A’zam O’ktam. Kuzda kulgan chechaklar & Abdurahmon Pirimqulov. A’zam O’ktam sog’inchi

Ashampoo_Snap_2016.10.02_18h59m57s_002_.png4 октябрь — Шоир Аъзам Ўктам таваллуд топган кун.

    Аъзам Ўктам (1960 – 2002) ўзига хос овозга эга бўлган истеъдодли шоир, носир, мақоланавис, моҳир таржимон, жонкуяр муҳаррир эди. Унинг “Кузатиш”, “Кузда кулган чечаклар”, “Зиёрат”, “Тараддуд”, “Икки дунё саодати”, “Қирқинчи баҳор” шеърий тўпламлари чоп этилган. “Хабар” қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган (1995).

Аъзам Ўктамни ижодкор ва инсон сифатида яқиндан биладиган ҳассос устозларимиздан бири у ҳақда: “…ўз тенгдошлари ичида биринчи галда тўғрилиги билан ажралиб турарди. Кейин фидойилиги, кейин камгаплиги ва камтарлиги билан… Аъзам ва у кабилар тирик бўлганида эди, дунёмиз чиройи янада бошқача бўларди балки. Шеърлари ҳам тўғрилик намунаси эди”, деганида кўпларнинг кўнглидаги гапларни айтган.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ
АЪЗАМ ЎКТАМ СОҒИНЧИ
022

   Мен у шоирни билмайман. Ҳаётда учратмаганман. Аммо, шеърлари… Сўзга кўчган қалби, дарди, хаёли, армони мени-да ўйлатади… Ногаҳонда тизгинсиз бир ҳисни туюб беихтиёр тўлғонаман. Азоб чекаман. Сўнг… Сўнг қаердандир учи синиқ ётган қаламимни излаб топаман. Кейин у билан каптар қанотидек беғубор қоғозни қоралайман, доғлайман…

Аъзам Ўктам ўзбекнинг ўктам шоири эди. У ўз тенгдошлари, маслакдошлари орасида ажралиб турарди. Унинг поэтик нигоҳини бошқа бирор шоирга ўхшатиш қийин. Унинг ижодий парвози, йўналиши, «ун»и ҳеч кимга ўхшамасди. Аммо ижод ўз-ўзидан гуркирамайди. Ҳар қандай ижод шуъласи ўзигача бўлган бирор-бир қалам соҳибининг ёлқинидан нур эмади. Унга эргашади, интилади, шу аснода ўзлигини намоён этади.
Аъзам Ўктам Янги истиқлол шеъриятининг чўлпони эди. Афсус, бу чўлпон қисқа, аммо жуда ёруғ нур сочди.
Мана, шоирнинг энг сўнгги шеърий тўплами қўлимда: «Тараддуд». Мўъжазгина китобни варақлар эканман, қуйидаги сатрлар юзимга оловдек урилади:

Йўл аниқ, қайтиш йўқ,
Мен кетдим энди.
Кечган нарсам—жонни ўйламам ҳечам
Битта майдон керак—курашгим келди:
Тўшакда ётгулик қилмасин, ўлсам.

Бадиий ижодда интуиция деган тушунча бор. Бу сезги, ички ҳиссиёт дегани. Бўлмаса, Аъзам Ўктам муштдай ўғилчасига қабр ҳақида гапирармиди?!

Эй кўзимнинг оқи—ўғилчам,
Кўп яхши яхши ер чопишинг, бироқ
Қабр қазимоқни-да ўрганиб қўйгил.

Бу шеър ўқувчида савол қўзғаши табиий. Унутмаслик керакки «ўғил» бу ўринда восита холос. Асл мақсад одамларни савоб ишга даъват этишдир. Элда уч кишининг қабрини қазган одамнинг жойи жаннатнинг тўрида бўлади, деган нақл юради. Бу шеър ўзидан ўзи туғилмаган. Шеърга ёш болаларнинг кичкина кетмонча ёрдамида ер ковлаб ўйнаши туртки берган. Шу аснода шеърга бош ғоя—шоирнинг савоб ҳақидаги қарашлари жойланади.
Аъзам Ўктам кўп шеърларида шошқин кайфиятни, сўлғин руҳиятни онг илғамас бир йўсинда дарж этади. Ва яна васиятдай шеър ёзолмаганидан ўкинади. «Аллам» шеърида қуйидаги сатрлар бор:

Итоат этмайди
Ҳануз менга сўз.
Ё Раббим,
Гуноҳим ахир нимадир?
Қўлимдан
(Дилимдан)
Келмади ҳануз
Васиятга ўхшаган бир шеър.

