Vasiliy Shukshin. Quyosh, chol va qiz

02225 июль — атоқли рус адиби Василий Шукшин таваллуд топган кун

Ҳикояда ҳамма нарса тушунарли, ҳатто ундан ҳам зиёд бўлишини истайман…  Адабиётда ҳамма вақт қандайдир спорт мусобақасига ўхшаган ҳолат бор. Қани ким ихчамроқ ёзади? Ким мураккаброқ! Ким журъатлироқ! Ҳолбуки, адабиёт – ҳақиқатдир. Кашфиётдир. Унда ким дадил-у, ким мураккабу, ким эпикроқ – бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Ҳақиқат борки, адабиёт бор…(Василий Шукшин)

Василий Шукшин
ҚУЁШ,ЧОЛ ВА ҚИЗ
Ўткир Ҳошимов таржимаси
09

033ШУКШИН Василий Макарович (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.
Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган. Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

001

Чол қимирламайди. Офтобдан қорайиб, этлари тиришган қўллар тизза устида бемажол. Юзи ҳам бужмайган, намланган кўзлари нурсиз. Ингичка бўйни устидаги кичкина оппоқ калла қимирламайди. Кўк чит кўйлак остидан елка суяклари бўртиб турибди.

Бу ҳол ҳар куни такрорланади.

Шундай кунлардан бирида чол орқа томондан овоз эшитиб қолди:
— Салом, буважон!

Чол бош ирғади.

Унинг ёнига ясси чамадонча кўтарган қиз ўтирди.
— Дам оляпсизми?
— Дам оляпман, — бош ирғади чол, қиз томонга қайрилиб ҳам қўймай.
— Мен сизни чизсам майлими? — сўради қиз.
— Қанақасига?
— Расмингизни чизсам?

Чол қуёшга термулганича бир мунча муддат жим қолди, киприксиз қизғиш қовоқлари учиб қўярди. Сўнг:
— Чизадиган жойим қолибдими менинг? — деди.
— Нега энди? — Қиз бироз ўнғайсизланди. — Кўринишингиз бир чиройли, буважон.
— Ўлай деб турган бўлсам…

Қиз чолга анча тикилиб турди. Кейин юмшоқ бармоқлари билан чолнинг қуруқшаган жигарранг қўлини аста силаб деди:
— Йўқ, сиз жуда ҳам чиройлисиз, буважон. Рост!

Чол бемажол жилмайди.
— Унақа бўлса, чизсанг чизавер.

Қиз чамадонини очди.

Чол кафтини оғзига қилиб йўталиб олди.
— Шаҳарлик бўлсанг керак-а?
— Ҳа, шаҳарликман.
— Бу ишингга ҳақ тўлашса керак?
— Яхши чиқса, тўлашади.
— Ҳаракат қилиш керак.
— Ҳаракат қиляпман.

Жим қолишди.

Қиз чолнинг юзига тикила-тикила чизяпти.
— Буважон, сиз шу ерликмисиз?
— Шу ерлик.
— Шу ерда туғилгансизми?
— Шу ерда, шу ерда.
— Неча ёшга бордингиз?
— Саксонга.
— Оҳ-ҳо!
— Ҳа, етишиб қолдим, — яна беҳол илжайди чол. — Сен нечага кирдинг?
— Йигирма бешга.

Яна жим қолишди.
— Қуёш қандай-а?! — секин хитоб қилди чол.
— Қандай? — тушунмади қиз.
— Каттако-он.
— Ҳа-а, бу ерда манзара жуда чиройли экан.
— Сувга қара, қарагин… Нариги қирғоққа қара…
— Ҳа, ҳа.
— Худди қон қўшилгандай.

Дарҳақиқат, шундай. Қиз нариги қирғоққа назар ташлади.
— Ажойиб!

