Gulchehra Murodaliyeva. She’rlar & Ibrohim G’afurov. Lirik qahramonga xat

055     Гулчеҳранинг шеърларини гапириб бериш мушкул: сўзлар худди муҳрлаб, қулфлаб қўйилганга ўхшайди. Хаёлий Ишққа мафтун лирик қаҳрамонни табиийки, Ёлғизлик дарди ўртайди. Дард туганмас ғамга айланади. Ҳамма вақт ҳам ғам чекиб яшаш мумкин эмас. Бунинг ҳеч иложи йўқ.

Иброҳим ҒАФУРОВ
ЛИРИК ҚАҲРАМОНГА ХАТ
045

Бу қиз Сирдарё бўйларида туғилган, вояга етган, шоира бўлган;

Қувноқ қиз, битта гапиради, ўнта кулади, назокати ва маданияти билан ром қилади. Исми ҳам жисмига ва шеърига монанд: Гулчеҳра. Кўп йиллардан бери матбуотда журналистлик қилади, ёзган мақолалари, суҳбат, репортажлари самимияти ва фикрчанлиги билан ўзига тортади. Ўқувчилар ва шоирлар давраларида уни билишади. Гулчеҳра билан суҳбатлашсангиз, у ҳеч қачон маҳзун ва маъюс шеърлар ёзади деб ўйламайсиз. Фикрчан қизларга хос маънилик, ибо, андеша либосига чулғанган. Шеърларида лирик қаҳрамони навраста чоғлариданоқ бир Ишқни излайди. Уни деб ўртанади, ёнади. Аммо бу Ишқ хаёлий, балки рамзий. Аммо реал ҳаётий ишқдан ҳам кучлироқ. Танқидчилик тимсоли Виссарион Белинский бир замонлар аёл ижодкорларнинг асарларига хушламай қараган, уларнинг ёзганларида жиддий маъно бўлишига ишонмаган. Қиз бола фақат севган чоғидагина шоир бўлади, деган. Ҳар кимнинг ўз ғалати томонлари мавжуд: айниқса, шоирлар ва танқидчиларда. Лекин бошқа бир ёқдан, ғалати томони бўлмаса, шоир ва танқидчи бўлиши қийин-да.

Гулчеҳранинг тўплам қилган шеърларини ўқиб, уларни шарҳлашдан кўра, лирик қаҳрамонга хат шаклида фикримни айта қолай, деб ўйладим. Чунки унинг шеърларини гапириб бериш мушкул: сўзлар худди муҳрлаб, қулфлаб қўйилганга ўхшайди. Хаёлий Ишққа мафтун лирик қаҳрамонни табиийки, Ёлғизлик дарди ўртайди. Дард туганмас ғамга айланади. Ҳамма вақт ҳам ғам чекиб яшаш мумкин эмас. Бунинг ҳеч иложи йўқ. Одам боласининг руҳияти чидамайди. Шунинг учун лирик қаҳрамон ўзига таскин беради: аммо таскин ва умид учқунлари ортида яна ғам-андуҳ қаватланади. Сатрлар ўша хаёлий Ишқнинг нолишларига тўла. Сўз бунчалар қалин ғамларни қандай кўтарганига одам ҳайрон қолади.

