Mirzo Kenjabek: She’riyat — haqiqat jarchisi

0726 февраль – Шоир ва тасаввуфшунос Мирзо Кенжабекни 60 ёшга тўлиши билан табриклаймиз

Тасаввуф шеърияти исломий маърифатдан баҳра олган, Қуръон ва Ҳадисдан нур олган, Исломнинг моҳиятидан ҳикмат олган, маъно оламидан жило олган, ишқ оламидан шавқ олган. Шунинг учун кўнгилга нур беради, ақлга маъно беради, қалбни уйғотади. Кўзга эмас, ақлга ва қалбга хитоб қилади.

ШЕЪРИЯТ- ҲАҚИҚАТ ЖАРЧИСИ
Шоир ва олим Мирзо Кенжабек билан суҳбат
Суҳбатдош – Умид Али
01

– Қуръони Карим «Шуаро» сурасининг энг сўнгги оятларидан бирида шоирлик ва шеъриятга доир оятлар келтирилган. Оят шарҳида шеър, яъни СЎЗ ҳар қандай кучга қодирлиги, тиғ теголмаган жойни мана шу СЎЗ билан забт этиш мумкинлиги эътироф этилади. Бу Ҳақнинг биз ожиз бандаларга инъом қилган энг буюк неъматларидан эканлигидадир. СЎЗнинг ҳосиласи бўлмиш шеър ҳам буюк неъмат, шундай эмасми?

–  Ҳадиси шарифлардан бирида айтилишича, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссалом  назмдаги балоғат ва насрдаги фасоҳат таърифида: «Албатта, шеърда ҳикмат бор ва баёнда сеҳр бордир», деб марҳамат қилганлар. Ва ўзлари баёнда сеҳр эмас, балки мўъжиза кўрсатганлар. Ҳазрати Алишер Навоий ҳадисдаги «шеър» ва «баён» сўзларини назм ва наср деб ана шундай тамил қиладилар.

Алишер Навоий шеъриятни «Тангри эҳсони» деб таърифлаган бўлса, Фузулий уни «Рутбаи шеър» («Шеър мартабаси») деб тавсифлайди.

Саволингизнинг Қуръони Карим оятлари ва уларнинг шарҳи билан боғлиқ муҳим жиҳати бор. «Шуаро» сурасининг  224-227-оятларида Аллоҳ таоло айтади:

«Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ёки нарсаларни хам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларини гапиришларини кўрмадингизми? Магар имон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни зикр қиладиган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган (қасдларини олган) кишилар (яъни шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Алоуддин Мансурнинг изоҳли таржимасидан фойдаланилди).

Баъзи оятлар ҳазрати Пайғамбаримизни ва Исломиятни ҳажв қилиб қоралаган имонсиз, кофир шоирлар хусусидадир. 227-оят эса имон-эътиқодли, солиҳ амаллар қиладиган ва Аллоҳни кўп зикр этадиган шоирлар мустасно эканини билдирмоқда.

Чунончи, улуғ ватандошимиз фақиҳ Абуллайс Самарқандий бу ояти карима шарҳида бундай дейдилар: «Ҳақни, ҳақиқатни сўйловчилар — фақатгина имон келтириб, солиҳ амаллар қиладиган, Аллоҳни кўп зикр этадиган кишилардир. Шеър ва бошқа нарсалар билан машғул бўлишлари уларни Аллоҳнинг зикридан чалғитмас, аксинча, бу ишлар Аллоҳни янада кўпроқ зикр қилмоққа сабаб бўлур» (Фақиҳ Абуллайс Самарқандий. «Тафсир ул-Қуръон», 397-сақифа).

Яна Абуллайс Самарқандий хазратлари бундай дейдилар: «Аллоҳни ва Унинг Расулини мадҳ этадиган, инсонларга насиҳат ва ўгит берадиган ҳамда уларни яхшиликка ташвиқ этадиган шеърлар мамдуҳ — мақталмоққа лойиқдир. Бундай шеърларни ёзган шоирлар Аллоҳнинг ҳузурида мақбулдир (Ўша асар, 398- саҳифа).

«Руҳ ул-баён» китобида ҳам мазкур ояти карима тарихий мисоллар билан шарҳланган. Билмоқ лозимки, эзгу фикр-ғояларни, ишқи илоҳийни мажоз йўли билан ифодалайдиган шоирлар кўп. Улар «Мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир», деган ҳадиси шарифга асосланадилар.

Замонлар ўтган сари шоирларга нолойиқ айблар тақовчи гуруҳлар пайдо бўла бошлади. Илми ва маърифати саёзлиги ёки нокомил «устоз»лардан таълим олиб, четдан келган дунёқарашларга берилгани сабаблими, баъзи кимсалар шоирлар ҳақида келган оятларни нотўғри таъвил қиладилар. Ҳолбуки, мазкур сурада истисно ояти ҳам бор бўлиб, меҳрибон Аллоҳ имонли шоирлар билан имонсиз шоирлар ўртасидаги тафовутни аниқ- равшан баён этган.

Сўзнинг қудрати ҳақида яна Ҳадиси шарифдан мисол оламиз. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга: «Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан (юқоридаги оятлардан) кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади?» дейди. Шунда ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Мўмин киши ҳам тиғи, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида курашади. Яратган эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир», деб марҳамат киладилар.

