Shukur Qurbon. «Saylanma»dan she’rlar

077     Етмишинчи йилларга келиб янги бир тўлқин, янги бир истеъдодли авлод сафимизга қўшилди. Ўзбек назми ва насрига янги руҳ кириб келди. Бу авлод сафида пешқадамлардан бири Шукур Қурбон эди. Унинг ҳаяжонга тўла юраги, айтган сўзи, ёзган шеъри, ҳар бир хатти ҳаракатида аён бўлиб турарди (Устоз Эркин Воҳидовнинг «Сайланма»га ёзган сўзбошисидан).

Эркин ВОҲИДОВ
ҚАЛБ ҲАРОРАТИ ҲЕЧ КАМ БЎЛМАСИН
03

09Биз, олтмишинчи йилларда адабиётга кириб келган авлод, ёшимиз қирққа етганда ҳам «ёш ёзувчи», «ёш шоир» деб аталганмиз. Сабаби ҳали биздан кейинги ижодкорлар авлоди ростмона бўй кўрсатмаган, адабиёт майдонини эгаллаб улгурмаган эди.
Етмишинчи йилларга келиб янги бир тўлқин, янги бир истеъдодли авлод сафимизга қўшилди. Ўзбек назми ва насрига янги руҳ кириб келди. Бу авлод сафида пешқадамлардан бири Шукур Қурбон эди. Унинг ҳаяжонга тўла юраги, айтган сўзи, ёзган шеъри, ҳар бир хатти ҳаракатида аён бўлиб турарди. Шукурнинг илк шеърларини ўқиб кўнглимда туғилган яхши сўзларни ўша вақт матбуотда, анжуманларда айтганман. Қарангки, у замонлар ҳам қирқ йилча ортда қолиб қолибди.
Бугун энди Шукур Қурбон элга таниқли шоир, ўзи устоз бўлиб, ёш ижодкорларни тарбияламоқда, ижод майдонига йўллаб, илк китобларига «Оқ йўллар» ёзмоқда.
Бугун мен Шукур Қурбоннинг сайланма шеърларини ўқиб, у босиб ўтган ижодий йўлни кўз олдимга келтириб турибман. Бу йўл ҳеч бир шоирда текис ва равон бўлмайди. Шукур каби ҳиссиёт шоирида ижодий изланиш йўллари машаққатли кечади. Ҳаёт бир ерда турмаганидек, ижодий услуб ҳам ўзгариб, янгиланиб боради. Мана бугун олтмиш ёш арафасида анча тиниқлик касб этган:

Шоирлар каломи отилган ўқдир,
Нишонга тегарки, кўнгиллар тўқдир.
Ҳақиқатни айтиш нодонлик бўлса,
Нодонликдан айро шеърият йўқдир.

Шоир дўстимга ижодий умрузоқлик тилайман. Қалб ҳарорати ҳеч кам бўлмасин.

Шукур ҚУРБОН
«САЙЛАНМА»ДАН ШЕЪРЛАР
03

08Таниқли шоир Шукур Қурбон (Олимжон ўғли)  1951 йил 6 июлда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида  туғилган. Ўрта мактабдан  кейин  ЎзМУнинг филология факультетида таҳсил олди. Иш фаолиятини 1973 йили «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятида  бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлимида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, «Соғлом авлод учун» журнали муҳарририятида хизмат қилган. Илк шеърлари устоз  Озод Шарафиддинов «Оқ йўл»и билан эълон қилинган. Шоир битиклари дарслик ва қўлланмалардан ўрин олган. Ўзбекистон радиоси «Олтин фонди»да унинг радиопостановка ва юзга яқин қўшиқлари сақланмоқда. Маънавий-маърифий йўналишдаги асарлари учун 1989 йилда Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси мукофоти билан тақдирланган. Шоир мустақиллик йилларида самарали ижод қилди. Ўнга яқин шеърий тўплам, йигирмага яқин қўшиқ, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов,Рауф Парфи, Тоҳир Малик, Муҳаммад Юсуф ва Омонулла Мадаевлар ҳақида бадиа ва эсселар яратди. Миллий истиқлолимизни шарафловчи сонетлар гулдастасини эълон қилди, ҳадиси шарифлар асосида ёзилган 1600 та тўртлиги адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлди. Таржима соҳасида ҳам шоир баракали қалам тебратган: у жаҳон адабиёти вакилларидан Франческо Петрарка, Адам Мицкевич, Жак Превер, Нозим Ҳикмат, Михаил Лермонтов, Александр Пушкин, Расул Ҳамзатов, Евгений Евтушенко ва бошқаларнинг асарларини она тилимизга ўгирган. Шукур Қурбон 1982 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Бугунги кунда Шукур Қурбон Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг нашриёт-матбаа хизматида а фаолият юритади.

04

ҚИЗҒАЛДОҚНИНГ СУВИГА…
И. Пайдога

Бири дўппи кийган, ялангбош бири,
Акасининг тўнини елкага илган.
Бири жамалаксоч, қизарган бурни,
Лабларида нонуштанинг шираси қолган.

Орасида юзини ювмаганлар бор,
Борар тушларида боргандай худди.
Ярқираб кўринар юксакдаги қор,
Уфурар тубанда майсалар ҳиди.

Атрофдан ҳали қиш заҳри кетмаган,
Нафақат атрофдан, юраклардан ҳам.
Кўнгилларга офтоб нури етмаган…
Бу оналар борар қаёққа,
Болаларин етаклаб, илдам?
Қизғалдоқнинг сувига, тоққа!

Бу сувни ичган сор-бургутга боқинг,
Олар ўлжасини қандай бехато.
Қизғалдоқ сувидан ҳўплаган оҳу —
Ҳуснига ҳеч қачон тўймайди дунё.

Бу ирмоқ бўйида ўсган навниҳол.
Илдизи тошни-да ўсади ёриб.
Бу ирмоқ пойида туғилган шамол
Тарқатади дала-даштлар ғуборин.

