Javlon Jovliyev. Ko‘k, oq va ola kaptarlar

Ashampoo_Snap_2018.02.08_17h02m28s_005_.png     Мен бу воқеани қоғозга туширар эканман, унда ўзимнинг ҳам, дўстимнинг ҳам иштирок этишини истамадим. Ҳаммаси ўша инсон тилидан ҳикоя қилинса мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Балки жонли ҳам чиқар. Лекин, унинг бу ҳикояга тушмаган, қаламим ожизлик қилган кўп дардлари ва қувончли дамлари бўлганлигига ишончим комил…

Жавлон ЖОВЛИЕВ
КЎК, ОҚ ВА ОЛА КАПТАРЛАР
07

05Жавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

991

Ashampoo_Snap_2018.02.08_16h39m08s_003_.pngКечагидек эсимда… Чарақлаб турган қуёш, қора кал сигиримнинг сомон кавшаши, бизнинг кулгуларимиз, дўппайиб турган сомон ғарамлари, чексиз пахтазор ва ялонғоч қўллардаги чайналган донлар…

Мен бу воқеани қоғозга туширар эканман, унда ўзимнинг ҳам, дўстимнинг ҳам иштирок этишини истамадим. Ҳаммаси ўша инсон тилидан ҳикоя қилинса мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Балки жонли ҳам чиқар. Лекин, унинг бу ҳикояга тушмаган, қаламим ожизлик қилган кўп дардлари ва қувончли дамлари бўлганлигига ишончим комил.

Энди мен билан бу воқеага гувоҳ бўлган дўстимга бир икки оғиз сўз айтмоқчи эдим. Унинг яқинда, яъни мустақиллик байрами арафасида тўйи бўлади. Мен унга бахт тилар эканман, қуйидаги гапларни унга айтишни истардим:

“Темур, бизнинг болалигимиз ҳам зўр ўтган-а! Пахта далалари, сомон поялари, дарё ва ариқларда чўмилишлар… Ҳозир тушдай эслайман. Ўша кун, у ердаги манзара яна кўз олдимга келиб ғалати бўлиб кетдим. Биласанми, кейин ойлаб далага чиқмай қўйгандик. Кўз олдимдан ўша қиёфа кетмай анча қийналгандим. Шунда неча ёшга кирар эдик? Менимча, олти ё беш ёшларда, 1989-90 йиллар эди. Биз шу ёшда меҳнатда эдик. Том маънода меҳнатда. Майли, иш қилиб пишдик. Пахта даласида оппоқ пахта билан бирга ёшлигимизни ҳам тердик. Ким бўлмоқчи эдик?! Орзу ва жўшқинликни умидсиз ўткан кунларга кўниктириб, алдаб, авраб вужудимиздан қувиб юбормадикми? Орзуларинг ўлмадими, дўстим! Қўй, бу ҳақда тўйдан кейин гаплашамиз! Энг муҳими орзуларимизни бадкирдор, ишончсиз, умидсиз инсонлардан сақлайлик, ошна! Эзгу ўйлар сураяпсанми?! Демак сен ҳаракат қилишинг керак! Шунда сендан одамлар барака топиши мумкин экан.

Дўстим, сенинг тўйинг бўлаётгани қандай соз! Ахир, ўттиздан бир икки қадам сакраб қўйувдинг! Майли, бир мазза қилиб ўйнаймиз! Мен сени шу қутлуғ байрамли кунлар билан чин дилдан табриклайман! Матонатли элимиз омон бўлсин!
Шу ҳикояни сенга бағишлайман!

***

Момо толиқди. Тиззаси ачишиб, томирлари тортишгандай бўлди. Энкайиб товонига бир-икки урди, яхши бўлмади. Катта рўмолининг учи ерга тегиб чанг бўлгани қолди. Қайтиб қаддини ростлашдан кўра, тупроқ ва тош аралаш йўлнинг ўртасида ҳансираб ўтириб олди. Пешонасида ялтиллаётган терни рўмоли билан артиб, кенг, узун, қизил гулли кўйлагини силкиб ичига шамол ҳайдади. У ўтирганча тез-тез, чуқур-чуқур уф тортар, кейин бирдан тавба қилиб, шукроналик келтирарди. Теша момонинг ўн қадам ҳам юрмасдан кавушининг ичини кўмиб кетаётган тупроқ кўча бадига урди. Бўлмаса, авваллари бу ердан неча бора кўз очиб-юмгунча ўтиб, қишлоғига етиб олган, ҳозир ҳам бунинг уддасидан чиқишим тайин деб ўйлаганди. Қайда, анча кучи қайтибди. Ёшлиги кетибди. Шу ерга келгунча ўн марталар дам олди-ёв. Иссиқ ва чанг балодай ғашига тегаяпти. Йўлнинг на бошида, на адоғида бирон зот кўринади. Йўл худди тупроқ оқиб ётган дарёдай мавжланиб турибди.

Уйдан катта рўмол ўраб чиққанига афсусланди. Бундай жазирамали кунда бу узун пушти рўмолни ўраб юриш бирам азоб. Нима қилсин? Қандай қилиб куёвининг уйига кичкина рўмол ўраб борсин? Номусга қолмайдими? Тинч ўтиргани маъқул! Ҳар ҳолда қайнона деган оти бор, ўзига яраша ҳурмати бор.
Боя бир-иккита ўткинчи шалдирок машина ўтганда пулига қизғаниб тўхтатмади. Бўлмаса, рўмолини учига тугиб қўйилган тангалари бор… Бироз кам пул берганда ҳам, унинг ёши ҳурмати йўқ дейишмасди. Лекин бировга куни қолишни истамади. Пулини эса қизғанади.

Момо дашт йўлининг ўртасида иссиқдан жизғанак бўлиб ўтирарди. Ўзининг нафас олиши ҳам ичига ўт пуркаётгандай туюлар, юришдан эринар, борган сари мадорсизланиб борарди. Ҳансираши ошиб борар, лаблари қурқшаб, сув ичгиси келарди.

“Бу чўлда сув қаерда, фақат тупроққина бор. Бу ерда тупроққа бўкиб ўлиш мумкин”.

Лекин момо йўлни босиб ўтишига ишончи комил. Ахир, неча марта шу ердан шамол сингари йилган. Бу гал ҳам бир аммаллаб етиб олади. Фақат неваралари чалопни ичиб тугатиб қўйишмаса бўлгани. Муздек чалобга етиб борса бўлди…

Момо яна йўлга тушди. Унинг босган излардан чанг кўтарилар, лекин бу чанг ҳам қайноқ иссиқдан ҳайиққандай бирдан ғойиб бўлар, худди намиқиб қолган гугурт донасининг бир ўт олиб-ўчиб қолишига ўхшарди. Тепасида қуёш тиршайиб туриб жонини олар, енглари кенг кўйлагидан ҳар замон ичига оралаган жимитдай шамол жонига хузур эди.

У йўл бошидан машинага ўтирмаганига афсусланса-да, энди ўлса ҳам ўткинчи машиналарга чиқмайди. Ахир, шунча йўлни пиёда босиб ўтди, бу машаққат бекорга кетсинми?

Теша момо кавушига кирган тупроқни тўкиб ташлади, яланг оёқларини тош қум аралаш тупроқ куйдирди. У тавонида туриб қолди ва тезда кавушини кейиб яна йўлида давом этди.

Негадир қўшиқ ҳиргойи қилгиси келди. Аввалари онаси билан олис бир йўлга чиқққанларида, ёки осмонга сочилган чексиз юлдузли тунларда айтадиган қўшиқни айтгиси келди. У инсон зотини бурдалаб ташлашга тайёр турган саратон иссиғида ёлғиз қадим момолардан қолган қўшиқларни ёш қизчалардай куйлай бошлади.

“Жун кўйлагим бор-а,
Тол дуторим бор-а,
Тешаойнинг тўйид-а
Бир ўйнарим бор-а”

Момо бу қўшиқни қачон айтгани, ўзи умуман охирги марта қачон қўшиқ куйлаганини ҳам эслолмади. Хаёлида фақат гўдаклиги ва мункайиб қариган ҳозирги куни гавдаланарди.

Келини булоқнинг муздек сувига қиладиган чалобига етиб қолса бўлгани… Агар етолмаса қуруқ нон кавшашга тўғри келади. Ўғлининг иши юришмаганидан бери шу аҳвол, авваллари устачилик қилиб яхши пул топарди. Бугун кўча тўла уста. Эээ…

Кампирнинг томоғи қирилиб, бурни ачишди. У тез юришга ҳаракат қилмасин, авваллари пахта эгатларида совуқ еган оёқлари бунга йўл қўймасди. У бир ёқаси ёнтоқзор, бир томони бош-адоғи йўқ пахтазор бўлган йўлдан қишлоғи томон одимлаб борарди.

Қизини эри тушмагур ўлас қилиб урибди. Шунга Теша момонинг ичига чироқ ёқса ёришмайди, йўлган йўли унмайди. Куёвини қарғай деса Худодан қўрқади. Невараларининг отаси, уларга ош-нон бериб турибди. Кўргани бормаганда куёвининг бундайлигини билмас ҳам экан. Қизини кўриб қўрқиб кетди. Кўзи тўқ жигарранг бўлиб, фонарнинг кўзидай бўлиб бўртиб турар, ўзи эса пиққиллаб йиғларди. Кап-катта аёлнинг болалари қошида йиғлаб ўтириши ғалати кўринар экан. Момонинг кўзлари ҳам намланди, лекин буни ҳеч бир зотга сездирамади. Сездириб бўладими?