– Сўзниниг сеҳри шу даражадаки, инсонни улуғ ё бадном қилиши мумкин. Тўғри эмасми?

– Ошиқ ва ориф зот ҳазрати Фаридиддин Аттор «Тазкират ул-авлиё» асарини тасниф этар эканлар: «Муқаддас Қуръони карим ва муборак Ҳадиси шарифлардан кейин сўзларнинг энг юксаги тариқат шайхлари бўлмиш валий зотларнинг сўзидир. Чунки уларнинг сўзи кор ва ҳол натижасидир, ёд ва қол натижаси эмас; аёндандир, баёндан эмас; асрордандир, такрордан эмас; ва илми ладунийдандир, илми касбийдан эмас; жўшишдандир, қўшишдан эмас», дейдилар.

Яна тасниф сабабидан сўзлаб: «Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардан кейин сўзларнинг энг гўзали валийлар сўзи эканини кўрдим, чунки уларнинг барча сўзлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларнинг шарҳидир», дейдилар.

Яна сўз таъсири ҳақида гапириб: «Зоҳирда кўрамизки, агар бир киши сенга қарши қабиҳ бир сўз айтса, ундан қасос олмоқчи бўлиб, ўша бир сўз боис йиллар бўйи ичингда кин ва адоват сақлайсан. Бир ботил сўзки сенинг нафсингга шунчалик таъсир қилса, бас, албатта, ҳақ сўз ундан минг даража кўпроқ бир таъсир қолдиргайдир; гарчи ўзингнинг бундан хабаринг бўлмас», дейдилар.

Демак, сиз кўзда тутган, улуғ ёки бадном қилгувчи сўз ўткинчидир, вақти келиб аҳвол ўз ислоҳини топади, ҳақиқат аён бўлади. Бировларнинг сўзи билан улуғ бўлган киши улуғ эмас, бировнинг гапи билан бадном бўлган киши ҳам бадном эмас. Сўзнинг бундан ҳам кўра улуғроқ таъсири бор. Ботил сўз инсонни тубанликка тортиши, ҳақ сўз эса инсонни комил инсон ҳолига етказиши мумкин! Бас, сўз айтувчилар, ҳаётини сўз, қалам ва адабиёт билан боғлаган зотлар нақадар кучли масъулият билан яшамоқлари зарурдир.

– Шеърият эзгуликка, маънавиятга даъват этади. Онг-шуур, тафаккур ва руҳият уйғунлигига хитобдир. Шеърият тўерисида юқорида Қуръони каримда эзгу фикрлар билдирилганлиги ҳақида сўзлаб ўтдингиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида ҳам бу борада бирор сўз борми?

– «Саҳиҳи Бухорий»да Пайғамбар алайҳиссаломнинг шеър ўқиганлари ва тинглаганлари баён этилса, Имом Термизийнинг «Шамойили Муҳаммадийя» асарида шеър ҳақида айтган сўзлари ва ўқиб юрган байтлари алоҳида бобда зикр қилинган. Шубҳасиз, саҳобаи киромлар ҳам шеър айтганлар.

«Авроди Қуръоний» деб аталган дуолар ва зикрлар китобининг жумъа кунги бўлимида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу номларига нисбат берилган ошиқона ва орифона, гўзал бир қасида борки, мен уни ихлос ва муҳаббат билан арабчадан таржима қилганман. Унда:

Қайда Мусо, қайда Ийсо, қайда Яҳё, қайда Нуҳ?!
Сен ҳам, эй Сиддиқи осий, тавба қил, мавлонг — Жалил!

— деган байт нақорат хизматини ўтайди.

Ҳазрати Алининг шеърий девони борлиги айтилган. Алишер Навоий у зотнинг ҳикматларини туркча рубоийга солиб, «Назму-л-жавоҳир»га тизар эканлар, асар муқаддимасида сўз мартабалари ҳақида сўзлаб, учинчи мартаба «бу баргузиданинг (яъни ҳазрати Алининг) назми гавҳарнишони ва лаъли луълуъфишонидир», дейдилар.

Ҳазрати Фузулий ўз девони муқаддимасининг ҳамд қисмида: Аллоҳ таоло «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур» деган оятининг ғарқ этувчи тўлқинлари билан шоирларни маҳрумлик гирдобига ғарқ этган бўлса, «Илло имон келтирган, солик амаллар қиладиган ва Аллоҳни кўп зикр этадиган шоирлар бундан мустаснодир» оятининг истисно этувчи силсиласи тўлқинлари билан сақиқу салим- тўғри, ишонарли, соғлом имон-эътиқодли ислом шоирларини нажот соҳилига чиқарди», деб шукрона изҳор этадилар. Бу билан имон келтирган, яхши амаллар қиладиган ҳамда доимо Аллоҳни ёд этадиган шоирларга Аллоҳ раҳмат назари билан боқишини билдирмоқда.

Бинобарин, шоирларга баҳо беришда мезон уларнинг имонидир. Ҳар кимнинг имон-эътиқоди эса ёзганидан маълум. Шу боис, бу масалага инсоф ва софдил билан ёндашган маъқул. Шоир айтганидек:

Маҳтумқули, кимки ичин соф этмас,
Маълумдирки, охиратдан хавф этмас,
Ожиз тани ўтли гурзга тоб этмас,
Ё Раб, қандай бўлур ҳоли банданинг?!

