To’ra Sulaymon. She’rlar.

007     Румий бобомиз: «Қандай бўлсанг, шундай кўрин, қандай кўринсанг шундоқ бўл!», деган ҳикматли бир фикрни айтганлар. Назаримда, Тўра Сулаймон худди шу «қоида»га амал қила олган, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам имкон қадар шу талабдан чекинмай яшаб келаётган бахшитабиат бир шоирдир. Унинг бахшилиги – ҳақиқат ва яхшилик ахтаришда; ҳақиқат, адолат излаш тўхтаса, сўзнинг, шеърнинг ҳеч нимага арзимаслигини бехато англашида. Аллоҳ унга оддий одамлар ишқи, дарди, орзую армонлари билан тўлган бир юрак ато этган (Иброҳим Ҳаққул билан суҳбатдан).

Тўра СУЛАЙМОН
ШЕЪРЛАР
085

Ардоқли шоир Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февралда Бахмал туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1964). Ижоди 50-йилларда бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим», «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алхазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома», «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайхон» (2003) каби асарлар муаллифи. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Публицистик мақолалар тўплами ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», 2004). 2005 йил Гулистон шаҳрида вафот этган.

085

ТЕБРАТАР
(Қадимги қимизчи чоллар қўшиғи)

Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар,
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.
Қимиз йигитни тебратар
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.
Бешик болани тебратар.
Бола дунёни тебратар.

ҒУНЧА

Сир бўйида бир ғунча
Ой ботар очилгунча.
Очилишин кутгайман
Токи ўла-ўлгунча.

Эшик олди боғ кўча,
Боғ кўча айлангунча
Дийдорлашай ёр билан
Ой ботиб, тонг отгунча.

У тоғда бир тўтиқуш
Бу тоғда бир тўтиқуш.
Бир-бирига етолмай
Интиғу интизормиш.

Тоғларнинг қори-қори,
Қор тагида баҳори.
Янги чиққан ой мисол
Бўлсин ҳар кимнинг ёри.

Бу тоғлар баланд тоғлар,
Атрофи ажаб боғлар,
Ёринг бўлса ёнингда
Не қилсин дилда доғлар?

Ор бўлсину ор бўлсин
Ҳар дилда баҳор бўлсин.
Ёр қадрига етмаслар
Ҳар гўшада хор бўлсин.

Бир гўшада бир юлдуз,
Доимо юрар ёлғиз.
Кўз тутдим йўлларига
Термулиб кеча-кундуз.

Тоғлар боши тумандир,
Тарқалиши гумондир.
Хабар олмасанг мендан
Ҳолим беҳад ёмондир.

КЎРДИМ

Кўрдим, кўрдим дунёни
Ҳамиша бир кам кўрдим.
Яхшини армон бирла,
Ёмонни бекам кўрдим.

Бағри бутунларни бут,
Ёлғизни ғариб кўрдим.
Бирда нодон, нопокни
Майдонда ғолиб кўрдим.

Халқларни мудом бирдай,
Ялқовни ёрти кўрдим.
Кўнгли очиқ зотларни
Ҳотамдин ортиқ кўрдим.

Бирларни аро йўлда,
Бирни армонли кўрдим.
Бирда мунофиқларни
Давру давронли кўрдим.

Бирларни дунёпараст,
Бирни имонли кўрдим.
Нокасни шод, донони
Юраги қонли кўрдим.

Бирда кўриб ўкиндим
Аёқни бош ўрнида.
Лаъл ўрнида сополни,
Гавҳарни тош ўрнида.

Во ажаб бирда кўрдим
Қулни хоқон ўрнида.
Бирда кўрдим лолани
Бир қатра қон ўрнида.

Бирда кўриб лол қолдим
Дарёни сой ўрнида.
Қуёш ўрнида юлдуз,
Юлдузни ой ўрнида.

