Jorj Oruell. Molxona yoxud hayvonlar xo’jaligi haqida g’aroyib qissa.

Ashampoo_Snap_2016.11.03_22h05m41s_005_.png 25 июнь — Жорж Оруэлл таваллуд топган кун

    Шўро империяси ҳудудида «қайта қуриш» жараёни бошланган,тоталитар тузумга асосланган ёпиқ жамиятда, айниқса,узоқ йиллар давомида тилсиз ва сақов совет матбуотида жонланиш пайдо бўлган йиллар эди. Биздаям матбуот  ҳаёти қайнаган, биргина «Ёш куч» журналининг ойлик тиражи бир миллионга етиб қолган, ҳозир соғинч билан эслайдиган, жўшқин  мавсум  авжида эди. Аммо, бари бир биздан ва Москва нашрларидан кўра Болтиқбўйи республикалари матбуотида онгу шууримизни уйғотувчи мақолалар,бадиий асарлар бирин-кетин чоп этилар, хусусан,  Таллиннда чоп этилган «Радуга», Ригада нашр этиладиган «Родник» журналларида босилган матнлар бизни тунлари тинч ухлашдан маҳрум этган, журналда босилган асарлар мутолааси билан шомни тонгга улар эдик. Москва нашрлари ҳақиқат ҳақида гапириш билан овора бир пайтда   «Радуга» (Эстония),»Родник» (Латвия) журналлари  ҳақиқатни айтишни бош мақсад этган эди.

Шахсан мен, 1988 йилдан бошлаб чиқа бошлаган журналга Ўзбекистондан бармоқ билан санарли адиблар қатори  обуна бўлган ва журналнинг қўлимга етган ҳар бир янги сони юрагимни қувончу шодликка тўлдирарди.

Худди ўша 1988 йилда журналнинг уч сонида Жорж Оруэллнинг «Скотный двор» («Молхона») асари чоп этилган эди. Илк бор бундай ғаройиб қиссани ўқиб, неча кунгача ўзимга келолмайман юрганман…

Ҳозир ҳам китоб жавонларидан бирида алоҳида тахланган «Радуга», «Родник»  журналларига назарим тушганда, меҳр ва ҳурматимни яширолмай уларни варақлай бошлайман…

Хуршид Даврон

Жорж ОРУЭЛЛ
МОЛХОНА ЁХУД  ҲАЙВОНЛАР ХЎЖАЛИГИ
ҲАҚИДА ҒАРОЙИБ ҚИССА

009

009Жорж Оруэлл (ингл. George Orwell), ҳақиқий исми — Эрик Артур Блэр (ингл. Eric Arthur Blair; 1903—1950) — инглиз ёзувчиси ва публицисти. «Ҳайвонлар хўжалиги ҳақида ғаройиб қисса» ва «1984» асарлари билан машҳур.
Жорж Оруэллнинг «Ҳайвонлар хўжалиги ҳақида ғаройиб қисса” асарида мантиқий образлар орқали “Манэл ферма”сида рўй берган воқеалар тасвирланади. Собиқ Совет Иттифоқи мустабид тузумининг ғаройиб “ўйинлари” асар мазмунига сингдириб юборилган. Ҳайвонлар мустақиллик, эрк, озодлик, бахт, фаровон ҳаёт учун курашадилар. Лекин уларнинг мақсадлари саробга айланаверади. Асарда қатоғонлик даврининг халқ бошига солган фожеаларига алоҳида эътибор берилган.
Жорж Оруэллнинг “Қил ови”, “Бирма кунлари” романлари ҳам машҳур.

005

I БОБ

Мистер Жоунз қоронғи тушиб қолганлиги учун товуқхонанинг эшигини беркитди. Лекин товуқлар катагининг орқа томонидаги тешикларни беркитиш унинг хаёлидан кўтарилди. Ферманинг этак томонидан қайтаётган мистер Жоунзнинг қўлида фонар бор эди. Ундан таралаётган нур ферма ҳовлиси бўйлаб ўйнарди. Кайфи ошиб қолган мистер Жоунз ферма майдонини гандирақлаган ҳолда кесиб ўтди-да, омборхонанинг орқа эшигидан кириб, оёғидаги этикларини улоктириб юборди. Кружкани қўлига олиб, бочкадаги пивога ботирди ва тўғридаги кушеткага — қаттиқ хуррак отиб ухлаётган миссис Жоунзнинг ёнига бориб ёнбошлади.

Мистер Жоунз ётадиган уйнинг деразаларидан нур тўшаётганини кўрган ҳайвонлар елкаларини силкитиб қўйдилар, қушлар эса қанотларини қокдилар. Кундуз куни ферма ҳайвонлари орасида бир хабар тарқалган эди. Қари майор Тўнғиз ўтган куни кўрган ажойиб ва ғаройиб тушини ҳикоя қилиб бермокчи эмиш. Шунинг учун ҳам ҳайвонлар қоронғи тушишини орзиқиб кўтардилар. Мистер Жоунз ухлагани кириб кетганидан сўнг ҳамма ҳайвонлар оғилхонада учрашишга келишиб олган эдилар.

Фермадаги ҳайвонлар орасида қариб қолган майор Тўнғизнинг ҳурмати жуда баланд бўлиб, ҳайвонлар унинг ҳикоясини тинглаш учун ҳатто уйқуларидан ҳам воз кечишга рози бўлдилар. Кекса майор бир вақтлар танловга қатнашиб, юқори ўринни олган эди. Мускуллари бўртиб чиққан, жуда кучли ва бақувват эди. Шунинг учун ҳам ғолибликни қўлга киритиб мукофотланганди. Ҳозир тўсинга осилган чирок остидаги қалин похол тўшалган супачада ётарди. Тўнғиз ўн икки ёшга кирган бўлиб, семизлигидан қорни осилиб кетганди. Лекин ўзига жуда бино қўярди, ўзини доно ҳисобларди, ҳайвонларга эса мурувватли эканлигини кўрсатиб қўйишни ҳамиша ёқтирарди.

Қари майорнинг атрофига фермадаги ҳамма ҳайвонлар йиғила бошлашди. Улар оғилхонага кириб келиб бир силкинишар, сўнгра жунларини ҳурпайтириб , бағирларини ерга бериб ётиб олишарди. Ҳайвонлар ётадиган катта оғилхонага биринчи бўлиб етиб келган Блубел, Жесий, Пинчир деб номланган итлар майор ётган супанинг олд томонига келиб, оёқларининг устига бошларини қўйган ҳолда ётиб, мунчокдай кўзларини қари майорга тикдилар. Товуқлар қўнокқа чиқдилар, каптарлар учиб бориб ҳавозага қўндилар. Қўй ва сигирлар Тўнғизнинг орқасига ўтиб, ёнбошлаб олиб ковуш қайтара бошлашди. Шундан сўнг аравага қўшиладиган отлар-Боксэр ва Кловир кириб келишди. Улар похоллар орасидаги майда ҳашоратларни туёқлари билан эзиб олмаслик учун эҳтиёткорлик билан қадам босишарди. Кловер ёши ўтган бўлишига қарамай ниҳоятда келишган эди. Болаларига меҳрибон, раҳмдил ва бахтли она бўлганлиги шундокқина сезилиб турарди. Унинг қомати тўрт марта қулунлаганидан кейин ҳам ўз кўркини йўқотмаганди. Боксэр Кловирдан 18 қўл катта бўлиб, жуда бақувват, қуввати икки от кучига тенг бўлиб, ўзига ишонган, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ботир от эди. Бурнининг устига осилиб тушган узун ёллари юзига анқовлик тусини бериб турарди. Аслида у ҳақиқатан ҳам тентакрок эди. Шунга қарамасдан, иродаси мустаҳкам бўлиб, каттиятли ва бир сўзли, кескир ҳайвонлардан эди. Фермадаги ҳайвонлар уни ҳурмат қилишарди. Ҳатто баъзи ҳайвонлар ундан ҳайиқиб ҳам турардилар.

