Mo’min Qanoat. She’rlar.

543
20 май — Таниқли тожик шоири Мўмин Қаноат таваллуд топган кун.

Атоқли тожик шоири Мўмин Қаноат 1932 йил 20 майда Тоғли Бадахшон Автоном Областининг Қалъаихум туманидаги Курговад қишлоғида туғилган.
«Шарора»(1960), «Ер юлдузлари»(1963), «Йўллар ва қанотлар»(1964), «Днепр мавжлари»(1964), «Нур карвони»(1970), «Сталинград овози»(1975), «Мен ва бедор кечалар»(1979), «Сино бешиги»(1980, араб имлосида), «Танланган асарлар»(1982, икки томлик), «Сино бешиги»(1983, тожик тилида, араб имлосида, рус тилида), «Ярадор китоблар»(1983), «Ишқ олови»(1985), «Исмат юлдузи»(1990), «Бесутундан ҳозиргача»(1992) номли китоблари нашр этилган.
А.С.Пушкин, В.Шекспир, Шиллер, Г.Гейне, Р.Тагор, В.Маяковский асарларини тожик тилига таржима қилган.  СССР Давлат,  Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофотларининг совриндори.  1961 йилдан буён СССР ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси.  Тожикистон халқ шоири.

77

МЎЪМИН ҚАНОАТ
ШЕЪРЛАР

Одил Икром таржималари
07

ОНАЛИК МЕҲРИ

Ижодимнинг илк ой-йиллари эди…
Бир лаҳза ёдимдан чиқмайди сира.
Сувнинг юзидаги қуёш аксидай
Кўриниб туради синиқ ва хира.
Гўдак эдим, бешик тўшагим эди,
Бешигим эди бу чайқалган олам.
Шу ер эди менинг емак-ичмагим,
Шу ер эди минбар ва меҳробим ҳам.
Шу ерда, бешигим бошида бедор
Онагинам тунда аллалар айтиб,
Тонг чоғи жилмайиб бошим устида,
Меҳрибон қуёшдай чиқарди балқиб.
Ундан эшитганим оҳанг навоси
Гўдаклик тилида янграр ҳали ҳам…
Бора-бора менга тор келди бешик,
Тош қотган пойгоҳга қўйдим илк қадам.
Қўл чўздим, бир қўлим ҳавода қолди,
Онам тағин тутди битта қўлимдан.
Шунча нотавонлик, ожизлик билан
Бир амаллаб турдим ётган ўрнимдан.
Турдим, кўрдим: Кўзим тушмади бир тонг,
Қолмаганди порлоқ меҳримдан асар.
Кўзларим тўрт бўлиб ахтардим уни,
Унинг тимсолини топдим бир саҳар.
Юксак-юксаклардан жилмайиб, кулиб,
Қуёш чиқиб келар бу тонг оҳиста.
Меҳримдай нурафшон бўлса-да гарчанд,
Бағримдан, бошимдан эди олисда…

МЕН ВА УЙFОҚ КЕЧАЛАР

Тун каби тим қора сочингни эслаб,
Тунни тонг бағрига этдим ҳавола.
Бироқ, бутун умр булбул умрини
Яшаган бўлсам-да, қилмадим нола.
Пар кўрпа-ёстиқда бошим ҳам гўё
Гирдобга чўккандек бўларди нуқул.
Нигоҳим тонггача ой шуъласига
Ботгандай кўринмай кетарди буткул.
Эҳтимол, дарёнинг қирғоғи узра
Ёлғиз юрганингни кўрсам…
Сен ишон,
Сенга дилимдаги борини тўкиб
Қанотинг остида топширардим жон…

Бу қандай гап?
Ногоҳ тушимга кирдинг,
Менинг ёнгинамда турардинг шундоқ.
Ёстиқдан бошимни кўтардим, кўрдинг
Қоп-қора сочимга тушган эди оқ.
Сени чақалоқдай ҳидладим,
Ўпдим,
Кулдинг,
Тонг ёришди ўша кулгудан.
Пари эдинг,
Кетдинг бағримдан учиб,
Ёш тўла кўзимдан қочган уйқудай.
Ортингдан қўзғалдим…
Оҳим фалакка
Етса
Қутулай деб ўздан, тақдирдан.
Бироқ,
Оёғимда кишан бор эди,
Садо келди ўша олтин занжирдан:
Бу занжир зулмими
Ё тақдир ҳукми?
Кетдинг, афсонадай қолди бехабар:
Ўша тўшак, кулба,
Сен ва ойдин тун,
Мен ва ўша уйғоқ қолган кечалар…

СУКУНАТ

Жимликда сукунат садоси бордир,
Шох ногоҳ синганда тортгандай фиғон.
Яшашдан умид бор ўлим ваҳмида,
Атиргул совуқда сақлагандай жон…

Дунё оҳангига қулоқ сол бирпас,
Юлдуз нигоҳига назар сол бир тун.
Дарё нима учун куйлайди тўлиб,
Тонггача юлдузлар порлар ким учун?

Табиат, мен сени эшитаман жим,
Бир гўзал ёримдай қучаман беун.
Сен оҳусан, бироқ, ҳуркак кўзларинг
Жодусидан мен оҳ тортаман нечун?

Табиат, осмонда кезган бургутсан
Ва ғунча сиридай пинҳону аён.
Сен тош, майса, ҳайвон, одамсан, бироқ,
Одам қилмишига боқасан ҳайрон.

01

(Tashriflar: umumiy 483, bugungi 1)

Izoh qoldiring