Faxriyor. Yangi she’rlar

033     Фахриёр дардларига тинимсиз шакл излайди. Ташбиҳлар воситасида бир-биридан узаб кетган воқеликларни ва моҳиятларни ўзаро яқинлаштиради, чоғиштиради. Бу ҳол уларни уйғун ҳолда тасаввур этиш имконини беради. Унинг назарида, ташбиҳ — мазмун қофияси. Қофияли верлибрларни, фикрни асл шаклида сақлаб қолиш эҳтиёжидан туғилган, дейиш мумкин.

Фахриёр
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

044Фахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти, Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

09

бозингар

тушларни оқизоқ қилар анҳорда

жевак қилиб илар телеминорани
мошини калитига
ёки селфи таёқ қилиб ўйнар расмга
тушмоқ учун даблдеккер ёнида

учоқларни думидан тутиб
қўйиб юборади ўтлоққа
ниначи қилиб

ангишвона қилиб ўйнар гумбазларни
остига сарой ё
бирор ҳайкални қўйиб

ucell билан beelineнинг
арқоғи бўш тўлқинларидан
пули куйган обуначиларга
докасимон яктак тўқиб берар
жазирамада

ислоҳ калимасидан
сақич ясаб вафо атторнинг
эшак аравасида
болаларга бепул тарқатиб юрар

баҳор осмонидан булутларни
бир бир йиртиб олиб
мактаб ёнидаги қўшкда
пахтақанд қилиб пуллар
устига шакар сепиб

дайди шамолни
қўйиб юборади шаҳар кўчаларига
ўйнаб хуморидан чиқсин деб
йиртиб шиору афишаларни

ёзни чиллага солар

мухолифларга
қуш тилидан сабоқ берар кун узунаси
ўрганолмай қолганларини
лўли хотинларга калтаклатади

шумланиб қолмаслиги учун раият
қора мушукларни бирма бир тутиб
бўяб чиқар
феруза рангга

бир тийинга олмас мақолни
бозорга тегар
полтергейст каби
ўт қўяди олдинма кейин

ҳақиқатни
газет журналлардан битта қолдирмай
йиғиб олар ва
қўшниларга пуллар улгуржи

йўлдан урар хиёбонларни
ечинтирар шир яланғоч
сўнгра қарамай
ташлаб кетади

минора соатни клонлаб қўяр

варақлаб ўқийди битта нусхада
чоп қилинган
ким ёзгани номаълум
ўзбекистон меҳмонхонасин

одам экар экинзорларга
одам ўрнига яйдоқ хиёбонларда
арчалар юрар дайдиб
тиланчилик қилиб
бир бир кириб чиқар маҳалладаги
ҳовлиларга ҳам
пул берган ким
бўз берган ким
қанд қурс берган ким

кўприкларни дарё устидан
йўл устидан ҳаклатар

юлдуз сиғмай
чўкаётган осмонга
тираб қўяр масжид минораларин

ақчадондай
ойни рўза тутилган
кунлар савоби билан тўлдириб борар

хонтахта шеър

…тик оёқда ухлар хонтахта
қўшдан ҳориб чиққан қирчанғидайин
оёқлари зирқиллар
бегона дарахтдан йўнилган оёқлар…

…энди у
юкоёқлик қилар хотираларга…

…хонтахта туш кўради…

…тушларига киради
хиёбонда дарахт кўланкасида
суйишиб ўтирган йигит билан қиз…

…сал нарироқда
ҳайкал шоҳсупаси бўм-бўш турибди
шахмат ўйнаётган битта ишқибоз
йўқолган от ўрнига
гугурт қутиси ҳаммас
нос шиша ҳаммас
ҳайкал қўйиб ўйнайди
олдинги шашти йўқ ҳайкалнинг
бостириб бормайди рақиб томонга
жилови тортилган отининг
тўра ёки фил қуригандай
рақиби
уни ютиб олар пиёда билан…