– Тасаввуф шсърияти кўнгилга нур индиради, руҳни уйғоқликка чақиради. Поклик ва самимийликка ундайди. Айтинг-чи, бугунги кунда ҳам тасаввуф шеърияти ўз мухлислари қалбига кириб бораяптими?

– Тасаввуф шеърияти исломий маърифатдан баҳра олган, Қуръон ва Ҳадисдан нур олган, Исломнинг  моҳиятидан ҳикмат олган, маъно оламидан жило олган, ишқ оламидан шавқ олган. Шунинг учун кўнгилга нур беради, ақлга маъно беради, қалбни уйғотади. Поклик ва самимийликка чақиради. Инсонни ўлмасдан олдин ўлишга, яъни қиёматдан олдин тирилишга ундайди. Кўзга эмас, ақлга ва қалбга хитоб қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сураси 269-ояти- да: «У (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига ҳикмат ато этур. Кимгаки ҳикмат берилган бўлса, муҳаққақ, унга кўп яхшилик берилибди», деб марҳамат қилади. Бас, ҳақиқий тасаввуф шеърияти ҳикматдан иборатдир. Чунки у ҳикмат ато этилган зотларнинг сўзидир.

Бу маънода бугунги кунда ҳақиқий тасаввуф шеърияти вужудга келган эмас. Қачонки, биз шоирлар ҳикматга ноил бўлсак, қалбимизни кўзгудек покласак, вужудимизни ишқи илоҳийга  тўлдирсак, ўшанда асл тасаввуф шеърияти вужудга келади. Ҳикматнинг боши эса Аллоҳдан қўрқувдир: тақводир, Аллоҳнинг амрларига мувофиқ яшамоқдир. Ҳадиси шарифнинг маъноси ана шундай.

– Шеъриятнинг йўналиши, оқимлари кўп: модернизм, абсурд, анъанавий ва бошқа кўплаб шеърий тизимлар мавжуд. Тасаввуф шеърияти ҳам шеъриятнинг бир оқимими?

– Шеърият яхлит шеъриятдир. Унинг усули мажоз ва ҳақиқатдир. У мажоз йўли билан ҳам ҳақиқатни куйлайди. Бас, унинг йўли битта -ҳақиқатдир. Модернизм, анъанавий шеърият кабиларни, балки оқимлар дейиш мумкиндир. Лекин тасаввуфий шеъриятни йўналиш ва оқим дейиш унча мувофиқ эмас. Тасаввуф шеърияти — дилдан тилга оқиб чиққан ҳикмат, ичга сиғмаган ишқу муҳаббатдир. У ҳамиша замонавийдир.

Шеърият жамият ҳаётида ҳақиқат жарчиси бўлмоғи керак. Унинг ижтимоий мавқеи инсониятнинг дунё ва охирати учун баробар хизмат қилмоқдан иборат. Одамзотнинг дунёси ва охирати учун манфаат етказмаган сўз ботил сўздир.

– Мирзо ака, сизни мухлисларингиз мутаржим сифатида ҳам яхши билишади. Таржимонлик ҳам бир санъат. Маҳорат ва меҳнат-машаққатсиз бу санъат йўлига эсон-омон чиқиш анча мушкул. Сиз таржимонлик сабоғини кимлардан олгансиз? Устозларингиз кимлар бўлишган? Шулар ҳақида...

– Таржимонлик сабоғини таржима адабиётидан, асосан, Усмон Носир ва устоз Эркин Воҳидовнинг маҳорат мактабидан олганман.

Биз Тошкент давлат (ҳозирги Миллий) университетида ўқиб юрган пайтимизда атоқли олим, ҳожи Ғайбуллоҳ ас-Салом «Таржима санъати» туркум китобларини нашр этар эди. Ўйлайманки, у китоблар фақат мен учун эмас, балки ўша даврда етишган барча таржимонлар учун улкан аҳамиятга эга бўлган. Айниқса, ҳозир ҳаётимизда, адабиётимизда муҳаррирлик санъати, мутаржимлик санъати каби ана шундай таълимларга кучли эҳтиёж бор. Чунки, истиқлол сабабли мафкуравий қолиплар парчаланиб, жаҳон тиллари ва адабиётига кенг йўллар очилди.

Бир мактабнинг болалари ҳаммаси ҳам етук бўлавермайди. Бошқалар таржималаримдан фазилат қидирса, мен кўпроқ ўз нуқсонларимни кўраман.

– Диний билимга эгасиз. Ислом университетида таълим олгансиз. Мана хозирда кўплаб диний-дидактик йўналишдаги китобларга мухаррирлик қилаяпсиз. Бу сизга қандай масъулият юкламоқда?

– Ижодкор ҳамиша имкон қидирмоғи керак. Гёте айтганидек:

Шеърий кайфиятни тек кутган шоир
Умр сўнгигача кутиши мумкин.

