Бу ўттиз беш ёшга кирган, кўзлари кулранг, киприклари сарғиш кишининг номи Карл Мюллер бўлиб, маҳалла одамлари уни олдинига Карл Мулла, кейин Кал Мулла дейишарди. Карл ягона яшар, онаси етти йил бурун вафот этган, отаси, таниқли этнограф Герхард Мюллер, кўп вақтини археологик сафарларда ўтказар, нега бу немис оиласи ўзбек маҳалласида туриб қолганини ҳеч ким билмас эди…
Учқун Назаров
БЕШ ҲИКОЯ
Учқун Назаров 1934 йил 27 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик бўлимида таҳсил олган (1959). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1967). Биринчи ҳикояси — «Одамлар» (1962). «Ғурур», «Садоқат» (1965), «Фидо» (1970), «Гирдоб» (1971), «Журъат» (1977), «Ўзгалар учун» (1986) цингари ҳикоя ва қиссалардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Чаён йили» (2005) трилогияси ва «Ойна» драмаси (1977) ҳам бор. Унинг «Сурайё», «Қиз ва йигит», «Шиддат», «Алангали сохил» ва 3 бўлимдан иборат «Қўқон воқеаси» каби бадиий филмлари томошабинлар эътиборини қозонган.Ясунари Кавабатанинг «Уйқудаги нозанинлар» (2001) романини ўзбек тилига таржима қилган.Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977). Учқун Назаров 2016 йил 17 июнь куни Тошкентда вафот этди.
ҚИШ НАФАСИ
Сафар ака дори олиб аптекадан чиққанида, қош қорая бошлаган, чала ой бир қулоч кўтарилган, сийрак булутлар орасидан юлдуз мўралар, нарсалар, одамлар шарпага ўхшар, симёғоч чинниси йилтирар, кеч куз бўлишига қарамай, ҳаво илиқ эди.
Сафар ака, фильтрсиз сигарет туташтириб неча дона қолганини кўздан кечирди, тугмасини қадади, зинадан тушди. Қишлоғи беш чақирим нарида эди, яёв кетди — ўткинчи машинага қўл кўтарса, тўлашга пули қолмаган эди. Уч кун аввал ёғиб ўтган ёмғир тупроқни шиббалаган, йўлдаги халқобларда ой жимирлар, узокда ит ҳурар, йўл охирида машина чироғи саробга ўхшар эди.
Сафар аканинг хотини Насибаой, икки ҳафта бурун ариқ бўйида калиш юватуриб, боши айланди, ўтириб қолди. Келини Ойхон, боласини қўйиб, қайнонаси пинжига кирди, айвонга етаклади. Насибаойнинг оёғи чалишар, аранг босар, оғир эди. Ойхон қайнонасини даҳлиздаги сўрига ётқизди, қанақадир дори берди. Қишлоқ ҳамшираси укол қилиб, дори ёзиб кетди. Сафар ака хотинининг бетоблигига ўткинчи деб қаради, дорига бормади, қатиқ ичирди. Катта ўғли Тўқаш иш қидириб, Самарага кетган, кичик ўғли Позил ҳарбий хизматда эди. Тўқаш ярим йилдан бери бедарак, хат ёзмас, келини тумтаяр, қайнона-қайнотаси билан қовуша олмас, боши катта, эти ушоқ боласидан бўшамас, инжиқ бола хархаша қилар, ҳеч кимга бормас эди. Ойхон қайнонасига унча қарай олмаганидан хижолат тортди чоғи, боласини дўхтирга кўрсатиш баҳонаси билан икки кишлоқ нарида турадиган онасиникига кетди. Ҳамон ундан дарак йўқ. Сафар ака йўл-йўлакай қудасиникига кириб ўтмоқчи, келинини олдига солиб кетмоқчи бўлди, бироқ оёғи тортмади -қоронғи тушган, бу пайтда кириб бориш бемаврид кўринди. Ўзи қайтар, деб ўйлади Сафар ака, дорини тезроқ олиб бориши зарурроқ эди. У ҳовлига кириб борганида, битта ҳам чироқ ёқилмаган, уйи ҳувиллаган, қоп-қоронғи эди. Сафар ака айвон чироғини ёкди. Хотини, кўрпага ўраниб, миқ этмай ётар, эрининг шарпасига ҳам эътибор бермади.
— Насиба, — деди Сафар ака, бемор хотини устида тўхтаб. Хотини аранг товуш берди. — Дори олиб келдим. Ичиб ол, кўзинг мошдек очилади.
Насиба қимир этмай ингради.
Сафар ака бир дона дорини хотинининг оғзига тиқди:
— Шим, — деди.
Хотинининг чап томони шол эди, индамади.
Кечаги гўжа совуқ эди, иситиш учун Сафар ака косани олиб, ҳовлига тушди, ўчоқхона томон юрди. Ой анча кўтарилган, булут қочганида Сафар аканинг сояси аниқлашар, қадамига илашар эди.
Ўчоқхонанинг усти қамиш, атрофи очиқ эди, ғўзапоя аранг ўт олди, Сафар ака қозон қопқоғини олиб, гўжани тўкди; нам ғўзапоянинг олови паст, тутуни аччиқ эди, овқат исигунича, ярим соатча вақт ўтди; Сафар ака гўштсиз гўжани косага сузиб, қозонга сув қуйди, қопқоғини ёпиб қўйди.
Насибаой бир-икки қошиқ гўжа ичди, тамшанди, бошини бурди. Сафар ака хотинининг бошини ёстиққа қўйди. Унинг чиройли кўзлари ҳозир беҳол, хира, ўзи дарддан мажолсиз эди. Дори таъсир қилар, деб ўйлади Сафар ака ва ечиниб, чироқни ўчирди, нарироқдаги ўринга кирди, сигарет тутатди.
Насибаой далада чопиқ-ягана қилар, шомда уйига қайтар, келибоқ ўчоққа уннар, овқатидан дихлофос ҳиди келар, кетмони ойдинда ярқирар, ўзи, ҳамири кўтарилгунича, болалари кийимини ювиб, дорга осар, тандирга олов ёқар, зувала қилар, нон ёпар, апил-тапил ювиниб келганида, эри уйқуга кетган бўлар, саҳар пайти Сафар хотинига ёпишар, иш битгач, Насибаой ташқарига ошиқар, шоша-пиша нонушта ҳозирлар, битта нон солинган тўрвасини кетмонга илиб, далага равона бўлар, болаларни эри уйғотар, мактабга жўнатар, кейин табелчилик қилиш учун хирмонга йўл олар эди.
Шу алфоз йигирма беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Тўнғич ўғли Тўқаш ўрта мактабни тутатиб, механизаторликка ўқиди, Ойхонга уйланди, фарзанд кўрди. Сафар билан Насибаой неварали бўлишди; фақат невараси нимжон эди, рахит, дейишди. Кенжаси Позил бир йил аввал, мактабни битирибоқ, ҳарбий хизматга кетди — дадаси билан хайрлашмади ҳам — Сафар ака Насибаойни уриб, кўзини моматалоқ қилган эди.
— Ўғлинг қарамади ҳам, — деди Сафар ака, ўғлидан ёзғириб.
— Онасини урдингиз, қарайдими? — деди ўшанда Насибаой, тумтайиб ва моматалоғини силади. — Ҳалиям шиши қайтмайди. Келинлик пайтимда ҳам ургансиз — қизитилмаган ёғда ош қилипсан, деб. Сал нарсага урар эдингиз.
— Ҳа, энди ўзбекчиликда уриб туриш керак-да, одат, — деган ўшанда Сафар ака. — Урмасанг, одам санашмайди. Ҳамма уради.
— Одатингиз қуриб кетсин, — деган Насибаой, зарда қилиб. Нуқул бошимга, юзимга урасиз, кўчага чиқа олмай қоламан. Ичсангиз — тамом, жанжал чиқарасиз. Болалар безиллашади. Кетсам, ота-онамдан андиша килмай, ялиниб борасиз. Улар танбеҳ бериш ўрнига мени олдингизга солиб, ҳайдашади. Юзимни танғиб, кетмон чопаман.
— Бошқалар-чи? Уришмайдими? Асад полвон хотинини уриб, тўртта тишини синдирипти — юрипти Моҳираой, тилла тиш қўйиб!
— Уринг сиз ҳам! Тилла тишга қурбингиз етса! Мол сотиб, тўй қилдингиз. Бир ойлик келин олдида урдингиз, қўлингиз синсин…
«Қандай пайтлар эди», дея, ўша замонларни қумсаб, ўйлади ҳозир Сафар ака, ва сигаретини тортди. Қоронғида сигарет чўғи яллиғланди, бурни йилтиради.
— Урган бўлсам — яхши кўрганимдан, — деди Сафар ака, биринчи марта шу иборани тилга олиб. — Қизғанардим-да. Шарип, хотининг чиройли, деганида, сени урганман, қизғаниб. Ҳақиқатда, чиройли эдинг. Аслида, тайлоқлиги учун Шарипнинг тумшуғига туширишим керак эди, ўзимни тутдим, сени ўйнашга чиқаришлари мумкин эди… Пахтазорда сени бўлғалаганим эсингда борми? Етилган пайтинг эди, қочгансан. Хирмондаги жувонлар кулишган, ўшандан кейин уйингдагилар рози бўлишган. Севмасам, урармидим?
Насибаой миқ этмай ётар, афтидан, хотини ҳам ўша тотли дамларни хотирасидан ўтказаяпти, деб ўйлади Сафар ака.
— Тўқашни туққанингда, қанақа шодлик бўлган эди, эсла. Канча ном қидирганмиз. Даданг, «Тўқаш» қўйинглар», деган, унаганмиз. «Тўқаш» нима маънони билдиради?
Хотини жавоб бермади. Сафар ака дори кор қилган бўлса, ухлаяпти, деб ўйлади, кўрпага ўраниб, жун тиқилган болишга лунжини босди, хўрсинди, кўзи илина бошлади.
Сафар ака уйғонганида, тонг ғира-шира, қушлар чуғурлар, кўчадан ўтаётган пода моллар маъраши эшигилар эди. Сафар ака, керишиб, ўрнидан турди, ювиниб, елкасига юпун чопон ташлади, ёвғон хўрда қилишга киришди. Хўрда сузилган косага ёғоч қошиқ солиб, хотини олдига кирди, Насибаойни уйғотди. Хотини қимир этмади. Сафар ака Насибаойнинг пешонасига кафтини босди — пешонаси совуқ эди. Сафар ака хотинини аста силкитди — садо чиқмади. Иягини танғиб, ёнига ўтирди — ҳалқуми бўғилди. Баралла йиғлашдан уялди, чопон этаги билан юзини тўсди, елкаси қалтиради.
Насибаойни пешинга чиқаришди.
Оқшомда. Сафар ака марҳуманинг бошига борди — гўри нам эди. Қарға қағиллар, ўти сарғайган мозор бўш эди.
Сафар ака ярим соатча чўнқайиб ўтирди — энди у танҳо эди.
Иккала фарзанди онаси дафнида бўлишмади. Буюрмади. Позил келганида, шинелини ташлаб, қабристонга чопди. Қайтиб келганида, кўзлари қизарган эди. Дадасига рўйхуш бермади. Онасининг ажалини дадасидан кўрди, чоғи. Ўзини бу уйда бегона сезди, уч кундан кейин, қисмига жўнади.
Келини Ойхон рахит боласи билан касалхонада, маъракага қатнаша олмади. Касалхонадан чиқса, бу ягона эркак қолган уйга келадими, йўкми — гумон эди. Эри бўлмагач, ҳувиллаган ҳовлида нима қилади?
Сафар ака дарвоза ёнидаги ходада кун бўйи ўтирар, энди таъзияга ҳеч ким келмас, Сафар ака уйига киришга ботинмас, хотинининг шарпасидан чўчир, чопонига ўранар, мудрар эди.
УМР
Мухтор кўп ҳунар билан шуғулланди. Балиқчилик қилди, ғишт қуйди, тунука коқди, электр тузатди, мактабда бадан тарбиясидан дарс берди — хуллас қўлидан келмаган иш йўқ. Ҳозир сават тўқийди. Ўн йил аввал Зумрад исмли қизни яхши кўриб қолди. Зумрад район кутубхонасида ишлар, чиройли қиз эди. Мухтор китоб баҳонасида кутубхонага борар, Зумрадни кўриш учун китобни тез ўқир, Зумрад билан асарни муҳокама қилар, мулоҳазалари Зумрадга ёқарди. Бироқ қиз Мухторнинг кутубхонага тез киришини кутса-да, одамлар миш-мишидан ҳайиқар, бошқа жойда учрашишни эп кўрмас эди. Мухтор Зумрадга совчи кўйишни чамалаганида, Зумраднинг онаси дунёдан ўтди, совчи юбориш ноқулай кўринди, йили ўтишини кутишга тўғри келди; йили ўтгач, Мухторнинг онаси ўлди. Вақтни яна суришди. Шу орада Зумрад бошқа оилага узатилиб кетди.
Онасининг вафотидан кейин Мухторнинг отаси ҳам кўз юмди, Мухторнинг ўзи танҳо колди. Шунда ака-укаси йўқлигидан ўксинди. Қўшнилар теварак-атрофдан қиз топишди, лекин Мухтор Зумраддан бошқасига уйланишга кўнмади. Бир неча йил ўтди.
«Кўкбулоқ» қишлоғидан иш чиқди — янги уйнинг томига тунука қоқиш керак экан. Мухтор рози бўлди, томга чиқди, тунука қоқа бошлади. Уй эгалари олдинги ҳовлида туришар эди. Туш пайтида ўша ҳовлидан овқат келди, овқатни Зумрад олиб келган эди. Мухторнинг кўзи тинди, томдан қулади. Зумрад чинқириб юборди.
Мухторнинг бўйдоқ ўтишини, ҳамон севишини Зумрад билар, ёшлик туйғуси деб ўйлар эди; чўнтагидан сочилган қоғозлар орасидан Зумраднинг расми чиққач, саросимага тушди. Фото-сувратни эрига кўрсатмади.
Мухторнинг ўлигини ўз ҳовлисидан кўтаришди. Ҳовлида хивичдан тўқилган тўрт ғилдиракли фойтун турар, унинг ёнига новдадан «Зумрад», деб ёзилган эди. Зумраднинг эри Фозил новдадан терилган исмга ажабланди, тасодиф деб ўйлади.