…қўшни йўлакда
ўзи сотган қизлар номусин
бўйнига бармоқдай йўғон бир занжир
қилиб таққан
қўшмачи хотин
мижозларга севги пуллайди
қўл телефонда…

…бирдан олатасир бошланар
қайгадир ғойиб бўлар
севишганлар
ишқибозлар
қўшмачи хотин
ҳайкал қолиб кетар оёқлар остида
дарахтларни кесарлар бир-бир
арралаб мошинга ортарлар
ва олиб кетарлар қаерларгадир

…лекин севишганлар
ишқибозлар
қўшмачи хотинни
офтоб тиғидан асраган соя
оёқ тираб туриб олар
кетмайман дея
эргашмайди дарахтларга ҳам
хиёбонда қолади соя…

…шу-шу қоплаб ётар у ерни
қарғиш сингари
кесилган дарахтларнинг
ҳеч ким кеса олмаган
муштипар сояси
мунглиғ сояси
шаффофланиб
арвоҳланиб
фақат энди унда на севишганлар
на ишқибозлар
на қўшмачи хотин бор…

…уй эгасин қадам товушларидан
хонтахта уйғонар
алоқ-чалоқ тушлари
бўлиниб қолади
бензоарралар
дарахтларни бўлтаклагандай …

…уй эгаси хонтахтага мук тушиб
хонтахта сценарий ёза бошлайди
севишганлар ҳақида
қўшмачи хотин ҳам бўлар эҳтимол
сценарийда
лекин ҳайкалнинг
қўлма-қўл бўлганин ёзишга қўрқар
хонтахта шивирлаб турса ҳам гарчанд…

зимма
(мажҳул)

тиз чўкилмайди
бўйин эгилмайди
фақат
бўйинсунилар

исталса нишон
исталса лаънат тавқи
исталса сиртмоқ
осилар бўйинга

оғир кун
суггестия тажрибаси

оғир кунингни
тарози палласининг
тош босмаётган
адолат ёғига ташлагин

газета устига бостиргин уни
сўзни бостир оғир кун билан
вазни йўқ сўзни
тўзғитмасин вентилятор
шамоллар
қўзғалдоқдай гарди ёмон ғози йўқ сўзнинг
қичима тоширар ё баданингга
дамқисма қилар
ҳавони тўлдирган сўзларнинг чанги

3D принтерда
оғир кундан ўзинг истаган кунни
ясаб олмоқ учун асраб қўй
анор пўстлоғи
исфарак гули
ёки индиго қўшиб
бўёқ танлагин
келгуси кунларни бўяб олмоққа
истаган рангга

оғир кунингни
ҳечқурса лойдай пишитиб
ўғлига мўғолда уй қураётган
зибо чўпоннинг
пахса деворига ишлатиб юбор

қисмат

сўзликдаги зиндонбанд сўзларни
бир бир териб олиб
чангларин пуфлаб
тўн енги билан артиб
тозартиб
қумқоғоз билан ишқаб
зангларини тўкиб
порлатиб
туйғулардан қанот боғлаб эгнига
эркка қўйиб юбормоқдир
шоирлик

бироқ
сўз учмаса
қанотлари гуноҳ ёмғири тегиб
ивиб қолган фариштадай
қунишиб ўтирса
сўзлик четида

бу ҳам етмагандай
сичқонга айланиб сен тозартган сўз
кемира бошласа сўзлик варақларини
териб еса сўзликдан
сен озод этмоқчи бўлган сўзларни

ҳиндлар айтмоқчи
дарёлар ўз сувин ичмаса ҳамки
дарахтлар ўз мевасин емаса ҳамки
сўз сўзни еса
ҳатто шоирни ҳам еса ўша сўз