Йўқ, васиятга ўхшаган шеър Аъзам Ўктам ижодида кўп учрайди. Унинг баъзи сатрларида ҳам лирик қаҳрамон охирги гапларини, фарзандларига, миллатга, ёшларга айтаётгандек туюлади. У миллат дардларини, истибдод оғриқларини, халқ руҳиятидаги покиза туйғуларни, садоқат ва ғурурни-да шеърга солган. Мен Аъзам Ўктамнинг бадиий қиёфасини, ижодий тажрибасини Чўлпон ижодига ҳамоҳанг демоқчиман. Биласизми, шоир шеърларида Чўлпонга хос жасорат ҳукмрон. Аъзам Ўктам «кишан»ни, «куз»ни, «қор»ни, «баҳор»ни ва бир неча ифода-тамсилларни Чўлпонга хос жасорат, санъаткорлик билан шеър бағрига жойлайди. Мана бу парчадаги «кўнгил», «ёв», «ой», «юрт» ва бошқа иборалар худди Чўлпон қаламидан қоғозга тушган каби завқ уйғота олади. Аммо бу фикр муаллиф ижодининг ўзига хослигига соя солмайди:

Шу қора ер тушган чекимга
Узолмадим кўнгилни ойдан.
Ҳасратидан тўйдим юпуннинг
Ҳафсалам кўп пир бўлди бойдан.

Юртлар кездим ёв қувиб бориб,
Дўст топмадим бирорта жойдан.
Аршдан тушган бўлса-да одам
Яралгани рост экан лойдан.

Аъзам Ўктам ижодининг яна икки фазилати хусусида алоҳида гапириш жоиз. У гоҳ халқ ижоди оҳангида қалам сурса, гоҳ мумтоз шаклларда, хусусан, ғазал жанрида бемалол қалам тебратади. Унинг баъзи ғазалларида ҳам Чўлпон қаламининг таъсирини сезиш мумкин. Афтидан, шоир жадид шоирнинг ижодига айрича меҳр қўйган кўринади:

Ғаним рафторли дўстлар бор, ғанимлар
Дўстга ўхшайди.
Надир ҳолинг демоқликка ғаразсиз бир
Мусулмон йўқ.
Улуғ кунда улуғворлик билан ҳолингни
Сўрмасми?
Сенингдек бу заиф халқдан меҳр кутгувчи
Нодон йўқ.

Дарвоқе, унинг «Чўлпон» деган шеъри ҳам бор. Унда жадид намояндасининг айбсиз айбдорлигини, қатағон қурбони бўлиши машъум сиёсат найранги экани ачинарли оҳангда жаранглайди:

Уни мен йўқ қилдим, демайди замон,
Уни мен янчидим демас сиёсат.
Уни мен чорладим, деб айтар осмон,
Уни мен чақирдим, дейди ер фақат.

Аъзам Ўктамнинг бир шеъри «Дуторчи қизлар» дастаси айтадиган «Қарамайди ёр-о, қарамайди ёр» қўшиғи оҳангида битилган.

Одамлар бор дунёда
ғоятда айёр-ей, доғули айёр.
Соянгни ҳам чоҳ кавлаб,
Кўммоққа тайёр-ей, кўммоққа тайёр…

Шу ўринда мақолага нуқта қўймоқчи эдим. Аммо шоирнинг тўпламдаги «Соғинч» достони ҳақида фикримни айтмасам, мулоҳазаларим ноқис туюлди. Достон зуваласига бир эмас, уч ривоят мазмуни сингдирилган. Шоир китобхонни огоҳлантиради: гўё муаллиф айтмоқчи бўлган даҳшатли сўз оддий эмас. У таъсир кучи билан нафақат ўқувчи қалбини, ҳатто арши аълони ҳам титратишга қодир эмас.