Тошдан-тошга сакраб оққан бу ирмоқ
Суви бунча совуқ бўлмаса, сабил.
Увишиб кетади ногаҳон юрак,
Солиб кўрсанг зирқирайди қўл.

Қадим бу халқимда удум бор шундоқ,
Эшитмас оҳ-воҳу нолаларини:
Чўмилтирар ҳар йил оналар бунда
Жондан азиз жажжи болаларини.

Чиниқиши керак улар, пишмоғи керак,
Ки, хасталик нима-ўссин билмайин.
Бу ишда осмоннинг ҳукми бор, бешак.
Бу ишда илоҳий ҳикмат бор тайин.

Бу тоғни, тоғдаги қизғалдоқларни,
Одам Ато, Момо Ҳавволар кўрган.
Балки шундай эрта баҳор чоғлари
Қобил, Ҳобилларни ҳам чўмилтирган.

Қизғалдоқ суви, оҳ, кўҳна тоғ суви,
Эшит оналарнинг нолаларини:
Барча ожизлигин юборгил қувиб,
Сизиб кир ичига бу болаларнинг.

Ва синг юрагига, туйғуларига:,
Майда ҳаяжонлар тарк этсин буткул.
Дарди эш бўлсин юрт қайғуларига,
Улғайганда бир кун,
Севганда бир кун.

Журъат эт ва қўрқма, ичсин, ичиргил,
Қопласин борлиғин муздайин бир тафт.
Қобилу Ҳобиллар бошдан кечирган
Изтироблар кўнглин айламасин забт.

Ва Аллоҳ меҳрини ўйғот қалбида,
Иймон-эътиқоднинг шерлари бўлсин.
Йиғласа йиғлатсин, кулса, лабида —
Бир ширин титраниб қизғалдоқ кулсин.

2003

АҚЛ ВА ЮРАК

Ақл билан юрак ўртасида баҳс
Давом этар, мана, минг йилдан бери.
Бу баҳс, балки, яна минг йилда битмас,
Ҳамма ҳайрон билмай устун қай бири…

Бу чигални мен ҳам ечолмам, бошқа —
Бир сўзим бор шунга тегишли, керак:
Ақли боис ёстиқ қўйилар бошга»
Дарди боис захга берилар кўкрак.

1986

БИР  ТЎДА БОЛА

Беш-ўнта ҳовли жой,
Қолгани дала,
Дала ўртасида бир тўда бола.
Бир тўда боланинг орзулари мўл,
Дала ўртасида биттагина йўл.

Шу йўлдан юришар — юрмоқчи бўлса,
Шу йўлдан боришар — бормоқчи бўлса.
Дала адоғида лекин йўл битар,
Орзулар бирма-бир сўнгига етар.

Беш-ўнта ҳовли жой,
Қолгани дала,
Ортга қайтмасайди бир тўда бола.

1992

* * *

Яна келдим бағрингга эй тоғ,
Эй покиза, эй юксак паноҳ!
Ифлослигу тубанликлардан
Қочиб келдим, келдим баногоҳ!..

Яна келдим бағрингга, эй тоғ!
Нафасингдан симирсам, тўйсам,
Қўшиқ айтсам, тошлар тингласа!..
Чўққилардан йиқилиб ўлсам,
Ўлганимни ҳеч ким билмаса!..

Қўшиқ айтсам, тошлар тингласа!..
Яна келдим бағрингга, эй тоғ!..

1986

СОҒИНЧ ДАРВОЗАСИ

1

Ўғлим, сен борсан-у, нега йўқцайсан?
Ўғлим, кул остида қолган чўғдайсан.
Бу кул нима, ўғлим, сени топмишдир,
Гул умринг бамисли хазон ёпмишдир?..

Гул умр аввали, ахир, ғунчалик,
Ғунчанинг қисмати, наҳот, шунчалик?
Сен сари боргали барча йўллар берк,
Дамлар берк, кунлар берк, ою йиллар берк.

Фақат йўлларида тиконлар сочиқ
Соғинч дарвозаси менга ланг очиқ.
Тақдирдан қайга ҳам борардинг қочиб,
Ҳайҳот, бу дарвоза сенга ҳам очиқ!

Униб-ўсмай туриб, кулмай бир шўх-шан,
Сенинг ҳам кўксингга санчилар тикан.
Етимча дейишса сени ўйлайман,
Сени қизғонаман, сени куйлайман.

2

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди.
Болалик қувончлари,
Ўғлим, сенга оз бўлди.
Даданг туриб, дадасиз
Қолганлигинг рост бўлди.

Сен билмайсан, гўдаксан,
Унутасан дадангни.
Даданг, деб кўрсатарлар
Сенга бошқа одамни.
Етти ёт бегонага
Эргашасан «дада»лаб.

Даданг бунда юрадир
Кўксига ғам қадалиб.
Кўксимга ғам қадалса,
Сени эслайман, ўғлим.
Бор эканинг ҳам — давлат,
Қаддим ростлайман, ўғлим.

Лаънатлайман ўзимни,
Лаънатлайман онангни
Ва сенга дада бўлган
Етти ёт бегонангни.
Севги бизни шу қаттиқ
Савдога қўйди, ўғлим.
Бошимизни эл аро
Ғавғога қўйди, ўғлим.

Бу оламда кўзлар бор,
Аҳволимиз кўрарлар.
Бу оламда сўзлар бор,
Масхаралаб куларлар.
Кулги бўлиб ҳар кимга
Бу жаҳондан ўтармиз.

Йўл бўйига чиқармиз,
Йўлларга кўз тутармиз.
Кўзларимиз тўрт бўлиб,
Бир-бировни кутармиз.
Бу жаҳондан ўтгунча
Қоп-қора қон ютармиз.

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди,
Бу дунёнинг роҳати,
Ўғлим, менга оз бўлди.
Ўғлим туриб, ўғилсиз
Қолганлигим рост бўлди.

3

Майлига, сеники бўлсин шу ёмғир,
Бошингдан инжудай сочилсин, ўғлим.
Ёмғирдай эзилди сенсиз бу бағир,
Бу бағир осмондай очилсин, ўғлим.