ғаввос

сувга шўнғиётиб
умид
истак
ғурур
барини
ечиб қолдиради қирғоқда
ғаввос

фақат лунгидай
ечмас ватанига муҳаббатини

уят жойларини беркитиб турар
ватанга муҳаббати

сезим

сезим
алдамайди
башорат эмас

сезим
келгуси кунларнинг элас шарпаси

сезим
кўнгил ойнаси
унда тинмай жилваланади
муқаррар ҳисларнинг
акси
ҳовурдай

сезим
юксакларга ўрлаб боради буғдай
эртанги кунга
ёғмоқ учун нимадир бўлиб

шаҳар тонги

шаҳидлар хиёбонида
тонг отиб келмоқда

бу ерда
тонг ёришмас
фақат отади

отаётган тонг
туннинг зулматидан
телеминора йўнар
ҳайкалтарошдай
дарахтларни ясаб ташлар бирма бир
қатор

ва қуш ясаб шаҳидларнинг арвоҳидан
дарахтларга қўйиб юборар
чирқиллатар қушчаларни
улар тонг ва қуёшни уйғотар

тайёр бўлган оламга
қуёш эниб келар телеминора
ва дарахтлар учидан тик
бўзсувдан юзини чайиб олмоққа

бир одам

бир одам
бахтли қила олар битта аёлни
ҳечқурса

бир одам
қирқта бўлса қилиғи бошқа
болага ота бўлар
нари борса

бир одам
қурбон қилиши мумкин ватанга
битта жонини
ундан ҳам ўтса

лекин
бир одам
сотиб юбориши мумкин
ғорат қилиши мумкин
бутун бошли ватанни

кетиш

йўлаклар ёқалаб кетмоқда
дарахтлар
ифторга айтилган чоллардай қатор
ёзнинг қоқ чилласида

ковушини пойгакка ечиб
хонақоҳга кирган қаландар мисол
илдизини ташлаб сарпойчан
кетиб борар

йўл бўлсин демас биров
йўли бўлмай қолган дарахтлар
кетиб борар
бошини олиб

хиёбоннинг панжарали тўсиқларидан
ошиб ўтади сакраб
чиқиб олар юкмошинларга
миршабдан қочган мардикорлардай

гадонинг тўрваси янглиғ
ҳувиллаб қолади хиёбон

054

Faxriyor
YANGI SHE’RLAR
09

044Faxriyor (Faxriddin Nizomov) 1963 yilda Samarqand (hozirgi Navoiy) viloyati, Xatirchi tumanidagi Sangijumon qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetini tugatgan (1988). «Dardning shakli» (1987), «Ayolg’u» (2000), «Geometrik bahor» (2004) she’riy to’plamlari, «Yangilanish an’analari» (1988) publitsistik maqolalar to’plami nashr etilgan. Uning tarjimasida T. Uinter (Abdulhakim Murod)ning «21-asrda islom: postmodern dunyoda qiblani topish» (2001) diniy-falsafiy kitobi nashr etilgan.

09

bozingar

tushlarni oqizoq qilar anhorda

jevak qilib ilar teleminorani
moshini kalitiga
yoki selfi tayoq qilib o’ynar rasmga
tushmoq uchun dabldekker yonida

uchoqlarni dumidan tutib
qo’yib yuboradi o’tloqqa
ninachi qilib

angishvona qilib o’ynar gumbazlarni
ostiga saroy yo
biror haykalni qo’yib

ucell bilan beelinening
arqog’i bo’sh to’lqinlaridan
puli kuygan obunachilarga
dokasimon yaktak to’qib berar
jaziramada

isloh kalimasidan
saqich yasab vafo attorning
eshak aravasida
bolalarga bepul tarqatib yurar

bahor osmonidan bulutlarni
bir bir yirtib olib
maktab yonidagi qo’shkda
paxtaqand qilib pullar
ustiga shakar sepib

daydi shamolni
qo’yib yuboradi shahar ko’chalariga
o’ynab xumoridan chiqsin deb
yirtib shioru afishalarni

yozni chillaga solar

muxoliflarga
qush tilidan saboq berar kun uzunasi
o’rganolmay qolganlarini
lo’li xotinlarga kaltaklatadi

shumlanib qolmasligi uchun raiyat
qora mushuklarni birma bir tutib
bo’yab chiqar
feruza rangga

bir tiyinga olmas maqolni
bozorga tegar
poltergeyst kabi
o’t qo’yadi oldinma keyin