Отлардан кейин Мюрилл исмли ок эчки ва Бенямин деб аталувчи эшак кириб келди. Беняминнинг ёши анчагина ўтиб қолган бўлиб, ҳайвонлар фермасида кўп йиллардан бери яшарди. Бугун кайфияти унчалик яхши эмас эди. Одатда у ниҳоятда камгап бўлиб, ҳамиша нимадандир аччиғланиб юрарди. Атрофидагилар билан беодоблик билан гаплашар, шарму ҳаёсиз сўзларни жуда кўп ишлатарди. Ўта бефаросат ва дангаса эди. Ҳатто пашшаларини қўриш учун думини ишлатишга ҳам эринарди. Думли ҳайвонлардан кўра думсиз ҳайвонларнинг афзаллиги ҳақида гапиришни хуш кўрарди. Фермадаги ҳайвонлар унинг қўлганини бирор марта ҳам кўришмаганди. «Фермада ҳайвонлар орасида кўнгилни ёзадиган бирор нарсага дуч келмайман»,- дерди. Ўзини Боксэрнинг мулки деб ҳисобларди, лекин бу ҳакда асло гапирмасди. Иккалалари ҳафтанинг якшанба кунлари мевазорнинг орқасидаги очиқ майдонда сайр қилишарди. Баъзан улар бир-бирларига тегиб кетишарди, лекин шундай пайтларда ҳам бир-бирларига чурқ этишмасди Иккала от, Мюрилл ва Бенямин, жойлашиб бўлишганидан кейин оғилхонага оналарини йўқотиб қўйган бир гала ўрдак болалари кириб келишди. Ўрдак болалари кучлирок ҳайвонларга ем бўлмаслик учун чий-чийлашиб ўзларига бошпана излардилар. Оналик меҳри жўшиб кетган Кловир кўзларини жовдиратиб турган ўрдак болаларини чақириб, оёқлари билан ўраб олди. Беҳавотир жой топганларидан хурсанд бўлган ўрдак болалари отнинг иссиқ болдирларига бошларини қўйиб уйқуга кетишди. Жоунзнинг аравасига қўшиладиган чиройли, лекин фаҳм-фаросати камрок Молийй исмли от оғзидаги ок қандларини қусурлатиб ковшанган ҳолда ирғишлаб кириб келди-ю супанинг энг олдинги қаторидан жой топиб ўтирди. Бошқа ҳайвонларнинг диққатини бошидаги ёлларига тақиб олган қизил лентага тортиш учун бошини кибор билан силкитиб, чиройли майин кокиллариини юзига туширди. Энг сўнгги дақиқаларда ўзига иссиққина жой излаган мушук кириб келди. Йиғилган ҳайвонларга бир-бир қараб чиқиб, Боксэр ва Кловирлар орасига суқилди. Ширин уйқусини майорнинг товуши бузолмайдиган жой топганлигидан мамнун бўлиб, миёвлаб қўйди. Ҳамма тўпланган, фақат Мусо исмли қора қарғагина кўринмасди. У орқа эшикнинг тепасидан чиқиб турган тўсинга қўнганича ухлаб қолган эди. Мусонинг кўзларини юмиб олиб ухлаётганлиги узоқдан сезилмасди. Қари майор унга синчиклаб қаради ва жуда қулай жойга қўниб олиб, ҳикоямни тинглаш учун бутун вужуди билан берилиб турибди деб, томоғини қириб туриб, сўз бошлади:

— Ўртоқлар, кечаги тунда ажойиб ва ғаройиб туш кўрганлигим ҳақидаги хабар аллақачон орангизда тарқалиб бўлган. Лекин мен кўрган тушим ҳақида кейинрок сўзламокчиман. Аввал мени ўйлантириб юрган айрим фикрларни сизларга айтиб берай:

Ўртоқлар, мен кўп гапирмокчи эмасман. Мен жуда узоқ яшадим. Оғилхонада ёлғиз қолган пайтларимда кўрган-кечирган воқеаларимни сарҳисоб қилиш учун вақтим етарли бўлди. Назаримда, ёруғ оламда яшашнинг мақсаду моҳиятини ва аҳамиятини бошқа ҳайвонларга қараганда яхширок тушунаман десам хато бўлмас. Шу сабабли ҳам мени ўйлантирган муаммолар ҳақида сизларга гапириб беришни муқаддас бурчим деб ҳисоблайман.Ўртоқлар,турмушимизнинг қийинлиги ҳақида бирор марта ўйлаб кўрганмисизлар? Менимча, йўқ,! Ўртоқлар, ҳақиқатдан ҳеч қачон қочиб бўлмайди. Бор ҳақиқатни кўзингизга тик қараб туриб айтишим керак. Бизга табиат томонидан берилган қисқагина умримиз меҳнат ва машаққатларга тўла эканлиги ҳақида ҳеч ўйланганмисиз? Қашшоклик билан яшашимизнинг сабаблари Сизларни бирор марта қизиқтирганми? Бахтга тўлиқ бўлган фаровон тўкин-сочин ҳаёт ҳақида эса гапирмасам ҳам бўлади. Умрим давомида қорнимиз тўйиб овқат еганимизни асло эслайолмайман. Ўртоқлар, бўш қоп тикка турмаслигини яхши биласизлар. Оёқда тик туришимиз ва очимиздан ўлиб қолмаслигимиз учунгина одамлар овқат беришиб келишди. Ҳолбуки, биз эртадан кечгача тиним билмай ишлаймиз. Айниқса, кучли ҳайвонларни ишга яроксиз бўлиб қолгунларича аёвсизлик билан ишлатишади. Куч-қувватларини зулукдай сўриб олишади. Англияда яшовчи ҳайвонлар умр бўйи тўкин-сочин, фаровон ва бахтли ҳаёт ҳамда дам олиш нима эканлигини билишмайди. Ақлларини танибдики, меҳнатдан бошлари чиқмайди. Фақат, болаликнинг қисқагина даврларидагина ўйнаб-қўладилар. Кейин эса машаққатли меҳнат ва ҳайвон жисмини кемирувчи ғамлардан бошлари чиқмайди. Англия ҳайвонларининг ҳак-ҳуқуқлари ўз қўлларида эмас. Улар эрксизлик ва қулликка маҳқум этилган. Ҳа, бу кўз билан кўриб турган аниқ, рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Хўш, бу табиатнинг адолатли қонуними ёки Англия мамлакати ниҳоятда қашшок бўлганлиги сабабли ҳам ўзининг ҳайвонларини бокиб ололмаётганлигиданми? Йўқ, ўртоқлар! Минг маротаба йўқ, ўртоқлар! Англиянинг ерлари унумдор ва серҳосилдир. Оби ҳавоси эса мўл ҳосил олиш учун жуда қулай. Она еримиз ўз заминида яшаётган ҳамма ҳайвонларнинг қоринларини тўйдиришга қудрати етади. Ердан олинадиган ҳосилимиз турмушимизнинг серобгарчилиги ва мўл-кўлчилиги учун етарли бўлади. Фақат биз яшаётган ферма ерларининг ўзи 12 от, 20 та сигир ва 400 лаб қўйни бока олади. Улар ферма ерларидан олинадиган ҳосил эвазига жаннатда яшагандай яшайдилар. Ўртоқлар, биз орзу қилаётган тўкин-сочин, фаровон ва озод ҳаёт шак-шубҳасиз бизга насиб қилади. Шундай экан, нима учун биз меҳнат ва машаққатлар ичида қорнимиз тўймасдан яшашимиз керак?! Биз меҳнат қилиб етиштирган маҳсулотнинг кўп қисмини одамлар қўлимиздан тортиб олишмокда. Мени ўйлантириб юрган ҳамма муаммоларнинг жавоби, ўртоқлар, шу масалага бориб тақалади. Англаяпсизларми, ўртоқлар, инсонлар бизларнинг ашаддий душманларимиздир. Агар ҳаёт саҳнасидан одамларни кўтариб ташласак, очликнинг ҳам, хўрликнинг ҳам, иш вақтидан ташқари мажбур қилиб қилинадиган қўшимча меҳнатларнинг ҳам илдизлари абадул-абадга қирқилади. Инсон маҳсулот бермайдиган ягона маҳлуқдир. У сут ҳам бермайди, тухум ҳам туғмайди, ферманинг ер майдонларини шудгорлашда омоч тортишга ҳам ярамайди. У жуда ожиз ва нотовон. ҳаттоки, тез югуриб қуённи тутиб олишга ҳам қодир эмас. Лекин. ўртоқлар, инсон ҳамма ҳайвонларга ҳукмини ўтказа олади. Ҳайвонларни аёвсиз ишлатиб, очларидан ўлиб қолмасликлари учунгина овқат беришади. Озиқ-овқатнинг кўп қисмини эса ўзлари учун сарфлашади. Бизнинг кучимиз ва меҳнатимиз билан ер ҳайдайдилар, гўнгимиз билан ерларни ўғитлайдилар. Лекин биз-чи, биз, ҳайвонлар, суягимизга ёпишиб кетган теридан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаймиз.

Олдимда тикка турган ҳолда кўзларини менга тикиб турган сигирлар, ўтган йили неча галлинг сут берганингизни биласизми?! Бузоқларингизнинг соғлом ва саломат ўсишлари учун керак бўладиган она сутлари қаерга кетди экан?! Бу сутлар охирги томчисига қадар ашаддий душманимиз бўлган одамларнинг томоғларидан ўтиб, жиғилдонларига тушиб кетган Сиз-чи, товуқлар, ўтган йили қанча тухум туққанлигингиздан хабардормисиз?! Тухумларнинг қанчасидан жўжа очдингиз, биласизми? Йўқ, билмайсиз! Ҳаммаси бозорга олиб чиқилган, Жоунз ва унинг хизматкорларининг чўнтақларини қаппайтириш учун сотиб юборилган. Сиз, Кловир, туққан қулунларингизнинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йўқ, ўйлашни хаёлингизга ҳам келтирмагансиз. Ахир қариган пайтингизда жонингизга аро кирадиган, бошингизга оғир иш тушганда енгиллатадиган, юрагингизга мадад берадиган, оғир ишларингизга елка тирайдиган тойлокчалар қани?! Уларнинг қаердалигини Сиз асло билмайсиз. Афсус билмайсиз. Улар ёшига кириши билан сотиб юборилган. Сиз уларни энди ҳеч қачон кўра олмайсиз. Ҳайвонлар қул каби ишлатилаётган ерларга эга бўлиш учун болаларингиз алмаштириб юборилган. Қанча кўп ишласангиз ҳам қорнингиз ҳеч қачон овқатга тўймайди. Қаранг, похол тўшалган супангиздан бошқа ҳеч вақонгиз йўқ. Ҳаттоки ҳайвонларнинг умри ҳам бахтсизлик ва фожеа билан тугайди. Ўртоқлар, биз ҳаётнинг иссиқ-совуғини бошимиздан ўтказиб, сўнгра қариб-чириб ўз ажалимиз билан ўлмаймиз. Мен ўзим учун куюнаётганим йўқ Мен омади чопган ҳайвонлардан бириман. 12 йил яшаб, 400 дан ортиқ бола кўрдим. Биласиз, чўчқалар учун кўпболалилик табиий ҳол ҳисобланади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун фермадаги ҳар бир ҳайвон қассоб пичоғи остида жон таслим қилади, умри раҳмсизлик билан муддатидан олдин тугатилади. Рўпарамда ўтиришган норасида чўчқа болаларининг ҳар бири жаллод кундаси устида жон таслим қилиб ҳаёт билан видолашадилар. Жон талваласасидаги даҳшатли ўлим қичқириғи ҳаммамизнинг бошимизда бор. Сигирлар, қўйлар, ҳаттоки отлар ва итлар ҳам бундай тақдирдан қочиб қутула олмайдилар. Боксэр, кучингиз кетиб мункиллаб қолганингизда Жоунз сизни арзимаган пул эвазига ҳайвонлар учун қонсерва тайёрлайдиган корхонага сотиб юборади. Жониворлар учун тайёр озуқага айланасиз. Ҳа, одамлар сизни жаллодлик билан сўядилар, қаттиқ ва чандр гўштингиз ва суягингиздан тулки ва итлар учун емиш тайёрлашишади. Итлар эса қариб қолиб, оғизларидаги тишлари ҳам битта қолмай тушиб кетгач, бўйниларига ғишт бойлаб чўктириб юборадилар. Ўртоқлар, ҳаётимиздаги ҳамма ёмонликлар инсонлардан, уларнинг зўравонликларидан келиб чиқаётганлиги энди сизларга равшан бўлгандир. Ўртоқлар, агар биз фермамиздан одамларни қувиб юборсак, олинаётган ҳамма маҳсулотлар ўзимизники бўлади. Биз бир кечадаёқ, бойиб кетишимиз ва озодлигимизни қўлга киритишимиз мумкин. Бунинг учун эса жонимизни гаровга қўйиб бўлса ҳамки, инсонлар давлатини ағдаришимиз керак бўлади. Шундагина бизга бахт қуши қўлиб бокади. Ўртоқлар, сизларга етказишни зарур деб ҳисоблаган фикрларим шулардан иборат эди. Кўзғалоннинг қачон бўлишини мен ҳам аниқ билмайман. Эҳтимолки бир ҳафтадан кейин, эҳтимолки юз йилдан кейин рўй берар. Лекин кўзларим билан оёқларим остидаги похолни аниқ, кўриб турганим каби адолатнинг тантанасига тўлиқ ишонаман. Ҳа, эртами ёки кеч адолат, албатта, ғалаба қозонади. Ўртоқлар, ҳақиқат ғалаба қилган кунни ўз кўзингиз билан кўриш сизга насиб қилади. Менинг сўзларимни келгуси авлодга, албатта, етказинг. Болаларингиз, келажакни қурувчилар ва яратувчилар бундан хабардор бўлишлари жуда-жуда зарурдир. Токи кейинги авлод ҳам ғалабага эришмагунча курашни давом эттираверсин. Ўртоқлар, бу йўлда сиз ҳеч қачон иккиланманг. Сизни тўғри йўлдан адаштириш учун қилинган ҳаракатларга асло ишонманг. Инсонлар ва ҳайвонларнинг умумий манфаатлари ва қизиқишлари ҳақидаги уйдирмаларга ҳеч қачон қулок солманг. Инсонлар ва ҳайвонлар орасида бирликнинг бўлиши асло мумкин эмас. Инсон ва ҳайвонлар ўртасидаги монополистик бирлашмаларнинг равнақи ҳақидаги фикрларнинг ҳам ҳаммаси ёлғон. Инсон худбин ва айёрдир. У фақат ўзинигина ўйлайди. Ҳайвон манфаатлари уни ҳеч қачон қизиқтирмайди. Ҳайвонлар орасида тўла бирлик ва ҳамкорликка эришсаккина, бу курашда ғолиб чиқамиз. Инсонлар бизнинг душманларимиз, ҳайвонлар эса бизнинг дўстларимиздир! Яшасин, ҳайвонларнинг умумий бирлиги ва ҳамкорлиги!

Ҳайвонлар кекса майорнинг нутқини гулдирос қарсақлар ва олқишлар билан тасдиқлашди. Тўртта каламуш инларининг оғзига ўрмалаб чиқишиб, тешиклардан бошларини чиқаришиб, думларини тагларига босиб ўтирган ҳолда қари майорнинг нутқини тинглаётган эдилар. Итлар уларни кўриб қолиб ирриладилар. Қўрқиб кетган каламушлар инларига қараб қочишди.

Майор жимлик ўрнатиш учун олдинги оёқларини кўтарди:
— Ўртоқлар, — деди сўнгра, — биз бир муҳим масалани ҳал қилиб олишимиз керак. Сиз яхши биласиз. Орамизда қуён, каламуш каби ёввойи ҳайвонлар ҳам яшашади. Уларни сафимизга қабул қиламизми ёки йўқ? Улар бизнинг ўртоқларимизми ёки душманларимизми? Шу масалага аниқлик киритиб олишимиз керак. Ҳозир шу масалани кун тартибига қўяман. Оёқларимизни кўтариб овоз берайлик.

Ҳайвонлар оёқларини кўтариб овоз беришди Уларнинг кўпчилиги каламушларни ўз сафларига қўшишга рози бўлишди. Фақат учта ит ва мажлисда овоз беришни ўйлаб топган кекса майорнинг икки томонида турган мушўқларгина қарши чиқди. (Кейин маълум бўлишича, мушўқлар ҳар икки томон учун овоз беришган экан) Майор нутқини давом эттирди:

— Бошқа сизга айтадиган айтарли гапларим йўқ. Фақат бир нарсани сизга такрор айтаман. Инсон ва унинг барча ҳаракатларига қарши бўлишдек ҳайвонлик бурчингизни унутманг! Икки оёқда юрадиганлар душманларингиз, тўрт оёқлаб юрадиганлар ва қанотлари билан учадиганлар ўртоқларингиздир. Инсонларга қарши курашаётганингизда уларга ўхшаб қолишдан сақланинг. Ҳатто улар устидан ғалаба қозонганингизда ҳам, одамларнинг бузуқликлари ва ёмон ишларини ўзлаштирмаслигингиз керак. Инсонларга хос бўлган одатлардан ҳамиша сақланинг!

Ҳайвонлар ҳеч қачон:
уйларда яшамасин;
— кроватларда ухламасин;
— спиртли ичимликлар ичмасин;
— тамаки чекмасин ва пул ишлатмасин;
-савдо билан шуғулланмасин.

Юқоридаги ҳусусиятларнинг ҳаммаси инсоннинг ёввойи ва шайтоний ҳусусиятларидир. Ҳаммасидан ҳам муҳими шуки, ҳеч бир ҳайвон иккинчиси устидан асло ҳукмронлик қилмасин. Ожизлар кучлиларга қарам бўлмасин. Ақллилар ақли заифларни эзмасин. Ҳайвонларнинг ҳаммалари бир-бирларига биродардирлар. Шунинг учун бир-бирларини асло ўлдирмасин. Ҳамма ҳайвонлар тенг ҳуқуқлидир. Энди, ўртоқлар, кечаги тунда кўрган тушим ҳақида гапириб берай. Кўрган тушимни тўлалигича тасвирлаб беришдан ожизман. Бу инсон зоти қирилиб кетганидан кейинги ҳаёт ҳақидаги туш эди. Бу туш кўп йиллар ўтиб, унитилиб кетган бир воқеани ёдимга солди. Онам ва бошқа аёл чўчқалар ёшлигимда бир ажойиб қўшиқни қўйлашарди. Қўшиқ фақат уч байтдангина иборат бўлиб, оҳанги ҳайвонларни ўзига тортиб олади. Болалигимда бу қўшиқни мен ҳам илҳом билан қўйлардим. Орадан кўп йиллар ўтиши билан уни унитиб қўйганман. Кечаги кўрган тушим эса қўшиқнинг сўзларини ҳам, қўйини ҳам эсимга солди. Ўша ашуланинг сўзлари хотирамда тикланди. Авлод-аждодларимиз томонидан қадимда куйланиб келган бу қўшиқни унитиб қўйган эдик. Ҳозир мен сизларга ўша ашулани айтиб бермокчиман. Кўриб турибсизлар, қариб қолганман. Овозим ҳам ўз ширасини йўқотган. Бунинг устига хиррилаб қолганман. Лекин сизларга ўргатиб қўйганимдан кейин жойиға қўйиб қўйлайсизлар деган умиддаман. Кекса майор тамоғини қириб олиб «Англия ҳайвонлари» деб номланган кўҳна қўшиқни қўйлай бошлади. Ўзи айтганидай, овози хириллаб чиқарди. Лекин бу билинмасди. Чунки шу қадар берилиб илҳом билан айтардики, ҳайвонлар тўлқинланиб кетганликларини ҳам сезмай қолишди. Юрақлари хинидан чиқиб кетгудай дукиллаб урарди. Кўкрақлари ашуланинг қўйиға мос равишда кўтарилиб, пастга тушарди. Ашуланинг қўйи клементайн ва ла кукарача деб аталувчи мусиқа оҳангларини эсга солар ва уларнинг оралиғидаги бир қўйни пайдо қиларди:

Эй буюк Англиянинг эзилган ҳайвонлари!
Эй буюк Ирландиянинг хўрланган ҳайвонлари!
Эй жаҳоннинг ҳақ-ҳуқуқи топталган ҳайвонлари!
Ҳамма ҳайвон тенг ҳамда адолат маёқ бўлган,
Олтин замон қўйланган олов қўшиғим тингланг!

Ҳукмрон инсон мангу йўқолиб, Биз кутган кунлар албат келади.
Ҳосилдор ерларни оёққа олиб, Англия ҳайвонлари бахтли бўлади.

Бурнимиздан бурундиқлар ечилар,
Белимиздан эгар-жабдуқ олинар.
Хипчинлар ҳам тушмас ҳеч устимизга
Туёқдаги тақалар мангу зангланар

Бизники деб ўйланмаган бойликлар,
Буғдойлару арпа, сули ҳам, пичан,
Макка, жовдар, ловия ҳам шолилар,
Ҳайвонларга насиб бўлар тамоман.

Озодлик ғалаба қилган кунларда
Англия ерида қуёш порлайди.
Суви ҳам сут каби окиб тунларда,
Шабодаси ўйнаб гул эркалайди.

Кураш-ла келади порлок келажак,
Эрк учун жонимиз қурбон бўлажак.
Сигирлар, отлар, ғозлар ҳам қўрқалар
Бахтли кунларга албат етажак!

Эй буюк Англиянинг қудратли ҳайвонлари!
Эй буюк Ирландиянинг шиддатли ҳайвонлари!
Эй ферманинг меҳнатдан қақшаган ҳайвонлари!
Ҳамма ҳайвон.тенг ҳамда адолат маёқ бўлган,
Олтин замон қўйланган жўшқин қўшиғим тингланг!

Ашула ҳайвонларнинг қонларини қайнатиб, ёввойи ҳисларини кўзғатиб юборди. Ҳайвонлар қўшиқни ўзлари қўйлай бошлашди. Кекса майор бундан хотиржам бўлиб аста кўзларини юмди. Ҳайвонлар эса яна-да баланд овоз билан жўрликда қўйлай бошлашди. Ҳаттоки фаҳм-фаросати камрок бўлган ҳайвонлар ҳам ашуланинг қўйини ва уни бир неча байтларини ўзлаштириб олишди. Ақлли ҳисобланган чўчқалар ва итлар эса ашулани бир зумда ёдлаб олишиб жону диллари билан қайта-қайта қўйладилар. Ҳайвонлар қўшиқни бир неча маротаба такрорланганларидан кейин эса фермани ларзага келтириб шиддат билан қўйлай бошладилар. Сигирлар му-мулаб, итлар вовуллаб, қўйлар мараб, отлар кишнаб, кучукчалар эса вангиллаб айтар эдилар. Ашула уларнинг руҳини ҳаддан ташқари кўтариб юборган эди. Ўрганиб олганларидан кейин ҳам 5 марта қайтариб-қайтариб баланд овоз билан айтишди. Агар ашула узилиб қолмаганида тун бўйи ҳам тўхтамай айтишарди. Юракни ўйнатиб юборадиган баланд ва шиддатли овоз билан айтилаётган қўшиқ кроватда ухлаб ётган мистер Жоунзни уйғотиб юборди. Мистер Жоунз фермага ёввойи тулки ўрмалади деб ўйлаб ётокхона бурчагига тикка қилиб қўйилган милтиқни қўлига олиб қоронғуликка қараб ўқ узди. Ўқлар молхона деворига бориб тегди ва деворлар орасига кириб йўқолиб кетди. Мажлис шошилинч тугатилди ва ҳамма ҳайвонлар ётиш учун ўз супаларига тарқалишди. Паррандалар эса қўндокларига учиб чиқишди. Сўнгра бир дақиқа ҳам ўтмасдан тош қотиб ухлаб қолишди. Бутун фермани тун сукунати қоплади.

Мажлис ўтгандан кейин, учинчи кун кечкурун, уйқуга ётган қари майор эрталаб уйқудан уйғонмади. Марҳум мевазор боғнинг ёнига дафн этилди. Дафн маросимида ўзи ўргатиб кетган қўшиқни ҳайвонлар маюслик билан қўйлашди. Сўнгги уч ой давомида улар жуда серҳаракат бўлиб қолдилар. Майорнинг нутқи юрақларига олов ташлаб қўйган эди. Ақллирок ҳайвонлар келажакдаги ҳаётнинг режаларини туза бошлашди. Улар режалар билан боғлиқ вазифалар ва вазифаларни бажаришдаги ҳайвонлик маъсулияти ҳақида тинмай уқтиришарди. Майор томонидан башорат қилинган қўзғалоннинг қачон бўлишини ҳеч бир ҳайвон билмасди. Чунки қўзғалон бошланиши учун ижтимоий муҳитнинг етилиши ва исён бошланиши учун бирон бир тўртки бўлиши керак эди. Лекин қўзғалонга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш ўзларининг ҳайвонлик бурчлари эканлигини тўла англаб етгандилар.

Қўзғалонни ташқил қилиш ва унинг моҳиятини ҳамма ҳайвонларга бирдай етказиш ниҳоятда машаққатли вазифа эди. Бу вазифани ақлли ҳайвонлар-чўчқаларнинг зиммасига юклатилди. Ферма ҳайвонлари тўнғизлардан иккитасини жуда ҳурмат қилишар, ўзларининг улуғлари деб санашарди. Улардан бири Сноубол, иккинчиси эса мистер Жоунз сотиш учун бокувга қўйган Наполеон эди. Наполеон жуда баҳайбат, кучли ва дадил, шиддатли, қўрқмас Виктор тўнғизи бўлиб ферма ҳайвонлари орасида унга тенг келадигани йўқ эди. Ўзининг ишини яхши билар, шунинг учун ҳам нимани хоҳласа унга эришарди. Ишнинг кўзини биларди. Наполеон кўп гапирмасди. Ҳайвонлар орасида обрў-эътибори яхши эди. Наполеонга қараганда Сноубол анча дилкаш бўлиб, ҳайвонлар билан тез эликишиб кетарди. Улфатчиликни жуда ёқтирарди. Тезоб бўлишига қарамасдан фикри теран, янгиликлар яратишга ўч эди. Наполеон фермадаги бошқа тўнғизларга қараганда қатъийрок эди. Уларнинг орасида фаҳм-фаросатлиси кичкинагина, лекин семиз Скуийлир деган тўнғиз эди. Унинг юзлари ташқарига бўртиб чиққан бўлиб, кўзлари юлдуздек ёнарди. Ҳаракатлари чаққон, овози ўткир эди. Ўзини ниҳоятда ақлли ва доно ҳисобларди, жимжимадор ва ялтирок сўзларни кўп ишлатарди. Маъруза қилаётганида ёки бирор муаммони ҳал этиш учун баҳсга кирганида_ҳамиша тебраниб, ўз оғирлигини бир оёғидан иккинчи оёғига ташлаб турарди. Орқасидаги думи эса девор соатининг тошлари каби ликилларди. Унинг бу туриши фикрини бошқа ҳайвонларга маъқуллатиш учун қўлланадиган энг самарали усул эди. Ҳайвонлар Скуийлир қорани ок деб ишонтира олади дейишарди. Шу уччала чўчқа ҳайвонизм таълимотининг тарғиботчилари бўлиб, ҳайвонлар орасида тушунтириш ишларини олиб боришда тиним нималигини билишмасди. Ҳар бир муаммони синчиклаб ўрганишарди. Мистер Жоунз уйқуга кетганидан сўнг ҳафтанинг бир неча тунларида мажлислар ўтказишар ва ҳайвонизм асослари ҳақида узундан узоқ маърузалар қилишарди. Дастлаб ҳайвонлар бу ҳаракатларга бепарволик билан қарадилар ва аҳмоқона саволлар билан ҳам мурожаат қилиб туришди. Баъзи ҳайвонлар эса мистер Жоунз олдидаги ҳайвонлик бурчлари ва унга содиқлик муаммоларини ҳам кўтариб чиқишар, мистер Жоунзни ўзларининг ягона хўжайини деб тан олишарди. Баъзан ҳайвонлар муҳим муаммолар бўйича ниҳоятда гўллик билан мулоҳаза юритишарди:

— Агар мистер Жоунз бўлмаса оч қоламиз, бизнинг қорнимизни ким ҳам туйдирарди. Ўлганимиздан кейин қолганлар билан ишимиз нима? Мистер Жоунзсиз яшаб бўладими? Ёки бу қўзғалон-ку, албатта, амалга ошар экан, унда биз тайёргарлик кўриб нима қиламиз. Тайёргарлик кўрдик нима-ю кўрмадик нима? Барибир эмасми? деган саволларни ҳам беришарди. Чўчқалар эса бундай фикр юритиш ҳайвонизм руҳиятига мос келмаслигини тушунтиришда жуда-жуда қийналардилар. Энг аҳмоқона саволлар Молли исмли ок от томонидан бериларди. У мажлислардан бирида шундай савол берди:

— Қўзғолондан кейин ҳайвонларга шакар бериладими ёки йўқми?
— Йўқ,-деб жавоб берди Сноубол қатъийлик билан баланд овозда. Бизнинг фермамизда шакар тайёрлаш учун ишлаб чиқариш қуроллари йўқ. Лекин, ўртоқ, у вақтда сизга шакар керак бўлмайди. Сули ва пичанлар фермада етарли миқдорда тўпланади ва хоҳлаганингизча ейишингиз мумкин бўлади.

Молли иккинчи маротаба:
— Ўша пайтда сочларимга лента тақишим мумкинми? — деб сўради.

Сноубол ниҳоятда ҳайратланди:
— Ўртоқ., — деди у, -сиз яхши кўриб сочларингизга тақиб олган ўша ленталар қулликнинг рамзидир. Наҳотки, озодлик деган муқаддас тушунчанинг моҳиятини англаб етмаган бўлсангиз!

Молли Сноуболнинг сўзларига қаршилик билдирмади, сукут сақлади. Лекин берилган жавобдан қаноатланмаганлиги шундокқина сезилиб турарди.
Чўчқалар қўлга ўргатилган Мусо деб аталадиган қора қарға томонидан тарқатилган уйдирмаларга қарши курашишнинг мураккаб эканлигини тушуниб турардилар. Гап ташувчи ва эртак айтувчи бу қора қарға мистер Жоунзнинг эркатойи эди. У ниҳоятда чиройли сўзлар ва ўз фикрини сиполик билан тушунтира оларди. Эшитувчининг диққатини эса дарров ўзига жалб қилиб оларди. Мусо кўпинча Шакартоғ деб аталган ажойиб ўлка ҳақида ривоят тўқирди. Ўлганларидан кейин ҳайвон ва паррандаларнинг руҳлари булутлардан ҳам юқорида жойлашган Шакартоғ ўлкасига учиб кетади деб ишонтирарди. Жаннат ўлкасида ҳар якшанба кунлари шакарқанд ва беда берилиши, ок қанд ва энгер уруғидан қилинган олий нав тортлар эса оёқлари остида ўсиб ётиши ҳақида қизиқарли ҳикоя айтарди. Кўпчилик ҳайвонлар Мусони ёқтирмасдилар. Меҳнатдан қочиб, афсоналар тўқиб ва айтиб кун кўришини хушламасдилар. Шунга қарамасдан баъзи ҳайвонлар Шакарқанд тоғи борлигига ишонардилар. Чўчқалар эса бу ишончни тарқатиб юбориш мақсадида қизғин баҳс олиб борардилар. Чўчқаларнинг ишончли ва содиқ шоғирдлари Боксэр ва Кловир эди. Улар чўчқаларнинг фикрларини сўзсиз қабул қилишар, тез ўзлаштиришар ва ишонтира оладиган далиллар билан бошқа ҳайвонларга тарқатишарди. Улар ҳеч қачон мустақил фикр юритишмасди.

Молхона биноси ичида бўладиган тунги йиғинлар ҳанузгача давом этиб келарди. Улар кўпайиб, «Англия ҳайвонлари» қўшиғини жўрликда қўйлаш билан якунланадиган бўлди. Қўзғалон чўчқалар кутганидан кўра эртарок муддатда рўй берадиган вазият етилиб қолди. Исённи амалга оширишда бундай имқоният бўлиб қолишини чўчқалар асло кутишмаганди.

Мистер Жоунзнинг бошига қора кунлар тушди. У қобилиятли фермер бўлишига қарамасдан синиб қолди. Судлашиш жараёнида катта пул йўқотди. Оғир қайғуга ботиб, руҳи тушиб кетиб, ўзини билмайдиган даражада ичкиликка берилди. Соғлиғи ҳам ёмонлашиб борарди. Кун бўйи ошхонадаги стулда қимирламай ўтириб, турли рўзномаларни ўқир ва пивога бўктирилган нон билан Мусони овқатлантирарди. Фермадаги бўлаётган ишлар уни қизиқтирмай қўйди. Ишчилари эса ниҳоятда инсофсиз эди. Меҳнат қилишни асло ёқтиришмасди. Ферма далаларига фойдасиз ўсимликлар экила бошлади. Биноларнинг томлари эса тузатиш ва ямашга муҳтож эди. Фермани ўраб турган тўсиқлар қаровсиз ҳолда ағдарилиб ётарди. Ҳайвонларга бериладиган овқатлар ҳам мазза-матрасиз бўлиб, қорниларини тўйдирмасди.

Июнь ойиға келиб пичан ўрими яқинлашди. Йилнинг энг узун туни медсамиуўзив (медсамиуўз-ив тун маъносини билдириб, Ўзбекистонда 24 июнга тўғри келади) ҳафтанинг шанба кунига тўғри келди. Шу куни мистер Жоунз Вилингдон (Англия қишлокларидан бирининг номи)га борди. У ерда жойлашган «Қизил шер» пивохонасида одатдагидан кўп ичиб қолиб кетди ва фермага қайтиб келолмади. Ферма ишчилари эрта тонгда туриб сигирларни соғиб олишди. Сўнгра қуён овлагани кетишди. Улар жуда шошилганликлари туфайли ҳайвонларга ем беришмади. Мистер Жоунз чошгоҳга яқин фермага қайтиб келиб, ошхонадаги диванга чўзилди. Юзига «Жаҳон ахборотномаси» рўзномасини ёпиб олиб қаттиқ уйқуга кетди. Кеч тушиб, вақт алламаҳал бўлганлигига қарамасдан ҳайвонларга ҳанузгача овқат берилмаганди. Ҳайвонлар очликдан токатсизлана бошлашди. Сигирлардан бири озиқ-овқат сақланадиган омборхона эшигини шохи билан итариб очиб юборди. Очофотлик билан ўзини ичкарига урди. Унинг орқасидан бошқа ҳайвонлар ҳам омборхонага бостириб кирдилар. Сақланаётган озиқ-овқатларни очкўзлик билан оғизларига солиб ковшана бошлашди. Ҳайвонларнинг одатдан ташқариги шовқини мистер Жоунзни уйқудан уйғотиб юборди. Қуён овидан қайтиб келиб аҳволни кўрган хизматкорлар қўлларидаги хипчинлар билан ҳайвонларни уриб ҳайдай бошлашди. Ғазабланган ишчилар ҳайвонларнинг олди-орқасига қарамай урардилар. Кун бўйи оч қолиб кетган ҳайвонларнинг ҳам токатлари тугаб ,ўзларини тутолмай қолишди ва одамларга ташланишди. Уларни ҳар томондан ўраб олиб, шоҳлари билан сузиб, оёқлари билан тепа бошладилар. Воқеа шу қадар тез рўй бердики, уни тўхтатиш ва бошқаришнинг асло иложи бўлмай қолди. Ферма ишчилари шошиб қолдилар, ўзларини йўқотиб, қандай чора кўриш кераклигини билмасдилар. Тўсатдан рўй берган бу воқеа, мистер Жоунз ва унинг хизматкорларининг ҳар қандай зуғумларига чидаб келаётган ҳайвонларнинг ғалаёни уларнинг эсхонасини чиқариб юборганди. Бир неча дақиқалар ўтгандан кейингина одамлар ўзларини ҳимоя қила бошлашди. Сўнгра бунинг фойдасиз эканлигини сезишгач, ҳамма хизматкорлар-5 эркак жонларини сақлаб қолиш учунгина кичкинагина арава сиғадиган сўқмокдан ферма ташқарисидаги катта йўл томон орқа-олдиларига қарамай қоча бошлашди. Ғалаба суруридан завқланиб кетган ҳайвонлар уларни таъқиб қилардилар. Мистер Жоунз ётокхона деразасидан бўлаётган воқеаларни кузатиб турарди. У тезлик билан керакли буюмларини йиғиштириб, сумкасига солди-да, бошқа йўл билан фермани ташлаб қочди. Мусо ҳам қариллаганича мистер Жоунзга эргашди.

Мистер Жоунзнинг хизматкорларини катта йўлга қадар қувиб боришган ҳайвонлар беш панжарали темир дарвозани ичкаридан беркитдилар. Ҳайвонлар ҳали қандай воқеа юз берганини англаб етмаган эдилар. Бу ўша қари майор башорат қилиб кетган қўзғалон муваффақият билан амалга ошган эди. Тўсатдан бошланган ғалаён натижасида мистер Жоунзга қарашли ферма ҳайвонларнинг ихтиёрига ўтган эди. Жоунз ва унинг хизматкорлари қувилиб «Манор ферма»си «Ҳайвон ферма»сига айланганди. Дастлаб ҳайвонлар кўзлари билан кўриб турган бу воқеага ишонолмадилар. Ҳайвонлар бирорта одам яшириниб қолмадимикан деган ўй билан қаттиқ шовқин солиб, туёқларини ерга зарб билан уриб ферма атрофини айланиб чиқишди. Сўнгра фермадан Жоунз ҳукмронлигининг охирги қолдиқларини ҳам йўқотиб юбориш мақсадида ферма ичига жойлашган биноларга қараб чопдилар. Жугунхонанинг эшигини бузиб очишди. Унда сақланаётган сувлиқ, жилов, жугун, бурундуқлар ва ит боғлайдиган занжирлар, жаллодлик учун ишлатиладиган кундалар, ҳайвон сўйувчи пичоклар ҳамма-ҳаммасини олиб чиқиб, ферма ичидаги қудуққа ташладилар. Ҳайвонларнинг эркақлигини йўқотиш учун ишлатиладиган пичоклар, сувликни тортиб турувчи арқонлар, отнинг кўзларини тўсиб туриш учун бошига кийгизиладиган тунука қопқалар, фақат отлар учун ишлатиладиган бурун халталари, ҳайвонларнинг ҳақ-ҳуқуқини камситиб, нуфузини йўқотадиган барча нарсаларни ферма ҳовлисида тўпланган ахлат уюмига қўшиб ёқиб юбордилар. Ўзлари жуда ёмон кўрадиган хипчинларни ҳам оловга ирғитдилар. Сноубол инсонларни эслатувчи ҳайвонларнинг барча кийимларини, жумладан, якшанба кунлари отларнинг ёлларига тақиб ясатиладиган ленталарни ҳам ўтга ташлади. «Ҳамма ҳайвонлар яланғоч юришлари керак»,-деб чийиллади Сноубол баланд овоз билан. Бу сўзларни эшитган Боксэр ёз ойлари қулокларига пашша кириб кетмаслиги учун похолдан қилинган цилиндр шапкаларни ҳам бошқа нарсалар қатори оловда ёқиб юборди. Бир зумда мистер Жоунзни эслатадиган ҳамма нарсалар йўқотилди. Наполеон ҳамма ҳайвонларни молхонага йиғиб, ҳар бирига икки ҳайвон тегиши миқдорида маккажўхори улашди. Ҳар бир итга икки донадан печенье бериб чиқди. Сўнгра «Англия ҳайвонлари» қўшиғини етти марта айтишиб, тунги йиғинни тугатишди ва шу кунгача насиб этмаган оромбахш уйқуга кетишди. Ҳайвонлар умрлари бино бўлиб бу қадар лаззатли уйқуни билмаган эдилар.

Ҳайвонлар эртасига, одатдагидек, тонг саҳарда уйғондилар. Кечаги бўлиб ўтган ғаройиб воқеани эслашиб мамнунлик билан яйловга ўтлагани кетишди. Яйловнинг қок ўртасида атроф кўриниб турадиган баланд тепалик бор эди. Ҳайвонлар шу тепаликка чопиб чиқишиб чуқур-чуқур нафас олишди. Тонгги шафақнинг нурларига чўмилган ҳолда табиат манзараларини завқланиб томоша қилдилар. Кўзларини яшнатиб, дилларини яйратаётган бу мислсиз гўзал табиат ва тўйиб ўтлайдиган бу ям-яшил яйлов энди уларнинг ўзлариники эди. Ахир ғурурланмай бўладими?! Юрақларини ҳаприқтириб юбораётган шодликдан осмонга сакрашиб, муздек шудринглар устида юмаладилар. Ёз қуёшини эмиб, асалдек етилган ўтлардан чимдиб ковшана бошладилар. Ўтлар орасидан бўртиб кўриниб турган кесақларни ҳар томонга тепиб, ернинг ҳушбўй ҳидидан маст бўлдилар. Сўнгра тепаликдан туриб «Ҳайвон ферма»си жойлашган кенг майдонни кузата бошладилар. Пичанзор, ҳайдалган ерлар, мевазорлар ва манзарали оромгоҳларни кўриб ҳайратда қолдилар. Кенг ва бу қадар гўзал ферманинг эгалари ўзлари эканлигига ишонолмасдилар.

Яйловдан қайтган ҳайвонлар мистер Жоунз яшаган кўркам бино эшиклари олдига келишди ва ичкарига киргани ботина олмай, нафасларини ичларига ютиб тўхтадилар. Бир неча дақиқа ўтгандан сўнг Сноубол ва Наполеон елкалари билан эшикни итариб очишди. Уларнинг орқасидан бошқа ҳайвонлар эргашишди. Эҳтиёткорлик билан хонадан хонага ўта бошладилар. Бир-бирлари билан иложи борича товушларини пастлатиб, пичирлашиб гаплашишарди. Бирдан орқа томондан бир сигирнинг ажабланиб мулагани эшитилди. Ҳайвонлар кўзлари олдида турган ҳашаматларга: ётокхонанинг партўшаклар солинган юмшок каравотлари, пардоз ойнаси, от қиллари билан безатилган диван, Брюселдан келтирилган патгиламлар ва меҳмонхона деворига илинган малика Викториянинг литография усулида чизилган суратига ҳайратланиб тикилишди. Зиналардан пастга тушиб, ферма ҳовлиси саҳнига чиққанларида эса ораларида Молийнинг йўқлигини билиб қолдилар. Молийни мистер Жоунзнинг пардозхонасидаги ойна столи устида турган хилма-хил рангдаги ленталар олиб қолган эди. Кўзлари ёниб, юзлари ловуллаганича иккита кўк лентани Молий икки елкасига қадади. Фаросатсизлиги шундокқина акс этиб турган юзини ойнага солиб томошо қилаётган пайтда ҳайвонлар Молийни топиб олдилар. Унинг ўйламай қилаётган бу ҳаракатларини юзига солиб айбладилар. Сўнгра ҳаммалари биргаликда пардозхонадан пастга тушишди. Ҳайвонлар ошхонада осилган чўчқа гўштини дафн қилиш учун ташқарига олиб чиққан эдилар. Омборхонадаги пиво бочкаси Боксэрнинг туёқлари зарбидан ағдарилди. Бошқа нарсаларга тегмадилар. Ҳаммалари якдиллик билан фермадаги мистер Жоунз яшаган уйни музей сифатида сақлашга, ҳайвонлардан ҳеч бирининг у ерда яшамаслигига қарор қилишди.