ТОПОЛМАСМАН
(Замирабегимни эслаб)

Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим,
Энди босган изларингни тўрт томондан тополмасман.
Толиқиб ҳам толиб бўлдим, қирққа кирмай қариб бўлдим,
Лайлу наҳор сени излаб ер-осмондин тополмасман.

Ажаб тақдир, ажаб қисмат бу бошда борга ўхшайдир,
Равон бўла келган йўлим узилган торга ўхшайдир.
Сенсиз қошим қабоғимда қурилган дорга ўхшайдир,
Сенингдек бир гуландомни Гулистондин тополмасман.

Баҳор ўтиб ёз ҳам келди, ҳамон сендин хабар йўқдир,
Бесоҳиб боғ-роғларимда қумри, саъва, самар йўқдир
Гар хаёлат дарёсига ғарқ бўлсам бир канор йўқдир,
Мағриб, Машриқ, дашту саҳро, Кўҳистондин тополмасман.

Ҳали баргрез куз олдинда, не шўриш, не иш олдинда,
Ҳеч ким имдод бера билмас қаҳри қаттиқ қиш олдинда.
Қатра-қатра қон ўрнида кўздин оқар ёш олдинда,
Ҳаргиз сени излаб Хўтон, Чин, Мочиндин тополмасман.

Хазон фасли етиб келмай жудолик бу бошга тушмиш,
Йиғламоқдин ўзга чорам йўқдир оғу ошга тушмиш.
Мусибат бир боғга эрмас, ер-кўк, тоғу тошга тушмиш,
Энди сендек дилкушони Шом, Болқондин тополмасман.

АСРАГАЙ

(Соҳибқирон бобомизнинг ҳайкали пойида битилган битик)

Тақа туёқни асрагай,
Туёқ тулпорни асрагай.
Тулпор Темурни асрагай,
Темур Туронни асрагай,
Турон Қуръонни асрагай,
Қуръон имонни асрагай.
Имон инсонни асрагай,
Инсон оламни асрагай.
Оламни Ўзи асрагай.

ҚАЙДАДИР

Тоғларга ёндошиб, кўкка туташиб,
Довонлар ошмасанг маъдан қайдадир.
Ортда қолар бўлсанг кўпдан адашиб
Орзу-истак тугул армон қайдадир.

Зоғ билан булбулни фарқ қилмас зотга,
Наф бўлса, нокасдан айрилмас зотга,
Бошга кун туққанда қайрилмас зотга
Ёру дўст қайдадир, ёрон қайдадир.

Меҳру шафоат бор, шафқат бор ерда,
Ҳалоллик бор ерда, ҳаром хор ерда,
Барча бирдай ерда, баробар ерда
Бадномларга ардоқ, омон қайдадир.

Чорасиз кимсага, чоғсиз кимсага,
Кўпдан айрилган — бир боғсиз кимсага,
Суянмоқ истаса тоғсиз кимсага
Бир муддат армонсиз замон қайдадир.

Одамзод билмаса энди аламни,
Урушни, ўлимни, кулфатни-ғамни,
Магар такрорласа даҳшатли дамни,
Сизу бизга еру осмон қайдадир.

 

ЯРАЛМИШ

Ой юзлик десам сени, ойнинг ҳам доғи бордай,
Кўркамликда жамолйнг офтобдан беғубордай.
Табиатинг ҳамиша кўланкасиз баҳордай,
Умрингни кузи, қиши йўқлиги барқарордай.
Кунда ўйласам сени,
Тунда ўйласам сени,
Кўз ўнгимда тиниқ осмон яралмиш.

Сен пайдо бўлган боғда зоғ бўлмас, хазон бўлмас,
Булбуллар навосида дард бўлмас, нолон бўлмас,
Ошиқ ҳоли танг бўлиб кўксида армон бўлмас,
Йўлчивиндек сарғайиб ранг-рўйи сомон бўлмас.
Чилла чоғи—қишда ҳам
Бир ўнг эмас, тушда ҳам.
Босган излариигда бўстон яралмиш.