haqiqatni
gazet jurnallardan bitta qoldirmay
yig’ib olar va
qo’shnilarga pullar ulgurji

yo’ldan urar xiyobonlarni
yechintirar shir yalang’och
so’ngra qaramay
tashlab ketadi

minora soatni klonlab qo’yar

varaqlab o’qiydi bitta nusxada
chop qilingan
kim yozgani noma’lum
o’zbekiston mehmonxonasin

odam ekar ekinzorlarga
odam o’rniga yaydoq xiyobonlarda
archalar yurar daydib
tilanchilik qilib
bir bir kirib chiqar mahalladagi
hovlilarga ham
pul bergan kim
bo’z bergan kim
qand qurs bergan kim

ko’priklarni daryo ustidan
yo’l ustidan haklatar

yulduz sig’may
cho’kayotgan osmonga
tirab qo’yar masjid minoralarin

aqchadonday
oyni ro’za tutilgan
kunlar savobi bilan to’ldirib borar

xontaxta she’r

…tik oyoqda uxlar xontaxta
qo’shdan horib chiqqan qirchang’idayin
oyoqlari zirqillar
begona daraxtdan yo’nilgan oyoqlar…

…endi u
yukoyoqlik qilar xotiralarga…

…xontaxta tush ko’radi…

…tushlariga kiradi
xiyobonda daraxt ko’lankasida
suyishib o’tirgan yigit bilan qiz…

…sal nariroqda
haykal shohsupasi bo’m-bo’sh turibdi
shaxmat o’ynayotgan bitta ishqiboz
yo’qolgan ot o’rniga
gugurt qutisi hammas
nos shisha hammas
haykal qo’yib o’ynaydi
oldingi shashti yo’q haykalning
bostirib bormaydi raqib tomonga
jilovi tortilgan otining
to’ra yoki fil quriganday
raqibi
uni yutib olar piyoda bilan…

…qo’shni yo’lakda
o’zi sotgan qizlar nomusin
bo’yniga barmoqday yo’g’on bir zanjir
qilib taqqan
qo’shmachi xotin
mijozlarga sevgi pullaydi
qo’l telefonda…

…birdan olatasir boshlanar
qaygadir g’oyib bo’lar
sevishganlar
ishqibozlar
qo’shmachi xotin
haykal qolib ketar oyoqlar ostida
daraxtlarni kesarlar bir-bir
arralab moshinga ortarlar
va olib ketarlar qaerlargadir

…lekin sevishganlar
ishqibozlar
qo’shmachi xotinni
oftob tig’idan asragan soya
oyoq tirab turib olar
ketmayman deya
ergashmaydi daraxtlarga ham
xiyobonda qoladi soya…

…shu-shu qoplab yotar u yerni
qarg’ish singari
kesilgan daraxtlarning
hech kim kesa olmagan
mushtipar soyasi
munglig’ soyasi
shaffoflanib
arvohlanib
faqat endi unda na sevishganlar
na ishqibozlar
na qo’shmachi xotin bor…

…uy egasin qadam tovushlaridan
xontaxta uyg’onar
aloq-chaloq tushlari
bo’linib qoladi
benzoarralar
daraxtlarni bo’ltaklaganday …

…uy egasi xontaxtaga muk tushib
xontaxta stsenariy yoza boshlaydi
sevishganlar haqida
qo’shmachi xotin ham bo’lar ehtimol
stsenariyda
lekin haykalning
qo’lma-qo’l bo’lganin yozishga qo’rqar
xontaxta shivirlab tursa ham garchand…

zimma
(majhul)

tiz cho’kilmaydi
bo’yin egilmaydi
faqat
bo’yinsunilar

istalsa nishon
istalsa la’nat tavqi
istalsa sirtmoq
osilar bo’yinga

og’ir kun
suggestiya tajribasi

og’ir kuningni
tarozi pallasining
tosh bosmayotgan
adolat yog’iga tashlagin

gazeta ustiga bostirgin uni
so’zni bostir og’ir kun bilan
vazni yo’q so’zni
to’zg’itmasin ventilyator
shamollar
qo’zg’aldoqday gardi yomon g’ozi yo’q so’zning
qichima toshirar yo badaningga
damqisma qilar
havoni to’ldirgan so’zlarning changi