…Машҳар қўпмас йўлимдан қайтсам,
Гарчи у жим, инсофга келмас,
Арш зирриллар бир сўзни айтсам,
Йўқса қалбда зилзила тинмас…

Шоир айтадики, арабларда бир эру хотин ўзаро низо чиқариб, уни бартараф этиш учун қозига мурожаат этадилар. Қози икки гувоҳ талаб қилади. Гувоҳлардан бири аёлнинг юзини кўргачгина ўз фикрини айтиши мумкинлигини аён қилади:

«Паранжида ким бор – билмасак,
Юзин очсин», — дейди бир гувоҳ
Эр эркак-да. Бир қалқди юрак
Ҳали бекор бўлмаган никоҳ.

Йўқ, очмайсан юзингни. Ишон,
Камлик бўлмас маҳрдан», — деди
Ўз тақдирин англаган жувон:
— «Ўтдим маҳр баҳридан», — деди.

Кўриняптики, шоир қабоҳатга юзланган аёлга ҳайрон қолиш баробарида ор талашаётган эркакка ачиняпти ҳам. «Майли, — дейди шоир, — буни арабча дея қолайлик…» Сўнг шоир ўзбек халқ ривоятларидан бирини сўзлашга киришади. Унга кўра, бир полвон қиз кураш майдонида бир неча йигитларни йиқитади. Навбатдаги йиғинда бир барваста йигит ҳалиги кураги ерга тегмаган қизни чунонам кўтариб, елкасига қўяди ва ўз уйи сари олиб кетади. Кимдир чиқиб, қўли билан улар кетаётган томонга ишора қилади. «Никоҳини ўқидим», — дейди. Полвон қиз барваста йигит никоҳида ўнта ўғил кўради. Сўнг қазо қилади. Бу ўша ички асарчанинг фоже хотимасини билдиради. Уни сўнгги манзилга кузатадилар. Шоир «унинг тобутини ўша курашда йиқилган йигитлар елкаларида кўтариб олиб кетдилар», – деган ғояни асар бағрига сингдирган. Бу гапда жуда катта маърифий ҳикмат бор. Муаллиф «қанча кучли бўлмасин, аёл аёллигича қолмоғи лозим. Унга бешик тебратиш ярашади, кураш тушиш эмас», демоқчи. Достон сўнггида эса ғоявий жиҳатдан юқоридаги икки ривоят мазмунини рад этадиган учинчи ривоят қаламга олинади. Унда шоир халқимиз тарихида ва маданиятида мавжуд алоҳида ўринга эга воқеани назм риштасига тортади. Қўқон хони Амир Умархон ва малика Нодира қисматидаги бир ўзбек аёлининг садоқатини улуғлайди. Алқисса: Қўқон хони Амир Умархон оилавий можароларнинг бирида малика Нодирага «хазинадан ўзинг учун нимаики қимматбаҳо, зарур бўлса, ўшани олиб Шаҳрихонга кетавер»,— дейди. Ва ўзи ётоғига кириб уйқуга кетади… Бир пайт хон отнинг оёқ товушидан уйғониб қараса, аравада бети ёпиқ аёл уни саҳро бўйлаб олиб кетаётир. Амир нега ёлғизлигини, уни ким қаерга олиб кетаётганини сўрайди. Шунда бети ёпиқ аёл жавоб беради:

— Амрингизни билдиму вожиб
Тўлиқ адо этаётирман.
Энг керакли, қимматбаҳо деб
Сизни олиб кетаётирман…

Сўз деёлмай қолган Умархон
Бир уради пешонасига.
Қайта никоҳ ўқитиб, шодон
Кириб келар кошонасига…

Сўнг шоир достонга хотима ясайди:

Мен мозийдан сўз очдимми, бас,
Қилишим шарт қиссадан ҳисса.
Аммо, нетай буларни эмас,
Ўшаларни бир кўргим келса.

