Farog’at Kamol. She’rlar

033     27 март — шоира Фароғат Камол таваллуд топган кун. Чин дилдан қутлаймиз!

Бу шоиранинг шеърларида тунги ёмғирлар шивири, олислаб кетаётган болалик турналарининг ноласи, баҳор набадаси силкитиб турган пардалар ортидаги юракнинг гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай турган сирли манзаралари яширин.

ФАРОҒАТ КАМОЛ
ШЕЪРЛАР
045

Фароғат Камолова 1959 йил, 27 мартда Жиззах туманидаги Мўлканлик қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981). Дастлабки шеърий тўплами — «Осмон парчаси» (1982). Шундан кейин шоиранинг «Узоқ сафарлар», «Баргизуб» (1990), «Ҳолатлар китоби» (2000) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

045

УЧРАШУВ

054

Ҳамма нарса ўзгаргандай: кийиминг, сўзинг,
Овозингда нотаниш мунг, босиқ дил розинг,
Гўё ички дардларини очгандай энди
Ҳаётингнинг фожиаси — мағрур овозинг.

Кўзларингда табассумнинг қотган сурати
Сўздан олдин айтар қалбинг изтиробидан,
Кўзларингда бир сирли ўт ёниб туради
Ҳозиргина узилгандай ишқ китобидан.

ТАШНАЛИК

Сўзлашади дарахтлар тунда.
Япроқлардан сирғалиб тушган
Ой нурини ичар майсалар.

Жимирлайди юлдузли осмон,
Сомон йўли порлайди хира,
Гўё кутар сирли карвонни…

ЭСЛАШ

Ўша оқшом осмон кенг эди,
Юлдузларнинг оралиғида
Ортиб қолган жой эди жимлик.

Ўша оқшом боғлар феълида
Ҳоким эди бир паришонлик,
Дарахтларнинг ёйилган шохи.

Йўлда ётган бир қора тошнинг
Узун эди ерда сояси.
Сен кўзингни олмадинг ундан.

* * *

Ишқнинг йўлларида азобим мингдир,
Кўнгил гоҳ тупроққа, гоҳ нурга тенгдир?

Бу дунёда жоним сиғар бошпанам —
Мен чеккан ғамларим — ёлғиз кошонам.

Йиғлайман, кўнглимда қадимий йиғи —
Илоҳнинг мен билан қолган қўшиғи.

САВОЛ

Сенинг йиғлаганинг —дард чекканингми?
Ўзингдан бир қадам чекинганингми?
Таскин сўраганингми? Қийналганингми?
Билмам, топганингми, йўқотганингми?..

МУСАВВИР

Рангларнинг тилсими ечилган кунда
Оловга айланар қора сочларинг.
Сенинг нур қадаминг етган йўлларда
Фарёди тун бўлар тилсиз тошларнинг.

Шамолнинг қаноти нур ташир шаффоф,
Уфқда қотади дардимиз қони.
Умримнинг заъфарон кенгликларидан
Мен йиғлаб чорлайман сени, дунёни.

* * *

Сенинг кўзларингда теран ва мунглиғ
Менинг яшамаган умрим бор ҳали.

Сенинг лабларингда тоза ва қутлуғ —
Ҳали айтилмаган севги сўзлари.

Умринг йўллари ҳам ҳали қийноқли —
Менинг етказажак жафоларим бор.

Сенинг хаёлларинг на-да ардоқли —
Менинг сиғинажак дунёларим бор.

 

* * *

Сен дединг , юракка қилмайлик жабр,
Қайтайлик, кўзларинг тўлмоқда ёшга,
Қайтайлик, тақдирдан ўзиб кетибмиз ,
Тингла, юракнинг-да сўзлари бошқа.

Сен дединг, қандайдир совуқ бир сеҳр
Бошимиз устида порламоқда жим.
Юлдузлар бизга мос суҳбатдош эмас,
Уларни ўқисин бошқа мунажжим.

Қайтайлик, биз туннинг изидан келдик,
Шундай кезиб юрар соялар тунда.
Кимдир ўз қалбидан қувган шубҳанинг
Шарпалари янглиғ юрибмиз бунда.

Сездингми, теграмиз маъюс жимжитлик,
Биз бунда йўл топган илк йўлчилармиз.
Балки қайлардадир тугаган йўлнинг
Давомин беҳуда излаб юрибмиз.

Сен дединг, юракка қилмайлик жабр…

ҲИЖРОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Узилган ипларни улайди кимдир,
Ойнинг нурларини ўрайди кимдир.

Ёнингда ўлтириб майин қўл билан
Ёйиқ сочларингни силайди кимдир.

Қўшиқ куйлай бошлар «сиз»лаб юлдузни,
Овози нур янглиғ ёритар Сўзни.

Унинг қўшиғидан йўллар уйғонар,
Кейин кунлар, ойлар, йиллар уйғонар.

Куйлагани сайин қўшиқ узаяр,
Бу қўшиқ айрилиқ ҳақида бўлар.

ТУШУНИШ

Қачонки мен ишқнинг азобин туйдим,
Рақиб оёғига бошимни қўйдим.

Қачонки тил билан айтдим ҳолимни,
Қанотини юлдим ҳур хаёлимнинг.

Қачонки бошимни ғамлардан тортдим,
Тақдиримдан ёруғ изни йўқотдим.

Қачонки тушуниб бир назар солдим,
Баридан шу лаҳза кўзимни олдим…

* * *

Хазон фасли яқин, тупроқли йўлда
Қуёшнинг излари тутайди секин.
Булутлар ўлчабми кўрар ўзида
Уфқнинг оловранг ёнган кўйлагин.

Ергача эгилган мажнунтолларнинг
Япроғин санайди дайди шамоллар.
Жажжи гўдагининг кийимларини
Сўнгги ёғдуларга ёяр аёллар.

Кейин оқшом чўкар оҳиста, маъсум,
Осмондан узилган ажиб япроқдай,
Боғларнинг уйқуси абадийликка
Юзма-юз турган бир оний титроқдай,

Хазон фасли яқин — ранглар тубида
Сарғаяр йўқотган кунларнинг доғи.
Табиат бу кунлар сирли дарахтнинг
Узилиб заминга қўнган япроғи.

Хазон  фасли яқин…

КЕЧКИ ГУЛЛАР

Табиат ҳеч эркаламаган
Кузнинг сўнгги гулларин.
Балки шундан чидамли улар.

Бу гулларни кутмаган кимса,
Расмин чизиб тасаввурида,
Балки шундан чиройли улар.

Гуллар очилмаган кечикиб.
Асли нигоҳларни чарчатган
Ҳайрат — инжа ранглар ўйини.

Барчанинг хаёли баҳорнинг
Изларини ўпганида жим,
Кечки гуллар излар қишнинг йўлини.

ГУВОҲ

Бу одамнинг юзи тунд, ҳаракатсиз,
Гўё қотиб қолган ички соядан.
Бир кун тан олинган мағлубиятнинг
Нохуш сезгисидан қариган одам.