Қуёш Олтой чўққиларини ёритиб, аста-секин узоқ кўкимтир оламга ботиб борарди. У чўккан сари, тоғ қоялари яққолроқ кўринади. Улар гўёки олдинга сурилиб келаётгандек эди. Дарё билан тоғ оралиғидаги водийнинг қора-қизғиш туси сўниб бормоқда. Тоғ томондан юмшоқ соя тушиб келмоқда. Қуёш Бобурхон тизмасининг ортига яширинган заҳотиёқ, ўша томондан кўкимтир осмонга ёрқин аланга нурлари таралди. Кўп давом этмади — аланга ҳам сўнди. Худди шу онда ўша томонларда тонг нурлари чарақлаган.
— Кетди қуёш, — хўрсинди чол.

Қиз қоғозларини чамадончасига жойлади.

Бир мунча вақт жим ўтиришди — майда тўлқинларнинг қирғоқ бўйлаб таралаётган шилдирашини тинглаб.

Водий узра парча-парча туман суза бошлади.

Яқиндаги ўрмон томонда қандайдир тунги қуш аста қийқирди. Унга жавобан дарё¬нинг нариги томонидан ҳам қушлар овози эшитилди.
— Яхши, — деб қўйди чол босиқ овоз билан.

Шу дамда қиз тез кунларда қадрдон шаҳрига қайтиб кетишини ва ўзи билан бир талай расмларни олиб боришини ўйлаб кетди. Шу жумладан, мана шу буванинг расми ҳам бўлади. Уни кутиб олажак дўсти, иқтидорли, ҳақиқий рассом яна койийди: «Яна шу бужмайган башаралар. Кимга керак? Сибирликлар… Совуқ иқлим ва оғир меҳнатдан ҳаммаси шунақалигини барча билади-ку!»

Қиз ўзининг иқтидор бобида мақтанадиган жойи йўқлигини яхши билади. Лекин у рўпарасида мункайиб ўтирган чолнинг машаққатли ўтмишини кўз олдига келтира олади. Унинг қўллари шундай дарак эмасми?.. Ажинлар ҳам!

«Ишлаш керак! Ишлаш, ишлаш…»
— Бу ерга эртага ҳам келасизми, бува? — сўради қиз.
— Келаман.

Қиз ўрнидан қўзғалиб, қишлоқ томон йўл олди.

Чол эса яна бироз соҳилда ўтирди. Сўнг у ҳам кетди.

Уйга келиб, одатдагидек ўзи ўрганиб қолган бурчакка, печ ёнига ўтирди ва жимгина кута бошлади — қачон ўғли ишдан қайтиб келишини ва кечки овқатга ўтиришларини.

Ўғил доимо чарчаб келар ва ғам-шикоятдан бошқа гапи йўқ эди. Келин ҳам ўшқириб, тақир-туқир қилгани қилган. Набиралар вояга етиб, шаҳарга кетиб қолишган. Уларсиз уй ғурбатхона.

Кечки овқат. Сутга бўлка тўғраб, чолнинг олдига қўйишади. Стол четида ўтирганча, қошиқни тарақлатмаслик учун эҳтиётлик билан овқат ича бошлайди чол. Ҳамма жим. Сўнг уйқуга ётишади. Гаплашгани гап йўқ. Ҳамма гап аллақачон гапириб бўлинган.

Чол печ устига чиқади. Ўғил билан келин эса ичкари хонага кириб кетишади.

* * *

Эртаси куни кечда чол билан қиз яна тўнка ёнида ўтиришарди. Қиз ошиқиш билан чизар, чол эса қуёшга тикилганича, ҳикоя қиларди.
— Яхши яшардик, ношукрлик қилмайман. Мен дурадгорлик қилардим, иш доимо етарли. Ўғилларим ҳам дурадгорлик қилишарди. Тўрттасини уруш еди. Иккитаси қолди. Ҳозир биттаси билан тураман. Степан билан. Ваня эса шаҳарда, Бийскда яшайди, янги қурилишда прораб. Ёзишича, тузук яшаётган эмиш. Меҳмонга келиб кетишди. Набиралар бир талай. Ҳаммаси мени яхши кўришади. Лекин, барчаси у шаҳар, бу шаҳарда…

Қиз чолнинг қўлларини чизмоқда, шошилиб-шошилиб. Асабийлишади, ўчириб, қайта-қайта чизади.
— Қийинчиликда яшаган бўлсанглар керак? — ўйланиб сўради у.
— Нима? Қийинчилик? — чол ҳайрон бўлади. — Айтдимку сенга, яхши яшаганмиз, деб.
— Ўғилларингизни йўқотганингизга ачинасизми?
— Ачиниш — гап эканми?! — яна ҳайрон бўлади чол. — Тўртта азаматни бериб қўйиш — ҳазилмас-ку!

