Shoniyoz Doniyorov. Muxtoriyat qismati

Ashampoo_Snap_2016.09.27_22h26m30s_005_.png      99 йил аввал айни шу куни Туркистонда мухторият тузиш ғояси ўртага ташланган эди

Туркистонда мухторият тузиш ғояси, февраль инқилоби берган озодликдан сўнг пайдо бўлган эди. Бу фикр дастлаб 1917 йилнинг 12 ноябрида «Шўрои уламо» жамиятининг раҳбари Шерали Лапин раҳбарлигида Тошкентда бўлиб ўтган «Мусулмон жамоаларининг бирлашган йиғини»да расман ўртага ташланган.

Шониёз Дониёров
МУХТОРИЯТ ҚИСМАТИ
007

022Туркистонда мухторият тузиш ғояси, февраль инқилоби берган озодликдан сўнг пайдо бўлган эди. Бу фикр дастлаб 1917 йилнинг 12 ноябрида «Шўрои уламо» жамиятининг раҳбари Шерали Лапин раҳбарлигида Тошкентда бўлиб ўтган «Мусулмон жамоаларининг бирлашган йиғини»да расман ўртага ташланган. Бу таклифни миллий савдо буржуазияси, ўлкада эндигина шаклланаётган саноат буржуазияси вакиллари, демократик ўзгаришлар тарафдори бўлган мусулмон зиёлилари ва руҳонийлар билан бир қаторда қуйи меҳнаткаш табақа вакиллари ҳам қўллаб-қувватладилар.

1917 йилнинг 26—29 ноябрида Қўқонда Ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи чақирилади. Қурултой ноибларининг асосий қисмини эндигина тетапоя бўлаётган миллий савдо-саноат буржуазияси вакиллари ҳисобланмиш, янги дунё кўрган савдогарлар ва руҳонийлар ташкил этарди. Кўпчилик ноиблар мустақил демократик мусулмон давлатини тузиш, қўшни давлатлар билан сиёсий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурдилар. Ноиблар Туркистон жаҳон тараққиётидан узилиб қолганлигини тушуниб етган, тараққиётга тўсқинлик қилаётган ҳар қандай эски кучларни синдириш ва янги илғор унсурларнинг ривожланишига йўл очиш тарафдори эди. Очиқ овоз бериш йўли билан қурултой ҳайъатига Убайдулла Хўжаев, Мустафо Чўқаев, А. Маҳмудов, Юргули-Оғаев, Саломан Гердцфельд, И. С. Шоҳиаҳматов, Камолқори, Акаев, Кичкимбоев, Абдураҳмонбек Ўразаев, Пилиев, Каримбоев, М. Беҳбудий сайланди.

Съезд кун тартибига иккита масала қўйилади. Биринчи масала: «Туркистоннинг жануби-шарқий иттифоққа қўшилиши тўғрисида» бўлиб, делегатлар учун кутилмаганда пайдо бўлди ва анча мунозара туғдирди. Иккинчи масала: «Туркистон мухторияти тўғрисида» эди. 27 ноябрь куни эрталаб съезднинг очилишида шаҳар ҳокими қуйидагича фикр билдиради: «Туркистон мусулмонларининг IV Ўлка съездини чин қалбдан қутлайман ва съезд Туркистонга мумкин қадар кўпроқ фойда келтириб, Туркистон тарихида чуқурроқ из қолдиришини истайман… Шубҳасиз, Туркистонга эркин мухторият керак», деб таъкидлади. (Қаранг: П. Алексеенков. «Кокандская автономия», Тошкент, 1931 й., 21-бет.) Биринчи масала юзасидан ўтган баҳсларда депутатларнинг бир қисми иттифоққа киришни маъқулладилар.

Иқтисодий жиҳатдан иттифоққа кириш фойдали эди. Чунки ўлкага Шимолий Кавказ ва Оренбургдан дон маҳсулотлари келтириларди. Айни вақтда Туркистон ўз пахтасини уларга сотиши мумкин эди. Устига устак «Жануби-шарқий иттифоқ» ҳудуди аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қиларди, бу сабаблар иттифоққа киришни яқинлаштирса, иккинчи гуруҳдагилар Туркистоннинг яна мустамлака бўлиб қолишидан хавотирда эдилар. Бу гуруҳдагиларнинг фикрларидан мисоллар келтирамиз: «Казаклар азалдан самодержавиенинг суянчиғи бўлиб келган. Улар халқимизни қанчалар азоб-уқубатга дучор қилмади. Казаклар доимо инқилобга қарши чиққан. Ҳозир ҳам казаклар тепасида подшо тузумини қайта тикламоқчи бўлган Красновлар, Карауловлар, Келидинлар турибди-ку! Улар Олмония билан урушни ғалабагача давом эттирмоқчи, Истамбулни забт этиб Оқ-София черковини қайта тикламоқчи. Уларнинг биздан ёрдам сўраб мурожаат қилишига ягона сабаб — ўз мақсадлари йўлида фойдаланишдир. Биз улар билан бирлаша олмаймиз».

Съездда тартиб йўқола боради. Раислик қилувчи тажрибасизлиги туфайли тартиб ўрнатолмайди ва у қурултой мажлисини ёпиқ деб эълон қилишга мажбур бўлади. Жануби-шарқий иттифоққа кириш эса эртаси кунга қолдирилади. 27 ноябрь куни узоқ тортишувлардан сўнг бўлғувси давлатнинг иқтисодий ҳолатини ҳисобга олиб, иттифоққа кириш ҳақида қарор қабул қилади.

Съезд кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан мунозаралар съезднинг кечки мажлисида ва 28 ноябрь кунги эрталабки мажлисда давом эттирилди.

Бутунрусия Мусулмонлар Кенгаши МҚнинг аъзоси, депутат Убайдулла Хўжаев маърузасида қуйидагиларни қайд этди. «Русияда ҳозир ҳақиқий ҳукумат йўқ. Русия империяси музофотида ҳамма миллатлар большовойларга қарши курашга бел боғладилар. Бутунрусия таъсис мажлисининг чақирилишига ҳеч қандай умид йўқ…» Ва маърузачи зудлик билан Туркистонни мухторият бошқарувига ўтишга, депутатларни большовойларга қарши курашга чақирди».

Депутат С. Юсупов (Русиядаги воқеалар тўғрисида, айниқса, большовойларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, зўравонликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтгач)[1]. Туркистон мухторият ҳуқуқини олишга ҳозир тайёрми? Ва ўзи жавоб беради: албатта тайёр эмас, лекин бундан мухторият эълон қилишимиз керакмас деган хулосага бормаслик лозим. Озод яшашни хоҳлаймизми? Демак, Туркистонни мухтор жумҳурият деб эълон қилмоқ керак.

Депутат Содиқбоев: Большовойлар Туркистонни мухтор жумҳурият деб эълон этмас эканлар, унда мухтор жумҳурият деб эълон қилишимизга қаршилик кўрсатмасинлар. Оврўпаликлар бизнинг ички ишларимизга аралашмасинлар. Чунки ислом дини давлатни демократик тарзда бошқаришга қарши эмас-ку.

Депутат Аминхон Тўра: Туркистон 50 йилдан буён Русия ҳукумати қўли остида. Руслар босиб олгач, ерли аҳолининг диний, миллий суд ишларига дарров аралашмасада, аста-секин ўлка ҳаётининг ҳамма жабҳаларига қўл чўза бошладилар. Февраль инқилобидан сўнг Туркистон халқи озодликка эришдик, деб хурсанд бўлганди. Большовойлар ҳокимият тепасига келгандан сўнг зудлик билан мухторият эълон қилиш зарурати туғилди. Айтишларича, большовойлар уруш эълон қилармиш. Майли, лекин улар туркий мусулмонлар диний, миллий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қондан (ўлимдан ҳам — Ш. Д.) қўрқмаслигини унутмасинлар.

Съезд Туркистон тараққиётини белгилаб берувчи тарихий ҳужжатлар қабул қилди. Кабул қилинган қарорларда демократик кайфиятдаги мусулмон зиёлиларининг фикрлари ҳам ўз ифодасини топди.

005Муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз маърузасида съезднинг Туркистон халқлари тарихида улкан ижобий, тарихий ҳодиса ва бурилиш даври эканини таъкидлаб, «Съездимиз қабул қилаётган қарорлар шунинг учун ҳам аҳамиятлики, унда Туркистон аҳолисининг оврўпалик вакиллари ҳам иштирок этмоқдалар»[2], деди. М. Беҳбудий съезд раёсатида мусулмонлар билан бир қаторда насроний гуруҳларнинг делегатларидан ҳам вакиллар бўлишини ёқлаб чиқди. Уни вилоятдан келган депутатларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлади. Қўқонлик бир депутат М. Беҳбудий фикрини давом эттириб, қуйидагиларни қўшиб қўйди: «Биз съезд ҳайъатига вилоятлар бўйича эмас, балки қайси динга мансублиги ва миллий этник гуруҳларига қараб, кенг фикрли, билимли ва ишбилармон кишиларни сайлашимиз керак»[3]. Натижада демократик мусулмон зиёлилари талаби билан Туркистон аҳолисининг оврўпалик қисми вакиллари ҳам съездда тенг ҳуқуқли бўлиб иштирок этдилар.

1917 йилнинг 28 ноябрида, съезд қабул қилган резолюцияда қуйидагилар ўз аксини топди. «Съезд Туркистонда яшаётган халқлар иродасини ифода этиб, Буюк Русия инқилоби берган миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқиидан келиб чиқиб, Туркистонни Россия Федерацияси таркибидаги маъмурий мухтор жумҳурият деб эълон қилди. Мухторият ҳуқуқи Туркистон таъсис мажлисида қонунлаштирилди ва Туркистондаги камсонли миллатлар, элатлар ҳуқуқи ҳимоя қилинажаги тантанали равишда эълон этилди[4]. Тузилган ҳукумат ўз номини 28 ноябрь куни «ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ» деб атади. Бутунрусия таъсис мажлисида Туркистоннинг мухторият ҳуқуқи расман тан олиниши талаб қилинди.

Съезд Бутунрусия таъсис мажлисини чақириш, қабул қилинган қарорларга мувофиқ бутун ҳокимиятни тўлалигича «Вақтли Туркистон Шўроси» ва «Туркистон Халқ Бошқаруви» ихтиёрига беришни талаб этди. Бутунрусия таъсис мажлисига борадиган Туркистон Вақтли Шўросининг таркиби 32 депутатдан иборат эди. Депутатларнинг учдан бир қисмини оврўпаликлар ташкил этди. Чунки мухтор ҳукуматнинг юқори идораларида йирик этник гуруҳларнинг ўрни кафолатланган эди.

«Съездда делегатлар иқтисодий масалаларга ҳам алоҳида эътибор берди. Мухтор жумҳурият инглизлардан ҳарбий ёрдам билан бир қаторда иқтисодий ёрдам ҳам олажагини, жумладан ўлкада очлик ҳукм сураётган бир вақтда тайёрлов нархи бўйича нон харид қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан нон маҳсулотларини пахтага, жунга алмаштириш тўғрисида келишиб олинди»[5].

Бўлажак давлат мафкурасида ислом дини ғоялари ҳукмронлиги тан олинганди. «1917 йил сентябрь ойидаги «Ўлка мусулмонларининг Олий Кенгаши»да мусулмонлар ўз ҳуқуқини аниқлаш йўлида, умуминсоният тараққиётига етишишда Қуръон ва шариат қонунларида кўрсатилганидан бошқа тўғри йўл йўқ»[6], деб таъкидланганди. Съезд ўз ишини якунлаш арафасида қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи парламент аъзоларини сайлади ва яна бир карра Туркистон мухтор жумҳурият деб эълон қилинганини тантанали равишда такрорлади. Депутатлар бу сўзларни тик туриб тингладилар, худога шукроналик билдириб, «Қуръон» сураларидан тиловат қилдилар.

001

Қўқон шаҳрида эълон қилинган мухториятнинг миқёси кун сайин кенгая борди ва бутун Туркистонга ёйилиб, Туркистон мухториятига айланди.

Турли сиёсий оқимлар мухториятга турлича муносабатда бўлдилар. Ўлкадаги социал инқилобчилар, кадетлар (конституцион демократлар) ва ҳаттоки ҳарбий халқ бошқаруви ёки Губернатор канцеляриясининг чиновниклар ташкилоти ҳам уни Туркистондаги ягона қонуний ҳокимият эканлигини тан олдилар.

«Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил 19 январь сонида берилган хабарга қараганда, 1918 йилнинг 7—10 январида Қўқон шаҳрида Туркистон социал-инқилобчилар партиясининг II съезди бўлиб ўтади. Съездда Қўқон, Скобелев, Андижон, Марв, Самарқанд, Ашхобод, Қизил Арвот шаҳарлари ва нефть конларидан вакил бўлиб келган делегатлар қатнашадилар. Съездда Туркистон мухториятини ёқлаш ҳақида бир овоздан қарор қабул қилинади.

Мухториятни қўллаб-қувватлашга бағишланган намойишнинг энг каттаси 13 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Бунгача Туркистон ХКСининг ҳам, ҳукмрон партия маъмуриятининг ҳам Қўқон мухторияти ва Тошкентда ўтказиладиган байрам митингига муносабати унчалик аниқ эмасди. Шунга қарамасдан ТошСовет митинг ўтишига рухсат беради ҳамда шаҳарда тўла тартиб сақланишини шаҳар гарнизони бошлиғи Стасиков зиммасига юклайди. Аммо тинч ўтаётган намойишнинг қонли тугашига капитан Фролов бошлиқ шаҳар ҳарбий бўлинмаси сабаб туғдиради. Фроловчилар намойишчиларнинг қудратли тўлқинидан фойдаланиб, Туркистонни мустамлака ҳолида сақлаб қолмоқчи бўлган ва мусулмонлар билан насронийлар ўртасида жанжал чиқаришга устаси фаранг граф Г. Доррерни озод қилмоқчи бўлган эдилар. Қонли тўқнашувда намойишчилардан 15 киши, аскарлардан бир киши ўлдирилади.

…Ўн саккизинчи йилнинг қиши Қўқон учун ниҳоятда оғир келди. Қўқонда рўй бераётган воқеалар силсиласи бутун Туркистонни қамраб олди. Шаҳарда икки ҳокимиятчилик ҳукм сурарди. Қўқон Шўроси ва мухторият ҳукумати ўзларича бир-бирига зид қарорлар чиқарар ва ўзларича иш тутарди. Қўқонда бўлаётган воқеаларнинг асл моҳияти қуйи табақа вакиллари онгига сингиб улгурмаганди. Қўқон шаҳар Шўроси шаҳарнинг янги қисмида ҳокимлик қилиб, асосан темир йўл ва пахта заводларида ишлайдиган оврўпалик ишчиларга, шаҳар гарнизонига, Қўқон қалъасидаги (собиқ Қўқон хони Ўрдаси) подшо армиясининг ҳалича уй-уйларига тарқалиб улгурмаган аскарларига суянарди. Қалъада доимий яшаётган аскарлар сони бор-йўғи 16 киши эди. Подшо армиясининг қолган-қутган аскарлари қорин ташвиши билан Қўқон атрофида изғиб юрарди. Самарқандда эса (ҳозирги Хўжанд атрофида) жаҳон урушининг 8 мингдан ортиқ ҳарбий асирларини 8 та аскар қўриқларди. (Биринчи жаҳон урушининг 41 минг 285 та ҳарбий асири Туркистонда сақланарди[7].)

Шаҳар гарнизонидаги қуролларнинг бир қисми шаҳар думасининг қарори билан мухтор ҳукумат фойдасига мусодара қилинганди. Қалъадаги эгасиз ётган қуроллар ишчиларга тарқатилди. Ва қалъадаги қуролли кишилар сони 33 тага етказилди.

Февраль ойининг бошларида Қўқонда рўй бераётган воқеалар анча жиддий тус олган эди. 11—12 февралга ўтар кечаси бир гуруҳ номаълум кишилар қалъага бостириб кирдилар. 12 февраль куни қалъадагиларга Сазонов Тошкентдан олиб келган қуролларни тарқатди ва кечгача қалъа ҳимоячиларининг сони 400 кишига етказилди. 13 февраль куни эса қалъадагиларга Андижон ва Скобелевдан 120 та яхши қуролланган аскар, Перовскдан эса 80 та аскар ёрдамга келди. Уч-тўрт кун ичида қалъа ҳимоячиларининг сони 600 дан ошиб кетди.

Туркистон мухторияти илдизига қай тариқа болта уришни билолмаётган қизил гвардиячилар, ниҳоят ҳар хил миш-мишлардан усталик билан фойдаланади. Буни кир ниятли Сазоновнинг хотираларидан ҳам билса бўлади.

«Қўқон ҳукумати ва Қўқон воқеалари аста-секин жиддийлашиб, кучайиб борарди. Посетовскадаги съездга қадар, марказдан келган Ислом Шоҳиаҳматов Туркистон мухториятининг имкониятлари ҳақида оташин нутқ сўзлади.

…Мухтор ҳукумат Советлардан мусулмон делегатларини чақириб олди (улар Советларда кўпчиликни ташкил қиларди) ва улардан, жангчи ҳамда деҳқонлардан иборат парламент яратди. Бойлар қуролланаётган эмиш, мухтор ҳукумат қандайдир жангга тайёрланаётганмиш, аллақаерлардан қуроллар олаётганмиш деган узун-қулоқ гаплар юрарди. Ҳақиқатан ҳам маҳаллий бойлар ва аҳолининг бадавлат қатлами банклардан пулларини олардилар. Темир йўлчиларимиз мухтор ҳукумат номига келаётган юкни текшириб қурол-яроғ топган эмиш, деган гаплар кулоққа чалиниб турарди. Вақт ўтган сари бундай гаплар кўпаяверди. Қўқон ҳукумати Советларсиз буйруқлар чиқара бошлади. Туркистон халқлари бу буйруқларга сўзсиз итоат этиши ҳақида овозалар тарқатдилар. Шундай қилиб, Қўқон ҳукумати Совет ҳукуматининг обрўйига путур етказа бошлади.

Ўлкада шундайин нозик аҳвол ҳукм сураётган бир вақтда, аввалига Ашхободда темирйўлчиларнинг III съездига, сўнгра Тошкентда Советларнинг съездида иштирок этишимга тўғри келди.

Съезд ўтаётган вақтда, Қўқон Советининг раиси Бабушкин топшириғи билан келган 2 аскар мен билан учрашди ва Тошкентдан қуролли ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтиб, Қўқон мухтор ҳукумати ҳужумга тайёрланаётгани тўғрисидаги номани менга топширди. Агар Тошкентдан ёрдам юборилмаса Бабушкиннинг ўзи Тошкентга келиши мактубда таъкидланган эди. Мен аҳвол тўғрисида Тоболинни воқиф этдим. Тоболин Қўқондан келган аскарларни қабул қилди. Қалъа доруғаси (коменданти) Якименкони чақирди ва бизларга 300 та милтиқ, пулемёт ва бошқа қурол-яроғ беришга рози бўлди.

Мен Қўқонга қуролларни сездирмасдан олиб бориб Мешенковга топширишни маслаҳат бердим, чунки Қўқон қалъасининг доруғаси Зинченко ишончсиз киши эди.

Ўзимни ростлаб олдим ва уч кундан кейин Қўқонга жўнадим. Қўқонга кириб боришимиз арафасида паровозчилар бригадасида маъруза қилдим. Гўё шаҳарда осойишталик ҳукм сурарди. Қўшниларимизнинг айтишларига қараганда, тунда шаҳарда отишма бўлганмиш. Мен воқеани билиш учун станцияга бордим. Станцияда темирйўлчилар билан Коновалов ва Рилов бирга экан. Бабушкин тунда мухториятчилар рус зобитлари бошчилигида уларга қандай ҳужум қилганини сўзлаб берди… Қисқагина бўлиб ўтган отишмада қатнашишга тўғри келди. Қизил гвардиячи соқчилардан бирига ўқ тегиб нобуд бўлди. Бабушкин хотини билан панароқ жойга яшириндилар. Кўчада гўёки, ҳаммаёқ жимжит, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Шаҳар телефон станцияси ишламаётганди. Отишмани ким бошлаганини аниқламоқ зарур эди. Темирйўлчилар менга ва Николаенкога (партиясиз) мажлисга қатнашиш учун мандат беришди.

Биз шаҳар телефон станцияси томон жўнадик. Телефон хизматчиларининг деярли ҳаммаси жой-жойида, янги шаҳар алоқа тармоғи ажратилган. Мен алоқачи аёлга «Эски шаҳарни узиб, Янги шаҳарни уланг», деб буйруқ бердим. Алоқачи аёл эса бизга иккиланиб, Янги шаҳарни қўшолмаслигини айтди. Маълум бўлишича, кечаси рус зобити бошчилигида бир қисм келиб, Янги шаҳарни узиб, Эски шаҳарни узмасликни буюриб кетибди. Зобитларнинг ўзаро телефондаги суҳбатидан уларнинг бири имом билан қалъа томон жўнаётганини, иккинчиси эса телефон станциясида эрталабгача навбатчилик қилишни зиммасига олганини англадим. Улар 73-рақамга телефон қилишни келишиб олишди. Бу Қўқон мухторияти ҳукуматининг телефон рақами экан.

