Нур Муҳаммад Зоирнинг шеърларини, Мирзоҳид Музаффарнинг унга битган мактубларини ўқиб, уларнинг бирор нуқтасига қалам тегизмадим. Гап ёққани ёки ёқмаганида эмас, гап ёшларнинг адабиёт иқлимидаги нафасини қандай бўлса ўшандай кўришни истадим.
Нурмуҳаммаднинг шеърларидаги Мирзоҳид сезган камчиликлардан ташқари яна бир қатор таҳрирталаб,сатрларни ҳам кўрдим. Аммо, қўлим қанчалик «қичимасин», улардаги бирон сатрни ўзгартирмадим. Уларни ўзгартиришга қодир ижодий имкониятлар ёш шоирнинг руҳий ботинида албатта уйғонишига ишонганим учун шундай қилдим.
Нурмуҳаммадга ҳозирча айтадиган гапим битта: шоир ҳар томонлама саводхон, энг аввало, она тили қоидаларини пухта эгаллаган бўлиши керак. Унутмасинки, шоирдаги саводсизлик Яратган бағишлаган истеъдодни охир-оқибат барибир нобуд қилади. Менинг бу гапим аслида фақат Нурмуҳаммадга эмас, фейсбук саҳифаларини бетиним равишда она тилига беписандлик билан, нуқта-ю вергулнинг фарқига бормасдан ёзилган шеърлари билан тўлдираётган ижодкор ука ва сингилларимга ҳам тегишлидир.
Хуршид Даврон
Нур Муҳаммад Зоир
ШЕЪРЛАР
ЭВРИЛИШ
Кетар чоғинг очиб қўйдим юрагимнинг
Ҳайрон-у лол бўлиб қолган дарвозасин.
Кўндим, кўнглим бўлса ҳамки дарров хазин,
Ки, ор чуқур қийиб кетди курагимни…
Қандайин кенг, қандай гўзал сарой эди,
Атрофлари девор билан ўралмаган.
Севги гулин бўйи қайга таралмаган
Дунёларда пок-покиза бир жой эди.
Бугун ерга чўкканлигим рўйи ростдир,
Дил — тулпорсиз аробадир, суролмайсан,
Бирор кимдан лек мадад ҳам сўролмайсан.
Энди юрак — саройим ҳам кенг эмасдир,
Бир хароба, эшиклари жуда пастдир,
Бу бошингни сал эгмасанг — киролмайсан.
ДEНГИЗНИНГ БЎЙИДА
Тўлқинлар ваҳима кўтарган пайти,
Бир-бирин қучоқлаб олди илкимиз.
Муҳаббат ҳақида афсона айтиб,
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
Мажнун билан Лайло ўтганми бундан,
Қай томон етаклар бизни икки из.
Ҳеч ким тополмади…
Юлдузли тунда
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
Билсак-да бу йўлнинг сўнги — айрилиқ,
Келарди шу ишққа жонни тиккимиз.
Сўзлар илиқ эди,
нигоҳлар — илиқ,
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
Кўплар қарши эди.
Биз эса жанг-у
Жадаллардан қўрқа билмадик ҳаргиз.
Руҳ-у вужудимиз бир бўлиб мангу,
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
Ажралмаса бўлди қовушган қўллар,
Ҳақиқат пойига чўксак ҳамки тиз.
Дедиг-у, эртага не бўлса — бўлар,
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
Уёғин билмайман тушми — уйқуми,
Бир дам бир ҳаводан нафас олдик биз.
Армонда қолмадик — шудир муҳими,
Денгизнинг бўйида қолдик иккимиз.
БАЛИҚЛАР
Чиройли балиқлар, ҳуркак балиқлар,
Сендан ўзин олар, кўзин олмайди.
Билмайман, куннинг қай маҳали ухлар,
Лекин, ухласа ҳам кўз юмолмайди.
Шамолда титраган япроққа ўхшаб,
Қалтироқ кетмайди таналаридан.
Эҳтимол, ҳавотир олгани сабаб —
Чўнтакдаги тилла тангаларидан…
***
Дўстим қўлидаги ханжар бир куни,
осмонларда учётганимда,
елкамга санчилмасин учун
хузурига бориб ғанимдай
ханжарга ўзимни ураман.
Кўнглида шу ният бўлса гар,
метин бу кўксимнинг зарбидан
синиб-синиб кетади ханжар.
БАРИБИР
Менга тўрт фасл ҳам фарқсиздир буткул,
Менга бегонадир қонун ва мезон.
Хоҳласам куз чоғи ёзиб қўйиб гул,
Хоҳласам баҳорда бўламан хазон…
Мен шундай давона, ҳаёти ҳазин,
Соғиниш, севишдан ёт ташвишим йўқ.
Ўзганинг мен билан иши бўлмасин,
Ўзгалар билан-да менинг ишим йўқ…
Мен учун дунёни сув босса не ғам,
Барчаси бир бўлиб йўқ бўлмайдими…
Минг аср ичинда тўлмаган бир кам,
Сув билан бўлса ҳам бир тўлмайдими!
Ҳурларнинг лабида тутган болидан,
Лаззат тополмаган инсон — ҳайкалдир.
Кимларнинг айши-ю гул висолидан,
Кимнингдир хижрони менга афзалдир.
Бор-у йўқлигини унутган тушкун
Дарвешлар тенгиман, улардан-да хор.
Барибир бу ҳаёт оддий бир туш-ку,
Художон, кел мени уйғотиб юбор!
***
Куз хазонлар сочган ўриндиқ
Иккимизни кўтариб мулзам
Бахтли қилмоқликка уринди…
Ўртамиздан ўтмасди қил ҳам.
Ўша куни ёниб, ўртаниб,
Чиқолмасдан бир ҳомуш кўйдин,
Ўтирардик ишққа ўраниб,
Ва бошингни елкамга қўйдинг…
Зулфларингни ўпганча кўзим,
Кўчирганда юзимга тонгни.
Э воҳ, бирдан сочларинг тўзиб,
Билагимга кўз ёшинг томди…
Сочларингга бормади қўлим,
Кўз ёшингни артолмадим ман.
Узилди-ку бир ришта бўлиб
Бармоқларинг бармоқларимдан.
Шундан бери қалдим дол худди,
Бошгинангни соғинар елкам,
Наҳот, сенинг қўлларинг тутди,
Елкаси йўқ, бир хасис одам?
Мен-чи сўлдим, гўзал жононлар
Юракларин тутар — олмайман.
Ўшал кунни эслаган онлар,
Ғамлардан бош кўтаролмайман.
Кўзларимдан дарёлар тошиб,
Емирилар, чертилар юрак.
Оғирлашиб боради бошим,
Қаергадир қўймоғим керак.
Икки кўзим қараган пастга,
Ҳар қадамда ерга тизлайман.