Қиз ҳам ҳайрон — шунча йўқотишга қарамай, чол ўзини хотиржам тутишига.

Қуёш яна тоғлар ортига чўкмоқда. Яна жимгина аланга таралмоқда уфқда.
— Ёмғир ёғади эртага, — деб қўйди чол.

Қиз ёруғ осмонга боқиб:
— Қаердан билдингиз?
— Ҳамма аъзоларим зирқираб оғрияпти.
— Кўкда булут йўқ-ку?

Чол индамади.
— Эртага ҳам келасизми, бува?
— Билмадим, — ўйланиброқ жавоб қилди чол. — Ҳамма ерим оғриқ.
— Бува, мана бу тошни сизларда номи нима? — Қиз камзулининг чўнтагидан тилласимон ярақлаб турган оқ тош чиқарди.
— Қанақа тош? — сўради чол, ҳамон тоғ томон тикилганича.

Қиз унга тошни узатди. Чол қайрилиб ҳам қарамай қўл чўзди.
— Буми? — чол қараб-қарамасданоқ кўриб, қақшаган бармоқларида тошни айлантираркан. — Чақмоқ тош. Уруш йиллари гугурт йўқ, нуқул шунда олов чиқарардик.

Қизнинг миясига ялт этиб: «Кўрмайди шекилли?» деган гумон келди. У нима дейишини билмай чолга ён томондан боқиб туриб қолди. Чол эса ҳамон қуёш ботган томон термуларди. Ўйчанлик билан тикиларди…
— Ма, тошингни олиб қўй, — қизга қайтарди чол. — Бундан ҳам чиройлилари учрайди. Баъзан оппоқлари, тиниқранглари учрайди, шундай тиниқки, ичидаги доғлари ҳам кўриниб туради. Яна, тухумсимонлари ҳам бўлади, ҳакканинг тухумига ўхшаш, ёнлари хол-хол. Майнаникига ўхшаганлари ҳам учраб қолади, кўм-кўк, улар ҳам сепкиллик.

Қиз ҳамон чолга тикилганча турарди. Сўрагани журъат қилмади: ожизми ё йўқ?
— Буважон, қаерда яшайсиз?
— Унча узоқмас. Манави Иван Колоколниковники, — дарё қирғоғидаги уйни кўрсатди чол. — Орқасида Волокитинларники, кейин Зиновбевларники, ана ундан ке¬йин, муюлишдан кейин бизники. Бирор зарурат бўлса — киравер, бемалол… Набиралар олдимиздалигида қандай гавжум эди-я…
— Раҳмат.
— Мен кетдим энди, ҳамма ёғим зирқираб кетяпти.

Чол ўрнидан туриб, сўқмоқ бўйлаб кетди.

Қиз унинг ортидан, тор кўчага бурилиб кетмагунча қараб турди. Чол бирор марта ҳам қоқилмай, бир текис борарди. У шошилмай, оёқ остига қараб босарди.

«Йўқ, ожиз эмас, — тушунди қиз. — Сал-пал хиралашган бўлса керак кўзи».

Эртаси куни чол соҳилда кўринмади. Қиз ёлғиз ҳолда, чол ҳақида ўйларди: «Унинг ҳаёти оддий, айни пайтда содда кечмаган. Бир ажиб нарса бўлса керак, қандайдир идрок этиб бўлмайдиган. Қуёш ҳам оддий кўринади, эрталаб чиқади, оқшом ботади. Аммо бу оддийлик ортида…» У чизмаларини кўздан кечира бошлади. Юрагида ғашлик сезди.