Энди ҳаммаси тушунарли бўлди. Қўқон ҳукумати ҳужум тараддудида. Мен телефончи жувонга: «Эски шаҳарни узиб, Янги шаҳарни уланг», деб буйруқ бердим. Ва 73-рақамга қўнғироқ қилиб ҳукумат аъзоларидан бирортаси борми, деб сўрадим, аксига олиб ҳеч ким йўқ экан. Телефонда гаплашган кишига ҳукумат аъзоларининг бирортаси билан соат 4 ларда гаплашмоқчи эканимни айтдим.

Қалъага кириб борганимизда бир неча марта ҳужум қилиб, уни анчагина вайрон қилган эканлар. Қалъа доруғасини бизга нисбатан хоинлик қилган учун қамаб қўйибди. Темирйўл станциясидан туриб, Бабушкин нома юборибди. Унда «Зигель, Чўқаев ва унинг котибини қамоққа олинглар», деб ёзилган экан. Иккала қизил гвардиячи аскар билан бирга уларни қамоққа олиш учун жўнадим. Зигель ҳам, Чўқаев ҳам уйларида йўқ экан. Уйларини роса тинтув қилдик. Котибини уйидан топдик ва уни қалъага олиб келдик. У бизга мухтор ҳукумат аъзоларининг рўйхатини ва рус зобитларининг исм шарифларини айтиб берди.

Телефон станциясида қолган Николаенкога 12 кишини ёрдамга юбордим. Телефонда келишиб олганимиздай соат 4 ларда экипаж келди. Мен ва Николаенко жин кўча бўйлаб йўлга чиқдик. Бизнинг йўлдошимиз мусулмон бўлиб, Шўроларнинг собиқ аъзоларидан экан. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб келдик. Унинг айтишича, мухтор ҳукуматнинг ихтиёрида қурол-яроғ ва одамлари жуда кўп бўлиб, уларни шаҳарда нафақат сартлар ва қирғизлар, балки, тожиклар, форслар, лазгинлар ҳам қўллаб-қувватлаётган экан.

Қўқон мухтор ҳукумати Эски шаҳардаги оврўпача услубда қурилган энг катта уйда, собиқ «Проводник» фирмасининг биносида жойлашган эди.

07 Бизни М. Чўқаев юзида илиқ табассум билан кутиб олди ва дастурхонга, чойга таклиф қилди. Умуман меҳмонга бўлгандай муносабатда бўлди. Сўнгра кимлигимизни ва нима учун келганимизни суриштирди. Биз унга кечаси рўй берган воқеани айтиб берганимизда, унинг ранги оқариб тутақиб кетди ва ёрдамчисини чақириб, унга баланд овозда: «Мен ҳукумат бошлиғиман, менинг рухсатимсиз нималар бўляпти? Ахир бизнинг Шўро ҳукумати билан тинч-тотув яшаш тўғрисида қабул қилган қароримиз борку!» деб бақирди. Шу вақт мен гапга аралашдим: «Келишиш кеч эмас, рўй берган воқеани текшириш ўз йўли билан, яхшиси музокарани давом эттирамиз. Келинглар, сизлар нимани талаб қилсангиз, бизлар ёзиб оламиз. Кўриниб турибдики, сизлар монархист эмас, озодлик тарафдорисизлар». Шунда М. Чўқаев: «Озодликни сизлардай қўллаш бизга тўғри келмайди, тўғри, сизнинг миллатингиз маданиятли, сизларнинг бунақанги озодликларингизга бизнинг мусулмон халқимиз чўкиб кетади», деди… Николаенко котиб сифатида талаб бандларини ёзиб ола бошлади. Жумладан, 7-бандда «Суд юритиш ва ҳуқуқий норма қоидалари Шариатга асосланиб, ер масаласи ўз ҳолича қолдирилсин, аёлларнинг юзи очилмасин, одатдагидай эрига тобе ҳолда қолдирилсин ва ҳоказолар», дейилганди. Сўнгра у Қўқонда оврўпаликларнинг фақатгина маданиятли қатламини, яъни, темирйўлчилар, телеграфчилар ва бошқаларни қолдириш таклифини киритди. Уларга катта маош тўлашга ваъда ҳам берди.

Шунда Юсуф Давидов киборлик билан: «Бу ерда нима қиласизлар», деди. Бундан Чўқаев ҳаяжонланиб: «Ҳукумат бошлиғи менман-ку! Биз Шўролар ҳукумати олдига ўз талабларимизни қўйиб, улар билан келишиб оламиз», деди. Юсуф Давидов яна: «Қўйсангиз-чи!» деб Чўқаевнинг гапини бўлди. «Биз бу шартларни тан олмаймиз», деди ва Николаенкодан: «Сиз ким бўласиз?» деб сўради. Мен унга мандатимни кўрсатдим. «Мен ҳам расмий шахсман ва расмий равишда айтаманки, сизлар билан келиша олмаймиз. Мен унга биродаркуш бўлиши аниқ экан-да, дедим. «Катта кетманг, сизлар билан ва сизларнинг халқингиз билан ҳисоб-китоб қилишга бизнинг кучимиз етади», деди Ю. Давидов.

Нима ҳам қилардик. Биз келишолмай қуруқ қайтдик. Мен қалъадагиларни огоҳлантириш учун у ёққа бордим. Кейин янги Ревкомга (инқилобий қўмита) музокара якунлари тўғрисида ҳисобот бердим. Темирйўлчилар билан умумий йиғилиш ўтказдик ва Ревком аъзоларини сайладик. Ревком аъзолигига Коновалов, Рилов, Николаенко ва мен сайландим. Уларнинг кўпчилиги ҳарбий эмас, ҳарб ишига уқувсизроқ эди. Менинг мажлис аҳлига берган ҳисоботимдан сўнг кўпчилик жанг қиламиз, деган фикрни олдинга сурди. Эс-ҳушни жойга қўйиб, шошмасдан иш қилиш керак эди. Қурол-яроғлар бизда жуда кам, бор-йўғи 50 кишида бор, холос. Гарнизонда 38 кишимиз, шаҳар ташқарисида 8 минг чехословак ҳарбий асирлари бор… Ким билади, уларнинг қайси томонда туриб жанг қилишини. Эски шаҳар бизга нотаниш. Бунинг устига ҳарбийлар орамизда жуда камчилик. Демак, уришишдан фойда йўқ. Қалъани мудофаага тайёрлаш, Тошкент ва Скобелевдан мадад кутишга қарор қилдик.

Хоҳлаймизми, йўқми, биз шундай йўл тутишга мажбур эдик. Бир кишини навбатчиликда қолдириб, қолганларимиз мудофаа ишлари билан овора бўлдик. Кечаси соат 3 ларда Месхи мени уйғотиб: «Йўл берди, Осипов келяпти», деди… Янги сайланган ревком раиси Тошкентга, Колесовга ўзининг сайланганлигини ва Қўқонда бўлаётган воқеалар тўғрисида телеграмма берди.

Поезд етиб келди. Мен уларга чой, нон ҳозирлаб қўйгандим. Аскарлар шовқин кўтариб: «Биз сартларни тинчитиб қўямиз!», деб ҳовлиқиб кириб келдилар. Осипов билан унинг қисм замбаракчиси Пономарёв ҳам келган экан. Яхши қуролланган 120 киши ёрдамга келишди. (К. Осипов Скобелевдан 4 замбарак, 5 пулемёт билан келади. У Скобелев ҳарбий дружинасининг командири эди — Ш. Д.) Мен Осипов билан келишиб олдим. Қурол-яроғларни сездирмасдан қалъага жойлаштирдик. Осиповнинг талаби билан ревком қалъанинг доимий вакили сифатида мени ва Николаенкони унинг ихтиёрига берди. Қалъага ёрдам бериш учун Удалов, Беленко, Шишков, Вершининлар ҳам келишди. Бизга Осипов қўмондонлик қилди. Артиллериячиларга Пономарёв бош бўлди.

…Биз мажлис ўтказдик ва Қўқон ҳукуматига қуйидаги мазмунда кескин талабнома беришни келишиб олдик:

Эртага кундуз соат учгача қурол-яроғларни Воскресенский майдонига олиб келиб топширсин;
Мухтор ҳукумат таслим бўлсин ва Шўро ҳукумати тан олинсин, — деган талаблар бор эди.

Шундай қалтис вазиятда темирйўлчилар орасида интизом бўшлиги сезилиб қолди. Улар гоҳ ревком буйруғини бажармасди, гоҳо маст-аласт бўлиб дайдиб юрарди. Темирйўлчилар йиғилиш ўтказдилар. Мажлисда мудофаамизнинг нозик томонлари тўғрисида гап-сўзлар бўлди. Хўжанд томондан ҳужум хавфи борлиги сабабли, Хўжанд кўпригини портлатиш ёки портлатмаслик масаласи кўрилди. Агар кўприк портлатилса, Тошкентдан бизга нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари келмай қоларди. Бу масалада баҳс анча қизиди. Николаенко кўприкни портлатмасликни қаттиқ туриб талаб қилди. Биз уни Ревком таркибидан чиқардик ва Чаплигинни сайладик. Ревком қаттиқ туриб шундай буйруқ берди. «Хўжанд кўприги портлатилсин, қаршилик кўрсатганлар отиб ташлансин!»

Эртасига Биленко ва мен талабномани топширгани бордик. Бизни яна Чўқаев илиқ кутиб олди, дастурхонга таклиф қилиб чой узатди. Биз албатта рад этдик ва унга хатжилдни бердик. У хатжилдни очиб ўқиди ва бошқа нозирларга узатди. Менимча, унинг ёлғиз ўзи бундай саволларни ҳал этишга ваколати йўқ экан.

Биргаликда соатларимизни тўғриладик ва вақтни белгилаб орқага қайтдик. Чўқаев яна бизни эҳтиром билан кузатиб қўйди ва ярим йўлгача соқчи ҳам берди. Соат 3, шаҳарда жимжитлик, ҳеч ким Воскресенский майдонига келиб қуролини ташламаяпти. Фақат алла айтаётган аёлнинг овози элас-элас қулоққа чалинади. Соат 3 яримларда «Проводник» томон замбаракдан бир неча марта ўқ уздик. Шаҳарни вайрон қилмасликка қарор қилдик ва ҳукуматнинг яна бир кун ўйлаб кўриши учун муҳлат бердик.

Қалъадаги соқчиларнинг сонини кўпайтириб, уларни сергакликка чақирдик. Умуман, Осипов ҳарбий ишларни яхши йўлга қўйди. Эрталаб Осипов ҳарбий кучларимизни уч гуруҳга бўлди ва 40 кишини ўзи билан бирга олиб, Эски шаҳарга мухтор ҳукумат вакилларини қамоққа олиш учун йўл олди. Иккинчи гуруҳ эса ҳар эҳтимолга қарши қалъани қўриқлаш учун қолди.

Қалъа мудофаачиларини асосан темирйўлчилар ва арман дашноқлари ташкил қиларди. Кейинроқ айтишларича, айрим уйлардан тартибсиз ўқ отилганини ҳисобга олмаганда, бўлинмамиз шаҳарга эмин-эркин кириб борибди. Бизникилар ҳам ўша уйларга қарата ўқ узибди ва кичкина қуролланган тўда билан тўқнашибди. Аскарларнинг айтишича, бу жангда форслар алоҳида намуна кўрсатганмиш. Улар билан бўлган биринчи тўқнашувда 5 киши ярадор қилинибди, иккинчи тўқнашувда бир киши ўлдирилиб, 2 киши жароҳатланибди.

Бўлинмамиз анча вақт ҳаяллаб қолди. Қоронғу туша бошлади, улардан эса ҳамон дарак йўқ. Телефон станциясидан «Биз томонга мусулмон отряди келяпти, нима қилайлик?» деб шошилинч телефон қилдилар. Мен уларга «Электрни ажратиб, ҳамманг уй-уйларингга тарқалинглар», деб буйруқ бердим.

Монтёр станциядан зарур иш қуроллари билан ёнимизга етиб келди ва қалъани станция билан қайта улади.

Қош қорайганда отрядимиз ҳорғин ҳолда қайтиб келди. Мухтор ҳукумат ими-жимида, сездирмасдан жойини алмаштирган экан. Очиқ ҳужум қилишимиз учун ҳали кучимиз кам эди. Ҳужум уюштирмасликка келишдик. Қалъа мудофаачилари эса анча чарчаган эди.

Иккинчи куни иккала томон ҳам тинчиб қолди. Айғоқчиларимиз уларнинг айғоқчисини тутиб олибди. Уни сўроқ қилганимизда: «Сизларнинг қуролларингиз оз. Биламан, мени отиб ташлайсизлар, лекин бизникилар сизни полкингиз билан қириб ташлайди», деб жавоб берди… Қалъанинг собиқ доруғаси Зинченко Тошкентдан ёрдам келишини билмасди, хоинлиги туфайли уни ертўлага қамаб қўйгандик. Мусулмонлар тунда қалъа ва станцияга бир вақтда ҳужум қилишга уриниб кўрдилар. 10 минглар атрофида қуролсиз оломон оқ кийимда қалъа томон ёпирилиб кела бошлади. Уларни орқасидан қуролланган форслар қувиб келаётганди. Ярим соатлардан кейин бу ҳолат яна такрорланди. Ҳужумни қалъа мудофаачилари қайтардилар. Оралиқдаги Пугас кўчасида 30 оврўпаликни мусулмонлар бўғизлаб ўлдирибди. Қалъага энг яқин бўлган Верёвкин станциясидан ёрдам сўрадик. Тезда 80 кишидан иборат Перовский бошчилигида қисм етиб келди.

Қўқон ҳукумати очиқ жангда енголмасликларига кўзи етиб, бошқача йўл тута бошлади. Бизга делегация юбориб таслим бўлишни таклиф этишди: «Бизнинг кучимиз ҳам, қуролимиз ҳам кўп. Казаклар бизга ёрдамга келаяпти. Сизларни қириб ташлашни ҳам, қон тўкилишини ҳам хоҳламаяпмиз». Албатта, биз таклифни рад этдик.

Қўқон ҳукумати яна делегация юбориб: «Таслим бўлинглар, мухторият таркибида энди уламо ва бойлар йўқ», деб айтишди. Музокара кетаётган бир вақтда соқчи аскарлардан бири югуриб келиб, «қалъага ҳужум қилишяпти», деб қичқирди. Улар бизни чалғитиб, айёрлик қилган эканлар. Имкониятдан фойдаланиб, яқинимиздаги бинони керосин қуйиб ёқиб юбордилар. Шамол қора тутунни биз томонга ҳайдай бошлади, тутун орасидан 40 га яқин киши яшириниб ҳужумга ўтди. Оқ байроқ кўтарган турк зобити кийимидаги бир неча киши шамолдек учиб келарди. Соқчилар уларни отишга улгурдилар. Ҳужум қайтарилгандан кейин ўлган зобитни тинтиб кўрсак, ёнидан катта портлатиш қувватига эга бўлган 2 бомба топилди. Маълум бўлишича, унга қалъа дарвозасини портлатиш топширилган экан. Дарвоза очилгач, асосий пиёда қисмлар қалъага ёриб кириши кўзда тутилганини англадик.

Мусулмонларнинг яна бир айғоқчисини тутиб олиб сўроқ қилдик. Унинг айтишича, М. Чанишевнинг ўзи, тунда қалъага ҳужум бошлаш учун арқондан нарвон ясаб 400 тача кишини тайёрлаётган экан. Тунда ростдан ҳам ҳужум бўлди. Биз уни қайтардик.

Улар беш мартача делегация юборди. Мухториятчилар қуролини ташлаб Шўро ҳокимиятини тан олмаса, музокара олиб боришдан бош тортишимизни айтдик. Шунда улар станцияга, ревкомга мурожаат қилибди ва ҳарбий ишда уқувсиз темирйўлчилар билан келишиб олибдилар. Келишувга биноат, «кечаси соат 12 ларда Ўрдадаги (қалъадаги) қўнғироқ чалинганда, мусулмонлар қалъага кириб намозимизни ўқиб, кейин таслим бўламиз», деб айтибдилар. Осипов ва мен уларнинг бу таклифини рад этдик.

…Оқ халат кийган мусулмонлар тўдаси қалъа томон ёпирилиб келарди. Улар йўл-йўлакай биноларга ўт қўйиб, ҳаммаёқни тутунга ботирарди. Мен дашноқлар ёрдамида уларнинг ҳужумини яна бир бор қайтардим. Бунақанги ҳужумлардан биз ҳаддан ташқари чарчадик. Қалъада озиқ-овқат етишмовчилиги ҳам сезила бошлади.

Кейинги кун мухториятчилар яна музокара олиб боришни, ярашишни таклиф қилишди. Улар тузган делегация таркибининг тенг ярмини оврўпаликлар, қолганини ерли халқ вакиллари ташкил этарди. Биз яна музокара олиб боришга рози бўлдик. Чунки Тошкентдан ёрдам кутаётган эдик. Музокаралар «Рус-Осиё» банки биносида ўтказилди. Ярашиш битимини ўтказишга келишиб олдик. Лекин мухториятчилар Янги шаҳарга ўқ узишдан ўзини тия олмади. Музокараларни қалъага яқинроқ жойда ўтказилишини қаттиқ туриб талаб қилдик ва бунга эришдик ҳам. Музокаралар давомида мухтор ҳукумат томонидан, кўринишидан оврўпалик зобитлардан бўлса керак, рус тилида эркин гапирарди. У «ҳамма гап ҳарбий гуруҳда, шахсан Чанишев ерли халқ устидан диктатура ўрнатмоқчи. Чанишев ҳибсга олинмас экан, ҳеч қандай музокарадан наф чиқмайди. Яраш битими имзоланаётган бўлишидан қатъий назар, уларнинг ҳужум қилиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Агар шундай ҳолат рўй берса, бизнинг ҳаётимиз гаровга тикилиб қолиши мумкин», деди ва Чанишевни қўллаб-қувватловчилар орасида Шўро ҳукуматининг ашаддий душмани саналган Мулла Бой борлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

Музокаранинг иккинчи куни делегациямиз қайтиб келди. Эргаш ўзини хон деб эълон қилибди. У бўйсунмаётганларни отиб ташлаётган эмиш. Қалъага Гушин кириб келди ва «ҳеч қанақа жиддий ҳаракат қилинмасин, эрталаб Перфильев Тошкентдан етиб келади. Казаклар қуролсизлантирилди», деди. Биз Қўқон мухторияти делегацияси билан ўтаётган музокара вақтини турли баҳоналар билан чўза бошладик. Эрталаб Е. Перфильев отряди билан етиб келди (подшо армиясининг 28 ёшли собиқ поручиги, Туркистон ўлкасининг ҳарбий комиссари — Ш. Д.). Ва шу куниёқ Эски шаҳарни ёндирувчи снарядлар билан тўпга тутди. Менимча, бундай қилишнинг сира ҳарбий зарурати йўқ эди.

Эски шаҳарда даҳшатли талон-торож ва ёнғин бошланди. Саросимага тушган Эски шаҳар аҳолиси орқа-олдига қарамасдан, уйлари ва қимматбаҳо молу мулкларини ташлаб жонҳолатда дуч келган томонга қоча бошлади. Талон-торожликдай гуноҳ ишлардан аскарларни тўхтатиб қололмадик. Отиш ва ёнғинда кўплаб бегуноҳ кишилар ҳалок бўлди. Шаҳар ҳувиллаб қолди. Қолган-қутган аҳоли ёрдамга муҳтож эди. Биз улар учун ошхоналар ташкил этдик.

Маҳаллий буржуйлардан Потеляхов, Вадяев ва бошқалар ишчиларга пул беришдан бош тортибди. Уларни қамоққа олиб, ишчиларга пул олиб келиш учун Тошкентга жўнадик. Мухтор ҳукумат тор-мор этилгандан сўнг беш мартача кенгаш чақирдик, фақат еттинчи куни йиғилишга улгурдик. (Чунки, қизил гвардиячилар ўртасида тартибсизликлар ҳукмрон бўлиб, «ғолиб»лар етти кунгача талон-торож билан шуғулланган эди — Ш. Д.) Мажлисдан ревкомни қўрқоқликда айблаб суд қилдик. Бабушкин мажлисда сўзга чиқиб: «Ревком энг оғир кунда яширинди, қўрқоқлик қилди», деб айблади.

Икки марта сайлов ўтказдик, иккинчисида большовойлар кўпроқ овоз олди.

Осиповни байрамона тарзда, мушаклар отиб кузатиб қўйдик. Дарвоқе, кимдир унга суиқасд қилиб ўқ узди, лекин ўқ тегмади. Е. Перфильев ҳам улар билан бирга Тошкентга жўнаб кетди»[8].

Қуйидаги лавҳа ҳам (муаллифини аниқлай олмадик) Қўқонни қонга ботиришда фаоллик кўрсатган қизил гвардиячи қаламига мансубдир.

«…Бизнинг ҳарбий қисмимиз отишмалар остида Қўқон вокзалига кириб борди ва… душман томонидан фаолроқ ҳарбий ҳаракат бошланишини кутдик… Мана «Мусулмонлар Ҳарбий Шўроси» ва «Ўлка мусулмон депутатлари Шўроси» томонидан бизга таклиф этилган кескин талаб шартлари:

Ишчи, деҳқон ва аскар Қўқон Шўроси мусулмон депутатлари, ишчи, аскар депутатлари Кенгаши ва «Городской самоуправление» идораларидан бирлашган ҳукумат тузиш:

Ишчи, деҳқон ўлка Шўроси ва мусулмон жангчиларидан 2 киши;

«Шўрои ислом» жамоасидан 2 киши;

«Уламо жамияти»дан 2 киши;

«Городской самоуправление»дан 2 киши;

Ишчи, деҳқон ва аскар депутатлари кенгашининг 4 та вакилидан иборат ҳукумат тузиш.