“Қўлинг сингур шунақа ҳам урасанми? Ўзингнинг хотининг-ку! У сенга эркак кишими, нозиккина эт бўлса…”

Чоли тирик бўлганда куёвини тийиб қўярди. Ҳозир қари кампирнинг қўлидан нима ҳам келсин. Ука-акалари ҳам ўз рўзғорини зўрға тортқилаб юришибди. Қизини олиб кетай деса бешта-олтита боласи билан қаерга ҳам сиғарди. Э-э-э…

Момо ҳамон букчайганча қўлларини орқага қилиб, тупроқ тўлган йиртиқ кавушини судраганча ўрмалаб борарди. Катта, оқ, қизил тошлардан тизилган мунчоғи ҳар замонда бир-бирига ишқаланиб овоз чиқарарди.

“Йиғлаб, ҳаётдан тўйиб кетдим дейди. Аҳмоқ қиз, қандай уялмай айтади? Шу гапга қандай тили боради-а? Бешта боласи-чи? Кимга қолади? Ким тарбия қилади? Кимда кўз йўқ йиғлагани, кимда тил йўқ дардини айтиб жаврагани?! Чидаш керак, чидаш керак. Раҳматли отаси айтгандай, ҳаёт ўйин эмас, ўйин эмас”.

Момонинг бир пайтлари жон олувчи кўзлари қисилди, оқ аралаш буталмаган узум дарахтидай ўсиб кетган қошлари учди. Унинг борган сари иссиғи ошиб, ичи ёниб борар, момо буни саратоннинг касрига тўнкаб чанг ютиб кетаверарди.

“Ким фақат тўкис бахт билан қучоқлашиб ётади? Нима менинг кўзимга ҳаёт қоронғу бўлмаганми? У дунёга кетиш осон, бу ердагиларга қийин. У ёққа муносиб бориш мушкул, жуда мушкул. Э-е-е, Худо бировга муҳтож қилмайгина жонимни ол… оёқда жонимни ол.”

Теша момо бош-адоғи кўринмайдиган чанг кўча чеккасидаги пахта учун тўкилган гунг ёнида чўккалади. Қўли етар тарафда бир каттароқ тош бор экан, тракторнинг балонига тирашган бўлса керак. Шунинг устида бироз нафас ростлашни ният қилди. Бошидан катта рўмолини олди. Терларини артди. Ўзини жуда ҳорғин ва ночор ҳис қилиб кетди. Кейин яна қизи ёдига келди. Қизи билан тун бўйи гаплашиб чиқишди. Туни билан ўғил невараси тинмай йиғлади. Қорни тўймаса керак-да, бечоранинг. Энага сут бўладиган рўзғорда на гўшт бор, на ош-қатиқ. Нима бўлганда ҳам яшаш керак. Болалари катта бўлса, ота онасининг қаватига киради. Қизига йиғлама, деди-ю кампирнинг ўзи ҳам йиғлаб юборди. Ўртанчи невараси қўрқоқ бўлиб қолибди. Туни билан алаҳсираб чиқди, кейин чироқни ўчирмай ётишга тўғри келди. Бунинг устига, кампирни пашша талади. Кенжа қиз невараси жойини ҳўллаб қўйди, уй сасиб кетди. Қизи эса бунга бепарво дардини дастурхон қилиш билан овора. Шундай аҳволда ухлаб бўладими? Кампир мижжа қоқмай чиқди.

Кейин алла маҳалда куёви келди. Кампир келганини билмай хотинининг энасидан бўралатиб сўка кетди. “ Ҳей сенинг энангни…” – деб оғзидан шоди кириб боди чиқди.. Қизи йиғлади. Кампир тишини-тишига босди. Ўзини ҳақорат қилишларини чидаб эшитиб турди. Чоли ўлганига ўн йил бўлган бўлса, шунча вақтдан бери бировдан сўкиш эшитмаган эди. Ўғиллари эшитиб қолса, куёвини тириклайин гўрга тиқишади. Момо кўзларидан оққан шашқатор кўз ёшлари бурушган, титраб турган қўлларига тушди. У кўз ёшини бағрига босди. Ҳеч ким кўрмайдиган қилиб босди. Дераза дарчасидан кирган ўғри шабада унинг кўзларидаги намни музлатарди.

Қизи эрининг оғзига тиззалаб, эмаклаб ёпишди: “Энамни сўкманг, энам шу ерда, энам шу ерда” – деб йиғлайверди. Куёви қизини шалтоқсан деб сўкди, фаросатдан асар ҳам йўқ, деб сўкди. Э-э-э…

Эрини ухлатиб келган қизи, кампирнинг буришган юзларига кафтларини қўйиб силади. Кўзларидан ўпди, кампир эса бепарво қизига:

— Кимдир келгандай бўлдими? Кўзим кетиб қолибди. Эринг ҳали ҳам келмадими? Қаерда юрган бўлса ҳам, эсон бўлсин, омон бўлгур…

Қизи онасига жавоб бериш ўрнига унинг тўкилиб адо бўлган сочлари орасидан қўлини ўтказиб қучди ва бошқа дийдиё қилмади.

Эртасига кечаги хижолатли вазиятдан уялган шекилли, куёви тонг отмасдан қаергадир даф бўлибди. Наҳордан уйи томон йўлга чиқмоқчийди, лекин кўнгли бўлмади. Қизига бироз ёрдам беришни ўйлади. Қизи кир-чирларини ювиб олгунича кичкиналарига қараб турди. Катта невараси мактабдан келгандагина уйга қараб йўлга тушди. Тушликка ҳам қарамади. Билади, сигири йўқ, тушликда чалоб ичгиси келади. Памидор тўғраб, оқ пиёз тўғраб муздек чалобни ичгиси келади. Фақат шунга улгурса бўлгани, бугун ҳам момо қизиникида қолади деб унга чалоб олиб қўймаган бўлса, у кечги овқатгача нон кавшайди.
“Тезроқ ҳаракат қилиши керак”.

Тупроқ йўлдан безган момонинг хаёлига пахта эгатлари ичидан кесиб чиқсам-чи, деган фикр келди. Ахир, йўл қисқараган, бу тупроқ ва чанг кўчадан қутилган бўларди. Момо миясига келган фикрни кўп ҳам ўйламай эгат томон йўл бурди ва пахта оралаб кетди. Кетар экан, ўзини келиб қолиши мумкин бўлган машинларга қўл кўтариб қўйиш хавфидан ҳам қутилган ҳис қилди. Бунинг устига пахта эгатлари текис, ҳеч қандай тупроқ ва чангсиз эди. Кампир пахта оралаб юриши билан ёшлиги кўз олдига келди. Ахир, унинг болалиги шу пахта эгатлари билан бирга ўсмадими, шу ерда биринчи марта кулди, шу ерда биринчи марта чолини учратди. Улар бир-бирларига пахталар орасидангина қарашди, пахталар орасидангина қиз йигитнинг бўйини кўрди, нозланиб қовоғини уйди. Унинг билакларига разм солди, кейин уятдан куйган юзлари қизарди. Одамларнинг учрашув жойи ҳам шу ер эди, шу гўрда эди. Момонинг таъби тирриқ бўла бошлади. Бекор қилди-ёв. Лекин орқага қайтмайди. Ирим билди. Агар шу узун пахта даласининг бошига чиқиб олса, у ёғи ўзининг қишлоғи. Уйгача бир қадам дегани…

Ҳа, пахта унинг жони эди, жонини олди, пахта қони эди, қонини ичди. Бир пайтлар бригадирнинг отини кўриши билан аёллар жони чиқар, болали ҳам, боласиз ҳам, туққани ҳам, туғаётгани ҳам шу пахтазорда бўлишликни шарт деб биларди. У пахта орасидаги катта кесакларга урилиб кетар экан, шунчалик пахтадан нафратланишини ўйлаб қўрқиб кетди. Ахир, шу эгатлар ичида иккита боласи тушиб қолди. Буни фақат йиғлай-йиғлай эрига айтганди. Эри ўша куни эркалаб аммафост анқиётган сочидан силаб қўйганди, холос.

Ўшанда ичидаги гумонаси билан бирга, ичак-чавағи қўшилиб тушуб қолгандай бўлганди. Ўлиб қолсам керак деб ўйлаганди. Ичаклари жойида экан, жони, қалби, ишончи тушиб қолибди. Бағрида бунинг ўрнида бутун вужуди билан пахтага бўлган нафрат шаклланди. У нафрат туғди. Оппоқ нафрат.