Чол кейинги, иккинчи, учинчи кунлар ҳам кўринмади.

Қиз унинг уйини қидириб кетди.

Топди. Каттагина уйнинг ҳовлисида, бостирма салқинида эллик ёшлар чамасидаги бир эркак тахта рандаларди.
— Салом, — сўрашди қиз.

Одам белини тиклаб, қизга тикилиб, бошмалдоғи билан пешона терини артаркан, бош ирғади:
— Саломат бўл.
— Ҳалиги… Бир бува бор эди, шу ерда туради шекилли…

Эркак қизга ғалати-и қилиб разм солгач:
— Ҳа, шу ерда яшарди, — деб ишини давом эттирди. Бироздан сўнг қўшимча қилди: — Мана, унга уй ясаяпман.
— Нима, вафот қилдими?
— Ўлди. — Одам рандасини бир-икки юргизиб, яна тикланди. — Бирор ишинг бормиди?
— Мен… Мен унинг расмини чизгандим.
— Ҳа-а, шунақами, — ишини давом эттирди эркак.

Анча сукутдан сўнг қиз сўради.
— У кўрмиди?
— Кўр эди.
— Анча бўлганмиди?
— Ўн йилча. Нимайди?
— Шундай… ўзим.

Қиз ташқарига юрди. Кўчага чиқиб, беихтиёр четан деворга суяниб йиғлаб юборди…

098

Vasiliy Shukshin
QUYOSH,CHOL VA QIZ
O’tkir Hoshimov tarjimasi
09

033SHUKSHIN Vasiliy Makarovich (1929.25.7, Oltoy o’lkasi Biysk tumani Srostki qishlog’i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog’ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, stsenarist. Rossiyada xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to’plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin stsenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» fil`mi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo’lib o’tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo’lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) fil`mida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o’g’lingiz va akangiz» (1966), «G’aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan. Shukshin S. Gerasimovning «Ko’l bo’yida» fil`midagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» fil`mini suratga olish chog’ida to’satdan vafot etgan.Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan.

09

Jazirama kunlar. Yer ham qizigan, qurigan o‘t-alaflar oyoq ostida shitirlaydi. Daraxt yaproqlari go‘yo o‘zidan issiq harorat chiqarayotgandek.
Kechga yaqin salqin tusha boshlaydi. Har kuni shu payt¬larda qartaygan bir chol tezoqar Katuni bo‘yiga chiqib, to‘nka yoniga o‘tirib oladi-da, quyosh botishini sukut bilan kuzatib o‘tiradi.
Tog‘ ortiga cho‘kayotgan quyosh nihoyatda katta, qip-qizil.
Chol qimirlamaydi. Oftobdan qorayib, etlari tirishgan qo‘llar tizza ustida bemajol. Yuzi ham bujmaygan, namlangan ko‘zlari nursiz. Ingichka bo‘yni ustidagi kichkina oppoq kalla qimirlamaydi. Ko‘k chit ko‘ylak ostidan yelka suyaklari bo‘rtib turibdi.
Bu hol har kuni takrorlanadi.

