Shavkat Jo’rabek. She’rlar

045    Шавкат Жўрабек қадимий Бухоро заминида туғилган. Ёш шоирнинг шеърлари сайтимиз саҳифасида олдин ҳам эълон қилинган. Бир неча ой аввал тақдим этилган «Сафари қариди хаёлларимнинг» туркумини  ва «Иккимиздан қолган хотира» шеърий тўпламини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

Шавкат Жўрабек
АДАБИЁТ — БОҚИЙ БИР НАФАС..
Шеърлар
09

Шавкат Жўрабек – 1983 йил 25 февралда Бухоро вилояти Когон туманида таваллуд топган. Унинг “Иккимиздан қолган хотира” номли илк китоби 2014 йил нашр этилган. Шеърлари республика газета ва журналларида чоп этилиб келинмоқда.

09

ҚОҒОЗГА ҚАСИДА

Ўзга юкин элтган ҳаммол сингари,034
Қадрин топмас, баъзан, қадди бўлгай дол.
Дод дерди, сўйлашни билса тиллари,
Сўзбозлар дастидан бўлганда увол.

Ҳар лаҳза синаймиз, менгзаб қурбини,
Тупроққа, ҳавога, оловга, сувга.
Чўлтоқ қалам билан оппоқ юзини,
Тўлдириб ташлаймиз қора ёзувга.

Миқ этмас, қиё ҳам боқмаса қўллар,
Унга қайдан келар шунча бардош, куч?
Ҳар икки дунёнинг дардини сўйлар,
Қалбу қароқларга келган чоғда дуч.

Ақлдан оздириб, ақл ўргатар,
Гоҳида кўп қилиб кўрсатар озни.
Ишқи йўқ кессакни ошиқ кўрсатар,
Донога дўндирар махарабозни.

Зувала тор келса, айтган сўзидан
Сохта дўстлар каби тониб кетмайди.
Бағри ўртанган чоғ, дарднинг зўридан
Сарғайиб кетса ҳам, ёниб кетмайди…

БАҲРИДДИН АСРОРГА

Биз ҳали кўп йиллар яшаймиз, эй дўст!
Яшаймиз қадрдон дилларда доим.
Умримизни яшар дилга яқин сўз,
Унгача қиёмат бўлмаса қоим.

Ўтсак ҳам дунёдан, кетмасмиз бекор,
Қолдириб кетгаймиз боқий бир нафас.
Биздан авлод учун энг ишончли ёр –
Фақат, адабиёт тирик қолса бас!..

ТИЛАК

Бир нафас дунёга дунёлигин бер,
Итқит юракдаги шубҳа-гумонни.
Қани энди бир кун ютиб кетса Ер,
Жангу жадалларни, шовқин-суронни.

Дилингни қамраса қўрқув ҳар маҳал,
Ноумид шайтондай оҳ тортма узун.
Дўзах нималигин англаб ет аввал,
Жаннатнинг қадрига етмоқлик учун.

Ҳеч қачон ноҳақлик қилмагай ўлим,
Агар бу ҳаётдан кўнглинг бўлса тўқ.
Ҳеч бир юрт хокида тополмай қўним,
Оламда адашиб юрсин Дайди Ўқ…

* * *

Мен бир кашандаман…
Тортсам гар фиғон,
Оҳимдан тутунлар кетгайдир чангиб.
Айрилиқ онлари етиб келган он,
Васлинг хуморида кезарман гангиб.

Жуда ичгим келар…
Сабримни синар,
Қақроқ лабларимга термулганча ёр.
Ташна қалбим мудом сенга талпинар,
Дарёлар бошида қолсам сувга зор.

Томирим ҳар нафас сендан олар нам,
Ишқ ерига вафо уруғин экдим.
Меҳринг булоғидан ичарман – ичсам,
Чеккан бўлсам, фақат, дардингни чекдим…

* * *

Тинмай ўтаверар бу давру даврон,
Бу олам торга – тор, кенгга кенг экан.
Юракда қовжираб кетганда армон,
Муҳаббат – дарёга тенг экан!

Ишқнинг дийдорига бўлмоқ учун ёр,
Ақлу ҳушдан бурун кўнгил денг экан.
Бир қатра меҳрга қолсанг зору зор,
Мурувват – саҳрога тенг экан.