Кимдир елка тутар, мен эса
Бош қўйишга кунда излайман.
ЁМҒИР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Ёмғир — вужудингда уйғонар титроқ,
Ёдингга қуйилар олис хотира.
Шундай гўзал кунда ёмғирдан четроқ
қолиб кетгинг келмайди сира…
Самога боқасан ёйиб қулочинг,
Унутиб минг йиллик аламларни-да.
Юзларингдан ўпиб, силабон сочинг
Маржонлар эзилар қадамларингда.
Кўзингдан сирғалар томчи — томчи ёш,
Оламга ҳайқириқ солгунг тиз чўкиб.
Ёмғирлар кўксига қўйгинг келар бош,
Ёмғирлар сингари кўз ёшинг тўкиб…
Ёмғирлар остида маъюс ва ғамгин,
Кимнидир кутгайсан соғиниб, илҳақ.
Қарагин ёмғирлар йиғласа ҳамки,
Товушида янграр кулгу ва чақ-чақ.
Сен ўзга муҳитдан излама паноҳ,
Куйлагин ёмғирга шериклигингни.
Ахир фақат ўша ёмғирлар гоҳ-гоҳ
Ёдингга солади тириклигингни…
ПОЕЗД ҲАҚИДА ШЕЪР
Чўчиб уйғонасан ярим кечада
Йўловчи поезднинг тақ-тақларидан.
У сенинг уйқунгни олиб қочади,
Учқунлар сачратиб туёқларидан…
Темирйўлдек титрар бир зум юрагинг,
Поезд ўтиб кетар ҳаёлдай оғир.
У афсус чекяпти, ана, қарагин,
Оҳидан ўт чиқиб кетяпти, ахир.
Энди тонг отгунча бўлиб нигорон,
Кўзингдан соғинчлар тизиб ташлайсан.
Сўнгсиз сукунатдан тополмай ором,
Менинг юрагимни ўйлай бошлайсан.
Мен эса бир он ҳам юмолмайман кўз,
Тун-у кун бедорман. лаҳзаларим йил.
Сени кечалари уйғотган поезд
Кўксимда дук-дуклаб турар муттасил.
Чўчиб уйғонасан ярим кечада
Йўловчи поезднинг тақ-тақларидан.
Қачонгача ҳаёт шундай кечади,
Қочиб кетгинг келар шунда баридан.
Бир куни зулматни мен ёриб ўтиб,
Тонг каби умрингни ёруғ этаман.
Маликам, қўлингдан маҳкам тутиб
Поездлар йўқ жойга олиб кетаман.
Шунда сен уйғониб кетмайсан тунлар,
Буткул қутуламиз хижронлардан биз.
Шунда муҳаббатнинг овозин тинглаб
Кечалар бир он ҳам ухлай олмаймиз.
ЮРАК
Кўкрагимга қамалган юрак,
эрк излаган Усмон Носирдай,
панжарага ўзини урар,
аламлари кўксига сиғмай…
Кеч бўлмайин бу тор хонадан,
чиқиб кетай дейди. эшик берк.
Боши тошга тегиб қонаган,
топилмайди бир лаҳзалик эрк!
Деворларга муштин уради,
шербаччадай ўкиради, дод!
Билмайдики руҳи нураган
Жасадимда фақат у озод!
***
Булоқнинг бошида ғамнок қиз
Қўшиқ айтар (йиғлайман бирдан).
«Ҳаёт сувдир рангсиз ва таъмсиз,
Лекин ичмоқликка мажбурман».
Куюниб ёнига бораман,
Йиғламасин, кўнглин олай деб.
Дил берганим сезмай қоламан,
Ёдида бир умр қолай деб.
У юрагин очади менга,
Сўнгра енгил тортар бутунлай.
Ўзимни мард кўрсатиб дейман,
Бор дардингни айт энди, тинглай.
Тўлар қўлидаги кўза лим,
Ва кетади, оҳ тортгум минг бор.
Яна келар айтгум: «гўзалим,
Биласанми, сенда кўнглим бор».
Кўза синиб кетади чил-чил,
У ҳам чопиб кетар уйига.
(Балки идиш йўқлигидандир),
Келмай қўяр булоқ бўйига.
Янги кўза олиб келиб жим,
Кутавергум келишин, ё Раб.
Икки томчи сувдай, кунларим
Бир-бирига боради ўхшаб.
Ниҳоят у қайтади яна,
Товланади кўйлаги оппоқ.
Билмам, нечун юзида таъна,
Қора бўлиб кўринар ҳар ёқ.
Нима қилдим, ахир, дилбарим,
Қилмадимми сенга дил фидо.
Тушунолмай қоламан барин,
Мени тинч қўй, дейди, алвидо.
Кулиб-кулиб кетади у қиз,
Қўшиқ айтиб, йиғлайман бирдан:
Ҳаётим — сув, рангсиз ва таъмсиз,
Лекин, ичмоқликка мажбурман.
***
Қизиқ далил топдим кўҳна хатлардан,
Билмадим, қайси бир аллома демиш:
Қуёш — бир ошиқнинг надоматлардан
Кўкка сачраб кетган юраги эмиш.
Азизам, бунчалар ишқим хўрлашинг
Наҳот юрагингга солмаса қутқу.
Ахир, кўкда икки қуёш порлаши —
Қиёматнинг яққол аломати-ку.
***
Ҳали замон поезд келади,
Кетадирман олис-олисга.
Чиқмадингми, олов юракли
Гулим, мени олиб қолишга.
Қўлларимдан судрайди чипта,
Боқадирман ҳар ён жовдираб.
Наҳотки тўрт томоним қибла,
Наҳот, энди келмайсан излаб.
Наҳот кўнглинг шунча тошлашган,
Тушунсанг-чи, о бундай пайти
Шу чиптани йиртиб ташлашга
Бир ўзимнинг кучим етмайди.
***
Ёвқур жангчи бўлмоқчи эдим,
Ёғийлар кўксига тиғ урган лашкар.
Телбаликка, мардликка мойил,
Юрагим қақшар…
О, Нажмиддин Кубролар ёниб,
Жонин фидо айлаган пайтда —
Туғилган бўлсайдим, ёв кўксин ёриб,
Ҳайдаб чиқарардим Ватандан.
Топилмайди дурустроқ ғаним,
Йиғлайман, ишлабон қўл учи билан
Алам қилар пиёз тўраётганим,
Амир Темур қиличи билан…
***
Баланд бўлгин, кўнглим, яна-да баланд,
Қалтисроқ, қийинроқ йўлни танлагин.
Майда ва пастназар одамлар билан
Ўтказма умрингнинг олов дамларин.
Мудом олға интил самоватларга,
Бургутсан, яшагин бургутлар каби.
Дунёга келмадик саёҳатларга,
Синовлар чорлади чексиз ва кабир.
