O’rolboy Qobil. Qisqa hikoyalar

033    Ўшанда “дембил” бўлишимга икки ой қолганди, тишим оғриб, ҳарбий госпиталга бордим. Вақтлироқ борибман чоғи, тиш дўхтирининг хонаси берк экан. Ҳовлига чиқдим. Иккита буғдой рангли қизалоқ қувлашмачоқ ўйнар, уларнинг нимасидир қишлоқдаги сингилларимни эслатарди. “Тавба, кубаликлар ҳам ўзимизга ўхшар экан-да”, — дедим ўзимча. Тўсатдан қизалоқлардан бири…

Ўролбой Қобил
ҚИСҚА ҲИКОЯЛАР
077

Ўролбой Қобил 1955 йилда Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги Гулистон қишлоғида туғилган.Тошкент давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. Бир нечта китоблари нашр этилган. Ҳозир нафақада.

ЁЛҒИЗ ДАРАХТ

Болалик — учар эдик
дарахтма дарахт…
Муҳаммад Ғаффор

-Ҳув, газадаги уй Хушбоқ бобоники, бечора кеча вафот этди, — деди суҳбатдошим Собир муаллим кўнгли бузилиб.
-Нима, қариндош эдими? — сўрайман ундан.

-Йўқ, аммо фақат менга эмас, бутун Дўнгқишлоққа азиз одам эди, бечоранинг чироғини ёқадигани қолмагани ёмон бўлди-да…

-Ёш бола эдик, — дея сўзини давом эттирди суҳ-батдошим. — Хушбоқ бобонинг бир туп ёнғоғи бор эди, меваси пишгач, худди чуғурчуқдек ёпирилардик. Чол ҳам, кампир ҳам бизларни қувламасди, чўнтагимизни, этагимизни тўлдириб ёнғоқ берарди. Фақат битта шарти бор эди.

-Қанақа шарт? — дейман қизиқиб.
-Ўлсак бовом деб, момом деб йиғлайсизлар, — деб тайинларди. Бизлар “хўп”, “хўп” деб кетардик.

Чол билан кампир ортимиздан кулиб кузатиб қолишарди.

Аввал Ойтош момо ўлди, бутун қишлоқ энамлаб кўмди. Бир йил ўтиб буғдой пишиғида Хушбоқ бобо ҳам оламдан ўтди. Эл-улус отамлаб кўмиб келди. Жанозада биров айтди, ҳатто, қирқ йил раис бўлган Саттор оқсоқолнинг маъракасида ҳам бунчалик халойиқ тўпланмаган экан.

Тепадаги ҳовлига қарайман, бир туп ёнғоқ дарахти кўзимга Хушбоқ бобо ва Ойтош момо бўлиб кўринди.

НОН ИСИ

Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида олис Куба деган мамлакатда ҳарбий хизматда бўлган Байман муаллимнинг бир суҳбати ёдимга тушди.

-Соғинч дегани ёмон бўларкан, бекорга Бобур, Фурқат каби улуғларимиз Ватанни қўмсаб дардли мисралар битмаган экан, — деганди муаллим.

Ўшанда “дембил” бўлишимга икки ой қолганди, тишим оғриб, ҳарбий госпиталга бордим. Вақтлироқ борибман чоғи, тиш дўхтирининг хонаси берк экан. Ҳовлига чиқдим. Иккита буғдой рангли қизалоқ қувлашмачоқ ўйнар, уларнинг нимасидир қишлоқдаги сингилларимни эслатарди. “Тавба, кубаликлар ҳам ўзимизга ўхшар экан-да”, — дедим ўзимча. Тўсатдан қизалоқлардан бири:
-Райҳон, мени тутолмайсан! — деб қолди.

Қулоқларимга ишонмадим, карахт бўлиб қолдим. Ахир бир ярим йилдан буён ўзбекча сўз эшитмаган эдим-да!

Уларнинг ёнига бориб исмларини сўрадим.
Қизалоқлар менга ҳайрон қарашди ва каттароғи айтди:
-Менинг исмим — Лола, укамники — Райҳон.

Кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
-Сиз ҳам ўзбекмисиз, амаки?
-Ҳа, — деб бош ирғадим.

Қизалоқларни қучоғимга босдим!
-Энажонларим!

Туни билан азоблаб чиққан тишим ҳам оғримай қўйди.
-Дадам дўхтир, биз яқинда Тошкандан келдик.
-Яхши.
-Ойим ҳам дўхтир, — деди Райҳон дегани ширин тил билан.
-Тилларингдан айланай!