Меҳру саховатдан гарчи урдик лоф,
Одамлик асли бир яқо-енг экан.
Юрак бамисоли азим Кўҳи Қоф,
Оқибат – Анқога тенг экан…

Кўҳи Қоф – Қоф тоғи.
Анқо – оти бор, ўзи йўқ афсонавий қуш.

* * *

Ғам қалъаси тўсмас мени ҳаммадан,
Дарвозалар ёпиқ…
Мен энди кетай.
Ҳижрон лашкарлари мағлуб айлаган,
Ишқ йўлида битта гумроҳман, нетай!

Жимлик ютди сокин садоларимни,
Не-не хотиралар бўлганда унут.
Кун-кеча барқ урган хаёлларимнинг
Нурли сиймосини қопламиш булут.

Сизни деб қайдадир ўртанар бир жон,
Кузги боғлар ичра кезар бир нафас.
Қайғуларим бўлди менга қадрдон,
Фақат, кулгуларим ўзимникимас.

Сиз хаёлсиз, кўкка элтар роҳингиз,
Рўёлар йўл олмас йўқликка томон.
Фақат, хаёлимда қолди ёдингиз,
Ёрсиз юрагимда қолдириб фиғон.

Шунчаки, сиз кўнгил бера олмайсиз,
Шунчаки, мен кўнгил уза олмайман.
Менчалик сиз мени сева олмайсиз,
Сизчалик мен сизни унутолмайман…

* * *

Этагин қоққанда ёввойи шамол,
Майин шитирлайди камгап япроқлар.
Юраги зардобга тўлиб бемажол,
Ҳаёт қўшиғини куйлайди боғлар.

Олисдан елганда ҳаммол саболар,
Райҳоннинг атрини элтар димоққа.
Нафасин ичига ютган ҳаволар
Бошин эгиб кетар йироқ-йироққа.

Бош устимда маҳзун жилмайганда куз,
Савобдай улғаяр сарғиш гуноҳим.
Менинг юрагимда яшайди ҳануз
Шамол – сенга етиб бормаган оҳим…

ВАТАН

Ковак ичра сичқон овламас шерлар,
Элнинг обрўйини тўкмайди эрлар,
“Ватанни севмоқлик – иймондан” дерлар,
Иймони борларга раводир Ватан!

Кўнгил мулкин айла сайру саёҳат,
Соғ ақл соғ тандан бергай далолат,
Минг дардга бўлгувчи малҳам, табобат,
Хаста юракларга даводир Ватан!

Ғариблик ғурбати бўлмагай адо,
Гадо – гадо эмас, юртсизлар – гадо,
Бошпана бўлолмас ҳар қандай маъво,
Бенаво қалбларга наводир Ватан!

Ошён бўлолмагай фитна, ғаразлар,
Мўмин мулки эмас олтин қафаслар,
Токи кезар экан тоза нафаслар,
Одам бўла олсак – Ҳаводир Ватан!..

* * *

Бошпана топдингу кўнгли ғашдайсан,
Бош эгиб, паришон қадам ташлайсан,
Ахир, юрагингни қайда асрайсан?..
Ватан ишқи кўнглинг ўртамасми, айт?

Сувратинг бошқадир, сийратинг бошқа,
Бағринг тўлмай, кўзинг тўлмасми ёшга?
Бир кун бориб бошинг текканда тошга,
Ватан ишқи кўнглинг ўртамасми, айт?

Ишқингни, илмингни айлагайсан хор,
Нафс учун бўларсан иблисларга ёр,
Бир қарич тилингдан ўзга ниманг бор?
Ватан ишқи кўнглинг ўртамасми, айт?

Ғайри юрт бодаси ел бўлмагайдир,
Кўлмаклар ҳеч қачон кўл бўлмагайдир,
Ўзга эл элингдек эл бўлмагайдир…
Ватан ишқи кўнглинг ўртамасми, айт?

Ҳаргиз қувонмассан юракдан кулиб,
Соғинч қийнамасми бағрингни тилиб?
Қолсанг бир нуқтага ғамгин термулиб
Ватан ишқи кўнглинг ўртамасми, айт?