Бахтда бахтсизликни, тахтда тахтсизликни, аҳдда аҳдсизликни кўрасиз, сезасиз, қабул қиласиз сиз. Сиз ясаган бино пештоқига андуҳ мақсуралари муҳташам тортиб, орнамент ясаб ўрнашади. Лекин сиз сўзларни ғоятда хасислик билан ишлатасиз. Саноқли сўзлар билан кечинмалар ва ҳиссиётларни баён қиласиз, англатасиз. Шеърларингиз ҳам худди миниатюра. Улар бари бир мавзу теварагида айланади. Юрагини қиймалаб, нимталаб шеър шаклига киритади. Ўзининг бахти олис сафарларга кетганини, балки ҳеч қачон келмаслигини кўнгли туяди. Лекин бу аъмол-ҳиссиётнинг кучини, мубталолигини қарангким, энди шу эҳтимол сира қорасини кўрсатмас, қайтиб келмас Бахтни севади. Бу олис зулматли маконларда хира йилтираган юлдузнинг ерга базўр етиб келаётган шуълаларини севиш ва севгидан мутлақо ҳеч нарса кутмаслик ва умидвор бўлмаслик. Бу Ишқ унга фақат биргина сўз айтган ва Ишқ шу биргина сирли сўз билан белгили. Шу сўз севги туморига айланган. Бу туморга севги шарпаси яширинган. Бу ой шарпасидай балки. У ой шарпасидай кўлкаланади, мавжланади. Маҳзуна лирик қаҳрамон аллақачонлар жисми ўчиб кетган Шарпа билан яшайдимикин? У энди бошқа ҳеч қачон севмайдимикин? Севилмайдимикин? Уфқларда қизлик ҳаётининг ширин нашидаларини кўрмайдимикин? Пайқамайдимикин? Менсимайдимикин? Ахир қизларда менсимаслик ва рўёларга ишониб юриш оз учрамайди-ку! Қолаверса, бир ўқувчи сифатида сўрашга ҳақим бор: ой шарпаси ўзи нима? Наҳот у рўё ва фасона? Муҳрланган банди бало? Ҳавро нажот қизимиз ҳаёт муждалари ва фарзларини қўйиб шу шарпага банд бўлиб ўтиргайми?

Муштоқлик фасли – ташнаком фасл. Маъсум хаёлларга ғарқ ҳаётни масъуд дамлар ҳаётига эвириш палласи келмадими? Ахир рафъат ва рифқ унга табиат ало мунтазамдан қўш қўллаб ато этилмаганми?
Ҳар қалай, дард чўх, умр оз…

8 январь 2014 йил.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА
“БОҒЛАРНИНГ НАСИМИ БЎЛСАЙДИМ…”
Шеърлар
045

    Гулчеҳра Муродалиева 1963 йилнинг 16 январида Ленинобод (ҳозирги Суғд) вилоятининг Пролетар (ҳозирги Ж.Расулов) районида туғилган. 1986 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факултетини тугатган. Шеърлари республика газета ва журналларида чоп этилган. 1993 йилда (“Шоирнинг илк китоби” сериясида) “Ой шарпаси”, 2014 йилда “Муштоқлик фасли” номли тўпламлари нашр этилган.

07

* * *

005

Хазонлар ортида суйганим – ростдир:
Умр абгор ўлди, кўнгил – яролиқ.
Ишқ гули тўзонлар остида қолди –
Сарсонлиғим – икки дунё аролиқ!..

Кўзёшмас, ёмғирдан юзларим ҳўлдир…
Нетайким, вужудим хокистар янглиқ!
…Худоё, Ишқ Гулим кўрсату – ўлдир!..
– “Ё раб! – бу не бахти қаролиқ?!”

16.08.2000.

* * *

Бахтимми ё бағир – нимтарин.
Йўқотиб топганим ҳам – ярим!
– Борсанми, қайдасан ё Карим?!
Хокманми ё Одам? – айт, билдир!
Қанот бер,
Дунёнгни ё суйдир!..

Дўстми у – кўнглима бегона.
Ёрми у – на Ишқ-ла девона!
Ортдаги изим-да ягона!..
– Мен кимман? – билдиргин Биру Бор, –
Тоғманми, – бағирда бу не ғор?!

…Биру Бор!..

14.08.2000.

* * *

Шамоллар шўнғиди сочларим аро…
Кўксимда инграган – Ишқи бедаво!

Ишқ-ки, сақлолмасман юракда ортиқ,
Итларга отаман, гадога – тортиқ!..

Бу Дард бандаданми, Ўзиданми ё? –
Кўксимда уфурган анисдир гўё…

“Раҳм айла, жамолинг кўрсат, Раббим-о!” –
…Шамоллар шўнғиди… сочларим аро…

18.08.2000.