Ўша машъум кун торозига чиқмай пахта япроқларини пана қилиб ётди. Қон келиши тўхтамай анча вақт азоб чекди, кейин вужудидан тушган шилимшиқ бир парча этни пахтага ўраб, пешонасидан оққан қора терга қориб, эгат ичларига кўмиб юборди. Кун қорайгачгина гандираклаб уйига қайтди.
Иккинчиси ҳам пахта ичида эрта нобуд бўлди. “Пахтага ўғит бўлди, болам бечора”, деб юрди. Эээ…

Кампир нам тупроққа оёғи етганлигини ҳис қилди. Ям-яшил барг чиқарган пахта ниҳолларига қараб кўнгли айниди. Кейин ернинг бироз намланганлигини кўриб, адоғи лой бўлса-чи деган хавотир пайдо бўлди. Начора, ортдаги чанг йўл ҳам анча олисда қолди. Фақат олдинга одимлаши керак. Нима бўлса бўлар…
Теша момо терлаб кетган пешонасини рўмолига артди. Кейин асабий рўмолини бўйнидан олиб елкасига ташлади. Бунга ҳам кўнгли тўлмади ёки бирор нарсага илашиб тушиб қолишдан чўчидими белига боғлаб қўйди. Момо ҳансираб, қора терга бўкди.

У пахта даласининг ўратасига яқинлашган сайин ернинг намлиги ортиб борар, шу билан бирга, момонинг хавотири ҳам ошиб борарди. У қадам ташлар экан, кўпинча бундай узун пахта далаларининг ўртасигача сув чиқишини ўйлади. Охирига улгурмай, сув тўхтаб қолади. Мана борган сари пахталарнинг бўйи ҳам узунроқ, рангги ҳам тўқроқ.

Кампир бор кучи билан юришга ҳаракат қилар, лекин пахта даласининг нариги боши кўринай демасди. У бироз дам олмоқчи бўлди. Лекин тайинли жой топа олмай яна юришда давом этди. Момони даладан анқиётган аччиқ ҳид буғар, нафас етиши қийинлашиб ҳансираши ортарди. Бунинг устига, баданининг қўл етмайдиган томони қичишар, бу ҳам момо асабларини тирнарди. Бундан ташқари букилган гавдасига, юзларига пахтанинг оч сариқ рангдаги бадбўй ҳидли гуллари урилиб жонига тегаяпти.

“Жун кўйлагим бор-а,
Бир ўйнарим бор-а…”

Ҳозир уйда бўлганда мазза қилиб памидор ва бодиринг тўғраб, нон билан қўшиб чалоб ичарди! Салқин уйига кириб, соат тўрт-бешгача мириқиб ухларди. Бошқа кунларагдагидай уйқу излаб сарсон ҳам бўлмасди. Қотиб қоларди.

Кампирнинг хато йўл танлагани маълум бўлди. Пахта даласининг ўртасига борган сайин кавушига кўпроқ лой ёпишиб борарди. Момонинг ўжарлиги тутиб кавушини ботириб бўлса-да, одимлайверди. Олдинга интилди. Эгат ичидан чиққан шўрани айланиб ўтаётиб кавуши тойиб узаласига йиқилиб тушди. Қўли тикон устига бориб тушиб, нам ёнтоқ игнаси бутун танасини сирқиратди. Аламдан кўзларидан ёш отилиб чиқиб кетди. Момо ўрнидан турди. Пахтадан бироз баланд бўйи кўкка юз тутди. У энди қандай юришни билмай қолди. Жуда чарчагани учун ортга қайтиш ва бошқатдан йўл босишни хаёлига ҳам келтирмасди. “У нима бўлганда ҳам шу пахта даласидан чиқиб кетади, нима бўлганда ҳам!”

Икки қадам юрмасдан оёғи қайсидир чуқурчага тушди-ю, гавдаси билан олдинга учиб кетди. Оғриқдан кўзларидан олов чиқиб кетай деди. У титраб, лат еган оёғини қўллари билан суғуриб олмоқчи бўлди. Бир томонга қийшайиб қўллари билан тешикдан оёғини чиқариб олди. Қайси балога йўлуққур ҳайвон қазган экан деб тинмай жаврай бошлади. Кейин лойга узала ётиб олди. Осмондан қушларнинг учишини айтмаса, кўк ҳам пахта даласидагидай тинч эди.
Тепадан қуёш ўқ отар, пахта ичидан кўтарилаётган дим ҳаво момони лохас қиларди. Момо янги кўйлагининг лой бўлганини ўйлади. У осмонга қараб пахта ичида ётар экан, орқасида сув борлигини ҳам ҳис қилди. Қўли билан рўмоли ва мунчоғини ушлаб қўйди, жойида.

“Тешаойнинг тўйида, бир ўйнарим бор-а”

Энди бу ердан ҳеч қаёққа кета олмайди. Ҳеч қаёққа….

Йўқ! Қуёш кетиб, пахта оралаб бирон бир деҳқон ўтишини кутади, ёки тракторнинг тириллаши эшитилиб қолар… Ахир, бу атрофда одам яшайди-ку.
Аммо ўғли билан келини хавотир ҳам олишмайди. Қизиникида қолиб, гўшт еяётган дейишади. Қизи эса энам аллақачон уйига етиб борган дейди. Қачон дарди тўлгандагина сўратади. Агар шу пайтгача мени ҳеч ким топиб олмаса, бу ерда дарё чеккасида қолган балиқдек сасиб кетаман. Балки пахта теримигача одам ўтмас. Унда нима бўлади, Худо подшо барига, Худо подшо…

Кампир оёқларини яна бир бора ҳаракат қилдиришга уриниб кўрди. Иложи бўлмади.

Момо пахтани қанчалик ёмон кўришини, ҳатто ундан даҳшатли махлуқдан қўрқандек қўрқишини ҳис қилди.

“У ҳаракат қилади. Уйидаги қудуқнинг муздек сувида бўлган, райҳон қўшилган чалобига етиб боради. Уни ичaди ва мазза қилиб ухлайди.”

Кампир ухламоқчи бўлди, лекин кун бошини ачитиб юборар даражада иссиқ эди. Момо узоқ вақт кўзини юмиб ётди. Авваллари эри маст-аласт келса шундай қилгувчи эди. Кейин ётишидан ҳам, пахтанинг қўланса ҳидидан ҳам жирканиб кетди. У судралиб бўлса-да, бироз юрмоқчи, олдинга интилмоқчи бўлди. Озгина юрса пахта эгатлари ичидаги сувга лаб босса бўлади. Нима қилибди, авваллари шу сувлардан хўплаб-хўплаб ичгувчи эди-ку. У чувалчангдек судрала бошлади. Кейин момони ютал тутди, узоқ вақт йўталиб қолди. Бир оёқда туришга уринди. Олдидаги пахта пояларини синдириб уларга таянганча бир оёқда ўрнидан турди. Пешонасидан тер қуюлар, юраги тез ва лўқиллаб урарди. Кеча уйидан ичган ширин чойидан бошқа нарса тотмабди. Тушликда кизиникига кириб борганда жигарбандининг маматалоғи чиққан юзига қараб томоғидан ҳеч нима ўтмаганди. Кечаси ҳам қизининг дийдиёси-ю, ўзининг бағрига оқаётган аччиқ кўз ёши билан бутун вужуди тўлган эди. Эрталаб ҳам бешта болани тўйдираман деб ҳеч нима емади. Тушликда ўз уйимда қалампир, райҳон қўшиб аччиққина муздек чалоб сумираман деб қуруқ оғиз билан йўлга чиққанди. Мана пахтанинг исқирт сувига ботиб, шуни ичиб ўтирибди.

Эҳ, ёш бўлганда эди… Бу далаларни бошдан оёқ пайҳон қилиб чиқишга ва қайтадан пахта экиб чиқишга ҳам кучи етарди. Умри давомида тонг саҳардан то ярим кечагача даладан бери келмасди. Шу пахтада икки боласини кўмди ва бу дала энди ўзини кўмаяпти. У осмонга қаради. Ҳадемай қуёш бироз чекина бошлайди. Одамлар аста-секин ўрнидан туриб кетмонини елкага ташлаб дала томон чиқишади. Шунда момо бош кўтариб бақиради. Уни топиб олишади ва уйига олиб боришади.

“Ахир, ҳаммаёқ пахта даласидан иборат эмас-ку!”

Пахтанинг чидаб бўлмас аччиқ ҳиди момонинг димоғини бўғди ва бироз нафас олишга қийналиб, юраги тез уриб қолди. Кўзлари қизариб, Тангридан мадад сўради. Сал ўтиб ўрнидан турмоқчи бўлди. Бир оёқда сакраб адоқсиз пахта эгатларидан ўтиб бўлармикан. Йўқ, ўтиб кета олмади. Пахта унга даҳшатли, енгиб бўлмайдиган катта кучдек туйилиб кетди.

“Наҳот, одамлардан ҳам кучли, қадрли бўлса. Наҳот, шу дала ичида у мангу қолиб кетса! Йўқ! Бу ерда итдек, чала туғилган болалари каби ўлиб кетишни истамайди. Асло!”

Кампир дуо қилди. Кейин бир оёқда туришга уринди. Туриш билан бутун вужудига совуқ шамол киргандай бўлди. Танасида йиғилган тернинг аччиқ суви уни бир дам музлатди, кейин яна иссиқ шамол уни бўға бошлади. У бир оёқлаб олдинга интилди. Бир оёқда сакраб юриши билан яна йиқилиб инграб юборди. Момо бурни билан тушди ва оғзига қон сизиб кира бошлади. Кампир қўрқиб кетди. У энди калласини ишлатиши керак. Бўлмаса ҳолига вой. Ахир, кимсасиз саҳрода, қум барҳанлари ичида қолиб кетгани йўқ-ку. Шунчаки пахтазор ичида. Кўпи билан икки-уч соат қуёшнинг тиғига бардош бериб турса бўлди. Пахта даласига одам ўрмалай бошлайди. Шунда одам кўринади. Одамлар ҳам бор-ку ахир! Момонинг қисиқ, хира кўзлари умид билан атрофга боқди, аммо пахтанинг дирдираб турган япроқларидан, қуёшнинг ўткир нурлари таралаётган осмондан бошқа ҳеч нимани кўрмади.