Аъзам Ўктам чақмоқдек «ялт» этди-ю сўнди. Таскин шуки, унинг маърифатли, ёниқ шеърияти узоқ вақт қалбларимизни ёритиб, камолотга чорлаб туради, иншооллоҳ!

Яратган эгам ўтюрак шоир қабрини нурга тўлдирсин.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2009, № 5

Аъзам Ўктам
ШЕЪРЛАР
005

* * *

009

Ишончли тоғ қуласа,
бирга қулар кийик ҳам –
бултур бобом кетдилар,
момом кетмоқда бу дам.

Билмас эдим оламнинг
бу қадар торлигини.
Лекин унда шунча кўп
Хешимиз борлигини.

Шаҳарлик амакимга
боқсам, кўзларим тинар.
Йўқ, у одаммас, жонли,
оёқ-қўлли шумхабар.

Шундан бери даҳшатга
солади мени кўзёш
Ва фақат ўлим бўлса
келадиган қариндош.

ҲАДИК

Бор-йўғимни этдим хайр-эҳсон,
Кеча-кундуз қилдим ибодат.
Охиратни ўйлаб ёнди жон,
Илм истаб югурдим фақат.
Қабул бўлмас биронтаси ҳам,
Бари кетар шекилли куйиб.
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.

ЗАРБА

Нафис шарпа
Қаттиқ урилди юзга.
Ногоҳ бир жимирлаб
Кетди ич-этим.
Бу ахир ўртадан
Сездирмай бизга
Кўтарилиб кетган
Парданинг чети.

УНУТМА

Меҳмонсан беш кунлик дунёда,
Уч кунгина иззатинг.
Мезбон измидасан
шу уч кунда ҳам.

ТИЛИМ

Тилимдан бол томмас, аччиқ ҳам эмас,
ярайди қалбдагин изҳор этишга.
Узунмас унчалик, қисиқ ҳам эмас,
етади бўйнимдан тортиб кетишга.

СЎРОҚ

Талпиндинг, йиғладинг — елдинг дунёга,
Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,
Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,
Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

Тилингни тиймайсан — бешарм сўйлар,
Кўзингни тиймайсан — бузуққа бўйлар,
Ўйингни тиймайсан — неларни ўйлар,
Ҳеч жазо йўқмикан бундоқ зинога?

Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,
Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,
Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг
Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.

Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,
Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,
Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг
Не учун тикдинг бу юзи қарога?

Қишда қушларга дон сочган қўлингни,
Нопок луқмалардан қочган қўлингни,
Аллоҳ деб дуога очган қўлингни
Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.

Тўйдириб ўт қонга тўлган юракни,
Ўлдириб ҳақ дея ўлган юракни,
Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,
Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

СИНГЛИМГА

Бир нима ўт каби куйдирди ичим,
Маҳкам лаб тишлашга етди-да кучим,
Тўйинг бўлган куни йиғлаганим чин,
Ўзингта эҳтиёт бўлгин, Мунаввар.

Меҳмон қилолмабман шаҳарда сени,
Даланг кутиб турар саҳардан сени,
Мен қандоқ асрайин заҳардан сени,
Кўзингга эҳтиёт бўлгин, Мунаввар.

Отам сенгинани ёт билгани йўқ,
Уйимиз, кўнглимиз тор келгани йўқ,
Қадаминг бир умр қирқилгани йўқ,
Изингга эҳтиёт бўлгин, Мунаввар.

Ҳар ким сенга қараб бизга нарх бичгай –
Ё қадрдон бўлгай, ё буткул кечгай,
Иккала уйда ҳам сен ўзинг ичган
Тузингга эҳтиёт бўлгин, Мунаввар.

13710699_1592833847676928_1081862461074981707_o.jpg4 oktyabr — Shoir A’zam O’ktam tavallud topgan kun.

A’zam O’ktam (1960 – 2002) o’ziga xos ovozga ega bo’lgan iste’dodli shoir, nosir, maqolanavis, mohir tarjimon, jonkuyar muharrir edi. Uning “Kuzatish”, “Kuzda kulgan chechaklar”, “Ziyorat”, “Taraddud”, “Ikki dunyo saodati”, “Qirqinchi bahor” she’riy to’plamlari chop etilgan. “Xabar” qissasi “Sharq yulduzi” jurnalida e’lon qilingan (1995).