АЛАНГАЛИ САЛОМ
Режа шунақа— раҳбар у раёндан чиқиши биланоқ кимдир бу раёнта қўнғироқ қилади, Парпиев бошчилигидаги бир тўда раён амалдорлари машиналарга ўтириб каналга боришади, раҳбарни — «қўлдан қўлга» дегандек — қабул қилиб олишади. Канал иккала раённинг чегараси бўйида замонавий тусда ишланган минора бор, таклиф сўзлари битилган. Бунақанги миноралар деярли ҳамма раёнлар чегарасига ўрнатилган бўлиб кўрган киши бў минораларга қараб, раён салмоғини тахмин қилади. Ҳар жойда албатта, чорага айланиб қол-ган жабҳалар — яъни, партия комитети ва унинг олдидаги Ленин ҳайкали, Савдо Маркази, Маданият Саройи ва раён фахри ҳисобланган биронта ё атлас, ё каштачилик ёки кулолчилик муассасаси бўлади. Булар қаторига раённинг четида бўлса ҳам ютуқлар рамзи ҳисобланмиш мармар зинали ГАИнинг икки қаватли ойнабанд биносй киради. Кираверишда қандай иншоат бўлмасин, Парпиев уларни «раён дарвозаси»дейди, маблағ аямайди. Прибалтиками, Грузиями, Ғарбий Украинами — қаёққа бормасин, Парпиев
раён меъморини олиб кетади, кўзига жозйбали кўринган нарсалардан нусха кўтартиради, ўз раёнида қурдиради, битишини сабрсизлик билан кутади, бошқа раёнда биронта антиқа осор кўрса, ҳаловатини йўқотади-қўяди, ундан ошриб қурдирмагунча кўнгли ўрнига тушмайди. Қайси бйр раёнда «Она-эр», «Абадий машъал», «Ғалаба жангчиси» деб номланган обидаларни кўрдию, яна тинчини йўқотди, дарҳол меъморни чақиртириб, топшириқ берди. У уччала мазмунни мужассамлаб, битта яхлит ёдгорлик— яъни, яраланган Жангчи жасадини муштипар ва матонатли Она тиззасида ифода қилди, олдидаги машъал алангаси эса бу мардонавор сиймога фожиали ёлқин ташлаб турадиган эскизни чизиб кўрсатди.
— Қора гранитдан ясаймиз!— деди Парпиев руҳланиб меъморга.
— Қора гранит ҳам яхши, — деди меъмор иккиланиб. — Аммо ҳайкал юзида машъал яллиғланмайди. Тош қорада. Бронза бўлса кундузиям, кечасиям яхши кўринади.
— Жуда соз!
Умуман, раён марказида қандай кўзга кўринарли ёдгорлик қад кўтармасин, барисини одамлар Парпиев номи билаи боғлайдилар, Парпиев ҳам бу нарсаларни ўзи барпо қилгандек жуда ғамхўрлик билан асрашга интилади. Бир йигитча «Машъал» супачасига чиқиб, аланга ўтидан сигарета туташтирган экан, Парпиев уни оёгини ерга теккизмай ўн беш суткага қаматтириб қўйди:Бир бола фонтанда чўмилган экан, отасини вазифасидан олдириб ташлади, мемориал комплексига қоровул таййнлади — ҳайкалларга қуш қўнса қоровул балога қолади, сигарет тутатиш, фонтанда чўмилиш қаёқда! «Музейга айлантираман марказни!»— дейди Парпиев доим. Яшовчилар «Музейни» четлаб ўтишга ҳаракат қйлишади…
Мана ҳозир майдонда тумонат одам, республика раҳбарини тантана билан кутиб олиш, Маданият Саройида митинг ўтказиш учун раённинг барча жойларидан амалдорлар тўпланган. Мактаб машғулотлари тўхтатилган, барабан садолари тинмайди шиппак фабрикаси аёллари башанг кийиниб, жазирама офтобда товланиб, туда бўлиб туришипти.
Парпиев гоҳ ташқарига чиқади, гоҳ райком идорасига киради — қўшни раёндан раҳбар йўлга чиққани ҳақида қўнгироқ бўлиши керак, телефондан узоқ кета олмайди, раҳбар эса ҳадеганда келавермаяпти. Парпиев қўшни раён партия котибидан ижирғана бошлади, раҳбар у ёрдаги лимонхоналар, стадион ва интернатни кўраётганини кўз олдита келтирди, ғаши келди. «Тўп ўйнайдиган командаси йўғ-у, стадионга бало борми?»— деб ўйлади. Парпиев шу йилданоқ стадион қурилишини бошлаб юборишни дилига тугиб қўйди. «Уники беш минг ўринли, мен ўн беш минг ўринли қурдираман, област мусобақалари меникида ўтадиган бўлади»…
Хона совиб кетди. Парпиев деразаларга ўрнатилган учта кондинционердан бирини ўчирди, важиллаш товуши пасайди.
Эшикни тақиллатмай райкомнинг учинчи котиби Мўйдинов кирди, стол ёнига келиб тўхтади. Парпиев савол назари билан унга қаради — нигоҳида андай асабийлик сезиларди. Мўйдинов айтмоқчи бўлиб келган гапни қай йўсинда очишни билмай, пикиланди, қийшайиб турган стулни тўғрилаб стол тагига суриб қўйди. Унинг сочлари нам, юзи тердан йилтирар, қора костюмининг тугмалари ечилган эди.
— Хўш?— деди Парпиев, тирсагини стол ойнасидан олиб.
— Одамлар бетоқат бўлишяпти, — деди Мўйдинов бир оз ҳадиксираб, гўё бунда ўзи айбдордек. — Кун иссиқ, ҳамма очиқда, атрофга аланглашаяпти, газ-будканинг олди тумонат, стакан етишмайди.
— Милиция нима қилаяпти?— ижирғаниб сўради Парпиев. — Капитан қаёққа қараяпти?
— Капитан ўша ерда, одам кўпда, эпақага солиш қийин.
— Айтинг, яна наряд чақирсин, — деди Парпиев ўрнидан туриб. — Агар тарқаб кетса, бюрода шахсан жавоб беради.
— Хўп, — дея Муйдинов эшик томон қайрилди.
— Нега лапарчилар индамай қолишди, нега машшоқчиларнниг музикаси эшитнлмайди, — овозини кўтариб сўради Парпиев эшик олдига бориб қолган Муйдиновдан.
— Бир оз дам сўрашди, эрталабдан бери тинишгани йўқ. — тўхтаб деди Мўйдинов узр оҳангида. — Қулоқни қоматга келтириб юборишди, рухсат бердим. Ўн беш минутга. Меҳмондардан дарак бўлиши билан яна бошлашади.
Парпиев нохуш бош силкиб қўйди.
Мўйдинов бир-иккн қадам Парпиев томон яқинлашди.
— Ҳали қўнғироқ бўлмадими?— журъат қилиб сўради у.
— Қилиб қолишар, шунча вақт ўтди-ку, — деди Парпиев телефонга ишора қилиб, кейин тоқатсиз назар билан дераза орқали ташқарига қаради.
— Ҳаво қизиб кетяпти, — дея Мўйдинов яна яқинроқ келди. — Одамларни паркка олдирсак нима дейсиз? Соя бор, терлари қотади. Сув-пув ичишади.
— Йўқ, — деди Парпиев қатъий. — Майсаларни босиб ташлашади.
— Сояга олмасак, қийналиб кетди халқ, рост, — деди Мўйдинов самимий ва ўз самимийлигидан ҳижолатга тушгандек, кўзларини пирпиратди. — «Илич» колхозининг кутубхоначиси ҳушидан кетиб қолди.
— Нега ҳушидан кетади?
— Офтоб урганмиш, докторлар шунақа дейиштси…
— Яна бир оз кутайлик, — деди Парпиев ўйланиб, — Кўпи кетиб ози қолди. Музикачиларга айтинг, чалғитиб туришсин карнай-парнайларини чалиб.
— Карнайлари қизиб кетяпти, қўл теккизиб бўлмайди. .
— Бошқа нарса чалишсин, — деди Парпиев ижирғаниб. — Ўйин-пўйин қилишсин.
— Гулдасталар ҳам сўлиб қолди, челакларга солдириб қўйдим, лекин жонланиши қийин…
Парпиевнинг ранги ўчиб кетди.
— Боққа машина жўнатинг, янгиларини келтиришсин— деди у буйруқ оҳангида. — Боринг тез, ҳали-замон келиб қолишса, хунук бўлади.
Мўйдинов шошиб идорадан чиқиб кетди.
Парпиев асабий ҳолда кабинетининг бу бошидан у бошига юра бошлади. Телефон аппарати ҳамон жирингламас, Парпиев эса борган сайин тоқатсизланар, ич-ичидан ғазаби уйғонар, хонадан отилиб чиқиб кетгиси келар, бироқ, чиқиб кетса шу ондаёқ қўнғироқ бўлиб ғафлатда колишидан ҳайиқарди. «Наҳот телефон қоқиш эсларидан чиқан бўлса?— хуноб бўлиб ўйларди Парпиев. — Ахир келишган эдикку!Раҳбар йўлга чиқиши билан қўнғироқ қиламиз, деб ваъда беришувдику. Ипсиз боғланиб ўтирибмана!. Агар телефон қилишни унутган бўлишса, Раҳбар йўлга чиққану, қаторма-қатор машиналар майдонга кириб келаётган бўлса шу топда, у ерда эса мен, яъни, раён партия комитетининг биринчи секретари бўлмасам, не азоб билан тўпланган халқ пана-панада мудраб ўтирган, гулдасталар сўлиган, кимдир ҳушидан кетиб ётган бўлса, унда нима деб ном топаман, қандай ўзимни оқлай оламан? Телефон кутаётувдим, қўнғироқ қилишмади, дейманми? Ким гапимга қулоқ солар-ди? Қайтага айблашади, жазо ахтаришади. Област комит
этининг биринчиси мени аслида унча хуш кўрмайди, раён кўрсаткичларининг битта моддаси чатоқ бўлсаг аллақачон масаламни бюрога қўйган бўларди. Мана энди бу гал унга қўл келади, Раҳбарнинг қулоғига висир-висир қилади, Раҳбар ҳам нариги раёндаги дабдабалардан кейин бу ердаги аҳволни кўриб, обкомнинг висир-висирига эътироз билдирмайди, масалам ўша заҳотиёқ ҳал бўлади… Кимга дод дейсан, агар республиканинг биринчи одами шундай қарорга келса?.. Нима қилиш керак экан? Нима?… Мен бу ерда хаёл суриб ўтирибман, Раҳбар аллақачон келиб, мен йўқлигимни кўриб, шартта орқасига қайрилиб жўнаб қолган бўлсачи?»
Парпиев ўз гумонларидан ўзи қўрқиб кетди, телефонга отилди, Мўйдиновни чақирди.
— Нима бўлди, келишдими?— ховриқишини боса олмай сўради Парпиев дағал овоз билан.
— Ким? Милиционерларми?— — трубкадан эшитилди Мўйдиновнинг чўчинқираган овози.
— Йўқ! Меҳмонлар!— деди Парпиев учинчн котибнинг зийракмаслигидан тутоқиб.
— Йўқ, — деди Мўйдиновнинг овози бироз сукут сақлаб. — Хабар беришлари керак эди-ку, ўзингизга.
— Жимжит, — деди Парпиев андак тинчланиб. — Кутаяпман. Ҳали-замон қўнғироқ бўлиб қолади. Сиз ўшатдан жилманг. Мен телефондан нари кетолмайман. Ишқилиб шарманда бўлмайлик, — деди Парпиев ва бир нафас жим тургач, сўради. — Милиционерлар келадими? Янги наряд?
— Капитан идорасига телефон қилди, — деди Мўйдинов саросимадан ҳоли бўлгандек. — Келишади.
— Нега жимжит?Нега қўшиқ эшитилмайди?
— Айтишаяпти, — деди Муйдинов дарров. — Микрофонлар ўчириб қўйилган.
— Ўчиришмасин, — деди Парпиев эътирозсиз. — Совутишмасин. Ахир раён учун тантана, байрам-ку бугун. Ҳали митинг бор, Раҳбарнинг нутқи бор-а! Бутун республика матбуоти, радио, телевизор хабар беришади. Кечқурун «ахборот» кўрсатади. Сиёсий тадбир-а?
— Халқ тушунаяпти, Вали Парпиевич, — деди Муйдинов. — Масъулиятни сезаяпти. Лекин…
— Хўш?— Мўйдиновнинг жимиб қолганидан безовталаниб сўради Парпиев. — Нима «лекин»?
— Мактаб болалари бетоқат бўлишаяпти-да, транспорант-портретларни бир-бирндан юлишаяпти…
— Эҳтиёт бўлинг, Сафар Мўйдинович, — деди Парпиев Мўйдиновннинг гапини бўлиб. — Айниқса, Бош секретарникига қаранг, омонат тутишсин, Раҳбарникини ҳам!
— Четта олдириб қўйдим, — деди Мўйдинов ҳозиржавоблик билан. — Машиналар кўриниши билан одамларнинг қўлларига тутқазамиз.
— Нега четга олдирнб қўйдингиз?— хадиксираб сўради Парпиев. — Лоп этиб келиб қолишса улгурмайсизлар-ку!
— Четга олдирмасам, Вали Парпиевич, — деди Мўйдинов узрли оҳангда. — Сиёсий туси бор.
— Сиёсий туси? — тушунмай сўради Парпиев.
— Ҳа-да, Вали Парпиевич, — деди Мўйдинов ийманиб. .
— Одамлар портрет-у алвонларни бошларига кўтариб, соябон қилишаяпти…
— Жуда тўғри қилибсиз, Сафаржон, — деди Парпиев катта бир хатодан ҳоли бўлгандек. — Ишқилиб портретлар панадами? Офтобдан қовжираб ётган бўлмасин.
— Йўқ, — деди Мўйдинов дадил овоз билан. — Панада. Скамейкага тахлаттириб қўйдим. Йўлакдаги скамейкага. Дарахтнинг соясида.
— Гуллар нима бўлди?— мамнун ҳолда сўради Парпиев. — Букетлар?
— Ҳозир олиб келишади, — деди Мўйдинов босиқ-хотиржам овозда. — Сувга солдириб қўямиз. Кечирасиз…
Трубка қисқа дудулай бошлади, Парпиев ҳайрон бўлиб, трубкани телефон аппаратига қўйдм, кўнгли яна алланечук ғулғулага тўла бошлади.