У пахта поясини ғазаб билан синдирди-да унга бош қўйиб ётди. Бағрига енгил шамол теккандай бўлдию, зумда қуёш уни ҳам аёвсиз нишонга олди. Юраги тез уриб, лохас бўлаётганлигини ҳис қилиб турарди. Унинг қайт қилгиси келди. Лекин бирон нарса емагани учун бу фикрдан ҳам қайтди. У тезроқ ухлашни истарди. Мўъжиза содир бўлсаю ухлаб қолса…

Бечора отаси ҳам шу пахта туфайли қамалиб келди. У пайтлар ёш эди. Онасининг айтишича, битта эшак уч туп пахтани егани учун отасини қамашган экан. Шундан кейин эшакка минмайдиган, боғланиб турган эшагига кесак отиб қочадиган бўлди. Отаси қамоқдан ғалати, сочларига оқ ораб, тишлари тушиб қайтиб келди. Отаси бир куни қизининг эшакка минмаслик сабабини эшитиб, жилмайиб қўйди ва: “Қизим, ундай қилма. Меним қамалишимда эшакларнинг айби йўқ, машина миниб юрганларнинг айби бор”, деди. Шундай кейин эшакларни калтакламайдиган бўлди.

Теша момонинг кўзи илинди. Момонинг кўзига иккита чиройли, озода кейинган бола кўрина бошлади. Улар шунчалик ширин ва хушчирой эдики, момонинг кўзлари қувнаб кетди. Улар пахта даласида нима қилиб юрганига ҳайрон қолди. Кампир ўзининг ёшариб қолганлигини ҳис қила бошлади. Сурати ёш бўлса-да, юраги безовта ураётганидан, кўнгли лохас бўлаётганидан ажабланарди ҳам. Болалар яқинлашиб келган сайин кампир уларни таниди. Танимаслиги ҳам мумкинми? Ахир, улар унинг ўзи фарзандлари-ку! Дилбандларини ҳам танимай ўлибдими?! Шу далада оппоқ пахта ва оқ халта билан бирга ерга кўмган фарзандлари-ку. Улар туғилишганда жуда чиройли бўлишар экан-а. Қаранг, қандай ширин. Уларнинг бўйи пахтанинг бўйидан бир-икки қарич узун экан-а?!

Болалар узоқдан у томон чопиб келишар, қийқиришар, кулишарди. Улар пахта даласида эдию, лекин улардан баландлаб, учиб келаётгандай туюларди. Шунда бирдан осмонда оппоқ булутлар пайдо бўлди. Каптарлар ҳам учиб келди. Улар бирам кўп эдики, кўкда сузиб юрган булутларни эслатарди. Каптарлар фарзандаларидан олдин онанинг олдига келди, унинг атрофида уча бошлашди. Она уларга кафтини очган эди қўлида қаердандир буғдой доналари пайдо бўлди. Оппоқ каптарлар уларни териб ея бошлади. Каптарларнинг тиниқ кўзларига ҳаваси кетди. Уларнинг тумшуқлари ҳар сафар қўлига текканда ёш қизлардай энтикарди момо. Кейин каптарлар пириллаб учиб кетишди. Пахта даласи ҳам кўздан йўқолди. Узоқ- узоқлардан эса икки бола ҳамон номаълум томонга қараб чопиб кетишар эди.

Кампир туғилмай қонга беланган фарзандлари олдида ўзини айбдор деб биларди. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас, ахир. Мен уларни пахта даласига алмашганман деб ўзини қийнарди. Момо ўзига келгач, тушми бу ё хаёлий алаҳсирашми, нима бўлганда ҳам унутишни истади. Ахир, у ҳали курашади.

Энди охирги чорани қўллаш керак. Шу жойда юраги ёмон бўлиб ўлиб қолиши ёки эсиб оғиб қолмасидан юриши, охиргача, тўхтамай одимлаши керак. У эмаклаб кўрмоқчи бўлди. Бироз юргач момонинг юзига табассум югурди. У синган оёғини кўтарганча, тиззалари лойга ботиб эмаклар, ожиз оёғи лўққиллаб жонини оғритишига қарамай, лой эгатдан тўрт оёқлаб касал ва чўлоқ кари ит каби судралиб борарди. У бироз юриб ортига қаради. Ҳақиқатан қандайдир ҳайвон юрганига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Фақат қайси жонзот эканлигини ҳеч ким била олмаса керак. Ҳайвонга айланган одамлар бор, лекин уларнинг барчаси ҳам ўзи истаб ҳайвон бўлмаган. Пахтазорда шунча йил ҳайвон сингари яшади-ку, ахир. Фақат авваллари икки оёқда эди, гўё инсон эди. Ҳозир тўрт оёқда, аниқ ҳайвон.

Момо бу чиқиб кетиши керак. Тезроқ чиқиб кетиши…

“Бу пахта кимларини ютиб юбормади. Сал бўш келсам мени ҳам ютиб юборади”, дерди ўзига ўзи…

Кампир қўлларига тикон кирганини ҳам ҳис қилмади, лойни пахта пойларига жаҳл билан артганча олдинлайверди. Кўз олдидан ҳамон у томонга қўлларини катта очиб чопиб келаётган болалари кетмас, кампир нима бўлганда ҳам шу пахта даласида ўлиб кетмаслиги учун эмаклаб кетарди.

***

Кун ботиб, қоронғу тушгач кампирнинг қорайиб қонталаш бўлиб кетган қўллари пахта пояларисиз қуруқ ерга тегди. Унинг юзини эса таниб бўлмас, сочлари тўзғиб, кетган, лой бурнидаги қон билан қўшилиб қотиб қолганди. У келиб ҳансираб чўзилиб ётди. Кейин гангиётган қулоғига қандайдир овоз эшитилди. Қулоқ тутди. Сувнинг шилдираши экан. Ёнидан тўлиб оқаётган ариққа судралиб ўзини ташлади. Саёз экан. Лекин тани бирам яйрадики, худди қаерга учишини билмай осмонда шўх ўйнаётган оққуш мисоли эди…

Момо яна бироз сув ичида ётса, эсини йўқотишини тусмоллаб, сувдан қорайиб кетган тирноқлари ёрдамида чиқди. Кейин яна эмаклаб кета бошлади. Сомон ғарамига етгач ўзи учун унинг бағридан жой тайёрлади. Ётиш олдидан кейимларини ечиб сомон устига ташлади. Унинг қовжираган дарахт каби яланғоч гавдаси ва белига боғланган рўмол бир сония ой нурида муаллақ қолди. Қорайиб турган пахта даласига қараб, маъносиз жилмайди. Кейин эса ўзини сомон тўдасига отди.

***

Мол боқиб юрган икки бола эрталаб кампирни буғдой ўрилган далада кўриб қолиб, тош қотишди. Рўмол уят жойларини тўсиб турган бу яланғоч кампирнинг қалин мунчоғи уларга жуда таниш эди. Улар қўрқанидан нуқул титрашар, кампирга яқинлашишни ҳам, қочиб кетишни ҳам билишмасди. Кечаси турган шамол момонинг кўйлагини пахта даласидага бориб урган, ҳошиясига беҳи гули туширилган лозими эса янтоққа бир учи билан илиниб ҳилпираб турарди. Момонинг яланғоч, жонсиз гавдасига қуёш нурлари ҳамон шайдо бўлиб турар, сочилган, чайналган буғдой донларини эса кўк, оқ ва ола каптарлар тим-қора тиниқ кўзлари билан атрофга олазарак боққанча териб ер эди.

fialka-cv.jpg Men bu voqeani qog‘ozga tushirar ekanman, unda o‘zimning ham, do‘stimning ham ishtirok etishini istamadim. Hammasi o‘sha inson tilidan hikoya qilinsa  maqsadga muvofiq bo‘ladi, deb o‘ylayman. Balki jonli ham chiqar. Lekin,  uning bu hikoyaga tushmagan, qalamim ojizlik qilgan ko‘p dardlari va  quvonchli damlari bo‘lganligiga ishonchim komil…

Javlon JOVLIYEV
KO‘K, OQ VA OLA KAPTARLAR
07

  Javlon Jovliyev (Jovliyev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G‘ishtli qishlog‘ida tug‘ilgan. 2010–2014 yillarda O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining “San’atshunoslik jurnalistikasi” yo‘nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo‘nalishi magistranti. Hozirgi kunda o‘qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasining “Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi” nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliyev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O‘zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

991

0_52460_15e82a8_L.pngKechagidek esimda… Charaqlab turgan quyosh, qora kal sigirimning somon kavshashi, bizning kulgularimiz, do‘ppayib turgan somon g‘aramlari, cheksiz paxtazor va yalong‘och qo‘llardagi chaynalgan donlar…

Men bu voqeani qog‘ozga tushirar ekanman, unda o‘zimning ham, do‘stimning ham ishtirok etishini istamadim. Hammasi o‘sha inson tilidan hikoya qilinsa maqsadga muvofiq bo‘ladi, deb o‘ylayman. Balki jonli ham chiqar. Lekin, uning bu hikoyaga tushmagan, qalamim ojizlik qilgan ko‘p dardlari va quvonchli damlari bo‘lganligiga ishonchim komil.