Истеъдод соҳиби ижоднинг бир тури билан кифояланса, у ўзига ҳам, халқига ҳам хиёнат қилган бўлади; у ўз имкониятларини, қалб хазиналарини тўлиқ очмаган бўлади. Ижодкор умрбод онгли фаолият билан шуғулланмоғи шарт. Халқимиз тарихида ўтган барча улуғ зотлар шеърият билан ҳам, наср билан ҳам, илмий, тарихий, маърифий адабиёт билан ҳам фаол шуғулланганлар. Навоий, Бобур, Машрабдан то Огаҳийгача — барчалари шоир, аллома, ошиқ, ориф, валий зотлардир.

Истиқлол менинг қулфи дилимни очди. «Саҳиҳи Бухорий» таҳрири, «Сунани Термизий» ва «Тазкиратул-авлиё» таржимаси менинг йўлимни саёз, мажозий дарслардан теран, асл, ҳақиқий, пок дарёлар томон бурди. Миллий университетдан кейин ҳазрати Имом Бухорий номларидаги Олий Ислом инсгатутида ҳам таълим олдим. Нақшбандия тариқатига мансуб бўлиб, маъно оламига шўнғидим. Диний-маърифий китоблар таҳрири, таржимаси ва нашри менга улкан масъулият юклади: халқимизнинг имон-эътиқоди, маънавий эҳтиёжлари, ёш авлоднинг соғлом эътиқод билан тўғри камол топмоғи учун, дунё ва охират саодати учун бутун куч-қувват ва истеъдодимни фидо қилиш зарурияти туғилди. Буни тўлиқ удда қила олмаётган бўлсам-да, баҳоли қудрат ҳаракатдаман.

– Комиллик инсонни саодатга элтади, икки дунё саодатидан баҳраманд этади. Бироқ бу комиллик мартабасини эгаллагандан сўнг эришиладиган ютуқдир. Унгача яна қандай пиллапояларни босиб ўтиш керак?

– Қуш икки қаноти билан учади. Фақат дунёвий билимлар ва дунёвий манфаатлар инсонни ноқис қилади, руҳий-маънавин озуқалар, диний-маърифий билимлар ҳам зарур. Комилликка ана шу жиҳатлар билан борилади. Ич билан таш, дил билан тил,зоҳир билан ботин бир хил бўлмаса-ю, киши муборак мавзуларни иддао қилса, поклик тамойилларини риоя қилмаса-ю, тасаввуфдан сўзласа, Хақ таолога мақбул бўладими? Хазрат Навоий бир ғазалда айтадилар:

Лайли андин қўйди Мажнун кўнглида рахти ғамин,
Ким йўқ эрди манзил ул водийда ондин покроқ…

Лайли не сабабдан ғам юки, қайғу бўхчасини Мажнуннинг кўнглига қўйди? Чунки, бу ҳаёт саҳросида, бу ишқ водийсида ундан ҳам кўра покроқ бошқа жой йўқ эди!

Комиллик, тасаввуфий шеърият илоҳий ишқ билан вужудга келади. Пок бўлмаган кўнгил эса ишқи мажозийга ҳам лойиқ эмас! Асосий пиллапоя — покликка интилиш, Аллоҳнинг муқаддас каломи ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ яшашдир.

Ҳеч бир ижодкор, мен бу қутлуғ йўлларга лойиқ эмасман, деб тушкунликка тушмаслиги керак. Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий айтадилар: «Қуш ҳавога кўтарилса, гарчи осмонга етмаса ҳам, ер тузоқларидан эмин бўлади». Бас, Ҳақ йўлига кирсак, осмонга етмасак ҳам, дунё фалокатларидан қутуламиз, иншооллоҳ.

– Имоннинг мукаммаллиги нимага боғлиқ?

– Имоннинг камоли сабрга боғлиқ. Қалбни қалби салим қилмоқ керак. Қуръондаги «қалби салим» ифодаси: бир зарра мунофиқлик аломати аралашмаган соғлом қалб, деб таъвил қилинган.

– Ҳозирда хаваскор ижодкорлар шеър ва ҳикояларини чоп эттиришаяпти. Бу қаламкашларнинг келажакда етук шоиру ёзувчилар бўлиб етишишида адабиётнинг бир вакили сифатида қандай маслаҳатларни берасиз?

– Ҳазрати Хожа Ҳофиз Шерозий бир байтларида: «(Ё Раб!) Мен Сенга қул бўлгандан бери озодман!» — дейдилар. Яъни, ҳақиқий озодлик Аллоҳдан бошқасига қул бўлмасликдир.

Маҳтумқули айтар барча насиҳат:
Аллоҳга қул бўлинг, Расулга —уммат.
Билсангиз, дунёнинг барчаси ҳасрат,
Ҳасрат билан бир-бир кетиб борадир!..

Юқоридаги жавобларим, айни вақтда, ёш ижодкорларга ҳам маслаҳатим ва васиятимдир, иншоаллоҳ!

Манба: Умид Али. Кўнгилга сайр. «Янги аср авлоди», 2009

032

SHE’RIYAT- HAQIQAT JARCHISI
Shoir va olim  Mirzo Kenjabek bilan suhbat
Suhbatdosh – Umid Ali
01

– Qur’oni Karim «Shuaro» surasining eng so’nggi oyatlaridan birida shoirlik va she’riyatga doir oyatlar keltirilgan. Oyat sharhida she’r, ya’ni SO’Z har qanday kuchga qodirligi, tig’ tegolmagan joyni mana shu SO’Z bilan zabt etish mumkinligi e’tirof etiladi. Bu Haqning biz ojiz bandalarga in’om qilgan eng buyuk ne’matlaridan ekanligidadir. SO’Zning hosilasi bo’lmish she’r ham buyuk ne’mat, shunday emasmi?