Қора кун тушганда халқнинг бошига
Хиёнатга пинҳон қўл берган эди.
Яқин дўстларига туҳмат тошларин
Отсалар, панада жим турган эди.

* * *

Туйғулар гул каби кўкарган ердан,
Кўринмас ҳамроҳи моддий дунёнинг.
Ҳар лаҳза гулларнинг пойига каби
Томиб адо бўлмас менинг бу жоним.

Гарчи ер фарзанди, ернинг эркаси
Юрак тупроғида туғилган жойи.
Гуллардек мантиқдан юқори улар,
Туйғулар гуллардек самовий.

* * *

Кўзларинг қувонса,
Учқунлар сочилар йўлларга гулдай.
Маъюс тортсанг агар,
Кўзларинг кўринар тиниқ бир кўлдай,
Кўзларинг илтижо қилсалар агар,
Унинг ноласидан жонлар адодай,
Дунё эшигида бош уриб турган
Икки фидодай.

* * *

Кўзларинг қаърида бир тун — туби йўқ,
Халоскор йўқ ундан қутулмоғимга.
Тақдирнинг ҳукмида бир йўл — сўнги йўқ,
Мен етмоқ истайман то адоғига.

Бир қилич — юракка бориб етади,
Бир олов ёқади дилни, жим турсанг.
Билмадим не сабаб бу ортиқ жафо ,
Ким учун жимгина қасос олурсан.

БОЛАЛИКДАН БИР МАНЗАРА

Томимизда осилиб қолган,
Жуда гўзал ой шу ҳолида.
Кўрпалари очилиб қолган
Болакайлар ухлар ҳовлида.

Ёзнинг қиска кечаларини
Кундузларга қўшар бир одам:
Унутгандай яқинларини
Далаларда юради отам.

Бу кечанинг майин шивири
Безовта қилмас уйқумизни.
Ухлолмайди супада бувим,
Уйғотмайди ҳеч биримизни.

ОНАМГА

1

Юлдузлар йиғлабди тун бўйи, она,
Шабнам япроқларда жавдираб турар
Соғинчини айтиб тонгга жимгина
Олис уфқларга бош урар йўллар.

Йўлларнинг бошида маъюс турибди
Узоқ болаликнинг маъсум севинчи.
Эҳ, йўллардан келиб қийнайди мени
Аламдийда йиллар, йиллар соғинчи.

2

Қайдадир олисда фиғон чекар най,
Масофалар жуда узун туюлар .
Шамоллар дайдийди ўзлигин билмай,
Кўзларимда мунис бир сиймо турар.

Қуршар хотиралар қуюни секин ,
Қаерга бошлайди , ахир, қаерга?
Узоқлашиб кетар мендан бу қуюн,
Аста йиқилади таниш қабрга.

Сассиз урилади вақт шамоллари,
Кўзларимга сокин тунлар қуйилар,
Чорлайди ҳорғин бир умид сингари
Олис уфқларга туташган йўллар.

Ва чорлар уфқда мени бир соғинч,
Энтикиб бораман интиқ чорловдан.
Соғинчим сиз, она, соғинчим билан
Олис уфқларда учрашамиз ҳам…

* * *

Деразамда тонгнинг оппоқ нигоҳи,
Тебранади хаёл каби ўрикзор .
Менинг кўзларимга жимгина боқиб
Шундай ёнгинамда турибди баҳор.

Шамоллар йўлида ёмғирнинг ҳиди,
Зангор ўтлоқларга тўкилар ёмғир,
Менинг кўзларим ҳам ёмғирга тўлди,
Ўрикзор-чи ҳамон тебранмоқдадир.

Баҳор хаёлларнинг багрида сокин,
Баҳор хаёлларнинг бағрида гўзал.
Яна ҳам оқ бўлар тонгнинг нигоҳн
Баҳор хаёлларга айланган маҳал.

* * *

Қўшиқ айтиб ўтар бир гала қушлар,
Ҳавода қолади ажиб эҳтирос.
Болалар чопишар ерда олқишлаб,
Кичик қалбларида бир дунё ихлос.

Учар хаёллари қушлар ортидан,
Янги бир дунё кашф этиб қайтарлар,
Янги бир само кашф этиб қайтарлар,
Учар хаёллари қушлар ортидан.

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар,
Аста тўлдиришар осмонимизни.
Ўша қушлар юксак эътиқод бўлиб
Олис-олисларга чорлайди бизни.

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар,..

* * *

Жовдираб туради кўкда юлдузлар,
Шуълалар бағрида титрайди олам.
Самоларда мовий, мовийдир излар,
Сизни ўйласам,

Ойдинлик остида кезар шамоллар,
Хаёл деб атайман мен уларни ҳам,
Учар шамолларга айлангим келар,
Сизни ўйласам.

Гўё ёмғир бўлиб эрийди само,
Қор бўлиб оқара бошлайди олам.
Тўрт гўзал фаслга айланар дунё —
Сизни ўйласам…

* * *

Соҳилларда кузнинг сурати,
Хазонларни совурар шамол.
Кимдир менинг исмимни айтар,
Гўё кимдир чорлар беозор.

Менинг умрим сувдай югурик,
Йўқотмоқда имконларини.
Фақат мангу шамоллар тирик,
Сўзлар мангу армонларини.

Куз бағрида сўнг бўлар баҳор ,
Телбаланар шамоллар бу кез.
Кимдир гўё чорлар беозор,
Мени чорлар ўтаётган куз.

* * *

Деразанг ёнида шамол ва ёмғир
Менинг мунгларимни сўзлайди шошиб
Жимжит хаёлингда бир сурат қалқир,
Узун ўйларингга кирар адашиб.

Дарахтлар шовуллар, барглар тўкилар-
Сенинг хаёлингда йироқ-йироқлар,
Хотирангда ҳамон бир сурат турар
Менинг юрагимни куйлар япроқлар.

Таъсир этолмаслар сенинг руҳингга,
Самода булутлар сурилар оғир.
Келолмай турибсан ҳамон ўзингга,
Деразанг ёнида шамол ва ёмғир…

* * *

Онамга

Сайҳонликда ясси тош, жимгина ўлтирибман.
Мен сизни ўйлаяпман.

Олисларда тоғлар кўп, ёнгинамда тоғлар бор,
Мен сизни ўйлаяпман.

Қора сочи елвагай, учиб юрар бир қизча.
Мен сизни ўйлаяпман.

Нечун, нечун дунёда бундай қийин доғлар бор?
Нечун, нечун дунёда бундай баланд тоғлар бор?.

Сизни мен ўйлаяпман.

* * *

Ташқарига боқаяпмиз жим.
Дўстим, не бор сенинг дилингда?
Мен шу дам деб йиллардан ошдим
Яхши гаплар келар тилимга.

Узун йиллар ўзимни минг бор
Маҳрум этдим бахтиёрликдан.
Дўстим, сенинг дилингда не бор,
Бахтлимисан сен ҳам жимликдан?