Кўз қорам сен эдинг, ҳамон ўзингсан,
Ўксиб улғаярсан хаёлларимда.
Тик қарай олмасман балки кўзингга,
Юрак ҳовучларман саволларингдан.

Балки савол бўлиб сингарман фақат
Маҳзун табассумли қорачиғингга.
Балки икки жаҳон қилолмас тоқат
Мени кўргинг келиб қилган йиғингга.

Ўшанда ўзингни юпатгин ўзинг,
Ола қол, сеники бўлсин шу ёмғир.
Оталар ҳамиша жумбоқдир, кўзим,
Қўзим, фарзандларга ҳамиша оғир.

1977

…ГА

Қайтсайдингиз ёнимга бир кун,
Қайтсайдингиз бешарпа, беун
Кўкрагимга қўйсангизу бош,
Аччиқ-аччиқ тўксангиз кўз ёш…

Мен ҳам бир сўз демасдан тайин,
Титраётган елкангиз қучиб, —
Енгиллашиб қушдай дам сайин,
Қайларгадир кетардим учиб.

Мен учардим дунёдан баланд,
Тубан қолиб дарёю баҳор.
Тубан қолиб ҳажрингиз билан
Чекканларим фиғон, ситам, зор.

Биров кўрмас ул парвозимни,
Эртаклар ҳам бўлмас у ҳақда
Чексизликда кўриб ўзимни,
Чарх урардим юксак-юксакда.

Чарх урардим қуюнларсимон,
Нурсизликлар чокини сўкиб.
Шиддатимдан етти қат осмон
Қаро ерга борарди чўкиб…

Кузатаркан бу лавҳани тунд,
Нусхалардим сизни очунда —
Кўкрагимга бош қўйиб беун
Кўз ёш қилиб турасиз унда.

Ногаҳоний тўзғирдиму шахт,
Пастликларга шўнғирдим босим,
Давра қуриб боқингизда нақд,
Пойингизга қуйилардим жим…

Кўролмайсиз бу йўсинни ҳеч
Мубҳам эрур бари сиз учун —
Туровраман қошингизда тинч,
Титраётган елкангиз қучиб.

Шундан солиб юрагимга ғам,
Яшаяпсиз сиз мендан йироқ…
Аммо ишқи тан олинмаган
Маъшуқ ҳолин билсайдингиз, оҳ,
Қайтсайдингиз ёнимга бир кун.

1975

МЕТАМОРФОЗА

Қоронғу жойдан кўрингай неки бор ёруғликда,
Ёруғ жойдан кўрмоқ қийин не бор қоронғуликда.

1975

* * *

Ҳаммаси Худодан —
Парвардигордан,
Унинг ҳукми ила дунёда борман.
Яхшиман, ёмонман, сенга дўст-ёрман,
Ошиқман,
Ожизман,
Меҳрингга зорман.

2008

МУНАЖЖИМ

Темурхон наслидин Мирзо Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг обнойи жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Ва лек ул илм сари топти чун даст,
Кўзи оллинда бўлди осмон паст.
Алишер Навоий

«Овчининг ўлими овдандир азал,
Жангчининг заволи жангларда абад.
Шоирнинг жонини олар шеър, ғазал,
Мунажжимни осмон ўлдирар фақат…»

Итлар талаганмиш уни тушида,
Гирёна турармиш, уст-боши қон.
Юлдузлар титрармиш йиғлаб қошида,
Букилиб, бошини силармиш осмон.

Ёш тўла кўз билан боқди фалакка,
Эҳтимол сўнги бор боқарди шундоқ.
Бир ғашлик кўлкаси тушди юракка,
Ойнинг ўроғини кўрмади бироқ.

Тонгга қадар бағрин тилкалади жим
«Етти қароқчи»нинг нигоҳи совуқ.
«…Ойнинг ўроғини чархлаётир ким?!..
Наҳот, сўнгим ёвуқ, заволим ёвуқ?!..»

Замон сени англамаса,
Англамагай яхши, ёмон.
Яхши, ёмон айтган гаплар
Хаёлингга ташлар каманд.

Ишлари йўқ қай буюк сўз,
Қай дард кўнглинг этмишдир банд.
Сендан осон бурарлар юз,
Куларлар ҳам беписанд.

Чидаш мумкин.
Яшаш мумкин —

Парво қилмай узоқ, шод,
Қўлингда гар осмон мулки,
Кўнгил дардинг барҳаёт.

Чидаб бўлмас.
Яшаб бўлмас,

Умр қийнар беомон —
Ўз пуштингдан бўлган фарзанд
Падаркуш гар беимон…

Ариқтўлиб сув оқарди — «шилдир-шилдир»,
Ариқ тўлиб сув оқарди неча йилдир.
Ариқ тўлиб энди, дўстлар, қон оқади,
Одам қони, замонанинг ҳукми шулдир.

Замонанинг ҳукми қурсин,
Қаттол бўлса шунчалар.
Сув ўрнига қон ичади
Энди гулу ғунчалар.

Ҳай, ариқ, ранги сариқ,
Рангинг сенинг мангу сариқ.
Улуғбекни қатл этдилар
Кўз ўнгингда сарсари.

Осмон кимга қолди энди?
Кимга қолди юлдузлар?!
Осмоннинг ер таянчин
Поймол этди юзсизлар…

Каҳкашонни чангитиб,
Ой кезар оёқ яланг,
Ортидан борар кетиб,
Гўзал Зуҳро ютиб чанг.

Бутун фалак безовта,
Уйқусиз то тонг қадар.
Бутун фалак тентираб,
Улуғбекни ахтарар.

Гувлар қалдироқлар басма-басига,
Чақмоқлар чақади ўтлиғ оҳлардай.
Яшинлар тушади қаторасига…
Ерда фалакнинг қасди бордай!..

Ҳаммаси табиий ва дилга яқин.
Боболарнинг билгани билган:
Мунажжимни осмон ўлдирди тағин,
Ўлдирди падаркуш қўллари билан

1980

НАВОИЙНИ АНГЛАШ

Тарих, дегани бу — жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил демас,
Навоий назмидан туймаса наво.

Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон — эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.

Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.

«Эй, Навоий», дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй, Навоий» — жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.

«Эй, Навоий» — қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.

Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит», — деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор», — дейишга борми ҳаддимиз?

ШОҲМАШРАБНИ ОСМОҚДАЛАР
XVIII аср, Балх шаҳри Манзара

Бу бир дор — қўққайган.
Мунғайган,
ўксик.
Бу шоир —
Шоҳмашраб
Мағрур,
Қадди
Тик.
Ер — ҳайрат,
Кўк — ҳайрат,
Ҳаммаёқ — ҳайрат,
Ҳаммаёқ — ҳайратга айланган ҳасрат,
Шоҳмашрабни осмоқцалар…

Осмон турар очилиб,
Офтоби қўйнида…
Осмонга осмаслар,
Офтобга осмаслар,
Осмокдалар буюк шоирни
Қўққайган,

Мунғайган
Ўксик бир дорга…

Бу жаҳонда эрк деган —
Зотга йўллар берк экан.
Ёр васлига етмаган
Дор васлига етаркан…
Шоҳмашрабни осмоқдалар.

Шоирларнинг юраги
Бўғзида бўлар эмиш.
Бўғзида юраги борлар
Бўғилиб ўлар эмиш…
Шоҳмашрабни осмоқдалар.

Мақсад агар ўлдирмоқ,
Қатл этсалар бўлмасми?
Босиб, ерга ётқизиб,
Ерларни бўктиртирмасми
Қизил қонин оқизиб?..
Шоҳмашрабни осмоқдалар.

Она-ерга боғланган,
Шоҳмашрабнинг оёғи.
Шоҳмашраб ташрифидан
Очилди юрт сиёғи.
Шоҳмашрабнинг оёғин
Узмоқчилар шу ердан.
Айролиқда кўймоқчилар
Она-юртни шоирдан.

Шоҳмашрабнинг кўзлари
Ютади чор-атрофни.
Ўқдай учган сўзлари
Тузлар аҳли саробни:
«Йўқ Худони топдилар,
Топиндилар, қондилар.
Бор Худодан тондилар,
Гулханларда ёндилар.
Ҳароми бу овсарлар
Мен — Худосин осарлар.

Мен — Худосин осар-да,
Кир кўнглини ёзарлар.
Покдомоним элим-чи,
Нега қараб турар жим?!
Мен — Худосин осарлар,
Ул томоша кўрар жим.

Шоир агар жаҳд этса,
Кудратин йўқ поёни:
Балолардан, офатдан
Асрай олар жаҳонни!
Шундоқ! Аммо ҳеч маҳал,
Ҳатто ёлғиз шоирин,
Кўзига кўз шоирин,
Сўзига сўз шоирин
Дордан олиб қололмас
Бутун бошли она-халқ!..»

Шоҳмашрабни осмокдалар.

1977

СОҒИНДИМ

Кел, эй ёрим, парирўйим, кел энди,
Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим.
Фироқ жондан ўтди, қадринг’ билинди,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.

Хаёлимда кокилларинг тутами,
Бир сўз учун шунча зулм, ситамми?
Ишқ йўлида гуноҳкор мен биттами?
Суманбўй, гулузорингни соғиндим.

Сени кўрмоқ бўлдим, неча чоғландим,
Ўз ёғимга ўзим неча доғландим.
Билмам сенга, нега сенга боғландим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.
Суманбўй, гулузорингни соғиндим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

1988

ХАЙР…

Хайр, сенга айтдим шу совуқ сўзни,
Хайр, деб йиғлатдим сен — қоракўзни.
Қолдинг хотирамда умрбод мунглиғ,
Сени йиғлатмадим, йиғлатдим ўзни.

Айтилган сўз, ахир, отилган ўқдир,
Севгимиз кўксига санчилди бу ўқ.
Бу ёруғ оламда сенга бахт йўқдир,
Менга ҳам дунёнинг дунёлиги йўқ.

Нетай, одамзодга ақл битмаса,
Тошга бориб бир кун тегмагунча бош?
Ишқ учун юракнинг ўзи етмаса,
Вақт керак бўлса ва яна бардош?

Вақт ҳам топилар, балки бардош ҳам,
Ҳузурингга бир кун балки қайтурман.
Салом, деган сўзни қай юз-ла у дам,
Хайрдан сўнг қандай сенга айтурман?

Хайр, сенга айтдим шу совуқ сўзни,
Хайр, деб йиғлатдим сен — қоракўзни.
Сўз бошқа, юракда ёнган дард бошқа,
Сени йиғлатмадим, йиғлатдим ўзни.

1977

* * *

(«Шайтанат» видеофильмида айтилган қўшиқ)

Ҳаёт — гулзор дея кездим, тиконлари чиқди йўлдан.
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.

Тилинди қалб, шилинди тил, балойи нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.

Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.

Замон Ҳаққа тегишли деб, неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.

Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган шайтанатнинг шайтонлари чиқди йўлдан.

Борми бирор хайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.