* * *

…Ва сокин қадамлар
ва тоғдек виқор!
Изимдан жимгина йиғлаётган қор…
Ва титроқ…
қўлдаги ғижимланган гул.
Ва изҳор –
наздимда инграгандек тул.

…Яна ўша виқор,
шу сабил виқор!
Яна… юракдаги Баҳрдайин ғор!..
Яна…
тун-кун мени итдек ингратган
кўксимга занжирбанд этилган бир Қул!..

19.12.1995.

* * *

У – Жамолнинг остонасида
балки хокмиз,
балки – хокистар…
Нега кўнгил куймоқни қўймас?
Нечун лаблар гуноҳни истар?

У йўллардан кўзларим олдим. –
Тинч қўйинг, роҳибу санамлар!
…Ва бандалик ҳасратларимда
қуршади қўрқоғу ғанимлар…

* * *

Боғларнинг насими бўлсайдим,
Бўлсайдим ёмғирнинг шивири…
Чўққилар сояси бўлсайдим
Ё тоғлар қояси, ё тоши.

…Ё гулнинг шудрингли кўксидан
Самога сизилган хуш атр…
Ё осмон бандида ситилган,
Шамолда тўзғиган шўх абр…

Қанийди,
Ё бир қуш бўлсайдим…
Капалакми
Ё ниначими…
(Қўярмиди ўртанмай Кўнгил?!)

Кетардим одамсиз жойларга
Кетардим! –
Ҳеч қачон қайтмасдим!..

31.01.2006.

* * *

Парвинага

Юзингда Отамнинг меҳри бор,
Кўзингда – Онамнинг кўзлари…
Мендайин танҳони ҳар чоҳдан
Сен томон тортқилар излари, –
Меҳрибонларимнинг сўзлари!..

Юракка қадалган ханжардай
Соғинчим нимталар ўзимни.
Сенда-да яширган фарёдим
Ўйиблар ташлади бўғзимни!..

Ҳасратим – саҳрода қум янглиғ… –
Куйдириб кул қилар лошимни.
Бир чимдим тафтингга кўмсайдим
Дунёга сиғмаган бошимни…

…Барибир
Кўксимда бир дарахт
гуллайди, – меҳрми ва ё ғам?
…Юзингда отамни, онамни
кўргани келдим,
Парвинам…

15.05.2012.

* * *

Бир сиқим кул каби кетсам-да тўзғиб…
Бир кафт тупроқ янглиғ қадр топсам-да,
Шопириб ўтсанг-да дунёмни ҳарчанд,
Ёзмишимдан ёзлар ёниб кетса ҳам,
Юзландим самога – Сенга талпиндим
Сени қўмсадим мен
Сени соғиндим…

Аслида борсанми — йўқми, билмадим…
Бодларинг супуриб ўтди ёдларни,
Гарчи қароғимда ситилган ёшсан,
Гарчи юрагимга отилган тошсан,
Гарчи вужудимда ёнар андуҳим –
Милён йил тинмайди менинг бир оҳим:
– Жамолинг қайдадир?
Мен нега хорман? –
Нечун мен борману ва Сенга зорман?..

Ёмғирлар юзимни ювди – сўрадим
Қуёшдан кўзларим куйди – сўрадим…
Баҳорлар бошимдан ўтавердилар
Майсалар пойимда кулавердилар…

Туманнингми пари,
Қорнинг учқуни
Кабутарми лочин ё капалакми?
Ишқилиб
Дунёнинг бори тутқуни
Заминга қўндию суяверди жим…

Бир мени Сенсизлик ёндирар ичим

…Дафъатан
Онамнинг менга талпинган
биҳиштий юзида Юзингни кўрдим…

…Ва сабил бошимни тупроққа қўйдим…

Оҳ менинг Нур каби покиза Ёрим
Оҳ менинг кўнглимни кўргувчи Зорим
Оҳ менинг Буюгим
Оҳ менинг Ўзим
Оҳ мангу оламда танҳо Нигорим
Менинг бу дунёда топилмас Борим –
ПАРВАРДИГОРИМ!..

12.12.2005.

АСҚАР МАҲКАМ ХОТИРАСИГА

1.

