Muhabbat mushoirasi yoxud ikki buyuk qalb nidosi

07723 июнь — таниқли рус шоираси Анна Ахматова таваллуд топган кун

Ахматова хотираларининг бирида ҳали 15 ёшдалигида Николай Гумилёв ўзи билан қизиқиб қолганини ёзади. Бу икки ижодкорга замондош бўлган Корней Чуковский хотираларини ўқиганимизда “Николай Гумилёв Аннани ҳамиша ўз шогирди деб биларди”, деган жумлага дуч келамиз ва уларни шеъриятга, адабиётга бўлган ихлос учраштирди, деган фикрни айтгимиз келади.

02
МУҲАББАТ МУШОИРАСИ
ЁХУД ИККИ БУЮК ҚАЛБ НИДОСИ

Миразиз АЪЗАМ
05

Одамлар орасида ҳамиша машҳур шахслар ҳаётига кучли қизиқиш бўлади. Айниқса, улар бир оила аъзоси – эр-хотин бўлса бу қизиқиш яна ҳам кучлироқ бўлиши табиий.

Биз рус шеъриятининг салмоқли мавқега эга бўлган вакиллари Николай Гумилёв ва Анна Ахматовалар ҳақида кўп эшитганмиз. Улар такрорланмас, ўзига хос ижодкорлар бўлганидан хабардормиз. Мазкур мақоламизда шу икки шоирнинг ҳаёти, дийдорлашуви ва ҳижронлари, соғинч-изтироблари, бу ҳодисалар уларнинг шеъриятида қандай акс этганлиги ҳақида кузатганларимни ўртоқлашмоқчиман.

Шиддатли, эҳтиросли, алангали шеърлар сиз, ўқувчиларни, Анна Ахматова ва Николай Гумилёвлар шеърияти руҳига сал-пал яқинлаштирадими? Ана энди шу руҳ билан уларга яна яқинроқ боришга таклиф қиламан.

Дарвоқе яна бир фикр… Адабий давраларда эр-хотин санъаткор ёки ижодкор бўлса, улар бир-бирларига халақит беришади. Айнан шунинг учун ҳам қадимда айрим олим ва шоирлар тоқ ўтишган, дейишади. Ва бунга Навоий, Замахшарий, Робияи Адвия сингари шахсларни мисол келтиришади. Бу фикрда ҳам жон йўқ эмас. Аммо бирга яшаган икки ижодкор бир-бирини тўлдириб баравар юксалишлари ҳам мумкин.

Масалан, Луи Арагон ва Эльза Триоле; Ҳамид Олимжон ва Зулфия; Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова… Улар эришган натижага эришиш учун икки ижодкор ўз ичларидаги худбинлик овозларини ўлдиришлари зарур бўлади. Лекин бу бошқа мавзу. Бизнинг асосий мавзуимиз:

Николай Гумилёв ва Анна Ахматова…

Николай Степанович Гумилёв 1886 йилда Кронштадтда туғилган. Отаси Болтиқ денгизи флотида ҳарбий врач бўлиб ишларди.

Анна Андреевна Ахматова ундан уч ёш кичик, Одессада туғилганди. Отаси Қора денгиз флотида инженер-механик эди. Анна бир яшарлигида оила Петербургга кўчиб келганди. Анна то 16 ёшга киргунча Питердаги маш­ҳур Шоҳ Чорбоғи – Царское Селода яшади.

Николай Гумилёвлар оиласи ҳам тақдир тақозоси билан шу чорбоғда туришарди, Николай ҳам навқирон ёш – йигирмага киргунча шу ерда яшади. У ўз даврининг зиёли шахсларидан бири, шоир Иннокентий Анненский директорлик қиладиган гимназияда ўқиди ва жуда эрта борлиқ, мавжуд ҳаёт ва шахснинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикрлай бошлади.

Анна беш ёшида французчани ўрганиб олганди. Қизлар гимназиясида ўқиди. 11 ёшидан шеър ёза бошлади. Бир куни шеърларини отаси Андрей Антонович Горенкога кўрсатади. Отаси унга: “Шеър ёзма, ёзадиган бўлсанг, шеърингга менинг фамилиямни қўйма”, – дейди. Анна шу кундан эътиборан ўз шеърларига “Анна Горенко” деб эмас, “Анна Ахматова” деб имзо чека бошлайди. Чунки Аннанинг она аждоди Қримтатар хони Ахматхонлардан, дейишарди. (Ахматованинг ёзишича, бувисидан қимматбаҳо тошлар қадалган, бошга кийиладиган бир чамбарак қолган экан, унинг безакларини бўлак-бўлак қилиб, турли узук, зирак, билагузуклар ясаб олишган, шулардан бирига Анна қанчалик бармоқ суқмасин, жимжилоғи ҳам сиғмаган экан.)