Интизорлик мадҳиясини
Айтган билан адо бўлмайди.
Шубҳаларим йўқолмоқдалар ,
Тилгинамда гаплар ўйнайди,

Ташқарига боқаяпмиз жим.
Атроф сирли хаёл сурганда.
Мен сен билан кучлиман, дўстим ,
Лек бу жимлик кучли мендан-да,

ЭРТА КЎКЛАМ ШЕЪРИ

Куламан, йўлимда гуллар кулади,
Йиғлайман, кўз ёшим гўёки шабнам.
Боғлар юрагимга яқин келади ,
Шу кўклам сингари ўзим ҳам шодман.

Оҳиста тўкилар ўрик гуллари,
Гўё бир йигитнинг кўнгил изҳори .
Қўлларимга олиб бахтли бўламан
Ёридан хат олган қизлар мисоли.

* * *

Шафқат қила олмас ҳеч ким гуллардек
Ўзининг шафқатсиз душманларига.
Душманин қўлида бамайлихотир
Гуллардек очилиб кетолмас ҳеч ким.

* * *

Унутилган хотирани тун тўлқинлари
Юзасига олиб чиқар экан бирма-бир,
Кўрган сирли тушларимга таъбир ахтариб
Менинг тақдир китобимни варақлар кимдир.

Истамайман. Илми нужум бир ёнда қолиб
Саодатни истайман мен, лекин барибир,
Гўё ойдин кенгликларда хотиржам ёйиб,
Менинг тақдир китобимни ўқийди кимдир.

Санаймайман ҳисобимда қолган кунларни —
Бир нимани илғамоққа шошилган каби.
Санаяпман юлдузларни. Санаганларим
Туннинг баланд юзасига қалқиб чиқади.,.

ОВОЗ

Жимликда эшитилган овоз бу,
ниҳояти ожиз бир шивир,
нафасига ўхшар шамолнинг.

Яланг оёқларнинг шарпасига ҳам қулоқ бериб турсанг,
ўхшайди бир оз,

Жимлик эса гўё оч қолган одам,
Нон ушоғи каби тўкилар овоз.

ТУНДА КЕЛГАН ШЕЪРЛАР

1

Ташқарида кезар изғирин шамол,
Совуқ уриб кетди юлдузларни ҳам.
Кеч кузда очилган чаноқлар мисол
Юлдузлар жунжикиб порлайди бу дам.

Нола қиладилар балиқлар кўкка,
Улар жон бермоқда ойга кўз тикиб.
Сени адаштириб қўйдимми, Ҳасрат,
Ҳеч кимса билмаган бахтдан энтикиб?

2

Ёмғир ёғар, шамол тиним билмайди.
О, менинг шамолли, ёмғирли умрим.
Юлдузлар ҳамдардим узун тунларда,
Юлдузлар — энди йўқ кўзларнинг нури.

Ахир мен биламан, ўзлиги йўқлар
Ўзларини билиб гадойларга тенг,
Ҳар эшик олдида тиланадилар:
Менга бир кечага бошпана беринг!

3

Ёмғир, ёмғир, кимнинг арзандасисан?
Эзиб юбординг-ку , юракларимни.
Кимни йўқотдинг, айт, айтақол, ёмғир,
Синдирма дераза — тилакларимни.

Наҳотки бир ўзинг тўлдирмоқчисан
Шу кўҳна дунёнинг кемтикларини?
Ёғавер, бир куни очасан, ёмғир,
Оғриқнинг самовий эшикларини…

* * *

Атрофга боқ, кетаётган куз
Нима сўрар эртанги кундан.
Овозлар-да унга тушган из,
Нималарни тайёрлар зимдан.

Юрак тинглар, титраганча жим,
Япроқларнинг серсўзлигини.
Руҳга тинмай таъкидлайди ким
Сукунатнинг чексизлигини?

Шамол учар, тортқилар яна
Мангуликдан бу соатларни.
Ингранади садоларчана —
Сукунатнинг жароҳатлари,

Сен қарагин, ишон астойдил,
Далаларнинг ўзгарсин ранги.
Бунда юрак — энг сўнгги манзйл,
Туғён қадим, туйғулар янги.

* * *

Оқиб кетар булутлар бу кеч.
Кутилмаган ҳислар кўчкини.
Четлаб ўтмас ҳеч кимни севинч,
Қайғу эса эзмас ҳеч кимни.

Меҳр сўрган нозик кўкатдек
Юрагимни орзиқтирар Бахт.
Шамоллардан омон дарахтдек,
Ишонч билаи ўсар Муҳаббат.

Мен кираман , менинг хонамда
Ҳамма нарса сурат каби тинч.
Фақат жимжит ўша оламда
Мени жуда кутади Соғинч.

Бундай кунда ҳар бир дақиқа
Сахийроқдир узун кундан ҳам.
Сен келмайсан. Бироқ мен хафа
Бўлолмайман ҳатто сендан ҳам.

* * *

Мен сени севаман, Ватаним,
Поёнсиз қирларинг мен учун жондай,
Майли, чексиз эмас умрим, имконим,
Мен сени севаман оддий инсондай.

Йўлларингда тарих. Тўккан кўз ёшим.
Бардошим. Тошларда менинг номим бор.
Ҳар кун нур сочади сахий қуёшим,
Тилимда ўзбекча бир саломим бор.

Мен оддий аёлман ҳеч ким билмаган,
Сенга муҳаббатим , бироқ, осмондай.
Мен сени севаман ярадор жангчи
Кўкрагидан томган сўнг томчи қондай,-

* * *

Сиз бугун тушимга кирибсиз,
Она, Гўёки ёнимда эмишсиз ҳамон.
Қулоғимда қолган овозингизни
Сақлаб ётдим, уйғониб тонгда.

Чеҳрангизда аён ҳар бир чизгидан
Бир туйғу изладим , балки меҳрми?
Ва лекин тушимда ҳам англаб куйдим,
Сизни энди асрай олмаслигимни.

Дафъатан эсладим тонгда уйғониб,
Шундай Куз кунлари кетганингизни…

* * *

Тун чўкар, бўйсуниб ул ақидага,
Чор атроф қораяр, овозсиз зикри.
Менинг ожиз фикрим тун ҳақидаги
Кундузга кўниккан одамнинг фикри.

Ой нуридан эшар ўргамчаклар ҳам
Дорларин, илинар шамол фарёди.
Бу туннинг бағрида менинг хотирам
Йўқотар нарсаси йўқ одам ёди.

Нимани кутишим Билмайман ҳеч-а,
Бироқ ишонаман ёлғиз фикрга.
Мен учун омонат қайиқ, бу кеча,
Мангулик кўлида чайқалиб турган.

КУЗ

Қайдан келмоқдадир бу ҳорғин қўшиқ,
Еллар синдирмоқда кимнинг кўнглини,
Ва улар кимларга қилмоқда тортиқ
Олис уфқларнинг мангулигини?