Шу пайт “Қизлар,келинглар”, деган овоз эшитилди. Эшик ёнида оқ халат кийган, қош-кўзлари Санам янгамга ўхшаб кетадиган аёл турарди. Аёл мени кўриб ҳол-аҳвол сўрашди.Гарнизонда Ўрта Осиёлик ягона аскар эканимни айтдим.

Оғриган тишимни суғуртириб ташқарига чиқсам, қизалоқлар, ойиси, дадаси билан мени кутиб туришган экан. Бир соат уйида меҳмон бўлдим. Қайтар чоғда аёл қўлимга иккита ўзбаки нон тутди.

Нонни бағримга босдим, ундан она юрт ҳиди келарди.

АРМОН

Мактабда ўттиз йил директорлик қилган фидойи муаллим ҳақида мақола ёзган эдим. Орадан анча фурсат ўтиб ўша муаллимнинг вафот этганини эшитиб таъзия билдириш учун уйига бордим.
Ҳол-ахвол сўрашиб бўлгач, муаллимнинг ўғли деди:
— Отам ҳақида мақола ёзмоқчи эдингиз, ёздингизми, отам бечора ўшани кўп кутди-да…

Мен ҳайрон бўлдим. Ахир мақола бир ҳафта ўтиб газетада босилган эди.
— Биз ўқимадик…

Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Шу пайт дераза рахида турган, гултувак тагига тушалган газетага кўзим тушди. Синчиклаб қарадим, ўша газета!
— Ана, ўша газета! – дедим.

Ўғил ўрнидан туриб газетани олди ва мақолани кўрди, сўнгра ўтириб қолди, юзлари қизарди, кўзларидан ёш оқди.
— Отам бечора буни қанчалар кутган эди-я…

Ҳолбуки, марҳумнинг уч ўғли ва келини олий маълумотли, ўқимишли эди.

«ҚАРЗ» ТУРКУМИДАН

1

Тўйга келган кўкдалалик кекса чол уй эгасини чақириб айтди:
— Санчиқуллик Султоннинг ўғилларидан бирини чақириб келсангиз, бир оғиз қарз гапим бор эди.

Бироз фурсат ўтиб чолнинг қаршисига салом бериб, Тўра фермер ўтирди. Чол ҳол-аҳвол сўрашгач, оҳиста деди:

— Болам, мен отангиз билан узангидош жўра эдим. Падарингиз қўли очиқ, оқибатли одам эди. Қаҳатчилик йилларида ночорлик сабаб мендан бир қоп буғдой олган эди. Сўғин сизлар кўчиб кетдингиз, тақдирни қаранг­ки, отангиз билан қайта дийдор кўришмоқ насиб этмади. Мана, ёшим саксондан ошди. Яна қанча куним бор —­ билмайман. Эрта Султонбой билан қиёматда юзкўришсак, «Нега ўғилларимдан қарзингни сўрамадинг?» деб домонгир бўлмасин. Сизга фалон минг беринг, демайман. Кўнгилдан чиқариб, мингми, икки мингми берсангиз, токи қарз отангизнинг елкасидан ариса…

Тўра фермер чолнинг сўзларидан ўйга толди. Чўнтагида йўқ эмас, эллик минг пули бор, керак бўлса, бу эзма чолга бир қоп ўрнига бир тонна буғдой беришга қурби етади. Аммо чолнинг дабдурустдан айтганлари унинг ҳамиятига тегди.

— Энди, бова, хафа бўлмайсиз. Мен отамнинг сиздан қарз олганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман. Энди кимга қарз берган бўлсангиз, ўшандан олаверасиз-да…

Чол фотиҳага қўл очди.

2

Бекатда йиғлаб турган аёлни кўриб, Содиқ дўхтирнинг кўнгли бузилди. Охири бўлмади, бориб аҳвол сўради.

— Қизимникидан қайтаётган эдим, йўлда алаҳсираб пулимни тушириб қўйибман. Анави «Форд»чига айтсам, ишонмади, «боринг» деб айтди.
— Синглим, қаерга бормоқчисиз?
— Муборакка…

Содиқ дўхтир чўнтагидан беш минг олиб, аёлга узатди. Аёлнинг юзлари қизарди.

— Вой, сизни танимасам, қандай оламан?
— Олаверинг, синглим, мен розиман.

Орадан икки йил ўтиб, Содиқ дўхтир Муборакдаги газ заводида ишлаётган ўғлини кўргани борди. Ижара уйда турадиган ўғил суҳбат орасида уй бекасининг ажойиб аёл эканини айтиб қолди.
Бироз фурсат ўтиб, чойнак кўтариб хонага кириб келган аёл Содиқ дўхтирни кўриб ҳайрон қолди.