Қўқон шаҳар қалъаси мазкур унитар (манфаатдор) ҳукуматнинг бевосита назорати остига берилсин.
Қизил гвардиячилар қуролсизлантирилсин.
Мусулмон аҳолиси қуролсизлантирилсин (милиция бундан истисно).
Ишчи, аскар ва мусулмон деҳқонларининг бевосита назорати остида миллий ҳарбий қисм ташкил этилсин.
Мусулмон депутатлари Кенгаши ва Халқ Комиссарлари Совети биргаликда, зудлик билан Туркистон таъсис мажлисини чақирсин.
Иккала томон ҳам, биродаркушлик воқеаларини кузатмасин ва унда иштирок этмасин.
Иккала томон ҳам ўлганлар ва ярадор бўлганлар учун гина сақлаб, адоватда бўлмасин.
Халқ Комиссарлари томонидан тузилган йўл-йўриқлар Шариат қонунларига зид келса, мусулмонлар у йўл-йўриқларга амал қилмайди.
Шартномага имзо қўйилган заҳоти иккала томон ҳам бандиларни озод этсин.
Аҳолидан тортиб олинган молу мулклар мумкин қадар ўз эгаларига қайтарилсин.

Ярашув конференцияси Раиси номига. Музокара олиб бориш учун «Рус-Осиё» банки ёнига келасизлар. У ердан сизларни мусулмон соқчилари Русия меҳмонхонасигача кузатиб боришади. Музокара «Канишка» дўконида ўтказилади. Музокара пайтида иккала томон ҳам ўқ отишни тўхтатиб туришлари шарт.

Жавобини кундуз соат 4 гача кутамиз.

Қўқон шаҳри, 16 февраль, 1918 йил.

«Вақтинчалик Мусулмон ҳарбий Кенгаши Раислигини бажарувчи (имзо)».

Қалъадагилар талабнома шартларига тўпдан Эски шаҳар устига ўқ отиш билан жавоб берди. Талабнома шартлари қабул қилинмаганини сезган Эски шаҳар мусулмон мутаассиблари шаҳардаги оврўпалик аҳолини бўғизлашга киришиб кетдилар. Яна мусулмон делегацияси келди ва шаҳарни ўққа тутиш тўхтатилмаса, ўзаро душманлик бутун ўлкага ёйилиб кетиши мумкинлигини айтдилар. «Ўлка мусулмон депутатлари Шўроси» тинчликка эришиш учун бошқа чора-тадбирлар қидирмоқда, деди.

Делегацияга «биз сизлар билан урушишдан қўрқмаймиз», деб жавоб бердик. Шаҳарни яна замбаракдан ўққа тутдик. Натижада мусулмон қисмлари Скобелев томонга қоча бошлади. Шаҳардаги бадавлат рус кишилари ҳам улар билан бирга эди.

…Эски шаҳар аланга ичида қолди. Учта ҳарбий юришда демократия ва социализм душманлари билан қаҳрамонларча жанг қилган қизил гвардиячилар ўзгалар молу мулкини талон-торож қилишдан ўзини тийиб туролмади»[9].

Учта ҳарбий юришда «қаҳрамонлик» кўрсатган қуролли инқилобчилар Қўқонда ўзгалар молу мулкини талон-торож қилдилар. Бу ҳам етмагандай арман дашноқлари билан ҳамкорликда Фарғона водийси халқи бошига тарих кўрмаган ваҳшийликларни солдилар.

0045Вайрон этилган Қўқон

«1918 йилнинг 19—26 январида Тошкентда бўлиб ўтган «Туркистон ўлка Советлари»нинг IV съезди Қўқон мухторияти ва ҳукумат аъзоларини қонундан ташқари, деб жория этди, ҳукумат аъзоларини ҳибсга олиш ҳақида қарор қабул қилди»[10]. Ана шу қарорга биноан Қўқон қонга ботирилди. Мухтор ҳукуматнинг 30 вакили (ҳукуматга алоқадор бўлган шахслар) қамоққа олинди. Айримлари қўлга тушган заҳотиёқ судсиз отиб ташланди. Ҳукумат бошлиғи М. Чўқаев Фарғонага, Фарғонадан Қашқарга қочиб кетишга мажбур бўлди. Шаҳар бир неча кун олов ичида қолди. «Ўт очиш оқибатида 1000 дан ортиқ дўкон ва дўкончалар вайрон этилди. 1500 киши ўлдирилди»[11]. «Қўқон ҳукумати тор-мор келтирилгандан сўнг дашноқлар гуруҳи Шўро дружинаси байроғи остида шаҳарни 9 кун талади. Қўқон касалхонасида даволанаётган бемор ва ярадорларни биноси билан бирга ёқиб юборди. Қўқон пахта тозалаш заводи ишчиларининг 50 таси оиласи билан пичоқлаб ўлдирилган»[12]. Шаҳар (Қўқон)нинг 10 маҳалласида сўйилмаган одам қолмади. Қисқа вақтда 10 минг кишининг ёстиғи қуриди. Дашноқлар ваҳшийларча одамларнинг қўли, оёғини чопди, аёлларнинг эса кўкрагини кесди. Болаларни эса жоду (беда қирқадиган асбоб)дан ўтказдилар»[13]. Перфильев Тошкентга кетганидан сўнг дашноқларнинг бир қисми қалъа ҳимоячиси сифатида қолдирилган эди. Дашноқлар 1915 йилги турк-арман қирғинидан қочиб, Туркистондан паноҳ топгандилар. 1919 йилнинг май ойида Дашноқцутюн партияси Коминтерндан чиқарилади ва қуролсизлантирилади.

Қўқон партия дружинасининг собиқ взвод командири Усмон Алиев қуйидагича ёзади: «Ҳал қилувчи февраль кунларида дашноқлар дўконларни талади, Потеляхов идорасини ёқди. Шаҳар роппа-роса бир ой ёнди. Оқибатда очарчилик бошланди». Фарғонадаги биродаркушликнинг фаол қатнашчиси Матқовул Матфозиловнинг ёзишича, «Сўл эсерлар, дашноқлар ва бошқалар Қўқон Шўросига кириб олиб, яширин равишда хоинлик сиёсатини олиб бордилар. Бу партияларнинг махсус қуролланган бўлинмаси босмачиларга қарши кураш ниқоби остида ерлиларга нисбатан ваҳшийлик қилди, зўрлади ва молу мулкини талон-торож қилди». Дашноқцутюнчилар ва қуролли инқилобчилар Сузоқ, Бозорқўрғон аҳолисини қирғинга гирифтор этди.

Қисқа вақтда рўй берган вайронагарчилик, талон-торож ва ваҳшийликлар бутун Туркистонга ёйилди. Инсоний ҳуқуқи, эътиқоди, орияти топталган халқ қўзғалди. Ва бу ҳолат халқ ҳаракатига, халқнинг оммавий қаршилик ҳаракатига, ўзига хос йўсиндаги халқ норозилигига ва қўзғолонга айланиб кетди. Биз, бу миллий озодлик ва қаршилик ҳаракатини босмачилик ҳаракати, даврни эса босмачилик даври деб атадик.

Қўқон фожиаси турли хил сиёсий партиялар ва гуруҳлар ичида жиддий норозиликлар келтириб чиқарди ва соф виждонли кишиларни оёққа турғазди. Бу фожиадан жабрланган халқнинг қасоскорлик руҳида тарбияланган мард ўғлонлари аллақачон хулоса чиқарганди. Тошкент шаҳар Советининг 1919 йил 23 февралидаги йиғинида «Қўқон воқеаларига доир ва социалистик армия» деган масала муҳокама қилинади. Унда Қўқонда содир этилган фожиаларга сиёсий баҳо беришга, тўғрироғи хаспўшлашга уринишлар бўлади. Шу ўринда ана шу мажлис маълумотномасидан парчалар келтиришни лозим топдик. (Чунки унда аждодларимизнинг қизил гвардиячилар томонидан қанчалик ваҳшийларча ўлдирилгани ва демократик кучларнинг фожиаларни холис баҳолаши қанчалик қаршиликка учрагани аён бўлади.)

Меньшевик-интернационалистлар фракциясининг бошлиғи ўртоқ Вайнштейн (мажлисни очиқ ўтказишни талаб қилади ва кўрилаётган масаланинг аҳамиятига тўхталиб, қуйидагича фикр билдиради): «Кўрилаётган масалага ҳар томонлама сиёсий баҳо бериш бизни жуда қизиқтиради, айниқса жанговар бўлинманинг жанг пайтида ва жангдан кейинги хулқ-атвори, зиммасига юкланган топшириққа муносабати ва уни қандай бажарганлигини билишимиз лозим. Бу масалалар нафақат бизни, балки бутун жамиятимизни, инқилобий демократияни, ҳар қандай махфий сиёсатдан, сирли шартномалардан устун турадиган ҳақиқатни халқ оммаси билиб қўйиши керак.

Шубҳали ва қайғули ҳолат рўй бермаслиги учун мазкур масала очиқ муҳокама этилиши лозим. Кўнгилсиз ҳодиса рўй бермаган бўлса, жуда яхши, кимлардандир қўрқадиган, яширадиган нарсамиз йўқ. Агарда демократияга, инқилобга доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этилган бўлса, у бизнинг ярамиз ва жароҳатимиз деб қабул қилишимиз керак. У газак олиб кетмаслиги учун чора-тадбирлар кўришимиз даркор. Мабодо демократия учун шармандали воқеа рўй берган бўлса, масалани очиқ муҳокама этиб, айбмизини тан олиб, уни ювишимиз лозим.

Е. Перфильев: Январь ва февраль ойида учта юриш қилишга тўғри келди. Бу учала юриш бир-бири билан узвий боғланган. Биз атаман Дутов билан жанг қилаётганимизда, унинг Зайцев ва мухтор ҳукумат билан алоқада бўлганлигини тасдиқловчи маълумотларга эга эдик.

Оренбург учун жанг қилаётганимизда Қўқонда қўзғолон кўтарилиши керак экан. Айни вақтда, казаклар Эрондан Ўрта Осиё томон силжимоқда эди. Улар бирлашиб, Шўро ҳокимиятини ағдармоқчи эдилар.

Халқ оммаси Қўқондаги мухториятни қўллаб-қувватламади. Биз ўз вақтида душманни Оренбургда тор-мор келтириб, Шўролар ҳокимиятини ўрнатдик ва Ўрта Осиё томонга йўл олдик. Самарқанд остонасида казакларга зарба бердик ва уларни тинчитдик. Казакларни қўзғолонга ундаган 200 тача киши шармандаларча қочиб қолди.

Қўқонда эса, ерли халқнинг қуролли бандаси қалъага ҳужум қилибди, талабнома топширибди ва таслим бўлишни, қуролларни топширишни, қизил гвардиячиларни қуролсизлантиришни талаб қилаётган экан. Биз Қўқоннинг Янги шаҳар қисмида рус аҳолисини ерли бандитлар бўғизлаб ўлдирмоқдалар, деган хабар олдик. Бизнинг поездимиз йўл-йўлакай, йўлда учраган ҳар қандай қаланғи-қасанғиларни ўққа тутиб борди. Шаҳар қалъаси ҳалича қўлдан кетган йўқ экан.

…Исёнчилар орасида яхши қуролланган 250 тача форс бўлиб, ҳукумат уларга ҳар куни 25 сўм пул бериб турар экан. (Мухтор ҳукуматнинг хазинаси бўш бўлган, 60 миллион сўмлик заём чиқариб уни ҳам сотолмаган—Ш.Д.) Қуролланган арман дашноқлари шаҳарда жойлашган бўлиб, форслар билан душманлик кайфиятида эди. Улар қалъа ва вокзал ўртасидаги алоқани ушлаб турарди.

Эрталаб, Хўжанд кўчаси бўйлаб 2000 тача ерлилар шаҳар томон бостириб келаяпти, деган хабарни олдим. Олдинда қуролланган пиёдалар, уларнинг изидан болта, теша, ўроқ, кетмон ва калтак билан қуролланган одамлар, улар орқасидан қуролланган отлиқлар ярим ҳалқа бўлиб, қуролсиз оломонни биз томонга зўрлаб, олдига солиб қувиб келарди. Наманган йўли бўйлаб ҳам, худди шундай гуруҳ бостириб келмоқда эди. Отрядимиз 12 та артиллерия пушкасидан уларга қарата ўт оча бошлади. Исёнчиларнинг катта қисми мачитга яширинишди. Менимча, улар мачитни тўпдан сақланадиган паноҳ деб тасаввур қилгандилар. Мачитни ҳарбий истеҳком сифатида шаҳар қалъаси билан таққослаганда жуда катта фарқ қилади. Масжидга қарата бир неча маротаба ўқ уздик. Гуруҳимиз ўз вазифасини бажармади. Чунки гуруҳимиз ёнғин чиқариб шаҳар ва аҳолига катта зарар етказди. Биз шаҳардаги ҳокимиятни йўқ қилиб ташладик. Шаҳардаги эски ҳукумат рус кишиларининг ҳаётини сақлаб қолишга кафолат беролмасди.

Мачитларни яна бир неча маротаба тўпдан ўққа тутишга тўғри келди. Қизил гвардиячилар бўғизланган оврўпаликларнинг жасадларини кўрганда шундай тутақиб кетдиларки, уларни ҳеч қандай куч тўхтатиб қололмасди, аскарлар олдиларидан чиққан ҳамма нарсани яксон қилиб кетавердилар. Ҳатто шундай ҳолат рўй бердики, 5 та қизил гвардиячи ерли бандитларнинг 200 тасини олдига солиб қувлади (қуролсиз оломонни — Ш. Д.). Отряд катта қаҳрамонлик кўрсатди. Жанг иштирокчилари орасида бирорта ҳам қўрқоғи йўқ эди. Биз қийинчилик билан тошкўприкни қўлга киритдик ва Эски шаҳарга ёриб кирдик. Исёнчилар тўдаси Скобелев томонга чекинишди. Бадавлат кишилар қимматбаҳо буюмларини, пулларини ўзлари билан олиб қочдилар, лекин нарсалари ўзларига насиб этмади. Қочаётганларни тезотар тўпдан ўқ узиб, янчиб ташладик, бир қисмини эса орқага чекинишга мажбур этдик. Уларнинг кўрпа-ёстиқлари, гиламлари, қимматбаҳо нарсалари йўлда сочилиб қолди.

Туркистон мухтор ҳукумати деб аталган ҳукумат, биз боргунга қадар тарқаб кетган экан. Унинг ўрнига «Ўлка мусулмон депутатлари Шўроси» тузилиб, моҳиятан олдинги ҳукуматдан ҳеч қандай фарқланмасди, фақатгина номи ўзгача эди, холос. «Ўлка мусулмон депутатлари Шўроси» вакилининг айтишича, бизлар уларни ўққа тутганимиз сабабли мусулмонлар бизга қарши миллий уруш эълон қилган эмиш. Мен уларга: «Биз урушдан қўрқмаймиз», деб жавоб бердим. Гуруҳимиз Эски шаҳар устига яна 9 марта замбаракдан ўқ узди… Шундан сўнг оқ байроқ кўтариб мусулмон делегациялари келавердилар. Улар «Биз айбдор эмасмиз, у тўдалардан ўзимиз ҳам катта зарар кўряпмиз, қонли тўқнашувларга улар айбдор, ўқ отишни тўхтатинглар», деб илтимос қилдилар. Гуруҳимиз қочган тўдаларни изидан қувиб етиб тор-мор келтириши керак эди, лекин гуруҳимиз ва дашноқлар шаҳарни талон-торож қилишга берилиб кетишди. Шунинг учун ҳам гуруҳни бошқа кучлар билан алмаштириш зарурияти туғилди.

Ҳозир Қўқон қандай аҳволда, у ерда нималар бўляпти? Қўқоннинг Эски шаҳар қисми тамомила вайрон этилган. Янги шаҳар мавзеига зарар етказилмаган. Шаҳардаги бадавлат рус кишилари ҳам шаҳарни ташлаб қочиб кетган. Шаҳарда катта озиқ-овқат заҳиралари, банкида эса олтин ва кумуш пуллардан анчагина бор…

Биз зиммамиздаги ишларни якунлаган эмасмиз. Омон қолган бандитлар ўлканинг бошқа ҳудудларида қўзғолон кўтаришга уриниб кўрмоқда. Оврўпаликларга қарши ерли халқни қайраб, миллатчилик руҳида ташвиқот олиб бормоқдалар.

…Биз шаҳарда Пономарёв ва Белов бошчилигида шаҳар қуролли мудофаасини туздик. Олдимизда фитначиларнинг асл қиёфасини фош этиш масаласи кўндаланг бўлиб турибди. Душманларимиз кундан-кунга ҳушёр тортмоқдалар. Аскарлар уй-уйларига тарқаб кетмоқдалар. Бизнинг ихтиёримизда замбараклар, снарядлар, ўқдорилар истаганча бор, лекин одамларимиз кундан-кунга камайиб бормоқда. Шунинг учун тезлик билан, қисқа муддат ичида социалистик армия тузиш зарурияти яққол сезилиб қолди.

Мен маърузамни тугатар эканман, шуни алоҳида таъкидламоқчиман: мен урушда бўлганман, кўплаб жанговар тўқнашувларда қатнашганман, лекин қизил гвардиячиларимизнинг Қўқонда кўрсатган қаҳрамонликларини, мардлигини ҳалигача кўрмаган эдим.

Агар ўзгалар молу мулкини талон-торож қилишдек шармандали ҳолат рўй бермаганида, гуруҳимиз ўзининг инқилобий вазифасини сидқидилдан аъло даражада бажарч ди, деб айтган бўлар эдим.

Вайнштейн: ҳисоботдан шуни англадимки, гуруҳ бошлиғи, ўртоқ Перфильев маърузаси юзасидан бирор жўяли фикр айтишим қийин. Унинг маърузасида киши ҳиссиётини қитиқлайдиган ва ташвиқотнома сўзлар анчагина. Лекин Қўқонда рўй берган фожиали воқеалар тўғрисида далиллар жуда оз келтирилди. Бизни Оренбург ва Самарқанд эмас, айнан Қўқон воқеалари қизиқтиради.

Қизиқ, синфий кураш номи билан кўтарилган инқилобий байроғимиз қаерда қолди? Руслар ва сартлар, арманилар ва форсларнинг ўзаро миллий келишмовчиликлари ҳақидаги гаплар, мусулмонлардан қандай қилиб ҳимояланишимиз лойиҳаси тўғрисидаги фикрлар қулоққа чалинмоқда. Биз синфий кураш ўрнига, миллий кураш олиб бораяпмиз. Бу аҳволни, шубҳасиз, табиий ҳол деб ҳисоблай олмаймиз. Лекин у мантиқан тўла, Советларнинг Туркистон ўлкасида олиб бораётган сиёсати оқибатидир.

Ўлкада мусулмонлар хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмай туриб социализм қуришга интилмоқда. Ўртоқ Перфильев меҳнаткаш мусулмон оммаси мухториятни хоҳламади, қўллаб-қувватламади, деб таъкидлаб ўтди. Ўртоқ Перфильевнинг ўз фикрини исботлашга асоси борми? Унинг асоси шундаки, қайсики мусулмонлар тўпдан ўққа тутилгандан кейингина ўзларини бўйсунишга тайёр эканликларини билдирганини назарда тутаётган бўлса керак.

Ерли халқ Куропаткинга ўзларининг итоатгўйлигини ўшандай усуллардан кейингина билдирмаганмиди? Ўртоқ Куропаткин (Туркистоннинг сўнгги генерал-губернатори 1914—1917 й. — Ш. Д.) қўллаган усуллар билан ёндашмоқни мулоҳаза қиляпти (залдан ола-ғовур кўтарилди, «Йўқол бу ердан!»).

Маърузада биз фақат миллий қирғинларни кўраяпмиз: уни социализмнинг ёвуз душмани бўлмиш подшо монархияси ва ҳукумати қўллаб-қувватлаган эди.

Қайси социалист бунга ишониши мумкин? Сиз Туркистонни ташлаб чиқиб кетасизми? Агар бу ерли халқнинг хоҳиш-иродаси бўлса-чи? Кимки бу тўғрида гапирадиган бўлса, сизлар дарров унинг овозини ўчирасизлар. Йўқ, сизлар социалист эмас, ўша империалист, ўша истилочисизлар (залда шовқин, «Йўқол ярамас!» деган овоз янгради).

…Қатор шаҳарлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мана, биз интернационализм ғояларини, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва халқаро биродарлик ғояларини ҳаётга қандай тадбиқ қилаяпмиз.

Биз Германия пролетариатини немис империалистлари билан курашда ёрдамга чақираяпмиз, лекин ўзимиз (аскарларни—Ш. Д.) бир ирқдан иккинчи ирқнинг устунлигини тан олиш кайфиятида тарбиялаяпмиз. Нима учун Германия бизга: «Сизлар Туркистонда сартларни топтагандай биз сизларни янчиб ташлаймиз», деб айтмайди. Бошқалар ҳурматига сазовор бўлиш учун, бошқаларни ҳам ҳурмат қилиш керак.