2004

Шукур Қурбон Сайланмасини тўлиқ ҳолда мутолаа қилинг
03

001

Erkin VOHIDOV
QALB HARORATI HECH KAM BO’LMASIN
03

Biz, oltmishinchi yillarda adabiyotga kirib kelgan avlod, yoshimiz qirqqa yetganda ham «yosh yozuvchi», «yosh shoir» deb atalganmiz. Sababi hali bizdan keyingi ijodkorlar avlodi rostmona bo’y ko’rsatmagan, adabiyot maydonini egallab ulgurmagan edi.
Yetmishinchi yillarga kelib yangi bir to’lqin, yangi bir iste’dodli avlod safimizga qo’shildi. O’zbek nazmi va nasriga yangi ruh kirib keldi. Bu avlod safida peshqadamlardan biri Shukur Qurbon edi. Uning hayajonga to’la yuragi, aytgan so’zi, yozgan she’ri, har bir xatti harakatida ayon bo’lib turardi. Shukurning ilk she’rlarini o’qib ko’nglimda tug’ilgan yaxshi so’zlarni o’sha vaqt matbuotda, anjumanlarda aytganman. Qarangki, u zamonlar ham qirq yilcha ortda qolib qolibdi.
Bugun endi Shukur Qurbon elga taniqli shoir, o’zi ustoz bo’lib, yosh ijodkorlarni tarbiyalamoqda, ijod maydoniga yo’llab, ilk kitoblariga «Oq yo’llar» yozmoqda.
Bugun men Shukur Qurbonning saylanma she’rlarini o’qib, u bosib o’tgan ijodiy yo’lni ko’z oldimga keltirib turibman. Bu yo’l hech bir shoirda tekis va ravon bo’lmaydi. Shukur kabi hissiyot shoirida ijodiy izlanish yo’llari mashaqqatli kechadi. Hayot bir yerda turmaganidek, ijodiy uslub ham o’zgarib, yangilanib boradi. Mana bugun oltmish yosh arafasida ancha tiniqlik kasb etgan:

Shoirlar kalomi otilgan o’qdir,
Nishonga tegarki, ko’ngillar to’qdir.
Haqiqatni aytish nodonlik bo’lsa,
Nodonlikdan ayro she’riyat yo’qdir.

Shoir do’stimga ijodiy umruzoqlik tilayman. Qalb harorati hech kam bo’lmasin.

Shukur QURBON
«SAYLANMA»DAN SHE’RLAR
03

08Taniqli shoir Shukur Qurbon (Olimjon o’g’li) 1951 yil 6 iyulda Andijon viloyatining Baliqchi tumanida tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin O’zMUning filologiya fakul`tetida tahsil oldi. Ish faoliyatini 1973 yili «Sharq yulduzi» jurnali tahririyatida boshlagan. Keyinchalik O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Toshkent viloyat bo’limida, O’zbekiston teleradiokompaniyasida, «Sog’lom avlod uchun» jurnali muharririyatida xizmat qilgan. Ilk she’rlari ustoz Ozod Sharafiddinov «Oq yo’l»i bilan e’lon qilingan. Shoir bitiklari darslik va qo’llanmalardan o’rin olgan. O’zbekiston radiosi «Oltin fondi»da uning radiopostanovka va yuzga yaqin qo’shiqlari saqlanmoqda. Ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishdagi asarlari uchun 1989 yilda Movarounnahr musulmonlari diniy boshqarmasi mukofoti bilan taqdirlangan. Shoir mustaqillik yillarida samarali ijod qildi. O’nga yaqin she’riy to’plam, yigirmaga yaqin qo’shiq, Ozod Sharafiddinov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Tohir Malik, Muhammad Yusuf va Omonulla Madayevlar haqida badia va esselar yaratdi. Milliy istiqlolimizni sharaflovchi sonetlar guldastasini e’lon qildi, hadisi shariflar asosida yozilgan 1600 ta to’rtligi adabiyotimizda o’ziga xos voqea bo’ldi. Tarjima sohasida ham shoir barakali qalam tebratgan: u jahon adabiyoti vakillaridan Franchesko Petrarka, Adam Mitskevich, Jak Prever, Nozim Hikmat, Mixail Lermontov, Aleksandr Pushkin, Rasul Hamzatov, Yevgeniy Yevtushenko va boshqalarning asarlarini ona tilimizga o’girgan. Shukur Qurbon 1982 yildan beri O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Bugungi kunda Shukur Qurbon Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasining nashriyot-matbaa xizmatida a faoliyat yuritadi.

04

QIZG’ALDOQNING SUVIGA…
I. Paydoga

Biri do’ppi kiygan, yalangbosh biri,
Akasining to’nini yelkaga ilgan.
Biri jamalaksoch, qizargan burni,
Lablarida nonushtaning shirasi qolgan.

Orasida yuzini yuvmaganlar bor,
Borar tushlarida borganday xuddi.
Yarqirab ko’rinar yuksakdagi qor,
Ufurar tubanda maysalar hidi.

Atrofdan hali qish zahri ketmagan,
Nafaqat atrofdan, yuraklardan ham.
Ko’ngillarga oftob nuri yetmagan…
Bu onalar borar qayoqqa,
Bolalarin yetaklab, ildam?
Qizg’aldoqning suviga, toqqa!

Bu suvni ichgan sor-burgutga boqing,
Olar o’ljasini qanday bexato.
Qizg’aldoq suvidan ho’plagan ohu —
Husniga hech qachon to’ymaydi dunyo.

Bu irmoq bo’yida o’sgan navnihol.
Ildizi toshni-da o’sadi yorib.
Bu irmoq poyida tug’ilgan shamol
Tarqatadi dala-dashtlar g’uborin.

Toshdan-toshga sakrab oqqan bu irmoq
Suvi buncha sovuq bo’lmasa, sabil.
Uvishib ketadi nogahon yurak,
Solib ko’rsang zirqiraydi qo’l.

Qadim bu xalqimda udum bor shundoq,
Eshitmas oh-vohu nolalarini:
Cho’miltirar har yil onalar bunda
Jondan aziz jajji bolalarini.

Chiniqishi kerak ular, pishmog’i kerak,
Ki, xastalik nima-o’ssin bilmayin.
Bu ishda osmonning hukmi bor, beshak.
Bu ishda ilohiy hikmat bor tayin.

Bu tog’ni, tog’dagi qizg’aldoqlarni,
Odam Ato, Momo Havvolar ko’rgan.
Balki shunday erta bahor chog’lari
Qobil, Hobillarni ham cho’miltirgan.

Qizg’aldoq suvi, oh, ko’hna tog’ suvi,
Eshit onalarning nolalarini:
Barcha ojizligin yuborgil quvib,
Sizib kir ichiga bu bolalarning.

Va sing yuragiga, tuyg’ulariga:,
Mayda hayajonlar tark etsin butkul.
Dardi esh bo’lsin yurt qayg’ulariga,
Ulg’ayganda bir kun,
Sevganda bir kun.