A’zam O’ktamni ijodkor va inson sifatida yaqindan biladigan hassos ustozlarimizdan biri u haqda: “…o’z tengdoshlari ichida birinchi galda to’g’riligi bilan ajralib turardi. Keyin fidoyiligi, keyin kamgapligi va kamtarligi bilan… A’zam va u kabilar tirik bo’lganida edi, dunyomiz chiroyi yanada boshqacha bo’lardi balki. She’rlari ham to’g’rilik namunasi edi”, deganida ko’plarning ko’nglidagi gaplarni aytgan.

Abdurahmon PIRIMQULOV
A’ZAM O’KTAM SOG’INCHI
022

dacbe57554520c7583f52a41f60fb61e_pv.jpg Men u shoirni bilmayman. Hayotda uchratmaganman. Ammo, she’rlari… So’zga ko’chgan qalbi, dardi, xayoli, armoni meni-da o’ylatadi… Nogahonda tizginsiz bir hisni tuyub beixtiyor to’lg’onaman. Azob chekaman. So’ng… So’ng qaerdandir uchi siniq yotgan qalamimni izlab topaman. Keyin u bilan kaptar qanotidek beg’ubor qog’ozni qoralayman, dog’layman…

A’zam O’ktam o’zbekning o’ktam shoiri edi. U o’z tengdoshlari, maslakdoshlari orasida ajralib turardi. Uning poetik nigohini boshqa biror shoirga o’xshatish qiyin. Uning ijodiy parvozi, yo’nalishi, «un»i hech kimga o’xshamasdi. Ammo ijod o’z-o’zidan gurkiramaydi. Har qanday ijod shu’lasi o’zigacha bo’lgan biror-bir qalam sohibining yolqinidan nur emadi. Unga ergashadi, intiladi, shu asnoda o’zligini namoyon etadi.
A’zam O’ktam Yangi istiqlol she’riyatining cho’lponi edi. Afsus, bu cho’lpon qisqa, ammo juda yorug’ nur sochdi.
Mana, shoirning eng so’nggi she’riy to’plami qo’limda: «Taraddud». Mo»jazgina kitobni varaqlar ekanman, quyidagi satrlar yuzimga olovdek uriladi:

Yo’l aniq, qaytish yo’q,
Men ketdim endi.
Kechgan narsam—jonni o’ylamam hecham
Bitta maydon kerak—kurashgim keldi:
To’shakda yotgulik qilmasin, o’lsam.

Badiiy ijodda intuitsiya degan tushuncha bor. Bu sezgi, ichki hissiyot degani. Bo’lmasa, A’zam O’ktam mushtday o’g’ilchasiga qabr haqida gapirarmidi?!

Ey ko’zimning oqi—o’g’ilcham,
Ko’p yaxshi yaxshi yer chopishing, biroq
Qabr qazimoqni-da o’rganib qo’ygil.

Bu she’r o’quvchida savol qo’zg’ashi tabiiy. Unutmaslik kerakki «o’g’il» bu o’rinda vosita xolos. Asl maqsad odamlarni savob ishga da’vat etishdir. Elda uch kishining qabrini qazgan odamning joyi jannatning to’rida bo’ladi, degan naql yuradi. Bu she’r o’zidan o’zi tug’ilmagan. She’rga yosh bolalarning kichkina ketmoncha yordamida yer kovlab o’ynashi turtki bergan. Shu asnoda she’rga bosh g’oya—shoirning savob haqidagi qarashlari joylanadi.
A’zam O’ktam ko’p she’rlarida shoshqin kayfiyatni, so’lg’in ruhiyatni ong ilg’amas bir yo’sinda darj etadi. Va yana vasiyatday she’r yozolmaganidan o’kinadi. «Allam» she’rida quyidagi satrlar bor:

Itoat etmaydi
Hanuz menga so’z.
YO Rabbim,
Gunohim axir nimadir?
Qo’limdan
(Dilimdan)
Kelmadi hanuz
Vasiyatga o’xshagan bir she’r.