– Hadisi shariflardan birida aytilishicha, Hazrati Payg’ambarimiz Muhammad Alayhissalom nazmdagi balog’at va nasrdagi fasohat ta’rifida: «Albatta, she’rda hikmat bor va bayonda sehr bordir», deb marhamat qilganlar. Va o’zlari bayonda sehr emas, balki mo»jiza ko’rsatganlar. Hazrati Alisher Navoiy hadisdagi «she’r» va «bayon» so’zlarini nazm va nasr deb ana shunday tamil qiladilar.

Alisher Navoiy she’riyatni «Tangri ehsoni» deb ta’riflagan bo’lsa, Fuzuliy uni «Rutbai she’r» («She’r martabasi») deb tavsiflaydi.

Savolingizning Qur’oni Karim oyatlari va ularning sharhi bilan bog’liq muhim jihati bor. «Shuaro» surasining 224-227-oyatlarida Alloh taolo aytadi:

«Shoirlarga yo’ldan ozganlar ergashur. Ularning (so’z vodiylaridan) har vodiyda daydishlarini (ya’ni o’zlariga yoqib qolgan eng tuban kimsa yoki narsalarni xam ko’kka ko’tarib, yoqtirmaganlarini tuproqqa qorishlarini) va o’zlari qilmaydigan narsalarini gapirishlarini ko’rmadingizmi? Magar imon keltirgan va yaxshi amallar qilgan hamda doim Allohni zikr qiladigan va (ilgari) mazlum bo’lganlaridan keyin (Islom zafar topgach), g’olib bo’lgan (qasdlarini olgan) kishilar (ya’ni shoirlar yo’ldan ozdirguvchi emaslar). Zolim kimsalar esa yaqinda qanday oqibatga qarab ketayotganlarini bilib qolurlar» (Alouddin Mansurning izohli tarjimasidan foydalanildi).

Ba’zi oyatlar hazrati Payg’ambarimizni va Islomiyatni hajv qilib qoralagan imonsiz, kofir shoirlar xususidadir. 227-oyat esa imon-e’tiqodli, solih amallar qiladigan va Allohni ko’p zikr etadigan shoirlar mustasno ekanini bildirmoqda.

Chunonchi, ulug’ vatandoshimiz faqih Abullays Samarqandiy bu oyati karima sharhida bunday deydilar: «Haqni, haqiqatni so’ylovchilar — faqatgina imon keltirib, solih amallar qiladigan, Allohni ko’p zikr etadigan kishilardir. She’r va boshqa narsalar bilan mashg’ul bo’lishlari ularni Allohning zikridan chalg’itmas, aksincha, bu ishlar Allohni yanada ko’proq zikr qilmoqqa sabab bo’lur» (Faqih Abullays Samarqandiy. «Tafsir ul-Qur’on», 397-saqifa).

Yana Abullays Samarqandiy xazratlari bunday deydilar: «Allohni va Uning Rasulini madh etadigan, insonlarga nasihat va o’git beradigan hamda ularni yaxshilikka tashviq etadigan she’rlar mamduh — maqtalmoqqa loyiqdir. Bunday she’rlarni yozgan shoirlar Allohning huzurida maqbuldir (O’sha asar, 398- sahifa).

«Ruh ul-bayon» kitobida ham mazkur oyati karima tarixiy misollar bilan sharhlangan. Bilmoq lozimki, ezgu fikr-g’oyalarni, ishqi ilohiyni majoz yo’li bilan ifodalaydigan shoirlar ko’p. Ular «Majoz haqiqatning ko’prigidir», degan hadisi sharifga asoslanadilar.

Zamonlar o’tgan sari shoirlarga noloyiq ayblar taqovchi guruhlar paydo bo’la boshladi. Ilmi va ma’rifati sayozligi yoki nokomil «ustoz»lardan ta’lim olib, chetdan kelgan dunyoqarashlarga berilgani sabablimi, ba’zi kimsalar shoirlar haqida kelgan oyatlarni noto’g’ri ta’vil qiladilar. Holbuki, mazkur surada istisno oyati ham bor bo’lib, mehribon Alloh imonli shoirlar bilan imonsiz shoirlar o’rtasidagi tafovutni aniq- ravshan bayon etgan.

So’zning qudrati haqida yana Hadisi sharifdan misol olamiz. Sahobalardan bo’lgan bir shoir kelib, Payg’ambar alayhissalomga: «Alloh taolo shoirlar haqida aytgan bu so’zlardan (yuqoridagi oyatlardan) keyin bizlarning holimiz ne kechadi?» deydi. Shunda hazrati Payg’ambarimiz (s.a.v.): «Mo’min kishi ham tig’i, ham tili (ya’ni qalami) bilan Alloh yo’lida kurashadi. Yaratgan egamning nomiga qasamki, sizlar otadigan o’qning tig’i o’tkirroqdir», deb marhamat kiladilar.