* * *

Жуда кўп юрт кездим дунёда, ёлғиз,
Топмоқлик истадим муносиб жуфт, ёр.
Нетайин, қисмат шу, тақдир ялмоғиз,
Нораста савдога этмиш харидор.

Сўнг топдим ўзимни маҳваш санамда,
Иймонда баркамол, одоб, ахлоқ, хулқ…
Билмадим, кўзларин тортганми парда,
Наҳотки тақдир шу, бўлмаслик суюк?

Хаёллар хом экан.
Гўзал талаби:
На ҳусн, кўрк экан, на кўзу на қош…
Водариғ, не тонгким ул ҳам мен каби,
Ахтариб юрганмиш мукаммал йўлдош…

ХАЁЛИМ ШЎНҒИЙДИ ДЕНГИЗГА
(Суратга қараб ёзилган шеър)

Тўлқинлар денгизда жонланар,
Қирғоққа бош урар оҳиста.
Сув сирти офтобда товланар,
Мавжланар илоҳий бир тусда.

Осмондан булутлар парчаси,
Сузарди ер узра ўрмалаб.
Қиялаб булутлар пардасин,
Жилмаяр Қуёш ҳам мўралаб…

Тўлқинлар урилар қирғоққа
Ва ортга чекинар, изига.
Уринар хаёлни енгмоққа,
Хаёлим шўнғийди денгизга…

ДЕРАЗА ВА ҚИЗ
(Суратга қараб ёзилган шеър)

Дераза ёнида қизалоқ,
Кўйлаги шоҳидан менимча.
Сочлари зангори, қўнғироқ,
Белида белбоғи тугунча.

Дераза ёнида қизалоқ,
Ойн нури шуъласи аксида.
Таралар янада майинроқ,
Бу нурлар қизчанинг юзига.

Дераза ёнида қизалоқ,
Ё жажжи фаришта, ё оққуш.
Хушсурат, кўнгилга яқинроқ,
Кўрганим ўнгмиди ёки туш?

Дераза ёнида қизалоқ,
Кимнингдир қароғи, гавҳари.
Менган не ишқ бердинг, эй Оллоҳ,
Бу кимнинг энг буюк асари?

Дераза ёнида қизалоқ…

УЧЛИКЛАР

* * *

Бўлар эдим, балки, этикдўз,
Сўз берардим, сўрамасдим сўз,
Агар ҳунар ўрганганимда.

* * *

Тўкилмасди томчи гавҳарим,
Кулмас эди мендан ғамларим,
Бўлганимда эди афсунгар.

* * *

Ташлар эдим нафсни чавақлаб,
Қоғоз титиб, китоб варақлаб,
Агар илм ўрганганимда.

* * *

Туҳмат, ғараз кетмасди йиқиб,
Тоғ олмасди елкамга чиқиб,
Ақллироқ бўлганимда мен!..

* * *

Ўлтирмасдим бедор, ярим тун,
Ўлмас эдим тирилмоқ учун,
Кўрсатмаса Оллоҳ бир карам.

ЛОЛАМ

Руҳим тандан айро тушмасдан бурун,
Қисмат ёғдирмасдан устимга мотам,
Кўнглимни ғамлардан асраб кеча-кун,
Бағримга бош қўйгил, ёлғизим, лолам.

Сир очсам чаманга — фош бўлса сирим,
Тикон тилган қалбда янграса нолам,
Тилинган қалбимни англаб бетиним,
Танҳо мени суйгил, ёлғизим, лолам.

Ҳар баҳор фаслида яйраб-яшнагин,
Кўзларимга гўзал кўринсин олам.
Тарқатиб кўнглимнинг гумон, ғашларин,
Юрагимда унгил, ёлғизим, лолам.

Дилимни тирнаса қайғулар ҳар дам,
Қолмаса васлингдан ўзга бир чорам,
Дўст-ёрларим ногоҳ ташлаб кетса ҳам,
Сен ёнимда тургил, ёлғизим, лолам.

Умримнинг қуёши кетганда ботиб,
Фоний дунё ичра тўлса паймонам,
Қабрим теппасида япроқлар ёзиб,
Тупроғимни қучгил, ёлғизим, лолам!..

НА СУВРАТ БОР СЕНДАН…

Эй, сен — хаёлимда пайдо севгилим,
Илк баҳор фаслида хазон бўлган бахт!
Дилимда бир дунё мудраб ётар жим…
На суврат бор сендан, на бир энлик хат.

