Chingiz Aytmatov. Sarvqomat dilbarim. Qissaning 2-qismi

045 Чингиз Айтматов таваллуд топган кун олдидан

      Бу бахтсизликка қандай йўлиқиб қолганимни ҳозир қайтадан баён этиш анча мушкул. Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, чигаллашиб кетди… Ўзим-ку, биламан-а, аммо бундан нима фойда…

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ
САРВҚОМАТ ДИЛБАРИМ
Қиссанинг иккинчи қисми
03

045Бу бахтсизликка қандай йўлиқиб қолганимни ҳозир қайтадан баён этиш анча мушкул. Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, чигаллашиб кетди… Ўзим-ку, биламан-а, аммо бундан нима фойда…
Бу одам билан ҳеч қачон учрашмаган эдик. Унинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ эди. Мен буни шунинг учун гапиряпманки, ҳақиқатан ҳам на у, на мен бир-биримизнинг бу ёруғ дунёда шундай яшаётганимизни билмас эдик. Бир куни йўлда тасодифан учрашиб қолдик ва бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эмаслигига ўзимиз ҳам шубҳа қилмай ажралишган эдик. Бор гап шу…
Кеч кузда сафарга кетмоқда эдим. Ҳаво кишини зериктирадиган тунд эди. Осмондан қорми, ёмғирми, қандайдир майда заррачалар ёғарди. Туман худди сумалак сингари тоғ ёнбағирлари бўйлаб чизилиб кетган эди. Бутун йўл бўйи кабина ойнасини артиб турадиган чўткани муттасил ишлатиб қўйишга тўғри келди. Мен тоғ оралаб хийла ичкарига кириб бориб, Дўлан довонига яқинлашиб қолган эдим.
Эҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг баҳайбат бели! Умримнинг қанчадан қанча саҳифалари у билан боғлиқ! Қатнов йўлимизнинг энг оғир, энг хавфли қисми ҳам шу ер эди. Йўл илонизи бўлиб, гоҳ у ёққа бурилади, гоҳ бу ёққа. Чархпалакда учгандек тобора қиялаб юқорига кўтарилиб, булутларни ғилдирак билан янчиб ўтаётгандек бўласан. Гоҳ сени ўтирғичга сиқиб, орқага жипслаб қўяди, гоҳ рулга ёпишганингча машина сени пастга олиб қочади. Бунинг устига қутурган туядек ҳавосини айтмайсанми. Ёзми-қишми, Дўланда, барибир. Бир зумда дўлми, ёмғирми савалаб кетади ёки бўлмаса, шунақаям қор бўрони туриб берадики, бир қадам наридаги нарсани ҳам кўра олмайсан. Мана шундай бизнинг оқ сочли Дўлан!.. Аммо биз тян-шанликлар унга кўникиб қолганмиз, кўпинча, тунда қатнардик… Мен буларни ҳозир ҳикоя қилиб беряпман, у ердан қатнаб юрган пайтларда эса бу ҳакда ўйлашга ҳам вақтинг бўлмасди.
Дўлан яқинидаги даралардан бирида юк машинасига қувиб етиб олдим. Бу «ГАЗ-51» машинаси эканлиги аниқ ёдимда. Тўғрироғи, қувиб етганим йўқ, унинг ўзи тўхтаб турган экан. Икки киши моторни текшириш билан овора эди. Улардан бири йўл ўртасига бамайлихотир чиқди-да, қўлини кўтарди. Йўлни тўсиб қўймаслик учун улардан ўтиброқ тўхтадим. Олдимга жиққа ҳўл брезент плаш кийган, бошига капюшон ёпинган киши келди. Ёши қирқларга бориб қолган, қўнғир мўйлови солдатчасига чўткасимон қилиб қирқилган, қовоғи солиқроқ, кўзлари эса мулойим тикиларди.
— Йўл участкасига элтиб қўй, йигит, — деди у менга. — Мотор ишламай қолди, трактор келтирамиз.
— Қайси участкага? — деб сўрадим. Чунки йўл тузатиш участкалари кўп эди, бундай участкалар деярли ҳар ўн беш-йигирма километрда бўларди.
— Дўландаги метеостанцияга етмасдан бир оз берирокдагисига.
Метеостанция довоннинг энг баланд ерида, йўл тузатиш участкаси эса етти километрлар чамаси пастда, йўлдан сал четроқда, бурилишда жойлашган эди.
— Ўтиринг, — дедим, — олиб бориб қўяман. Балки ўзимиз бирор иложини топармиз? — деб кабинадан чиқдим. Улар трактор деб то кеч киргунча сарсон бўлмасин учун бир амаллаб ёрдам бергим келди. Йўл тузатувчиларга азбаройи ҳурматим туфайли шундай қилгим келарди: ахир улар албатта биз учун заҳмат чекяптилар-да.
— Нима ҳам қила олардинг, олов олмаётибди, — деди шофёр очиқ турган капотни бекитаркан, маъюслик билан. Бечора совуқ ёб, жунжикиб, кўкариб кетибди. Бу ерлик шофёрлардан эмаслиги кўриниб турибди, пойтахтдан келаётган бўлса керак. У довдираб атрофга алангларди. Улар участкага Фрунзедан нимадир олиб келишаётган эди. Нима қилиш керак? Миямга бир қизиқ фикр келиб қолди. Аввал довонга бир қараб қўйдим. У ёқда ҳавонинг авзойи бузуқ, булутлар пастлаб сузарди. Ниҳоят бир қарорга келдим. Ўйлаган фикрим жуда зўр бўлмаса ҳам мен учун ўша пайтда ғоят катта революцион воқеа бўлиб кўринган эди.
— Тормозинг жойидами? — деб сўрадим шофёрдан.
— Ана холос… тормозсиз юриб бўладими! Мотор ишламаяпти деяпмиз-ку сенга!..
— Троссинг борми?
— Хўш, бўлса-чи!
— Буёққа келтир, машинамга ула.
Иккаласи ҳам жойларидан жилмай, ишонқирамагандек менга тикилиб туришарди.
— Нима бало, ақлингдан оздингми? — деди шофёр секингина.
Характерим шунақа, билмадим, бу яхшими, ёмонми. Бироқ бундан қатъи назар, миямга бир фикр келдими, бўлди, куйиб-ёниб кетсам ҳам барибир уни амалга оширмагунча қўймайман.
Мен шофёрга ялиниб-ёлвора бошладим.
— Жон дўстим, кел, улай қолайлик? Худо урсин, етказиб қўяман.
— Қўйсанг-чи! — деб қўл силтади у. — Нима, бу ерда шатакка олиш мумкин эмаслигини билмайсанми. Буни ўйламай ҳам қўя қол. Бор, йўқол, йўлингдан қол-ма!..
У гўё энг муҳим ва энг катта илтимосимни рад қилгандек, шунақаям алам қилдики менга.
— Эҳ, эшшак, қўрқоқ! — деб машинамга қараб юрдим. — Қани, юринг, кетдик! — деб чақирдим мўйловли кишини. Кейинроқ билсам, у йўл тузатадиган усталардан экан.
— Тура тур! — деб тўхтатди мени йўл тузатувчи ва юзимга бир тикилди-да, шофёрга қараб:
— Троссни келтир, — деди. У каловлаб қолиб:
— Ўзингиз жавоб берасиз, — деди йўл тузатувчи-га. — Машина сизнинг ихтиёрингизда, Бойтемир ака.
— Ҳаммамиз жавобгармиз! — деди у қисқа қилиб. Менга бу гап ёқиб қолди. Бундай кишиларга тезда ҳурматинг ортади.
Биз ҳалиги машинани шатакка олиб йўлга тушдик. Дастлаб дурустгина юриб боравердик. Сўнгра Дўланга яқинлашаверганимиз сари йўл ҳам тобора юқорига — тоққа томон кўтарилиб, гоҳ ёнбағирлар бўйлаб, гоҳ тик қиялик бўйлаб пастлаб борарди. Юриш қийинлашди. Мотор инграб, қулоқ остида фақат гувиллаган овозгина эшитиларди. Йўқ, қанчалик нолиш қилиб инграма, барибир бор қувватингни ишга соламан. Дўланда юриш қанчалик мушкул бўлмасин, барибир машиналарда озми-кўпми ортиқча қувват сақланиб қолишини илгаридан пайқаб юрардим. Йўлнинг ёмонлигини назарга олиб, ҳамма вақт нормадаги юкнинг етмиш фойизини юклашар эди. Кўрсатма шундай эди. Лекин ўша пайт мен бу ҳақда ўйламагандим, албатта. Ўйлаб ўтиришнинг вақти ҳам эмасди-да. Кураш олдидан спортчиларда ғалабага зўр ишонч кучи пайдо бўлганидек, менда ҳам ҳозир худди шунингдек мўжизакор куч жўш урарди. Ўйлаган фикримни синаб кўриш, мақсадга эришиш, машинани манзилга етказишда уларга ёрдамлашишдан бўлак мақсадни кўзламасдим. Аммо буни амалга ошириш осон иш эмас экан.
Остимдаги машина қалт-қалт титраб, зўриқиб, сўнгги кучларини сарфламоқда эди. Нам ҳаво кабина ойналарига урилиб, уни хиралаштирар, тозалов чўткаси зўрға артиб улгурарди. Қаёқдандир булутлар ёпирилиб келиб, нақ ғилдираклар остида ўрмалашиб, йўл узра суза бошлади. Йўл ҳам муюлишларда тикка кўтарилиб кескин бурилиб кетарди. Қаёқдаги ишни бошлаб қўйганим учун ўзимни ўзим койий бошладим: одамларга шикаст етказиб қўймасам эди. Машинадан кўра ўзим кўпроқ қийналиб кетдим. Уст-бошимни: шапка, фуфайка, камзул, тўр кўйлагимни — ҳаммасини ечиб ташладим. Биргина кўйлақда ўтирибман-у ҳаммаёғимдан худди ҳаммомда ўтиргандек буғ кўтариларди. Ҳазил ишми: шатакдаги машинанинг ўзи қанча-ю, устига-устак яна озмунча юки борми, яхшиямки, Бойтемир зинада турганди. Менга овоз билан орқадагига имо-ишора қилиб, ҳаракатни бошқариб борарди. Қинғир-қийшиқ, паст-баланд йўллар бўйлаб тирмашиб, ўрмалаб борарканмиз, ҳойнаҳой фалокатдан ўзини саклаб қолиш учун сабр-тоқати чидамай, охири сакраб тушиб қолса керак, деб ўйлаган эдим. Аксинча, у қимир ҳам этмади. Тоғ тепасига қўнган бургутдек маҳкам ўрнашиб олиб, кабинага ёпишиб турарди. Унга қарадим: юзлари гўё тошдан йўнилгандек осойишта, сув томчилари бетларидан, мўйловидан сирқиб тушиб, кўнгли енгил тортаётгандек эди.
Биз яна бир катта қияликдан ошсак, маррага етардик. Шу пайт Бойтемир деразага энгашиб:
— Эҳтиёт бўл, олдинда машина келяпти! Ўнгроққа ол, — деди.
Мен машинани ўнгроққа олдим. Тоғ тепасидан юк машинаси тушиб келаётган эди. Жонтойники! Энди тамом, хавфсизлик инженери роса боплайдиган бўлди: Жонтой чақиб беради. У борган сари яқинлашиб келмоқда эди. Рулга ёпишиб олган, хўмрайганча пастга томон тушиб келарди.
Биз ёнма-ён келиб қолдик. Кабина деразалари рўбарў келганда Жонтой ўзини орқага олди ва малларанг тулки тумоқли бошини таънаомуз тебратиб қўйди. «Ҳе, иблис! Тилинг қичиган бўлса, оғзингга сиққунча гапиравер!» — деб ўйладим ичимда.
Тепаликка ҳам чиқиб олдик, йўл пастга томон жуда қиялаб кетарди, довондаги ана шу сўнгги маррани ҳам қўлга киритсак, йўл тузатиш участка ҳовлисига буриламиз. Машинани ўша томонга бурдим. Ҳарҳолда судраб олиб келдимку! Моторни ўчирдим, қулоғимга ҳеч нарса кирмасди. Қулоғим битиб қолибди. Назаримда, мен эмас, балки бутун борлиқ чуқур уйқуга чўмгандек бўлди. Чурқ этган овоз йўқ, Бойтемир ерга сакраб тушгандагина қулоғим эшита бошлади. Кабинадан аранг судралиб чиқдим ва шу заҳотиёқ зинага ўтириб қолдим. Нафасим қисиларди, мадордан кетган эдим, бунинг устига довоннинг ҳавоси сийрак эди. Бойтемир югуриб келди-да, елкамга фуфайкани ташлаб, бошимга шапкани бостириб кийгизди. Нариги машинадан ранги оқариб, дами ичига тушиб кетган ҳалиги шофёр ҳам секингина оқсоқланиб келаверди. У олдимда чўққайиб ўтирди-да, сигарета узатди. Қўлларим қалтираб, сигаретани олдим. Ҳаммамиз чекиб олганимиздан сўнг ўзимизга келдик. Менда яна ўша лаънати ёввойи куч жўш уриб кетди.
— Ҳе-е, қалай! — дедим мен. — Кўрдингми! Шофёрнинг елкасига бир туширгандим, у ўтириб
қолди. Сўнг учовимиз ҳам ўрнимиздан сакраб турдик-да, бир-биримизнинг орқамизга, елкамизга тушира кетдик. Ўзимиз эса қаҳқаҳлаб кулиб, алланималар деб қувонч билан қичқириб, бақиришиб тўполон кўтардик… Ниҳоят тинчланиб, яна чека бошладик. Мен кийимларимни кийиб, соатимга қарадим-у кетишим кераклиги «лоп» этиб эсимга тушиб қолди.
— Хўп, мен борайин! — дедим. Бойтемирнинг қовоғи осилди:
— Йўқ, уйга кирамиз, меҳмонимиз бўласан! — деди.
Менинг эса бирон дақиқа ҳам вақтим йўқ эди.
— Раҳмат! — деб миннатдорчилик билдирдим. — Иложим йўқ. Уйимга кириб ўтмоқчиман, хотиним кутиб ўтиргандир.
— Қола қолсанг нима бўларди? Бир шишани қоқиб ташлардик, — деди кўндирмоқчи бўлиб янги дўстим шофёр йигит.
— Қўй, зўрлама! — деб унинг сўзини бўлди Бойтемир. — Хотини кутаётган экан. Исминг нима сени?
— Илёс.
— Майли, боравер, Илёс. Раҳмат сенга, бизни қутқарганинг учун.
Бойтемир машина зинасида туриб мени то йўлгача кузатиб қўйди. У индамай қўлимни қисди-да, машинадан сакраб тушиб қолди.
Тоғ тепасига кўтарилаётиб, кабинадан бошимни чиқариб қарадим. Бойтемир ҳамон йўлда турарди. Қўлида шапкасини ғижимлаб, калласини қуйи солганича алланималар ҳақида ўйларди.
Бор гап шу, ана шундай қилиб биз ажрашдик.
Аммо ўша кеча туни билан қийналиб чиқдим. Шамоллаб қолган эканман. Уйга келганимда ҳеч нарсани сезмаган эдим. Тезда овқатланиб олдим. Асалга воқеани батафсил гапириб ўтирмадим. Лекин йўлда одамларга ёрдамлашганим учун кечикиб қолганимни айтдим, холос. Мен ўз ҳаётимни қайлиғимдан яширмасдим. Аммо, менимча, бундай нарсаларнинг ҳаммасини айтавериш ҳам зарур эмас эди. У бусиз ҳам мендан доим хавотир олиб ўтирарди. Бундан ташқари, мен бундай ножўя ишларни такрорлаш ниятида ҳам эмас эдим. Ҳаётимда бундай воқеа бир бўлди, довон билан куч синашиб кўрдим, бас. Эҳтимол, йўлдан оғриб қайтмаганимда, буни эртасигаёқ унутган бўлар эдим. Уйга бир амаллаб етиб келдим-у ҳолдан тойиб йиқилдим. Нима бўлди, қандай бўлди, билмайман. Ҳадеб алаҳлардим, гўё машинани шатакка олиб, Дўланда келаётгандек бўлавердим. Кучли қор бўрони юзимга урилар, нафас ололмай қийналардим, баранка худди пахтадан ясангандек, айлантирсам қўлларимга ёпишиб қоларди. Олдинда эса чеки чегараси йўқ довон. Машина радиатори тинмай гувиллаб кўкка қараб тирмашиб борар ва яна баландликдан пастга томон шувиллаб тушиб кетар эди… Афтидан, бу касаллик довони бўлса керак. Уни мен учинчи куни енгиб, енгил торта бошладим. Яна икки кун ётдим. Ўзимни яхши ҳис этардим, ўрнимдан турмоқчи ҳам бўлдим, аммо Асал ҳеч кўнмади. Тўшакда яна икки кун ётишга мажбур қилди. Унга қарарканман, ҳайратда қолдим. Мен касал бўлдимми ёки уми? Шунчалик қийналиб ташвиш тортибдики, киши таниб бўлмайди, кўзларининг ости кўкимтир ҳалқа-ҳалқа бўлиб, озиб кетибди, қаттиқроқ пуфласанг йиқилиб кетаётгандек, унинг устига, қўлида боласи. Йўқ, бунақаси кетмайди, деган қарорга келдим. Талтайиб ётишга ҳақим йўқ. У дам олиши керак. Ўрнимдан туриб, кийина бошладим.
— Асал! — деб чақирдим секин. Ўғилчам ухлаб ётарди. — Қўшнилар билан гаплашиб кўр, кўнишса Самадни қолдириб, кинога бориб келамиз!
У каравот ёнига чопиб келди-да, мени яна ётқизиб қўйди. Худди биринчи марта кўраётгандек мендан кўзини узмасди. Кўз ёшларини тутишга уринарди-ю, аммо улар киприклари остида йилтираб, лаблари титрарди. Асал кўксимга юзини қўйиб, йиғлаб юборди.
— Сенга нима бўлди, Асал? Нима бўлди? — деб довдираб қолдим мен.
— Сизнинг соғайиб кетганингиздан ўзимда йўқ хурсандман.
— Ўзим ҳам хурсандман, аммо йиғлашнинг нима кераги бор. Сал мазам қочса қочибди-да. Қайтага уйда сен билан бир неча кун бирга бўлдим, Самад билан ҳам ўйнаб хумордан чиқдик. — Ўғлимнинг аллақачон эмаклай бошлаган, энди эса юришга шайланаётган энг яхши, энг ширин чоғлари эди. — Ростини айтсам, яна бир шундай касал бўлсам қанийди! — дедим ҳазиллашиб.
— Қўйсангизчи шунақа гапни, кераги йўқ! — деб жеркиб берди Асал.
Шу пайт каравотчада ухлаб ётган ўғилчам уйғониб қолди. Асал уни илиққиналигича кўтариб келди. Учовимиз каравотга ағанаб, тўполон қилиб ҳазиллашардик, Самад эса айиқчадек у ёкдан-бу ёққа ўрмалаб, бизни тепкилар эди.
— Мана кўряпсанми, қандай яхши! — дедим унга. — Сен бўлсанг… Тура тур ҳали, яқинда ота-онангнинг олдига — овулга борамиз. Қани гуноҳимизни кечирмай кўришсин-чи. Самадни кўрибоқ завқланиб кетиб, ҳаммасини унутиб юборишади…
Ҳа, овулга кечирим сўраб бориш ниятида эдик. Аммо аввало отпуска олиш, сўнгра Асалнинг ота-онасидан тортиб барча қариндош уруғларигача совға-саломлар тайёрлаш лозим эди. У ёққа қуруқдан-қуруқ боришни истамас эдим.
Бу орада қиш ҳам кириб қолди. Тянь-Шаннинг қиши қаттиқ бўлади. Кучли довул, қор бўронлари ва тоғдан қор кўчиш ҳодисалари тез-тез бўлиб турарди. Бундай пайтларда шофёрларга ташвиш яна ортарди, йўл тузатувчиларга эса яна ҳам қийинроқ бўларди. Улар тоғлардан кўчиб турадиган қор уюмларига қарши кураш олиб борар ва қор ўпирилиб тушиши мумкин бўлган хавфли ерларни олдинданоқ портлатишиб, дарҳол йўлни тозалаб қўйишар эди. Тўғри, ўша йилги қиш бир оз тинчроқ ўтган эди. Ёки менга шундай кўрингандир, чунки иш шунчалик кўп эдики, унча-мунча нарсаларга эътибор бермасдик. Ўша йили бизнинг автобазага кутилмаганда катта қўшимча топшириқ беришди. Аниқроғи, бундай катта топшириқни олишга биз шофёрлар ўзимиз сабабчи бўлган эдик, шахсан мен унинг ташаббускори эдим. Мен бунга ҳозир ҳам афсусланмайман ва маъқул иш қилганман, деб ҳисоблайман. Аммо, назаримда, менинг барча мусибатларим худди шундан бошлангандек туюлади. Воқеа бундай булган эди.
Бир куни кечқурун автобазага қайтиб келаётган эдим. Асал мендан Алибек Жонтуриннинг хотинига кичик бир тугунча бериб юборди. Мен машинани уларнинг уйи томон буриб, сигнал бердим. Алибекнинг хотини чиқди. Унга ҳалиги тугунчани бераётиб:
— Алибек уйдами? — деб сўрадим.
— Йўқ, ҳали келганича йўқ.
— Қаёқда у, йўлдами?
— Йўғ-а, бугун йўлга чиққани йўқ, кейинроқ борармиш. Нимагадир у ёқдан-бу ёққа зир югуриб юрибди. Айтишича, хитойлик ишчилар автобазага телеграмма юборишган эмиш.
— У ёқда нима гап бўлибди?
— Завод учун асбоб-ускуналарни тезроқ етказиб беришни илтимос қилишибди,
— Қанақа асбоб-ускуна? Синцзянда қурилаётган қишлоқ хўжалик машиналари заводи учунми?
— Билмадим, Илёс. Ўзинг эшитиб қоларсан.
— Ҳозир Алибек қаердайкин?
— Қаерда бўларди. Юк тушириш станциясида-да, ҳамма ўша ерда. Эшелонлар келганмиш.
Мен ҳам машинани ўша ёққа томон ҳайдадим. Нима гап ўзи, аниқлаб олай дедим-да. Мана, етиб ҳам келдим. Бизнинг юк тушириш станциямиз дарада, кўлдан сал берида жойлашган бўлиб, темир йўлнинг сўнгги станцияси эди. У ерда ғала-ғовур, ғира-шира қоронғи, ҳеч нарсани пайқаб бўлмасди. Дара томондан эсаётган кучли шамол симёғочлардаги чироқларни тебратар, шувиллаб шпалларни ялаб ўтарди. Вагонларни бир-бирига тиркаб юрган паровозлар у ёкдан-бу ёққа қатнаб турарди. Энг чеккадаги йўлда турган кран илгакларини кўтариб, тебранганича, вагонлардаги сим ва тунука тасмачалар билан танғиб, михлаб ташланган яшикларни тушираётган эди. Янглишмабман. Бу Син-цзяндаги машинасозлик заводига юбориладиган транзит юклар эди. У ерда йирик иншоот қурилаётганди. Авваллари ҳам биз у ёққа баъзи асбоб-ускуналарни олиб борган эдик.
Автобазамиз машиналаридан талайгинаси шу ерда экан. Бироқ ҳали уларнинг биронтаси ҳам юк ортмай турарди. Ҳамма шофёрлар ниманидир кутишаётгандек эди. Улар кабиналарда, машина зиналарида ўтиришарди. Баъзилар шамолдан паналаниб, яшикларга суяниб олишганди. Мен улар билан саломлашдим. Бирон кимса менга эътибор ҳам бермади. Папиросларини тутатишиб, сукут сақлаб туришарди. Четроқда ўтирган Алибекни кўриб қолдим. Унинг олдига бордим.
— Салом, Алибек!
— Салом!
— Нима қиляпсизлар? Телеграмма олибсизларми?
— Ҳа. Заводни муддатидан илгари ишга туширишмоқчи.
— Хўш, нима бўпти?
— Энди гап бизда қолди.
— Ростданми?
— Кўряпсанми, бутун йўл ёқалари юкка тўлиб кетибди. Ҳали яна келади. Буларни қачон ташиб улгурамиз? Бу ҳақда ўйлаяпсанми? Одамлар бизга ишониб, у ёкда кутишмоқда!.. Уларга ҳар бир кун ғанимат.
— Сен буларни нега менга гапиряпсан? Менинг бу ишларга нима дахлим бор?
— Нима дахлим бор?! Бу нима деганинг, ё бошқа мамлакатдан келганмисан? Ёки бизга нақадар муҳим иш топширилганини тушунмайсанми?
— Азбаройи худо, ақлдан озибсан! — деб ажабланиб, ўзимни четга олдим.
Шу пайт яшиклар орқасидан овозлар эшитилиб қолди. Автобазамиз бошлиғи Омонжўлов кўринди. У камзулининг этаги билан шамолни тўсиб, пана қилиб папирос тутатди-да, сўнгра индамай ҳаммамизга бир-бир назар ташлаб чиқди.
— Гап мана бундай, ўртоқлар, — деди у, — министрликка телефон қйлиб кўраман, балки ёрдам беришар. Аммо бунга орқа қилиш керак эмас. Нима қилиш кераклигини ҳозирча ўзим ҳам билмай турибман.
— Буни уддалаш қийин, ўртоқ Омонжўлов! — деди кимдир. — Юклар жуда оғир, қўпол, ортишга ҳам, жойлаштиришга ҳам ноқулай. Кузовга икки-учтадан ортиғи сиғмайди. Мабодо кечаю кундуз ишлаганимизда ҳам, худога шукур, кўкламгача етадиган иш бор.
— Ҳамма гап шунда-да, — деди Омонжўлов. — Аммо иложини топишимиз керак. Хўп, ҳозирча уй-уйимизга тарқалайлик. Сизлар ҳам ўзларингизча ўйлаб кўринг!
У «Газик»ка ўтириб жўнаб кетди. Шофёрлардан биронтаси ҳам жойидан қўзғалмади. Улар негадир шошилмасдилар. Қоронғи бурчакда ўтирган аллақандай киши, ҳеч кимга мурожаат қилмай, ўзича дўриллаб гапирди:
— Бўлмағур иш! Икки оёқни бир этикка тиқиб бўлмайди! Бу ҳақда илгарироқ ўйлаш керак эди! — деб ўрнидан туриб, папирос қолдиғини ўчирди-да, машинаси томон кетди.
Уни бошқа шофёр қувватлади:
— Бизда доим шу аҳвол, иш қисталанг келдими, бўлди, қутқаринглар, жон оғайнилар, деб дарҳол шофёрларга осилишгани осилишган.
Одамлар унга ўшқириб беришди:
— Бу халқаро иш-ку, Исмоил, сен бўлсанг бозорчи шаллақи хотинларга ўхшаб вайсаяпсан-а!
Мен мунозара-тортишувларга қўшилмай турардим. Аммо бирдан миямга бир фикр келиб қолди: довонда машинани қандай шатакка олганим ёдимга тугнди. Чидаб тура олмадим-да, ҳар вақтдагидек қизишиб кетиб:
— Ўйлаб ўтиришнинг нима кераги бор! — деб ўртага отилиб чиқдим. — Машиналарга прицеп улаш керак!
Ҳеч ким қимир этмасди. Баъзилар ҳатто менга қайрилиб қарамади ҳам. Бундай фикрни фақат телбаларгина айтиши мумкин эди.
Жонтой секингина ҳуштак чалиб қўйди:
— Кўрдингларми!
Мен унинг овозидан танидим. Турган еримда ҳар томонга аланглайман, бўлган ишни бирма-бир сўзлаб бергим келяпти. Аммо қандайдир сўлоқмондай йигит яшик устидан тушиб, қўлқопини ёнидаги шеригига берди-да, олдимга яқин келиб, ёқамдан ушлаб, ўзи томон тортиб:
— Қани, «уфф» де-чи! — деди.
— Уфф! — деб пуфладим мен.
— Кайфи йўқ! — деди у ёқамни бўшатаркан, ҳайрон бўлиб.
— Бўлмаса, жинни-минни бўлгандирда, — деди ҳалиги йигитнинг шериги уни қувватлагандек ва иккаласи ҳам машиналарига ўтиришиб, жўнаб кетишди. Бошқалар ҳам кетишга ҳозирланиб, ўринларидан жимгина қўзғалишди. Ҳеч қачон бунчалик кулги, бунчалик мулзам бўлмаган эдим! Ер ёрилмади-ю, ерга кирмадим.
— Тўхтанглар! Қаёққа кетяпсизлар! — деб шофёрлар орасида аланглаб, у ёқдан-бу ёққа югура бошладим. — Мен ҳазил қилаётганим йўқ, ҳақиқатан ҳам прицеплар улаш мумкин…
Кекса, оқсоқол шофёрлардан бири жаҳли чиқиб, олдимга келди-да:
— Мен бу ерда шофёрлик қила бошлаган пайтларимда сен ҳали иштончан юрган гўдак эдинг. Тянь-Шань танца майдони эмас, сенга жуда раҳмим келяпти, халқ ўртасида масхарабозлик қилма! — деди.
Одамлар мени масхара қилишиб, машиналарига тарқала бошладилар. Шунда мен бутун станцияни бошимга кўтариб бақирдим:
— Сизлар шофёр эмас, хотинчалишларсиз!
Буни бекор қилган эканман, бошимга бало орттириб олдим.
Ҳамма тўхтаб, бараварига менга қараб ёпирилиб кела бошлади:
— Нима дединг, аблаҳ! Кўпчиликнинг ҳаёти билан ўйнашмоқчимисан!
— Новатор! Мукофот олмоқчи! — деб шовқин солди Жонтой. Ғала-ғовур зўрайиб кетди, одамлар мени исканжага олиб, яшикларга қисиб қўйишди.
— Масхара қиляпсанми ҳали!
— Сол тумшуғига!
— Мишиғингни артиб олсанг-чи!
Дўппослаб, дабдала қилиб ташлашса керак, деб ўйлаб, ердаги ётган тахтани қўлимга олдим.
— Қани, четроқ тур, йўл бер! — деб ҳуштак чалиб, кимдир ҳаммани итариб-суриб кела бошлади.
Бу Алибек эди.
— Жим! — деб бақирди у. — Сен, Илёс, тушунтириб гапир! Тезроқ сўзлай қол!
— Э, нимани гапираман! — дедим мен нафасим бўғзимга тиқилиб. Чунки ҳали оғиз очишга улгурмасданоқ юлиб-тортқилашиб, тугмамдан биронтасини ҳам қолдиришмай узиб юборишганди. — Мен довонда бир машинани юки билан шатакка олиб, йўл тузатувчилар участкасигача обориб қўйганман. Бор гап шу.
Йигитлар ишонмагандек жим бўлиб қолишди.
— Хўш, торта олдингми? — деб сўради кимдир шубҳаланиб.
— Ҳа, бутун Дўландан то участка ҳовлисигача тортиб бордим.
— Ҳо, жуда зўр-у! — деди кимдир ажабланиб.
— Ўзича валдираяпти-да! — деб эътироз билдирди иккинчи бири.
— Фақат муттаҳамларгина валдирайди. Буни Жонтой ҳам кўрган. Ҳой, Жонтой, қаёқдасан? Айт! Қандай учрашганимиз эсингдами?..
Аммо Жонтойнинг овози чиқмасди. У ер ёрилиб, ерга кириб кетгандек, ғойиб бўлди-қўйди. У аблаҳдан нафратланиб юрганим бежиз эмас эди. Ҳозир буни ўйлаб турадиган вақт эмасди. Одамлар баҳслашиб кетди. Мени қувватлаган одамлар ҳам бўлишди. Бироқ қандайдир бир шаккок чиқиб, бирданига уларни фикрларидан қайтарди-қўйди:
— Бекорчи гап сотишнинг нима кераги бор! — дея тўнғиллай бошлади у. — Биров бир ишни бир марта қилса қилибди-да! Бундай ҳодисалар озми! Биз ёш бола эмасмиз. Трассамизда прицеплар улаб юриш ман этилгап. Бунга ҳеч ким рухсат ҳам бермайди. Меҳнат хавфсизлиги инженерларига шундай деб кўр-чи, нима деркин: шунақаям бопласинки, додингни худога айт-гин. Сизларни деб жавобгарликка тортилишни хоҳламаса керак… Гапнинг ўғил боласи шу.
— Э, қўйсанг-чи! — деб гапга аралашди бошқа биров. — Рухсат бермайди деганинг нимаси! Мана, Иван Степанович ўттизинчи йилларда полуторка машинада довонни биринчи бўлиб очган. Унга ҳам ҳеч ким рухсат бермаган эди. У ўз билгича қилганди бу ишни. Мана ўзи, ҳали ўлганича йўқ…
— Ҳа, дарвоқе, шундай бўлган эди, — деб тасдиқлади Иван Степанович. — Аммо ҳозир шубҳаланиб турибман: ахир бу ердан ҳатто ёзда ҳам ҳеч ким прицеп билан ўтган эмас, ҳозир эса қиш…
Шу пайтгача индамай ўтирган Алибек гапга аралашди:
— Етар шунча тортишганимиз. Илёснинг таклифи ҳали синаб кўрилмаган нарса бўлса ҳам ўйлаб кўриш керак. Лекин сен айтганча эмас, Илёс, прицепни улаймиз-у кетавермаймиз. Бундай қилиш ярамайди, олдин бунга ҳозирлик кўриш, ҳаммасини жиддий ўйлаб чиқиш, маслаҳатлашиш ва синаб кўриш керак. Қуруқ сўз билан ҳеч нарсани исботлай олмайсан…
— Исботлайман! — дедим мен унга. — Сизлар ўйлаб, фол очиб бўлгунларингизча, мен исботлаб бераман! Ана ўшанда ишонч ҳосил қиласизлар! — деб бурилиб машина томон юрдим ва автобазага жўнаб кетдим.
Ҳар кимнинг ўз хулқи, феъл-атвори бор. Уларни бошқариб туриш керак, албатта, бироқ бунга ҳамма вақт ҳам муяссар бўлавермайди киши. Рул бошқариб бораётган бўлсам ҳам на остимдаги машинани, на йўлни ҳис этардим. Дард-алам, хафагарчилик ва асабийлик бутун вужудимни эгаллаб олганди. Бояги сўзлар борган сари иззат-нафсимга қаттиқ тегиб, юракни ўртаб тутақтираётган эди. Йўқ, мен сизларга исботлаб берганим бўлсин! Одамнинг сўзига ишониш кераклигини исботлаб бераман, унинг устидан кулиш қандайлигини кўрсатиб қўяй, эҳтиёткорлик билан орқа-олдингга қараб иш кўриш қанақа бўлишини бир исботлаб берай! Алибекка ҳам қойилман: ўйиаб кўриш, тайёрланиш, синаб кўриш керакмиш! У ҳамиша шунақа ақлли, эҳтиёткор! Аммо мен учун булар бир пул! Мен бу ишни хамирдан қил суғургандек бажариб, кимлигимни кўрсатиб қўяман!
Машинани гаражга қўйганимдан кейин ҳам унинг атрофида анча вақтгача ўралашиб юрдим. Сиртдан қараганда тинчланиб қолганга ўхшасам ҳам кўнглим безовта эди. Мен фақат бир нарса ҳақида — ўзимнинг ҳақ эканлигимни қандай қилиб эртагаёқ исботласам экан, деб ўйлардим. Фикримни исботлаш, сўзлаб бериш учун бошлиқлар олдига боришни, уларнинг эътирозларини тинглашни энди хоҳламас эдим. Йўл битта: прицеп билан довонга қараб жўнаш. Мен буни қандай бўлмасин, бажаришим керак эди. Аммо прицепни менга ким берарди, уни автобазадан Тянь-Шань йўлига олиб чиқишга ким рухсат этарди?
Шундай ўй-хаёллар билан гараждан чиқиб, ҳовли бўйлаб секин юра бошладим. Кеч кириб қолган эди. Фақат диспетчерхонада чироқ ёниб турарди. Мен тўхтаб қолдим: э, диспетчерчи. Диспетчер ҳаммасини тўғрилаб бериши мумкин-ку! Ҳамма иш унинг қўлида. Мен диспетчерхона томон шошилдим. Чамамда, бугун Хадича навбатчилик қилаётган бўлса керак. Шундай бўлса яна ҳам яхши. У менинг илтимосимни рад этмайди. Рад этиши ҳам мумкин эмас. Рад этган такдирда ҳам ахир мен жиноят қилмоқчи эмасман-ку. Аксинча, у ҳамма учун фойдали, ҳамма учун муҳим бўлган ишни амалга оширишда менга ёрдам беради, холос.
Диспетчерхонага яқинлашар эканман, анчадан бери илгарилардагидек эшикдан тўғри кириб боравермаётганлигим ва туйнукча орқали мурожаат қилаётганлигим эсимга тушиб, иккиланиб қолдим. Шу пайт эшик очилди. Остонада Хадича турарди.
— Сенинг олдингга келаётган эдим, Хадича. Яхшиямки, шу ерда экансан!
— Мен кетяпман.
— Хўп, юр, уйинггача кузатиб қўяман.
Хадича таажжубланиб, менга шубҳаланиб қаради-да, жилмайиб:
— Кетдик, — деди.
Биз ташқарига чиқиб, кўча бўйлаб кета бошладик. Кўча зим-зиё қоронғи эди. Кўл томондан тўлқинларнинг шовиллагани эшитилиб турар, изғирин шамол эсарди. Хадича қўлтиғимдан ушлаб, совуқ шабададан паналаб пинжимга тиқила бошлади.
— Совқотяпсанми? — деб сўрадим.