Ҳар кўрганда бўйингни кўзим қамашса нетай,
Қувончларим қалбимда денгиздай тошса нетай?
Танда жоним жонингга зимдан туташса нетай?
Толейинг, иқболимга бу ҳол ярашса нетай?
Бахтим, баётим учун,
Порлоқ ҳаётим учун
Сен каби кўзлари Чўлпон яралмиш.

Жонимиз бу диёрга кўз-қошдай тутош асли,
Тоғу тошлари билан номимиз уйқош асли.
Дастурхон, хирмон гапми, ўртада қуёш асли,
Бунда бирнинг бахтига барча тилакдош асли.
Суюклигим, элдошим,
Отадош, ватандошим.
Сенинг учун еру осмон яралмиш.

Ошиқлар ўз ҳолини ёзмишлар достон билан,
Ҳар қатор, ҳар бандини кўз ёши, ё қон билан,
Ўтмасин бу оламдан ҳеч киши армон билан,
Ҳамдард бўлмасин доно турганда нодон билан.
Эл ичра номимизни
Аҳду паймонимизни
Улуғловчи улкан достон яралмиш.

Бу элда паймон бўлган гул, гулбоғни кўрмадим,
Ҳеч бир кўнгил, юракда армон, доғни кўрмадим,
Ташландиқ ҳолда сўнган шамчироқни кўрмадим,
Чаманли боғли элда,
Сўнмас чироғли элда
Булбулга муносиб ошён яралмиш.

Одамзод бу оламда тугал, камсиз яралмиш,
Бироқ кимлар қарамсиз, кимлар ғамсиз яралмиш,
Ўз қадрини билмаслар дўст, ҳамдамсиз яралмиш,
Севиб, севилмаганлар, сўзсиз, шамсиз яралмиш.
Неча асрлар оша,
Бахтимизга яраша,
Тимсолсиз бу қутлуғ даврон яралмиш.

САДАҒА

Хумор кўзлигимдан бу жон садаға,
Бу жон нима эмиш, жаҳон садаға.
Қилмагил бу сўзга гумон; садаға
Сенсиз рўйим бўлар сомон, садаға.

Лола сендан олмиш ўз оллигини,
Барчин, ўз лафзининг ҳалоллигини.
Тан олмас сенингсиз ой ойлигини,
Қошингда лол қолур жайрон, садаға.

Баҳордай дуркунсан, бир сарвинозсан,
Хушласанг чиллада кўкламсан, ёзсан.
Қаҳринг келса магар дўлсан, аёзсан.
Бағримни этмагил гирён, садаға.

Сулув, сен сабабли афсунсозлигим,
Замину замонга ишқибозлигим.
Умринг боқий бўлсин, гул оразлигим,
Бу кўнгил сен билан шодон, садаға.

Раҳм айла, рамзингга ташна қалб зордир,
Қўзларим йўлингда кўп интизордир.
Масканим Гулистон—бир чаманзордир.
Бир оқшом бўлиб кет меҳмон, садаға.

ТАВАЛЛО

Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш
Бу ҳолимга беролмай бардош,
Муштипар Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан;
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан,
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетовфиқдин
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин,
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб
— Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, —
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст—душман билинар онда,
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устивор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам —
Оғоч отга ёнма-ён бўлсам,
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳм,
Қабул айлаб тавалло — оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи Муҳтарамамни.