Ёрсиз кўчаларда тентираб ёлғиз,
Ному нишон излар сарсон муҳаббат.
Таскин ахтаради қалбимда бир ҳис…
На суврат бор сендан, на бир энлик хат.

Япроқсиз дарахтдай қолдим зору зор,
Ўртанган дилимда аламлар қат-қат.
Мени муҳаббатга айлагувчи ёр,
На суврат бор сендан, на бир энлик хат.

Бепарво бўлмасанг, ахир, бунчалар,
Ҳижрон лаҳзалари бунча беадад?
Сенинг борлигиндан бергувчи хабар —
На суврат бор сендан, на бир энлик хат.

Ҳажринг оловида ёндим бетиним,
Айрилиқдан сўйлар баҳорим, фақат.
Эй, сен — хаёлимда пайдо севгилим,
На суврат бор сендан, на бир энлик хат…

ДИЛ БОШҚАЮ ТИЛ ЭКАН БОШҚА…

Тополмадик ишқ мулкига йўл,
Кўнгилсизлик содир бўлди мўл,
Ҳолимизни киприклари ҳўл
Кўзларингиз сотиб қўйганди.

Ажратолмай яхши-ёмонни,
Тиним билмай қийнадик жонни,
Сохта қайғу, сохта армонни
Кўзларингиз сотиб қўйганди.

Ҳою ҳавас уйғонди танда,
Бўлолмадик кўнгилга банда,
Ёдингизда бўлса, ўшанда
Кўзларингиз сотиб қўйганди.

Чин, вафодор ўйларингизни
Ёлғонларга йўйганингизни,
Бизни севмай қўйганингизни
Кўзларингиз сотиб қўйганди.

Гўё излаб ишқнинг изларин,
Титкилаймиз юраклар қаърин,
Лек, кўнгилда неки бор, барин
Кўзларингиз сотиб қўйганди.

Кўзларингиз тўлса ҳам ёшга,
Юрагингиз айланган тошга,
Дил бошқаю тил экан бошқа…
Буни кўзлар сотиб қўйганди.

044

Shavkat Jo’rabek
ADABIYOT — BOQIY BIR NAFAS…
She’rlar
09

Shavkat Jo’rabek – 1983 yil 25 fevralda Buxoro viloyati Kogon tumanida tavallud topgan. Uning “Ikkimizdan qolgan xotira” nomli ilk kitobi 2014 yil nashr etilgan. She’rlari respublika gazeta va jurnallarida chop etilib kelinmoqda. Yosh shoirning she’rlari saytimiz sahifasida oldin ham e’lon qilingan. Bir necha oy avval taqdim etilgan «Safari qaridi xayollarimning» turkumini va «Ikkimizdan qolgan xotira» she’riy to’plamini mana bu sahifada o’qishingiz mumkin.

09

QOG’OZGA QASIDA

O’zga yukin eltgan hammol singari,034
Qadrin topmas, ba’zan, qaddi bo’lgay dol.
Dod derdi, so’ylashni bilsa tillari,
So’zbozlar dastidan bo’lganda uvol.

Har lahza sinaymiz, mengzab qurbini,
Tuproqqa, havoga, olovga, suvga.
Cho’ltoq qalam bilan oppoq yuzini,
To’ldirib tashlaymiz qora yozuvga.

Miq etmas, qiyo ham boqmasa qo’llar,
Unga qaydan kelar shuncha bardosh, kuch?
Har ikki dunyoning dardini so’ylar,
Qalbu qaroqlarga kelgan chog’da duch.

Aqldan ozdirib, aql o’rgatar,
Gohida ko’p qilib ko’rsatar ozni.
Ishqi yo’q kessakni oshiq ko’rsatar,
Donoga do’ndirar maxarabozni.

Zuvala tor kelsa, aytgan so’zidan
Soxta do’stlar kabi tonib ketmaydi.
Bag’ri o’rtangan chog’, dardning zo’ridan
Sarg’ayib ketsa ham, yonib ketmaydi…

BAHRIDDIN ASRORGA

Biz hali ko’p yillar yashaymiz, ey do’st!
Yashaymiz qadrdon dillarda doim.
Umrimizni yashar dilga yaqin so’z,
Ungacha qiyomat bo’lmasa qoim.