Менинг
Тоғдек виқорли
Мағрур
Кўнгиллари – шафтолизорим…
Жиндек ғамгин,
Жиндек – безори,
Ишқдан масрур,
Меҳрга зорим –
Интизорим бор эди
Қани?!

Гар “оҳ” десам
Ўтдек чарсиллаб
Хайма тортган тунлар бошимда
Менинг қушдек жонимни тилаб
Ўзи сордек учган қошимдан…
Изларимга жонини тиккан
Ғамгусорим бор эди
Қани?!

Келса ҳамки
Ишқдай – ёндириб,
Кетса ҳамки қайсар
Бемаврид…
Гоҳи далли
Гоҳи – девона
Бу дунёдан топган дашт гулим –
Шашти баланд,
Хаёли – сўлим
Жоннисорим бор эди
Қани?..

“Меҳрибоним бор эди
Қани”?!*

07.03.2007.

* – Асқар Маҳкам сатри.

2.

Келаётган келавераркан
Кетаётган…
Ўтиб кетар ҳам…
Нечун соғинчларим буколмас
юрагимдан оқаётган Ғам?!

Мен дилимни барчага очдим –
Отавердим парча-парчалаб…
Ит талади,
Шоқоллар еди –
Нечун кимса Сиздек босмас лаб?..

Мозорларга бошим урайми,
Қақшайинми дарёларга ҳам?!

…Яна ёдингизга яшриндим
Бу хокистар вужуд ичинда
Ҳўлу  қуруқ ёнаётган дам…

08.03.2007.

3.

Соҳилларни “воҳ”лаб ёрайми?!
Ёнайинми ёмғирзорларда?..
Ё девона янглиғ қолайми
Саҳроларда –
Ёлғиззорларда?…

Ялангоёқ
Даштларни кезиб
Тиканлардан тиклайми қаср?!
…Ё кўзларим юлиб отайми –
Ё Кўнгилни этайми басир?..

Тоғларини талқон этайми?
Совурайми дунёларини?!

…Қаранг
қандоқ ичим ёнмоқда…
Қаранг
Қандоқ ёнмоқда ёмон!..

…Кетайинми Ишқ ва…
Сиз томон?..

09.03.2007.

047

Ibrohim G’AFUROV
LIRIK QAHRAMONGA XAT
045

Bu qiz Sirdaryo bo’ylarida tug’ilgan, voyaga yetgan, shoira bo’lgan;

Quvnoq qiz, bitta gapiradi, o’nta kuladi, nazokati va madaniyati bilan rom qiladi. Ismi ham jismiga va she’riga monand: Gulchehra. Ko’p yillardan beri matbuotda jurnalistlik qiladi, yozgan maqolalari, suhbat, reportajlari samimiyati va fikrchanligi bilan o’ziga tortadi. O’quvchilar va shoirlar davralarida uni bilishadi. Gulchehra bilan suhbatlashsangiz, u hech qachon mahzun va ma’yus she’rlar yozadi deb o’ylamaysiz. Fikrchan qizlarga xos ma’nilik, ibo, andesha libosiga chulg’angan. She’rlarida lirik qahramoni navrasta chog’laridanoq bir Ishqni izlaydi. Uni deb o’rtanadi, yonadi. Ammo bu Ishq xayoliy, balki ramziy. Ammo real hayotiy ishqdan ham kuchliroq. Tanqidchilik timsoli Vissarion Belinskiy bir zamonlar ayol ijodkorlarning asarlariga xushlamay qaragan, ularning yozganlarida jiddiy ma’no bo’lishiga ishonmagan. Qiz bola faqat sevgan chog’idagina shoir bo’ladi, degan. Har kimning o’z g’alati tomonlari mavjud: ayniqsa, shoirlar va tanqidchilarda. Lekin boshqa bir yoqdan, g’alati tomoni bo’lmasa, shoir va tanqidchi bo’lishi qiyin-da.