Ўртоқ Перфильев ҳиссиётимизни қўзғаб ундан фойдаланмоқчи… Интернационалистлар фракцияси номидан зудлик билан рўй берган воқеани тафтиш қилиб, ўрганиб чиқувчи комиссия тузишни, инқилобнинг қизил байроғига кимки доғ туширган бўлса, оддий гвардиячидан тортиб, отряд командиригача ҳамма-ҳаммасини қатъий жавобгарликка тортишни талаб қиламиз.

Биз учун айрим кишиларнинг шуҳрати эмас, демократиянинг виждони ва тутган йўли аҳамиятлидир. Инқилобий демократия байроғидан бу доғни ювиб ташлаш керак. Айбдорлар қонун олдида жавоб беришлари лозим.

Раислик қилувчи И. О. Тоболин: Қўқон воқеалари тўғрисидаги маърузани интернационалистлар фракциясининг вакили ташвиқотнома маъруза деб атади. Лекин мен танқид қилаётган кишининг маърузасини ташвиқотона нутқ деб атайман. Катта йиғилишга тўғри келмайдиган гап-сўзларни қилмоқда. Интернационалистлар фракциясининг қанча аъзоси аксилинқилобчилар билан бўлган жангда ҳалокатга учради? Аъзоларингизнинг қанчаси жангда иштирок этди? Майли, биз улардан ҳеч нарсани, дам олишни ҳам, уйқуни ҳам, ҳаётни ҳам аямаймиз. Бу партияга (фракцияга) фақат танқидингизни чўнтагингизга солиб қуйинг дейман, танқидни сизлардек тафтиш комиссиясида ўтирмоқчи бўлаётган қўрқоқлар эмас, ишни амалга оширганларнинг ўзлари қиладилар. Менимча, уларнинг ўзлари айбланувчилар курсисида ўтириб, суд олдида жавоб беришлари керак.

Маърузачи социалистик ҳукумат қандай қилиб бундай шафқатсизликларга йўл қўйди, деб савол бераяпти. Мен унга ҳозир пролетариат диктатураси даврида, ким кимни енгиши ҳал бўлаётганда шафқатсизларча кураш бўлиши табиий бир ҳол, деб жавоб берар эдим. Қизил гвардиячилар ўзаро жангларда бундан ҳам қаттиқ шафқатсизликларни намоён қилди. Умуман, бундай дақиқаларда, бундайин курашда шафқатсизлик ҳақида гапириш жудаям кулгули бир ҳол. Интернационалистлар партияси вакилининг айтишича, маъруза ҳеч нарса бермаган эмиш, лекин биз ундан кўп нарсаларни билиб олдик ва хулоса чиқардик.

…Қўқонда марказдан узилиб, ҳаётимиз хавф остида қолганида ҳам, инқилобнинг тақдири қил устида турганида ҳам, ўз қарорларимизни ҳаётга тадбиқ қилаверамиз. Тўғри, айрим шахсларнинг жиноий ҳаракатлари тўғрисида тўхталиб ўтмоқ керак, лекин бутун бошли қизил гвардия юзига қора чалпишга йўл қўймаймиз. Бизнинг оилавий ҳаётимизга суқилишга ҳаққингиз йўқ. Демократлар орасида сизларга ўрин йўқ. Яратганга шукурким, ўлкани танг аҳволдан сақлаб қолувчи қизил гвардиячилар ўз вақтида ҳаракат қилишга улгурди… Ўртоқ Перфильев оғир аҳволдагиларга ёрдам беришга умидсизлик билан қарамоқда. Менга эса умидли бўлишга рухсат бергайсизлар.

…Социалистик армиядан ташқари бизнинг ихтиёримизда, Шўро ҳокимияти душманларини янчиб, йўқ қилиб ташлайдиган, ишчи ва деҳқонлар ҳокимиятига қарши кучларга қарши шафқатсиз кураш олиб борадиган қизил гвардия ҳам бор.

…Интернационалистлар фракциясини рус инқилобининг вайсақи сиёсатбозлари деб аташ мумкин. Жангдан сўнг ўзгалар молу мулкини талон-торож қилиш, шубҳасиз, шармандали ҳол, лекин биз бу воқеага психологик нуқтаи назардан ёндашишимиз мумкин. Тарихдан маълумки, шунчалик катта оломон билан жангчилар тўқнашганда талон-торож бўлиши табиий бир ҳол, фақатгина талон-торожнинг ҳажми ва қандай бўлганлиги билан фарқ қилади, холос. Бу албатта ёвузлик.

Шу кунгача Русиянинг ҳамма йирик шаҳарларида тўнтариш вайрон қилиш йўли билан амалга оширилди. Биз Коровиченко (Туркистон Вақтли ҳукуматининг ҳарбий вазири) устидан ғалаба қозонганимизда талон-торож деярли содир бўлмади. Инқилобнинг илғор қизил гвардиячи гуруҳлари байроғида доғ бўлмаслиги лозим, тушган доғни эса, албатта ювиш керак.

Талон-торож ва бебошликни тан олиб, айбдорларни ўзларининг ижтимоий-сиёсий ташкилотларида, ҳарбий қисмларида, гуруҳларида суд қилинишини таклиф қиламан.

Ўртоқ Вайнштейн интернационалистлар фракцияси номидан «Қўқон воқеаси» тўғрисидаги қарорни мажлис аҳлига ўқиб эшиттиради. Интернационалистлар фракцияси аъзолари номидан, қабул қилинадиган қарорда қуйидагилар акс этишини лозим деб ҳисоблайман: Инқилобий ҳарбий қисмлар томонидан содир этилган талон-торож ва бебошлик, инқилоб демократияси байроғига доғ бўлиб тушганлиги тан олинсин. Қўқон воқеалари яхши ёритилмади, деб ҳисоблансин. Фақат воқеа содир этилган жойнинг ўзида текширилган тақдирдагина ҳақиқат юзага чиқади. Шунинг учун демократик комиссия тузилсин, айбдорлар аниқлансин, инқилобий суд олдида жавоб берсин ва жазога тортилсин.

Раислик қилувчи ўртоқ Тоболин меньшевик-интернационалистлар фракцияси томонидан таклиф қилинган қарорларни расмий равишда қабул қила олмаслигини эълон қилди, сабабини таклифлар ёзма равишда берилмади деб кўрсатди. Ва мажлис аҳли меньшевик интернационалистлар фракцияси томонидан қилинган таклифларни рад этди.

Сўнгра большовойлар резолюцияси ўқиб эшиттирилди ва 75 делегат розилиги (17 делегат қарши овоз берди) билан большовойлар қарори қабул қилинди»[14].

Қўқонда рўй берган февраль воқеалари ҳамон бизга қоронғилигича қолмоқда. Айрим манбаларда, 18 февраль куни Эргаш томонидан ҳокимият тўнтариши амалга оширилганлиги таъкидланади. Менимча, ҳеч ким, ҳеч қандай тўнтаришни амалга оширмаган. Чунки таҳликали февраль кунларида Қўқонда ҳам, мухтор ҳукумат ичида ҳам, ягона ҳокимият кучи йўқ эди. Қўқоннинг амалдаги ҳақиқий эгаси, Қўқон шаҳар милициясининг бошлиғи Эргаш эди.

Қадимдан қолган ва қомусларда ёзилмаган ҳаётий бир қонун бор. Лашкар кимнинг қўлида бўлса, ҳокимият ҳам ўшанинг қўлида бўлади (албатта, демократия институтлари ривожланмаган жамиятда). Олий лавозимга М. Чўқаев сайланган бўлса-да, мухтор ҳукумат суянган армия Эргаш қўлида эди. Шу ўринда Эргаш шахсига қисқача тўхталиб ўтсак. У долғали замонда иккита Эргаш яшаб ўтди. Катта Эргаш подшо замонида талончилик ва ўғрилик қилгани учун 20 йиллик Сибирь сургунига ҳукм қилинганди. Дарҳақиқат, подшонинг Туркистондаги маъмурлари Бобонни ҳам, Номозни ҳам ўғри, талончи деб атаганди. Февраль озодлиги туфайли 1917 йилнинг сентябрида Эргаш сургундан қайтиб келади. Ва у Шўро ҳукумати Қўқон шаҳар милицияси бошлиғи лавозимига тайинланади. 1918 йилнинг бошларига келиб Эргаш ва унинг ёрдамчиси Ҳамдам ихтиёрида 1700 дан ортиқ қуролли йигит бор эди[15].

1917 йилнинг март ойида Қўқон ёнидаги Бачир қишлоғида қўрбошилар йиғини бўлиб ўтади. Унга 40 дан ортиқ қўрбошилар қатнашиб Эргашни «Амир ул-муслим» (Мусулмон қўшинининг бошлиғи) этиб сайлайди. Ўринбосарликка Мадаминбек ва кичик Эргаш сайланади. Катта Эргаш 1918 йилнинг ёзида Марғилон шаҳри ёнидаги жангда ҳалок бўлади. Кичик Эргаш эса, 1920 йили Қўқонда мағлубиятга учраганидан сўнг сиёсий фаолиятдан четлашиб кетади.

Мухторият тузиш ғояси тарихимизда ўз эркини қўлга олмоқчи бўлган, миллий демократик давлат тузишни ният қилган ва унда ҳур яшашни орзу этган юқори қатламдаги бир гуруҳ ватанпарварлар ташаббуси эди. Туркистон мухторияти ҳам, Париж коммунаси каби бор-йўғи 72 кун яшади. Туркистон миллий савдо-саноат буржуазияси мухториятнинг асосчиси ва ҳаракатнинг йўлбошчиси бўлди. Демократик кайфиятдаги миллий мусулмон зиёлилари эса, унинг тарғиботчиси ва собит курашчисига айланди, Туркистон тақдири учун, миллий истиқлол учун, эрк ва ҳурлик учун ВАТАН туйғусидек муқаддас туйғу қалбининг тўридан жой олган миллатпарвар зиёлилар курашганди холос. Улар Тошкентда қозоқ тилида «Бирлик тўғи», ўзбек тилида «Эл байроғи», «Улуғ Туркистон», «Ҳуррият», рус тилида «Свободная Туркестан» газеталарини озодлик ғояларини тарғиб қилувчи минбарга айлантирганди.

Мухторият ҳукумати молиявий жиҳатдан ниҳоятда оғир аҳволда эди. Турк шўронинг буйруғи билан 1917 йилнинг декабридаёқ Қўқондаги банклар пулини П. Г. Полторацкий шўро ҳукумати ихтиёрига олиб кетганди. Пулсиз қолган мухториятчилар 60 миллион сўмлик заём чиқардилар. Лекин бир бурда нонга зор халқ заёмларни деярли сотиб олмади. Ҳукуматни қисқа вақтда молиявий жиҳатдан оёққа турғазиш вазифаси долзарб масалалигича қолаверди.

Ҳукумат ҳарбий кучга ҳам эга эмас эди. Қисқа муддатда, жангавор қуролли инқилобчиларга тенг келадиган ҳарбий кучни йиғишнинг умуман имкони йўқ эди. «Қўқон ҳукумати ҳарбий кучга муҳтож эди», деб ёзади Турор Рисқулов 1925 йили чоп этилган «Инқилоб ва Туркистоннинг ерли халқлари» рисоласида. Ҳукумат Эргаш тўдасига суянишга мажбур бўлади, чунки, Қўқон воқеаларигача Эргаш гуруҳи Туркистондаги ягона қуролли гуруҳ эди.

Инқилоб арафасида Туркистонда бир нечта ижтимоий қатламлар мавжуд бўлиб, уларнинг дунёқараши ҳам, жамиятда тутган ўринлари ҳам, манфаат ва мақсадлари ҳам турлича эди. Амалда Туркистонни инқилобгача ағдарилган подшо тузумининг собиқ амалдорлари, помешчик ва дворянлар бошқариб келди. Уларнинг кўпчилиги подшо армиясининг собиқ ҳарбий хизматчилари эди. Чунки, Туркистон ҳарбийлар қўлида бўлиб, ҳокимиятни ҳам ҳарбий усулда, ҳарбийлар бошқарарди.

Иккинчи ижтимоий қатламни Русиянинг очкўз буржуйлари ташкил этиб, улар Туркистондаги эскича ишлаб чиқаришни синдириш, лекин Туркистонни мустамлака, ҳеч бўлмаганда ярим мустамлака ҳолда сақлаб қолиш тарафдори эдилар. Айни пайтда улар ҳам Туркистон хом ашёсидан ажралиб қолишдан ўлгудек қўрқарди.

Учинчи ижтимоий қатламни эндигина шаклланаётган миллий савдо-саноат буржуйлари ташкил қиларди. Улар миллий маблағ ўсишини, Туркистон ва Русия муносабатларини тубдан ўзгартиришни, иложини топса ҳокимиятни ўзлари бошқаришни орзу қиларди. Ўз навбатида, уларни ҳам ўнг ва сўлга ажратиш мумкин эди. Ўнгларга ерли яҳудий буржуйлари мансуб бўлиб, нозик масалаларда иккиланиб турарди. Бу сирага Фарғонада Потеляхов, Вадяев, Давидов, Самарқандда Фузайлов ва бошқалар мансуб эди. Сўлларга эса туркий халқлар ичидан чиққан маҳаллий буржуйлар—Миркомилбой, Убайдуллахўжа, Мўминбой ва бошқаларни киритиш мумкин.

Тўртинчи гуруҳга ислом уламолари ва «мусулмон мутаассиблари» мансубдир. Уларни ҳам ўз навбатида икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга Беҳбудий, Мунавварқори сингари миллатпарвар, айни пайтда байналминалчи, ислом илмининг билимдон уламоларини киритсак, иккинчи гуруҳга реакцион кайфиятдаги ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган хурофотчилар мансубдир.

Ва ниҳоят бешинчи қатламга қуйи табақа вакиллари—ўртаҳол ва камбағал деҳқонлар, ишчилар киради. Учинчи, тўртинчи қатлам вакиллари орасидан демократик кайфиятдаги мусулмон зиёлилари гуруҳи ажралиб чиқиб, ўз тақдирини халқ тақдири билан бирга боғлади. Улар ерли халқ фарзандлари учун жадид мактаблари очиб, миллий маданиятни кўтариш, ҳурликда яшаш тарафдори эдилар. Уларга рус зиёлиларининг тараққийпарвар қисми хайрихоҳ бўлди.

Туркистон ўлкасида Октябрь тўнтаришида етакчи ўрин тутган «онгли ва уюшган, инқилобий синф» бўлмиш, ишчилар синфи кам сонли эди. Борлари ҳам юқоридаги таърифга нолойиқ эди. (Инқилоб арафасида Туркистонда 21 минг атрофида ишчи бор эди.) Империя марказидан кўчириб келтирилган деҳқонлар каби ишчиларга ҳам, маҳаллий ишчи кадрларга нисбатан қўшимча имтиёзлар белгиланганди. Пахта заводида ва бошқа корхоналарда ишлайдиган рус ишчисига тўланадиган ҳақ, ўзбек ишчисига тўланадиган ҳақдан икки баробар кўп эди. Масалан: Қизилқия кўмир конида «сартларга бир ойда 15—17 сўм, рус ишчиларига 30 сўм тўланарди»[16]. Подшо замонасидаёқ Туркистонга кўчиб келган оврўпаликлар ва ерли халқ ўртасига миллий низо уруғлари сепилганди. Чунки бундан чоризм манфаатдор эди. Маҳаллий ишчилар, асосан қора ишларни, пахта заводларида тойланган пахталарни у ёқдан бу ёққа таширди, ёки тоғ-кон саноатида ҳам юк ташувчи бўлиб ишларди. Улар мавсумий ишчи ҳисобланарди. Инқилобий уюшқоқлик ва синфий онглилик каби ғоялар ҳали уларга бегона эди.

Тарихчи олим П. Алексеенков «Қўқон мухторияти»ни тўрт даврга бўлади. «Тайёргарлик даври» ёки биринчи давр. Октябрь инқилобидан, (аслида Октябрь тўнтариши Тошкентда Петрограддагидан бир неча кун олдин бўлиб ўтган—Ш. Д.) Ўлка мусулмонларининг IV Фавқуллодда қурултойигача, яъни октябрь ойининг охирларидан 23 ноябргача.

Иккинчиси буржуазия раҳбарлиги даври. (Миллатпарвар демократик кайфиятдаги маҳаллий буржуа мусулмон зиёлиларининг раҳбарлиги даври дейилса, ҳақиқатга тўғри бўларди—Ш. Д.) Ўлка мусулмонларининг IV Фавқулодда қурултойидан Эргаш бошчилигида ҳокимият тўнтаришига қадар, яъни 28 ноябрдан, 18 февралгача давом этган.

Учинчи давр бир неча кунгина давом этиб, аксилинқилобий кучларнинг енгилиши ва Эргашнинг қочиши билан тугайди.

Тўртинчи давр эса, Эргаш бошчилигидаги гуруҳнинг янги аксийинқилобий курашни бошлаб бериши. Туркистон тарихида бу курашга босмачилик кураши деб ном берилди ва неча йил давом этганлигини П. Алексеенков алоҳида таъкидлайди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Туркистон тарихидаги энг қонли ва фожиали давр ҳисобланган «босмачилик» даври ва ҳаракати ҚОНГА БОТИРИЛГАН «Қўқон мухторияти»нинг аччиқ меваси экан.

ИЗОҲЛАР

[1] 1918 йилнинг январида большевиклар фуқаролик ҳуқуқига хилоф равишда Петроградда ўтаётган Бутунрусия таъсис мажлисини қурол кучи билан тарқатиб юборади.

[2] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 25 ноябрь.

[3] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 9 декабрь.

[4] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 9 декабрь.

[5] М. Ҳасанов, «Кокандская автономия» и некоторые её уроки. «Общественные науки в Узбекистане» 1990 й. № 2, 43-бет.

[6] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 1 декабрь.

[7] ЎзССЖ Марказий Давлат Архиви. Р—25-фонд, 1-изоҳнома, 18-иш, 38-варақ.

[8] «Красная Летопись». Тошкент, 1923 йил, 88—93-бетлар.

[9] «Наша газета», 1918 йил, 28 февраль.

[10] «Наша газета», 1918 йил, 25 январь, N9 20.

[11] Қўқон шаҳар тарих ва ўлкашунослик музейининг илмий фонди. Шўро жамияти бўлими манбаларидан.

[12] КПСС МК қошидаги Марксизм-ленинизм институтининг ҳужжатгоҳи. 61-фонд, 1-изоҳнома, 124-иш, 119-варақ.

[13] Ш. А. Шамагдиев. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Ташкент, 1961 г. стр. 54.

[14] «Наша газета», 1918 йил, 28 февраль.

[15] Ш. А. Шомаъдиев. Ўша асар, 44-бет.

[16] «Обзор Ферганской области за 1898 года». Новмй Маргилан, 1900 г. 40 стр.

1991

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 12-сон

00499 yil avval ayni shu kuni Turkistonda muxtoriyat tuzish g’oyasi o’rtaga tashlangan edi

Shoniyoz Doniyorov
MUXTORIYAT QISMATI
007

Turkistonda muxtoriyat tuzish g‘oyasi, fevral inqilobi bergan ozodlikdan so‘ng paydo bo‘lgan edi. Bu fikr dastlab 1917 yilning 12 noyabrida «Sho‘roi ulamo» jamiyatining rahbari Sherali Lapin rahbarligida Toshkentda bo‘lib o‘tgan «Musulmon jamoalarining birlashgan yig‘ini»da rasman o‘rtaga tashlangan. Bu taklifni milliy savdo burjuaziyasi, o‘lkada endigina shakllanayotgan sanoat burjuaziyasi vakillari, demokratik o‘zgarishlar tarafdori bo‘lgan musulmon ziyolilari va ruhoniylar bilan bir qatorda quyi mehnatkash tabaqa vakillari ham qo‘llab-quvvatladilar.

1917 yilning 26—29 noyabrida Qo‘qonda O‘lka musulmonlarining IV favqulodda qurultoyi chaqiriladi. Qurultoy noiblarining asosiy qismini endigina tetapoya bo‘layotgan milliy savdo-sanoat burjuaziyasi vakillari hisoblanmish, yangi dunyo ko‘rgan savdogarlar va ruhoniylar tashkil etardi. Ko‘pchilik noiblar mustaqil demokratik musulmon davlatini tuzish, qo‘shni davlatlar bilan siyosiy-iqtisodiy aloqalarni mustahkamlash g‘oyasini ilgari surdilar. Noiblar Turkiston jahon taraqqiyotidan uzilib qolganligini tushunib yetgan, taraqqiyotga to‘sqinlik qilayotgan har qanday eski kuchlarni sindirish va yangi ilg‘or unsurlarning rivojlanishiga yo‘l ochish tarafdori edi. Ochiq ovoz berish yo‘li bilan qurultoy hay’atiga Ubaydulla Xo‘jaev, Mustafo Cho‘qaev, A. Mahmudov, Yurguli-Og‘aev, Saloman Gerdtsfeld, I. S. Shohiahmatov, Kamolqori, Akaev, Kichkimboev, Abdurahmonbek O‘razaev, Piliev, Karimboev, M. Behbudiy saylandi.