O’tsak ham dunyodan ketmasmiz bekor,
Qoldirib ketgaymiz boqiy bir nafas.
Bizdan avlod uchun eng ishonchli yor –
Faqat, adabiyot tirik qolsa bas!..

TILAK

Bir nafas dunyoga dunyoligin ber,
Itqit yurakdagi shubha-gumonni.
Qani endi bir kun yutib ketsa Yer,
Jangu jadallarni, shovqin-suronni.

Dilingni qamrasa qo’rquv har mahal,
Noumid shaytonday oh tortma uzun.
Do’zax nimaligin anglab yet avval,
Jannatning qadriga yetmoqlik uchun.

Hech qachon nohaqlik qilmagay o’lim,
Agar bu hayotdan ko’ngling bo’lsa to’q.
Hech bir yurt xokida topolmay qo’nim,
Olamda adashib yursin Daydi O’q…

* * *

Men bir kashandaman…
Tortsam gar fig’on,
Ohimdan tutunlar ketgaydir changib.
Ayriliq onlari yetib kelgan on,
Vasling xumorida kezarman gangib.

Juda ichgim kelar…
Sabrimni sinar,
Qaqroq lablarimga termulgancha yor.
Tashna qalbim mudom senga talpinar,
Daryolar boshida qolsam suvga zor.

Tomirim har nafas sendan olar nam,
Ishq yeriga vafo urug’in ekdim.
Mehring bulog’idan icharman – ichsam,
Chekkan bo’lsam, faqat, dardingni chekdim…

* * *

Tinmay o’taverar bu davru davron,
Bu olam torga – tor, kengga keng ekan.
Yurakda qovjirab ketganda armon,
Muhabbat – daryoga teng ekan!

Ishqning diydoriga bo’lmoq uchun yor,
Aqlu hushdan burun ko’ngil deng ekan.
Bir qatra mehrga qolsang zoru zor,
Muruvvat – sahroga teng ekan.

Mehru saxovatdan garchi urdik lof,
Odamlik asli bir yaqo-yeng ekan.
Yurak bamisoli azim Ko’hi Qof,
Oqibat – Anqoga teng ekan…

Ko’hi Qof – Qof tog’i.
Anqo – oti bor, o’zi yo’q afsonaviy qush.

* * *

G’am qal’asi to’smas meni hammadan,
Darvozalar yopiq…
Men endi ketay.
Hijron lashkarlari mag’lub aylagan,
Ishq yo’lida bitta gumrohman, netay!

Jimlik yutdi sokin sadolarimni,
Ne-ne xotiralar bo’lganda unut.
Kun-kecha barq urgan xayollarimning
Nurli siymosini qoplamish bulut.

Sizni deb qaydadir o’rtanar bir jon,
Kuzgi bog’lar ichra kezar bir nafas.
Qayg’ularim bo’ldi menga qadrdon,
Faqat, kulgularim o’zimnikimas.

Siz xayolsiz, ko’kka eltar rohingiz,
Ro’yolar yo’l olmas yo’qlikka tomon.
Faqat, xayolimda qoldi yodingiz,
Yorsiz yuragimda qoldirib fig’on.

Shunchaki, siz ko’ngil bera olmaysiz,
Shunchaki, men ko’ngil uza olmayman.
Menchalik siz meni seva olmaysiz,
Sizchalik men sizni unutolmayman…

* * *

Etagin qoqqanda yovvoyi shamol,
Mayin shitirlaydi kamgap yaproqlar.
Yuragi zardobga to’lib bemajol,
Hayot qo’shig’ini kuylaydi bog’lar.

Olisdan yelganda hammol sabolar,
Rayhonning atrini eltar dimoqqa.
Nafasin ichiga yutgan havolar
Boshin egib ketar yiroq-yiroqqa.

Bosh ustimda mahzun jilmayganda kuz,
Savobday ulg’ayar sarg’ish gunohim.
Mening yuragimda yashaydi hanuz
Shamol – senga yetib bormagan ohim…

VATAN

Kovak ichra sichqon ovlamas sherlar,
Elning obro’yini to’kmaydi erlar,
“Vatanni sevmoqlik – iymondan” derlar,
Iymoni borlarga ravodir Vatan!