Хазонлар сингари беун тўкилган
Кимнинг юрагида босилган сирлар?
Узун йўлкаларда мағрур шивирлаб
Сўнгсўз айтаётган қайси шоирлар?

…Сийраклашиб қолган чинорлар шохин
Эркалар эртанги қишнинг нафаси.
Ва жимжит боғларга тўкилар секин
Баланд юлдузларнинг ёруғ далдаси,

* * *

Бу бир кунлик соғинч,
фақат бир кунлик,
Фақат бир кун яшар менда бу бўшлиқ.

Эрта унут бўлар ҳаммаси, эрта,
Бир кунлик дарддир бу,
бир кунлик оғриқ.

Бир кунлик тобут бу,
Бир кунлик завол.

* * *

Осмон шундай яқин,
Юлдузлар жимгина қадалар кўзимга.

Сувга тўшалади самовий ранглар,
Ранглар тўшалади босган изимга.
Юлдузлар жимгкна қадалар кўзимга.

Сокин ҳароратга тўлиб борар Май,
Саратонни соғинар боғлар.
Ойдинларда бир қуш сайрайди тинмай,
Жаранглаб кетади узоқ-узоқлар…

Саратонни соғинар боғлар…

* * *

Табиатда майин бир шивир,
Юз очмоқда нозик куртаклар .
Кезиб юрар қўшиқлар бунда,
Бу қўшиқлар мени сўроқлар.

Минг новдада минг ифор, минг ранг,
Келинчакдай сулувдир олам.
Ҳаяжонни севган юракни
Ҳаяжонлар сўроқлар бу дам.

Кўнгилларда ажиб бир сурур,
Диллар тинглар гўзал навони.
Биз куйлаган мусаффо қўшиқ
Сўроқлайди бу кун дунёни,

БОБОЛАР ХОТИРАСИ

Улар экиб кетди муҳаббатини,
Улар экиб кетди садоқатини
«Ўзбекистонман!» деб ҳайқирган
Далаларнинг чексизлигига.

Муҳаббатдек улуғ, садоқатдек буюк,
Бахмал далаларнинг руҳидек чексиз ,
Ўзлигин топмоқда бизнинг дунёмиз
«Ўзбекистонман!» деб ҳайқирган
Далаларнинг чексизлигида.

* * *

Сезмадинг, жонимни ёқиб бўлди ишқ,
Теграмда рақс этди аҳзарваш кунлар,
Жисмим фарёд қилди тилаб ҳаётни,
Руҳимни йўқликдан чорлади жинлар.

Телба бир аёлнинг кўзлари билан
Боқдим бу дунёнинг омонатига.
Юракнинг қон теккан сўзлари билан
Тўловлар тўладим ишқ сарватига.

Йўлимда қалбларнинг ноласи тинди.
Самога интилган руҳлар — дарбадар.
Сен келгин, тирилган пайғамбар янглиғ
Менинг ҳаётимда бор бўлсанг агар.

Ғамлар юрагимга бошпана берсин,
Кибор орзулардан кечсин кунларим.
Бир муштипар янглиғ кўнглим сиғинсин,
Пойингда хор бўлсин ўзга ўйларим,

Шундай юрагимга қўшиқ айтаман,
Бир қадар енгилроқ кечар лаҳзалар,
Сенинг хаёлингни чорлаб қайтаман,
Сезмайсан, кўнглингда изларим қолар,

* * *

Бўм-бўш далаларни кезар куз бесар,
Кун-бакун тўлдирар камчилигини.
Ганжларга эришмоқ истаган кимса
Ана, санар ёмғир томчиларини.

Шакллар чизади булутлар кўкда,
Кунлар излаб ўтар бахтнинг кулбасин
Ёмғир томчисини санайди кимса,
Берилиб, ишониб. Ўша — мен ё сен.

Хаёл дунёларин кезар бу фасл,
Йўл излар, йўл топар, чекар риёзат.
Ироданг етмаса бахтли бўлмоққа,
Бахтсиз бўлмоққа ҳам берар ижозат.

* * *

Аввал ўзимизни севмасак эди,
Севгидан қаримас эди дилимиз.
Аввал ўзимизга боқмасак эди,
Қаровсиз қолмасди юрту элимиз.

Аввал ўт ёқмасак ўчоғимизда,
Умримиз ёнарди ҳур бир оловдан.
Аввал уйимизни қурмасак эди,
Бизга уй бўларди мана шу Ватан.

БАҲОР

Гуллаган дарахтни талар арилар
Интиқлик майини ичган дунё — маст,
Қувонч ҳам ўхшайди умидсизликка,
Қувонч ҳам дил учун чекланиш, қафас,

Ўт билан ўйнаган гўдаклар каби
Қизғалдоқлар билан ўйнайди шамол.
Муҳаббат ҳақида қўшиқлар айтиб
Тушингизга кирар рақибам илк бор.

* * *

Ранжимадим дўстимдан ҳам, душманимдан ҳам,
Бир дардли куй сеҳри билан алдандим гўё.
Истакларим нари қилди гуно-ҳсизлардан.
Художўйлар гуноҳини кечирар худо.

Муҳаббатнинг’ номи билан қўшиқлар битдим,
Балки улар тўлдиргай деб бахтнинг камини.
Дўст-душманнинг гуноҳидан мен бирдай ўтдим
Ва тушундим шундай яшаш бахт эканини.

МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ

Тушун, қувончдан ҳам ёруғроқ чеҳра,
Севгидан ҳам руҳий устуворлик бор.
Тушун, айрилиқдан узун қил кўприк,
Умидсизликдан ҳам чуқур жарлик бор,
Уларни танидим ўттиз ёшимда.

* * *

Биламан, сен бахтни кўрган одамсан ,
Сени қайта бахтли қилмоғим қийин.
Минг йил яшасанг-да, мени севмайсан,
Билмайман, не булар минг йилдан кейин,

Менинг қисматим шу — кутиб яшамоқ,
Умрим сўнгигача, бахтли ечимни.
Мен ўтиб кетаман, билмайман бироқ
Минг йиллардан кейин севаман кимни…

ИЗҲОР

У ёққа, бу ёққа юриб турибман,
Ҳолбуки, ҳамроҳим — тўрт-беш оғиз сўз.

Қаёнга кетарим билиб турибман.
Ҳолбуки, масофа — ёлғизлик.

Ўз ҳолимга боқиб йиғлаб турибман.
Ҳолбуки, оқибат — ҳолсизлик.

Дунёнинг суратин кўриб турибман.
Ҳолбуки, изоҳга ожизман.

СЕН АГАР…

Сен агар шоҳ бўлсанг, бўйин эгар халқ,
Истаб кўтармайди ердан бошини.

Сен агар қаландар жуббасин кийсанг,
Одамлар беради сўнгги ошини.

Ким бўлма , ўзингни ўйласанг фақат,
Ҳеч кимса эргашмас соянгдан ўзга,

 

033 27 mart — shoira Farog’at Kamol tavallud topgan kun. Chin dildan qutlaymiz!