Эрлик бу — мардликдир, эрлик бурчингни
Бажаргин то борсан тун-у кун ёниб!
Олтинга тўлдирма асло хуржунни,
Ҳаммоли бўлмайин десанг дунёнинг.
АЙРИЛИҚ
Қуёшдан қанчалар кетгани сари,
Яна шунча тўлиб кетаверар ой.
Бойиб кетаверар соғинч, ҳисларим,
Узунлашган сайин ўртамизда жой.
Ўртамизда, фақат, муҳаббат бордир,
Афсуски мен уни йита олмайман.
Шунчалар улкандир севгимиз, ахир,
Мен сенга ҳеч қачон ета олмайман.
Қуёшдан қанчалар кетгани сари,
Яна шунча тўлиб кетаверар ой…
БУЛОҚ
Эй, заминдан отилган булоқ,
Ер юраги сенга келмиш тор.
Тиним билмай қайнайсан бироқ,
Куйдирмайсан ҳеч кимни зинхор.
Шу ҳислатинг мени этган ром,
Қайдан келар сенга бу бардош?
Ичга ютиб яшайсан мудом,
Сенга кимдир отса ҳамки тош.
Бағринг ўйиб кетганида ҳам,
Тўлқинланиб қўясан бир зум.
Дардингни дўст кўради баҳам
Ва юзингда яна табассум,
Ичсин дея, кимдир сувингдан,
Пастга қараб оқасан, лекин,
Кўрсин кўкда учиб юрганлар,
Сендан қуёш сув ичишлигин.
Эй, заминдан отилган булоқ,
Сенга қойил!
совимоқ учун —
Ҳамма ичар сувингдан, бироқ,
Ёнганингни сезмайди ҳеч ким!
***
Қаршингдаги дарё сеники,
Ундаги ой-юлдузлар ҳам сеникидир.
Хоҳласанг, тош от дарёга,
Парча-парча бўлиб кетсин тўлин ой юзи,
Юлдузлар
бақадек қочсин ҳар ёнга.
аммо лаҳза ўтмай
яна бутланаверар,
Лаҳза ўтмай ҳаммаси жой-жойида.
Соясин чопиш орқали
Ҳақиқатни қулатиб бўлмаган каби,
дарёга тош отганинг ҳам
чексиз самога таъсир қилмайди.
Хуллас,
ойни этак билан беркитолмайсан,
Яна қанча одамнинг ўз дарёси бор
Рўйи заминда…
***
Муҳиддин акамга
1.
Бугунча сабр қил, бугун яша, бас —
Назарга илмасдан дўқ, писандани,
Бир келдик бу ерга, дўстим, алданиб,
Энди қочиб кетмоқ асло ярашмас…
Ҳали биз қилгулик ишлар бор, тушун,
Ахир одатим шу: ҳар ерда, ҳар гал,
Ўт қўйиб кетаман, кетишдан аввал
Ҳеч қачон орқага қайтмаслик учун…
2.
Тоғлар бир-бирига суяниб ўсар,
Ёки бир-бировга ўсар қасдма-қасд.
Бунда йўлларингни рақиблар эмас,
«Ҳаммадан баландман» деган ўй тўсар.
Ёлғизлик — тоғларни емирган даҳшат.
Нокерак сезмаслик учун ҳам ўзни —
Ё елкангга кимдир бошини қўйсин,
Ё бирор елкага бош қўймоғинг шарт!
БEСАМАРЛИК
1.
Дунё бирдан айланди чаппа,
Ва тескари оқди дарёлар.
Хайр деган бир майин гапга
Юрак бағрим бўлди паргола…
Ғарбдан чиқди гўё ой-қуёш,
Ўтлар тушди тоза тақдирга.
Шу сабабки кўзимизда ёш,
Бўлолмадик иккимиз бирга…
2.
Айланмади дунё тескари,
Дарёлар ҳам оқмади ортга.
Чалинмади кўкнинг аскари
Уйқусизлик деган бир дардга.
Бут чиқмади дил тегирмондан,
Ҳеч тўлмади бу дунё бир кам.
Кун чиқмади бошқа томондан,
Шу сабабки айрилдик биз ҳам…
3.
Ҳарчанд дунё айланди чаппа,
Дарёларни ортга оқиздим.
Юлдузларни бутун бир сафга,
Ой-қуёшни қошингга тиздим.
Кейин ерни чангаллаб ҳатто,
Қўлларингга тутдим олмадек.
Ғарбдан чиқди қуёш ҳам, аммо
Биз барибир бирга бўлмадик.
Мирзоҳид Музаффар
ДEНГИЗНИГОҲ ДЎСТГА МАКТУБЛАР
Мирзоҳид Музаффар (Абдуллаев) 1999 йил 12 сентябрда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган.Шеърлари туман ва республика нашрларида эълон қилинган. Ўзбек шоирларининг шеърларини турк ва инглиз тилларига таржима қилган. Айни пайтда Чиноз Саноат касб-ҳунар коллежининг 3 босқичида таҳсил олган. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалида ишламоқда.
1
Оғайним Нурмуҳаммад!
Сиздан яширадиган ҳеч қандай сирим йўқ. Устознинг сайтларига берсам бўлармикан, деб жўнатганингиз манзумаларга, рости унча эътибор бермагандим. Ҳа, Тошкентда юрган «шаир болалар»дан бирининг шиғирларидандир-да, деб ўйловдим. Бу кибрдан эмасди, асло. Мен шунчаки…шеърларингизни олганимда айни шеъриятдан чарчаган, ўзимни бутунлай таржимага бағишлаган вақтларим эди. Шеърларингиз компютеримнинг қаерларидадир икки ҳафта ётди. Бир куни унинг хотирасини тозалаётган пайтим дуч келиб қолдим ёзганларингизга. Бир ўқий, савияси ўртачадан паст бўлса, ўчириб ташлайман ва муаллифига бироз ишлашингиз бор деб юбораман, дедиму… ўқий бошладим.
Кўнглим шеърдан-шеърга кўтарилиб бораверди. Сиз қўллаётган ташбеҳлар, ноодатий қофиялар мени бетиним ҳайрат денгизига ғарқ айларди.
Биз тенгдош шоирлар, хусусан Шуҳрат Файзий, Шаҳриёр Шавкат, Муниса Аъзам ва Дилбар Исматуллаевалар, кўпроқ сўз устида тажриба қилишга, тасаввуф ва постмодернизм синтезига мойилроқ. Сизда ҳам бу нарса кузатиляпти, бироқ Сиз — ўзгача, самимий ёзасиз. Аллақандай шаклларга, жимжимадор услубларга алданмайсиз. Ўзбекча ёзасиз, самимий ёзасиз, дилдан ёзасиз…
Авваллари кўп мактублашмаганман. Ёзган бўлсам, устоз Хуршид Давронга, Рафиқ Сайдулло ва сиз каби энг яқин дўстларимдан бири Шуҳрат Файзийга ёзганман. Ҳаммасида ҳозиргидек тўкилиб-тўкилиб битганман мактубларимни.