– So’zninig sehri shu darajadaki, insonni ulug’ yo badnom qilishi mumkin. To’g’ri emasmi?

– Oshiq va orif zot hazrati Farididdin Attor «Tazkirat ul-avliyo» asarini tasnif etar ekanlar: «Muqaddas Qur’oni karim va muborak Hadisi shariflardan keyin so’zlarning eng yuksagi tariqat shayxlari bo’lmish valiy zotlarning so’zidir. Chunki ularning so’zi kor va hol natijasidir, yod va qol natijasi emas; ayondandir, bayondan emas; asrordandir, takrordan emas; va ilmi laduniydandir, ilmi kasbiydan emas; jo’shishdandir, qo’shishdan emas», deydilar.

Yana tasnif sababidan so’zlab: «Qur’oni karim va Hadisi shariflardan keyin so’zlarning eng go’zali valiylar so’zi ekanini ko’rdim, chunki ularning barcha so’zlari Qur’oni karim va Hadisi shariflarning sharhidir», deydilar.

Yana so’z ta’siri haqida gapirib: «Zohirda ko’ramizki, agar bir kishi senga qarshi qabih bir so’z aytsa, undan qasos olmoqchi bo’lib, o’sha bir so’z bois yillar bo’yi ichingda kin va adovat saqlaysan. Bir botil so’zki sening nafsingga shunchalik ta’sir qilsa, bas, albatta, haq so’z undan ming daraja ko’proq bir ta’sir qoldirgaydir; garchi o’zingning bundan xabaring bo’lmas», deydilar.

Demak, siz ko’zda tutgan, ulug’ yoki badnom qilguvchi so’z o’tkinchidir, vaqti kelib ahvol o’z islohini topadi, haqiqat ayon bo’ladi. Birovlarning so’zi bilan ulug’ bo’lgan kishi ulug’ emas, birovning gapi bilan badnom bo’lgan kishi ham badnom emas. So’zning bundan ham ko’ra ulug’roq ta’siri bor. Botil so’z insonni tubanlikka tortishi, haq so’z esa insonni komil inson holiga yetkazishi mumkin! Bas, so’z aytuvchilar, hayotini so’z, qalam va adabiyot bilan bog’lagan zotlar naqadar kuchli mas’uliyat bilan yashamoqlari zarurdir.

– She’riyat ezgulikka, ma’naviyatga da’vat etadi. Ong-shuur, tafakkur va ruhiyat uyg’unligiga xitobdir. She’riyat to’erisida yuqorida Qur’oni karimda ezgu fikrlar bildirilganligi haqida so’zlab o’tdingiz. Payg’ambarimiz (s.a.v.)ning muborak hadislarida ham bu borada biror so’z bormi?

– «Sahihi Buxoriy»da Payg’ambar alayhissalomning she’r o’qiganlari va tinglaganlari bayon etilsa, Imom Termiziyning «Shamoyili Muhammadiyya» asarida she’r haqida aytgan so’zlari va o’qib yurgan baytlari alohida bobda zikr qilingan. Shubhasiz, sahobai kiromlar ham she’r aytganlar.

«Avrodi Qur’oniy» deb atalgan duolar va zikrlar kitobining jum’a kungi bo’limida hazrati Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhu nomlariga nisbat berilgan oshiqona va orifona, go’zal bir qasida borki, men uni ixlos va muhabbat bilan arabchadan tarjima qilganman. Unda:

Qayda Muso, qayda Iyso, qayda Yahyo, qayda Nuh?!
Sen ham, ey Siddiqi osiy, tavba qil, mavlong — Jalil!

— degan bayt naqorat xizmatini o’taydi.

Hazrati Alining she’riy devoni borligi aytilgan. Alisher Navoiy u zotning hikmatlarini turkcha ruboiyga solib, «Nazmu-l-javohir»ga tizar ekanlar, asar muqaddimasida so’z martabalari haqida so’zlab, uchinchi martaba «bu barguzidaning (ya’ni hazrati Alining) nazmi gavharnishoni va la’li lu’lu’fishonidir», deydilar.

Hazrati Fuzuliy o’z devoni muqaddimasining hamd qismida: Alloh taolo «Shoirlarga yo’ldan ozganlar ergashur» degan oyatining g’arq etuvchi to’lqinlari bilan shoirlarni mahrumlik girdobiga g’arq etgan bo’lsa, «Illo imon keltirgan, solik amallar qiladigan va Allohni ko’p zikr etadigan shoirlar bundan mustasnodir» oyatining istisno etuvchi silsilasi to’lqinlari bilan saqiqu salim- to’g’ri, ishonarli, sog’lom imon-e’tiqodli islom shoirlarini najot sohiliga chiqardi», deb shukrona izhor etadilar. Bu bilan imon keltirgan, yaxshi amallar qiladigan hamda doimo Allohni yod etadigan shoirlarga Alloh rahmat nazari bilan boqishini bildirmoqda.

Binobarin, shoirlarga baho berishda mezon ularning imonidir. Har kimning imon-e’tiqodi esa yozganidan ma’lum. Shu bois, bu masalaga insof va sofdil bilan yondashgan ma’qul. Shoir aytganidek:

Mahtumquli, kimki ichin sof etmas,
Ma’lumdirki, oxiratdan xavf etmas,
Ojiz tani o’tli gurzga tob etmas,
YO Rab, qanday bo’lur holi bandaning?!