Николай Гумилёв ёзади:096

Рангсиз йилтираган кўзимда ҳаргиз
Теран нигоҳимда кўрасан нима?
– Сенинг кўзларингда кўраман денгиз,
Унда чўкиб ётар улкан бир кема.

У кема… шу қадар улуғвор, жасур,
Бундайи бўлмаган денгиз қаърида.
Қалтираш тинмайди реяларида,
Қуйруқ томонида дир-дир титрар сув.

Учағон ғалати балиқлар бўлса
Тарк этган сувости ҳудудларини.
Буралиб ҳавога отарлар – ўлса –
Зумраддай ялтироқ вужудларини.

Сен эса тош узра олис-олисда
Кутасан, чўкасан, яна қалқасан.
Қизғин бир иштиёқ, оташ ёқасан
Энг сўнгги денгизчи, қувноқ матросда.

Ва ҳеч ким ҳеч қачон билмайди, сенга
Интилган у кема ақлдан қолиб —
Кирганин ҳалокат ташиган жангга
Ва, мана, энди у ётар дам олиб.

Сенинг бу ингичка қўлларинг нечун
Дурлар билан тилди сув зулумотин.

Хўш, бу мураккаб тақдирли икки ижодкор ҳаётларининг қайси нуқталарида учрашдилар, нигоҳлари бир-бирига тушди? Ахматова хотираларининг бирида ҳали 15 ёшдалигида Николай Гумилёв ўзи билан қизиқиб қолганини ёзади. Бу икки ижодкорга замондош бўлган Корней Чуковский хотираларини ўқиганимизда “Николай Гумилёв Аннани ҳамиша ўз шогирди деб биларди”, деган жумлага дуч келамиз ва уларни шеъриятга, адабиётга бўлган ихлос учраштирди, деган фикрни айтгимиз келади.

Тақдир тақозоси билан Анна Қримга, Гумилёв Парижга кетди. Гумилёв Парижда “Сириус” номли бир журнал чиқара бошлайди. Аннанинг шеъри биринчи марта ўша журналда, Парижда чоп этилади.

Анна Ахматова ёзади:08

Мастлик пайтларингда ҳикоянг тузсиз,
Гапирсанг – қаҳқаҳлаб кулгим келади.
Ранг-баранг палосга эрта келган куз
Сариқ байроқчалар илади.

Икков кириб қолдик ёлғон дунёга,
Ўкиниб тавбалар қилаётирмиз.
Лекин бу ғалати жилмайиш нега,
Нега тошқотганча кулаётирмиз?

Юракни тирновчи оғир қийноқни
Нега устун қўйдик осуда бахтдан?

Николай Гумилёв ёзади:

Мени танимайсан – мени учратсанг!
Отимни айтишса – эслай олмайсан! –
Сен-ла гаплашганман фақат бир бора,
Қўлингни бир бора ўпганман, холос.

Аммо онт ичаман – менга тегасан,
Севсанг ҳамки агар бошқа кимсани,
Ҳатто узоқ йиллар учратмасам-да,
Насиб этмаса-да бир кўрмоқ сани!

Онт ичаман сенга оқ меҳроб ҳаққи,
Никоҳ фариштаси олов нигоҳли
Бизни никоҳлаган мазкур меҳробда, –
Ёнма-ён кўрганмиз икков тонг чоғи.

Шундан буён ҳар тун ухлаганимда
Худо ҳаққи, тушда сени кўраман.
Буюк саҳроларда буюк соғинч-ла
Фақат сени ўйлаб қўмсаб юраман…

Улар 1910 йил 25 апрелда Киев шаҳрида никоҳдан ўтадилар.

Мен Киев кентидан
Илон инидан
Хотин эмас,
Сеҳргар олдим. –

деб ёзган эди ўша пайтларда туғилган шеър­ларининг бирида Николай Гумилёв.

Йилдан-йилга гулдай очилиб тобора чиройли бўлиб бораётган Анна эса Киевдаги Фундуклёв гимназиясида, кейин Киевдаги аёллар олий курсининг ҳуқуқшунослик бўлимида таҳсил олди. Бу вақт ичида кўпгина шеърлар ёзди. Аммо дастлабки ёзганларидан ўзининг кўнгли тўлмасди. “Бу шеърларим ғарибгина эди. Ҳатто мени телбаларча севадиган Николай Гумилёв ҳам уларни мақташга тили бормасди”, – деб ёзади Анна Ахматова ўз хотираларида.