Жўражон, шеърларингизни ўқиган куним сиз билан интернетда узоооқ ёзишдик. Сизга мансураларимни жўнатдим, сиз менга янги шеърларингиздан йўлладингиз. Яна уларни завқ билан ўқидим. Мен айни ўша пайтда сизнинг ўз шеърларингиз каби самимий, фитратида зарра гарди йўқ ШОИР эканингизни англадим, ҳис қилдим.
Сиз мен каби бетизгин эмассиз — туйғуларингиз олдида ўзингизни тутиб туроласиз. Ваҳоланки мендаги ўша асов туйғулар сизда ҳам етарли. Айтмоқчиманки, ижод жиҳатидан оғиркарвонроқсиз. Мана шу оғиркарвонлигингиз — менга ёқадиган асосий сифатларингиздан бири, дўстим.
Мактубим фақат мақтовдан иборат бўлиб қолди. Келинг, бироз ўз танқидий мулоҳазаларимни ҳам қўшсам. Шеърларингизнинг баъзи жойларида очиқчасига тақлидга йўл қўйилган. Улар жуда оз, аммо шу озчиликни-да йўқ қилмоқ керак. Сизнинг кимнингдир соясида қолмоғигиз — нораво! Битикларингиз ҳақида шоирим Жонтемир билан суҳбатлашганимизда ҳам мен маҳлиё бўлиб, кўзимга кўринмаган таҳрирталаб сатрларингизни ҳам сездим. Уларни насиб қилса, биргаликда тўғирлаймиз.
Мактубим ҳам чўзилди. Сўзим оҳирида сизга яна бир маслаҳат бермоқчиман — тил ўрганинг. Чет эл адабиётини ўрганиш ҳам тажрибангизни сезиларли даражада оширади. Яна бир нарсани унутманг — баъзи «шаир» акалар айтганидек, чет эл адабиётини ўқиган одамнинг ҳаммаси ҳам чет эл адабиётига маҳлиё бўлиб ўзининг илдизи туташган туфроғнинг Сўз санъатини унутиб, улар таъбири билан айтганда «ўзбекчиликка тўғри келмайдиган бемаъни шиғирлар» ёзавермайди. Ахир, Усмон Носир Гейнени, Абдулла Ориф Дантени, Эркин Воҳид Гётени, Шавкат Раҳмон Лоркани таржима қилиш йўли билан ижодий баркамоллик йўлига тушиб олганлар!
Майли, дўст. Сўзим ҳам поёнига етди. Сизга айтмоқчи бўлганларим шулар эди. Омон бўлинг!
Ҳурмат билан Мирзоҳид!
2
Омонмисиз, Нур?
Ростини айтсам… ҳаммасидан кўра исмингизни айтишни соғиндим. Нур!.. телефонда айтсам ҳам унчалик маза қилмайман. Ўзингизга айтганда ва ёзганда бошқача. Ҳудди олти томоним исмингиз шуъласидан мунаввар бўлиб кетгандай бўлади. Лаҳзалар чароғонлик касб этарак кўнглим кўзгуси тиниқ тортиб ҳаётни қаттиқроқ сева бошлайман.
Ёзиб турибсизми? Бирозгина болаларча, ҳали тўлиқ етилиб улгурмаган, беғубор овозингизда ўз шеърларингизни ҳаяжондан тўлиб-тўлиқиб, қошларингизни бир жойга уйиб олиб ўқиб беришингизни кўргим келаяпти. Ўша, олис Сурхондаги биллур булоқларнинг садолари элас эшитилгувчи овозингизни қўмсаяпман. Туфроғ ва денгиз, олов ва осмон иси омуҳта шеърларингизнинг ҳумори тутаётир одамни. Йўлламайсизми?
Мен ҳам ёзиб турибман. Аввалги ойлардаги тушкунлик ва турғунлик бироз тарқалди. Харҳолда шукрки, яшаяпман! Сизни, Файзийжон ва Шаҳриёрларни кўриб яшамасам, ёзмасам бўлмаслигини англаб яшаяпман!
Инонаманки, сиз ҳам ёзаяпсиз. Ё ўзингиз айтгандек ўқишга тайёрланаяпсизми? Бу ҳам жуда дуруст қарор. Аввало ўқиш! Аммо ижод ҳам эсдан чиқмасин, қадрдон. Ҳақ берган неъматни тўғри сарфлайлик.
Шуҳрат ҳам сизни соғинган. Ҳар куни эслаймиз сизни. Ўзимча ёзғириб қўяман: ўз-ўзича телефон ҳам қилай демайди, аҳмоқжон… Файзий таскин берган бўлади. Яна шеърларингизни ўқиб ўзимга келаман.
Биласизми яна нимани соғиндим. Кўришганда ё телефонда гаплашганда ашна, дейишингизни. Жўроооов, деб алқашларингизни. Афсуски, кетиб қолдингиз. Шу қилганингиз учун келганингизда ўзимнинг шарафимга битта достон ёздирмасам, юрган эканман. Майли, ҳазил-да буям.
Уйдагилар тинчми, Нурмуҳаммад? Сурхоннинг сиз каби дарё одамлари саломат борми? У ерларга ҳали бирон дафъа бўлсин бормаган бўлсам-да сиздек руҳан эгизимни улғайтирган заминни кўриш иштиёқидаман. Айтишларича жаннат экан уёқлар. Мен бунга ишонаман, Нуржон. Ишонаман! Ахир сизнинг денгизнигоҳ кўзларингизга жойланган бу ўлка жаннат бўлмаслиги мумкинми?
Дилимда сизга атаганим сўзлар уммондай тошиб, руҳим қирғоқларига тўш ураётир. Нурсиз қолган дунёмизга ёруғлик бағишлаб келмайсизми бир, дўст?
Мактубим ҳам оёқлаб қолди. Аммо негадир уни ҳеч тугатгим келмаяпти. Аммо… майли, биласизку, ўзи азалдан анчагина эзмаман. Сиздан бошқа яна кўпчилик жўралар бу одатимдан «азият чекишган».
Хайрлашишни ёмон кўраман. Бироқ надир айтмоқ керак.
Кўришгунча, Нур! Аллоҳ ўз паноҳида асрасин Сизни. Ўзингизни авайланг!
Соғинч тўла салом йўллаб эҳтиром ила жўрангиз Мирзоҳид!
Nur Muhammad Zoirning sheʼrlarini, Mirzohid Muzaffarning unga bitgan maktublarini oʻqib, ularning biror nuqtasiga qalam tegizmadim. Gap yoqqani yoki yoqmaganida emas, gap yoshlarning adabiyot iqlimidagi nafasini qanday boʻlsa oʻshanday koʻrishni istadim.