Shunday kunlardan birida chol orqa tomondan ovoz eshitib qoldi:
— Salom, buvajon!
Chol bosh irg‘adi.
Uning yoniga yassi chamadoncha ko‘targan qiz o‘tirdi.
— Dam olyapsizmi?
— Dam olyapman, — bosh irg‘adi chol, qiz tomonga qayrilib ham qo‘ymay.
— Men sizni chizsam maylimi? — so‘radi qiz.
— Qanaqasiga?
— Rasmingizni chizsam?
Chol quyoshga termulganicha bir muncha muddat jim qoldi, kipriksiz qizg‘ish qovoqlari uchib qo‘yardi. So‘ng:
— Chizadigan joyim qolibdimi mening? — dedi.
— Nega endi? — Qiz biroz o‘ng‘aysizlandi. — Ko‘rinishingiz bir chiroyli, buvajon.
— O’lay deb turgan bo‘lsam…
Qiz cholga ancha tikilib turdi. Keyin yumshoq barmoqlari bilan cholning quruqshagan jigarrang qo‘lini asta silab dedi:
— Yo‘q, siz juda ham chiroylisiz, buvajon. Rost!
Chol bemajol jilmaydi.
— Unaqa bo‘lsa, chizsang chizaver.
Qiz chamadonini ochdi.
Chol kaftini og‘ziga qilib yo‘talib oldi.
— Shaharlik bo‘lsang kerak-a?
— Ha, shaharlikman.
— Bu ishingga haq to‘lashsa kerak?
— Yaxshi chiqsa, to‘lashadi.
— Harakat qilish kerak.
— Harakat qilyapman.
Jim qolishdi.
Qiz cholning yuziga tikila-tikila chizyapti.
— Buvajon, siz shu yerlikmisiz?
— Shu yerlik.
— Shu yerda tug‘ilgansizmi?
— Shu yerda, shu yerda.
— Necha yoshga bordingiz?
— Saksonga.
— Oh-ho!
— Ha, yetishib qoldim, — yana behol iljaydi chol. — Sen nechaga kirding?
— Yigirma beshga.
Yana jim qolishdi.
— Quyosh qanday-a?! — sekin xitob qildi chol.
— Qanday? — tushunmadi qiz.
— Kattako-on.
— Ha-a, bu yerda manzara juda chiroyli ekan.
— Suvga qara, qaragin… Narigi qirg‘oqqa qara…
— Ha, ha.
— Xuddi qon qo‘shilganday.
Darhaqiqat, shunday. Qiz narigi qirg‘oqqa nazar tashladi.
— Ajoyib!
Quyosh Oltoy cho‘qqilarini yoritib, asta-sekin uzoq ko‘kimtir olamga botib borardi. U cho‘kkan sari, tog‘ qoyalari yaqqolroq ko‘rinadi. Ular go‘yoki oldinga surilib kelayotgandek edi. Daryo bilan tog‘ oralig‘idagi vodiyning qora-qizg‘ish tusi so‘nib bormoqda. Tog‘ tomondan yumshoq soya tushib kelmoqda. Quyosh Boburxon tizmasining ortiga yashiringan zahotiyoq, o‘sha tomondan ko‘kimtir osmonga yorqin alanga nurlari taraldi. Ko‘p davom etmadi — alanga ham so‘ndi. Xuddi shu onda o‘sha tomonlarda tong nurlari charaqlagan.
— Ketdi quyosh, — xo‘rsindi chol.
Qiz qog‘ozlarini chamadonchasiga joyladi.
Bir muncha vaqt jim o‘tirishdi — mayda to‘lqinlarning qirg‘oq bo‘ylab taralayotgan shildirashini tinglab.
Vodiy uzra parcha-parcha tuman suza boshladi.
Yaqindagi o‘rmon tomonda qandaydir tungi qush asta qiyqirdi. Unga javoban daryo¬ning narigi tomonidan ham qushlar ovozi eshitildi.
— Yaxshi, — deb qo‘ydi chol bosiq ovoz bilan.
Shu damda qiz tez kunlarda qadrdon shahriga qaytib ketishini va o‘zi bilan bir talay rasmlarni olib borishini o‘ylab ketdi. Shu jumladan, mana shu buvaning rasmi ham bo‘ladi. Uni kutib olajak do‘sti, iqtidorli, haqiqiy rassom yana koyiydi: «Yana shu bujmaygan basharalar. Kimga kerak? Sibirliklar… Sovuq iqlim va og‘ir mehnatdan hammasi shunaqaligini barcha biladi-ku!»
Qiz o‘zining iqtidor bobida maqtanadigan joyi yo‘qligini yaxshi biladi. Lekin u ro‘parasida munkayib o‘tirgan cholning mashaqqatli o‘tmishini ko‘z oldiga keltira oladi. Uning qo‘llari shunday darak emasmi?.. Ajinlar ham!
«Ishlash kerak! Ishlash, ishlash…»
— Bu yerga ertaga ham kelasizmi, buva? — so‘radi qiz.
— Kelaman.
Qiz o‘rnidan qo‘zg‘alib, qishloq tomon yo‘l oldi.
Chol esa yana biroz sohilda o‘tirdi. So‘ng u ham ketdi.
Uyga kelib, odatdagidek o‘zi o‘rganib qolgan burchakka, pech yoniga o‘tirdi va jimgina kuta boshladi — qachon o‘g‘li ishdan qaytib kelishini va kechki ovqatga o‘tirishlarini.
O’g‘il doimo charchab kelar va g‘am-shikoyatdan boshqa gapi yo‘q edi. Kelin ham o‘shqirib, taqir-tuqir qilgani qilgan. Nabiralar voyaga yetib, shaharga ketib qolishgan. Ularsiz uy g‘urbatxona.
Kechki ovqat. Sutga bo‘lka to‘g‘rab, cholning oldiga qo‘yishadi. Stol chetida o‘tirgancha, qoshiqni taraqlatmaslik uchun ehtiyotlik bilan ovqat icha boshlaydi chol. Hamma jim. So‘ng uyquga yotishadi. Gaplashgani gap yo‘q. Hamma gap allaqachon gapirib bo‘lingan.
Chol pech ustiga chiqadi. O’g‘il bilan kelin esa ichkari xonaga kirib ketishadi.