Jur’at et va qo’rqma, ichsin, ichirgil,
Qoplasin borlig’in muzdayin bir taft.
Qobilu Hobillar boshdan kechirgan
Iztiroblar ko’nglin aylamasin zabt.

Va Alloh mehrini o’yg’ot qalbida,
Iymon-e’tiqodning sherlari bo’lsin.
Yig’lasa yig’latsin, kulsa, labida —
Bir shirin titranib qizg’aldoq kulsin.

2003

AQL VA YURAK

Aql bilan yurak o’rtasida bahs
Davom etar, mana, ming yildan beri.
Bu bahs, balki, yana ming yilda bitmas,
Hamma hayron bilmay ustun qay biri…

Bu chigalni men ham yecholmam, boshqa —
Bir so’zim bor shunga tegishli, kerak:
Aqli bois yostiq qo’yilar boshga»
Dardi bois zaxga berilar ko’krak.

1986

BIR TO’DA BOLA

Besh-o’nta hovli joy,
Qolgani dala,
Dala o’rtasida bir to’da bola.
Bir to’da bolaning orzulari mo’l,
Dala o’rtasida bittagina yo’l.

Shu yo’ldan yurishar — yurmoqchi bo’lsa,
Shu yo’ldan borishar — bormoqchi bo’lsa.
Dala adog’ida lekin yo’l bitar,
Orzular birma-bir so’ngiga yetar.

Besh-o’nta hovli joy,
Qolgani dala,
Ortga qaytmasaydi bir to’da bola.

1992

* * *

Yana keldim bag’ringga ey tog’,
Ey pokiza, ey yuksak panoh!
Iflosligu tubanliklardan
Qochib keldim, keldim banogoh!..

Yana keldim bag’ringga, ey tog’!
Nafasingdan simirsam, to’ysam,
Qo’shiq aytsam, toshlar tinglasa!..
Cho’qqilardan yiqilib o’lsam,
O’lganimni hech kim bilmasa!..

Qo’shiq aytsam, toshlar tinglasa!..
Yana keldim bag’ringga, ey tog’!..

1986

SOG’INCH DARVOZASI

1

O’g’lim, sen borsan-u, nega yo’qtsaysan?
O’g’lim, kul ostida qolgan cho’g’daysan.
Bu kul nima, o’g’lim, seni topmishdir,
Gul umring bamisli xazon yopmishdir?..

Gul umr avvali, axir, g’unchalik,
G’unchaning qismati, nahot, shunchalik?
Sen sari borgali barcha yo’llar berk,
Damlar berk, kunlar berk, oyu yillar berk.

Faqat yo’llarida tikonlar sochiq
Sog’inch darvozasi menga lang ochiq.
Taqdirdan qayga ham borarding qochib,
Hayhot, bu darvoza senga ham ochiq!

Unib-o’smay turib, kulmay bir sho’x-shan,
Sening ham ko’ksingga sanchilar tikan.
Yetimcha deyishsa seni o’ylayman,
Seni qizg’onaman, seni kuylayman.

2

Laylak keldi, yoz bo’ldi,
Qanoti qog’oz bo’ldi.
Bolalik quvonchlari,
O’g’lim, senga oz bo’ldi.
Dadang turib, dadasiz
Qolganliging rost bo’ldi.

Sen bilmaysan, go’daksan,
Unutasan dadangni.
Dadang, deb ko’rsatarlar
Senga boshqa odamni.
Yetti yot begonaga
Ergashasan «dada»lab.

Dadang bunda yuradir
Ko’ksiga g’am qadalib.
Ko’ksimga g’am qadalsa,
Seni eslayman, o’g’lim.
Bor ekaning ham — davlat,
Qaddim rostlayman, o’g’lim.

La’natlayman o’zimni,
La’natlayman onangni
Va senga dada bo’lgan
Yetti yot begonangni.
Sevgi bizni shu qattiq
Savdoga qo’ydi, o’g’lim.
Boshimizni el aro
G’avg’oga qo’ydi, o’g’lim.

Bu olamda ko’zlar bor,
Ahvolimiz ko’rarlar.
Bu olamda so’zlar bor,
Masxaralab kularlar.
Kulgi bo’lib har kimga
Bu jahondan o’tarmiz.

Yo’l bo’yiga chiqarmiz,
Yo’llarga ko’z tutarmiz.
Ko’zlarimiz to’rt bo’lib,
Bir-birovni kutarmiz.
Bu jahondan o’tguncha
Qop-qora qon yutarmiz.

Laylak keldi, yoz bo’ldi,
Qanoti qog’oz bo’ldi,
Bu dunyoning rohati,
O’g’lim, menga oz bo’ldi.
O’g’lim turib, o’g’ilsiz
Qolganligim rost bo’ldi.

3

Mayliga, seniki bo’lsin shu yomg’ir,
Boshingdan injuday sochilsin, o’g’lim.
Yomg’irday ezildi sensiz bu bag’ir,
Bu bag’ir osmonday ochilsin, o’g’lim.

Ko’z qoram sen eding, hamon o’zingsan,
O’ksib ulg’ayarsan xayollarimda.
Tik qaray olmasman balki ko’zingga,
Yurak hovuchlarman savollaringdan.

Balki savol bo’lib singarman faqat
Mahzun tabassumli qorachig’ingga.
Balki ikki jahon qilolmas toqat
Meni ko’rging kelib qilgan yig’ingga.

O’shanda o’zingni yupatgin o’zing,
Ola qol, seniki bo’lsin shu yomg’ir.
Otalar hamisha jumboqdir, ko’zim,
Qo’zim, farzandlarga hamisha og’ir.

1977

…GA

Qaytsaydingiz yonimga bir kun,
Qaytsaydingiz besharpa, beun
Ko’kragimga qo’ysangizu bosh,
Achchiq-achchiq to’ksangiz ko’z yosh…

Men ham bir so’z demasdan tayin,
Titrayotgan yelkangiz quchib, —
Yengillashib qushday dam sayin,
Qaylargadir ketardim uchib.