Bu shoiraning she’rlarida tungi yomg’irlar shiviri, olislab ketayotgan bolalik turnalarining nolasi, bahor nabadasi silkitib turgan pardalar ortidagi yurakning goh ko’rinib, goh ko’rinmay turgan sirli manzaralari yashirin.

FAROG’AT KAMOL
SHE’RLAR
045

Farog’at Kamolova 1959 yil, 27 martda Jizzax tumanidagi Mo’lkanlik qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1981). Dastlabki she’riy to’plami — «Osmon parchasi» (1982). Shundan keyin shoiraning «Uzoq safarlar», «Bargizub» (1990), «Holatlar kitobi» (2000) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan.

045

UCHRASHUV

054

Hamma narsa o’zgarganday: kiyiming, so’zing,
Ovozingda notanish mung, bosiq dil rozing,
Go’yo ichki dardlarini ochganday endi
Hayotingning fojiasi — mag’rur ovozing.

Ko’zlaringda tabassumning qotgan surati
So’zdan oldin aytar qalbing iztirobidan,
Ko’zlaringda bir sirli o’t yonib turadi
Hozirgina uzilganday ishq kitobidan.

TASHNALIK

So’zlashadi daraxtlar tunda.
Yaproqlardan sirg’alib tushgan
Oy nurini ichar maysalar.

Jimirlaydi yulduzli osmon,
Somon yo’li porlaydi xira,
Go’yo kutar sirli karvonni…

ESLASH

O’sha oqshom osmon keng edi,
Yulduzlarning oralig’ida
Ortib qolgan joy edi jimlik.

O’sha oqshom bog’lar fe’lida
Hokim edi bir parishonlik,
Daraxtlarning yoyilgan shoxi.

Yo’lda yotgan bir qora toshning
Uzun edi yerda soyasi.
Sen ko’zingni olmading undan.

* * *

Ishqning yo’llarida azobim mingdir,
Ko’ngil goh tuproqqa, goh nurga tengdir?

Bu dunyoda jonim sig’ar boshpanam —
Men chekkan g’amlarim — yolg’iz koshonam.

Yig’layman, ko’nglimda qadimiy yig’i —
Ilohning men bilan qolgan qo’shig’i.

SAVOL

Sening yig’laganing —dard chekkaningmi?
O’zingdan bir qadam chekinganingmi?
Taskin so’raganingmi? Qiynalganingmi?
Bilmam, topganingmi, yo’qotganingmi?..

MUSAVVIR

Ranglarning tilsimi yechilgan kunda
Olovga aylanar qora sochlaring.
Sening nur qadaming yetgan yo’llarda
Faryodi tun bo’lar tilsiz toshlarning.

Shamolning qanoti nur tashir shaffof,
Ufqda qotadi dardimiz qoni.
Umrimning za’faron kengliklaridan
Men yig’lab chorlayman seni, dunyoni.

* * *

Sening ko’zlaringda teran va munglig’
Mening yashamagan umrim bor hali.

Sening lablaringda toza va qutlug’ —
Hali aytilmagan sevgi so’zlari.

Umring yo’llari ham hali qiynoqli —
Mening yetkazajak jafolarim bor.

Sening xayollaring na-da ardoqli —
Mening sig’inajak dunyolarim bor.

 

* * *

Sen deding , yurakka qilmaylik jabr,
Qaytaylik, ko’zlaring to’lmoqda yoshga,
Qaytaylik, taqdirdan o’zib ketibmiz ,
Tingla, yurakning-da so’zlari boshqa.

Sen deding, qandaydir sovuq bir sehr
Boshimiz ustida porlamoqda jim.
Yulduzlar bizga mos suhbatdosh emas,
Ularni o’qisin boshqa munajjim.

Qaytaylik, biz tunning izidan keldik,
Shunday kezib yurar soyalar tunda.
Kimdir o’z qalbidan quvgan shubhaning
Sharpalari yanglig’ yuribmiz bunda.

Sezdingmi, tegramiz ma’yus jimjitlik,
Biz bunda yo’l topgan ilk yo’lchilarmiz.
Balki qaylardadir tugagan yo’lning
Davomin behuda izlab yuribmiz.

Sen deding, yurakka qilmaylik jabr…

HIJRON HAQIDA QO’SHIQ

Uzilgan iplarni ulaydi kimdir,
Oyning nurlarini o’raydi kimdir.

Yoningda o’ltirib mayin qo’l bilan
Yoyiq sochlaringni silaydi kimdir.

Qo’shiq kuylay boshlar «siz»lab yulduzni,
Ovozi nur yanglig’ yoritar So’zni.

Uning qo’shig’idan yo’llar uyg’onar,
Keyin kunlar, oylar, yillar uyg’onar.

Kuylagani sayin qo’shiq uzayar,
Bu qo’shiq ayriliq haqida bo’lar.

TUSHUNISH

Qachonki men ishqning azobin tuydim,
Raqib oyog’iga boshimni qo’ydim.

Qachonki til bilan aytdim holimni,
Qanotini yuldim hur xayolimning.

Qachonki boshimni g’amlardan tortdim,
Taqdirimdan yorug’ izni yo’qotdim.

Qachonki tushunib bir nazar soldim,
Baridan shu lahza ko’zimni oldim…

* * *

Xazon fasli yaqin, tuproqli yo’lda
Quyoshning izlari tutaydi sekin.
Bulutlar o’lchabmi ko’rar o’zida
Ufqning olovrang yongan ko’ylagin.

Yergacha egilgan majnuntollarning
Yaprog’in sanaydi daydi shamollar.
Jajji go’dagining kiyimlarini
So’nggi yog’dularga yoyar ayollar.

Keyin oqshom cho’kar ohista, ma’sum,
Osmondan uzilgan ajib yaproqday,
Bog’larning uyqusi abadiylikka
Yuzma-yuz turgan bir oniy titroqday,

Xazon fasli yaqin — ranglar tubida
Sarg’ayar yo’qotgan kunlarning dog’i.
Tabiat bu kunlar sirli daraxtning
Uzilib zaminga qo’ngan yaprog’i.

Xazon -fasli yaqin.

KECHKI GULLAR

Tabiat hech erkalamagan
Kuzning so’nggi gullarin.
Balki shundan chidamli ular.

Bu gullarni kutmagan kimsa,
Rasmin chizib tasavvurida,
Balki shundan chiroyli ular.

Gullar ochilmagan kechikib.
Asli nigohlarni charchatgan
Hayrat — inja ranglar o’yini.

Barchaning xayoli bahorning
Izlarini o’pganida jim,
Kechki gullar izlar qishning yo’lini.

GUVOH

Bu odamning yuzi tund, harakatsiz,
Go’yo qotib qolgan ichki soyadan.
Bir kun tan olingan mag’lubiyatning
Noxush sezgisidan qarigan odam.