Endi men bilan bu voqeaga guvoh bo‘lgan do‘stimga bir ikki og‘iz so‘z aytmoqchi edim. Uning yaqinda, ya’ni mustaqillik bayrami arafasida to‘yi bo‘ladi. Men unga baxt tilar ekanman, quyidagi gaplarni unga aytishni istardim:

“Temur, bizning bolaligimiz ham zo‘r o‘tgan-a! Paxta dalalari, somon poyalari, daryo va ariqlarda cho‘milishlar… Hozir tushday eslayman. O‘sha kun, u yerdagi manzara yana ko‘z oldimga kelib g‘alati bo‘lib ketdim. Bilasanmi, keyin oylab dalaga chiqmay qo‘ygandik. Ko‘z oldimdan o‘sha qiyofa ketmay ancha qiynalgandim. Shunda necha yoshga kirar edik? Menimcha, olti yo besh yoshlarda, 1989-90 yillar edi. Biz shu yoshda mehnatda edik. Tom ma’noda mehnatda. Mayli, ish qilib pishdik. Paxta dalasida oppoq paxta bilan birga yoshligimizni ham terdik. Kim bo‘lmoqchi edik?! Orzu va jo‘shqinlikni umidsiz o‘tkan kunlarga ko‘niktirib, aldab, avrab vujudimizdan quvib yubormadikmi? Orzularing o‘lmadimi, do‘stim! Qo‘y, bu haqda to‘ydan keyin gaplashamiz! Eng muhimi orzularimizni badkirdor, ishonchsiz, umidsiz insonlardan saqlaylik, oshna! Ezgu o‘ylar surayapsanmi?! Demak sen harakat qilishing kerak! Shunda sendan odamlar baraka topishi mumkin ekan.

Do‘stim, sening to‘ying bo‘layotgani qanday soz! Axir, o‘ttizdan bir ikki qadam sakrab qo‘yuvding! Mayli, bir mazza qilib o‘ynaymiz! Men seni shu qutlug‘ bayramli kunlar bilan chin dildan tabriklayman! Matonatli elimiz omon bo‘lsin!
Shu hikoyani senga bag‘ishlayman!

***

Momo toliqdi. Tizzasi achishib, tomirlari tortishganday bo‘ldi. Enkayib tovoniga bir-ikki urdi, yaxshi bo‘lmadi. Katta ro‘molining uchi yerga tegib chang bo‘lgani qoldi. Qaytib qaddini rostlashdan ko‘ra, tuproq va tosh aralash yo‘lning o‘rtasida hansirab o‘tirib oldi. Peshonasida yaltillayotgan terni ro‘moli bilan artib, keng, uzun, qizil gulli ko‘ylagini silkib ichiga shamol haydadi. U o‘tirgancha tez-tez, chuqur-chuqur uf tortar, keyin birdan tavba qilib, shukronalik keltirardi. Tesha momoning o‘n qadam ham yurmasdan kavushining ichini ko‘mib ketayotgan tuproq ko‘cha badiga urdi. Bo‘lmasa, avvallari bu yerdan necha bora ko‘z ochib-yumguncha o‘tib, qishlog‘iga yetib olgan, hozir ham buning uddasidan chiqishim tayin deb o‘ylagandi. Qayda, ancha kuchi qaytibdi. Yoshligi ketibdi. Shu yerga kelguncha o‘n martalar dam oldi-yov. Issiq va chang baloday g‘ashiga tegayapti. Yo‘lning na boshida, na adog‘ida biron zot ko‘rinadi. Yo‘l xuddi tuproq oqib yotgan daryoday mavjlanib turibdi.

Uydan katta ro‘mol o‘rab chiqqaniga afsuslandi. Bunday jaziramali kunda bu uzun pushti ro‘molni o‘rab yurish biram azob. Nima qilsin? Qanday qilib kuyovining uyiga kichkina ro‘mol o‘rab borsin? Nomusga qolmaydimi? Tinch o‘tirgani ma’qul! Har holda qaynona degan oti bor, o‘ziga yarasha hurmati bor.
Boya bir-ikkita o‘tkinchi shaldirok mashina o‘tganda puliga qizg‘anib to‘xtatmadi. Bo‘lmasa, ro‘molini uchiga tugib qo‘yilgan tangalari bor… Biroz kam pul berganda ham, uning yoshi hurmati yo‘q deyishmasdi. Lekin birovga kuni qolishni istamadi. Pulini esa qizg‘anadi.

Momo dasht yo‘lining o‘rtasida issiqdan jizg‘anak bo‘lib o‘tirardi. O‘zining nafas olishi ham ichiga o‘t purkayotganday tuyular, yurishdan erinar, borgan sari madorsizlanib borardi. Hansirashi oshib borar, lablari qurqshab, suv ichgisi kelardi.

“Bu cho‘lda suv qayerda, faqat tuproqqina bor. Bu yerda tuproqqa bo‘kib o‘lish mumkin”.

Lekin momo yo‘lni bosib o‘tishiga ishonchi komil. Axir, necha marta shu yerdan shamol singari yilgan. Bu gal ham bir ammallab yetib oladi. Faqat nevaralari chalopni ichib tugatib qo‘yishmasa bo‘lgani. Muzdek chalobga yetib borsa bo‘ldi…

Momo yana yo‘lga tushdi. Uning bosgan izlardan chang ko‘tarilar, lekin bu chang ham qaynoq issiqdan hayiqqanday birdan g‘oyib bo‘lar, xuddi namiqib qolgan gugurt donasining bir o‘t olib-o‘chib qolishiga o‘xshardi. Tepasida quyosh tirshayib turib jonini olar, yenglari keng ko‘ylagidan har zamon ichiga oralagan jimitday shamol joniga xuzur edi.

U yo‘l boshidan mashinaga o‘tirmaganiga afsuslansa-da, endi o‘lsa ham o‘tkinchi mashinalarga chiqmaydi. Axir, shuncha yo‘lni piyoda bosib o‘tdi, bu mashaqqat bekorga ketsinmi?

Tesha momo kavushiga kirgan tuproqni to‘kib tashladi, yalang oyoqlarini tosh qum aralash tuproq kuydirdi. U tavonida turib qoldi va tezda kavushini keyib yana yo‘lida davom etdi.

Negadir qo‘shiq hirgoyi qilgisi keldi. Avvalari onasi bilan olis bir yo‘lga chiqqqanlarida, yoki osmonga sochilgan cheksiz yulduzli tunlarda aytadigan qo‘shiqni aytgisi keldi. U inson zotini burdalab tashlashga tayyor turgan saraton issig‘ida yolg‘iz qadim momolardan qolgan qo‘shiqlarni yosh qizchalarday kuylay boshladi.

“Jun ko‘ylagim bor-a,
Tol dutorim bor-a,
Teshaoyning to‘yid-a
Bir o‘ynarim bor-a”

Momo bu qo‘shiqni qachon aytgani, o‘zi umuman oxirgi marta qachon qo‘shiq kuylaganini ham eslolmadi. Xayolida faqat go‘dakligi va munkayib qarigan hozirgi kuni gavdalanardi.

Kelini buloqning muzdek suviga qiladigan chalobiga yetib qolsa bo‘lgani… Agar yetolmasa quruq non kavshashga to‘g‘ri keladi. O‘g‘lining ishi yurishmaganidan beri shu ahvol, avvallari ustachilik qilib yaxshi pul topardi. Bugun ko‘cha to‘la usta. Eee…

Kampirning tomog‘i qirilib, burni achishdi. U tez yurishga harakat qilmasin, avvallari paxta egatlarida sovuq yegan oyoqlari bunga yo‘l qo‘ymasdi. U bir yoqasi yontoqzor, bir tomoni bosh-adog‘i yo‘q paxtazor bo‘lgan yo‘ldan qishlog‘i tomon odimlab borardi.

Qizini eri tushmagur o‘las qilib uribdi. Shunga Tesha momoning ichiga chiroq yoqsa yorishmaydi, yo‘lgan yo‘li unmaydi. Kuyovini qarg‘ay desa Xudodan qo‘rqadi. Nevaralarining otasi, ularga osh-non berib turibdi. Ko‘rgani bormaganda kuyovining bundayligini bilmas ham ekan. Qizini ko‘rib qo‘rqib ketdi. Ko‘zi to‘q jigarrang bo‘lib, fonarning ko‘ziday bo‘lib bo‘rtib turar, o‘zi esa piqqillab yig‘lardi. Kap-katta ayolning bolalari qoshida yig‘lab o‘tirishi g‘alati ko‘rinar ekan. Momoning ko‘zlari ham namlandi, lekin buni hech bir zotga sezdiramadi. Sezdirib bo‘ladimi?