Men uchardim dunyodan baland,
Tuban qolib daryoyu bahor.
Tuban qolib hajringiz bilan
Chekkanlarim fig’on, sitam, zor.

Birov ko’rmas ul parvozimni,
Ertaklar ham bo’lmas u haqda
Cheksizlikda ko’rib o’zimni,
Charx urardim yuksak-yuksakda.

Charx urardim quyunlarsimon,
Nursizliklar chokini so’kib.
Shiddatimdan yetti qat osmon
Qaro yerga borardi cho’kib…

Kuzatarkan bu lavhani tund,
Nusxalardim sizni ochunda —
Ko’kragimga bosh qo’yib beun
Ko’z yosh qilib turasiz unda.

Nogahoniy to’zg’irdimu shaxt,
Pastliklarga sho’ng’irdim bosim,
Davra qurib boqingizda naqd,
Poyingizga quyilardim jim…

Ko’rolmaysiz bu yo’sinni hech
Mubham erur bari siz uchun —
Turovraman qoshingizda tinch,
Titrayotgan yelkangiz quchib.

Shundan solib yuragimga g’am,
Yashayapsiz siz mendan yiroq…
Ammo ishqi tan olinmagan
Ma’shuq holin bilsaydingiz, oh,
Qaytsaydingiz yonimga bir kun.

1975

METAMORFOZA

Qorong’u joydan ko’ringay neki bor yorug’likda,
Yorug’ joydan ko’rmoq qiyin ne bor qorong’ulikda.

1975

* * *

Hammasi Xudodan —
Parvardigordan,
Uning hukmi ila dunyoda borman.
Yaxshiman, yomonman, senga do’st-yorman,
Oshiqman,
Ojizman,
Mehringga zorman.

2008

MUNAJJIM

Temurxon naslidin Mirzo Ulug’bek,
Ki olam ko’rmadi sulton aningdek.

Aning obnoyi jinsi bo’ldi barbod,
Ki davr ahli biridin aylamas yod.

Va lek ul ilm sari topti chun dast,
Ko’zi ollinda bo’ldi osmon past.
Alisher Navoiy

«Ovchining o’limi ovdandir azal,
Jangchining zavoli janglarda abad.
Shoirning jonini olar she’r, g’azal,
Munajjimni osmon o’ldirar faqat…»

Itlar talaganmish uni tushida,
Giryona turarmish, ust-boshi qon.
Yulduzlar titrarmish yig’lab qoshida,
Bukilib, boshini silarmish osmon.

Yosh to’la ko’z bilan boqdi falakka,
Ehtimol so’ngi bor boqardi shundoq.
Bir g’ashlik ko’lkasi tushdi yurakka,
Oyning o’rog’ini ko’rmadi biroq.

Tongga qadar bag’rin tilkaladi jim
«Yetti qaroqchi»ning nigohi sovuq.
«…Oyning o’rog’ini charxlayotir kim?!..
Nahot, so’ngim yovuq, zavolim yovuq?!..»

Zamon seni anglamasa,
Anglamagay yaxshi, yomon.
Yaxshi, yomon aytgan gaplar
Xayolingga tashlar kamand.

Ishlari yo’q qay buyuk so’z,
Qay dard ko’ngling etmishdir band.
Sendan oson burarlar yuz,
Kularlar ham bepisand.

Chidash mumkin.
Yashash mumkin —

Parvo qilmay uzoq, shod,
Qo’lingda gar osmon mulki,
Ko’ngil darding barhayot.

Chidab bo’lmas.
Yashab bo’lmas,

Umr qiynar beomon —
O’z pushtingdan bo’lgan farzand
Padarkush gar beimon…

Ariqto’lib suv oqardi — «shildir-shildir»,
Ariq to’lib suv oqardi necha yildir.
Ariq to’lib endi, do’stlar, qon oqadi,
Odam qoni, zamonaning hukmi shuldir.

Zamonaning hukmi qursin,
Qattol bo’lsa shunchalar.
Suv o’rniga qon ichadi
Endi gulu g’unchalar.

Hay, ariq, rangi sariq,
Ranging sening mangu sariq.
Ulug’bekni qatl etdilar
Ko’z o’ngingda sarsari.

Osmon kimga qoldi endi?
Kimga qoldi yulduzlar?!
Osmonning yer tayanchin
Poymol etdi yuzsizlar…

Kahkashonni changitib,
Oy kezar oyoq yalang,
Ortidan borar ketib,
Go’zal Zuhro yutib chang.

Butun falak bezovta,
Uyqusiz to tong qadar.
Butun falak tentirab,
Ulug’bekni axtarar.

Guvlar qaldiroqlar basma-basiga,
Chaqmoqlar chaqadi o’tlig’ ohlarday.
Yashinlar tushadi qatorasiga…
Yerda falakning qasdi borday!..

Hammasi tabiiy va dilga yaqin.
Bobolarning bilgani bilgan:
Munajjimni osmon o’ldirdi tag’in,
O’ldirdi padarkush qo’llari bilan

1980

NAVOIYNI ANGLASH

Tarix, degani bu — jang-jadal emas,
So’zdir u , so’zlarda aks etgan ma’no.
Balki turkiyni ham birov til demas,
Navoiy nazmidan tuymasa navo.

Uyg’oq shuur bilan xayolga tolsak,
Navoiy va iymon — egiz tushuncha.
Shoirga biz qancha yaqin borolsak,
Xudoga yaqinlab borurmiz shuncha.

El g’amin o’ylagan bari bir o’lmas,
Uni kutar doim taqdir alomat.
Bu teran nolalar hech qachon so’lmas,
Ko’ngilni avaylab-asrar salomat.

«Ey, Navoiy», deya chorlar o’zini
Muhabbat yo’liga, mehr yo’liga.
«Ey, Navoiy» — jahon ochar ko’zini,
Tilla tushgan kabi gadoy qo’liga.

«Ey, Navoiy» — quyosh tushar samodan,
Ketar poy-piyoda ufqlar oralab.
Yurak entikadi toza havodan,
Metin dardlarini tilka-poralab.