* * *

Ertasi kuni kechda chol bilan qiz yana to‘nka yonida o‘tirishardi. Qiz oshiqish bilan chizar, chol esa quyoshga tikilganicha, hikoya qilardi.
— Yaxshi yashardik, noshukrlik qilmayman. Men duradgorlik qilardim, ish doimo yetarli. O’g‘illarim ham duradgorlik qilishardi. To‘rttasini urush yedi. Ikkitasi qoldi. Hozir bittasi bilan turaman. Stepan bilan. Vanya esa shaharda, Biyskda yashaydi, yangi qurilishda prorab. Yozishicha, tuzuk yashayotgan emish. Mehmonga kelib ketishdi. Nabiralar bir talay. Hammasi meni yaxshi ko‘rishadi. Lekin, barchasi u shahar, bu shaharda…
Qiz cholning qo‘llarini chizmoqda, shoshilib-shoshilib. Asabiylishadi, o‘chirib, qayta-qayta chizadi.
— Qiyinchilikda yashagan bo‘lsanglar kerak? — o‘ylanib so‘radi u.
— Nima? Qiyinchilik? — chol hayron bo‘ladi. — Aytdimku senga, yaxshi yashaganmiz, deb.
— O’g‘illaringizni yo‘qotganingizga achinasizmi?
— Achinish — gap ekanmi?! — yana hayron bo‘ladi chol. — To‘rtta azamatni berib qo‘yish — hazilmas-ku!
Qiz ham hayron — shuncha yo‘qotishga qaramay, chol o‘zini xotirjam tutishiga.
Quyosh yana tog‘lar ortiga cho‘kmoqda. Yana jimgina alanga taralmoqda ufqda.
— Yomg‘ir yog‘adi ertaga, — deb qo‘ydi chol.
Qiz yorug‘ osmonga boqib:
— Qaerdan bildingiz?
— Hamma a’zolarim zirqirab og‘riyapti.
— Ko‘kda bulut yo‘q-ku?
Chol indamadi.
— Ertaga ham kelasizmi, buva?
— Bilmadim, — o‘ylanibroq javob qildi chol. — Hamma yerim og‘riq.
— Buva, mana bu toshni sizlarda nomi nima? — Qiz kamzulining cho‘ntagidan tillasimon yaraqlab turgan oq tosh chiqardi.
— Qanaqa tosh? — so‘radi chol, hamon tog‘ tomon tikilganicha.
Qiz unga toshni uzatdi. Chol qayrilib ham qaramay qo‘l cho‘zdi.
— Bumi? — chol qarab-qaramasdanoq ko‘rib, qaqshagan barmoqlarida toshni aylantirarkan. — Chaqmoq tosh. Urush yillari gugurt yo‘q, nuqul shunda olov chiqarardik.
Qizning miyasiga yalt etib: «Ko‘rmaydi shekilli?» degan gumon keldi. U nima deyishini bilmay cholga yon tomondan boqib turib qoldi. Chol esa hamon quyosh botgan tomon termulardi. O’ychanlik bilan tikilardi…
— Ma, toshingni olib qo‘y, — qizga qaytardi chol. — Bundan ham chiroylilari uchraydi. Ba’zan oppoqlari, tiniqranglari uchraydi, shunday tiniqki, ichidagi dog‘lari ham ko‘rinib turadi. Yana, tuxumsimonlari ham bo‘ladi, hakkaning tuxumiga o‘xshash, yonlari xol-xol. Maynanikiga o‘xshaganlari ham uchrab qoladi, ko‘m-ko‘k, ular ham sepkillik.