Yo’q, vasiyatga o’xshagan she’r A’zam O’ktam ijodida ko’p uchraydi. Uning ba’zi satrlarida ham lirik qahramon oxirgi gaplarini, farzandlariga, millatga, yoshlarga aytayotgandek tuyuladi. U millat dardlarini, istibdod og’riqlarini, xalq ruhiyatidagi pokiza tuyg’ularni, sadoqat va g’ururni-da she’rga solgan. Men A’zam O’ktamning badiiy qiyofasini, ijodiy tajribasini Cho’lpon ijodiga hamohang demoqchiman. Bilasizmi, shoir she’rlarida Cho’lponga xos jasorat hukmron. A’zam O’ktam «kishan»ni, «kuz»ni, «qor»ni, «bahor»ni va bir necha ifoda-tamsillarni Cho’lponga xos jasorat, san’atkorlik bilan she’r bag’riga joylaydi. Mana bu parchadagi «ko’ngil», «yov», «oy», «yurt» va boshqa iboralar xuddi Cho’lpon qalamidan qog’ozga tushgan kabi zavq uyg’ota oladi. Ammo bu fikr muallif ijodining o’ziga xosligiga soya solmaydi:

Shu qora yer tushgan chekimga
Uzolmadim ko’ngilni oydan.
Hasratidan to’ydim yupunning
Hafsalam ko’p pir bo’ldi boydan.

Yurtlar kezdim yov quvib borib,
Do’st topmadim birorta joydan.
Arshdan tushgan bo’lsa-da odam
Yaralgani rost ekan loydan.

A’zam O’ktam ijodining yana ikki fazilati xususida alohida gapirish joiz. U goh xalq ijodi ohangida qalam sursa, goh mumtoz shakllarda, xususan, g’azal janrida bemalol qalam tebratadi. Uning ba’zi g’azallarida ham Cho’lpon qalamining ta’sirini sezish mumkin. Aftidan, shoir jadid shoirning ijodiga ayricha mehr qo’ygan ko’rinadi:

G’anim raftorli do’stlar bor, g’animlar
Do’stga o’xshaydi.
Nadir holing demoqlikka g’arazsiz bir
Musulmon yo’q.
Ulug’ kunda ulug’vorlik bilan holingni
So’rmasmi?
Seningdek bu zaif xalqdan mehr kutguvchi
Nodon yo’q.

Darvoqe, uning «Cho’lpon» degan she’ri ham bor. Unda jadid namoyandasining aybsiz aybdorligini, qatag’on qurboni bo’lishi mash’um siyosat nayrangi ekani achinarli ohangda jaranglaydi:

Uni men yo’q qildim, demaydi zamon,
Uni men yanchidim demas siyosat.
Uni men chorladim, deb aytar osmon,
Uni men chaqirdim, deydi yer faqat.

A’zam O’ktamning bir she’ri «Dutorchi qizlar» dastasi aytadigan «Qaramaydi yor-o, qaramaydi yor» qo’shig’i ohangida bitilgan.

Odamlar bor dunyoda
g’oyatda ayyor-yey, dog’uli ayyor.
Soyangni ham choh kavlab,
Ko’mmoqqa tayyor-yey, ko’mmoqqa tayyor…

Shu o’rinda maqolaga nuqta qo’ymoqchi edim. Ammo shoirning to’plamdagi «Sog’inch» dostoni haqida fikrimni aytmasam, mulohazalarim noqis tuyuldi. Doston zuvalasiga bir emas, uch rivoyat mazmuni singdirilgan. Shoir kitobxonni ogohlantiradi: go’yo muallif aytmoqchi bo’lgan dahshatli so’z oddiy emas. U ta’sir kuchi bilan nafaqat o’quvchi qalbini, hatto arshi a’loni ham titratishga qodir emas.