— Вой, сиз ўша кишимисиз? — деди жилмайиб.
— Ҳа, — деди Содиқ дўхтир. — Қойил, сиз эса аллақачон ўғлимга қарзни қайтарибсиз, — деди кулиб.

09

O’rolboy Qobil
QISQA HIKOYALAR
077

O’rolboy Qobil 1955 yilda Qashqadaryoning Qamashi tumanidagi Guliston qishlog’ida tug’ilgan.Toshkent davlat universitetining tarix fakul`tetini tamomlagan. Bir nechta kitoblari nashr etilgan. Hozir nafaqada.

YOLG’IZ DARAXT

Bolalik — uchar edik
daraxtma daraxt…
Muhammad G’affor

-Huv, gazadagi uy Xushboq boboniki, bechora kecha vafot etdi, — dedi suhbatdoshim Sobir muallim ko’ngli buzilib.
-Nima, qarindosh edimi? — so’rayman undan.

-Yo’q, ammo faqat menga emas, butun Do’ngqishloqqa aziz odam edi, bechoraning chirog’ini yoqadigani qolmagani yomon bo’ldi-da…

-Yosh bola edik, — deya so’zini davom ettirdi suh-batdoshim. — Xushboq boboning bir tup yong’og’i bor edi, mevasi pishgach, xuddi chug’urchuqdek yopirilardik. Chol ham, kampir ham bizlarni quvlamasdi, cho’ntagimizni, etagimizni to’ldirib yong’oq berardi. Faqat bitta sharti bor edi.

-Qanaqa shart? — deyman qiziqib.
-O’lsak bovom deb, momom deb yig’laysizlar, — deb tayinlardi. Bizlar “xo’p”, “xo’p” deb ketardik.

Chol bilan kampir ortimizdan kulib kuzatib qolishardi.

Avval Oytosh momo o’ldi, butun qishloq enamlab ko’mdi. Bir yil o’tib bug’doy pishig’ida Xushboq bobo ham olamdan o’tdi. El-ulus otamlab ko’mib keldi. Janozada birov aytdi, hatto, qirq yil rais bo’lgan Sattor oqsoqolning ma’rakasida ham bunchalik xaloyiq to’planmagan ekan.

Tepadagi hovliga qarayman, bir tup yong’oq daraxti ko’zimga Xushboq bobo va Oytosh momo bo’lib ko’rindi.

NON ISI

Oltmishinchi yillarning o’rtalarida olis Kuba degan mamlakatda harbiy xizmatda bo’lgan Bayman muallimning bir suhbati yodimga tushdi.

-Sog’inch degani yomon bo’larkan, bekorga Bobur, Furqat kabi ulug’larimiz Vatanni qo’msab dardli misralar bitmagan ekan, — degandi muallim.

O’shanda “dembil” bo’lishimga ikki oy qolgandi, tishim og’rib, harbiy gospitalga bordim. Vaqtliroq boribman chog’i, tish do’xtirining xonasi berk ekan. Hovliga chiqdim. Ikkita bug’doy rangli qizaloq quvlashmachoq o’ynar, ularning nimasidir qishloqdagi singillarimni eslatardi. “Tavba, kubaliklar ham o’zimizga o’xshar ekan-da”, — dedim o’zimcha. To’satdan qizaloqlardan biri:
-Rayhon, meni tutolmaysan! — deb qoldi.

Quloqlarimga ishonmadim, karaxt bo’lib qoldim. Axir bir yarim yildan buyon o’zbekcha so’z eshitmagan edim-da!

Ularning yoniga borib ismlarini so’radim.
Qizaloqlar menga hayron qarashdi va kattarog’i aytdi:
-Mening ismim — Lola, ukamniki — Rayhon.

Ko’zlarimdan yosh chiqib ketdi.
-Siz ham o’zbekmisiz, amaki?
-Ha, — deb bosh irg’adim.

Qizaloqlarni quchog’imga bosdim!
-Enajonlarim!

Tuni bilan azoblab chiqqan tishim ham og’rimay qo’ydi.
-Dadam do’xtir, biz yaqinda Toshkandan keldik.
-Yaxshi.
-Oyim ham do’xtir, — dedi Rayhon degani shirin til bilan.
-Tillaringdan aylanay!

Shu payt “Qizlar,kelinglar”, degan ovoz eshitildi. Eshik yonida oq xalat kiygan, qosh-ko’zlari Sanam yangamga o’xshab ketadigan ayol turardi. Ayol meni ko’rib hol-ahvol so’rashdi.Garnizonda O’rta Osiyolik yagona askar ekanimni aytdim.

Og’rigan tishimni sug’urtirib tashqariga chiqsam, qizaloqlar, oyisi, dadasi bilan meni kutib turishgan ekan. Bir soat uyida mehmon bo’ldim. Qaytar chog’da ayol qo’limga ikkita o’zbaki non tutdi.