Qiz hamon cholga tikilgancha turardi. So‘ragani jur’at qilmadi: ojizmi yo yo‘q?
— Buvajon, qaerda yashaysiz?
— Uncha uzoqmas. Manavi Ivan Kolokolnikovniki, — daryo qirg‘og‘idagi uyni ko‘rsatdi chol. — Orqasida Volokitinlarniki, keyin Zinovbevlarniki, ana undan ke¬yin, muyulishdan keyin bizniki. Biror zarurat bo‘lsa — kiraver, bemalol… Nabiralar oldimizdaligida qanday gavjum edi-ya…
— Rahmat.
— Men ketdim endi, hamma yog‘im zirqirab ketyapti.
Chol o‘rnidan turib, so‘qmoq bo‘ylab ketdi.
Qiz uning ortidan, tor ko‘chaga burilib ketmaguncha qarab turdi. Chol biror marta ham qoqilmay, bir tekis borardi. U shoshilmay, oyoq ostiga qarab bosardi.
«Yo‘q, ojiz emas, — tushundi qiz. — Sal-pal xiralashgan bo‘lsa kerak ko‘zi».
Ertasi kuni chol sohilda ko‘rinmadi. Qiz yolg‘iz holda, chol haqida o‘ylardi: «Uning hayoti oddiy, ayni paytda sodda kechmagan. Bir ajib narsa bo‘lsa kerak, qandaydir idrok etib bo‘lmaydigan. Quyosh ham oddiy ko‘rinadi, ertalab chiqadi, oqshom botadi. Ammo bu oddiylik ortida…» U chizmalarini ko‘zdan kechira boshladi. Yuragida g‘ashlik sezdi.
Chol keyingi, ikkinchi, uchinchi kunlar ham ko‘rinmadi.
Qiz uning uyini qidirib ketdi.
Topdi. Kattagina uyning hovlisida, bostirma salqinida ellik yoshlar chamasidagi bir erkak taxta randalardi.
— Salom, — so‘rashdi qiz.
Odam belini tiklab, qizga tikilib, boshmaldog‘i bilan peshona terini artarkan, bosh irg‘adi:
— Salomat bo‘l.
— Haligi… Bir buva bor edi, shu yerda turadi shekilli…
Erkak qizga g‘alati-i qilib razm solgach:
— Ha, shu yerda yashardi, — deb ishini davom ettirdi. Birozdan so‘ng qo‘shimcha qildi: — Mana, unga uy yasayapman.
— Nima, vafot qildimi?
— O’ldi. — Odam randasini bir-ikki yurgizib, yana tiklandi. — Biror ishing bormidi?
— Men… Men uning rasmini chizgandim.
— Ha-a, shunaqami, — ishini davom ettirdi erkak.
Ancha sukutdan so‘ng qiz so‘radi.
— U ko‘rmidi?
— Ko‘r edi.
— Ancha bo‘lganmidi?
— O’n yilcha. Nimaydi?
— Shunday… o‘zim.
Qiz tashqariga yurdi. Ko‘chaga chiqib, beixtiyor chetan devorga suyanib yig‘lab yubordi…

033

(Tashriflar: umumiy 422, bugungi 1)

Izoh qoldiring