Avlod-avlodlarga hamisha yor u,
Turli xalqlar aro raso qaddimiz.
«So’zimni eshit», — deb bizlarga zor u,
«Biz ham zor», — deyishga bormi haddimiz?

SHOHMASHRABNI OSMOQDALAR
XVIII asr, Balx shahri Manzara

Bu bir dor — qo’qqaygan.
Mung’aygan,
o’ksik.
Bu shoir —
Shohmashrab
Mag’rur,
Qaddi
Tik.
Yer — hayrat,
Ko’k — hayrat,
Hammayoq — hayrat,
Hammayoq — hayratga aylangan hasrat,
Shohmashrabni osmoqtsalar…

Osmon turar ochilib,
Oftobi qo’ynida…
Osmonga osmaslar,
Oftobga osmaslar,
Osmokdalar buyuk shoirni
Qo’qqaygan,

Mung’aygan
O’ksik bir dorga…

Bu jahonda erk degan —
Zotga yo’llar berk ekan.
Yor vasliga yetmagan
Dor vasliga yetarkan…
Shohmashrabni osmoqdalar.

Shoirlarning yuragi
Bo’g’zida bo’lar emish.
Bo’g’zida yuragi borlar
Bo’g’ilib o’lar emish…
Shohmashrabni osmoqdalar.

Maqsad agar o’ldirmoq,
Qatl etsalar bo’lmasmi?
Bosib, yerga yotqizib,
Yerlarni bo’ktirtirmasmi
Qizil qonin oqizib?..
Shohmashrabni osmoqdalar.

Ona-yerga bog’langan,
Shohmashrabning oyog’i.
Shohmashrab tashrifidan
Ochildi yurt siyog’i.
Shohmashrabning oyog’in
Uzmoqchilar shu yerdan.
Ayroliqda ko’ymoqchilar
Ona-yurtni shoirdan.

Shohmashrabning ko’zlari
Yutadi chor-atrofni.
O’qday uchgan so’zlari
Tuzlar ahli sarobni:
«Yo’q Xudoni topdilar,
Topindilar, qondilar.
Bor Xudodan tondilar,
Gulxanlarda yondilar.
Haromi bu ovsarlar
Men — Xudosin osarlar.

Men — Xudosin osar-da,
Kir ko’nglini yozarlar.
Pokdomonim elim-chi,
Nega qarab turar jim?!
Men — Xudosin osarlar,
Ul tomosha ko’rar jim.

Shoir agar jahd etsa,
Kudratin yo’q poyoni:
Balolardan, ofatdan
Asray olar jahonni!
Shundoq! Ammo hech mahal,
Hatto yolg’iz shoirin,
Ko’ziga ko’z shoirin,
So’ziga so’z shoirin
Dordan olib qololmas
Butun boshli ona-xalq!..»

Shohmashrabni osmokdalar.

1977

SOG’INDIM

Kel, ey yorim, pariro’yim, kel endi,
Kel, ey, chashmi xumoringni sog’indim.
Firoq jondan o’tdi, qadring’ bilindi,
Visolingni, ruxsoringni sog’indim.

Xayolimda kokillaring tutami,
Bir so’z uchun shuncha zulm, sitammi?
Ishq yo’lida gunohkor men bittami?
Sumanbo’y, guluzoringni sog’indim.

Seni ko’rmoq bo’ldim, necha chog’landim,
O’z yog’imga o’zim necha dog’landim.
Bilmam senga, nega senga bog’landim,
Bog’liq qulday ozoringni sog’indim.

Kel, ey, chashmi xumoringni sog’indim,
Visolingni, ruxsoringni sog’indim.
Sumanbo’y, guluzoringni sog’indim,
Bog’liq qulday ozoringni sog’indim.

1988

XAYR…

Xayr, senga aytdim shu sovuq so’zni,
Xayr, deb yig’latdim sen — qorako’zni.
Qolding xotiramda umrbod munglig’,
Seni yig’latmadim, yig’latdim o’zni.

Aytilgan so’z, axir, otilgan o’qdir,
Sevgimiz ko’ksiga sanchildi bu o’q.
Bu yorug’ olamda senga baxt yo’qdir,
Menga ham dunyoning dunyoligi yo’q.

Netay, odamzodga aql bitmasa,
Toshga borib bir kun tegmaguncha bosh?
Ishq uchun yurakning o’zi yetmasa,
Vaqt kerak bo’lsa va yana bardosh?

Vaqt ham topilar, balki bardosh ham,
Huzuringga bir kun balki qayturman.
Salom, degan so’zni qay yuz-la u dam,
Xayrdan so’ng qanday senga ayturman?

Xayr, senga aytdim shu sovuq so’zni,
Xayr, deb yig’latdim sen — qorako’zni.
So’z boshqa, yurakda yongan dard boshqa,
Seni yig’latmadim, yig’latdim o’zni.

1977

* * *

(«Shaytanat» videofil`mida aytilgan qo’shiq)

Hayot — gulzor deya kezdim, tikonlari chiqdi yo’ldan.
Na-da tikonlari, turfa ilonlari chiqdi yo’ldan.

Tilindi qalb, shilindi til, baloyi nafs bo’ldi g’olib,
Qimorga boy berildi or, pushmonlari chiqdi yo’ldan.

Ko’ngil berdim yora nogoh, axtarib men tasallolar,
Zaharxanda qildi ag’yor, yomonlari chiqdi yo’ldan.

Zamon Haqqa tegishli deb, necha fursat qildim sabr,
Chektirib oh, necha sohibzamonlari chiqdi yo’ldan.

Bu bir qismat, dedim, balki peshonamga yozilgani,
Xudo urgan shaytanatning shaytonlari chiqdi yo’ldan.

Bormi biror xayrixohim va yo hamdard? Muhabbatning
Tohir Malik, Shukurdayin qurbonlari chiqdi yo’ldan.

2004

001

(Tashriflar: umumiy 2 214, bugungi 1)

Izoh qoldiring