БОЛАЖОН

Ўғлим Ҳасанжонга

Кўнгилга ёвуқсан кўз билан қошдай,
Ғубори йўқ тонгда чиққан қуёшдай.
Гўзалликка номинг гўё уйқошдай,
Жону жаҳонимиз сенга тутошдай.
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Зарра хабаринг йўқ дунё ишидан,
Фалакнинг қай йўсин айланишидан,
Атом ваҳимаси эл ташвишидан,
Кимнинг кулиб, кимнинг қайғуришидан.
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Теран, тиниқликда чашмасан, чашма,
Бу олам қаршингда қилар карашма.
Бундан сен қувонма, ҳовлиқма, шошма,
Ҳали манзил йироқ, йўлдан адашма,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Ўйнаб, келмоқликдан ўзга ғаминг йўқ,
Бир нафас ҳасратда ўтган даминг йўқ,
Кимсада ғаразинг, ўч, аламинг йўқ,
Билгимча дунёда сира каминг йўқ,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Ўйлайсан йил бўйи мудом баҳор деб,
Баҳорсиз бу дунё беэътибор деб.
Ҳамманинг бир хилда ташвиши бор деб,
Барчани ўзингдай пок, беғубор деб…
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Офтобдай безавол, оҳудай соқсан
Сен элик боласи — ўйинқароқсан,
Кўксимизда мудом ўчмас чироқсан,
Ғурбатдан холисан, ғамдан йироқсан,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Оламда сен билан она шодлиги,
Бахти барҳақлиги, умрбодлиги.
Бегард, ўкинганинг — дил барбодлиги,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

Сенинг кўзинг билан кўпни кўролсам,
Сенинг сўзинг билан дилга киролсам,
Босган изинг бўлиб гулга ўролсам,
Сенинг ўзинг бўлиб, қайта яралсам,
Ҳавасим келади сенга, болажон.

 

СУЯНМА

Тоққа суянсанг суян, ўзга тахтга суянма—
Ўз комига тортадир гирдибодга суянма.
Шамолдай тез келган бахт-саодатга суянма,
Қалқиб турган омонат салтанатга суянма.

Қаноатли-қанотли, суюқлик келтирар хорлик,
Ўз қадрига етмаслик аслида дилозорлик.
Йўлдошинг ножинс бўлса—борлиқ ишинг бадкорлик
Ўзи тўйса ҳам кўзи тўймас зотга суянма.

Ниятинг мудом холис, қалбинг беқуроқ бўлсин,
Қилган ишинг хайрли, минганинг Буроқ бўлсин,
Сўнгги ётар жонинг ҳам ёмондин йироқ бўлсин,
Ҳаргиз таъна, тазйиқли ҳимоятга суянма.

Борар манзилинг олис: йўлларингда сароб бор,
Етти водийга етмай туриб қанча ҳубоб бор,
Арзинг мустажоб бўлса, унда бир моҳитоб бор…
Шоҳсувор бўлсанг магар ёби отга суянма.

Тиниқ кунларинг қани? Беғубор кулгинг қани?
Покиза тупроқ, тоғинг, бошдаги бўркинг қани?
Ўз изминг, ихтиёринг,  эътибор, эркинг қани?
Ризқи-рўзингга шерик очофатга суянма,
Мозори буткул бошқа етти ётга суянма.

055

Rumiy bobomiz: «Qanday bo’lsang, shunday ko’rin, qanday ko’rinsang shundoq bo’l!», degan hikmatli bir fikrni aytganlar. Nazarimda, To’ra Sulaymon xuddi shu «qoida»ga amal qila olgan, hayotda ham, ijodda ham imkon qadar shu talabdan chekinmay yashab kelayotgan baxshitabiat bir shoirdir. Uning baxshiligi – haqiqat va yaxshilik axtarishda; haqiqat, adolat izlash to’xtasa, so’zning, she’rning hech nimaga arzimasligini bexato anglashida. Alloh unga oddiy odamlar ishqi, dardi, orzuyu armonlari bilan to’lgan bir yurak ato etgan (Ibrohim Haqqul bilan suhbatdan).