Nurmuhammadning sheʼrlaridagi Mirzohid sezgan kamchiliklardan tashqari yana bir qator tahrirtalab,satrlarni ham koʻrdim. Ammo, qoʻlim qanchalik “qichimasin”, ulardagi biron satrni oʻzgartirmadim. Ularni oʻzgartirishga qodir ijodiy imkoniyatlar yosh shoirning ruhiy botinida albatta uygʻonishiga ishonganim uchun shunday qildim.
Nurmuhammadga hozircha aytadigan gapim bitta: shoir har tomonlama savodxon, eng avvalo, ona tili qoidalarini puxta egallagan boʻlishi kerak. Unutmasinki, shoirdagi savodsizlik Yaratgan bagʻishlagan isteʼdodni oxir-oqibat baribir nobud qiladi. Mening bu gapim aslida faqat Nurmuhammadga emas, feysbuk sahifalarini betinim ravishda ona tiliga bepisandlik bilan, nuqta-yu vergulning farqiga bormasdan yozilgan sheʼrlari bilan toʻldirayotgan ijodkor uka va singillarimga ham tegishlidir.
Xurshid Davron
Nur Muhammad Zoir
SHEʼRLAR
EVRILISH
Ketar chogʻing ochib qoʻydim yuragimning
Hayron-u lol boʻlib qolgan darvozasin.
Koʻndim, koʻnglim boʻlsa hamki darrov xazin,
Ki, or chuqur qiyib ketdi kuragimni…
Qandayin keng, qanday goʻzal saroy edi,
Atroflari devor bilan oʻralmagan.
Sevgi gulin boʻyi qayga taralmagan
Dunyolarda pok-pokiza bir joy edi.
Bugun yerga choʻkkanligim roʻyi rostdir,
Dil — tulporsiz arobadir, surolmaysan,
Biror kimdan lek madad ham soʻrolmaysan.
Endi yurak — saroyim ham keng emasdir,
Bir xaroba, eshiklari juda pastdir,
Bu boshingni sal egmasang — kirolmaysan.
DENGIZNING BOʻYIDA
Toʻlqinlar vahima koʻtargan payti,
Bir-birin quchoqlab oldi ilkimiz.
Muhabbat haqida afsona aytib,
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
Majnun bilan Laylo oʻtganmi bundan,
Qay tomon yetaklar bizni ikki iz.
Hech kim topolmadi…
Yulduzli tunda
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
Bilsak-da bu yoʻlning soʻngi — ayriliq,
Kelardi shu ishqqa jonni tikkimiz.
Soʻzlar iliq edi,
nigohlar — iliq,
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
Koʻplar qarshi edi.
Biz esa jang-u
Jadallardan qoʻrqa bilmadik hargiz.
Ruh-u vujudimiz bir boʻlib mangu,
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
Ajralmasa boʻldi qovushgan qoʻllar,
Haqiqat poyiga choʻksak hamki tiz.
Dedig-u, ertaga ne boʻlsa — boʻlar,
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
Uyogʻin bilmayman tushmi — uyqumi,
Bir dam bir havodan nafas oldik biz.
Armonda qolmadik — shudir muhimi,
Dengizning boʻyida qoldik ikkimiz.
BALIQLAR
Chiroyli baliqlar, hurkak baliqlar,
Sendan oʻzin olar, koʻzin olmaydi.
Bilmayman, kunning qay mahali uxlar,
Lekin, uxlasa ham koʻz yumolmaydi.
Shamolda titragan yaproqqa oʻxshab,
Qaltiroq ketmaydi tanalaridan.
Ehtimol, havotir olgani sabab —
Choʻntakdagi tilla tangalaridan…
***
Doʻstim qoʻlidagi xanjar bir kuni,
osmonlarda uchyotganimda,
yelkamga sanchilmasin uchun
xuzuriga borib gʻanimday
xanjarga oʻzimni uraman.
Koʻnglida shu niyat boʻlsa gar,
metin bu koʻksimning zarbidan
sinib-sinib ketadi xanjar.
BARIBIR
Menga toʻrt fasl ham farqsizdir butkul,
Menga begonadir qonun va mezon.
Xohlasam kuz chogʻi yozib qoʻyib gul,
Xohlasam bahorda boʻlaman xazon…
Men shunday davona, hayoti hazin,
Sogʻinish, sevishdan yot tashvishim yoʻq.
Oʻzganing men bilan ishi boʻlmasin,
Oʻzgalar bilan-da mening ishim yoʻq…
Men uchun dunyoni suv bossa ne gʻam,
Barchasi bir boʻlib yoʻq boʻlmaydimi…
Ming asr ichinda toʻlmagan bir kam,
Suv bilan boʻlsa ham bir toʻlmaydimi!
Hurlarning labida tutgan bolidan,
Lazzat topolmagan inson — haykaldir.
Kimlarning ayshi-yu gul visolidan,
Kimningdir xijroni menga afzaldir.
Bor-u yoʻqligini unutgan tushkun
Darveshlar tengiman, ulardan-da xor.
Baribir bu hayot oddiy bir tush-ku,
Xudojon, kel meni uygʻotib yubor!
***
Kuz xazonlar sochgan oʻrindiq
Ikkimizni koʻtarib mulzam
Baxtli qilmoqlikka urindi…
Oʻrtamizdan oʻtmasdi qil ham.
Oʻsha kuni yonib, oʻrtanib,
Chiqolmasdan bir homush koʻydin,
Oʻtirardik ishqqa oʻranib,
Va boshingni yelkamga qoʻyding…
Zulflaringni oʻpgancha koʻzim,
Koʻchirganda yuzimga tongni.
E voh, birdan sochlaring toʻzib,
Bilagimga koʻz yoshing tomdi…
Sochlaringga bormadi qoʻlim,
Koʻz yoshingni artolmadim man.
Uzildi-ku bir rishta boʻlib
Barmoqlaring barmoqlarimdan.
Shundan beri qaldim dol xuddi,
Boshginangni sogʻinar yelkam,
Nahot, sening qoʻllaring tutdi,
Yelkasi yoʻq, bir xasis odam?
Men-chi soʻldim, goʻzal jononlar
Yuraklarin tutar — olmayman.
Oʻshal kunni eslagan onlar,
Gʻamlardan bosh koʻtarolmayman.
Koʻzlarimdan daryolar toshib,
Yemirilar, chertilar yurak.
Ogʻirlashib boradi boshim,
Qayergadir qoʻymogʻim kerak.
Ikki koʻzim qaragan pastga,
Har qadamda yerga tizlayman.
Kimdir yelka tutar, men esa
Bosh qoʻyishga kunda izlayman.