S’ezd kun tartibiga ikkita masala qo‘yiladi. Birinchi masala: «Turkistonning janubi-sharqiy ittifoqqa qo‘shilishi to‘g‘risida» bo‘lib, delegatlar uchun kutilmaganda paydo bo‘ldi va ancha munozara tug‘dirdi. Ikkinchi masala: «Turkiston muxtoriyati to‘g‘risida» edi. 27 noyabr kuni ertalab s’ezdning ochilishida shahar hokimi quyidagicha fikr bildiradi: «Turkiston musulmonlarining IV O‘lka s’ezdini chin qalbdan qutlayman va s’ezd Turkistonga mumkin qadar ko‘proq foyda keltirib, Turkiston tarixida chuqurroq iz qoldirishini istayman… Shubhasiz, Turkistonga erkin muxtoriyat kerak», deb ta’kidladi. (Qarang: P. Alekseenkov. «Kokandskaya avtonomiya», Toshkent, 1931 y., 21-bet.) Birinchi masala yuzasidan o‘tgan bahslarda deputatlarning bir qismi ittifoqqa kirishni ma’qulladilar.

Iqtisodiy jihatdan ittifoqqa kirish foydali edi. Chunki o‘lkaga Shimoliy Kavkaz va Orenburgdan don mahsulotlari keltirilardi. Ayni vaqtda Turkiston o‘z paxtasini ularga sotishi mumkin edi. Ustiga ustak «Janubi-sharqiy ittifoq» hududi aholisining katta qismi islom diniga e’tiqod qilardi, bu sabablar ittifoqqa kirishni yaqinlashtirsa, ikkinchi guruhdagilar Turkistonning yana mustamlaka bo‘lib qolishidan xavotirda edilar. Bu guruhdagilarning fikrlaridan misollar keltiramiz: «Kazaklar azaldan samoderjaviening suyanchig‘i bo‘lib kelgan. Ular xalqimizni qanchalar azob-uqubatga duchor qilmadi. Kazaklar doimo inqilobga qarshi chiqqan. Hozir ham kazaklar tepasida podsho tuzumini qayta tiklamoqchi bo‘lgan Krasnovlar, Karaulovlar, Kelidinlar turibdi-ku! Ular Olmoniya bilan urushni g‘alabagacha davom ettirmoqchi, Istambulni zabt etib Oq-Sofiya cherkovini qayta tiklamoqchi. Ularning bizdan yordam so‘rab murojaat qilishiga yagona sabab — o‘z maqsadlari yo‘lida foydalanishdir. Biz ular bilan birlasha olmaymiz».

S’ezdda tartib yo‘qola boradi. Raislik qiluvchi tajribasizligi tufayli tartib o‘rnatolmaydi va u qurultoy majlisini yopiq deb e’lon qilishga majbur bo‘ladi. Janubi-sharqiy ittifoqqa kirish esa ertasi kunga qoldiriladi. 27 noyabr kuni uzoq tortishuvlardan so‘ng bo‘lg‘uvsi davlatning iqtisodiy holatini hisobga olib, ittifoqqa kirish haqida qaror qabul qiladi.

S’ezd kun tartibidagi ikkinchi masala yuzasidan munozaralar s’ezdning kechki majlisida va 28 noyabr kungi ertalabki majlisda davom ettirildi.

Butunrusiya Musulmonlar Kengashi MQning a’zosi, deputat Ubaydulla Xo‘jaev ma’ruzasida quyidagilarni qayd etdi. «Rusiyada hozir haqiqiy hukumat yo‘q. Rusiya imperiyasi muzofotida hamma millatlar bolshovoylarga qarshi kurashga bel bog‘ladilar. Butunrusiya ta’sis majlisining chaqirilishiga hech qanday umid yo‘q…» Va ma’ruzachi zudlik bilan Turkistonni muxtoriyat boshqaruviga o‘tishga, deputatlarni bolshovoylarga qarshi kurashga chaqirdi».

Deputat S. Yusupov (Rusiyadagi voqealar to‘g‘risida, ayniqsa, bolshovoylarning noqonuniy xatti-harakatlari, zo‘ravonliklari haqida alohida to‘xtalib o‘tgach)[1]. Turkiston muxtoriyat huquqini olishga hozir tayyormi? Va o‘zi javob beradi: albatta tayyor emas, lekin bundan muxtoriyat e’lon qilishimiz kerakmas degan xulosaga bormaslik lozim. Ozod yashashni xohlaymizmi? Demak, Turkistonni muxtor jumhuriyat deb e’lon qilmoq kerak.

Deputat Sodiqboev: Bolshovoylar Turkistonni muxtor jumhuriyat deb e’lon etmas ekanlar, unda muxtor jumhuriyat deb e’lon qilishimizga qarshilik ko‘rsatmasinlar. Ovro‘paliklar bizning ichki ishlarimizga aralashmasinlar. Chunki islom dini davlatni demokratik tarzda boshqarishga qarshi emas-ku.

Deputat Aminxon To‘ra: Turkiston 50 yildan buyon Rusiya hukumati qo‘li ostida. Ruslar bosib olgach, yerli aholining diniy, milliy sud ishlariga darrov aralashmasada, asta-sekin o‘lka hayotining hamma jabhalariga qo‘l cho‘za boshladilar. Fevral inqilobidan so‘ng Turkiston xalqi ozodlikka erishdik, deb xursand bo‘lgandi. Bolshovoylar hokimiyat tepasiga kelgandan so‘ng zudlik bilan muxtoriyat e’lon qilish zarurati tug‘ildi. Aytishlaricha, bolshovoylar urush e’lon qilarmish. Mayli, lekin ular turkiy musulmonlar diniy, milliy huquqlarini himoya qilish uchun qondan (o‘limdan ham — Sh. D.) qo‘rqmasligini unutmasinlar.

S’ezd Turkiston taraqqiyotini belgilab beruvchi tarixiy hujjatlar qabul qildi. Kabul qilingan qarorlarda demokratik kayfiyatdagi musulmon ziyolilarining fikrlari ham o‘z ifodasini topdi.

002 Muftiy Mahmudxo‘ja Behbudiy o‘z ma’ruzasida s’ezdning Turkiston xalqlari tarixida ulkan ijobiy, tarixiy hodisa va burilish davri ekanini ta’kidlab, «S’ezdimiz qabul qilayotgan qarorlar shuning uchun ham ahamiyatliki, unda Turkiston aholisining ovro‘palik vakillari ham ishtirok etmoqdalar»[2], dedi. M. Behbudiy s’ezd rayosatida musulmonlar bilan bir qatorda nasroniy guruhlarning delegatlaridan ham vakillar bo‘lishini yoqlab chiqdi. Uni viloyatdan kelgan deputatlarning ko‘pchiligi qo‘llab-quvvatladi. Qo‘qonlik bir deputat M. Behbudiy fikrini davom ettirib, quyidagilarni qo‘shib qo‘ydi: «Biz s’ezd hay’atiga viloyatlar bo‘yicha emas, balki qaysi dinga mansubligi va milliy etnik guruhlariga qarab, keng fikrli, bilimli va ishbilarmon kishilarni saylashimiz kerak»[3]. Natijada demokratik musulmon ziyolilari talabi bilan Turkiston aholisining ovro‘palik qismi vakillari ham s’ezdda teng huquqli bo‘lib ishtirok etdilar.

1917 yilning 28 noyabrida, s’ezd qabul qilgan rezolyutsiyada quyidagilar o‘z aksini topdi. «S’ezd Turkistonda yashayotgan xalqlar irodasini ifoda etib, Buyuk Rusiya inqilobi bergan millatlarning o‘z taqdirini o‘zi belgilash huquqiidan kelib chiqib, Turkistonni Rossiya Federatsiyasi tarkibidagi ma’muriy muxtor jumhuriyat deb e’lon qildi. Muxtoriyat huquqi Turkiston ta’sis majlisida qonunlashtirildi va Turkistondagi kamsonli millatlar, elatlar huquqi himoya qilinajagi tantanali ravishda e’lon etildi[4]. Tuzilgan hukumat o‘z nomini 28 noyabr kuni «TURKISTON MUXTORIYaTI» deb atadi. Butunrusiya ta’sis majlisida Turkistonning muxtoriyat huquqi rasman tan olinishi talab qilindi.

S’ezd Butunrusiya ta’sis majlisini chaqirish, qabul qilingan qarorlarga muvofiq butun hokimiyatni to‘laligicha «Vaqtli Turkiston Sho‘rosi» va «Turkiston Xalq Boshqaruvi» ixtiyoriga berishni talab etdi. Butunrusiya ta’sis majlisiga boradigan Turkiston Vaqtli Sho‘rosining tarkibi 32 deputatdan iborat edi. Deputatlarning uchdan bir qismini ovro‘paliklar tashkil etdi. Chunki muxtor hukumatning yuqori idoralarida yirik etnik guruhlarning o‘rni kafolatlangan edi.

«S’ezdda delegatlar iqtisodiy masalalarga ham alohida e’tibor berdi. Muxtor jumhuriyat inglizlardan harbiy yordam bilan bir qatorda iqtisodiy yordam ham olajagini, jumladan o‘lkada ochlik hukm surayotgan bir vaqtda tayyorlov narxi bo‘yicha non xarid qilish, oziq-ovqat mahsulotlari, jumladan non mahsulotlarini paxtaga, junga almashtirish to‘g‘risida kelishib olindi»[5].

Bo‘lajak davlat mafkurasida islom dini g‘oyalari hukmronligi tan olingandi. «1917 yil sentyabr oyidagi «O‘lka musulmonlarining Oliy Kengashi»da musulmonlar o‘z huquqini aniqlash yo‘lida, umuminsoniyat taraqqiyotiga yetishishda Qur’on va shariat qonunlarida ko‘rsatilganidan boshqa to‘g‘ri yo‘l yo‘q»[6], deb ta’kidlangandi. S’ezd o‘z ishini yakunlash arafasida qonun chiqaruvchi va nazorat qiluvchi parlament a’zolarini sayladi va yana bir karra Turkiston muxtor jumhuriyat deb e’lon qilinganini tantanali ravishda takrorladi. Deputatlar bu so‘zlarni tik turib tingladilar, xudoga shukronalik bildirib, «Qur’on» suralaridan tilovat qildilar.

Qo‘qon shahrida e’lon qilingan muxtoriyatning miqyosi kun sayin kengaya bordi va butun Turkistonga yoyilib, Turkiston muxtoriyatiga aylandi.

Turli siyosiy oqimlar muxtoriyatga turlicha munosabatda bo‘ldilar. O‘lkadagi sotsial inqilobchilar, kadetlar (konstitutsion demokratlar) va hattoki harbiy xalq boshqaruvi yoki Gubernator kantselyariyasining chinovniklar tashkiloti ham uni Turkistondagi yagona qonuniy hokimiyat ekanligini tan oldilar.

«Ulug‘ Turkiston» gazetasining 1918 yil 19 yanvar sonida berilgan xabarga qaraganda, 1918 yilning 7—10 yanvarida Qo‘qon shahrida Turkiston sotsial-inqilobchilar partiyasining II s’ezdi bo‘lib o‘tadi. S’ezdda Qo‘qon, Skobelev, Andijon, Marv, Samarqand, Ashxobod, Qizil Arvot shaharlari va neft konlaridan vakil bo‘lib kelgan delegatlar qatnashadilar. S’ezdda Turkiston muxtoriyatini yoqlash haqida bir ovozdan qaror qabul qilinadi.

Muxtoriyatni qo‘llab-quvvatlashga bag‘ishlangan namoyishning eng kattasi 13 dekabr kuni Toshkentda bo‘lib o‘tadi. Bungacha Turkiston XKSining ham, hukmron partiya ma’muriyatining ham Qo‘qon muxtoriyati va Toshkentda o‘tkaziladigan bayram mitingiga munosabati unchalik aniq emasdi. Shunga qaramasdan ToshSovet miting o‘tishiga ruxsat beradi hamda shaharda to‘la tartib saqlanishini shahar garnizoni boshlig‘i Stasikov zimmasiga yuklaydi. Ammo tinch o‘tayotgan namoyishning qonli tugashiga kapitan Frolov boshliq shahar harbiy bo‘linmasi sabab tug‘diradi. Frolovchilar namoyishchilarning qudratli to‘lqinidan foydalanib, Turkistonni mustamlaka holida saqlab qolmoqchi bo‘lgan va musulmonlar bilan nasroniylar o‘rtasida janjal chiqarishga ustasi farang graf G. Dorrerni ozod qilmoqchi bo‘lgan edilar. Qonli to‘qnashuvda namoyishchilardan 15 kishi, askarlardan bir kishi o‘ldiriladi.

…O‘n sakkizinchi yilning qishi Qo‘qon uchun nihoyatda og‘ir keldi. Qo‘qonda ro‘y berayotgan voqealar silsilasi butun Turkistonni qamrab oldi. Shaharda ikki hokimiyatchilik hukm surardi. Qo‘qon Sho‘rosi va muxtoriyat hukumati o‘zlaricha bir-biriga zid qarorlar chiqarar va o‘zlaricha ish tutardi. Qo‘qonda bo‘layotgan voqealarning asl mohiyati quyi tabaqa vakillari ongiga singib ulgurmagandi. Qo‘qon shahar Sho‘rosi shaharning yangi qismida hokimlik qilib, asosan temir yo‘l va paxta zavodlarida ishlaydigan ovro‘palik ishchilarga, shahar garnizoniga, Qo‘qon qal’asidagi (sobiq Qo‘qon xoni O‘rdasi) podsho armiyasining halicha uy-uylariga tarqalib ulgurmagan askarlariga suyanardi. Qal’ada doimiy yashayotgan askarlar soni bor-yo‘g‘i 16 kishi edi. Podsho armiyasining qolgan-qutgan askarlari qorin tashvishi bilan Qo‘qon atrofida izg‘ib yurardi. Samarqandda esa (hozirgi Xo‘jand atrofida) jahon urushining 8 mingdan ortiq harbiy asirlarini 8 ta askar qo‘riqlardi. (Birinchi jahon urushining 41 ming 285 ta harbiy asiri Turkistonda saqlanardi[7].)

Shahar garnizonidagi qurollarning bir qismi shahar dumasining qarori bilan muxtor hukumat foydasiga musodara qilingandi. Qal’adagi egasiz yotgan qurollar ishchilarga tarqatildi. Va qal’adagi qurolli kishilar soni 33 taga yetkazildi.

Fevral oyining boshlarida Qo‘qonda ro‘y berayotgan voqealar ancha jiddiy tus olgan edi. 11—12 fevralga o‘tar kechasi bir guruh noma’lum kishilar qal’aga bostirib kirdilar. 12 fevral kuni qal’adagilarga Sazonov Toshkentdan olib kelgan qurollarni tarqatdi va kechgacha qal’a himoyachilarining soni 400 kishiga yetkazildi. 13 fevral kuni esa qal’adagilarga Andijon va Skobelevdan 120 ta yaxshi qurollangan askar, Perovskdan esa 80 ta askar yordamga keldi. Uch-to‘rt kun ichida qal’a himoyachilarining soni 600 dan oshib ketdi.

012Qo‘qon qal’asiga hujum

Turkiston muxtoriyati ildiziga qay tariqa bolta urishni bilolmayotgan qizil gvardiyachilar, nihoyat har xil mish-mishlardan ustalik bilan foydalanadi. Buni kir niyatli Sazonovning xotiralaridan ham bilsa bo‘ladi.

«Qo‘qon hukumati va Qo‘qon voqealari asta-sekin jiddiylashib, kuchayib borardi. Posetovskadagi s’ezdga qadar, markazdan kelgan Islom Shohiahmatov Turkiston muxtoriyatining imkoniyatlari haqida otashin nutq so‘zladi.

…Muxtor hukumat Sovetlardan musulmon delegatlarini chaqirib oldi (ular Sovetlarda ko‘pchilikni tashkil qilardi) va ulardan, jangchi hamda dehqonlardan iborat parlament yaratdi. Boylar qurollanayotgan emish, muxtor hukumat qandaydir jangga tayyorlanayotganmish, allaqaerlardan qurollar olayotganmish degan uzun-quloq gaplar yurardi. Haqiqatan ham mahalliy boylar va aholining badavlat qatlami banklardan pullarini olardilar. Temir yo‘lchilarimiz muxtor hukumat nomiga kelayotgan yukni tekshirib qurol-yarog‘ topgan emish, degan gaplar kuloqqa chalinib turardi. Vaqt o‘tgan sari bunday gaplar ko‘payaverdi. Qo‘qon hukumati Sovetlarsiz buyruqlar chiqara boshladi. Turkiston xalqlari bu buyruqlarga so‘zsiz itoat etishi haqida ovozalar tarqatdilar. Shunday qilib, Qo‘qon hukumati Sovet hukumatining obro‘yiga putur yetkaza boshladi.

O‘lkada shundayin nozik ahvol hukm surayotgan bir vaqtda, avvaliga Ashxobodda temiryo‘lchilarning III s’ezdiga, so‘ngra Toshkentda Sovetlarning s’ezdida ishtirok etishimga to‘g‘ri keldi.

S’ezd o‘tayotgan vaqtda, Qo‘qon Sovetining raisi Babushkin topshirig‘i bilan kelgan 2 askar men bilan uchrashdi va Toshkentdan qurolli yordam ko‘rsatish zarurligini aytib, Qo‘qon muxtor hukumati hujumga tayyorlanayotgani to‘g‘risidagi nomani menga topshirdi. Agar Toshkentdan yordam yuborilmasa Babushkinning o‘zi Toshkentga kelishi maktubda ta’kidlangan edi. Men ahvol to‘g‘risida Tobolinni voqif etdim. Tobolin Qo‘qondan kelgan askarlarni qabul qildi. Qal’a dorug‘asi (komendanti) Yakimenkoni chaqirdi va bizlarga 300 ta miltiq, pulemyot va boshqa qurol-yarog‘ berishga rozi bo‘ldi.

Men Qo‘qonga qurollarni sezdirmasdan olib borib Meshenkovga topshirishni maslahat berdim, chunki Qo‘qon qal’asining dorug‘asi Zinchenko ishonchsiz kishi edi.

O‘zimni rostlab oldim va uch kundan keyin Qo‘qonga jo‘nadim. Qo‘qonga kirib borishimiz arafasida parovozchilar brigadasida ma’ruza qildim. Go‘yo shaharda osoyishtalik hukm surardi. Qo‘shnilarimizning aytishlariga qaraganda, tunda shaharda otishma bo‘lganmish. Men voqeani bilish uchun stantsiyaga bordim. Stantsiyada temiryo‘lchilar bilan Konovalov va Rilov birga ekan. Babushkin tunda muxtoriyatchilar rus zobitlari boshchiligida ularga qanday hujum qilganini so‘zlab berdi… Qisqagina bo‘lib o‘tgan otishmada qatnashishga to‘g‘ri keldi. Qizil gvardiyachi soqchilardan biriga o‘q tegib nobud bo‘ldi. Babushkin xotini bilan panaroq joyga yashirindilar. Ko‘chada go‘yoki, hammayoq jimjit, hamma o‘zi bilan o‘zi ovora edi. Shahar telefon stantsiyasi ishlamayotgandi. Otishmani kim boshlaganini aniqlamoq zarur edi. Temiryo‘lchilar menga va Nikolaenkoga (partiyasiz) majlisga qatnashish uchun mandat berishdi.

Biz shahar telefon stantsiyasi tomon jo‘nadik. Telefon xizmatchilarining deyarli hammasi joy-joyida, yangi shahar aloqa tarmog‘i ajratilgan. Men aloqachi ayolga «Eski shaharni uzib, Yangi shaharni ulang», deb buyruq berdim. Aloqachi ayol esa bizga ikkilanib, Yangi shaharni qo‘sholmasligini aytdi. Ma’lum bo‘lishicha, kechasi rus zobiti boshchiligida bir qism kelib, Yangi shaharni uzib, Eski shaharni uzmaslikni buyurib ketibdi. Zobitlarning o‘zaro telefondagi suhbatidan ularning biri imom bilan qal’a tomon jo‘nayotganini, ikkinchisi esa telefon stantsiyasida ertalabgacha navbatchilik qilishni zimmasiga olganini angladim. Ular 73-raqamga telefon qilishni kelishib olishdi. Bu Qo‘qon muxtoriyati hukumatining telefon raqami ekan.

Endi hammasi tushunarli bo‘ldi. Qo‘qon hukumati hujum taraddudida. Men telefonchi juvonga: «Eski shaharni uzib, Yangi shaharni ulang», deb buyruq berdim. Va 73-raqamga qo‘ng‘iroq qilib hukumat a’zolaridan birortasi bormi, deb so‘radim, aksiga olib hech kim yo‘q ekan. Telefonda gaplashgan kishiga hukumat a’zolarining birortasi bilan soat 4 larda gaplashmoqchi ekanimni aytdim.

Qal’aga kirib borganimizda bir necha marta hujum qilib, uni anchagina vayron qilgan ekanlar. Qal’a dorug‘asini bizga nisbatan xoinlik qilgan uchun qamab qo‘yibdi. Temiryo‘l stantsiyasidan turib, Babushkin noma yuboribdi. Unda «Zigel, Cho‘qaev va uning kotibini qamoqqa olinglar», deb yozilgan ekan. Ikkala qizil gvardiyachi askar bilan birga ularni qamoqqa olish uchun jo‘nadim. Zigel ham, Cho‘qaev ham uylarida yo‘q ekan. Uylarini rosa tintuv qildik. Kotibini uyidan topdik va uni qal’aga olib keldik. U bizga muxtor hukumat a’zolarining ro‘yxatini va rus zobitlarining ism shariflarini aytib berdi.