Ko’ngil mulkin ayla sayru sayohat,
Sog’ aql sog’ tandan bergay dalolat,
Ming dardga bo’lguvchi malham, tabobat,
Xasta yuraklarga davodir Vatan!

G’ariblik g’urbati bo’lmagay ado,
Gado – gado emas, yurtsizlar – gado,
Boshpana bo’lolmas har qanday ma’vo,
Benavo qalblarga navodir Vatan!

Oshyon bo’lolmagay fitna, g’arazlar,
Mo’min mulki emas oltin qafaslar,
Toki kezar ekan toza nafaslar,
Odam bo’la olsak – Havodir Vatan!..

* * *

Boshpana topdingu ko’ngli g’ashdaysan,
Bosh egib, parishon qadam tashlaysan,
Axir, yuragingni qayda asraysan?..
Vatan ishqi ko’ngling o’rtamasmi, ayt?

Suvrating boshqadir, siyrating boshqa,
Bag’ring to’lmay, ko’zing to’lmasmi yoshga?
Bir kun borib boshing tekkanda toshga,
Vatan ishqi ko’ngling o’rtamasmi, ayt?

Ishqingni, ilmingni aylagaysan xor,
Nafs uchun bo’larsan iblislarga yor,
Bir qarich tilingdan o’zga nimang bor?
Vatan ishqi ko’ngling o’rtamasmi, ayt?

G’ayri yurt bodasi yel bo’lmagaydir,
Ko’lmaklar hech qachon ko’l bo’lmagaydir,
O’zga el elingdek el bo’lmagaydir…
Vatan ishqi ko’ngling o’rtamasmi, ayt?

Hargiz quvonmassan yurakdan kulib,
Sog’inch qiynamasmi bag’ringni tilib?
Qolsang bir nuqtaga g’amgin termulib
Vatan ishqi ko’ngling o’rtamasmi, ayt?

* * *

Juda ko’p yurt kezdim dunyoda, yolg’iz,
Topmoqlik istadim munosib juft, yor.
Netayin, qismat shu, taqdir yalmog’iz,
Norasta savdoga etmish xaridor.

So’ng topdim o’zimni mahvash sanamda,
Iymonda barkamol, odob, axloq, xulq…
Bilmadim, ko’zlarin tortganmi parda,
Nahotki taqdir shu, bo’lmaslik suyuk?

Xayollar xom ekan.
Go’zal talabi:
Na husn, ko’rk ekan, na ko’zu na qosh…
Vodarig’, ne tongkim ul ham men kabi,
Axtarib yurganmish mukammal yo’ldosh…

XAYOLIM SHO’NG’IYDI DENGIZGA
(Suratga qarab yozilgan she’r)

To’lqinlar dengizda jonlanar,
Qirg’oqqa bosh urar ohista.
Suv sirti oftobda tovlanar,
Mavjlanar ilohiy bir tusda.

Osmondan bulutlar parchasi,
Suzardi yer uzra o’rmalab.
Qiyalab bulutlar pardasin,
Jilmayar Quyosh ham mo’ralab…

To’lqinlar urilar qirg’oqqa
Va ortga chekinar, iziga.
Urinar xayolni yengmoqqa,
Xayolim sho’ng’iydi dengizga…

DERAZA VA QIZ
(Suratga qarab yozilgan she’r)

Deraza yonida qizaloq,
Ko’ylagi shohidan menimcha.
Sochlari zangori, qo’ng’iroq,
Belida belbog’i tuguncha.

Deraza yonida qizaloq,
Oyn nuri shu’lasi aksida.
Taralar yanada mayinroq,
Bu nurlar qizchaning yuziga.

Deraza yonida qizaloq,
YO jajji farishta, yo oqqush.
Xushsurat, ko’ngilga yaqinroq,
Ko’rganim o’ngmidi yoki tush?

Deraza yonida qizaloq,
Kimningdir qarog’i, gavhari.
Mengan ne ishq berding, ey Olloh,
Bu kimning eng buyuk asari?

Deraza yonida qizaloq…

UCHLIKLAR

* * *

Bo’lar edim, balki, etikdo’z,
So’z berardim, so’ramasdim so’z,
Agar hunar o’rganganimda.