Gulchehraning to’plam qilgan she’rlarini o’qib, ularni sharhlashdan ko’ra, lirik qahramonga xat shaklida fikrimni ayta qolay, deb o’yladim. Chunki uning she’rlarini gapirib berish mushkul: so’zlar xuddi muhrlab, qulflab qo’yilganga o’xshaydi. Xayoliy Ishqqa maftun lirik qahramonni tabiiyki, Yolg’izlik dardi o’rtaydi. Dard tuganmas g’amga aylanadi. Hamma vaqt ham g’am chekib yashash mumkin emas. Buning hech iloji yo’q. Odam bolasining ruhiyati chidamaydi. Shuning uchun lirik qahramon o’ziga taskin beradi: ammo taskin va umid uchqunlari ortida yana g’am-anduh qavatlanadi. Satrlar o’sha xayoliy Ishqning nolishlariga to’la. So’z bunchalar qalin g’amlarni qanday ko’targaniga odam hayron qoladi.

Baxtda baxtsizlikni, taxtda taxtsizlikni, ahdda ahdsizlikni ko’rasiz, sezasiz, qabul qilasiz siz. Siz yasagan bino peshtoqiga anduh maqsuralari muhtasham tortib, ornament yasab o’rnashadi. Lekin siz so’zlarni g’oyatda xasislik bilan ishlatasiz. Sanoqli so’zlar bilan kechinmalar va hissiyotlarni bayon qilasiz, anglatasiz. She’rlaringiz ham xuddi miniatyura. Ular bari bir mavzu tevaragida aylanadi. Yuragini qiymalab, nimtalab she’r shakliga kiritadi. O’zining baxti olis safarlarga ketganini, balki hech qachon kelmasligini ko’ngli tuyadi. Lekin bu o’mol-hissiyotning kuchini, mubtaloligini qarangkim, endi shu ehtimol sira qorasini ko’rsatmas, qaytib kelmas Baxtni sevadi. Bu olis zulmatli makonlarda xira yiltiragan yulduzning yerga bazo’r yetib kelayotgan shu’lalarini sevish va sevgidan mutlaqo hech narsa kutmaslik va umidvor bo’lmaslik. Bu Ishq unga faqat birgina so’z aytgan va Ishq shu birgina sirli so’z bilan belgili. Shu so’z sevgi tumoriga aylangan. Bu tumorga sevgi sharpasi yashiringan. Bu oy sharpasiday balki. U oy sharpasiday ko’lkalanadi, mavjlanadi. Mahzuna lirik qahramon allaqachonlar jismi o’chib ketgan Sharpa bilan yashaydimikin? U endi boshqa hech qachon sevmaydimikin? Sevilmaydimikin? Ufqlarda qizlik hayotining shirin nashidalarini ko’rmaydimikin? Payqamaydimikin? Mensimaydimikin? Axir qizlarda mensimaslik va ro’yolarga ishonib yurish oz uchramaydi-ku! Qolaversa, bir o’quvchi sifatida so’rashga haqim bor: oy sharpasi o’zi nima? Nahot u ro’yo va fasona? Muhrlangan bandi balo? Havro najot qizimiz hayot mujdalari va farzlarini qo’yib shu sharpaga band bo’lib o’tirgaymi?

Mushtoqlik fasli – tashnakom fasl. Ma’sum xayollarga g’arq hayotni mas’ud damlar hayotiga evirish pallasi kelmadimi? Axir raf’at va rifq unga tabiat alo muntazamdan qo’sh qo’llab ato etilmaganmi?
Har qalay, dard cho’x, umr oz…

8 yanvar` 2014 yil.

Gulchehra MURODALIEVA
“BOG’LARNING NASIMI BO’LSAYDIM…”
She’rlar
045

Gulchehra Murodalieva 1963 yilning 16 yanvarida Leninobod (hozirgi Sug’d) viloyatining Proletar (hozirgi J.Rasulov) rayonida tug’ilgan. 1986 yili Toshkent davlat universiteti (hozirgi Milliy universitet)ning jurnalistika fakultetini tugatgan. She’rlari respublika gazeta va jurnallarida chop etilgan. 1993 yilda (“Shoirning ilk kitobi” seriyasida) “Oy sharpasi”, 2014 yilda “Mushtoqlik fasli” nomli to’plamlari nashr etilgan.