…Mashhar qo’pmas yo’limdan qaytsam,
Garchi u jim, insofga kelmas,
Arsh zirrillar bir so’zni aytsam,
Yo’qsa qalbda zilzila tinmas…

Shoir aytadiki, arablarda bir eru xotin o’zaro nizo chiqarib, uni bartaraf etish uchun qoziga murojaat etadilar. Qozi ikki guvoh talab qiladi. Guvohlardan biri ayolning yuzini ko’rgachgina o’z fikrini aytishi mumkinligini ayon qiladi:

«Paranjida kim bor – bilmasak,
Yuzin ochsin», — deydi bir guvoh
Er erkak-da. Bir qalqdi yurak
Hali bekor bo’lmagan nikoh.

Yo’q, ochmaysan yuzingni. Ishon,
Kamlik bo’lmas mahrdan», — dedi
O’z taqdirin anglagan juvon:
— «O’tdim mahr bahridan», — dedi.

Ko’rinyaptiki, shoir qabohatga yuzlangan ayolga hayron qolish barobarida or talashayotgan erkakka achinyapti ham. «Mayli, — deydi shoir, — buni arabcha deya qolaylik…» So’ng shoir o’zbek xalq rivoyatlaridan birini so’zlashga kirishadi. Unga ko’ra, bir polvon qiz kurash maydonida bir necha yigitlarni yiqitadi. Navbatdagi yig’inda bir barvasta yigit haligi kuragi yerga tegmagan qizni chunonam ko’tarib, yelkasiga qo’yadi va o’z uyi sari olib ketadi. Kimdir chiqib, qo’li bilan ular ketayotgan tomonga ishora qiladi. «Nikohini o’qidim», — deydi. Polvon qiz barvasta yigit nikohida o’nta o’g’il ko’radi. So’ng qazo qiladi. Bu o’sha ichki asarchaning foje xotimasini bildiradi. Uni so’nggi manzilga kuzatadilar. Shoir «uning tobutini o’sha kurashda yiqilgan yigitlar yelkalarida ko’tarib olib ketdilar», – degan g’oyani asar bag’riga singdirgan. Bu gapda juda katta ma’rifiy hikmat bor. Muallif «qancha kuchli bo’lmasin, ayol ayolligicha qolmog’i lozim. Unga beshik tebratish yarashadi, kurash tushish emas», demoqchi. Doston so’nggida esa g’oyaviy jihatdan yuqoridagi ikki rivoyat mazmunini rad etadigan uchinchi rivoyat qalamga olinadi. Unda shoir xalqimiz tarixida va madaniyatida mavjud alohida o’ringa ega voqeani nazm rishtasiga tortadi. Qo’qon xoni Amir Umarxon va malika Nodira qismatidagi bir o’zbek ayolining sadoqatini ulug’laydi. Alqissa: Qo’qon xoni Amir Umarxon oilaviy mojarolarning birida malika Nodiraga «xazinadan o’zing uchun nimaiki qimmatbaho, zarur bo’lsa, o’shani olib Shahrixonga ketaver»,— deydi. Va o’zi yotog’iga kirib uyquga ketadi… Bir payt xon otning oyoq tovushidan uyg’onib qarasa, aravada beti yopiq ayol uni sahro bo’ylab olib ketayotir. Amir nega yolg’izligini, uni kim qaerga olib ketayotganini so’raydi. Shunda beti yopiq ayol javob beradi:

— Amringizni bildimu vojib
To’liq ado etayotirman.
Eng kerakli, qimmatbaho deb
Sizni olib ketayotirman…

So’z deyolmay qolgan Umarxon
Bir uradi peshonasiga.
Qayta nikoh o’qitib, shodon
Kirib kelar koshonasiga…

So’ng shoir dostonga xotima yasaydi:

Men moziydan so’z ochdimmi, bas,
Qilishim shart qissadan hissa.
Ammo, netay bularni emas,
O’shalarni bir ko’rgim kelsa.

A’zam O’ktam chaqmoqdek «yalt» etdi-yu so’ndi. Taskin shuki, uning ma’rifatli, yoniq she’riyati uzoq vaqt qalblarimizni yoritib, kamolotga chorlab turadi, inshoolloh!

Yaratgan egam o’tyurak shoir qabrini nurga to’ldirsin.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2009, № 5

A’zam O’ktam
SHE’RLAR
005

* * *

0838a404e93f66da854fe80948bf8894.jpg

Ishonchli tog’ qulasa,
birga qular kiyik ham –
bultur bobom ketdilar,
momom ketmoqda bu dam.

Bilmas edim olamning
bu qadar torligini.
Lekin unda shuncha ko’p
Xeshimiz borligini.

Shaharlik amakimga
boqsam, ko’zlarim tinar.
Yo’q, u odammas, jonli,
oyoq-qo’lli shumxabar.

Shundan beri dahshatga
soladi meni ko’zyosh
Va faqat o’lim bo’lsa
keladigan qarindosh.

HADIK

Bor-yo’g’imni etdim xayr-ehson,
Kecha-kunduz qildim ibodat.
Oxiratni o’ylab yondi jon,
Ilm istab yugurdim faqat.
Qabul bo’lmas birontasi ham,
Bari ketar shekilli kuyib.
Bugun tongda negadir otam
Qarab qo’ydi norizo bo’lib.

ZARBA

Nafis sharpa
Qattiq urildi yuzga.
Nogoh bir jimirlab
Ketdi ich-etim.
Bu axir o’rtadan
Sezdirmay bizga
Ko’tarilib ketgan
Pardaning cheti.

UNUTMA

Mehmonsan besh kunlik dunyoda,
Uch kungina izzating.
Mezbon izmidasan
shu uch kunda ham.

TILIM

Tilimdan bol tommas, achchiq ham emas,
yaraydi qalbdagin izhor etishga.
Uzunmas unchalik, qisiq ham emas,
yetadi bo’ynimdan tortib ketishga.

SO’ROQ

Talpinding, yig’lading — yelding dunyoga,
So’ylagil, sen nechun kelding dunyoga,
Buzildi, ayt, nima qilding dunyoga,
O’zingni kim deya bilding dunyoga?

Tilingni tiymaysan — besharm so’ylar,
Ko’zingni tiymaysan — buzuqqa bo’ylar,
O’yingni tiymaysan — nelarni o’ylar,
Hech jazo yo’qmikan bundoq zinoga?

Malomatning toshi tegmagan boshing,
Mag’rur tutmoqlikdan tiymagan boshing,
Hattoki onangga egmagan boshing
Berding bu havoyi, puchak safoga.

Tengsiz ta’riflarni o’qigan ko’zing,
Ulug’ tarixlarni o’qigan ko’zing,
Qutlug’ harflarni o’qigan ko’zing
Ne uchun tikding bu yuzi qaroga?

Qishda qushlarga don sochgan qo’lingni,
Nopok luqmalardan qochgan qo’lingni,
Alloh deb duoga ochgan qo’lingni
Uzatding yeyishi, ishi haromga.

To’ydirib o’t qonga to’lgan yurakni,
O’ldirib haq deya o’lgan yurakni,
So’ldirib ishq ila kulgan yurakni,
Sen qandoq sig’yapsan yorug’ dunyoga?

SINGLIMGA

Bir nima o’t kabi kuydirdi ichim,
Mahkam lab tishlashga yetdi-da kuchim,
To’ying bo’lgan kuni yig’laganim chin,
O’zingta ehtiyot bo’lgin, Munavvar.

Mehmon qilolmabman shaharda seni,
Dalang kutib turar sahardan seni,
Men qandoq asrayin zahardan seni,
Ko’zingga ehtiyot bo’lgin, Munavvar.

Otam senginani yot bilgani yo’q,
Uyimiz, ko’nglimiz tor kelgani yo’q,
Qadaming bir umr qirqilgani yo’q,
Izingga ehtiyot bo’lgin, Munavvar.

Har kim senga qarab bizga narx bichgay –
YO qadrdon bo’lgay, yo butkul kechgay,
Ikkala uyda ham sen o’zing ichgan
Tuzingga ehtiyot bo’lgin, Munavvar.

A’Zam O’Ktam. Kuzda Kulgan Chechaklar by Khurshid Davron on Scribd

052

(Tashriflar: umumiy 719, bugungi 1)

Izoh qoldiring