Telefon stantsiyasida qolgan Nikolaenkoga 12 kishini yordamga yubordim. Telefonda kelishib olganimizday soat 4 larda ekipaj keldi. Men va Nikolaenko jin ko‘cha bo‘ylab yo‘lga chiqdik. Bizning yo‘ldoshimiz musulmon bo‘lib, Sho‘rolarning sobiq a’zolaridan ekan. Yo‘l-yo‘lakay suhbatlashib keldik. Uning aytishicha, muxtor hukumatning ixtiyorida qurol-yarog‘ va odamlari juda ko‘p bo‘lib, ularni shaharda nafaqat sartlar va qirg‘izlar, balki, tojiklar, forslar, lazginlar ham qo‘llab-quvvatlayotgan ekan.

Qo‘qon muxtor hukumati Eski shahardagi ovro‘pacha uslubda qurilgan eng katta uyda, sobiq «Provodnik» firmasining binosida joylashgan edi.

Bizni M. Cho‘qaev yuzida iliq tabassum bilan kutib oldi va dasturxonga, choyga taklif qildi. Umuman mehmonga bo‘lganday munosabatda bo‘ldi. So‘ngra kimligimizni va nima uchun kelganimizni surishtirdi. Biz unga kechasi ro‘y bergan voqeani aytib berganimizda, uning rangi oqarib tutaqib ketdi va yordamchisini chaqirib, unga baland ovozda: «Men hukumat boshlig‘iman, mening ruxsatimsiz nimalar bo‘lyapti? Axir bizning Sho‘ro hukumati bilan tinch-totuv yashash to‘g‘risida qabul qilgan qarorimiz borku!» deb baqirdi. Shu vaqt men gapga aralashdim: «Kelishish kech emas, ro‘y bergan voqeani tekshirish o‘z yo‘li bilan, yaxshisi muzokarani davom ettiramiz. Kelinglar, sizlar nimani talab qilsangiz, bizlar yozib olamiz. Ko‘rinib turibdiki, sizlar monarxist emas, ozodlik tarafdorisizlar». Shunda M. Cho‘qaev: «Ozodlikni sizlarday qo‘llash bizga to‘g‘ri kelmaydi, to‘g‘ri, sizning millatingiz madaniyatli, sizlarning bunaqangi ozodliklaringizga bizning musulmon xalqimiz cho‘kib ketadi», dedi… Nikolaenko kotib sifatida talab bandlarini yozib ola boshladi. Jumladan, 7-bandda «Sud yuritish va huquqiy norma qoidalari Shariatga asoslanib, yer masalasi o‘z holicha qoldirilsin, ayollarning yuzi ochilmasin, odatdagiday eriga tobe holda qoldirilsin va hokazolar», deyilgandi. So‘ngra u Qo‘qonda ovro‘paliklarning faqatgina madaniyatli qatlamini, ya’ni, temiryo‘lchilar, telegrafchilar va boshqalarni qoldirish taklifini kiritdi. Ularga katta maosh to‘lashga va’da ham berdi.

Shunda Yusuf Davidov kiborlik bilan: «Bu yerda nima qilasizlar», dedi. Bundan Cho‘qaev hayajonlanib: «Hukumat boshlig‘i menman-ku! Biz Sho‘rolar hukumati oldiga o‘z talablarimizni qo‘yib, ular bilan kelishib olamiz», dedi. Yusuf Davidov yana: «Qo‘ysangiz-chi!» deb Cho‘qaevning gapini bo‘ldi. «Biz bu shartlarni tan olmaymiz», dedi va Nikolaenkodan: «Siz kim bo‘lasiz?» deb so‘radi. Men unga mandatimni ko‘rsatdim. «Men ham rasmiy shaxsman va rasmiy ravishda aytamanki, sizlar bilan kelisha olmaymiz. Men unga birodarkush bo‘lishi aniq ekan-da, dedim. «Katta ketmang, sizlar bilan va sizlarning xalqingiz bilan hisob-kitob qilishga bizning kuchimiz yetadi», dedi Yu. Davidov.

Nima ham qilardik. Biz kelisholmay quruq qaytdik. Men qal’adagilarni ogohlantirish uchun u yoqqa bordim. Keyin yangi Revkomga (inqilobiy qo‘mita) muzokara yakunlari to‘g‘risida hisobot berdim. Temiryo‘lchilar bilan umumiy yig‘ilish o‘tkazdik va Revkom a’zolarini sayladik. Revkom a’zoligiga Konovalov, Rilov, Nikolaenko va men saylandim. Ularning ko‘pchiligi harbiy emas, harb ishiga uquvsizroq edi. Mening majlis ahliga bergan hisobotimdan so‘ng ko‘pchilik jang qilamiz, degan fikrni oldinga surdi. Es-hushni joyga qo‘yib, shoshmasdan ish qilish kerak edi. Qurol-yarog‘lar bizda juda kam, bor-yo‘g‘i 50 kishida bor, xolos. Garnizonda 38 kishimiz, shahar tashqarisida 8 ming chexoslovak harbiy asirlari bor… Kim biladi, ularning qaysi tomonda turib jang qilishini. Eski shahar bizga notanish. Buning ustiga harbiylar oramizda juda kamchilik. Demak, urishishdan foyda yo‘q. Qal’ani mudofaaga tayyorlash, Toshkent va Skobelevdan madad kutishga qaror qildik.

Xohlaymizmi, yo‘qmi, biz shunday yo‘l tutishga majbur edik. Bir kishini navbatchilikda qoldirib, qolganlarimiz mudofaa ishlari bilan ovora bo‘ldik. Kechasi soat 3 larda Mesxi meni uyg‘otib: «Yo‘l berdi, Osipov kelyapti», dedi… Yangi saylangan revkom raisi Toshkentga, Kolesovga o‘zining saylanganligini va Qo‘qonda bo‘layotgan voqealar to‘g‘risida telegramma berdi.

Poezd yetib keldi. Men ularga choy, non hozirlab qo‘ygandim. Askarlar shovqin ko‘tarib: «Biz sartlarni tinchitib qo‘yamiz!», deb hovliqib kirib keldilar. Osipov bilan uning qism zambarakchisi Ponomaryov ham kelgan ekan. Yaxshi qurollangan 120 kishi yordamga kelishdi. (K. Osipov Skobelevdan 4 zambarak, 5 pulemyot bilan keladi. U Skobelev harbiy drujinasining komandiri edi — Sh. D.) Men Osipov bilan kelishib oldim. Qurol-yarog‘larni sezdirmasdan qal’aga joylashtirdik. Osipovning talabi bilan revkom qal’aning doimiy vakili sifatida meni va Nikolaenkoni uning ixtiyoriga berdi. Qal’aga yordam berish uchun Udalov, Belenko, Shishkov, Vershininlar ham kelishdi. Bizga Osipov qo‘mondonlik qildi. Artilleriyachilarga Ponomaryov bosh bo‘ldi.

…Biz majlis o‘tkazdik va Qo‘qon hukumatiga quyidagi mazmunda keskin talabnoma berishni kelishib oldik:

1. Ertaga kunduz soat uchgacha qurol-yarog‘larni Voskresenskiy maydoniga olib kelib topshirsin;

2. Muxtor hukumat taslim bo‘lsin va Sho‘ro hukumati tan olinsin, — degan talablar bor edi.

Shunday qaltis vaziyatda temiryo‘lchilar orasida intizom bo‘shligi sezilib qoldi. Ular goh revkom buyrug‘ini bajarmasdi, goho mast-alast bo‘lib daydib yurardi. Temiryo‘lchilar yig‘ilish o‘tkazdilar. Majlisda mudofaamizning nozik tomonlari to‘g‘risida gap-so‘zlar bo‘ldi. Xo‘jand tomondan hujum xavfi borligi sababli, Xo‘jand ko‘prigini portlatish yoki portlatmaslik masalasi ko‘rildi. Agar ko‘prik portlatilsa, Toshkentdan bizga non va oziq-ovqat mahsulotlari kelmay qolardi. Bu masalada bahs ancha qizidi. Nikolaenko ko‘prikni portlatmaslikni qattiq turib talab qildi. Biz uni Revkom tarkibidan chiqardik va Chapliginni sayladik. Revkom qattiq turib shunday buyruq berdi. «Xo‘jand ko‘prigi portlatilsin, qarshilik ko‘rsatganlar otib tashlansin!»

Ertasiga Bilenko va men talabnomani topshirgani bordik. Bizni yana Cho‘qaev iliq kutib oldi, dasturxonga taklif qilib choy uzatdi. Biz albatta rad etdik va unga xatjildni berdik. U xatjildni ochib o‘qidi va boshqa nozirlarga uzatdi. Menimcha, uning yolg‘iz o‘zi bunday savollarni hal etishga vakolati yo‘q ekan.

Birgalikda soatlarimizni to‘g‘riladik va vaqtni belgilab orqaga qaytdik. Cho‘qaev yana bizni ehtirom bilan kuzatib qo‘ydi va yarim yo‘lgacha soqchi ham berdi. Soat 3, shaharda jimjitlik, hech kim Voskresenskiy maydoniga kelib qurolini tashlamayapti. Faqat alla aytayotgan ayolning ovozi elas-elas quloqqa chalinadi. Soat 3 yarimlarda «Provodnik» tomon zambarakdan bir necha marta o‘q uzdik. Shaharni vayron qilmaslikka qaror qildik va hukumatning yana bir kun o‘ylab ko‘rishi uchun muhlat berdik.

Qal’adagi soqchilarning sonini ko‘paytirib, ularni sergaklikka chaqirdik. Umuman, Osipov harbiy ishlarni yaxshi yo‘lga qo‘ydi. Ertalab Osipov harbiy kuchlarimizni uch guruhga bo‘ldi va 40 kishini o‘zi bilan birga olib, Eski shaharga muxtor hukumat vakillarini qamoqqa olish uchun yo‘l oldi. Ikkinchi guruh esa har ehtimolga qarshi qal’ani qo‘riqlash uchun qoldi.

Qal’a mudofaachilarini asosan temiryo‘lchilar va arman dashnoqlari tashkil qilardi. Keyinroq aytishlaricha, ayrim uylardan tartibsiz o‘q otilganini hisobga olmaganda, bo‘linmamiz shaharga emin-erkin kirib boribdi. Biznikilar ham o‘sha uylarga qarata o‘q uzibdi va kichkina qurollangan to‘da bilan to‘qnashibdi. Askarlarning aytishicha, bu jangda forslar alohida namuna ko‘rsatganmish. Ular bilan bo‘lgan birinchi to‘qnashuvda 5 kishi yarador qilinibdi, ikkinchi to‘qnashuvda bir kishi o‘ldirilib, 2 kishi jarohatlanibdi.

Bo‘linmamiz ancha vaqt hayallab qoldi. Qorong‘u tusha boshladi, ulardan esa hamon darak yo‘q. Telefon stantsiyasidan «Biz tomonga musulmon otryadi kelyapti, nima qilaylik?» deb shoshilinch telefon qildilar. Men ularga «Elektrni ajratib, hammang uy-uylaringga tarqalinglar», deb buyruq berdim.

Montyor stantsiyadan zarur ish qurollari bilan yonimizga yetib keldi va qal’ani stantsiya bilan qayta uladi.

Qosh qorayganda otryadimiz horg‘in holda qaytib keldi. Muxtor hukumat imi-jimida, sezdirmasdan joyini almashtirgan ekan. Ochiq hujum qilishimiz uchun hali kuchimiz kam edi. Hujum uyushtirmaslikka kelishdik. Qal’a mudofaachilari esa ancha charchagan edi.

Ikkinchi kuni ikkala tomon ham tinchib qoldi. Ayg‘oqchilarimiz ularning ayg‘oqchisini tutib olibdi. Uni so‘roq qilganimizda: «Sizlarning qurollaringiz oz. Bilaman, meni otib tashlaysizlar, lekin biznikilar sizni polkingiz bilan qirib tashlaydi», deb javob berdi… Qal’aning sobiq dorug‘asi Zinchenko Toshkentdan yordam kelishini bilmasdi, xoinligi tufayli uni yerto‘laga qamab qo‘ygandik. Musulmonlar tunda qal’a va stantsiyaga bir vaqtda hujum qilishga urinib ko‘rdilar. 10 minglar atrofida qurolsiz olomon oq kiyimda qal’a tomon yopirilib kela boshladi. Ularni orqasidan qurollangan forslar quvib kelayotgandi. Yarim soatlardan keyin bu holat yana takrorlandi. Hujumni qal’a mudofaachilari qaytardilar. Oraliqdagi Pugas ko‘chasida 30 ovro‘palikni musulmonlar bo‘g‘izlab o‘ldiribdi. Qal’aga eng yaqin bo‘lgan Veryovkin stantsiyasidan yordam so‘radik. Tezda 80 kishidan iborat Perovskiy boshchiligida qism yetib keldi.

Qo‘qon hukumati ochiq jangda yengolmasliklariga ko‘zi yetib, boshqacha yo‘l tuta boshladi. Bizga delegatsiya yuborib taslim bo‘lishni taklif etishdi: «Bizning kuchimiz ham, qurolimiz ham ko‘p. Kazaklar bizga yordamga kelayapti. Sizlarni qirib tashlashni ham, qon to‘kilishini ham xohlamayapmiz». Albatta, biz taklifni rad etdik.

Qo‘qon hukumati yana delegatsiya yuborib: «Taslim bo‘linglar, muxtoriyat tarkibida endi ulamo va boylar yo‘q», deb aytishdi. Muzokara ketayotgan bir vaqtda soqchi askarlardan biri yugurib kelib, «qal’aga hujum qilishyapti», deb qichqirdi. Ular bizni chalg‘itib, ayyorlik qilgan ekanlar. Imkoniyatdan foydalanib, yaqinimizdagi binoni kerosin quyib yoqib yubordilar. Shamol qora tutunni biz tomonga hayday boshladi, tutun orasidan 40 ga yaqin kishi yashirinib hujumga o‘tdi. Oq bayroq ko‘targan turk zobiti kiyimidagi bir necha kishi shamoldek uchib kelardi. Soqchilar ularni otishga ulgurdilar. Hujum qaytarilgandan keyin o‘lgan zobitni tintib ko‘rsak, yonidan katta portlatish quvvatiga ega bo‘lgan 2 bomba topildi. Ma’lum bo‘lishicha, unga qal’a darvozasini portlatish topshirilgan ekan. Darvoza ochilgach, asosiy piyoda qismlar qal’aga yorib kirishi ko‘zda tutilganini angladik.

Musulmonlarning yana bir ayg‘oqchisini tutib olib so‘roq qildik. Uning aytishicha, M. Chanishevning o‘zi, tunda qal’aga hujum boshlash uchun arqondan narvon yasab 400 tacha kishini tayyorlayotgan ekan. Tunda rostdan ham hujum bo‘ldi. Biz uni qaytardik.

Ular besh martacha delegatsiya yubordi. Muxtoriyatchilar qurolini tashlab Sho‘ro hokimiyatini tan olmasa, muzokara olib borishdan bosh tortishimizni aytdik. Shunda ular stantsiyaga, revkomga murojaat qilibdi va harbiy ishda uquvsiz temiryo‘lchilar bilan kelishib olibdilar. Kelishuvga binoat, «kechasi soat 12 larda O‘rdadagi (qal’adagi) qo‘ng‘iroq chalinganda, musulmonlar qal’aga kirib namozimizni o‘qib, keyin taslim bo‘lamiz», deb aytibdilar. Osipov va men ularning bu taklifini rad etdik.

…Oq xalat kiygan musulmonlar to‘dasi qal’a tomon yopirilib kelardi. Ular yo‘l-yo‘lakay binolarga o‘t qo‘yib, hammayoqni tutunga botirardi. Men dashnoqlar yordamida ularning hujumini yana bir bor qaytardim. Bunaqangi hujumlardan biz haddan tashqari charchadik. Qal’ada oziq-ovqat yetishmovchiligi ham sezila boshladi.

Keyingi kun muxtoriyatchilar yana muzokara olib borishni, yarashishni taklif qilishdi. Ular tuzgan delegatsiya tarkibining teng yarmini ovro‘paliklar, qolganini yerli xalq vakillari tashkil etardi. Biz yana muzokara olib borishga rozi bo‘ldik. Chunki Toshkentdan yordam kutayotgan edik. Muzokaralar «Rus-Osiyo» banki binosida o‘tkazildi. Yarashish bitimini o‘tkazishga kelishib oldik. Lekin muxtoriyatchilar Yangi shaharga o‘q uzishdan o‘zini tiya olmadi. Muzokaralarni qal’aga yaqinroq joyda o‘tkazilishini qattiq turib talab qildik va bunga erishdik ham. Muzokaralar davomida muxtor hukumat tomonidan, ko‘rinishidan ovro‘palik zobitlardan bo‘lsa kerak, rus tilida erkin gapirardi. U «hamma gap harbiy guruhda, shaxsan Chanishev yerli xalq ustidan diktatura o‘rnatmoqchi. Chanishev hibsga olinmas ekan, hech qanday muzokaradan naf chiqmaydi. Yarash bitimi imzolanayotgan bo‘lishidan qat’iy nazar, ularning hujum qilib qolmasligiga hech kim kafolat berolmaydi. Agar shunday holat ro‘y bersa, bizning hayotimiz garovga tikilib qolishi mumkin», dedi va Chanishevni qo‘llab-quvvatlovchilar orasida Sho‘ro hukumatining ashaddiy dushmani sanalgan Mulla Boy borligini ham alohida ta’kidladi.

Muzokaraning ikkinchi kuni delegatsiyamiz qaytib keldi. Ergash o‘zini xon deb e’lon qilibdi. U bo‘ysunmayotganlarni otib tashlayotgan emish. Qal’aga Gushin kirib keldi va «hech qanaqa jiddiy harakat qilinmasin, ertalab Perfilev Toshkentdan yetib keladi. Kazaklar qurolsizlantirildi», dedi. Biz Qo‘qon muxtoriyati delegatsiyasi bilan o‘tayotgan muzokara vaqtini turli bahonalar bilan cho‘za boshladik. Ertalab Ye. Perfilev otryadi bilan yetib keldi (podsho armiyasining 28 yoshli sobiq poruchigi, Turkiston o‘lkasining harbiy komissari — Sh. D.). Va shu kuniyoq Eski shaharni yondiruvchi snaryadlar bilan to‘pga tutdi. Menimcha, bunday qilishning sira harbiy zarurati yo‘q edi.

Eski shaharda dahshatli talon-toroj va yong‘in boshlandi. Sarosimaga tushgan Eski shahar aholisi orqa-oldiga qaramasdan, uylari va qimmatbaho molu mulklarini tashlab jonholatda duch kelgan tomonga qocha boshladi. Talon-torojlikday gunoh ishlardan askarlarni to‘xtatib qololmadik. Otish va yong‘inda ko‘plab begunoh kishilar halok bo‘ldi. Shahar huvillab qoldi. Qolgan-qutgan aholi yordamga muhtoj edi. Biz ular uchun oshxonalar tashkil etdik.

Mahalliy burjuylardan Potelyaxov, Vadyaev va boshqalar ishchilarga pul berishdan bosh tortibdi. Ularni qamoqqa olib, ishchilarga pul olib kelish uchun Toshkentga jo‘nadik. Muxtor hukumat tor-mor etilgandan so‘ng besh martacha kengash chaqirdik, faqat yettinchi kuni yig‘ilishga ulgurdik. (Chunki, qizil gvardiyachilar o‘rtasida tartibsizliklar hukmron bo‘lib, «g‘olib»lar yetti kungacha talon-toroj bilan shug‘ullangan edi — Sh. D.) Majlisdan revkomni qo‘rqoqlikda ayblab sud qildik. Babushkin majlisda so‘zga chiqib: «Revkom eng og‘ir kunda yashirindi, qo‘rqoqlik qildi», deb aybladi.

Ikki marta saylov o‘tkazdik, ikkinchisida bolshovoylar ko‘proq ovoz oldi.

Osipovni bayramona tarzda, mushaklar otib kuzatib qo‘ydik. Darvoqe, kimdir unga suiqasd qilib o‘q uzdi, lekin o‘q tegmadi. Ye. Perfilev ham ular bilan birga Toshkentga jo‘nab ketdi»[8].

Quyidagi lavha ham (muallifini aniqlay olmadik) Qo‘qonni qonga botirishda faollik ko‘rsatgan qizil gvardiyachi qalamiga mansubdir.

«…Bizning harbiy qismimiz otishmalar ostida Qo‘qon vokzaliga kirib bordi va… dushman tomonidan faolroq harbiy harakat boshlanishini kutdik… Mana «Musulmonlar Harbiy Sho‘rosi» va «O‘lka musulmon deputatlari Sho‘rosi» tomonidan bizga taklif etilgan keskin talab shartlari:

1. Ishchi, dehqon va askar Qo‘qon Sho‘rosi musulmon deputatlari, ishchi, askar deputatlari Kengashi va «Gorodskoy samoupravlenie» idoralaridan birlashgan hukumat tuzish:

Ishchi, dehqon o‘lka Sho‘rosi va musulmon jangchilaridan 2 kishi;

«Sho‘roi islom» jamoasidan 2 kishi;

«Ulamo jamiyati»dan 2 kishi;

«Gorodskoy samoupravlenie»dan 2 kishi;

Ishchi, dehqon va askar deputatlari kengashining 4 ta vakilidan iborat hukumat tuzish.