“Qo‘ling singur shunaqa ham urasanmi? O‘zingning xotining-ku! U senga erkak kishimi, nozikkina et bo‘lsa…”

Choli tirik bo‘lganda kuyovini tiyib qo‘yardi. Hozir qari kampirning qo‘lidan nima ham kelsin. Uka-akalari ham o‘z ro‘zg‘orini zo‘rg‘a tortqilab yurishibdi. Qizini olib ketay desa beshta-oltita bolasi bilan qayerga ham sig‘ardi. E-e-e…

Momo hamon bukchaygancha qo‘llarini orqaga qilib, tuproq to‘lgan yirtiq kavushini sudragancha o‘rmalab borardi. Katta, oq, qizil toshlardan tizilgan munchog‘i har zamonda bir-biriga ishqalanib ovoz chiqarardi.

“Yig‘lab, hayotdan to‘yib ketdim deydi. Ahmoq qiz, qanday uyalmay aytadi? Shu gapga qanday tili boradi-a? Beshta bolasi-chi? Kimga qoladi? Kim tarbiya qiladi? Kimda ko‘z yo‘q yig‘lagani, kimda til yo‘q dardini aytib javragani?! Chidash kerak, chidash kerak. Rahmatli otasi aytganday, hayot o‘yin emas, o‘yin emas”.

Momoning bir paytlari jon oluvchi ko‘zlari qisildi, oq aralash butalmagan uzum daraxtiday o‘sib ketgan qoshlari uchdi. Uning borgan sari issig‘i oshib, ichi yonib borar, momo buni saratonning kasriga to‘nkab chang yutib ketaverardi.

“Kim faqat to‘kis baxt bilan quchoqlashib yotadi? Nima mening ko‘zimga hayot qorong‘u bo‘lmaganmi? U dunyoga ketish oson, bu yerdagilarga qiyin. U yoqqa munosib borish mushkul, juda mushkul. E-ye-ye, Xudo birovga muhtoj qilmaygina jonimni ol… oyoqda jonimni ol.”

Tesha momo bosh-adog‘i ko‘rinmaydigan chang ko‘cha chekkasidagi paxta uchun to‘kilgan gung yonida cho‘kkaladi. Qo‘li yetar tarafda bir kattaroq tosh bor ekan, traktorning baloniga tirashgan bo‘lsa kerak. Shuning ustida biroz nafas rostlashni niyat qildi. Boshidan katta ro‘molini oldi. Terlarini artdi. O‘zini juda horg‘in va nochor his qilib ketdi. Keyin yana qizi yodiga keldi. Qizi bilan tun bo‘yi gaplashib chiqishdi. Tuni bilan o‘g‘il nevarasi tinmay yig‘ladi. Qorni to‘ymasa kerak-da, bechoraning. Enaga sut bo‘ladigan ro‘zg‘orda na go‘sht bor, na osh-qatiq. Nima bo‘lganda ham yashash kerak. Bolalari katta bo‘lsa, ota onasining qavatiga kiradi. Qiziga yig‘lama, dedi-yu kampirning o‘zi ham yig‘lab yubordi. O‘rtanchi nevarasi qo‘rqoq bo‘lib qolibdi. Tuni bilan alahsirab chiqdi, keyin chiroqni o‘chirmay yotishga to‘g‘ri keldi. Buning ustiga, kampirni pashsha taladi. Kenja qiz nevarasi joyini ho‘llab qo‘ydi, uy sasib ketdi. Qizi esa bunga beparvo dardini dasturxon qilish bilan ovora. Shunday ahvolda uxlab bo‘ladimi? Kampir mijja qoqmay chiqdi.

Keyin alla mahalda kuyovi keldi. Kampir kelganini bilmay xotinining enasidan bo‘ralatib so‘ka ketdi. “ Hey sening enangni…” – deb og‘zidan shodi kirib bodi chiqdi.. Qizi yig‘ladi. Kampir tishini-tishiga bosdi. O‘zini haqorat qilishlarini chidab eshitib turdi. Choli o‘lganiga o‘n yil bo‘lgan bo‘lsa, shuncha vaqtdan beri birovdan so‘kish eshitmagan edi. O‘g‘illari eshitib qolsa, kuyovini tiriklayin go‘rga tiqishadi. Momo ko‘zlaridan oqqan shashqator ko‘z yoshlari burushgan, titrab turgan qo‘llariga tushdi. U ko‘z yoshini bag‘riga bosdi. Hech kim ko‘rmaydigan qilib bosdi. Deraza darchasidan kirgan o‘g‘ri shabada uning ko‘zlaridagi namni muzlatardi.

Qizi erining og‘ziga tizzalab, emaklab yopishdi: “Enamni so‘kmang, enam shu yerda, enam shu yerda” – deb yig‘layverdi. Kuyovi qizini shaltoqsan deb so‘kdi, farosatdan asar ham yo‘q, deb so‘kdi. E-e-e…

Erini uxlatib kelgan qizi, kampirning burishgan yuzlariga kaftlarini qo‘yib siladi. Ko‘zlaridan o‘pdi, kampir esa beparvo qiziga:

— Kimdir kelganday bo‘ldimi? Ko‘zim ketib qolibdi. Ering hali ham kelmadimi? Qayerda yurgan bo‘lsa ham, eson bo‘lsin, omon bo‘lgur…

Qizi onasiga javob berish o‘rniga uning to‘kilib ado bo‘lgan sochlari orasidan qo‘lini o‘tkazib quchdi va boshqa diydiyo qilmadi.

Ertasiga kechagi xijolatli vaziyatdan uyalgan shekilli, kuyovi tong otmasdan qayergadir daf bo‘libdi. Nahordan uyi tomon yo‘lga chiqmoqchiydi, lekin ko‘ngli bo‘lmadi. Qiziga biroz yordam berishni o‘yladi. Qizi kir-chirlarini yuvib olgunicha kichkinalariga qarab turdi. Katta nevarasi maktabdan kelgandagina uyga qarab yo‘lga tushdi. Tushlikka ham qaramadi. Biladi, sigiri yo‘q, tushlikda chalob ichgisi keladi. Pamidor to‘g‘rab, oq piyoz to‘g‘rab muzdek chalobni ichgisi keladi. Faqat shunga ulgursa bo‘lgani, bugun ham momo qizinikida qoladi deb unga chalob olib qo‘ymagan bo‘lsa, u kechgi ovqatgacha non kavshaydi.
“Tezroq harakat qilishi kerak”.

Tuproq yo‘ldan bezgan momoning xayoliga paxta egatlari ichidan kesib chiqsam-chi, degan fikr keldi. Axir, yo‘l qisqaragan, bu tuproq va chang ko‘chadan qutilgan bo‘lardi. Momo miyasiga kelgan fikrni ko‘p ham o‘ylamay egat tomon yo‘l burdi va paxta oralab ketdi. Ketar ekan, o‘zini kelib qolishi mumkin bo‘lgan mashinlarga qo‘l ko‘tarib qo‘yish xavfidan ham qutilgan his qildi. Buning ustiga paxta egatlari tekis, hech qanday tuproq va changsiz edi. Kampir paxta oralab yurishi bilan yoshligi ko‘z oldiga keldi. Axir, uning bolaligi shu paxta egatlari bilan birga o‘smadimi, shu yerda birinchi marta kuldi, shu yerda birinchi marta cholini uchratdi. Ular bir-birlariga paxtalar orasidangina qarashdi, paxtalar orasidangina qiz yigitning bo‘yini ko‘rdi, nozlanib qovog‘ini uydi. Uning bilaklariga razm soldi, keyin uyatdan kuygan yuzlari qizardi. Odamlarning uchrashuv joyi ham shu yer edi, shu go‘rda edi. Momoning ta’bi tirriq bo‘la boshladi. Bekor qildi-yov. Lekin orqaga qaytmaydi. Irim bildi. Agar shu uzun paxta dalasining boshiga chiqib olsa, u yog‘i o‘zining qishlog‘i. Uygacha bir qadam degani…

Ha, paxta uning joni edi, jonini oldi, paxta qoni edi, qonini ichdi. Bir paytlar brigadirning otini ko‘rishi bilan ayollar joni chiqar, bolali ham, bolasiz ham, tuqqani ham, tug‘ayotgani ham shu paxtazorda bo‘lishlikni shart deb bilardi. U paxta orasidagi katta kesaklarga urilib ketar ekan, shunchalik paxtadan nafratlanishini o‘ylab qo‘rqib ketdi. Axir, shu egatlar ichida ikkita bolasi tushib qoldi. Buni faqat yig‘lay-yig‘lay eriga aytgandi. Eri o‘sha kuni erkalab ammafost anqiyotgan sochidan silab qo‘ygandi, xolos.

O‘shanda ichidagi gumonasi bilan birga, ichak-chavag‘i qo‘shilib tushub qolganday bo‘lgandi. O‘lib qolsam kerak deb o‘ylagandi. Ichaklari joyida ekan, joni, qalbi, ishonchi tushib qolibdi. Bag‘rida buning o‘rnida butun vujudi bilan paxtaga bo‘lgan nafrat shakllandi. U nafrat tug‘di. Oppoq nafrat.