Никоҳ тўйларидан сўнг бир муддат Парижда бирга яшадилар. Кейин Анна уйга кетади, Николай Африкага қараб йўл олади.

Анна Ахматова билан Николай Гумилёвлар иккови икки тарафга кетиб, ўз ҳаётлари билан яшадилар. Бу дегани уларнинг айрилиқлари силлиққина кечди, дегани эмас. Улар бир-бирининг қалб ҳурлигини беҳад ҳурмат қилишарди.

1912 йил 1 декабрда улар ўғил кўрдилар, отини Лев қўйишди.

Гумилёв Африкадан келганда Анна унга янги ёзган шеърларидан ўқиб беради. Эри: “Сен энди ҳақиқий шоира бўлибсан, китоб тайёрлашинг керак”, – дейди, шу тариқа Анна Ахматованинг “Оқшом” китоби дунё юзини кўради.

1921 йил август ойида ҳокимият тепасига келганлар Николай Гумилёвни, подшоҳ салтанатига садоқати учун, қамоққа олди ва отиб ташлади. Бу пайтда у эндигина 35 ёшга кирган эди. Шундан кейин Анна Ахматова ўн йилларча шеър ёзмади. Фақат мутолаа ва таржималар билан шуғулланди. Шоира кўп қайғули кунларни бошидан кечирди. Аммо у ўзини мудом дадил, тетик тутди. Замондошлари шоиранинг доим улуғвор, шоҳиналар каби кўринишга эга бўлганлигини, бу дунёнинг ҳою-ҳавасларига кўнгил қўймаганини, ғами, мусибатига бировни шерик қилиб дийдиё этмаганлигини ҳурмат билан эслайдилар.

Шоира Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Шарққа эвакуация қилинган рус зиёлилари қатори Тошкентда яшади ва урушдан кейин она шаҳрига қайтганда ўша пайтдаги таассуротлари асосида қатор шеърлар ёзди.

Анна Ахматова 1962 йилда Италияда ўтказилган жаҳон шоирларининг халқаро йиғинида иштирок этади. Ва дунёнинг энг яхши шоири дея эътироф этилади. У 1966 йил баҳорида 77 ёшида вафот этади. Бу вақтда унинг еттитагина шеърий китоби нашр этилган эди.

01

02
MUHABBAT MUSHOIRASI
YOXUD IKKI BUYUK QALB NIDOSI

Miraziz A’ZAM
05

Odamlar orasida hamisha mashhur shaxslar hayotiga kuchli qiziqish bo’ladi. Ayniqsa, ular bir oila a’zosi – er-xotin bo’lsa bu qiziqish yana ham kuchliroq bo’lishi tabiiy.

Biz rus she’riyatining salmoqli mavqega ega bo’lgan vakillari Nikolay Gumilyov va Anna Axmatovalar haqida ko’p eshitganmiz. Ular takrorlanmas, o’ziga xos ijodkorlar bo’lganidan xabardormiz. Mazkur maqolamizda shu ikki shoirning hayoti, diydorlashuvi va hijronlari, sog’inch-iztiroblari, bu hodisalar ularning she’riyatida qanday aks etganligi haqida kuzatganlarimni o’rtoqlashmoqchiman.

Shiddatli, ehtirosli, alangali she’rlar siz, o’quvchilarni, Anna Axmatova va Nikolay Gumilyovlar she’riyati ruhiga sal-pal yaqinlashtiradimi? Ana endi shu ruh bilan ularga yana yaqinroq borishga taklif qilaman.

Darvoqe yana bir fikr… Adabiy davralarda er-xotin san’atkor yoki ijodkor bo’lsa, ular bir-birlariga xalaqit berishadi. Aynan shuning uchun ham qadimda ayrim olim va shoirlar toq o’tishgan, deyishadi. Va bunga Navoiy, Zamaxshariy, Robiyai Adviya singari shaxslarni misol keltirishadi. Bu fikrda ham jon yo’q emas. Ammo birga yashagan ikki ijodkor bir-birini to’ldirib baravar yuksalishlari ham mumkin.

Masalan, Lui Aragon va El`za Triole; Hamid Olimjon va Zulfiya; Said Ahmad va Saida Zunnunova… Ular erishgan natijaga erishish uchun ikki ijodkor o’z ichlaridagi xudbinlik ovozlarini o’ldirishlari zarur bo’ladi. Lekin bu boshqa mavzu. Bizning asosiy mavzuimiz:

Nikolay Gumilyov va Anna Axmatova…

Nikolay Stepanovich Gumilyov 1886 yilda Kronshtadtda tug’ilgan. Otasi Boltiq dengizi flotida harbiy vrach bo’lib ishlardi.