To’ra SULAYMON
SHE’RLAR
085

Ardoqli shoir To’ra Sulaymon 1934 yil 15 fevralda Baxmal tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1999). ToshDUning o’zbek filologiyasi fakul`tetini tugatgan (1964). Ijodi 50-yillarda boshlangan. Ilk she’rlar to’plami — «Istar ko’ngil» (1962). «Men qayga borar bo’lsam» (1965), «Jahongashta» (1970), «Hamqishloqlarim», «Intizor» (1973), «Sirdaryo qo’shiqlari» (1974), «Iltijo» (1976), «Alxazar» (1976), «To’yboshi» (1977), «Sizni eslayman» (1980), «Qorako’zginam» (1981), «Gulshan» (1988), «Sarvinoz» (1990), «Xarsang» (1994), «Jahonnoma», «Gul bir yon, chaman bir yon» (1996), «Yovqochdi» (1998), «Sayxon» (2003) kabi asarlar muallifi. Ko’plab she’rlari qo’shiq qilingan. Publitsistik maqolalar to’plami ham bor («Mamlakatning tayanch nuqtasi», 2004). 2005 yil Guliston shahrida vafot etgan.

085

TEBRATAR
(Qadimgi qimizchi chollar qo’shig’i)

023

Shamol shamolni tebratar.
Shamol bulutni tebratar.
Bulut yomg’irni tebratar.
Yomg’ir tuproqni tebratar.
Tuproq maysani tebratar,
Maysa biyani tebratar.
Biya qimizni tebratar.
Qimiz yigitni tebratar
Yigit suluvni tebratar.
Suluv beshikni tebratar.
Beshik bolani tebratar.
Bola dunyoni tebratar.

G’UNCHA

Sir bo’yida bir g’uncha
Oy botar ochilguncha.
Ochilishin kutgayman
Toki o’la-o’lguncha.

Eshik oldi bog’ ko’cha,
Bog’ ko’cha aylanguncha
Diydorlashay yor bilan
Oy botib, tong otguncha.

U tog’da bir to’tiqush
Bu tog’da bir to’tiqush.
Bir-biriga yetolmay
Intig’u intizormish.

Tog’larning qori-qori,
Qor tagida bahori.
Yangi chiqqan oy misol
Bo’lsin har kimning yori.

Bu tog’lar baland tog’lar,
Atrofi ajab bog’lar,
Yoring bo’lsa yoningda
Ne qilsin dilda dog’lar?

Or bo’lsinu or bo’lsin
Har dilda bahor bo’lsin.
Yor qadriga yetmaslar
Har go’shada xor bo’lsin.

Bir go’shada bir yulduz,
Doimo yurar yolg’iz.
Ko’z tutdim yo’llariga
Termulib kecha-kunduz.

Tog’lar boshi tumandir,
Tarqalishi gumondir.
Xabar olmasang mendan
Holim behad yomondir.

KO’RDIM

Ko’rdim, ko’rdim dunyoni
Hamisha bir kam ko’rdim.
Yaxshini armon birla,
Yomonni bekam ko’rdim.

Bag’ri butunlarni but,
Yolg’izni g’arib ko’rdim.
Birda nodon, nopokni
Maydonda g’olib ko’rdim.

Xalqlarni mudom birday,
Yalqovni yorti ko’rdim.
Ko’ngli ochiq zotlarni
Hotamdin ortiq ko’rdim.

Birlarni aro yo’lda,
Birni armonli ko’rdim.
Birda munofiqlarni
Davru davronli ko’rdim.

Birlarni dunyoparast,
Birni imonli ko’rdim.
Nokasni shod, dononi
Yuragi qonli ko’rdim.

Birda ko’rib o’kindim
Ayoqni bosh o’rnida.
La’l o’rnida sopolni,
Gavharni tosh o’rnida.

Vo ajab birda ko’rdim
Qulni xoqon o’rnida.
Birda ko’rdim lolani
Bir qatra qon o’rnida.

Birda ko’rib lol qoldim
Daryoni soy o’rnida.
Quyosh o’rnida yulduz,
Yulduzni oy o’rnida.

TOPOLMASMAN
(Zamirabegimni eslab)

Izlay-izlay horib bo’ldim, sensiz yolg’iz, g’arib bo’ldim,
Endi bosgan izlaringni to’rt tomondan topolmasman.
Toliqib ham tolib bo’ldim, qirqqa kirmay qarib bo’ldim,
Laylu nahor seni izlab yer-osmondin topolmasman.