2. Qo‘qon shahar qal’asi mazkur unitar (manfaatdor) hukumatning bevosita nazorati ostiga berilsin.

3. Qizil gvardiyachilar qurolsizlantirilsin.

4. Musulmon aholisi qurolsizlantirilsin (militsiya bundan istisno).

5. Ishchi, askar va musulmon dehqonlarining bevosita nazorati ostida milliy harbiy qism tashkil etilsin.

6. Musulmon deputatlari Kengashi va Xalq Komissarlari Soveti birgalikda, zudlik bilan Turkiston ta’sis majlisini chaqirsin.

7. Ikkala tomon ham, birodarkushlik voqealarini kuzatmasin va unda ishtirok etmasin.

8. Ikkala tomon ham o‘lganlar va yarador bo‘lganlar uchun gina saqlab, adovatda bo‘lmasin.

9. Xalq Komissarlari tomonidan tuzilgan yo‘l-yo‘riqlar Shariat qonunlariga zid kelsa, musulmonlar u yo‘l-yo‘riqlarga amal qilmaydi.

10. Shartnomaga imzo qo‘yilgan zahoti ikkala tomon ham bandilarni ozod etsin.

11. Aholidan tortib olingan molu mulklar mumkin qadar o‘z egalariga qaytarilsin.

Yarashuv konferentsiyasi Raisi nomiga. Muzokara olib borish uchun «Rus-Osiyo» banki yoniga kelasizlar. U yerdan sizlarni musulmon soqchilari Rusiya mehmonxonasigacha kuzatib borishadi. Muzokara «Kanishka» do‘konida o‘tkaziladi. Muzokara paytida ikkala tomon ham o‘q otishni to‘xtatib turishlari shart.

Javobini kunduz soat 4 gacha kutamiz.

Qo‘qon shahri, 16 fevral, 1918 yil.

«Vaqtinchalik Musulmon harbiy Kengashi Raisligini bajaruvchi (imzo)».

Qal’adagilar talabnoma shartlariga to‘pdan Eski shahar ustiga o‘q otish bilan javob berdi. Talabnoma shartlari qabul qilinmaganini sezgan Eski shahar musulmon mutaassiblari shahardagi ovro‘palik aholini bo‘g‘izlashga kirishib ketdilar. Yana musulmon delegatsiyasi keldi va shaharni o‘qqa tutish to‘xtatilmasa, o‘zaro dushmanlik butun o‘lkaga yoyilib ketishi mumkinligini aytdilar. «O‘lka musulmon deputatlari Sho‘rosi» tinchlikka erishish uchun boshqa chora-tadbirlar qidirmoqda, dedi.

Delegatsiyaga «biz sizlar bilan urushishdan qo‘rqmaymiz», deb javob berdik. Shaharni yana zambarakdan o‘qqa tutdik. Natijada musulmon qismlari Skobelev tomonga qocha boshladi. Shahardagi badavlat rus kishilari ham ular bilan birga edi.

…Eski shahar alanga ichida qoldi. Uchta harbiy yurishda demokratiya va sotsializm dushmanlari bilan qahramonlarcha jang qilgan qizil gvardiyachilar o‘zgalar molu mulkini talon-toroj qilishdan o‘zini tiyib turolmadi»[9].

Uchta harbiy yurishda «qahramonlik» ko‘rsatgan qurolli inqilobchilar Qo‘qonda o‘zgalar molu mulkini talon-toroj qildilar. Bu ham yetmaganday arman dashnoqlari bilan hamkorlikda Farg‘ona vodiysi xalqi boshiga tarix ko‘rmagan vahshiyliklarni soldilar.

«1918 yilning 19—26 yanvarida Toshkentda bo‘lib o‘tgan «Turkiston o‘lka Sovetlari»ning IV s’ezdi Qo‘qon muxtoriyati va hukumat a’zolarini qonundan tashqari, deb joriya etdi, hukumat a’zolarini hibsga olish haqida qaror qabul qildi»[10]. Ana shu qarorga binoan Qo‘qon qonga botirildi. Muxtor hukumatning 30 vakili (hukumatga aloqador bo‘lgan shaxslar) qamoqqa olindi. Ayrimlari qo‘lga tushgan zahotiyoq sudsiz otib tashlandi. Hukumat boshlig‘i M. Cho‘qaev Farg‘onaga, Farg‘onadan Qashqarga qochib ketishga majbur bo‘ldi. Shahar bir necha kun olov ichida qoldi. «O‘t ochish oqibatida 1000 dan ortiq do‘kon va do‘konchalar vayron etildi. 1500 kishi o‘ldirildi»[11]. «Qo‘qon hukumati tor-mor keltirilgandan so‘ng dashnoqlar guruhi Sho‘ro drujinasi bayrog‘i ostida shaharni 9 kun taladi. Qo‘qon kasalxonasida davolanayotgan bemor va yaradorlarni binosi bilan birga yoqib yubordi. Qo‘qon paxta tozalash zavodi ishchilarining 50 tasi oilasi bilan pichoqlab o‘ldirilgan»[12]. Shahar (Qo‘qon)ning 10 mahallasida so‘yilmagan odam qolmadi. Qisqa vaqtda 10 ming kishining yostig‘i quridi. Dashnoqlar vahshiylarcha odamlarning qo‘li, oyog‘ini chopdi, ayollarning esa ko‘kragini kesdi. Bolalarni esa jodu (beda qirqadigan asbob)dan o‘tkazdilar»[13]. Perfilev Toshkentga ketganidan so‘ng dashnoqlarning bir qismi qal’a himoyachisi sifatida qoldirilgan edi. Dashnoqlar 1915 yilgi turk-arman qirg‘inidan qochib, Turkistondan panoh topgandilar. 1919 yilning may oyida Dashnoqtsutyun partiyasi Kominterndan chiqariladi va qurolsizlantiriladi.

Qo‘qon partiya drujinasining sobiq vzvod komandiri Usmon Aliev quyidagicha yozadi: «Hal qiluvchi fevral kunlarida dashnoqlar do‘konlarni taladi, Potelyaxov idorasini yoqdi. Shahar roppa-rosa bir oy yondi. Oqibatda ocharchilik boshlandi». Farg‘onadagi birodarkushlikning faol qatnashchisi Matqovul Matfozilovning yozishicha, «So‘l eserlar, dashnoqlar va boshqalar Qo‘qon Sho‘rosiga kirib olib, yashirin ravishda xoinlik siyosatini olib bordilar. Bu partiyalarning maxsus qurollangan bo‘linmasi bosmachilarga qarshi kurash niqobi ostida yerlilarga nisbatan vahshiylik qildi, zo‘rladi va molu mulkini talon-toroj qildi». Dashnoqtsutyunchilar va qurolli inqilobchilar Suzoq, Bozorqo‘rg‘on aholisini qirg‘inga giriftor etdi.

Qisqa vaqtda ro‘y bergan vayronagarchilik, talon-toroj va vahshiyliklar butun Turkistonga yoyildi. Insoniy huquqi, e’tiqodi, oriyati toptalgan xalq qo‘zg‘aldi. Va bu holat xalq harakatiga, xalqning ommaviy qarshilik harakatiga, o‘ziga xos yo‘sindagi xalq noroziligiga va qo‘zg‘olonga aylanib ketdi. Biz, bu milliy ozodlik va qarshilik harakatini bosmachilik harakati, davrni esa bosmachilik davri deb atadik.

0023Muxtoriyat ag‘darilgandan so‘ng vayron etilgan Qo‘qon

Qo‘qon fojiasi turli xil siyosiy partiyalar va guruhlar ichida jiddiy noroziliklar keltirib chiqardi va sof vijdonli kishilarni oyoqqa turg‘azdi. Bu fojiadan jabrlangan xalqning qasoskorlik ruhida tarbiyalangan mard o‘g‘lonlari allaqachon xulosa chiqargandi. Toshkent shahar Sovetining 1919 yil 23 fevralidagi yig‘inida «Qo‘qon voqealariga doir va sotsialistik armiya» degan masala muhokama qilinadi. Unda Qo‘qonda sodir etilgan fojialarga siyosiy baho berishga, to‘g‘rirog‘i xaspo‘shlashga urinishlar bo‘ladi. Shu o‘rinda ana shu majlis ma’lumotnomasidan parchalar keltirishni lozim topdik. (Chunki unda ajdodlarimizning qizil gvardiyachilar tomonidan qanchalik vahshiylarcha o‘ldirilgani va demokratik kuchlarning fojialarni xolis baholashi qanchalik qarshilikka uchragani ayon bo‘ladi.)

Menshevik-internatsionalistlar fraktsiyasining boshlig‘i o‘rtoq Vaynshteyn (majlisni ochiq o‘tkazishni talab qiladi va ko‘rilayotgan masalaning ahamiyatiga to‘xtalib, quyidagicha fikr bildiradi): «Ko‘rilayotgan masalaga har tomonlama siyosiy baho berish bizni juda qiziqtiradi, ayniqsa jangovar bo‘linmaning jang paytida va jangdan keyingi xulq-atvori, zimmasiga yuklangan topshiriqqa munosabati va uni qanday bajarganligini bilishimiz lozim. Bu masalalar nafaqat bizni, balki butun jamiyatimizni, inqilobiy demokratiyani, har qanday maxfiy siyosatdan, sirli shartnomalardan ustun turadigan haqiqatni xalq ommasi bilib qo‘yishi kerak.

Shubhali va qayg‘uli holat ro‘y bermasligi uchun mazkur masala ochiq muhokama etilishi lozim. Ko‘ngilsiz hodisa ro‘y bermagan bo‘lsa, juda yaxshi, kimlardandir qo‘rqadigan, yashiradigan narsamiz yo‘q. Agarda demokratiyaga, inqilobga dog‘ tushiradigan xatti-harakat sodir etilgan bo‘lsa, u bizning yaramiz va jarohatimiz deb qabul qilishimiz kerak. U gazak olib ketmasligi uchun chora-tadbirlar ko‘rishimiz darkor. Mabodo demokratiya uchun sharmandali voqea ro‘y bergan bo‘lsa, masalani ochiq muhokama etib, aybmizini tan olib, uni yuvishimiz lozim.

Ye. Perfilev: Yanvar va fevral oyida uchta yurish qilishga to‘g‘ri keldi. Bu uchala yurish bir-biri bilan uzviy bog‘langan. Biz ataman Dutov bilan jang qilayotganimizda, uning Zaytsev va muxtor hukumat bilan aloqada bo‘lganligini tasdiqlovchi ma’lumotlarga ega edik.

Orenburg uchun jang qilayotganimizda Qo‘qonda qo‘zg‘olon ko‘tarilishi kerak ekan. Ayni vaqtda, kazaklar Erondan O‘rta Osiyo tomon siljimoqda edi. Ular birlashib, Sho‘ro hokimiyatini ag‘darmoqchi edilar.

Xalq ommasi Qo‘qondagi muxtoriyatni qo‘llab-quvvatlamadi. Biz o‘z vaqtida dushmanni Orenburgda tor-mor keltirib, Sho‘rolar hokimiyatini o‘rnatdik va O‘rta Osiyo tomonga yo‘l oldik. Samarqand ostonasida kazaklarga zarba berdik va ularni tinchitdik. Kazaklarni qo‘zg‘olonga undagan 200 tacha kishi sharmandalarcha qochib qoldi.

Qo‘qonda esa, yerli xalqning qurolli bandasi qal’aga hujum qilibdi, talabnoma topshiribdi va taslim bo‘lishni, qurollarni topshirishni, qizil gvardiyachilarni qurolsizlantirishni talab qilayotgan ekan. Biz Qo‘qonning Yangi shahar qismida rus aholisini yerli banditlar bo‘g‘izlab o‘ldirmoqdalar, degan xabar oldik. Bizning poezdimiz yo‘l-yo‘lakay, yo‘lda uchragan har qanday qalang‘i-qasang‘ilarni o‘qqa tutib bordi. Shahar qal’asi halicha qo‘ldan ketgan yo‘q ekan.

…Isyonchilar orasida yaxshi qurollangan 250 tacha fors bo‘lib, hukumat ularga har kuni 25 so‘m pul berib turar ekan. (Muxtor hukumatning xazinasi bo‘sh bo‘lgan, 60 million so‘mlik zayom chiqarib uni ham sotolmagan—Sh.D.) Qurollangan arman dashnoqlari shaharda joylashgan bo‘lib, forslar bilan dushmanlik kayfiyatida edi. Ular qal’a va vokzal o‘rtasidagi aloqani ushlab turardi.

Ertalab, Xo‘jand ko‘chasi bo‘ylab 2000 tacha yerlilar shahar tomon bostirib kelayapti, degan xabarni oldim. Oldinda qurollangan piyodalar, ularning izidan bolta, tesha, o‘roq, ketmon va kaltak bilan qurollangan odamlar, ular orqasidan qurollangan otliqlar yarim halqa bo‘lib, qurolsiz olomonni biz tomonga zo‘rlab, oldiga solib quvib kelardi. Namangan yo‘li bo‘ylab ham, xuddi shunday guruh bostirib kelmoqda edi. Otryadimiz 12 ta artilleriya pushkasidan ularga qarata o‘t ocha boshladi. Isyonchilarning katta qismi machitga yashirinishdi. Menimcha, ular machitni to‘pdan saqlanadigan panoh deb tasavvur qilgandilar. Machitni harbiy istehkom sifatida shahar qal’asi bilan taqqoslaganda juda katta farq qiladi. Masjidga qarata bir necha marotaba o‘q uzdik. Guruhimiz o‘z vazifasini bajarmadi. Chunki guruhimiz yong‘in chiqarib shahar va aholiga katta zarar yetkazdi. Biz shahardagi hokimiyatni yo‘q qilib tashladik. Shahardagi eski hukumat rus kishilarining hayotini saqlab qolishga kafolat berolmasdi.

Machitlarni yana bir necha marotaba to‘pdan o‘qqa tutishga to‘g‘ri keldi. Qizil gvardiyachilar bo‘g‘izlangan ovro‘paliklarning jasadlarini ko‘rganda shunday tutaqib ketdilarki, ularni hech qanday kuch to‘xtatib qololmasdi, askarlar oldilaridan chiqqan hamma narsani yakson qilib ketaverdilar. Hatto shunday holat ro‘y berdiki, 5 ta qizil gvardiyachi yerli banditlarning 200 tasini oldiga solib quvladi (qurolsiz olomonni — Sh. D.). Otryad katta qahramonlik ko‘rsatdi. Jang ishtirokchilari orasida birorta ham qo‘rqog‘i yo‘q edi. Biz qiyinchilik bilan toshko‘prikni qo‘lga kiritdik va Eski shaharga yorib kirdik. Isyonchilar to‘dasi Skobelev tomonga chekinishdi. Badavlat kishilar qimmatbaho buyumlarini, pullarini o‘zlari bilan olib qochdilar, lekin narsalari o‘zlariga nasib etmadi. Qochayotganlarni tezotar to‘pdan o‘q uzib, yanchib tashladik, bir qismini esa orqaga chekinishga majbur etdik. Ularning ko‘rpa-yostiqlari, gilamlari, qimmatbaho narsalari yo‘lda sochilib qoldi.

Turkiston muxtor hukumati deb atalgan hukumat, biz borgunga qadar tarqab ketgan ekan. Uning o‘rniga «O‘lka musulmon deputatlari Sho‘rosi» tuzilib, mohiyatan oldingi hukumatdan hech qanday farqlanmasdi, faqatgina nomi o‘zgacha edi, xolos. «O‘lka musulmon deputatlari Sho‘rosi» vakilining aytishicha, bizlar ularni o‘qqa tutganimiz sababli musulmonlar bizga qarshi milliy urush e’lon qilgan emish. Men ularga: «Biz urushdan qo‘rqmaymiz», deb javob berdim. Guruhimiz Eski shahar ustiga yana 9 marta zambarakdan o‘q uzdi… Shundan so‘ng oq bayroq ko‘tarib musulmon delegatsiyalari kelaverdilar. Ular «Biz aybdor emasmiz, u to‘dalardan o‘zimiz ham katta zarar ko‘ryapmiz, qonli to‘qnashuvlarga ular aybdor, o‘q otishni to‘xtatinglar», deb iltimos qildilar. Guruhimiz qochgan to‘dalarni izidan quvib yetib tor-mor keltirishi kerak edi, lekin guruhimiz va dashnoqlar shaharni talon-toroj qilishga berilib ketishdi. Shuning uchun ham guruhni boshqa kuchlar bilan almashtirish zaruriyati tug‘ildi.

Hozir Qo‘qon qanday ahvolda, u yerda nimalar bo‘lyapti? Qo‘qonning Eski shahar qismi tamomila vayron etilgan. Yangi shahar mavzeiga zarar yetkazilmagan. Shahardagi badavlat rus kishilari ham shaharni tashlab qochib ketgan. Shaharda katta oziq-ovqat zahiralari, bankida esa oltin va kumush pullardan anchagina bor…

Biz zimmamizdagi ishlarni yakunlagan emasmiz. Omon qolgan banditlar o‘lkaning boshqa hududlarida qo‘zg‘olon ko‘tarishga urinib ko‘rmoqda. Ovro‘paliklarga qarshi yerli xalqni qayrab, millatchilik ruhida tashviqot olib bormoqdalar.

…Biz shaharda Ponomaryov va Belov boshchiligida shahar qurolli mudofaasini tuzdik. Oldimizda fitnachilarning asl qiyofasini fosh etish masalasi ko‘ndalang bo‘lib turibdi. Dushmanlarimiz kundan-kunga hushyor tortmoqdalar. Askarlar uy-uylariga tarqab ketmoqdalar. Bizning ixtiyorimizda zambaraklar, snaryadlar, o‘qdorilar istagancha bor, lekin odamlarimiz kundan-kunga kamayib bormoqda. Shuning uchun tezlik bilan, qisqa muddat ichida sotsialistik armiya tuzish zaruriyati yaqqol sezilib qoldi.

Men ma’ruzamni tugatar ekanman, shuni alohida ta’kidlamoqchiman: men urushda bo‘lganman, ko‘plab jangovar to‘qnashuvlarda qatnashganman, lekin qizil gvardiyachilarimizning Qo‘qonda ko‘rsatgan qahramonliklarini, mardligini haligacha ko‘rmagan edim.

Agar o‘zgalar molu mulkini talon-toroj qilishdek sharmandali holat ro‘y bermaganida, guruhimiz o‘zining inqilobiy vazifasini sidqidildan a’lo darajada bajarch di, deb aytgan bo‘lar edim.

Vaynshteyn: hisobotdan shuni angladimki, guruh boshlig‘i, o‘rtoq Perfilev ma’ruzasi yuzasidan biror jo‘yali fikr aytishim qiyin. Uning ma’ruzasida kishi hissiyotini qitiqlaydigan va tashviqotnoma so‘zlar anchagina. Lekin Qo‘qonda ro‘y bergan fojiali voqealar to‘g‘risida dalillar juda oz keltirildi. Bizni Orenburg va Samarqand emas, aynan Qo‘qon voqealari qiziqtiradi.

Qiziq, sinfiy kurash nomi bilan ko‘tarilgan inqilobiy bayrog‘imiz qaerda qoldi? Ruslar va sartlar, armanilar va forslarning o‘zaro milliy kelishmovchiliklari haqidagi gaplar, musulmonlardan qanday qilib himoyalanishimiz loyihasi to‘g‘risidagi fikrlar quloqqa chalinmoqda. Biz sinfiy kurash o‘rniga, milliy kurash olib borayapmiz. Bu ahvolni, shubhasiz, tabiiy hol deb hisoblay olmaymiz. Lekin u mantiqan to‘la, Sovetlarning Turkiston o‘lkasida olib borayotgan siyosati oqibatidir.

O‘lkada musulmonlar xohish-irodasi bilan hisoblashmay turib sotsializm qurishga intilmoqda. O‘rtoq Perfilev mehnatkash musulmon ommasi muxtoriyatni xohlamadi, qo‘llab-quvvatlamadi, deb ta’kidlab o‘tdi. O‘rtoq Perfilevning o‘z fikrini isbotlashga asosi bormi? Uning asosi shundaki, qaysiki musulmonlar to‘pdan o‘qqa tutilgandan keyingina o‘zlarini bo‘ysunishga tayyor ekanliklarini bildirganini nazarda tutayotgan bo‘lsa kerak.

Yerli xalq Kuropatkinga o‘zlarining itoatgo‘yligini o‘shanday usullardan keyingina bildirmaganmidi? O‘rtoq Kuropatkin (Turkistonning so‘nggi general-gubernatori 1914—1917 y. — Sh. D.) qo‘llagan usullar bilan yondashmoqni mulohaza qilyapti (zaldan ola-g‘ovur ko‘tarildi, «Yo‘qol bu yerdan!»).

Ma’ruzada biz faqat milliy qirg‘inlarni ko‘rayapmiz: uni sotsializmning yovuz dushmani bo‘lmish podsho monarxiyasi va hukumati qo‘llab-quvvatlagan edi.