Anna Andreevna Axmatova undan uch yosh kichik, Odessada tug’ilgandi. Otasi Qora dengiz flotida injener-mexanik edi. Anna bir yasharligida oila Peterburgga ko’chib kelgandi. Anna to 16 yoshga kirguncha Piterdagi mash­hur Shoh Chorbog’i – Sarskoe Seloda yashadi.

Nikolay Gumilyovlar oilasi ham taqdir taqozosi bilan shu chorbog’da turishardi, Nikolay ham navqiron yosh – yigirmaga kirguncha shu yerda yashadi. U o’z davrining ziyoli shaxslaridan biri, shoir Innokentiy Annenskiy direktorlik qiladigan gimnaziyada o’qidi va juda erta borliq, mavjud hayot va shaxsning jamiyatdagi o’rni haqida fikrlay boshladi.

Anna besh yoshida frantsuzchani o’rganib olgandi. Qizlar gimnaziyasida o’qidi. 11 yoshidan she’r yoza boshladi. Bir kuni she’rlarini otasi Andrey Antonovich Gorenkoga ko’rsatadi. Otasi unga: “She’r yozma, yozadigan bo’lsang, she’ringga mening familiyamni qo’yma”, – deydi. Anna shu kundan e’tiboran o’z she’rlariga “Anna Gorenko” deb emas, “Anna Axmatova” deb imzo cheka boshlaydi. Chunki Annaning ona ajdodi Qrimtatar xoni Axmatxonlardan, deyishardi. (Axmatovaning yozishicha, buvisidan qimmatbaho toshlar qadalgan, boshga kiyiladigan bir chambarak qolgan ekan, uning bezaklarini bo’lak-bo’lak qilib, turli uzuk, zirak, bilaguzuklar yasab olishgan, shulardan biriga Anna qanchalik barmoq suqmasin, jimjilog’i ham sig’magan ekan.)

Nikolay Gumilyov yozadi:054

Rangsiz yiltiragan ko’zimda hargiz
Teran nigohimda ko’rasan nima?
– Sening ko’zlaringda ko’raman dengiz,
Unda cho’kib yotar ulkan bir kema.

U kema… shu qadar ulug’vor, jasur,
Bundayi bo’lmagan dengiz qa’rida.
Qaltirash tinmaydi reyalarida,
Quyruq tomonida dir-dir titrar suv.

Uchag’on g’alati baliqlar bo’lsa
Tark etgan suvosti hududlarini.
Buralib havoga otarlar – o’lsa –
Zumradday yaltiroq vujudlarini.

Sen esa tosh uzra olis-olisda
Kutasan, cho’kasan, yana qalqasan.
Qizg’in bir ishtiyoq, otash yoqasan
Eng so’nggi dengizchi, quvnoq matrosda.

Va hech kim hech qachon bilmaydi, senga
Intilgan u kema aqldan qolib —
Kirganin halokat tashigan jangga
Va, mana, endi u yotar dam olib.

Sening bu ingichka qo’llaring nechun
Durlar bilan tildi suv zulumotin.

Xo’sh, bu murakkab taqdirli ikki ijodkor hayotlarining qaysi nuqtalarida uchrashdilar, nigohlari bir-biriga tushdi? Axmatova xotiralarining birida hali 15 yoshdaligida Nikolay Gumilyov o’zi bilan qiziqib qolganini yozadi. Bu ikki ijodkorga zamondosh bo’lgan Korney Chukovskiy xotiralarini o’qiganimizda “Nikolay Gumilyov Annani hamisha o’z shogirdi deb bilardi”, degan jumlaga duch kelamiz va ularni she’riyatga, adabiyotga bo’lgan ixlos uchrashtirdi, degan fikrni aytgimiz keladi.

Taqdir taqozosi bilan Anna Qrimga, Gumilyov Parijga ketdi. Gumilyov Parijda “Sirius” nomli bir jurnal chiqara boshlaydi. Annaning she’ri birinchi marta o’sha jurnalda, Parijda chop etiladi.

Anna Axmatova yozadi:08

Mastlik paytlaringda hikoyang tuzsiz,
Gapirsang – qahqahlab kulgim keladi.
Rang-barang palosga erta kelgan kuz
Sariq bayroqchalar iladi.