– Tasavvuf shs’riyati ko’ngilga nur indiradi, ruhni uyg’oqlikka chaqiradi. Poklik va samimiylikka undaydi. Ayting-chi, bugungi kunda ham tasavvuf she’riyati o’z muxlislari qalbiga kirib borayaptimi?

– Tasavvuf she’riyati islomiy ma’rifatdan bahra olgan, Qur’on va Hadisdan nur olgan, Islomning mohiyatidan hikmat olgan, ma’no olamidan jilo olgan, ishq olamidan shavq olgan. Shuning uchun ko’ngilga nur beradi, aqlga ma’no beradi, qalbni uyg’otadi. Poklik va samimiylikka chaqiradi. Insonni o’lmasdan oldin o’lishga, ya’ni qiyomatdan oldin tirilishga undaydi. Ko’zga emas, aqlga va qalbga xitob qiladi.

Alloh taolo Qur’oni karimning «Baqara» surasi 269-oyati- da: «U (Alloh) O’zi xohlagan kishiga hikmat ato etur. Kimgaki hikmat berilgan bo’lsa, muhaqqaq, unga ko’p yaxshilik berilibdi», deb marhamat qiladi. Bas, haqiqiy tasavvuf she’riyati hikmatdan iboratdir. Chunki u hikmat ato etilgan zotlarning so’zidir.

Bu ma’noda bugungi kunda haqiqiy tasavvuf she’riyati vujudga kelgan emas. Qachonki, biz shoirlar hikmatga noil bo’lsak, qalbimizni ko’zgudek poklasak, vujudimizni ishqi ilohiyga to’ldirsak, o’shanda asl tasavvuf she’riyati vujudga keladi. Hikmatning boshi esa Allohdan qo’rquvdir: taqvodir, Allohning amrlariga muvofiq yashamoqdir. Hadisi sharifning ma’nosi ana shunday.

– She’riyatning yo’nalishi, oqimlari ko’p: modernizm, absurd, an’anaviy va boshqa ko’plab she’riy tizimlar mavjud. Tasavvuf she’riyati ham she’riyatning bir oqimimi?

– She’riyat yaxlit she’riyatdir. Uning usuli majoz va haqiqatdir. U majoz yo’li bilan ham haqiqatni kuylaydi. Bas, uning yo’li bitta -haqiqatdir. Modernizm, an’anaviy she’riyat kabilarni, balki oqimlar deyish mumkindir. Lekin tasavvufiy she’riyatni yo’nalish va oqim deyish uncha muvofiq emas. Tasavvuf she’riyati — dildan tilga oqib chiqqan hikmat, ichga sig’magan ishqu muhabbatdir. U hamisha zamonaviydir.

She’riyat jamiyat hayotida haqiqat jarchisi bo’lmog’i kerak. Uning ijtimoiy mavqei insoniyatning dunyo va oxirati uchun barobar xizmat qilmoqdan iborat. Odamzotning dunyosi va oxirati uchun manfaat yetkazmagan so’z botil so’zdir.

– Mirzo aka, sizni muxlislaringiz mutarjim sifatida ham yaxshi bilishadi. Tarjimonlik ham bir san’at. Mahorat va mehnat-mashaqqatsiz bu san’at yo’liga eson-omon chiqish ancha mushkul. Siz tarjimonlik sabog’ini kimlardan olgansiz? Ustozlaringiz kimlar bo’lishgan? Shular haqida...

– Tarjimonlik sabog’ini tarjima adabiyotidan, asosan, Usmon Nosir va ustoz Erkin Vohidovning mahorat maktabidan olganman.

Biz Toshkent davlat (hozirgi Milliy) universitetida o’qib yurgan paytimizda atoqli olim, hoji G’aybulloh as-Salom «Tarjima san’ati» turkum kitoblarini nashr etar edi. O’ylaymanki, u kitoblar faqat men uchun emas, balki o’sha davrda yetishgan barcha tarjimonlar uchun ulkan ahamiyatga ega bo’lgan. Ayniqsa, hozir hayotimizda, adabiyotimizda muharrirlik san’ati, mutarjimlik san’ati kabi ana shunday ta’limlarga kuchli ehtiyoj bor. Chunki, istiqlol sababli mafkuraviy qoliplar parchalanib, jahon tillari va adabiyotiga keng yo’llar ochildi.

Bir maktabning bolalari hammasi ham yetuk bo’lavermaydi. Boshqalar tarjimalarimdan fazilat qidirsa, men ko’proq o’z nuqsonlarimni ko’raman.

– Diniy bilimga egasiz. Islom universitetida ta’lim olgansiz. Mana xozirda ko’plab diniy-didaktik yo’nalishdagi kitoblarga muxarrirlik qilayapsiz. Bu sizga qanday mas’uliyat yuklamoqda?

– Ijodkor hamisha imkon qidirmog’i kerak. Gyote aytganidek:

She’riy kayfiyatni tek kutgan shoir
Umr so’ngigacha kutishi mumkin.