Qaysi sotsialist bunga ishonishi mumkin? Siz Turkistonni tashlab chiqib ketasizmi? Agar bu yerli xalqning xohish-irodasi bo‘lsa-chi? Kimki bu to‘g‘rida gapiradigan bo‘lsa, sizlar darrov uning ovozini o‘chirasizlar. Yo‘q, sizlar sotsialist emas, o‘sha imperialist, o‘sha istilochisizlar (zalda shovqin, «Yo‘qol yaramas!» degan ovoz yangradi).

…Qator shaharlar o‘z holiga tashlab qo‘yilgan. Mana, biz internatsionalizm g‘oyalarini, millatlarning o‘z taqdirini o‘zi belgilash va xalqaro birodarlik g‘oyalarini hayotga qanday tadbiq qilayapmiz.

Biz Germaniya proletariatini nemis imperialistlari bilan kurashda yordamga chaqirayapmiz, lekin o‘zimiz (askarlarni—Sh. D.) bir irqdan ikkinchi irqning ustunligini tan olish kayfiyatida tarbiyalayapmiz. Nima uchun Germaniya bizga: «Sizlar Turkistonda sartlarni toptaganday biz sizlarni yanchib tashlaymiz», deb aytmaydi. Boshqalar hurmatiga sazovor bo‘lish uchun, boshqalarni ham hurmat qilish kerak.

O‘rtoq Perfilev hissiyotimizni qo‘zg‘ab undan foydalanmoqchi… Internatsionalistlar fraktsiyasi nomidan zudlik bilan ro‘y bergan voqeani taftish qilib, o‘rganib chiquvchi komissiya tuzishni, inqilobning qizil bayrog‘iga kimki dog‘ tushirgan bo‘lsa, oddiy gvardiyachidan tortib, otryad komandirigacha hamma-hammasini qat’iy javobgarlikka tortishni talab qilamiz.

Biz uchun ayrim kishilarning shuhrati emas, demokratiyaning vijdoni va tutgan yo‘li ahamiyatlidir. Inqilobiy demokratiya bayrog‘idan bu dog‘ni yuvib tashlash kerak. Aybdorlar qonun oldida javob berishlari lozim.

Raislik qiluvchi I. O. Tobolin: Qo‘qon voqealari to‘g‘risidagi ma’ruzani internatsionalistlar fraktsiyasining vakili tashviqotnoma ma’ruza deb atadi. Lekin men tanqid qilayotgan kishining ma’ruzasini tashviqotona nutq deb atayman. Katta yig‘ilishga to‘g‘ri kelmaydigan gap-so‘zlarni qilmoqda. Internatsionalistlar fraktsiyasining qancha a’zosi aksilinqilobchilar bilan bo‘lgan jangda halokatga uchradi? A’zolaringizning qanchasi jangda ishtirok etdi? Mayli, biz ulardan hech narsani, dam olishni ham, uyquni ham, hayotni ham ayamaymiz. Bu partiyaga (fraktsiyaga) faqat tanqidingizni cho‘ntagingizga solib quying deyman, tanqidni sizlardek taftish komissiyasida o‘tirmoqchi bo‘layotgan qo‘rqoqlar emas, ishni amalga oshirganlarning o‘zlari qiladilar. Menimcha, ularning o‘zlari ayblanuvchilar kursisida o‘tirib, sud oldida javob berishlari kerak.

Ma’ruzachi sotsialistik hukumat qanday qilib bunday shafqatsizliklarga yo‘l qo‘ydi, deb savol berayapti. Men unga hozir proletariat diktaturasi davrida, kim kimni yengishi hal bo‘layotganda shafqatsizlarcha kurash bo‘lishi tabiiy bir hol, deb javob berar edim. Qizil gvardiyachilar o‘zaro janglarda bundan ham qattiq shafqatsizliklarni namoyon qildi. Umuman, bunday daqiqalarda, bundayin kurashda shafqatsizlik haqida gapirish judayam kulguli bir hol. Internatsionalistlar partiyasi vakilining aytishicha, ma’ruza hech narsa bermagan emish, lekin biz undan ko‘p narsalarni bilib oldik va xulosa chiqardik.

…Qo‘qonda markazdan uzilib, hayotimiz xavf ostida qolganida ham, inqilobning taqdiri qil ustida turganida ham, o‘z qarorlarimizni hayotga tadbiq qilaveramiz. To‘g‘ri, ayrim shaxslarning jinoiy harakatlari to‘g‘risida to‘xtalib o‘tmoq kerak, lekin butun boshli qizil gvardiya yuziga qora chalpishga yo‘l qo‘ymaymiz. Bizning oilaviy hayotimizga suqilishga haqqingiz yo‘q. Demokratlar orasida sizlarga o‘rin yo‘q. Yaratganga shukurkim, o‘lkani tang ahvoldan saqlab qoluvchi qizil gvardiyachilar o‘z vaqtida harakat qilishga ulgurdi… O‘rtoq Perfilev og‘ir ahvoldagilarga yordam berishga umidsizlik bilan qaramoqda. Menga esa umidli bo‘lishga ruxsat bergaysizlar.

…Sotsialistik armiyadan tashqari bizning ixtiyorimizda, Sho‘ro hokimiyati dushmanlarini yanchib, yo‘q qilib tashlaydigan, ishchi va dehqonlar hokimiyatiga qarshi kuchlarga qarshi shafqatsiz kurash olib boradigan qizil gvardiya ham bor.

…Internatsionalistlar fraktsiyasini rus inqilobining vaysaqi siyosatbozlari deb atash mumkin. Jangdan so‘ng o‘zgalar molu mulkini talon-toroj qilish, shubhasiz, sharmandali hol, lekin biz bu voqeaga psixologik nuqtai nazardan yondashishimiz mumkin. Tarixdan ma’lumki, shunchalik katta olomon bilan jangchilar to‘qnashganda talon-toroj bo‘lishi tabiiy bir hol, faqatgina talon-torojning hajmi va qanday bo‘lganligi bilan farq qiladi, xolos. Bu albatta yovuzlik.

Shu kungacha Rusiyaning hamma yirik shaharlarida to‘ntarish vayron qilish yo‘li bilan amalga oshirildi. Biz Korovichenko (Turkiston Vaqtli hukumatining harbiy vaziri) ustidan g‘alaba qozonganimizda talon-toroj deyarli sodir bo‘lmadi. Inqilobning ilg‘or qizil gvardiyachi guruhlari bayrog‘ida dog‘ bo‘lmasligi lozim, tushgan dog‘ni esa, albatta yuvish kerak.

Talon-toroj va beboshlikni tan olib, aybdorlarni o‘zlarining ijtimoiy-siyosiy tashkilotlarida, harbiy qismlarida, guruhlarida sud qilinishini taklif qilaman.

O‘rtoq Vaynshteyn internatsionalistlar fraktsiyasi nomidan «Qo‘qon voqeasi» to‘g‘risidagi qarorni majlis ahliga o‘qib eshittiradi. Internatsionalistlar fraktsiyasi a’zolari nomidan, qabul qilinadigan qarorda quyidagilar aks etishini lozim deb hisoblayman: Inqilobiy harbiy qismlar tomonidan sodir etilgan talon-toroj va beboshlik, inqilob demokratiyasi bayrog‘iga dog‘ bo‘lib tushganligi tan olinsin. Qo‘qon voqealari yaxshi yoritilmadi, deb hisoblansin. Faqat voqea sodir etilgan joyning o‘zida tekshirilgan taqdirdagina haqiqat yuzaga chiqadi. Shuning uchun demokratik komissiya tuzilsin, aybdorlar aniqlansin, inqilobiy sud oldida javob bersin va jazoga tortilsin.

Raislik qiluvchi o‘rtoq Tobolin menshevik-internatsionalistlar fraktsiyasi tomonidan taklif qilingan qarorlarni rasmiy ravishda qabul qila olmasligini e’lon qildi, sababini takliflar yozma ravishda berilmadi deb ko‘rsatdi. Va majlis ahli menshevik internatsionalistlar fraktsiyasi tomonidan qilingan takliflarni rad etdi.

So‘ngra bolshovoylar rezolyutsiyasi o‘qib eshittirildi va 75 delegat roziligi (17 delegat qarshi ovoz berdi) bilan bolshovoylar qarori qabul qilindi»[14].

Qo‘qonda ro‘y bergan fevral voqealari hamon bizga qorong‘iligicha qolmoqda. Ayrim manbalarda, 18 fevral kuni Ergash tomonidan hokimiyat to‘ntarishi amalga oshirilganligi ta’kidlanadi. Menimcha, hech kim, hech qanday to‘ntarishni amalga oshirmagan. Chunki tahlikali fevral kunlarida Qo‘qonda ham, muxtor hukumat ichida ham, yagona hokimiyat kuchi yo‘q edi. Qo‘qonning amaldagi haqiqiy egasi, Qo‘qon shahar militsiyasining boshlig‘i Ergash edi.

Qadimdan qolgan va qomuslarda yozilmagan hayotiy bir qonun bor. Lashkar kimning qo‘lida bo‘lsa, hokimiyat ham o‘shaning qo‘lida bo‘ladi (albatta, demokratiya institutlari rivojlanmagan jamiyatda). Oliy lavozimga M. Cho‘qaev saylangan bo‘lsa-da, muxtor hukumat suyangan armiya Ergash qo‘lida edi. Shu o‘rinda Ergash shaxsiga qisqacha to‘xtalib o‘tsak. U dolg‘ali zamonda ikkita Ergash yashab o‘tdi. Katta Ergash podsho zamonida talonchilik va o‘g‘rilik qilgani uchun 20 yillik Sibir surguniga hukm qilingandi. Darhaqiqat, podshoning Turkistondagi ma’murlari Bobonni ham, Nomozni ham o‘g‘ri, talonchi deb atagandi. Fevral ozodligi tufayli 1917 yilning sentyabrida Ergash surgundan qaytib keladi. Va u Sho‘ro hukumati Qo‘qon shahar militsiyasi boshlig‘i lavozimiga tayinlanadi. 1918 yilning boshlariga kelib Ergash va uning yordamchisi Hamdam ixtiyorida 1700 dan ortiq qurolli yigit bor edi[15].

1917 yilning mart oyida Qo‘qon yonidagi Bachir qishlog‘ida qo‘rboshilar yig‘ini bo‘lib o‘tadi. Unga 40 dan ortiq qo‘rboshilar qatnashib Ergashni «Amir ul-muslim» (Musulmon qo‘shinining boshlig‘i) etib saylaydi. O‘rinbosarlikka Madaminbek va kichik Ergash saylanadi. Katta Ergash 1918 yilning yozida Marg‘ilon shahri yonidagi jangda halok bo‘ladi. Kichik Ergash esa, 1920 yili Qo‘qonda mag‘lubiyatga uchraganidan so‘ng siyosiy faoliyatdan chetlashib ketadi.

Muxtoriyat tuzish g‘oyasi tariximizda o‘z erkini qo‘lga olmoqchi bo‘lgan, milliy demokratik davlat tuzishni niyat qilgan va unda hur yashashni orzu etgan yuqori qatlamdagi bir guruh vatanparvarlar tashabbusi edi. Turkiston muxtoriyati ham, Parij kommunasi kabi bor-yo‘g‘i 72 kun yashadi. Turkiston milliy savdo-sanoat burjuaziyasi muxtoriyatning asoschisi va harakatning yo‘lboshchisi bo‘ldi. Demokratik kayfiyatdagi milliy musulmon ziyolilari esa, uning targ‘ibotchisi va sobit kurashchisiga aylandi, Turkiston taqdiri uchun, milliy istiqlol uchun, erk va hurlik uchun VATAN tuyg‘usidek muqaddas tuyg‘u qalbining to‘ridan joy olgan millatparvar ziyolilar kurashgandi xolos. Ular Toshkentda qozoq tilida «Birlik to‘g‘i», o‘zbek tilida «El bayrog‘i», «Ulug‘ Turkiston», «Hurriyat», rus tilida «Svobodnaya Turkestan» gazetalarini ozodlik g‘oyalarini targ‘ib qiluvchi minbarga aylantirgandi.

Muxtoriyat hukumati moliyaviy jihatdan nihoyatda og‘ir ahvolda edi. Turk sho‘roning buyrug‘i bilan 1917 yilning dekabridayoq Qo‘qondagi banklar pulini P. G. Poltoratskiy sho‘ro hukumati ixtiyoriga olib ketgandi. Pulsiz qolgan muxtoriyatchilar 60 million so‘mlik zayom chiqardilar. Lekin bir burda nonga zor xalq zayomlarni deyarli sotib olmadi. Hukumatni qisqa vaqtda moliyaviy jihatdan oyoqqa turg‘azish vazifasi dolzarb masalaligicha qolaverdi.

Hukumat harbiy kuchga ham ega emas edi. Qisqa muddatda, jangavor qurolli inqilobchilarga teng keladigan harbiy kuchni yig‘ishning umuman imkoni yo‘q edi. «Qo‘qon hukumati harbiy kuchga muhtoj edi», deb yozadi Turor Risqulov 1925 yili chop etilgan «Inqilob va Turkistonning yerli xalqlari» risolasida. Hukumat Ergash to‘dasiga suyanishga majbur bo‘ladi, chunki, Qo‘qon voqealarigacha Ergash guruhi Turkistondagi yagona qurolli guruh edi.

Inqilob arafasida Turkistonda bir nechta ijtimoiy qatlamlar mavjud bo‘lib, ularning dunyoqarashi ham, jamiyatda tutgan o‘rinlari ham, manfaat va maqsadlari ham turlicha edi. Amalda Turkistonni inqilobgacha ag‘darilgan podsho tuzumining sobiq amaldorlari, pomeshchik va dvoryanlar boshqarib keldi. Ularning ko‘pchiligi podsho armiyasining sobiq harbiy xizmatchilari edi. Chunki, Turkiston harbiylar qo‘lida bo‘lib, hokimiyatni ham harbiy usulda, harbiylar boshqarardi.

Ikkinchi ijtimoiy qatlamni Rusiyaning ochko‘z burjuylari tashkil etib, ular Turkistondagi eskicha ishlab chiqarishni sindirish, lekin Turkistonni mustamlaka, hech bo‘lmaganda yarim mustamlaka holda saqlab qolish tarafdori edilar. Ayni paytda ular ham Turkiston xom ashyosidan ajralib qolishdan o‘lgudek qo‘rqardi.

Uchinchi ijtimoiy qatlamni endigina shakllanayotgan milliy savdo-sanoat burjuylari tashkil qilardi. Ular milliy mablag‘ o‘sishini, Turkiston va Rusiya munosabatlarini tubdan o‘zgartirishni, ilojini topsa hokimiyatni o‘zlari boshqarishni orzu qilardi. O‘z navbatida, ularni ham o‘ng va so‘lga ajratish mumkin edi. O‘nglarga yerli yahudiy burjuylari mansub bo‘lib, nozik masalalarda ikkilanib turardi. Bu siraga Farg‘onada Potelyaxov, Vadyaev, Davidov, Samarqandda Fuzaylov va boshqalar mansub edi. So‘llarga esa turkiy xalqlar ichidan chiqqan mahalliy burjuylar—Mirkomilboy, Ubaydullaxo‘ja, Mo‘minboy va boshqalarni kiritish mumkin.

To‘rtinchi guruhga islom ulamolari va «musulmon mutaassiblari» mansubdir. Ularni ham o‘z navbatida ikki guruhga ajratish mumkin. Birinchi guruhga Behbudiy, Munavvarqori singari millatparvar, ayni paytda baynalminalchi, islom ilmining bilimdon ulamolarini kiritsak, ikkinchi guruhga reaktsion kayfiyatdagi islom dinini o‘ziga niqob qilib olgan xurofotchilar mansubdir.

Va nihoyat beshinchi qatlamga quyi tabaqa vakillari—o‘rtahol va kambag‘al dehqonlar, ishchilar kiradi. Uchinchi, to‘rtinchi qatlam vakillari orasidan demokratik kayfiyatdagi musulmon ziyolilari guruhi ajralib chiqib, o‘z taqdirini xalq taqdiri bilan birga bog‘ladi. Ular yerli xalq farzandlari uchun jadid maktablari ochib, milliy madaniyatni ko‘tarish, hurlikda yashash tarafdori edilar. Ularga rus ziyolilarining taraqqiyparvar qismi xayrixoh bo‘ldi.

Turkiston o‘lkasida Oktyabr to‘ntarishida yetakchi o‘rin tutgan «ongli va uyushgan, inqilobiy sinf» bo‘lmish, ishchilar sinfi kam sonli edi. Borlari ham yuqoridagi ta’rifga noloyiq edi. (Inqilob arafasida Turkistonda 21 ming atrofida ishchi bor edi.) Imperiya markazidan ko‘chirib keltirilgan dehqonlar kabi ishchilarga ham, mahalliy ishchi kadrlarga nisbatan qo‘shimcha imtiyozlar belgilangandi. Paxta zavodida va boshqa korxonalarda ishlaydigan rus ishchisiga to‘lanadigan haq, o‘zbek ishchisiga to‘lanadigan haqdan ikki barobar ko‘p edi. Masalan: Qizilqiya ko‘mir konida «sartlarga bir oyda 15—17 so‘m, rus ishchilariga 30 so‘m to‘lanardi»[16]. Podsho zamonasidayoq Turkistonga ko‘chib kelgan ovro‘paliklar va yerli xalq o‘rtasiga milliy nizo urug‘lari sepilgandi. Chunki bundan chorizm manfaatdor edi. Mahalliy ishchilar, asosan qora ishlarni, paxta zavodlarida toylangan paxtalarni u yoqdan bu yoqqa tashirdi, yoki tog‘-kon sanoatida ham yuk tashuvchi bo‘lib ishlardi. Ular mavsumiy ishchi hisoblanardi. Inqilobiy uyushqoqlik va sinfiy onglilik kabi g‘oyalar hali ularga begona edi.

Tarixchi olim P. Alekseenkov «Qo‘qon muxtoriyati»ni to‘rt davrga bo‘ladi. «Tayyorgarlik davri» yoki birinchi davr. Oktyabr inqilobidan, (aslida Oktyabr to‘ntarishi Toshkentda Petrograddagidan bir necha kun oldin bo‘lib o‘tgan—Sh. D.) O‘lka musulmonlarining IV Favqullodda qurultoyigacha, ya’ni oktyabr oyining oxirlaridan 23 noyabrgacha.

Ikkinchisi burjuaziya rahbarligi davri. (Millatparvar demokratik kayfiyatdagi mahalliy burjua musulmon ziyolilarining rahbarligi davri deyilsa, haqiqatga to‘g‘ri bo‘lardi—Sh. D.) O‘lka musulmonlarining IV Favqulodda qurultoyidan Ergash boshchiligida hokimiyat to‘ntarishiga qadar, ya’ni 28 noyabrdan, 18 fevralgacha davom etgan.

Uchinchi davr bir necha kungina davom etib, aksilinqilobiy kuchlarning yengilishi va Ergashning qochishi bilan tugaydi.

To‘rtinchi davr esa, Ergash boshchiligidagi guruhning yangi aksiyinqilobiy kurashni boshlab berishi. Turkiston tarixida bu kurashga bosmachilik kurashi deb nom berildi va necha yil davom etganligini P. Alekseenkov alohida ta’kidlaydi. O‘z-o‘zidan ko‘rinib turibdiki, Turkiston tarixidagi eng qonli va fojiali davr hisoblangan «bosmachilik» davri va harakati QONGA BOTIRILGAN «Qo‘qon muxtoriyati»ning achchiq mevasi ekan.

IZOHLAR

[1] 1918 йилнинг январида большевиклар фуқаролик ҳуқуқига хилоф равишда Петроградда ўтаётган Бутунрусия таъсис мажлисини қурол кучи билан тарқатиб юборади.

[2] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 25 ноябрь.

[3] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 9 декабрь.

[4] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 9 декабрь.

[5] М. Ҳасанов, «Кокандская автономия» и некоторые её уроки. «Общественные науки в Узбекистане» 1990 й. № 2, 43-бет.

[6] «Туркестанский вестник», 1917 йил, 1 декабрь.

[7] ЎзССЖ Марказий Давлат Архиви. Р—25-фонд, 1-изоҳнома, 18-иш, 38-варақ.

[8] «Красная Летопись». Тошкент, 1923 йил, 88—93-бетлар.

[9] «Наша газета», 1918 йил, 28 февраль.

[10] «Наша газета», 1918 йил, 25 январь, N9 20.

[11] Қўқон шаҳар тарих ва ўлкашунослик музейининг илмий фонди. Шўро жамияти бўлими манбаларидан.

[12] КПСС МК қошидаги Марксизм-ленинизм институтининг ҳужжатгоҳи. 61-фонд, 1-изоҳнома, 124-иш, 119-варақ.

[13] Ш. А. Шамагдиев. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Ташкент, 1961 г. стр. 54.

[14] «Наша газета», 1918 йил, 28 февраль.

[15] Ш. А. Шомаъдиев. Ўша асар, 44-бет.

[16] «Обзор Ферганской области за 1898 года». Новый Маргилан, 1900 г. 40 стр.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1991 yil, 12-son

Mustafo Cho’qay o’g’Li. Istiqlol Jallodlari by Khurshid Davron on Scribd

Saidakbar A’zamxo’Jayev. Turkiston Muxtoriyati by Khurshid Davron on Scribd

043

(Tashriflar: umumiy 628, bugungi 1)

Izoh qoldiring