Ajab taqdir, ajab qismat bu boshda borga o’xshaydir,
Ravon bo’la kelgan yo’lim uzilgan torga o’xshaydir.
Sensiz qoshim qabog’imda qurilgan dorga o’xshaydir,
Seningdek bir gulandomni Gulistondin topolmasman.

Bahor o’tib yoz ham keldi, hamon sendin xabar yo’qdir,
Besohib bog’-rog’larimda qumri, sa’va, samar yo’qdir
Gar xayolat daryosiga g’arq bo’lsam bir kanor yo’qdir,
Mag’rib, Mashriq, dashtu sahro, Ko’histondin topolmasman.

Hali bargrez kuz oldinda, ne sho’rish, ne ish oldinda,
Hech kim imdod bera bilmas qahri qattiq qish oldinda.
Qatra-qatra qon o’rnida ko’zdin oqar yosh oldinda,
Hargiz seni izlab Xo’ton, Chin, Mochindin topolmasman.

Xazon fasli yetib kelmay judolik bu boshga tushmish,
Yig’lamoqdin o’zga choram yo’qdir og’u oshga tushmish.
Musibat bir bog’ga ermas, yer-ko’k, tog’u toshga tushmish,
Endi sendek dilkushoni Shom, Bolqondin topolmasman.

ASRAGAY

(Sohibqiron bobomizning haykali poyida bitilgan bitik)

Taqa tuyoqni asragay,
Tuyoq tulporni asragay.
Tulpor Temurni asragay,
Temur Turonni asragay,
Turon Qur’onni asragay,
Qur’on imonni asragay.
Imon insonni asragay,
Inson olamni asragay.
Olamni O’zi asragay.

QAYDADIR

Tog’larga yondoshib, ko’kka tutashib,
Dovonlar oshmasang ma’dan qaydadir.
Ortda qolar bo’lsang ko’pdan adashib
Orzu-istak tugul armon qaydadir.

Zog’ bilan bulbulni farq qilmas zotga,
Naf bo’lsa, nokasdan ayrilmas zotga,
Boshga kun tuqqanda qayrilmas zotga
Yoru do’st qaydadir, yoron qaydadir.

Mehru shafoat bor, shafqat bor yerda,
Halollik bor yerda, harom xor yerda,
Barcha birday yerda, barobar yerda
Badnomlarga ardoq, omon qaydadir.

Chorasiz kimsaga, chog’siz kimsaga,
Ko’pdan ayrilgan — bir bog’siz kimsaga,
Suyanmoq istasa tog’siz kimsaga
Bir muddat armonsiz zamon qaydadir.

Odamzod bilmasa endi alamni,
Urushni, o’limni, kulfatni-g’amni,
Magar takrorlasa dahshatli damni,
Sizu bizga yeru osmon qaydadir.

 

YARALMISH

Oy yuzlik desam seni, oyning ham dog’i borday,
Ko’rkamlikda jamolyng oftobdan beg’uborday.
Tabiating hamisha ko’lankasiz bahorday,
Umringni kuzi, qishi yo’qligi barqarorday.
Kunda o’ylasam seni,
Tunda o’ylasam seni,
Ko’z o’ngimda tiniq osmon yaralmish.

Sen paydo bo’lgan bog’da zog’ bo’lmas, xazon bo’lmas,
Bulbullar navosida dard bo’lmas, nolon bo’lmas,
Oshiq holi tang bo’lib ko’ksida armon bo’lmas,
Yo’lchivindek sarg’ayib rang-ro’yi somon bo’lmas.
Chilla chog’i—qishda ham
Bir o’ng emas, tushda ham.
Bosgan izlariigda bo’ston yaralmish.

Har ko’rganda bo’yingni ko’zim qamashsa netay,
Quvonchlarim qalbimda dengizday toshsa netay?
Tanda jonim joningga zimdan tutashsa netay?
Toleying, iqbolimga bu hol yarashsa netay?
Baxtim, bayotim uchun,
Porloq hayotim uchun
Sen kabi ko’zlari Cho’lpon yaralmish.