— Сен билан бирга бўлсам совқотмайман! — деди у. Хадича яна бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, бироқ жим қолиб, яна кифтимга ишқалана бошлади. Бунга қадар ҳаяжонланиб турган эдим, энди бўлса негадир тинчланиб, ўзимни эркин сеза бошладим,
— Эртага қай маҳал навбатчилик қиласан, Хадича?
— Иккинчи сменада.
— Сенда бир ишим бор. Жуда муҳим. Бари сенга боғлиқ…
Йўлда унга ҳаммасини айтиб бердим. Аввалига гапимга қулоқ солгиси ҳам келмади, бироқ мен уни ҳамон ишонтиришга интилардим. Чироқ остида, муюлишда тўхтадик. Хадича бир қарорга келолмай турарди.
— Эҳ, Илёс! — деди у ташвиш билан кўзимга боқиб.— Бекор шундай қиляпсан!
Аммо мен нима десам ҳам унинг бажаришини тушуниб турардим. Унинг қўлтиғидан ушлаб:
— Бекорга эмас. Менга ишонавер! Ҳаммаси жойида бўлади. Хўш, келишдикми? — дедим.
У хўрсиниб қўйди.
— Сен айтганингдан кейин, нима ҳам қила олардим! — деди-да, хўп дегандек бош қимирлатди.
Мен беихтиёр унинг елкасидан қучоқлаб олдим.
— Асли йигит бўлиб туғилишинг керак экан-да, Хадича! Хўп, эртагача хайр! — деб қўлини қаттиқ қисдим. — Кечгача ҳамма қоғозларни тўғрилаб қўй хўпми?
— Намунча шошилмасанг! — деди у қўлимни бўшатмай туриб. Сўнгра бирдан ўзгариб қолди. — Майли, боравер… Ётоқхонагами?
— Ҳа, Хадича.
— Хайрли тун, — деди у.
Эртасига бизда техника кўриги бўлди. Автобазадаги одамлар диққинафас бўла бошлади: инспекторлар доим бемаврид тиқилинч қилишади-да, нуқул бирон нарсадан айб топиб, акт тузишгани тузишган. Қанчалик даҳмаза, қанчалик ташвиш. Аммо уларнинг ўзлари эса жуда оғир, совуққон одамлар. Планга мувофиқ автобазани техника кўригидан ўтказишлари керак эди, шунга кўра улар бамайлихотир ўз ишларини бажараётган эдилар.
Ўз машинамдан кўнглим тўқ эди, аммо ремонт қилаётган кишидек ўзимни четга тортиб туравердим.
Хадича навбатчиликка ўтгунча вақтни чўзиб туриш керак эди. Ҳеч ким мен билан гаплашмас, ҳеч ким кечаги ҳодисани эслатмас эди. Одамлар буни хаёлига ҳам келтирмасди: ҳамма техник кўрикдан тезроқ ўтиб, йўлга тушишга ва бекор кетган вақтнинг ҳиссасини чиқаришга ошиқарди. Аммо барибир кўнглимдаги доғ ёддан кўтарилмасди.
Техника кўригидан тушдан кейин ўтдим. Инспекторлар ҳам кетишди. Ҳаммаёқ бўшаб, ҳувиллаб қолган эди. Ҳовлининг ичкарисида очиқ ҳавода прицеплар турарди. Улардан баъзан текис йўлларда, ички қатновда фойдаланилар эди. Мен прицепларга қандай бориш қулайроқ эканини кўздан кечириб, улардан бирини — энг четкисини мўлжаллаб қўйдим. У оддийгина тўрт ғилдиракли аравага ўхшарди. Унинг ҳамма ҳикмати мана шу. Аммо шуни деб қанчалик ҳаяжонга тушдим… Ўша пайт мени нима кутаётганини билмас эдим. Шунинг учун ҳам яхшигина овқатланиб, бирор соат бўлса ҳам мизғиб олиш мақсадида хотиржамгина ётоқхонага кетдим. Йўл жуда хавфли эди. Барибир ухлай олмадим. Вақтни илондек тўлғаниб ўтказдим. Қош қорая бошлагач, автобазага бордим.
Хадича бўлса аллақачон келиб турган экан. Ҳамма нарса тахт эди. Мен уни беҳуда ташвишлантирмаслик учун ортиқча такаллуф қилиб ўтирмасдан йўлланмани олдимда, гаражга шошилдим. Югуриб кетяпману хаёлимдан: «Тамом! Энди буёғини бир кўрсатиб қўяй сизларга!» — деган фикрни ўтказдим. Машинани бурдим ва тислаб бориб прицепга тўғриладим, сўнгра моторни секин юргизиб қўйдим-да, теварак-атрофни кўздан кечириш учун кабинадан чиқдим. Бирон кимса кўринмайди. Фақат ремонт устахонасидаги дастгоҳларнинг тақир-туқури-ю, кўл тўлқинларининг қирғоққа урилишидан кўтарилган шалоп-шулуп овозлари эшитилиб турарди. Осмон сукунат ичида тургандек тутолса ҳам биронта юлдуз кўринмасди. Ёнимда мотор секин тириллаб турарди, менинг юрагим ҳам гуп-гуп урарди. Чекмоқчи бўлдиму, лекин папиросни шу заҳотиёқ четга отиб ташладим, кейин…
Дарвоза олдида мени қоровул тўхтатди:
— Тўхта, қаёққа! — деди у.
— Юк ортишга, оқсоқол, — дедим мен ўзимни бепарво кўрсатишга уриниб. — Мана чиқишга пропуска.
Чол қоғозга синчиклаб тикилди-ю, аммо фонус ёруғуда ҳеч нарса ўқиёлмади.
— Вақтимни олма, оқсоқол! — дедим сабрим чидамай. — Иш қолиб кетяпти!
Юк ортиш тинчгина ўтди. Яхшигина юк ҳам олинди: кузовга ҳам икки, прицепга ҳам икки бўлак юк олиб йўлга чиқдим ва фақат шундан кейингина кўнглим жойига тушиб, чека бошладим. Сўнгра машинага қулайроқ ўтириб олдим-да, чироқни ёқиб, тўла газ бердим. Машина чироғидан таралаётган ёғду атрофни қоплаб олган қоронғилик чокини сўкиб борарди. Йўл бўм-бўш эди. Машинани энг юқори тезликка қўйиб ҳайдашим мумкин эди. Орқада шарақлаб келаётган прицеп енгилгина ва бир текисда елиб бораётган машинага деярли халал бермасди. Тўғри, бурилишларга келганда машина йўл чеккасига сурилиб кетарди ва рулни бошқариш ҳам анча қийинлашар эди. Аммо бунга одатланмаганликдан, кейинчалик кўникиб кетарман, деб ўйлардим. «Дўланни забт этаман, Синцзянга ҳам бораман!» — деб қичқирдим ўзимга-ўзим ва от устида энкайиб чопиб бораётгандек рул чамбарагига ёпишиб олдим. Йўл равон келган ерлардан иложи борича тезроқ ҳайдаб ўтиш ва тун ярмида Дўланга ҳужум бошлаш ниятида эдим.
Баъзи вақтларда тезликни мўлжалимдагидан ҳам ошириб ҳайдардим. Аммо тоғ бошлангандан кейин секинроқ ва эҳтиёткорлик билан юришга тўғри келди. Бу моторнинг қуввати етмаслигидан эмас, албатта. Тепаликка чиқишга қараганда, пастликка тушиш анча қийин эди. Прицеп нишабликдан ўкдай ғизиллаб келиб, машинага зарб билан урилар ва унинг тинчгина тушишига халақит берар эди. Ҳар қадамда тормоз бериб, тезликни камайтириш ва рулни зийраклик билан бошқариб туришга тўғри келарди. Бошда ўзимни дадил тутдим, унча-мунча нарсага эътибор бермасликка ҳаракат қилдим, лекин борган сари хавотирланиб, асабларим бузила бошлади. Ҳали йўлда яна қанчадан-қанча тепалик ва нишабликлар учрайди. Буларни санаб чиқиш ҳеч кимнинг хаёлига келганмикин! Шундай бўлса-да, руҳимни туширмадим. Бу ерда ҳолдан тойишдан бошқа ҳеч нарса кўнглимга таҳдид солмасди.
«Ҳечқиси йўқ, — деб овутардим ўзимни ўзим. — Довонга чиқиш олдидан нафасимни ростлаб оламан. Довондан албатта ошиб ўтаман!» Бироқ мен нега ўша кузда машинани шатакка олганимдагига қараганда ҳозир кўпроқ қийналяпман, деб ўйлаб ўтирмадим.
Дўлан тобора яқинлашиб келмоқда. Чироқ нурлари қоп-қора тун қўйнига чўккан улкан даранинг қояларини сийпалаб ўта бошлади. Қорли қалпоқларини бостириб кийиб олган бу қоялар йўл устида осилиб турарди. Чироқ нурларида паға-паға қор парчалари ялтираб кўрина бошлади. «Юқоридан шамол учириб тушаётган бўлса керак», дедим ўзимча. Аммо қор пар-чалари кабина деразаларига ёпишиб, эриб, пастга сирқиб тушарди. Демак, қор ёғаяпти. У сийрак ёғаётган бўлса ҳам нам қор эди. «Бунисига бало борми-ди!..» — дедим ғижиниб. Ойна тозалайдиган чўткаларни ишга солдим.
Довоннинг дастлабки баланддиклари бошланди. Мотор одатдагидек ўзининг мунгли қўшиғини куйлай бошлади. Унинг зўриқиб бир оҳангда гувиллаши қоронғида ўрмалаб бораётган қўнғиз боласини эслатарди. Ниҳоят маррага етиб келдим. Энди олдинда пастга қараб қиялаб кетган олис йўл. Мотор овози пасайиб, машина қуйига қараб туша бошлади. Мана энди у ён-бу ёнга қараб тебраниб бормоқда. Мен прицепнинг орқада лапанглаб, йўл-йўлакай машинага шарақлаб келиб урилаётганини сезиб, ҳалқаларнинг туташган еридан ғижирлаб чиқаётган металл овозларини эшитиб турардим. Бу ғижирлаш овози ғашимни келтириб, белимни, билакларимни сирқиратиб оғритаётгандек бўларди. Ғилдираклар тормозга итоат қилмай, нам қор тўшамида сирғалиб боради, машина сирғалиб бир силкиниб кетган эди, рули қўлимдан чиқиб кетди-да, шақир-шуқур қилиб, йўл бўйлаб, қиялаб пастга томон ғизиллаганча тушиб кета бошлади. Шунда мен дарҳол рулни буриб, машинани тўхтатдим. Бу ёғига юриш амри маҳол эди, оёқ-қўлимда жон қолмаганди. Машина чироғини ҳам, моторини ҳам ўчирдим. Таёкдек қотиб қолган қўлларим худди ясама қўлдек пастга шалоп этиб тушди. Мен ўриндиқ суян-чиғига ўзимни ташлаб, тошдай қотиб ўтирар ва хириллаб нафас олаётганимни ўзим ҳам эшитйб турардим. Шу тахлитда бир неча минут ўтириб, нафасимни ростлаб олдим-да, папирос чека бошладим. Чор атрофим қоп-қоронғи зимистон, даҳшатли сукунат. Фақат кабина тешикчаларидан шамол ғувиллаб кириб турарди. Олдинда нималар кутаётганини тасаввур қилишдан юрагим ваҳимага тушарди. Бу ердан юқорига қараб қиялик бўйлаб баланд-паст, қинғир-қийшиқ йўллар давом этарди. Бу — мотор ва қўлларнинг азоби. Бу тоғ ёнбағирлари бўйлаб илонизи йўллар билан юқорига тинимсиз ўрмалаб чиқиш демакдир. Олдинга — юқорига — орқага, яна илгарига — олдинга — орқага, яна ва яна… Аммо ўйлаб ўтиришга вақт йўқ, қор гупиллаб уриб турибди.
Моторни юргиздим. Машина қаттиқ ўкириб, баландлик сари қўзғалди. Тишимни тишимга қўйиб, тинимсиз равишда илонизи йўлларни аста-секин босиб ўтавердим. Ниҳоят, тепаликка ҳам чиқиб олдим. Энди тик қиямалик, йўл тузатувчилар участкасига бурилиб кетадиган муюлишга қадар бир текис нишаблик, ундан кейин эса довонга сўнгги ҳужум бошланди. Бир амаллаб пастга тушиб олдим ва тўрт километрча чўзилиб ётган тўғри йўлдан машинани елдек учириб бориб, юқорига кўтарила бошладим. Мана, у олға интилиб тобора юқорилашиб бормоқда… Аммо бояги тезлаб келаётгани кўпга бормади, тезлик борган сари пасая борди. Моторни иккинчи, сўнгра биринчи тезликка қўйиб ҳайдадим. Рулни маҳкам ушлаганча, ўзимни орқага ташладим. Булут парчалари орасидан юлдузлар мўралашиб қарашарди. Машина жойидан қимир этмас ва у ёғига тортолмасди. Ғилдираклар бир ерда ғириллаб айланиб, четга суриларди, мен акселераторни жон-жаҳдим билан босдим.
— Қани, яна! Яна озгина! Қимтиб юбор! — деб қичқириб юбордим.
Чўзиб-чўзиб инграётган мотор титраб-қалтираб дириллай бошлади-да, бирданига ўчди-қолди. Машина секингина орқага кета бошлади. Жонҳолатда тормоз бердим, тўхтамади. Прицепнинг оғирлиги билан борган сари тезроқ сирғалиб, пастга томон ғилдираб ту-шаверди, ниҳоят, машина қояга урилиб, таққа тўхтади. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Кабина эшигини очиб, ташқарига қарадим. Худди ўйлаганимдек! Падарига лаънат! Прицеп йўл ёқасидаги ариққа тушиб кетган эди. Энди уни ҳеч қандай куч билан чиқариб бўлмасди. Ўзимни йўқотиб, довдираганимча, яна моторни юргиздим, зўр бериб машинани олдинга қараб ҳайдай бошладим. Ғилдираклар ўз ўрнидан қўзғалмай ғириллаб айланарди. Машина бор кучи билан илгарига қараб интилди, бутун танаси дириллаб кетди-ю, аммо жойидан силжимади. Мен машинадан сакраб тушдим-да, прицепга томон чопиб бордим. Унинг ғилдираклари ариққа чуқур ботиб кетган эди. Нима қилиш керак? Бошим қотиб қолган эди, ғазаб билан прицепга отилдим, унинг ғилдирагини қўлларим ва бутун гавдам билан итара бошладим. Сўнгра кузовнинг остига кириб бошим сирқираб оғриб кетгунича йиртқич ҳайвон сингари бўкириб, прицепни елкам билан йўлга суриб чиқаришга уриниб кўрдим, аммо қаёқда дейсиз! Ҳолдан тойиб, йўлга юзтубан йиқилдим ва қор аралаш лойни қучоқлаб аламимдан йиғлаб юбордим. Кейин ўрнимдан турдим-да, гандираклаганимча машина зинасига келиб ўтирдим.
Йироқдан. моторнинг гувиллаган овози эшитилди. Икки чироқча баландликдан пастдаги текис йўлга ёғду сочиб тушаётган эди. Бу шофёрнинг кимлигини ва ярим тунда тақдир уни қаёққа ва нима учун ҳайдаётганини билмасдим, аммо бу чироқлар гўё мени қувлаб етиб, ушлаб оладигандек сесканиб кетдим. Қароқчи сингари прицеп илгагига қараб югурдим, уни машина билан улаб турган металл ўқни суғуриб олиб, четга улоқтирдим ва кабинага ирғиб чиқиб, прицепни ариқда қолдирганимча, машинани юқорига қараб елдек учириб кетдим.
Қандайдир тушуниб бўлмайдиган даҳшатли қўрқув таъқиб этарди мени. Орқамдан келаётган машина назаримда худди изма-из қувиб етиб келаётгандек туюларди. Машинани шунчалик тез ҳайдардимки, азбаройи йўлни ёд билганимдан бирон ерга уриб ҳам олмадим. Агар кўзларимни боғлаб қўйганларида ҳам худди шундай қилган бўлардим.
Тонготарда довондаги базага етиб келдим. Нима қилаётганимни ўзим ҳам англамай, ақлдан озган кишидек, эшикни мушт билан қоқа бошладим. Эшик ланг очилди. Асалга қарамай, бошдан-оёқ лойга беланганимча уйга кирдим. Энтикканимча аллақандай бир нам нарсанинг устига ўтирдим. Бу курси устига уйиб қўйилган кир уюми экан. Папирос олиш учун қўлимни чўнтагимга тиққан эдим, қўлимга машина калитлари илинди. Мен уни жаҳл устида кучим борича четга улоқтирдим ва бошим «шилқ» этиб тушди, уриб пўла қилиб ташлангандек, тинка-мадорим қуриб, шалпайганимча ўтирардим. Кўзларим полда. Стол ёнида Асал ўз оғирлигини яланг оёқларининг дам унисига, дам бунисига солиб турарди. Унга нима ҳам дея олардим? Асал полда ётган калитларни олиб, стол устига қўйди.
— Ювиниб оласизми? Кечқурун сув иситиб қўйганман, — деди у секингина.
Мен бошимни секин кўтардим. Совқотган Асал нозиккина қўлларини кўксига қўйиб, тунги кўйлақда қаршимда турар эди. Унинг қўрқув босган кўзлари ташвиш ва ачиниш билан менга боқарди.
— Довонда прицепни ағдариб юбордим, — дедим бегона товуш билан.
— Қанақа прицеп? — деб сўради у тушунмасдан.
— Темирдан ясалган, яшил рангли, «02 — 38» номерли! Қанақа бўлса ҳам барибир эмасми! — деб қичқирдим жаҳл билан. — ўғирлаб олгандим уни, тушунасанми? Ўғирлаб олгандим.
Асал секингина «Вой!» деб юборди-да, каравотга ўтириб қолди.
— Нега?
— Нега бўларди? — унинг ҳадеганда гапга тушунавермагани менинг жиғимга тегарди. — Довондан прицеп билан ўтмоқчи эдим! Тушундингми? Ўз фикримни амалда исботламоқчи эдим… Мана энди уйим куйди!
Мен юзимни кафтларим орасига олганча ўтирардим. Иккаламиздан ҳам бирмунча вақт садо чиқмади. Асал шартта ирғиб турди-да, кийина бошлади.
— Нега ўтирибсиз энди?. — деди у жиддий қиёфа-да.
— Нима қилишим керак? — деб ғўлдирадим мен.
— Автобазага қайтиб боринг!
— Қандай бораман! Прицепсиз-а?
— У ерда ҳаммасини тушунтириб берасиз!
— Эсингни едингми! — Тарс ёрилиб кетишимга сал қолди. Хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа тез-тез юра бошладим. — Қайси юз билан прицепни у ерга судраб бораман? Кечирасизлар мени, хато қилиб қўйдим, дейманми?! Оёқларига бош уриб ялиниб-ёлворгани бораманми? Йўқ, бормайман! Билганларини қилишсин! Ҳаммасига тупурдим!
Менинг бақириқ-чақириғимдан каравотда ётган ўғилчам уйғониб кетиб, йиғлаб юборди. Асал уни қўлига олган эди, бола баттарроқ қичқира бошлади.
— Қўрқоқсиз, — деди Асал секингина, лекин қатъий қилиб.
— Нима-а! — дея ғазабдан ўзимни тутолмай мушт ўқталганча унга ташландим, қўл кўтаришга кўтардим-у, аммо уришга журъат этолмадим. Унинг ҳайратланиб боқиб турган шаҳло кўзлари мени танг қолдирди. Мен унинг чақнаб турган кўз қорачиқларида ўзимнинг даҳшатли ва буришиб-тиришиб кетган турқимни кўриб турардим.
Уни қўполлик билан бир четга силтаб юбориб, эшик томон шиддат билан бориб, уни тарақлатиб ёпганимча ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқари аллақачон ёришиб қолган эди. Куннинг ёришиб кетгани менга қаттиқ таъсир қилди; кеча бўлиб ўтган ҳамма қилмиш-қидирмишларим менга янада мудҳиш, янада хунук бўлиб кўринар, ўзимни бир умр тузатиб бўлмайдиган хато қилиб қўйгандек ҳис қилардим. Ҳозирча биргина нажот йўли бор бўлиб, бу ҳам бўлса лоақал машинадаги юкни жойига элтиб қўймоқ зарур эди. У ёғига нима қилишни билмайман…
Орқага қайтишда уйга кириб ўтмадим. Асал билан жанжаллашиб қолганимдан эмас. Усиз ҳам мулзам эдим. Ҳеч кимга кўринмасликка ва ҳеч кимни кўрмасликка уринардим. Бошқаларни билмайман-у бундай ҳолларда ёлғиз бўлишни ва бошимга тушган ташвишни бошқаларга сездирмасликни истардим. Кимга кераги бор бунинг? Агар қўлингдан келса, ҳамма кулфатларинг адо бўлгунча сабр-тоқат қил, чида…
Кечаси йўловчилар тунайдиган уйда тунаб қолдим. Туни билан ухлаёлмай алаҳсираб чиқдим. Тушимда довонда прицепни қидириб юрган эмишман. Унинг излари бормишу ўзи йўқ эмиш. Ҳар томонга зир югуриб, прицеп қаёққа ғойиб бўлди, ким олиб кетди, деб сўраб-суриштириб юрганмишман. Мен қайтаётганимда у ҳақиқатан ҳам ўша бехосият ерда — турган жойида йўқ эди. Фақат излари бор эди, холос. Қайтариб олиб кетишибди. Кейин билсам, прицепни автобазага Алибек судраб келган экан.
Прицеп орқасидан ўзим ҳам эрталаб автобазага етиб келдим. Шу кунлар ичида қорайиб кетибман, кабина ёнига қадаб қўйилган кузатув ойначасига қараб ўзимни ўзим танимай қолдим.
Автобазада ҳаёт одатдагича эди. Фақат менгина, гўё бегона кишилардек, машинани дарвоза томон ийманибгина ҳайдаб келиб, секингина ҳовлига кириб бордим ва машинани гараждан нарирокда, бир чеккада тўхтатдим-да, кабинадан чиқмай ўтиравердим. Атрофга кўз югуртириб чиқдим. Одамлар ишларини йиғиштириб қўйишиб, ҳар томондан менга қараб тикилиб туришарди. Эҳ, қани энди лип этиб қайрилсанг-у бошинг оққан томонга қочиб қолсанг. Бироқ ҳеч ёққа қочишнинг иложи йўқ эди. Кабинадан чиқишга тўғри келди. Бор жасоратимни тўплаб, ҳовлидан юриб, диспетчерхона томон йўл олдим. Ўзимни хотиржам тутишга, шахдам қадам ташлашга уринар-дим, аммо аслида эса саф тортиб турган кишилар олдидан ўтаётган гуноҳкор солдатдек юриб борардим. Ҳамманинг мени хўмрайиб кузатиб турганини сезиб турардим. Ҳеч ким мени чақирмади ҳам, мен билан саломлашмади ҳам. Уларнинг ўрнида бўлганимда, эҳтимол мен ҳам шундай қилган бўлардим.
Остонага қоқилиб кетдим. Гўё юрагим ҳам қоқилиб кетгандек бўлди: эҳ, Хадича ҳақида ўйламабман, уни шарманда қилдим! Энди нима дейман унга?
Коридорда нафасимни ростлаб, пешонамдаги терни артдим. Бошимни кўтариб, у ёқ-бу ёққа қарасам, рўпарамда деворий газетамиз «Чақмоқ» саҳифасидаги плакат менга тикилиб турарди. «Уят сенга!» деб йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган сўзлар остида тоғ орасида қолдириб кетилган прицеп тасвирланган эди…
Мен тескари ўгирилдим. Юзларим шапалоқ егандек ловиллаб ёнарди. Диспетчерхонага кирдим. Хадича телефонда ниманидир гаплашаётган эди. Мени кўриб гапидан тўхтаб, трубкани жойига осиб қўйди.
— Ма! — деб бадбахт йўлланмани столга отдим. Хадича ачинган қиёфада менга қаради. Фақат шаллақилик қилиб йиғлаб юбормаса бўлгани деб ўйладим.
«Ҳозир эмас, кейин, бўлак бирор ерда!» — деб ёлвордим ичимда. У ҳам мени тушунди, ҳеч нарса демади.
— Шовқин кўтаришдими? — деб сўрадим секин. Хадича бош ирғиб қўйди.
— Ҳечқиси йўқ! — дедим ғижиниб, унинг руҳини кўтариш учун.
— Сени катта йўлдан олишди, — деди у.
— Олишди? Бутунлайми? — дедим кулимсираган бўлиб.
— Бутунлай олишмоқчи эдилар — ремонтга… Аммо йигитларимиз сенинг ёнингни олишди. Ҳозирча ички рейсларга ўтказишди. Бошлиққа учра, сени чақиртиришган эди.
— Бормайман! Менсиз ўзлари ҳал қилишаверсин. Пушаймон қилмайман…
Мен хонадан чиқдим. Бошимни қуйи солганимча, коридордан аранг чиқиб кетдим. Кимдир менга пешвоз келарди. Мен унга йўл бериб, ўзимни четга олдим. Бу Алибек эди. У мойга беланган қўлларини ҳам артмай гараждан келаётган экан. Мен унинг ёнбошидан ўтиб кетмоқчи эдим, аммо Алибёк йўлимни тўсди.
— Йўқ, шошма! — деб мени бурчакка қисди. Кўзларимга тикилиб, ғазаб билан шивирлади: — Хўш, ишлар қалай, азамат? Исботладингми? Итфеъллигингни кўрсатдинг!
— Ишимиз жўнашиб кетсин девдим-да, — деб пўнғилладим мен.
— Ёлғон!
— Нима ёлғон?
— Ёлғиз ўзинг шуҳрат қозонмоқчи бўлдинг! Ўзинг учун тиришдинг! Бироқ муҳим ишни барбод қилдинг. Мана энди, шулардан кейин ҳам прицеп билан юриш мумкинлигини исботлаб кўр-чи! Аҳмоқ! Шуҳратпараст!
Эҳтимол, бу сўзлар менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида ақлини йиғиб олишга мажбур этармиди, аммо менга энди барибир эди: ўз фикримни ҳали ҳам исботлаб, мақсадга эришишим мумкинми, йўқми, бунга бефарқ қарардим. Агар мен шу пайтгача ўзимча ич-этимни еб юрган бўлсам, энди шу дақиқадан бошлаб кишиларнинг аччиқ тазйиқларини ва менга нафрат билан қарашларини бутун вужудим билан ҳис қила бошладим. Мен гўё уларнинг кўзига ўзимнинг шон-шуҳратимни орттиришга уринувчи шуҳратпараст бир кимса бўлиб кўринаётган эдим. Ҳақиқатда эса бу мутлақо шундай эмасди. Аммо факт фактлигича қолади.
— Четроқ тур! — деб нарига итардим Алибекни. — Сенсиз ҳам юрагим сиқилиб турибди!
Эшикка чиқдим. Совуқ, изғирин шамол ҳовли саҳнидаги қорни учириб ўйнарди. Одамлар мен томонга кўз қирини ташлашиб, ёнимдан жимгина ўтиб кетишарди. Нима қилиш керак? Маҳкам тугилган муштларимни чўнтагимга тиқиб, дарвоза томон юрдим. Музлаб қолган кўлмакчалар оёқ остида ойна сингари чирсиллаб синарди. Оёғимга тавот мойидан бўшаган банкача тўғри келиб қолди. Жоним борича уни дарвозадан кўча томон тепиб юбордим-да, ўзим ҳам ортидан боравердим.
Кун бўйи шаҳарча кўчалари бўйлаб дайдиб юрдим, кимсасиз ҳувиллаб ётган пристанда тентирадим. Иссиқкўлда пўртана қутуриб, қирғоққа боғлаб қўйилган баржалар сув бетида чайқалиб-қалқиб ётарди.
Бир маҳал қарасам, сув транспорти бошқармасининг чойхонасига келиб қолибман. Ёлғиз ўзим дераза ёнига бориб ўтирдим. Олдимда — стол устида оғзи очилган бир шиша ароқ билан тарелкада қандайдир газак турарди. Биринчи стаканни ичишим биланоқ кайфим тарақ бўлиб, оёғим остига анқов кишилардек термилиб ўтирардим. Менинг кўнглим ҳам зангори тутунга чўмиб, маст-аластларнинг пала-партиш гапларига тўлган шу чойхона сингари хира ва ғаш эди.
— Нега ғамгин кўринасан, йигит? — бехосдан бошим узра кимнингдир ёқимли ва хиёл истеҳзоли овози эшитилди. Бошимни аранг кўтардим. Ёнимда Хадича турарди.
— Ҳа, бир ўзинг ича олмаяпсанми? — деб илжайиб ёнимга ўтирди у. — Қани, бирга ичайлик бўлмаса!
Хадича стаканларга ароқ қуйиб, биттасини менга суриб қўйди.
— Ол! — деди у, гўё биз бу ерга анчайин ўтириш ва ичиш учун келгандек, ғурур билан ҳаёсизларча кўз қисиб.
— Сен нимага суюняпсан ўзи? — деб сўрадим норози оҳангда.
— Нима, йиғлайми бўлмаса? Сен турганда менга бошқа нарсанинг кераги йўқ, Илёс! Мен сени сабрли, чидамли деб ўйлаган эдим. Кел, нима бўлса бўлар! — деб секингина кулиб қўйди у ва ёнимга яқинроқ сурилди, қоп-қора нозли кўзларини сузиб, қўлидаги стаканни чўқиштирди.
Биз ичдик. Мен папирос тутатдим. Кўнглим бир оз ёришгандек бўлди: куни бўйи биринчи марта жилмайишим эди.
— Қойилман сенга, Хадича! — дедим ва унинг қўлини қисдим.
Дарвоқе, Хадича ўша кеча жуда очилиб кетган эди.
Кейин кўчага чиқдик. Қош қорайиб қолган эди. Кўл тарафдан эсаётган шўх шамол дарахтларни ва чироқларни тебратиб ўйнарди. Оёқ остимиздаги ер ҳам унга таассуф қилгандек чайқаларди. Хадича қўлтиғимдан тутиб, мени етаклаб борарди, у меҳрибонлик билан ёқамни кўтариб қўйди.
— Мен сенинг олдингда айблиман, Хадича! — дедим ўз гуноҳим ва миннатдорчилигимни яшира олмай. — Аммо шуни билиб қўй, мен сени ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман… Ҳаммасига ўзим жавоб бераман…
— Буларни унутиб юборасан, жонгинам! — деди у. — Ўзинг ҳам тиниб-тинчимагансан-да… Доим қаёққадир елиб югурганинг-югурган. Мен бўлсам сенга ачинаман. Ўзим ҳам илгари шунақа эдим. Ҳаётдан илгарилаб кета олмайсан, ундан насиб қилганини ол… Тақдир билан ўйнашиб нима қиласан…
— Бу ҳар кимнинг тушунчасига боғлиқ! — дея эътироз билдирдим, сўнгра ўйлаб кўриб: — Эҳтимол, сен ҳақдирсан… — деб қўйдим.
Биз Хадича яшайдиган уйнинг шамолга тескари томонида тўхтадик.
— Мана, уйга ҳам етиб келдим! — деди у.
Мен кетмоқчи бўлардиму, бироқ у ердан сира жилолмасдим. Энди иккимиз ўртамизда бир-биримизни боғлаб турувчи қандайдир бир нарса бор эди. Хадичанинг самимийлиги, менга нисбатан ҳамдардлиги ва унинг олдида ўзимни қарздор кишидек сезаётганлигим дарҳол кетишимга йўл бермаётган эди. Бунинг устига, ҳозир ёлғиз қолиб, ётоқхонага боришдан ҳам чўчиётган эдим. Ҳақиқатан у ҳозир жуда очилиб кетган бўлса ҳам баъзида шундай заҳар бўлиб қоладики, ундан ўзингни беихтиёр четга тортишга ҳаракат қиласан.
— Нега ўйланиб қолдинг, жонгинам? — деб сўради Хадича. — Чарчадингми, йўлинг олислик қиляптими?
— Ҳечқиси йўқ, бир амаллаб етиб оламан. Хайр. У қўлимни ушлаб кўриб:
— Вуй-й, музлаб қолибсан-у! Тўхта, иситиб қўяй! — деди-да, қўлимни пальтоси остига яшириб, қаттиқ кўксига босди. Мен қўлимни тортиб олишга, қизнинг бу қайноқ меҳр-муҳаббатига қаршилик кўрсатишга журъат эта олмадим. Қўлим остида унинг юраги гўё кўпдан орзиқиб кутиб юрган ўз улушини талаб қилаётгандек дукиллаб урарди. Ҳа, дарвоқе, мен маст эдим, аммо ҳеч нарсани тушунмайдиган, сезмайдиган даражада учиб қолган эмасдим, албатта. Мен секингина қўлимни тортиб олдим.
— Кетдингми? — деб сўради Хадича.
— Ҳа.
— Хўп, хайр! — деб Хадича хўрсинди-да, қайрилиб, эшик томон тез юриб кетди. Қоронғида эшикнинг «тақ» этиб ёпилгани эшитилди. Мен ҳам йўлга тушдиму, бироқ бир неча қадам юрганимдан сўнг тўхтадим. Бир маҳал қарасам, яна ўша эшикчанинг олдига келиб қолибман, бунинг қандай бўлганини ўзим ҳам билмайман. Эшикни итардим. Хадича мени шу ерда кутиб турган экан. У бўйнимга ташланди, лабларимдан ўпиб, маҳкам қучоқлаб одди.
— Охири қайтдинг-а! — деб пичирлади у, сўнгра қўлимдан ушлаб, уйига етаклади.
Ярим тунда уйғондим, анча вақтгача қаерда эканлигимни билолмай ётдим. Бошим қаттиқ оғрирди. Биз бир каравотда ёнма-ён ётардик. Бадани илиққина, ярим яланғоч Хадича пинжимга кириб олганди. У елкам узра бир маромда тинчгина нафас оларди. Мен ўрнимдан туриб, дарҳол бу ердан кетмоқчи бўлдим. Сал қимирлаб қўйдим. Хадича кўзлари юмукдигича мени қучоқлаб олди. У силлиқ, юм-юмалоқ тиззасини кафтимга қўйди.
— Кетма! — деб шивирлади қулоғимга. Сўнгра бошини кўтариб, қоронғида кўзларимга тикилдида, энтикиб-энтикиб пичирлай бошлади: — Энди сенсиз яшай олмайман! Сен меникисан! Ҳар вақт ҳам меники эдинг! Бошқа ҳеч нарсани билмайман, билишни ҳам истамайман! Мени севсанг бўлгани, Илёс! Сендан бошқа нарса талаб қилмайман… Аммо сендан воз кеча олмайман, тушуняпсанми, ўз орзуларимдан воз кеча олмайман! — деб йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари юзимга юмалаб туша бошлади.
Мен қолдим. Тонгга яқин уйқуга кетдик. Қарасак роса ухлабмиз. Ташқарида кун ёришиб кетган эди. Тез кийиндим, ёқимсиз, ташвишли бир ҳис юрагимни сиқиб нохуш қиларди. Йўл-йўлакай калта пўстинимни кийиб, шошилиб ҳовлига чиқдим, пўстинимнинг тугмаларини қадарканман, ўзимни «лип» этиб кўча эшикка урдим. Теварак-атрофга назар ташладим, деворнинг муюлишидан малларанг тулки тумоқ кийган одам тўппа-тўғри мен томонга келаверди. Эҳ, уни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ-да! Жонтой ишга кетаётган эди, у бу ерга яқин жойда яшарди. Икковимиз ҳам бир лаҳза серрайиб қолдик. Мен ўзимни кўрмаганликка солдим. Шартта бурилдим-да, автобазага қараб кетвердим. Жонтой орқамдан маънодор йўталиб қўйди. У орқамдан қорни ғарч-ғурч босиб келмоқда эди. Унинг бу шиддатли ғарч-ғурч одимлашида қанчалик заҳархандалик, бировнинг бахтсизлигидан севиниш борлиги равшан англашилиб турарди. Биз то автобазага қадар шу тахлитда олдинма-кейин юриб келдик.
Мен автобазага кираверишдаги йўлакка келганда қадамимни тезлаштирдим ва гаражга бурилмай, тўғри идорага қараб кетдим. Коридорнинг бирор ерида тўхтаб, сал нафасимни ростлаб олишим керак эди.