07

* * *

005

Xazonlar ortida suyganim – rostdir:
Umr abgor o’ldi, ko’ngil – yaroliq.
Ishq guli to’zonlar ostida qoldi –
Sarsonlig’im – ikki dunyo aroliq!..

Ko’zyoshmas, yomg’irdan yuzlarim ho’ldir…
Netaykim, vujudim xokistar yangliq!
…Xudoyo, Ishq Gulim ko’rsatu – o’ldir!..
– “YO rab! – bu ne baxti qaroliq?!”

16.08.2000.

* * *

Baxtimmi yo bag’ir – nimtarin.
Yo’qotib topganim ham – yarim!
– Borsanmi, qaydasan yo Karim?!
Xokmanmi yo Odam? – ayt, bildir!
Qanot ber,
Dunyongni yo suydir!..

Do’stmi u – ko’nglima begona.
Yormi u – na Ishq-la devona!
Ortdagi izim-da yagona!..
– Men kimman? – bildirgin Biru Bor, –
Tog’manmi, – bag’irda bu ne g’or?!

…Biru Bor!..

14.08.2000.

* * *

Shamollar sho’ng’idi sochlarim aro…
Ko’ksimda ingragan – Ishqi bedavo!

Ishq-ki, saqlolmasman yurakda ortiq,
Itlarga otaman, gadoga – tortiq!..

Bu Dard bandadanmi, O’zidanmi yo? –
Ko’ksimda ufurgan anisdir go’yo…

“Rahm ayla, jamoling ko’rsat, Rabbim-o!” –
…Shamollar sho’ng’idi… sochlarim aro…

18.08.2000.

* * *

…Va sokin qadamlar
va tog’dek viqor!
Izimdan jimgina yig’layotgan qor…
Va titroq…
qo’ldagi g’ijimlangan gul.
Va izhor –
nazdimda ingragandek tul.

…Yana o’sha viqor,
shu sabil viqor!
Yana… yurakdagi Bahrdayin g’or!..
Yana…
tun-kun meni itdek ingratgan
ko’ksimga zanjirband etilgan bir Qul!..

19.12.1995.

* * *

U – Jamolning ostonasida
balki xokmiz,
balki – xokistar…
Nega ko’ngil kuymoqni qo’ymas?
Nechun lablar gunohni istar?

U yo’llardan ko’zlarim oldim. –
Tinch qo’ying, rohibu sanamlar!
…Va bandalik hasratlarimda
qurshadi qo’rqog’u g’animlar…

* * *

Bog’larning nasimi bo’lsaydim,
Bo’lsaydim yomg’irning shiviri…
Cho’qqilar soyasi bo’lsaydim
YO tog’lar qoyasi, yo toshi.

…YO gulning shudringli ko’ksidan
Samoga sizilgan xush atr…
YO osmon bandida sitilgan,
Shamolda to’zg’igan sho’x abr…

Qaniydi,
YO bir qush bo’lsaydim…
Kapalakmi
YO ninachimi…
(Qo’yarmidi o’rtanmay Ko’ngil?!)

Ketardim odamsiz joylarga
Ketardim! –
Hech qachon qaytmasdim!..

31.01.2006.

* * *

Parvinaga

Yuzingda Otamning mehri bor,
Ko’zingda – Onamning ko’zlari…
Mendayin tanhoni har chohdan
Sen tomon tortqilar izlari, –
Mehribonlarimning so’zlari!..

Yurakka qadalgan xanjarday
Sog’inchim nimtalar o’zimni.
Senda-da yashirgan faryodim
O’yiblar tashladi bo’g’zimni!..

Hasratim – sahroda qum yanglig’… –
Kuydirib kul qilar loshimni.
Bir chimdim taftingga ko’msaydim
Dunyoga sig’magan boshimni…

…Baribir
Ko’ksimda bir daraxt
gullaydi, – mehrmi va yo g’am?
…Yuzingda otamni, onamni
ko’rgani keldim,
Parvinam…

15.05.2012.