3D printerda
og’ir kundan o’zing istagan kunni
yasab olmoq uchun asrab qo’y
anor po’stlog’i
isfarak guli
yoki indigo qo’shib
bo’yoq tanlagin
kelgusi kunlarni bo’yab olmoqqa
istagan rangga

og’ir kuningni
hechqursa loyday pishitib
o’g’liga mo’g’olda uy qurayotgan
zibo cho’ponning
paxsa devoriga ishlatib yubor

qismat

so’zlikdagi zindonband so’zlarni
bir bir terib olib
changlarin puflab
to’n yengi bilan artib
tozartib
qumqog’oz bilan ishqab
zanglarini to’kib
porlatib
tuyg’ulardan qanot bog’lab egniga
erkka qo’yib yubormoqdir
shoirlik

biroq
so’z uchmasa
qanotlari gunoh yomg’iri tegib
ivib qolgan farishtaday
qunishib o’tirsa
so’zlik chetida

bu ham yetmaganday
sichqonga aylanib sen tozartgan so’z
kemira boshlasa so’zlik varaqlarini
terib yesa so’zlikdan
sen ozod etmoqchi bo’lgan so’zlarni

hindlar aytmoqchi
daryolar o’z suvin ichmasa hamki
daraxtlar o’z mevasin yemasa hamki
so’z so’zni yesa
hatto shoirni ham yesa o’sha so’z

g’avvos

suvga sho’ng’iyotib
umid
istak
g’urur
barini
yechib qoldiradi qirg’oqda
g’avvos

faqat lungiday
yechmas vataniga muhabbatini

uyat joylarini berkitib turar
vatanga muhabbati

sezim

sezim
aldamaydi
bashorat emas

sezim
kelgusi kunlarning elas sharpasi

sezim
ko’ngil oynasi
unda tinmay jilvalanadi
muqarrar hislarning
aksi
hovurday

sezim
yuksaklarga o’rlab boradi bug’day
ertangi kunga
yog’moq uchun nimadir bo’lib

shahar tongi

shahidlar xiyobonida
tong otib kelmoqda

bu yerda
tong yorishmas
faqat otadi

otayotgan tong
tunning zulmatidan
teleminora yo’nar
haykaltaroshday
daraxtlarni yasab tashlar birma bir
qator

va qush yasab shahidlarning arvohidan
daraxtlarga qo’yib yuborar
chirqillatar qushchalarni
ular tong va quyoshni uyg’otar

tayyor bo’lgan olamga
quyosh enib kelar teleminora
va daraxtlar uchidan tik
bo’zsuvdan yuzini chayib olmoqqa

bir odam

bir odam
baxtli qila olar bitta ayolni
hechqursa

bir odam
qirqta bo’lsa qilig’i boshqa
bolaga ota bo’lar
nari borsa

bir odam
qurbon qilishi mumkin vatanga
bitta jonini
undan ham o’tsa

lekin
bir odam
sotib yuborishi mumkin
g’orat qilishi mumkin
butun boshli vatanni

ketish

yo’laklar yoqalab ketmoqda
daraxtlar
iftorga aytilgan chollarday qator
yozning qoq chillasida

kovushini poygakka yechib
xonaqohga kirgan qalandar misol
ildizini tashlab sarpoychan
ketib borar

yo’l bo’lsin demas birov
yo’li bo’lmay qolgan daraxtlar
ketib borar
boshini olib

xiyobonning panjarali to’siqlaridan
oshib o’tadi sakrab
chiqib olar yukmoshinlarga
mirshabdan qochgan mardikorlarday

gadoning to’rvasi yanglig’
huvillab qoladi xiyobon

054

(Tashriflar: umumiy 1 865, bugungi 1)

Izoh qoldiring