YOMGʻIR HAQIDA QOʻSHIQ
Yomgʻir — vujudingda uygʻonar titroq,
Yodingga quyilar olis xotira.
Shunday goʻzal kunda yomgʻirdan chetroq
qolib ketging kelmaydi sira…
Samoga boqasan yoyib quloching,
Unutib ming yillik alamlarni-da.
Yuzlaringdan oʻpib, silabon soching
Marjonlar ezilar qadamlaringda.
Koʻzingdan sirgʻalar tomchi — tomchi yosh,
Olamga hayqiriq solgung tiz choʻkib.
Yomgʻirlar koʻksiga qoʻyging kelar bosh,
Yomgʻirlar singari koʻz yoshing toʻkib…
Yomgʻirlar ostida maʼyus va gʻamgin,
Kimnidir kutgaysan sogʻinib, ilhaq.
Qaragin yomgʻirlar yigʻlasa hamki,
Tovushida yangrar kulgu va chaq-chaq.
Sen oʻzga muhitdan izlama panoh,
Kuylagin yomgʻirga sherikligingni.
Axir faqat oʻsha yomgʻirlar goh-goh
Yodingga soladi tirikligingni…
POYEZD HAQIDA SHEʼR
Choʻchib uygʻonasan yarim kechada
Yoʻlovchi poyezdning taq-taqlaridan.
U sening uyqungni olib qochadi,
Uchqunlar sachratib tuyoqlaridan…
Temiryoʻldek titrar bir zum yuraging,
Poyezd oʻtib ketar hayolday ogʻir.
U afsus chekyapti, ana, qaragin,
Ohidan oʻt chiqib ketyapti, axir.
Endi tong otguncha boʻlib nigoron,
Koʻzingdan sogʻinchlar tizib tashlaysan.
Soʻngsiz sukunatdan topolmay orom,
Mening yuragimni oʻylay boshlaysan.
Men esa bir on ham yumolmayman koʻz,
Tun-u kun bedorman. lahzalarim yil.
Seni kechalari uygʻotgan poyezd
Koʻksimda duk-duklab turar muttasil.
Choʻchib uygʻonasan yarim kechada
Yoʻlovchi poyezdning taq-taqlaridan.
Qachongacha hayot shunday kechadi,
Qochib ketging kelar shunda baridan.
Bir kuni zulmatni men yorib oʻtib,
Tong kabi umringni yorugʻ etaman.
Malikam, qoʻlingdan mahkam tutib
Poyezdlar yoʻq joyga olib ketaman.
Shunda sen uygʻonib ketmaysan tunlar,
Butkul qutulamiz xijronlardan biz.
Shunda muhabbatning ovozin tinglab
Kechalar bir on ham uxlay olmaymiz.
YURAK
Koʻkragimga qamalgan yurak,
erk izlagan Usmon Nosirday,
panjaraga oʻzini urar,
alamlari koʻksiga sigʻmay…
Kech boʻlmayin bu tor xonadan,
chiqib ketay deydi. eshik berk.
Boshi toshga tegib qonagan,
topilmaydi bir lahzalik erk!
Devorlarga mushtin uradi,
sherbachchaday oʻkiradi, dod!
Bilmaydiki ruhi nuragan
Jasadimda faqat u ozod!
***
Buloqning boshida gʻamnok qiz
Qoʻshiq aytar (yigʻlayman birdan).
«Hayot suvdir rangsiz va taʼmsiz,
Lekin ichmoqlikka majburman».
Kuyunib yoniga boraman,
Yigʻlamasin, koʻnglin olay deb.
Dil berganim sezmay qolaman,
Yodida bir umr qolay deb.
U yuragin ochadi menga,
Soʻngra yengil tortar butunlay.
Oʻzimni mard koʻrsatib deyman,
Bor dardingni ayt endi, tinglay.
Toʻlar qoʻlidagi koʻza lim,
Va ketadi, oh tortgum ming bor.
Yana kelar aytgum: «goʻzalim,
Bilasanmi, senda koʻnglim bor».
Koʻza sinib ketadi chil-chil,
U ham chopib ketar uyiga.
(Balki idish yoʻqligidandir),
Kelmay qoʻyar buloq boʻyiga.
Yangi koʻza olib kelib jim,
Kutavergum kelishin, yo Rab.
Ikki tomchi suvday, kunlarim
Bir-biriga boradi oʻxshab.
Nihoyat u qaytadi yana,
Tovlanadi koʻylagi oppoq.
Bilmam, nechun yuzida taʼna,
Qora boʻlib koʻrinar har yoq.
Nima qildim, axir, dilbarim,
Qilmadimmi senga dil fido.
Tushunolmay qolaman barin,
Meni tinch qoʻy, deydi, alvido.
Kulib-kulib ketadi u qiz,
Qoʻshiq aytib, yigʻlayman birdan:
Hayotim — suv, rangsiz va taʼmsiz,
Lekin, ichmoqlikka majburman.
***
Qiziq dalil topdim koʻhna xatlardan,
Bilmadim, qaysi bir alloma demish:
Quyosh — bir oshiqning nadomatlardan
Koʻkka sachrab ketgan yuragi emish.
Azizam, bunchalar ishqim xoʻrlashing
Nahot yuragingga solmasa qutqu.
Axir, koʻkda ikki quyosh porlashi —
Qiyomatning yaqqol alomati-ku.
***
Hali zamon poyezd keladi,
Ketadirman olis-olisga.
Chiqmadingmi, olov yurakli
Gulim, meni olib qolishga.
Qoʻllarimdan sudraydi chipta,
Boqadirman har yon jovdirab.
Nahotki toʻrt tomonim qibla,
Nahot, endi kelmaysan izlab.
Nahot koʻngling shuncha toshlashgan,
Tushunsang-chi, o bunday payti
Shu chiptani yirtib tashlashga
Bir oʻzimning kuchim yetmaydi.
***
Yovqur jangchi boʻlmoqchi edim,
Yogʻiylar koʻksiga tigʻ urgan lashkar.
Telbalikka, mardlikka moyil,
Yuragim qaqshar…
O, Najmiddin Kubrolar yonib,
Jonin fido aylagan paytda —
Tugʻilgan boʻlsaydim, yov koʻksin yorib,
Haydab chiqarardim Vatandan.
Topilmaydi durustroq gʻanim,
Yigʻlayman, ishlabon qoʻl uchi bilan
Alam qilar piyoz toʻrayotganim,
Amir Temur qilichi bilan…
***
Baland boʻlgin, koʻnglim, yana-da baland,
Qaltisroq, qiyinroq yoʻlni tanlagin.
Mayda va pastnazar odamlar bilan
Oʻtkazma umringning olov damlarin.
Mudom olgʻa intil samovatlarga,
Burgutsan, yashagin burgutlar kabi.
Dunyoga kelmadik sayohatlarga,
Sinovlar chorladi cheksiz va kabir.