* * *

Bir siqim kul kabi ketsam-da to’zg’ib…
Bir kaft tuproq yanglig’ qadr topsam-da,
Shopirib o’tsang-da dunyomni harchand,
Yozmishimdan yozlar yonib ketsa ham,
Yuzlandim samoga – Senga talpindim
Seni qo’msadim men
Seni sog’indim…

Aslida borsanmi — yo’qmi, bilmadim…
Bodlaring supurib o’tdi yodlarni,
Garchi qarog’imda sitilgan yoshsan,
Garchi yuragimga otilgan toshsan,
Garchi vujudimda yonar anduhim –
Milyon yil tinmaydi mening bir ohim:
– Jamoling qaydadir?
Men nega xorman? –
Nechun men bormanu va Senga zorman?..

Yomg’irlar yuzimni yuvdi – so’radim
Quyoshdan ko’zlarim kuydi – so’radim…
Bahorlar boshimdan o’taverdilar
Maysalar poyimda kulaverdilar…

Tumanningmi pari,
Qorning uchquni
Kabutarmi lochin yo kapalakmi?
Ishqilib
Dunyoning bori tutquni
Zaminga qo’ndiyu suyaverdi jim…

Bir meni Sensizlik yondirar ichim

…Daf’atan
Onamning menga talpingan
bihishtiy yuzida Yuzingni ko’rdim…

…Va sabil boshimni tuproqqa qo’ydim…

Oh mening Nur kabi pokiza Yorim
Oh mening ko’nglimni ko’rguvchi Zorim
Oh mening Buyugim
Oh mening O’zim
Oh mangu olamda tanho Nigorim
Mening bu dunyoda topilmas Borim –
PARVARDIGORIM!..

12.12.2005.

ASQAR MAHKAM XOTIRASIGA

1.

Mening
Tog’dek viqorli
Mag’rur
Ko’ngillari – shaftolizorim…
Jindek g’amgin,
Jindek – bezori,
Ishqdan masrur,
Mehrga zorim –
Intizorim bor edi
Qani?!

Gar “oh” desam
O’tdek charsillab
Xayma tortgan tunlar boshimda
Mening qushdek jonimni tilab
O’zi sordek uchgan qoshimdan…
Izlarimga jonini tikkan
G’amgusorim bor edi
Qani?!

Kelsa hamki
Ishqday – yondirib,
Ketsa hamki qaysar
Bemavrid…
Gohi dalli
Gohi – devona
Bu dunyodan topgan dasht gulim –
Shashti baland,
Xayoli – so’lim
Jonnisorim bor edi
Qani?..

“Mehribonim bor edi
Qani”?!*

07.03.2007.

* – Asqar Mahkam satri.

2.

Kelayotgan kelaverarkan
Ketayotgan…
O’tib ketar ham…
Nechun sog’inchlarim bukolmas
yuragimdan oqayotgan G’am?!

Men dilimni barchaga ochdim –
Otaverdim parcha-parchalab…
It taladi,
Shoqollar yedi –
Nechun kimsa Sizdek bosmas lab?..

Mozorlarga boshim uraymi,
Qaqshayinmi daryolarga ham?!

…Yana yodingizga yashrindim
Bu xokistar vujud ichinda
Ho’lu quruq yonayotgan dam…

08.03.2007.

3.

Sohillarni “voh”lab yoraymi?!
Yonayinmi yomg’irzorlarda?..
YO devona yanglig’ qolaymi
Sahrolarda –
Yolg’izzorlarda?…

Yalangoyoq
Dashtlarni kezib
Tikanlardan tiklaymi qasr?!
…YO ko’zlarim yulib otaymi –
YO Ko’ngilni etaymi basir?..

Tog’larini talqon etaymi?
Sovuraymi dunyolarini?!

…Qarang
qandoq ichim yonmoqda…
Qarang
Qandoq yonmoqda yomon!..

…Ketayinmi Ishq va…
Siz tomon?..

09.03.2007.

047

(Tashriflar: umumiy 1 297, bugungi 1)

Izoh qoldiring