Iste’dod sohibi ijodning bir turi bilan kifoyalansa, u o’ziga ham, xalqiga ham xiyonat qilgan bo’ladi; u o’z imkoniyatlarini, qalb xazinalarini to’liq ochmagan bo’ladi. Ijodkor umrbod ongli faoliyat bilan shug’ullanmog’i shart. Xalqimiz tarixida o’tgan barcha ulug’ zotlar she’riyat bilan ham, nasr bilan ham, ilmiy, tarixiy, ma’rifiy adabiyot bilan ham faol shug’ullanganlar. Navoiy, Bobur, Mashrabdan to Ogahiygacha — barchalari shoir, alloma, oshiq, orif, valiy zotlardir.

Istiqlol mening qulfi dilimni ochdi. «Sahihi Buxoriy» tahriri, «Sunani Termiziy» va «Tazkiratul-avliyo» tarjimasi mening yo’limni sayoz, majoziy darslardan teran, asl, haqiqiy, pok daryolar tomon burdi. Milliy universitetdan keyin hazrati Imom Buxoriy nomlaridagi Oliy Islom insgatutida ham ta’lim oldim. Naqshbandiya tariqatiga mansub bo’lib, ma’no olamiga sho’ng’idim. Diniy-ma’rifiy kitoblar tahriri, tarjimasi va nashri menga ulkan mas’uliyat yukladi: xalqimizning imon-e’tiqodi, ma’naviy ehtiyojlari, yosh avlodning sog’lom e’tiqod bilan to’g’ri kamol topmog’i uchun, dunyo va oxirat saodati uchun butun kuch-quvvat va iste’dodimni fido qilish zaruriyati tug’ildi. Buni to’liq udda qila olmayotgan bo’lsam-da, baholi qudrat harakatdaman.

– Komillik insonni saodatga eltadi, ikki dunyo saodatidan bahramand etadi. Biroq bu komillik martabasini egallagandan so’ng erishiladigan yutuqdir. Ungacha yana qanday pillapoyalarni bosib o’tish kerak?

– Qush ikki qanoti bilan uchadi. Faqat dunyoviy bilimlar va dunyoviy manfaatlar insonni noqis qiladi, ruhiy-ma’navin ozuqalar, diniy-ma’rifiy bilimlar ham zarur. Komillikka ana shu jihatlar bilan boriladi. Ich bilan tash, dil bilan til,zohir bilan botin bir xil bo’lmasa-yu, kishi muborak mavzularni iddao qilsa, poklik tamoyillarini rioya qilmasa-yu, tasavvufdan so’zlasa, Xaq taologa maqbul bo’ladimi? Xazrat Navoiy bir g’azalda aytadilar:

Layli andin qo’ydi Majnun ko’nglida raxti g’amin,
Kim yo’q erdi manzil ul vodiyda ondin pokroq…

Layli ne sababdan g’am yuki, qayg’u bo’xchasini Majnunning ko’ngliga qo’ydi? Chunki, bu hayot sahrosida, bu ishq vodiysida undan ham ko’ra pokroq boshqa joy yo’q edi!

Komillik, tasavvufiy she’riyat ilohiy ishq bilan vujudga keladi. Pok bo’lmagan ko’ngil esa ishqi majoziyga ham loyiq emas! Asosiy pillapoya — poklikka intilish, Allohning muqaddas kalomi va Rasululloh alayhissalomning sunnatlariga muvofiq yashashdir.

Hech bir ijodkor, men bu qutlug’ yo’llarga loyiq emasman, deb tushkunlikka tushmasligi kerak. Hazrati Mavlono Jaloliddin Rumiy aytadilar: «Qush havoga ko’tarilsa, garchi osmonga yetmasa ham, yer tuzoqlaridan emin bo’ladi». Bas, Haq yo’liga kirsak, osmonga yetmasak ham, dunyo falokatlaridan qutulamiz, inshoolloh.

– Imonning mukammalligi nimaga bog’liq?

– Imonning kamoli sabrga bog’liq. Qalbni qalbi salim qilmoq kerak. Qur’ondagi «qalbi salim» ifodasi: bir zarra munofiqlik alomati aralashmagan sog’lom qalb, deb ta’vil qilingan.

– Hozirda xavaskor ijodkorlar she’r va hikoyalarini chop ettirishayapti. Bu qalamkashlarning kelajakda yetuk shoiru yozuvchilar bo’lib yetishishida adabiyotning bir vakili sifatida qanday maslahatlarni berasiz?

– Hazrati Xoja Hofiz Sheroziy bir baytlarida: «(YO Rab!) Men Senga qul bo’lgandan beri ozodman!» — deydilar. Ya’ni, haqiqiy ozodlik Allohdan boshqasiga qul bo’lmaslikdir.

Mahtumquli aytar barcha nasihat:
Allohga qul bo’ling, Rasulga —ummat.
Bilsangiz, dunyoning barchasi hasrat,
Hasrat bilan bir-bir ketib boradir!..

Yuqoridagi javoblarim, ayni vaqtda, yosh ijodkorlarga ham maslahatim va vasiyatimdir, inshoalloh!

Manba: Umid Ali. Ko’ngilga sayr. «Yangi asr avlodi», 2009

032

(Tashriflar: umumiy 836, bugungi 1)

Izoh qoldiring