Siznikidek bo’lar oppoq, qish
Qo’zingizda qotar nishablik!
Kundan-kunga quyiga enish
Fitratimizga yot xo’rsinish,
Bu chinakam dastlabki sinish!
Asraganim Baxtning rangi edi…
Qish kelishin men bilgan edim
Asraganim Baxtning rangini
Sizga lutfan ilingan edim.

6.

Pinak buzmadim…

Va bir kuni
Ha, esladim
Aprel` edi.
Asl fasl edi.
Mana,
tag’in, esladim…
Sentyabr edi.
Kuz edi.
Kunlar nursiz, tunlar yulduzsiz edi.
Siz umidsiz shashtingizdan qaytdingiz
Mendan pinhon, nelarnidir aytdingiz,
Meni mukammal bilmaganingiz bois.
Men pinak buzmadim.
Sizni sizdan yaxshiroq bilganim bois.
Men o’shanda o’zimga qaytdim.
Tongda, tunda faqat salot aytdim.

7.

Bu chinakam
salot fasli edi.
Kuz faslining
asli edi.

8.

Ahdimni buzmadim…

Siz ba’zan sabrsizlik qilasiz,
Chegarani buzasiz.
Meni mukammal bilmaganingiz bois
Men pinak buzmayman.
Sizni sizdan yaxshiroq bilganim bois.
Ahdimni buzmayman
Va xayol ummonida
behuda suzmayman.
Yot reja tuzmayman.

Deysiz:
Men
buni anglab yetdim.
Siz qasamni buzmaysiz.
Yot reja tuzmaysiz.
Ba’zan uzoq o’ylab qolaman…
Aytaman:
Sizdagi manzarani tasvir etaymi?
Mudhish ro’yo ichida
Kutdingiz, sabringizni yutdingiz.
Aytasiz:
Ajabo, bularning barin bilasiz,
Aqlimni ko’p shoshirasiz.
Aytaman:
Agar istar bo’lsangiz, qay tomoningizda
Chirkin shamol huzursiz
kezib yurganin
aytib beraman.
So’raysiz:
Bularni qaydan bilasiz?
Aytaman:
Agar Robbim dilga solmas bo’lsa…
Men aslida bir ojiz kimsa.
Menki,
mening lablarimda
olov yo’q,
otash yo’q
Kuydirguvchi…
Pokiza nafas bor,
tegrangizga chirkin
Shamol yaqinlashsa
Pok Ixlosla
So’ndirguvchi.

10.

Bunda musaffo havo
Va pok orzu mujassam…

Biz shunchaki nafas olmadik
Va shunchaki xo’rsinmadik ham.
Chunki qo’limizda bor malham
chunki qarorimiz mustahkam!
Bunda ishonch,
bunda musaffo havo
va pok orzu,
Bunda bari mujassam.

11.

Zulmat mangu chekilsin…

Zulmat mangu chekilsin.
Qora tun cho’ksin,
Cho’kkan kabi kema langari,
Kiprik uzra sokin tomchilang
Tongda zarif shabnam singari…

12.

Hayot bu —
So’nggi nafasimiz
qirqulgunga qadar
Tugallanmas qissa.
Bu chinakam
Hodisa—
Sevgidan mukammal,
Ishqdan buyukroq!

Bizmi?
Bizki,
Ohki—
Yengiltak, huzursiz-orsiz
Bozingar —
Iqlimi aynigan
Muhitdan bezgan.

Bizmi?
Bizki,
Ohki—
Mukammal Dunyoda
Nomukammal bo’lgan
shunchaki
oddiy bir kimsa!

Mening esa
Labimda
Sokin tomayotgan
jilva
Bu aslida —
musaffo
Boqiy Kulimsa!

2015 yil, 21-22 noyabr tongi.

045

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

1 izoh

  1. Benazir she’rlar!
    Bugun shunday sochma she’rlar adabiyotimizga o’zgacha rang ,nafislik bahoriy go’zallik sochyotganday Buning asl ildizlari umumjahon she’riyatining eng yaxshi namunalariga tutashib ketadi Bugun o’zbek she’riyatida bunday holat tasvirining shu qadar yorqin ranglarini ko’rasiz Turk she’riyatini buyuk shoiri Nozim Hikmat sh’erlari ham huddi shunday odamga o’zgacha zavq beradi .Ibrohim G’ofurov to’plamiga kirgan mansuralarda ham xuddi shunday bir ajib manzara namoyon bo’ladi .Shahodat opa ,benazir shoira uning she’rlarida ichkin og’riqlar nihoyatda nafis chizilgan .Birgina Boqiy Kulimsa!
    Shu so’z adabiyotimmizdagi ajoyib hodisa desa bo’ladi .

Izoh qoldiring