Jonimiz bu diyorga ko’z-qoshday tutosh asli,
Tog’u toshlari bilan nomimiz uyqosh asli.
Dasturxon, xirmon gapmi, o’rtada quyosh asli,
Bunda birning baxtiga barcha tilakdosh asli.
Suyukligim, eldoshim,
Otadosh, vatandoshim.
Sening uchun yeru osmon yaralmish.

Oshiqlar o’z holini yozmishlar doston bilan,
Har qator, har bandini ko’z yoshi, yo qon bilan,
O’tmasin bu olamdan hech kishi armon bilan,
Hamdard bo’lmasin dono turganda nodon bilan.
El ichra nomimizni
Ahdu paymonimizni
Ulug’lovchi ulkan doston yaralmish.

Bu elda paymon bo’lgan gul, gulbog’ni ko’rmadim,
Hech bir ko’ngil, yurakda armon, dog’ni ko’rmadim,
Tashlandiq holda so’ngan shamchiroqni ko’rmadim,
Chamanli bog’li elda,
So’nmas chirog’li elda
Bulbulga munosib oshyon yaralmish.

Odamzod bu olamda tugal, kamsiz yaralmish,
Biroq kimlar qaramsiz, kimlar g’amsiz yaralmish,
O’z qadrini bilmaslar do’st, hamdamsiz yaralmish,
Sevib, sevilmaganlar, so’zsiz, shamsiz yaralmish.
Necha asrlar osha,
Baxtimizga yarasha,
Timsolsiz bu qutlug’ davron yaralmish.

SADAG’A

Xumor ko’zligimdan bu jon sadag’a,
Bu jon nima emish, jahon sadag’a.
Qilmagil bu so’zga gumon; sadag’a
Sensiz ro’yim bo’lar somon, sadag’a.

Lola sendan olmish o’z olligini,
Barchin, o’z lafzining halolligini.
Tan olmas seningsiz oy oyligini,
Qoshingda lol qolur jayron, sadag’a.

Bahorday durkunsan, bir sarvinozsan,
Xushlasang chillada ko’klamsan, yozsan.
Qahring kelsa magar do’lsan, ayozsan.
Bag’rimni etmagil giryon, sadag’a.

Suluv, sen sababli afsunsozligim,
Zaminu zamonga ishqibozligim.
Umring boqiy bo’lsin, gul orazligim,
Bu ko’ngil sen bilan shodon, sadag’a.

Rahm ayla, ramzingga tashna qalb zordir,
Qo’zlarim yo’lingda ko’p intizordir.
Maskanim Guliston—bir chamanzordir.
Bir oqshom bo’lib ket mehmon, sadag’a.

TAVALLO

Nelardandir ko’ngil bo’lib g’ash,
Ham egilib bu egilmas bosh,
Ko’zlarimda qalqib tursa yosh
Bu holimga berolmay bardosh,
Mushtipar Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Qaytar bo’lsam quruq qo’l ovdan,
Qora qozon qolsa qaynovdan;
Ham ayrilib o’lja, ulovdan,
Qarzga botar bo’lsam birovdan,
Taskin berib Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Birda haqdin, birda nohaqdin,
Jabr ko’rsam bir betovfiqdin
Ortda tursam qalbi quroqdin,
Qadrim xarob bo’lsa tuproqdin,
Ohlar urib Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Og’a-ini o’rtasida gap…
Alhol, kelib chiqmish ixtilof:
Biri izzat, biri mulk talab
— Bu oq sutim, mehrimga xilof, —
Deya sho’rlik Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Sinalmoqning gali kelganda,
Nohaq mag’lub bo’lsam maydonda,
Nomim qolmas bo’lsa jahonda,
Kim do’st—dushman bilinar onda,
Ahvolimga Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

G’anim bir yon, men bir yon bo’lsam,
U ustivor, men uryon bo’lsam,
Bu ham kamday nogiron bo’lsam —
Og’och otga yonma-yon bo’lsam,
Oy tutilib, Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Bo’lsam gumroh, bo’lsa gunohim,
Vujudimga solmasdin vahm,
Qabul aylab tavallo — ohim,
Darig’ tutmay mehring, ilohim,
Yig’latmagil mushfiq Onamni,
Volidai Muhtaramamni.