Ҳайвонлар овқатланиб бўлганларидан сўнг Сноубол ва Наполеон уларни йиғилишга чақирди.

– Ўртоқлар, -деб сўз бошлади Сноубол, эртадан бошлаб соат 6.30 дан иш бошланади. Ҳозир кунлар узоқ бўлиб қолди. Бизнинг олдимизда эса бажарилиши зарур бўлган вазифалар ниҳоятда кўп. Бугун пичан ўримини бошлаймиз. Бошқа қилинадиган ишлар ҳақида ҳам маслаҳатлашиб олишимиз керак.
Чўчқалар уч ой давомида мистер Жоунзнинг фарзандларидан қолган, ахлат уюмига ташлаб юборилган эски имло китобларидан ўқиш ва ёзишни ўргандилар. Бошқа ҳайвонларнинг ҳам саводларини чиқариш зарурлигини таъкидлашди. Наполеон ок ва қора рангдаги бўёқлар тўлдирилган пақирларни кўтариб, темир панжаралар билан бешга бўлинган катта йўлдаги дарвоза томон жўнади. Бошқа ҳайвонлар ҳам унинг орқасидан эргашишди. Ёзувни яхши ўзлаштириб олган Сноубол бармоклари орасига бўёқ шёткасини олиб темир панжаранинг энг баланд қисмидаги «Манор ферма» ёзувини қора рангга бўяди ва унинг ўрнига ок ранг билан «Ҳайвон ферма» деб ёзиб қўйди. Бу фермага қўйилган янги ном эди. Бундан буён ферма шу ном билан юритилиши лозим эди. Улар яна ферма ичига қайтдилар. Сноубол ва Наполеон катта молхона деворининг тепасига чиқиш учун ҳайвонларни шоти олиб келишга юборди. Сноубол уч ойдан бери ўқиш ва ёзишни ўрганиш давомида ҳайвонизмнинг асосини 7 та қоидага келтирганини тушунтириб берди.

Бўладир “Ҳайвон ферма»сининг ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛМАЙДИГАН ҚОНУН МОДДАЛАРИ эди. «Ҳайвон ферма»сида яшовчилар бу қонун моддаларига амал қилишлари шарт эди. Қонун моддаларини яратишда ҳамма ҳайвонларнинг тенглигига асосланиш чўчқалар учун осон бўлмаганди.

Сноубол қийинчилик билан нарвонга чиқиб, ишни бошлади. Нарвоннинг бир неча зиналаридан пастда турган Скуийлир бўёқ тўлдирилган пақирчани Сноуболга тутиб турар эди. Қонун моддалари катта ок ҳарфлар билан молхона деворига ёзила бошлади. Ёзилган ҳарфларни 30 метр узоқликдан туриб ўқиш мумкин эди:

1. ИККИ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР — ДУШМАН.
2. ТЎРТ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР ВА ҚАНОТЛАРИ БИЛАН УЧАДИГАНЛАР — ДЎСТ.
3. ҲАЙВОНЛАР КИЙИМ КИЙМАСДАН ЯЛАНҒОЧ ЮРИШЛАРИ КЕРАК.
4. ҲАЙВОНЛАР КАРОВАТДА ЁТМАСИН.
5. ҲАЙВОНЛАР СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР ИЧМАСИН.
6. ҲАЙВОНЛАР БИР-БИРЛАРИНИ ЎЛДИРМАСИН.
7. ҲАММА ҲАЙВОНЛАР ТЕНГ ҲУҚУҚЛИДИР.

Қонун моддалари ҳуснихат қоидаларига риоя этилган ҳолда ёзилган бўлиб, бир ҳарф тескари эди, холос. Бошқа ҳарфларнинг ҳаммаси тўғри ёзилганди. Сноубол ҳайвонларга қонун моддаларини ўқиб эшиттирди. Улар саводсиз бўлганликлари учун бошларини қимирлатиб маъқуллаб кўяқолдилар. Ақллироклари эса моддаларни ўргана бошладилар. Сноубол қўлидаги бўёқ шёткасини ерга ташлаб ҳайвонларга мурожаат қилди:

— Ўртоқлар, бизни пичанзорлар кутиб турибди. Зудлик билан пичанларни йиғиб-териб олишимиз керак. Жоунз ва унинг хизматкорларидан эҳтиёт бўлишимиз ва уларнинг қаерда бошпана топганликларини ҳам билишимиз, албатта, зарур. Шундагина бизнинг тинчлигимиз сақланади. Бу бизнинг шараф билан бажарадиган вазифамиздир. Сутлари елинларига тўлиб кетиб қийналаётган уч сигир Сноуболнинг сўзларини мулаб бўлиб юборди. Улар бир кечаю кундуз давомида соғилмасдан, елинлари ёрилиб кетгудай сутга тўлиб, чирсиллаб кетганди. Чўчқалар бир муддат ўйланганларидан сўнг чўчқачаларни пақир олиб келиш учун юбордилар. Сўнгра чўчқалар пақирларни оёқлари орасига жойлаштириб, сигирларнинг сутларини шовуллатиб соғиб ола бошлашди.

Бир зумда бешта пақир ёғли сут билан тўлди. Ҳайвонлар пақирлардаги оппок сутга ва сут устидаги кўпикларга қизиқиш билан қарадилар. Шу пайт ҳайвонлардан бири:

-Бу сутларни нима қиламиз, -деб юборди.
— Жоунз бизнинг овқатимизга ишлатарди, — деди товуқлардан бири.

— Сут ҳақида ўйлаб бошингизни қотирманг, -деди пақирлар олдида турган Наполеон баланд овоз билан. — Сут учун қайғурманг. Биз ҳозир далалардаги ҳосилни йиғиб олиш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўртоқ Сноубол йиғим-теримни бошқаради. Бир оздан кейин мен ҳам бораман. Ўртоқлар, пичан йиғим-теримига олға! Бизни пичан кутаяпти. Совуқ кунлар бошланмасдан олдин йиғиштириб олишимиз керак. Оби ҳаво бизни кутиб турмайди.Ҳайвонлар пичан эқилган ферма ерига йўл олишди ва шу заҳотиёқ ўримни бошлаб юборишди

Кечки пайт ишдан қайтиб келганларида эса сутнинг йўқолганлигини сезишди.

Инглиз тилидан Санобар Каримова таржимаси

Қиссани тўлиқ аудиоформатда тингланг.





033

(Tashriflar: umumiy 15 971, bugungi 12)

2 izoh

  1. assalomu alaykum,nega endi bosh qahramon Napoleon deyilgan to’g’ridan to’g’ri Stalin deganda bo’lar edi

Izoh qoldiring