Ikkov kirib qoldik yolg’on dunyoga,
O’kinib tavbalar qilayotirmiz.
Lekin bu g’alati jilmayish nega,
Nega toshqotgancha kulayotirmiz?

Yurakni tirnovchi og’ir qiynoqni
Nega ustun qo’ydik osuda baxtdan?

Nikolay Gumilyov yozadi:

Meni tanimaysan – meni uchratsang!
Otimni aytishsa – eslay olmaysan! –
Sen-la gaplashganman faqat bir bora,
Qo’lingni bir bora o’pganman, xolos.

Ammo ont ichaman – menga tegasan,
Sevsang hamki agar boshqa kimsani,
Hatto uzoq yillar uchratmasam-da,
Nasib etmasa-da bir ko’rmoq sani!

Ont ichaman senga oq mehrob haqqi,
Nikoh farishtasi olov nigohli
Bizni nikohlagan mazkur mehrobda, –
Yonma-yon ko’rganmiz ikkov tong chog’i.

Shundan buyon har tun uxlaganimda
Xudo haqqi, tushda seni ko’raman.
Buyuk sahrolarda buyuk sog’inch-la
Faqat seni o’ylab qo’msab yuraman…

Ular 1910 yil 25 aprelda Kiev shahrida nikohdan o’tadilar.

Men Kiev kentidan
Ilon inidan
Xotin emas,
Sehrgar oldim. –

deb yozgan edi o’sha paytlarda tug’ilgan she’r­larining birida Nikolay Gumilyov.

 Yildan-yilga gulday ochilib
tobora chiroyli bo’lib borayotgan Anna esa Kievdagi Funduklyov gimnaziyasida, keyin Kievdagi ayollar oliy kursining huquqshunoslik bo’limida tahsil oldi. Bu vaqt ichida ko’pgina she’rlar yozdi. Ammo dastlabki yozganlaridan o’zining ko’ngli to’lmasdi. “Bu she’rlarim g’aribgina edi. Hatto meni telbalarcha sevadigan Nikolay Gumilyov ham ularni maqtashga tili bormasdi”, – deb yozadi Anna Axmatova o’z xotiralarida.

Nikoh to’ylaridan so’ng bir muddat Parijda birga yashadilar. Keyin Anna uyga ketadi, Nikolay Afrikaga qarab yo’l oladi.

Anna Axmatova bilan Nikolay Gumilyovlar ikkovi ikki tarafga ketib, o’z hayotlari bilan yashadilar. Bu degani ularning ayriliqlari silliqqina kechdi, degani emas. Ular bir-birining qalb hurligini behad hurmat qilishardi.

1912 yil 1 dekabrda ular o’g’il ko’rdilar, otini Lev qo’yishdi.

Gumilyov Afrikadan kelganda Anna unga yangi yozgan she’rlaridan o’qib beradi. Eri: “Sen endi haqiqiy shoira bo’libsan, kitob tayyorlashing kerak”, – deydi, shu tariqa Anna Axmatovaning “Oqshom” kitobi dunyo yuzini ko’radi.

1921 yil avgust oyida hokimiyat tepasiga kelganlar Nikolay Gumilyovni, podshoh saltanatiga sadoqati uchun, qamoqqa oldi va otib tashladi. Bu paytda u endigina 35 yoshga kirgan edi. Shundan keyin Anna Axmatova o’n yillarcha she’r yozmadi. Faqat mutolaa va tarjimalar bilan shug’ullandi. Shoira ko’p qayg’uli kunlarni boshidan kechirdi. Ammo u o’zini mudom dadil, tetik tutdi. Zamondoshlari shoiraning doim ulug’vor, shohinalar kabi ko’rinishga ega bo’lganligini, bu dunyoning hoyu-havaslariga ko’ngil qo’ymaganini, g’ami, musibatiga birovni sherik qilib diydiyo etmaganligini hurmat bilan eslaydilar.

Shoira Ikkinchi Jahon urushi yillarida Sharqqa evakuatsiya qilingan rus ziyolilari qatori Toshkentda yashadi va urushdan keyin ona shahriga qaytganda o’sha paytdagi taassurotlari asosida qator she’rlar yozdi.

Anna Axmatova 1962 yilda Italiyada o’tkazilgan jahon shoirlarining xalqaro yig’inida ishtirok etadi. Va dunyoning eng yaxshi shoiri deya e’tirof etiladi. U 1966 yil bahorida 77 yoshida vafot etadi. Bu vaqtda uning yettitagina she’riy kitobi nashr etilgan edi.

034

(Tashriflar: umumiy 333, bugungi 1)

Izoh qoldiring