Qora kun tushganda xalqning boshiga
Xiyonatga pinhon qo’l bergan edi.
Yaqin do’stlariga tuhmat toshlarin
Otsalar, panada jim turgan edi.

* * *

Tuyg’ular gul kabi ko’kargan yerdan,
Ko’rinmas hamrohi moddiy dunyoning.
Har lahza gullarning poyiga kabi
Tomib ado bo’lmas mening bu jonim.

Garchi yer farzandi, yerning erkasi
Yurak tuprog’ida tug’ilgan joyi.
Gullardek mantiqdan yuqori ular,
Tuyg’ular gullardek samoviy.

* * *

Ko’zlaring quvonsa,
Uchqunlar sochilar yo’llarga gulday.
Ma’yus tortsang agar,
Ko’zlaring ko’rinar tiniq bir ko’lday,
Ko’zlaring iltijo qilsalar agar,
Uning nolasidan jonlar adoday,
Dunyo eshigida bosh urib turgan
Ikki fidoday.

* * *

Ko’zlaring qa’rida bir tun — tubi yo’q,
Xaloskor yo’q undan qutulmog’imga.
Taqdirning hukmida bir yo’l — so’ngi yo’q,
Men yetmoq istayman to adog’iga.

Bir qilich — yurakka borib yetadi,
Bir olov yoqadi dilni, jim tursang.
Bilmadim ne sabab bu ortiq jafo ,
Kim uchun jimgina qasos olursan.

BOLALIKDAN BIR MANZARA

Tomimizda osilib qolgan,
Juda go’zal oy shu holida.
Ko’rpalari ochilib qolgan
Bolakaylar uxlar hovlida.

Yozning qiska kechalarini
Kunduzlarga qo’shar bir odam:
Unutganday yaqinlarini
Dalalarda yuradi otam.

Bu kechaning mayin shiviri
Bezovta qilmas uyqumizni.
Uxlolmaydi supada buvim,
Uyg’otmaydi hech birimizni.

ONAMGA

1

Yulduzlar yig’labdi tun bo’yi, ona,
Shabnam yaproqlarda javdirab turar
Sog’inchini aytib tongga jimgina
Olis ufqlarga bosh urar yo’llar.

Yo’llarning boshida ma’yus turibdi
Uzoq bolalikning ma’sum sevinchi.
Eh, yo’llardan kelib qiynaydi meni
Alamdiyda yillar, yillar sog’inchi.

2

Qaydadir olisda fig’on chekar nay,
Masofalar juda uzun tuyular .
Shamollar daydiydi o’zligin bilmay,
Ko’zlarimda munis bir siymo turar.

Qurshar xotiralar quyuni sekin ,
Qaerga boshlaydi , axir, qaerga?
Uzoqlashib ketar mendan bu quyun,
Asta yiqiladi tanish qabrga.

Sassiz uriladi vaqt shamollari,
Ko’zlarimga sokin tunlar quyilar,
Chorlaydi horg’in bir umid singari
Olis ufqlarga tutashgan yo’llar.

Va chorlar ufqda meni bir sog’inch,
Entikib boraman intiq chorlovdan.
Sog’inchim siz, ona, sog’inchim bilan
Olis ufqlarda uchrashamiz ham…

* * *

Derazamda tongning oppoq nigohi,
Tebranadi xayol kabi o’rikzor .
Mening ko’zlarimga jimgina boqib
Shunday yonginamda turibdi bahor.

Shamollar yo’lida yomg’irning hidi,
Zangor o’tloqlarga to’kilar yomg’ir,
Mening ko’zlarim ham yomg’irga to’ldi,
O’rikzor-chi hamon tebranmoqdadir.

Bahor xayollarning bagrida sokin,
Bahor xayollarning bag’rida go’zal.
Yana ham oq bo’lar tongning nigohn
Bahor xayollarga aylangan mahal.

* * *

Qo’shiq aytib o’tar bir gala qushlar,
Havoda qoladi ajib ehtiros.
Bolalar chopishar yerda olqishlab,
Kichik qalblarida bir dunyo ixlos.

Uchar xayollari qushlar ortidan,
Yangi bir dunyo kashf etib qaytarlar,
Yangi bir samo kashf etib qaytarlar,
Uchar xayollari qushlar ortidan.

Bizning qushlar uzoq-uzoq ucharlar,
Asta to’ldirishar osmonimizni.
O’sha qushlar yuksak e’tiqod bo’lib
Olis-olislarga chorlaydi bizni.

Bizning qushlar uzoq-uzoq ucharlar,..

* * *

Jovdirab turadi ko’kda yulduzlar,
Shu’lalar bag’rida titraydi olam.
Samolarda moviy, moviydir izlar,
Sizni o’ylasam,

Oydinlik ostida kezar shamollar,
Xayol deb atayman men ularni ham,
Uchar shamollarga aylangim kelar,
Sizni o’ylasam.

Go’yo yomg’ir bo’lib eriydi samo,
Qor bo’lib oqara boshlaydi olam.
To’rt go’zal faslga aylanar dunyo —
Sizni o’ylasam…

* * *

Sohillarda kuzning surati,
Xazonlarni sovurar shamol.
Kimdir mening ismimni aytar,
Go’yo kimdir chorlar beozor.

Mening umrim suvday yugurik,
Yo’qotmoqda imkonlarini.
Faqat mangu shamollar tirik,
So’zlar mangu armonlarini.

Kuz bag’rida so’ng bo’lar bahor ,
Telbalanar shamollar bu kez.
Kimdir go’yo chorlar beozor,
Meni chorlar o’tayotgan kuz.

* * *

Derazang yonida shamol va yomg’ir
Mening munglarimni so’zlaydi shoshib
Jimjit xayolingda bir surat qalqir,
Uzun o’ylaringga kirar adashib.

Daraxtlar shovullar, barglar to’kilar-
Sening xayolingda yiroq-yiroqlar,
Xotirangda hamon bir surat turar
Mening yuragimni kuylar yaproqlar.

Ta’sir etolmaslar sening ruhingga,
Samoda bulutlar surilar og’ir.
Kelolmay turibsan hamon o’zingga,
Derazang yonida shamol va yomg’ir…

* * *

Onamga

Sayhonlikda yassi tosh, jimgina o’ltiribman.
Men sizni o’ylayapman.

Olislarda tog’lar ko’p, yonginamda tog’lar bor,
Men sizni o’ylayapman.

Qora sochi yelvagay, uchib yurar bir qizcha.
Men sizni o’ylayapman.

Nechun, nechun dunyoda bunday qiyin dog’lar bor?
Nechun, nechun dunyoda bunday baland tog’lar bor?.

Sizni men o’ylayapman.

* * *

Tashqariga boqayapmiz jim.
Do’stim, ne bor sening dilingda?
Men shu dam deb yillardan oshdim
Yaxshi gaplar kelar tilimga.

Uzun yillar o’zimni ming bor
Mahrum etdim baxtiyorlikdan.
Do’stim, sening dilingda ne bor,
Baxtlimisan sen ham jimlikdan?