Erlik bu — mardlikdir, erlik burchingni
Bajargin to borsan tun-u kun yonib!
Oltinga toʻldirma aslo xurjunni,
Hammoli boʻlmayin desang dunyoning.
AYRILIQ
Quyoshdan qanchalar ketgani sari,
Yana shuncha toʻlib ketaverar oy.
Boyib ketaverar sogʻinch, hislarim,
Uzunlashgan sayin oʻrtamizda joy.
Oʻrtamizda, faqat, muhabbat bordir,
Afsuski men uni yita olmayman.
Shunchalar ulkandir sevgimiz, axir,
Men senga hech qachon yeta olmayman.
Quyoshdan qanchalar ketgani sari,
Yana shuncha toʻlib ketaverar oy…
BULOQ
Ey, zamindan otilgan buloq,
Yer yuragi senga kelmish tor.
Tinim bilmay qaynaysan biroq,
Kuydirmaysan hech kimni zinxor.
Shu hislating meni etgan rom,
Qaydan kelar senga bu bardosh?
Ichga yutib yashaysan mudom,
Senga kimdir otsa hamki tosh.
Bagʻring oʻyib ketganida ham,
Toʻlqinlanib qoʻyasan bir zum.
Dardingni doʻst koʻradi baham
Va yuzingda yana tabassum,
Ichsin deya, kimdir suvingdan,
Pastga qarab oqasan, lekin,
Koʻrsin koʻkda uchib yurganlar,
Sendan quyosh suv ichishligin.
Ey, zamindan otilgan buloq,
Senga qoyil!
sovimoq uchun —
Hamma ichar suvingdan, biroq,
Yonganingni sezmaydi hech kim!
***
Qarshingdagi daryo seniki,
Undagi oy-yulduzlar ham senikidir.
Xohlasang, tosh ot daryoga,
Parcha-parcha boʻlib ketsin toʻlin oy yuzi,
Yulduzlar
baqadek qochsin har yonga.
ammo lahza oʻtmay
yana butlanaverar,
Lahza oʻtmay hammasi joy-joyida.
Soyasin chopish orqali
Haqiqatni qulatib boʻlmagan kabi,
daryoga tosh otganing ham
cheksiz samoga taʼsir qilmaydi.
Xullas,
oyni etak bilan berkitolmaysan,
Yana qancha odamning oʻz daryosi bor
Roʻyi zaminda…
***
Muhiddin akamga
1.
Buguncha sabr qil, bugun yasha, bas —
Nazarga ilmasdan doʻq, pisandani,
Bir keldik bu yerga, doʻstim, aldanib,
Endi qochib ketmoq aslo yarashmas…
Hali biz qilgulik ishlar bor, tushun,
Axir odatim shu: har yerda, har gal,
Oʻt qoʻyib ketaman, ketishdan avval
Hech qachon orqaga qaytmaslik uchun…
2.
Togʻlar bir-biriga suyanib oʻsar,
Yoki bir-birovga oʻsar qasdma-qasd.
Bunda yoʻllaringni raqiblar emas,
“Hammadan balandman” degan oʻy toʻsar.
Yolgʻizlik — togʻlarni yemirgan dahshat.
Nokerak sezmaslik uchun ham oʻzni —
Yo yelkangga kimdir boshini qoʻysin,
Yo biror yelkaga bosh qoʻymogʻing shart!
BESAMARLIK
1.
Dunyo birdan aylandi chappa,
Va teskari oqdi daryolar.
Xayr degan bir mayin gapga
Yurak bagʻrim boʻldi pargola…
Gʻarbdan chiqdi goʻyo oy-quyosh,
Oʻtlar tushdi toza taqdirga.
Shu sababki koʻzimizda yosh,
Boʻlolmadik ikkimiz birga…
2.
Aylanmadi dunyo teskari,
Daryolar ham oqmadi ortga.
Chalinmadi koʻkning askari
Uyqusizlik degan bir dardga.
But chiqmadi dil tegirmondan,
Hech toʻlmadi bu dunyo bir kam.
Kun chiqmadi boshqa tomondan,
Shu sababki ayrildik biz ham…
3.
Harchand dunyo aylandi chappa,
Daryolarni ortga oqizdim.
Yulduzlarni butun bir safga,
Oy-quyoshni qoshingga tizdim.
Keyin yerni changallab hatto,
Qoʻllaringga tutdim olmadek.
Gʻarbdan chiqdi quyosh ham, ammo
Biz baribir birga boʻlmadik.
Mirzohid Muzaffar
DENGIZNIGOH DOʻSTGA MAKTUBLAR
Mirzohid Muzaffar (Abdullayev) 1999 yil 12 sentyabrda Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tug‘ilgan.She’rlari tuman va respublika nashrlarida e’lon qilingan. O‘zbek shoirlarining she’rlarini turk va ingliz tillariga tarjima qilgan. Ayni paytda Chinoz Sanoat kasb-hunar kollejining 3 bosqichida tahsil olgan. Bugungi kunda O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “Madaniyat va ma’rifat” telekanalida ishlamoqda.
1
Ogʻaynim Nurmuhammad!
Sizdan yashiradigan hech qanday sirim yoʻq. Ustozning saytlariga bersam boʻlarmikan, deb joʻnatganingiz manzumalarga, rosti uncha eʼtibor bermagandim. Ha, Toshkentda yurgan “shair bolalar”dan birining shigʻirlaridandir-da, deb oʻylovdim. Bu kibrdan emasdi, aslo. Men shunchaki…sheʼrlaringizni olganimda ayni sheʼriyatdan charchagan, oʻzimni butunlay tarjimaga bagʻishlagan vaqtlarim edi. Sheʼrlaringiz kompyuterimning qayerlaridadir ikki hafta yotdi. Bir kuni uning xotirasini tozalayotgan paytim duch kelib qoldim yozganlaringizga. Bir oʻqiy, saviyasi oʻrtachadan past boʻlsa, oʻchirib tashlayman va muallifiga biroz ishlashingiz bor deb yuboraman, dedimu… oʻqiy boshladim.
Koʻnglim sheʼrdan-sheʼrga koʻtarilib boraverdi. Siz qoʻllayotgan tashbehlar, noodatiy qofiyalar meni betinim hayrat dengiziga gʻarq aylardi.
Biz tengdosh shoirlar, xususan Shuhrat Fayziy, Shahriyor Shavkat, Munisa Aʼzam va Dilbar Ismatullayevalar, koʻproq soʻz ustida tajriba qilishga, tasavvuf va postmodernizm sinteziga moyilroq. Sizda ham bu narsa kuzatilyapti, biroq Siz — oʻzgacha, samimiy yozasiz. Allaqanday shakllarga, jimjimador uslublarga aldanmaysiz. Oʻzbekcha yozasiz, samimiy yozasiz, dildan yozasiz…
Avvallari koʻp maktublashmaganman. Yozgan boʻlsam, ustoz Xurshid Davronga, Rafiq Saydullo va siz kabi eng yaqin doʻstlarimdan biri Shuhrat Fayziyga yozganman. Hammasida hozirgidek toʻkilib-toʻkilib bitganman maktublarimni.