O‘sha mash’um kun toroziga chiqmay paxta yaproqlarini pana qilib yotdi. Qon kelishi to‘xtamay ancha vaqt azob chekdi, keyin vujudidan tushgan shilimshiq bir parcha etni paxtaga o‘rab, peshonasidan oqqan qora terga qorib, egat ichlariga ko‘mib yubordi. Kun qoraygachgina gandiraklab uyiga qaytdi.
Ikkinchisi ham paxta ichida erta nobud bo‘ldi. “Paxtaga o‘g‘it bo‘ldi, bolam bechora”, deb yurdi. Eee…

Kampir nam tuproqqa oyog‘i yetganligini his qildi. Yam-yashil barg chiqargan paxta nihollariga qarab ko‘ngli aynidi. Keyin yerning biroz namlanganligini ko‘rib, adog‘i loy bo‘lsa-chi degan xavotir paydo bo‘ldi. Nachora, ortdagi chang yo‘l ham ancha olisda qoldi. Faqat oldinga odimlashi kerak. Nima bo‘lsa bo‘lar…
Tesha momo terlab ketgan peshonasini ro‘moliga artdi. Keyin asabiy ro‘molini bo‘ynidan olib yelkasiga tashladi. Bunga ham ko‘ngli to‘lmadi yoki biror narsaga ilashib tushib qolishdan cho‘chidimi beliga bog‘lab qo‘ydi. Momo hansirab, qora terga bo‘kdi.

U paxta dalasining o‘ratasiga yaqinlashgan sayin yerning namligi ortib borar, shu bilan birga, momoning xavotiri ham oshib borardi. U qadam tashlar ekan, ko‘pincha bunday uzun paxta dalalarining o‘rtasigacha suv chiqishini o‘yladi. Oxiriga ulgurmay, suv to‘xtab qoladi. Mana borgan sari paxtalarning bo‘yi ham uzunroq, ranggi ham to‘qroq.

Kampir bor kuchi bilan yurishga harakat qilar, lekin paxta dalasining narigi boshi ko‘rinay demasdi. U biroz dam olmoqchi bo‘ldi. Lekin tayinli joy topa olmay yana yurishda davom etdi. Momoni daladan anqiyotgan achchiq hid bug‘ar, nafas yetishi qiyinlashib hansirashi ortardi. Buning ustiga, badanining qo‘l yetmaydigan tomoni qichishar, bu ham momo asablarini tirnardi. Bundan tashqari bukilgan gavdasiga, yuzlariga paxtaning och sariq rangdagi badbo‘y hidli gullari urilib joniga tegayapti.

“Jun ko‘ylagim bor-a,
Bir o‘ynarim bor-a…”

Hozir uyda bo‘lganda mazza qilib pamidor va bodiring to‘g‘rab, non bilan qo‘shib chalob ichardi! Salqin uyiga kirib, soat to‘rt-beshgacha miriqib uxlardi. Boshqa kunlaragdagiday uyqu izlab sarson ham bo‘lmasdi. Qotib qolardi.

Kampirning xato yo‘l tanlagani ma’lum bo‘ldi. Paxta dalasining o‘rtasiga borgan sayin kavushiga ko‘proq loy yopishib borardi. Momoning o‘jarligi tutib kavushini botirib bo‘lsa-da, odimlayverdi. Oldinga intildi. Egat ichidan chiqqan sho‘rani aylanib o‘tayotib kavushi toyib uzalasiga yiqilib tushdi. Qo‘li tikon ustiga borib tushib, nam yontoq ignasi butun tanasini sirqiratdi. Alamdan ko‘zlaridan yosh otilib chiqib ketdi. Momo o‘rnidan turdi. Paxtadan biroz baland bo‘yi ko‘kka yuz tutdi. U endi qanday yurishni bilmay qoldi. Juda charchagani uchun ortga qaytish va boshqatdan yo‘l bosishni xayoliga ham keltirmasdi. “U nima bo‘lganda ham shu paxta dalasidan chiqib ketadi, nima bo‘lganda ham!”

Ikki qadam yurmasdan oyog‘i qaysidir chuqurchaga tushdi-yu, gavdasi bilan oldinga uchib ketdi. Og‘riqdan ko‘zlaridan olov chiqib ketay dedi. U titrab, lat yegan oyog‘ini qo‘llari bilan sug‘urib olmoqchi bo‘ldi. Bir tomonga qiyshayib qo‘llari bilan teshikdan oyog‘ini chiqarib oldi. Qaysi baloga yo‘luqqur hayvon qazgan ekan deb tinmay javray boshladi. Keyin loyga uzala yotib oldi. Osmondan qushlarning uchishini aytmasa, ko‘k ham paxta dalasidagiday tinch edi.
Tepadan quyosh o‘q otar, paxta ichidan ko‘tarilayotgan dim havo momoni loxas qilardi. Momo yangi ko‘ylagining loy bo‘lganini o‘yladi. U osmonga qarab paxta ichida yotar ekan, orqasida suv borligini ham his qildi. Qo‘li bilan ro‘moli va munchog‘ini ushlab qo‘ydi, joyida.

“Teshaoyning to‘yida, bir o‘ynarim bor-a”

Endi bu yerdan hech qayoqqa keta olmaydi. Hech qayoqqa….

Yo‘q! Quyosh ketib, paxta oralab biron bir dehqon o‘tishini kutadi, yoki traktorning tirillashi eshitilib qolar… Axir, bu atrofda odam yashaydi-ku.
Ammo o‘g‘li bilan kelini xavotir ham olishmaydi. Qizinikida qolib, go‘sht yeyayotgan deyishadi. Qizi esa enam allaqachon uyiga yetib borgan deydi. Qachon dardi to‘lgandagina so‘ratadi. Agar shu paytgacha meni hech kim topib olmasa, bu yerda daryo chekkasida qolgan baliqdek sasib ketaman. Balki paxta terimigacha odam o‘tmas. Unda nima bo‘ladi, Xudo podsho bariga, Xudo podsho…

Kampir oyoqlarini yana bir bora harakat qildirishga urinib ko‘rdi. Iloji bo‘lmadi.

Momo paxtani qanchalik yomon ko‘rishini, hatto undan dahshatli maxluqdan qo‘rqandek qo‘rqishini his qildi.

“U harakat qiladi. Uyidagi quduqning muzdek suvida bo‘lgan, rayhon qo‘shilgan chalobiga yetib boradi. Uni ichadi va mazza qilib uxlaydi.”

Kampir uxlamoqchi bo‘ldi, lekin kun boshini achitib yuborar darajada issiq edi. Momo uzoq vaqt ko‘zini yumib yotdi. Avvallari eri mast-alast kelsa shunday qilguvchi edi. Keyin yotishidan ham, paxtaning qo‘lansa hididan ham jirkanib ketdi. U sudralib bo‘lsa-da, biroz yurmoqchi, oldinga intilmoqchi bo‘ldi. Ozgina yursa paxta egatlari ichidagi suvga lab bossa bo‘ladi. Nima qilibdi, avvallari shu suvlardan xo‘plab-xo‘plab ichguvchi edi-ku. U chuvalchangdek sudrala boshladi. Keyin momoni yutal tutdi, uzoq vaqt yo‘talib qoldi. Bir oyoqda turishga urindi. Oldidagi paxta poyalarini sindirib ularga tayangancha bir oyoqda o‘rnidan turdi. Peshonasidan ter quyular, yuragi tez va lo‘qillab urardi. Kecha uyidan ichgan shirin choyidan boshqa narsa totmabdi. Tushlikda kizinikiga kirib borganda jigarbandining mamatalog‘i chiqqan yuziga qarab tomog‘idan hech nima o‘tmagandi. Kechasi ham qizining diydiyosi-yu, o‘zining bag‘riga oqayotgan achchiq ko‘z yoshi bilan butun vujudi to‘lgan edi. Ertalab ham beshta bolani to‘ydiraman deb hech nima yemadi. Tushlikda o‘z uyimda qalampir, rayhon qo‘shib achchiqqina muzdek chalob sumiraman deb quruq og‘iz bilan yo‘lga chiqqandi. Mana paxtaning isqirt suviga botib, shuni ichib o‘tiribdi.

Eh, yosh bo‘lganda edi… Bu dalalarni boshdan oyoq payhon qilib chiqishga va qaytadan paxta ekib chiqishga ham kuchi yetardi. Umri davomida tong sahardan to yarim kechagacha daladan beri kelmasdi. Shu paxtada ikki bolasini ko‘mdi va bu dala endi o‘zini ko‘mayapti. U osmonga qaradi. Hademay quyosh biroz chekina boshlaydi. Odamlar asta-sekin o‘rnidan turib ketmonini yelkaga tashlab dala tomon chiqishadi. Shunda momo bosh ko‘tarib baqiradi. Uni topib olishadi va uyiga olib borishadi.

“Axir, hammayoq paxta dalasidan iborat emas-ku!”

Paxtaning chidab bo‘lmas achchiq hidi momoning dimog‘ini bo‘g‘di va biroz nafas olishga qiynalib, yuragi tez urib qoldi. Ko‘zlari qizarib, Tangridan madad so‘radi. Sal o‘tib o‘rnidan turmoqchi bo‘ldi. Bir oyoqda sakrab adoqsiz paxta egatlaridan o‘tib bo‘larmikan. Yo‘q, o‘tib keta olmadi. Paxta unga dahshatli, yengib bo‘lmaydigan katta kuchdek tuyilib ketdi.

“Nahot, odamlardan ham kuchli, qadrli bo‘lsa. Nahot, shu dala ichida u mangu qolib ketsa! Yo‘q! Bu yerda itdek, chala tug‘ilgan bolalari kabi o‘lib ketishni istamaydi. Aslo!”