Intizorlik madhiyasini
Aytgan bilan ado bo’lmaydi.
Shubhalarim yo’qolmoqdalar ,
Tilginamda gaplar o’ynaydi,

Tashqariga boqayapmiz jim.
Atrof sirli xayol surganda.
Men sen bilan kuchliman, do’stim ,
Lek bu jimlik kuchli mendan-da,

ERTA KO’KLAM SHE’RI

Kulaman, yo’limda gullar kuladi,
Yig’layman, ko’z yoshim go’yoki shabnam.
Bog’lar yuragimga yaqin keladi ,
Shu ko’klam singari o’zim ham shodman.

Ohista to’kilar o’rik gullari,
Go’yo bir yigitning ko’ngil izhori .
Qo’llarimga olib baxtli bo’laman
Yoridan xat olgan qizlar misoli.

* * *

Shafqat qila olmas hech kim gullardek
O’zining shafqatsiz dushmanlariga.
Dushmanin qo’lida bamaylixotir
Gullardek ochilib ketolmas hech kim.

* * *

Unutilgan xotirani tun to’lqinlari
Yuzasiga olib chiqar ekan birma-bir,
Ko’rgan sirli tushlarimga ta’bir axtarib
Mening taqdir kitobimni varaqlar kimdir.

Istamayman. Ilmi nujum bir yonda qolib
Saodatni istayman men, lekin baribir,
Go’yo oydin kengliklarda xotirjam yoyib,
Mening taqdir kitobimni o’qiydi kimdir.

Sanaymayman hisobimda qolgan kunlarni —
Bir nimani ilg’amoqqa shoshilgan kabi.
Sanayapman yulduzlarni. Sanaganlarim
Tunning baland yuzasiga qalqib chiqadi.,.

OVOZ

Jimlikda eshitilgan ovoz bu,
nihoyati ojiz bir shivir,
nafasiga o’xshar shamolning.

Yalang oyoqlarning sharpasiga ham quloq berib tursang,
o’xshaydi bir oz,

Jimlik esa go’yo och qolgan odam,
Non ushog’i kabi to’kilar ovoz.

TUNDA KELGAN SHE’RLAR

1

Tashqarida kezar izg’irin shamol,
Sovuq urib ketdi yulduzlarni ham.
Kech kuzda ochilgan chanoqlar misol
Yulduzlar junjikib porlaydi bu dam.

Nola qiladilar baliqlar ko’kka,
Ular jon bermoqda oyga ko’z tikib.
Seni adashtirib qo’ydimmi, Hasrat,
Hech kimsa bilmagan baxtdan entikib?

2

Yomg’ir yog’ar, shamol tinim bilmaydi.
O, mening shamolli, yomg’irli umrim.
Yulduzlar hamdardim uzun tunlarda,
Yulduzlar — endi yo’q ko’zlarning nuri.

Axir men bilaman, o’zligi yo’qlar
O’zlarini bilib gadoylarga teng,
Har eshik oldida tilanadilar:
Menga bir kechaga boshpana bering!

3

Yomg’ir, yomg’ir, kimning arzandasisan?
Ezib yubording-ku , yuraklarimni.
Kimni yo’qotding, ayt, aytaqol, yomg’ir,
Sindirma deraza — tilaklarimni.

Nahotki bir o’zing to’ldirmoqchisan
Shu ko’hna dunyoning kemtiklarini?
Yog’aver, bir kuni ochasan, yomg’ir,
Og’riqning samoviy eshiklarini…

* * *

Atrofga boq, ketayotgan kuz
Nima so’rar ertangi kundan.
Ovozlar-da unga tushgan iz,
Nimalarni tayyorlar zimdan.

Yurak tinglar, titragancha jim,
Yaproqlarning serso’zligini.
Ruhga tinmay ta’kidlaydi kim
Sukunatning cheksizligini?

Shamol uchar, tortqilar yana
Mangulikdan bu soatlarni.
Ingranadi sadolarchana —
Sukunatning jarohatlari,

Sen qaragin, ishon astoydil,
Dalalarning o’zgarsin rangi.
Bunda yurak — eng so’nggi manzyl,
Tug’yon qadim, tuyg’ular yangi.

* * *

Oqib ketar bulutlar bu kech.
Kutilmagan hislar ko’chkini.
Chetlab o’tmas hech kimni sevinch,
Qayg’u esa ezmas hech kimni.

Mehr so’rgan nozik ko’katdek
Yuragimni orziqtirar Baxt.
Shamollardan omon daraxtdek,
Ishonch bilai o’sar Muhabbat.

Men kiraman , mening xonamda
Hamma narsa surat kabi tinch.
Faqat jimjit o’sha olamda
Meni juda kutadi Sog’inch.

Bunday kunda har bir daqiqa
Saxiyroqdir uzun kundan ham.
Sen kelmaysan. Biroq men xafa
Bo’lolmayman hatto sendan ham.

* * *

Men seni sevaman, Vatanim,
Poyonsiz qirlaring men uchun jonday,
Mayli, cheksiz emas umrim, imkonim,
Men seni sevaman oddiy insonday.

Yo’llaringda tarix. To’kkan ko’z yoshim.
Bardoshim. Toshlarda mening nomim bor.
Har kun nur sochadi saxiy quyoshim,
Tilimda o’zbekcha bir salomim bor.

Men oddiy ayolman hech kim bilmagan,
Senga muhabbatim , biroq, osmonday.
Men seni sevaman yarador jangchi
Ko’kragidan tomgan so’ng tomchi qonday,-

* * *

Siz bugun tushimga kiribsiz,
Ona, Go’yoki yonimda emishsiz hamon.
Qulog’imda qolgan ovozingizni
Saqlab yotdim, uyg’onib tongda.

Chehrangizda ayon har bir chizgidan
Bir tuyg’u izladim , balki mehrmi?
Va lekin tushimda ham anglab kuydim,
Sizni endi asray olmasligimni.

Daf’atan esladim tongda uyg’onib,
Shunday Kuz kunlari ketganingizni…

* * *

Tun cho’kar, bo’ysunib ul aqidaga,
Chor atrof qorayar, ovozsiz zikri.
Mening ojiz fikrim tun haqidagi
Kunduzga ko’nikkan odamning fikri.

Oy nuridan eshar o’rgamchaklar ham
Dorlarin, ilinar shamol faryodi.
Bu tunning bag’rida mening xotiram
Yo’qotar narsasi yo’q odam yodi.

Nimani kutishim Bilmayman hech-a,
Biroq ishonaman yolg’iz fikrga.
Men uchun omonat qayiq, bu kecha,
Mangulik ko’lida chayqalib turgan.

KUZ

Qaydan kelmoqdadir bu horg’in qo’shiq,
Yellar sindirmoqda kimning ko’nglini,
Va ular kimlarga qilmoqda tortiq
Olis ufqlarning manguligini?