Joʻrajon, sheʼrlaringizni oʻqigan kunim siz bilan internetda uzoooq yozishdik. Sizga mansuralarimni joʻnatdim, siz menga yangi sheʼrlaringizdan yoʻlladingiz. Yana ularni zavq bilan oʻqidim. Men ayni oʻsha paytda sizning oʻz sheʼrlaringiz kabi samimiy, fitratida zarra gardi yoʻq SHOIR ekaningizni angladim, his qildim.
Siz men kabi betizgin emassiz — tuygʻularingiz oldida oʻzingizni tutib turolasiz. Vaholanki mendagi oʻsha asov tuygʻular sizda ham yetarli. Aytmoqchimanki, ijod jihatidan ogʻirkarvonroqsiz. Mana shu ogʻirkarvonligingiz — menga yoqadigan asosiy sifatlaringizdan biri, doʻstim.
Maktubim faqat maqtovdan iborat boʻlib qoldi. Keling, biroz oʻz tanqidiy mulohazalarimni ham qoʻshsam. Sheʼrlaringizning baʼzi joylarida ochiqchasiga taqlidga yoʻl qoʻyilgan. Ular juda oz, ammo shu ozchilikni-da yoʻq qilmoq kerak. Sizning kimningdir soyasida qolmogʻigiz — noravo! Bitiklaringiz haqida shoirim Jontemir bilan suhbatlashganimizda ham men mahliyo boʻlib, koʻzimga koʻrinmagan tahrirtalab satrlaringizni ham sezdim. Ularni nasib qilsa, birgalikda toʻgʻirlaymiz.
Maktubim ham choʻzildi. Soʻzim ohirida sizga yana bir maslahat bermoqchiman — til oʻrganing. Chet el adabiyotini oʻrganish ham tajribangizni sezilarli darajada oshiradi. Yana bir narsani unutmang — baʼzi “shair” akalar aytganidek, chet el adabiyotini oʻqigan odamning hammasi ham chet el adabiyotiga mahliyo boʻlib oʻzining ildizi tutashgan tufrogʻning Soʻz sanʼatini unutib, ular taʼbiri bilan aytganda “oʻzbekchilikka toʻgʻri kelmaydigan bemaʼni shigʻirlar” yozavermaydi. Axir, Usmon Nosir Geyneni, Abdulla Orif Danteni, Erkin Vohid Gyoteni, Shavkat Rahmon Lorkani tarjima qilish yoʻli bilan ijodiy barkamollik yoʻliga tushib olganlar!
Mayli, doʻst. Soʻzim ham poyoniga yetdi. Sizga aytmoqchi boʻlganlarim shular edi. Omon boʻling!
Hurmat bilan Mirzohid!
2
Omonmisiz, Nur?
Rostini aytsam… hammasidan koʻra ismingizni aytishni sogʻindim. Nur!.. telefonda aytsam ham unchalik maza qilmayman. Oʻzingizga aytganda va yozganda boshqacha. Huddi olti tomonim ismingiz shuʼlasidan munavvar boʻlib ketganday boʻladi. Lahzalar charogʻonlik kasb etarak koʻnglim koʻzgusi tiniq tortib hayotni qattiqroq seva boshlayman.
Yozib turibsizmi? Birozgina bolalarcha, hali toʻliq yetilib ulgurmagan, begʻubor ovozingizda oʻz sheʼrlaringizni hayajondan toʻlib-toʻliqib, qoshlaringizni bir joyga uyib olib oʻqib berishingizni koʻrgim kelayapti. Oʻsha, olis Surxondagi billur buloqlarning sadolari elas eshitilguvchi ovozingizni qoʻmsayapman. Tufrogʻ va dengiz, olov va osmon isi omuhta sheʼrlaringizning humori tutayotir odamni. Yoʻllamaysizmi?
Men ham yozib turibman. Avvalgi oylardagi tushkunlik va turgʻunlik biroz tarqaldi. Xarholda shukrki, yashayapman! Sizni, Fayziyjon va Shahriyorlarni koʻrib yashamasam, yozmasam boʻlmasligini anglab yashayapman!
Inonamanki, siz ham yozayapsiz. Yo oʻzingiz aytgandek oʻqishga tayyorlanayapsizmi? Bu ham juda durust qaror. Avvalo oʻqish! Ammo ijod ham esdan chiqmasin, qadrdon. Haq bergan neʼmatni toʻgʻri sarflaylik.
Shuhrat ham sizni sogʻingan. Har kuni eslaymiz sizni. Oʻzimcha yozgʻirib qoʻyaman: oʻz-oʻzicha telefon ham qilay demaydi, ahmoqjon… Fayziy taskin bergan boʻladi. Yana sheʼrlaringizni oʻqib oʻzimga kelaman.
Bilasizmi yana nimani sogʻindim. Koʻrishganda yo telefonda gaplashganda ashna, deyishingizni. Joʻroooov, deb alqashlaringizni. Afsuski, ketib qoldingiz. Shu qilganingiz uchun kelganingizda oʻzimning sharafimga bitta doston yozdirmasam, yurgan ekanman. Mayli, hazil-da buyam.
Uydagilar tinchmi, Nurmuhammad? Surxonning siz kabi daryo odamlari salomat bormi? U yerlarga hali biron dafʼa boʻlsin bormagan boʻlsam-da sizdek ruhan egizimni ulgʻaytirgan zaminni koʻrish ishtiyoqidaman. Aytishlaricha jannat ekan uyoqlar. Men bunga ishonaman, Nurjon. Ishonaman! Axir sizning dengiznigoh koʻzlaringizga joylangan bu oʻlka jannat boʻlmasligi mumkinmi?
Dilimda sizga ataganim soʻzlar ummonday toshib, ruhim qirgʻoqlariga toʻsh urayotir. Nursiz qolgan dunyomizga yorugʻlik bagʻishlab kelmaysizmi bir, doʻst?
Maktubim ham oyoqlab qoldi. Ammo negadir uni hech tugatgim kelmayapti. Ammo… mayli, bilasizku, oʻzi azaldan anchagina ezmaman. Sizdan boshqa yana koʻpchilik joʻralar bu odatimdan “aziyat chekishgan”.
Xayrlashishni yomon koʻraman. Biroq nadir aytmoq kerak.
Koʻrishguncha, Nur! Alloh oʻz panohida asrasin Sizni. Oʻzingizni avaylang!
Sogʻinch toʻla salom yoʻllab ehtirom ila joʻrangiz Mirzohid!