Kampir duo qildi. Keyin bir oyoqda turishga urindi. Turish bilan butun vujudiga sovuq shamol kirganday bo‘ldi. Tanasida yig‘ilgan terning achchiq suvi uni bir dam muzlatdi, keyin yana issiq shamol uni bo‘g‘a boshladi. U bir oyoqlab oldinga intildi. Bir oyoqda sakrab yurishi bilan yana yiqilib ingrab yubordi. Momo burni bilan tushdi va og‘ziga qon sizib kira boshladi. Kampir qo‘rqib ketdi. U endi kallasini ishlatishi kerak. Bo‘lmasa holiga voy. Axir, kimsasiz sahroda, qum barhanlari ichida qolib ketgani yo‘q-ku. Shunchaki paxtazor ichida. Ko‘pi bilan ikki-uch soat quyoshning tig‘iga bardosh berib tursa bo‘ldi. Paxta dalasiga odam o‘rmalay boshlaydi. Shunda odam ko‘rinadi. Odamlar ham bor-ku axir! Momoning qisiq, xira ko‘zlari umid bilan atrofga boqdi, ammo paxtaning dirdirab turgan yaproqlaridan, quyoshning o‘tkir nurlari taralayotgan osmondan boshqa hech nimani ko‘rmadi.

U paxta poyasini g‘azab bilan sindirdi-da unga bosh qo‘yib yotdi. Bag‘riga yengil shamol tekkanday bo‘ldiyu, zumda quyosh uni ham ayovsiz nishonga oldi. Yuragi tez urib, loxas bo‘layotganligini his qilib turardi. Uning qayt qilgisi keldi. Lekin biron narsa yemagani uchun bu fikrdan ham qaytdi. U tezroq uxlashni istardi. Mo‘jiza sodir bo‘lsayu uxlab qolsa…

Bechora otasi ham shu paxta tufayli qamalib keldi. U paytlar yosh edi. Onasining aytishicha, bitta eshak uch tup paxtani yegani uchun otasini qamashgan ekan. Shundan keyin eshakka minmaydigan, bog‘lanib turgan eshagiga kesak otib qochadigan bo‘ldi. Otasi qamoqdan g‘alati, sochlariga oq orab, tishlari tushib qaytib keldi. Otasi bir kuni qizining eshakka minmaslik sababini eshitib, jilmayib qo‘ydi va: “Qizim, unday qilma. Menim qamalishimda eshaklarning aybi yo‘q, mashina minib yurganlarning aybi bor”, dedi. Shunday keyin eshaklarni kaltaklamaydigan bo‘ldi.

Tesha momoning ko‘zi ilindi. Momoning ko‘ziga ikkita chiroyli, ozoda keyingan bola ko‘rina boshladi. Ular shunchalik shirin va xushchiroy ediki, momoning ko‘zlari quvnab ketdi. Ular paxta dalasida nima qilib yurganiga hayron qoldi. Kampir o‘zining yosharib qolganligini his qila boshladi. Surati yosh bo‘lsa-da, yuragi bezovta urayotganidan, ko‘ngli loxas bo‘layotganidan ajablanardi ham. Bolalar yaqinlashib kelgan sayin kampir ularni tanidi. Tanimasligi ham mumkinmi? Axir, ular uning o‘zi farzandlari-ku! Dilbandlarini ham tanimay o‘libdimi?! Shu dalada oppoq paxta va oq xalta bilan birga yerga ko‘mgan farzandlari-ku. Ular tug‘ilishganda juda chiroyli bo‘lishar ekan-a. Qarang, qanday shirin. Ularning bo‘yi paxtaning bo‘yidan bir-ikki qarich uzun ekan-a?!

Bolalar uzoqdan u tomon chopib kelishar, qiyqirishar, kulishardi. Ular paxta dalasida ediyu, lekin ulardan balandlab, uchib kelayotganday tuyulardi. Shunda birdan osmonda oppoq bulutlar paydo bo‘ldi. Kaptarlar ham uchib keldi. Ular biram ko‘p ediki, ko‘kda suzib yurgan bulutlarni eslatardi. Kaptarlar farzandalaridan oldin onaning oldiga keldi, uning atrofida ucha boshlashdi. Ona ularga kaftini ochgan edi qo‘lida qayerdandir bug‘doy donalari paydo bo‘ldi. Oppoq kaptarlar ularni terib yeya boshladi. Kaptarlarning tiniq ko‘zlariga havasi ketdi. Ularning tumshuqlari har safar qo‘liga tekkanda yosh qizlarday entikardi momo. Keyin kaptarlar pirillab uchib ketishdi. Paxta dalasi ham ko‘zdan yo‘qoldi. Uzoq- uzoqlardan esa ikki bola hamon noma’lum tomonga qarab chopib ketishar edi.

Kampir tug‘ilmay qonga belangan farzandlari oldida o‘zini aybdor deb bilardi. Boshqacha bo‘lishi ham mumkinmas, axir. Men ularni paxta dalasiga almashganman deb o‘zini qiynardi. Momo o‘ziga kelgach, tushmi bu yo xayoliy alahsirashmi, nima bo‘lganda ham unutishni istadi. Axir, u hali kurashadi.

Endi oxirgi chorani qo‘llash kerak. Shu joyda yuragi yomon bo‘lib o‘lib qolishi yoki esib og‘ib qolmasidan yurishi, oxirgacha, to‘xtamay odimlashi kerak. U emaklab ko‘rmoqchi bo‘ldi. Biroz yurgach momoning yuziga tabassum yugurdi. U singan oyog‘ini ko‘targancha, tizzalari loyga botib emaklar, ojiz oyog‘i lo‘qqillab jonini og‘ritishiga qaramay, loy egatdan to‘rt oyoqlab kasal va cho‘loq kari it kabi sudralib borardi. U biroz yurib ortiga qaradi. Haqiqatan qandaydir hayvon yurganiga hech kim shubha qilmasdi. Faqat qaysi jonzot ekanligini hech kim bila olmasa kerak. Hayvonga aylangan odamlar bor, lekin ularning barchasi ham o‘zi istab hayvon bo‘lmagan. Paxtazorda shuncha yil hayvon singari yashadi-ku, axir. Faqat avvallari ikki oyoqda edi, go‘yo inson edi. Hozir to‘rt oyoqda, aniq hayvon.

Momo bu chiqib ketishi kerak. Tezroq chiqib ketishi…

“Bu paxta kimlarini yutib yubormadi. Sal bo‘sh kelsam meni ham yutib yuboradi”, derdi o‘ziga o‘zi…

Kampir qo‘llariga tikon kirganini ham his qilmadi, loyni paxta poylariga jahl bilan artgancha oldinlayverdi. Ko‘z oldidan hamon u tomonga qo‘llarini katta ochib chopib kelayotgan bolalari ketmas, kampir nima bo‘lganda ham shu paxta dalasida o‘lib ketmasligi uchun emaklab ketardi.

***

Kun botib, qorong‘u tushgach kampirning qorayib qontalash bo‘lib ketgan qo‘llari paxta poyalarisiz quruq yerga tegdi. Uning yuzini esa tanib bo‘lmas, sochlari to‘zg‘ib, ketgan, loy burnidagi qon bilan qo‘shilib qotib qolgandi. U kelib hansirab cho‘zilib yotdi. Keyin gangiyotgan qulog‘iga qandaydir ovoz eshitildi. Quloq tutdi. Suvning shildirashi ekan. Yonidan to‘lib oqayotgan ariqqa sudralib o‘zini tashladi. Sayoz ekan. Lekin tani biram yayradiki, xuddi qayerga uchishini bilmay osmonda sho‘x o‘ynayotgan oqqush misoli edi…

Momo yana biroz suv ichida yotsa, esini yo‘qotishini tusmollab, suvdan qorayib ketgan tirnoqlari yordamida chiqdi. Keyin yana emaklab keta boshladi. Somon g‘aramiga yetgach o‘zi uchun uning bag‘ridan joy tayyorladi. Yotish oldidan keyimlarini yechib somon ustiga tashladi. Uning qovjiragan daraxt kabi yalang‘och gavdasi va beliga bog‘langan ro‘mol bir soniya oy nurida muallaq qoldi. Qorayib turgan paxta dalasiga qarab, ma’nosiz jilmaydi. Keyin esa o‘zini somon to‘dasiga otdi.

***

Mol boqib yurgan ikki bola ertalab kampirni bug‘doy o‘rilgan dalada ko‘rib qolib, tosh qotishdi. Ro‘mol uyat joylarini to‘sib turgan bu yalang‘och kampirning qalin munchog‘i ularga juda tanish edi. Ular qo‘rqanidan nuqul titrashar, kampirga yaqinlashishni ham, qochib ketishni ham bilishmasdi. Kechasi turgan shamol momoning ko‘ylagini paxta dalasidaga borib urgan, hoshiyasiga behi guli tushirilgan lozimi esa yantoqqa bir uchi bilan ilinib hilpirab turardi. Momoning yalang‘och, jonsiz gavdasiga quyosh nurlari hamon shaydo bo‘lib turar, sochilgan, chaynalgan bug‘doy donlarini esa ko‘k, oq va ola kaptarlar tim-qora tiniq ko‘zlari bilan atrofga olazarak boqqancha terib yer edi.

07

(Tashriflar: umumiy 767, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жуда таъсирли. Рахмат. Хаяжондан охиригача зурга укидим

Izoh qoldiring