* * *

To’kilmasdi tomchi gavharim,
Kulmas edi mendan g’amlarim,
Bo’lganimda edi afsungar.

* * *

Tashlar edim nafsni chavaqlab,
Qog’oz titib, kitob varaqlab,
Agar ilm o’rganganimda.

* * *

Tuhmat, g’araz ketmasdi yiqib,
Tog’ olmasdi yelkamga chiqib,
Aqlliroq bo’lganimda men!..

* * *

O’ltirmasdim bedor, yarim tun,
O’lmas edim tirilmoq uchun,
Ko’rsatmasa Olloh bir karam.

LOLAM

Ruhim tandan ayro tushmasdan burun,
Qismat yog’dirmasdan ustimga motam,
Ko’nglimni g’amlardan asrab kecha-kun,
Bag’rimga bosh qo’ygil, yolg’izim, lolam.

Sir ochsam chamanga — fosh bo’lsa sirim,
Tikon tilgan qalbda yangrasa nolam,
Tilingan qalbimni anglab betinim,
Tanho meni suygil, yolg’izim, lolam.

Har bahor faslida yayrab-yashnagin,
Ko’zlarimga go’zal ko’rinsin olam.
Tarqatib ko’nglimning gumon, g’ashlarin,
Yuragimda ungil, yolg’izim, lolam.

Dilimni tirnasa qayg’ular har dam,
Qolmasa vaslingdan o’zga bir choram,
Do’st-yorlarim nogoh tashlab ketsa ham,
Sen yonimda turgil, yolg’izim, lolam.

Umrimning quyoshi ketganda botib,
Foniy dunyo ichra to’lsa paymonam,
Qabrim teppasida yaproqlar yozib,
Tuprog’imni quchgil, yolg’izim, lolam!..

NA SUVRAT BOR SENDAN…

Ey, sen — xayolimda paydo sevgilim,
Ilk bahor faslida xazon bo’lgan baxt!
Dilimda bir dunyo mudrab yotar jim…
Na suvrat bor sendan, na bir enlik xat.

Yorsiz ko’chalarda tentirab yolg’iz,
Nomu nishon izlar sarson muhabbat.
Taskin axtaradi qalbimda bir his…
Na suvrat bor sendan, na bir enlik xat.

Yaproqsiz daraxtday qoldim zoru zor,
O’rtangan dilimda alamlar qat-qat.
Meni muhabbatga aylaguvchi yor,
Na suvrat bor sendan, na bir enlik xat.

Beparvo bo’lmasang, axir, bunchalar,
Hijron lahzalari buncha beadad?
Sening borligindan berguvchi xabar —
Na suvrat bor sendan, na bir enlik xat.

Hajring olovida yondim betinim,
Ayriliqdan so’ylar bahorim, faqat.
Ey, sen — xayolimda paydo sevgilim,
Na suvrat bor sendan, na bir enlik xat…

DIL BOSHQAYU TIL EKAN BOSHQA…

Topolmadik ishq mulkiga yo’l,
Ko’ngilsizlik sodir bo’ldi mo’l,
Holimizni kipriklari ho’l
Ko’zlaringiz sotib qo’ygandi.

Ajratolmay yaxshi-yomonni,
Tinim bilmay qiynadik jonni,
Soxta qayg’u, soxta armonni
Ko’zlaringiz sotib qo’ygandi.

Hoyu havas uyg’ondi tanda,
Bo’lolmadik ko’ngilga banda,
Yodingizda bo’lsa, o’shanda
Ko’zlaringiz sotib qo’ygandi.

Chin, vafodor o’ylaringizni
Yolg’onlarga yo’yganingizni,
Bizni sevmay qo’yganingizni
Ko’zlaringiz sotib qo’ygandi.

Go’yo izlab ishqning izlarin,
Titkilaymiz yuraklar qa’rin,
Lek, ko’ngilda neki bor, barin
Ko’zlaringiz sotib qo’ygandi.

Ko’zlaringiz to’lsa ham yoshga,
Yuragingiz aylangan toshga,
Dil boshqayu til ekan boshqa…
Buni ko’zlar sotib qo’ygandi.

044

(Tashriflar: umumiy 5 426, bugungi 1)

Izoh qoldiring