«Бунақа одати йўқ эди-ку Мўйдиновнинг— Деб ўйлади Парпиев таажжубда, — мен гапгя чек қўймагунимча суҳбатни бўлмасди… Яна нима ҳол рўй берди экан? Ё яна биронта аёл ҳушидан кетиб қолдимикин?Бояги кутубхоначи аёл ним қоронғи зах хонага ўрганган, ташқа-рига кам чиқади, офтоб урган бўлиши мумкин, аммо бошқалар дала одами-ку, унақа-мунақа жазирамани писанд қилишмайди ҳам… Аммо нима учўн Мўйдннов трубкани ташлади? Нима бўлиши мумкин?
Шундай нотинч хаёллар искайжасида Парпиев яна кабинетнинг у бошндан бу бошига юра бошлади. Қизил телефон аппарати ҳамон жим, портлаш моддаси ўрнатилгандеқ сирли сукут сақлар, Парпиевнинг сабрини асбоб торидек таранг ушлар, асабинн зирқиратарди.
Парпиев бир неча кунлар мобайнида Раҳбарни кутиб олиш билан боғлиқ тузилган тадбирлар рўйхатини бирма- бир хаёлидан ўтказа бошлади, райком боғидаги мармар жиғали сой бўйида, баҳайбат чинорлар остида зиёфат учун қурилган столлар, масаллиқлар, ичимликлар тахт, қўйлар сўйилган, нимталанган, гўшт парчалари қовурға суяклари билан сихланган, балиғу паррандалар хам тайёр, ошпазлар, машшоқлар, раққоса қизлар шай, имони кутиб ўтиришибдиб, кўчаларга бир неча марталаб машиналар сув сепиб чиққан. Маданият Сароййда гиламлар солинган, ўттизта совуқ ҳаво берўвчи кбндиционерлар тундан бери тинмай ишлаб турипти, ҳамма қандиллар ёниб ётипти, микрофоилар ўрнатилган, Лениининг ярим тонна келадиган оқ бюсти саҳнанинг орқасида мағрур туригпти, сават гуллар, духоба парда, ленталар, прожекторларнинг нурлари, милиция, тез-ёрдам…
Шу пайт телефон жиринглаб, Парпиевни сескантириб юборди. Бироқ бу қизил телефон аппарати эмас, маҳаллий алоқа учун ўрнатилган аппарат эди.
— Алё, — деди Парпиев трубкани олиб. Қизил телефон жирингламагани учун унинг ҳафсаласи пир бўлган-
— Вали Парпиевич, бу мен, — деди Муйдиновнииг узрли товуши, — Боя тўсатдан трубкани ташлаб қўйдим, кечирасиз…
— Нима гап, тинчликми?— безовталаниб сўради Парпиев.
— Нима десамикин, — деди Мўйдинов мижғовланиб.
— Айтинг, одамни хуноб қилмай!— кескин деди Парпиев.
— Доҳийларимиз портретларини четга, скамейкага тахлатиб қўйдим, девдим сизга…
— Хўш? — ўшқирди Парпиев ва ҳапқира бошлаган юрагига кафтини босди.
— Шу, денг, сув сепадиган машина шалаббо қилиб кетди, ҳаммаёқ шовқин, ҳа-ху деганимизни шофер эшитмади. — Мўйдиновнинг овози ўлим ҳукмини кутаётган маҳ-бусникидек дағиллар, нажот кутар эди.
— Ярамайдими?
— Расво, — деди Мўйдинов аранг. — Ранглари суйкалиб кетипти.
— Кўз-қулоқ бўлиб туринг десам, мента кўрсатган кароматингиз шу бўлдими?!— деди Парпиев тутоқиб. — Вақт тиғиз пайтда! Тўрт-беш минут қолганда меҳмонларнинг келишига! Э, ўргилдим сиздан!Шунақаям ношуд бўладими одам деган?— Парпиевнинг боши қотиб сукут қилди.
— Мусофирчиларга айтдим, Вали Парпиевич, — бир неча дақиқали сукутдан сўнг аранг ботиниб сўз қоқди Мўйдинов, — мактаблардан қидиришади, маданий моллар магазинига одам югуртирдим, унақа портретлар дефицит эмас, топиб келишади. Улгурсак бўлгани. Аммо лекин…
— Яна нима «аммо-лекин»?— ўта хуноб бўлиб бақирди Парпиев.
— Майдон сийраклашиб қоляпти, Вали Парииевич, — деди Мўйдинов ниғлагудек оҳангда. — Минг хил баҳона бирови сув деб ғойиб бўлаяпти, бирови ҳожат, деб.
— Милициячи? Ҳалиям наряд келмадими?
— Келди, эплай олмаяпти…
— Менга қаранг! — деди Парпиев қатъий тарзда Мўйгдиновнинг гапини бўлиб— Ҳаммани Маданият Саройига олиб киринглар!Тезлик билан! Тушундингизми? Вестибюлда тўпланглар. Тарқалиб кетишмасин. Залга қўйилмасин, креслоларни расво қилишади.
— Вестибюлга сиғишмайди, Вали Парпиевич…
— Сиғишмаса, иккинчи қават бор, учинчи… Фақат залга киришмаса бўлгани — димиқиб кетади. Тушундингизми?
— Тушундим, Вали Парпиевич, — бир оз енгил тортиб жавоб берди Мўйдинов. — Ҳозир айтаман, олиб киришади…
— Бўпти, бажаринг!-— деди Парпиев. — Мени вазиятдан хабардор қилиб туринг.
— Хўп бўлади, Вали Паргшевич.
— Расмлар эсингиздан чиқмасин, имилламанг, оқибатини ўйланг, иш бузилса, раҳмат дейишмайди. Югуринг, бажарииг тез!
Парпиев телефон трубкасини шарақлатиб қўйди, қўлинн кўксидан олиб орқасига суянди, кўзларини юмди.
Қизил телефон ҳамон жнрингламас, асабий вазиятни баттар кескинлаштиргандек эди.
Парпиев стол галадонидан валидол олиб, тилининг остига ташлади. Юраги шу бугунги маш-машага чидаб берса кошки, шу бугунги маросимлар ишкалсиз ўтиб олса майли эди, эртасига нима бўлмасин, у ёғи бир нав. Ахир республнканинг Раҳбари— мана Парпиев раённи қабул қилиб олганига тўрт йил бўлибди — биринчи марта келиши. Эртанги кун, келажаги бугунги таассуротга боғлиқ, бирон жиҳати Раҳбарни қониқтирмаса, тамом, шунча қилган тоат-ибодати чиппакка чиқади. Қойил қолиб кетиши керак! Лоақал қўшни раённикидан кам бўлмаслиги шарт.
Парпиев эрмак хаёлларга чўмиб, ўзини Раҳбар рўпа-расида кўрди — Раҳбар бетиним кулар, гул тутган қизалоқни бағрига босиб, пешонасидан ўпар, Парпиевнинг елкасига қоқар, обком секретарга мамнун ҳолда нималарнидир уқтирар, обком секретари итоаткорона бош силкир, Раҳбарнинг гапларини маъқуллар, Парпиев томон қараб, маънодор илжайиб қўяр, Парпиев эса ўзини тушунмаганга олар, атрофга сарак-сарак боқар, аммо Раҳбар билан обком секретари бу, Парпиев ҳақида гап олиб бораётгаяини ҳис қилар, ич-ичидан қувнаб кетар эди…
«Яхши таассурот қолдиришда гап кўп», — деб ўйлади Парпиев хаёлларига хотима ясаб. Абжир, иш кўзини биладиган йигит экан, деган таассурот билан қайтса Раҳбар. кифоя, Парпиевнинг йўли ўзидан-ўзи очилаверади, ҳеч ким тўғаноқ бўла олмайди. Ҳатто хуш кўрмайдиган обком секретари ҳам…
Яна Парпиевни чўчитиб телефон жиринглади, хаёлнинг белига тепди. Қизнл аппарат эмас, яна зангори телефон, яна Мўйдиновнинг саросимали товуши Парпиевнинг жинидан баттар ёмон кўриниб кетди. Мўйдиновнинг ўзиям овозиям. Сўтак!Расмларни сувга бўктириб ўтирибди, ландовур. Одам бўлмайди.
— Алё, — деди Парпиев нохуш овозда ва яна бир кўнгилсиз хабар келишини чамалаб, хўмрайди.
— Вали Парпиевич, — деди Мўйдиновнинг айбли овозн.
— Хўш, яна бирон ишкалми?
— Ишкалмас, Вали Парпиевич, одамлар ташқарига чиқайлик. дейишяпти…
— Чиқарманг, биттасиниям чиқарманг!
— Ҳожатга дейишяити…
— Йўқ, иштонларига қилиб қўйсаям, чиқарманг!
— Босиб келишаяпти, Вали Парпиевич, милициянинг ҳам кучи етмаяати.
— Ёптиринг эшикни!Қулфлатинг!— дея Парпиев даргазаб ҳолда бақирди. — Эшитдингизми? Қулфлатинг, калитини ўзимга олиб келиб беринг! Дарров! Бузғунчилик қилаётганларни ёзиб беринг!Ташқарига милиция қўйдиринг. Деразаларни очтирманг. Тамом. Гап шу! Бажаринг! — Парпиев Мўйдиновнинг минғирлаган овозидан ижирғаииб трубкани ташлади, қўнғироқ тугмасини босди.
Қабулхона эшиги очилиб, секретар қиз мўралади.
— Шофернн чақиранг, — деди Парпиев қовоқлари остидан қизга тикилиб.
— Хўп.
Тезда шофер йигит кирди, райком ҳовлисидаги ишком остида нарда ўйнаётган бўлса керак, турқи тумтайган эди.
— «Баланд кўприкка» ҳайда, — деди Парпиев юз тусида ҳеч қандай ҳаяжонни ифода қилмай. — Меҳмонларнинг қораси кўриниши билан телефон қил.
— У ерда тайинланган одам борку.
— Эҳтиёт шарт, — деди Парпиев қиёфасини бузмай.
— Сиз нимада борасиз, мен у ёққа кетсам?— мулоҳаза қилгая айтди шофер.
— Шеригинга айт, тайёр турсин.
— Хўп.
Шофер чиқиб кетгандан кейин бир оз вақт ўтгач, эшик тирқишнда яна секретар қиз кўринди.
— Ҳм?
— Калит ташлаб кетишди, — деди қиз эшитилар-эшитилмас овозда. — Сизга.
— Опкелинг.
Секретар қиз яқинлашиб, калитни стол бурчагига омонатгина қўйди.
— Чой олиб кирайми?— сўради қиз эшик олдидан.
— Майли.
Парпиев калитни шим чўнтагига солиб, соатига қара-и. Уч бўлибти. Ўн иккига келишлари, бир оз раённи кўздан кечиргач митингга киришлари керак эди. Ҳамма бало ўша раённинг биринчиси, маҳмадона Эшмуҳамедовда!Товуқхонаси ҳам қолмагандир Раҳбарга кўрсатмаган!Кани энди замон кўтарса-ю, шартта бориб револверни тираб, лаънатининг пешонасндан қўйворсанг-да, армондан яйқсанг!
Қабулхона эшиги очилиб, ижроком раиси Соттиев кириб келди. У баланд бўйли, дуккипешона. ола-кула кўзли, ёши қирқлардан ошган малласоч одам эди. Стол қаршисига келиб тўхтади. Парпиевни авзойнни кўриб айтмоқчи бўлган гапини ютди. — Ҳм?— деди Парпиев ўрнидан турмай.
— Штабдагилар илтимос қилишди, Вали Парпиевич — деди у юраги бетламай. — Шу чоққача меҳмонлар келишмади, ўзимиз борақолайлик, бизни кўриб, иўлга тушишади, дейишяпти. — Соттиевнинг «Штаб» дегани, ижроком биносннинг мажлислар зали — у ерда Раҳбарни кутиб олиш бўйича раён илғорларидан иборат комиссия йиғилган, тахминан қирқ нафар одам меҳнат қаҳрамонлари, ветеранлар, номи чиққан механизатору — сут соғувчи жувонлар, ҳаммаларининг кўкракларида орден-медаллар…
— Шу маслаҳатга нима дейсиз, Вали Парпиевич? Кутавериб тарс ёрилишга тайёр турган Парпиевга бунақанги фикр маъқул тушгандек бўлди.
— Жуда соз, — деди Парпиев ва кескин ўрнидан турди. — Ўзимиз ҳам бир айланиб келамиз. Хамма ҳам сиқилиб кетди. Кетдик!
Бир бошдан электр лампадаги симлар қизиб-қизариб лаҳча чўғга айланди, устида қобиғи эриб, лакланган полга тома бошлади, кейин чарс-чарс учқунлар сачради, олов ёлқинланиб тепага урди, саҳна пардалари ловуллай кетди, саҳна — зал тутунга тўлди, тутун тирқишлардан сизиб фоеларни чулғай бошлади, хаш-паш дегунча ўт шитоб билан алангага айланиб, жиҳозларни ямлап кетди, вестибюлда дод-вой, ваҳима, бошланди, тепа қаватдагилар пастга, пастдагилар тепага югуришди, ур-йиқит бошланди, кимлардир биргалашиб қулф эшикка кифт урдилар, эшик қаттиқ, қулф мустаҳкам эди, очилмади, деразалар қарс-қурс синди, одамлар бири бирини тепкилаб, босиб ўша ёққа отилишди, янги кирган ҳаво оқими ёнғинга далда берди, тутун аралаш аланга бузилган деразалардан бурқсиб чиқа бошлади, ҳамма ёқни тутун қоплаган, одамлар ваҳимадан бир-бйрига урилишар, ёнаётган зар пардаларга ўралиб қолган аёллар дод дейишар, атлас кўйлаклари аралаш сочлари ловуллаб, қийчув, ур-тўпалон авжига чиқар, дераза ойнал
ари жаранглаб синар, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда лоп этиб олов яшнар, шаршарадек шовуллаб наъра тортар, ўз қилмишидан ўзи завқлангандек эди. Енаётган кўйлаклар, куяётган одамлар, иккинчи, учинчи қаватдан ўзларини пастга отишар, ирғишар, гурс-гурс асфалтга урилиб, майиб бўлишар, тура олмай гулханга айланишар, ҳамма ёқни қора тутун ва жизғанак ҳиди қоплар эди…
Узоқдан эса турна-қатор машиналар майдон сари яқинлашар, раёи маркази уларни қий-чув, аюҳаннос ва қудратли машъала билан кутиб олар эди.
КАЛ МУЛЛА
Бу ўттиз беш ёшга кирган, кўзлари кулранг, киприклари сарғиш кишининг номи Карл Мюллер бўлиб, маҳалла одамлари уни олдинига Карл Мулла, кейин Кал Мулла дейишарди. Карл ягона яшар, онаси етти йил бурун вафот этган, отаси, таниқли этнограф Герхард Мюллер, кўп вақтини археологик сафарларда ўтказар, нега бу немис оиласи ўзбек маҳалласида туриб қолганини ҳеч ким билмас эди. Атрофда бошқа мактаб йўқлиги сабабли Карл Мюллер ҳам ўзбек мактабига қатнади, оғайнилари асосан ўзбек болалари бўлгани учун ота-онаси билан бемалол уч тилда — немисча, русча, ўзбекча гаплашишга одатланди. Ғирт маҳалла тилини кўча болалари қандай билса, Карл ҳам шундай билар эди. Студентлигида танишган рус қизи Светлана Карл билан уч йил яшади — ё фарзанд кўрмади, ёки эски маҳалла шароитига кўника олмади — ўттиз ёшли Карлни ташлаб кетди. Карл танҳо қолди, бошқа уйланмади.
Кимнинг нимаси бузилмасин — тикув машинасими, болаларнинг велосипедими, Кал Муллага чопишади. Карл ишни шу қадар пухта бажарадики, усталар ҳам примусларини шунга тузаттиришади. Қўлидан келмаган иш йўқ, ўзи қанақадир заводда ишлайди. Маҳалла тўй-азаларига қатнашади, ҳамма қатори фотиҳага қўл очади, ҳатто «Кулҳу Оллоҳу аҳад»ни ёд билади, баъзилар бу ҳақида ўзбекча гапирса, ҳаммасини тушунади, индамайди. Завод унга икки хонали уй берганида, Карл олмади — итини, каптарларини, тошбақаларини кўзи қиймади. Қўшнилари тандирда нон ёпишса, тансиқ таом қилишса, унга илинишади. Карл косаларни шоколад солиб қайтаради.
Балки немис бўлгани учунми, уруш бошланганда, Карлни олишмади, бош инженерлик амалидан пасайтиришди.
Газета-журналлар фашистларни мазах қилувчи мақолалар, Гитлернинг бадбашара расмларини босишди. Аввалги «қизиллар-оқлар» «руслар-немислар» ўйинига айланди, нафрат кучайди. Болалардан бири Карлни «фашист», деди. Карл эътибор бермай ўтиб кетаверди. Кейин ортидан тош отадиган бўлишди. Карл қанча индамаса, болалар шунча қутиришди. Яқиндагина велосипедларини тузатиб юрган Карл душманга айланди. Карл кўчада кўринишдан ҳам ҳайиқадиган бўлиб қолди.
Албатта, Карл шу боши берк кўчадан чиқиб, маҳалладан нарироқ кетса — бас, ҳеч ким буни танимайди, ҳамма ўрис, деб ўйлайди, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шунинг учун Карл уйидан саҳар чиқиб кетиб, кечқурун қайтадиган бўлди. Бироқ келгунига қадар ити, каптарлари оч қолишади, уларга дон-сув берадиган одам ҳам йўқ. Саккиз ойдан бери дадасидан дарак йўқ, қари нарса, омонмикан?
Карлга таъсир қиладиган жойи шуки, кўчасидага тирмизакларнинг бари Карлнинг кўз ўнгида туғилган, оғайниларининг фарзандлари, ҳаммасига Карл варрак, рогатка, новдадан ёй ясаб берган, номларини билади, укасидек бўлиб кетишган эди, келиб-келиб чатоқлик шулардан чиқяпти. Тўғри, ота-акалари ўшқиришди, пўписа қилишди, қулоқларидан чўзишди, болалар билганидан қолишмади.
Уруш бошланганига ярим йил ўтмай туриб, фронтдан қорахат кела бошлади.
Биринчи марта қорахат Карл билан бир синфда ўқиган Илёснинг ҳалокати ҳақида келди.
— Адамни сен ўлдиргансан, фашист! — деди унинг ўғли Карлга.
Карл, ўзини ушлай олмай, боланинг бетига тарсаки туширди, Салим чинқириб, уйига қочди.
Карл урганидан пушаймон бўлди, ўртоғининг азасига ҳам кира олмади.
Шундан кейин Карлнинг кўча эшигида бўр билан чизилган фашистларнинг белгиси пайдо бўлди. Карл ўчириб ташлади, лекин кейин машъум хоч тўртталаб-бешталаб чизила бошлади. Карл эътибор бермай қўйди. Карл ҳамма нарсадан, кўча-куйда ҳам, гўё одамлар унинг немислигини сезаётгандек, ҳадиксирайдиган, ҳаммага гумон билан қарайдиган бўлиб қолди, ўзбек мозорининг бир четига дафн қилинган онасининг қабрига борганида, ўзини туга олмай ҳўнграб йиғлаб юборди. Уйига қайтиб келганида, каптарларининг учтаси қўндоқдан қулаб қорда ётар, қон томчилари қорга сочилган эди. Ўзи исаб берган рогаткалардан отишгани маълум бўлди. Кейин уй деразасининг ойнаси чил-парчин синдирилди, Карл янги ойна қўйди, уни ҳам синдиришди, итини заҳарлашди. Карл шикоят қилишдан ҳам кўрқар эди.
Баҳор кунларининг бирида иккита ҳарбий киши келиб, Карлни олиб кетишди. Карл кўча эшигини қулфлашга ҳам улгурмади.
Ҳовли қаровсиз қолди.
Ён қўшнилар ўтини юлишди, сув сепишди, шипиришди, ҳовли чиннидек бўлди; ҳовлига қараш, саришта қилиш, гуллар экиш, қолган каптарларга дон сочиш одат бўлди. Кейин ҳовлини «Болалар боғчаси»га айлантиришди. Бақириб — чақиришса ҳам майли, жимликдан тузук.
ИНШО
Саккизинчи синф ўқувчиси Хуршид шахмат қутисини қўймайди, қўлтиқлаб юради. Фақат шахмат ўйнайдиган болалар билан ўртоқ тутинади. Ўқитувчилар ичидан география муаллими Далер акани алоҳида ҳурматлайди. Далер ака ўз фанини қизиқарли олиб боради. Бирон мамлакат ҳақида дарс ўтса, албатта, ўша мамлакатга хос бир ҳислатни, масалан, Танзанияда ёзувчи Хемингуэй ов қилганини гапириб беради, ўша ёзувчининг «Фрэнсис Макомбернинг омонат бахти» номли ҳикоясини топиб ўқиб чиқинглар, дейди. Ўқувчилар бу ҳикояни топиб ўқишади, кейин география дарсида муҳокама қилишади — дарс нафақат география, ҳатто адабиёт машғулотига айланади. Қизиқарли ўтади. Ўқувчилар, шунинг учун бўлса ажабмас, уй топшириқларини географиядан бошлашади. География дарсларига канда қилмай боришади. Далер ака сўз бошлаши билан жимиб қолишади. Коридордан ўтган одам бу синфда дарс бўлаётганини сезмайди ҳам.
Дарсларнинг бирида Далер ака, Англия ҳақида сўзлаб, унинг шаҳзодаси Эдуард бир аёлни севиб қолганини, парламент аъзолари бу ошиқликни маъқул кўрмагач, шаҳзода Эдуард қироллик тахтидан воз кечганини гапириб берди. Дарс севги муҳокамасига айланди.
Далер аканинг қўлида ўқиган талабаларнинг кўпи география, адабиёт, тарих факультетларига аьло баҳолар билан киришган. Тарих ўқитувчиси бу муваффақиятни ўзига ёзди. Унинг дарслари зерикарли ўтар, афтидан Турсун Собиров ўз фанини севмас, тасодиф равишда тарих ўқитувчиси бўлиб қолгандек туюларди. Умуман, хонлар, шоҳлар, амирлар, султонларни олдин золим-эксплуататор, Амир Темурни босқинчи, дер эди, кейин мамлакат мустақил бўлгач, Соҳибқиронни «Улуғ саркарда, миллатимиз отаси», дейдиган бўлди.
Хуршид Далер Саидович билан ҳеч қачон шахмат ўйнамаганлига сабабли, домла бу ўйинга қизиқмайди, деб ўйлар эди. Бир куни Хуршид бўш синфда болалар билан шахмат ўйнаб ўтирганида, синфга Далер Саидович кириб қолди. У уй калитини қидириб юрган экан, болалар калитни ахтаришга киришишди, топа олишмади. Далер ака Хуршид билан шахмат ўйнашга ўтирди. Ярим соат ўтгач, Хуршид мот бўлди. Далер Саидович яхши ўйнар экан, ҳеч кимга таслим бўлмаган Хуршидни ютди, болалар анграйиб қолишди. Хуршид яна беллашгиси келди, Далер Саидович соатига қаради: қизчасини боғчасидан олиши, хотини ишдан келишига уй эшигини очиши, бошқа қулф ўрнатиши керак эди, иккинчи ўйинга рози бўлмади.
Хуршид баъзан дарсларга кечикиб киради, тарих дарсига кирмайди. Бугун «беш» олса, эртасига «икки» олиши ҳеч гап эмас. Парво қилмайди. Адабиёт дарсида ижобий, салбий қаҳрамон деган тушунчаларни таъби кўтармайди. Бир куни «Қутлуғ қон» романи мавзусида иншо ёзишди. Хуршид эркин мавзу танлади, аммо ёзгани ўзини қониқтирмади, саҳифага чизиқ тортиб, ғижимлаб, синфдан чиқиб кетди. Келаси дарсда адабиёт ўқитувчиси ғижим варақларни ёзиб, ўқувчиларга қаради. Хуршид бу дарсга ҳам кирмаган, залда бошқа болалар билан шахмат ўйнаб ўтирарди. Адабиёт ўқитувчиси Одил Тўраев Хуршид ёзган иншони синфдаги ўқувчиларга ўқиб берди: «Мансур шаҳарга келиб, институтга кирди, амакисиникида тура бошлади. Амакиси Дилшод хотини Толия билан яшар, фарзандсиз эдилар, — ўқий бошлади Одил Тўраев. — Улар тез-тез тортишиб туришар, ён беришмас, аразлаб юришар, Мансур оркали «гаплашишар» эди. Охирги можародан кейин амакиси уйдан чиқиб кетди, бир ҳафтача қорасини кўрсатмади. Кеча келди, эшикни Толия очди, эрини кўриб, қайрилиб кетди. Ўртада Мансур серрайиб қолди. «Кийимимга келдим, айт, берсин» — деди амакиси овозини тумтайиб гурган хотинига эшиттириб. Мансур келин аясига қаради. «Кийимини шарабарачига бериб юбордим, йўқ, — деди Толия зарда билан. — Даъвосини манжалақисига қилсин, у кўтаради!». «Ким у?» — деди Мансур тушунмай. «Ўйнаши, — деди Толия ўчакишиб. — Ана, расмда ёнма-ён ўтиришипти». «Ёнма-ён бўлса, нима қипти? Ходимлардан бири, — деди амакиси ўшқириб. «Ходимлардан бири бўлса, нега битта буйрагини берди, сўра!» — деди Толия даъвосини рўкач қилиб. «Қоним группаси ўшаникига тўғри келди, — деди амакиси. — Битта буйрак билан яшаш мумкин экан, мана яшаяпман. Бир одамни сақлаб қолдим…».
Мансур ўртада серрайиб туриб колди, кейин хонасига кириб кетди. Улар яна бир оз айтишишгач, жимиб қолишди. Мансур, можаро тугади, деб ўйлаб, йўлакка мўралади: амакиси билан келин аяси қучоқлашиб туришар эди. Мансур хонасига қайтиб кириб кетди».
Одил Тўраев иншони ўқиб бўлиб, термулиб ўтирган ўқувчиларга назар гашлади.
— Қалай? — деди. Ўқувчилар индашмади. — Беш қўйсам, арзийдими?
— Арзийди! — дейишди ўқувчилар бир овоздан, ўқитувчи қарорини олқишлаб.
Танаффусда ўқувчилар залга чопишди. У ерда Хуршид ҳамон шахмат устида ўтирган эди. Ўқувчилар келтирган хабарни эшитиб, Хуршид индамади.
— Шаҳ! — деди рақибига.
Bu o‘ttiz besh yoshga kirgan, ko‘zlari kulrang, kipriklari sarg‘ish kishining nomi Karl Myuller bo‘lib, mahalla odamlari uni oldiniga Karl Mulla, keyin Kal Mulla deyishardi. Karl yagona yashar, onasi yetti yil burun vafot etgan, otasi, taniqli etnograf Gerxard Myuller, ko‘p vaqtini arxeologik safarlarda o‘tkazar, nega bu nemis oilasi o‘zbek mahallasida turib qolganini hech kim bilmas edi…
Uchqun Nazarov
BЕSh HIKOYA
Uchqun Nazarov 1934 yil 27 noyabrda Toshkent shahrida tug‘ilgan. Toshkent teatr va rassomchilik institutining rejissyorlik bo‘limida tahsil olgan (1959). O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist (1967). Birinchi hikoyasi — «Odamlar» (1962). «G‘urur», «Sadoqat» (1965), «Fido» (1970), «Girdob» (1971), «Jur’at» (1977), «O‘zgalar uchun» (1986) singari hikoya va qissalardan iborat to‘plamlari nashr etilgan. «Chayon yili» (2005) trilogiyasi va «Oyna» dramasi (1977) ham bor. Uning «Surayyo», «Qiz va yigit», «Shiddat», «Alangali soxil» va 3 bo‘limdan iborat «Qo‘qon voqeasi» kabi badiiy filmlari tomoshabinlar e’tiborini qozongan.Yasunari Kavabataning «Uyqudagi nozaninlar» (2001) romanini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.Hamza nomidagi O‘zbekiston Davlat mukofoti laureati (1977). Uchqun Nazarov 2016 yil 17 iyun kuni Toshkentda vafot etdi.
QISH NAFASI
Safar aka dori olib aptekadan chiqqanida, qosh qoraya boshlagan, chala oy bir quloch ko‘tarilgan, siyrak bulutlar orasidan yulduz mo‘ralar, narsalar, odamlar sharpaga o‘xshar, simyog‘och chinnisi yiltirar, kech kuz bo‘lishiga qaramay, havo iliq edi.
Safar aka, filtrsiz sigaret tutashtirib necha dona qolganini ko‘zdan kechirdi, tugmasini qadadi, zinadan tushdi. Qishlog‘i besh chaqirim narida edi, yayov ketdi — o‘tkinchi mashinaga qo‘l ko‘tarsa, to‘lashga puli qolmagan edi. Uch kun avval yog‘ib o‘tgan yomg‘ir tuproqni shibbalagan, yo‘ldagi xalqoblarda oy jimirlar, uzokda it hurar, yo‘l oxirida mashina chirog‘i sarobga o‘xshar edi.
Safar akaning xotini Nasibaoy, ikki hafta burun ariq bo‘yida kalish yuvaturib, boshi aylandi, o‘tirib qoldi. Kelini Oyxon, bolasini qo‘yib, qaynonasi pinjiga kirdi, ayvonga yetakladi. Nasibaoyning oyog‘i chalishar, arang bosar, og‘ir edi. Oyxon qaynonasini dahlizdagi so‘riga yotqizdi, qanaqadir dori berdi. Qishloq hamshirasi ukol qilib, dori yozib ketdi. Safar aka xotinining betobligiga o‘tkinchi deb qaradi, doriga bormadi, qatiq ichirdi. Katta o‘g‘li To‘qash ish qidirib, Samaraga ketgan, kichik o‘g‘li Pozil harbiy xizmatda edi. To‘qash yarim yildan beri bedarak, xat yozmas, kelini tumtayar, qaynona-qaynotasi bilan qovusha olmas, boshi katta, eti ushoq bolasidan bo‘shamas, injiq bola xarxasha qilar, hech kimga bormas edi. Oyxon qaynonasiga uncha qaray olmaganidan xijolat tortdi chog‘i, bolasini do‘xtirga ko‘rsatish bahonasi bilan ikki kishloq narida turadigan onasinikiga ketdi. Hamon undan darak yo‘q. Safar aka yo‘l-yo‘lakay qudasinikiga kirib o‘tmoqchi, kelinini oldiga solib ketmoqchi bo‘ldi, biroq oyog‘i tortmadi -qorong‘i tushgan, bu paytda kirib borish bemavrid ko‘rindi. O‘zi qaytar, deb o‘yladi Safar aka, dorini tezroq olib borishi zarurroq edi. U hovliga kirib borganida, bitta ham chiroq yoqilmagan, uyi huvillagan, qop-qorong‘i edi. Safar aka ayvon chirog‘ini yokdi. Xotini, ko‘rpaga o‘ranib, miq etmay yotar, erining sharpasiga ham e’tibor bermadi.
— Nasiba, — dedi Safar aka, bemor xotini ustida to‘xtab. Xotini arang tovush berdi. — Dori olib keldim. Ichib ol, ko‘zing moshdek ochiladi.
Nasiba qimir etmay ingradi.
Safar aka bir dona dorini xotinining og‘ziga tiqdi:
— Shim, — dedi.
Xotinining chap tomoni shol edi, indamadi.
Kechagi go‘ja sovuq edi, isitish uchun Safar aka kosani olib, hovliga tushdi, o‘choqxona tomon yurdi. Oy ancha ko‘tarilgan, bulut qochganida Safar akaning soyasi aniqlashar, qadamiga ilashar edi.
O‘choqxonaning usti qamish, atrofi ochiq edi, g‘o‘zapoya arang o‘t oldi, Safar aka qozon qopqog‘ini olib, go‘jani to‘kdi; nam g‘o‘zapoyaning olovi past, tutuni achchiq edi, ovqat isigunicha, yarim soatcha vaqt o‘tdi; Safar aka go‘shtsiz go‘jani kosaga suzib, qozonga suv quydi, qopqog‘ini yopib qo‘ydi.
Nasibaoy bir-ikki qoshiq go‘ja ichdi, tamshandi, boshini burdi. Safar aka xotinining boshini yostiqqa qo‘ydi. Uning chiroyli ko‘zlari hozir behol, xira, o‘zi darddan majolsiz edi. Dori ta’sir qilar, deb o‘yladi Safar aka va yechinib, chiroqni o‘chirdi, nariroqdagi o‘ringa kirdi, sigaret tutatdi.
Nasibaoy dalada chopiq-yagana qilar, shomda uyiga qaytar, keliboq o‘choqqa unnar, ovqatidan dixlofos hidi kelar, ketmoni oydinda yarqirar, o‘zi, hamiri ko‘tarilgunicha, bolalari kiyimini yuvib, dorga osar, tandirga olov yoqar, zuvala qilar, non yopar, apil-tapil yuvinib kelganida, eri uyquga ketgan bo‘lar, sahar payti Safar xotiniga yopishar, ish bitgach, Nasibaoy tashqariga oshiqar, shosha-pisha nonushta hozirlar, bitta non solingan to‘rvasini ketmonga ilib, dalaga ravona bo‘lar, bolalarni eri uyg‘otar, maktabga jo‘natar, keyin tabelchilik qilish uchun xirmonga yo‘l olar edi.
Shu alfoz yigirma besh yildan ortiq vaqt o‘tdi. To‘ng‘ich o‘g‘li To‘qash o‘rta maktabni tutatib, mexanizatorlikka o‘qidi, Oyxonga uylandi, farzand ko‘rdi. Safar bilan Nasibaoy nevarali bo‘lishdi; faqat nevarasi nimjon edi, raxit, deyishdi. Kenjasi Pozil bir yil avval, maktabni bitiriboq, harbiy xizmatga ketdi — dadasi bilan xayrlashmadi ham — Safar aka Nasibaoyni urib, ko‘zini momataloq qilgan edi.
— O‘g‘ling qaramadi ham, — dedi Safar aka, o‘g‘lidan yozg‘irib.
— Onasini urdingiz, qaraydimi? — dedi o‘shanda Nasibaoy, tumtayib va momatalog‘ini siladi. — Haliyam shishi qaytmaydi. Kelinlik paytimda ham urgansiz — qizitilmagan yog‘da osh qilipsan, deb. Sal narsaga urar edingiz.
— Ha, endi o‘zbekchilikda urib turish kerak-da, odat, — degan o‘shanda Safar aka. — Urmasang, odam sanashmaydi. Hamma uradi.
— Odatingiz qurib ketsin, — degan Nasibaoy, zarda qilib. Nuqul boshimga, yuzimga urasiz, ko‘chaga chiqa olmay qolaman. Ichsangiz — tamom, janjal chiqarasiz. Bolalar bezillashadi. Ketsam, ota-onamdan andisha kilmay, yalinib borasiz. Ular tanbeh berish o‘rniga meni oldingizga solib, haydashadi. Yuzimni tang‘ib, ketmon chopaman.
— Boshqalar-chi? Urishmaydimi? Asad polvon xotinini urib, to‘rtta tishini sindiripti — yuripti Mohiraoy, tilla tish qo‘yib!
— Uring siz ham! Tilla tishga qurbingiz yetsa! Mol sotib, to‘y qildingiz. Bir oylik kelin oldida urdingiz, qo‘lingiz sinsin…
«Qanday paytlar edi», deya, o‘sha zamonlarni qumsab, o‘yladi hozir Safar aka, va sigaretini tortdi. Qorong‘ida sigaret cho‘g‘i yallig‘landi, burni yiltiradi.
— Urgan bo‘lsam — yaxshi ko‘rganimdan, — dedi Safar aka, birinchi marta shu iborani tilga olib. — Qizg‘anardim-da. Sharip, xotining chiroyli, deganida, seni urganman, qizg‘anib. Haqiqatda, chiroyli eding. Aslida, tayloqligi uchun Sharipning tumshug‘iga tushirishim kerak edi, o‘zimni tutdim, seni o‘ynashga chiqarishlari mumkin edi… Paxtazorda seni bo‘lg‘alaganim esingda bormi? Yetilgan payting edi, qochgansan. Xirmondagi juvonlar kulishgan, o‘shandan keyin uyingdagilar rozi bo‘lishgan. Sevmasam, urarmidim?
Nasibaoy miq etmay yotar, aftidan, xotini ham o‘sha totli damlarni xotirasidan o‘tkazayapti, deb o‘yladi Safar aka.
— To‘qashni tuqqaningda, qanaqa shodlik bo‘lgan edi, esla. Kancha nom qidirganmiz. Dadang, «To‘qash» qo‘yinglar», degan, unaganmiz. «To‘qash» nima ma’noni bildiradi?
Xotini javob bermadi. Safar aka dori kor qilgan bo‘lsa, uxlayapti, deb o‘yladi, ko‘rpaga o‘ranib, jun tiqilgan bolishga lunjini bosdi, xo‘rsindi, ko‘zi ilina boshladi.
Safar aka uyg‘onganida, tong g‘ira-shira, qushlar chug‘urlar, ko‘chadan o‘tayotgan poda mollar ma’rashi eshigilar edi. Safar aka, kerishib, o‘rnidan turdi, yuvinib, yelkasiga yupun chopon tashladi, yovg‘on xo‘rda qilishga kirishdi. Xo‘rda suzilgan kosaga yog‘och qoshiq solib, xotini oldiga kirdi, Nasibaoyni uyg‘otdi. Xotini qimir etmadi. Safar aka Nasibaoyning peshonasiga kaftini bosdi — peshonasi sovuq edi. Safar aka xotinini asta silkitdi — sado chiqmadi. Iyagini tang‘ib, yoniga o‘tirdi — halqumi bo‘g‘ildi. Baralla yig‘lashdan uyaldi, chopon etagi bilan yuzini to‘sdi, yelkasi qaltiradi.
Nasibaoyni peshinga chiqarishdi.
Oqshomda. Safar aka marhumaning boshiga bordi — go‘ri nam edi. Qarg‘a qag‘illar, o‘ti sarg‘aygan mozor bo‘sh edi.
Safar aka yarim soatcha cho‘nqayib o‘tirdi — endi u tanho edi.
Ikkala farzandi onasi dafnida bo‘lishmadi. Buyurmadi. Pozil kelganida, shinelini tashlab, qabristonga chopdi. Qaytib kelganida, ko‘zlari qizargan edi. Dadasiga ro‘yxush bermadi. Onasining ajalini dadasidan ko‘rdi, chog‘i. O‘zini bu uyda begona sezdi, uch kundan keyin, qismiga jo‘nadi.
Kelini Oyxon raxit bolasi bilan kasalxonada, ma’rakaga qatnasha olmadi. Kasalxonadan chiqsa, bu yagona erkak qolgan uyga keladimi, yo‘kmi — gumon edi. Eri bo‘lmagach, huvillagan hovlida nima qiladi?
Safar aka darvoza yonidagi xodada kun bo‘yi o‘tirar, endi ta’ziyaga hech kim kelmas, Safar aka uyiga kirishga botinmas, xotinining sharpasidan cho‘chir, choponiga o‘ranar, mudrar edi.
UMR
Muxtor ko‘p hunar bilan shug‘ullandi. Baliqchilik qildi, g‘isht quydi, tunuka koqdi, elektr tuzatdi, maktabda badan tarbiyasidan dars berdi — xullas qo‘lidan kelmagan ish yo‘q. Hozir savat to‘qiydi. O‘n yil avval Zumrad ismli qizni yaxshi ko‘rib qoldi. Zumrad rayon kutubxonasida ishlar, chiroyli qiz edi. Muxtor kitob bahonasida kutubxonaga borar, Zumradni ko‘rish uchun kitobni tez o‘qir, Zumrad bilan asarni muhokama qilar, mulohazalari Zumradga yoqardi. Biroq qiz Muxtorning kutubxonaga tez kirishini kutsa-da, odamlar mish-mishidan hayiqar, boshqa joyda uchrashishni ep ko‘rmas edi. Muxtor Zumradga sovchi ko‘yishni chamalaganida, Zumradning onasi dunyodan o‘tdi, sovchi yuborish noqulay ko‘rindi, yili o‘tishini kutishga to‘g‘ri keldi; yili o‘tgach, Muxtorning onasi o‘ldi. Vaqtni yana surishdi. Shu orada Zumrad boshqa oilaga uzatilib ketdi.
Onasining vafotidan keyin Muxtorning otasi ham ko‘z yumdi, Muxtorning o‘zi tanho koldi. Shunda aka-ukasi yo‘qligidan o‘ksindi. Qo‘shnilar tevarak-atrofdan qiz topishdi, lekin Muxtor Zumraddan boshqasiga uylanishga ko‘nmadi. Bir necha yil o‘tdi.
«Ko‘kbuloq» qishlog‘idan ish chiqdi — yangi uyning tomiga tunuka qoqish kerak ekan. Muxtor rozi bo‘ldi, tomga chiqdi, tunuka qoqa boshladi. Uy egalari oldingi hovlida turishar edi. Tush paytida o‘sha hovlidan ovqat keldi, ovqatni Zumrad olib kelgan edi. Muxtorning ko‘zi tindi, tomdan quladi. Zumrad chinqirib yubordi.
Muxtorning bo‘ydoq o‘tishini, hamon sevishini Zumrad bilar, yoshlik tuyg‘usi deb o‘ylar edi; cho‘ntagidan sochilgan qog‘ozlar orasidan Zumradning rasmi chiqqach, sarosimaga tushdi. Foto-suvratni eriga ko‘rsatmadi.
Muxtorning o‘ligini o‘z hovlisidan ko‘tarishdi. Hovlida xivichdan to‘qilgan to‘rt g‘ildirakli foytun turar, uning yoniga novdadan «Zumrad», deb yozilgan edi. Zumradning eri Fozil novdadan terilgan ismga ajablandi, tasodif deb o‘yladi.
ALANGALI SALOM
Reja shunaqa— rahbar u rayondan chiqishi bilanoq kimdir bu rayonta qo‘ng‘iroq qiladi, Parpiyev boshchiligidagi bir to‘da rayon amaldorlari mashinalarga o‘tirib kanalga borishadi, rahbarni — «qo‘ldan qo‘lga» degandek — qabul qilib olishadi. Kanal ikkala rayonning chegarasi bo‘yida zamonaviy tusda ishlangan minora bor, taklif so‘zlari bitilgan. Bunaqangi minoralar deyarli hamma rayonlar chegarasiga o‘rnatilgan bo‘lib ko‘rgan kishi bo‘ minoralarga qarab, rayon salmog‘ini taxmin qiladi. Har joyda albatta, choraga aylanib qol-gan jabhalar — ya’ni, partiya komiteti va uning oldidagi Lenin haykali, Savdo Markazi, Madaniyat Saroyi va rayon faxri hisoblangan bironta yo atlas, yo kashtachilik yoki kulolchilik muassasasi bo‘ladi. Bular qatoriga rayonning chetida bo‘lsa ham yutuqlar ramzi hisoblanmish marmar zinali GAIning ikki qavatli oynaband binosy kiradi. Kiraverishda qanday inshoat bo‘lmasin, Parpiyev ularni «rayon darvozasi»deydi, mablag‘ ayamaydi. Pribaltikami, Gruziyami, G‘arbiy Ukrainami — qayoqqa bormasin, Parpiyev
rayon me’morini olib ketadi, ko‘ziga jozybali ko‘ringan narsalardan nusxa ko‘tartiradi, o‘z rayonida qurdiradi, bitishini sabrsizlik bilan kutadi, boshqa rayonda bironta antiqa osor ko‘rsa, halovatini yo‘qotadi-qo‘yadi, undan oshrib qurdirmaguncha ko‘ngli o‘rniga tushmaydi. Qaysi byr rayonda «Ona-er», «Abadiy mash’al», «G‘alaba jangchisi» deb nomlangan obidalarni ko‘rdiyu, yana tinchini yo‘qotdi, darhol me’morni chaqirtirib, topshiriq berdi. U uchchala mazmunni mujassamlab, bitta yaxlit yodgorlik— ya’ni, yaralangan Jangchi jasadini mushtipar va matonatli Ona tizzasida ifoda qildi, oldidagi mash’al alangasi esa bu mardonavor siymoga fojiali yolqin tashlab turadigan eskizni chizib ko‘rsatdi.
— Qora granitdan yasaymiz!— dedi Parpiyev ruhlanib me’morga.
— Qora granit ham yaxshi, — dedi me’mor ikkilanib. — Ammo haykal yuzida mash’al yallig‘lanmaydi. Tosh qorada. Bronza bo‘lsa kunduziyam, kechasiyam yaxshi ko‘rinadi.
— Juda soz!
Umuman, rayon markazida qanday ko‘zga ko‘rinarli yodgorlik qad ko‘tarmasin, barisini odamlar Parpiyev nomi bilai bog‘laydilar, Parpiyev ham bu narsalarni o‘zi barpo qilgandek juda g‘amxo‘rlik bilan asrashga intiladi. Bir yigitcha «Mash’al» supachasiga chiqib, alanga o‘tidan sigareta tutashtirgan ekan, Parpiyev uni oyogini yerga tekkizmay o‘n besh sutkaga qamattirib qo‘ydi:Bir bola fontanda cho‘milgan ekan, otasini vazifasidan oldirib tashladi, memorial kompleksiga qorovul tayynladi — haykallarga qush qo‘nsa qorovul baloga qoladi, sigaret tutatish, fontanda cho‘milish qayoqda! «Muzeyga aylantiraman markazni!»— deydi Parpiyev doim. Yashovchilar «Muzeyni» chetlab o‘tishga harakat qylishadi…
Mana hozir maydonda tumonat odam, respublika rahbarini tantana bilan kutib olish, Madaniyat Saroyida miting o‘tkazish uchun rayonning barcha joylaridan amaldorlar to‘plangan. Maktab mashg‘ulotlari to‘xtatilgan, baraban sadolari tinmaydi shippak fabrikasi ayollari bashang kiyinib, jazirama oftobda tovlanib, tuda bo‘lib turishipti.
Parpiyev goh tashqariga chiqadi, goh raykom idorasiga kiradi — qo‘shni rayondan rahbar yo‘lga chiqqani haqida qo‘ngiroq bo‘lishi kerak, telefondan uzoq keta olmaydi, rahbar esa hadeganda kelavermayapti. Parpiyev qo‘shni rayon partiya kotibidan ijirg‘ana boshladi, rahbar u yordagi limonxonalar, stadion va internatni ko‘rayotganini ko‘z oldita keltirdi, g‘ashi keldi. «To‘p o‘ynaydigan komandasi yo‘g‘-u, stadionga balo bormi?»— deb o‘yladi. Parpiyev shu yildanoq stadion qurilishini boshlab yuborishni diliga tugib qo‘ydi. «Uniki besh ming o‘rinli, men o‘n besh ming o‘rinli qurdiraman, oblast musobaqalari menikida o‘tadigan bo‘ladi»…
Xona sovib ketdi. Parpiyev derazalarga o‘rnatilgan uchta kondinsionerdan birini o‘chirdi, vajillash tovushi pasaydi.
Eshikni taqillatmay raykomning uchinchi kotibi Mo‘ydinov kirdi, stol yoniga kelib to‘xtadi. Parpiyev savol nazari bilan unga qaradi — nigohida anday asabiylik sezilardi. Mo‘ydinov aytmoqchi bo‘lib kelgan gapni qay yo‘sinda ochishni bilmay, pikilandi, qiyshayib turgan stulni to‘g‘rilab stol tagiga surib qo‘ydi. Uning sochlari nam, yuzi terdan yiltirar, qora kostyumining tugmalari yechilgan edi.
— Xo‘sh?— dedi Parpiyev, tirsagini stol oynasidan olib.
— Odamlar betoqat bo‘lishyapti, — dedi Mo‘ydinov bir oz hadiksirab, go‘yo bunda o‘zi aybdordek. — Kun issiq, hamma ochiqda, atrofga alanglashayapti, gaz-budkaning oldi tumonat, stakan yetishmaydi.
— Militsiya nima qilayapti?— ijirg‘anib so‘radi Parpiyev. — Kapitan qayoqqa qarayapti?
— Kapitan o‘sha yerda, odam ko‘pda, epaqaga solish qiyin.
— Ayting, yana naryad chaqirsin, — dedi Parpiyev o‘rnidan turib. — Agar tarqab ketsa, byuroda shaxsan javob beradi.
— Xo‘p, — deya Muydinov eshik tomon qayrildi.
— Nega laparchilar indamay qolishdi, nega mashshoqchilarnnig muzikasi eshitnlmaydi, — ovozini ko‘tarib so‘radi Parpiyev eshik oldiga borib qolgan Muydinovdan.
— Bir oz dam so‘rashdi, ertalabdan beri tinishgani yo‘q. — to‘xtab dedi Mo‘ydinov uzr ohangida. — Quloqni qomatga keltirib yuborishdi, ruxsat berdim. O‘n besh minutga. Mehmondardan darak bo‘lishi bilan yana boshlashadi.
Parpiyev noxush bosh silkib qo‘ydi.
Mo‘ydinov bir-ikkn qadam Parpiyev tomon yaqinlashdi.
— Hali qo‘ng‘iroq bo‘lmadimi?— jur’at qilib so‘radi u.
— Qilib qolishar, shuncha vaqt o‘tdi-ku, — dedi Parpiyev telefonga ishora qilib, keyin toqatsiz nazar bilan deraza orqali tashqariga qaradi.
— Havo qizib ketyapti, — deya Mo‘ydinov yana yaqinroq keldi. — Odamlarni parkka oldirsak nima deysiz? Soya bor, terlari qotadi. Suv-puv ichishadi.
— Yo‘q, — dedi Parpiyev qat’iy. — Maysalarni bosib tashlashadi.
— Soyaga olmasak, qiynalib ketdi xalq, rost, — dedi Mo‘ydinov samimiy va o‘z samimiyligidan hijolatga tushgandek, ko‘zlarini pirpiratdi. — «Ilich» kolxozining kutubxonachisi hushidan ketib qoldi.
— Nega hushidan ketadi?
— Oftob urganmish, doktorlar shunaqa deyishtsi…
— Yana bir oz kutaylik, — dedi Parpiyev o‘ylanib, — Ko‘pi ketib ozi qoldi. Muzikachilarga ayting, chalg‘itib turishsin karnay-parnaylarini chalib.
— Karnaylari qizib ketyapti, qo‘l tekkizib bo‘lmaydi. .
— Boshqa narsa chalishsin, — dedi Parpiyev ijirg‘anib. — O‘yin-po‘yin qilishsin.
— Guldastalar ham so‘lib qoldi, chelaklarga soldirib qo‘ydim, lekin jonlanishi qiyin…
Parpiyevning rangi o‘chib ketdi.
— Boqqa mashina jo‘nating, yangilarini keltirishsin— dedi u buyruq ohangida. — Boring tez, hali-zamon kelib qolishsa, xunuk bo‘ladi.
Mo‘ydinov shoshib idoradan chiqib ketdi.
Parpiyev asabiy holda kabinetining bu boshidan u boshiga yura boshladi. Telefon apparati hamon jiringlamas, Parpiyev esa borgan sayin toqatsizlanar, ich-ichidan g‘azabi uyg‘onar, xonadan otilib chiqib ketgisi kelar, biroq, chiqib ketsa shu ondayoq qo‘ng‘iroq bo‘lib g‘aflatda kolishidan hayiqardi. «Nahot telefon qoqish eslaridan chiqan bo‘lsa?— xunob bo‘lib o‘ylardi Parpiyev. — Axir kelishgan edikku!Rahbar yo‘lga chiqishi bilan qo‘ng‘iroq qilamiz, deb va’da berishuvdiku. Ipsiz bog‘lanib o‘tiribmana!. Agar telefon qilishni unutgan bo‘lishsa, Rahbar yo‘lga chiqqanu, qatorma-qator mashinalar maydonga kirib kelayotgan bo‘lsa shu topda, u yerda esa men, ya’ni, rayon partiya komitetining birinchi sekretari bo‘lmasam, ne azob bilan to‘plangan xalq pana-panada mudrab o‘tirgan, guldastalar so‘ligan, kimdir hushidan ketib yotgan bo‘lsa, unda nima deb nom topaman, qanday o‘zimni oqlay olaman? Telefon kutayotuvdim, qo‘ng‘iroq qilishmadi, deymanmi? Kim gapimga quloq solar-di? Qaytaga ayblashadi, jazo axtarishadi. Oblast komit
etining birinchisi meni aslida uncha xush ko‘rmaydi, rayon ko‘rsatkichlarining bitta moddasi chatoq bo‘lsag allaqachon masalamni byuroga qo‘ygan bo‘lardi. Mana endi bu gal unga qo‘l keladi, Rahbarning qulog‘iga visir-visir qiladi, Rahbar ham narigi rayondagi dabdabalardan keyin bu yerdagi ahvolni ko‘rib, obkomning visir-visiriga e’tiroz bildirmaydi, masalam o‘sha zahotiyoq hal bo‘ladi… Kimga dod deysan, agar respublikaning birinchi odami shunday qarorga kelsa?.. Nima qilish kerak ekan? Nima?… Men bu yerda xayol surib o‘tiribman, Rahbar allaqachon kelib, men yo‘qligimni ko‘rib, shartta orqasiga qayrilib jo‘nab qolgan bo‘lsachi?»
Parpiyev o‘z gumonlaridan o‘zi qo‘rqib ketdi, telefonga otildi, Mo‘ydinovni chaqirdi.
— Nima bo‘ldi, kelishdimi?— xovriqishini bosa olmay so‘radi Parpiyev dag‘al ovoz bilan.
— Kim? Militsionerlarmi?— — trubkadan eshitildi Mo‘ydinovning cho‘chinqiragan ovozi.
— Yo‘q! Mehmonlar!— dedi Parpiyev uchinchn kotibning ziyrakmasligidan tutoqib.
— Yo‘q, — dedi Mo‘ydinovning ovozi biroz sukut saqlab. — Xabar berishlari kerak edi-ku, o‘zingizga.
— Jimjit, — dedi Parpiyev andak tinchlanib. — Kutayapman. Hali-zamon qo‘ng‘iroq bo‘lib qoladi. Siz o‘shatdan jilmang. Men telefondan nari ketolmayman. Ishqilib sharmanda bo‘lmaylik, — dedi Parpiyev va bir nafas jim turgach, so‘radi. — Militsionerlar keladimi? Yangi naryad?
— Kapitan idorasiga telefon qildi, — dedi Mo‘ydinov sarosimadan holi bo‘lgandek. — Kelishadi.
— Nega jimjit?Nega qo‘shiq eshitilmaydi?
— Aytishayapti, — dedi Muydinov darrov. — Mikrofonlar o‘chirib qo‘yilgan.
— O‘chirishmasin, — dedi Parpiyev e’tirozsiz. — Sovutishmasin. Axir rayon uchun tantana, bayram-ku bugun. Hali miting bor, Rahbarning nutqi bor-a! Butun respublika matbuoti, radio, televizor xabar berishadi. Kechqurun «axborot» ko‘rsatadi. Siyosiy tadbir-a?
— Xalq tushunayapti, Vali Parpiyevich, — dedi Muydinov. — Mas’uliyatni sezayapti. Lekin…
— Xo‘sh?— Mo‘ydinovning jimib qolganidan bezovtalanib so‘radi Parpiyev. — Nima «lekin»?
— Maktab bolalari betoqat bo‘lishayapti-da, transporant-portretlarni bir-birndan yulishayapti…
— Ehtiyot bo‘ling, Safar Mo‘ydinovich, — dedi Parpiyev Mo‘ydinovnning gapini bo‘lib. — Ayniqsa, Bosh sekretarnikiga qarang, omonat tutishsin, Rahbarnikini ham!
— Chetta oldirib qo‘ydim, — dedi Mo‘ydinov hozirjavoblik bilan. — Mashinalar ko‘rinishi bilan odamlarning qo‘llariga tutqazamiz.
— Nega chetga oldirnb qo‘ydingiz?— xadiksirab so‘radi Parpiyev. — Lop etib kelib qolishsa ulgurmaysizlar-ku!
— Chetga oldirmasam, Vali Parpiyevich, — dedi Mo‘ydinov uzrli ohangda. — Siyosiy tusi bor.
— Siyosiy tusi? — tushunmay so‘radi Parpiyev.
— Ha-da, Vali Parpiyevich, — dedi Mo‘ydinov iymanib. .
— Odamlar portret-u alvonlarni boshlariga ko‘tarib, soyabon qilishayapti…
— Juda to‘g‘ri qilibsiz, Safarjon, — dedi Parpiyev katta bir xatodan holi bo‘lgandek. — Ishqilib portretlar panadami? Oftobdan qovjirab yotgan bo‘lmasin.
— Yo‘q, — dedi Mo‘ydinov dadil ovoz bilan. — Panada. Skameykaga taxlattirib qo‘ydim. Yo‘lakdagi skameykaga. Daraxtning soyasida.
— Gullar nima bo‘ldi?— mamnun holda so‘radi Parpiyev. — Buketlar?
— Hozir olib kelishadi, — dedi Mo‘ydinov bosiq-xotirjam ovozda. — Suvga soldirib qo‘yamiz. Kechirasiz…
Trubka qisqa dudulay boshladi, Parpiyev hayron bo‘lib, trubkani telefon apparatiga qo‘ydm, ko‘ngli yana allanechuk g‘ulg‘ulaga to‘la boshladi.
«Bunaqa odati yo‘q edi-ku Mo‘ydinovning— Deb o‘yladi Parpiyev taajjubda, — men gapgya chek qo‘ymagunimcha suhbatni bo‘lmasdi… Yana nima hol ro‘y berdi ekan? Yo yana bironta ayol hushidan ketib qoldimikin?Boyagi kutubxonachi ayol nim qorong‘i zax xonaga o‘rgangan, tashqa-riga kam chiqadi, oftob urgan bo‘lishi mumkin, ammo boshqalar dala odami-ku, unaqa-munaqa jaziramani pisand qilishmaydi ham… Ammo nima ucho‘n Mo‘ydnnov trubkani tashladi? Nima bo‘lishi mumkin?
Shunday notinch xayollar iskayjasida Parpiyev yana kabinetning u boshndan bu boshiga yura boshladi. Qizil telefon apparati hamon jim, portlash moddasi o‘rnatilgandeq sirli sukut saqlar, Parpiyevning sabrini asbob toridek tarang ushlar, asabinn zirqiratardi.
Parpiyev bir necha kunlar mobaynida Rahbarni kutib olish bilan bog‘liq tuzilgan tadbirlar ro‘yxatini birma- bir xayolidan o‘tkaza boshladi, raykom bog‘idagi marmar jig‘ali soy bo‘yida, bahaybat chinorlar ostida ziyofat uchun qurilgan stollar, masalliqlar, ichimliklar taxt, qo‘ylar so‘yilgan, nimtalangan, go‘sht parchalari qovurg‘a suyaklari bilan sixlangan, balig‘u parrandalar xam tayyor, oshpazlar, mashshoqlar, raqqosa qizlar shay, imoni kutib o‘tirishibdib, ko‘chalarga bir necha martalab mashinalar suv sepib chiqqan. Madaniyat Saroyyda gilamlar solingan, o‘ttizta sovuq havo bero‘vchi kbnditsionerlar tundan beri tinmay ishlab turipti, hamma qandillar yonib yotipti, mikrofoilar o‘rnatilgan, Leniining yarim tonna keladigan oq byusti sahnaning orqasida mag‘rur turigpti, savat gullar, duxoba parda, lentalar, projektorlarning nurlari, militsiya, tez-yordam…
Shu payt telefon jiringlab, Parpiyevni seskantirib yubordi. Biroq bu qizil telefon apparati emas, mahalliy aloqa uchun o‘rnatilgan apparat edi.
— Alyo, — dedi Parpiyev trubkani olib. Qizil telefon jiringlamagani uchun uning hafsalasi pir bo‘lgan-
— Vali Parpiyevich, bu men, — dedi Muydinovniig uzrli tovushi, — Boya to‘satdan trubkani tashlab qo‘ydim, kechirasiz…
— Nima gap, tinchlikmi?— bezovtalanib so‘radi Parpiyev.
— Nima desamikin, — dedi Mo‘ydinov mijg‘ovlanib.
— Ayting, odamni xunob qilmay!— keskin dedi Parpiyev.
— Dohiylarimiz portretlarini chetga, skameykaga taxlatib qo‘ydim, devdim sizga…
— Xo‘sh? — o‘shqirdi Parpiyev va hapqira boshlagan yuragiga kaftini bosdi.
— Shu, deng, suv sepadigan mashina shalabbo qilib ketdi, hammayoq shovqin, ha-xu deganimizni shofer eshitmadi. — Mo‘ydinovning ovozi o‘lim hukmini kutayotgan mah-busnikidek dag‘illar, najot kutar edi.
— Yaramaydimi?
— Rasvo, — dedi Mo‘ydinov arang. — Ranglari suykalib ketipti.
— Ko‘z-quloq bo‘lib turing desam, menta ko‘rsatgan karomatingiz shu bo‘ldimi?!— dedi Parpiyev tutoqib. — Vaqt tig‘iz paytda! To‘rt-besh minut qolganda mehmonlarning kelishiga! E, o‘rgildim sizdan!Shunaqayam noshud bo‘ladimi odam degan?— Parpiyevning boshi qotib sukut qildi.
— Musofirchilarga aytdim, Vali Parpiyevich, — bir necha daqiqali sukutdan so‘ng arang botinib so‘z qoqdi Mo‘ydinov, — maktablardan qidirishadi, madaniy mollar magaziniga odam yugurtirdim, unaqa portretlar defitsit emas, topib kelishadi. Ulgursak bo‘lgani. Ammo lekin…
— Yana nima «ammo-lekin»?— o‘ta xunob bo‘lib baqirdi Parpiyev.
— Maydon siyraklashib qolyapti, Vali Pariiyevich, — dedi Mo‘ydinov nig‘lagudek ohangda. — Ming xil bahona birovi suv deb g‘oyib bo‘layapti, birovi hojat, deb.
— Militsiyachi? Haliyam naryad kelmadimi?
— Keldi, eplay olmayapti…
— Menga qarang! — dedi Parpiyev qat’iy tarzda Mo‘ygdinovning gapini bo‘lib— Hammani Madaniyat Saroyiga olib kiringlar!Tezlik bilan! Tushundingizmi? Vestibyulda to‘planglar. Tarqalib ketishmasin. Zalga qo‘yilmasin, kreslolarni rasvo qilishadi.
— Vestibyulga sig‘ishmaydi, Vali Parpiyevich…
— Sig‘ishmasa, ikkinchi qavat bor, uchinchi… Faqat zalga kirishmasa bo‘lgani — dimiqib ketadi. Tushundingizmi?
— Tushundim, Vali Parpiyevich, — bir oz yengil tortib javob berdi Mo‘ydinov. — Hozir aytaman, olib kirishadi…
— Bo‘pti, bajaring!-— dedi Parpiyev. — Meni vaziyatdan xabardor qilib turing.
— Xo‘p bo‘ladi, Vali Pargshevich.
— Rasmlar esingizdan chiqmasin, imillamang, oqibatini o‘ylang, ish buzilsa, rahmat deyishmaydi. Yuguring, bajariig tez!
Parpiyev telefon trubkasini sharaqlatib qo‘ydi, qo‘linn ko‘ksidan olib orqasiga suyandi, ko‘zlarini yumdi.
Qizil telefon hamon jnringlamas, asabiy vaziyatni battar keskinlashtirgandek edi.
Parpiyev stol galadonidan validol olib, tilining ostiga tashladi. Yuragi shu bugungi mash-mashaga chidab bersa koshki, shu bugungi marosimlar ishkalsiz o‘tib olsa mayli edi, ertasiga nima bo‘lmasin, u yog‘i bir nav. Axir respublnkaning Rahbari— mana Parpiyev rayonni qabul qilib olganiga to‘rt yil bo‘libdi — birinchi marta kelishi. Ertangi kun, kelajagi bugungi taassurotga bog‘liq, biron jihati Rahbarni qoniqtirmasa, tamom, shuncha qilgan toat-ibodati chippakka chiqadi. Qoyil qolib ketishi kerak! Loaqal qo‘shni rayonnikidan kam bo‘lmasligi shart.
Parpiyev ermak xayollarga cho‘mib, o‘zini Rahbar ro‘pa-rasida ko‘rdi — Rahbar betinim kular, gul tutgan qizaloqni bag‘riga bosib, peshonasidan o‘par, Parpiyevning yelkasiga qoqar, obkom sekretarga mamnun holda nimalarnidir uqtirar, obkom sekretari itoatkorona bosh silkir, Rahbarning gaplarini ma’qullar, Parpiyev tomon qarab, ma’nodor iljayib qo‘yar, Parpiyev esa o‘zini tushunmaganga olar, atrofga sarak-sarak boqar, ammo Rahbar bilan obkom sekretari bu, Parpiyev haqida gap olib borayotgayaini his qilar, ich-ichidan quvnab ketar edi…
«Yaxshi taassurot qoldirishda gap ko‘p», — deb o‘yladi Parpiyev xayollariga xotima yasab. Abjir, ish ko‘zini biladigan yigit ekan, degan taassurot bilan qaytsa Rahbar. kifoya, Parpiyevning yo‘li o‘zidan-o‘zi ochilaveradi, hech kim to‘g‘anoq bo‘la olmaydi. Hatto xush ko‘rmaydigan obkom sekretari ham…
Yana Parpiyevni cho‘chitib telefon jiringladi, xayolning beliga tepdi. Qiznl apparat emas, yana zangori telefon, yana Mo‘ydinovning sarosimali tovushi Parpiyevning jinidan battar yomon ko‘rinib ketdi. Mo‘ydinovning o‘ziyam ovoziyam. So‘tak!Rasmlarni suvga bo‘ktirib o‘tiribdi, landovur. Odam bo‘lmaydi.
— Alyo, — dedi Parpiyev noxush ovozda va yana bir ko‘ngilsiz xabar kelishini chamalab, xo‘mraydi.
— Vali Parpiyevich, — dedi Mo‘ydinovning aybli ovozn.
— Xo‘sh, yana biron ishkalmi?
— Ishkalmas, Vali Parpiyevich, odamlar tashqariga chiqaylik. deyishyapti…
— Chiqarmang, bittasiniyam chiqarmang!
— Hojatga deyishyaiti…
— Yo‘q, ishtonlariga qilib qo‘ysayam, chiqarmang!
— Bosib kelishayapti, Vali Parpiyevich, militsiyaning ham kuchi yetmayaati.
— Yoptiring eshikni!Qulflating!— deya Parpiyev dargazab holda baqirdi. — Eshitdingizmi? Qulflating, kalitini o‘zimga olib kelib bering! Darrov! Buzg‘unchilik qilayotganlarni yozib bering!Tashqariga militsiya qo‘ydiring. Derazalarni ochtirmang. Tamom. Gap shu! Bajaring! — Parpiyev Mo‘ydinovning ming‘irlagan ovozidan ijirg‘aiib trubkani tashladi, qo‘ng‘iroq tugmasini bosdi.
Qabulxona eshigi ochilib, sekretar qiz mo‘raladi.
— Shofernn chaqirang, — dedi Parpiyev qovoqlari ostidan qizga tikilib.
— Xo‘p.
Tezda shofer yigit kirdi, raykom hovlisidagi ishkom ostida narda o‘ynayotgan bo‘lsa kerak, turqi tumtaygan edi.
— «Baland ko‘prikka» hayda, — dedi Parpiyev yuz tusida hech qanday hayajonni ifoda qilmay. — Mehmonlarning qorasi ko‘rinishi bilan telefon qil.
— U yerda tayinlangan odam borku.
— Ehtiyot shart, — dedi Parpiyev qiyofasini buzmay.
— Siz nimada borasiz, men u yoqqa ketsam?— mulohaza qilgaya aytdi shofer.
— Sheriginga ayt, tayyor tursin.
— Xo‘p.
Shofer chiqib ketgandan keyin bir oz vaqt o‘tgach, eshik tirqishnda yana sekretar qiz ko‘rindi.
— Hm?
— Kalit tashlab ketishdi, — dedi qiz eshitilar-eshitilmas ovozda. — Sizga.
— Opkeling.
Sekretar qiz yaqinlashib, kalitni stol burchagiga omonatgina qo‘ydi.
— Choy olib kiraymi?— so‘radi qiz eshik oldidan.
— Mayli.
Parpiyev kalitni shim cho‘ntagiga solib, soatiga qara-i. Uch bo‘libti. O‘n ikkiga kelishlari, bir oz rayonni ko‘zdan kechirgach mitingga kirishlari kerak edi. Hamma balo o‘sha rayonning birinchisi, mahmadona Eshmuhamedovda!Tovuqxonasi ham qolmagandir Rahbarga ko‘rsatmagan!Kani endi zamon ko‘tarsa-yu, shartta borib revolverni tirab, la’natining peshonasndan qo‘yvorsang-da, armondan yayqsang!
Qabulxona eshigi ochilib, ijrokom raisi Sottiyev kirib keldi. U baland bo‘yli, dukkipeshona. ola-kula ko‘zli, yoshi qirqlardan oshgan mallasoch odam edi. Stol qarshisiga kelib to‘xtadi. Parpiyevni avzoynni ko‘rib aytmoqchi bo‘lgan gapini yutdi. — Hm?— dedi Parpiyev o‘rnidan turmay.
— Shtabdagilar iltimos qilishdi, Vali Parpiyevich — dedi u yuragi betlamay. — Shu choqqacha mehmonlar kelishmadi, o‘zimiz boraqolaylik, bizni ko‘rib, io‘lga tushishadi, deyishyapti. — Sottiyevning «Shtab» degani, ijrokom binosnning majlislar zali — u yerda Rahbarni kutib olish bo‘yicha rayon ilg‘orlaridan iborat komissiya yig‘ilgan, taxminan qirq nafar odam mehnat qahramonlari, veteranlar, nomi chiqqan mexanizatoru — sut sog‘uvchi juvonlar, hammalarining ko‘kraklarida orden-medallar…
— Shu maslahatga nima deysiz, Vali Parpiyevich? Kutaverib tars yorilishga tayyor turgan Parpiyevga bunaqangi fikr ma’qul tushgandek bo‘ldi.
— Juda soz, — dedi Parpiyev va keskin o‘rnidan turdi. — O‘zimiz ham bir aylanib kelamiz. Xamma ham siqilib ketdi. Ketdik!
Bir boshdan elektr lampadagi simlar qizib-qizarib lahcha cho‘g‘ga aylandi, ustida qobig‘i erib, laklangan polga toma boshladi, keyin chars-chars uchqunlar sachradi, olov yolqinlanib tepaga urdi, sahna pardalari lovullay ketdi, sahna — zal tutunga to‘ldi, tutun tirqishlardan sizib foyelarni chulg‘ay boshladi, xash-pash deguncha o‘t shitob bilan alangaga aylanib, jihozlarni yamlap ketdi, vestibyulda dod-voy, vahima, boshlandi, tepa qavatdagilar pastga, pastdagilar tepaga yugurishdi, ur-yiqit boshlandi, kimlardir birgalashib qulf eshikka kift urdilar, eshik qattiq, qulf mustahkam edi, ochilmadi, derazalar qars-qurs sindi, odamlar biri birini tepkilab, bosib o‘sha yoqqa otilishdi, yangi kirgan havo oqimi yong‘inga dalda berdi, tutun aralash alanga buzilgan derazalardan burqsib chiqa boshladi, hamma yoqni tutun qoplagan, odamlar vahimadan bir-byriga urilishar, yonayotgan zar pardalarga o‘ralib qolgan ayollar dod deyishar, atlas ko‘ylaklari aralash sochlari lovullab, qiychuv, ur-to‘palon avjiga chiqar, deraza oynal
ari jaranglab sinar, goh u yerda, goh bu yerda lop etib olov yashnar, sharsharadek shovullab na’ra tortar, o‘z qilmishidan o‘zi zavqlangandek edi. Yenayotgan ko‘ylaklar, kuyayotgan odamlar, ikkinchi, uchinchi qavatdan o‘zlarini pastga otishar, irg‘ishar, gurs-gurs asfaltga urilib, mayib bo‘lishar, tura olmay gulxanga aylanishar, hamma yoqni qora tutun va jizg‘anak hidi qoplar edi…
Uzoqdan esa turna-qator mashinalar maydon sari yaqinlashar, rayoi markazi ularni qiy-chuv, ayuhannos va qudratli mash’ala bilan kutib olar edi.
KAL MULLA
Bu o‘ttiz besh yoshga kirgan, ko‘zlari kulrang, kipriklari sarg‘ish kishining nomi Karl Myuller bo‘lib, mahalla odamlari uni oldiniga Karl Mulla, keyin Kal Mulla deyishardi. Karl yagona yashar, onasi yetti yil burun vafot etgan, otasi, taniqli etnograf Gerxard Myuller, ko‘p vaqtini arxeologik safarlarda o‘tkazar, nega bu nemis oilasi o‘zbek mahallasida turib qolganini hech kim bilmas edi. Atrofda boshqa maktab yo‘qligi sababli Karl Myuller ham o‘zbek maktabiga qatnadi, og‘aynilari asosan o‘zbek bolalari bo‘lgani uchun ota-onasi bilan bemalol uch tilda — nemischa, ruscha, o‘zbekcha gaplashishga odatlandi. G‘irt mahalla tilini ko‘cha bolalari qanday bilsa, Karl ham shunday bilar edi. Studentligida tanishgan rus qizi Svetlana Karl bilan uch yil yashadi — yo farzand ko‘rmadi, yoki eski mahalla sharoitiga ko‘nika olmadi — o‘ttiz yoshli Karlni tashlab ketdi. Karl tanho qoldi, boshqa uylanmadi.
Kimning nimasi buzilmasin — tikuv mashinasimi, bolalarning velosipedimi, Kal Mullaga chopishadi. Karl ishni shu qadar puxta bajaradiki, ustalar ham primuslarini shunga tuzattirishadi. Qo‘lidan kelmagan ish yo‘q, o‘zi qanaqadir zavodda ishlaydi. Mahalla to‘y-azalariga qatnashadi, hamma qatori fotihaga qo‘l ochadi, hatto «Kulhu Ollohu ahad»ni yod biladi, ba’zilar bu haqida o‘zbekcha gapirsa, hammasini tushunadi, indamaydi. Zavod unga ikki xonali uy berganida, Karl olmadi — itini, kaptarlarini, toshbaqalarini ko‘zi qiymadi. Qo‘shnilari tandirda non yopishsa, tansiq taom qilishsa, unga ilinishadi. Karl kosalarni shokolad solib qaytaradi.
Balki nemis bo‘lgani uchunmi, urush boshlanganda, Karlni olishmadi, bosh injenerlik amalidan pasaytirishdi.
Gazeta-jurnallar fashistlarni mazax qiluvchi maqolalar, Gitlerning badbashara rasmlarini bosishdi. Avvalgi «qizillar-oqlar» «ruslar-nemislar» o‘yiniga aylandi, nafrat kuchaydi. Bolalardan biri Karlni «fashist», dedi. Karl e’tibor bermay o‘tib ketaverdi. Keyin ortidan tosh otadigan bo‘lishdi. Karl qancha indamasa, bolalar shuncha qutirishdi. Yaqindagina velosipedlarini tuzatib yurgan Karl dushmanga aylandi. Karl ko‘chada ko‘rinishdan ham hayiqadigan bo‘lib qoldi.
Albatta, Karl shu boshi berk ko‘chadan chiqib, mahalladan nariroq ketsa — bas, hech kim buni tanimaydi, hamma o‘ris, deb o‘ylaydi, bu bilan hech kimning ishi yo‘q. Shuning uchun Karl uyidan sahar chiqib ketib, kechqurun qaytadigan bo‘ldi. Biroq kelguniga qadar iti, kaptarlari och qolishadi, ularga don-suv beradigan odam ham yo‘q. Sakkiz oydan beri dadasidan darak yo‘q, qari narsa, omonmikan?
Karlga ta’sir qiladigan joyi shuki, ko‘chasidaga tirmizaklarning bari Karlning ko‘z o‘ngida tug‘ilgan, og‘aynilarining farzandlari, hammasiga Karl varrak, rogatka, novdadan yoy yasab bergan, nomlarini biladi, ukasidek bo‘lib ketishgan edi, kelib-kelib chatoqlik shulardan chiqyapti. To‘g‘ri, ota-akalari o‘shqirishdi, po‘pisa qilishdi, quloqlaridan cho‘zishdi, bolalar bilganidan qolishmadi.
Urush boshlanganiga yarim yil o‘tmay turib, frontdan qoraxat kela boshladi.
Birinchi marta qoraxat Karl bilan bir sinfda o‘qigan Ilyosning halokati haqida keldi.
— Adamni sen o‘ldirgansan, fashist! — dedi uning o‘g‘li Karlga.
Karl, o‘zini ushlay olmay, bolaning betiga tarsaki tushirdi, Salim chinqirib, uyiga qochdi.
Karl urganidan pushaymon bo‘ldi, o‘rtog‘ining azasiga ham kira olmadi.
Shundan keyin Karlning ko‘cha eshigida bo‘r bilan chizilgan fashistlarning belgisi paydo bo‘ldi. Karl o‘chirib tashladi, lekin keyin mash’um xoch to‘rttalab-beshtalab chizila boshladi. Karl e’tibor bermay qo‘ydi. Karl hamma narsadan, ko‘cha-kuyda ham, go‘yo odamlar uning nemisligini sezayotgandek, hadiksiraydigan, hammaga gumon bilan qaraydigan bo‘lib qoldi, o‘zbek mozorining bir chetiga dafn qilingan onasining qabriga borganida, o‘zini tuga olmay ho‘ngrab yig‘lab yubordi. Uyiga qaytib kelganida, kaptarlarining uchtasi qo‘ndoqdan qulab qorda yotar, qon tomchilari qorga sochilgan edi. O‘zi isab bergan rogatkalardan otishgani ma’lum bo‘ldi. Keyin uy derazasining oynasi chil-parchin sindirildi, Karl yangi oyna qo‘ydi, uni ham sindirishdi, itini zaharlashdi. Karl shikoyat qilishdan ham ko‘rqar edi.
Bahor kunlarining birida ikkita harbiy kishi kelib, Karlni olib ketishdi. Karl ko‘cha eshigini qulflashga ham ulgurmadi.
Hovli qarovsiz qoldi.
Yon qo‘shnilar o‘tini yulishdi, suv sepishdi, shipirishdi, hovli chinnidek bo‘ldi; hovliga qarash, sarishta qilish, gullar ekish, qolgan kaptarlarga don sochish odat bo‘ldi. Keyin hovlini «Bolalar bog‘chasi»ga aylantirishdi. Baqirib — chaqirishsa ham mayli, jimlikdan tuzuk.
INSHO
Sakkizinchi sinf o‘quvchisi Xurshid shaxmat qutisini qo‘ymaydi, qo‘ltiqlab yuradi. Faqat shaxmat o‘ynaydigan bolalar bilan o‘rtoq tutinadi. O‘qituvchilar ichidan geografiya muallimi Daler akani alohida hurmatlaydi. Daler aka o‘z fanini qiziqarli olib boradi. Biron mamlakat haqida dars o‘tsa, albatta, o‘sha mamlakatga xos bir hislatni, masalan, Tanzaniyada yozuvchi Xeminguey ov qilganini gapirib beradi, o‘sha yozuvchining «Frensis Makomberning omonat baxti» nomli hikoyasini topib o‘qib chiqinglar, deydi. O‘quvchilar bu hikoyani topib o‘qishadi, keyin geografiya darsida muhokama qilishadi — dars nafaqat geografiya, hatto adabiyot mashg‘ulotiga aylanadi. Qiziqarli o‘tadi. O‘quvchilar, shuning uchun bo‘lsa ajabmas, uy topshiriqlarini geografiyadan boshlashadi. Geografiya darslariga kanda qilmay borishadi. Daler aka so‘z boshlashi bilan jimib qolishadi. Koridordan o‘tgan odam bu sinfda dars bo‘layotganini sezmaydi ham.
Darslarning birida Daler aka, Angliya haqida so‘zlab, uning shahzodasi Eduard bir ayolni sevib qolganini, parlament a’zolari bu oshiqlikni ma’qul ko‘rmagach, shahzoda Eduard qirollik taxtidan voz kechganini gapirib berdi. Dars sevgi muhokamasiga aylandi.
Daler akaning qo‘lida o‘qigan talabalarning ko‘pi geografiya, adabiyot, tarix fakultetlariga alo baholar bilan kirishgan. Tarix o‘qituvchisi bu muvaffaqiyatni o‘ziga yozdi. Uning darslari zerikarli o‘tar, aftidan Tursun Sobirov o‘z fanini sevmas, tasodif ravishda tarix o‘qituvchisi bo‘lib qolgandek tuyulardi. Umuman, xonlar, shohlar, amirlar, sultonlarni oldin zolim-ekspluatator, Amir Temurni bosqinchi, der edi, keyin mamlakat mustaqil bo‘lgach, Sohibqironni «Ulug‘ sarkarda, millatimiz otasi», deydigan bo‘ldi.
Xurshid Daler Saidovich bilan hech qachon shaxmat o‘ynamaganliga sababli, domla bu o‘yinga qiziqmaydi, deb o‘ylar edi. Bir kuni Xurshid bo‘sh sinfda bolalar bilan shaxmat o‘ynab o‘tirganida, sinfga Daler Saidovich kirib qoldi. U uy kalitini qidirib yurgan ekan, bolalar kalitni axtarishga kirishishdi, topa olishmadi. Daler aka Xurshid bilan shaxmat o‘ynashga o‘tirdi. Yarim soat o‘tgach, Xurshid mot bo‘ldi. Daler Saidovich yaxshi o‘ynar ekan, hech kimga taslim bo‘lmagan Xurshidni yutdi, bolalar angrayib qolishdi. Xurshid yana bellashgisi keldi, Daler Saidovich soatiga qaradi: qizchasini bog‘chasidan olishi, xotini ishdan kelishiga uy eshigini ochishi, boshqa qulf o‘rnatishi kerak edi, ikkinchi o‘yinga rozi bo‘lmadi.
Xurshid ba’zan darslarga kechikib kiradi, tarix darsiga kirmaydi. Bugun «besh» olsa, ertasiga «ikki» olishi hech gap emas. Parvo qilmaydi. Adabiyot darsida ijobiy, salbiy qahramon degan tushunchalarni ta’bi ko‘tarmaydi. Bir kuni «Qutlug‘ qon» romani mavzusida insho yozishdi. Xurshid erkin mavzu tanladi, ammo yozgani o‘zini qoniqtirmadi, sahifaga chiziq tortib, g‘ijimlab, sinfdan chiqib ketdi. Kelasi darsda adabiyot o‘qituvchisi g‘ijim varaqlarni yozib, o‘quvchilarga qaradi. Xurshid bu darsga ham kirmagan, zalda boshqa bolalar bilan shaxmat o‘ynab o‘tirardi. Adabiyot o‘qituvchisi Odil To‘rayev Xurshid yozgan inshoni sinfdagi o‘quvchilarga o‘qib berdi: «Mansur shaharga kelib, institutga kirdi, amakisinikida tura boshladi. Amakisi Dilshod xotini Toliya bilan yashar, farzandsiz edilar, — o‘qiy boshladi Odil To‘rayev. — Ular tez-tez tortishib turishar, yon berishmas, arazlab yurishar, Mansur orkali «gaplashishar» edi. Oxirgi mojarodan keyin amakisi uydan chiqib ketdi, bir haftacha qorasini ko‘rsatmadi. Kecha keldi, eshikni Toliya ochdi, erini ko‘rib, qayrilib ketdi. O‘rtada Mansur serrayib qoldi. «Kiyimimga keldim, ayt, bersin» — dedi amakisi ovozini tumtayib gurgan xotiniga eshittirib. Mansur kelin ayasiga qaradi. «Kiyimini sharabarachiga berib yubordim, yo‘q, — dedi Toliya zarda bilan. — Da’vosini manjalaqisiga qilsin, u ko‘taradi!». «Kim u?» — dedi Mansur tushunmay. «O‘ynashi, — dedi Toliya o‘chakishib. — Ana, rasmda yonma-yon o‘tirishipti». «Yonma-yon bo‘lsa, nima qipti? Xodimlardan biri, — dedi amakisi o‘shqirib. «Xodimlardan biri bo‘lsa, nega bitta buyragini berdi, so‘ra!» — dedi Toliya da’vosini ro‘kach qilib. «Qonim gruppasi o‘shanikiga to‘g‘ri keldi, — dedi amakisi. — Bitta buyrak bilan yashash mumkin ekan, mana yashayapman. Bir odamni saqlab qoldim…».
Mansur o‘rtada serrayib turib koldi, keyin xonasiga kirib ketdi. Ular yana bir oz aytishishgach, jimib qolishdi. Mansur, mojaro tugadi, deb o‘ylab, yo‘lakka mo‘raladi: amakisi bilan kelin ayasi quchoqlashib turishar edi. Mansur xonasiga qaytib kirib ketdi».
Odil To‘rayev inshoni o‘qib bo‘lib, termulib o‘tirgan o‘quvchilarga nazar gashladi.
— Qalay? — dedi. O‘quvchilar indashmadi. — Besh qo‘ysam, arziydimi?
— Arziydi! — deyishdi o‘quvchilar bir ovozdan, o‘qituvchi qarorini olqishlab.
Tanaffusda o‘quvchilar zalga chopishdi. U yerda Xurshid hamon shaxmat ustida o‘tirgan edi. O‘quvchilar keltirgan xabarni eshitib, Xurshid indamadi.
— Shah! — dedi raqibiga.