Бош инженернинг кабинетидан одамларнинг гангир-гунгур овозлари хиёл эшитилиб турарди. Бу ерда одатдагидек эрталабки қисқа йиғин ўтмоқда эди. Агар прицеп воқеаси одамлар хаёлидан кўтарилиб кетган бўлса эди, ҳозир бу ерга жон деб кирган бўлардим. Қани энди мен ҳам кириб дераза токчасигами, бошқа ергами чиқиб олиб, оёқларимни чалиштирганча папи-росимни чекиб, ҳузур қилиб ўтирсам, ёнимда ўтирган ҳамкасабаларим билан у ёқ-бу ёкдан гаплашсам, эрталабки нарядни эшитсам, шофёрларнинг иш соҳасидаги бирор арзимаган нарса юзасидан беғараз сўкишларини ва тортишувларини тинглаб ўтирсам… Шу пайтгача булар инсон учун шунчалик зарур, шунчалик азиз эканини ҳеч тасаввур этмаган эканман. Гарчи шундай бўлса-да, шофёрларнинг кўзларига кўринишга журъат эта олмасдим. Кўрққанлигимдан эмас, йўқ, қўрқоқлик қилганим йўқ. Мени кўпроқ ўша муваффақиятсизлиқдан ғазабланиш, умидсизликка тушиш ва улар олдида беҳаёларча кўрсатган ботирлигим, ожиз қайсарлигим ташвишлантираётган, яна буларнинг устига-устак, Хадича билан тасодифан тунаб қолганим мени изтиробга солаётган эди. Одамлар ҳам менинг қилмишимни ҳали-бери унутмайдиганга ўхшайди. Ичкарида худди менинг ҳақимда сўз борарди. Аввал ичкаридан эшитилиб турган гапларга эътибор бермадим. Аммо бирдан кимнингдир ғазаб билан бақириб гапираётган товуши эшитила бошлади:
— Бу қандай бемазагарчилик! Уни судга бериш керак, сизлар бўлсангиз уни хаспўшлаб ўтирибсизлар! Тағин баъзилар уялмай-нетмай, тўғри ўйлабди, деб уни ҳимоя қилишяпти! Ахир прицепни довонга ташлаб келибди-ку!..
Уни бошқа овоз бўлди:
— Тўғри! Бунақаларнинг кўпини кўрганмиз. Ақл ўргатишга жуда уста. Шуҳрат орттирмоқчи бўлибди, кўнгли мукофот истаб қолибди. Қаранг, автобазага яхшилик қилмоқчи эмиш! Бироқ ҳаммаси чаппасидан кетди!
Одамлар тортиша бошлади. Ғовур-ғувур зўрайиб, ҳеч нарсани англаб бўлмай қолди. Мен нари кетдим, тирқишдан гап пойлашни ўзимга эп кўрмадим. Йўлланма олиш учун диспетчерхонага қараб йўналдим.
— Мен қаёққа бораман? — деб сўрадим ўша куни навбатчилик қилаётган қиздан.
Ҳозирча мени аввалги жойимда қолдиришибди. Афтидан, ҳали менинг масалам узил-кесил ҳал этилмаган кўринади.
Коридор бўйлаб орқага қайтдим. Шофёрларнинг хонадан гур этиб ташқарига чиқаётганларини эшитиб, қадамимни тезлатдим. Улар ҳамон вағир-вуғур гаплашишарди. Алибек йўл-йўлакай кимгадир қизишиб уқтирарди.
Прицепга тормозларни ўзимизда ўрнатамиз. Компрессорда шлангни суғуриб ташлаб, ўрнига колодкани жойлаштириш унча қийин иш эмас-ку! Анови Илёсми? Илёс, тўхта! — деб чақирди у мени.
Мен тўхтамай, гаражга қараб кетавердим. Алибек менга етиб олди-да, елкамдан ушлаб тортди.
— Уҳ, сени қара-я! Тушуняпсанми, ахир ишонтирдим-да! Тайёргарлик қилавер, Илёс! Шерик бўлиб борасанми? Синаб кўрамиз! Прицеп билан!
Менинг дилим ранжиди: мени ёмонотлиқдан қутқармоқчи бўлибди, омадсиз ўртоғини шатакка олар эмиш! Шерик эмиш! Мен унинг қўлини елкамдан силтаб ташладим:
— Прицепингдан ўргилдим!
— Намунча зарда қиласан. Ўзингдан кўр! Мен сенга шунчаки гапираётганим йўқ — биз унча-мунча нарсаларни ўйлаб қўйдик, одамлар билганларини айтишди, қолаверса, довонда ташлаб келган прицепингни ўзим тортиб келганман… Бирон иш чиқиб қолса керак…
— Қилсанг, ўзинг қилавер, мени ўз ҳолимга қўй, бор.
— Қўйсанг-чи, шунча жиннилик қилганинг етар. Ишни ярим йўлда ташлаб кетиш яхши эмас! Ҳа, ростданам, унутаёзибман. Володка Ширяев сенга ҳеч нарса демадими?
— Йўқ, уни кўрганим йўқ. Нима эди?
— Ия, бу қанақаси бўлди! Қаёқларда юрибсан ўзинг? Асал йўлга чиқиб, ким кўрингандан сени сўрайди, хавотир олиб ўтирибди! Сен бўлсанг!..
Турган еримда оёқларим чалишиб кетди, юрак уришим худди тўхтаб қолаёзгандек ўзимни шу қадар оғир сездимки, ҳатто ўлимимга ҳам минг марта рози бўлдим. Алибек бўлса енгимдан тортиб, ҳамон прицеплар учун ясаладиган қандайдир мосламалар ва яна алланималар ҳақида тушунтирарди. Жонтой бир чеккада қулоқ солиб турарди.
— Ўз ҳолимга қўйсанг-чи! — деб қўлимни тортиб олдим. — Мендан нима керак сенларга? Судга бўлса судга беринглар! Шу ёғи ҳам етар! Ҳеч қандай прицепнинг кераги йўқ менга! Ҳеч кимга шерик ҳам бўлмайман! Тушундингми?
Алибекнинг қовоғи осилди, пешонаси тиришди:
— Ўзинг бошлаб, ўзинг ўт қалаб, энди биринчи бўлиб думингни хода қилиб қочмоқчимисан? Шунақами?
— Қандай тушунсанг, шундай тушунавер! — дедим-да, шартта бурилиб, гараж томон кетдим.
Машина олдига келдим, қўлларим қалтирарди, нима қилишни билмасдим. Нима учундир машина остидаги чуқурга сакраб тушдим-да, сал ўзимни босиб олиш учун териб қўйилган ғиштларга ёнбошладим.
— Менга қара, Илёс! — тепамдан шивирлаган овоз эшитилди.
Бошимни кўтариб қарадим: буниси яна ким бўлди! Тумоқ кийиб олган Жонтой менга айёрона тикилганча чуқур тепасида худди қўзиқориндек чўнқайиб ўти-рарди.
— Уни жуда бопладинг-да, Илёс! — деди у.
— Кимни?
— Алибекни-да, активистни! Нақ нишонга урдинг! Дарров нафаси ўчди-қолди, бўлмаса бу новатор қулоқни батангга келтирарди.
— Хўш, сенинг қанчалик ишинг бор?
— Нима ишим борлигини ўзинг ҳам тушуниб турган бўлсанг керак. Биз шофёрларга прицепнинг кераги йўқ. Унинг оқибати қандай бўлишини биламиз: бирортаси ишлаб чиқариш нормасини оширади, йўлни қисқартади, кейин ҳаммаларинг ўша илғор даражасига кўтарилинглар дейилади-ю, бироқ юк ташиш учун тўланадиган ҳақни кесиб қоладилар. Хўш, ким ўз чўнтагига зарар келтиришни истайди? Бир кунлик шуҳрат, обрў кимга керак? Биз сендан хафа бўлаётганимиз йўқ. Ҳа, кўнглинг тўқ бўлсин…
— Биз деганинг кимлар? — деб сўрадим ундан бамайлихотир бўлишга интилиб. Аммо бирдан босиб келган ғазабдан юрагим сиқилиб кетди: — Машинани шатакка олиб кетаётганимда нега нафасингни чиқармай ўтиб кетганингни энди англадим! Олисни кўзлабсан-у, аммо тумшуғинг остидан нарини кўролмабсан, сенингча, бошқалар ҳеч нарсани тушунмайди. Ўзингча мени аҳмоқ деб ўйлаяпсан шекилли! Биз деганинг сенми? — деб сўрадим яна.
— Фақат менгина эмас, — деди Жонтой кўзларини пирпиратиб.
— Ёлгон, мағзай, бит! Сени деб қасддан прицеп билан юрганим бўлсин! Танимда жоним бор экан, айтганимни қиламан. Сен билан ана ўшанда гаплашаман. Қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи!
— Ҳай-ҳай, ҳаддингдан ошма! — деб ўдағайлади Жонтой. — Сенинг ҳам қанақалигингни яхши биламиз… Бироқ ўйлаб кўр… Ановига келсак, давринг келганда юриб қол…
— Ҳе сени!.. — деб жаҳл устида қичқириб юбордим-да, жони қаҳрим билан.жағига туширдим.
У хандақ чеккасига қандай ўтирган бўлса, шундайича орқасига ағанаб тушди. Тумоғи ҳам учиб кетди. Мен хандакдан мушукдек сакраб чиқдим-у унга ташландим. Аммо Жонтой ўрнидан туриб олганди, у ўзини чеккага олиб қочиб, бутун ҳовлини бошига кўтариб додлай бошлади:
— Безори! Каззоб! Мушт билан қўрқита олмайсан мени! Сенинг ҳам адабингни бериб қўядиган куч топилар! Ҳаддингдан ошма, зараркунанда!..
Ҳар томондан одамлар югуриб кела бошладилар. Алибек ҳам чопиб келди.
— Нима гап? Нега урдинг уни?
— Ҳақиқат учун! — дея баттарроқ бақира бошлади Жонтой. — Ҳақ гапни юзига айтганим учун! Прицепни ўғирлаган ҳам ўзи, довонда ағдариб ташлаб кетиб, ишни барбод қилган ҳам ўзи, яна бошқалар виждонан унинг хатосини тузатмоқчи бўлишса, у тумшуққа солади! Энди бу ишдан манфаатдор эмас, чунки обрў ва шон-шуҳратни қўлдан бой бериб қўйди!..
Алибек мен томон юрди. Рангида қони йўқ, оппоқ оқариб кетган, ғазабдан тутилиб-тутилиб гапирарди.
— Аблаҳ! — деб кўкрагимдан итариб юборди у. — Алам қилганидан довон учун қасд оляпсанми? Ўйлама, сенсиз, қаҳрамонларсиз ҳам ишлай оламиз!..
Мен индамай туравердим. Бирон нарсани тушунтириб берадиган ҳолим йўқ эди ҳозир. Жонтойнинг ҳаддан ташқари сурбетларча айтган ёлғон-яшиқ сўзларидан шунчалик изтиробга тутпган эдимки, ҳатто бирон оғиз сўз айтолмай қолдим. Ўртоқларим менга ўқрайиб туришарди. Жонтой бўлса лабидаги қонни тумоғи билан артиб, ҳамон ўкирарди.
Мен машинага сакраб чиқдим-да, автобазадан ташқарига ҳайдаб кетдим.
Йўлда ичиб олдим. Таъбим жуда хира эди. Ўзимга нисбатан бўлган қаҳр-у ғазабни бартараф эта олмас ва сўнгги кунларда бўлиб ўтган ҳамма қилмишларимни унута олмас эдим. Асални эсласам, виждон азобида яна қийналардим.
Дастлабки йўл бўйидаги магазинчалардан бирига кириб чиқдим, фойдаси бўлмади, сўнгра йўл-йўлакай яна бир тўхтаб, тўла стаканни паққос урдим. Шундан кейингина сал енгиллашдим. Кўприклар, йўл бўйидаги белгилар ва қаршидан келаётган машиналаргина кўз ўнгимдан лип-лип ўтиб борарди. Кўнглим анча ёришгандек бўлди. «Эҳ! — дея ўйлардим ўзимча. — Бўлганича бўлар. Сенга нима етишмайди, машинангни ҳайдаб юрибсан, бўлди-да, Хадичанинг бу ишларга нима дахли бор, сенга у нима ёмонлик қилди, бошқалардан унинг қаери кам? Ёшгина, чиройли, дилбар аёл; бўлса. Сени жон-дилидан яхши кўради. Сен учун ҳар нарсага тайёр, сен бўлсанг, у ҳақида бўлмағур турли хаёлларга бориб юрибсан. Ахир у билан ўтказган тунинг ёмон бўлдими. Яхшиликни билмаган аҳмоқ!»
Кечқурун уйга қайтиб келдим. Калта пўстинимни бир кифтимга кийиб олганимча, эшик олдида гандираклаб турибман: мен баъзан рулни бошқариш осон бўлсин учун ўнг енгимни ечиб олардим. Бу болалигимдан одат бўлиб қолган, болалар билан тош отиб, кимўзар ўйнаганимизда ҳам шундай қилардим…
Асал кўзи тушиши билан менга отилди. Аммо қай аҳволдалигимни кўриб қўрқиб, ҳайрон бўлиб туриб қолди.
— Сизга нима бўлди, Илёс? — Сўнгра гап нимада эканлигини англади шекилли: — Вой, нега турибсиз? Чарчадингизми, совқотдингизми? Қани, ечининг! — деди.
Асал ёрдамлашмоқчи бўлиб қўлини чўзди, бироқ чурқ этмасдан унинг қўлини ўзимдан нарига суриб қўйдим. Номус қилаётганимни қўполлик билан бекитишга тўғри келди. Қоқиниб-сурилиб борарканман, ниманидир тарақлатиб тепиб юбордим-да, ўзимни гурс этиб стулга ташладим.
— Бирор нарса бўлдими, Илёс? — деди Асал менга яқинлашиб келаркан, маст-аласт кўзларимга ташвиш билан тикилиб.
— Нима, сен ҳали билмайсами? — деб бошимни қуйи солдим; яхшиси, унинг юзига қарамайин. Мен, Асал ҳозир ўпкалаб, такдирдан нолий бошлайди, деб кутиб турардим. Ўзимни оқламай, ҳар қанча койиса ҳам тинглашга тайёр эдим. Аммо у гўё уйда йўкдек чурқ этмасди. Мен секингина кўз қиримни ташладим. Асал орқасини ўгирганча дераза ёнида турарди. Гарчанд унинг юзини кўрмаётган бўлсам ҳам изтироб чекаётганини ва кўзларида ёш милтиллаб турганини сездим. Унга жуда раҳмим келиб кетди, юрагим эзила бошлади.
— Биласанми, Асал, мен сенга бир нарсани айтмоқчи эдим, — деб гап бошладим журъатсизлик билан. — Шуни айтмоқчиманки! — нафасим бўғзимга тиқилиб ортиқ сўзлай олмадим. Қилган гуноҳимга иқрор бўлишга юрагим дов бермади. Йўқ, у мендан буни ҳеч қачон кутмаган, айта олмайман. Унга раҳмим келганди, аммо бекор қилган эканман. Ўша дақиқада ўзимни-ўзим енга олмадим. — Биз, эҳтимол, бу яқин-орада сизларникига, овулга бора олмасак керак, — деб гапни бошқа ёққа бурдим. — Кейинчалик вақт-соати билан борармиз… Ҳозир бундан кўра зарурроқ ишлар бор…
— Хўп, майли! Кейинроқ борармиз, шошадиган жойи йўқ! — деди Асал ва кўз ёшларини артиб, ол-димга келди. — Ҳозир бу ҳакда ўйламай қўя қолинг, Илёс. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Яхшиси, ўзингизни ўйланг. Жуда ўзгариб қолдингиз. Сизни ҳеч тушуна олмай қолдим, Илёс.
— Хўп, бўпти! — деб унинг гапини бўлдим, юраксизлик қилиб қўйганимдан жаҳлим чиқиб. — Чарчаганман, уйқум келяпти.
Мен ёлғон-яшиқ сўзларни янада кўпроқ гапириб қўймаслик, орадаги соф севги кўзгусига доғ тушириб қўймаслик учун тезроқ ётиб ухлашим керак эди. Асал ҳам уни-буни сўраб бошимни қотириб ўтирмасди. Мен воқеани бир бошдан оқизмай-томизмай айтиб бермоқчи бўлиб, бир неча бор ҳозирландиму, бироқ орадан вақт ўтган сари иқрор бўлишдан узоқлаша бордим. Билсам, ҳаммасининг ўз мавриди — вақт-соати бор экан. Кайфим тарқалгач, бўлиб ўтган воқеаларни унга энди ҳеч қачон очиқчасига гапириб бера олмаслигимни тушундим. Нега бундайлигини ўзим ҳам билмасдим.
Орадан бир кун ўтгач, қайтишда довоннинг нариги томонида Алибекни учратиб қолдим. У прицеп билан келаётган экан. Дўлан ишғол этилган эди.
Алибек мени кўра солиб, юриб келаётган ерида кабинанинг ўнг эшигидан сакраб тушди-да, қўл силкий бошлади. Мен тезликни камайтирдим. У йўлда беҳад хурсанд ва ғолибона турарди.
— Салом, Илёс! Буёққа чиқ, чекишамиз! — деб қичқирди у.
Мен унга яқинлашиб тормоз бердим. Алибекнинг кабинасида ёшгина йигитча — иккинчи шофёр ўтирарди. Машинанинг ғилдиракларига занжирлар ўраб боғланган. Припепларда пневматик тормоз. Буни мен дарҳол пайқаган эдим. Бироқ тўхтамадим. Менга жуда алам қилган эди. Уддасидан чиқибсан — қойил! Лекин мени тинч қўй.
— Тўхта, тўхта! — деб Алибек орқамдан югура бошлади. — Ишим бор, тўхта, Илёс! Эҳ, шайтон, сенга нима бўлди?.. Хўп, майли! ўзинг биласан…
Мен машинани тезлатдим. Қичқирма. Бизнинг бир-биримизда ҳеч қандай ишимиз йўқ. Менинг ишим аллақачон расво бўлган. Яхши қилмадим, энг яқин дўстим Алибекдан ажралдим. Ахир у ҳақ эди, ҳамма нарсада ҳақ эди, буни энди тушуниб етдим. Аммо ўша пайтда менинг қанчалик асабларимни бузган, қанчалик умримни сарфлаган нарсага у алам қиларли даражада жуда тез ва жуда оддий йўл билан эришганлигини кечира олмасдим.
Алибек чуқур мулоҳазали ва жиддий йигит эди. У ҳёч қачон довонга менга ўхшаб партизанлик қилиб бормасди ҳам. Бунақанги ҳаракатлар унинг табиатига ёт эди. Унинг куч-қуввати, эътибори ҳам худди мана шунда эди. У машинани шерик билан бирга ҳайдаб тўғри қилди. Улар машинани йўлда навбатма-навбат ҳайдашлари, довонни янги кучлар билан қўлга киритишлари мумкин эди. Довонда ҳал этувчи нарса — мотор, ирода ва инсон қўллари. Бунинг устига, Алибек билан шеригининг манзилга бориб келишда бекор кетадиган вақти деярли икки марта қисқарар эди. Буларнинг ҳаммасини у ҳисобга олди, машина компрессоридан прицепга бир вақтда ҳаракат қила оладиган тормоз ўрнатди. У энг оддий нарсани — занжирларни ҳам унутмади, улар билан олдинги ғилдиракларни танғиб қўйди. Хуллас, у фақат «ура» қичқириғи билан эмас, балки шай бўлиб, тўла қуролланган ҳолда довонга ҳужум қилди. Ана шу йўсинда Дўландан машиналар прицеплар билан ўтадиган бўлиб қолди.
Алибекдан кейин довондан бошқалар ҳам прицеплар билан юришга кириша бошлашди. Хдммаси эмас, албатта, аммо одатдагидек ҳар бир ишда ҳам асосий нарса унинг бошланишида-да, ахир. Бу орада машиналарнинг сони ҳам ортиб қолганди, қўшни автобазадан ёрдам юборишганди. Бир ярим ҳафта давомида кечаю кундуз Тянь-Шань трактида машиналарнинг гувиллаши тинмади. Хуллас, қанчалик оғир, қанчалик машаққатли бўлмасин, бизникилар хитойлик ишчиларнинг илтимосини белгиланган муддатда адо этишди, уларни уялтириб қўйишмади. Мен ҳам кўпчилик қатори ишладим. Буларни, энди ҳамма ишлар изига тушиб, орадан шунча йиллар ўтиб кетгандан кейингина айтяпман. Ўша қизғин кунларда эса мен эгарда ҳали мустаҳкам ўтира олмас ва ҳаёт отини ҳам унчалик бошқара олмасдим…
Довон ортида Алибек билан учрашганимиздан сўнг автобазага келганимда, кеч кириб қолган эди. Ётоқхонага қараб йўл олдим, аммо йўл-йўлакай марказий кўча томон бурилдим. Яна чойхонага. Ўша кунларда менинг ҳушдан кетгунча ичиб, ўлгудек маст бўлгим, лоақал бир лаҳза бўлса ҳам ҳамма-ҳаммасини унутиб, тошдек қотиб ухлагим келарди. Мен ўзимни зўрлаб бўлса ҳам жуда кўп ичдим, аммо ароқ менга деярли таъсир этмади. Мен чойхонадан баттар хафа бўлиб, ғазабим қайнаб чиқдим. Тун ярмида шаҳарчада дайдиб юрдим ва нима қилаётганимни ўйлаб-пўйкаб ўтирмасдан Береговая кўчасига, Хадичанинг уйига қараб қайрилдим. У ҳам мени кутиб ўтирган экан.
Кейин ҳам аҳвол ана шундай давом этаверди. Мен икки олов ўртасида қолгандим. Кундузлари ишда, автобазада қолган кечаларим эса дарров Хадичаникига югуриб қолардим. Оёғим уникига тортиб турарди, у билан ўзимни хотиржам ва эркинроқ ҳис қилардим. У ерда гўё ўзимдан, одамлардан ва ҳақиқатдан яширингандек бўлардим. Назаримда ёлғиз Хадичагина мени тушунадигандек ва севадигандек туюларди. Уйимга келганимда эса иложи борича тезроқ жўнаб қолишга ҳаракат қилардим. Асал, азиз Асалгинам! Агар у ўзининг оқкўнгиллилиги ва софдиллиги билан мени уйдан тобора узоқлаштираётганини билса эди. У шу фазилатлари билан мени тезроқ кетиш учун баҳона топишга мажбур қиларди, чунки унга муносиб эмаслигимни, мен учун у қилган барча нарсаларга ўзимнинг сазовор эмаслигимни кўра-била туриб бу ерда ортиқ тура олмасдим. Мен уйга бир неча бор маст бўлиб келдим. Аммо у бирор марта ҳам таъна қилмасди. Ҳали-ҳалигача унинг менга нисбатан шундай муносабатда бўлганини тушуна олмайман: бўшлиги, иродасизлигиданми ёки аксинча, ўта бардошлилиги ва инсонга нисбатан ишончи туфайлими? Ҳа, у албатта менинг ўзимни қўлга олишимни, муваффақиятсизликлар устидан ғолиб келишимни ва яна аввалги ҳолимга қайтишимни кутар, бунга ишонар эди. Аммо ундан кўра мени койигани, бор ҳақиқатни виждонан айтиб беришга мажбур этгани яхшироқ эди. Эҳтимол, Асал менинг юрагимни ўртаб тирнаётган нарсалар фақат ишдаги кўнгилсизликларгина эмаслигини билганида, мендан жавоб талаб қилган бўлармиди?.. У шу кеча-кундузда менинг ҳаётимда нималар содир бўлаётганини тасаввур эта олмасди. Мен эса унга жуда ачинардим, юрак сирларимни очишни доим галга солардим. Натижада, шу тахлитда иш кўриб, унинг олдида, муҳаббатимиз олдида, оиламиз олдида бажаришим лозим бўлган бурчимни адо этишга улгура олмай қолдим.
Сўнгги марта учрашувимизда Асал мени қувонч билан, шавқ-завқ билан кутиб олди. Юзлари гулгун очилиб, кўзлари табассумдан порлар эди. У калта пўстиним ва этигимни ечирмасданоқ тўғри ичкарига судради.
— Буни қаранг, Илёс! Самад энди типпа-тик туряпти!
— Ростданми? Қани у?
— Ҳув ана — стол тагида!
— Полда эмаклаб юрибди-ку!
— Мана ҳозир кўрасиз! Қани, ўғлим, қандай туришингни дадангга бир кўрсатиб қўй! Қани тур, тура қол, Самад!
Самад ундан нима истаётганликларини тушунгандек бўлди. У стол остидан қувониб эмаклаб чиқди-да, каравот ёнида тўхтади, уни ушлаб, зўрға тикка турди. У жилмайиб, нозик оёқларида бир оз каловланиб турдида, кейин ўшандай жилмайганича «гуп» этиб полга ўтириб қолди. Чопиб бориб, уни қучоқлаб олдим-да, баданидан ёқимли сут ҳиди анқиб турган гўдакни бағримга босдим. Худди Асал каби нақадар қадрдон ва азиз эди бу ҳид.
— Секинроқ, Илёс, нафаси қайтиб кетади! — деб Асал қучоғимдан Самадни тортиб олди. — Хўш, энди нима дейсиз? Қани, энди ечининг. У тез кунда каттакон бўлиб қолади, шунда ойиси ҳам ишга боради. Ҳаммаси ўрнига тушади, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, шундаймасми, ўғилчам? Сиз-чи, — деб Асал кулимсираб, маъюс кўзлари билан менга боқди. Мен стулга ўтирдим. У ўзининг мана шу бир оғиз сўзи билан сўнгги кунлар ичи айтмоқчи бўлиб юрган, лекин айтолмай юрагида сақлаб келаётган барча гапларини баён этганини пайқадим. Бу сўзларда илтижо ҳам, таъна ҳам, умид ҳам мужассамлашган эди. Мен ўша ондаёқ унга бор гапни сўзлаб беришим ёки тезроқ бу ердан чиқиб кетишим зарур эди. Яхшиси, кета қолай. У беҳад бахтиёр эди ва ҳеч нарсадан шубҳаланмасди. Мен ўрнимдан турдим.
— Мен кетдим, — дедим.
— Қаёққа? — дея сесканиб кетди Асал. — Бугун ҳам қолмайсизми? Лоақал чой ичиб олсангизчи.
— Иложим йўқ. Кетишим керак, — деб тўнғилладим мен. — Ўзинг биласан, ҳозир иш жуда қистов…
Йўқ, мени уйдан ҳайдаётган нарса асло иш эмас эди. Ваҳоланки, йўлга эрталаб чиқишим керак эди.
Қоронғида машина ёнига келиб, кабина ўриндиғига ўзимни гурс этиб ташладим ва аламимдан инграб юбордим, моторни юргизиш учун калитни ўз ўрнига тушира олмай, анча вақтгача тимирскилаб ўтирдим. Сўнгра йўлга чиқдим, деразаларда милтиллаб турган чироқлар орқада қолиб, то кўздан ғойиб бўлгунча ҳайдаб бордим. Дарада, кўприкдан ўтишим биланоқ машинани йўлдан четга буриб, бутазорда тўхтатиб, чироқларини ўчирдим. Шу ерда тунашга аҳд қилдим. Чўнтагимдан папирос олдим. Гутурт қутисида биттагина гугурт чўпи қолган экан. У лов этиб ёндию, ўчиб қолди. Папиросни ҳам қутичага қўшиб кабина ойнасидан улоқтириб юбордим, бошимга калта пўстинни тортиб, оёқларимни йиғиштирганимча ўриндиқда букчайиб ётиб қолдим.
Қоп-қоронғи ва баҳайбат тоғлар устида ой хирагина нур сочиб турарди. Дарада шамол ҳазин гувиллар, очилиб турган кабина эшигини у ёкдан-бу ёққа тебратар эди. У шамолда оҳистагина ғижирларди. Кабинада ётар эканман, ўзимнинг бутунлай яккаю ёлғизлигимни, одамлардан, оиламдан ва автобазадаги ўртоқларимдан ажралиб қолганлигимни ҳали ҳеч қачон ҳозиргидек чуқурроқ сезмаган эдим. Бундан буён бу тахлитда ҳаёт кечириш мумкин эмас эди. Ўзимга-ўзим сўз бердим: сафардан автобазага қайтиб келишим биланоқ, Хадича билан гаплашаман, ундан мени кечиришини, икковимиз ўртамизда бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни унутишини илтимос қиламан. Шундай қилсам, виждонан ҳаққоний ва тўғри иш тутган бўламан.
Бироқ ҳаёт бу фикримни бошқачасига ҳал этди. Мен шундай бўлишини ҳеч қачон ўйламаган ва кутмаган эдим. Орадан бир кун ўтгач, эрталаб довондаги базага етиб келганимда, уйда ҳеч ким йўқ эди. Эшик ланғиллаб очилиб ётарди. Дастлаб Асал бирон ёққа: сувгами, ўтингами чиққан бўлса керак, деб ўйладим. У ёқ-бу ёққа қарадим. Хонада ҳамма нарса ивирсиб ётарди. Олов ёқилмаган, қора печкадан қандайдир ёқимсиз совуқ уриб турар, уй ҳувиллаб ётарди. Самаднинг каравоти ёнига бордим — бўм-бўш.
— Асал! — деб шивирладим даҳшат аралаш. «Асал!» — деб шивирлаб акс садо берди деворлар. Мен эшикка ўкдек отилиб чиқдим.
— Асал! — деб қичқирдим ҳовлида туриб. Ҳеч ким жавоб қилмади. Қўни-қўшниларимизникига югурдим, бензинколонкага чопиб бордим, ҳеч кимдан аниқроқ жавоб ололмадим. Одамларнинг айтишича, кеча боласини танишлариникида қолдириб, ўзи кун бўйи қаёққадир кетибди ва тунда қайтиб келибди. «У воқеадан хабар топиб кетиб қолган!» — деган даҳшатли хаёлдан чўчиб кетдим.
Умримда ҳали ҳеч қачон Тянь-Шань тоғларидан машинани ўша, мен учун бахтсиз бўлган кундагидек тез ҳайдамаган бўлсам керак. Мен нуқул қаердадир анови муюлишдан кейин ёки анови дарада, ёки яна қаердадир йўлда унга етиб оладигандек бўлавердим. Гўё бургутдек парвоз қилиб, кетиб бораётган машиналарни қувиб етардим ва уларга ёнма-ён келиб машинага тормоз берардим-да, кабина ва кузовларга кўз югуртириб чиқиб, шофёрларнинг сўкиш-койишлари остида машинани яна илгарилаб елдириб борардим. Мен шу вазиятда радиатордаги сув қайнаб кетмагунча уч соатлар чамаси машинани бетўхтов елдек учириб ҳайдадим. Кабинадан сакраб тушдим-да, радиатор устига қор соча бошладим, сўнгра йўл ёқасидаги пастликдан сув олиб чиққани югурдим. Сувни дарҳол қуйдим. Радиатордан буғ кўтарилар, машина эса пойгадан чиққан отдек уфурарди. Рулга энди ўтирмоқчи ҳам эдимки, Алибекнинг қаршидан келаётган автоприцепига кўзим тушиб қолди. Қувониб кетдим. Гарчанд биз гаплашмай, саломлашмай юрган бўлсак ҳам мабодо Асал уларникида бўлса, барибир у буни менга айтиши керак-ку. Мен йўлга югуриб чиқиб, қўлимни кўтардим-да:
— Тўхта, тўхта, Алибек! Тўхта! — деб қичқирдим.
Рулни бошқариб бораётган навбатчи йигит Алибекка савол назари билан қаради. Алибек эса хўмрайганича тескари бурилиб олди. Машина тўхтамасдан ўтиб кетди. Машина ғилдиракларидан кўтарилган қор тўзони орасида қолиб, анча вақтгача қўлимни кўтарганча туриб қолдим. Сўнгра юзимни артдим. Майли, олмоқнинг бермоғи бор-ку, ахир! Бироқ ҳозир ундан хафа бўладиган даражада эмас эдим. Демак, Асал уларникига бормапти. Бу кўнглимни баттарроқ ғаш қила бошлади. У ўз овулига кетган бўлса керак, бошқа борадиган жойи йўқ. У ота-онаси олдига қайси юз билан бордийкин ва нима деди экан уларга?
Тезда овулга жўнашим керак.
Юкни туширгач, автобаза ҳовлисига кириб ўтирмадим. Машинани кўчада қолдириб, ҳужжатларни топшириш учун диспетчерхонага югуриб кетдим. Бораётиб йўлакда Жонтой билан тўқнашиб қолдим. Унинг ёнидан ўтиб кетдим, у бўлса ортимдан жирканч ва ҳаёсизларча тиржайиб қолди.
Ҳаллослаб диспетчерхонанинг туйнукчасига бошимни суқдим-да, Хадичанинг олдига йўлланмани ташладим. У менга ғалати қилиб бир қараб қўйди. Унинг кўзларидан қандайдир безовталик ва ўзини гуноҳкордек сезаётганлиги ногоҳ сезилиб кетди.
— Тезроқ олсанг-чи! — дедим мен.
— Бирон нима бўлдими?
— Асал… уйда йўқ, кетиб қолибди!
— Ростданми? — деди ранглари оппоқ оқариб кетган Хадича ва ўрнидан турди-да, лабларини тишлаб: — Кечир, кечир мени, Илёс! Ҳаммасига мен, мен… — дея бошлади.
— Нимага мен-менлаб қолдинг! Тушунтириброқ гапирсанг-чи, қани, айт барини! — деб деспетчерхо-нанинг эшигига қараб отилдим.
— Буларнинг ҳаммаси қандай бўлганини ўзим ҳам билмай қолдим, гапларим рост, Илёс. Кеча йўлакда турувчи қоровул туйнук эшикчасини тақиллатиб, бир қиз келиб, сени сўраяпти, деди. Қоровул уни бу ерга чақирди-да, ўзи чиқиб кетди. Мен уни дарҳол танидим. У «жимгина менга тикилиб қаради: «Шулар ҳаммаси рости?»— деб сўради. Мен, мен эса довдираб қолиб, қўққисдан: «Ҳа, рост. Ҳаммаси рост. У мен билан бирга!»— деб юборибман. У чўчиб кетиб, туйнукчадан бошини шартта тортиб олди. Мен эса ошимни столга шилқ этиб ташлаганимча, жинниларга ўхшаб: «Меники у! Меники!» — деб ҳўнграб йиғлаб юбордим. У коридордан югуриб чиқиб кетди, кейин уни кўрмадим… Кечир мени…
— Шошма-шошма. У қаёқдан билдийкин?
— Жонтой айтган. Ўша, у менга ҳам дўқ қилиб юрарди. Унинг аблаҳлигини билмайсанми ахир!
— Биламан. Бироқ у бу гал ҳақиқатни айтибди.
— Сен, Илёс, бор, уни қидириб топ. Мен энди сизларга халақит бермайман. Бирон ёққа бош олиб кетаман…
Машина мени қишки чўл бағридан олиб борарди. Йўлни қалин, кўкимтир муз қоплаб ётарди. Шамол қор уюмларининг йўлларини тараб, ариқ бўйларидаги қорларни қуюн қилиб учириб, ўзи билан олис-олисларга олиб кетарди. Узоқдаги тоғ этакларида шамолда нураган деворлар ва япроқлари тўкилиб шип-шийдам бўлиб қолган овул боғлари элас-элас қорайиб турарди.
Колхозга кечқурун етиб келдим. Машинани менга таниш бўлган хонадон олдига келиб тўхтатдим, нафасимни ростлаб олиш учун папирос тутатдим сўнг унинг қолдиғини ўчириб ташладим-да, сигнал бера бошладим. Аммо Асал ўрнига елкасига пўстин ташлаб олган онаси чиқди. Мен кабина эшигини очиб, зинага тушдим ва секингина:
— Салом, опа! — дедим.
— Ҳа-а, сенмидинг! — деб ғазаб билан жавоб қилди у. — Қилар ишни қилиб қўйиб, тағин мени опа дейишга қандай тилинг борди? Йўқол бу ердан, башаранг қурсин. Саёқ, муттаҳам, лўли! Боламнинг бош-кўзини айлантириб олиб қочибди-да, яна уялмай-нетмай бурнини тортиб келганини қара-я! Беномус! Эл-юрт олдида шармандаи шармисор қилдинг…
Кампир оғиз очиргани қўймасди. У мени оғзига келган аччиқ сўзлар билан тинмай қарғар эди. Унинг бақириқ-чақириғини эшитиб, қўшни ҳовлилардан эркак-аёллар ва болалар тўплана бошладилар.
— Халойиқни чақирмасимдан, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Башаранг қурсин, турқингни сира кўрмайин! — ғазабга тўлган она пўстинини ерга улоқтириб ташлади-да, менга томон хезлаб кела бошлади.
— Ҳой, яхшиликча жўнаб қол бу ердан! — деди аллақандай бир киши йўлга томон қўлини ишора қилиб дағдаға билан.
Йўлга тушишдан бошқа илож қолмаган эди. Ахир мени Асал ҳатто кўришни ҳам истамагандан кейин кетиш керак эдида. Машинамга тош ва таёқлар отила бошлади. Болалар мени овулдан ана шундай ҳайдаб қолишди. Нега шундай қилишди экан? Эҳтимол, улар мени бу кампирни ҳақорат қилиб, хафа қилган деб ўйлашдимикин ? Ёки бирон каллакесар деб ўйлашган бўлса керак…
Ўша туни кўл бўйида узоқ дайдиб юрдим. Ой нурида жилоланаётган кўл тўлқин уриб, ўзини қўйишга жой топа олмасди. Ў, Иссиқкўл, мангу қайноқ кўл! Ўша тун муздек совуқ эдинг, илтифотсизлик билан қарши олган эдинг. Мен тўнтарилиб ётган қайиқ устида ўтирарлим. Қирғоқдаги саёзликлар сари ўркач-ўркач бўлиб ёпирилиб келаётган тўлқинлар зарб билан этикларимнинг қўнжига урилар ва пишқириб яна орқага қайтар эдилар.
Сўнг аллаким менга яқинлашиб келди-да, елкамга секингина қўлини қўйди. Бу Хадича эди.

21

CHINGIZ AYTMATOV
SARVQOMAT DILBARIM
Qissaning ikkinchi qismi
03

* * *

Bu baxtsizlikka qanday yo‘liqib qolganimni hozir qaytadan bayon etish ancha mushkul. Hammasi aralash-quralash bo‘lib, chigallashib ketdi… O‘zim-ku, bilaman-a, ammo bundan nima foyda…

Bu odam bilan hech qachon uchrashmagan edik. Uning bu ishlarga hech qanday aloqasi ham yo‘q edi. Men buni shuning uchun gapiryapmanki, haqiqatan ham na u, na men bir-birimizning bu yorug‘ dunyoda shunday yashayotganimizni bilmas edik. Bir kuni yo‘lda tasodifan uchrashib qoldik va bu bizning so‘nggi uchrashuvimiz emasligiga o‘zimiz ham shubha qilmay ajralishgan edik. Bor gap shu…

Kech kuzda safarga ketmoqda edim. Havo kishini zeriktiradigan tund edi. Osmondan qormi, yomg‘irmi, qandaydir mayda zarrachalar yog‘ardi. Tuman xuddi sumalak singari tog‘ yonbag‘irlari bo‘ylab chizilib ketgan edi. Butun yo‘l bo‘yi kabina oynasini artib turadigan cho‘tkani muttasil ishlatib qo‘yishga to‘g‘ri keldi. Men tog‘ oralab xiyla ichkariga kirib borib, Do‘lan dovoniga yaqinlashib qolgan edim.

Eh, Do‘lan, Do‘lan, Tyan-Shanning bahaybat beli! Umrimning qanchadan qancha sahifalari u bilan bog‘liq! Qatnov yo‘limizning eng og‘ir, eng xavfli qismi ham shu yer edi. Yo‘l ilonizi bo‘lib, goh u yoqqa buriladi, goh bu yoqqa. Charxpalakda uchgandek tobora qiyalab yuqoriga ko‘tarilib, bulutlarni g‘ildirak bilan yanchib o‘tayotgandek bo‘lasan. Goh seni o‘tirg‘ichga siqib, orqaga jipslab qo‘yadi, goh rulga yopishganingcha mashina seni pastga olib qochadi. Buning ustiga quturgan tuyadek havosini aytmaysanmi. Yozmi-qishmi, Do‘landa, baribir. Bir zumda do‘lmi, yomg‘irmi savalab ketadi yoki bo‘lmasa, shunaqayam qor bo‘roni turib beradiki, bir qadam naridagi narsani ham ko‘ra olmaysan. Mana shunday bizning oq sochli Do‘lan!.. Ammo biz tyan -shanliklar unga ko‘nikib qolganmiz, ko‘pincha, tunda qatnardik… Men bularni hozir hikoya qilib beryapman, u yerdan qatnab yurgan paytlarda esa bu hakda o‘ylashga ham vaqting bo‘lmasdi.

Do‘lan yaqinidagi daralardan birida yuk mashinasiga quvib yetib oldim. Bu «GAZ-51» mashinasi ekanligi aniq yodimda. To‘g‘rirog‘i, quvib yetganim yo‘q, uning o‘zi to‘xtab turgan ekan. Ikki kishi motorni tekshirish bilan ovora edi. Ulardan biri yo‘l o‘rtasiga bamaylixotir chiqdi-da, qo‘lini ko‘tardi. Yo‘lni to‘sib qo‘ymaslik uchun ulardan o‘tibroq to‘xtadim. Oldimga jiqqa ho‘l brezent plash kiygan, boshiga kapyushon yopingan kishi keldi. Yoshi qirqlarga borib qolgan, qo‘ng‘ir mo‘ylovi soldatchasiga cho‘tkasimon qilib qirqilgan, qovog‘i soliqroq, ko‘zlari esa muloyim tikilardi.

— Yo‘l uchastkasiga eltib qo‘y, yigit, — dedi u menga. — Motor ishlamay qoldi, traktor keltiramiz.

— Qaysi uchastkaga? — deb so‘radim. Chunki yo‘l tuzatish uchastkalari ko‘p edi, bunday uchastkalar deyarli har o‘n besh-yigirma kilometrda bo‘lardi.

— Do‘landagi meteostantsiyaga yetmasdan bir oz berirokdagisiga.

Meteostantsiya dovonning eng baland yerida, yo‘l tuzatish uchastkasi esa yetti kilometrlar chamasi pastda, yo‘ldan sal chetroqda, burilishda joylashgan edi.

— O‘tiring, — dedim, — olib borib qo‘yaman. Balki o‘zimiz biror ilojini toparmiz? — deb kabinadan chiqdim. Ular traktor deb to kech kirguncha sarson bo‘lmasin uchun bir amallab yordam bergim keldi. Yo‘l tuzatuvchilarga azbaroyi hurmatim tufayli shunday qilgim kelardi: axir ular albatta biz uchun zahmat chekyaptilar-da.

— Nima ham qila olarding, olov olmayotibdi, — dedi shofyor ochiq turgan kapotni bekitarkan, ma’yuslik bilan. Bechora sovuq yob, junjikib, ko‘karib ketibdi. Bu yerlik shofyorlardan emasligi ko‘rinib turibdi, poytaxtdan kelayotgan bo‘lsa kerak. U dovdirab atrofga alanglardi. Ular uchastkaga Frunzedan nimadir olib kelishayotgan edi. Nima qilish kerak? Miyamga bir qiziq fikr kelib qoldi. Avval dovonga bir qarab qo‘ydim. U yoqda havoning avzoyi buzuq, bulutlar pastlab suzardi. Nihoyat bir qarorga keldim. O‘ylagan fikrim juda zo‘r bo‘lmasa ham men uchun o‘sha paytda g‘oyat katta revolyutsion voqea bo‘lib ko‘ringan edi.

— Tormozing joyidami? — deb so‘radim shofyordan.

— Ana xolos… tormozsiz yurib bo‘ladimi! Motor ishlamayapti deyapmiz-ku senga!..

— Trossing bormi?

— Xo‘sh, bo‘lsa-chi!

— Buyoqqa keltir, mashinamga ula.

Ikkalasi ham joylaridan jilmay, ishonqiramagandek menga tikilib turishardi.
— Nima balo, aqlingdan ozdingmi? — dedi shofyor sekingina.

Xarakterim shunaqa, bilmadim, bu yaxshimi, yomonmi. Biroq bundan qat’i nazar, miyamga bir fikr keldimi, bo‘ldi, kuyib-yonib ketsam ham baribir uni amalga oshirmaguncha qo‘ymayman.

Men shofyorga yalinib-yolvora boshladim.
— Jon do‘stim, kel, ulay qolaylik? Xudo ursin, yetkazib qo‘yaman.

— Qo‘ysang-chi! — deb qo‘l siltadi u. — Nima, bu yerda shatakka olish mumkin emasligini bilmaysanmi. Buni o‘ylamay ham qo‘ya qol. Bor, yo‘qol, yo‘lingdan qol-ma!..

U go‘yo eng muhim va eng katta iltimosimni rad qilgandek, shunaqayam alam qildiki menga.

— Eh, eshshak, qo‘rqoq! — deb mashinamga qarab yurdim. — Qani, yuring, ketdik! — deb chaqirdim mo‘ylovli kishini. Keyinroq bilsam, u yo‘l tuzatadigan ustalardan ekan.
— Tura tur! — deb to‘xtatdi meni yo‘l tuzatuvchi va yuzimga bir tikildi-da, shofyorga qarab:

— Trossni keltir, — dedi. U kalovlab qolib:

— O‘zingiz javob berasiz, — dedi yo‘l tuzatuvchi-ga. — Mashina sizning ixtiyoringizda, Boytemir aka.

— Hammamiz javobgarmiz! — dedi u qisqa qilib. Menga bu gap yoqib qoldi. Bunday kishilarga tezda hurmating ortadi.

Biz haligi mashinani shatakka olib yo‘lga tushdik. Dastlab durustgina yurib boraverdik. So‘ngra Do‘langa yaqinlashaverganimiz sari yo‘l ham tobora yuqoriga — toqqa tomon ko‘tarilib, goh yonbag‘irlar bo‘ylab, goh tik qiyalik bo‘ylab pastlab borardi. Yurish qiyinlashdi. Motor ingrab, quloq ostida faqat guvillagan ovozgina eshitilardi. Yo‘q, qanchalik nolish qilib ingrama, baribir bor quvvatingni ishga solaman. Do‘landa yurish qanchalik mushkul bo‘lmasin, baribir mashinalarda ozmi-ko‘pmi ortiqcha quvvat saqlanib qolishini ilgaridan payqab yurardim. Yo‘lning yomonligini nazarga olib, hamma vaqt normadagi yukning yetmish foyizini yuklashar edi. Ko‘rsatma shunday edi. Lekin o‘sha payt men bu haqda o‘ylamagandim, albatta. O‘ylab o‘tirishning vaqti ham emasdi-da. Kurash oldidan sportchilarda g‘alabaga zo‘r ishonch kuchi paydo bo‘lganidek, menda ham hozir xuddi shuningdek mo‘jizakor kuch jo‘sh urardi. O‘ylagan fikrimni sinab ko‘rish, maqsadga erishish, mashinani manzilga yetkazishda ularga yordamlashishdan bo‘lak maqsadni ko‘zlamasdim. Ammo buni amalga oshirish oson ish emas ekan.

Ostimdagi mashina qalt-qalt titrab, zo‘riqib, so‘nggi kuchlarini sarflamoqda edi. Nam havo kabina oynalariga urilib, uni xiralashtirar, tozalov cho‘tkasi zo‘rg‘a artib ulgurardi. Qayoqdandir bulutlar yopirilib kelib, naq g‘ildiraklar ostida o‘rmalashib, yo‘l uzra suza boshladi. Yo‘l ham muyulishlarda tikka ko‘tarilib keskin burilib ketardi. Qayoqdagi ishni boshlab qo‘yganim uchun o‘zimni o‘zim koyiy boshladim: odamlarga shikast yetkazib qo‘ymasam edi. Mashinadan ko‘ra o‘zim ko‘proq qiynalib ketdim. Ust-boshimni: shapka, fufayka, kamzul, to‘r ko‘ylagimni — hammasini yechib tashladim. Birgina ko‘ylaqda o‘tiribman-u hammayog‘imdan xuddi hammomda o‘tirgandek bug‘ ko‘tarilardi. Hazil ishmi: shatakdagi mashinaning o‘zi qancha-yu, ustiga-ustak yana ozmuncha yuki bormi, yaxshiyamki, Boytemir zinada turgandi. Menga ovoz bilan orqadagiga imo-ishora qilib, harakatni boshqarib borardi. Qing‘ir-qiyshiq, past-baland yo‘llar bo‘ylab tirmashib, o‘rmalab borarkanmiz, hoynahoy falokatdan o‘zini saklab qolish uchun sabr-toqati chidamay, oxiri sakrab tushib qolsa kerak, deb o‘ylagan edim. Aksincha, u qimir ham etmadi. Tog‘ tepasiga qo‘ngan burgutdek mahkam o‘rnashib olib, kabinaga yopishib turardi. Unga qaradim: yuzlari go‘yo toshdan yo‘nilgandek osoyishta, suv tomchilari betlaridan, mo‘ylovidan sirqib tushib, ko‘ngli yengil tortayotgandek edi.

Biz yana bir katta qiyalikdan oshsak, marraga yetardik. Shu payt Boytemir derazaga engashib:
— Ehtiyot bo‘l, oldinda mashina kelyapti! O‘ngroqqa ol, — dedi.

Men mashinani o‘ngroqqa oldim. Tog‘ tepasidan yuk mashinasi tushib kelayotgan edi. Jontoyniki! Endi tamom, xavfsizlik injeneri rosa boplaydigan bo‘ldi: Jontoy chaqib beradi. U borgan sari yaqinlashib kelmoqda edi. Rulga yopishib olgan, xo‘mraygancha pastga tomon tushib kelardi.

Biz yonma-yon kelib qoldik. Kabina derazalari ro‘baro‘ kelganda Jontoy o‘zini orqaga oldi va mallarang tulki tumoqli boshini ta’naomuz tebratib qo‘ydi. «He, iblis! Tiling qichigan bo‘lsa, og‘zingga siqquncha gapiraver!» — deb o‘yladim ichimda.

Tepalikka ham chiqib oldik, yo‘l pastga tomon juda qiyalab ketardi, dovondagi ana shu so‘nggi marrani ham qo‘lga kiritsak, yo‘l tuzatish uchastka hovlisiga burilamiz. Mashinani o‘sha tomonga burdim. Harholda sudrab olib keldimku! Motorni o‘chirdim, qulog‘imga hech narsa kirmasdi. Qulog‘im bitib qolibdi. Nazarimda, men emas, balki butun borliq chuqur uyquga cho‘mgandek bo‘ldi. Churq etgan ovoz yo‘q, Boytemir yerga sakrab tushgandagina qulog‘im eshita boshladi. Kabinadan arang sudralib chiqdim va shu zahotiyoq zinaga o‘tirib qoldim. Nafasim qisilardi, madordan ketgan edim, buning ustiga dovonning havosi siyrak edi. Boytemir yugurib keldi-da, yelkamga fufaykani tashlab, boshimga shapkani bostirib kiygizdi. Narigi mashinadan rangi oqarib, dami ichiga tushib ketgan haligi shofyor ham sekingina oqsoqlanib kelaverdi. U oldimda cho‘qqayib o‘tirdi-da, sigareta uzatdi. Qo‘llarim qaltirab, sigaretani oldim. Hammamiz chekib olganimizdan so‘ng o‘zimizga keldik. Menda yana o‘sha la’nati yovvoyi kuch jo‘sh urib ketdi.
— He-e, qalay! — dedim men. — Ko‘rdingmi! Shofyorning yelkasiga bir tushirgandim, u o‘tirib qoldi. So‘ng uchovimiz ham o‘rnimizdan sakrab turdik-da, bir-birimizning orqamizga, yelkamizga

tushira ketdik. O‘zimiz esa qahqahlab kulib, allanimalar deb quvonch bilan qichqirib, baqirishib to‘polon ko‘tardik… Nihoyat tinchlanib, yana cheka boshladik. Men kiyimlarimni kiyib, soatimga qaradim-u ketishim kerakligi «lop» etib esimga tushib qoldi.

— Xo‘p, men borayin! — dedim. Boytemirning qovog‘i osildi:

— Yo‘q, uyga kiramiz, mehmonimiz bo‘lasan! — dedi. Mening esa biron daqiqa ham vaqtim yo‘q edi.

— Rahmat! — deb minnatdorchilik bildirdim. — Ilojim yo‘q. Uyimga kirib o‘tmoqchiman, xotinim kutib o‘tirgandir.

— Qola qolsang nima bo‘lardi? Bir shishani qoqib tashlardik, — dedi ko‘ndirmoqchi bo‘lib yangi do‘stim shofyor yigit.
— Qo‘y, zo‘rlama! — deb uning so‘zini bo‘ldi Boytemir. — Xotini kutayotgan ekan. Isming nima seni?

— Ilyos.

— Mayli, boraver, Ilyos. Rahmat senga, bizni qutqarganing uchun.

Boytemir mashina zinasida turib meni to yo‘lgacha kuzatib qo‘ydi. U indamay qo‘limni qisdi-da, mashinadan sakrab tushib qoldi.

Tog‘ tepasiga ko‘tarilayotib, kabinadan boshimni chiqarib qaradim. Boytemir hamon yo‘lda turardi. Qo‘lida shapkasini g‘ijimlab, kallasini quyi solganicha allanimalar haqida o‘ylardi.

Bor gap shu, ana shunday qilib biz ajrashdik.
Ammo o‘sha kecha tuni bilan qiynalib chiqdim. Shamollab qolgan ekanman. Uyga kelganimda hech narsani sezmagan edim. Tezda ovqatlanib oldim. Asalga voqeani batafsil gapirib o‘tirmadim. Lekin yo‘lda odamlarga yordamlashganim uchun kechikib qolganimni aytdim, xolos. Men o‘z hayotimni qaylig‘imdan yashirmasdim. Ammo, menimcha, bunday narsalarning hammasini aytaverish ham zarur emas edi. U busiz ham mendan doim xavotir olib o‘tirardi. Bundan tashqari, men bunday nojo‘ya ishlarni takrorlash niyatida ham emas edim. Hayotimda bunday voqea bir bo‘ldi, dovon bilan kuch sinashib ko‘rdim, bas. Ehtimol, yo‘ldan og‘rib qaytmaganimda, buni ertasigayoq unutgan bo‘lar edim. Uyga bir amallab yetib keldim-u holdan toyib yiqildim. Nima bo‘ldi, qanday bo‘ldi, bilmayman. Hadeb alahlardim, go‘yo mashinani shatakka olib, Do‘landa kelayotgandek bo‘laverdim. Kuchli qor bo‘roni yuzimga urilar, nafas ololmay qiynalardim, baranka xuddi paxtadan yasangandek, aylantirsam qo‘llarimga yopishib qolardi. Oldinda esa cheki chegarasi yo‘q dovon. Mashina radiatori tinmay guvillab ko‘kka qarab tirmashib borar va yana balandlikdan pastga tomon shuvillab tushib ketar edi…
Aftidan, bu kasallik dovoni bo‘lsa kerak. Uni men uchinchi kuni yengib, yengil torta boshladim. Yana ikki kun yotdim. O‘zimni yaxshi his etardim, o‘rnimdan turmoqchi ham bo‘ldim, ammo Asal hech ko‘nmadi. To‘shakda yana ikki kun yotishga majbur qildi. Unga qararkanman, hayratda qoldim. Men kasal bo‘ldimmi yoki umi? Shunchalik qiynalib tashvish tortibdiki, kishi tanib bo‘lmaydi, ko‘zlarining osti ko‘kimtir halqa-halqa bo‘lib, ozib ketibdi, qattiqroq puflasang yiqilib ketayotgandek, uning ustiga, qo‘lida bolasi. Yo‘q, bunaqasi ketmaydi, degan qarorga keldim. Taltayib yotishga haqim yo‘q. U dam olishi kerak. O‘rnimdan turib, kiyina boshladim.

— Asal! — deb chaqirdim sekin. O‘g‘ilcham uxlab yotardi. — Qo‘shnilar bilan gaplashib ko‘r, ko‘nishsa Samadni qoldirib, kinoga borib kelamiz!

U karavot yoniga chopib keldi-da, meni yana yotqizib qo‘ydi. Xuddi birinchi marta ko‘rayotgandek mendan ko‘zini uzmasdi. Ko‘z yoshlarini tutishga urinardi-yu, ammo ular kipriklari ostida yiltirab, lablari titrardi. Asal ko‘ksimga yuzini qo‘yib, yig‘lab yubordi.
— Senga nima bo‘ldi, Asal? Nima bo‘ldi? — deb dovdirab qoldim men.

— Sizning sog‘ayib ketganingizdan o‘zimda yo‘q xursandman.

— O‘zim ham xursandman, ammo yig‘lashning nima keragi bor. Sal mazam qochsa qochibdi-da. Qaytaga uyda sen bilan bir necha kun birga bo‘ldim, Samad bilan ham o‘ynab xumordan chiqdik. — O‘g‘limning allaqachon emaklay boshlagan, endi esa yurishga shaylanayotgan eng yaxshi, eng shirin chog‘lari edi. — Rostini aytsam, yana bir shunday kasal bo‘lsam qaniydi! — dedim hazillashib.

— Qo‘ysangizchi shunaqa gapni, keragi yo‘q! — deb jerkib berdi Asal.

Shu payt karavotchada uxlab yotgan o‘g‘ilcham uyg‘onib qoldi. Asal uni iliqqinaligicha ko‘tarib keldi. Uchovimiz karavotga ag‘anab, to‘polon qilib hazillashardik, Samad esa ayiqchadek u yokdan-bu yoqqa o‘rmalab, bizni tepkilar edi.

— Mana ko‘ryapsanmi, qanday yaxshi! — dedim unga. — Sen bo‘lsang… Tura tur hali, yaqinda ota-onangning oldiga — ovulga boramiz. Qani gunohimizni kechirmay ko‘rishsin-chi. Samadni ko‘riboq zavqlanib ketib, hammasini unutib yuborishadi…

Ha, ovulga kechirim so‘rab borish niyatida edik. Ammo avvalo otpuska olish, so‘ngra Asalning ota-onasidan tortib barcha qarindosh urug‘larigacha sovg‘a-salomlar tayyorlash lozim edi. U yoqqa quruqdan-quruq borishni istamas edim.

Bu orada qish ham kirib qoldi. Tyan-Shanning qishi qattiq bo‘ladi. Kuchli dovul, qor bo‘ronlari va tog‘dan qor ko‘chish hodisalari tez-tez bo‘lib turardi. Bunday paytlarda shofyorlarga tashvish yana ortardi, yo‘l tuzatuvchilarga esa yana ham qiyinroq bo‘lardi. Ular tog‘lardan ko‘chib turadigan qor uyumlariga qarshi kurash olib borar va qor o‘pirilib tushishi mumkin bo‘lgan xavfli yerlarni oldindanoq portlatishib, darhol yo‘lni tozalab qo‘yishar edi. To‘g‘ri, o‘sha yilgi qish bir oz tinchroq o‘tgan edi. Yoki menga shunday ko‘ringandir, chunki ish shunchalik ko‘p ediki, uncha-muncha narsalarga e’tibor bermasdik. O‘sha yili bizning avtobazaga kutilmaganda katta qo‘shimcha topshiriq berishdi. Aniqrog‘i, bunday katta topshiriqni olishga biz shofyorlar o‘zimiz sababchi bo‘lgan edik, shaxsan men uning tashabbuskori edim. Men bunga hozir ham afsuslanmayman va ma’qul ish qilganman, deb hisoblayman. Ammo, nazarimda, mening barcha musibatlarim xuddi shundan boshlangandek tuyuladi. Voqea bunday bulgan edi.
Bir kuni kechqurun avtobazaga qaytib kelayotgan edim. Asal mendan Alibek Jonturinning xotiniga kichik bir tuguncha berib yubordi. Men mashinani ularning uyi tomon burib, signal berdim. Alibekning xotini chiqdi. Unga haligi tugunchani berayotib:

— Alibek uydami? — deb so‘radim.
— Yo‘q, hali kelganicha yo‘q.

— Qayoqda u, yo‘ldami?

— Yo‘g‘-a, bugun yo‘lga chiqqani yo‘q, keyinroq borarmish. Nimagadir u yoqdan-bu yoqqa zir yugurib yuribdi. Aytishicha, xitoylik ishchilar avtobazaga telegramma yuborishgan emish.
— U yoqda nima gap bo‘libdi?

— Zavod uchun asbob-uskunalarni tezroq yetkazib berishni iltimos qilishibdi,

— Qanaqa asbob-uskuna? Sintszyanda qurilayotgan qishloq xo‘jalik mashinalari zavodi uchunmi?

— Bilmadim, Ilyos. O‘zing eshitib qolarsan.

— Hozir Alibek qaerdaykin?

— Qaerda bo‘lardi. Yuk tushirish stantsiyasida-da, hamma o‘sha yerda. Eshelonlar kelganmish. Men ham mashinani o‘sha yoqqa tomon haydadim. Nima gap o‘zi, aniqlab olay dedim-da. Mana,

yetib ham keldim. Bizning yuk tushirish stantsiyamiz darada, ko‘ldan sal berida joylashgan bo‘lib, temir yo‘lning so‘nggi stantsiyasi edi. U yerda g‘ala-g‘ovur, g‘ira-shira qorong‘i, hech narsani payqab bo‘lmasdi. Dara tomondan esayotgan kuchli shamol simyog‘ochlardagi chiroqlarni tebratar, shuvillab shpallarni yalab o‘tardi. Vagonlarni bir-biriga tirkab yurgan parovozlar u yokdan-bu yoqqa qatnab turardi. Eng chekkadagi yo‘lda turgan kran ilgaklarini ko‘tarib, tebranganicha, vagonlardagi sim va tunuka tasmachalar bilan tang‘ib, mixlab tashlangan yashiklarni tushirayotgan edi. Yanglishmabman. Bu Sin-tszyandagi mashinasozlik zavodiga yuboriladigan tranzit yuklar edi. U yerda yirik inshoot qurilayotgandi. Avvallari ham biz u yoqqa ba’zi asbob-uskunalarni olib borgan edik.

Avtobazamiz mashinalaridan talayginasi shu yerda ekan. Biroq hali ularning birontasi ham yuk ortmay turardi. Hamma shofyorlar nimanidir kutishayotgandek edi. Ular kabinalarda, mashina zinalarida o‘tirishardi. Ba’zilar shamoldan panalanib, yashiklarga suyanib olishgandi. Men ular bilan salomlashdim. Biron kimsa menga e’tibor ham bermadi. Papiroslarini tutatishib, sukut saqlab turishardi. Chetroqda o‘tirgan Alibekni ko‘rib qoldim. Uning oldiga bordim.
— Salom, Alibek!

— Salom!

— Nima qilyapsizlar? Telegramma olibsizlarmi?

— Ha. Zavodni muddatidan ilgari ishga tushirishmoqchi.

— Xo‘sh, nima bo‘pti?

— Endi gap bizda qoldi.

— Rostdanmi?

— Ko‘ryapsanmi, butun yo‘l yoqalari yukka to‘lib ketibdi. Hali yana keladi. Bularni qachon tashib ulguramiz? Bu haqda o‘ylayapsanmi? Odamlar bizga ishonib, u yokda kutishmoqda!.. Ularga har bir kun g‘animat.

— Sen bularni nega menga gapiryapsan? Mening bu ishlarga nima daxlim bor?

— Nima daxlim bor?! Bu nima deganing, yo boshqa mamlakatdan kelganmisan? Yoki bizga naqadar muhim ish topshirilganini tushunmaysanmi?
— Azbaroyi xudo, aqldan ozibsan! — deb ajablanib, o‘zimni chetga oldim.

Shu payt yashiklar orqasidan ovozlar eshitilib qoldi. Avtobazamiz boshlig‘i Omonjo‘lov ko‘rindi. U kamzulining etagi bilan shamolni to‘sib, pana qilib papiros tutatdi-da, so‘ngra indamay hammamizga bir-bir nazar tashlab chiqdi.

— Gap mana bunday, o‘rtoqlar, — dedi u, — ministrlikka telefon qylib ko‘raman, balki yordam berishar. Ammo bunga orqa qilish kerak emas. Nima qilish kerakligini hozircha o‘zim ham bilmay turibman.
— Buni uddalash qiyin, o‘rtoq Omonjo‘lov! — dedi kimdir. — Yuklar juda og‘ir, qo‘pol, ortishga ham, joylashtirishga ham noqulay. Kuzovga ikki-uchtadan ortig‘i sig‘maydi. Mabodo kechayu kunduz ishlaganimizda ham, xudoga shukur, ko‘klamgacha yetadigan ish bor.

— Hamma gap shunda-da, — dedi Omonjo‘lov. — Ammo ilojini topishimiz kerak. Xo‘p, hozircha uy-uyimizga tarqalaylik. Sizlar ham o‘zlaringizcha o‘ylab ko‘ring!

U «Gazik»ka o‘tirib jo‘nab ketdi. Shofyorlardan birontasi ham joyidan qo‘zg‘almadi. Ular negadir shoshilmasdilar. Qorong‘i burchakda o‘tirgan allaqanday kishi, hech kimga murojaat qilmay, o‘zicha do‘rillab gapirdi:
— Bo‘lmag‘ur ish! Ikki oyoqni bir etikka tiqib bo‘lmaydi! Bu haqda ilgariroq o‘ylash kerak edi! — deb o‘rnidan turib, papiros qoldig‘ini o‘chirdi-da, mashinasi tomon ketdi.

Uni boshqa shofyor quvvatladi:

— Bizda doim shu ahvol, ish qistalang keldimi, bo‘ldi, qutqaringlar, jon og‘aynilar, deb darhol shofyorlarga osilishgani osilishgan.

Odamlar unga o‘shqirib berishdi:

— Bu xalqaro ish-ku, Ismoil, sen bo‘lsang bozorchi shallaqi xotinlarga o‘xshab vaysayapsan-a! Men munozara-tortishuvlarga qo‘shilmay turardim. Ammo birdan miyamga bir fikr kelib qoldi:

dovonda mashinani qanday shatakka olganim yodimga tugndi. Chidab tura olmadim-da, har vaqtdagidek qizishib ketib:

— O‘ylab o‘tirishning nima keragi bor! — deb o‘rtaga otilib chiqdim. — Mashinalarga pritsep ulash kerak!

Hech kim qimir etmasdi. Ba’zilar hatto menga qayrilib qaramadi ham. Bunday fikrni faqat telbalargina aytishi mumkin edi.
Jontoy sekingina hushtak chalib qo‘ydi:

— Ko‘rdinglarmi!

Men uning ovozidan tanidim. Turgan yerimda har tomonga alanglayman, bo‘lgan ishni birma-bir so‘zlab bergim kelyapti. Ammo qandaydir so‘loqmonday yigit yashik ustidan tushib, qo‘lqopini yonidagi sherigiga berdi-da, oldimga yaqin kelib, yoqamdan ushlab, o‘zi tomon tortib:

— Qani, «uff» de-chi! — dedi.

— Uff! — deb pufladim men.

— Kayfi yo‘q! — dedi u yoqamni bo‘shatarkan, hayron bo‘lib.

— Bo‘lmasa, jinni-minni bo‘lgandirda, — dedi haligi yigitning sherigi uni quvvatlagandek va ikkalasi ham mashinalariga o‘tirishib, jo‘nab ketishdi. Boshqalar ham ketishga hozirlanib, o‘rinlaridan jimgina qo‘zg‘alishdi. Hech qachon bunchalik kulgi, bunchalik mulzam bo‘lmagan edim! Yer yorilmadi-yu, yerga kirmadim.

— To‘xtanglar! Qayoqqa ketyapsizlar! — deb shofyorlar orasida alanglab, u yoqdan-bu yoqqa yugura boshladim. — Men hazil qilayotganim yo‘q, haqiqatan ham pritseplar ulash mumkin…
Keksa, oqsoqol shofyorlardan biri jahli chiqib, oldimga keldi-da:

— Men bu yerda shofyorlik qila boshlagan paytlarimda sen hali ishtonchan yurgan go‘dak eding. Tyan-Shan tantsa maydoni emas, senga juda rahmim kelyapti, xalq o‘rtasida masxarabozlik qilma! — dedi.

Odamlar meni masxara qilishib, mashinalariga tarqala boshladilar. Shunda men butun stantsiyani boshimga ko‘tarib baqirdim:
— Sizlar shofyor emas, xotinchalishlarsiz!

Buni bekor qilgan ekanman, boshimga balo orttirib oldim.
Hamma to‘xtab, baravariga menga qarab yopirilib kela boshladi:

— Nima deding, ablah! Ko‘pchilikning hayoti bilan o‘ynashmoqchimisan!
— Novator! Mukofot olmoqchi! — deb shovqin soldi Jontoy. G‘ala-g‘ovur zo‘rayib ketdi, odamlar meni iskanjaga olib, yashiklarga qisib qo‘yishdi.
— Masxara qilyapsanmi hali!

— Sol tumshug‘iga!

— Mishig‘ingni artib olsang-chi!

Do‘pposlab, dabdala qilib tashlashsa kerak, deb o‘ylab, yerdagi yotgan taxtani qo‘limga oldim.
— Qani, chetroq tur, yo‘l ber! — deb hushtak chalib, kimdir hammani itarib-surib kela boshladi. Bu Alibek edi.

— Jim! — deb baqirdi u. — Sen, Ilyos, tushuntirib gapir! Tezroq so‘zlay qol!

— E, nimani gapiraman! — dedim men nafasim bo‘g‘zimga tiqilib. Chunki hali og‘iz ochishga ulgurmasdanoq yulib-tortqilashib, tugmamdan birontasini ham qoldirishmay uzib yuborishgandi. — Men dovonda bir mashinani yuki bilan shatakka olib, yo‘l tuzatuvchilar uchastkasigacha oborib qo‘yganman. Bor gap shu.

Yigitlar ishonmagandek jim bo‘lib qolishdi.

— Xo‘sh, torta oldingmi? — deb so‘radi kimdir shubhalanib.

— Ha, butun Do‘landan to uchastka hovlisigacha tortib bordim.

— Ho, juda zo‘r-u! — dedi kimdir ajablanib.

— O‘zicha valdirayapti-da! — deb e’tiroz bildirdi ikkinchi biri.

— Faqat muttahamlargina valdiraydi. Buni Jontoy ham ko‘rgan. Hoy, Jontoy, qayoqdasan? Ayt! Qanday uchrashganimiz esingdami?..

Ammo Jontoyning ovozi chiqmasdi. U yer yorilib, yerga kirib ketgandek, g‘oyib bo‘ldi-qo‘ydi. U ablahdan nafratlanib yurganim bejiz emas edi. Hozir buni o‘ylab turadigan vaqt emasdi. Odamlar bahslashib ketdi. Meni quvvatlagan odamlar ham bo‘lishdi. Biroq qandaydir bir shakkok chiqib, birdaniga ularni fikrlaridan qaytardi-qo‘ydi:
— Bekorchi gap sotishning nima keragi bor! — deya to‘ng‘illay boshladi u. — Birov bir ishni bir marta qilsa qilibdi-da! Bunday hodisalar ozmi! Biz yosh bola emasmiz. Trassamizda pritseplar ulab yurish man etilgap. Bunga hech kim ruxsat ham bermaydi. Mehnat xavfsizligi injenerlariga shunday deb ko‘r-chi, nima derkin: shunaqayam boplasinki, dodingni xudoga ayt-gin. Sizlarni deb javobgarlikka tortilishni xohlamasa kerak… Gapning o‘g‘il bolasi shu.

— E, qo‘ysang-chi! — deb gapga aralashdi boshqa birov. — Ruxsat bermaydi deganing nimasi! Mana, Ivan Stepanovich o‘ttizinchi yillarda polutorka mashinada dovonni birinchi bo‘lib ochgan. Unga ham hech kim ruxsat bermagan edi. U o‘z bilgicha qilgandi bu ishni. Mana o‘zi, hali o‘lganicha yo‘q…
— Ha, darvoqe, shunday bo‘lgan edi, — deb tasdiqladi Ivan Stepanovich. — Ammo hozir shubhalanib turibman: axir bu yerdan hatto yozda ham hech kim pritsep bilan o‘tgan emas, hozir esa qish…

Shu paytgacha indamay o‘tirgan Alibek gapga aralashdi:

— Yetar shuncha tortishganimiz. Ilyosning taklifi hali sinab ko‘rilmagan narsa bo‘lsa ham o‘ylab ko‘rish kerak. Lekin sen aytgancha emas, Ilyos, pritsepni ulaymiz-u ketavermaymiz. Bunday qilish yaramaydi, oldin bunga hozirlik ko‘rish, hammasini jiddiy o‘ylab chiqish, maslahatlashish va sinab ko‘rish kerak. Quruq so‘z bilan hech narsani isbotlay olmaysan…

— Isbotlayman! — dedim men unga. — Sizlar o‘ylab, fol ochib bo‘lgunlaringizcha, men isbotlab beraman! Ana o‘shanda ishonch hosil qilasizlar! — deb burilib mashina tomon yurdim va avtobazaga jo‘nab ketdim.
Har kimning o‘z xulqi, fe’l-atvori bor. Ularni boshqarib turish kerak, albatta, biroq bunga hamma vaqt ham muyassar bo‘lavermaydi kishi. Rul boshqarib borayotgan bo‘lsam ham na ostimdagi mashinani, na yo‘lni his etardim. Dard-alam, xafagarchilik va asabiylik butun vujudimni egallab olgandi. Boyagi so‘zlar borgan sari izzat-nafsimga qattiq tegib, yurakni o‘rtab tutaqtirayotgan edi. Yo‘q, men sizlarga isbotlab berganim bo‘lsin! Odamning so‘ziga ishonish kerakligini isbotlab beraman, uning ustidan kulish qandayligini ko‘rsatib qo‘yay, ehtiyotkorlik bilan orqa-oldingga qarab ish ko‘rish qanaqa bo‘lishini bir isbotlab beray! Alibekka ham qoyilman: o‘yiab ko‘rish, tayyorlanish, sinab ko‘rish kerakmish! U hamisha shunaqa aqlli, ehtiyotkor! Ammo men uchun bular bir pul! Men bu ishni xamirdan qil sug‘urgandek bajarib, kimligimni ko‘rsatib qo‘yaman!

Mashinani garajga qo‘yganimdan keyin ham uning atrofida ancha vaqtgacha o‘ralashib yurdim. Sirtdan qaraganda tinchlanib qolganga o‘xshasam ham ko‘nglim bezovta edi. Men faqat bir narsa haqida — o‘zimning haq ekanligimni qanday qilib ertagayoq isbotlasam ekan, deb o‘ylardim. Fikrimni isbotlash, so‘zlab berish uchun boshliqlar oldiga borishni, ularning e’tirozlarini tinglashni endi xohlamas edim. Yo‘l bitta: pritsep bilan dovonga qarab jo‘nash. Men buni qanday bo‘lmasin, bajarishim kerak edi. Ammo pritsepni menga kim berardi, uni avtobazadan Tyan-Shan yo‘liga olib chiqishga kim ruxsat etardi?

Shunday o‘y-xayollar bilan garajdan chiqib, hovli bo‘ylab sekin yura boshladim. Kech kirib qolgan edi. Faqat dispetcherxonada chiroq yonib turardi. Men to‘xtab qoldim: e, dispetcherchi. Dispetcher hammasini to‘g‘rilab berishi mumkin-ku! Hamma ish uning qo‘lida. Men dispetcherxona tomon shoshildim. Chamamda, bugun Xadicha navbatchilik qilayotgan bo‘lsa kerak. Shunday bo‘lsa yana ham yaxshi. U mening iltimosimni rad etmaydi. Rad etishi ham mumkin emas. Rad etgan takdirda ham axir men jinoyat qilmoqchi emasman-ku. Aksincha, u hamma uchun foydali, hamma uchun muhim bo‘lgan ishni amalga oshirishda menga yordam beradi, xolos.

Dispetcherxonaga yaqinlashar ekanman, anchadan beri ilgarilardagidek eshikdan to‘g‘ri kirib boravermayotganligim va tuynukcha orqali murojaat qilayotganligim esimga tushib, ikkilanib qoldim. Shu payt eshik ochildi. Ostonada Xadicha turardi.

— Sening oldingga kelayotgan edim, Xadicha. Yaxshiyamki, shu yerda ekansan!

— Men ketyapman.

— Xo‘p, yur, uyinggacha kuzatib qo‘yaman.

Xadicha taajjublanib, menga shubhalanib qaradi-da, jilmayib:
— Ketdik, — dedi.

Biz tashqariga chiqib, ko‘cha bo‘ylab keta boshladik. Ko‘cha zim-ziyo qorong‘i edi. Ko‘l tomondan to‘lqinlarning shovillagani eshitilib turar, izg‘irin shamol esardi. Xadicha qo‘ltig‘imdan ushlab, sovuq shabadadan panalab pinjimga tiqila boshladi.

— Sovqotyapsanmi? — deb so‘radim.

— Sen bilan birga bo‘lsam sovqotmayman! — dedi u. Xadicha yana bir nima demoqchi bo‘lib og‘iz juftladi-yu, biroq jim qolib, yana kiftimga ishqalana boshladi. Bunga qadar hayajonlanib turgan edim, endi bo‘lsa negadir tinchlanib, o‘zimni erkin seza boshladim,

— Ertaga qay mahal navbatchilik qilasan, Xadicha?

— Ikkinchi smenada.

— Senda bir ishim bor. Juda muhim. Bari senga bog‘liq…

Yo‘lda unga hammasini aytib berdim. Avvaliga gapimga quloq solgisi ham kelmadi, biroq men uni hamon ishontirishga intilardim. Chiroq ostida, muyulishda to‘xtadik. Xadicha bir qarorga kelolmay turardi.

— Eh, Ilyos! — dedi u tashvish bilan ko‘zimga boqib.— Bekor shunday qilyapsan!
Ammo men nima desam ham uning bajarishini tushunib turardim. Uning qo‘ltig‘idan ushlab:

— Bekorga emas. Menga ishonaver! Hammasi joyida bo‘ladi. Xo‘sh, kelishdikmi? — dedim. U xo‘rsinib qo‘ydi.
— Sen aytganingdan keyin, nima ham qila olardim! — dedi-da, xo‘p degandek bosh qimirlatdi. Men beixtiyor uning yelkasidan quchoqlab oldim.

— Asli yigit bo‘lib tug‘ilishing kerak ekan-da, Xadicha! Xo‘p, ertagacha xayr! — deb qo‘lini qattiq qisdim. — Kechgacha hamma qog‘ozlarni to‘g‘rilab qo‘y xo‘pmi?

— Namuncha shoshilmasang! — dedi u qo‘limni bo‘shatmay turib. So‘ngra birdan o‘zgarib qoldi.

— Mayli, boraver… Yotoqxonagami?

— Ha, Xadicha.

— Xayrli tun, — dedi u.

Ertasiga bizda texnika ko‘rigi bo‘ldi. Avtobazadagi odamlar diqqinafas bo‘la boshladi: inspektorlar doim bemavrid tiqilinch qilishadi-da, nuqul biron narsadan ayb topib, akt tuzishgani tuzishgan. Qanchalik dahmaza, qanchalik tashvish. Ammo ularning o‘zlari esa juda og‘ir, sovuqqon odamlar. Planga muvofiq avtobazani texnika ko‘rigidan o‘tkazishlari kerak edi, shunga ko‘ra ular bamaylixotir o‘z ishlarini bajarayotgan edilar.

O‘z mashinamdan ko‘nglim to‘q edi, ammo remont qilayotgan kishidek o‘zimni chetga tortib turaverdim.

Xadicha navbatchilikka o‘tguncha vaqtni cho‘zib turish kerak edi. Hech kim men bilan gaplashmas, hech kim kechagi hodisani eslatmas edi. Odamlar buni xayoliga ham keltirmasdi: hamma texnik ko‘rikdan tezroq o‘tib, yo‘lga tushishga va bekor ketgan vaqtning hissasini chiqarishga oshiqardi. Ammo baribir ko‘nglimdagi dog‘ yoddan ko‘tarilmasdi.

Texnika ko‘rigidan tushdan keyin o‘tdim. Inspektorlar ham ketishdi. Hammayoq bo‘shab, huvillab qolgan edi. Hovlining ichkarisida ochiq havoda pritseplar turardi. Ulardan ba’zan tekis yo‘llarda, ichki qatnovda foydalanilar edi. Men pritseplarga qanday borish qulayroq ekanini ko‘zdan kechirib, ulardan birini — eng chetkisini mo‘ljallab qo‘ydim. U oddiygina to‘rt g‘ildirakli aravaga o‘xshardi. Uning hamma hikmati mana shu. Ammo shuni deb qanchalik hayajonga tushdim… O‘sha payt meni nima kutayotganini bilmas edim. Shuning uchun ham yaxshigina ovqatlanib, biror soat bo‘lsa ham mizg‘ib olish maqsadida xotirjamgina yotoqxonaga ketdim. Yo‘l juda xavfli edi. Baribir uxlay olmadim. Vaqtni ilondek to‘lg‘anib o‘tkazdim. Qosh qoraya boshlagach, avtobazaga bordim.

Xadicha bo‘lsa allaqachon kelib turgan ekan. Hamma narsa taxt edi. Men uni behuda tashvishlantirmaslik uchun ortiqcha takalluf qilib o‘tirmasdan yo‘llanmani oldimda, garajga shoshildim. Yugurib ketyapmanu xayolimdan: «Tamom! Endi buyog‘ini bir ko‘rsatib qo‘yay sizlarga!» — degan fikrni o‘tkazdim. Mashinani burdim va tislab borib pritsepga to‘g‘riladim, so‘ngra motorni sekin yurgizib qo‘ydim-da, tevarak-atrofni ko‘zdan kechirish uchun kabinadan chiqdim. Biron kimsa ko‘rinmaydi. Faqat remont ustaxonasidagi dastgohlarning taqir-tuquri-yu, ko‘l to‘lqinlarining qirg‘oqqa urilishidan ko‘tarilgan shalop-shulup ovozlari eshitilib turardi. Osmon sukunat ichida turgandek tutolsa ham bironta yulduz ko‘rinmasdi. Yonimda motor sekin tirillab turardi, mening yuragim ham gup-gup urardi. Chekmoqchi bo‘ldimu, lekin papirosni shu zahotiyoq chetga otib tashladim, keyin…
Darvoza oldida meni qorovul to‘xtatdi:

— To‘xta, qayoqqa! — dedi u.
— Yuk ortishga, oqsoqol, — dedim men o‘zimni beparvo ko‘rsatishga urinib. — Mana chiqishga propuska.

Chol qog‘ozga sinchiklab tikildi-yu, ammo fonus yorug‘uda hech narsa o‘qiyolmadi.

— Vaqtimni olma, oqsoqol! — dedim sabrim chidamay. — Ish qolib ketyapti!
Yuk ortish tinchgina o‘tdi. Yaxshigina yuk ham olindi: kuzovga ham ikki, pritsepga ham ikki bo‘lak yuk olib yo‘lga chiqdim va faqat shundan keyingina ko‘nglim joyiga tushib, cheka boshladim. So‘ngra mashinaga qulayroq o‘tirib oldim-da, chiroqni yoqib, to‘la gaz berdim. Mashina chirog‘idan taralayotgan yog‘du atrofni qoplab olgan qorong‘ilik chokini so‘kib borardi. Yo‘l bo‘m-bo‘sh edi. Mashinani eng yuqori tezlikka qo‘yib haydashim mumkin edi. Orqada sharaqlab kelayotgan pritsep yengilgina va bir tekisda yelib borayotgan mashinaga deyarli xalal bermasdi. To‘g‘ri, burilishlarga kelganda mashina yo‘l chekkasiga surilib ketardi va rulni boshqarish ham ancha qiyinlashar edi. Ammo bunga odatlanmaganlikdan, keyinchalik ko‘nikib ketarman, deb o‘ylardim. «Do‘lanni zabt etaman, Sintszyanga ham boraman!» — deb qichqirdim o‘zimga-o‘zim va ot ustida enkayib chopib borayotgandek rul chambaragiga yopishib oldim. Yo‘l ravon kelgan yerlardan iloji boricha tezroq haydab o‘tish va tun yarmida Do‘langa hujum boshlash niyatida edim.

Ba’zi vaqtlarda tezlikni mo‘ljalimdagidan ham oshirib haydardim. Ammo tog‘ boshlangandan keyin sekinroq va ehtiyotkorlik bilan yurishga to‘g‘ri keldi. Bu motorning quvvati yetmasligidan emas, albatta. Tepalikka chiqishga qaraganda, pastlikka tushish ancha qiyin edi. Pritsep nishablikdan o‘kday g‘izillab kelib, mashinaga zarb bilan urilar va uning tinchgina tushishiga xalaqit berar edi. Har qadamda tormoz berib, tezlikni kamaytirish va rulni ziyraklik bilan boshqarib turishga to‘g‘ri kelardi. Boshda o‘zimni dadil tutdim, uncha-muncha narsaga e’tibor bermaslikka harakat qildim, lekin borgan sari xavotirlanib, asablarim buzila boshladi. Hali yo‘lda yana qanchadan- qancha tepalik va nishabliklar uchraydi. Bularni sanab chiqish hech kimning xayoliga kelganmikin! Shunday bo‘lsa-da, ruhimni tushirmadim. Bu yerda holdan toyishdan boshqa hech narsa ko‘nglimga tahdid solmasdi.

«Hechqisi yo‘q, — deb ovutardim o‘zimni o‘zim. — Dovonga chiqish oldidan nafasimni rostlab olaman. Dovondan albatta oshib o‘taman!» Biroq men nega o‘sha kuzda mashinani shatakka olganimdagiga qaraganda hozir ko‘proq qiynalyapman, deb o‘ylab o‘tirmadim.

Do‘lan tobora yaqinlashib kelmoqda. Chiroq nurlari qop-qora tun qo‘yniga cho‘kkan ulkan daraning qoyalarini siypalab o‘ta boshladi. Qorli qalpoqlarini bostirib kiyib olgan bu qoyalar yo‘l ustida osilib turardi. Chiroq nurlarida pag‘a-pag‘a qor parchalari yaltirab ko‘rina boshladi. «Yuqoridan shamol uchirib tushayotgan bo‘lsa kerak», dedim o‘zimcha. Ammo qor par-chalari kabina derazalariga yopishib, erib, pastga sirqib tushardi. Demak, qor yog‘ayapti. U siyrak yog‘ayotgan bo‘lsa ham nam qor edi. «Bunisiga balo bormi-di!..» — dedim g‘ijinib. Oyna tozalaydigan cho‘tkalarni ishga soldim.
Dovonning dastlabki balanddiklari boshlandi. Motor odatdagidek o‘zining mungli qo‘shig‘ini kuylay boshladi. Uning zo‘riqib bir ohangda guvillashi qorong‘ida o‘rmalab borayotgan qo‘ng‘iz bolasini eslatardi. Nihoyat marraga yetib keldim. Endi oldinda pastga qarab qiyalab ketgan olis yo‘l. Motor ovozi pasayib, mashina quyiga qarab tusha boshladi. Mana endi u yon-bu yonga qarab tebranib bormoqda. Men pritsepning orqada lapanglab, yo‘l-yo‘lakay mashinaga sharaqlab kelib urilayotganini sezib, halqalarning tutashgan yeridan g‘ijirlab chiqayotgan metall ovozlarini eshitib turardim. Bu g‘ijirlash ovozi g‘ashimni keltirib, belimni, bilaklarimni sirqiratib og‘ritayotgandek bo‘lardi. G‘ildiraklar tormozga itoat qilmay, nam qor to‘shamida sirg‘alib boradi, mashina sirg‘alib bir silkinib ketgan edi, ruli qo‘limdan chiqib ketdi-da, shaqir-shuqur qilib, yo‘l bo‘ylab, qiyalab pastga tomon g‘izillagancha tushib keta boshladi. Shunda men darhol rulni burib, mashinani to‘xtatdim. Bu yog‘iga yurish amri mahol edi, oyoq-qo‘limda jon qolmagandi. Mashina chirog‘ini ham, motorini ham o‘chirdim. Tayokdek qotib qolgan qo‘llarim xuddi yasama qo‘ldek pastga shalop etib tushdi. Men o‘rindiq suyan-chig‘iga o‘zimni tashlab, toshday qotib o‘tirar va xirillab nafas olayotganimni o‘zim ham eshityb turardim. Shu taxlitda bir necha minut o‘tirib, nafasimni rostlab oldim-da, papiros cheka boshladim. Chor atrofim qop-qorong‘i zimiston, dahshatli sukunat. Faqat kabina teshikchalaridan shamol g‘uvillab kirib turardi. Oldinda nimalar kutayotganini tasavvur qilishdan yuragim vahimaga tushardi. Bu yerdan yuqoriga qarab qiyalik bo‘ylab baland-past, qing‘ir-qiyshiq yo‘llar davom etardi. Bu — motor va qo‘llarning azobi. Bu tog‘ yonbag‘irlari bo‘ylab ilonizi yo‘llar bilan yuqoriga tinimsiz o‘rmalab chiqish demakdir. Oldinga — yuqoriga — orqaga, yana ilgariga — oldinga — orqaga, yana va yana… Ammo o‘ylab o‘tirishga vaqt yo‘q, qor gupillab urib turibdi.

Motorni yurgizdim. Mashina qattiq o‘kirib, balandlik sari qo‘zg‘aldi. Tishimni tishimga qo‘yib, tinimsiz ravishda ilonizi yo‘llarni asta-sekin bosib o‘taverdim. Nihoyat, tepalikka ham chiqib oldim. Endi tik qiyamalik, yo‘l tuzatuvchilar uchastkasiga burilib ketadigan muyulishga qadar bir tekis nishablik, undan keyin esa dovonga so‘nggi hujum boshlandi. Bir amallab pastga tushib oldim va to‘rt kilometrcha cho‘zilib yotgan to‘g‘ri yo‘ldan mashinani yeldek uchirib borib, yuqoriga ko‘tarila boshladim. Mana, u olg‘a intilib tobora yuqorilashib bormoqda… Ammo boyagi tezlab kelayotgani ko‘pga bormadi, tezlik borgan sari pasaya bordi. Motorni ikkinchi, so‘ngra birinchi tezlikka qo‘yib haydadim. Rulni mahkam ushlagancha, o‘zimni orqaga tashladim. Bulut parchalari orasidan yulduzlar mo‘ralashib qarashardi. Mashina joyidan qimir etmas va u yog‘iga tortolmasdi. G‘ildiraklar bir yerda g‘irillab aylanib, chetga surilardi, men akseleratorni jon-jahdim bilan bosdim.

— Qani, yana! Yana ozgina! Qimtib yubor! — deb qichqirib yubordim.

Cho‘zib-cho‘zib ingrayotgan motor titrab-qaltirab dirillay boshladi-da, birdaniga o‘chdi-qoldi. Mashina sekingina orqaga keta boshladi. Jonholatda tormoz berdim, to‘xtamadi. Pritsepning og‘irligi bilan borgan sari tezroq sirg‘alib, pastga tomon g‘ildirab tu-shaverdi, nihoyat, mashina qoyaga urilib, taqqa to‘xtadi. Hammayoq jimjit bo‘lib qoldi. Kabina eshigini ochib, tashqariga qaradim. Xuddi o‘ylaganimdek! Padariga la’nat! Pritsep yo‘l yoqasidagi ariqqa tushib ketgan edi. Endi uni hech qanday kuch bilan chiqarib bo‘lmasdi. O‘zimni yo‘qotib, dovdiraganimcha, yana motorni yurgizdim, zo‘r berib mashinani oldinga qarab hayday boshladim. G‘ildiraklar o‘z o‘rnidan qo‘zg‘almay g‘irillab aylanardi. Mashina bor kuchi bilan ilgariga qarab intildi, butun tanasi dirillab ketdi-yu, ammo joyidan siljimadi. Men mashinadan sakrab tushdim-da, pritsepga tomon chopib bordim. Uning g‘ildiraklari ariqqa chuqur botib ketgan edi. Nima qilish kerak? Boshim qotib qolgan edi, g‘azab bilan pritsepga otildim, uning g‘ildiragini qo‘llarim va butun gavdam bilan itara boshladim. So‘ngra kuzovning ostiga kirib boshim sirqirab og‘rib ketgunicha yirtqich hayvon singari bo‘kirib, pritsepni yelkam bilan yo‘lga surib chiqarishga urinib ko‘rdim, ammo qayoqda deysiz! Holdan toyib, yo‘lga yuztuban yiqildim va qor aralash loyni quchoqlab alamimdan yig‘lab yubordim. Keyin o‘rnimdan turdim-da, gandiraklaganimcha mashina zinasiga kelib o‘tirdim.

Yiroqdan. motorning guvillagan ovozi eshitildi. Ikki chiroqcha balandlikdan pastdagi tekis yo‘lga yog‘du sochib tushayotgan edi. Bu shofyorning kimligini va yarim tunda taqdir uni qayoqqa va nima uchun haydayotganini bilmasdim, ammo bu chiroqlar go‘yo meni quvlab yetib, ushlab oladigandek seskanib ketdim. Qaroqchi singari pritsep ilgagiga qarab yugurdim, uni mashina bilan ulab turgan metall o‘qni sug‘urib olib, chetga uloqtirdim va kabinaga irg‘ib chiqib, pritsepni ariqda qoldirganimcha, mashinani yuqoriga qarab yeldek uchirib ketdim.
Qandaydir tushunib bo‘lmaydigan dahshatli qo‘rquv ta’qib etardi meni. Orqamdan kelayotgan mashina nazarimda xuddi izma-iz quvib yetib kelayotgandek tuyulardi. Mashinani shunchalik tez haydardimki, azbaroyi yo‘lni yod bilganimdan biron yerga urib ham olmadim. Agar ko‘zlarimni bog‘lab qo‘yganlarida ham xuddi shunday qilgan bo‘lardim.

Tongotarda dovondagi bazaga yetib keldim. Nima qilayotganimni o‘zim ham anglamay, aqldan ozgan kishidek, eshikni musht bilan qoqa boshladim. Eshik lang ochildi. Asalga qaramay, boshdan-oyoq loyga belanganimcha uyga kirdim. Entikkanimcha allaqanday bir nam narsaning ustiga o‘tirdim. Bu kursi ustiga uyib qo‘yilgan kir uyumi ekan. Papiros olish uchun qo‘limni cho‘ntagimga tiqqan edim, qo‘limga mashina kalitlari ilindi. Men uni jahl ustida kuchim boricha chetga uloqtirdim va boshim «shilq» etib tushdi, urib po‘la qilib tashlangandek, tinka-madorim qurib, shalpayganimcha o‘tirardim. Ko‘zlarim polda. Stol yonida Asal o‘z og‘irligini yalang oyoqlarining dam unisiga, dam bunisiga solib turardi. Unga nima ham deya olardim? Asal polda yotgan kalitlarni olib, stol ustiga qo‘ydi.

— Yuvinib olasizmi? Kechqurun suv isitib qo‘yganman, — dedi u sekingina.

Men boshimni sekin ko‘tardim. Sovqotgan Asal nozikkina qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yib, tungi ko‘ylaqda qarshimda turar edi. Uning qo‘rquv bosgan ko‘zlari tashvish va achinish bilan menga boqardi.

— Dovonda pritsepni ag‘darib yubordim, — dedim begona tovush bilan.
— Qanaqa pritsep? — deb so‘radi u tushunmasdan.

— Temirdan yasalgan, yashil rangli, «02 — 38» nomerli! Qanaqa bo‘lsa ham baribir emasmi! — deb qichqirdim jahl bilan. — o‘g‘irlab olgandim uni, tushunasanmi? O‘g‘irlab olgandim.
Asal sekingina «Voy!» deb yubordi-da, karavotga o‘tirib qoldi.

— Nega?

— Nega bo‘lardi? — uning hadeganda gapga tushunavermagani mening jig‘imga tegardi. — Dovondan pritsep bilan o‘tmoqchi edim! Tushundingmi? O‘z fikrimni amalda isbotlamoqchi edim…

Mana endi uyim kuydi!

Men yuzimni kaftlarim orasiga olgancha o‘tirardim. Ikkalamizdan ham birmuncha vaqt sado chiqmadi. Asal shartta irg‘ib turdi-da, kiyina boshladi.
— Nega o‘tiribsiz endi?. — dedi u jiddiy qiyofa-da.

— Nima qilishim kerak? — deb g‘o‘ldiradim men.

— Avtobazaga qaytib boring!

— Qanday boraman! Pritsepsiz-a?

— U yerda hammasini tushuntirib berasiz!

— Esingni yedingmi! — Tars yorilib ketishimga sal qoldi. Xona bo‘ylab u yoqdan-bu yoqqa tez-tez yura boshladim. — Qaysi yuz bilan pritsepni u yerga sudrab boraman? Kechirasizlar meni, xato qilib qo‘ydim, deymanmi?! Oyoqlariga bosh urib yalinib-yolvorgani boramanmi? Yo‘q, bormayman! Bilganlarini qilishsin! Hammasiga tupurdim!
Mening baqiriq-chaqirig‘imdan karavotda yotgan o‘g‘ilcham uyg‘onib ketib, yig‘lab yubordi. Asal uni qo‘liga olgan edi, bola battarroq qichqira boshladi.

— Qo‘rqoqsiz, — dedi Asal sekingina, lekin qat’iy qilib.

— Nima-a! — deya g‘azabdan o‘zimni tutolmay musht o‘qtalgancha unga tashlandim, qo‘l ko‘tarishga ko‘tardim-u, ammo urishga jur’at etolmadim. Uning hayratlanib boqib turgan shahlo ko‘zlari meni tang qoldirdi. Men uning chaqnab turgan ko‘z qorachiqlarida o‘zimning dahshatli va burishib-tirishib ketgan turqimni ko‘rib turardim.
Uni qo‘pollik bilan bir chetga siltab yuborib, eshik tomon shiddat bilan borib, uni taraqlatib yopganimcha tashqariga chiqib ketdim.

Tashqari allaqachon yorishib qolgan edi. Kunning yorishib ketgani menga qattiq ta’sir qildi; kecha bo‘lib o‘tgan hamma qilmish-qidirmishlarim menga yanada mudhish, yanada xunuk bo‘lib ko‘rinar, o‘zimni bir umr tuzatib bo‘lmaydigan xato qilib qo‘ygandek his qilardim. Hozircha birgina najot yo‘li bor bo‘lib, bu ham bo‘lsa loaqal mashinadagi yukni joyiga eltib qo‘ymoq zarur edi. U yog‘iga nima qilishni bilmayman…
Orqaga qaytishda uyga kirib o‘tmadim. Asal bilan janjallashib qolganimdan emas. Usiz ham mulzam edim. Hech kimga ko‘rinmaslikka va hech kimni ko‘rmaslikka urinardim. Boshqalarni bilmayman-u bunday hollarda yolg‘iz bo‘lishni va boshimga tushgan tashvishni boshqalarga sezdirmaslikni istardim. Kimga keragi bor buning? Agar qo‘lingdan kelsa, hamma kulfatlaring ado bo‘lguncha sabr-toqat qil, chida…
Kechasi yo‘lovchilar tunaydigan uyda tunab qoldim. Tuni bilan uxlayolmay alahsirab chiqdim. Tushimda dovonda pritsepni qidirib yurgan emishman. Uning izlari bormishu o‘zi yo‘q emish. Har tomonga zir yugurib, pritsep qayoqqa g‘oyib bo‘ldi, kim olib ketdi, deb so‘rab-surishtirib yurganmishman. Men qaytayotganimda u haqiqatan ham o‘sha bexosiyat yerda — turgan joyida yo‘q edi. Faqat izlari bor edi, xolos. Qaytarib olib ketishibdi. Keyin bilsam, pritsepni avtobazaga Alibek sudrab kelgan ekan.

Pritsep orqasidan o‘zim ham ertalab avtobazaga yetib keldim. Shu kunlar ichida qorayib ketibman, kabina yoniga qadab qo‘yilgan kuzatuv oynachasiga qarab o‘zimni o‘zim tanimay qoldim.

Avtobazada hayot odatdagicha edi. Faqat mengina, go‘yo begona kishilardek, mashinani darvoza tomon iymanibgina haydab kelib, sekingina hovliga kirib bordim va mashinani garajdan narirokda, bir chekkada to‘xtatdim-da, kabinadan chiqmay o‘tiraverdim. Atrofga ko‘z yugurtirib chiqdim. Odamlar ishlarini yig‘ishtirib qo‘yishib, har tomondan menga qarab tikilib turishardi. Eh, qani endi lip etib qayrilsang-u boshing oqqan tomonga qochib qolsang. Biroq hech yoqqa qochishning iloji yo‘q edi. Kabinadan chiqishga to‘g‘ri keldi. Bor jasoratimni to‘plab, hovlidan yurib, dispetcherxona tomon yo‘l oldim. O‘zimni xotirjam tutishga, shaxdam qadam tashlashga urinar-dim, ammo aslida esa saf tortib turgan kishilar oldidan o‘tayotgan gunohkor soldatdek yurib borardim. Hammaning meni xo‘mrayib kuzatib turganini sezib turardim. Hech kim meni chaqirmadi ham, men bilan salomlashmadi ham. Ularning o‘rnida bo‘lganimda, ehtimol men ham shunday qilgan bo‘lardim.

Ostonaga qoqilib ketdim. Go‘yo yuragim ham qoqilib ketgandek bo‘ldi: eh, Xadicha haqida o‘ylamabman, uni sharmanda qildim! Endi nima deyman unga?

Koridorda nafasimni rostlab, peshonamdagi terni artdim. Boshimni ko‘tarib, u yoq-bu yoqqa qarasam, ro‘paramda devoriy gazetamiz «Chaqmoq» sahifasidagi plakat menga tikilib turardi. «Uyat senga!» deb yirik harflar bilan yozib qo‘yilgan so‘zlar ostida tog‘ orasida qoldirib ketilgan pritsep tasvirlangan edi…

Men teskari o‘girildim. Yuzlarim shapaloq yegandek lovillab yonardi. Dispetcherxonaga kirdim. Xadicha telefonda nimanidir gaplashayotgan edi. Meni ko‘rib gapidan to‘xtab, trubkani joyiga osib qo‘ydi.

— Ma! — deb badbaxt yo‘llanmani stolga otdim. Xadicha achingan qiyofada menga qaradi. Faqat shallaqilik qilib yig‘lab yubormasa bo‘lgani deb o‘yladim.

«Hozir emas, keyin, bo‘lak biror yerda!» — deb yolvordim ichimda. U ham meni tushundi, hech narsa demadi.

— Shovqin ko‘tarishdimi? — deb so‘radim sekin. Xadicha bosh irg‘ib qo‘ydi.

— Hechqisi yo‘q! — dedim g‘ijinib, uning ruhini ko‘tarish uchun.

— Seni katta yo‘ldan olishdi, — dedi u.

— Olishdi? Butunlaymi? — dedim kulimsiragan bo‘lib.

— Butunlay olishmoqchi edilar — remontga… Ammo yigitlarimiz sening yoningni olishdi. Hozircha ichki reyslarga o‘tkazishdi. Boshliqqa uchra, seni chaqirtirishgan edi.

— Bormayman! Mensiz o‘zlari hal qilishaversin. Pushaymon qilmayman…

Men xonadan chiqdim. Boshimni quyi solganimcha, koridordan arang chiqib ketdim. Kimdir menga peshvoz kelardi. Men unga yo‘l berib, o‘zimni chetga oldim. Bu Alibek edi. U moyga belangan qo‘llarini ham artmay garajdan kelayotgan ekan. Men uning yonboshidan o‘tib ketmoqchi edim, ammo Alibyok yo‘limni to‘sdi.

— Yo‘q, shoshma! — deb meni burchakka qisdi. Ko‘zlarimga tikilib, g‘azab bilan shivirladi: — Xo‘sh, ishlar qalay, azamat? Isbotladingmi? Itfe’lligingni ko‘rsatding!

— Ishimiz jo‘nashib ketsin devdim-da, — deb po‘ng‘illadim men.

— Yolg‘on!

— Nima yolg‘on?

— Yolg‘iz o‘zing shuhrat qozonmoqchi bo‘lding! O‘zing uchun tirishding! Biroq muhim ishni barbod qilding. Mana endi, shulardan keyin ham pritsep bilan yurish mumkinligini isbotlab ko‘r-chi! Ahmoq! Shuhratparast!

Ehtimol, bu so‘zlar mening o‘rnimda boshqa odam bo‘lganida aqlini yig‘ib olishga majbur etarmidi, ammo menga endi baribir edi: o‘z fikrimni hali ham isbotlab, maqsadga erishishim mumkinmi, yo‘qmi, bunga befarq qarardim. Agar men shu paytgacha o‘zimcha ich-etimni yeb yurgan bo‘lsam, endi shu daqiqadan boshlab kishilarning achchiq tazyiqlarini va menga nafrat bilan qarashlarini butun vujudim bilan his qila boshladim. Men go‘yo ularning ko‘ziga o‘zimning shon-shuhratimni orttirishga urinuvchi shuhratparast bir kimsa bo‘lib ko‘rinayotgan edim. Haqiqatda esa bu mutlaqo shunday emasdi. Ammo fakt faktligicha qoladi.

— Chetroq tur! — deb nariga itardim Alibekni. — Sensiz ham yuragim siqilib turibdi!
Eshikka chiqdim. Sovuq, izg‘irin shamol hovli sahnidagi qorni uchirib o‘ynardi. Odamlar men tomonga ko‘z qirini tashlashib, yonimdan jimgina o‘tib ketishardi. Nima qilish kerak? Mahkam tugilgan mushtlarimni cho‘ntagimga tiqib, darvoza tomon yurdim. Muzlab qolgan ko‘lmakchalar oyoq ostida oyna singari chirsillab sinardi. Oyog‘imga tavot moyidan bo‘shagan bankacha to‘g‘ri kelib qoldi. Jonim boricha uni darvozadan ko‘cha tomon tepib yubordim-da, o‘zim ham ortidan boraverdim.
Kun bo‘yi shaharcha ko‘chalari bo‘ylab daydib yurdim, kimsasiz huvillab yotgan pristanda tentiradim. Issiqko‘lda po‘rtana quturib, qirg‘oqqa bog‘lab qo‘yilgan barjalar suv betida chayqalib-qalqib yotardi.

Bir mahal qarasam, suv transporti boshqarmasining choyxonasiga kelib qolibman. Yolg‘iz o‘zim deraza yoniga borib o‘tirdim. Oldimda — stol ustida og‘zi ochilgan bir shisha aroq bilan tarelkada qandaydir gazak turardi. Birinchi stakanni ichishim bilanoq kayfim taraq bo‘lib, oyog‘im ostiga anqov kishilardek termilib o‘tirardim. Mening ko‘nglim ham zangori tutunga cho‘mib, mast-alastlarning pala-partish gaplariga to‘lgan shu choyxona singari xira va g‘ash edi.
— Nega g‘amgin ko‘rinasan, yigit? — bexosdan boshim uzra kimningdir yoqimli va xiyol istehzoli ovozi eshitildi. Boshimni arang ko‘tardim. Yonimda Xadicha turardi.

— Ha, bir o‘zing icha olmayapsanmi? — deb iljayib yonimga o‘tirdi u. — Qani, birga ichaylik bo‘lmasa!
Xadicha stakanlarga aroq quyib, bittasini menga surib qo‘ydi.

— Ol! — dedi u, go‘yo biz bu yerga anchayin o‘tirish va ichish uchun kelgandek, g‘urur bilan hayosizlarcha ko‘z qisib.

— Sen nimaga suyunyapsan o‘zi? — deb so‘radim norozi ohangda.

— Nima, yig‘laymi bo‘lmasa? Sen turganda menga boshqa narsaning keragi yo‘q, Ilyos! Men seni sabrli, chidamli deb o‘ylagan edim. Kel, nima bo‘lsa bo‘lar! — deb sekingina kulib qo‘ydi u va yonimga yaqinroq surildi, qop-qora nozli ko‘zlarini suzib, qo‘lidagi stakanni cho‘qishtirdi.
Biz ichdik. Men papiros tutatdim. Ko‘nglim bir oz yorishgandek bo‘ldi: kuni bo‘yi birinchi marta jilmayishim edi.

— Qoyilman senga, Xadicha! — dedim va uning qo‘lini qisdim.

Darvoqe, Xadicha o‘sha kecha juda ochilib ketgan edi.
Keyin ko‘chaga chiqdik. Qosh qorayib qolgan edi. Ko‘l tarafdan esayotgan sho‘x shamol daraxtlarni va chiroqlarni tebratib o‘ynardi. Oyoq ostimizdagi yer ham unga taassuf qilgandek chayqalardi. Xadicha qo‘ltig‘imdan tutib, meni yetaklab borardi, u mehribonlik bilan yoqamni ko‘tarib qo‘ydi.

— Men sening oldingda aybliman, Xadicha! — dedim o‘z gunohim va minnatdorchiligimni yashira olmay. — Ammo shuni bilib qo‘y, men seni hech kimga xafa qildirib qo‘ymayman…

Hammasiga o‘zim javob beraman…

— Bularni unutib yuborasan, jonginam! — dedi u. — O‘zing ham tinib-tinchimagansan-da… Doim qayoqqadir yelib yugurganing-yugurgan. Men bo‘lsam senga achinaman. O‘zim ham ilgari shunaqa edim. Hayotdan ilgarilab keta olmaysan, undan nasib qilganini ol… Taqdir bilan o‘ynashib nima qilasan…
— Bu har kimning tushunchasiga bog‘liq! — deya e’tiroz bildirdim, so‘ngra o‘ylab ko‘rib: — Ehtimol, sen haqdirsan… — deb qo‘ydim.

Biz Xadicha yashaydigan uyning shamolga teskari tomonida to‘xtadik.

— Mana, uyga ham yetib keldim! — dedi u.

Men ketmoqchi bo‘lardimu, biroq u yerdan sira jilolmasdim. Endi ikkimiz o‘rtamizda bir-birimizni bog‘lab turuvchi qandaydir bir narsa bor edi. Xadichaning samimiyligi, menga nisbatan hamdardligi va uning oldida o‘zimni qarzdor kishidek sezayotganligim darhol ketishimga yo‘l bermayotgan edi. Buning ustiga, hozir yolg‘iz qolib, yotoqxonaga borishdan ham cho‘chiyotgan edim. Haqiqatan u hozir juda ochilib ketgan bo‘lsa ham ba’zida shunday zahar bo‘lib qoladiki, undan o‘zingni beixtiyor chetga tortishga harakat qilasan.

— Nega o‘ylanib qolding, jonginam? — deb so‘radi Xadicha. — Charchadingmi, yo‘ling olislik qilyaptimi?
— Hechqisi yo‘q, bir amallab yetib olaman. Xayr. U qo‘limni ushlab ko‘rib:

— Vuy-y, muzlab qolibsan-u! To‘xta, isitib qo‘yay! — dedi-da, qo‘limni paltosi ostiga yashirib, qattiq ko‘ksiga bosdi. Men qo‘limni tortib olishga, qizning bu qaynoq mehr-muhabbatiga qarshilik ko‘rsatishga jur’at eta olmadim. Qo‘lim ostida uning yuragi go‘yo ko‘pdan orziqib kutib yurgan o‘z ulushini talab qilayotgandek dukillab urardi. Ha, darvoqe, men mast edim, ammo hech narsani tushunmaydigan, sezmaydigan darajada uchib qolgan emasdim, albatta. Men sekingina qo‘limni tortib oldim.
— Ketdingmi? — deb so‘radi Xadicha.

— Ha.

— Xo‘p, xayr! — deb Xadicha xo‘rsindi-da, qayrilib, eshik tomon tez yurib ketdi. Qorong‘ida eshikning «taq» etib yopilgani eshitildi. Men ham yo‘lga tushdimu, biroq bir necha qadam yurganimdan so‘ng to‘xtadim. Bir mahal qarasam, yana o‘sha eshikchaning oldiga kelib qolibman, buning qanday bo‘lganini o‘zim ham bilmayman. Eshikni itardim. Xadicha meni shu yerda kutib turgan ekan. U bo‘ynimga tashlandi, lablarimdan o‘pib, mahkam quchoqlab oddi.
— Oxiri qaytding-a! — deb pichirladi u, so‘ngra qo‘limdan ushlab, uyiga yetakladi.

Yarim tunda uyg‘ondim, ancha vaqtgacha qaerda ekanligimni bilolmay yotdim. Boshim qattiq og‘rirdi. Biz bir karavotda yonma-yon yotardik. Badani iliqqina, yarim yalang‘och Xadicha pinjimga kirib olgandi. U yelkam uzra bir maromda tinchgina nafas olardi. Men o‘rnimdan turib, darhol bu yerdan ketmoqchi bo‘ldim. Sal qimirlab qo‘ydim. Xadicha ko‘zlari yumukdigicha meni quchoqlab oldi. U silliq, yum-yumaloq tizzasini kaftimga qo‘ydi.
— Ketma! — deb shivirladi qulog‘imga. So‘ngra boshini ko‘tarib, qorong‘ida ko‘zlarimga tikildida, entikib-entikib pichirlay boshladi: — Endi sensiz yashay olmayman! Sen menikisan! Har vaqt ham meniki eding! Boshqa hech narsani bilmayman, bilishni ham istamayman! Meni sevsang bo‘lgani, Ilyos! Sendan boshqa narsa talab qilmayman… Ammo sendan voz kecha olmayman, tushunyapsanmi, o‘z orzularimdan voz kecha olmayman! — deb yig‘lab yubordi. Uning ko‘z yoshlari yuzimga yumalab tusha boshladi.

Men qoldim. Tongga yaqin uyquga ketdik. Qarasak rosa uxlabmiz. Tashqarida kun yorishib ketgan edi. Tez kiyindim, yoqimsiz, tashvishli bir his yuragimni siqib noxush qilardi. Yo‘l-yo‘lakay kalta po‘stinimni kiyib, shoshilib hovliga chiqdim, po‘stinimning tugmalarini qadarkanman, o‘zimni «lip» etib ko‘cha eshikka urdim. Tevarak-atrofga nazar tashladim, devorning muyulishidan mallarang tulki tumoq kiygan odam to‘ppa-to‘g‘ri men tomonga kelaverdi. Eh, uni ko‘rgani ko‘zim, otgani o‘qim yo‘q-da! Jontoy ishga ketayotgan edi, u bu yerga yaqin joyda yashardi. Ikkovimiz ham bir lahza serrayib qoldik. Men o‘zimni ko‘rmaganlikka soldim. Shartta burildim-da, avtobazaga qarab ketverdim. Jontoy orqamdan ma’nodor yo‘talib qo‘ydi. U orqamdan qorni g‘arch-g‘urch bosib kelmoqda edi. Uning bu shiddatli g‘arch-g‘urch odimlashida qanchalik zaharxandalik, birovning baxtsizligidan sevinish borligi ravshan anglashilib turardi. Biz to avtobazaga qadar shu taxlitda oldinma-keyin yurib keldik.
Men avtobazaga kiraverishdagi yo‘lakka kelganda qadamimni tezlashtirdim va garajga burilmay, to‘g‘ri idoraga qarab ketdim. Koridorning biror yerida to‘xtab, sal nafasimni rostlab olishim kerak edi.

Bosh injenerning kabinetidan odamlarning gangir-gungur ovozlari xiyol eshitilib turardi. Bu yerda odatdagidek ertalabki qisqa yig‘in o‘tmoqda edi. Agar pritsep voqeasi odamlar xayolidan ko‘tarilib ketgan bo‘lsa edi, hozir bu yerga jon deb kirgan bo‘lardim. Qani endi men ham kirib deraza tokchasigami, boshqa yergami chiqib olib, oyoqlarimni chalishtirgancha papi-rosimni chekib, huzur qilib o‘tirsam, yonimda o‘tirgan hamkasabalarim bilan u yoq-bu yokdan gaplashsam, ertalabki naryadni eshitsam, shofyorlarning ish sohasidagi biror arzimagan narsa yuzasidan beg‘araz so‘kishlarini va tortishuvlarini tinglab o‘tirsam… Shu paytgacha bular inson uchun shunchalik zarur, shunchalik aziz ekanini hech tasavvur etmagan ekanman. Garchi shunday bo‘lsa-da, shofyorlarning ko‘zlariga ko‘rinishga jur’at eta olmasdim. Ko‘rqqanligimdan emas, yo‘q, qo‘rqoqlik qilganim yo‘q. Meni ko‘proq o‘sha muvaffaqiyatsizliqdan g‘azablanish, umidsizlikka tushish va ular oldida behayolarcha ko‘rsatgan botirligim, ojiz qaysarligim tashvishlantirayotgan, yana bularning ustiga-ustak, Xadicha bilan tasodifan tunab qolganim meni iztirobga solayotgan edi. Odamlar ham mening qilmishimni hali-beri unutmaydiganga o‘xshaydi. Ichkarida xuddi mening haqimda so‘z borardi. Avval ichkaridan eshitilib turgan gaplarga e’tibor bermadim. Ammo birdan kimningdir g‘azab bilan baqirib gapirayotgan tovushi eshitila boshladi:
— Bu qanday bemazagarchilik! Uni sudga berish kerak, sizlar bo‘lsangiz uni xaspo‘shlab o‘tiribsizlar! Tag‘in ba’zilar uyalmay-netmay, to‘g‘ri o‘ylabdi, deb uni himoya qilishyapti! Axir pritsepni dovonga tashlab kelibdi-ku!..

Uni boshqa ovoz bo‘ldi:

— To‘g‘ri! Bunaqalarning ko‘pini ko‘rganmiz. Aql o‘rgatishga juda usta. Shuhrat orttirmoqchi bo‘libdi, ko‘ngli mukofot istab qolibdi. Qarang, avtobazaga yaxshilik qilmoqchi emish! Biroq hammasi chappasidan ketdi!
Odamlar tortisha boshladi. G‘ovur-g‘uvur zo‘rayib, hech narsani anglab bo‘lmay qoldi. Men nari ketdim, tirqishdan gap poylashni o‘zimga ep ko‘rmadim. Yo‘llanma olish uchun dispetcherxonaga qarab yo‘naldim.

— Men qayoqqa boraman? — deb so‘radim o‘sha kuni navbatchilik qilayotgan qizdan.

Hozircha meni avvalgi joyimda qoldirishibdi. Aftidan, hali mening masalam uzil-kesil hal etilmagan ko‘rinadi.

Koridor bo‘ylab orqaga qaytdim. Shofyorlarning xonadan gur etib tashqariga chiqayotganlarini eshitib, qadamimni tezlatdim. Ular hamon vag‘ir-vug‘ur gaplashishardi. Alibek yo‘l-yo‘lakay kimgadir qizishib uqtirardi.

Pritsepga tormozlarni o‘zimizda o‘rnatamiz. Kompressorda shlangni sug‘urib tashlab, o‘rniga kolodkani joylashtirish uncha qiyin ish emas-ku! Anovi Ilyosmi? Ilyos, to‘xta! — deb chaqirdi u meni.

Men to‘xtamay, garajga qarab ketaverdim. Alibek menga yetib oldi-da, yelkamdan ushlab tortdi.
— Uh, seni qara-ya! Tushunyapsanmi, axir ishontirdim-da! Tayyorgarlik qilaver, Ilyos! Sherik bo‘lib borasanmi? Sinab ko‘ramiz! Pritsep bilan!
Mening dilim ranjidi: meni yomonotliqdan qutqarmoqchi bo‘libdi, omadsiz o‘rtog‘ini shatakka olar emish! Sherik emish! Men uning qo‘lini yelkamdan siltab tashladim:

— Pritsepingdan o‘rgildim!

— Namuncha zarda qilasan. O‘zingdan ko‘r! Men senga shunchaki gapirayotganim yo‘q — biz uncha-muncha narsalarni o‘ylab qo‘ydik, odamlar bilganlarini aytishdi, qolaversa, dovonda tashlab kelgan pritsepingni o‘zim tortib kelganman… Biron ish chiqib qolsa kerak…

— Qilsang, o‘zing qilaver, meni o‘z holimga qo‘y, bor.

— Qo‘ysang-chi, shuncha jinnilik qilganing yetar. Ishni yarim yo‘lda tashlab ketish yaxshi emas! Ha, rostdanam, unutayozibman. Volodka Shiryaev senga hech narsa demadimi?

— Yo‘q, uni ko‘rganim yo‘q. Nima edi?

— Iya, bu qanaqasi bo‘ldi! Qayoqlarda yuribsan o‘zing? Asal yo‘lga chiqib, kim ko‘ringandan seni so‘raydi, xavotir olib o‘tiribdi! Sen bo‘lsang!..

Turgan yerimda oyoqlarim chalishib ketdi, yurak urishim xuddi to‘xtab qolayozgandek o‘zimni shu qadar og‘ir sezdimki, hatto o‘limimga ham ming marta rozi bo‘ldim. Alibek bo‘lsa yengimdan tortib,hamon pritseplar uchun yasaladigan qandaydir moslamalar va yana allanimalar haqida tushuntirardi. Jontoy bir chekkada quloq solib turardi.

— O‘z holimga qo‘ysang-chi! — deb qo‘limni tortib oldim. — Mendan nima kerak senlarga? Sudga bo‘lsa sudga beringlar! Shu yog‘i ham yetar! Hech qanday pritsepning keragi yo‘q menga! Hech kimga sherik ham bo‘lmayman! Tushundingmi?

Alibekning qovog‘i osildi, peshonasi tirishdi:

— O‘zing boshlab, o‘zing o‘t qalab, endi birinchi bo‘lib dumingni xoda qilib qochmoqchimisan? Shunaqami?

— Qanday tushunsang, shunday tushunaver! — dedim-da, shartta burilib, garaj tomon ketdim. Mashina oldiga keldim, qo‘llarim qaltirardi, nima qilishni bilmasdim. Nima uchundir mashina

ostidagi chuqurga sakrab tushdim-da, sal o‘zimni bosib olish uchun terib qo‘yilgan g‘ishtlarga yonboshladim.

— Menga qara, Ilyos! — tepamdan shivirlagan ovoz eshitildi.

Boshimni ko‘tarib qaradim: bunisi yana kim bo‘ldi! Tumoq kiyib olgan Jontoy menga ayyorona tikilgancha chuqur tepasida xuddi qo‘ziqorindek cho‘nqayib o‘ti-rardi.

— Uni juda boplading-da, Ilyos! — dedi u.
— Kimni?

— Alibekni-da, aktivistni! Naq nishonga urding! Darrov nafasi o‘chdi-qoldi, bo‘lmasa bu novator quloqni batangga keltirardi.

— Xo‘sh, sening qanchalik ishing bor?

— Nima ishim borligini o‘zing ham tushunib turgan bo‘lsang kerak. Biz shofyorlarga pritsepning keragi yo‘q. Uning oqibati qanday bo‘lishini bilamiz: birortasi ishlab chiqarish normasini oshiradi, yo‘lni qisqartadi, keyin hammalaring o‘sha ilg‘or darajasiga ko‘tarilinglar deyiladi-yu, biroq yuk tashish uchun to‘lanadigan haqni kesib qoladilar. Xo‘sh, kim o‘z cho‘ntagiga zarar keltirishni istaydi? Bir kunlik shuhrat, obro‘ kimga kerak? Biz sendan xafa bo‘layotganimiz yo‘q. Ha, ko‘ngling to‘q bo‘lsin…

— Biz deganing kimlar? — deb so‘radim undan bamaylixotir bo‘lishga intilib. Ammo birdan bosib kelgan g‘azabdan yuragim siqilib ketdi: — Mashinani shatakka olib ketayotganimda nega nafasingni chiqarmay o‘tib ketganingni endi angladim! Olisni ko‘zlabsan-u, ammo tumshug‘ing ostidan narini ko‘rolmabsan, seningcha, boshqalar hech narsani tushunmaydi. O‘zingcha meni ahmoq deb o‘ylayapsan shekilli! Biz deganing senmi? — deb so‘radim yana.
— Faqat mengina emas, — dedi Jontoy ko‘zlarini pirpiratib.

— Yolgon, mag‘zay, bit! Seni deb qasddan pritsep bilan yurganim bo‘lsin! Tanimda jonim bor ekan, aytganimni qilaman. Sen bilan ana o‘shanda gaplashaman. Qani, tuyog‘ingni shiqillatib qol-chi!
— Hay-hay, haddingdan oshma! — deb o‘dag‘ayladi Jontoy. — Sening ham qanaqaligingni yaxshi bilamiz… Biroq o‘ylab ko‘r… Anoviga kelsak, davring kelganda yurib qol…

— He seni!.. — deb jahl ustida qichqirib yubordim-da, joni qahrim bilan.jag‘iga tushirdim.

U xandaq chekkasiga qanday o‘tirgan bo‘lsa, shundayicha orqasiga ag‘anab tushdi. Tumog‘i ham uchib ketdi. Men xandakdan mushukdek sakrab chiqdim-u unga tashlandim. Ammo Jontoy o‘rnidan turib olgandi, u o‘zini chekkaga olib qochib, butun hovlini boshiga ko‘tarib dodlay boshladi:

— Bezori! Kazzob! Musht bilan qo‘rqita olmaysan meni! Sening ham adabingni berib qo‘yadigan kuch topilar! Haddingdan oshma, zararkunanda!..
Har tomondan odamlar yugurib kela boshladilar. Alibek ham chopib keldi.

— Nima gap? Nega urding uni?

— Haqiqat uchun! — deya battarroq baqira boshladi Jontoy. — Haq gapni yuziga aytganim uchun! Pritsepni o‘g‘irlagan ham o‘zi, dovonda ag‘darib tashlab ketib, ishni barbod qilgan ham o‘zi, yana boshqalar vijdonan uning xatosini tuzatmoqchi bo‘lishsa, u tumshuqqa soladi! Endi bu ishdan manfaatdor emas, chunki obro‘ va shon-shuhratni qo‘ldan boy berib qo‘ydi!..

Alibek men tomon yurdi. Rangida qoni yo‘q, oppoq oqarib ketgan, g‘azabdan tutilib-tutilib gapirardi.

— Ablah! — deb ko‘kragimdan itarib yubordi u. — Alam qilganidan dovon uchun qasd olyapsanmi? O‘ylama, sensiz, qahramonlarsiz ham ishlay olamiz!..

Men indamay turaverdim. Biron narsani tushuntirib beradigan holim yo‘q edi hozir. Jontoyning haddan tashqari surbetlarcha aytgan yolg‘on-yashiq so‘zlaridan shunchalik iztirobga tutpgan edimki, hatto biron og‘iz so‘z aytolmay qoldim. O‘rtoqlarim menga o‘qrayib turishardi. Jontoy bo‘lsa labidagi qonni tumog‘i bilan artib, hamon o‘kirardi.
Men mashinaga sakrab chiqdim-da, avtobazadan tashqariga haydab ketdim.

Yo‘lda ichib oldim. Ta’bim juda xira edi. O‘zimga nisbatan bo‘lgan qahr-u g‘azabni bartaraf eta olmas va so‘nggi kunlarda bo‘lib o‘tgan hamma qilmishlarimni unuta olmas edim. Asalni eslasam, vijdon azobida yana qiynalardim.

Dastlabki yo‘l bo‘yidagi magazinchalardan biriga kirib chiqdim, foydasi bo‘lmadi, so‘ngra yo‘l-yo‘lakay yana bir to‘xtab, to‘la stakanni paqqos urdim. Shundan keyingina sal yengillashdim. Ko‘priklar, yo‘l bo‘yidagi belgilar va qarshidan kelayotgan mashinalargina ko‘z o‘ngimdan lip-lip o‘tib borardi. Ko‘nglim ancha yorishgandek bo‘ldi. «Eh! — deya o‘ylardim o‘zimcha. — Bo‘lganicha bo‘lar. Senga nima yetishmaydi, mashinangni haydab yuribsan, bo‘ldi-da, Xadichaning bu ishlarga nima daxli bor, senga u nima yomonlik qildi, boshqalardan uning qaeri kam? Yoshgina, chiroyli, dilbar ayol; bo‘lsa. Seni jon-dilidan yaxshi ko‘radi. Sen uchun har narsaga tayyor, sen bo‘lsang, u haqida bo‘lmag‘ur turli xayollarga borib yuribsan. Axir u bilan o‘tkazgan tuning yomon bo‘ldimi. Yaxshilikni bilmagan ahmoq!»

Kechqurun uyga qaytib keldim. Kalta po‘stinimni bir kiftimga kiyib olganimcha, eshik oldida gandiraklab turibman: men ba’zan rulni boshqarish oson bo‘lsin uchun o‘ng yengimni yechib olardim. Bu bolaligimdan odat bo‘lib qolgan, bolalar bilan tosh otib, kimo‘zar o‘ynaganimizda ham shunday qilardim…

Asal ko‘zi tushishi bilan menga otildi. Ammo qay ahvoldaligimni ko‘rib qo‘rqib, hayron bo‘lib turib qoldi.
— Sizga nima bo‘ldi, Ilyos? — So‘ngra gap nimada ekanligini angladi shekilli: — Voy, nega turibsiz? Charchadingizmi, sovqotdingizmi? Qani, yechining! — dedi.

Asal yordamlashmoqchi bo‘lib qo‘lini cho‘zdi, biroq churq etmasdan uning qo‘lini o‘zimdan nariga surib qo‘ydim. Nomus qilayotganimni qo‘pollik bilan bekitishga to‘g‘ri keldi. Qoqinib-surilib borarkanman, nimanidir taraqlatib tepib yubordim-da, o‘zimni gurs etib stulga tashladim.

— Biror narsa bo‘ldimi, Ilyos? — dedi Asal menga yaqinlashib kelarkan, mast-alast ko‘zlarimga tashvish bilan tikilib.
— Nima, sen hali bilmaysami? — deb boshimni quyi soldim; yaxshisi, uning yuziga qaramayin. Men, Asal hozir o‘pkalab, takdirdan noliy boshlaydi, deb kutib turardim. O‘zimni oqlamay, har qancha koyisa ham tinglashga tayyor edim. Ammo u go‘yo uyda yo‘kdek churq etmasdi. Men sekingina ko‘z qirimni tashladim. Asal orqasini o‘girgancha deraza yonida turardi. Garchand uning yuzini ko‘rmayotgan bo‘lsam ham iztirob chekayotganini va ko‘zlarida yosh miltillab turganini sezdim. Unga juda rahmim kelib ketdi, yuragim ezila boshladi.

— Bilasanmi, Asal, men senga bir narsani aytmoqchi edim, — deb gap boshladim jur’atsizlik bilan. — Shuni aytmoqchimanki! — nafasim bo‘g‘zimga tiqilib ortiq so‘zlay olmadim. Qilgan gunohimga iqror bo‘lishga yuragim dov bermadi. Yo‘q, u mendan buni hech qachon kutmagan, ayta olmayman. Unga rahmim kelgandi, ammo bekor qilgan ekanman. O‘sha daqiqada o‘zimni-o‘zim yenga olmadim. — Biz, ehtimol, bu yaqin-orada sizlarnikiga, ovulga bora olmasak kerak, — deb gapni boshqa yoqqa burdim. — Keyinchalik vaqt-soati bilan borarmiz… Hozir bundan ko‘ra zarurroq ishlar bor…

— Xo‘p, mayli! Keyinroq borarmiz, shoshadigan joyi yo‘q! — dedi Asal va ko‘z yoshlarini artib,oldimga keldi. — Hozir bu hakda o‘ylamay qo‘ya qoling, Ilyos. Hammasi yaxshi bo‘lib ketadi. Yaxshisi, o‘zingizni o‘ylang. Juda o‘zgarib qoldingiz. Sizni hech tushuna olmay qoldim, Ilyos.

— Xo‘p, bo‘pti! — deb uning gapini bo‘ldim, yuraksizlik qilib qo‘yganimdan jahlim chiqib. — Charchaganman, uyqum kelyapti.

Men yolg‘on-yashiq so‘zlarni yanada ko‘proq gapirib qo‘ymaslik, oradagi sof sevgi ko‘zgusiga dog‘ tushirib qo‘ymaslik uchun tezroq yotib uxlashim kerak edi. Asal ham uni-buni so‘rab boshimni qotirib o‘tirmasdi. Men voqeani bir boshdan oqizmay-tomizmay aytib bermoqchi bo‘lib, bir necha bor hozirlandimu, biroq oradan vaqt o‘tgan sari iqror bo‘lishdan uzoqlasha bordim. Bilsam, hammasining o‘z mavridi — vaqt-soati bor ekan. Kayfim tarqalgach, bo‘lib o‘tgan voqealarni unga endi hech qachon ochiqchasiga gapirib bera olmasligimni tushundim. Nega bundayligini o‘zim ham bilmasdim.
Oradan bir kun o‘tgach, qaytishda dovonning narigi tomonida Alibekni uchratib qoldim. U pritsep bilan kelayotgan ekan. Do‘lan ishg‘ol etilgan edi.

Alibek meni ko‘ra solib, yurib kelayotgan yerida kabinaning o‘ng eshigidan sakrab tushdi-da, qo‘l silkiy boshladi. Men tezlikni kamaytirdim. U yo‘lda behad xursand va g‘olibona turardi.
— Salom, Ilyos! Buyoqqa chiq, chekishamiz! — deb qichqirdi u.

Men unga yaqinlashib tormoz berdim. Alibekning kabinasida yoshgina yigitcha — ikkinchi shofyor o‘tirardi. Mashinaning g‘ildiraklariga zanjirlar o‘rab bog‘langan. Pripeplarda pnevmatik tormoz. Buni men darhol payqagan edim. Biroq to‘xtamadim. Menga juda alam qilgan edi. Uddasidan chiqibsan — qoyil! Lekin meni tinch qo‘y.

— To‘xta, to‘xta! — deb Alibek orqamdan yugura boshladi. — Ishim bor, to‘xta, Ilyos! Eh, shayton, senga nima bo‘ldi?.. Xo‘p, mayli! o‘zing bilasan…

Men mashinani tezlatdim. Qichqirma. Bizning bir-birimizda hech qanday ishimiz yo‘q. Mening ishim allaqachon rasvo bo‘lgan. Yaxshi qilmadim, eng yaqin do‘stim Alibekdan ajraldim. Axir u haq edi, hamma narsada haq edi, buni endi tushunib yetdim. Ammo o‘sha paytda mening qanchalik asablarimni buzgan, qanchalik umrimni sarflagan narsaga u alam qilarli darajada juda tez va juda oddiy yo‘l bilan erishganligini kechira olmasdim.

Alibek chuqur mulohazali va jiddiy yigit edi. U hyoch qachon dovonga menga o‘xshab partizanlik qilib bormasdi ham. Bunaqangi harakatlar uning tabiatiga yot edi. Uning kuch-quvvati, e’tibori ham xuddi mana shunda edi. U mashinani sherik bilan birga haydab to‘g‘ri qildi. Ular mashinani yo‘lda navbatma-navbat haydashlari, dovonni yangi kuchlar bilan qo‘lga kiritishlari mumkin edi. Dovonda hal etuvchi narsa — motor, iroda va inson qo‘llari. Buning ustiga, Alibek bilan sherigining manzilga borib kelishda bekor ketadigan vaqti deyarli ikki marta qisqarar edi. Bularning hammasini u hisobga oldi, mashina kompressoridan pritsepga bir vaqtda harakat qila oladigan tormoz o‘rnatdi. U eng oddiy narsani — zanjirlarni ham unutmadi, ular bilan oldingi g‘ildiraklarni tang‘ib qo‘ydi. Xullas, u faqat «ura» qichqirig‘i bilan emas, balki shay bo‘lib, to‘la qurollangan holda dovonga hujum qildi. Ana shu yo‘sinda Do‘landan mashinalar pritseplar bilan o‘tadigan bo‘lib qoldi.

Alibekdan keyin dovondan boshqalar ham pritseplar bilan yurishga kirisha boshlashdi. Xdmmasi emas, albatta, ammo odatdagidek har bir ishda ham asosiy narsa uning boshlanishida-da, axir. Bu orada mashinalarning soni ham ortib qolgandi, qo‘shni avtobazadan yordam yuborishgandi. Bir yarim hafta davomida kechayu kunduz Tyan-Shan traktida mashinalarning guvillashi tinmadi. Xullas, qanchalik og‘ir, qanchalik mashaqqatli bo‘lmasin, biznikilar xitoylik ishchilarning iltimosini belgilangan muddatda ado etishdi, ularni uyaltirib qo‘yishmadi. Men ham ko‘pchilik qatori ishladim. Bularni, endi hamma ishlar iziga tushib, oradan shuncha yillar o‘tib ketgandan keyingina aytyapman. O‘sha qizg‘in kunlarda esa men egarda hali mustahkam o‘tira olmas va hayot otini ham unchalik boshqara olmasdim…

Dovon ortida Alibek bilan uchrashganimizdan so‘ng avtobazaga kelganimda, kech kirib qolgan edi. Yotoqxonaga qarab yo‘l oldim, ammo yo‘l-yo‘lakay markaziy ko‘cha tomon burildim. Yana choyxonaga. O‘sha kunlarda mening hushdan ketguncha ichib, o‘lgudek mast bo‘lgim, loaqal bir lahza bo‘lsa ham hamma-hammasini unutib, toshdek qotib uxlagim kelardi. Men o‘zimni zo‘rlab bo‘lsa ham juda ko‘p ichdim, ammo aroq menga deyarli ta’sir etmadi. Men choyxonadan battar xafa bo‘lib, g‘azabim qaynab chiqdim. Tun yarmida shaharchada daydib yurdim va nima qilayotganimni o‘ylab-po‘ykab o‘tirmasdan Beregovaya ko‘chasiga, Xadichaning uyiga qarab qayrildim. U ham meni kutib o‘tirgan ekan.

Keyin ham ahvol ana shunday davom etaverdi. Men ikki olov o‘rtasida qolgandim. Kunduzlari ishda, avtobazada qolgan kechalarim esa darrov Xadichanikiga yugurib qolardim. Oyog‘im unikiga tortib turardi, u bilan o‘zimni xotirjam va erkinroq his qilardim. U yerda go‘yo o‘zimdan, odamlardan va haqiqatdan yashiringandek bo‘lardim. Nazarimda yolg‘iz Xadichagina meni tushunadigandek va sevadigandek tuyulardi. Uyimga kelganimda esa iloji boricha tezroq jo‘nab qolishga harakat qilardim. Asal, aziz Asalginam! Agar u o‘zining oqko‘ngilliligi va sofdilligi bilan meni uydan tobora uzoqlashtirayotganini bilsa edi. U shu fazilatlari bilan meni tezroq ketish uchun bahona topishga majbur qilardi, chunki unga munosib emasligimni, men uchun u qilgan barcha narsalarga o‘zimning sazovor emasligimni ko‘ra-bila turib bu yerda ortiq tura olmasdim. Men uyga bir necha bor mast bo‘lib keldim. Ammo u biror marta ham ta’na qilmasdi. Hali-haligacha uning menga nisbatan shunday munosabatda bo‘lganini tushuna olmayman: bo‘shligi, irodasizligidanmi yoki aksincha, o‘ta bardoshliligi va insonga nisbatan ishonchi tufaylimi? Ha, u albatta mening o‘zimni qo‘lga olishimni, muvaffaqiyatsizliklar ustidan g‘olib kelishimni va yana avvalgi holimga qaytishimni kutar, bunga ishonar edi. Ammo undan ko‘ra meni koyigani, bor haqiqatni vijdonan aytib berishga majbur etgani yaxshiroq edi. Ehtimol, Asal mening yuragimni o‘rtab tirnayotgan narsalar faqat ishdagi ko‘ngilsizliklargina emasligini bilganida, mendan javob talab qilgan bo‘larmidi?.. U shu kecha-kunduzda mening hayotimda nimalar sodir bo‘layotganini tasavvur eta olmasdi. Men esa unga juda achinardim, yurak sirlarimni ochishni doim galga solardim. Natijada, shu taxlitda ish ko‘rib, uning oldida, muhabbatimiz oldida, oilamiz oldida bajarishim lozim bo‘lgan burchimni ado etishga ulgura olmay qoldim.
So‘nggi marta uchrashuvimizda Asal meni quvonch bilan, shavq-zavq bilan kutib oldi. Yuzlari gulgun ochilib, ko‘zlari tabassumdan porlar edi. U kalta po‘stinim va etigimni yechirmasdanoq to‘g‘ri ichkariga sudradi.

— Buni qarang, Ilyos! Samad endi tippa-tik turyapti!
— Rostdanmi? Qani u?

— Huv ana — stol tagida!

— Polda emaklab yuribdi-ku!

— Mana hozir ko‘rasiz! Qani, o‘g‘lim, qanday turishingni dadangga bir ko‘rsatib qo‘y! Qani tur, tura qol, Samad!
Samad undan nima istayotganliklarini tushungandek bo‘ldi. U stol ostidan quvonib emaklab chiqdi-da, karavot yonida to‘xtadi, uni ushlab, zo‘rg‘a tikka turdi. U jilmayib, nozik oyoqlarida bir oz kalovlanib turdida, keyin o‘shanday jilmayganicha «gup» etib polga o‘tirib qoldi. Chopib borib, uni quchoqlab oldim-da, badanidan yoqimli sut hidi anqib turgan go‘dakni bag‘rimga bosdim. Xuddi Asal kabi naqadar qadrdon va aziz edi bu hid.

— Sekinroq, Ilyos, nafasi qaytib ketadi! — deb Asal quchog‘imdan Samadni tortib oldi. — Xo‘sh, endi nima deysiz? Qani, endi yechining. U tez kunda kattakon bo‘lib qoladi, shunda oyisi ham ishga boradi. Hammasi o‘rniga tushadi, hammasi yaxshi bo‘lib ketadi, shundaymasmi, o‘g‘ilcham? Siz-chi,
— deb Asal kulimsirab, ma’yus ko‘zlari bilan menga boqdi. Men stulga o‘tirdim. U o‘zining mana shu bir og‘iz so‘zi bilan so‘nggi kunlar ichi aytmoqchi bo‘lib yurgan, lekin aytolmay yuragida saqlab kelayotgan barcha gaplarini bayon etganini payqadim. Bu so‘zlarda iltijo ham, ta’na ham, umid ham mujassamlashgan edi. Men o‘sha ondayoq unga bor gapni so‘zlab berishim yoki tezroq bu yerdan chiqib ketishim zarur edi. Yaxshisi, keta qolay. U behad baxtiyor edi va hech narsadan shubhalanmasdi. Men o‘rnimdan turdim.

— Men ketdim, — dedim.
— Qayoqqa? — deya seskanib ketdi Asal. — Bugun ham qolmaysizmi? Loaqal choy ichib olsangizchi.

— Ilojim yo‘q. Ketishim kerak, — deb to‘ng‘illadim men. — O‘zing bilasan, hozir ish juda qistov…

Yo‘q, meni uydan haydayotgan narsa aslo ish emas edi. Vaholanki, yo‘lga ertalab chiqishim kerak

edi.

Qorong‘ida mashina yoniga kelib, kabina o‘rindig‘iga o‘zimni gurs etib tashladim va alamimdan ingrab yubordim, motorni yurgizish uchun kalitni o‘z o‘rniga tushira olmay, ancha vaqtgacha timirskilab o‘tirdim. So‘ngra yo‘lga chiqdim, derazalarda miltillab turgan chiroqlar orqada qolib, to ko‘zdan g‘oyib bo‘lguncha haydab bordim. Darada, ko‘prikdan o‘tishim bilanoq mashinani yo‘ldan chetga burib, butazorda to‘xtatib, chiroqlarini o‘chirdim. Shu yerda tunashga ahd qildim. Cho‘ntagimdan papiros oldim. Guturt qutisida bittagina gugurt cho‘pi qolgan ekan. U lov etib yondiyu, o‘chib qoldi. Papirosni ham qutichaga qo‘shib kabina oynasidan uloqtirib yubordim, boshimga kalta po‘stinni tortib, oyoqlarimni yig‘ishtirganimcha o‘rindiqda bukchayib yotib qoldim.

Qop-qorong‘i va bahaybat tog‘lar ustida oy xiragina nur sochib turardi. Darada shamol hazin guvillar, ochilib turgan kabina eshigini u yokdan-bu yoqqa tebratar edi. U shamolda ohistagina g‘ijirlardi. Kabinada yotar ekanman, o‘zimning butunlay yakkayu yolg‘izligimni, odamlardan, oilamdan va avtobazadagi o‘rtoqlarimdan ajralib qolganligimni hali hech qachon hozirgidek chuqurroq sezmagan edim. Bundan buyon bu taxlitda hayot kechirish mumkin emas edi. O‘zimga-o‘zim so‘z berdim: safardan avtobazaga qaytib kelishim bilanoq, Xadicha bilan gaplashaman, undan meni kechirishini, ikkovimiz o‘rtamizda bo‘lib o‘tgan hamma narsalarni unutishini iltimos qilaman. Shunday qilsam, vijdonan haqqoniy va to‘g‘ri ish tutgan bo‘laman.

Biroq hayot bu fikrimni boshqachasiga hal etdi. Men shunday bo‘lishini hech qachon o‘ylamagan va kutmagan edim. Oradan bir kun o‘tgach, ertalab dovondagi bazaga yetib kelganimda, uyda hech kim yo‘q edi. Eshik lang‘illab ochilib yotardi. Dastlab Asal biron yoqqa: suvgami, o‘tingami chiqqan bo‘lsa kerak, deb o‘yladim. U yoq-bu yoqqa qaradim. Xonada hamma narsa ivirsib yotardi. Olov yoqilmagan, qora pechkadan qandaydir yoqimsiz sovuq urib turar, uy huvillab yotardi. Samadning karavoti yoniga bordim — bo‘m-bo‘sh.
— Asal! — deb shivirladim dahshat aralash. «Asal!» — deb shivirlab aks sado berdi devorlar. Men eshikka o‘kdek otilib chiqdim.

— Asal! — deb qichqirdim hovlida turib. Hech kim javob qilmadi. Qo‘ni-qo‘shnilarimiznikiga yugurdim, benzinkolonkaga chopib bordim, hech kimdan aniqroq javob ololmadim. Odamlarning aytishicha, kecha bolasini tanishlarinikida qoldirib, o‘zi kun bo‘yi qayoqqadir ketibdi va tunda qaytib kelibdi. «U voqeadan xabar topib ketib qolgan!» — degan dahshatli xayoldan cho‘chib ketdim.
Umrimda hali hech qachon Tyan-Shan tog‘laridan mashinani o‘sha, men uchun baxtsiz bo‘lgan kundagidek tez haydamagan bo‘lsam kerak. Men nuqul qaerdadir anovi muyulishdan keyin yoki anovi darada, yoki yana qaerdadir yo‘lda unga yetib oladigandek bo‘laverdim. Go‘yo burgutdek parvoz qilib, ketib borayotgan mashinalarni quvib yetardim va ularga yonma-yon kelib mashinaga tormoz berardim-da, kabina va kuzovlarga ko‘z yugurtirib chiqib, shofyorlarning so‘kish-koyishlari ostida mashinani yana ilgarilab yeldirib borardim. Men shu vaziyatda radiatordagi suv qaynab ketmaguncha uch soatlar chamasi mashinani beto‘xtov yeldek uchirib haydadim. Kabinadan sakrab tushdim-da, radiator ustiga qor socha boshladim, so‘ngra yo‘l yoqasidagi pastlikdan suv olib chiqqani yugurdim. Suvni darhol quydim. Radiatordan bug‘ ko‘tarilar, mashina esa poygadan chiqqan otdek ufurardi. Rulga endi o‘tirmoqchi ham edimki, Alibekning qarshidan kelayotgan avtopritsepiga ko‘zim tushib qoldi. Quvonib ketdim. Garchand biz gaplashmay, salomlashmay yurgan bo‘lsak ham mabodo Asal ularnikida bo‘lsa, baribir u buni menga aytishi kerak-ku. Men yo‘lga yugurib chiqib, qo‘limni ko‘tardim-da:

— To‘xta, to‘xta, Alibek! To‘xta! — deb qichqirdim.
Rulni boshqarib borayotgan navbatchi yigit Alibekka savol nazari bilan qaradi. Alibek esa xo‘mrayganicha teskari burilib oldi. Mashina to‘xtamasdan o‘tib ketdi. Mashina g‘ildiraklaridan ko‘tarilgan qor to‘zoni orasida qolib, ancha vaqtgacha qo‘limni ko‘targancha turib qoldim. So‘ngra yuzimni artdim. Mayli, olmoqning bermog‘i bor-ku, axir! Biroq hozir undan xafa bo‘ladigan darajada emas edim. Demak, Asal ularnikiga bormapti. Bu ko‘nglimni battarroq g‘ash qila boshladi. U o‘z ovuliga ketgan bo‘lsa kerak, boshqa boradigan joyi yo‘q. U ota-onasi oldiga qaysi yuz bilan bordiykin va nima dedi ekan ularga?

Tezda ovulga jo‘nashim kerak.
Yukni tushirgach, avtobaza hovlisiga kirib o‘tirmadim. Mashinani ko‘chada qoldirib, hujjatlarni topshirish uchun dispetcherxonaga yugurib ketdim. Borayotib yo‘lakda Jontoy bilan to‘qnashib qoldim. Uning yonidan o‘tib ketdim, u bo‘lsa ortimdan jirkanch va hayosizlarcha tirjayib qoldi.

Halloslab dispetcherxonaning tuynukchasiga boshimni suqdim-da, Xadichaning oldiga yo‘llanmani tashladim. U menga g‘alati qilib bir qarab qo‘ydi. Uning ko‘zlaridan qandaydir bezovtalik va o‘zini gunohkordek sezayotganligi nogoh sezilib ketdi.

— Tezroq olsang-chi! — dedim men.
— Biron nima bo‘ldimi?

— Asal… uyda yo‘q, ketib qolibdi!

— Rostdanmi? — dedi ranglari oppoq oqarib ketgan Xadicha va o‘rnidan turdi-da, lablarini tishlab: — Kechir, kechir meni, Ilyos! Hammasiga men, men… — deya boshladi.
— Nimaga men-menlab qolding! Tushuntiribroq gapirsang-chi, qani, ayt barini! — deb despetcherxo-naning eshigiga qarab otildim.

— Bularning hammasi qanday bo‘lganini o‘zim ham bilmay qoldim, gaplarim rost, Ilyos. Kecha yo‘lakda turuvchi qorovul tuynuk eshikchasini taqillatib, bir qiz kelib, seni so‘rayapti, dedi. Qorovul uni bu yerga chaqirdi-da, o‘zi chiqib ketdi. Men uni darhol tanidim. U «jimgina menga tikilib qaradi: «Shular hammasi rosti?»— deb so‘radi. Men, men esa dovdirab qolib, qo‘qqisdan: «Ha, rost. Hammasi rost. U men bilan birga!»— deb yuboribman. U cho‘chib ketib, tuynukchadan boshini shartta tortib oldi. Men esa oshimni stolga shilq etib tashlaganimcha, jinnilarga o‘xshab: «Meniki u! Meniki!» — deb ho‘ngrab yig‘lab yubordim. U koridordan yugurib chiqib ketdi, keyin uni ko‘rmadim… Kechir meni…

— Shoshma-shoshma. U qayoqdan bildiykin?

— Jontoy aytgan. O‘sha, u menga ham do‘q qilib yurardi. Uning ablahligini bilmaysanmi axir!

— Bilaman. Biroq u bu gal haqiqatni aytibdi.

— Sen, Ilyos, bor, uni qidirib top. Men endi sizlarga xalaqit bermayman. Biron yoqqa bosh olib ketaman…
Mashina meni qishki cho‘l bag‘ridan olib borardi. Yo‘lni qalin, ko‘kimtir muz qoplab yotardi. Shamol qor uyumlarining yo‘llarini tarab, ariq bo‘ylaridagi qorlarni quyun qilib uchirib, o‘zi bilan olis-olislarga olib ketardi. Uzoqdagi tog‘ etaklarida shamolda nuragan devorlar va yaproqlari to‘kilib ship-shiydam bo‘lib qolgan ovul bog‘lari elas-elas qorayib turardi.

Kolxozga kechqurun yetib keldim. Mashinani menga tanish bo‘lgan xonadon oldiga kelib to‘xtatdim, nafasimni rostlab olish uchun papiros tutatdim so‘ng uning qoldig‘ini o‘chirib tashladim-da, signal bera boshladim. Ammo Asal o‘rniga yelkasiga po‘stin tashlab olgan onasi chiqdi. Men kabina eshigini ochib, zinaga tushdim va sekingina:
— Salom, opa! — dedim.

— Ha-a, senmiding! — deb g‘azab bilan javob qildi u. — Qilar ishni qilib qo‘yib, tag‘in meni opa deyishga qanday tiling bordi? Yo‘qol bu yerdan, basharang qursin. Sayoq, muttaham, lo‘li! Bolamning bosh-ko‘zini aylantirib olib qochibdi-da, yana uyalmay-netmay burnini tortib kelganini qara-ya! Benomus! El-yurt oldida sharmandai sharmisor qilding…

Kampir og‘iz ochirgani qo‘ymasdi. U meni og‘ziga kelgan achchiq so‘zlar bilan tinmay qarg‘ar edi. Uning baqiriq-chaqirig‘ini eshitib, qo‘shni hovlilardan erkak-ayollar va bolalar to‘plana boshladilar.

— Xaloyiqni chaqirmasimdan, bu yerdan tuyog‘ingni shiqillatib qol! Basharang qursin, turqingni sira ko‘rmayin! — g‘azabga to‘lgan ona po‘stinini yerga uloqtirib tashladi-da, menga tomon xezlab kela boshladi.
— Hoy, yaxshilikcha jo‘nab qol bu yerdan! — dedi allaqanday bir kishi yo‘lga tomon qo‘lini ishora qilib dag‘dag‘a bilan.

Yo‘lga tushishdan boshqa iloj qolmagan edi. Axir meni Asal hatto ko‘rishni ham istamagandan keyin ketish kerak edida. Mashinamga tosh va tayoqlar otila boshladi. Bolalar meni ovuldan ana shunday haydab qolishdi. Nega shunday qilishdi ekan? Ehtimol, ular meni bu kampirni haqorat qilib, xafa qilgan deb o‘ylashdimikin ? Yoki biron kallakesar deb o‘ylashgan bo‘lsa kerak…

O‘sha tuni ko‘l bo‘yida uzoq daydib yurdim. Oy nurida jilolanayotgan ko‘l to‘lqin urib, o‘zini qo‘yishga joy topa olmasdi. O‘, Issiqko‘l, mangu qaynoq ko‘l! O‘sha tun muzdek sovuq eding, iltifotsizlik bilan qarshi olgan eding. Men to‘ntarilib yotgan qayiq ustida o‘tirarlim. Qirg‘oqdagi sayozliklar sari o‘rkach-o‘rkach bo‘lib yopirilib kelayotgan to‘lqinlar zarb bilan etiklarimning qo‘njiga urilar va pishqirib yana orqaga qaytar edilar.
So‘ng allakim menga yaqinlashib keldi-da, yelkamga sekingina qo‘lini qo‘ydi. Bu Xadicha edi.

09

(Tashriflar: umumiy 693, bugungi 1)

Izoh qoldiring