Xazonlar singari beun to’kilgan
Kimning yuragida bosilgan sirlar?
Uzun yo’lkalarda mag’rur shivirlab
So’ngso’z aytayotgan qaysi shoirlar?

…Siyraklashib qolgan chinorlar shoxin
Erkalar ertangi qishning nafasi.
Va jimjit bog’larga to’kilar sekin
Baland yulduzlarning yorug’ daldasi,

* * *

Bu bir kunlik sog’inch,
faqat bir kunlik,
Faqat bir kun yashar menda bu bo’shliq.

Erta unut bo’lar hammasi, erta,
Bir kunlik darddir bu,
bir kunlik og’riq.

Bir kunlik tobut bu,
Bir kunlik zavol.

* * *

Osmon shunday yaqin,
Yulduzlar jimgina qadalar ko’zimga.

Suvga to’shaladi samoviy ranglar,
Ranglar to’shaladi bosgan izimga.
Yulduzlar jimgkna qadalar ko’zimga.

Sokin haroratga to’lib borar May,
Saratonni sog’inar bog’lar.
Oydinlarda bir qush sayraydi tinmay,
Jaranglab ketadi uzoq-uzoqlar…

Saratonni sog’inar bog’lar…

* * *

Tabiatda mayin bir shivir,
Yuz ochmoqda nozik kurtaklar .
Kezib yurar qo’shiqlar bunda,
Bu qo’shiqlar meni so’roqlar.

Ming novdada ming ifor, ming rang,
Kelinchakday suluvdir olam.
Hayajonni sevgan yurakni
Hayajonlar so’roqlar bu dam.

Ko’ngillarda ajib bir surur,
Dillar tinglar go’zal navoni.
Biz kuylagan musaffo qo’shiq
So’roqlaydi bu kun dunyoni,

BOBOLAR XOTIRASI

Ular ekib ketdi muhabbatini,
Ular ekib ketdi sadoqatini
«O’zbekistonman!» deb hayqirgan
Dalalarning cheksizligiga.

Muhabbatdek ulug’, sadoqatdek buyuk,
Baxmal dalalarning ruhidek cheksiz ,
O’zligin topmoqda bizning dunyomiz
«O’zbekistonman!» deb hayqirgan
Dalalarning cheksizligida.

* * *

Sezmading, jonimni yoqib bo’ldi ishq,
Tegramda raqs etdi ahzarvash kunlar,
Jismim faryod qildi tilab hayotni,
Ruhimni yo’qlikdan chorladi jinlar.

Telba bir ayolning ko’zlari bilan
Boqdim bu dunyoning omonatiga.
Yurakning qon tekkan so’zlari bilan
To’lovlar to’ladim ishq sarvatiga.

Yo’limda qalblarning nolasi tindi.
Samoga intilgan ruhlar — darbadar.
Sen kelgin, tirilgan payg’ambar yanglig’
Mening hayotimda bor bo’lsang agar.

G’amlar yuragimga boshpana bersin,
Kibor orzulardan kechsin kunlarim.
Bir mushtipar yanglig’ ko’nglim sig’insin,
Poyingda xor bo’lsin o’zga o’ylarim,

Shunday yuragimga qo’shiq aytaman,
Bir qadar yengilroq kechar lahzalar,
Sening xayolingni chorlab qaytaman,
Sezmaysan, ko’nglingda izlarim qolar,

* * *

Bo’m-bo’sh dalalarni kezar kuz besar,
Kun-bakun to’ldirar kamchiligini.
Ganjlarga erishmoq istagan kimsa
Ana, sanar yomg’ir tomchilarini.

Shakllar chizadi bulutlar ko’kda,
Kunlar izlab o’tar baxtning kulbasin
Yomg’ir tomchisini sanaydi kimsa,
Berilib, ishonib. O’sha — men yo sen.

Xayol dunyolarin kezar bu fasl,
Yo’l izlar, yo’l topar, chekar riyozat.
Irodang yetmasa baxtli bo’lmoqqa,
Baxtsiz bo’lmoqqa ham berar ijozat.

* * *

Avval o’zimizni sevmasak edi,
Sevgidan qarimas edi dilimiz.
Avval o’zimizga boqmasak edi,
Qarovsiz qolmasdi yurtu elimiz.

Avval o’t yoqmasak o’chog’imizda,
Umrimiz yonardi hur bir olovdan.
Avval uyimizni qurmasak edi,
Bizga uy bo’lardi mana shu Vatan.

BAHOR

Gullagan daraxtni talar arilar
Intiqlik mayini ichgan dunyo — mast,
Quvonch ham o’xshaydi umidsizlikka,
Quvonch ham dil uchun cheklanish, qafas,

O’t bilan o’ynagan go’daklar kabi
Qizg’aldoqlar bilan o’ynaydi shamol.
Muhabbat haqida qo’shiqlar aytib
Tushingizga kirar raqibam ilk bor.

* * *

Ranjimadim do’stimdan ham, dushmanimdan ham,
Bir dardli kuy sehri bilan aldandim go’yo.
Istaklarim nari qildi guno-hsizlardan.
Xudojo’ylar gunohini kechirar xudo.

Muhabbatning’ nomi bilan qo’shiqlar bitdim,
Balki ular to’ldirgay deb baxtning kamini.
Do’st-dushmanning gunohidan men birday o’tdim
Va tushundim shunday yashash baxt ekanini.

MEN ANGLAGAN HAQIQAT

Tushun, quvonchdan ham yorug’roq chehra,
Sevgidan ham ruhiy ustuvorlik bor.
Tushun, ayriliqdan uzun qil ko’prik,
Umidsizlikdan ham chuqur jarlik bor,
Ularni tanidim o’ttiz yoshimda.

* * *

Bilaman, sen baxtni ko’rgan odamsan ,
Seni qayta baxtli qilmog’im qiyin.
Ming yil yashasang-da, meni sevmaysan,
Bilmayman, ne bular ming yildan keyin,

Mening qismatim shu — kutib yashamoq,
Umrim so’ngigacha, baxtli yechimni.
Men o’tib ketaman, bilmayman biroq
Ming yillardan keyin sevaman kimni…

IZHOR

U yoqqa, bu yoqqa yurib turibman,
Holbuki, hamrohim — to’rt-besh og’iz so’z.

Qayonga ketarim bilib turibman.
Holbuki, masofa — yolg’izlik.

O’z holimga boqib yig’lab turibman.
Holbuki, oqibat — holsizlik.

Dunyoning suratin ko’rib turibman.
Holbuki, izohga ojizman.

SEN AGAR…

Sen agar shoh bo’lsang, bo’yin egar xalq,
Istab ko’tarmaydi yerdan boshini.

Sen agar qalandar jubbasin kiysang,
Odamlar beradi so’nggi oshini.

Kim bo’lma , o’zingni o’ylasang faqat,
Hech kimsa ergashmas soyangdan o’zga,

08

(Tashriflar: umumiy 456, bugungi 1)

Izoh qoldiring