Nonni bag’rimga bosdim, undan ona yurt hidi kelardi.

ARMON

Maktabda o’ttiz yil direktorlik qilgan fidoyi muallim haqida maqola yozgan edim. Oradan ancha fursat o’tib o’sha muallimning vafot etganini eshitib ta’ziya bildirish uchun uyiga bordim.
Hol-axvol so’rashib bo’lgach, muallimning o’g’li dedi:
— Otam haqida maqola yozmoqchi edingiz, yozdingizmi, otam bechora o’shani ko’p kutdi-da…

Men hayron bo’ldim. Axir maqola bir hafta o’tib gazetada bosilgan edi.
— Biz o’qimadik…

O’rtaga noqulay jimlik cho’kdi. Shu payt deraza raxida turgan, gultuvak tagiga tushalgan gazetaga ko’zim tushdi. Sinchiklab qaradim, o’sha gazeta!
— Ana, o’sha gazeta! – dedim.

O’g’il o’rnidan turib gazetani oldi va maqolani ko’rdi, so’ngra o’tirib qoldi, yuzlari qizardi, ko’zlaridan yosh oqdi.
— Otam bechora buni qanchalar kutgan edi-ya…

Holbuki, marhumning uch o’g’li va kelini oliy ma’lumotli, o’qimishli edi.

«QARZ» TURKUMIDAN

1

To’yga kelgan ko’kdalalik keksa chol uy egasini chaqirib aytdi:
— Sanchiqullik Sultonning o’g’illaridan birini chaqirib kelsangiz, bir og’iz qarz gapim bor edi.

Biroz fursat o’tib cholning qarshisiga salom berib, To’ra fermer o’tirdi. Chol hol-ahvol so’rashgach, ohista dedi:

— Bolam, men otangiz bilan uzangidosh jo’ra edim. Padaringiz qo’li ochiq, oqibatli odam edi. Qahatchilik yillarida nochorlik sabab mendan bir qop bug’doy olgan edi. So’g’in sizlar ko’chib ketdingiz, taqdirni qarang­ki, otangiz bilan qayta diydor ko’rishmoq nasib etmadi. Mana, yoshim saksondan oshdi. Yana qancha kunim bor —­ bilmayman. Erta Sultonboy bilan qiyomatda yuzko’rishsak, «Nega o’g’illarimdan qarzingni so’ramading?» deb domongir bo’lmasin. Sizga falon ming bering, demayman. Ko’ngildan chiqarib, mingmi, ikki mingmi bersangiz, toki qarz otangizning yelkasidan arisa…

To’ra fermer cholning so’zlaridan o’yga toldi. Cho’ntagida yo’q emas, ellik ming puli bor, kerak bo’lsa, bu ezma cholga bir qop o’rniga bir tonna bug’doy berishga qurbi yetadi. Ammo cholning dabdurustdan aytganlari uning hamiyatiga tegdi.

— Endi, bova, xafa bo’lmaysiz. Men otamning sizdan qarz olganini ko’rgan ham, eshitgan ham emasman. Endi kimga qarz bergan bo’lsangiz, o’shandan olaverasiz-da…

Chol fotihaga qo’l ochdi.

2

Bekatda yig’lab turgan ayolni ko’rib, Sodiq do’xtirning ko’ngli buzildi. Oxiri bo’lmadi, borib ahvol so’radi.

— Qizimnikidan qaytayotgan edim, yo’lda alahsirab pulimni tushirib qo’yibman. Anavi «Ford»chiga aytsam, ishonmadi, «boring» deb aytdi.
— Singlim, qaerga bormoqchisiz?
— Muborakka…

Sodiq do’xtir cho’ntagidan besh ming olib, ayolga uzatdi. Ayolning yuzlari qizardi.

— Voy, sizni tanimasam, qanday olaman?
— Olavering, singlim, men roziman.

Oradan ikki yil o’tib, Sodiq do’xtir Muborakdagi gaz zavodida ishlayotgan o’g’lini ko’rgani bordi. Ijara uyda turadigan o’g’il suhbat orasida uy bekasining ajoyib ayol ekanini aytib qoldi.
Biroz fursat o’tib, choynak ko’tarib xonaga kirib kelgan ayol Sodiq do’xtirni ko’rib hayron qoldi.

— Voy, siz o’sha kishimisiz? — dedi jilmayib.
— Ha, — dedi Sodiq do’xtir. — Qoyil, siz esa allaqachon o’g’limga qarzni qaytaribsiz, — dedi kulib.

09

(Tashriflar: umumiy 2 400, bugungi 1)

Izoh qoldiring