BOLAJON

O’g’lim Hasanjonga

Ko’ngilga yovuqsan ko’z bilan qoshday,
G’ubori yo’q tongda chiqqan quyoshday.
Go’zallikka noming go’yo uyqoshday,
Jonu jahonimiz senga tutoshday.
Havasim keladi senga, bolajon.

Zarra xabaring yo’q dunyo ishidan,
Falakning qay yo’sin aylanishidan,
Atom vahimasi el tashvishidan,
Kimning kulib, kimning qayg’urishidan.
Havasim keladi senga, bolajon.

Teran, tiniqlikda chashmasan, chashma,
Bu olam qarshingda qilar karashma.
Bundan sen quvonma, hovliqma, shoshma,
Hali manzil yiroq, yo’ldan adashma,
Havasim keladi senga, bolajon.

O’ynab, kelmoqlikdan o’zga g’aming yo’q,
Bir nafas hasratda o’tgan daming yo’q,
Kimsada g’arazing, o’ch, alaming yo’q,
Bilgimcha dunyoda sira kaming yo’q,
Havasim keladi senga, bolajon.

O’ylaysan yil bo’yi mudom bahor deb,
Bahorsiz bu dunyo bee’tibor deb.
Hammaning bir xilda tashvishi bor deb,
Barchani o’zingday pok, beg’ubor deb…
Havasim keladi senga, bolajon.

Oftobday bezavol, ohuday soqsan
Sen elik bolasi — o’yinqaroqsan,
Ko’ksimizda mudom o’chmas chiroqsan,
G’urbatdan xolisan, g’amdan yiroqsan,
Havasim keladi senga, bolajon.

Olamda sen bilan ona shodligi,
Baxti barhaqligi, umrbodligi.
Begard, o’kinganing — dil barbodligi,
Havasim keladi senga, bolajon.

Sening ko’zing bilan ko’pni ko’rolsam,
Sening so’zing bilan dilga kirolsam,
Bosgan izing bo’lib gulga o’rolsam,
Sening o’zing bo’lib, qayta yaralsam,
Havasim keladi senga, bolajon.

 

SUYANMA

Toqqa suyansang suyan, o’zga taxtga suyanma—
O’z komiga tortadir girdibodga suyanma.
Shamolday tez kelgan baxt-saodatga suyanma,
Qalqib turgan omonat saltanatga suyanma.

Qanoatli-qanotli, suyuqlik keltirar xorlik,
O’z qadriga yetmaslik aslida dilozorlik.
Yo’ldoshing nojins bo’lsa—borliq ishing badkorlik
O’zi to’ysa ham ko’zi to’ymas zotga suyanma.

Niyating mudom xolis, qalbing bequroq bo’lsin,
Qilgan ishing xayrli, minganing Buroq bo’lsin,
So’nggi yotar joning ham yomondin yiroq bo’lsin,
Hargiz ta’na, tazyiqli himoyatga suyanma.

Borar manziling olis: yo’llaringda sarob bor,
Yetti vodiyga yetmay turib qancha hubob bor,
Arzing mustajob bo’lsa, unda bir mohitob bor…
Shohsuvor bo’lsang magar yobi otga suyanma.

Tiniq kunlaring qani? Beg’ubor kulging qani?
Pokiza tuproq, tog’ing, boshdagi bo’rking qani?
O’z izming, ixtiyoring, e’tibor, erking qani?
Rizqi-ro’zingga sherik ochofatga suyanma,
Mozori butkul boshqa yetti yotga suyanma.

055

(Tashriflar: umumiy 17 410, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring